Саналар
21.12.2024
Баннер
Бухоро ва Россия ўртасидаги сулҳ шартномалари
PDF Босма E-mail

ГЕНЕРАЛ-АДЮТАНТ ФОН КАУФМАННИНГ БУХОРО АМИРИ ЖАНОБИ ОЛИЙЛАРИ САИД МУЗАФФАР БАҲОДУРХОНГА ТАКЛИФ ҚИЛҒОН СУЛҲ ШАРТЛАРИ

Аълоҳазрат Русия императори жаноблари ҳукуматига мансуб бўлган ерларга олдин руслар томонйдан ишғол қилинган Кошғар, Довон ва Нурота тоғлари шимолидан ташқари Оқ подшоҳ тобелигига ўтишини илтимос, қилган Самарқанд шаҳри ўз музофотлари билан кйради. Жануб томондан бу ўлка Шаҳрисабз тоғлари билан чегараланиб, Зарафшон водийси ва Нурота тоғлари ўртасидан ўтади. Бухоро билан бўладиган чегара эса, шу сулҳ битими Амир жаноби олийлари томонидан таклиф қилинган шартлар билан қабул қилиниб, улар ўз муҳрларини босиб қайтаргандан сўнг аниқланади. Шундан сўнг чегара ғарб томондан Нурота тоғларининг энг баланд жойидан ва Бухоро ҳудудида жойлашган Нурота қалъасидан ўтади. Шу ердан Қизилқум саҳроси ўртасидан ўтиб, Бўкантбв орқали Янгидарё қуйилишигача етади.
Ҳамма рус фуқаролари, қайси динда бўлишларидан қатъи назар, Бухорога ва унинг бошқа шаҳарларига бориб савдо қилиш ҳуқуқига эга бўладилар, Бухоро амирининг фуқаролари ҳам илгаригидек Русия империяси билан савдо қилишларига ижозат берилади.
Амир жаноби олийлари Русия фуқароларини карвон ва барча мол-мулклари билан муҳофаза қилиб, уларни ўз мулки ҳудудида хавфсизлигини назорат этади.
Русия тожирлари учун Бухоро шаҳарларида ва улар хоҳлаган жойларда, ўз товарларини сақлаш учун карвон саройлар қуришларига ижозат берилади. Русия шаҳарларида ҳам Бухоро тожирлари учун шундай ҳуқуқ берилади.
Савдо ишлари тўғри боришини ва қонуний бож олинишини назорат қилиш учун рус тожирлари хоҳишларига қараб Бухоро амирлигининг ҳар бир шаҳарида уларнинт карвонбошилари бўлишига ҳуқуқ берилади. Туркистон ўлкасига қарашли шаҳарларда Бухоро тожирларига ҳам шундай ҳуқуқ берилади.
Русия еридан Бухорога ва ёки Русияга шу ердан борадиган ҳамма товарлардан Туркистон ўлкасида олинадиган миқдорда, ҳар ҳолатда Бухоронинг мусулмон фуқаролари билан бир хил, яъни товарнинг-умумий қийматидан 2,5 фоиз миқдорида бож олинади.

Бу шартлар Самарқанд шаҳридан 1868 йил 11 май куни жўнатилган.
Туркистон Генерал Губернатори ва Туркистон ҳарбий округи қўшинларининг қўмондони Генёрал-адютант фон Кауфман имзоси.

БУХОРО АМИРИ ЖАНОБИ ОЛИЙЛАРИ САИД МУЗАФФАР БАҲОДУРХОНГА ГЕНЕРАЛ-АДЮТАНТ ФОН КАУФМАН ТАКЛИФ ҚИЛГАН СУЛҲ ШАРТЛАРИГА ИЛОВАЛАР

Русия императори аълоҳазрат жаноблари ва Бухоро амири жаноби олийлари мулкларининг чегара чизиғи жанубда Шаҳрисабз тоғларининг энг баланд жойларидан Зарафшон водийсига туташади, сўнгра Каттақўрғон ғарбидан бошланиб, Зарафшон водийси ўртасидан ўтади ва Оқтов, Нурота тоғлари билан кесишади. Сарҳад кейин Нурота тоғларининг энг баланд чўққиси орқали ўтади- Нурота қалъаси эса Бухорода қолади. Шу ердан бошлаб, яъни Қизилқум саҳросидан то Бўкантовгача, шунингдек, мазкур тоғлардан Янгидарё этакларига қадар бўлган жойлар ҳам Русияга ўтади.
Шу чегара чизиғидан Шимол ва Шарқ томонда жойлашган ҳамма ерлар Аълоҳазрат Русия императори жаноблари тасарруфи ва тобелигига ўтади ва шу чизиқдан жануби ғарбдаги ерлар Бухоро амири жаноб олийлари ихтиёрида қолади.
Сулҳ имзолангандан кейин, чегара чизиғи Бухоро амири жаноби олийлари юборадиган элчи ва Туркистон генерал-губернатори тайинлайдиган ваколатли шахсдан иборат бўлган махсус ҳайъат томонидан белгиланади. Чегарани аниқлаш ҳайъатига Русия императори кўшинидан посбонлар тайинланади.
Генерал-адютант фон Кауфман таклиф қилган ва Бухоро амири жаноби олийлари қабул қилган 2, 3, 4, 5 ва 6 сулҳнома шартлари ўзгартирилмайди.

Бу иловалар Каттақўрғондан 1868 йил 23 май куни юборилган.
Туркистон генерал-губернатори ва Туркистон ҳарбий округи қўшинларининг қўмондони генерал-адютант фон Кауфман имзоси.

ГЕНАРАЛ-АДЮТАНТ ФОН КАУФМАН ТОМОНИДАН БУХОРО АМИРИ ЖАНОБИ ОЛИИЛАРИ САИД МУЗАФФАР БАҲОДУРХОНГА ТАКЛИФ ҚИЛГАН СУЛҲНОМА ШАРТЛАРИНИНГ МАХФИИ ИЛОВАЛАРИ

Бухоро Амири Жаноби олийлари Русия даолати билан чин дўстликда яшаш ва жаноби аълоҳазрат Русия империяси подшоҳи аъзамнинг ҳомийлигини олиш учун шу йилдаги жанг харажатларини қоплаш учун 125000 тилла миқдорида товон тўлайди.
125000 тилла пул ё кумуш билан тўланади ва ҳар бир тилла 20 танга ҳисобланади.
Жаноби олийлари шу шартларга имзо чеккандан сўнг Русияга тўланадиғон 125000 тилла ҳисобидан зудлик билан 10 минг тилла ундирилади. 90000 тилла 1868 йилда 21 майдан бошлаб 30 кун ичида тўланиши шарт. Қолган 25000 тилла кейинроқ, бир йил ичида тўпланиши керак.
Бухоро амири жаноби олийлари беклар чегарадан Русия давлати ҳудудига ўтуб қароқчилик қилмаслигини назорат этади. Улар Русия ҳукумати билан дўстлик муносабатида бўлишлари лозим.
Туркистон генерал-губернатори ўз томбнидан Русия ва Бухоро билан дўстлик муносабатларини кейинчалик иккала ҳукумат ва давлатнинг бахт ва саодати йўлида ривожлантириш учун ҳамма чораларни кўради.

Бу шартлар Каттақўрғондан 1868 йил, 23 май куни жўнатилган.
Туркистон генерал-губернатори ва Туркистон ҳарбий округи қўшинларининг қўмондони генерал-адютант фон Кауфманнинг имзоси.
«Правительственньж вестник», 1872, № 238

ТУРКИСТОН ГЕНЕРАЛ-ГУБЕРНАТОРИ, ГЕНЕРАЛ-АДЮТАНТ ФОН КАУФМАН ВА БУХОРО АМИРИ САИД МУЗАФФАР ЎРТАЛАРИДА ТУЗИЛГАН АҲДНОМА

1-модда. Русия подшоҳи жаноблари Императори аъзам ва Бухоро Амири жаноби олий мулкларининг ўрталаридаги чегара чизиғи ўзгармайди.
Амударёнинг сўл соҳилидан бошлаб Хева ерлари рус мулкига қўшилгандан сўнг ҳамда Бухоро Амири ва Хева хонининг илгариги ғарбий чегаралари, яъни Амунинг сўлидаги Холота мавзеидан Гугертли тўқай томонига борадиган чегара бекор қилинади.
Бухоро амирининг мулкига илгари Бухоро ва Хева чегараси бўлган Амударё соҳйлининг сўл томони: Гугертлидан то Мишекли тўқайгача ҳамда Мишеклидан бошлаб илгариги Бухоро ва Хева чегараси ва Русия давлати чегарасигача бўлган ҳудуд ўтади.
2-модда. Хева хонлигидан Амударё соҳилининг сўл қисмидаги ерлар ажратиб олингани учун Бухородан шимолдаги рус ерларига борадиган ҳамма карвон йўллари фақат Бухоро ва Русия ерлари орқали ўтади.
Ҳар иккала ҳукумат Бухоро ва Русия ўз ерлари ҳудудида карвонлар ва тижоратни муҳофаза қилиш устидан назорат ўрнатадилар.
3-модда. Амударёнинг Бухоро амирига мансуб бўлган қисмида Бухоро кемалари билан бир қаторда Русия давлати кемалари ҳамда хусусий кемалар учун эркин сузиш ҳуқуқи берилади.
4-модда. Амударёнинг Бухоро давлатига тегишли соҳилларида руслар хоҳлаган қулай жой-ларда омбор ва бандар қуриш ҳуқуқига эгадирлар. Бу омбор ва бандарларни ҳимоя қилиш ишла-рини Бухоро ҳукумати ўз зиммасига олади. Бандар қурилиши учун белгиланган жойларни Туркистондаги русларнинг олий ҳукумати тасдиқлайди.
5-модда. Бухорр амирлигидаги ҳамма шаҳар ва қишлоқлар рус савдоси учун очиқдир. Рус тожирлари ва рус карвонлари амирлик ҳудудида эркин ҳаракат қилиб, маҳаллий ҳокимлар томонидан махсус ҳомийликка олинади. Рус карвонларининг Бухоро ҳудудидаги хавфсизлиги учун Бухоро ҳукумати жавоб беради.
6-модда. Русияда Бухорога ёки Бухородан Русияга олиб бориладиган рус тожирларининг ҳамма моллари умумий қийматидан 25 фоиз миқдорида бож олинади, Туркистон ўлкасида эса 1,40 қисм миқдорида бож олинади. Бу закотдан бошқа солиқ олинмайди.
7-модда. Рус тожирлари Бухородан бошқа қўшни жойларга солиқсиз товар олиб бориш ҳуқуқига эгадирлар.
8-модда. Рус тожирлари зарур ҳолатларда Бухоро шаҳарларида товарларини сақлаш учун карвонсаройлар қуришга ҳуқуқлидирлар.
9-модда. Савдо жараёни тўғри бориши ва солиқ олишнинг қонуний бўлиши учун ҳамда маҳаллий ҳукумат билан тижорат ишларини олиб бориш учун рус тожирлари Бухоро шаҳарларида тижоратхона очишга ҳақлидирлар. Бухоро тожирлари учун Туркистон ўлкасида ҳам шундай ҳуқуқ берилади.
10-модда. Русия ва Бухоро ўртасидаги савдо мажбуриятлари ҳар иккала томонлама муқаддас саналади ва бузилмаслиги шарт. Бухоро ҳукумати савдо ва умуман тижорат ишлари одилона бўлишига кафолат беради ҳамда улар устидан назорат қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
11-модда. Русия тобелари Бухоро фуқаролари билан бир қаторда Бухорода шариат талабларига қараб, ҳар хил иш ва касблар билан машғул бўлиши ҳуқуқига эга бўладилар. Бухоро фуқаролари ҳам рус мулкларида Русия қонунлари ижозат берган барча фаолият турлари билан шуғулланишга ҳақлидирлар.
12-модда. Русия тобелари амирлик ҳудудида хусусий мулк, яъни уй, боғ, ер сотиб олишга ҳуқуқлидирлар. Бу мулкдан Бухоро фуқаролари билан бир хилда хирож олинади. Шундай ҳуқуқдан Русия империясида Бухоро фуқаролари ҳам фойдаланадилар.
13-модда. Русия тобелари рус ҳукуматининг чегарадан эркин ўтишга доир ижозатномаси билан Бухорога келадилар: улар амирликнинг ҳамма жойларига бориш ҳуқуқига эга бўлиб, Бухоро ҳукуматининг махсус ҳомийлигидан фойдаланадилар.
14-модда. Русия ҳукуматидан ижозати бўлмаган, қайси халққа мансублигидан қатъий назар, ҳар хил кимсаларни Бухоро ҳукумати қабул қилмайди. Агарда Русия тобеларидан қонун йўли билан таъқиб этилаётган бирон бир жинояткор Бухоро ҳудудида яширинса, Бухоро ҳокимияти томонидан бундай кишилар тутиб олиниб, рус хукуматига топширилади.
15-модда. Ўрта Осиёдаги русларнинг олий ҳукумати билан яқин ва доимо муносабатда бўлиш учун Бухоро Амири ўзининг ишончли кишиларидан бирон шахсни Тошкентда доимий ва ваколатли элчи қилиб тайинлайди. Бу ваколатли элчи Тошкентдаги амир ҳовлисида Амир ҳисобидан яшайди.
16-модда. Русия ҳукумати ҳам Бухорода ўз доимий намояндасини Амир жаноби олийлари ҳузурида тайинлаши мумкин. (Бухородаги Русия ҳукуматининг вакили Русия ҳукумати ҳисобидан яшайди.)
17-модда. Русия империяси Подшоҳига ёқиш ва Императори аъзам жанобларининг обрўсини кўтариш учун Амир Саид Музаффар жаноби олийлари қарор қилади: бугундан эътиборан Бухоро ҳудудида абадул-абад инсонпарварлик қонунига зид бўлган одамлар билан савдо қилиш бекор қилинади. Шу қарорга биноан Саид Музаффар ўзининг бекларига шу мазмунда қатъий буйруқ жўнатади: агарда Бухоро чегарасидаги шаҳарлар юқорида зикр этилган фармонга қарши Бухоро фуқаролари учун бошқа қўшни давлатлардан қуллар олиб келтирса, улар билан савдо қилиш хат орқали тўхтатилади. Амир фармонига риоя этмай олиб келтирилган одамлар эса ўз хўжайинларидан тортиб олиб, озод этилади.
18-модда. Саид Музаффар чин қалбдан дўстлик ва қўшничилик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун Русия ва Бухоро ўртасидаги дўстона шартномани ҳамда 5 йилдан буён амал қилиб келаётган 17-моддани Бухоро саодати учун қўлланма сифатида қабул қилади. Бу шартнома икки нусхада, икки тилда рус ва туркий тилларда ёзилди. Тасдиқлаш нишонаси учун Саид Музаффар ўз муҳрини босди ва уни ўзига ва ворислари учун қўлланма сифатида қабул қилди.
23 сентябрь 1873 йил, 1290 йил шаъбон ойининг 19-куни.

«Правительственний вестник» 1873, № 300.
Рус тилидан Шодмон ВОҲИД таржимаси

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин