Мусулмон Шарқи ўлкаларида аёллар жамиятнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида, исломнинг илк даврлариданоқ, ўз сўзларини айтишга имкон топа олганлар. Айниқса, шоира ва муғанния аёлларни бу йўналишда қилган ишлари алоҳида диққатга сазовор. Тасаввуфнинг шаклланиш босқичида ўз шеърлари билан бу ғояларни тарғиб қилишда катта жонбозлик кўрсатган Робия Адвия (милодий VIII асрда яшаб ижод қилган)нинг адабий мероси кейинги даврларда ҳам эътибор ва эътироф доирасидан четда қолмади. Шунингдек, IX аср форс адабиётининг намояндаси бўлмиш Робия Балхий шеърлари ҳам кейинчалик Аттор, Румий, Жомий ва Навоий каби улуғ шоирларнинг эътиборини ўзига тортди.
Давлатчилик соҳасида ҳам аёллар жамият тараққиётининг муайян босқичида ҳал қилувчи рол ўйнаганлари тарихий манбалар ва тадқиқотларда ўз ифодасини топган. Аммо шу билан бирга, аёлларнинг ўрта асрлар тарихи саҳнасидаги мавқейи масаласи ўзининг тугал ва тўлиқ ечимини топган, деб бўлмайди. Чунки, тарихий манбаларда номлари қайд қилинган, аммо илмий жамоатчиликка нотаниш бўлган ижодкор ва сиёсатчи аёллар ҳали жуда кўп. Айниқса, мўғуллар истилоси давридаги аёллар қисмати бу-гунги фан учун алоҳида аҳамиятга эга.
Мўғуллар салтанати ва мустабид ҳукумати аёллар, ва умуман, Шарқ аҳолиси учун энг оғир давр ҳисобланади. Башарият цивилизациясининг қадимий ўчоқлари-дан бўлмиш Самарканд, Бухоро, Марв, Термиз, Нишопур, Балх каби ўнлаб шаҳарларни култепага айлантириб, бир замон-лар гуркираб ривожланган бу илм-маданият марказларидан фақат маҳзун ва қонли хотира қолдирган бу қавм учун жаҳолат ифтихор манбаи эди. Шунга қарамасдан, ижодкор аёллар катта жасорат билан ўз кечинмаларини шеърий усулда ифода этишга ҳаракат қилганлар. Ўша даврда яшаб ижод қилган Пошшо хотун, Оиша Самарқандий, Фозила Самарқандий, Кавкаб каби ижодкор аёлларнинг ижодидан намуналар бугунги илмий жамоатчиликка маълум. Ана шундай шоирлик истеъдоди соҳибаси бўлиш билан бирга, ўз даврининг сиёсий ҳаётига фаол ара-лашган жасоратли аёллардан бири -Фотима хотундир.
Фотима хотун ҳақида илк маълумотлар Атомалик Жувайний қаламига мансуб "Тарихи Жаҳонгушойи" китобида келтирилган. Ундан кейинги манбалар, асосан, Жувайний келтирган маълумот-ларни такрорлайдилар. Жувайний келтиришича, асли машҳадлик бўлган бу аёл турк зодагонларидан бўлиб, болалигида бошқа асирлар қатори мўғуллар пойтахти - Қорақурумга олиб келиниб, қул бозорида сотилган. У ерда ёш бўлганига қарамасдан, ўзининг юксак тарбияси ва ўткир фаҳм-фаросати билан бошқалардан бир бош баланд турган Фотимани исми бизга номаълум бир ғунчачи аёл сотиб олади. Фотима бир муддат шу аёл хизматида бўлиб, хон ва мўғул аъёнларига мўлжалланган чўри ва канизакларга сарой одоби, расм-русумини ўргатади, мусиқа ва шеър илмидан таълим беради. Касби тақозоси туфайли Ўктой қооннинг хотини - Туркина хотун билан танишади ва кўп ўтмай, унинг энг яқин кишисига айланади.
Милодий 1261 йили Ўктой қоон вафот этади. Тахт вориси - Куюкхон эса ҳали балоғатга етмаган эди. Шунинг учун, мўғуллар ясоқининг қоидалари бўйича, Туркина хотун валиахд балоғатга етгунча давлат бошқарувини ўз қўлига олади ва 1265 йилгача мўғулларнинг чексиз империясига ҳукмронлик қилади. Ушбу даврда Фотима хотун ана шу чексиз империянинг иккинчи нуфузли шахсига айланади. Туркина хотун унга ҳожиба унвонини беради ва давлат ишларида фақат у билан маслаҳатлаша-диган бўлади. Фотима хотун вазиятдан фойдаланиб, босиб олинган ўлкаларда "солиқ тизимини тўғри йўлга қўйиш ҳам-да деҳқончиликни ривожлантириш" баҳонасида Хуросон ва Мовароуннаҳрда маҳаллий зодагонларни ҳокимият тепасига келишига ёрдам беради. Бу ислоҳотга қарши чиққан бош вазир ҳам айнан Фотима хотун маслаҳати билан ҳокимиятдан четлаштирилади. Фотима хотунга бир неча марта суиқасд уюштирилади, аммо бу суиқасдлар ўз вақтида фош этилади. Шунча таҳдид ва қаршиликларга қарамасдан, Фотима хотун ўз ғояларини амалга ошириш йўлида собитқадамлик билан курашади.
1265 йили, Куюкхон ҳокимиятни ўз қўлига олганидан сўнг, вазият бирмунча ўзгаради. Фотима хотун давлат ишларига бевосита дахолат қилолмаса ҳам, ўрта бўғиндаги амалдорлар олдида нуфузи жуда баланд эди. Шуни инобатга олган ҳолда, Куюкхоннинг шахсий шаробдор соқийси бўлмиш Шеруя Алавий унга сиёсий иттифоқчиликни таклиф этади, аммо Фотима хотун сиёсий фитналарга бош қўшишни ўзига эп кўрмайди ва Шеруя Алавийнинг таклифини рад этади. Ўзининг пинҳона ниятлари фош бўлишидан қўрққан Шеруя Алавий Фотима хотунни сиёсат саҳнасидан бутунлай четлаштириш мақсадида уни сеҳргарлик-да айблайди ва неча йилдан бери бедаво дард билан курашиб келаётган Куюкхоннинг иниси - Кутонхон касаллигининг сабабчиси сифатида хоннинг олдида ёмонлайди. Дард зўрлигидан иродаси танаси каби заифлашган Кутонхон ҳам ушбу иғволарга ишонади ва ҳукмдор акасига мактуб йўллаб, уни Фотима хотуннинг сеҳргарлигидан огоҳлантирмоқчи бўлади. Кўп ўтмай, Кутонхон сирли тарзда вафот этади. Куюкхон укасининг ўлимида Фотима хотунни сабабчи деб билиб, онасидан уни олдига юборишни талаб қилади. Туркина хотун бунга рад жавоби беради. Фотима хотунни деб она ва подшоҳ ўғли ўрталарида совуқчилик тушади. Куюкхон "агар Фотимани топширмасангиз, ўзингизга ҳам қатъий чора (ўлим жазоси) кўрилади" оҳангидаги кескин таҳдидларидан сўнг, Туркина хотун Фотимани хон қўлига топширишга мажбур бўлади. Куюкхон Фотимани сеҳргарлик ва хон хонадонига душманлик қилишда айблайди, аммо Фотима буни иғво ва бўҳтон эканлигини исботлашга тушади. Фотимани зиндонда мисли кўрилмаган "мўғулча" қийноқлар кутарди. Тирноқларни биттадан суғуриб олиш, аёвсиз қамчилаб, тузнинг устига ётқизиш, сурункали очлик, ташналик туфайли Фотима бу ерда адолат йўқлигини англаб етади ва қилмаган гуноҳни бўйнига олади. Фотимани наматга ўраб, қиздирилган ёғга ташлайдилар, ундан сўнг чалажон танасини қаҳратон қишда анҳорга улоқ-тириб юборадилар... Фотима хотуннинг ўлимига сабабчи бўлган Шеруя Алавий ҳам кўп ўтмай, ўз қилмишига яраша жазосини олади - у ҳам жодугарликда айбланиб, тилка-пора қилинган жасадининг бўлаклари шаҳар дарвозалари олдида дорга осилади. Жувайний Фотима хотун ижодидан иккита рубоий келтиради. Мазкур рубоийлар унинг шоирлик маҳорати ҳам юксак эканлигини кўрсатади. Тарихдан маълумки, мустабид ҳокимиятнинг тармоқларида фаолият юри-таётган маҳалл;ш амалдорлар муайян нуфуз ва овозга эга бўлгандан кейингина асоратда бўлган халқларнинг энг асосий орзуси - истиқлол ғоясини рўёбга чиқариш учун курашишга имконият туғилади. Бу ҳақиқатни тўғри англа-ган Фотима хотун маҳаллий зодагонлар ҳокимият тепасига келишлари учун курашди ва бу йўлда ўзи ҳам қурбон бўлди. Шу жиҳатдан, Фотиманинг ҳаёти бугунги замонда ҳам ибратлидир.
Шерзод ЖЎРАЕВ, ТошДШИ, Марказий Осиё халқлари тарихи кафедраси ўқитувчиси
|