Саналар
08.10.2024
Баннер
Фашизмни тор-мор келтиришда Ўзбекистоннинг қўшган ҳиссаси
PDF Босма E-mail

1939 йилда бошланган иккинчи жаҳон уруши сабабли вужудга келган халқаро вазиятга СССР билан бирга Ўзбекистон ҳам тортилди. Халқимизнинг ботир фарзандлари «кичик урушлар» деб ном олган Хальхинголь, Ҳасан кўли, Финляндия урушларида иштирок этганлар.

1941 йил 22 июнь куни гитлерчилар Германиясининг СССРга тўсатдан қилган ҳужуми ўзбек халқининг ҳам тинчини бузиб, қалбини нафратга тўлдирди. Ўтказилган митинг ва йиғилишларда ариза берган кўнгиллилар сони дастлабки ойлардаёқ 32 мингдан кўпроқни ташкил этди.
Фронт орқасини мустаҳкамлаш, халқ хўжалигини қайта қуриб, ҳарбий изга тушириш мамлакатни ягона ҳарбий лагерга айлантиришга доир умумий дастурнинг энг муҳим таркибий қисми бўлди. Бу дастурни амалга оширишда Ўзбекистон қизил Армиянинг фронт орқасидаги мустаҳкам базасига айланди. Ўзбекистон Ғарбдан келтирилган 100тадан ортиқ корхоналарни қабул қилиб олди ва бу заводлар халқимизнинг фидокорона меҳнати билан қисқа вақт ичида маҳсулот бера бошлади. «Ростсельмаш», «Красный Аксой», «Москва», «Подъемник» ва «Электростанок» заводлари шулар жумласидандир. «Ташсельмаш» заводи, Чирчиқ электрокимё заводи ва бошқа республика саноати корхоналари ҳам фронт эҳтиёжи учун ишлай бошлади.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон республикалари аҳолиси ва моддий ресурсларини сафарбар қилиш ва жанговар тайёр ҳолга келтиришда Ўрта Осиё ҳарбий округи муҳим рол ўйнади. Бир ярим йил ичида бу округ 109 қўшилма тузди. Ўзбекистон меҳнаткашлари миллий ҳарбий қўшилма тузиш ташаббуси билан чиқдилар. 1941 йил ноябридан 1942 йил мартигача Ўзбекистонда 14 та миллий бригада, жумладан, 9 та алоҳида ўқчи бригада, 5та отлиқ дивизия тузилди. Уруш йилларида бир миллион тўрт юз минг ўзбекистонликлар фронтларда жанг қилдилар. Улардан тўрт юз эллик минг киши қайтиб келмаган. Урушнинг дастлабки кунларида Республика мудофаа фондига 30 млн. сўм миқдорида пул тўпланди. Қисқа вақт ичида Ўзбекистон халқ хўжалиги ҳарбий изга ўтказилди. Бутун халқ, жамиийки моддий ресурслар ватан ҳимоясига сарф қилинди.
Собир Раҳимов, Мамадали Топиволдиев, Р. Абзалов, О. Раҳимов, Халлоқ Аминов, Қўчқор Турдиев, Назар Ражабов каби ўзбекистонликлар жанговор жасоратлари учун Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган бўлсалар, бутун Ўзбекистон аҳли халқ хўжалиги меҳнат фронтида юксак жасорат намуналарини кўрсатдилар. 280 дан ортиқ ўзбекистонликлар фронтдаги жасоратлари учун Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига, минглаб жангчиларимиз эса уруш йиллари таъсис этилган орден ва медалларга ўз жасурликлари сабабли сазовор бўлдилар.
Мамлакатнинг турли районларидан кўчириб келтирилган аҳолини Ўзбекистонда ҳурмат-эътибор ва ғамхўрлик билан кутиб олинди. Бу ерга бир миллионга яқин одам, жумладан, 200.000 бола кўчириб келтирилди. Ўзбекистонда улар бошпана ва меҳр топишди. Уларга 135 минг квадрат метрдан кўпроқ турар жой берилди, уларни ишга жойлаштириш юзасидан доимий иш олиб борилди. Ўзбекистон аҳолиси ўзининг сўнгги бурда нонини, кийим-кечагини, турар жойини кўчиб келганлар билан биргаликда баҳам кўрди. 15 нафар етим болани фарзандликка олган Шомаҳмудовлар оиласининг номи бутун жаҳонга маълум. Бу халқлар дўстлигининг буюк намунаси бўлиб, халқларни бир-бирига яқинлаштирса-да, бу йилларда миллий сиёсатда кечириб бўлмайдиган хатоларга ҳам йўл қўйилди. 1943-44 йилларда қалмиқлар, қрим татарлар, чеченлар, ингушлар, немислар, қорачойлар, месхети турклари ўзларининг тарихий ватани ва доимий жойларидан мамлакатнинг шарқий районларига кўчириб юборилди. Ўзбекистонга 15 мингдан ортиқ қрим татарлар, 175 минг чеченлар, 157 минг ингушлар ва бошқа халқлар кўчириб келтирилди. Уруш йилларида ва ундан кейин омон қолган ҳарбий асирларнинг ҳам аҳволи оғир кечди.
Маъмурий буйруқбозлик тизимининг уруш йилларидаги хунук кўринишларидан бири «талафотлар билан ҳисоблашиб ўтирмай, ҳар қандай қилиб бўлса ҳам ҳарбий мақсадларга эришиш зарур» деган принцип бўлди. Ғалаба ниҳоятда қимматга тушди. Совет кишиларининг 27 миллионга яқин нафари урушнинг алангаю оташида ҳалок бўлди. 18 миллиондан ортиқроқ жангчилар ярадор бўлдилар. Уларнинг кўпчилиги меҳнат қобилиятларини йўқотиб, ногирон бўлиб қолишди.
Юртбошимиз айтиб ўтганларидек, бу уруш кимлар томонидан қандай мақсадларда, қаерларда бўлиб ўтганлигидан қатъи назар, унда ўзбекистонликлар қатнашиб, ўз оиласи, бола-чақаси, ота-онаси, муборак заминни ҳимоя қилдилар. Уларнинг жасорати эса ҳеч қачон унутилмайди.

 

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин