Саналар
04.10.2024
Баннер
Туркистоннинг хонликларга бўлиниб кетиши, унинг сабаблари ва оқибатлари
PDF Босма E-mail

1.ХV аср иккинчи ярми ва ХVI аср бошларида Мовароуннаҳрдаги вазият.
Марказий Осиё айниқса ўзбек халқи тарихида –хонликлар даври алоҳида ўрин тутади. Кўп минг йиллик ўзбек халқи тарихида бу давр ўзининг муддати билангина эмас, балки, шу даврда халқимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз берган жуда катта воқеалар билан  ҳам ажралиб туради.
Темур вафотидан сўнг Темурий шаҳзодалар ўртасида бошланиб кетган тўхтовсиз урушлар соҳибқирон не машаққатлар билан бунёд этган қудратли давлатни парчаланиб кетишига сабаб бўлди. Аста-секин бу  қудратли давлат  таркибидан  қатор давлатлар ва мулклар ажралиб чиқиб кетди. Хоразмдан Астрободгача кенг ҳудудда жойлашган туркманлар биринчилардан бўлиб темурийлар давлатидан ажралиб чиқдилар. Худди шу вақтда Фарғона водийси ҳам ажралиб мустақил бўлиб олди. Шунингдек, Ҳисор ва Бадахшон ҳам мустақил давлатга айланди. Натижада Ўрта Осиёдагина эмас балки, Хуросон ва Эрон ҳудудларида ҳам темурийлар давлати йиқилган эди.
Темурийлар даврида буюк Темур давлатининг бундай парчаланиб кетиши Ғарбда Қора денгиз қирғоқларидан бошланиб,  Шарқда Иртиш дарёси ва Балхаш кўлига қадар, жанубда эса Сирдарёнинг қуйи оқимларигача чўзилган. Қипчоқ даштларида яшовчи Ўзбеклар деб аталмиш туркий тилда сўзлашувчи кўчманчиларни Моварауннаҳр ерларига ҳужум қилиб уни забт этишлари учун қулай шароит яратиб берди.
Ўз вақтида муғуллар истилоси остида қолган  ҳудуди забт этилиб, Жўжи улусига киритилган Дашти Қипчоқ аҳолиси Жўжи ўлимидан кейин унинг ўғилларидан бири Шайбонқули остида ўзининг мустақил улусини ташкил этиш учун кураш олиб боради. Натижада Ёйиқ дарёсининг Шарқидан Сирдарё буйларигача бўлган ерларда бундай улус бапро этилади. ХV асрда ана шу Шайбон бошчилигидаги улусда яшаган кўчманчилар ўзбек номи билан аталганлар.
ХVI аср Хива тарихчиси Абдулғозийнинг ёзишича (1603-1664) асосан чорвачилик ва кўчманчилик билан шуғулланувчи ўзбекларнинг кўпчилиги ёзни Ёйиқ дарёсининг юқори оқимида, қишни эса Сирдарёнинг қуйи оқимида ўтказадилар. Бу ерда ўзбеклардан ташқари қипчоқлар қўнғиротлар уйшун, найман ва бошқа қабилалар ҳам яшаган бўлиб, улар ўша ўзбеклар таркибига кирар эди.

2.Мовароуннаҳрда Шайбонийлар хукмронлигининг ўрнатилиши. Давлатни бошқариш тизими, солиҳ сиёсати, ер-мулк муносабатлари.
ХV асрнинг 20 йилларига келиб  Дашти Қипчоқ уруғлари  ичида Шайбонийлар уруғи (ўзбеклар) олдинга чиқди. Бу уруғнинг энг кўга кўринган вакили, кўчманчи ўзбеклар давлатининг асосчиси Абдулхайрхон бўлиб, у ўзидан олдин бу ерда ҳукмронлик қилган Бароқхондан фарқли ўлароқ,  тахтни ўзгалар ёрдамида эмас, балки бир қатор ўзбек қабилалари, чунончи Найман, Қўнғирот, Қиёт, Дурман, Уйғур, Уйшун ва бошқа қабилаларнинг ёрдамида эгаллади. У жуда қисқа  вақт ичида йирик давлатни вужудга келтирди ва бу давлатни унинг ўзи 1428 йилдан 1468 йилгача бошқарди.
Биз юқорида таъкидлаганимиздек, Абдулҳайрҳон бошлиқ ўзбеклар асосан кўчманчи халқ бўлиб чорвачилик билан шуғулланганлар. Шу боис уларга  чорвачилик маҳсулотларини ҳунармандчилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига алмашадиган халқлар ва ҳудудлар керак эди.
Бунданг ташқари бу даврга келганда кўчманчи ўзбекларнинг катта қисми феодал муносабатларининг ривожланиши натижасида ўз ўтлоқ ва подаларидан ажраган бўлиб, уларнинг ўтроқ ҳаёт кечириши учун Моварауннаҳр ерлари керак эди.
Шу ва бошқа бир қатор сабабларга кўра ҳали Абдулхайрхон давриданоқ ўзбеклар Сирдарёнинг қуйи оқимидаги Сиғноқ, Оққўрғон, Сузоқ, Узган ва бошқа ерларга ҳужум қилиб, у ерларни босиб олди.
Кўчманчи ўзбеклар томонидан Моварауннаҳр ҳудудларини эгаллаш учун кураш Абдулхайрхоннинг набираси Муҳаммад Шоҳбаҳт Шайбоний даврида (1451-1510) кучайди.
ХV асрнинг иккинчи ярмида Моварауннаҳрдаги ўзаро курашлар билан банд бўлган темурийларнинг асосий рақиби шимолдаги мўғуллар эди. Уларнинг Моварауннаҳр ерларига тўхтовсиз талончилик ҳужумларидан безор бўлган темурий шаҳзодалар мўғулларга қарши курашда Шайбонийхондан фойдаланиш мақсадида у билан иттифоқ туздилар. Бироқ Шайбонийхон бу иттифоққа тез-тез хиёнат қилиб, гоҳ темурийлар, гоҳ мўғуллар томонида туриб ҳаракат қилар эди.
Шайбонийхон бобоси Абдулхайрхон Дашти Қипчоқда ташкил этган давлатни бир томонлама кучайтириб, ўз олдига ҳали ўша бобоси режалаштирган Моварауннаҳр ерларини босиб олиш ишини ҳал этишни мақсад қилиб қўйди ва уни амалга оширишга киришди. Бу ишга киришар экан, Шайбонийхон энг аввало 1480 йилда Қозоқ хони Бурундуқхонга катта зарба берди. Шундан сўнг Шайбонийхон 1488-1500 йиллар ичида Ўтрор, Ясси, Сиғаноқ, Шахрисабз.Туркистон  шаҳарларини эгаллайди. Шундан сўнг Темурийлар пойтахти Самарқандни эгаллашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
Шайбонийхон 1499 йилда дастлаб Самарқандни қамал қилганда бу ерда Султон Аҳмад Мирзонинг ўғилларидан бири, Султон Али Мирзо ҳукмронлик қиларди. Унинг қобилиятсиз, ҳар томонлама ожизлигидан хабар топган Шайбонийхон Самарқанд шаҳрига кирмай Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларини талаб Қипчоқ даштига қайтиб кетади. Озроқ вақт ўтгач Шайбонийхон Тошкент ҳокими Маҳмудхондан озроқ ёрдам олиб, Самарқандга янгидан ҳужум бошлайди. Худди шу пайт Бухоро ҳокими Муҳаммад-Боқи тархон қўшинлари Самарқанд ҳукмдори Султон Али Мирзога ёрдамга келаётганлигини ҳақида Шайбонийхон хабар топади. Шундан сўнг у Самарқанд қамалини тўхтатиб, асосий кучларини Бухоро қўшинларига қарши қаратади натижада Дабусия қалъасида (ҳозиги Зиёвуддин станцияси яқинида) бўлган жангда (1500) Шайбонийхон қўшинлари ғалаба қозонадилар. Шундан сўнг Шайбонийхон Бухорога томон шиддат билан ҳаракат қилади ва шаҳарни уч кун қамалдан сўнг қўлга киритади. Шайбонийхон томонидан Бухорони қўлга киритилгани ҳақидаги хабар Самарқанднинг ҳукмрон доиралари орасида саросима келтириб чиқаради Самарқанд ҳукмдори Султон Али Мирзодан норози бўлган амирларнинг бир гуруҳи Андижонда  ҳукмронлик қилаётган темурий Бобур ихтиёрига, иккинчи гуруҳи, Султон Али Мирзонинг Тошкентда ҳукмронлик қилаётган акаси Увайс Мирзо ёнига равона бўлдилар.
Воқеалар ривожини синчиклаб кузатиб турган Самарқанд ҳокими Султон Али Мирзо бу вазиятда Шайбонийхон билан музокаралар олиб боришни лозим топиб, бир гуруҳ ўзига яқин кишилар билан унинг ҳузурига ташриф буюради.
Шу тариқа Шайбонийхон 1500 йилда жангсиз Самарқандни биринчи марта эгаллайди. Султон Али Мирзони қатл этиб, шаҳарни аёвсиз тарзда талайди..
Бироқ, Самарқанд  руҳонийларининг кўзга кўринган намоёндаларидан бири хўжа Абдулмакарим ёрдамида Бобур тез орада Самарқандни эгаллаб, шайбонийларнинг шаҳарда қолдирилган қўшинларини ва уларни тарафдорларини қириб ташлайди. Шундан сўнг Бобур Шайбонийхон қўшинларини таъқиб этишга киришади. Лекин 1501 йил апрелида Зарафшон дарёси бўйида Сарикўл деган даштдаги жангда талофат кўриб Самарқандга чекинади. Бу ерда 4 ой қамалда бўлиб, охири 1501 йилнинг иккинчи ярмида Самарқандни ташлаб чиқади ва Тошкент ҳокими Маҳмудхон ҳузурига кетади. Шайбонийхон иккинчи марта Самарқандни қўлга киритиб, уни аёвсиз таладию
Шайбонийхон Самарқандни қўлга киритгач, 1503 йилда Сирдарёнинг юқори қисмига қараб юриш қилди. Бу ерда (Тошкент ҳокими) Маҳмудхон, Бобир бошлиқ бирлашган кучларга дуч келди. Архиён ёнидаги шиддатли жангда улар устидан ғалабага эришиб. Тошкент, Шохруҳия, Фарғона шаҳарларини қўлга киритди(1504).
Шайбонийхон 1505 йилда Хоразмни, Моварауннаҳрнинг асосий шаҳарларини эгаллагач, Хуросонни ва унга қарашли ерларни босиб олишни мақсад қилди.
Хуросон султони Ҳусайн Бойқаро (Султон Ҳусайн) (1489-1506) ўзининг тўнғич ўғли Балх ҳокими Бадиуззамон билан бирга Шайбонийхонга қарши курашмоқчи бўлади. Лекин бу кўзланган натижани бермайди. Муҳаммад Шайбонийхон Ҳиротга қарши юриш арафасида Ҳусайн Бойқаронинг икки ўғли  Бадиуззамон билан Музаффар Мирзо ўртасида тахт кураши бошланади. Натижада Ҳирот тахтига улар бир вақтда подшо бўлиб кўтариладилар. Бу Шайбонийхонга қўл келади. Шайбонийхон қўшинлари 1504 йилда Хисравшоҳ ҳукмронлик қилган Қундуз шаҳрини эгаллади. 1507 йилда эса Шайбонийхон Хуросон пойтахти Ҳиротни эгаллади, сўнгра Астрабодни эгаллади. Тахт талашган ака-ука темурийлар эса бири Ғарбга, бири Шарққа қочди. Қисқа вақт ичида Шайбонийхон Темурийлар ерлари бўлган Бухоро, Самарқанд, Балҳ Маҳшад, Нишопур, Каба шаҳарларини эгаллади. У Сирдарёдан Афғонистонгача бўлган ерларнинг ҳукмдори бўлиб олди. Фақатгина Сирдарё  бўйидаги ерлар Тошкент ҳукмронлигида бўлсада, булар ҳам Шайбонийхонга ярим қарам эди. Хуллас Шайбонийхон 8 йил ичида Тимурийлар давлати ҳудудларини бутунлай истило қилди. Шайбонийхоннинг бирин-кетин берган ҳарбий зарбалари туфайли Темурийлар давлатининг қулашига олиб келган асосий сабаблар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш зарур бўлади.
Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало Шайбонийхон ҳужуми арафасида ўлкадаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ёмонлиги, меҳнаткаш халқ оммасининг қашшоқ ҳаёти кўчманчи ўзбеклар-ғалабасининг асосий омилларида бири бўлганлигини кўрсатиб ўтиш зарурдир.
Аҳвол шунга бориб етган эдики, Фарғонадек ери серунум, деҳқони миришкор юртда ўзбеклар ҳужуми кунларида 3-4 минг аскарни боқиш учун маблағ йўқ эди.
Темурийлар ўша даврдаги оғир иқтисодий аҳволини улар саройида хизмат қилган ўз даврининг забардаст шоирларидан бири Биноий  шундай ҳикоя билан ифодалайди: “На егулик ғаллам бор ва не кийимга ғамланган бахмалим бор. Еядигани, киядигани бўлмаган киши илм ва ҳунарга қандай урина олсин.”
Ана шундай оғир иқтисодий аҳвол сабаб мамлакатда кўп руҳонийлар ва зиёлилар Шайбонийхон тарафига ўтиб кетган эдилар.
Тиниб-тинчимаган Шайбонийхон 1508-1509 йилларда қозоқ ерлари устига юриш қилди ва  ерларни эгаллади. Натижада Шайбонийхон бир томондан Каспий денгизи қирғоқларидан Хитойгача, иккинчи томондан Сирдарё қирғоқларидан Марказий Афғонистонгача чўзилган ерга эга бўлган йирик феодал давлатга эга бўлди.
Бу билан ҳам кифояланмаган Шайбонийхон 1510 йилдан бошлаб қолган Хуросон ерларини босиб олишга киришди. Худди шу вақтда. Яъни ХV асрнинг охирларида Эрондаги ўзаро фоодал урушлар натижасида хокимият тепасига сафафийлар сулоласининг кўзга кўринган вакили Исмоил Сафавий келган эди. Исмоил Сафавий Хуросонни Шайбонийхондан тортиб олмоқчи бўлди. Шайбонийхон бунга кўнмади. Натижада Исмоил Сафавий Шайбонийхонга қарши қўшин тортди ва 1510 й. декабрда Марв ёнидаги жангда Шайбонийхоннинг 17 минглик армияси қириб ташланди. Шайбоний асирга  олиниб калласи кесилди ва уни калласидан шох Исмоил шароб ичадиган идиш ясатди.
Исмоил Сафавий бутун Хуросонга эга бўлиб чегаралари Озарбайжондан Боғдодгача чўзилган Эрон давлати худудларини янада кенгайтирди.
Шайбонийхон ўлдирилгач, Хоразм хам Эрон шохи Исмоил қўли остига ўтади ва Хоразмда Эронлик “қизилбошлар” хукмронлиги бошланди.

3.Бухоро амирлиги. Ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёт
Бухоро иқтисодий ва маданий марказ сифатида Шайбонийлар  давридан бошлаб кучая бошлаган эди. Шайбонийлар сулоласининг кўзга кўринган намоёндаларидан бири бўлган Убайдулло Султон 1533 йилда Шайбонийлар сулоласининг олий ҳукмдори этиб кўтарилди. 1512 йилдан бошлаб Бухоронинг ноиби бўлиб турган Убайдулла Самарқандни бошқариб турган Кўчкинчихон авлодлари билан ораси ёмонлиги туфайли ҳокимиятни Бухородан туриб бошқарди. Бухоро мамлакатнинг сиёсий-маъмурий марказига айланди. Бухоро расман хонлик сифатида Шайбонийлардан бўлган Абдуллахон II даврида 1557 йилда вужудга келди. Абдуллахон 1557-1598 йилда ҳукмронлик қилди. Абдуллахон II ўз олдига илгари, яъни Муҳаммад Шайбоний  давридаги Шайбонийлар давлатининг кучли мавқеини тиклаш ниятида Тошкент ҳокимлари, Хисор амирлари, Самарқанд султонлари билан тўхтовсиз урушлар олиб борди. Бу қонли урушлар сабабли ўлкада бўлиб ўтган даҳшатли воқеалар Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Абдулланома” асарида баён этилган.  Абдуллахон II ўз ҳукмронлиги даврида  олиб борган тинимсиз урушлар натижасида 1573 йилда Фарғона, 1574 йилда Шаҳрисабз, Қарши, Ҳисор, 1578 йилда Самарқандни ўзига қаратгач, 1582 йили Дашти Қипчоқ ҳукмдори Бароқхоннинг ўғли Бобохонни устига ҳам юриш қилди ва унинг устидан ғалаба қозониб, Шоҳрухия, Сайрам, Оҳангарон шаҳарларини эгаллади. Шундан сўнг сал вақт ўтмай 1583 йилда Балх шаҳрини 1584 йилда эса Бадахшонни эгаллади. Ниҳоят 1595 йилда Хоразм ҳам. Абдуллахон II томонидан босиб олинди. Шундай қилиб,  Абдуллахон II  ХVI асрнинг 90 йилларининг бошларигача бутун Марказий Осиё ерларини ўз қўлига киритишга муяссар бўлди. Абдуллахон II Бухорони ўз  давлатининг пойтахти сифатида маъмурий, иқтисодий ҳамда маданий жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантирди. Унинг давлати ўзининг иқтисодий, ҳарбий ва  маданий қудрати жиҳатидан  ўз даврининг энг кучли давлатига айланди. Шу боис бир қатор дунё мамлакатларининг  . Абдуллахон II давлатига бўлган эътибори ва қизиқиши ортиб борди. Бу ўз навбатида . Абдуллахон II нинг бошқа мамлакатлар билан турли соҳалардаги алоқалар ўрнатилиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб берди. Хусусан, 1558  йилда Москва князи Иван Грозний Антоний Женкинсон бошчилигидаги ўз элчиларини Бухорога жўнатади. Ўз  навбатида . Абдуллахон II ҳам ўз элчиларини Москва князлари Иван Грозний ва унинг ўғли Федорлар ҳузурига юборган. Бундан ташқари, . Абдуллахон II 1572, 1576  йилларда ўз элчиларини Ҳиндистон подшоси Акбаршоҳ ҳузурига юбориб, бу  билан Акбаршоҳни Эрон шоҳи шоҳ Аббосга қарши биргаликда курашга тортишга ҳаракат қилади. Ўз навбатида Ҳиндистон подшоси Акбар ҳам совға-саломлар билан . Абдуллахон II га ўз совға-саломларини юбориб турган. Бироқ,  Абдуллахон II ҳукмронлигининг сўнг йилларида Бухоро учун оғир кунлар бошланди. Қозоқ хони Таваккалхон Москва подшоси Федор Иванович васаллигига ўтиб, унинг ёрдамида Абдуллахон II га қарши кураш бошлади ва тез орада Тошкент, Туркистон, Самарқанд ва Андижон шаҳарларини эгаллади.
1598 йилда ўз ўғли Абдумўмин томонидан, Абдуллахон II ни ўлдирилиши Шайбонийлар давлати инқтирозини янада тезлаштирди. Аммо, Абдуллахон II ўлгач, хонлик тахтига  1601 йилга келиб, уни 1753 йилгача яъни 150 йилдан ортиқ бошқарган Аштархонийлар (Жонийлар) сулоласи вакиллари Боқимуҳаммадхондан (1601-1605) тортиб то Абулфайзхонгача (1711-1747) даврида Бухоро хонлигида ижтимоий-сиёсий аҳвол ёмонлашиб, мамлакат янада заифлашди. Натижада Эрон шоҳи Нодиршоҳ 1740 йилда Бухорони катта қисмини босиб олди ва Бухоро тахтига ўз тарафдори Муҳаммад Ҳаким Оталиқни ўтказди. Лекин, 1747 йилда Нодиршоҳ ўлгач, отасининг ўрнига оталиқ этиб кўтарилган Муҳаммад Раҳим Аштархонийлар сулоласининг охирги вакили Абулфайзхонни қатл эттириб, Бухоро тахтини эгаллайди ва 1753 йилда ўзини амир деб эълон қилади. Хонлик эса шу вақтдан бошлаб амирлик деб атала бошлайди.
Бухоро хонлигида иқтисодий ҳаёт ўта оғир бўлган. Бунга тўхтовсиз урушлар ва тахтда ўтирган хону амирларнинг кўпчилигининг тутуруқсиз сиёсати сабаб бўлган. ХVII-ХVIII  асрларда  молия тизимини асосини Бухорода араблар истилосидан бери сақланиб келаётган хирож(ҳосилни 5Ғ1 дан 3Ғ1 қисмигача бўлган миқдорда ер солиғи ва ушр (даромаднинг ўндан бири) ташкил этган. Бухоро хонлигида ҳам Хива хонликларидаги сингари ерларнинг кўпчилик қисми давлат қўлида бўлган. Бухорода давлат ерлари “Амлоки подшоҳи” ёки “Амлоки султони” дейилган. Бундай ерлар тарихда “Мулки девони” номи билан аталиб Бухоро ва Хоразм хонликларида то октябр тўнтаришигача сақланиб келди. Хонликда ернинг иккинчи тури “Мулк ерлари” ва учинчиси “Вафқ” ерлари бўлган. Барча хонликлардагидек Бухоро хонлигида ҳам суд ҳукмрон синфлар-бой феодал синфлари қўлида зулм ва эксплуатация қуроли эди. Ҳамма қозилар тепасида олий қози (қози калон) турган. У амир томонидан тайинланиб, давлатдаги ҳамма қозилар иши устидан назорат қилган.
Суд жараёни ислом шариати асосида олиб борилган. Суднинг чиқарган ҳукми ўзгармас бўлган. Чунки унинг ҳукмини бошқадан кўриб чиқадиган ташкилот бўлмаган. Қизиғи шундаки, суд жараёнида иккита аёлнинг судга берган кўрсатмаси бир эркакнинг кўрсатмасига тенг бўлган. Жазолар турлича бўлган фақат чиқарилган ўлим жазоси ижрочи учун қозилар амирдан рухсат олишлари зарур бўлган.
Хонликда давлат даромадининг кўп қисми савдодан олинадиган тўловлар ҳисобига яратилар эди.
Бухоро хонлигида қўшинлар мунтазам бўлмай, лозим бўлганда хоннинг махсус фармонига асосан тўпланадиган ўз шахсий гвардиясига эга бўлган. Улар кўпроқ ўзга давлат қулларидан (руслар ва қолмиқлардан) ташкил топган. Бухоро амирлигида қўшинлар сони ХIХ асрнинг 60 йилларига 10-11 минг киши бўлган.
ХIХ аср бошларида Бухоро хонлигида 36000 минг навкари бўлган. Уларнинг бир қисми Бухорода,  қолганлар хонликнинг бошқа ерларида яшаб амирдан “танҳо” сифатида олган ер ва деҳқонларига эга бўлганлар.
Бухорода артиллерия деярли йўқ бўлса, 13 та станоксиз мис тўпи бўлган. Шулардан биттасидан байрамларда отилган.
Бухоро хонлигида бу даврдаги маданият ҳақида гапирилганда шуни айтиш керакки, ўзаро урушлар маданиятни ҳам оғир аҳволга солиб қўйди. Хонликда ақидапарастлик авж олди. Бу ерда 300 масжид 50 дан ортиқ мадрасалар бўлса, улар маорифни ривожлантиришга етарлича ҳисса қўшолмади.
Хонликда ана шу даврда математика, астрономик соҳаларида йирик олим Мулло Турсун Фарозий, мусиқачи Кавкабий, йирик фалсафашунос олим мулло Юсуф Қорабоғий (1644-1648) ва бошқалар яшаб ижод этган.
Тарих соҳасида ҳали қатор ишлар қилинган. Аштархонийлар инқирози ҳақида уларнинг сўнги вакилларидан бир нечаларини аянчли ўлими ҳақида куйловчи “Муқимхон тарихи”, “Убайдуллохон тарихи” каби тарихий асарлар ёзилган. Хонликда айниқса, Субҳонқулихон даврида (1680-170  ) махсус мадраса-шифохона ташкил этилган, унинг ўзи Нишоний тахаллуси билан шеърлар ёзган, кўп олим фузололарни, шоирларни тўплагани ҳақида маълумот бор.
Субҳонқулихон даврида Турди ва Махмур каби шоирлар ижод этган. 1682 йилда Муҳаммад Вали Самарқандий деган шоир “Музаккирул асҳоб” мажмуасини тузиб унда шу даврда яшаб ижод этган 200 дан ортиқ адабиёт арбобларининг таржимаи ҳолини берган.
Муҳаммад Балхий “Субҳонқулихон” асарини, Мирмуҳаммад Амин “Убайдуллохон” асарини ёзди. Шу даврда ХVII аср шоирларидан Сайидо Насафий Ғофир Самарқандий (аттор), Масиҳо (темирчи),  Манзур Самарқандий (этикдўз), Мулла Сарафроз, Фитрат каби демократик шоирлар яшаб ўтган.
Шоир Турди Субҳонқулихонни халққа қарши сиёсатини фош этувчи шеърлар ёзган. Халқни хон ҳокимиятига қарши курашга чақирган. Бу даврда Сўфи Оллоёр ва Машраб яшаб суфийлик ғояларини илгари суради. Суфийлар тасаввуфнинг 4 қоидаси: Шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқатга амал қилишни илгари сурадилар. Улар тангрига бўлган муҳаббатларини,  шеърларда изҳор этадилар. Шунингдек, улар инсон, маҳбуб,  моддий дунё  ноз неъматларидан баҳраманд бўлиш ҳақида куйлайдилар.
Меъморчилик оҳасида ҳам анча иш қилинади. Самарқанддаги Регистон аталмиш бош майдон шу даврда шаклланади. Шу даврнинг энг бой кишиларидан бўлган Ялангтўшбий, Шердор ва Тиллақори мадрасаларини қурдирди. Хўжа Аҳрор қабри олдида мадраса ва номозгоҳ қурилди. Абдулазизхон даврида(1645-1680) бир қанча мадрасалар қурилди.  Ҳали ХVI асрдаёқ Бухоро ўзининг ажойиб рассомлари, ҳусниҳатчилари билан шуҳрат қозонган эди. Қулёзмаларни ҳусниҳат қилиб кўчириш, миниатюралар ёзиш, авжига чиққан эди. Бу даврда Бухорода яшаб ижод этган рассом Шайхзода Маҳмуд, Абдуллолар  ўз даврининг атоқли ҳусниҳатчилари эди.
Муҳаммад Раҳимдан кейин Бухоро тахтида манғитлар сулоласидан Шоҳмурод, Ҳайдар, Насрулло, Музаффар, Абдулаҳад, Олимхонлар ўтиришди. Уларнинг ҳар бири ҳукмронлик қилган йиллар ўзига хос  мураккаб зиддиятли хусусиятларга эга. Бухоро хонлиги 1920 йил 2 сентябрда болшевойлар томонидан ағдарилди.

4.Хива хонлиги.
Хоразмда 1511 йилда Эронлик “қизилбошларга” қарши фитна уюштирилди. Ўз вақтида Абдулхайрхонга қарши чиққан Хоразмдаги ўзбек уруғлари ўша Қипчоқ Даштида Шайбонийлар билан ёнма-ён яшаган ва улар билан нодўстона муносабатда бўлган Берка султоннинг икки ўғли Эльбарсхон билан Бильбарсхонни Хива тахтига яширинча таклиф қиладилар. Ака-укалар бу таклифларга кўра Хивага келадилар. Хива халқи “қизилбошларни”  ғдариб Эльбарсхонни хон этиб кўтардилар. Бу воқеа 1511 йилда содир бўлади. Хонлик тасарруфига Хоразм-Амударё этакларидаги қадимий деҳқончилик воҳаси, Манғитқишлоқнинг Абулхон тоғлари Машҳади Мирсиён ва Ўзбой атрофидаги ҳудудлар кирган. Эльбарсхон тез орада Хоразм ерларини шимолий Хуросоннинг каттагина ерлари, Амударёнинг ўнг соҳилидаги ерлар ва Туркистоннинг жанубий ерларигача бўлган ерлар ҳисобига кенгайтирилди. Ва ана шу ҳудудда Хива хонлигига асос солди. Хонликнинг  пойтахти  дастлаб Вазир шаҳри, кейин Кўҳна Урганч ва Хива бўлган.
Бироқ, 1511 йилда Эльбарсни Хива хонлигига асос солган бўлсада, унинг ўзининг давридаёқ хонлик бир неча феодал эгаликларга бўлинган бўлиб, уларни бошқараётган шаҳзодалар ўртасида узлуксиз феодал урушлар бўлиб турди. Айниқса, бу урушлар 1538 йилда Эльбарсхон ўлгач (Эльбарсхон 1511-1538 йилда ҳукмронлик қилган) унинг ворислари даврида кучайиб кетади. Бунинг устига Хива хонлигига қарши Шайбонийлардан Убайдуллахон (1538)  юриш қилди ва Хива хони Аванешни ўлдириб, ўрнига ўз ўғли Абдулазизни ўтказади. Унинг даврида яна феодал урушлар кўпаяди. Буни айниқса Хива тахтида Араб Муҳаммад (1602-1643) ўтирган  даврда яққол кўриш мумкин эди. Қисқаси ХVI  аср 40-йилларидан бошлаб Хива хонлигида ўзаро курашлар, айниқса хонликдаги ўзбеклар билан туркман уруғлари ўртасидаги зиддиятлар, қолаверса атрофдаги  қозоқ ва қалмиқларни ҳужумлари хонликни   заифлаштирди. Хонликдаги бундай оғир аҳволдан фойдаланган Бухоро хонлари Субҳонқулихон (1680-1702) ва Эрон шоҳи Нодиршоҳлар (1740) Хива тахтини ўз қўлларига киритадилар. Бироқ Хива хонлигида бундан кейин ҳам тинчлик бўлмади. Бу ерда Эрон ҳукмдорларига қарши тез-тез ғалаёнлар кўтарилиб турди. Бундан фойдаланган ўзбек қабилаларидан бири-Қўнғирот уруғининг бошлиғи Муҳаммад Амин Иноқ хонлик тахтини эгаллаб, хонликда янги-қўнғирот  сулоласига асос солди.
Хива хонлигида (ХVI аср ) бошқарув тизими жуда мураккаб бўлиб, уруғчиликка асосланган бюрократик тизим мавжуд эди. Хивада бошқа хонликлардан фарқли ўлароқ иноқ деган лавозим бўлиб, бу лавозимни эгаллаган одам хондан кейинги одам ҳисобланиб, амир-ул-умаро, яъни ҳукмдорлар ҳукмдори деб аталарди. Хонликда девонбеги ҳам бўлиб, у хоннинг ўзидан кейинги амалдор ҳисобланарди. Яна қўшбеги деган лавозим бўлиб, унга хонликнинг жанубий қисмидаги ўтроқ аҳоли буйсунарди. Бу ерда хон, вазир ва қушбегидан ташқари яна 5 кишидан иборат хон маслаҳатчилари (улар уруғ  бошлиқларидан тузиларди) бўлган ҳар уруғ бошлиқларидан (иноқлар ва оталиқлар) 2 киши давлат бошқарувига кирган.
Хива хонлик бошқарувида ясовуллар штати бўлган. Яна юзбоши, мингбоши каби амалдорлар бўлган. Яна жойлардаги амалдорлар ўзларининг қуйи бошқарув тизмларига эга бўлиб, ўз ерларини мустақил бошқаришган. Хонлик ўз навбатида округларга бўлинган бўлиб, уларни ҳокимлар ва қозилар бошқарган. Хонликда яшовчи туркман, қозоқ ва қорақалпоқлар ҳокимларга буйсўнмай, фақат ўзларининг уруғ бошлиқларига итоат қилганлар. Туркманларда улар бек ҳамда вакиллар дейилса, қорақалпоқ ва қозоқларда бий деб аталганлар. Хонликда дин аҳллари: сўфилар, шайхлар катта ҳурмат эътиборга эга бўлганлар.
Хонликда ХIХ аср  1 ярмида ҳам феодал муносабатларнинг ривожланиб боришига қарамай, ўтмиш патриархал ҳаёт қолдиқлари сақланиб қолаётган эди. Ер ҳамда сув хон, йирик феодаллар қўлида эди. Айрим  феодаллар қўли остидаги ерлар 15 минг танобни ташкил қилганда,  оддий жамоа аъзоси бўлган деҳқоннинг ери 1-2 танобдан ошмас эди.
Рус элчиси ((Москва) Иван Хохлов маълумотига кўра ХVII асрда хон қўшинлари сони 15 мингдан 30 минггача бўлган.
Хива хонлиги иқтисодини бу даврда оғир солиқлардан тушган пуллар ташкил қилган. Иқтисодий ҳаёт хонликда жуда оғир бўлган.  Хива хонлигида ернинг бир қисми ҳукмронлик қилдаётган сулола аъзоларига (тўраларга),  шунингдек ҳарбий бошлиқларга (саркардаларга) ҳамда вақф ерлари сифатида масжид-мадрасаларга берилган. Бу ерларда ишловчи ижарачилар “беватанлар”, “яримчилар” деб аталганлар. Оддий  меҳнаткаш хонга “салгут” деб аталган оғир ер солиғини тўлаган. Яна “бегар”деб аталган  мажбурият бўлиб, бунга асосан ҳар бир хонадондан бир киши 12 кун давомида хонга ишлаб берган. Аҳолининг деҳқончилик билан шуғулланадиган қисми сувни етишмаслигидан азоб чеккан. Бойларнинг ерларида қуллар ишлаб зилган. Шаҳардаги ҳаёт бу даврда оғир бўлган. Шаҳар аҳолиси ҳунармандчилик, айримлари деҳқончилик билан шуғулланган. Буғдой, арпа эккан, қурт боқишган. Савдо кам ривожланган. Чунки қароқчилар ҳужум қилиб турган. Савдони оғир аҳволга тушиши шаҳар аҳолиси ҳаётини ёмон аҳволга тушириб қўйганини 1558 йилда хивани кузатган Женкинсон ёзади.
1573-1575 йилда Амударё ўз изини ўзгартиради натижада эски изи атрофидаги жойлашган қишлоқ ва шаҳарларда ҳаёт тўхтайди. Одамлар эски Урганчдан, янги Урганч жануброққа ўтиб яшайдиган бўлади.
Амударё эски ўзанини қуриши хонлик марказини Хивага кўчишига сабаб бўлади.
Амударё ўзанини ўзгариши мамлакат иқтисодий ҳаётига катта таъсир қилди. Хонлик хазинаси бўшаб, ҳатто амалдорларга ҳам йиллаб ойлик тўланмай қолди.
Қишлоқ хўжалигида асосан қўл меҳнатидан фойдаланилган. Меҳнат қуроллари қолоқ бўлган. Бу ўз навбатида хонликда иқтисодий аҳволни ёмонлигига сабаб бўлган Ҳар уч хонликда, жумладан Хива хонлигида ҳам ўз пули бўлган. Бу пуллар олтин, кумуш тангалар ва мис пулдан иборат бўлган.
ХVIII  аср бошларига келганда иқтисодий тушкунлик вужудга келди. Бунга сабаб шу даврда ўзбеклар билан туркманлар ўртасидаги тўхтовсиз урушлар, Бухоро хонларининг Хива хонлари ички ишларига аралашуви,  Қозоқ қолмиқларини тўхтовсиз ҳужумлари, Эрон шоҳи Нодиршоҳни Хоразмни 1740 йилда босиб олиши (Элбарсхон даврида) бўлди.
Бундан фойдаланган Петр 1 1714-1717 Хоразмга Бекович-Черкасский экспедициясини юборди. Бу вақтда Хива тахтида Шерғози хон ўтирган эди. (1715-1718 йиллар)
Хива хонлигида аҳоли ХIХ аср I ярмида 350000-500000 ни ташкил қилган. Асосий қисми ўтроқ аҳоли эди. Бир қисми чорвачилик билан шуғулланган.
Бухоро амирлигида социал-иқтисод ва маданий ҳаёт ҳақида тўхталадиган бўлсак, шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, давлат тузуми
1804 йилда Қўнғирот иноқлари йирик вакилларидан бири Муҳаммад Раҳимхон Хива тахтини эгаллаб, 1806-1825 йиллар давомида хонлик қилади. Унинг даврида хонлик ҳар тарафлама кучаяди ва марказий ҳукумат мустаҳкамланади. Лекин унинг ворислари Муҳаммад Эминхон, Қутлимурод, Олақуллилар даврида Хива хонлигидаги аҳвол яна мураккаблашди. Хива хонлиги 1920 йил февралида большевойлар томонидан ағдарилди.

5.Қўқон хонлиги. Ижтимоий-сиёсий ва маданий хаёт.
Ўрта Осиёда энг кейин вужудга келган хонлик бу Қўқон хонлиги эди. Хонликка 1710 йилда минг қабиласидан чиққан Шоҳруҳбий асос солди. Бу ерда шуни алоҳида қайд этиш зарурки, Шайбонийлардан сўнг Бухоро тахтига ўтирган Аштархонийлар сулоласи даврида шу сулола вакилларининг тахт учун ўзаро курашлар туфайли Бухоро хонлиги иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан анча ночор аҳволга тушиб қолган эди. Бундан фойдаланган Фарғона ХVIII аср бошларидаёқ Бухородан мустақил бўлиб ажралиб чиқди. Бу ерда дастлаб ҳокимиятни Чодак қишлоғи хўжалари қўлга киритди. 1710 йилда эса хўжалардан ҳокимиятни ўзини Чингизхон авлодидан деб ҳисоблаган, ўзбекларнинг минг уруғидан бўлган Шоҳруҳбий олади. Қўқоннинг биринчи хони Шоҳруҳбий 1710-1721 ҳукмронлик қилади.
Минглар тез орада ўз қўлларига Сирдарё бўйидаги ерларни ҳамда Еттисувнинг бир қисмини киритадилар ва ана шу ҳудудда Бухородан мустақил янги давлатга яъни хонликка асос соладилар. Шоҳруҳбий ўз давлатининг пойтахти этиб, Қўқон шаҳрини танлайди. Бу шаҳар араб сайёҳларнинг хабарига кўра жуда гўзал ва баҳаво шаҳар бўлиб,  Ҳуқанд ёки Ҳавоқанд қишлоғи ўрнида қурилган.
Қатор тарихий маълумотлар жумдладан тарихчи Абдулкарим Бухорийнинг қолдирган маълумотларига кўра  “Фарғона” деб аталган бу мулк айниқса Шоҳруҳбийнинг ўғиллари Муҳаммад Раҳимбий (1721-1740) ва Абдукаримбий (1740-1760) ҳукмронлиги даврида иқтисодий, сиёсий ва маданий жиҳатдан анча ривожланади. Бу даврда унинг ҳудудлари кенгайиб, Қўқон, Андижон, Марғилон каби шаҳарларда савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик ривожланади.
Норбутабий (1769-1800), Олимбек (1800-1809) Умархон (1809-1822) ҳукмронлиги даврида эса хонликка атрофдаги  ерларни қўшиб олиш шунингдек, марказий ҳокимиятни кучайтириш мақсадида жойлардаги  феодаллар ва бекларнинг ўзбошимчалик ҳатти-ҳаракатларини бостиришга қаратилган ишлар олиб борилди.
Масалан, Норбўтабий ўз ҳукмронлигининг дастлабки йилларидаёқ Чуст ва Наманган ҳокимларининг марказий давлатга буйсунмай ўзбошимчалик билан сиёсат олиб боришларига қарши шиддатли кураш бошлади ва уни ғалаба билан якунлади. Шундан сўнг яна бир ўзбошимча ҳукмрон-Хўжанд ҳокими устига юриш уюштирилиб, унинг устидан ҳам ғалаба таъмин этилиб, анча йиллар давомида Бухоро амирлигига буйсуниб келган бу шаҳар Қўқон хонлигига узил-кесил қўшиб олинди.
Ўзининг тўхтовсиз урушлари ва қаттиққўллик билан олиб борган сиёсати туфайли Қўқон хонлигининг ҳам ҳудудий ҳам сиёсий жиҳатдан қудратини юксалтирган Олимхон 1809 йилда фитна йўли билан ўлдирилгач,  шу фитнада фаол  қатнашган унинг укаси Умархон хонлик тахтига ўтиради. Умархон ўзининг хонлик йилларида Бухоро амирлигига қарашли Туркистон ерларини босиб олиш учун уруш олиб борди. У бу билан чегараланиб қолмай, Сирдарёнинг юқори қисмида яшовчи қозоқлар устига ҳам юриш қилиб, уларни ҳам ўз ҳудудига қўшиб олади. Тошкент, Бухоро, Хива йўллари кесишган жойда Оқмачит қалъасини қурдирди. Унинг даврида хонлик ҳар тарафлама янада кучайди. Буни сезган Умархон ўзига “Амир ал-Муслимин” унвонини  берилишини талаб қилди ва бунга эришди. Натижада у ўз номини жума номозда хутбага қўшиб ўқитиш ҳукмига эга бўлди. Бундан ташқари унинг номи билан танга пул ҳам забт этилди.
Умархон ўлгач хонлик тахтини унинг 12 яшар ўғли Муҳаммад Али (1822-1842) эгаллади. Унинг даврида хонликда бир қатор мавҳум воқеалар содир бўлдики, булар хонликни унинг аҳолисини кейинги ҳаётига ҳар тарафлама салбий таъсир қилмай қолмади. Гап шундаки, Муҳаммад Алихон 1829 йиллар давомида Шарқий Туркистон ва Қошғарга, ҳамда Қоратегин тожиклари устига муваффақиятли ҳар-хил юришларни амалга оширди ва  ўзига “Ғозий” яъни дин йўлида курашувчи деган номни олди. Бироқ, шунга қарамасдан мамлакатдаги дин пешволари ичида унинг душманлари ҳам кўп эди. Ўша дин пешволари Муҳаммад Алини шаккок, худодан қайтган деб эълон қилишди ва  унинг устидан Бухоро амири Насруллога арз қилишди. Бухоро амири томонидан 1840  йилда Қўқонга юборилган элчи Муҳаммад Алихонни ўгай онасига уйлангани сабабли кофир деб эълон қилинган деган гапни олиб келди. Шундан кейин хонлиги ва Бухоро амирлиги ўртасида уруш келиб чиқади. Урушда Қўқон хони енгилиб, Хўжанд шаҳрини Бухорога топширишга мажбур бўлади.
1842 йилда Қўқонда Муҳаммад Алихон унинг зулмига қарши халқ қўғолони бошланади. Бухоро амири Насрулло бундан фойдаланиб, Қўқонга лашкар тортиб боради, Қўқонни қўлга киритиб, 3 кун талон тарож қилади ва Қўқон хони Муҳаммад Алихонни, унинг онаси ўз замонасининг ажойиб шоираси Нодирабегимни ёш ўғли  Муҳаммад Аминни  бир қанча сарой хизматчилари билан биргаликда халқ кўзи олдида қатл эттиради, Қўқон Бухорога қўшиб олинади. Бироқ 3 ой ўтгач 1842 йилнинг ёзида Қўқонда Насруллога қарши қарши қўзғолон кўтарилиб, унинг ҳокимияти ағдарилиб ташланади.
Шундан кейин, Қўқон тахтига собиқ Қўқон хони Олимхонни Таласда яшаётган жияни Шерали таклиф этилди ва у 1842-1845 йиллар давомида хонлик қилди.
Бироқ, 1845 йилда Шералихон билан уни тахтга кўтарилишига сабабчи бўлган қипчоқлар ўртасида юзага келган зиддият туфайли Шералихон ўлдирилади. Тахтга унинг 13 яшар ўғли Худоёрхон қўйилади. Худоёрхон 1868 йили Чор Россияси билан сулҳ тузиб, амалда унинг вассалига айланди. Худоёрхонни Чор Россияси билан яқинлашишига қаратилган сотқинлик сиёсати ва унинг хонликдаги зулми халқнинг ғазабини уйғотади. Натижада унга қарши халқ қўзғолонлари бошланади. Ана шундай қўзғолонлардан энг каттаси 1872 йилдан то 1878 йилгача давом этган Пўлатхон ва Абдураҳмонхон Офтобачи бошчилигидаги қўзғолон бошлади. Бу қўзғолонлардан қочиб Худоёрхон Тошкентга чор генераллари олдига ёрдам сўраб келади. Чор генераллари оқ подшонинг фармони билан 1876 йил  19 февралда жаъми тахтида 16 та хон ҳукмронлик қилган Қўқон хонлиги тугатилиб, Фарғона генерал-губернаторлигига қўшиб юбордилар.
Қўқон хонлигидаги ижтимоий-сиёсий аҳвол ва маданий ҳаёт ҳам ўзига хос бўлган. Хонлик ҳудудидаги бир томондан Сирдарё билан Қоратегин ўртасида жойлашган Фарғона вилоятидан ториб то Туркистонгача, иккинчи томондан Қошғардан то Балхаш кўлларигача бўлган катта ерлар кирган. Хонлик аҳолиси ўзбеклар, тожиклар, қирғизлар, яҳудийлар, афғонлар, қозоқлар, қорақалпоқлар, уйғурлардан ташкил топган. Хонлик ташкил этилган вақтда унда яшовчи аҳолининг умумий сони 1,5 2 млн кишини ташкил этади. Қорақалпоқлар гилам тўқиш билан танилган. Ўзбеклар, тожиклар асосан деҳқончилик, шунингдек косибчилик билан шуғуллансалар,  қирғиз ва қозоқлар чорвачилик, қорақалпоқлар гилам тўқиш билан банд эдилар. Яҳудийлар, ҳинди, афғон ва бошқа халқнинг вакиллари эса савдо билан шуғулланганлар. Яҳудийлар яна мусаллас тайёрлаш билан машғул бўлганлар. Қўқон хонлигида деҳқончилик билан шуғулланувчи аҳоли сувдан фойдаланишни мукаммал эгаллаганликлари билан ажралиб турар эдилар. Бу ерда сунъий суғориш ишлари  кенг кўламда олиб борилган.
Деҳқончиликда буғдой, арпа, тариқ, жўхори, шоли, мош, ловия, пахта ва бошқа экинлар экилиб, улардан яхши ҳосил олинган. Ер эгалигининг асосан 4 тури мавжуд бўлган: Биринчиси, хирож ерлари (замини хирожий) асосий ер эгаларининг ерлари. Иккинчиси, давлат ёки амлок ерлари (замини давлат, замини амлок) бу хон ихтиёридаги ерлар бўлган. Учинчиси хусусий ерлар бўлган, ерлар ичида ўртачаси ҳисобланган яъни, хон ерларидан кейинги ўринда турган,  (менинг фикримча), бу ерлар хоннинг махсус фармойиши билан берилар эди. Тўртинчи, вақф ерлари, бу ерлар диний муассасаларга қарашли эди, унда асосан руҳонийлар фойдаланар эдилар.
Хирож ерлари ер эгалари, хусусий ерлар бўлиб, ундан олинган солиқ хирож деб аталар ва ҳосилнинг 1Ғ5 қисмидан то 1Ғ8 қисмигача ташкил қилар эди. Хорижнинг бир қисми ҳамма хонликлардаги каби бу ерда иш билан олинган.
Амлок ерларидан хон хон баъзан айрим кишиларга тақдим этар, бундай ерлар танҳо деб юритилар эди. Бу ерлардан солиқ йиғиш ҳуқуқи танҳодорларга берилар эди. Танҳодорлар ўз ерларини бошқаларга ижарага беришга ёки ўзлари бевосита солиқ йиғиш ҳуқуқига эга эдилар.
Хусусий ерлар хон томонидан  айрим кишиларга у ёки бу хизмати учун махсус ёрлиқ билан берилар ва бундай ерга эга бўлган шахслар ҳамда жамоаларнинг бари солиқдан озод қилинар эди. Бундай ерларни “мулки ҳур” деб аталар эди. Ундан ташқари, “замини ушри” деб юритиладиган ерлар ҳам бўлган. Улардан ҳосилнинг 1Ғ10  қисми баробарида солиқ олинар эди. Расмий солиқлардан ташқари  яна турли хил фавқулодда солиқлар бўлган, бунга мисол қилиб кумуш солиғини олишимиз мумкин.
Расмий солиқлардан ташқари яна бошқача қилиб айтганда, марказий солиқлардан ташқари деҳқонлар яна район бошлиғи учун кафсон доруға, амир учун,  қишлоқ оқсоқоли учун, муштак деган солиқлар тўлар эдилар. Амлокдорлар келгунча деҳқонлар ҳосилни йиғиштириб, ўриб олишга ҳақлари йўқ бўлган, ҳамда солиқ йиғувчилар келиб ҳосилни тахминий ҳисоблаб чиқар эдилар ва шунга қараб олинадиган солиқ миқдорини белгилаб чиқар эдилар. Улар деҳқонларни ҳоҳлаганча талаш ҳуқуқига эга бўлганлар.
Уй ҳайвонлари учун яксара солиғи ҳам деҳқонлар буйнида эди. Бу солиқ мисол учун бир жуфт ҳўкиз ёки от учун бир ботмон буғдой баробарида олинар эди. Бу солиқ мисол учун бир жуфт ҳўкиз ёки от учун бир ботмон буғдой баробарида олинар эди. Беда экиладиган майдонлардан алаф пули солиғи олинганлиги ҳақида маълумот бор. Кўчманчи қирғизлар 40 бош қўйдан 1 қўй солиқ тўлашган.
Бундай солиқлардан ташқари, яна уруш вақтларида хон саёҳатга чиққанда, хонга совға бериш вақтларида аҳолидан жуда кўплаб солиқлар олинар эди. Шаҳар аҳолиси учун солиқ уйлар, ишхоналар ва дўконлар миқдорига қараб белгиланган.
Ҳунармандлар икки табақадан иборат бўлиб,  юқори табақани усталар, қуйи табақани шогирдлар, ҳаммоллар, кунбай ишловчи усталар ташкил қилар эдилар.
Асосий ҳунар хиллари ип ва ипак матолар тайёрлаш, темирчилик, эгар-жабдуқ ясаш. Буёқчилик, мисгарлик, заргарлик, дурадгорлик, арава ва омоч ясаш, мум ишлаш, писта кўмир тайёрлаш, қамиш томлар ясашдан иборат бўлган. Қўқонда хонга қарашли порох ишлаш ва қоғоз тайёрлаш корхоналари бўлган.
Қўқон хонлиги ҳудудида ер ости бойликлари ҳам кўп бўлган ва шулар жумласидан, Наманганда олтин, Андижонда кумуш ва қўрғошин, Тянъ-Шаннинг Шимолий тарафида, Қоратоғда бироз мис ва темир рудалари олинган. Селитра Чаккисўз, Ўратепа,  Хўжандда, олтингугурт Лаъликон, Ўратепада учрар эди. Ўш ва Наманганда тошкўмир олинар эди. ХIХ асрда Қўқон шаҳрида ип газлама тўқиш марказлашди, жун ишлаш Тошкентда, темир асбоблар Наманганда марказлаша борди. Солиқ, асосан натурада бўлди ва шу билан бирга пул билан ҳам солиқ тўланадиган бўлиб қолди.
Россия билан савдо алоқалари ривожланди. Россия Ўрта Осиё ўз навбатида, пахта, жун, чорвачилик, боғдорчилик маҳсулотлари етказиб берган.
Қўқон хонлиги ўзининг атрофдаги бошқа  хонликлар билан ўзаро савдо муносабатлари олиб борардилар. Қўқон хонлиги Бухорога мева, ипак чиқарар эди. (Хитой моллари ҳам шу жумладан), Бухоро эса ўз навбатида пахта, жун, юпқа матолар, рус чити  каби молларни берарди.
Қўқон хонлигида давлатни бошқаришда ҳам бошқа хонликларга қараганда айрим ўзига хос хусусиятлар бўлган.
Хонликда хондан кейинги асосий амалдор мингбоши бўлганки, у ҳуқуқ ва вазифаси жиҳатдан Бухоро хонлигидаги Қушбегига тенг бўлган. Қўқон хонлигининг маъмурий-сиёсий соҳасида  бевосита хон томонидан Тошкентни идора этиш учун сайланадиган беклар бегини аҳамияти катта бўлган.
Қўқон хонлигида муҳтасиб лавозими ҳам бўлиб, у Хива ва Бухоро хонликларидаги раис вазифасини бажарган.Қўқон хонлигида муҳтасиб зиммасига яна аҳолининг хулқ-атвори, юриш туриши ҳамда шариат, савдо-сотиқ, талабларини бажариш устидан назорат қилиш вазифаси юклатилган.
Хонликда миршаблар, яъни, қўрбошилар бўлиб, улар кечқурун бозорлар ва осойишталикни сақлаш билан банд бўлганлар.
Қўқон хонлиги вилоятларга бўлинар. Вилоятлар бекликларга бўлинар, бекликлар эса ўз навбатида аминлик ва оқсоқолликка бўлинар эди. Вилоятлар устидан ҳокимликлар, бекликлар устидан беклар, оқсоқолликлар устидан оқсоқолллар, аминликлар устидан аминлар ҳукмронлик қилар эди. Хон мамлакат устидан асосий бошлиқ ҳисобланар, бироқ мамлакатнинг давлат ишларини олиб бориш учун давлат кенгаши ташкил қилинар эди. Хон кенгашига ҳар турли унвонга эга амалдорлар кирар (шу жумладан руҳонийлар ҳам). Хон кенгашининг баъзи аъзолари баъзи бир вилоятларнинг ҳокими ҳисобланар эди. Бироқ, улар ўз вилоятларида бўлмасдилар. Бошқа ҳокимлар вилоятларда, яъни ўз ерларида яшардилар. Хон олдига фақат совғалар топшириш ва айрим хизмат ишлари учун келардилар. Қишлоқлардаги аминлар ва оқсоқоллар вилоят ҳокимлари томонидан тайинланар, аҳолини баъзи судга доир ишларини қараш ҳуқуқига эга эдилар.
Асосий суд органи қози ҳисобланиб, уларни хоннинг ўзи тайинлар эди. Қозилар ҳам диний, ҳам фуқаролик ишларини кўрар эдилар. Қозилар ҳатто ўлим ҳукмини чиқаришга ҳам ҳуқуқли эдилар.
Хонликда мингбошидан кейин қушбеги, додҳоҳ, понсодбоши ва парвоначи деб аталган амалдорлар турганлар. Улар вилоятлар устидан ҳукмронлик қилганлар, уруш вақтларида  қўшинларга қўмондонлик қилганлар, тинчлик вақтларида  хон кенгашида қатнашиб, давлат ишларини ҳал қилганлар. Хонликда армия асосан отлиқлардан иборат бўлиб, улар фақат уруш ҳолатларидагина чақирилган. Уларда на қаттиқ ҳарбий интизом,  на бир хил ҳарбий кийим бўлган.
Ҳарбий қисмлар асосан вилоят ҳокимларининг қўлидаги қўшинлардан ташкил топган. Ҳарбий қисмлар асосан вилоят ҳокимларининг қўлидаги қўшинлардан ташкил топган. Ҳарбий қимлар 3 га бўлинар эди: Сипоҳ (кавалерия), Сарбоз (пиёда аскарлар), Тўпчи (артиллерия). Сипоҳлар отлиқ аскар бўлиб, хон гвардияси ёки вилоят ҳокимлар қошидаги ҳарбий қисмлар составига кирар эди. 1830 йилда Қўқон хонлигининг энг йирик ҳарбий қисми Тошкент отрядида 15 минг сарбоз бўлган. Қўқон хонлиги қўшинларининг қуролланиш даражаси Бухоро хонлигига қараганда ёмонроқ бўлган. ХIХ асрнинг  50-йилларида хонлик қўшинларининг 1Ғ7 қисмигина пиликли милтиқлар билан қуролланган бўлиб, бутун хонликда 100 га яқин мисдан қуйилган замбараклар бўлган холос. Бошқа хонликлардаги каби ерлар асосан бойлар, амалдорлар, ўзига тўқ меҳнаткашлар, диний ходимларнинг қўлида эди. Ерга эга бўлмаган деҳқонлар бойлар ва катта ер эгаларининг қўлида оғир шароитларда ишлар эдилар. Ана шундай деҳқонларни чоракорлар дер эдилар.  Чоракорлар ҳосилни йиққанларидан кейин 1Ғ5 қисмини  хирожга ва ёлланган ишчи кучига тўлагандан сўнг ¼ қисмини ўзига олиб қолар эди. Агар пахта ёки жухори  ишлаб чиқарилган бўлса, ҳалиги тўловлардан сўнг, 1Ғ3 қисми унга қолар эди.  Қўқон хонлигида яшовчи Наливкин ва Наливкиналар у ердаги аҳолини ҳаёти ҳақида гапира туриб шундай дейишган. “Улар очликка (ҳар доим оч яшашга) ўрганиб кетганлари учун, йилнинг маълум фаслларидаги очлик улар учун қишдаги совуқ ва ёздаги иссиқ каби табиийдир”.
Камбағал аҳолининг уйлари гуваладан ясалган, капа, ертўла кўринишидаги уйлар бўлганлигини айтиб ўтиш керак. Бундай уйларга ертўла бўлса, эшик билан мўри ягона нур тушиб турадиган жой бўлган. Ҳаво қаттиқ совуқ бўлганида эшик маҳкам ёпилар, мўри кигиз билан тўсилар эди, сассиқ қора чироқ ёқиб ўтирилар эди.
Маориф тизими асосан ислом дини асосида тузилган эди,  яъни 2 босқичга бўлинган бўлиб, 1 – босқичда билан ўқувчиларга (калтаклаш усули билан) Қуръон ва баъзи бошқа китобларни механик ёдлаттирар эди. Бу босқичнинг муддати 2-5 йил эди. 2-босқичда олий даражада маълумот олинар эди. Муддати 20 йилгача эди.
Юқорида ижтимоий, иқтисодий, сиёсий шарт-шароитлар Қўқон хонлигида санъатга ҳам таъсир кўрсатди. Бу таъсир натижасида бу ерда ҳам адабиётнинг 2-қисми яъни демократик ва феодал-клерикал оқимидир. Демократик адабиёт намоёндалари сифатида Ғозий, Ҳозиқ, Нодира, Маҳзуна, Увайсий каби замонасининг ажойиб шоиру-шоираларини кўрсатиш мумкин. Бироқ, шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, тақдир тақозоси билан мамлакатимиз ҳудудида вужудга келган сулола вакилларининг айби билан бойлик, ер, юрт ва тахт талашиб доимий равишда бир-бирлари билан тўхтовсиз урушлар олиб борди. Бу ўз навбатида мамлакат халқ бошига сон-саноқсиз кулфатлар келтирди.
Шундай қилиб, Марказий Осиёда тарих тақозоси билан вужудга келган уч хонликдаги ижтимоий иқтисодий ва маданий ҳаёт ҳақида гапирар эканмиз, шу нарсага эътиборни қаратишимиз керакки, энг аввало ҳар уччала хонлик ҳам ўша даврдаги ҳукмрон синфлар манфаатини ҳимоя қилишга тўла бўйсундирилган эдики, бу навбатида ўлкада иқтисодий, маданий ва ҳарбий соҳада ночорликни келтириб чиқарди. Бундан фойдаланган Чор Россияси ўлкани босиб олиб,  ўз мустамлакасига айлантирди.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин