Саналар
21.11.2024
Баннер
Тўмарис
PDF Босма E-mail

(мил. авв. VI аср)

Турон халқларининг аҳамонийлар босқинига қарши курашига раҳбарлик қилган жасур саркарда. Қадимги юнон тарихчиси Геродотнинг “Тарих” (мил. авв. V аср) асарида ёзилишича, Аҳамонийлар давлати асосчиси Кир II мил. авв. 530-йилда Туронга бостириб кирганида, Тўмарис массагетлар қабиласининг маликаси бўлган. Массагетлар бу пайтда Амударё (Аракс) бўйлари ва Қизилқумда яшашган. Тўмарис массагетлар подшосининг хотини бўлиб, у эрининг вафотидан сўнг давлатни бошқарган. Эрондан келган босқинчилар қўшини билан массагетлар ўртасида шиддатли жанглар бўлган. Дастлабки жангда Тўмариснинг ўғли Спарангиз (Спарганис) бошчилигидаги массагетлар ғолиб чиққан. Бироқ кейинги жангда форслар ҳийла йўли билан Спарангиз ва айрим массагетларни асир олишганда, ор-номусга чидай олмаган Спарангиз ўзини ўлдирган. Тўмарис ўғлининг ҳалокатидан эсанкираб қолмай, ўз халқининг манфаатини ўйлаб, Кир II дан массагетлар юртидан чиқиб кетишини сўрайди. Бироқ форслар шоҳи рад жавобини бергач, икки ўртада аёвсиз жанг бўлган. Геродот массагетлар ва форслар ўртасидаги жанг тафсилотларини ўз асарида қуйидагича тасвирлайди: “Менинг билишимча, бу жанг варварлар ўртасидаги барча жанглардан ҳам даҳшатли бўлган. Аввал ҳар иккала қўшин бир-бирини узоқ масофадан туриб, камондан ўққа тутдилар. Камон ўқлари тугагач, улар найза ва қилич билан курашдилар. Жанг узоқ вақт давом этди. Кўп қон тўкилди. Ниҳоят, массагетлар ғалаба қозондилар. Форс қўшинларининг асосий қисми, жумладан, Кир II ҳам жанг майдонида ҳалок бўлган. У тўлиқ 29 йил шоҳлик қилган эди. Кир II нинг жасади топилгач, малика (Тўмарис)нинг буйруғи билан унинг кесилган боши инсон қони билан тўлғазилган мешга солинган”.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин