Саналар
05.10.2024
Баннер
Шайбоний Абдулмўмин
PDF Босма E-mail

Шайбоний хонлари ичида ҳаёти фожиа билан интиҳо топган шахслардан бири шаҳзода (умрининг сўнгги олти ойида хон) Абдулмўмин (1567-1598) ҳисобланади. У шайбонийлар давлати олий ҳукмдори яъни, Бухоро хони Абдуллахоннинг яккаю ягона ўғли ва тожу тахт вориси эди. Абдуллахон унга ҳали болалигидаёқ хон унвонини берганлиги боис уни «Кичик хон» деб атардилар. Абдуллахоннинг ўзи эса «Улуғ хон» деб зикр этиларди.
1572 йил Абдуллахон Балхни эгаллади ва орадан ўн йил ўтгач, яъни 1582 иил ўн беш ёшли ўғли Абдулмўминни Балх ҳокими этиб тайинлади. Абдулмўмин ҳали ёш бўлганлиги учун амир Жонкелдибийни унга оталиқ этиб белгилади. Унга қадар шаҳар ҳокими Абдуллахоннинг амакиваччаси Динмуҳаммадхон эди. Абдуллахоннинг ўз ўғли Абдулмўминни Балхга юбориши Динмуҳаммадхонни катта ташвишга солди. Чунки Абдулмўмин ҳарбий қўшин билан Балх томонга отланган эди. Динмуҳаммадхон дин аҳлидан бўлган он ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Зоҳидга (тахаллуси Махдуми бозорча, вафоти 1594 йил) мурожаат этиб ундан иккала томонни муросага келтиришни илтимос қилади. Илтимосга мувофиқ Мавлоно Муҳаммад Зоҳид Абдулмўмин ҳузурига келиб, унга Динмуҳаммадхон ўзини Абдулмўминга тобе деб ҳисоблашини етказади. Бунга жавобан Абдулмўмин Динмуҳаммадхоннинг гаплари рост бўлса ҳеч қандай ташвиш тортмасдан ўз олдига келишини, агар у истаса Балхни унга қолдириб, ўзи Хуросонга кетишини ва ёхуд Хуросон ҳукмдорлигига талабгор бўлса, унинг бу истагини ҳам амалга оширишга тайёр эканлигини билдиради. Абдулмўмин Динмуҳаммад томонидан элчи қилиб юборилган шайхни, яъни Мавлоно Муҳаммад Зоҳидни турли совғалар билан сийлайди. Динмуҳаммадхонга эса шайх орқали қимматбаҳо тўн инъом этади. Мавлоно Муҳаммад Зоҳид бошчилигидаги элчилар гуруҳи Динмуҳаммадхон ҳузурига келиб Абдулмўминнинг сўзларини етказгач, Динмуҳаммадхон Абдулмўминнинг бу илтифотини заифлик деб ҳисоблаб, тезда унга қарши қўшин тортишга фармон берди. Унинг бундай йўл тутиши шайхнинг қон тўкилишининг олдини олиш учун қилган саъй-ҳаракатларини чиппакка чиқарди. Ғазабга минган Абдулмўмин Балхга ҳужум қилиб, ўн ой давом этган қамалдан сўнг уни забт этишга муваффақ бўлди. Бўлиб ўтган жангларда Динмуҳаммадхон ҳалок бўлди.
Балхнинг тўла ҳукмдори бўлиб олган Абдулмўмин қатор ободончилик ишлари олиб борди. Вайрон бўлган Балх қалъасини ўта қаттиққўллик билан олти ой ичида қайта тиклади. Иш давомида дангасалик қилган кишилар оғир жазоланди. Балх қалъасининг олд қисми, Хўжа Аноши мақбараси, Бобо Жонбоз чорсуи ва бошқа бинолар Абдулмўмин буйруғи билан таъмир этилди.
Абдулмўмин табиатидаги енгилтаклик, чуқур мулоҳаза қилмай иш тутиш гоҳида уни адаштирарди. 1588 йил унинг томонидан Жўйбор хўжаларининг йирик вакили, тариқат аҳли илтифотлари ила чулғанган, машҳурлик бобида якто Хўжа Саъд (1531-1589) мулкига нисбатан зўравонлик содир этилди. У Хўжа Саъднинг Балхдаги мулк ерларини эгаллади. Шу даврда Андхуд вилоятида бўлган Абдуллахонга бу хабар етгач, у ўғлининг қилмишидан қаттиқ асабийлашиб, ҳатто ўзини отдан ташлаб юбориш ҳолатигача бориб етади. Сўнгра зудлик билан Бухорога, Хўжа Саъд номига мактуб йўллаб, Абдулмўминнинг бу ножўя ҳаракатини кечиришни сўрайди ҳамда ўз фарзандига насиҳат қилганлиги ва қаттиқ сўзлар айтганлигини баён этади.

Шаҳзода Абдулмўмин исломнинг шиа йўналишини расмий дин сифатида қабул қилган Сафавийлар давлати (1502-1736) билан бошқа шайбонийзодалар сингари муросасиз кураш олиб борди. 1589 йил у Машҳадга юриш қилиб, уни қамал этди. Қамалда қолган машҳадликлар шаҳарни топшириш шартлари тўғрисида Абдулмўмин билан келишиб олиш мақсадида унинг олдига ўз вакилларини юборишди. Лекин Абдулмўмин буйруғи билан музокарага келган вакил қатл этилди. Тўрт ойлик қамалдан сўнг Машҳад эгалланиб, уч кун мобайнида таланди, ёндирилди. Асирга олинган кишилар Мовароуннаҳрга жўнатилди. Муқаддас Али Ризо мозори яқинида дафн этилган Шоҳ Тахмосп (1524-1576) қабри бузиб ташланиб, унинг суяклари ғайридиннинг суяклари сифатида ёндирилди. Шаҳзода Абдулмўмин ўз бобокалони Муҳаммад Шайбонийхоннинг (1451-1510) сафавийлар томонидан таҳқирланган жонсиз жасади учун ўч олди.
1590 йил олий ҳукмдор Абдуллахон Ҳиротни сафавийлардан тортиб олди. Абдулмўминнинг кўнглида Ҳирот тахтига нисбатан даъвогарлик ҳисси бор эди. Лекин унинг хоҳиш-истагига қарши ўлароқ отаси Ҳирот ҳукмдорлигини ўзининг энг яқин амалдорларидан бири Қулбобо кўкалдошга ҳадя этди. Ўғли ранжимаслиги учун эса унга Термиз ва Кўлоб ҳукмдорлигини берди. Лекин Абдулмўминни бу шаҳарлар ҳукмдорлиги қаноатлантирмади ва оқибат-натижада ота ва ўғил ўртасига совуқчилик тушди. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, ота ва ўғил ўртасидаги муносабатларнинг бузилишига Абдуллахоннинг ўз Хуросон ноибларига Абдулмўминга итоат этмаслик ва қулай пайтда уни жисмонан йўқ қилиш тўғрисида буйруқ берганлиги ҳамда Нисо ва Обивард ҳукмдорларини Абдулмўминга қарши курашга даъват этганлиги сабаб бўлган.
Ота ва ўғил ўртасидаги ихтилофлар 1597 йилга келиб кескин тус олди. Абдулмўмин энди отасига қарши очиқ ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборди. Шу йилнинг кузида Абдулмўмин ўз кушинлари билан Амударё бўйида чодир тикди. Самарқандда турган Абдуллахон эса ўз қўшинларини Насаф (Қарши) атрофига тўплай бошлади. Лекин Бухоро ва Балх шайху уламолари аралашуви билан томонлар ўртасида сулҳ тузилди. Шундай бўлса-да қўшинлар Абдуллахон вафотига қадар ўз жанговар ҳолатларида туравердилар.
1598 йилнинг 8 февралида Абдуллахон Самарқандда вафот этди. Унинг вафоти тўғрисида манбалар маълумоти турлича. Аксарият манбаларда Бухоро хони Абдуллахон ўз ажали билан вафот этганлиги қайд этилади. Жўйбор хўжалари хонадони вакили – мақомотнавис Муҳаммад Толибнинг «Матлаб ат-толибин» (Мақсад изловчилар) асарида келтирилишича, Абдуллахон ўз ўғли Абдулмўмин буйруғи билан Боқимуҳаммадбий номли шахс томонидан заҳарлаб ўлдирилган. Лекин муаллиф бу маълумотни бировлардан эшитганлигини қайд этади ва тахминий эканлигига ишора қилади.
Отасининг вафоти ҳақидаги хабарни эшитган Абдулмўмин тезда Бухорога етиб келиб, тахтни эгаллади. Тахтга ўтиргач, отасининг барча яқин амалдорларини қирғин қилишга киришди. Унинг буйруғи билан Қулбобо кўкалдошнинг бўйнига кунда урилиб, Ҳиротдан Бухорога келтирилди ва қатл этилди. Абдулмўминнинг қаттиққўллик билан юргизган сиёсати Абдуллахон тарафдорларини бефарқ қолдирмади ва ҳукмронлигидан олти ой ўтгач, яъни 1598 йил ёзида Абдулмўмин бир гуруҳ фитначилар томонидан ўлдирилди. Хонни, яъни Абдулмўминни ўлдириш шу икки кишига топширилди. Булар Абдулсамадбий ва Муҳаммадқулибийлар эди. Шундан сўнг фитначилар ов қилишни баҳона қилиб, Абдулмўминхонни Зомин томонга олиб бордилар. Хон албатта, фитнадан бехабар эди. Кечқурун фитначилар хондан яширин равишда ўтиш қийин бўлган бир тор жойни танлаб, уни сувга тўлдирадилар ва икки томонидан ҳандақ қазиб, унга юқоридаги икки қотилни жойлаштирдилар. Эрта тонгда хонни отга ўтқизиб ов баҳонасида шу жойга етиб келдилар. Сувдан ўтаётганда хонга ифлос сувларни сачратмасликни важ қилиб, фитначилар атайлаб хондан орқада қолдилар. Хон қатл учун тайёрлаб қўйилган жойга етиб келгач, яшириниб ётган Муҳаммадқулибий ҳандакдан чиқиб, хонга камондан ўқ отди. Ўқ келиб хоннинг биқинига санчилди. Шунда иккинчи қотил ҳам камондан ўқ отиб, хонга жароҳат етказди. Хон отдан ерга қулаб тушгач, иккала қотил ҳам югуриб келиб, хоннинг калласини чопиб ташлашди .
Абдулмўминхоннинг ўлими Мовароуннаҳрда юз йилдан ортиқроқ ҳукмронлик қилган Шайбонийлар сулоласи инқирозининг ибтидоси эди.

Ҳалим Тўраев
Бухоро Давлат университети доценти,
тарих фанлари номзоди

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин