Саналар
30.12.2024
Баннер
Тарихимизнинг қора доғлари
PDF Босма E-mail

Жаҳон тарихида рус империяси нисбатан анча ёш империя ҳисобланади. Подшо Петр Биринчи 1721 йилда Россияни империя деб эълон қилган бўлса, 1917 йилги октябр тўнтаришини амалга ошириши билан В. И. Ленин бу салтанатнинг вориси, янада даҳшатлироқ давомчиси бўлган қизил империяга асос солди.
Ҳолбуки, пайдо бўлган кунидан бошлаб (ҳатто ҳали ғоя даражасида бўлганида ҳам) бутун дунёда тўнтариш ясаб, танҳо ҳукмрон бўлиш нияти билан инсониятга дағдаға қилиб келган ўша «қизил империя» эгаллаб турган беҳад катта ҳудудда қадимда кўплаб империялар ҳукмронлик қилиб ёки таъсир ўтказиб келганлар: Рум, Юнон, Германия, Византия империялари, Полша, Литва, Швед қиролликлари, қатор Осиё, яъни Форс, Хитой, Турк империялари шулар жумласидандир. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, туркий халқларнинг ота-боболари ўтмишда ўн олти буюк империя кўрганлар: Буюк Хун, Боти Хун, Оврупо Хун (эрамизнинг IV асрида Оврупода барпо этган туркий давлат), Кўктурк, Авар, Ҳазор, Уйғур, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Буюк Салжуқийлар, Хоразмийлар, Олтин Ўрда, Буюк Темур, Бобур, Усмонийлар империялари. Бу ўринда рус халқи уч юз йилга яқин давр мобайнида мўғул-татар хонликлари қарамлигида бўлганлигини ҳам унутмаслик керак.

Лекин ер юзида мавжуд бўлган бошқа империяларнинг бирортаси Россия империяси ва унинг бевосита давоми бўлган қизил империя сингари, биринчидан, бутун дунёга ҳукмдорлик даъвосини ўнгида ҳам, тушида ҳам зўравонлик билан илгари сурмаган, иккинчидан, ўз тасарруфидаги халқларни, ҳар бир инсонни бутун туриш-турмуши, руҳияти-маънавияти билан тўлиқ ўзига бўнсундиришга, устига-устак шу қилмишлари тўғрилигини жумлаи жаҳонга зўрлаб маъқуллатишга бор куч-қудратини сарфламаган.

Олтин Ўрданинг Соҳибқирон Амир Темур томонидан парчалаб ташланиши рус ва бошқа халқларни татар-мўғул зулмидан озод этди. Эркинликка чиққан рус князликлари бирлашиб, тараққиёт йўлига тушишларига имкон яратди. Биринчи рус ҳукмдорлари сулоласидан бўлмиш Юриковичлар подшолиги пайтида кўп миллатли Россия давлати барпо этилди. Романовлар сулоласидан (1613-1917) бўлган Пётр Биринчи 18 аср бошларида Россия тарихида илк бор империя тузди. Шу даврдан бошлаб руслар босқинчилик сиёсатини юргизиб, дуч келган томонга - ғарбу шарққа, жанубу шимолга ҳарбий юриш қила бошладилар.

Империя гўёки ўзининг «табиий чегараларига чиқиш»га интиларди, бу чегаралар эса ғарбда Болтиқ денгизини, шарқда Тинч океанини ўз ичига олиши лозим эди. Жасоратли тарихчи олим Абдураҳмон Автархонов «Кремл салтанати» номли китобида ёзганидек, Россия дунё уммонининг дилтортар кенгликларига чиқиш имконини берувчи жанубий денгизларга ҳам йўл излай бошлади. Бу хусусда муаллиф шундай ёзади: «Марказлашган рус давлатини барпо этгач, Россия Волга, Сибир, Ўрта Осиё ва Кавказдаги мусулмон халқларини бўйсундиришга киришди. Бу осон кўчадиган иш эмасди, шунинг учун мазкур юртларнинг халқларини қарам қилиш жараёни анча узоққа чўзилди. Бу ерда нафақат икки дунё (Оврупо ва Осиё) бир-бирига қарши турарди, балки икки дин (насронийлик ва ислом) юзлашган эди.

Икки томон ҳам урушга миллий-диний тус берарди: босқинчи рус қўшинлари православлик байроғи остида ҳужум қилсалар, ҳимояланаётган мусулмонлар исломнинг яшил байроғи остида «ўлган шаҳид, ўлдирган ғозий», дея «муқаддас уруш» («ғазоват») олиб борар эдилар. Барча мусулмон халқлари Россия босқинига узоқ вақт қуролли қаршилик кўрсатдилар. Қозон (1552 й.) ва Аштархон-Астрахон (1556 й.) хонликлари Иван Грозний 15 давридаёқ забт этилган бўлса, Екатерина 2 даврида Қрим хонлиги (1772 й.) босиб олинди. Кавказ халқларининг тобе этилиши ХИХ аср давомида кечди - 1813 йилда Пруссия урушидан кейин Озарбайжон қўлга киритилди, 1859 йилда Доғистон ва Чеченистон, 1864 йилда черкаслар юрти босиб олинди. Чеченлар билан 60 йил жанг қилинди. 19 асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиёдаги мусулмон давлатларини забт этиш бошланди. Сал илгарироқ чор ҳукуматига бўйсундирилган татар ва бошқирдларни зўрлаб чўқинтириш, яъни насроний (христиан) динига киритиш сиёсати олиб борилди. Тарихда, ҳатто уч юз йилга яқин руслар устидан ҳукмронлик (қилиб келган Чингизхон ва чингизийлар ҳам руслариннг дини, урф-одатларига дахл қилмаган эдилар. Мусулмонларни православликка чўқинтириш хато бўлганлигини кўпчилик мусулмонлар (татар, бошқирд, қозоқ, қорақалпоқ ва бошқалар) қатнашган Емелян Пугачёв қўзғолонидан кейингина тушунишди. Россия ҳукмдори Екатерина 2, ниҳоят, ислом динини ошкора тан олди.

«Дунё славянларники, славянлар эса Россияники», деб ўзгалар юрти устида қилич ўйнатган қонхўр рус генераллари Перовский, Веревкин, Черняев, Кауфман, Куропаткин, Скобелев ва уларпинг минг-минглаб маслакдошлари Кавказ, Кавказорти, Сибир, Узоқ Шарқ, Ўрта Осиё ва Қозоғистон ўлкаларини босиб олиб, Россия мустамлакасига айлантирдилар. Сибир ўлкаси ҳамда Туркистондаги битмас-тутанмас ер ости ва ер усти бойликларига кўз олайтирган чор маъмурларидан бири - Россия империясининг молия вазири Вишнегородский «Ўрта Осиё - рус тожидаги энг қимматбаҳо дур», деб ёзганида Россиянинг келажакдаги иқтисодий юксалиши Ўрта Осиёга боғлиқ эканлигини назарда тутган эди.

Бироқ ўша даврдаёқ турли баҳоналар билан ер юзи узра босқинчилик ниятларини амалга ошираётган Россия империясининг урушқоқлик сиёсатини қаттиқ қораловчи кучлар ҳам бор эди. Бу энг аввало оддий рус халқининг ўзи эди. Иккинчидан, илм-маърифат намояндалари, ақл-заковат эгалари чоризмнинг истилочилик юришларини қораладилар ва лаънатладилар. Кавказда чор ҳукуматининг 200-280 минг кишилик қўшини билан (1813-1859) тоғликлар қонини тўкаётган Ермолов, Фадеев каби рус генералларининг ваҳшиёна юриши ҳақида А. С. Пушкин:
Юришларинг қора мараздай
Қавмларни ўлдирди, қирқди...
деган сатрларни битди.

Россия империяси Ўрта Осиёга қанча куч билан бостириб келган эди? Ҳисоб-китобларга қараганда, кучлар сони Кавказ урушида қатнашган аскарлардан бир неча баравар кўп ва қирғини ҳам даҳшатлироқ бўлган. Ўрта Осиё ва Қозоғистонга юриш даврида Фарғона генерал-губернатори: «Бир минг сарт бир рус аскари этигининг пошнасига арзимайди». - деб ёзган бўлса, уларнинг бошқа бири-Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфман: «Амир (Бухоро амри) исёнкорларидан (1868 й.) бирортаси ҳам асир олинмасин. Қўлга тушганларнинг ҳаммаси, ҳаттоки ярадорлар ҳам отиб ташлансин»,-деб фармон берган эди.

Ҳарбий тарихчилар А. Терентев, М. Иванин, 3. Кастелская Қозоғистондаги шаҳар, қишлоқларни, Ўрта Осиёнинг маданий маркази бўлмиш Тошкент шаҳрини вайрон этиб, минг-минглаб бегуноҳ оддий одамлар қонини дарё қилиб оқизган генераллар Черняев, Скобелев, Ионов, Куропаткин, Ивановларни қаттиқ қоралашган. «Черняев ашаддий шовинист эди. Унинг назарида, Қўқон хонлигида яшаган ўзбеклар, қирғизлар, қипчоқлар ва бошқа халқлар фақат тўн (чопон) кийганликлари учунгина қириб ташлашга лойиқ»,- деб ёзган эди тарихчи зобит Кастелская.
«Скобелев Ивановни зуғумга олгач,- деб ёзади Б. Наливкин,- у қўл остидаги аскарларини ҳужумга бошлаб, эмизикли болаларгача чопиб ташлади»...
Россия империясинииг Кавказ ва Ўрта Осиёда олиб борган босқинчилик сиёсатини, ҳатто жаҳон йўқсилларининг доҳийлари ҳам қоралаган эдилар.
В. И. Ленин «Туркистон мустамлакачиликнинг энг ёрқин намунасидир», деб ёзган бўлса, Ф. Энгелс ва Карл Маркс Чор Россиясининг Ўрта Осиёдаги мустамлакачилик ва талончилик снёсатини ўз асарларида қаттиқ танқид остига олдилар:
«Шундай бир ахлоқ ўрнатиш мумкинки, бу ахлоққа мувофиқ маданий ва таловчи давлатларнинг қолоқ халқларга қилаётган ҳамма шармандали кирдикорларини, ҳатто Россиянинг Туркистондаги йиртқичликларини ҳам тўғри қилиб кўрсатса бўлади», - деб ёзади Ф. Энгелс «Анти-Дюринг» асарида (Т., Ўздавнашр, 1957, 125-бет).

Рус империяси ислоҳотчи, тадбиркор ҳарбий тактик ва стратег Петр 1 нинг Шарқни эгаллаш мўлжали, энг аввало Ўрта Осиё ва Қозоғистон ўлкаларини забт этиш режалари асосида иш кўрган Россия империясининг ҳукмдорлари ҳарбий куч билан босиб олиш мумкин бўлган ҳудудларда зудлик билан катта-кичик ҳарбий истеҳкомлар ва таянч пунктларини бунёд қилишга киришдилар. Шарқдан, Ўрта Осиёдан эртаю кеч кўзини узмаган, иложи бўлса, Туркияни тор-мор этиб, Ҳиндистонни ҳам забт этишга ҳозиру нозир турган подшо Петр 1 бу узоқни кўзлаган режаларини энг аввало тезда яқин-атрофдаги қўшниларнинг ерларини босиб олишдан бошлаб юбормоқ зарур, деб билди. Россия ҳукмдори шу мақсадда Ўрта Осиёдаги мавжуд хонликларга турли қиёфадаги жосуслар, айғоқчиларни юбориб, турли-туман катта-кичик экспедитсияларни йўллаб турди. Бу ёвуз ниятни амалга ошириш мақсадида император Петр 1 ўз ҳукмронлиги даврида, 18 асрда биргина Қозоғистоннинг ўзида 140 дан ортиқ катта-кичик истеҳкомлар, ҳарбий қалъа ва таянч пунктларини қурдирди. Жуда катта маблағлар эвазига барпо этилган бу истеҳкомларда уруш учун зарур бўлган қурол-аслаҳа, озиқ-овқат захиралари, босқинчилик юришларида қўл келадиган барча зарурий ашёлар тайёрлаб қўйилади. Айни вақтда Оренбург ҳарбий округи Ўрта Осиё ва Қозоғистон ерларини назорат қилиб туради. Ҳарбий қисмлар тайёргарлиги ва ҳарбий-тактик машқлар олиб борилади. Айни бир пайтда туркум ҳарбий экспедитсиялар уюштириб турилади.

Россия Шарқ мамлакатларига, биринчи навбатда Афғонистон, Ҳиндистон, Хитой, Туркия, Эрон, Ўрта Осиё, Кавказ ўлкаларига яқинлашишга уринди. Бу мақсадларига эришиш учун турли баҳоналар билан аввало Казказ, Кавказорти ўлкаларига суқилиб кириб, сўнгра уларни тўлиқ забт этмоқ лозим эди. Кавказда руслар 200-280 минг кишилик аскар билан озод тоғликларга қарши босқинчилик урушини олиб борди. Кавказ халқи ўз қаҳрамонлари-қози мулла Ҳамзатбек ва имом Шомил (181?-1859) бошчилигида чор Россиясининг босқинчи армиясига қарши шиддатли курашдилар. Кавказ, Туркистонда ва бошқа ўлкаларда рус босқинчилари бошлаган уруш туфайли кўплаб қон тўкилди, шаҳар, қишлоқлар вайрон бўлди. Шарқ оламида қуёшли ўлка - Ўрта Осиёдаги олтин, маъдан, кумуш, темир, рангли металл, ёқут, пахта, қоракўл каби ер ости ва ер усти бойликларини қўлга киритиш нияти Пётр 1 ва ундан кейинги рус подшоларига асло тинчлик бермади.

Пётр 1 ҳукмронлигининг илк давриданоқ Ўрта Осиёни Россияга қарам қилиш тўғрисида ўйлай бошлайди.17 аср бошларида металлургия саноатини ривожлантириш зарурияти қистовида рус ҳукмдорлари ва тадқиқотчилари бу ўлканинг маъдан қатламлари, жумладан, шу даврдаёқ овозаси чиққан Улуғтовнинг бой конлари тақдири билан астойдил қизиқадилар: Ўрта Осиёда тўлиб-тошиб ётган олтин сочмалари ҳақидаги маълумотлар ҳукуматнинг алоҳида эътиборини тортади ва натижада Пётрнинг шахсан ўзи ўзбек хонликлари ҳудудига кириб бориш режасини ишлаб чиқади. Шу режага асосланган тажовузкор сиёсатни бевосита амалга оширишга киришиб, у Ўрта Осиёга 1714 йилда Преображенский полкининг поручиги княз Алекеандр Бекович-Черкасский бошчилигида. 1715 йилда капитан Иван Бухголтс раҳбарлигида Хивага ва Ёркентга бир неча минг кишилик ҳарбий отрядлар юборади. Жамоатчилик фикрини чалғитиш учун отрядларнинг мақсади Ўрта Осиё, Афғонистон орқали Ҳиндистон билан савдо-сотиқ алоқаларини кенгайтириш ҳамда Хива хонлиги билан тотув муносабат ўрнатишдан иборат деб белгиланади. Бухголтс бошчилигидаги отряд Балхаш кўлига етиб келиб, у ерда ҳарбий истеҳком қуради. Аммо отряд қийинчиликларга дуч келиб, тезда изига қайтади. Княз Бекович-Черкасский бошлиқ ҳарбий экспедитсия отряди эса 3727 пиёда, 617 та отлиқ, 2000 казак аскарлар, 230 денгизчи ва 22 та тўп-замбарак (ҳаммаси бўлиб 6 мингдан зиёд аскар) билан Хоразм томон йўл олади. Ҳарбий отряд икки ой машаққатли йўл босиб, йўл-йўлакай қишлоқ ва овулларни вайрон қилиб, 1717 йилнинг кузида Хоразм чегараларига етиб келади. Чор аскарлари чақирилмаган меҳмон бўлиб, ёвуз ният билан келганликларини сезган Хива хони ватанпарвар инсон Шерғозихон бу ҳарбий отрядни юқотиш пайида бўлади. Шундай хушёрлик натижаси ўлароқ у отрядни турли туманларга бўлиб жойлаштиришга Бекович-Черкасскийни кўндиради. Шу йўл билан хиваликлар бад ниятли рус отрядини мақсадига етказмасданоқ тезда қириб ташлайдилар. Бекович-Черкасский ҳамда унинг ёрдамчиси булган Замоновскийнинг кесилган каллалари Хива бозори дарвозасига илиб қўйилади. Отряднинг ўлимдан қочиб қолишга муваффақ бўлган аъзолари бу кутилмаган: фожиа тафсилотини подшо Пётр 1 га маълум қиладилар. Дастлабки юришлар муваффақиятсиз тугаганига қарамай, Пётр 1 ҳукумати Ўрта Осиёга таҳдид солишдан, уни тўлиқ эгаллаб, Россия куч-қудратини оширишга хизмат қилдириш мақсадидан воз кечмайди. Италиялик: Флорио Беневелини Бухорога элчи қилиб жўнатаркан, унга «олтин сочмалари» маконини, у ерга бориш йўлларини яхшилаб ўрганиш тўғрисида махсус топшириқ беради. Беневели ҳақиқатан ҳам бу диёр тарихи, жўғрофияси ва этнографиясига доир жуда кўп- қимматли маълумотлар тўплайди. Унинг фикрича, бу маълумотлар ўрганилгач, у ерларда ҳукмрон бўлиб ўрнашиб олиш учун биргина кучли ҳамла кифоя экан. Беневелининг сафари ҳам муваффақиятсиз якунланади, у Бухоро амири ғазабидан зўрға қочиб қутулиб, 1725 йилда, Петр 1 вафотидан кейин Россияга қайтиб келади.

Чор ҳукумати улуғ Петр сиёсатини давом эттира бориб, рус-турк муносабатларига эътиборини қаратади. Ташқи сиёсат энг аввало Қора денгиз соҳилларини куч билан босиб олиш асосига қурилади. Ўзбек хонликлари билан муносабатда эса дастлаб тинч йўл билан ўлкага кириб бориб, уни ҳар томонлама ўрганиб олиш йўли тутилади. Хонликлар билан Қозоғистон орқали савдо алоқаларини ўрнатиш шу режага кирарди. Бу ҳам пухта ўйланган ҳийла эди.

Гап шундаки, 18 аср бошларида ҳар учала Жуз қозоқлари қалмоқ-жунгарларнинг доимий босқини остида қолган эди. 1723 йилга келиб қозоқ эли оғир очарчиликни бошидан кечираётганди ва ниҳоятда заифлашганлигидан у энди ўз мустақиллигини сақлаб қола олмайдиган аҳволга тушган эди. Оқибатда Катта жузжунларларга сиёсий қарам бўлиб қолганди. Ўрта жуз Бухорога кўчиб бориб, Бухоро хонлигига бўйсунди. Қалмоқлар хатаридан сақланиш ва ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш илинжи Катта жуз ҳамда Кичик жуз хони Абулхайрхонни чор ҳокимияти билан яқинлашувга ундарди...

Абулхайрхон 1730 йилда Жузни рус фуқаролигига қабул қилишларини сўраб, Уфага элчи юборади. Россия ҳукумати Ўрта Осиёга ҳужум қилиш учун ишончли истеҳкомга эга бўлиш ҳамда ўз мустақиллиги йўлида курашаётган бошқирдларнинг қозоқлар билан иттифоқ тузншининг олдини олиш мақсадида хоннинг илтимосини кечиктирмай қондиради. Кўпчилик қозоқ оқсоқолларининг қаршилигига қарамай, 1730 йилда Кичик жуз билан бирга Семекхон бошчилигида Ўрта жузнинг бир қисми ҳам Россия империясига тобе бўлади. Қозоқларнинг Россия фуқаролигига ўтиши чор ҳукуматининг Ўрта Осиёга бундан кейинги юришлари учун катта имконнятлар яратиб беради. Петр 1 таъбири билан айтганда, Шарқ билан алоқада Қозоғистон калит, дарвоза ролини ўйнайди.

19 асрнинг иккинчи ярмида (1853-1856) бўлиб ўтган Россия билан Қрим уруши, шундан кейин халқ халоскори Имом Шомил бошчилигида давом этган Кавказ жанглари ҳам чор Россиясининг Ўрта Осиёга ҳарбий юришига, мустамлакачилик сиёсатини амалга оширишига маълум муддат тўсқинлик қилиб турди. Бироқ Россия империяси подшо Петр 1 белгилаб кетган режа асосида Ўрта Осиёга ҳарбий юришни ҳеч тўхтатмай, шиддат билан амалга оширишни мақсад қилиб қўяди.

Аслида бу ишга император Николай 1 ҳукмронлиги даврида-ўтган асрнинг 1830-40-йилларидан бошлаб киришилади. Россия империяси турли йўллар, баҳоналар билан Оренбург ва Ўрол орқали аста-секин Қозоғистон ва Ўрта Осиё ўлкаларига кириб кела бошлайди.

Россия Қозоғистон ерларида ҳарбий истеҳкомлар қуришга маблағни аямай сарфлайди. 1734 йилда Оренбург губерниясининг котиби И. Кириловнинг зиммасига қалъалар қуриш, аввал Бухорога, кейинчалик Ҳиндистонга савдо карвони олиб бориш баҳонасида теварак-атроф ва йўллар харитасини чизиш, руда ва олтин қидиришни йўлга қўйиш каби қатор вазифалар юкланади. 1742 йилда қурилган Оренбург шаҳри ўзбек хонликлари ҳудудига кириб келиш йўлида ҳам ҳарбий, ҳам иқтисодий истеҳком бўлиб хизмат қилади. Туркистонни ҳарбий куч билан босиб олиш ниятида Россия империяси фақат 18 асрнинг ўзида Қозоғистон ҳудудида юздан ортиқ катта-кичик ҳарбий истеҳкомлар, таянч даргоҳлари қурдиради. Шимоли-шарқий Каспийбўйи ерларида ўз мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида Ново-Александровск (ҳозирги Тўрткўл) ҳарбий истеҳкомини барпо этади. Империянинг Сибир томондан ҳаракатга тушган қўшинлари яқин атрофда бош кўтарган қозоқ, бошқирд, татар, қирғиз ҳамда қозоқ халқ халоскори Султон Кенисар Қосимов бошлиқ миллатпарварларни тор-мор қилиш учун Жениер Оғочга полковник Горский бошчилигида қўшин юборади. Оренбург томондан турли ҳужум ва босқинларга чек қўйиш ва турли йўллар билан асирга тушган дайди, қочоқ русларни озод қилиш баҳонасида генерал Перовскийнинг тўп-замбараклар билан қуролланган 51 минг 217 кишилик қўшини Хива томон юриш қилади. Оқбулоқда Хива хонлигининг 24 минг сарбози рус босқинчи жангарилари билан 1,5 ой давомида жанг олиб боради. Ватан ҳимоячиларидан 80 дан ортиқ киши, истилочилардан эса 5 киши қурбон бўлади. Лекин бу юриш ҳам руслар мағлубияти билан тугайди. Бироқ Россия империяси Англия, Хитой ҳужумидан хавфсираган ҳолда Ўрта Осиё ва Қозоғистон ўлкаларини тезроқ босиб олиб, ўз мустамлакасига айлантириш ниятидан қайтмай, ҳарбий изланишларини тинимсиз давом эттиради.

Петр 1 томонидан империя деб эълон қилинган Россия ўз иқтисодий ва ҳарбий қудратини мустаҳкамлаш ҳамда тараққий, эттириш ниятида ўзга юртлар, мамлакатлар ерларинн аста-секин эгаллаб, бунинг ҳисобига ўз қаддини ростлаб боради.

18-19 асрларга келиб, Россия империяси таркибида Болтиқбўйи, Украинанинг ўнг денгнз соҳили, Белоруссия, Полшанинг бир қисми, Бессарабия, Шимолий Кавказ, Финляндия, Кавказорти, Узоқ Шарқ, Сибир, Қозоғистон, Ўрта Осиё, Помир каби ўлкалар бўлиб, уларнинг умумий майдони 22,4 миллион квадрат километрга баробар эди. В. И. Ленин таъбири билан айтганда, «халқлар турмаси» бўлмиш чор Россияси ҳудудидаги 81 губерния, 20 вилоят, 931 шаҳарда яшаётган 100 дан ортиқ ғайрирус халқлар ва элатлар мамлакат аҳолисининг 57 фоизини ташкил қиларди.

1738 йил августда рус тарихчиси В. Н. Тахтишчев поручик Миллер бошчилигидаги карвон таркибида Тошкент шаҳри томон йўлга чиқади. Унга Бухоронинг бир қанча шаҳарларидаги ҳамда Тошкентдаги сиёсий аҳвол тўғрисида ва яна бошқа хил маълумотлар тўплаш топширилганди. Бу карвоннинг ҳам омади чопмади, уни Ўрта жуз қозоқлари тор-мор қиладилар.

Екатерина иккинчи ҳукумати 18 асрнинг 70-йиллари охирида Ўрта Осиё билан руслар учун ҳар томонлама фойдали бўлган савдо-сотиқ масалаларига катта эътибор бера бошлайди ва 19 асрнинг биринчи чорагидаёқ ўзбек бозорларида руслар мустаҳкам мавқега эга бўлиб оладилар. Чунончи, Бухоро амири Шоҳмурод Эрназар оталиқни Петербургга элчи қилиб жўнатади. Бунинг шарафига Екатерина Эрназар элчи мадрасаси қурилпшига 134 минг сўм ажратади.

Овруподаги таранглашаётган халқаро вазият, 1805-1307 йиллардаги Наполеонга қарши кураш, 1806-1812 йиллардаги рус-турк уруши, 1808--1809 йиллардаги рус-швед уруши, 1805-1813 йиллардаги рус-форс уруши, 1812 йилги Ватан уруши чор ҳукуматининг Ўрта Осиёга нисбатан босқинчилик сиёсатини олиб боришига узоқ ееқтгача йўл бермай туради.

Николай иккинчи ҳукумати Ўрта Осиё бозорларини Россияга бутунлай қарам қилинг мақсадида Туркистонни босиб олишни тезлаштириш устида бош қотира бошлайди. Чунки Россия Ҳиндистонни эгаллаган инглизлар тезда Афғонистон ва Туркистонни ҳам забт этишлари мумкинлигидан хавфсирар ади. Ўрта Осиёни босиб олиш иштиёқмандлари ичида босар-тусаринн билмайдиган Оренбург ҳарбий губернатори генерал-маёр В. А. Перовский ҳам бўлиб, 1840 йил ноябр ойи охирларида 2 та замбарак, 40 та арава, ҳамда 5 минг пиёда аскар билан 10 минг туядан иборат карвонга бош бўлиб Ўрта Осиё томон юради. Оғир об-ҳаво шароити, ёнилғи, озиқ-овқат танқислиги, кийим-кечаклар яроқсизлиги оқибатида қўшинининг маълум бир қисмини йўқотгандан сўнг Перовский Хивага юришини тўхтатишга мажбур бўлади. Истилочилар 1841 йилда Хоников етакчилигида Бухорога отланишади. Бу юриш натижасида Бутенев икки хонликни қурол кучи билан босиб олиш имкониятлари, йўллари, мақсадга эришишга қаратилган ҳаракат режалари каби маълумотларни жамлаб нома ёзади. 1847 йилга келиб мустамлакачилар Сирдарё этакларини босиб олиш режасини тузишади ва у ерда Раим истеҳкомини барпо этадилар. 1853 йилда генерал Бларамберг отряди Оқмачитни (ҳозирги Қизил ўрдани) ҳужум билан забт этади. Айни пайтда Ғарбий Сибирдан Семипалатинскга қадар бўлган оралиқда ҳам шимоли-шарқ тарафдан юришлар бошланиб кетганди.

1850-1854 йиллар ичида подшо қўшинлари Илиорти (Заили) ўлкасини эгаллайдилар, 1854 йилда эса Верний (ҳозирги Алмати) истеҳкоми қад кўтаради. Шундан сўнг Николай ҳукумати Қрим урушига (1853- 1856) чалғиганлиги туфайли Ўрта Осиёга босқинчилик қисқа муддат тўхтаб қолади. Бу уруш тугагач, Кавказ жанглари Николайнинг қўлини боғлаб қўйиб, у ўзбек хонликларига қарши ошкора босқинчилик сиёсатини юритолмаганлигидан, Бухоро ҳамда Хива хонликлари бирлашувига имкон бермайдиган айрим чоралар кўриш билан чегараланади.

Шундан кейин чор Россиясини Ўрта Осиёга нисбатан жадал мустамлакачилик сиёсатини юргизишга ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий аҳволи мажбур қилади. Унинг ривожланаётган енгил саноати учун пахта, пилла, қоракўл тери ва бошқа хил хом ашёлар зарур эди. Бунинг устига фуқаролар уруши (1861 - 1862 йиллар) оқибатида Америкадан олинадиган пахта миқдорининг камайиб кетганлиги ҳам ўзбек пахтасига бўлган талабни ошириб юборади.

Енгил саноатдаги бўхронлар, уни арзон хом ашё билан таъминлаш зарурияти подшо ҳукуматнни безовта қила бошлайди. Оренбург генерал-губернатори Катенин ташқи ишлар вазирига ёзган хатида «Ўрта Осиё мулкига ҳукмронлигимизни ўрнатишимиз учун албатта Туркистон ва Тошкентни эгаллашимпз шарт», деб кўрсатиб ўтади. Унинг фикрича, Тошкентни қўлга киритиш Бухоро мулкига қуролли кучлар билан бориш учун ҳам зарур эди. 1862 йилда «Русский вестник» журналида Ўрта Осиёни босиб олишни қатъий ёқловчи қатор шовинистик мақолалар босилади. «Голос» номли либерал журнал эса Ҳиндистонни забт этган инглизлардан ўрнак олиб, «Каспийни рус денгизига айлантириш, Ўрта Осиёнинг кўчманчи элатларини ўтроқ яшашга ўргатиш, бу саҳройилар билан пачакилашиб ўтирмай, уларни ҳаттоки террор қилиш»га чақирди. Ҳарбий юришларнинг доимий тарафдори бўлган ҳарбий вазир Д. А. Милютин 1864 йил окгябрида ташқи ишлар вазирлиги томонидан подшоҳ учун тайёрланган маъруза матнини қўллаб-қувватлайди. Бу матнда, жумладан, Россиянинг Шарққа сирли, лекин тийиқсиз интилиши ҳақида, ярим ёввойилар қабиласи билан тўқнашилган дамда ўта тинчликсевар сиёсатни сақлаб қолиш имкони йўқлиги хусусида, Қўқон хонплигининг табиий бойликлари бўлмиш пахта, ипак, қимматбаҳо маъданлар тўғрисида сўз юритилади. Шундай қилиб, олтмишинчи йиллар бошида Ўрта Осиёни босиб олишга ғоявий тайёргарлик кўриб бўлинади, энди бу истилони амалга ошириш навбати келганди.

Империя хорижий ўлкалар, Туркия билан бўлган урушда бандлигига қарамай, 1810-1860 йилларда Сибир ва Оренбург ҳарбий сафарбар кучларини ишга солиб, Қозоғистон ва Ўрта Осиё ерлари томон ҳарбий юриш бошлайди. Бундай босқинчиликларда катта тажриба орттирган Россиянинг юзлаб босқинчи генераллари ва зобитларининг тинч Туркистонга юриши даҳшатли тус олади. (Бу кучлар тафсилоти китобчамизга илова қилинаётган маълумотномада тулиқ баён этилган. М. Ҳ.) Шу мақсадда ташланган катта куч Марказий Осиё халқларини сўзсиз таслим қилишга ёки бу ўлкаларнинг кулини кўкка совуриб бўлса ҳам тўлиқ забт этишга «сўнгра Шарқдаги истилочиликни янада давом эттиришга қаратилган эди. 1909 йилда Тошкент шаҳрида Туркистон ҳарбий округи типолитографияси томонидан жуда оз нусхада, фақат ҳарбий зобитлар учун нашр эттирилган бу тўплам «Ўрта Осиёнинг босиб олиниши ҳақида тарихий тадрижий маълумотнома. Георгий Хочи соҳиблари ва «жасорати учун» олтин қурол билан тақдирланганлар рўйхати иловаси билан» деб аталади. Туркистоннинг чоризм томонидан босиб олинишига доир бу энг ишончли манбада ўша жараённинг қандай давом этганлиги тўғрисида тўлиқ маълумот берилган. Китобчада босқинчилик йилномаси ҳарбий маҳкама маълумотлари асосида иштирокчилар, уларнинг қурол-яроғлари сони, амалга оширган ҳарбий хунрезликлари билан бирга йилма-йил, ойма-ой, кунма-кун аниқ ва холис кўрсатилган.

Бундан ташқари ўша китобча нашр қилинган йилга қадар ҳисоблаганда қарийб бир асрча давом этган мазкур босқинчилик, талончилик урушида маҳаллий халқни яксон қилишда «қаҳрамонлик» кўрсатган 200 га яқин рус генераллари, зобитлари қачон, қаерда ва қандай «жасоратлари» учун Россия империясининг олий мукофотлари билан тақдирланганликлари аниқ, лўнда ва сермаъно жумлаларда ифодалаб берилган. Улар орасида биз яқин-яқинларгача шаҳар ва қишлоқларимизга, кўчаларимизга номлари тақилган, тарих китобларида ҳадеб Ўрта Осиёни Россияга «ихтиёрий қўшиб олиш»да фидойилик кўрсатган халқ қаҳрамонлари сифатида таърифлаб келинган Фон Кауфман, Черняев, Скобелев, Куропаткин, Тротский сингари генералларни ҳам, бизга камроқ маълум бўлган юзлаб генерал ва зобитларни ҳам кўрамиз.

Бу ўринда шуни ҳам алоҳпда айтиб ўтиш керакки, бундай олий мукофотларга фақат ҳарбийлар эмас, балки кўкларга кўтариб мақтаб келинган ижодкорлар: рассом, истеъфодаги мичман Василий Василевич Верешчагин (бир қўлида қурол, бир қўлида мўйқалам билан ўз ватандошлари амалга оширган қонхўрликларни ҳаёлан бошқа халқларнинг миллий қаҳрамонларига, жумладан, Соҳибқирон Амир Темурга нисбат бериб расмлар чизган бу жангчи-рассом 1904 йилда Петропавловск зирхли кемасида фожиали ҳалок бўлган) ва таниқли рус ёзувчиси ва рассоми, ўқчи баталъон штаб капитани Карасин сазовор бўлган. Энг қизиғи шундаки, Россия имнериясининг дин пешволари: руҳоний ота Андрей Малоз, руҳоний ота Гаврил Ширяев, руҳоний ота Седачёвлар ҳам чор ҳукуматининг Ўрта Осиёни забт этишида қатнашган. Қўлидаги бут-хочни ўпиб, рус зобитлари, аскарларини маҳаллий халқ эрку озодлигини поймол қилиш учун қонли урушга ундаган бу руҳонийлар «ҳалол» хизматлари эвазига Георгий нишони тасмаларига тақиладиган хоч-нишон (наперсные) билан тақдирланадилар.

Ҳатто Россияни ва унинг яқин атрофидаги кўплаб мамлакатларни истило қилиб, неча асрлар эзиб келган Чингизхон ҳам урушга динни аралаштирмаган эди. Чингизийлар босиб олган ўлкалари халқларининг эътиқоди, урф-одатларпга ҳалал етказмагандилар. Рус подшоси эса Ўрта Осиёни босиб олишда ҳар қандай сиёсатдан устун туриши лозим бўлган динни ҳам ишга солди, христиан дини арбобларини юксак мукофотлар, ёрлиқлар билан илҳомлантириб, ёвуз мақсадларига хизмат қилдирди.

Инқилобдан илгари яшаб, фаолият кўрсатган рус тарихчилари, шунингдек чор Россиясининг ҳарбий йилномачилари ва маҳаллий халқдан чиққан Фозилбек, Баёний, Аҳмад Дониш, Салимий, Муҳаммад Солиҳ сингари воқеанавис тарихчиларимиз асарларида, ўша давр архив ҳужжатлари, даврий матбуот саҳифаларида чор империяси Ўрта Осиё ва Қозоғистон ўлкаларини беадад қонлар тўкиб босиб олиб, ўз мустамлакасига айлантирганлиги, сахий Туркистон мулки босқинчилар томонидан аёвсиз талон-торож қилинганлиги аниқ мисоллар асосида кўрсатиб берилган.

Шу манбалардан аёнки, Россия империяси яна ўша инглизлар яқин орада Ўрта Осиё ва Қозоғистон ерларини босиб олиш хавфи бор, деган нуқтаи назардан келиб чиқиб, ҳарбий ҳаракатларини шиддат билан олиб борадилар. Истилочилар бунинг учун маблағларни ҳам, қурол-аслаҳаларни ҳам аямайдилар. Чор Россияси ҳукумати бутун Кавказ ва Сибирда, Волга бўйларида босқинчилик урушлари билан банд бўлишига қарамай, Туркистонни ҳам қўлдан чиқармаслик учун бу ерда истилочилик фаолиятини тўхтатмади. Туркистондаги шу воқеалар қатнашчиси, рус ҳарбий тарихчиси генерал М. А. Терентев «Ўрта Осиёни босиб олиш тарихи» номли 3 жилдлик китобида ёзишича, Россия империяси Ўрта Осиё ерларини босиб олишда ҳеч нарсани аямаган. Мамлакатдаги иқтисодий тангликка қарамай, камбағал халқ ризқидан қийиб, Ўрта Осиё ва Қозоғистонга ҳарбий юриш қилишга 1839 йилда 1 миллион 800 минг сўм маблағ ажратилади. Биргина Хива хонлигини забт этиш учун Туркистон ҳарбий округига 287300 сўм, Оренбург ҳарбий округига 200000 сўм маблағ ажратилган. Ҳарбий босқинчилик уруши олиб бориш учун шахсан Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфман ихтиёрига 400000 сўм пул берилган. Хива хонлигига на бошқа хонликларга қарши ҳарбий юришда қатнашган кўп минглаб аскар, зобитларнинг озиқ-овқатлари, кийим-кечаклари учун ҳамда ҳарбий юришлар давомида маҳаллий халқдан тортиб олннган от, ҳўкиз, эшак, хачир ва туяларга ем-хашак сотиб олишга 465414 сўм 64 тийин маблағ ажратилган. Шунингдек, урушда зарур бўлган қўтос, хачир, эшак, от, туялар, аравалар сотиб олиш ҳамда йўл ҳаражатлари учун 513551 сўм 40 тийин пул маблағи ажратилганлигини кўрамиз. Артиллерия, тўп-замбарак захира қисмлари, таъмирлаш учун техник ускуналар, шунингдек, тиббий дори-дармонлар ҳамда лазаретлар унун 94285 сўм пул маблағи, кўприкларни тузатишга, арава (бричка)ларнинг ғилдирак захираларини ва бошқа зарурий ашёларни сотиб олишга 1475558 сўм 68 тийин пул мўлжалланган. (Қаранг: М. А. Терентев «История завоевания Средней Азии» Спб. 1806. 153, 283-бетлар). Шунга ўхшаш ишанчли далилларни рус босқинни генераллари, зобитлари, ҳарбий мутахассисларининг кундаликлари ва эсдаликларндан ҳам кўплаб келтириш мумкин. Шу ўринда китобхонларимизни бир нарсадан огоҳ қилишни хоҳлардик. Назаримизда, рус босқинчиларининг Туркистондаги ваҳшийликлари тўғрисидаги кўпгина манбалар ноёб китоблар, рисолалар, эсдаликлар, кундаликлар йўқолиб кетаётганга ўхшайди. Тарихнинг аянчли сабоқлари унутилиб, бугунги ва келажак авлодлар ўтмиш хатоларини такрорламасликлари учун бу манбаларнинг сақланишини алоҳида назоратга олиш, имкон борича уларни қайта нашр қилиш зарур.

Чор Россиясининг маъмурлари, ҳарбий губернаторлари туб ерли халқни қаттиқроқ эзиш мақсадида маҳаллий амалдорлар, бойлар, қозилар, савдогарлар, судхўрлар билан тил бириктириб ҳаракат қилдилар. Хонликлар олий ҳукмдорларининг бошини маккорлик билан силаб, ўзлари томон оғдиришга интилдилар. Чунончи, Россия подшоси Бухоро ҳукмдори амир Саид Музаффархонга (1860-1885) генерал-адъютант юксак ҳарбий унвонини, Бухоро амирлари Абулаҳад ва Сайид Олимхонга генерал, Хива хони Муҳаммад Раҳимхонга (1865-1910) генерал-маёр ҳарбий унвонларини берди. Мустамлакачилар бундай унвонлар ва арзимас совға-саломлар эвазига маҳаллий халқни бемалол эзиш ихтиёринигина эмас, унинг раҳбарлари хақ-ҳуқуқларини ҳам сотиб олган эдилар. Бу ҳам камлик қилгандай чоризм истилосига қаршилик кўрсатганликлари учун Бухоро ва Хива хонликлари Россия ҳарбийларига миллионлаб сўм жарима тўлашга мажбур этиладилар. Масалан, босқинчиларнинг отрядлари 1868 йил 23 июнда Бухоро амирлигини мағлубиятга учратгач, Зирабулоқда имзоланган битимга кўра, Бухоро Россияга 500 минг сўм уруш товони тўлайдиган бўлди. Бу хил ноқонуний товонлар, жарималар Хива, Қўқон хонликларидан ҳам ундириб олинди. Табиийки, уларнинг юки меҳнаткаш халқ гарданига тушади. Чоризмнинг Туркистонга иккинчи юриши 1853 йилда генерал Перовский бошлиқ икки мингдан зиёд аскар ва зобитларнинг Оқмачит (Қизил Ўрда)га ҳужумидан бошланди. Бир неча кунлик ҳаёт-мамот жангида босқинчилардан 25 киши ўлиб, 46 киши яраланади. Оқмачит ҳимоясига чиққан бутун маҳаллий аҳолидан эса атиги 74 киши омон қолади, холос. Чор қўшинлари қуролсиз халқни раҳмсизларча қирғин қилади. Тошкентдан ҳоким Сабдалхўжа бошчилигида 8 минг аскар ва кўнгилли Оқмачитни қайта қўлга олиш учун қаттиқ жанг олиб боради. Бироқ истилочилар уруш тажрибасига эга бўлишлари билан бирга тиш-тирноғигача қуролланган эдилар. Ватанпарварлар жангда 192 кишидан айрилиб, яраланган 92 жангчини туя, от, арава ва эшакларга ортиб ғазаб ва алам билан орқага чекинишга мажбур бўладилар. Қўқон хонлиги Оқмачитни рус босқинчиларидан қайтариб олиш учун яна қўшин юборади. 1853 йилнинг охирида Ёқуббек қўмондонлигида 13000 кишидан иборат юрт ҳимоячилари ғанимлар билан қаттиқ жанг олиб борадилар. Атоқли тарихчи олим Ҳ. Зиёев «Чоризм истилоси» деган мақоласида («Шарқ» юлдузи», 1990, 8-сон; «Мулоқот», 1991, 3-сон) ёзганидек, босқинчилар 55 кишини йўқотганлари ҳолда юрт ҳимоячиларидан икки мингга яқин киши ўлдирилди ва яраланди. Чор Россиясннинг истилочи қўшинлари 1860 йилдан бошлаб 6-7 йил мобайнида зўр бериб аввал Пишпек, сўнгра Тўқмоқ қалъасига ҳужум қилиб, замбарак ва милтиқлардан ўқ ёғдириб, қуролсиз, ҳимоясиз, бечора тинч аҳолини зор қақшатиб, бегуноҳ қон тўкадилар. Бутун Ўрта Осиё халқлари босқинчилик уруши йўлини тўсиш учун оёққа туришади. Тошкент ҳокими Қаноатшоҳ бошчилигида урушга отланган ўзбек, туркман, қозоқ, қирғиз, тожик ва қорақалпоқлардан иборат 20 мингга яқин фидойи ватанпарвар Пишпек остонасида шиддатли жанг олиб боради. Чор Россияси генерал ва зобитлари буйруғи билан ҳимоячиларга қарши отилган 2051 та снаряд, 31879 та милтиқ ва 63 та тўп ўқидан 1500 ватанпарвар ўлдирилиб, кўплари яраланади, банди қилинади. Пишпек учун бўлган қирғинбарот жангида 574 ҳимоячи асир олинади. Улар орасидаги 82 савдогар, 92 аёл ва болалар тақдири ҳам ачинарли бўлди. Босқинчилар бандиларга ниҳоятда ёмон муносабат кўрсатадилар. Ҳар бир ўлдирилган чор Россияси аскарининг хуни учун маҳаллий халқдан шафқатсиз ўч олиш одат тусига кириб боради. Рус босқинчилари шу йўл билан ватан ҳимоячилари қалбига қўрқув ва ғулғула солишга ҳаракат қиладилар. Чор Россиясининг ҳарбий мутахассислари, генерал, зобитлари Авлиёота (Жамбул), Тўқмоқ, Пишпекни эгаллашга жон-жаҳдлари билан ҳаракат қиладилар. Китобчага илова қилинаётган маълумотномада ёзилганидек, полковник Симмерман отряди 6 та рота, 6 та юзлик казаклар, 2 та юзлик қирғизлар ҳамда 12 та оғир тўп-замбарак, 4 та ракета станоги, 8 та мартир билан 5 минг кишилик қўқонлик фидойиларни яксон этиб, Тўқмоқ ва Пишпек қалъаларини бузиб ташлайдилар. У ерда Олатов ҳарбий округи барпо этилади. Айни вақтда 1864 йилнинг кузида подполковник Колпаковский (қирғиндаги «жасорати» учун генерал унвони берилган) бошлиқ ҳарбий отряд-3 та рота, 2 та юзликдан иборат ва 6 та замбарак, 2 та ракета қурилмаси билан қуролланган чор аскарлари Узуноғочда Ватан ҳимоячилари билан юзма-юз жангга кирадилар. 20 мингдан зиёд ватанпарвар Россия империясининг замонавий ҳарбий техника билан қуролланган босқинчи аскарлари ҳужумига дош бера олмай, чекинишга мажбур бўлади. Босқинчилар мақсадларига эришиш учун Туркистон ҳудудида юзлаб ҳарбий истеҳкомлар қуришни давом эттирадилар. Уларга марказдан доимий ҳарбий ёрдам келиб туради. Авлиёотани қайта қўлга олиш учун Қўқон хонлигидан 1500 кишидан иборат халоскор 1864 йилнинг баҳорида чоризм жаллодлари билан яна тўқнашади. Бу гал ҳам қурол-аслаҳа бобида устун бўлган душман қўли баланд келади. Бу жангда ватанпарварлар 307 жангчисидан ажралади ва 390 сарбоз мажруҳ бўлади. Чор Россиясининг маккор генерал ва эобитлари ал-даш, қўрқитиш, ҳийла ишлатиш йўли билан оддий ва соддадил маҳаллий халқларни аста-секин бўйсундира борадилар. Бунинг учун улар «Бўлиб ташлаб, ҳукмронлик қил» қабилида иш тутиб, мусулмон динига мансуб туркий халқларни бирлашишга қўймаслик учун уларни бир-бирига гижгижлаш усулндан усталик билан фойдаланадилар.

Ҳудудий жиҳатдан кенг майдонга эга бўлган Қўқон хонлиги мулкини босиб олиш учун чор Россияси қўшинлари (1864-1865 йиллари) асосий ҳужумнн Верний (Алмати), Туркистон ва Чимкент шаҳарларини ишғол этишга қаратди.

Босқинчи рус генераллари Веревкин, Черняев, Лерхе, Дебу, Колпаковский бошлиқ жангари зобитлар ва ас-карлар 1864 йилда Туркистон, Чимкент шаҳарларини босиб олиш учун Қўқон хонлигининг лашкарбошиси (амирул-лашкари) Алимқул сарбозлари билан ҳаёт-мамот жанги олиб борди. 1864 йилнинг кузида Туркистон томондан генерал Черняев, Авлиёота томондан генерал Лерхе қўмондонлигидаги чор Россиясининг аъло-даражада қуролланган қўшинлари қўқонлик ватанпарварларга қарши шафқатсиз жанг қилишди. Чимкент ва Иқон аёвсиз тўпга тутилиб, шаҳар ва қишлоқ бутунлай вайрон қилинди. Амирул-лашкар Алимқул қўмондонлигидаги Қўқон хонлиги мудофаатчилари ёвуз душманга қарши мардонавор кураш олиб бордилар. Бироқ бу жангда кучлар тенг эмасди. Тактик ва стратегик жиҳатдан жангни уюштириш, аскарларни ҳужумга шайлаш, сафарбар қилиш тажрибасига, уюшқоқлиқ, жанговарлик ҳолатига эга бўлган чор аскарлари ҳужум қуролларидан тўғри ва аниқ фойдаланнш санъатини эгаллаган эдилар. Доимо ўз сафини янги кучлар билан тўлдириб борган чор қўшинлари мағлубият кўрмай, ғалаба сари интилдилар.

Боз устига туркистонлик ватанпарвар химоячилар замонавий қурол-аслаҳаларга эга эмасдилар. Оддий халқ қурол ишлатиш, душманни мўлжалга олиб отиш машқидан йироқ эди. Урушиш ҳарбий санъати етишмасди. Туркистон, Чимкентдаги даҳшатли жангни ўз кўзи билан кўрган шоир Ҳусайн Шайх (адабий тахаллуси «Камина») бир шеърий тарихий манзума ёзди.

Шоир ватан ҳимоячилари қўлларидаги қуролдан тўғри ва моҳирона фойдалана олмаганликлари туфайли урушда бегуноҳлар қони дарё бўлиб оқаётганлигидан афсусланиб шундай ёзади:
Мусулмон ўқ отса, ўрусга тегмас,
Ўруслар отган ўқ хато кетмас.

Ҳақиқатан ҳам турли юртлардаги босқинчилик ва талончилик урушларида маҳорати ошган рус генераллари, зобитлари ва аскарлари, шоир Камина ёзганидек, мўлжалга бехато уриб, ҳаммаёқни қонга ботирдилар. Қўлига қурол ушламаган, унинг билан муомала қилиш илмини эгалламаган оддий халқ эса душман мулжалига нишон эди. «Биз қурол ушлашни ва отишни билмайдиган ярим ёввойи одамларни қўйни отгандек отиб ўлдирардик», - деб фахр ва ғурур билан маҳаллий аҳолига нисбатан нафратинн яшира олмай ёзади рус зобитларидан бири ўз кундаликларида.

Чор ҳукумати маҳаллий халқни ҳар қандай йўлларни ишлатиб бўлса ҳам, ҳатто энг муқаддас туйғуларига тажовуз қилиш билан қўрқитиб бош эгдиришга ҳаракат қилди. Масалан, генерал Черняев Туркистон шаҳри таслим бўлмаса, шаҳарнинг кўрки ва юраги бўлган, халқнинг азиз зиёратгоҳи ҳисобланмиш Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасини тўпга тутажаклигини эълон қилади. Ва бу фақат пўписа бўлиб қолмасдан, полковник Веревкин гуруҳи шундаи қабиҳ ишни чиндан ҳам амалга оширади. Шу тариқа улар инсониятнинг юксак ақл-заковати билан барпо этилган шаҳарлар, тарихий обидалар кулини кўкка совурдилар. Босқинчиларнинг бундан кўзлаган мақсадлари аниқ эди. Бой қадимий маданиятимизни йўқ қилиб, биз ўтмишда ҳеч нарса кўрмаган ва яратмаган ёввойи бир оломон бўлганмизу, бутун маданиятни бизга улар олиб келганлигига ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам ишонтириш ва эвазига доимо миннатдор бўлиб, қуллуқ қилиб, итоатда яшашга мажбур этиш - мана улар кўзлаган ва кейинчалик маълум даражада эришган мақсад. Туркистонни забт этиб, Чимкент ва кейин Тошкент шаҳри томон юриш ниятида бўлган генерал Черняев бошлиқ босқинчилар йўлини тўсмоқ зарур эди. Тошкентлик воқеанавис муаррих Муҳаммад Солиҳ қори ўзининг «Тарихи жадиди Тошкент» («Тошкентнинг янти тарихи») номли қўлёзма асарида (Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институтидаги 5732 рақамли қўлёзма) ёзишича, Қўқон хонлигига қарашли жами қишлоқ ва шаҳарлардан аскарлар, кўнгиллилар ва ватанпарварлар хонликнинг жасур лашкарбошиси Алимқул бошчилигида Чимкент ҳимоясига отланадилар. Бироқ генерал Черняев бош бўлган, босқинчи қўшинлар 1864 йил 22 сентябрда кўплаб тўп милтиқ, замбараклардан тинимсиз ўқ ёғдириб, юртимизнинг минг-минглаб; фарзандларини нобуд қилиб, Чимкентни ишғол этади.

Профессор Ҳ. Зиёев «Чоризм истилоси» мақоласида Тошкент мағлубияти ҳақида шуларни ёзади:

«Тошкент шаҳри учун бўлган аёвсиз жангда чор аскарлари 72 солдатини йўқотган бўлса, мудофаачилардан ўн мингдан кўпроғи ўлдирилади, яраланади, кўплари Сибирга сургун қилинади. Генерал Черняев қўмондонлигида 1865 йилнинг январ ойида юртнинг 8-9-минг ҳимоячи фарзандини нобуд қилиш ҳисобига Қўқон хонлиги ихтиёридаги Чимкент шаҳрини қўлга киритиш билан босқинчилар аввал бошида кўзда тутган мақсад узил-кесил амалга ошади. Қаттол ва жаллод рус лашкарбошисининг эндиги ҳужуми Тошкентга, ундан кейин Бухоро, Қўқон ва Хивага қаратилган эди».

1864 йилнинг кузида Черняевнинг Тошкентни босиб олишга биринчи уриниши муваффақиятсиз тугайди. 1865 йилнинг ёзида у Тошкентнинг сувбошиси бўлмиш Ниёзбек қалъасини эгаллаб олгач, шаҳарга навбатдаги юришини бошлайди. Черняев аввало анҳорнинг сувини бўғиб олиб, Тошкентни қирқ икки кун давомида сувсиз қолдиради. Руслар бостириб келаётганликлари тўғрисидаги хабарни эшитган тошкентликлар Қўқон хонлигига қарам бўлганликлари учун хондан ёрдам сўрайдилар. Шаҳар доруғаси Алимқул Тошкент аҳолисини ўз эрклари учун курашга чорлаб оташин нутқ сўзлайди. Қўқондан ёрдам келгач, Тошкент ҳимоячиларининг сони 30 минг кишига етади. Расмий маълумотларга қараганда, рус солдатлари 1950 нафар бўлган. Тартиб ва ташкилотчиликнинг йўқлиги, керакли ҳарбий техиика билан таъминланмаганлик сабабли хонлик қўшинининг сон жиҳатидан устунлиги ҳам тўқнашувда фойда бермайди. Черняев ҳал қилувчи ҳаракатни жанубдан - Темур-дарвозаси тарафдан бошлайди. Бу билан у Қўқон ёки Бухородан келиши мумкин бўлган ёрдамчи кучларга халақит беришни мўлжаллайди. Илк тўқнашув 1865 йилнинг 9 майида бўлиб ўтади. Черняев Алимқул ҳалокатидан кейин шаҳар таслим бўлар, деган илинжда ҳужумни хиёл тўхтатиб туради. Бухоро амирининг қўшини яқинлашиб келаётганидан хабар топгач, 15 майга ўтар кечаси шаҳарга ҳужум бошлашга қарор қилинади. 16 ва 17 май кунлари ҳам кўча жанглари давом этади.

Генерал Черняев бошлиқ жаллодлар Тошкент шаҳри истилоси кунлари 12 мингдан ортиқ бегуноҳ одамлар қонини дарё қилиб оқиздилар.

17 май куни Тошкент аъёнлари қаршиликнинг беҳудалигини ҳисобга олиб, шаҳарни топшириш учун музокарага киришадилар. Оренбург генерал-губернатори Кржижановский 1865 йилнинг сентябрида маҳв қилинган Тошкентга келиб, уни мухтор қарам мулк деб эълон қилади.

Черняев шу йилнинг кузидаёқ Жиззахга юриш бошлайди, Аммо 1866 йил март ойида Черняев Петербургга чақириб олинади ва унинг ўрнига юборилган генерал Романовский 8 май куни Ержарда амир қўшинларини мағлубиятга учратади, 24 май куни Хўжандда ҳам русларнинг қўли баланд келади. Август ойида Кржижановский Тошкент, Хўжанд ва Чирчиқорти ўлкасини Россияга қўшиб олиш тўғрисида кўрсатма беради. Амир билан музокараларда келиша олмагач, 2 октябрда Бухорога қарашли Ўратепа қалъасини, 18 октябрда эса Жиззахни истило қилади. Босиб олинган ерларда 1867 йилда фавқулодда Туркистон генерал-губернаторлиги тузилади. Инженер-генерал К. П. Кауфман бош қилиб тайинланган бу губернаторликнинг маркази этиб Тошкент белгиланиб, Сирдарё ва Еттисув вилоятлари ҳам унинг таркибига киритилади.

Тошкент шаҳрида зўр ҳарбий истеҳком барпо этган Россия империяси ватандоши Бекович-Черкасский бошлиқ ҳарбий отрядлари сафарининг фожиали якуни учун ўч олиш мақсадида бирин-кетин Хоразм, Қўқон ва Бухорога қонли юришини давом эттиради...

Рус генералларидан Фон Кауфман. Фондер Флит, Бардовский, Тронкий, Колпаковский, Веревкин, Ломакин, Головачев, Гродеков, Меллер-Закомелский, Константинович бошлиқ ҳарбий кучлар 1873 йилда Хивани эгаллаб, чор Россияси ҳукуматининг олий мукофотларини оладилар. Янги тузилган Туркистон генерал-губернаторлиги Тошкентни ўзига қароргоҳ этиб, Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонликларига қарашли барча ерларни тезроқ босиб олиш бош режаларини тузиб чиқади.

Рус қўшинлари босқинчиликни авж олдириб, 1868 йил 1 май куни Самарқанднинг Чўпонота тепалигида Бухоро қўшинларини енгишади, 2 майда эса Самарқанд шаҳри таслим бўлишга мажбур қилинади. Рус аскарлари Самарқанддан Бухоро томонга чиқишлари билан шаҳарда ғазоват бошланиб кетади. 2 июн куни шаҳар деворлари тагида Шаҳрисабз қўшини пайдо бўлганида озодлик қўзғолони авжига чиқади. Умархўжа ва Жўрабой бўлинмалари ҳеч бир қаршиликсиз Самарқандга кириб келишади, бу ерда уларга шаҳар аҳли ҳам қўшилади. 650 кишидан иборат рус гарнизони аскарлари қўрғонга кириб яширинадилар. Мужоҳидлар 5 кун давомида улар устига ҳужум уюштиришади. 8 июнда эса Кауфман қўшини шаҳарга бостириб киради ва унинг барча ҳимоячилари қатл этилади. Бухоро ва атрофидаги шаҳар, қишлоқларпи эгаллаш йўлида чор Россиясининт босқинчи аскар ва зобитлари Зирабулоқ тепалигида Бухоро амири Музаффарга қарши турадилар. Амирнинг 15 минг отлиқ, 6 минг пиёда ва 14 та тўпдан иборат кучлари генерал-губернатор К. П. Кауфман қўшинлари билан ниҳоятда оғир жангга киришади. Бу жангда Россия босқинчилари устун келаётганлигини сезган амир Музаффар бутун музофотни ғазоват урушига даъват этади (Қаранг: «Шарқ юлдузи» журнали. 1990, 8-сон, 185 -187-бетлар). Бироқ Зирабулоқдаги мағлубият, Самарқанд қўзғолонининг бостирилиши Бухоро билан бўладиган уруш тақдирини ҳал қилиб қўйган эди ва амирга Россия билан тузилган битимга имзо чекишдан бошқа чора қолмайди. Битим шартлари 1868 йил 23 июнда қуйидагича эди: Бухоро Россияга вассалликни тан олади ва 500 минг сўм уруш товонини тўлайди. Самарқанд ва Каттақўрғон вилоятлари Россияга бириктирилади. Бухоро чет давлатлар билан алоқа қилиш ва мустақил боғланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Шу йилнинг кузидаёқ Абдумалик бошчилигида кўтарилган қўзғолон ҳам истилочилар томонидан шафқатсизлик билан бостирилади.

1870 йили Искандаркўлда руслар уюштирган ҳарбий юриш натижасида Зарафшон тизмаси ҳам улар қўлига ўтади. Ўрта Осиёни босиб олиш тарихидаги навбатдаги босқич Хива хонлигини забт этиш эди. 1873 йил май ойи ўрталарида Туркистон, Оренбург ва Казказ губернаторларининг гуруҳлари Хивага яқинлашадилар. Россия қўшинини қайтаришга уринган хиваликлар тор-мор этилиб, рус қўшини шаҳарга деярли жангсиз кириб келади ва хон амалдорлари билан музокара олиб боради. Тинч йўл билан тузилган битимга кўра, Хива хони Муҳаммад Раҳим 1873 йилнинг 12 августидан эътиборан мустақил ташқи алоқалар олиб боришдан маҳрум этилади. Айни пайтда хонлик Россияга 22 миллион сўм уруш товонини тўлаши шарт қилиб қўйилади. Амударёнинг ўнг қирғоғида, хонлик пойтахтига яқин жойда ташкил этилган Петро-Александровск қўрғони (ҳозирги Тўрткўл) янада мустаҳкамланади. Хива хони қарамликда ушлаб турилган бир пайтда генерал Головачев бошчилигидаги жазо тўдаси туркманларни қириб, тор-мор қилишни давом эттиради.

Қўқон хони Худоёрхоннинг оғмачилик сиёсати туфайли учинчи ўзбек хонлиги ҳам ўз мустақиллигини оегина муддат сақлаб туролди, холос. 1874-1876 йилларда марғилонлик Ишоқ мулла Ҳасан ўғли бошчилигидаги қўзғолон натижасида Қўқон мустақилликдан маҳрум қилинди. Воқеа тафсилоти бундай. 1872 йилда бир гуруҳ норози феодаллар Худоёрхоннинг қариндошларидан бўлган Пўлатбекни тахтга кўтармоқчи бўладилар. У тахтдан воз кечгач, фитначилар розилиги билан Пўлатбек исмини олган Исхоқ мулла ғазоватнинг бошида туради. 1873 йилда унга Абдураҳмон офтобачи, Қўқоннинг собиқ ҳукмдори Мусулмонқулнинг ўғли, бундан ташқари Худоёрнинг тўнғич ўғли Насриддин, Андижон хокими ва унинг акаси Муродбек келиб қўшиладнлар. Кўзғолонни бостиришга ожизлигини пайқаган Худоёрхон «пуштипаноҳ император ҳазрати олийлари»нинг қудратига суянади ва Фон Кауфманга дўстона мурожаат қилиб, иложи борича тезлик билан Кўқонга рус қўшини ва замбаракларини юборишини сўрайди. Юртни сотганлиги учун Худоёрхон ва яқинларига қарши ғазоват эълон қилинади. Хурдоёрхон 1875 йил 2 июл куни ўз оиласи билан Тошкентга, рус элчихонаси паноҳига қочиб боради. Тарихчи олим Ҳ. Бобобеков «Қўқон хазинаси қаерда?» сарлавҳали мақоласида («Халқ сўзи» газетаси, 1991 йил 20 феврал) ёзишича, 1875 йилнинг ёзида Қўқон хони Худоёрхон 70 кишилик аҳли аёли, 500 га яқин ҳамроҳлари, 40 арава хазина билан Тошкентга Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфман ҳузурига паноҳ тортиб келади. Кауфман шу 40 арава халқ бойлигини олиб, Худоёрхоннинг ўзини Оренбургга сургун қилади. Кейинчалик хон Оренбург тутқунлигидан қочади. Тошкентдан чиққач, рус гуруҳи қўқонликларни Макарам қалъасида мағлубиятга учратади ва 29 августда Кауфман Қўқонга ғолиб сифатида кириб боради. Қўқон аъёнлари Худоёрнинг ўғли Насриддинбек бошчилигида ундан афв сўрайдилар. 22 сентябрда Кауфман билан битим тузилади. Бу битимга кўра Қўқон хони ўзини Россия императорининг қули деб тан олади ва генерал-губернатор рухсатисиз ҳеч қандай ташқи алоқалар ёки ҳарбий ҳаракатлар қилмасликка рози бўлади. Шундай қилиб, Қўқон феодаллари юртнинг эркини бой бериб, жонларини сақлаб қоладилар.

Хоннинг шармандали қочиши ҳақидаги хабар янги қўзғолонга сабаб бўлади. Бу гал унинг маркази Андижон эди. Қўзғолончилар Пўлатхон номи билан юрган Ишоқ муллани хон деб эълон қиладилар. Пўлатхонга қарши жўнатилган Кауфман отряди Андижон остонасида мағлубиятга учрайди. 1875 йилнинг 7 октябрида эса қўзғолончилар хон қўшинини енгиб, Қўқонни эгаллайдилар. Хўжандга, руслар паноҳига кочган исёнчилар 11 ноябрда Балиқчи яқинида генерал Скобелев аскарлари томонидан тор-мор этилади. Скобелев йўл-йўлакай қишлоқларга шафқатсизларча ўт қўйдириб, яксон қилдириб, олға бораверади. Андижон шаҳрини аёвсиз тўпга тутдириб, вайрон қилдиради, унинг ўз сўзларига қараганда, уч минг чоғли одам вайроналар тагида қолиб кетган. 9 январда Скобелев хароба Андижонга кириб борганида Пўлатхон қолган-қутган кучлари билан Учқўрғон қалъасига чекинганди. 1876 йилнинг 28 янваеига ўтар кечаси Скобелев томонидан юборилган отряд Учқўрғонни эгаллайди, барча ҳимоячилар ўлдирилади. Бу ердан қочиб улгурган Пўлатхон кўп ўтмай Марғилонда қўлга тушади.

Кауфман бир амаллаб халқ ҳаракатини бостиргач, Кўқонни мустақиллигидан маҳрум этшига аҳд қилади, 1876 йилнинг 19 февралида Қўқон хонлиги тугатилиб, унинг ўрнига Фарғона вилояти ташкил қилинади. Бўйсунмас қўқонликларни шафқатсиз қийратган жазо экспедитсиясининг бошлиғи генерал Скобелев эса ҳарбий губернатор қилиб тайинланади. Хуллас, Пўлатхон қўзғолони ўзбек халқининг ўз мустақиллигини сақлаб қолиш йўлидаги курашининг сўнгги босқичи бўлди ва шундан сўнг учала ўзбек хонлиги ҳам рус подшолигига тўла қарам бўлиб қолди.

Ўн мингдан ортиқ муриди бўлган Дукчи Эшон бошчилигидаги Андижон халқ қўзғолони (1898 й.) ҳам яқинларгача диний пардага ўраб, унинг синфий моҳияти яшириб келинди. Аслида эса бу чоризмнинг даҳшатли зулмига қарши олиб борилган миллий озодлик ҳаракати ва исёнкорлик кураши эдики, унинг натижасида қурбон бўлган, яраланган ва Сибирга сургун қилинган халқпарварларнинг аниқ сони маълум эмас. Айрим манбаларда мазкур қўзғолон қон билан бостирилгач, 226 киши ўлим, 777 киши эса қамоқ жазосига буюрилганлиги ёзилган, бошқа бир ҳужжатда 380 ватанпарвар ўлимга ҳукм этилиб, 208 киши Сибирга сургун қилинганлиги айтилади . Мустабид чор Россияси зулмига қарши андижонлик Дукчи Эшон бошчилигида бўлиб ўтган халқ қўзғолони бир жиҳати билан Россия тарихидаги Емелян Пугачев қўзғолонини эслатади.

Ўзбек халқининг асл ва ватанпарвар ўғли, етук олим Фозилбек Отабек ўғли Қозиев золим ва мустабид рус босқинчиларининг қонхўрлиги ва ваҳшийлигини фош этиб, «Дукчи Эшон воқеаси» (Ўздавнашр, Тошкент 1927 - Самарқанд) номли тарихий асар ёзди. Муаллиф ўз кўзи билан кўрган, билган воқеаларини холис бир муаррих сифатида қаламга олган. Кнтобнинг «Мингтепа қишлоғи», «Эшоннинг шакли ва ҳунари», «Кароматли меҳмонхона», «Ўт-оловсиз ош пишириш», «Чор ҳукуматининг қаршилик ҳаракати», «Эшоннинг ҳужумга ҳозирлик кўриши», «Халқнинг қўзғолонга чиқиши», «Андижон янги шаҳаридаги солдатларга ҳужум», «Оқ дўппи ила салла ҳалокати», «Эшоннинг қўлга тушиши», «Асир бўлғонлар ва қамалғон бечоралар», «Дор тагида», «Ҳукм кунлари», «Ўлим жазоси», «Кафан кийдириш», «Мингтепани тўпга тутиш», «Ўликфурушлар», «Вайрона ва «марҳамат» истибдодининг ўлими» маби боб ва бўлимларда чор Россиясининг Туркистондаги ва Андижондаги истилочилик тарихи батафсил баён этилган.

Муаллиф бегуноҳ одамларни ўлдириш, қамаш, уриб майиб қилиш, мўъмин бечораларни ҳақоратлаб, сазойи қилиш воқеасини шундай тасвирлайди: «Эшонга қарашли» деб кимни тутиб берса, бесўроғ қамайдилар. Хусусан, тоғлардан Элатия катталарини ушлаб келиб, ҳарбий бошлиғи ҳар кун беш-олтитасини турмадан олиб чиқиб, ўртага ётқизиб калтаклайдилар. Узун қамчи сопидек тут-қайрағоч шохлари билан бандиларни олиб чиқиб, аскарлар ўртасида яланғоч қилиб, лўнгга етқизиб, тўрт солдат босиб туради. Тўртови ўшал калтак билан орқасига урадир. Агар калтак синиб кетса, бошқасини олиб урадир. Қирқ-еллик марта урганча «дод» деб турадир, бундан сўнг овози чиқмайди, беҳуш бўлғондан кейин иккинчисини ётқизадир, бошқалари қараб турадир. Шу хилда ҳаммасини уриб бўлуб, ўлгани бўлса, бошқа қўюб, тирик бўлса, зўр билан юрғизиб, турмага олиб кирадир». (Фозилбек. Дукчи Эшон воқеаси. Ўздавнашр, Тошкент-1927- Самарқанд.)

Хуллас, эрк ва озодлик деб чор Россиясининг мустамлакачилик зулмига қарши чиққан ҳимоясиз, ҳуқуқсиз, қурол-яроғсиз бечора халқни чор чиновниклари, амалдорлари, бағритош ва бераҳм зобитлари, аскарлари ана. шундай беаёв жазолаганлар, таҳқирлаганлар. Уларни оддий ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум қилганлар. Туркистон ўлкасининг қаерида бўлмасин, Россия империясининг босқинчилик ва талончилик сиёсатига қарши кўтарилган ҳар қандай куч ўн ва юз баробар ортиқ ҳарбий куч зарбасига учрар эди. Яна бир мисол сифатида Туркманистоннинг Кўктепа қалъасидаги қонли фожиани эслайлик. Яна бир мисол сифатида сал орқароқ қайтиб, Россиянинг Ўрта Осиёни босиб олиши тарихидаги сўнгги ва энг қонли саҳифани - Туркманистоннинг Кўктепа ва Динглитепа қалъаларидаги мислсиз фожиаларни эслайлик.

Мажид Ҳасанийнинг “Юрт бўйнидаги қилич ёки истило” (Тошкент. «Адолат». 1997) китобидан олинди.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин