Саналар
21.12.2024
Баннер
Амир Темур ва Ислом
PDF Босма E-mail

Дунёдаги бошқа юртлар қатори қўҳна Мовароуннаҳр тупроғида ҳам қанчадан қанча ҳокимлар, подшоҳлар ўтган. Бу юртда ҳукмронлик қилган подшоҳларнинг асли туб аҳолидан бўлганлари ичида Соҳибқирон Амир Темурдек забардасти, шуҳратлиси, кенг ва қудратли, кўркам ва давомли давлатга эга бўлгани йўқ. Шунингдек, Амир Темурдек ноҳақ равишда кўп танқидга учрагани, орқасидан сўкиш эшитгани, турли салбий сифатлар билан сифатлангани ҳам бўлмаса керак. Амир Темурнинг туғилганига 660 йил тўлиши муносабати ила ёзилаётган ушбу мақолада биз у кишининг кенг ва қудратли ҳамда кўркам ва давомли давлат соҳиби бўлишининг баъзи сабаблари ҳақида тўхталмоқчимиз.

Асосий мақсадга ўтишдан аввал қисқача бўлса-да, турли салбий сифатлари билан сифатланишига сабаб бўлган баъзи омиллар ҳақида фикр билдирайлик. Аввало, шуни айтиш керак-ки, Амир Темур ўз замонасининг одами бўлган, ўша вақтдаги ҳукм учун курашганлар ўйлаган ўйларини ўйлаган, айтган гапларини айтган, қилган ишларини қилган.

 

Қисқа қилиб айтганда ўзи яшаган замон таомилига кўра иш кўрган. Эҳтимол, ушбу таомилда бошқалардан устун бўлгани учун кўпчилик замондош подшоҳлар устидан ғолиб келгандир. Ҳамма уруш қилганидек, Амир Темур ҳам уруш қилган, лекин урушни бошқалардан кўра яхшироқ қилгани учун кўпроқ ғалабага эришган. Амир Темур ҳам бошқа подшоҳларга ўхшаб, ўзига қарши кўтарилган исёнларни шафқатсиз равишда бостирган, бу ишда балки бошқалардан кўра қаттиққўлроқ бўлгандир. Амир Темурнинг бошқа тасарруфотларини ҳам шунга таққослаб чиқиш мумкин. Лекин, нима учун бошқалардан кўра Амир Темур кўпроқ танқид қилинган? Нима учун уни дунёдаги энг ваҳший, энг қонхўр, энг золим подшоҳлардан бири сифатида таъриф қилиб келинган? Албатта, бундай бўлишининг ўзига яраша омиллари бор. Эҳтимол тарихчиларимиз бу саволларга атрофлича жавоб берарлар.
Бизнингча, бундай бўлишининг сабабларидан бири-Амир Темурнинг араб ерларига қилган юришлари ҳамда Усмонли турк султони Боязид Йилдиримни енгиб, асир олишидир. Ўша даврда бу икки тараф, яъни араблар ва усмонли турклар ўзига хос ташвиқот марказлари бўлиб, дунёга хоҳлаган фикрларини ёйиш, тарғибот қилиш имконига эга бўлганлар. Амир Темурдан зарба еган бу икки тараф уни мадҳ эта олмасликлари табиий эди. Шунинг учун ҳам араб ва усмонли турк тарихчилари ўша қадим замонлардан тортиб ҳозиргача Амир Темурни сўкиб, танқид қилиб турли салбий сифатлар билан сифатлаб келмоқдалар. Ушбу икки тарафнинг ўша пайтлардаги фикрий дунёда тутган ўрни ва роли жуда ҳам катта эди. Айнан шу омил дунёда Амир Темур ҳақида салбий фикрларни кенг тарқатишга сабаб бўлган омиллардан бири бўлса ажаб эрмас. Адолат юзасидан айтиш лозимки, турк тарихчилари охирги даврда бу ишга анча чек қўйдилар.
Овруподаги буюк уйғонишдан кейин шарқ ҳамма нарсада ғарбга қарам бўла бошлади. Ҳар бир нарсада ғарбнинг айтгани айтган, дегани деган бўладиган бўлди. Ҳарбий, сиёсий устунлик самараси ўлароқ маданий ва илмий соҳада ҳам Оврупо устунлиги бошланди. Жаҳонгир Амир Темурнинг юрти Мовароуннаҳр Рус истилоси остида қолди. Рус истилоси ўз қўл остидаги юртларни паст, халқларни қолоқ ҳисоблаш асосида иш олиб борди. Руслар ҳеч қачон, биз кечагина ҳеч гап эмас эдик, энди сафга қўшилиб қолдик, дея олмас эдилар. Балки, ўз мустамлакаси бўлганларга, сиз ҳеч ким эмассиз, биз сизларга илм-маърифат, фан-маданият ўргатгани келдик, дейишарди. Улар бу даъволарининг пуч эканлигини яшириш мақсадида тарихни бузиб кўрсатишга зўр берар эдилар. Ўз навбатида бу иш, Мовароуннаҳрнинг исломий тарихини бузишга, сохталаштириб, қолоқ қилиб кўрсатишга ҳаракат қилишарди. Мовароуннаҳр тупроғидан чиққан буюк давлат арбоби, муҳташам императорлик асосчиси сифатида Амир Темур шуҳрати мустамлакачиларга тинчлик бермаслиги турган гап эди. Шунинг учун ҳам, улар Амир Темурни қоралашда, ёвуз, маданиятсиз, йиртқич, одам ўлдиришдан бошқани билмайдиган шахс сифатида кўрсатишда ҳеч нарсадан қайтмадилар.
Чор Руссияси ўрнини олган болъшовой мустамлакачилар динни халқлар афюни, деб элон қилдилар. Динга боғлиқ ҳамма нарсани зарарли, дедилар. Диндор бўлган одамларни эси паст, дедилар. Шу билан, Ислом асосида дунёга донг таратган Мовароуннаҳр маданияти, давлатчилиги, буюк шахслари, жумладан Амир Темур ва унинг ишлари ҳам афюн, қолоқлик, даҳшат деб васф этила бошлади. Бора-бора юртимизга тегишли ҳар бир нарса эскилик сарқити, қолоқлик, маданиятсизлик, деб элон қилинди. Ўзимиздан чиққан сотқин коммунистлар ташаббуси ила маданиятимиз асоси-ҳарфларимиз ҳам қолоқлик сабабчиси, деб рус ҳарфларига алмаштирилди. Қарабсизки, бир кунда асрлар давомида дунё маданиятида пешқадам бўлган бутун бошли бир аслзода халқ саводсиз, деб эълон қилинди. Ўз тарихидан ажради. Энди, бу шўрли “саводсиз” халқ, ўзининг “илмли” акасидан илм ўргана бошлади. Жумладан, ўз тарихини ҳам янгитдан мустамлакачи талқин асосида ўргана бошлади. Коммунистлар ҳеч қачон Амир Темурни ҳақиқий васфини қилмас эдилар. Дунё тарихида уларчалик тарихни бузганлар бўлмагани бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Улар ҳамма нарсани, жумладан Амир Темурга тегишли тарихни ҳам хоҳлаганча буздилар.
Менимча, Амир Темур тўғрисидаги ҳақиқатни яшириб, ноҳақликни таралишида асосий айбдорлар унинг меросхўрларидир. Минг афсуслар бўлсинким, Соҳибқирондек улуғ кишиларни етиштириб чиқарган бу юртнинг кейинги авлоди, ўз аждодларига муносиб фарзандлар бўла олмадилар. Бу нобоп фарзандлар ўзларининг буюк аждодларини етарли даражада авайлаб-асраб, эзозлай олмадилар. Уларни ҳеч бўлмаса, душманларнинг фикрий ҳужумларидан, бўҳтон-туҳматлардан ҳимоя қила олмадилар. Бу ҳам етмаганидек Совет даврига келиб мовароуннаҳрликларнинг ўзлари душманларига қўшилиб олиб ўз ўтмишига, тарихига, буюк аждодларига, жумладан Соҳибқирон Амир Темурга тош ота бошладилар. Улардан баъзилари Герасимов, Вияткин каби мустамлакачи олимларга шогирд тушиб, уларнинг атрофларида гирдикапалак бўлдилар. Соҳибқиронни ҳақорат қилиб, гўрини очишганда кетмон ва белкуракларни тутиб астойдил ишладилар. Амир Темурни бемеҳр, шафқатсиз шахс қиёфасида сувратини чизишганда бўёқларини ушлаб турдилар ва хурсанд бўлиб чапак чалдилар. Устозларидан ўрганган уйдирмаларга ўзларидан турли ёлғон-яшиқни қўшиб чатиб сафсата сотдилар.
Ўн олтинчи асрдаёқ буюк инглиз дараматурги Киристофер Марло томонидан “Соҳибқирон Темурман” трагедияси ёзилиб, Лондонда ҳар йили театр мавсуми шу асар билан бошланиши одат бўлганига қарамай, ўзимизда Буюк ватандошимизни ёмонлаш билан овора бўлинди. Ҳатто, Иброҳим Мўминовдек ғайратли олимнинг, марксизм, ленинизм мафкурасини муқаддима қилиб, Амир Темурни Оврупони икки марта ҳужумдан сақлаб қолган қилиб сифатлаб, унинг ҳақида илиқ сўз айтиши ҳам мустамлакачиларга ёқмади. Улар ўзимиздаги думлари ёрдамида И. Мўминовни тазйиққа олдилар.
Худди, ана ўша сотқинлар “Гулистон” журналида “Темур тузиклари” чоп этила бошлаганда, Соҳибқиронга қарши янги ҳужум уюштирдилар. Асарнинг таржимони марҳум Алихон тўра Соғунийга туҳматлар қилдилар. Таржимани уюштиришда, уни “Гулистон” журналида чоп қилишда жонбозлик кўрсатган ёзувчи, марҳум Рустам Раҳмонни ва таҳририятнинг бошқа аъзоларини қувғин қилишди. Бугунга келиб ўша шаввозлар Соҳибқирон Амир Темур маддоҳларининг биринчи сафида турибдилар. Улар худди 20-30 йил муқаддам ҳеч нима юз бермагандек,ўзларини фидойи қилиб кўрсатмоқдалар.Улар гўё Соҳибқирон шаънига лой чапламаганлар, гўё ҳалол тарихчи олимлар йўлига тўғоноқ қўймаганлар. Замон ўзгариши билан улар устиларига қўй терисини ёпдилар. Бу ҳам етмаганидек, “Соҳибқирон Амир Темур тарихини фақат мен яхши биламан”, деган даъво билан яна бошқа олимларни бу соҳадан суришга уриндилар. Лекин илмий омонат маддоҳлик эмас, ҳақиқатни талаб қилади. Бугунги кунда бир думалаб маддоҳга айланиб қолиш ҳам илмий омонатга хиёнат бўлади. Балки, омонатга хиёнат қилмай, илмий асосда, ҳужжат ва далилларга суянган ҳолда тарихни тўғриликча таҳлил қилмоқ керак. Жумладан, Амир Темурга ҳамда у қурган давлатга ана ўша асосда баҳо бериш лозим. Мутахассислар бу вазифани аста-секин бажарадилар, деган умиддамиз. Зотан ҳозир бу муҳим ишнинг бошланғич босқичида баъзи илмий баҳслар пайдо бўлмоқда. Мулоҳаза қилинишича, ана ўша баҳсларда Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятидаги турли қирраларни ёритишга ҳаракат бўлмоқда. Аммо, энг муҳим нарсалардан бири-Соҳибқироннинг Ислом динига бўлган боғланиши ва ундан келиб чиқадиган таҳлиллар ҳақидаги баҳслар келажакка қолдирилаётганга ўхшайди. Биз энди ана ўша муҳим мавзу ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Амир Темурнинг Исломга боғланиши ва шахсияти

Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятини тўлалигича ўрганиш, таҳлил қилиш юртимиз тарихидаги, энг муҳим босқичлардан бирини ўрганиш ва таҳлил қилиш демакдир. Чунки, Амир Темур юртимизнинг асл фарзанди ўлароқ энг катта шуҳрат қозонган подшоҳ ҳисобланади. У қурган давлат Мовароуннаҳр еридаги энг катта, энг қувватли ва марказлашган ҳамда ривожланган давлат ҳисобланади. Албатта бундай шахс ва давлатнинг тажрибасини ўрганиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Ўз ўзидан “Амир Темурга қайси омилларга суянган ҳолда бундай салтанат қуриш насиб этди, экан?” деган савол пайдо бўлади. Маълумки, ҳар қандай давлатнинг асосини ҳоким билан маҳкум, яъни, подшоҳ билан фуқаро орасидаги алоқа ташкил қилади. Ўз фуқароларининг меҳру-муҳаббатини қозонган, уларнинг ҳурмат ва эзозига сазовор бўлган подшоҳгина муҳташам ва ҳар тарафлама ривожланган салтанат қуриши мумкин. Албатта фуқароларнинг меҳру-муҳаббатини фақат уларга зулм ўтказиш, уларни доимий қўрқинчда ушлаб туриш ёки аскарий куч ҳамда миршабу жаллодлар ёрдамида қозониб бўлмайди. Бунга замон ва маконлардаги кишилар иттифоқ қилганлар. Фуқароларни рози қиладиган подшоҳ бўлиш учун уларнинг руҳий ҳолатига, дунё қарашига, эътиқодига, инсонларни, хусусан ҳокимларни баҳолашдаги қўядиган талабларига жавоб бера оладиган шахс бўлиши лозим. Соҳибқирон Амир Темурнинг Мовароуннаҳрдек қадимдан Ислом юрти бўлиб келган заминда, унинг ўз дини билан фахрланиб келган мусулмон аҳолиси билан ҳамкорликда, ўша даврнинг табири билан айтганда, етти асосий омиллардан бири Ислом омили эди, десак муболаға бўлмас. Бу фикрни ҳақиқатга яқин ёки ундан йироқ эканини билиш учун Амир Темурнинг ҳаётида Исломнинг тутган ўрнига мухтасар назар ташлаб чиқайлик.
Амир Темурни отаси маҳалладаги бошланғич мадрасага берганда у энг ёш талаба эди. Лекин, ёшлигига қарамай ақл закавоти ва ўткир зеҳни билан ҳаммадан ажраб турар эди. У берилган вазифаларни зудлик билан ёдлаб олар, мударрислар томонидан берилган саволларга ҳаммадан кўра пухтароқ ва ақллироқ жавоблар берар эди. Мударрислар унинг ақлига, ўткир зеҳнига қойил қолишар эдилар. Улар Темурнинг отасига, ўғлингиз бизда бор илмни олиб бўлди, энди уни биздан кўра пешқадамроқ устозга беринг, деб маслаҳат беришади. Амир Темур жуда ёш чоғида, уч йилда Қуръони Каримни тўлиқ ва пухта ёд олди. У Аллоҳнинг китобини шу даражада ёд олдики, ҳозиргача Амир Темур қилган тажрибани бошқа одам қила олган эмас. Амир Темур ҳар бир сурани аввалидан охиригача бехато ўқиганидек, охиридан аввалигача ҳам, яъни тескарисига ҳам бехато ўқир эди. Бу иш ҳеч ким томонидан рағбатлантирилмаса ҳам, Соҳибқироннинг қанчалик пухта қори эканини кўрсатиб турувчи далилдир. Қадимдан қорилар мусулмонлар оммаси томонидан қанчалик эзозланиши ҳаммага маълум. Энди ўша эзозга сазовор қори, давлат бошлиғи бўлса, халқнинг унга бўлган ҳурмати қанчалик бўлишини билиб олавериш мумкин.
Амир Темур фақат Қуръони Каримни ёдлабгина қолмай, балки унинг маъносини ҳам жуда яхши билар, бошқа илмларни ҳам пухта эгаллаган эди. Айниқса, фиқҳ илмида шуҳрат қозонган эди. Бу эса, ўз навбатида унинг обрўсига обрў қўшар, халқ оммасининг у кишига бўлган иззат, эҳтиромини яна ҳам ортдирарди.
Энг муҳими, Амир Темур оғзида эмас, ҳақиқатда, гапда эмас, амалда чин мусулмон эди. Унинг ўзи мустаҳкам исломий ақийда соҳиби бўлиши билан бирга, бошқаларнинг ҳам бу ақийдага путур етказишга йўл қўймасликка ҳаракат қиларди. Амир Темур машҳур шоир Ҳофиз Шерозийни кўпчилик ичида, илмий мажлисда, баъзи байтларини ўқиб, ақийдага зарарли эканини айтиб, танқид қилгани маълум ва машҳур. Бу эса, Амир Темурга мусулмон шахс, олим сифатида вазифа бўлса, подшоҳ сифатида ҳам вазифа, ҳам обрў келтирар, халқ оммасининг унга бўлган муҳаббати, эҳтироми ва итоатини ортдирар эди.
Аввал айтганимиздек, Соҳибқирон оғзида эмас, амалда мусулмон эди. У мусулмон шахс сифатида диний таклифларни тўлиқ адо этарди. Амир Темурнинг олим эканини, диний талабларини ўз шахсида амалга оширишини унинг ашаддий душманлари ва танқидчилари ҳам тан оладилар. Уларнинг такидлашларича, Соҳибқирон вақтида намозини ўқиб, рўзасини тутар, ёлғон сўзламас, ҳаром ичкилик ичмас, ҳаром юрмас, аҳдини бузмас эди. Амир Темур ўз ҳаётининг энг танбанлик билан ўтган даврида, айшу ишратга берилган деб васф қилинган пайтида ҳам шариатга хилоф иш қилмаган. Албатта Ислом динининг ҳукмларига амал қилиш ила Амир Темур аввало ўзининг бандалик бурчини адо этар, Аллоҳ таоло томонидан шоҳ бўлсин, гадо бўлсин ҳар бир бандага фарз-вожиб этилган амрларни бажарар эди. Шу билан бирга бу исломий сифатлар унинг халқ ўртасида обрўсини ортдирар, ҳукмини мустаҳкамлашга омил бўларди. Мисол учун намозни олиб кўрайлик. Мусулмон жамиятида бенамоз амалдорлар мусулмонлар оммаси томонидан ҳеч қандай иззат эҳтиром топа олмаган. Рўза ҳам худди шундай. Рўза тутмайдиган шахс мусулмонларнинг эътиборини қозониши мумкин бўлмаган.
Ёлғон гапириш эса, нафақат мусулмонлар, балки барча бошқа халқларга ҳам ёқмаган. Ёлғончилик ҳамма замонларда, ҳамма маконларда, ҳамма халқлар томонидан ёмон кўрилган сифатдир. Бу сифат ўз соҳиби шоҳ бўлсин, гадо бўлсин обрўсини туширган. Айниқса, эл-юрт ичида мартабага, обрўга эга бўлган кишиларнинг ёлғон гапиришлари алоҳида ноқулайлик туғдирган. Ёлғончилик сифати, айниқса мусулмонлар орасида қаттиқ қораланган. Мусулмонлар ичида “Ёлғончи-Худонинг душмани”, деган гап қадимдан бўлиб келган. Ёлғончилик Соҳибқирон ёд олган Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримда қайта-қайта танқид қилинган. Пайғамбаримиз томонидан қаттиқ қораланган. Шунинг учун ҳам Амир Темур мусулмон шахс сифатида ёлғон гапирмаган. Бу унга гуноҳни четлашда ёрдам бериши билан, халқ оммаси ичида обрўсини ортдирган, дўсту-душманнинг унга бўлган эътирофини кучайтирган.
Ҳаром ичкилик ичиш ва ҳаром юриш, яъни зино ҳам шунга ўхшаш, ҳамма томондан қораланади. Ҳатто, бу нарсалар ҳаром ҳисобланмаган халқлар ичида ҳам, давлат бошлиқларининг бу ишларга қўл уриши қаттиқ қоралаган. Шунинг учун ҳам мазкур ишларни қилганларнинг халқ ўртасида обрўси тўкилган. Ислом шариатнинг бу икки ишни қатъиян ҳаром қилгани ҳаммага маълум ва машҳур. Шундан келиб чиқиб, қадимдан мусулмонлар ичида майхўр ва зинокорларга таҳқирлаш назари билан қаралган. Уларга обрў-эътиборга эмас, жазога сазовор шахслар сифатида муносабатда бўлинган. Аҳдга вафо қилмаслик ҳам ҳеч кимга, ҳеч қачон обрў келтирмаган. Бу ёмон сифат айниқса мусулмонлар орасида, қаттиқ қораланади. Чунки, Қуръони Каримнинг, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам суннати мутаҳҳараларининг ҳукми шу. Албатта, ҳаром ичимликлар ичмаслик, ҳаром юрмаслик ва аҳдга вафо қилиш сифатлари Амир Темурнинг ўз фуқаролари олдида обрўсини ҳаддан зиёда оширар эди. Биз Соҳибқироннинг кўпчилик тарихчилар томонидан эътироф қилинган баъзи исломий сифатлари ҳақида тўхталдик. Бу бошқалар қатори Амир Темурдаги яхшилик сифатлар ҳам унинг дини Ислом туфайли эканини кўрсатади. Бу билан биз Амир Темур айбсиз эди, унинг шахсияти фақат баркамол сифатлардан иборат эди, демоқчи эмасмиз. Лекин, у кишининг дўсту душманлари эътироф қилган сифатларини Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг: “Вафот этганларингизнинг яхши сифатларини эсланг”, деган ҳадисларига амал қилиб эсламоқдамиз. Шу билан бирга Соҳибқироннинг ҳукмдаги муваффақиятларида ушбу сифатлар асосий омил бўлганлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Чунки шахсий сифатлар ҳар бир нарсада таъсирли экани ҳаммамизга маълум.
Амир Темур ва унинг жамиятдаги исломий алоқалари Соҳибқирон Амир Темур Исломни фақат шахс билан Аллоҳ орасидаги яширин алоқа деб қарамаган. Балки, у Ислом ижтимоий алоқаларида ҳамма нарсадан устун туриш лозим эканлигини яхши тушинган. Шунинг учун у киши, ўз яқинларини, фуқароларини доимо Исломни ўрганишга, унга амал қилишга чақирар эди. Бу маънода Амир Темур ўзига яраша, подшоҳ-даватчи эди. Соҳибқироннинг фарзандларига, яқин кишиларига Ислом динини тинмай ўрганиш, унга амал қилиб яшаш зарурлиги ҳақидаги насиҳатларини тарихчилар кўплаб келтирадилар. Шунингдек, у киши ўз амалдорлари, аскарлари ва фуқароларини ҳам шунга даъват қилар эди. Биргина мисол келтирайлик. Бир куни, саҳрода ҳарбий машқ ўтказилаётганида қор ёғиб қолади. Машқларни тўхтатишга тўғри келади. Шунда, Амир Темур ўз одамларини чодирга тўплаб туриб, ким Қуръони Каримдан қор ҳақидаги оятни топиб берса, бир миқдор олтин мукофот беришини эълон қилади. Одамлар чодирларга тарқалиб, кун бўйи Қуръон ўқиш билан овора бўладилар. Сўнг Соҳибқирон уларни қайта тўплайди ва Қуръони Каримга алоҳида эътибор ила ёндашмасликда танқид қилади. Қуръони Карим иссиқ, қор ёғмайдиган ўлкада нозил бўлгани учун унда қор ҳақида оят бўлиши мумкин эмаслигига эътибор бермаганларини эслатади. Уларни Қуръони Каримга, Ислом динига ихлосини кучайтиришга чақиради ва турли диний саволларига жавоб беради.
Амир Темурнинг жамиятдаги исломий алоқалари ҳақида гапирар эканмиз, Ислом динида айнан шу алоқаларни ривожи учун жорий қилинган жамоат ва жума намозларига бўлган муносабатини айтиб ўтишимиз лозим. Соҳибқирон доимо жамоат намозидан қолмасликка ҳаракат қилар эди. Худди шу мақсадда доимо ўз юришларида кўчма масжид олиб юрар эди. Қаерга бориб турсалар, махсус кишилар дарҳол ўша кўчма масжидни ўрнатишар ва ҳамма бирга Амир Темур бошчилигида жамоат билан намоз ўқишар эдилар. Соҳибқирон ўз сафарларидан бирида Бишравейҳ номли шаҳар билан танишиш учун ўша ернинг раҳбари Ҳусайн ибн Исҳоқ билан юрган пайтида намозга азон айтилади. Ҳусайн ибн Исҳоқ бориб жамоат билан намоз ўқиб келишга изн сўрайди. Шунда Амир Темур мен ҳам жамоат билан намоз ўқийман, деб бирга жўнади.
Бошқа бир жойга жума куни борилади. Жума намози яқинлашишига қарамай одамлар кўринмаётганини сезган Соҳибқирон таажжубга тушиб, ўша ернинг диний раҳномасини олиб келишга амр қилади. Салла кийган бир кишини олиб келадилар. Амир Темур ундан, аҳоли қайси динга этиқод ва амал қилишини сўрайди. У одам мусулмончиликка, деб жавоб беради. Амир Темур, “намоз ўқийсизларми?”, деб сўрайди. У, “ҳа ўқиймиз” дейди. Амир Темур, “бугун Жума, аммо ҳеч ким кўринмайди, нима, Жума намози ўқимайсизларми?”, дейди. Ҳалиги одам “ҳар ким ўз уйида ўқийди”, деб жавоб беради. Шунда Соҳибқирон гап нимада эканлигини тушуниб етадида, ҳалиги одамни дин орқали қорин тўйғизишни одат қилиб олганликда айблаб, анча койийди. Аллоҳ Жума намозини жамоат билан ўқишга амр қилганини айтиб, Қуръони Каримдан бу ҳақидаги оятни ўқиб тушунтиради ва азон айтдириб, ўзи одамларга Жума ўқиб беради. Албатта, бунга ўхшаш ишлар ва тасарруфлар Жаҳонгир султоннинг обрў, ҳурматига ҳурмат қўшар ва мусулмон халқнинг ишончини яна ҳам кўпроқ қозонишига сабаб бўлар эди.
Амир Темурнинг жамият ва фуқаролар билан алоқасининг асосий қисми уламолар орқали бўлар эди. У киши уламоларни ҳаддан зиёд ҳурматлар эди. Номи уламо бўлса, ўзига яраша тақдирлар эди. Бу борада амирнинг ўзлари амал қилган аҳли сунна ва жамоа мазҳаби уламолари бўлиши шарт эмас эди. Шийа, рофизий мазҳаблари ҳатто насроний ёки бошқа динларнинг уламоларини ҳам тақдирлар эди. У киши Султония насоралари бош роҳибини ўз ҳузурига чорлаб меҳмон қилгани, Роҳиб унга қаттиқ гап сўзлар айтиб кўпчилик орасида беодоблик қилса ҳам ҳурматини жойига қўйгани маълум ва машҳурдир. Амир Темур уламоларни зиёратини канда қилмас, уларга саҳийлик билан мукофот ва ҳадялар берар эди. Қаерга борса, машҳур ва ўзи китобини ўқиган уламоларнинг вафот этганлари бўлса, қабрини ҳам зиёрат қилар эди. Соҳибқирон томонидан уламоларнинг эҳтиром қилишининг яна бир кўриниши, уруш бўлган жойларда яшайдиган уламоларнинг уйига кирганларга омонлик берар, уларга тегмас эди. Амир Темур олим киши сифатида ўз давридаги китобларни ўқиб ва таҳлил қилиб борарди. Ана ўша ўзи китобини ўқиган уламоларни тирик бўлсалар ҳам, ўлик бўлсалар ҳам ҳурматларини жойига қўярди. Бир вақтлар шайх Муҳаммад Шабистонийнинг китобини ўқигани учун, айбдор бўлсалар ҳам унинг юртдошларига тегмади ва юртини вайрон қилдирмади. Соҳибқирон Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сини ҳам ўқиган эди. Унинг юртига борганда қаровсиз қолиб кетган қабрни излаб топиб зиёрат қилади. Буюк жаҳонгир Амир Темурнинг уламоларга бўлган бундай муносабатлари у киши олим бўлгани учун, зар қадрини заргар билади, маъносидаги тасарруфигина эмас эди. Мусулмонлар оммаси ичида уламоларнинг обрў эътибори ҳаммага маълум. Оддий мусулмонлар ҳамма нарсадан кечиб бўлса ҳам, уламоларнинг ҳурматини қилади. Доимо уларнинг фатвоси ва гапи ила иш кўради. Шу маънода уламолар эътиборини қозонган ҳоким учун халқнинг иззат-эҳтиромига сазовор бўлиш осондир. Амир Темур ана шу омилдан унумли фойдаланарди.
Соҳибқирон қаерга борса, албатта ўша ернинг уламоларини тўплаб, илмий мажлис ўтказарди. Уларга турли саволлар бериб, илмий савияларини синаб кўрар, долзарб масалаларини муҳокама қилар эди. Деярли ҳар бир мажлисидан уламолар Амир Темурнинг илмига, ақл-заковатига, одобига ва уламоларнинг таъсири бор ҳамма жойларда Амир Темурнинг обрўсини янада ошишига, ўша ердаги халқларнинг У кишига муҳаббатини мустаҳкам бўлишига олиб келар эди.
Буюк Жаҳонгир, улкан империя соҳиби, катта олим Амир Темур камтарин инсон ҳам эди. У илмий музокароларда ўзи билмайдиган масала чиқиб қолса, ёки фикрнинг нотўғрилиги аён бўлса, дарҳол қабул қилар, ҳақ йўлни танлар эди. Хуросоннинг Бишравейҳ деган жойида намозга азон айтилганда одамлар кийимларини алмаштириб, яхшисини кийиб масжидга кетаётганини кўриб, бир дўкондордан, “нима учун бундай қилаяпсизлар?”, деб сўрайди. Шунда у киши: “Эй Амир, биз Аллоҳнинг “Аъроф” сурасидаги (31-ояти)га амал қилаяпмиз”, дейди. Соҳибқирон имтиҳон қилмоқчи бўлиб у кишидан оятнинг маъносини сўрайди. Дўкондор оят маъносини тўғри айтиб беради ва Аллоҳ ушбу оятда, бизларга “ҳар масжид ҳузурида зийнатингизни олинг”, демоқда бу намозни гўзал ҳолатда ўқинг, дегани, биз шунга биноан кийимларимизни алмаштирмоқдамиз”, дейди. Амир Темур, мен ҳофизи Қуръон бўлсам ҳам, фақиҳ бўлсам ҳам буни мулоҳаза қилмаган эканман, энди қароргоҳга бориб кийимларимни алмаштириб келай, дейди.
Амир Темур Дамашқда ўша вақтниг машҳур уламоларига таклиф юбориб, катта йиғилиш ўтказди. Бу йиғилишда ўша даврнинг атоқли олимларидан, Имодиддин Мағрибий, Сирож Искандарий, Баҳоуддин Ҳалабий, Инб Халдун, Низомиддин Шомий ва Арабшоҳ кабилар қатнашадилар. Амир Темур йиғилиш аввалида уламоларни қутлаб, уларнинг ҳар бирига алоҳида саволлар бериб синаб кўради. Сўнгра асосий масалага кўчиб, Қуръони Карим оятларини нозил бўлиш тартибига кўра қайта ёзиб чиқишни таклиф қилади. Уламолар бу масалани бир неча кун баҳс қилишиб, охири ҳозирги тартибни ўзгартириб бўлмайди, деган қарорга келишади ва буни охирги йиғилишда Амир Темурга етказишади. Соҳибқирон ўз фикрини қувватлаб уламолар билан тортишади. Кейин эса уламоларнинг гапларидан қониқиш ҳосил қилиб, ўз фикридан қайтади ва Қуръон оятлари тартиби доимо ўз ҳолида қолажагини ҳаммага эълон қилади.
Бундай тасарруфлар албатта Амир Темурнинг обрўсига обрў қўшар, мусулмонлар оммасининг унга бўлган муҳаббатини зиёда қилар эди. Шубҳасизки, юқорида зикр этилган нарсалар Амир Темурнинг давлатчилик борасидаги улкан ютуқларига асосй омил бўлгандир.

Амир Темур ва Исломий ҳукм

Шубҳасиз, Амир Темур қурган давлат соф исломий давлат бўлган эмас. Соф исломий давлат тўрт халифалар даврида ва юзинчи ҳижрий йилларда қисқа муддат халифа бўлган Умар ибн Абдулазизнинг даврида бўлганлиги Ислом оламида маълум. Ундан кейин бу давлатнинг соф исломийлиги бузилиб, оилавий мулкка, меросхўрликка айланган. Вақт ўтиши билан кўпроқ бузилиб бораверган. Ўз замонасининг одами сифатида Амир Темур ҳам ўзи қурган давлатда ўша замоннинг услубларидан фойдаланади. Шу билан бирга ўша давр таомули ва ўз илмига биноан исломий омиллардан ҳам фойдаланади. Унинг салтанатининг муваффақиятларида айнан ушбу исломий омиллар асосий рол ўйнаган бўлса ажаб эрмас.
Амир Темур Исломнинг ҳамма динлар ва тузумлардан устун эканлигига тўла ишонган мухлис инсон эди. У бу маънода, ҳамма мазҳаблар-динлар ҳам бир, деган Жалолиддин Румийни танқид қилади. Таассуб жиҳатидан эмас, илмга ва тажрибага суянган ҳолда Исломнинг устун эканлигини таъкидлайди. Соҳибқироннинг фикрича, Ийсовий мазҳаб-яъни хиристиан дини фақат охиратга эътибор беради. Мусовий мазҳаб-яъни яҳудий дини, эса фақат бу дунёга эътибор беради. Ислом эса, ҳам бу дунёни, ҳам у дунёни ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам у киши Исломга қўлидан келганича амал қилишга ҳаракат қилади.
Аввало, Амир Темур эътиқод масаласида маҳкам туради. Аҳли суннат ва жамоат ақийдасини маҳкам тутар, турли бузғунчи фикрларни қаттиқ қоралар эди. Соҳибқирон ўз юришлари давомида дуч келган турли динларга эътимод қилувчилар билан гаплашар, уларнинг эътиқодлари ҳақида сўрар ва хатоларини баён қилар эди. Турли бузуқ мазҳабларга нисбатан ҳам шундай йўл тутар эди. У киши эътиқодни соф бўлиши, турли бидат-хурофотлар бўлмаслиги тарафдори эди. Бунга бир мисол келтиришимиз яхшидир.
Амир Темур Шерозга юриш қилганда у ернинг амри Султон Шоҳ Мансур Музаффарий, шаҳардаги эски масжидга кириб олиб Амир Темур устидан ғолиб бўлишини тилаб ўтираверади. Соҳибқирон эса унинг юртини эгаллаб олади ва бу тасарруфини танқид қилади. Амир Темурнинг фикрича фақат дуо билан иш битмайди. Агар фақат дуо билан иш битадиган бўлса, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам дуо билан иш битирар эдилар. Аммо, У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам дуо қилиш билан бирга аскар тўплаб, совут кийиб, қилич қалқон олиб жангга кирганлар.
Амир Темур ўз тасарруфларини Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига тўғри келган жойларини эслатиш билан Қуръон ва суннатга мувофиқ иш кўришга ҳаракат қилганини баён қилади. Амир Темур урушлардан бирида, ким шайх Ҳисомиддин Сабзаворийнинг уйига кириб олса, омон қолади, деган амрни чиқарди. Мазкур шайх Ҳисомиддин Сазаворий шийа бўлган. Соҳибқироннинг унинг уйига кирганлар омон бўлади, дейиши эса Шайх учун катта обрў эди. Табиийки, ўша давр ўлчовига кўра, бир шийа одамга нима учун шунчалик ҳурмат, деган савол пайдо бўлади. Амир Темур буни Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишларига мослаб қилганлигини баён қилади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамани фатҳ қилган кунлари, ким Абу Суфённинг уйига кирса омон қолади, деб эълон қиладилар. Абу Суфён ўша пайтда мушрик-кофир эди. Шундай бўлса ҳам Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам унинг уйини омонлик жойи деб эълон қилдилар. Мен, бир шийа одамнинг уйини омонлик жойи десам нима бўлибди, дейди.
Шунингдек, Амир Темур Ислом ҳукмига амал қилувчиларни кўрса ҳам жуда мамнун бўлар эди. Бу нарса айниқса Хуросон жанубидаги Бишравейҳ шаҳрига бўлган муносабатида яққол кўринади. Соҳибқирон у шаҳарга яқинлашганда уни йўл четида содда кийинган бир неча одам кутиб олади. Амир Темур улардан “Шаҳарнинг амири ким?”, деб сўрайди. Улар, амиримиз йўқ, ўзимиз қўлимиздан келганича Қуръону суннатга амал қилиб яшамоқдамиз, дейишади. Бу гап Соҳибқиронни қизиқтириб қолади-да, шаҳар билан яқиндан танишишга қарор қилади. У ернинг Имоми Ҳусайн ибн Исҳоқ билан биргаликда ҳамма нарса билан яқиндан танишиб чиқади. Аҳолининг барчаси ёшу қари, эркагу аёл илми бўлиб, ўқиш ёзишни биладиган, бўш вақтини илмга сарфлайдиган бўлади. Ҳамма ҳалол меҳнат билан машғул бўлади. Амир Темур уларга олтин берса, ҳурмат қилганинггиз учун раҳмат, аммо бу тиллоларга ҳожатимиз йўқ, ўзимиз ишлаб топганимиз етади, дейишади. Аҳолининг раҳбари, имом Ҳусайн ибн Исҳоқ ҳам қўлига кетмон олиб деҳқончилик қиладиган бўлади. Унга Амир Темур бир от совға қилса узр айтиб олмайди, от мина олмайман, эшак миниб ўтганиб қолганман дейди. Бу нарсалардан хурсанд бўлган Амир Темур шароит билан янада яқинроқ танишади. Соҳибқирон бир дўкондорнинг аёл харидорга нарса тортиб бераётиб “Вой луллил мутаффифин”-“Торозудан уриб қолувчиларга вой бўлсин” оятини ўқиганини эшитади. Аёл кетганидан кейин бориб дўкондордан,” ўзинг ўқиган оятнинг маъносини биласанми?”, деб сўрайди. У, биламан, деб, оят маъносини айтиб беради. Бир оз савол-жавобдан сўнг, дўкондор, торозу тортишда хиёнат қилиб қўймай, деб ҳар кимга бир нарса тортганимда шу оятни ўқиб тураман, дейди. Шунингдек, Амир Темур бир атторнинг олдидан ўтиб кетаётиб унинг “Вазинуу бил қистосил мустақийм” яъни, “Ва адолат тарозуси ила вазн ўлчанглар” оятини ўқиганини эшитиб қолади ва ўша аттор билан ҳам юқоридаги ўхшаш суҳбат ва савол-жавоблардан сўнг Амир Темурга кўпгина ўзини хурсанд қиладиган нарсалар аён бўлади.
Бишравейҳда қулф ва қаровул йўқ экан. Одамларни Исломга амал қилиб яшаганлари учун бунга эҳтиёж йўқ экан. Шунингдек, қози ҳам йўқ экан. Ёши улуғ бўлиб қолган Ҳусайн ибн Исҳоқ бировнинг сўкишганини ёки уришганини эслай олмаслигини айтади. Бу ерда оила бузилиши-талоқ ҳам, бировнинг ҳаққини тортиб олиш ҳам йўқ экан. Бу ҳақиқатларни билиб Амир Темур ниҳоятда хурсанд бўлади. Қуръон ва суннатга амал қилиб яшаётган бу мухлис мусулмон аҳолини тақдирлашга қарор қилади. Амалдорларини тўплаб мажлис ўтказади.
Бишравейҳни “Дорул илми вал омон” деб элон қилади. Мадомики, Темур хонадонига мансуб ҳокимлар бор экан бу шаҳардан хирож олинмайди, ҳеч ким, ҳеч қандай баҳона билан бу ерга ҳужум қилмайди, деб фармон чиқаради.
Мана шунинг ўзи ҳам Амир Темурнинг Исломга, Қуръон ва суннатга амал қилиб яшашни қанчалик улуғлашини кўрсатиб туради. Амир Темурнинг мазкур фармони ўша шаҳар аҳолисининг Қуръон ва суннатга амал қилиб яшаётганларини муносиб тақдирлаш бўлиши билан бирга, бошқа шаҳар ва қишлоқлар аҳолисини ҳам шундай яшашга тарғиб қилиш ҳамдир.
Мазкур таҳлиллардан кўриниб турибдики, буюк ватандошимиз, улуғ Мовароуннаҳр салтанатининг қурувчиси, Соҳибқирон Амир Темурни ўзи раҳматига олган бўлсин, Қолганларни ҳидоят қилсин. Омийн!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (манба)

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин