Саналар
08.10.2024
Баннер
Файзулла Хўжаев ва Туркистон муҳожирлари
PDF Босма E-mail

ХХ асрнинг йирик сиёсий арбобларидан бири, ўзбек миллий давлатчилиги учун қатъий кураш олиб борган Файзулла Хўжаев (1896-1938 йй.) ўта мураккаб ва чигал ҳаёт сўқмоқларидан ўтишга мажбур бўлган тарихий шахс эди. Ф.Хўжаев ва унинг маслакдошлари ҳақида бири иккинчисини рад этувчи қарама-қарши фикр-мулоҳазалар билдирилиши ҳам шундан бўлса керак.
ХХ аср 20-30-йиллар тарихи Ватанимизда ҳам, хорижда яратилган Туркистон ўтмиши билан боғлиқ тадқиқотларда ҳам кескин мунозараларга сабаб бўлиб келмоқда. Ф.Хўжаев аъзо бўлган жадидлар ташкилоти гарчи 1916 йилдан бошлаб сиёсий курашлар майдонига кирган бўлсада, ушбу шахснинг бевосита ҳукумат раҳбари, давлат арбоби сифатидаги амалий фаолияти 1920 йил кузидан, Бухорода Амир Олимхон тахти ағдарилиб, Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) ҳокимияти ўрнатилиши билан бошланади.
1920 йил кузидаги сиёсий жараёнлар мамлакатда  мавжуд бўлган монархия тартиби ўрнига республика бошқаруви вужудга келтириш орқали намоён бўлди. Манғитлар сулоласининг сўнгги ҳукмдори Саид Олимхон Шарқий Бухоро (ҳозирги Тожикистон Республикаси) ҳудудидаги омонсиз, нотенг жангларда большевиклардан енгилиб, 1921 йилнинг баҳорида қўшни Афғонистонга муҳожирликка кетди. Бу даврда Бухоро Республикаси ҳукумати Ф.Хўжаев раҳбарлигида иқтисодий, сиёсий, маданий ва маърифий соҳаларда ислоҳотлар бошлаб юборганди.
Афғонистон ва Шарқий Туркистон (ХХР) ўзбек муҳожирлари тўпланган асосий марказлар бўлишган. Амирга ҳамда унинг аъёнлари ва амалдорлари билан бирга эргашиб турли тоифадаги 200-250 минг сонли кишилар Шимолий Афғонистонга ўтишди. Бу ҳақда тадқиқотчи Абдуллаев: «Шарқий Бухородаги кўпгина қишлоқлар ва аҳоли марказлари ҳувиллаб қолганлиги, уларнинг ўрнида тўқайзор ва қамишзорлар вужудга келганлигини ёзади ».
РСФСР ҳукуматининг зўравонликдан иборат сиёсати, «марказ» тазйиқи туфайли Бухоро Республикасининг мустақиллиги фақат сўздагина мавжуд бўлиб қолганди. БХСР ҳукумати таркибида фаолият олиб борган Ф.Хўжаевнинг сафдошлари истиқлолчилар (босмачилар) томонига ўтиб кетаётган ёки хорижий мамлакатлардан сиёсий бошпана излаётган эдилар. БХСРнинг молия нозири, Марказий ижроия қўмита раиси лавозимларида ишлаган Усмонхўжа Пўлатхўжаев (1878-1968 йй.) Бухоро Республикасининг Афғонистондаги элчиси Ҳошим Шайх Ёқубов кабилар муҳожирликни афзал кўрдилар. Абдулҳамид Орипов (БХСР миллий армияси қўмондони) эса мухолифатдаги кучлар томонига ўтиб кетди.
Бир томондан БХСР замонавий мутахассисларга эга бўлиш учун Германия  ва Туркияга ўзининг ўқувчиларини юборган, улар ҳам мухожирликда яшашарди.
Юқоридаги  фикрларнинг таҳлилига чуқур мулоҳаза билан ёндашсак, ХХ асрнинг 20-йилларида муҳожирларнинг уч гуруҳи вужудга келган эди.
1.    Абсалют монархия тузуми тарафдори бўлган, амир Сайид Олимхон ва унга эргашган мухожирлар.
2.    БХСР ҳукумати таркибида ишлаган, кейинчалик совет мустамлакачилик ва зўравонлик сиёсатидан норози бўлиб хорижга чиқиб кетган Ф.Хўжаевнинг маслакдошлари.
3.    Ф.Хўжаев А.Фитрат, А.Бурхонов,  Қори Йўлдош Пўлатов каби ҳукумат раҳбарлари томонидан  республика истиқболини ўйлаб хорижий мамлакатларга ўқиш учун юборилганлар.
Ф.Хўжаевга ҳукумат раҳбари  сифатида 1920-1924 йилларда қанчалик қийин бўлганлиги  ва мураккаб шарт-шароитларда ишлашга тўғри келганлигини  тасаввур қилиш қийин эмас. Бир томондан мамлакат ичкарисидаги адоғи йўқ муаммолар, иккинчи томондан босмачилик (истиқлолчилик) билан кураш олиб бориш, учинчи томондан «марказ»нинг ҳар қандай ҳийла ва найрангларига қарамай, тўла миллий мустақилликка эришиш учун курашни  давом эттириш, тўртинчидан эса мухожирликдаги миллатдошлари ҳақида қайғуриш, уларни ўз юртига қайтариш ёки имкон қадар ҳаётларини сақлаб қолиш масъулияти кабилар ёш  нозирнинг зиммасида эди.
Афғонистонда амир Омонуллахон (1892-1960; 1919-1929 йй) бошқараётган «ёш афғонийлар» ҳукумати ҳам ўша мураккаб тарихий даврда оғир аҳволда қолганди. Чунки Афғонистондаги мухожирлар таркиби хилма-хил бўлиб, ушбу мамлакатдан амирлик тарафдорлари ҳам, бу тузумга қарши бўлган БХСР ҳукуматининг айрим аъзолари ҳам, тушуниб-тушунмай Амударё ўнг қирғоғига ўтган минг-минглаб оддий деҳқон, чорикор, чорвадор, савдогарлар ҳам паноҳ топишганди.
Ф.Хўжаев Афғонистонга ўтиб кетган, аслида Бухоро фуқаролари (тобеълари) ҳисобланган ўзбек, тожик, туркман халқи вакилларидан иборат чорвадор ва деҳқонларни ўз мамалакатларига қайтариш учун кўп куч-қудрат сарфлади. Бир пайтнинг ўзида ҳам ҳукумат раҳбари, ҳам ташқи ишлар нозири бўлган Ф.Хўжаев Афғонистон ташқи ишлар нозири Маҳмудбек Тарзига (1868-1943 йй.) бир неча бор ушбу масалада ноталар билан мурожаат қилган. Мавжуд материаллар билан танишар эканмиз, Афғонистон ҳукумати аъзолари ва маҳаллий беклар Бухоро фуқароларидан давлат солиғи талаб қилаётганлиги, уларнинг чорва молларини тортиб олаётганлари, Амударёдан Бухоро Республикасига ўтиш учун рухсат бермаётганлиги билан боғлиқ маълумотларга эга бўламиз. Ф.Хўжаев Афғонистон марказий раҳбариятидан ушбу масалага эътиборни қаратиш, Бухоро фуқароларининг дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг инсоний ҳуқуқларини ҳимоя қилишни талаб қилган. Ҳужжатлардан бирида: «1920 йилда Афғонистон томонга Чоржўй ва Каркидан 25 минг оила туркманлар, 2 миллионга яқин чорва моллари билан ўтиб кетган эдилар. Улар Бухоро тобеълари бўлиб, ўз юртларига қайтишни истайдилар... Туркманлардан 3 минг оила яқинда ўз юртларига қайтиб келганлиги » кабилар қайд қилинади. Ватанига қайтган собиқ муҳожирлар учун уй-жой, моддий шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор берилган. «Ф.Хўжаев ҳукумати Туркия, Афғонистон, Эрон сингари мамалакатлардан юртига қайтган саводли муҳожирларни муаллимлик қилишга ва турли маърифий-маданий ишларга жалб этган ». Хабарларлардан бирида: «Ҳукумат тарафидан бир вақтлар Афғонистонга чиқиб кетиб, ҳозирда Бухоро Жумҳуриятиға қайтмоқда бўлғон Бухоро халқига 10 минг пуд буғдой, 120 қўш ҳўкиз берилди » деб ёзилади.
Бухоро амири ўз давлати пойтахтини ташлаб чиққанида, унинг ортида оила аъзолари, қавм-қариндошлари қолиб кетган эди. Отахон адиб Садриддин Айний (1878-1954 йй) мақолаларидан бирида Ф.Хўжаев ҳукумати амирнинг оиласига инсонпарварларча муносабатда бўлганлигини ёзади . Амир Бухоро жадидларини (жумладан, Ф.Хўжаевни) 1918 йил мартдаги Колесов воқеасидан кейин асирга олса, муқаррар уларни мислсиз қийноқ ва азобларга тўла ўлим кутарди. БХСР ҳукумати эса бу масалада эҳтиёткорлик билан иш тутди.
БХСР ижроқўми бюросида  1923 йилнинг 15 майида амир оиласи билан боғлиқ масала муҳокама қилинади. Бу масалани ҳал қилиш учун Ф.Хўжаев, Қори Йўлдош Пўлатов, Аббос Алиев, Абдурауф Фитратдан иборат махсус комиссия тузилади. Комиссия қарори билан амирнинг 120 га яқин авлодларидан 51 киши (С. Айний маълумотича, 52 киши ) юборилди. 64 киши эса (жумладан уч ўғли Султонмурод, Шоҳмурод, Раҳим) Бухорода қолдирилди.  Нима бўлганда ҳам ўша тарихий шароитда бундай қарорга келиниши БХСР раҳбари томонидан, айтиш мумкинки, ижобий қарашга арзигуликдир.
Н.Наимов ва А.Эгамназаровларнинг ёзишича, ўзга юртда моддий жиҳатдан қийналмасин деб Ф.Хўжаев шахсан амирга 19 та бриллиант кўзли узук совға қилиб юборган. Амир бу воқеадан сўнг унга қилган ёмонликларига афсусланган .
Маълумки, Бухоро амирининг фарзандларини ўз олдига  қайтариш учун совет  ҳукуматига қилган мурожаатлари ва Москвадаги афғон элчиси билан учрашувлари самарасиз бўлган. Бу муаммони ҳал қилиш учун аралашиш ёки таъсир ўтказишга Ф.Хўжаев қодир эмасди.
Ф.Хўжаев ўз ҳукумати таркибида «босмачилар»ни қўллаётган  кишилар борлиги, уларнинг озодлик учун кураш олиб бораётганлигидан хабардор бўлган. У мумкин қадар муҳожирликда  яшаётган, Бухоро Халқ Республикаси мустақиллиги  йўлида курашаётганлар билан алоқа қилишга уринган. 1921 йил 8 ноябрда бошқирд миллати вакили, Туркистон озодлик ҳаракатларида муҳим роль ўйнаган Аҳмад Заки Валидий Тўғон (1890-1970 йй) билан ўзаро мулоқотда: «Ориповни (А.Орипов) ҳарбий  нозирликдан  бўшатишни руслар кўпдан бери талаб қилади, буни билиб  қўй, бундан буён сен билан кўриша олмасмиз. Раҳм йўқ, муносабат шафқатсиз бўлади Шундай бўлсада  Султонов ўз ўрнида қолади,  у билан алоқа қилиш  йўли очиқ бўлади »-дейди. Амирнинг ёзги қароргоҳи Моҳи Хосада З.В.Тўғон билан учрашиб, уни бўлажак хавф-хатардан огоҳлантирган Ф.Хўжаев ушбу шахс ва унинг ёрдамчисига собиқ амир отхонасидан иккита учқур отлардан совға қилади. Ушбу отлар билан Тўғон ва унинг шериклари Афғонистонга соғ-омон ўтиб олишга муваффақ бўладилар. 1923 йил июнь ойида Москвада миллий республика ва вилоят раҳбарлари иштирокида РКП(б) МКнинг махфий 4-мажлиси бўлади. Ф.Хўжаев Бухоро Республикаси номидан сўзлаётган пайтда И.В.Сталин унга Валидов қаерда? Деб савол беради. Ф.Хўжаев: «Валидов Ўрта Осиёнинг у еридан бу ерига чопиб юрибди, Бухорода, Тошкентда, Хоразмда. У босмачиларнинг раҳбарларидан бири»,-деб жавоб беради. Аслида 1923 йил 10 мартидаёқ Валидий хорижга чиқиб кетган, унинг қаердалигини республика раҳбари яхши биларди.  
Бухоро Республикасининг ҳақиқий маънодаги мустақиллигини таъминлаш, миллий армияни шакллантириш, европалик ҳарбий қисмларни республика ҳудудидан чиқариб юбориш, вақф мулкларини қайтариш, ҳар қандай воситачиларсиз хорижий алоқаларга киришиш, фавқулотда ҳарбий трибунални бекор қилиш, миллий урф-одат ва анъаналар асосида қонунчиликни жорий қилиш каби мақсадлар Ф.Хўжаев ҳукумати олдида турарди. Ушбу орзу-истаклар амалга ошиши йўлида Файзулла Хўжаев бошчилигида 1920 йилдаёқ «Миллий иттиҳод» фирқаси ташкил этилганди. 1921 йил августида Бухорода яна бир ташкилот-Валидий бошчилигидаги Туркистон Миллий Бирлиги (ТМБ) ташкилоти тузилганди. ТМБ Туркистон минтақасидаги барча истиқлолчи гуруҳларга сиёсий жиҳатдан раҳбарлик қилувчи марказ вазифасини бажарарди. Ф.Хўжаев бу ташкилотга нафақат хайрхоҳ, балки уни қўллаб-қувватларди.
Ф.Хўжаевнинг амакиси Усмонхўжа Пўлатхўжаев 1922 йил сентябрда Афғонистон билан ҳарбий битим тузиш, Бухоро миллий армиясини шакллантириш учун инглизлардан олтин баробарида Бухоро  қўшинига  қурол-яроғ сотиб  олиш учун хорижга кетади. Лекин инглизлар унга ваъда беришдан нарига ўтишмайди. У мақсади ҳосил бўлмагач, Ф.Хўжаевга: «Ватанга қайтсам бўладими?»-деган мазмунда мактуб йўллайди.  Ф.Хўжаев Усмонхўжага:  «Вазият ёмон, қайтиб ўтирманг!» мазмунидаги яширин жавоб мактубини ёзган . Совет махфий идораси (ГПУ)  У.Пўлатхўжаевни қамоққа олишга, охир-оқибатда эса йўқотиб  юборишга  тайёрланаётганлиги ҳукумат раҳбарига аён бўлиб, шундай қарорга келганди. Муҳожиратда яшаган Усмонхўжа Туркия Республикасидан туриб Ф.Хўжаев билан алоқада бўлган. Бухоро Республикаси Марказий Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Муинжон Аминов бир оз Афғонистонда яшаган ва Усмонхўжа билан Ф.Хўжаев ўртасидаги мактуб ёзишмалари алоқасини амалга оширган. Кейинчалик эса Москвада таҳсил олаётган талаба Мисбах Бурҳонов бу ердаги Туркия элчихонаси орқали Туркиядаги ўзбек муҳожирлари ва Усмонхўжа билан бўлган алоқаларда воситачилик қилган. Республика ҳукумати аъзоларидан Ато Хўжа, Ҳамро Хўжа кабилар ҳам Усмонхўжа билан мактубий алоқаларда бўлишган. Мухамар Бурҳонов 1924-1925 йилларда Файзулла Хўжаевдан чет элларда шахсий дахлсизлигини таъминловчи махсус ҳужжат олган эди. У Туркиянинг Истамбул, Бурса, Костомира каби шаҳарларида таҳсил олган. Бу мамлакатда озодлик курашчилари Усмонхўжа ва Носир Ҳакимовлар билан учрашган.
Айтиш мумкинки, Ф.Хўжаев хориждаги мустақиллигимиз учун курашган муҳожир миллатдошларимиз билан доимо алоқада бўлган.
Ф.Хўжаев раҳнамолигида хорижий мамлакатларга ўқиш учун юборилган ўқувчи ва талабалаларнинг барчаси ҳам она юртига қайтмади.  Ф.Хўжаев уларнинг ўқиши учун маблағни аямади, талабалар аҳволидан шахсан ўзи хабар олиб турди.
У 1922 йилнинг кузида: «Мен Германияга асосан даволаниш ва талабалар аҳволидан хабар олиш учун келдим »-деб ёзганди. Совет  ҳукумати 1922 йилдаёқ Германияга ўқиш учун юборилган бухоролик ёшларни Москвага қайтаришга уринган.
Ф.Хўжаев иқтидорли ёшларни Ватанга қайтиб «немис айғоқчиси», «сотқин», «Ватан хоини», «имперализм малайи» каби асоссиз тамғалар билан қораланиб, бадном қилинишини истамаган. 1938 йил 28 январда бўлиб ўтган Муинжон Аминовнинг терговдаги кўрсатмасидан: «1922 йил Куйбишев (Валериан Куйбишев) мен ва Файзулла Хўжаевдан уларни (талабаларни) қайтарилишини, Москвага ўқитишни талаб қилди. Хўжаев қатъий рад жавобини берди. Сўнг Умар Фахриев деган кишини хат билан Германияга жўнатди. Ва у ерда таълим олаётган бухоролик талабаларга: «Совет ерига қайтмай туринглар »-деб топшириқ берди» каби фикрларни ўқиймиз. Ҳатто Туркияга ҳам виза (чақирув қоғози) ололмаган кўпгина талабалар 1925-1930 йилларда она юртлари Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлишди. Ватанга қайтганлардан Муҳаммад Хўжаев, Матқул Султонов, Абдуваҳоб Муродий кабиларни хизматда кўтарилишида шахсан Ф. Хўжаев ҳомийлик қилган . Хорижда қолиб ўқишини давом эттирган, кейинчалик Туркияда қўним топган 14-16 нафар  собиқ талабаларга Ф.Хўжаев М.Бурхонов орқали моддий ёрдам кўрсатиб турган. У Германиядаги Олимжон Идрисий, миллионер Амин Сулаймон, савдогар Эйдельманлар билан алоқада бўлиб, туркистонлик талабаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб туришни ушбу шахслардан сўраган. Ф.Қиличевнинг ёзишича, Ф.Хўжаев хорижда яшовчи М.Чўқаевни (1890-1941йй) моддий жиҳатдан таъминлаш учун турли йўллар билан унинг номига тилла ва пул юбориб турган. Ўша даврда М.Чўқаевнинг моддий аҳволи оғир бўлиб, рус муҳожирларининг газеталарига ёзган мақолаларидан келадиган қалам ҳақи (гонорар) ҳисобидан яшаганлигини ҳисобга олсак, ушбу маълумот ҳақиқатдан йироқ эмас деган хулосага келсак бўлади. Маълумки, муҳожир ўзбеклар 1920-йилларда хорижда ўзларининг миллий мажмуа ва газеталарига асос солишган. 1926 йилда Усмонхўжа Пўлатхўжаев Туркияда юртимизнинг иқтисодий, сиёсий, маданий, тарихий масалаларини ёритувчи «Янги Туркистон» мажмуасини чоп эттирган. Мустафо Чўқай 1929 йилда Парижда «Ёш Туркистон» (1929-1939 йилларда чоп этилган) мажмуасини чиқарган. Файзулла Хўжаев тарихий ҳақиқатни ёритувчи ушбу матбуот органлари чоп этилаётганлигидан хабардоргина бўлиб қолмай, балки уларнинг мутассил чиқиб туришида маънавий ва моддий раҳнамо бўлганлиги эҳтимолдан холи эмас.
Хуллас, Файзулла Хўжаев хорижда яшашга маҳкум этилган, юрагида Ватан меҳри ва ҳасратини умр бўйи сақлаган миллатдошларимизнинг истак ва интилишларини чуқур англай олган, озодлик ва мустақиллик учун курашга умрини бахшида этган инсон эди.

Шодмон Ҳайитов-НамДУ, «Ватан тарихи» кафедраси докторанти, т.ф.н., доцент.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин