Саналар
20.12.2024
Баннер
Сибир бухорийлари
PDF Босма E-mail

XIV аср оëқлаган пайтда Бухоро уламолари совуқ Сибирга йўл олишди. Нақшбандий тариқати аъзолари бўлган бухоролик сўфийлар шомонларга топинган Сибир тоторлари, ëқут, олтой, карëқ ва нанайлар ўртасида Исломни ëйишди.

Устозлар дуоси билан совуқ ўлкага келган дарвешлар авлодлари Сибирда ўзларини «бухоролик», «сарт» ëки «ўзбек» деб аташган. Бухорийлар асосан Тюмен, Омск ва Томск вилоятларига ëйилганлар.

Бу ҳудудларда ўз даврининг илғор яшаш тарзини тамсил қилган илк Бухорий қишлоқлари пайдо бўлган. Бундан ташқари, улар тоторлар яшайдиган овуллар ва Тюмен, Тоболск, Тара, Томск каби маъмурий марказларга яқин ҳудудларда ҳам истиқомат қилишган.

Сибир бухорийлари юз йиллар мобайнида маҳаллий тоторлар билан яқин муносабатга киришиб, қиз олиб, қиз бериб, қуда-анда бўлишган. Антропологларга кўра, айнан бухорийлар замонавий сибир тоторлари зеҳниятини шакллантирган асосий компонентдир.

Сибир руслар тарафидан ишғол қилинишидан олдин Бухоро савдогарлари Сибирда Туркистондан келтирилган моллар билан баракали савдо-сотиқ билан шуғулланганига оид белгилар бор. Айнан бухорийлар Сибирда илк бор терига ишлов бериш, гиламу шолча тўқиш каби ҳунармандчиликка асос солишган.

Яқин тарихда Тюмен, Тоболск ва Тарадаги машҳур тери ҳамда гилам дўконлари бухорийларга оид бўлгани маълум. Пировардида бухорийлар авлодларидан йирик бойлар, тадбиркору савдогарлар етишиб чиқди.

Сибирдаги чорвадор, қассоб, извошчи, аравакаш ва олтинга ишлов берувчи усталар асосан бухорий авлодлари бўлгани айтилади. Авлод алмашиш асносида бухорийлар ўзларини тоторлар деб айта бошлаган. Айни пайтда улар ўз аждодларининг Бухородаги нақшбандий пирларига бориб тақалишини алоҳида фахр ва ифтихор билан эслашади.

 

(Мақола Сибир ўлкашунослик кутубхонаси

материаллари асосида ëзилди.)


Акмал РИЗАЕВ

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин