Саналар
21.12.2024
Баннер
Турк хоқонлиги
PDF Босма E-mail


Хоқонлик даврида Ўрта Осиё халқларининг иқтисодий ва маданий ҳаёти

Туркий элатларнинг кенг шарқий ҳудудларда қадим-қадим даврлардан буён яшаб, ўзларидан муносиб маданий из қолдириб келганлигини жуда кўплаб тарихий манбалар ҳам тасдиқ этади. Мўътабар Хитой манбалари, машҳур «Ўғизнома», Урхон-Энасой ёзувлари, Култегин битиклари бунга ишончли гувохдир. Олтой, Тува ҳамда уларга туташ ҳудудларда турли туркий қабилалар, чунончи, Ашин, Арғу, Уғиз, Тўққиз ўғиз, Ўттуз татар, Карлуқ, Китан, Толис, Турк, Уйғур, Тўқри (тоҳарлар), Қуриқан, Дуба (туба-тува)ва бошқалар яшардилар.
VI аср бошларида Олтой ўлкасида сиёсий жараёнлар фаоллашади. Ўша пайтда ҳозирги Мўғулистон ва қисман Хитойнинг шимолий ҳудудлари устидан Жужан хонлиги ҳукмронлик қиларди. VI аср бошларида Олтойдаги туркий қавмлар орасида Ашин уруғининг мавқеи кўтарилади. Ашин уруғига мансуб Асан ва Туу 460-545 йилларда бошқа уруғларни ўзларига бўйсундирадилар ва Олтойда туркий қабилалар иттифоқига асос соладилар.Туунинг ўғли Бумин Теле қабиласини ҳам бўйсундиради. Бумин Жужан хонлигига тобеликдан чиқиш учун курашади ва 551 йилда Жужан хонининг қўшинларини енгиб, уларни ўзига бўйсундиради. Бумин 552 йилда Хоқон деб эълон қилинади ва янги давлат - Турк ҳоқонлигига асос солади. Унинг пойтахти Олтойдаги Ўтукан шаҳри эди. Хоқонлик тез орада кучайиб, унинг довруғи ортиб борган. У кўп бор Хитойга юришлар қилиб, унинг бир қанча ҳудудларини босиб олган. Хитой подшолиги Турк хоқонлигига ҳар йили ўлпон тариқасида юз бўлакдан иборат ипак мато бериб туришга мажбур бўлган.
553 йилда Буминхон вафот этгач, ҳокимиятга унинг катта ўғли Муғанхон (553-572) ўтиради. Муғанхон 558 йилда жўжанларга сўнгги бор қақшатқич зарба бериб, ўз давлати ҳукмронлигини Тинч океангача бўлган ҳудудларда мустаҳкамлайди. Унинг амакиси Истами (унга «Ябғу» -баҳодир унвони ҳам берилган) бўлса, бу даврда хоқонлик ҳудудини ғарбга томон кенгайтириб, Еттисув, Қашқар ва бошқа ҳудудларни эгаллайди.
563-567 йиллар давомида Истами ябғу қўшинлари эфталийлар давлатига кетма-кет зарбалар бериб, Ўрта Осиё ва Каспий денгизигача бўлган ерларни эгаллашга муваффақ бўлади. Бунинг оқибатида Эфталийлар давлати қулайди. Турк хоқонлиги Ўрта Осиё ерларини ишғол этгач, унинг ҳудудлари бевосита Эрон чегарасига туташади.
Хоқонлик Эрон билан яхши қўшничилик, савдо-сотиқ алоқаларини ўрнатишга интилади. Шу мақсадда Эрон шоҳи Хусрав 1 Ануширвонга турк маликаси узатилади, Эронга элчилар юборилади. Бироқ Турк хоқонининг Эронга икки бор юборган элчилари фаолияти муваффиятсиз чиққач, Эроннинг хоқонлик билан муросага бормаслиги, унинг қатъий душманлиги маълум бўлади. Бунинг боиси Эрон шоҳининг Ўрта Осиё ҳудудларига даъвогарлигида эди. Бу эса, шубҳасиз, бир неча бор хоқонликнинг Эрон билан урушлар олиб боришига сабаб бўлади. Истами қўшинлари Эрон шоҳи Хисрав I ни енгади. Эрон шоҳлари Турк хоқонлигига 400 минг Византия тиллоси ҳажмида товон тўлашга мажбур бўлади. Муғанхон ва унинг авлодлари ғарбда Қора денгизга қадар ҳудудларни забт этиб ўзларига бўйсундирганлар.
Турк хоқонлиги 568-569 йилларда ўша даврнинг қудратли давлати-Византия билан иқтисодий ва савдо-сотиқ алоқаларини ўрнатишга интилиб, суғд савдогари Маниах бошчилигидаги элчиларни у ерга юборади. Элчилар император Юстиниан II қабулида бўлади. Шундан сўнг Византиянниг Земарх бошлиқ элчилари хоқонлик давлатига келади. Бу эса шу давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва савдо-тижорат муносабатларини ўрнатишда муҳим аҳамият касб этган.
Турк хоқонлари Ўрта Осиёда ҳукмронлик қилса-да, бироқ ўзлари бу ҳудудга кўчиб келмаганлар. Улар Еттисув ва бошқа ҳудудлардаги бош қароргоҳларида қолиб, бўйсунган ҳудудларни маҳаллий ҳукмдорлар орқали бошқариб, улардан олинадиган солиқ-ўлпонлар ва тўловлар билан кифояланганлар. Бундан кўринадики, Турк хоқонлиги даврида бу ҳудуддаги мавжуд маҳаллий давлат тузилмалари, уларнинг бошқарув тизимлари сақланиб, ички сиёсат бобидаги мустақил фаолиятлари давом этган. Хоқонлик истисно ҳоллардагина ўлканинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига аралашган. Бу нарса кўпроқ ташқи сиёсат, халқаро савдо-сотиқ масалаларига дахл этарди. Хитой манбаларида таъкидланганидек, Зарафшон, Амударё ва Қашқадарё воҳаларида бу даврда 9 та мустақил ҳокимлик мавжуд бўлган: Самарқанд, Иштихон, Маймурғ, Кеш, Наҳшаб, Кушон, Бухоро, Амул ва Андхой шулар жумласидандир. Айниқса Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Чоч (Тошкент) ҳокимликлари ўзларига анча мустқил бўлганлар. Бухорхудотлар зарб этган танга пуллар кенг муомалада бўлган. Шу билан бирликда бу нисбатан мустақил ҳокимликлар ўртасида ўзаро кураш, ички зиддиятлар ҳам тўхтовсиз бўлиб турган. Бу эса маҳаллий аҳоли ҳаёти, турмушини ночор аҳволга дучор этган. Масалан, 585-586 йилларда Бухорода зодагон деҳқон ва бой савдогарларга қарши қўзғолон кўтарилади. Унга Абрўй бошчилик қилади. Ҳоқон Қорачўрин қўшинлари қўзғолонни бостириб, қўзғолончиларни қаттиқ жазолайди.
Бўйсундирилган ҳудудларни маҳаллий ҳокимлар орқали бошқариш тартиби ҳоқонликни заифлаштира борди. Натижада VI асрнинг 80-йиллари охирларида Турк хоқонлиги икки қисмга бўлиниб кетади.
Ғарбий турк ҳоқонлиги (унинг таркибига Ўрта Осиё, Шарқий Туркистон ва Жунғария (Хитойнинг шимолий ғарби) ҳудудлари кирган). Шарқий турк ҳоқонлик (унинг таркибига Мўғулистон ҳудудлари кирган). VII асрда ғарбий ҳоқонликда шаҳарлар ривожланиши, Эрон ва Хитой билан қизғин савдо-сотиқ ва дипломатик алоқалар кузатилган.
Дарҳақиқат, Хитойда Тан сулоласи (618-907йил) ҳукмронлиги даврида Ғарбий Турк хоқонлиги билан Хитой ўртасида фойдали алоқалар кенг йўлга қўйилади. Масалан, 627-644 йилларда Ўрта Осиёдан Хитойга 9 марта савдо карвонлари юборилган. VII асрнинг 30-йилларида хоқонлик ҳудудларини кезган хитойлик сайёҳ Сюан Цин Иссиққўл, Чу водийси, Чоч, Самарқанд, Бухоро каби жойларнинг анча гавжум ва обод бўлганлигини қайд этади. Тан сулоласи 659 йилда Шарқий Турк ҳоқонлигини ўзига бўйсундиради.
VII аср иккинчи ярмида анча кучайган Хитой Ўрта Осиё ҳудудларини ҳам ўз қўл остига киритиш пайига тушади. Бироқ 670 йилда тибетликлар бош кўтариб, шарқий Турк хоқонлигини янгидан тиклаганларидан сўнг ва бу давлат Хитой учун кутилмаган хавф-хатарни келтириб чиқаргач, эндиликда Хитой Ўрта Осиёга бўлган ўз даъвосидан вақтинча воз кечади. Унинг эндиги бутун диққати Тибетга қаратилади. Бу даврда Ўрта Осиё ҳудудларида Ғарбий Турк хоқонлиги таъсири тобора заифлашиб боради. Бунга маҳалий ҳокимликлар ўртасидаги ички зиддиятлар, ер-мулк учун ўзаро курашлар ҳам сабаб бўлади. Бу эса пировардида бу ҳудудларнинг араб истилочилари томонидан босиб олинишига сабаб бўлди.
Турк хоқонлигининг шарқий ерларидан фарқли ўлароқ Ғарбий ҳудудда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёт тарзи, маданий даражаси нисбатан юқори бўлган. Негаки, шарқий ҳудудларда яшаган кўпчилик кўчманчи туркий элатларда уруғ-қабилачилик муносбатлари ҳамон кучли сақланган. Аҳолининг қуйи табақаси будун ёки қора будунлар деб аталган. Уруғ-қабиланинг номдор вакиллари «беклар» деб юритилган. Жамоани хоқон ва зодаганлар кенгаши - «Қурултой» бошқарган. Ўрта Осиё ерларида эса бу даврда деҳқончилик, боғдорчилик ва узумчилик соҳалари юксак даражада ривожланган. Ўлканинг Фарғона, Хоразм ва Зарафшон воҳаларида кўплаб сув айирғичлар, каналлар, сув ҳавзалари бунёд этилган.
Фарғона ва Суғдда аҳолининг бир қисми тоғ-кон ишлари билан ҳам машғул бўлган. Бу ерларда олтин, мис, темир эритиш, улардан керакли асбоб-анжомлар ишлаш яхши йўлга қўйилган. Шунингдек, Илоқда қўрғошин, кумуш, Шаҳрисабзда эса қизил туз қазиб олинган.
Хоқонлик даврида шаҳарлар ҳаёти хийла ривож топган. Бухоро, Самарқанд, Иштихон, Тошкент, Исфара, Қубо (Қува), Косон каби шаҳарлар ўша даврнинг анча тараққий этган ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ марказлари ҳисобланган. Буюк ипак йўли бу шаҳарларнинг халқаро савдода фаол иштирок этишини таъминлаган. Ўрта Осиёлик қўли гул ҳунармандлар, тўқувчилар, заргарлар, мискару темирчилар, кўнчию қуролсозлар ишлаб чиқарган нафис, харидоргир буюмлар, асбоб-анжомлар турли юртларга юборилган. Маҳаллий ҳунармандлар ишлаб чиқарган рангли шишалар, зотдор отларга халқаро миқёсда талаб катта бўлган. Бу даврнинг ўзига хос муҳим ўзгаришларидан яна бири-бу Ўрта Осиё кулолчилиги ҳунарининг юксак санъат даражасида ривожланганлигидир.
Бу даврда ҳам юртимизда моддий ва маънавий маданиятнинг янги-янги бетимсол намуналари яратилди. Турли олимлар мутахассислар баҳсига сабаб бўлган Турк-руин, Урхон-Энасой ёзуви, Култегин битиклари, Билга хоқон ёдномаси ва шу сингари ноёб топилмалар турк ёзма маданиятнинг қадимийлиги ва ранг-баранглигига гувоҳлик беради. 1970 йилда Алмати яқинидаги «Иссиқ» деган жойдан топилган ва фанга «Иссиқ ёзуви» номи билан кирган туркий ёзув ҳам бизнинг ёзув тарихимизга оид қарашларимизни янада бойитади. Эндиликда топилган ноёб ашёи далиллар асосида туркий ёзувнинг тарихи милоддан аввалги П-1 асрларга бориб туташиши маълум бўлди.
Туронзаминда туркий ёзув билан бир қаторда суғд ва хоразм ёзувлари ҳам кенг қўлланилган. Суғд ёзуви 22 та белгидан иборат бўлиб, чапдан ўнгга қараб ёзилган. Шаҳарларда сўғд-турк икки тиллилиги расмий одат бўлганлиги ҳақида Маҳмуд Қошғарийнинг «Девони луғатит турк» (XI аср) асарида ҳам қайд этиб ўтилган. Бу ёзувларда улуғ аждодларимизнинг    катта    тарихи,    бой    маданиятига    оид    мислсиз

маълумотлар акс этган. Яна шу нарса диққатга сазоворки, ўша даврларда улуғ аждодларимиз ўз навқирон насллари тўғрисида ҳам муттасил қайғурганлар. Шу боисдан ўсмир 5 ёшга тўлиши билан уни билим олишга йўллаб, даставвал, хат-савод ва ҳисоб-китобни ўрганишга жалб этганлар. Болалар ўсмир-балоғат ёшига етгач эса уларни дунё таниш, савдо-тижорат ишларини ўрганиш учун махсус вакиллар ҳомийлигида хорижий элларга юборганлар.
Турк хоқонлигида яшаган халқларнинг диний эътиқоди, тасаввурлари ҳам турлича бўлган, кўп худолилик хукм сурган. Бу эса уларда турли хил осмоний ва ер жисмлари - қуёш, ой, ер-сув, ҳайвонлар ва бошқа нарсаларга сиғинишликни келтириб чиқарган. Осмон худоси Тангри турк қавмларининг энг олий худоси ҳисобланган. Ҳозирда ҳам «Тангри» ибораси Аллоҳ номига нисбат сифатида қўлланилади.
Ўрта Осиё халқлари орасида зардуштийлик дини билан бир қаторда жойларда буддизм, монийлик, христианлик динларига эътиқод қилишлик ҳам кенг расм бўлган. Бу нарса қадимги аждодларимизнинг тор, биқиқ ҳолда ҳаёт кечирмасдан балки бошқа кўплаб қавмлар, элатлар билан боғланиб, аралашиб, маънавий жиҳатдан яқинлашиб ҳаёт кечирганликларидан далолат беради.
Ўрта Осиё халқлари орасида тасвирий санъат ўзига хос услубда ривожланган. Жумладан, Варахша харобаларидан топилган сарой бинолари деворлари пештоқларига битилган ранг-баранг, бир-биридан нафис ва жозибадор расм-суратларни (қуролланган ёхуд ов қилаётган жангчи аскарлар, оқ филлар, туялар, отлар ва бошқа хил ҳайвонлар, паррандаю даррандалар ва ҳоказо) кўздан кечирар эканмиз, бунда аждодларимизнинг ноёб истеъдоди ва ақл-заковатига тан берамиз ва бундан ўзимизда ғурур туямиз.
Шундай қилиб, Турк хоқонлиги ўз даврида кенг ҳудуларга ёйилган энг йирик давлат бўлган. Унинг ҳукмдорлари Хитой, Эрон ва Византия билан бўлган муносабатларда узоқ йиллар ўз таъсирини ўтказганлар. Шу билан биргаликда хоқонлик даври моддий ва маънавий маданияти, унинг нодир намуналари Туронзамин халқларининг тўлақонли турмуш тарзини ўзига хос йўсинда акс эттириб қолмасдан, улар бобокалонларимиз даҳосининг теранлигидан, уларнинг юксак ижодкорлиги, изланувчанлигидан ҳам шаҳодат беради.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин