
«Ўтмиши кўмилган миллатнинг истиқболи ҳам зулмат пардаси остидадир».
Ҳа, можор олими Ҳерман Вамберининг ўтмиши кўмилган миллат ҳақидаги гапларини айниқса бугун — фуқаро ва уламоларимизнинг деярлиси яқин ва узоқ тарихимиз хусусида ўта юзаки тасаввурга эга бир даврда эслаш жуда ўринлидир. Мозийдан бехабарлик кечаги ҳам бугунги авлодни бир мунча синдириб, маънавий қашшоқ ва кучсиз, юртига, миллатига, истиқболига бефарқ қилиб қўйганди. Хайриятки, элимиз бу кунга келиб у мудроқ, муте, қўрқувпараст руҳий муҳитдан қочмоққа, қутулмоққа тутинди. Шунинг учун ҳам бугунда ёшу кекса бирдай сиёсатга, иқтисодга, маданиятга ҳавасманд бўлиб қолди, миллий урф-одатлар, бойликлар ҳақида қизишиб ўйлай бошлади. Баъзилар эса, келажакка—зулматли бир парда қоплаган тун каби ҳозирда мажҳул бир бўшлиққа каловланиб тикилганча каромат қилмоққа уринади. Афсуски, истиқболни аниқ, тиниқ билимга эришмасдан туриб тасаввур этиш мумкин эмас. Дейликки, бугунги жумҳуриятимизда яшаётгаи авлоднинг ота-боболари олти минг йиллик тарихга, маданиятга эга; аждодларимиз ўтмишда кўп даврларда ҳукмронлик ҳам қилганлар, ҳукм остида ҳам бўлганлар; шунга қараб миллий ривожланиш ва таназзул пайтлари ҳам рўй берган. Биз кечмишда ер бойликларимиз, чегараларимиз, элимизнинг нуфузи, қўшни мамлакатлар билан сиёсий ва иқтисодий алоқалари, машҳур кишилари, айниқса, миллатни жаҳон миқёсида шуҳратлантирадиган буюк шахслари ҳақида асосли бир қарорга келмасдан туриб, барибир, келажакда ҳаётимиз қандай бўлишини тасаввур қила олмаймиз. Менимча, келажакка фақат ўтмиш йўл кўрсатади, у йўл бугуннинг кўксидан ўтади. Бугунги кун мустаҳкам, қудратли бўлса, ўтмиш ва келажакнииг оғир кўпригини кўтара олади. Халқимизнинг бутун борлиқ умри ўтадиган ана шу кўприкнинг бунёдга келиши учун, унга томон бориш учун йўлкўрсаткичлар керак, тарих ҳақида билик зарур. Асл ота юртлари эски Туркистон бўлган можорлар (венгерлар-хунгарлар — хун эрлар — Т. Қ.) олими Ҳерман Вамбери, унинг «Бухоро ёхуд Мовароуyнаҳр тарихи» китоби ҳам ана шундай йўлкўрсаткичлардан биридир. Бу китобнииг русчага Аркадий Павловский таржима қилгаи нусхаси Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги кутубхонада сақланаётган «Туркистон тўплами»нинг 70—71 жилдларидан ўрин олган. Биз журналда эълон қилинган парчаларни тайёрлашда шу китобдан ҳам фойдаландик, асосан эса, 20-йилларда Бухоро Халқ Маориф Назоратининг нашриёти ташаббусига кўра ўша русча таржимадан Фотиҳ Каримий ва Бурҳон Шараф туркчага ўгирган икки жилдликка (Москва, 1924 йил, эски имломизда) суяндик. Маълумки, Ҳерман Вамберининг туркий халқлар ҳаёти ва исломга оид илмий, адабий, сиёсий-тарихий ва тилга мансуб йигирмадан ортиқ асарлари бор. Қисқаси, биз бу ўринда Вамберининг «инглиз жосуси» экани ҳақида сўзлашни ортиқча биламиз ва Фотиҳ Каримийнинг шу сўзларини таькидлаш билан кифояланамиз: бу олим «сиёсий фикри жиҳатидан осуда очиқ турк мухлиси, инглиз тарафдори, Русия мухолифи эди, шунга кўра подшоҳлик Русияси қошида ғайримақбул кишилар жумласидан саналар эди». Аммо олимга нисбатан шундай қарашлар мавжудлигидан қатъи назар, унинг «История Бохари или Трансоксаний» асарини 1873 йилда Авлиё Питер шаҳрида таржима етилиб тарқатилгани ва бизгача етиб келгани ноёб зикрдир. Таржимои А.Павловскийнинг «Сўзбоши»сидаги фикрлари ҳам ҳақиқатга тўғридир: муаллиф Вамберининг айтишича, бу асар оврупалик маълумотли омма учун Трансоксания — Мовароуннаҳр мамлакати ҳақидаги биринчи тарих бўлиб қолади. Чунки Вамбери бу китобни ёзишда асл манбалардан, турк, мўгул, араб, форс тилидаги тарих китобларига бу ўлкага қилган саёҳати давомида кўрган ва ўзи тўплаган қўлёзмалардан фойдалангаи. Таржимон бу ўлка темурийлар салтанати таназзулигача Мовароуннаҳр дейилган ва сўнгра, ўн олтинчи юз йилликдан Бухоро хонлиги дея шуҳрат топганинн айтиб, шундай дейди: «Эта страна, знаменитая уже в древности и достигшая полного величья при Тамерлане, избравшем Самарканд столицею своей колоссальной империи, до сих пор оставалось для истории почти совершенно новым, нетронутим полем». Бу китобнинг фойдаси, фазилатлари хусусида кўп гапириш мумкин. Аммо унда маълум жузъий нуқсонлар ҳам йўқ эмас. Зотан, бу табиий ҳолдир, чунки муаллиф неча минг йиллик тарихни китоблардан ўрганиб, ўзи бошқа миллатга ва бошқа миллий мушоҳада тарзига эга бўлгани ҳолда, ҳукмрон бир муҳит вакили ўлароқ бу асарни баҳолиқудрат битган. Асарни иашрга тайёрловчи Сирожиддин Аҳмад ҳам, уни таҳрир қилиш ва туркча, русча нусхаларга солиштириш жараёнида мен ҳам, шу жиҳатларга имконимиз етганича эътибор бердик. Ўқувчининг миллий туйғуларига, иззат-нафсига тегадиган баъзи ибораларни, жумлаларни атайлаб тушириб қолдирдик, баъзиларини мантиққа, илмий асосга суяниб ўзгартирдик. Масалан, туркча нусхадаги «Арабларнинг ҳужуми ҳам қабули ислом» боби шундай бошланади: «Улуғ ислом юртининг амодлари ғарбий Осиёда инишо қилунғондан сўнгуқ араб қаҳрамонларининг ғолиб фирқалари Искандари кабир йўли билан Мовароуннаҳрга келуб кирдилар». Русча таржимада эса бундай: «Едва только были воздвигнути столпи исполинского здания ислама в западной Азии, как пободоносише отряди арабских искателен приключений вторгнулись в Трансоксанию по следам великого Македониянина». Кўриб турибсизки, туркча нусхада бундан кейин кўп ўринларда учрайдиган «қаҳрамон араб», умуман, арабларни улуғлаш русча нусхада йўқ; мен Вамбери китобининг асл нусхасини ўқий олмаганим учун айни пайтда фақат бир фараз билан чекланаман: Вамбери китобини ёзишда араб муаллифларининг, асосан мусулмон шарқи муаллифларининг асарларидан фойдаланган ва улардаги арабларни мадҳ этиш унга кўчган. Шу боисданми, русча ва туркча нусхаларда ҳам Мовароуннаҳрга—Туронга бостириб кирган араблар «қаҳрамонлар» деб, бу юртнинг эгалари, юрт ҳимоячилари эса «душман» деб талқин қилинади. Қутайба «энг илк аввал Байканд шаҳрина қарши юрди. Ул, саҳро ҳаволисина еткач, онда душмам аскарини тасодиф этди. Душман аскари сом жиҳатинча Қутайба аскариндан бик кўб зиёда эди». Русчадан ҳам бу мантиқий хато такрорини кўрамиз: «...дойдя до окраин степи, нашел там неприятельские силы». Шунга кўра, биз «душман» сўзи ўринга баъзи ўринларда туронликлар, турклар ибораларини қўлладик. Баъзиларда шундай саволлар ҳам туғилар, балки: нега энди бу асар асл нусхадан ёки русчадан эмас, айнан туркчадан фойдалаииб тайёрланди; нега эндн буни биз таржима дейишимиз керак ва ҳоказо. Биринчидан, қайси нусхадан фойдаланиш ҳар бир ижодкорнинг ёки ижодий маҳкаманинг хос ҳуқуқидир, иккинчидан, русча нусхада жуда кўп исмлар, атамалар нотўғри берилганки, бу шубҳасиз, таржимонни чалғитар эди (масалан, «Темур тузукоти» сўзини «Тюцюкат — и — Темур» деб. Чингиз ясоқларини «язау Дженгиза» деб ёки машҳур форсча иборани «Амеден у кенденд у зухтенд у куштенд у бурд-денду рефтенд» деб берилган; ҳолбуки, «омадан ва кундан ва...»). Энди бу асарни тайёрлашда туркчадан таржима қилинганига келсак, биз юқорида келтирган парчалардан кўриниб турибдики, Ф. Қаримий ва Б. Шараф нусхаси айнан олинса, бугунги ўқувчи учун усмонлича, татарча сўзлар, форсий ва арабий иборалар ниҳоятда қийинчилик туғдирар эди. (Шу ўринда битта мисол келтирмоқчиман: «...аввалги Мовароннуҳр шул қадар душмиш ва шул қадар қизғонч бир ҳолда қолмишдирки, инсон эски жўғрофшоннинг лек муболағали ўлдуқларини ёхуд ялан сўйладикларина ишонмоқчи бўладир. Ҳукумат муқаррий, уламо маркази ҳам бир хийли тижарат ва саноат ўрни ўлан Бухоро ҳозиринда кўб ўлса 30 минг нуфузли ва Осиёнинг энг пис ва сиҳат учун энг зарарли бир балдасидир». 1 жилд 31-32-бетлар). Шуни ҳисобга олиб, биз асарни туркчадан айнан «таржима» қилиб, ўзбек тилига мослаштириб, матндан эркин фойдаланган ҳолда китобда эълон этдик. Вамберининг асарида шундай гаплар борки, менимча, улар аслида босқинчилик сиёсати манфаати учун айтилгандек туюлади. Масалан, Турон халқларини, қавмлари ва уруғларини бир-бирига қарши қўйиш учун у бир ўринда, мўғуллар Самарқандга бостириб кирганида, босқинчиларга ерли турк ва қанғли қавмларииинг қўшилиб кетганини айтса, арабларнинг Бухорога босқин даврида, ўшанда аҳолиси асосан турклар ва тожиклар бўлгани учун (бир оз ҳушёр тортиб, оврупалик мустамлакачилар бу юртга кўз тиккан замонларда ҳам аҳоли таркиби шундай эканини ва уларни бир-бирига қарши қўйиш ерлиларни кучсизлантиришга олиб келишини, бу эса босқинчиларнинг айни муддаоси эканини ўйланг) шундай ёзади: (русчада) «Гусейн тот час двинулея Бохору, которой жители по большой части таджики, во все времени извествне за трусос, вишли против него, хорошо вооруженнне...» Туркчасида: «Ҳусайн тулўқ соат Бухороға ҳаракат этди. Онинг аҳолиси аксарият тожиклар бўлиб, жабинлик ила машҳурдирлар. Алар қуролланиб, Ҳусайн аскарина қарши чиқдилар...» Биз бу гапларни икки карра гижгижловчи маънога эгалиги учун ҳам китобда бермадик. Биринчидан, ҳеч бир қавмни, миллатни қўрқоқлиги билан машҳурдир деб бўлмайди. Иккинчидан, бу ердаги бу қавм Бухоро аҳолисининг аксариятини, буниси озчилигини ташкил этарди, деган сўз ҳам аниқлик киритишга муҳтож. Зотан, Вамберининг ўзи ҳам, барча форспараст гуруҳлар кўп таъкидлаган гапни такрорлаб, Мовароуннаҳрнинг маданий қисми «эрон унсурлари» дейди ва жумладан, савдо ва ҳокимият ишлари маркази бўлган Бухоро шаҳрига тожикларнииг кўпроқ йиғилиши ўша муҳитда табиий ҳол эканлигини ва бу ўринда Бухоро мамлакатига кирувчи бошқа вилоятлару қишлоқларда, саҳро яйловларида асосан кўп сонли турк қавмлари яшаганини эсдан чиқарган. Бу ҳолатда ҳам шу икки қўшин, бир-бирига халқ ва миллат сифатида тақдирдош, қисматдош бўлган тожиклар ва турк қавмлари ўртасига нифоқ солишнинг кўринмас ипларини сезиш мумкин. Шунинг учун ҳам бундай гап сўзлар Вамберининг биз китобда берган тарихии ҳикояларидан олиб ташланди. Бу каби қусурларидан қатъи назар, Вамберининг асари қимматли тарихий маълумотларга тўла. Айниқса, унинг берган изоҳлари ҳам илмий асосли, ҳам тарихан мароқлидир. Биз китобда фақат матннинг ўзини бердик, изоҳлар кўплиги ва мураккаблиги, бошқа тарихий манбалар билан солиштиришни тақозо этгани туфайли, уларни тушириб қолдирдик. Шу боисдан Шайбонийхон шахси ва умуман, ўзбекларнинг миллий хусусиятлариии очиқловчи бир изоҳни тўлалигича келтирмоқчиман. Шайбонийхон Бурга Султонни йўлдан олиб ташлаш ҳокимиятни мустаҳкам эгаллашдаги қилинадиган ишлардан бири эканини сезгач, қатъий ҳаракат бошлайди. Бурга Султон саройига қишда, қаҳратон совуқда кутилмаганда босқин ясаган ўзбеклар уни қочириб юборадилар. Саройда қолганлар қатл этилади. «Тонг очилғондан сўнг Шайбонийнинг одамлари яралануви маълум бўлғон Бургани изларга бошладилар. Қор устина томуб боргон қон асарини кўрдилар, бу қон излари ўрмон ичина боруб кирди. Шунинг бўйинча боруб, ниҳоят, ёрали бир аскар тобдилар. Ким эканини сўрағанлари вақт ўзининг Бурга Султон бўлғанлиғин сўйлади. Шайбоний онинг Бурга эмас, балки Бурганинг ходими Мунгабий бўлғонини билиб, сен нечун ўзингни Бурга Султон деб сўйладинг, деди. Бунга қарши Мунгабий: «Подшоҳ, мен Бурга билан бирликда ўсдим, онинг экмактузини ошладим, сенинг одамларинг они изладикларини билганим вақт онинг ҳаётини қутқармоқ учун ўзимни фидо этарға, онга таъйин этилган ўлим ўқини ўз кўкрагимга олурға қарор бердим. Энди ихтиёр сизда, тиласангиз нишлангиз» деб жавоб берган. «Шайбоний хейли бир олижаноб зот бўлғонлиқдан бу номусли одамга зўр мукофот беруб, озод этган. Лекин сўнгра Бурга топилиб, қатл этилган. Бу ўринда Шайбонийнинг шафқатсизлиги билан баробар ниҳоятда олижаноб, садоқатни қадрловчи инсон экани, шунингдек, Мунгабийнинг мард, тўғрисўз, эски турклардаги каби садоқат эгаси экани, хуллас, икки шахснинг миллий хусусиятлари аён бўлмоқда. Вамбери яна бир изоҳида, Қутайба Турон аскарларини куч билан енга олмаслигини билгач, ҳийлага ўтгани ва бирлашган турк, сўғд аскарлари ичига айғоқчи юбориб, фитна тарқатганини ҳикоя қилгач, ўша жосуснинг «асли эронли Тиндир» (русчада «это бил собственный шпион Кутейбе, по имени Тендер, родом Перс») эканини айтади. Вамберининг бу китобидаги муҳим маълумотлардан бири шуки, у Темурнинг отасининг исми (ҳозиргача буни барча русчадаги ва ўзбекчадаги китоблардан Тарағай деб нотўғри ёзилиб келинмоқда — Т. Қ.) Тўрғай эканини айтади «Темурнинг отаси Тўрғай (бидбилдик) барлос уруғининг бошлиғи эди» дейди ва изоҳда айтадики, Вайлнинг ўқиганича Тарағай эмас (русчадан ҳам «Отец его Тургай (перепель) бил главою Берлас... Не Таргай, как читает Вейл») дейди. Ҳақиқатан ҳам, Вамберининг фикри тўғри. Чунки Тарғай, Тарағай сўзининг маъносини шундай деб ёзганлар изоҳлашмаган. Вамбери ҳам бу ерда нега Тўрғайлигига изоҳ бермаган. Эски турклар тарихидан маълумки, ота-боболаримиз исломиятдан аввал будда динига, Кўк динига (шаманизм) мансуб бўлганлар, уларнинг тотемлари ҳайвонлар ва қушлар бўлгани ҳам маълум. Шу жиҳатдан қараганда, шунингдек, Темур даври ва ундан кейин ҳам исломдан аввалги эски турк одат ва анъаналари сақланиб қолганини, хусусан, исломийлашган турклар ўзларша бир арабий исм билан бирга битта эски турача исм ҳам қўйганларини эсласак, нега Тўрғай деб аталгани англашилади. Вамберининг бир изоҳида кўрагон сўзи (биз ҳозиргача ўрганганимиз «куёв эмас — Т. Қ.) гўзал маъносини билдириши, кўрагон-кўркли, кўркам экани айтилади. Муаллиф «Темурнинг уруғи барлос бўлган, аммо оила тармоғи кўрагон»дир дейди. Демак, Темур барлос қабиласининг кўрагон — кўркам уруғидан бўлган. Ҳозирда Шаҳрисабз ва бошқа ерларда яшовчи барлос қавмига мансуб кишиларнинг кўркамлиги ҳам олимнинг бу фикрини тасдиқлайди. Кўрагон сўзини мўғулчага боғловчиларнинг асл нияти, менимча, Темур салтанати ва юришлари даврида анча-мунча тарихий алғов-далғовларга дучор қилинган элларнинг вакиллари бўлмиш, хусусан, араб ва форс муаллифлари ва уларнинг асарлари таржимаси воситасида Оврупага ҳам ўтган бир томонлама, қусурли маълумотлардир. Темурнинг «мўғул наслиндан бўлуви ҳақинда Мирхонд, Шарафиддин, Вайл, Ҳоммер ва бошқа мусташриқларнинг ривоятлари икки мартаба ёлғашдир». Вамбери бу фикрини ва «Темурнинг Қорачар нўён наслиндан бўлуви бўш ҳикоя»лигини, Чиғатойнинг унга ўхшаш вазири бўлганлиги тўғрисидаги сўз «Жаҳонкушой»да йўқлиги, аммо Рашидиддин, Мирхонд ва бошқалар маълумотларни «Жаҳонкушой»дан олганликларини. тасдиқлайди. Темурнинг наслини мўғулларга боғлаган бизнинг замон тарихчилари ҳам шу адашишнинг ихтиёрсиз қурбонлари ўлароқ асоссиз сўзларни такрорлаб юрганликларини ана энди тушунса бўлар, деб ўйлайман. Можор олимининг «Темур тузуклари» ҳақидаги бир изоҳи ҳам мароқли тузук сўзининг асли эски туркчадаги тутсуқ (арабча низом) маъносидадир; бу сўзга арабча кўплик қўшимчасини қўшиб, «тузукот» ясалган. Олим яна бир изоҳида «Темур тузуклари»нинг асл чиғатойча нусхаси Яман волийси Жаъфарнинг китобхонасида сақланишини айтади. Агарда бугунги ўзбек олимлари шу асл китобиинг факсимиль нусхасини ишлаб чиқиб, эълон қилсалар, тарихий нашрларимиз йўли бир мунча ёришар эди. Маълумки, Амир Қозғон билан Темурнинг отаси Тўрғай ўртасидаги муносабат жуда яхши бўлган, шунинг учун Амир Қозғон Темурга мурувватлар кўрсатган, қўшинига мингбоши қилиб олган; сўнгроқ Темурга ўзининг неварасини — ўғли Салойнинг қизи Улжой Туркон Хотунни олиб берган. Шу Салой сўзига Вамбери бир изоҳида алоҳида тўхталиб, бу исмни бир неча оврупа олимлари нотўғри талқин қилганини, нотўғри ўқиганинн таъкидлаб, салой эски туркчадаги ватан сўзидир, дейди. Ҳақиқатан ҳам, салой сўзи исм сифатида бугун ҳам кўп учрайди, фақат биз уни арабча Салоҳиддин, Солиҳ сўзининг бузилган шакли деб қараб келганмиз. Темурнинг оқсоқлиги масаласида кўп нотўғри гапларни ўқиганмиз. Бу бўҳтонлар буюк Темурнинг шавкатига қасддан қилингандир. Маълумки, Темур Сейистонга ҳужум пайтида жангда мажруҳланиб, кейин оқсоқ бўлиб қолган. Суриялик олим Аҳмад ибн Арабшоҳ эса, ичидан тўқиб, Темур қўй ўғирлаб бораётганда, қўйнинг оғирлигидан йўлда оқсоқланиб юрган ва шунинг касрин Оқсоқ бўлиб қолган, дейди. Вамбери шу бўҳтонни фош этиш баробарида Темурни «татар жаҳонгири» деб (русчада ва туркча нусхаларда ҳам) ўзиям янглишиб кетади. Вамбери, умуман, бу китобида турк иборасини қўллаш ўрнига кўп ҳолларда татар сўзини ишлатадики, бу, менимча, олим мансуб муҳитда бу истилоҳ истеъмолда бўлганини таъкидлайди, акс ҳолда, шарқий Туркистон ҳақида сўз кетганда, русча нусхада «Китайская Татария» деб ёзилмасди, туркчада эса «Туркистон Чини» деб берилган. Вамбери Темур шахсини иложи борича тўғри акс эттиришга интилган. Бу унинг ҳодисаларга, шахсларга берган изоҳларидан ҳам маълумки, баъзиларини мисол тариқасида келтираман. Биринчи жилдннпг 243-бетидаги изоҳда айтилишича, Темур бори 243 қаҳрамон билан Ҳусайннннг 12.900 кишилик аскарига ҳужум қилиб, қалъани олиб, рақибларини қувиб юборган. Аввало Темур аскарлари қоронғи бир тунда аста-аста қалъа деворига миниб, соқчиларни ўлдириб, ҳимоядаги аскарларни забт билан ўраб-қириб, қувиб, мислсиз жанговарлик кўрсатганлар. Яна бир гап: Темур барча ишларни маслаҳатлашиб, қурултой чақириб ҳал қилгани кўп айтилади. Балхдаги қурултойда Шайх Муҳаммад, Баён Сулдуз... амир Зиндаҳашм қатнашадилар; олимнинг изоҳлашича, Знндаҳашм аввал Темурга қарши кўп марта исён этган, ҳамиша мағлуб бўлган. Кейинроқ эса, Темурнинг муруввати ва олижаноблиги туфайли, Зиндаҳашм унга хизмат қилиш баробарида, юксак мартабаларга эришган. Вамбери тарафкашлик қилмасдан, Ибн Арабшоҳнинг «Темур Чингизхоннинг ясоқларини Қуръондан юқори кўрарди», деб ҳақсиз айблашини ҳам тўғри таъкидлаб, аслида, ислом ташкилоти аскарин идорадан кўра руҳоний идорага тадбиқ этилиб ясалганини, мўғул ясоқлари эса давлатни тутиб туришда, ҳимоялашда кучли жанговарликка эгалигини айтади. Назаримда, Вамберининг бу қараши бутунда ҳам кўп кишилар, давлат ташкилоти диний бўлиши керакми ёки аскарийми, деб баҳс юритаётганлар билиб қўйса арзийднган муҳим фикрдир. Ҳақиқатан ҳам, бир давлат руҳоний тараққий асосида жамият қурса-ю, ёнидаги қўшни давлат аскарий тараққийга эга жамоадан иборат бўлса, руҳоний ташкилотли давлат ўзини қандай ҳимоя қилади? Амир Темур бу масалаларни ўз даврида теран ўйлаган ва ўз салтапатини ҳам эски турк давлатчилигида бўлганидек аскарий тартибларга ва ҳукмрон ислом руҳоний ташкилотига асосланиб қурган. Хуллас, Вамберининг бу китоби ўқувчилар ўртасида кескин мулоҳазалар уйғотиши табиий. Уни илмий тадбиқ этиш эса олимларимизга ҳавола.
Тоҳир Қаҳҳор
АРАБЛАРНИНГ ҲУЖУМИ, ИСЛОМНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ҲИЖРИЙНИНГ 46—96 ЙИЛЛАРИ (666—714)
Улуғ исломнинг таянчлари Ғарбий Осиёда барпо қилингандан кейин арабларнииг ғолиб қўшинлари буюк Искандар йўли билан Мовароуннаҳрга кириб келдилар. Зиёд бин Абу Суфён 46 (666) йилда лашкарбоши Робиаъ бин ал Ҳорисни Ироқдан Хуросонга кўчирди. Сосонийларнинг энг сўнгги подшоҳининг фитнаси ила ҳосил бўлган паришонликдан фойдаланиб, араблар Шарқий Эронда ўзининг йўлида учраган ҳар нарсани дуч келган жойда хароб этди ва ғолиб байроғи билан Балхга кириб борди. Бу шаҳар Мовароуннаҳрнинг жанубий дарвозаларидан бири саналади. Бу ерда туриб, Сўғдиённинг бойлиги ҳақидаги хабарларни эшитган, ғалаба ва ўлжага нақадар суқ бўлган арабларнинг бу ўлжага кўз тикиши табиий эди. Улар аввало фатх этиш режалари билан Сирдарё бўйларигача келдилар. Буларнинг муваффақиятлари нақадар катта, қўлга киритган ўлжалари нақадар кўп эканини шундан билиш мумкинки, Зиёднинг вафотидан тўрт йил ўтгандан кейин ҳам (у 50 (670) йилда вафот этди) унинг ўғли Убайдулло Муовия Бухорога яна қўшин юборди. Бу иккинчи ҳужум жиддийроқ суратда ўтди. Убайдулдо бин Зиёд энг қадимги савдо маркази ва жуда бой пойтахт бўлган Байканд шаҳрига тажовуз қилиб, уни узоқ қамал этганидан сўнг босиб олди. Бу 53 (672) йилнинг охири эди. Хотун подшоҳ турк аскарларини ёрдамга чақирди. Араблар ўзларининг манжанақлари билан шаҳарни тамом қамал қилгандан кейин Бухоро подшоҳига ёрдамга келувчи турклар Убайдулло бин Зиёдга орқадан ҳужум қилдилар. Убайдулло мудофаада туриб, бу юртликларга кўп зиён етказгач, Бухорони қамал қилишдан воз кечиб, Марвга қайтишга мажбур бўлди. (Табарийнинг ёзишнча, Убайдулло Тошкентгача келган.) Мусулмонлар бу ердан жуда кўп хазина, қуроллар, кийимлар, олтин-кумуш нарсаларни ўлжа олдилар. Булар орасида Хотун подшоҳнинг ноёб жавоҳир билан безатилган этиги саҳройи арабларни ниҳоятда ажаблантирди. Бу йигирма минг дирҳамга баҳоланган эди. Улар орқага чекиниш пайтида, йўлда қасос учун жуда кўп қарияларни ўлдиришган, ҳаттоки дарахтларни кесиб ташлашган эди. Араб тарихчиси шундай ёзади: «Хотун подшоҳ Бухоро ўлкасини хароб бўлишдан ва хавфдан қутқариш учун Убайдулло билан сулҳ тузиб, унга ҳар йили бир миллион дирҳамдан тўлаб туришга ваъда берган» эди. Лекин биз кўрамизки, бу воқеадан уч йил ўтар-ўтмас араблар Саъид бин Усмон қўмондонлигида Хотун подшоҳга қарши такроран ҳужум бошладилар. Хотун подшоҳ Убайдулло билан сулҳ аҳдига вафо қилиб, арабларнинг қўмондонига хирож юбориб кўрди, аммо тадбирлари фойда бермади. Саъид ўз халқининг аҳдига вафо қилмади. Хирожларни қайтариб юборди ҳамда ҳеч бир маъносиз равишда Бухорога бориб етди. Уз раъиятининг итоатсизлиги туфайли содир бўлган кўпгина жанжаллар оқибатида заифлашиб қолган Хотун подшоҳ бу сафар душман билан жангга кириша олмади. Сулҳ тузди. Саъид ўзи кетган вақтда ишонч қозониш учун гаров сўради. Хотун подшоҳ оғаларидан саксон кишини унга гаровга берди. Шу билан ўзинннг энг қўрқинчли ташқи душманларидан халос бўлди. Сулҳ ахд қилингандан кейин мағрур араб Хотун подшоҳни ўзининг лашкаргоҳига келишини талаб қилди. Фавқулодда гўзал бўлган Хотун подшоҳ жуда аъло ва зийнатли кнйимларда шавкат билан бориб, арабни қаттиқ таассуротга солди. Унинг юраги ишқ ва орзу билан тепди ва бу ҳар иккисининг орасида муносабатга сабаб бўлди. Бу воқеа қўшиқларда куйланиб, уни Бухоро халқи бир неча асрлар мобайнида айтиб юрди. Бухоро шу йўл билан олингач, Саъид Шарқ тарафга, Сўғдиёнга ҳам Самарқанд шаҳарларига ҳужум қилди. Уша пайтда Самарқанднинг подшоси йўқ эди. Уни Сўғддан тайин этилган турк тархони идора қилнб келган. Араблар ҳужум қилиб, Самарқандни ҳам эгалладилар. Саъид орқага, Хуросонга қайтганда, Бухорога киргач, бухороликлар ундан гаровларни қайтариб беришни сўрашган. Саъид буни Амударёнинг нариги қирғоғига чиқиб олгандан кейин қайтаришга ваъда берган. Ундан сўнг бу ишни Марвга бориб етгунча кечиктирган, сўнгра гаровга олинганларни Нишопурда озод қилишни ваъда қилган. Нишопурда эса Куфада озод қиламиз, деб айтган. Шундай қилиб, Мовароуннаҳрнинг мўътабарлари Зарафшоннинг гўзал соҳилларидан ясси Арабистон саҳроларига ғанимат-ўлжа бўлиб борганлар. Саъид Мадинада уларнинг қиличларини, жавоҳиротли камарларини, кийимларини шилиб олиб, у мағрур бекзодаларни қулларга айлантирган. Лекин бу воқеа уларни қаттиқ ғазаблантирган ва улар қасос олиш учун Саъиднинг саройига ҳужум қилиб, уни саройда қатл қилганлар, ундан кейин ўзларини ҳам ўлдирганлар. Бу воқеа Язид бин Марвон халифалиги замонида бўлган эди. Бойиб қайтган араблар узоқ Сўғднинг ажойиботи ҳақида сўзларини қавмдошларига айтиб тугатгунларича, Бухорода араб ҳокимига қарши исён кўтарилади. Саъид ўрнига Хуросонда амирликка тайинланган Муслим бин Зиёд кўп аскар билан Амударё ёқасига сафар этишга мажбур бўлади, Хотун подшоҳ ёрдамга яна турк курашчиларини чорлайди. Туркистон шимолидан 120 минг турк ёрдамга етиб келади. Лекин араблар туркларнинг сонини ҳамда вазиятини ўрганиб бўлгунча ҳужумни кечиктирдилар. Муслим бин Зиёд ўзининг яқинларидан аскарбоши Маҳлабга туркларни исткишоф (разведка) қилишни топширди. Маҳлаб бу ишга бошқа бировни, унчалик катта амалдор бўлмаган бир кишини юборишни маслаҳат солди. Лекин Муслимнинг иккинчи мартаба фармонидан сўнг бу ишни бажаришга киришди. Ҳар бир қисмдан бир нафардан аскар олиб, тунда яширин равишда йўлга тушди. Иккинчи кун эрта билан Муслим ўз аскарларига Маҳлабни юборганлигини эълон қилди. Араблар бу ишдан ташвишга тушиб: «Сен амир Маҳлабни ўлжаларни олиш учун юборгансан. Агарда жанг қилиш керак бўлса, энг олдин бизни юборар эдинг» деб айтдилар. Жуда кўп одамлар ҳирс ва пнтизомсизлик билан Маҳлабнинг ортидан кетдилар ҳамда уни қувиб етдилар. Маҳлаб уларга деди: «Сиз бизни ночор этдингиз. Биз бу ерга хуфя (тил) олиш учун келган эдик. Сиз бизни душманга сездириб қўйдингиз. Энди иш ёмон бўлиши мумкин». Шундай бўлсада, Маҳлаб хотиржамлигини йўқотмади. Ўзининг ёнидаги аскарларини қўшиб 900 кишини санади. Аскарлар сафга тизилиб улгурган соатдаёқ турклар майдонида жангга ундовчи бурғу товуши эшитилди. Улар дарҳол ҳужум этиб, араблардан 400 кишини қиличдан ўтказдилар, бошқаларини қочишга мажбур қилдилар. Маҳлаб ўзининг бир ҳовуч кишилари томонидан ўраб олинди ҳамда ушбу ғоятда қўрқинчли ҳолда у бир наъра уриб қичқирди. Наршаҳийнинг ривоятича, унинг товуши ярим фарҳас узоқликдаги араблар лашкаргоҳига эшитилади. Ўша заҳоти Абдулла бин Жадон қўмондонлигида бир қисм аскарлар унга ёрдамга етиб келиб, жангга киришадилар. Маҳлаб ҳамда йўлдошлари ўз аскарларини кўргач, яна охирги кучни йиғиб жангни давом эттиради. Турклар мағлуб этилгач, ҳар бир араб аскарига 10 минг дирҳамдан берилади. Бу аҳволда Хотун подшоҳга таслимдан бошқа ҳеч бир чора қолмайди. У сулҳ тузади. Араблар Марвга қайтиб кетадилар. Аммо бу қайтиб кетиш хароб бўлган Мовароуннаҳрни тинчлантириш учун эмас, балки бу тўрт мартаба ҳужумдан сўнгра такроран ҳужум қилиш учун эди. Бу дафъа ҳужумда амир ўзининг тадбиркорлиги, ғайратлилиги билан кўҳна эрон маданияти бешигини тамом сўндириб, араб пайғамбарининг таълимотини энг узоқдаги Тяншан тоғларигача тартиб этишга муваффақ бўлди. Бу амир — Қутайба ибн Муслим эди. Ҳажжож 86 (705) йилда унга Мовароуннаҳрни фатҳ қилишни топширди. Эндиликдаги мақсад — туркларнинг бу ўлкасини талон-тарож қилиш, чекиниш ҳақида ўйламасдан, мамлакатни тамоман бўйсундириш ва мусулмон этиш эди. Қутайба бу йўлда аввало жанубдаги энг биринчи қалъа — Балхни фатҳ этишга қарор қилди. Узининг Марвда йигилган аскарларини Қутайба ваъз ва насиҳат ҳамда қуръон тиловоти билан тегишлича ҳозирлагандан сўнг, минбардан тўғри ўзининг сафар отига минди. Шундан жангга кетди. У қадимги Бақтрияга бориб етар-етмас, Балх аҳолиси унпнг истиқболига чиқдилар, уни ҳурмат ва таъзим ила ўзларининг шаҳарларига олиб кирдилар. У шаҳарда халифанинг ҳокимиятини қарорлаштирди. Кейин Амударё орқали айланиб, ҳозирги Чоржўйдан ўтиб Марвга қайтди. Шу ердан 87 (705) йилда Мовароуннаҳрни истило қила бошлади. У энг аввал Байканд шаҳрига қарши юрди. У саҳрода бир манзилга еттач, турк аскарлари билан тасодифан тўқнашди. Турклар лашкари сон жиҳатидан Қутайба аскаридан кўп эди, шунинг учун улар тарафидан қаттиқ мухосара қилинди. Шу сабабли бир неча онлар ундан ҳеч бир хабар бўлмади. Ҳажжож аълон калиматуллоҳ учун жиҳод қилиб, хавфли ҳолга тушган мужоҳидлар учун нажот тилаб дуо қилурга бутун аҳли исломни даъват этди. Бинобарин Қутайба ҳалокатдан қутулди. Туркларнинг нақадар кўплиги ҳам, Ҳажжожнинг вафоти ҳақнда ёлғон тарқатган бухороликларннпг ҳийла ва макрлари ҳам унинг темир каби собитлигини синдира олмади. У турклар билан жангга киришиб, бир кунлик урушдан сўнг уларни енгди. Буларнинг бпр қисми қочдилар, бир қисми эса метиндек қаттиқ бўлган Байкандда яшириндилар. Бу вақтда қалъа қамал қилинди. Бу қамал даврида араблар кўп талафот бердилар. Уларнинг ўн беш кунлик жанглари бекор кетди. Шундан кейин қалъанинг девори тешилди. Қутайба қалъага биринчилар сафида борган ва шаҳид бўлгаш кишиларнинг болаларига катта мукофот ваъда қилди. Бу ваъда таъсир этиб, араблар қалъани ишғол этдилар. Лекин Қутайба шаҳардан кетгач, Байканд аҳолиси исён кўтаргани ҳақидаги хабарни эшитди. У ерда воли (ноиб) этиб қолдирилган Варқа бин Насрудбахоли ҳамда унииг ёнида бўлган мужоҳидлар қатл этилган. Тўғри, араблар бу балони ўз бошларига ўзлари солишган. Варқа байкандлик бир одамнинг икки гўзал қизини ҳақорат этган, бу одам ўз оиласининг масхара қилингани учун қасос олиб, Варқага қилич урган. Шундай бўлсада, Қутайбанинг ғазаб ва ғалаёнига ҳеч бир ҳад ва чегара бўлмади. У шаҳарга қайтиб келиб, ҳаммаёқни бузиш ва ғорат қилишга буюрди. Қилич ушлашга қодир эркакларнинг барчасини ўлдиришга, хотин-қизларнинг барчасини асир олишга буйруқ берди, ҳатто туркларнинг бир кўзи кўр сардорига ўз хунини тўлаб, омон қолишга ҳам рухсат бермади. Ривоят қиладиларки, асл Байканд аҳолиси, кўпроқ бой савдогарлар, Чин ва бутун жаҳон ила савдо этувчилар бу уруш вақтида шаҳарда бўлмаганлар. Улар қайтиб келишганда, ўзларининг хотин-қизларини тавон тўлаб, араблардан қайтиб олганлар. Шаҳар сал тузалган. Яна тездан араб истилоси остида қолган харобалар ичида энг гўзал бир шаҳар пайдо бўлган. Байканд бутун Мовароуннаҳрнинг жанубий-ғарбий эшиги бўлганидан уни фатҳ этиш араблар учун муҳим аҳамиятга эга эди. Сўғд ва Ромитандан кейин знг тараққий этган бу шаҳарда фотиҳлар беҳисоб ўлжа-бойликни қўлга киритган эдилар. Масалан, бир бутхонада 40 минг дирҳам оғирликда соф олтиндан ишланган санамлар бўлиб, биттасининг кўзлари ўрнида каптар тухумидек иккита инжу бор эди. Қутайба буларни ўлжанинг бир қисми билан бирга Ҳажжожга юборди. Ҳажжож бунга ташаккурномасида ўзининг таажжубини билдирди. Арабистон бадавийларининг бу мағлублар тарафидан тўпланган хазиналарга нақадар очкўзлик, ҳирс билан тўхтовсиз ҳужум этганларини тушуниш мумкин. Бадавийларнинг энг орзу қилган нарсаси қурол эди. Осиёнинг бу ўлкаси қадимдан буён қуролни мустаҳкам ҳамда гўзал ишлаш билан машҳур эди. Гарчи аскарларга Байкандда ишланган қуролнинг асосий бир қисми тақсим ва сийлов қилинсада, харидор кўплигидан аслаҳанинг нархи шу қадар кўтарилдики, бир сипар 70 дирҳам, темир совут 200 дирҳам, қалқон ундан ҳам қимматроқ бўлди. Аскарлар оз эди. Чунки Мовароуннаҳр жангларида энг муҳим мавқега эришган Бани Тамим, Бакри, Абдулқайс қабилаларининг ўзларигина аскарликка 21 минг киши (ҳаммаси бўлиб 41 минг) берган эдилар. Одамдан камчилик бўлмасада, араб аскари қуролининг кўплиги ила фахрланарлик даражада эмасди. Қутайбанинг истилосидан, хусусан, Туркистон саҳро вилоятларининг жануб тарафларини забт этгандан сўнг бошқа жойларга ҳужум камроқ уюштирилди, чунки босқинчиларга қурол ҳалиям етишмас эди. Дарвоқе, Бухоро билан душманлик муносабати вужудга келишувга Қутайбанинг ўзи сабабчи бўлди. Унинг ҳарбий режаси — мудофаа учун анчагина ноқулай бу шаҳарни энг аввал шимолдан хамда шарқдан келадиган ёрдамчи турк аскарларидан кесиб қўймоқ эди. Сўнгра эса, энг аввал Вардоп (ҳозирги Вардонзе), Ромитан ҳам Сўғддаги кичик мустақил хонликларни забт этмак эди. Унга Ҳажжож шундай ҳаракат қилишни амр этганди. Қутайба 89 (707) санада Кеш (Шаҳрисабз)ни ҳамда Нахшаб (Қарши)ни фатҳ этди. У 90 (708) йили Вардон устига юришни ният қилди. Лекин бу ниятни амалга оширмоқчи бўлганда ўзи ўйламаган қаршиликка дуч келди. Турк хонлари унга қарши тадбир кўриб ўзаро битим туздилар ҳамда бирлашган кучлари билан Қутайбани йўлда тўхтатдилар. Бу гал Бухоро атрофидаги, бутун Мовароуннаҳр ҳамда Сўғд хонлари тўпландилар. Фарғона подшоси ва Узоқ Шарқдан Хитой хоқонининг укаси, «Кўримғон» деган бир киши уларга қўшилдилар. Улар гўё умумий таҳликани ҳис қилиб, бирдашган кучлари билан араб истилосини тўхтатишга қарор қилган эдилар. Бу пайтда Вардонга етиб келган Қутайба улар томонидан тазйиққа учради. Буни Табарий жуда яхши тасвирлаб берганини кўриш мумкин. Тарихчининг ривоят қилишича, ҳар тарафдан сиқиб қўйилган араблар, қатъий мағлубият таҳликасини кўргач, уларнинг хотинлари хунук товуш билан уввос солиб, юзларини тирнадилар. Лекин Қутайбанинг таъсирчан нутқлари арабларнинг руҳини кўтарди: «Ўғилларим, олға! Бу туркларни сиз даф этишингиз керак!» деб у турли қабилаларга хитоб қилди. Унинг даъватига аввало тамим қабиласи қўшилди. Унинг аскарбошиси жаш овар Ҳузайм, қабила раиси Вакиъ бин Абу Асваднинг амри билан бнринчилардан бўлиб майдонга кирди. Табарий айтгандай, арабларнинг бу жангда ғалаба қозонишгани шубҳалидир. Лекин шуниси аниқки, араблар бунда туркларнинг сафларини бузишга муваффақ бўлдилар. Улар бу ишни сиёсий макр билан амалга оширдилар. Жангда муваффақият қозона олмаслигига қаноат ҳосил қилган Қутайба бирлашган туркларнинг иттнфоқини бузишга қасд этди ҳамда бунга эришди. Чунки иттифоққа садоқат туркларнинг миллий хусусиятларидир. Иттифоқчилар қўшини орасида энг кўп аскарни Сўғд подшоси қўйган эди. Шунга кўра, аввало уни бошқалардан айириш ва урушдан тўхтатиш керак бўлди. Қутайба бу сиёсий фитнани ишлаб чиқишни Ҳаён Набатий номли кимсага топширди. У бир жанг пайтида, ниҳоятда яширин суратда, Сўғд подшосига «иттифоқчилар сени тахтдан маҳрум этишга қарор қилдилар», деган хабарни етказди ва мазкур режани амалга ошириш учун Қутайбанинг бу тарафдан кетишини қутмоқдалар, деди унга. Маккор араб яна бунга илова этиб: «Биз бу ерда йилнинг иссиқ ойларидагина қола оламиз. Қиш келиши билан биз иссиқ тарафларга қайтишга мажбурмиз. Аммо сен ўзингнинг шимол тарафдан келган иттифоқчиларингни унутма. Уларни Сўғдиённинг гўзал фаровонлигидан айириб, қайтариб юбориш осон булмас. Энг яхшиси шу бўлурки, сен биз билан сулҳ тузгил. Аммо иттифоқчиларингга «арабларга Ҳажжож, Кеш ва Нахшаб орқали жуда кўп ёрдам юборибди. Мен шундан қўрқиб сулҳ туздим», дегайсан. Бу сенинг ишингга мақбул узр бўлади, аммо бизнинг хусусда комил амин бўлурсан», деди. Сўғд хонига бу қаттиқ таъсир этди. Туркларнинг хиёнатчилигими бу ёки бошқа бир чуқурроқ сабаб борми? У ўйлай-ўйлай бир фикрга кела олмади. Оқибатда ҳийлага мағлуб бўлди. Араблар билан яширин аҳд-паймон қилди. Уларга йилига икки мнллион дирҳамдан хирож тўлашга ваъда берди ҳамда дарҳол уруш ҳаракатларини тўхтатди. Бошқа иттифоқчиларни ҳам ўз жойига қайтишга мажбур этди, Қутайба тўрт ой давом этган таҳликадан шу тариқа қутулди. Энди такрорлашга ҳожат йўқки, бу сиёсий макрнинг жазосини ҳаммадан кўпроқ Самарқанд тархони тортди. Сулҳ аҳд этишига қарамай, аҳдномага мувофиқ, бу ерда солинадиган масжидни қуришни тезлаштириш баҳонаси билан шаҳарга ғишт терувчилар ўрнига 4000 қуролли араб киритилди. Тархон бу хиёнат учун интиқом олишни истагач, араблар ҳужум қилдилар. Уни бутун тарафдорлари билан бирга қатл этдилар. Самарқанд таланди, ғорат қилинди. Сосонийларнинг энг сўнггиси Яздигарднинг қизи ҳам асирлар орасида эди. У халифа Валига юборилди. Ғанимат олинган олтин бутлар ва уларнинг жиҳозлари 50 минг мисқол оғирликда эди. Араб аскарларига бир қанча вақтгача дам беришга тўғри келди. Шунинг учун Қутайба Марвга қайтди. Бутун қиш мавсумини истироҳатда кечирди. Сўнгра Ироқдан ҳам Хуросондан зарур миқдорда ёрдамчи аскар олиб, ёз куни, 91 (709) йилда Бухоро устига сафар қилди. Бу сафардан нияти — Бухоро учун юришларга хотима бериш эди. Наршаҳийнинг ривоятича, у вақтда Зарафшон пойтахтининг идораси ҳамиша мазкур Хотун подшоҳ қўлида бўлган, Аммо бу пайтда у жуда қари бўлгани учун бу гаплар у қадар тўғри эмас. Ҳар ҳолда буми ёки бошқа подшоҳми, қайси бўлсада арабларга яна қаршилик кўрсатишни фойдасиз деб билишган. Уч мартаба фатҳ этилган ва уч мартаба қайтадан ислом дини қабул қилдирилган, ҳар дафъасида яширин равишда ўзининг эски динига қайтган Бухоро ўз дарвозаларини энди тўртинчи дафъа очди. Бу юрт аввал ғайри мансуб кўринган динни босиб келган фотиҳлар билан баробар қабул қилиб, кейинчалик шу диннинг энг ашаддий мужоҳидларини ҳам етиштирди. Ҳозир Осиёнинг ҳар бир қитъасида ислом, гўёки, таназзулга кетаётган бир ҳолда, ёлғиз Бухородагина халифа Рашиднинг асридаги расмлар давом эттирилмоқда. Қутайба шаҳарни забт этгач, унинг подшоси худот (хон) ўз мансабида қолдирилди. Лекин унинг ёнида халифа тарафидан тайин этилган бир маъмур — омил қўйилди. Оқибатда бу омил амир номи билан ҳокими мутлақ (диктатор) бўлиб, худот бутунлай сояда қолдирилди. Бундан ташқари, худот халифага 20 минг дирҳам, хуросон амирига йилига 10 минг дирҳам хирож тўлайдиган бўлди. Яна Бухорода қолдирилган арабларга, шаҳардаги умумий ҳаммомларнинг соф харажатидан бир улуш бериш тайин қилинди. Албатта, булар, охир оқибатда ислом мамлакати бўлган Бухоро учун ҳам бошқа ислом мусгамлакаларида қўлланилган сиёсий тадбирлар каби оғир эди. Лекин исломни тарқатиш йўлидаги баъзи бир сирли усулларни мағрур бухороликлар ҳам чуқур ҳис этдилар. Арабларга маълум бўлишича, ислом динини қабул этган баъзи бир иккиланувчи одамлар эски маъбудаларига ҳамон ибодат айлаб, яширин жойларда ва ертўлаларда сажда қилардилар. Шу сабабли ҳар бир бухоролик ўз ҳовлисининг ярмисини арабларга бериши амр қилинди. У араб уй эгаларига ислом шариатидан таълим берди ҳамда уларнинг ислом одобига риоя қилишларини кузатиб турди. Агарда исён этсалар, араб маъмурларига чақар эди. Янги динга кирувчилар учун мукофот қилиб пул бериладиган бўлди. Жума куни Қутайба жомеъсига намозга келган кишилар икки дирҳам мукофот олардилар. Регистонда бино қилингаи бу масжидда ҳам қиём, рукуъ, саждалар аркони ибодатга, яъни имомга суяниб бажарилар эди. Ибодат дуолари, Қуръон оятлари арабча, ҳатто форсча ўқилар эди. Эски дин тарафдорлари ўзларига таклиф этилган динга бир мунча давр қарши турдилар. Ўша замонга оид қусурли маълумотларга қараганда, Бухоро му-сулмонлари ўн йиллар мобайнида масжидга борганларида ёнларида қурол олиб юришган. Ерли халқларга эса, исломни қабул этган бўлсаларда, қурол тақишга рухсат берилмаган. Икки орада тез-тез келишмовчилик бўлиб турган. Хусусан, манбаъларда Бухоронинг қариялари кўпроқ қаршилик қилганлари тасвирланадн. Улар масжидга таклиф этилганда, тош билан жавоб беришган. Бу муомала арабларни ғазаблантирган, шу боис улар бу қарияларга ҳужум қилиб, уйларини бузиб, мол-мулкларини талон қилишган. Уй асбоб-ускуналарини мажбуран масжидларни таъминлашга беришган. Шунинг учун, Наршаҳийнинг ривоятича, бу масжидларнинг эшиклари турли расмлар ҳамда санамлар билан музайян этилган. Ундан ҳам ажабланарлиси шуки, бу тасвирлар, бу ишлар сунний мусулмонларга ташвиш солиб, уч юз йил давом этган. Юқорида айтилган тадбирлар кутилган натижани бермагач, Бухоро шаҳрини маҳаллий аҳоли қўлидан бутунлай тортиб олиб, уни араблар ўзаро бошқарганлар. Шаҳарнинг Даратторон билан қалъа дарвозаси оралиғи носирийларга, иккинчи қисми — яманийларга берилган. Бошқаларга қалъанинг ташқарисидан ўрин беришган. Масжид снфатида қайта қурилган насоро калисоси ҳам шу ерда бўлган. Араблар Самарқандда ҳам элга шундай шиддат билан муомала қилишди. Бу ерда ҳам аҳолини ўз қурол-аслаҳасини топширишга мажбурлашди. Табарийнинг ривоятича, ажнабийларнинг ҳамда хориждан келган кишиларнинг қўлларини маълум муддатгача муҳрлаб қўядиган бўлишган. Тунда изнсиз чиққан кишиларни қатл жазосига ҳукм қилганлар. Қутайба ҳақида гапирадиган бўлсак, у Бухорода янги тартибларнинг қаттиқ сингишини кутиб туришии истамади, Шарқни истило қилишни давом эттирди 93 (711) йили у Фарғонага, ҳозирги Хўқанд хонлигига ҳужум қилди. Уни фатҳ этди. Қадимги йўл билан чуқур кечувдан ўтиб, шарқий Туркистон, бизнинг айтишимизча, Туркистон Чини устига сафар этди. Бу ерда кичик уйғур хонлари билан тўқнашиб, улар устидан осонгина галаба қозонди. Гарчи уларнинг баъзи бирлари шимолий Жунғориядан қалмоқ аскарларини ёрдамга даъват этсалар ҳам, Қутайбага қарши тура олмадилар. Ривоятга кўра, араблар Ханзу вилоятигача ҳужум қилганлар. Кошғарда, Хўтанда, Турфонда араб пайғамбарининг таълимоти анча кеч ёйилган, чунки будда ва насроният неча асрлардан кейин ҳам исломият билан баробар ўз қавмларини топа олган. Аммо шуниси ҳақиқатки, Шарқий Туркистон аҳолиси арабларнинг биринчи зуҳурлари даврида, Тяншан атрофи будда уяси бўлган асрда, юқорида зикр этилган шаҳарларда исломни қабул қилдирганлари билан фахрланадилар. Исломнинг Шарқда энг охирги сарҳади бўлган бу ердан Қутайба Фарғона орқали Марвга кетди. Унинг бу фикрга келишига халифа Валиднинг вафот этгани ҳақидаги хабар сабаб бўлди. Унинг янги халифа Сулаймон бип Абдулмаликдан хавфсирашга асоси бор эди. У халифанинг қасос олишидан хавотирланиб, ўз тадбирини кўришга ният қилди ҳамда очиқдан-очиқ унга қарши исён кўтарди. Дарвоқе, Қутайба бу ишга ишонч билан киришмади. Лекин янги халифага итоат қилишдан бош тортгач, билдики, халифа Хуросоннинг бахтли амири билан очиқ урушиш ўрнига, аскарлар орасига ўз тарафдорларини яширин равишда тайёрлаш билан машғул бўлган экан. Қутайба бу ишда эҳтиёт ила муомала қилди. Халифага унинг исёнини маълум қилувчи элчига бу хабардан бошқа яна икки мактуб берди. Биринчи мактубда Сулаймонга итоат арз этилганди. Иккинчи мактубда Язад бий Маҳлабни таҳқир этиб, агарда Хуросонга у амир тайин қилинса, исён кўтаришини маълум қилди. Қутайба Язид бин Маҳлабни ўзига рақиб санар ва ундан жуда қўрқар эди. Язиднинг доимо халифа ёнида бўлишини тахмин қилиб, Қутайба элчига буюрди «Энг аввал халифага биринчи мактубни топшир. Агарда у мактубни ибн Маҳлабга берганини кўрсанг, иккинчи мактубни бер. Борди-ю, Язид уни ўқиса, шу вақтдагина халифага учинчи мактубни бер». Элчи халифанинг ёнида ибн Маҳлабни кўрди ва буюрилганича ҳаракат қилди. Сулаймон ҳеч нарса бўлмаган каби сукут қилиб, элчини ҳурмат билан кузатди. Элчи қайтиб етмасдан аввал Қутайба сафоратнннг натижасини билиб, балки ундан хабар олиб, исён эълои қилди. Лекин Қутайба кўп шонли ғалабаларга олиб борган ҳамда кўп бойликлар берган аскари тўғрисида янглишди. Агарда у ўз биродари Абдураҳмоннинг маслаҳатига кўра Мовароуннаҳрга кетиб, мустақил подшоҳлик ташкил этса, бу жойларда ҳукм сурган нотинчлик ва можаропарастлик сабабли албатта муваффақият қозонган бўларди. Қутайба эса, ўз лашкарига ишониб Марвда туриб қолди. Мушкул пайтда у аскарларига мурожаат қилиб нутқ сўзлади. У ўзининг Хуросон амирлигини муваффақиятли идора қилиб келганини, ноаҳил халифа замонида тартибсизликлар, бахтсизликлар бўлишини айтди. У аскарларга бошлиқ этиб тайинланган вақтида буларнинг тамом қашшоқ эканликлари, ҳатто Эрон ва Турон хонларининг хазиналари билан бойиб кетганликларини гапирди. Унинг ваъз ва насиҳати бекор кетди. Вакиъ бин Абу Асвад ҳамда Ҳиён бин Иёс раислигида унга қарши исён қилиш ҳаракатини тезлаштирди, холос. У ўзига қарши исён бўлишини англагач, Ҳиённи ўлдирмоққа қарор қилди. Лекин шу пайт унинг ўзига ҳаммалари ҳужум қилдилар, жуда катта олишувдан кейин уни ўлдирдилар. Унинг қариндошларидан ҳамда унга содиқ қолиб, саройни ҳимоя қилган кишиларнинг кўпчилиги қатл этилди. Ислом дини учун узоқдаги Шарқда тобеъ ва кучли бир мамлакатни барпо этган, зардушт динига — Қудусия ва Наҳрондаги жароҳатлар бадалига — энг охирги зарбани берган, бу ерларда исломни жорий этган бир мужоҳид, ўзининг қаҳрамонликлар билан тўла ҳаётини 47 ёшда, 96 (714) йил, зулҳижжа ойида шу тариқа тамом қилди.
МЎҒУЛЛАР ИСТИЛОСИ ҲИЖРИЙНИНГ 615—624 ЙИЛЛАРИ (1218—1226)
Шарқий Осиёда турк элларининг яшайдиган ерлари шимол муҳитининг бўз соҳилларидан жанубга, Адриатик қирғоқларидан эса Шарққа чўзилади ва Ғўби (мўғул тилида «саҳро» дегани) чўлида туташади. Шу ўринда тарих забт этмаган замонлардан буён мўғул қавми яшайдилар. Улар тил ва қиёфа жиҳатидан туркларга қариндошдирлар, мўғуллар чўлнинг қаттиқ ва юмшоқ табиати ичида қашшоқлик билан умр кечирдилар, бутун дунёдан узоқ ва бехабар ҳолда яшадилар. Аммо уларга ҳамжинс бўлган турклар бир неча асрлар мобайнида Ғарбий Осиёнинг ҳаётига жуда кучли таъсир кўрсатиб келдилар. Ушбу халқ орасида 549 (1154) йилда дунёга бир қаҳрамон келди. Бу қаҳрамоннинг исми Темурчи бўлиб, темир каби кучли, қатъий баҳодир ва шуҳратпараст эди. Шу фазилатдари билан ўз ватандошларининг тобланган ва ибтидоий табиатидан фойдаланиб, куч тўплаб, қадрдон яйловларидан ташқарига шиддат билан интилиб, айтиш мумкинки, бутун Осиёни остин-устин қилди. Унинг ёшлик даврлари ҳақидаги ривоятлар баъзи ғаройиб қиссаларда сақланиб қолган. У жаҳон тарихи майдонига қирқ ёшида чиқди. Ўзининг ҳамқавмларн билан курашиб, турк хонлари билан урушларда ғолнбона ҳаракат қилиб, Чингиз лақабини олди. Чннгиз — тоза, қувватли маъносидадир. Чингизнинг биринчи мартаба асосий ва кўзга ташланарли душмани Унгхон бўлиб, у керайит қабиласининг хони эди. Чингиз 599 (1202) йилда унинг устидан ғалаба қилди. Шу билан бирга турк қабилаларидан ойрат, кўнғирот ҳамда найман қабилаларини ўзига бўйсундирди. Бу қабилалар мўғуллардан ғарбда яшаб, қисман будда ва насронийлар ила, қисман мусулмонлар ила алоқа қилиб, маданият жиҳатидан мўғуллардан бир оз юксакроқ эдилар. Лекин ҳарбий жиҳатдан мўғуллардан, Чингизнинг айтган низомлари ила машқ эттирилган аскаридан кўп орқада қолган эдилар. Дунёни титратган мўғулнинг сиёсати шу эди: мағлуб этилган қабилаларни ўз аскарига қўшиб олиш, «ясоқ дафтари»ни татбиқ этиб, уларнинг режалари қурол етарлик бўлгачгина бошқа ғалабаларни излаш. Муваффақиятларга оз-оздан, лекин ишончла эриша бориб, у 603 (1206) йилгача Ғўби саҳросидаги қавмларнинг ҳаммасини қўлга киритди ҳамда Қорақурум қалъасини пойтахт қилди. Бир вақтда у уйғурлар ила муносабат бошлади. Бу қавмнинг Шарқ шаҳобчасидан Чингиз ўз бадавийларига дин ҳамда уларнинг тили учун ёзув олди. Чингизнинг ҳамда яқинларининг ҳамсуҳбатлари, мирзалари ва бошқа мулкий маъмурлари улардан еди. Бу Шарқий уйғурларнинг хони, уйғурча «Эдиқут», яъни Саодатбек деб аталарди. Чингиз Хитойга қарши сафарда унинг садоқатли дўст эканлигини синагач, уни кўп ҳурмат қилди. Мовароуннаҳрга юриш пайтида ҳам хизматидан фойдаланди. Унинг аксар халқи мусулмон эмас эди. Аммо Чингизнинг ғарбий уйғурларга, яъни Кошғар ва Хўтан туркларига муносабати бошқача эди. Буларнинг аксари мусулмон эдилар. Улар Қурхоннинг кучли идораси остида бирлашган вақтда Чингиз уларга ҳужум қилишга журъат эта олмади. Лекин Қурхоннинг вафотидан кейин тахтга Кучлук келиб, ўзининг исломга қарши ҳаракатлари билан мусулмонларнинг нафратини қўзғатгач, яқиндагина Хитой сафаридан зафар қучиб қайтган Чингиз ўзининг назарини ғарбга қаратишга фурсат етганини сезди. Сардор Чая раҳбарлигида мўғул аскарлари Кучлук хонга ҳужум қилди. Хон иттифоқчилари оғир соатда уни ташлаб қўйдилар, оқибатда у енгилиб, Бадаҳшон тоғларидан паноҳ топди. Сўнгра у ерда қўлга тушиб, таслим бўлди. Шимолда Олмалиқ элатининг хони Арслонхон Кучлукка душман эди. У ҳам мўғуллрга таслимлигини билдирди. Чингиз Ғўби саҳросининг Шарқий чегарасидан Тяншан тизмасининг ғарбий этакларигача ҳоким эди. Анчагина шаҳарлар, кўпгина деҳқонлар, талайгина ваҳший урушқоқ халқлар унинг тасарруфида эди. Агарда, ўтган бобда зикр қилганимиздек, Хоразмшоҳ Султон Муҳаммад билан ўрталарида адоват чиқмаганда ҳам, Чингиз ўзининг муваффақиятли ғалабалари билан чекланиб қолмас эди. Чунки у энди ўзининг маданияти, бойлиги, буюклиги билан шуҳрат қозонган мамлакатнинг дарвозаси олдида турарди. Унинг ҳукмдори шавкат ва қудрат бобида Чингизга тенг рақиб, лаёқатли душман эди. Оқибатда 615 (1218) санада мўғул жаҳонгири ўзининг ўғиллари ҳам аскар бошлиқлари — Чиғатой, Ўқтой ва Жўжи билан бирга Хоразмшоҳга қарши юриш бошлади. Жами аскари 600 000 га етар эди. Яна унга уйғур хони Эдиқут ва Олмалиқ ҳукмдори Сиғноқ тегин ўзларининг аскарлари билан қўшилдилар. У қадимги йўл билан Или жилғаси бўйидан бориб, шимолий Фарғонадан ўтиб, Ўтрор устига юриш қилди. Бу шаҳар олдида бутун ҳарбий кучларини тўплаб, уларни ҳар томонга юбориш мақсадида бўлди: бир қисмини ўғиллари Чиғатой ҳам Ўқтой раҳбарлигида бу ердаги элни забт этиш учун қолдирди. Иккинчи ўрдуга Жўжи бошлиқ этилди, у Қизилқум саҳроси орқали Жандга юборилди. Учинчи қўшин 5000 кишилик Олоқнўён ва Синтубуқо номларидаги сарҳанг (полковник)лар қўмондонлигида Сирдарёнинг ўнг соҳили билан Бинкентга ҳаракат этди. Чингизнинг ўзи мунтазам аскарлари бнлан Ўрта Осиёнинг маркази — Бухорога қарши ҳаракат бошлади. Биз Урта Осиё устига қутурган довулдек ҳаракат бошлаган бу тўрт фирқа қўшин тавсифини Ўтрордан бошлаймиз. Ўтрор чегара қалъа эди, қалъа ноиби Қоирхон раҳбарлигида 50 минг кишилик отлиқ қўшин бор эди. Султон Муҳаммаднинг яширин вазири Қоражи қўмондонлигида буларга яна 10 минг кишилик бир қўшин қўшилди. Шаҳарда кучли бир ҳимоя қуввати бор эди. Шундай бўлсада, тарихчиларнинг нақлига қараганда, мўғуллар шаҳарни қамал қилиши билан мусулмонлар саросимага тушганлар. Бу илк таассуротга қараганда, шаҳарни беш ой мудофаа этишлари таажжубли ҳолдир. Агарда икки қўшин бошлиғи орасида ихтилоф чиқмаганда, балки қамалга қаршилик янада давом этар эди. Қоирхон ўзини Чингизнинг фуқаросини ўлдиришда айбдор ҳис қилиб, сўнгги нафасигача урушишга қарор қилди. Аммо Қоражи мудофаанинг муваффақият қозонишига шубҳа қилиб, Чингиз билан музокарага майл кўрсатган эди. Сўнгра у бошқа фикрдаги шеригидан айрилиб, тунда ўз қўшини билан мўғулларга таслим бўлди. Иккинчи кун тонгда чингиззодалар ҳузурига олиб кирилди. Улар бунииг ўз вазифасини бажармагани учун ёмон кўриб, унга: «Сен ўзингнинг подшоҳингни, валинеъматингни хоинона тарк этганингдан кейин биз сендан қандай садоқат кута оламиз?» дедилар. Уни барча тарафдорлари билан қатл этдилар. Қоирхон мудофаани умидсиз арслондек давом эттирди. Унинг аскарлари элликтадан-элликтадан бўлиб қалъадан чиқиб, урушиб ҳалок бўлдилар. Қоирхон ёнидаги охирги икки мужоҳиддан айрилгач, қалъа деворининг устидан уйларнинг томларига чиқиб, у ердан ўз жорияларининг қўлидан ғишт олиб, қасоскор душманга ҳужум қилишни давом эттирди. Душманлар уни қандай бўлмасин тирик қўлга туширишга аҳд қилдилар. Оқибат унинг ўқлари тугади, ўраб олинди ва қўлга тушди. У Самарқанддаги «Кўк сарой»да ўлдирилди. Ўқтой уни асир олиб, ўзи билан бирга олиб кетган эди. Унинг молга харислиги сабабли қурбон бўлган бечора савдогарларнинг қасди олиниб, у қулоқларига эритилган кумуш қуйиб ўлдирилди. Шундай қилиб, Туркистоннинг шимол-шарқидаги қалъаси Ўтрор мўғуллар қўлига ўтди. Мўғуллар бу шаҳарни ер билан яксон этдилар, аҳолисини қиличдан ўтказдилар, сўнгра жануб томонга, Самарқандга қарши ҳаракат бошладилар. Жангга қарши Жўжи ҳам шундай муваффақиятли ҳаракат этди. У аввал Сиғноққа ҳужум қилди. Бу шаҳар саҳронинг ғарбида эди, Жанддан оқиб чиққан анҳордан суғориларди. Мўғуллар у ерга Ҳасан ҳожи деган бировни элчи қилиб юбориб, таслим бўлмоқни таклиф этдилар. Шаҳар одамларн элчига ҳужум қилиб, уни ўлдиргач, Жўжи ғазабланиб, шаҳарга дарҳол ҳужум қилиб олишни ва аҳолини энг охирги кишисигача қатл этишни буюрди. Сиғноқнинг харобасида қатл этилган Ҳасан ҳожининг ўғлини қолдириб, ўзи Ўзганга кетди. Шаҳар ихтиёрий равишда таслим бўлгач, Ашнозга жўнади. Уни куч билан эгаллади. Сўнгра Жандга юриб, 616 (1219) йил сафар ойининг 4 куни шаҳар қаршисида лашкаргоҳ қурди. Мўғулларнинг яқинлашуви шаҳар аҳолисини катта ташвишга солди. Жанд ноиби Қутлуғхон қўрқувдан Хоразмга қочиб, шаҳарнн бутунлай бошбошдоқлик ҳолида қолдирди. Жўжининг элчиси Чинтемир шаҳарнинг девори ёнига келиб, аҳолига аҳволни маълум этиб, мудофаанинг фойдасиз экани ва ўзлари учун хавфли бўлишини тушунтирди. Лекин унинг Ҳасан ҳожи ҳолига тушишига оз қолди. Ўзининг тадбиркорлиги билангина омонлик топди. У кетгач, мўғул аскарлари манжанақлар, нарвонлар билан келиб, шаҳарга ҳужум қилишга тайёрланди. Ҳикоя қиладиларки, шаҳардаги лашкар мудофаага шу қадар лоқайд бир ҳолда ҳаракат этдики, ҳатто мўғул аскарлари деворларга минган вақтда, улар томошабин бўлиб турдилар. Бекиниб ҳужум қилувчи мўғуллар йиғилиб келиб аскарларни бу ғафлат ҳолатидан уйғотдилар. Шаҳарни таладилар, хароб қилдилар, аҳолининг қуролланган қисмини қатл этдилар. Сулҳ тузишни истаган аҳоли вакилларини шаҳарнинг ташқарисида тўққиз кун қамоқда сақлагандан кейин чиқариб юбордилар. Жўжи Мовароуннаҳрнинг ғарбий қисмини Аму ҳамда Сир бўйларидаги сулҳчи аҳолини Хоразмдаги моҳир ҳарбийлардан айирган вақтда, Олоқнўён ва Синтубуқо сардорлар 5000 кишилик кичик бир аскар билан Бинкант ҳам Хўжанд устига юрди. Бинкантнинг амири Элирху эди. У қанғли қабиласидан йиғилган аскарлари билан тўрт кун мудофаа этгандан сўнгра таслим бўлди. Жанд кўрган фожиани бу шаҳар ҳам кўрди, яъни унинг қуролли аҳолиси қиличдан ўтказилди. Қолганлар қул қилиниб, мўғул аскарига қўшилди. Ундан кейин Хўжандга навбат етди. Бу қалъа Сирдарёнинг икки томонга бўлинган жойида қурилган. Ўзининг табиий жойлашиши, қалъа ҳокими Темур Маликнинг қаҳрамонлиги билан хўжандликлар мўғулларга кутилмаган қаршилик кўрсатди. Қамалда 20 минг мўғул ва 50 минг қул қатнашди. Бу қуллар ишлатилиб, сўнгра бирор мўғул васийлигига топширилганлардан иборат эди. Улар тоғдан уч мил масофага тош ташишга мажбур этилдилар. Қалъани қамал қилганларга Олонку раҳбар эди, у қатъий бир иш кўра олмади. Темур Малик ҳақида Шарқ тарихчилари ҳақли равишда: «Агарда Рустам тирик бўлсайди, Темур Маликка ходим бўлишга ярар эди» деб айтадилар. Темурнинг тасарруфидаги аскар жуда оз эди. У ўн икки кема тайёрлашни буюрди. Кемаларни душман ўқи ва ўтидан асраш учун намат кигизлар билан қоплаб, сиркали лой ила суваб чиққан эди. У билан соҳилга хавфсиз етиб олиб, ён деворларда қолдирилган шинаклардан душманни ўққа тутардилар. Темур шаҳарни шу тариқа узоқ мудофаа қилди. Лекин душман билан курашиш фойдасизлигини кўргач, мол-мулкини 70 кемага юклатиб, оқимга қарши сузиб кетди. Жанд орқали саҳрога, ундан Хоразмга бормоқчи бўлди. Соҳилдан мўғуллар таъқиб этган ҳолда ажойиб дарё сафарини давом эттирди. Бинкант тўғрисида дарёнинг у соҳилидан бу соҳилига занжир тортилган эди. Темур уни бир зарба билан узиб кетди. Сўнгра «бор қайиқ кетди» қабилида соҳилга чиқди. Унинг соҳилдаги жанглари ҳақида ажойиб ҳикоялар нақл қилинди. Оқибатда Хоразмга омон-эсон етиб олди. Мўғул саркардалари эса Хўжандни забт этиб, Самарқандга юриш бошладилар. У ерга, асосий ўрдуга бориб, қилинадиган ишлар ҳақида фармойиш олдилар. Чингизхон ўғли Тулихон билан бирга муваффақиятли жанглар қилиб, кўпгина ғалабаларни қўлга киритган эди. Унинг Ўтрордан Бухорога қайси йўл билан борганлиги аниқ маълум эмас. Биз фақат унииг биринчи тўхтаган жойи Сартоқ шаҳри эканини биламиз. Бу шаҳар Бухоронинг шимолида жойлашган. Саҳройи мўғуллар бу шаҳар аҳолисига ғайритабиий бўлиб кўриндилар. Улар бор хавфни сезмай жангга тайёрландилар. Лекин мўғулларнинг одати бўйича шаҳарга элчи юборилди, у аҳолига ўт ва қон дарёси билан ўйнашаётганларини англатгач, шаҳар аҳолиси таслим эканлигини билдирди. Аҳолининг қурол тута оладиган қисми мўғул аскарига хизматкор сифатида қўшилди, шаҳар эса тубдан хароб этилди. Шаҳардан эшак ва хачирга миниб, омонлик сўраб чиққан аҳолига ўз уйларига қайтишга ижозат берилди. Мўғуллар Сартоққа «Қутлуғ балиқ» (Бахт шаҳри) деб ном беришган. Бухоро элатида Чингиз забт этган иккинчи шаҳар — Нур бўлган. У бу ерга туркман қуловузларининг ёрдами билан янги йўлдан келган, кейин бу йўл кўп замонларгача «Хон йўли» деб аталди. Қалъага ҳужум қилиш учун Тоҳир Баҳодир исмли ё мусулмон, ё турк раҳбарлигида Нур атрофидаги ўрмонларда узун нарвонлар ясалди. Нарвонларни отда ва қўлда кўтариб келиб шаҳар деворига қўйдилар. Қалъанинг дарвозалари қисман Чингизнинг кучига, қисман Султон Муҳаммад ёрдамига ишониб ёпиб қўйилган. Тоҳир Баҳодир уларга: «Ҳақиқатан ҳам кучли мўғул хони келадир. Агарда шаҳар аҳолиси қаршилик кўрсатмаса, у бир неча кун қолади», деди. Шундан сўнг Нур шаҳрининг дарвозалари очилди. Улар буйруққа мувофиқ шаҳарда қишлоқ хўжалиги учун керакли асбоблар ва ҳайвонотни қолдириб чиқиб кетдилар. Сўнгра мўғуллар шаҳарга кирдилар. Уйларни таладилар, фақат одамларни ўлдирмадилар, холос. Аҳоли номидан Чингизхон олдига борган музокарачилар ҳайъати илтифот билан қабул қилинди. «Ҳозиргача қанча солиқ тўладинглар?» деган саволга улар 1 500 динор деб жавоб беришди. Шундан кейин Чингизхон бу миқдор пулни қўшиннинг маҳкамасига беришни амр этиб, ҳайъатни хушҳоллик билан қайтариб юборди. Чингиз Нурдан Бухорога кетди. 617 (1220) сана муҳаррам ойининг бошида у ўзининг қароргоҳини Бухоро деворлари ёнига тикди. Унинг тайёр аскарлари ўша заҳоти шаҳарнинг ташқи буржларига ҳужум қила бошладилар. Албатта, Бухоро аҳли аввал содир бўлган қонли воқеалардан хабардор эдилар. Бинобарин, улар ўз бошига келган балони бартараф этишга тайёр ҳам эмасди. Қалъанинг деворлари ортида 20 минг кишилик қўшин яширинган эди. Бу қўшинга Севинчхон, Қушлихон ҳам Кўкхон бошлиқ эди. Кейингиси мўғуллардан қочиб келган уйғурлардан эди. Куч жиҳатдан бир неча баробар оргиқ бўлган мўғулларга қарши Бухоро лашкари қаршилик кўрсатиши сабаби ҳануз мавҳумдир. Шундай бўлсада, улар мўғулларга ҳужум қилдилар ва деярлик бутунлай қирилиб кетдилар. Уларнинг озгина қисми шаҳар ичига кириб қутулди. Шаҳар аҳолиси даҳшатга тушиб, ўз қарияларини Чингизнинг олдига шафқат сўраб юбордилар. Мўғул хони улар билан бирга шаҳарга кирди. Чингизнинг кўзи дастлаб улуғ Сомоний тарафидан муҳташам безаклар билан қурдирилган жоме масжидига тушди. У ўғли Тули билан бирга отдан тушмай масжидга кирди. Минбар олдига бориб тўхтади. Тули отдан тушмай минбар олдида туриб қолди. Чингиз сўради: «Бу султоннинг ўз саройими?» Унга: «Бу байтуллоҳ» деб жавоб берилди. Шундан сўнг отдан тушди. Минбарнинг бир неча зинасига кўтарилдида, орқасида турган мўғулларга қичқирди. «Ўтлоқ ўрилди, отларингизга ем берингиз!» Бу талон-тарож қилишга рухсат ишораси эди. Ваҳший мўғулларнинг бахтсиз Бухорога қандай ҳужум қилганлари, Ўрта Осиё пойтахтининг зеб-зийнатларига кўзлари кўр бўлган саҳройиларнинг қанчалик ҳирс билан ташланганликларини мулоҳаза этиш осон. Барча уйлар вайрон қилинди, ҳамма сандиқлар бузилди. Беҳисоб хазиналар таланди. Қўринишдан ҳеч бир қиймати бўлмагаи муқаддас нарсаларни ҳам аямадилар. Китоблар йиртилиб, ҳайвонлар оёғи остига сомондек сочилди. Муқаддас китоблар сақланган сандиқларни отларга охур сифатида ишлатдилар. Илм юлдузлари бўлган муллолар, шайхлар қуллар каби, эътиборли жангчиларга хизматкор қилиб, гоҳо эса, мўғул бахшиларига масхара учун берилди. Кўпгина мўътабар қозилар эшак ва хачир боқишга мажбур қилинди. Мусулмон тарихчиси қуйидагича ҳикоя қилади: диний ҳиссиётнинг таҳқир қилингани ҳақида бир оз муболаға бўлсада, мўғулларнинг ушбу биринчи ҳужумидан кейин, шубҳасиз, Бухоро кўп зиён кўрди ва даҳшатларни бошидан кечирди. Чингизхон шаҳарда бир неча соат турди. Кейин шаҳар ташқарисидаги ҳайит номози ўқиладиган Мусаллога борди. Бутун аҳоли шу ерда йиғилган эди. Мўътабар кишилар, бойлар кимлар эканини сўради. Унга 280 киши кўрсатилди. (190 киши бухоролик бўлиб, 90 таси ажнабий савдогарлар эди). Чингиз уларга хитоб қилиб ҳамда Султон Муҳаммаднинг зулмига ишора этиб деди: «Эй одамлар! Билингиз, сизлар оғир гуиоҳ қилдиларингиз. Бунинг асосий сабабчиси сизларнинг хонларингиз. Сенинг ўзинг кимсанки, биз билан бундай гаплашмоқдасан, деб сўрарсиз. Билингиз, мен Тангрининг фарзандиман. Агарда сиз гуноҳкор бўлмасангиз, Тангри сизнинг жазоингизни беришга мени юбормас эди. Энди, сизнинг ер устидаги бойликларингиз тўғрисида сира маълумот сўрамаймиз, аммо сиз қаерга яширганларингизни айтишингиз ва уларни топиб беришингиз керак». У бу пайтда шаҳардан сайланган кишиларни ҳужум ва масхарадан сақлаш учун мўғул ва турклардан соқчи қўйишни унутмайди. Ишлар шу тарзда борди. Лекин Султон Муҳаммаднинг шаҳарда яширинган аскарлари Чингизни тунги ҳужумлари билан безор қилишгани учун уларни тутиб беришларини талаб қилди. Бухороликлар ғолибнинг буйруғиии бажармай, уларни асраб турдилар ва тунги ҳужумларига ёрдам бердилар. Шундан кейин Чингиз ниҳоятда ғазабланиб, шаҳарни ёндиришга амр этди. Аксари ёғоч иморатлардан иборат бўлган Бухоро бир неча кун ичида тагигача ёниб тушди. Фақат тош ва ғиштдан қурилган масжидлар, саройларгина ўт денгизи ичида қора тош ва нуқталар бўлиб қолдилар. Зарафшон устидаги маъмур шаҳар хас-хашакка айланди. Қалъа ичидаги аскарлар Кўкхон раҳбарлигида мудофаани давом эттирди. Унинг қаҳрамонлигига биз ҳамиша қойил қоламиз. Мўғуллар бу қалъани забт этиш учун барча тадбирларни қўллаб кўрдилар. Ҳатто ҳужум бошига бухороликларни ҳам қўйиб кўришди. Лекин ҳаммаси бекорга кетди. Қалъа ичидаги барча чуқурлар одам ва ҳайвон майитлари билан тўлиб тошгандан, қаҳрамон мудофаачилар жонларини фидо қилганларидан кейингина уларнинг қароргоҳлари забт этилди. Бу жасоратли қаршилик учун шаҳар аҳолиси қурбон қилинди: 30 мингдан зиёд аҳоли жаллод қўлида ҳалок этилди. Қолганлари эса, табақаларига қарамай, қул қилинди. Ўзларининг санъатлари, илм-маърифатлари, нозик табиатлари ва ахлоқлари гўзал бўлган Бухоро аҳолиси бахтсиз ва масхара этилди. Буюк бир эл шамолдай тарқаб кетдилар. Бу қочоқлардан бири Хуросонга келиб, ўз ватанининг аҳволи ҳақида кенг шуҳрат қозонган қуйидаги байтни айтган эди: «Омаданд ва кунданд ва сўхтанд ва куштанд ва бурданд ва рафтанд» (келдилар ва емирдилар, ёндирдилар ва ўлдирдилар, таладилар ва кетдилар.) Тарихчи ибн Аттор шундай ҳикоя қилади: «У ҳақиқатан даҳшатли кун бўлди. Бори мангуга кетган эрларнинг, хотинларнинг, болаларнинг товушларигина эшитилиб турди. Ваҳшийлар хотинларни ҳам қизларни ўзларининг биродарлари кўз олдида таҳқирладилар. Улар бу таҳқирга қарши кўз ёшидан бошқа қурол олмадилар. Кўплари бу даҳшатли манзарадан ўлимни ортиқ кўрдилар. Қози Бадриддин, Имом Рукниддин ва унинг ўғли бу номуссизлик манзарасига чидай олмай, ғазабланиб, ўзлари тенг бўлмаган душманга ҳужум қилиб, ҳалокат топдилар.» Бухородан кейин Самарқандга навбат етди. Самарқанд бу вақтда Мовароунаҳрнинг энг муҳим улуғ бир шаҳри эди. Шаҳарни мудофаа қилиш учун Хоразмшоҳ 110 000 киши қолдирган эди. Булардан 60 минги турк ва 50 минги тожик эди. Улар қўл остида 20 фил ҳам бор эди. Чингизхон буларнинг ҳаммасини аввалдан сезган каби, душманнинг собиқ пойтахтини эгаллаш ва жангнинг Ўтрордан ҳам қаттиқроқ бўлишини билиб, аскарларининг ҳаммасини тўплашга киришди. Шу боис у илгари Самарқанд атрофидаги қалъаларни забт этишга қарор қилди. Чунки атрофдагилар бир-бирларига хабар бериб, бирлашмасдан аввал уларни кесиб ташлаш лозим эди. Шундагина ғалаба енгилроқ қўлга киритиларди. Унинг бу ўйи ҳам муваффақиятли амалга ошди. Чингизхон Хоразмшоҳнинг гўзал пойтахтига шиддат билан юрди. Самарқандни қамал қилиш учун Бухородан қулларни келтирди. Уларнинг заифлари йўлда шафқатсизларча ўлдирилди. Чингизхон шаҳар атрофига шу қадар кўп аскар тўпладики, Султон Муҳаммадни қувмоқ учун 30 минг кишилик қўшин ажратиш ҳеч гап эмасди. Бу қўшинга сардорлар — Чапа ва Сунтой қўмондон бўлиб, уларга Султон Муҳаммадни тезлик билан таъқиб этиш буюрилган эди. Чингиз илгари Самарқанд қалъасини бир неча йил қамалдан кейингина забт этиш мумкин, деб ўйлаган эди. Аммо у уч кунлик жангдан сўнг шаҳарни қўлга киритди. Муҳофазачилар Алпхон, Шайххон, Бирболозхон раҳбарлиги остида мўғулларнинг сафини шиддат билан бузиб ўтдилар. Аммо учинчи кун қўшинни Чингизнинг ўзи ҳужумга бошлади ва мўғуллар шаҳар дарвозаларини тез ишғол этдилар. Шунга қарамай, хоразмийлар ўлимга тик боқиб, фойдасиз жангни кун бўйи давом эттирдилар. Кечқурун уларнинг ўз орасида ихтилоф чиқди. Баъзи бировлар шаҳар шайхулисломини қариндошу сафдошлари ва моллари билан Чингизга топшириб, жон сақлашни маслаҳат қилдилар. Қолганлар ички қалъага яшириниб, курашни яна бир куи давом эттирдилар. Бу орада мўғуллар Намозгоҳ дарвозасидан шаҳарга ёриб кириб, тинчгина талон-тарож билан шуғулланиш учун аҳолининг ҳаммасини ҳайдадилар. Фақат шайхулислом билвосита ўз қўл остидаги 50 минг киши билан биринчи ҳужум вақтида шаҳарда қолди. Ички қалъа мудофаани давом эттирди. Уни ҳужум билан олиш учун кўп куч сарфлашга тўғри келди. Алпхон мусибатли мағлублик яқинлашаётганини кўргач, минг нафар қаҳрамон билан ҳужумга ўтди. Мўғулларнинг сафларини ёриб, бутун қўшин орасидан омон чиқди. Фақат қанғли ва турк қабила аскарлари таслим бўлдилар. Мўғуллар уларни ҳамқавм кўриб, узрини қабул этишга ваъда берган эдилар. Ҳамда уларни тинчлантириш учун сочларни мўғул одатича тарашладилар. Лекин қуёш ботиши биланоқ уларнинг ҳаёт юлдузлари ҳам ботди. Уларнинг ҳаммаси — 30 минг киши бир тунда ўлдирилди. Уларнинг хонларидан Улуғ Борушмас, Боғон, Сарзиқхон ҳамда 20 генерал шу катл қилинганлар ичида эди. Шундан кейин маъмур Самарқанд ўзининг қалъаси ила баробар ер билан яксон қилинди. Унинг аҳолиси бутун мол-мулкларидан маҳрум этилиб, бухоролик қардошларининг ёзмишини кўрдилар. Қўрқувдан қочиб кетганларни ёлғон ваъдалар билан шаҳарга қайтардилар. Қурол кўтарнига ҳоли бўлганлар мўғул зулми остида аскарий хизматга мажбур қилиндилар. Уста боғбонлар узоқ шарққа юборилди. Токи у ерда, мўғул-хитой пойтахтида улуғ хонларнинг томоша боғларини Самарқанд услубида зийнатласинлар. Уста ҳунармандларни, хусусан моҳир ипакчиларни қуллар сифатида хон ўз хотинларига, қариндошларига, ўғиллари — Чиғатой билан Ўқтойга ҳадя қилди ва ўзи билан бирга Хуросонга олиб кетди. Бу даврда Чиғатой билан Ўқтой Хоразмга юриш бошлаган эдилар. Араб жўғрофисинининг тасвирлашига қараганда, бутун дунёнинг энг маъмур, энг гўзал шаҳри 618 (1221) йилда шу тариқа хароб бўлди. Шу билан бирга бутун Мовароуннаҳр забт зтилди. Самарқанднинг жанубида атиги бир неча шаҳар қолган эди. Аскарларни дам олдириб, кун юриб ҳориган отларга Зарафшон бўйларида ем бериб, озиқлантиргандан сўнг, Чингизхон қолган шаҳарларни олишга шахсан ўзи кетди. У аввал Нахшаб (Қарши)га борди. Шаҳар дарвозалари ихтиёрий очиб берилди. Бу макон Чингизга яйлов хизматини ўтади. Ундан кейин у Термизга кетди. У вақтда Термиз Балх ва Ҳиндистон йўлларида Амударё орқали ўтадигаи асосий кечув жойи эди. Термиз ўзининг Амударё ила чегараланган қалъаларига таяниб, Чингизга қаршилик кўрсатди. Бу, албатта, қисқа муддатли қаршилик эди. Мўғуллар энди ўзларининг ғалабалари билан фахрланиб, ўз бахтларини метин деворлар олдида синаб кўришган эди. Бутун шаҳар ҳужум билан забт этилди. Унинг аҳолиси синалгандан кейин ўлдириш учун аскарларга тақсим этилди. Жувайний ҳикоя қиладики, бир хотин ўлими олдида ўзининг қотилидан шафқат сўраб, ялиниб-ёлворган. Ўзини фидо қилиб, ютган қимматли дурни беришга ваъда этган. Мўғул шу соат унинг қорнини ёрган ва ростдан ҳам, қорин ичидан дур топилган. Шундан сўнг ҳамма майитларнинг қоринлари ёриб қарашга фармон берилган. Термиздан сўнг бузиш ва талон-тарож қилишга Қункурт ҳамда Сомон (Шаҳрисабз) ноҳиялари қолди. Шундан кейин Жайҳун ва Сайҳун бўйидаги ерлар тамоман хароб қилинди. Бу ерлар ислом маданиятининг узоқдаги буржлари саналар эди. Бойликка ўч, кўзи оч ваҳшийлар босқин сафарини давом эттирдилар. Мўғуллар аввало форсларнинг Маккаси, «Қуббатул ислом» деб аталган, 1200 масжиди бўлган Балхни, сўнгра Толқон, Ҳирот ва улуғ савдо |