1616 йил қўзғолони ўзбек халқининг миллий озодлик учун олиб борган кураши тарихининг ёрқин саҳифаларидан биридир. Нафақат Туркистон, балки Марказий Осиё ва Қозоғистоннинг ҳам кўпгина шаҳар ва қишлокдарида гуриллаб ёнган қўзғолон олови, бир томондан, чор ҳокимияти ўтказган зулмнинг ҳаддан ошгани, иккинчи томондан, XX асрнинг 10-йилларига келиб мўмин-мусулмон халқларнинг ижтимоий онги ўсиб, ўз ҳақ-ҳуқуқини тиклаш ва мустамлакачилик кишанларини парчалаш учун курашга астойдил отланганидан дарак берди. Жадидларнинг бу миллий озодлик ҳаракатига муносабати ҳақида жуда оз ёзилган. Бу оз маълумотларда ҳам уларнинг 1916 йил қўзғолонига бўлган муносабати фақат салбий баҳоланиб келинган. Ҳамза ижодининг илк тадқиқотчиларидан бири Шариф Ризо "Янги саодат курашчиси" (1939) деган мақоласида мазкур масалага тўхтаб, бундай ёзган: "Кечагина "оҳ, миллатим!" деб тилини осилтириб юрган жадид зиёлилари ва ўзбек бойлари оқ подшога ўзларининг содиқликларини ва унинг "кўп йиллар" яшаши учун ҳар қандай оғир хизматга тайёрликларини билдирадилар". Шариф Ризодан тўрт йил аввал "Жадид адабиётининг синфий моҳиятига" сарлавҳали мақоласида Ҳамид Олимжон ҳам бундай сўзларни айтган: "Бу вақтда ўзларини янгилик тарафдори, "инқилобий " халқ учун курашувчи қилиб кўрсатиб келган, ҳаммага "оч кўзингни ", деб бақирувчи жадидлар йўлда чекилиб қолдилар. Улар исёнчилар билан, инқилобий омма билан бора олмадилар. Исёнчилар ва инқилобчиларнинг йўли ва иши улар учун ёт ва қўлдан келмайдиган бўлиб чиқди ". Атоқли шоир мазкур масала хусусидаги фикрларини жамлаб, "Қўзғолонни босиш, исённи тугатишда жадидлар чоризмга ёрдам қилдилар " деб ёзган. Шубҳасиз, бу ҳар иккала ёзувчининг жадидларни масхара қилувчи юқоридаги сўзлари совет мафкурасининг талаби билан айтилган. Агар бу ҳар иккала муаллиф жадидларнинг 1916 йил қўзғолонига бўлган муносабатлари ҳақида йўлма-йўлакай фикр билдирган бўлсалар, совет даврининг таниқли тарихчиси Мавлон Ваҳобов "Ўзбек социалистик миллати" (1960) китобида мазкур масалага махсус ўрин ажратиб, жумладан, қуйидагиларни ёзган: "...туғилиб келаётган ўзбек миллий буржуазияси ва унинг мафкурачилари бўлган жадидлар 1916 йил қўзғолони даврида подшо ҳукуматига қарши чиқмадилар, аксинча, чоризм ва рус буржуазияси тарафида бўлдилар. Шунинг учун Туркистоннинг ўзбек районларидаги 1916 йил қўзғолони бир бутун халқ қўзғолонига айланмасдан, айрим шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг яккама-якка чиқишидан иборат бўлиб қолди... Ўзбек миллий буржуазияси қўзғолонга раҳбарлик қилган тақдирда қўзғолон катта ютуқларга эришиши мумкин бўларди ". М.Ваҳобовнинг зикр этилган китобидан кейин кечган вақт мобайнида жадидчилик ҳаракати ва унинг намояндалари оқланибгина қолмай, уларнинг ижтимоий, адабий ва маданий-маърифий фаолияти тўғрисида кўплаб китоб, рисола ва мақолалар яратилди. Аммо уларда жадиддарнинг 1916 йил воқеаларига муносабати масаласига аниқлик киритилди, дейиш қийин. Жадиддар Туркистоннинг XX асрдаги ижтимоий-маданий ҳаётида қанчалик муҳим ўрин тутган бўлмасин, уларнинг сиёсий партияга хос белгилар — раҳбарлик қилувчи марказ, қатъий ҳаракат дастури, низом ва аъзоларга эга бўлмаганини назардан қочирмаслик лозим. Жадидчилик ҳаракати 1905-1917 йилларда янги мактаб, матбуот, адабиёт ва театр, шунингдек, намойишларни ташкил қилиш орқали халқ оммасига муайян таъсир ўтказди. Лекин бу таъсир доирасига халқ оммасининг барча қатламлари жалб этилди, дейишга асос йўқ. Шунинг учун ҳам на қуролли кучлари, на бошқа имкониятлари бўлган жадиддарнинг қўзғолоннинг пировард такдирини била туриб, унга раҳбарлик қилишлари мумкин эмас эди. Тўғри, жадидлар "оқ подшо"нинг мардикорликка олиш ҳақидаги фармони муносабати билан стихияли бошланган қўзғолондан четда туришлари, уни кўрмасликка олишлари мумкин эмас эди. Шунинг учун ҳам улар қўзғолоннинг дастлабки даврида исёнчилар тарафида бўлдилар, ҳатто уларнинг хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб турдилар. Лекин Туркистонда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши билан аниқ ҳаракат дастурига эга бўлмаган омманинг стихияли ҳаракати кўнгилсиз оқибатларга олиб бориши мумкинлигини яхши билган жадиддар исёнчиларга раҳбарлик қилишни ўз зиммаларидан соқит қилиб, қўзғолонни тинч ўзанга буриб юборишга уриндилар. Бунинг, шубҳасиз, бир неча сабаблари бор. Биринчидан, масалан, 11 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган қўзғолон оқибатида қўзғолончилардан 11 киши ҳалок бўлган, 15 киши эса жароҳат олган. Қўзғолончилар бошқа шаҳар ва қишлоқларда ҳам шундай талофат кўрганлар. Иккинчидан, содир бўлган вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқчи бўлган уламо қўзғолонга диний тус бермоқчи бўлиб, халқни ғазоватга чақирган. Ғазоват жазавасига тушган омманинг эса ўзини ҳам, "оқ подшо" фармонига алоқаси бўлмаган рус аҳолисини ҳам хонавайрон қилиши ҳеч гап эмас эди. Учинчидан, вазиятнинг жиддий тус ола бошлаганини кўрган Туркистон генерал-губернаторлиги 17 июль куниёқ ўлкада ҳарбий ҳолатни жорий қилди. Фавқулодда ваколатга эга бўлган маҳаллий маъмурият оммавий тартибсизликда иштирок этган ҳар бир кишини ҳарбий ҳолат қонунларига кўра қаттиқ жазолаши мумкин эди. Тўртинчидан, Туркистонга шу кунга қадар раҳбарлик қилган генерал-губернатор аҳоли билан пачакилашишда айбланиб, унинг ўрнига Ўрта Осиёни забт этишда иштирок этган генерал-адъютант А.Н.Куропаткин генерал-губернатор этиб тайинланган ва унга фавқулодда ваколатлар берилган эди. Бешинчидан, чор ҳокимияти қўзғолонни бостириш учун ўлкадаги мунтазам қуролли кучлардан ташқари, яна 14 та батальон, 33 та казак ҳарбий қисми, 42 та тўп ва 69 та пулемёт жўнатган эди. Ана шундай шароитда жадиддарнинг 1916 йил қўзғолонига бошчилик қилишлари халқ оммасини жар ёқасига етаклаш билан баравар эди. М.Ваҳобов давом этиб, ёзган: "Миллий буржуазиянинг қўзғолон вактида қилган хоинлиги жадидларнинг хулқ-атворида очиқ намоён бўлди. Жадидлар 1916 йил қўзғолони даврида халқ ўртасида подшо фармонига сўзсиз бўйсуниш, фронт орқасидаги районларда ишлаш учун мардикор бериш тўғрисида пропаганда юргиздилар. Улар шаҳарларда мардикор олишга ёрдам комиссиялари туздилар. Бу комиссиялар мардикор ёшидаги кишиларни рўйхатга олиш, мардикорга юбориш учун одамлар ёллаш, халкни қўзғолон кўтаришга чақирган кишиларни тутиб бериш каби ишларни қилдилар... " Совет тарихчисининг жадиддар шаънига айтган узундан-узоқ айбномасини шу ерда кесиб, қуйидаги далилларни тарих факти сифатида келтиришни хоҳлардим. Тарих фанлари доктори, таникди олим Ҳамид Зиёев "Туркистонда Россия тажовузи ва ҳукмронлигига қарши кураш" (1998) деган китобида 11 июль куни Тошкентда рўй берган воқеаларни шарҳлаб, бундай маълумотни берган: "...Халойиқ полиция бошқармасининг мирзаси Терентьевнинг бошини жароҳатлаган. Тошбўрон орқасида Себзор даҳасининг миршаби Саид Исмоилжонов, Шайхантаҳур даҳасининг миршаблари Тиллахўжа Эшмуҳамедов ва Дониёрхўжа Исахўжаев ҳам ярадор қилинади. Аскарлардан уч киши жароҳатланади. Оломон бошқарма идорасини тошбўрон қилиб, унинг дераза ва эшикларини синдиради. Шу пайтда хотинларнинг қўзғолонга қатнашаётганини қоралаган Обид уста Азизхўжаев калтакланади. Бу киши шаҳар касалхонасида ўлган. Прокурор айбномасида шу ҳақда бундай дейилган: "Марҳум Обид уста Азизхўжаевнинг укаси 11 июль куни касалхонага борганида, акаси жон беришдан олдин шундай дейди: "Мен полиция бошқармасининг тагида туриб, шовқин-сурон кўтариш ва тошбўрон қилиш эркаклар турганда хотинларга муносиб эмас, дедим. Шу ондаёқ кишилар ва хотинлар мени кўчага судраб олиб чиқишди. Бу ерда кимлардир биқинимга пичоқ урди ". Бу хотирада тилга олинган Обид уста Азизхўжаевнинг жадидларга ҳеч бир алоқаси йўқ. Биз унинг "шовқин-сурон кўтариш ва тошбўрон қилиш эркаклар турганда хотинларга муносиб эмас", деган сўзларини окдамоқчи ҳам, қораламоқчи ҳам эмасмиз. Муддаомиз — қўзғолончиларнинг тахминан шундай сўзларни айтиши мумкин бўлган жадидларга ҳам шу тарзда муносабатда бўлганларини қайд этишдир. (Ойбекнинг "Қутлуғ қон" романидаги қўзғолончиларнинг шундай сўзларни айтган Абдушукурга бўлган муносабатини эсланг.) Обид устанинг ҳам, жадиддарнинг ҳам қўзғолонни тўғри ўзанга йўналтирмоқчи бўлганларини хоинлик деб баҳолаш тўғри эмас. Қуролсиз, уюшмаган, ғоявий раҳбарига эга бўлмаган ёки унга бўйсунмаган омманинг исён кўтариш йўли билан "оқ подшо"нинг фармонини бекор қилиши амримаҳол эди. Шунинг учун ҳам жадиддар қўзғолонга раҳбарлик қилиш-ни эмас, балки мардикорликка олиш билан боғлиқ айрим муаммоларни ҳал қилишни ўз зиммаларига олдилар. Негаки, маҳаллий маъмурият ходимлари ҳам, қўли узун бойлар ҳам бева-бечораларнинг фарзанддарига кўз олайтирган ҳоллар оз бўлмади. Халқ манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳатто Петербургга ҳам мурожаат этиш зарур бўлиб қолди. Шундай ҳолларда халқ дардига малҳам бўлиш мақсадида "Туркистон мардикорликка олиш комитети" ва унинг шаҳар бўлимлари тузилди. Тошкент жадидларининг сардори Мунаввар қори Абдурашидхонов ана шу комитетга раис ўринбосари этиб сайланди. У шу лавозимни эгаллаган киши сифатида чор ҳокимияти олиб бораётган сиёсатнинг нотўғрилигини халққа тушунтириш билан бирга мураккаб масалаларни ҳал қилиш учун Петербургга вакил юбориш ишларида фаол қатнашди. Ўша кезларда АФ.Керенский раҳбарлигидаги Давлат Думаси комиссиясининг Туркистонга келиши Убайдулла Хўжаев ва Мунаввар қори Абдурашидхоновларнинг ташаббуси билан амалга оширилди. Журналист ва таржимон Наим Саиднинг "Ҳамза Ҳакимзодани эслаганда" (1929) деган мақоласида мардикорларнинг Россияга юборилган дастлабки гуруҳлари (тўдалари) тўғрисидаги бундай сўзларини ўқиймиз: "Биринчи тўда учун Қўқон "халқи " томонидан тўпланган ишчилар (мардикорлар - Н.К.) сафида шаҳарнинг ҳамма "яланг оёқ " фақирлари жўнатилган эди. Иккинчи тўда учун сотиб оларлик бева-бечораларнинг ўғиллари кифоя қилмайди, балки йўқ. Аввалда юз-юз эллик сўмга топилган "бекорчи " йигитларни ҳозир минг сўмга ҳам топиб бўлмайди. Бойваччаларни юборишга оталари розилик бермайдилар, бундай ишчи кучи танқислиги шаҳар амалдорларини тараддудга солиб қўйди. Лекин бойларнинг чўнтаклари қулай чора топиб берди. Шаҳар катталари, амалдорлари бирлашиб, ҳам маҳаллада бўлган ўртаҳол фуқарони, уларнинг болаларини тўғридан-тўғри чақириб, мажбурий юборишга қарор қилинди... Катта пулдор ва мулкдорлар тарафидан майда косибларга, деҳқонларга бўлган ҳужумга тоқат қила олмаган баъзи зиёлилар бундай нотўғри сиёсат ҳақида марказга — Петроградга (Петербургга демоқчи. - Н.К.) хабар бериб, ундан комиссия келтиришга муваффақ бўлдилар. Бу комиссия келган куни шаҳарнинг бутун амалдорларини ўрнидан бекор қилиб, подшонинг "адолати "дан халқни маҳрум қилганларга жазо берилишини эълон қилдилар... " Бу хотира сатрларида тилга олинган "баъзи бир зиёлилар"дан бири Убайдулла Хўжаев бўлиб, у Андижонга келган Давлат Думаси аъзоларига 1916 йил қўзғолонининг келиб чиқиш сабаблари тўғрисида бундай маълумотни берган: "Подшо фармони эълон қилинмасдан олдин мустамлакачи маъмурлар Андижон халқини алдаб, "Сизларнинг ўғилларингизни фронтга олмаймиз, шунинг учун ҳам армияни қўллаб, унга от ва бошқа керакли нарсалар билан ёрдам берсангиз, пул берсангиз бўлади ", деган ва бунга ишонган аҳоли фронт учун кўпдан-кўп моддий сарф-харажатлар қилган ". Убайдулла Хўжаев бундай сўзларни Давлат Думаси аъзолари Андижонга келганларидан кейингина эмас, балки маҳаллий бойлардан Миркомил Мирмўминбоев, андижонлик тараққийпарвар Вадим Чайкин билан бирга Петербургга бориб, Давлат Думаси аъзолари олдида ҳам айтган, қўзғолоннинг келиб чиқиши ва шафқатсиз равишда бостирилишида мустамлакачи маъмурларнинг айби катта эканлигини айтишдан чўчимаган. Шундай қилиб, жадидлар юқорида номлари тилга олинган вакиллари орқали Россия ҳукумати ва жамоатчилигини мардикорликка олиш вақтида рўй берган адолатсизликларни бартараф этишга ҳаракат қилганлар. Айни пайтда улар талаби билан Туркистонга келган комиссия маҳаллий маъмурият томонидан амалга оширилган жиноятларни ҳам фош этиб ташлаган. "1916 йилги қўзғолонни бостиришда, — деб ёзади Ҳамид Зиёев юқорида тилга олинган китобида, — чор маъмурияти томонидан йўл қўйилган шафқатсизликни текширган Дума аъзоси АФ.Керенский шундай хулосага келган эди: туб аҳолининг ғалаёнларини бостириш учун белгиланган жазо экспедицияси ўта шафқатсизлик билан ҳаракат қилиб, фақат эркакларни эмас, балки аёллар ва болаларни ҳам қириб ташлаганлар. Ўша экспедиция аҳоли турар жойларини шу даражада бузиб, яксон этдиларки, бунақаси уруш майдонларида ҳам юз берган эмас". 1916 йил воқеаларининг иштирокчиларидан бири уйларнинг талангани ва куйдирилганини айтган бўлса, бошқаси айрим шаҳар ва қишлоқларнинг бутунлай вайрон этилганига гувохдик берган. Муқум Ўрдушев исм-шарифли бир гувоҳ эса мана бундай манзарани чизиб берган: "Тошкентдан Жиззахга келдим, — деган у. — Кечаси станцияга етиб, намоз вактида шаҳарга тушиб кетдим. Йўлда кўп солдатларни кўрдим. Уларнинг ёнида халқдан тортиб олинган қимматли рўзғор ашёлари тоғ-тоғ бўлиб ётибди. Солдатлар қимматли ипак сўзаналар, атлас ва шоҳи кўрпаларни ёзиб қўйибдилар... Ҳовлига чиқсалар ҳам шоҳи ва атлас кўрпаларни ёпиниб чиқмоқдалар. Бу ерда халқдан тортиб олинган мингларча от-моллар ва қўйлар турибди. Оёқ остида босилиб ётган қимматли нарсаларни кўриб, жуда раҳмим келди... Эски шаҳарга тушсам, энг яхши бинолар, маҳаллалар, шаҳар кўчаларидаги тимлар, дўконлар ошхоналар ва чойхоналар куйиб, ер билан теп-текис бўлган. У ерда бойўғли сайрамоқда. Халқ оч ва яланғоч, жуда оғир аҳволда..." Шундай манзаралар билан муроса қила олмаган жадидлар нажот йўлини излаб, Петербургга кўз тиккан эдилар. Тўғри, Давлат Думасининг Туркистонга келган комиссияси жадиддарнинг катта умид ва ишончларини тўла окдай олмади. Аммо, ҳар қалай, А.Ф.Керенский чор ҳокимиятининг айби билан Туркистонда рўй берган шафқатсизликларни Давлат Думаси минбаридан туриб дадил айта олди. М.Ваҳобов жадиддарнинг оғир вазиятда қолган юртдошлари юкини енгил қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларини мутлақо четлаб ўтиб, яна бундай ёзади: "Жадидларнинг бу даврдаги газета ва журналлари қўзғолончиларни қоралайдиган (?), подшо ҳукуматини мактаб, мардикорликка бориш мусулмонларнинг подшо олдидаги, ҳатто худо олдидаги бурчларидан бири, деб ташвиқот қиладиган мақолалар билан тўлиб чиқарди (?). Масалан, "Ал-ислоҳ"журналининг 1916 йилдаги 16-сонида қўзғолонни бостириш учун подшо томонидан Туркистонга юборилган генерал-губернатор Куропаткинга бағишлаб махсус мақола билан чиқди. Бу мақолада Куропаткин кўкларга кўтарилади, қўзғолончилар бебошлар, тартибсиз кишилар, деб қораланади ". Тарихчининг бу сўзлари жадиддарни масхараловчи оҳангдан холи бўлмаса-да, уларда ҳақиқат зарралари ҳам йўқ эмас. Чиндан-да, жадидлар Куропаткин шаънига ҳамду сано ай-тишдан ўзларини тиймадилар. Нафақат Ҳамза ва Авлоний, балки Тавалло сингари шоирлар ҳам Куропаткинга мадҳия ўқидилар. Улар қўзғолонни шафқатсизларча бостириш ва бундан кейинги ғалаёнларга йўл қўймаслик шарти билан Туркистон ўлкасининг янги генерал-губернатори Куропаткиннинг тош кўнглини шундай йўллар билан юмшатмоқчи бўлдилар. Мазкур қўзғолон ҳақидаги расмий ҳужжатлардан шу нарса маълумки, 1916 йилнинг 25 июлидан 15 сентябрга қадар бўлган даврда ҳарбий прокурор назорати 3 мингдан зиёд қўзғолончиларнинг ишларини кўрган. Суд жавобгарлигига 587 киши тортилган ва улардан 347 таси ўлим жазосига, 104 таси каторгага, қолганлари эса турли муддагли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бундан ташқари, чор ҳукумати тузган режага кўра, 250 минг туркистонлик мардикорликка олиниши лозим эди. Ана шундай шароитда жадиддар Туркистоннинг янги генерал-губернаторини "сен яхши, сендан ит яхши" қабилидаги ҳамду санолар билан кутиб олишга қарор қилдилар ва уни шафқатли бўлишта чақирдилар. Жумладан, Тавалло Куропаткинга бағишланган шеърида бундай ёзди: ...Қайси фарзанд отаси олдига борса "оталаб", Бас, қучоғига олиб, бошин силаб, дейдир "болам". Бағри бирён, кўзи гирёнларга шафқат қилдингиз, То тирик ҳақингиза айлар дуое хосу ом. Шу сатрларнинг ўзиёқ жадиддарнинг Куропаткин шаънига ҳамду сано айтишдан кузатган мақсадларини яққол кўрсатиб турибди. Дарвоқе, улар қўллаган тактика ўз самарасини берди. Энг олий жазога ҳукм этилган 347 нафар қўзғолончидан 51 киши қатл этилди, каторгага юборилган ва қамоқ жазоси белгиланган кишилар сони ҳам анча қисқарди. Режадаги 250 минг киши ўрнига 123 минг киши мардикорликка олинди. 1930 йилда Мунаввар қори Абдурашидхонов ва унинг гуруҳи устидан олиб борилган тергов материалларидан шу нарса маълум бўладики, қўзғолон арафасида адвокат Убайдулла Хўжаев билан М.Абдурашидхоновнинг ўзаро яқинлашуви уларнинг 1916 йил вақеалари пайтида бундай стратегияни белгилаб олишларига имкон туғдирди: улар, модомики, Туркистон аҳолиси мардикорликка олиш воқеаларидан четда тура олмас экан, демак, бу воқеадан эл-юрт манфаати йўлида фойдаланиш керак, деб билдилар. "Фарзанддаримизни мардикорликка эмас, балки аскарликка юборамиз. Мардикорлар олдинги марраларга бориб ҳандақ қазийдилар. Демак, улар ҳандақ қазиётган пайтларида душман уларни бир зумда қириб ташлаши мумкин. Негаки, мардикорларда қурол-яроғ бўлмайди. Шунинг учун биз фарзанддаримизни аскарликка юборамиз", деган талаблар билан чиқдилар. Уларнинг бундай талаблари тагида бошқа ният ҳам бўлган. Чор ҳокимиятининг немислар билан урушда ҳоли танг бўлиб қолганини сезган жадиддар яқин йиллар орасида эрк ва ҳуррият учун ҳаракат бошланиши мумкинлигини англаб, Биринчи жаҳон уруши фронтларида бўлажак ўзбек миллий қўшинига тамал тошини қўйишни орзу қилдилар. Улар мўлжалига кўра, қурол-яроғ билан муомала қилишни ўрганган ўзбек йигитларининг яқин вақт ичида миллий инқилобни амалга ошириши мумкин эди. Шундай қилиб, У. Хўжаев ва М.Абдурашидхонов қўзғолон бошида қўзғолончилар томонида бўлганларига қарамай, мардикорликка олиш комитетига раҳбарлик қилдилар. Айни пайтда Петербургга вакиллар юбориб, Туркистонда содир этилаётган жиноятларга чек қўймоқчи бўлдилар. Шубҳасиз, улар ва бошқа жадидлар, совет тарихчи ва ёзувчилари ёзганидек, Туркистон халкдарининг миллий озоддик ҳаракатига хоинлик қилмай, аксинча, жабрдийда халқни тўғри йўлга бошлаш , унинг дардига даво топиш, унинг боши узра лопиллаб турган қилични бартараф этишга уриндилар. Улар-нинг 1916 йил қўзғолони пайтида орттирган тажрибаси Февраль инқилобидан кейинги даврда, айниқса, асқотди. У.Хўжаев ва бошқа жадиддарнинг аввалги фаолиятидан хабар топган Куропаткин уларни Кавказга сургун қилиш тўғрисида буйруқ чиқарди. Аммо У.Хўжаев шериклари билан сургунга кетиши арафасида Февраль инқилоби юз берди. Бу инқилоб эса жадиддарни эмас, балки Куропаткиннинг ўзини Туркистон тупроғидан улоқтириб ташлади.
Наим Каримов
|