Саналар
21.12.2024
Баннер
Муҳаммад Хоразмшоҳ
PDF Босма E-mail

Муҳаммад II Алоуддин, Алоуддин Муҳаммад
(тахм. 1182-1220-йил декабр)
(1200-1220)

Ануштегинийлар сулоласидан бўлган Хоразмшоҳлар давлати ҳукмдори. Тўлиқ исми Қутбиддин Муҳаммад ибн Такаш ибн Эларслон ибн Ануштегин. Отаси – Такаш хоразмшоҳ, онаси Туркон хотун қипчоқ хони Жонкишининг қизи. Муҳаммад 1193-йил декабрда отаси томонидан Нишопур шаҳрига волий (ҳоким) қилиб тайинланган.
Муҳаммад даврида салтанат ҳам ҳудудий, ҳам куч-қудрат жиҳатидан ўзининг юксак чўққисига етган. Муҳаммад даврида Хоразмшоҳлар давлати шимолда Орол, ғарбда Каспий денгизигача, жанубда Ироқ ва Ғазнагача, шарқда Еттисувгача кенгайган. У мамлакатни кенгайтириш сиёсатини олиб боради. Даставвал у Ҳирот ва унинг атрофлари ҳамда Хуросоннинг Хоразм давлати тасарруфига киритилмаган вилоятларини забт қилишга киришади. Айниқса, у қорахонийларга зарба бериб, Мовароуннаҳрни улар қўлидан тортиб олишга ҳаракат қилади.
1218-йил Чингизхон Муҳаммад ҳузурига шахсий вакили Уҳуна бошлиқ 500 туядан ортиқ элчи ва савдогарлар карвони Ўтрорга кириб келди. Ўтрор ҳокими Инолчиқ карвонни ушлаб, элчиларни қатл эттирган. Муҳаммаднинг давлатини яхши ўрганган Чингизхон Хоразмга қарам халқларнинг норозилигидан, лашкарбошилар орасидаги низолардан, Муҳаммаднинг онаси Туркон хотун қариндошлари орасидан чиққан амалдорлардан фойдаланиши ҳамда Муҳаммаднинг мўғуллар ҳужуми хабарини амалга оширган нотўғри тадбирлари (ҳар бир шаҳар ўз-ўзини ҳимоя қилиши; раиятдан 1 йил учун 3 баробар хирож йиғиши) сабабли муваффақиятга эришди.
Чингизхон Хоразмга юриш қилиб Ўтрор (1219), Бухоро ва Самарқанд (1220)ни босиб олди. Муҳаммад Мовароуннаҳрни ташлаб Хуросон тарафга қочди. Чингизхоннинг 20 минглик қўшинининг тинимсиз таъқиб қилиши Муҳаммадга ўз кучларини қайта тўплаб, нафасини ростлашга имкон бермади.
Каспий денгизининг Ашур оролига бориб қолган Муҳаммад қаттиқ бетоб бўлиб қолди ва умрининг охирида олдинги қарорини ўзгартириб, ўғли Қутбиддин Ўзлоқшоҳнинг ўрнига Жалолиддин Мангубердини валиаҳд деб эълон қилди. Ўша оролда вафот этди ва шу ерда дафн этилди. Кейинчалик Жалолиддиннинг фармойишига кўра, Муҳаммаднинг жасади Исфахондаги хоразмшоҳларнинг хотирасига қурилган мақбарага кўмиш учун Ардаҳн қалъасига келтирилган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин