Саналар
30.12.2024
Баннер
Туркий ва суғдийларнинг Шарқий Туркистон воҳалари ва Хитой билан муносабати
PDF Босма E-mail

Ипак йўли хитойликларни на фақат Даван (Фарғона)га, балки бутун Ўрта Осиёга  қизиқишини кучайтирган. Шу боис Хитой императорлари ўз сайёҳлари (Сон Юн, Сюан Цзян, Хой Чао кабилар)ни Ўрта Осиёга йўллаб, улар орқали маълумотлар тўплаган.


Хитой - Суғд савдо муносабатлари мил. авв. IV - III асрдан ўрнатилган эди. Айни шу даврдан Шарқий Туркистонда тижоратчи муҳожир  суғдийларнинг колониялари пайдо бўлди. Бу жараён кейинги асрларда яна тезлашди. 197 йилга оид суғдий мактублар тўплами “Кўхна хатлар”да (2-хат) Хитойнинг Лоян (суғдча s’r - Сарағ) ва Чанъан (суғдча  ’wmtn -  Ахумтан)дан то Цзюцюан (суғдча cwc’n - Чучан)гача боғлаган ҳудудда жойлашган суғдийларнинг колониялари ҳақида маълумотлар учрайди. 
Илк ўрта асрлар, 350 йилларгача суғдий савдо манзилгоҳлари асосан тижорат мақсадларида барпо этилган бўлса, 350-750 йилларда бу манзилгоҳлар аҳамияти сиёсий, иқтисодий ва маданий даражага кўтарилди. Э.Г. Пулейблэнк: “Улар (суғдийлар) нафақат моҳир савдогар, балки мусаввир, ҳунарманд ва янги дин тарғиботчиси эди. Суғдийлар Марказий Осиёга тарқалиб, Ипак йўли бўйлаб жойлашиб, Хитойнинг ички вилоятлари ҳамда кўчманчилари орасига кириб бордилар. Шулардан бири суғдийларнинг туркийларга цивилизацион таъсири эди” деб, таърифлайди.
V аср 20-50 йилларида Шимолий Вэй (386-550) сулоласи ҳукмдорлари Ўрта Осиёга - Эфталлар ҳузурига уч бор элчилар юборган. 425 йилдаги миссияга Ван Эншен ва Хэй Ван, 437-438 йилларда Туе Юань ва Шао Мин, 444-453 йилдаги миссияга Чжечжиба бошчилик қилган. Бу элчилар Суғд пойтахти Самарқанд ва ихшидлар қароргоҳи Маймурғга ташриф буюришган. Элчиларнинг ҳисобати эса кейинги алоқалар учун муҳим ҳсобланган. Хусусан,  суғдийларда тужжорлик маҳорати эрта шаклланиши ҳақида  Хитой императори Ян-ди (605-617)нинг элчиси Вэй Цзе ўз ҳисоботида: Самарқанднинг “барча аҳолиси асл савдогар, ўғилларини беш ёшга тўлгандан савдога ўргатадилар. Бола ўқишни бошлагач, уни савдо ишларидан таълим олишга соладилар. Нафъ кўриш аҳолисининг кўпчилиги томонидан қадрланади” деб, ёзган эди. Шу хислат суғдийлардан туркийларга ва айниқса, уйғурларга  ўтди. Бунда асрлар давомида Ўрта Осиё ва Шарқий Туркистон аҳолиси орасидаги ягона этномаданий макон, ўз таъсирини кўосатган эди.
Турк хоқонлиги қарор топишига Ганьсудаги суғдий манзилгоҳларнинг вакиллари астойдил ҳаракат қилганлар. Улар жануб, шарқ ва шимолга йўналган савдони ўз қўлларига олган эдилар. Турк хоқонлиги Хитойнинг Суй сулоласини мағлуб этиши, суғдийларнинг Кумул шаҳри яқинидаги  Хами вилоятини назоратга олишга ва у ерда хоқонлик бошқарувини жорий этишга имкон берган. Самарқандлик Кан Суми Ордосдаги Бэйан округи губернатори- духу-фу лавозимига тайинланган. Бу ҳудудларга Суғддан муҳожирларнинг келиши давом этган. 630 йилда “улуғ сардор” бухоролик Ан Тухан  5 минг суғдийни шимолий Хитойга олиб келиб жойлаштирди. VII асрнинг 2- ярмида самарқандлик Кан Ян-тян гуруҳи Тарим сойи шарқдаги Лоб Нор кўли атрофидаги ташландиқ шаҳарга ўрнашиб, бу ерда учта қишлоқни бунёд этди. Улардан бири Путаочэн – Узумзор деб аталган. Узум ва май p’u-tao хитой ва япон тилларига суғдий bu-dav (аниқроғи ww) орқали кириб борди.  VII асрдан сўнг суғдийлар нуфусини янада оширди. Дуньхуандан топилган ҳужжатларда VII -VIII асрларда Лоб Нор кўли жанубида тўртта суғдийлар шаҳри бўлганлиги айтилади. Суғдийлар карвон йўллари бўйлаб яна  ўнлаб шаҳар ва қишлоқларни бунёд этдилар. Асосий манзилгоҳлари стратегик аҳамиятга эга Ордос ва Шанси ўлкалари оралиғидаги Лучжоу, Личжоу, Ханчжоу, Сайчжоу ва Ичжоуда жойлашди. Жумладан, Култегин битиктошининг 24 қаторида : sekiz jegirmi jashima alti chub \ sogdaq\... tapa suladim – “ўн саккизинчи йилда мен олти суғд ўлкасига юрдим”, деб ёзилган. Бу “олти суғдийларга қарашли вилоят”лар гарчи Турк хоқонлиги таркибида бўлса ҳам, уларнинг ҳавфсизлиги мақсадида Турк хоқонлари у ерга ўз ҳарбий кучларини юбориб турган. Бу шаҳарлардаги суғдий савдогарлар хитой савдогарлари билан рақобат қилиб, уларнинг савдо ишига ҳам ижобий таъсир этишгн.
603 йилда Турк хоқонлиги Шарқий ва Ғарбий қисмларга бўлингач ҳам муҳожир суғдийлар Шарқий Турк хоқонларига хизмат қилди. Жумладан,  Ан (бухоролик) Суй-цзе  Дулан-хоқоннинг сарой маслаҳатчиси бўлган эди. Бу даврда суғдийлар туркийларнинг на фақат иттифоқчиси, балки таркибий қисмига айланди. 607 йилда Хитой жосуси Ли Пэн ўз саройига жўнатган номасида: “ Турклар соддадил бўлганликлари учун узоқни кўролмайдилар ва улар орасига нифоқ солиш мумкин. Аммо улар ичидаги кўплаб суғдийлар ўта айёр ва муғомбирдирлар. Ўшалар туркларга ўргатиб, йўналтириб туради” деб, ёзган эди. Чунки суғдийлар Турк хоқонлигининг мустақил сиёсат юритиши ва минтақада етакчи бўлиб туришидан манфаатдор эди.
Суғдийлар учун Хитой билан савдо қилиш осон кечмаган. Хоу Жэн-чжининг ёзишича Хитой маъмурлари тужжорларга нисбатан: “тўлов йўқ, савдо йўқ, тўлов бор-савдо бор” сиёсатини олиб борган.  630 йилда хоқонлик таназулга учраб, минглаб суғдий ҳунарманд, савдогар ва деҳқонлар хитойликлар томонидан асир олиб кетилган. Жойлардаги суғдийлар эса Хитойга  солиқ тўлашга мажбур этилган. 691 йилда Шарқий Турк хоқони Қапоғон (Мочжо) хоқон Хитой девори нариги томонидаги суғдийларни қайтариш мақсадида ҳарбий куч ишлатиб, асирларнинг авлодларини олтмиш йиллик (631-691йй.) тутқинликдан сўнг ортга қайтарди. Бу туркий ва суғдий биродарлик намунаси эди. Аммо кейинчалик Тан императори Тай-цзун (Ли Шимин) (726-749) суғдий муҳожирлар яшайдиган айрим ҳудудларни яна эгаллади. Суғдийлар эса барча вазиятларнида ўз фаолиятларини давом эттиришга ҳаракат қилаверганлар.
Уйғур хоқонлиги давридаги акс аксарият пойтахт шаҳарлар Ўрта Осиё шаҳарсозлик маданияти услубида бунёд этилишида суғдийларнинг катта хизматлари бўлган. Жумладан, пойтахт Ўрдўбалиқ, Баёнчўр хоқон(747-759) Селенга бўйига қурдирган Бойбалиқ, Буғу хоқон (759-779) нинг Урхун дарёси бўйидаги Балиқ, Уйғурбалиқ, Қораболғасун шаҳарлар,  Хангай қароргоҳи ва Тувадаги шаҳар қалъалари қад ростлади. Хемчик ва Улуғ Хем (Енесей) водийларида Элтутмиш Билга хоқон буйруғи билан 750-751 йилларда хакаслардан ҳимояланиш мақсадида суғдлик меъморлар ва қурувчилар томонидан  Ўрта Осиё анъанасида мудофаа девори тикланиб, бу шаҳар Кемижкет деб номланди. Барча шаҳар - қўрғонлар кенг мудофаа деворлари билан ўралиб, қўрғонлари ичидаги қалъаси учун алоҳида девор тортилган. Шаҳарлар атрофида  эса Ўрта Осиё шаҳарсозлик услубига хос боғлар бунёд этилган. Жумладан, Қораболғасун “шаҳар аҳолиси турклар ва оловга топинувчилар (зардуштийлар – А.О.) ҳамда зиндиқ (монувий)лардан иборат” бўлган. Дунгхуандаги 13 та суғдийлар қишлоғида ҳам оловга сиғиниш ибдатхоналари бўлган. X асрда ҳам Турфондаги бешта “бектегин” қишлоғи суғдийларга тегишли бўлиб, аҳолиси христиан, зардуштий ва сабий (моний ёки буддавий) динига эътиқод қилган. Бу минтақадаги диний муроса ва бағрикенгликдан далолат берарди.
VI асрда ёзилган   “Вэй шу” солномасига кўра, суғдийлар ерли рузие (юэчжи)лар, саклар ва турклар билан этник қариндош бўлиб, уларнинг азалий ватанлари Орол ва Каспийнинг шимолий соҳиллари бўлган. Бундай яқинлик турк-суғд симбиози учун муҳим омил ҳисобланган. Хитой императорларининг туркийларни қарам қилишга қаратилган сиёсатини барбод бўлишида ва хоқонликларининг мустақил сиёсат юритишида суғдий маслаҳатчилар катта ўрин тутган дейиш мумкин.
Хитой ичкарисида муқим қолган суғдийлар Хитой иқтисоди ва маданияти ривожига ҳам таъсир ўтказди. Хитой пойтахти Чанъан (Сиан)га ўтиладиган йўл - Хэси коридори Гансу ўлкасидаги энг қулай жой бўлиб, бу ердаги савдо даромади асосн ҳудуд хавфсизлигига сарфланган. Хэсини Хитой тарихчиси  Ли Минвэй: “ўзига хос  мустақил ёки ярим мустақил, барқарор ҳудуд” деб, таърифлайди. Бу ердаги Гуочжоу (Анси), Сучжоу (Жючюан), Шачжоу (Дунгхуан), Ганчжоу (Чжангъе), Лянгжоу (Увэй) ва Ланчжоу (Гансунинг маркази) каби туманларда аксарият суғдийлар яшаган. Бу ҳудуд урушлардан ҳоли этилиб, савдо қилишга имконият яратилган. Хитой тарихчилари Ванг Чжэнгъя, Гуан Лянжи, Ли Минвэй, Чэн Айчжу, Жин Юэ кабилар: “Хитой ва Ғарб ўртасидаги  алоқаларда сак, хун, суғдий, рузеи (юэчжи), турк ва уйғурлар ниҳоятда катта ҳисса қўшганлар. Саклар Евроосиё шимолий савдо йўлини илк бор очган халқ ҳисобланса, суғдийлар мил. авв. V асрдан то мил. Х асргача, тахминан 1500 йилда Ипак йўли орқали олиб борилган алоқаларнинг ривожланишига беқиёс  ҳисса қўшганлар” деб, ёзадилар. Суғдийлар ва туркийларнинг Хитой тарихидаги иштироки минтақанинг кейинги тақдирини белгилаган.
Суғдийлар яшаган йирик марказ Дунгхуан - Друан ҳақида Ли Минвэй  “Суйтан сичоу чжилу” асарида : “Дунгхуан вилоятидаги 13 та қишлоқдан бири Сунгхуа деб аталади”. Вэй (220-265) ва Цзин (317-425) сулолалари давридан то 534 йилгача Увэй шаҳрида суғдийлар сони бир неча баробар кўпайишига Вэй сулоласининг уларга яратган имтиёзлари сабаб бўлган. Дунхуандан Ўрта ер денгизигача учта савдо йўналиш бўлиб, буларнинг шимоли Хамидан, марказий Турфондан ва жанубий Дунхуандан бошланган.
Хитой ҳудудидаги муҳожир суғдийлар савдодан ташқари маъмурий ва ҳарбий соҳаларга ҳам жалб этилган. Хитой императоринига хизмат қилган самарқандлик отлиқ қўшин бошлиғи Фаданинг ўғли  Канг Можанинг Лоянгдаги қабр устидаги ёзувда, у ҳарбий жасорати учун мукофатлангани ёзилган бўлса, “Суйшу” солномасига кўра, бир миллионлик Чанъан аҳолисининг 50 минга яқини муҳожирлар, жумладан, суғдийлар эди. Улар “Чжаоу жю шин ху” – “ тўққиз ўлка хулари” деб номланган. Бу маълумотлар суғдийларнинг нафақат Турк хоқонлиги, балки Хитой тарихида ҳам ўринлари бўганлигини исботлайди. 
Тан даври Хитой тарихида асли бухоролик Ан Лушаўахси алоҳида ўрин тутади. Киданлар билан курашаётган Ан Лу-шан ва унинг сафдоши Ши Чао-илар 755 йилда императорга қарши  ўз қўшинини ташлаб, Кайфин, Лоян ва Чанъан шаҳарларини эгаллайди. Император Сичуан “варварларини варварлар қўли билан енгиш” усулида  бу исённи кўманчилар ва Уйғур хоқонлиги ёрдамида 762 йилда бостиришга эришди. Бу хизматлари учун Тан маъмурлари уйғурларга савдо соҳасида имтиёзлар берган. Шу баҳонада суғдийлар ўзларини уйғур деб атаб, бу имтиёзлардан унумли фойдаланишган. Бу эса суғдийларнинг уйғурлашувига  ва минтақа этномаданиятига ўз таъсирини кўрсатган.
Хитой бозорларида туркийларнинг чорва маҳсулотларига, суғдийларнинг отларига, Хўтан яшмасига талаб кучли эди. 607 йилда 3000 (уч минг) отга 13000 (ўн уч минг) ўрам ипак тўланган. 763-779 йилларда уйғурлар Хитойга 100 минг от етказиб, ўрнига 1 млн ўрам ипак олиб, ҳар бир от баҳосини 10 ўрамга баҳолаган.VII  аср охири – VIII аср бошларида эса битта отга 50 ўрам ипак мато тўланган. Бир ўрам ипак мато 20 суғдий драҳм баҳоланган. Самарқандда эса бир ўрам ипак мато 28 драҳмга сотилган. Бу эса Суғднинг ўзида ипак ишлаб чиқаришни кўпайтиришга сабаб бўлган. Суғд ипагини эса асосан кўчмнчи туркийлар харид қилган. Суғд ўзининг чит, жун ва шойидан тикилган кийим-бошларини, чарм ва ёғоч  маҳсулотлари, металл ва суякдан ясалган буюмларини ҳам туркийларга арзонга сотган. Хорижга эса қимматбаҳоларга олтин зебу зийнати ва тақинчоқлар, оқ марварид, новшодил, гилам ва сўзаналар чиқарилган. Ўзига хос  Суғд ипак безаклари Тан сулоласи даврида (618-906) “Ўрта Осиё усулли” хитой матоларида ўз аксини топган. Бу ҳам суғдийларнинг соҳадаги ютуғи эди.
Муҳожир суғдийлар Суғддаги қавмдошлари билан алоқада бўлганлиги II-IV асрларга оид “Кўҳна хатлар”да ўз аксини топган. Бу мактублар Н. Симс-Вильямс фикрича, 313 (314) йилларда ёзилиб, Самарқандга жўнатилган, аммо манзилга етиб келмаган. Мактубларнинг 1-сида Минай онаси Чатисга ўз аҳволи ҳақида, 2-си Нанай Канакнинг Варзакка номаси, 3-си Нанайдотга Шайон исмли қиздан нома ва 5-си савдогар Аспандотнинг Фрихватавга номаларидир. Бошқа бир  639 йилга оид  ҳужжат Турфондаги Чинончканд бозорида самарқандлик савдогар Вахшубирт Тўдак ўғли ва хитойлик роҳиб Йон-Сийон Ута ўғлига Упачаҳ исмли чўрининг сотилишига бағишланган. Мактубда Упачаҳнинг Туркистондан эканлиги таъкидланаган. Туркистон эса  Турк хоқонлиги тассарруфидаги Ўрта Осиё эди.
VII-VIII асрларда Суғдда Турк хоқонлиги даврида ўзлаштирилган Хитой намунасидаги тангалар зарб қилинди. Бу V-VII  асрлардаги Ўрта Осиё ҳудудида эфалийларга ҳарбий ўлжа сифатида келтирилган сосоний тангалари ўрнини эгалай бошлади.  VII аср иккинчи ярмидан Суғд ва Чочда танга зарб қилиш марказлари шаклланди. Бу тангалар Тан сулоласи тангалари стандартидаги  бронза тангалар бўлиб, минтақада асосий муомала воситасига айланди. Суғдийлар уларни хитойча  fen-piuen - “фен” -   pn (y) - “пан(и)” ва туркийлар pun - “пунг” деб аташган.  Бу пул бирлиги Муғ тоғи архивининг Б 27 рақамли ҳужжатида: (1)… sgty 20+4+3 pny (2)… |n|w’ sg|ty| 20+20 pny ds’ sgt-... -  “(1)... ўтган (ой), 27 пани- (2)... тўққизинчи ўтган (ой), 40 пани – ўнинчи ўтган (ой)” каби жумлаларда учрайди.
VIII аср бошларига оид Муғ архивининг В-17 ҳужжати - Панч вилояти ҳокими Деваштичнинг Хохсар ҳокими Афарунга мактубининг 12-13 қаторларида: “ (12) rtcnn ’sky-s’r tym -r ’sp’ w’z wyw wn ZY (13) cy-n…- юқори томондан кўплаб турк (хун) ва хитой (чин) қўшинлари етиб келди” дейилса, В-18 ҳужжатининг 8-11 қаторларида: “tm mrts’r ’z-w’rt (9) yw’r ZY MN w’nkw ’snt L’ kwny-’ ZY ZKw cy-n ’stkw cntn (10) kyZY w’nkw prstyw MN ’-tywy pyrnmstr ’tsw ’kw ’-’nw s’r ’z-nt (11) w’c – Ҳеч қандай ўзбошимчалик қилмагин. Ўзим аввал сенга юборган Хитой чопарини хоқон олдига элчи қилиб юборишни буюрган эдим. Энди юборма” каби Панч вилояти ҳокими Деваштичнинг Афарунга кўрсатмалари келтирилган.  Мактублар Суғдга Хитойнинг амалий ёрдам бўлганга эмас, балки Хитой томонидан ҳайрихоҳлик мақсадида вакиллар юборилганига ишора қилади.  Хитойнинг араб истилоси даврида Ўрта Осиё сиёсатига деярли кузилмайди. Деваштич бу мактубни Гуракнинг укаси Афарунни тинчлантириш учунгина юборган холос. Шу боис йўлланган мактуб мазмунидан якуний хулоса чиқариш мураккаб.
Хулоса қилиб айганда, туркийлар ҳамда суғдийларнинг яқин қўшни Хитой билан алоқалари серқирра бўлиб, ўзига хос иқтисодй ва сиёсий жараёнлар билан кечган. Бу эса Марказий Осиё минтақасининг кўп асрлик тарихий тараққиётида муҳим ўрин тутган. Минтақа халқларинг кўп асрлар тақдирига ўз таъсирини кўрсатган.

 

катта илмий ходими, фил. ф. н. А. Отахўжаев

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин