Саналар
04.10.2024
Баннер
Туркистонда подшо Россияси мустамлака идора усулининг жорий этилиши
PDF Босма E-mail

Подшо Россияси Туркистон ўлкасини босиб олгач, жаҳоннинг энг йирик мустамлакачи давлатига айланди. Европада Россияга нисбатан «улкан миқдордаги мулк ўғриси» деган кинояли ибора ишлатила бошланди. Европа ва Осиёнинг бир қисмини ўз ичига олган бу империя бошқа  мустамлакачи давлатлардан фарқли равишда ўзига хос мустамлакачилик тизимини юзага келтирди. Бундай зўравонлик ва зулмга асосланган мустамлакачилик тизими Туркистонда кенг кўламда амалга  оширила бошланди. Бу сиёсат маҳаллий ҳалқларга мутлақо ишонмаслик, уларни назарга илмаслик каби ўта миллатчилик руҳидаги сиёсат асосига  қурилган эди.
Туркистонда бошқарув тизими бутунлай ҳарбийлаштирилган ҳокимият ихтиёрига тўлалигича топширилган бўлиб, уларнинг қўлида чекланмаган ва ҳеч қандай инсоний ҳуқуқларни тан олмайдиган ҳокимият тизими шакиллантирилган эди. «Бу жойда бизнинг умумий душманимиз-мусулмонлик ва ёввойиликдир» - дея ҳарбий вазир Милютинга мактуб йўллаган генерал Кауфман 1868 йил 22 январда Тошкент жамоатчилиги вакиллари олдида сўзлаган нутқида русларни Туркистон аҳолисининг катта оғалари деган фикрни илгари сурди.
Маҳаллий маслаҳатчи Ф.Гирс бошчилигидаги Дашт Комиссияси (1865-1867) Туркистон ўлкасида қандай бошқарув тизими ўрнатиш лозимлиги ҳақида бир қанча таклифларни подшога баён қилди. Подшо  Александр II бу лойиҳаларни «Ўрта Осиёдаги мулкларни ўзлаштириш бўйича Маҳсус қўмита» диққатга ҳавола қилди. Бундаги амалдорлар Туркистон аҳолисига  ўта паст назар билан қараб, ўлка аҳолисини «ёввойилик ва қолоқликда»  айбситиб, бошқарувнинг фақатгина марказлаштирилган ҳарбий ҳокимияти жорий этилиши зарур деган хулосага келдилар. Бу ҳокимият расман «ҳарбий ҳалқ бошқаруви» деб номланган бўлсада, амалда тўлалигича ҳарбийлар қўлида эди.
1867 йилда ҳарбий вазир Милютин Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисидаги Вақтли Низом лойиҳасини подшолик вазирлар қўмитаси тақдим этди ва бу қўмита томонидан тасдиқланган ушбу лойиҳа қонун сифатида кучга киритилди. Бунга кўра марказий фуқаролик ва ҳарбий бошқарув тизими тўлалигича генерал губернатор кўлига топширилди. У айни  вақтнинг ўзида туркистон ҳарбий округи бош қўмондони ҳам эди. Марказий давлат бошқарувидан бошқарувнинг энг қуйи поғоналаригача ҳокимият ҳарбий қўлига топширилди. Бу бошқарув тизими Туркистон ўлкаси ва аҳолисини ҳар томонлама мустамлакачилик сирмоғига солиш билан машғул бўлди ва айрим ўзгаришлар билан 1917 йилга қадар давом этди.

Туркистон генерал-губернаторлигида жорий қилинган бошқарув усули маҳаллий аҳоли устидан тўла назорат қилиш имконини бера оладиган тарзда қилиб ташкил этилган эди.
Марказий ўлка бошқаруви генерал губернатори, унинг Кенгаши ва маҳкамасидан иборат бўлган.
Туркистон генерал губернатори ўз қўлида ҳарбий ва фуқаролик ҳокимиятини бирлаштирган эди. Айни вақтнинг ўзида у подшо ноиби, ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, Еттисув казак қўшинлари қўмондони, бош миршаб ва бош прокурор вазифаларини ҳам ўз қўлида бирлаштирган эди.
Туркистон генерал губернатори Россияга вассал ҳисобланган Бухоро амирлигини Россия император сиёсий агентлиги (1885-1917) ва Хива хонлигини Амударё бўлими (1873-1918) бошлиқлари орқали назорат қилинган.
Ўлка бошқарувининг энг долзарб масалалари генерал губернаторлик кенгаши  томонидан ҳал этилган. Бу кенгаш ўз  таркибига ҳарбий гуернатор, суд палатаси раиси, прокурор, округ штаби бошлиғи, генерал губернатор ёрдамчисини киритган эди.
Шунингдек, марказий бошқарувда тўрт маҳкамадан иборат генерал губернатор маҳкамасининг ҳам ўрни катта бўлган. Биринчи бўлим маъмурий ва назорат ишларини, иккинчи бўлим бош бошқарманинг молиявий хўжалик ишларини, учинчи бўлим солиқлар, шаҳарлар маблағлари ва бошқарувга доир лойиҳалар тайёрлаш ишларини назорат қилган бўлса, тўртинчи  бўлим маҳсус бўлим бўлган. Бу бўлим 1886 йилгача фаолият юритган ва ҳарбий ҳамда адлия вазирликлари кўрсатмаларига ҳам амал қилмаган.
Генерал губернаторнинг дипломатия идораси Бухоро амирлиги, Хива хонлиги, Афғонистон ва Қошғар билан муносабатларини мувофиқлаштириш ишлари билан шуғулланган. Генерал губернатор маҳкамаси ихтиёрида Туркистон оммавий кутубхонаси, Тошкент музейи, марказий архив, «Туркестанские ведомости» ва «Туркистон вилоятининг газети» газеталари ва босмахона ҳам бўлган.
Туркистон ўлкаси марказий бош бошқармасида генерал губернаторга бўйсунмайдиган адлия, молия, зироат ва давлат мулклари вазирликларига қарашли идоралар ҳам  бўлган ва улар тўғридан-тўғри подшога бўйсунган.
Туркистон генерал губернаторлиги бешта вилоятдан иборат бўлиб, улар Сирдарё, Фарғона, Самарқанд, Еттисув ва Каспийорти  вилоятлари эди. Вилоятлар подшо томонидан тайинланган ҳарбий губернаторлар ихтиёрида бўлган. Бир вақтнинг  ўзида улар вилоят ҳарбий қўшинлари қўмондони вазифасини ҳам бажарганлар. Вилоятдаги маъмурий, полиция ва суд ҳокимиятлари ҳам ҳарбий губернаторларга бўйсунган.
Вилоятлар ўз навбатида уездларга бўлиб бошқарилган. Уездлар уезд бошлиқлари томонидан идора этилган. Сирдарё вилояти Тошкент, Авлиёота, Казалинск, Перовск, Чимкент: Фарғона вилояти Марғилон, Андижон, Ўш, Қўқон, Наманган: Самарқанд вилояти Жиззах, Хўжанд, Самарқанд: Еттисув вилояти Верний, Копал, Лерсин, Пишпак, Пржевальск:  Каспийорти вилояти Ашхобод, Красноводск, Манғишлоқ, Марв, Тажан, уездларига бўлинган.
Уездлар участкаларга бўлиб идора қилинган. Участкалар эса ўз навбатида маҳаллий маъмурий амалдорлар бошқарадиган маъмурий ҳудудларга  бўлинган.

Мустамлакачи суд ҳокимияти Туркистонда империянинг мустамлака сиёсатини амалга оширишда асосий таянч маъмурий ва мажбурий қилувчи ҳокимият бўғини бўлган. Туркистондаги мустамлакачи суд ҳокимияти чекланмаган катта ваколатларга эга бўлган.  Бош миршаб ва бош прокурор вазифаларини генерал-губернаторнинг ўзи бажарган. Маъмурий бошқарувнинг ҳар бир бугини бошлиғи ўз қўлларида суд ишлари ва миршаблик ишлари бўйича ҳам катта ваколатларга эга бўлганлар.
Туркистон шаҳарларида полицмейстер лавозими жорий этилган бўлса, Тошкентда янги ва эски шаҳарларда алоҳида полицмейстерлар иш олиб борганлар. Уларга  полиция приставлари бўйсунган ва кўп сонли миршаблар ҳам уларнинг измида бўлган.
Туркистонда суд ҳокимияти икки хил -  империя судлари ва ҳалқ судларидан иборат бўлган.
Империя судлари империя қонунлари асосида фаолият юритган бўлса, ҳалқ судлари шариат қонун-қоидалари асосида фаолият юритган.
Судлар, туман судлари, суд палатаси ҳуқуқидаги вилоятлар бошқармалари,  мировой судлар қурултойлари ва ҳарбий судлардан иборат бўлган. Давлатга  қарши жиноятлар ва бошқа турдаги сиёсий жиноятлар, давлат мулкини ўғирлаш ва талон-тарож этиш ва бошқа шу каби жиноятлар империя судлари томонидан кўриб чиқилган. Муҳим ва оғир ҳисобланган жиноий ишлар эса ҳарбий судлар томонидан  кўрилган. сиёсий  бўлмаган ва асосан маҳаллий аҳоли томонидан содир этилган майда жиноятлар шариат қозилари томонидан кўриб чиқилган, бироқ улар рус миллатига ва  европаликларга мансуб шахсларнинг жиноий ишларини кўришга ҳуқуқсиз бўлганлар.
1886 йилда қабул қилинган  «Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисидаги Низом» га кўра, судлар фаолиятига бир оз ўзгартиришлар киритилди ва туман судлари бекор қилинди. Вилоят прокурори ва унга ёрдамчи муовин, суд терговчиси лавозимлари жорий этилди.
1893 йил 2 июнда Россия империяси Давлат Кенгаши томонидан суд  соҳасидаги ислоҳотлар тизими тасдиқланди. Унга кўра, Тошкент шаҳрида суд палатаси, вилоятларда эса биттадан округ судлари таъсис этилди.
1899 йил 14 майда очилган Тошкент суд палатаси барча судлар устидан назорат ишларини ҳам олиб борарди.
Маҳаллий судлар эса, юқорида  таъкидлаганимиздек, сиёсий тусга  бўлмаган барча фуқаролик ишларини кўриб  чиқиш ҳуқуқига эга эди.

Шаҳарлар ҳамма тарихий даврларда бўлганидек, XIX аср иккинчи ярмида ҳам сиёсий ҳарбий, иқтисодий ва маданий марказлар вазифаларини бажарганлар.
Туркистон генерал губернаторлигига қарашли Тошкент, Самарқанд, Қўқон, Марғилон, Андижон, Наманган, Ашхобод йирик шаҳарлардан саналса, маҳаллий аҳамиятга эга бўлган Чимкент, Туркистон, Хўжанд, Жиззах, Каттақўрғон каби шаҳарлар ҳам ўзига хос аҳамиятга эга бўлган шаҳарлардан ҳисобланган.
Босқинчиларнинг Ўрта Осиёни мустамлакага айлантириши баробарида Казалинск, Петро-Александровск, Скобелев, Черняевка каби шаҳарлар ва аҳоли турар жойлари барпо этилди. Босиб олинган шаҳарларда руслар яшайдиган алоҳида турар-жойлар барпо этилди ва шаҳарлар янги ҳамда эски шаҳарлар қисмларга ажратилди. Эски шаҳар аҳолисининг янги шаҳарлар ҳудудларига ўтишлари матъиян таъқиқлаб қўйилди. Бу ҳам миллий камситишнинг бир кўриниши эди. Янги шаҳарларда аҳолининг яшашлари учун қулай  шарт-шароитлар яратилди. Шаҳарларда рус миллатига мансуб фуқароларнинг савдо-сотиқ қилишлари учун катта имтиёзлар берилди. Аксинча, мусулмон фуқароларининг иқтисодий жиҳатдан кучайиб кетмасликлари учун турли-туман чоралар кўрилиб турилди.
Туркистон ўлкасида шаҳарлар бошқарувига маҳсус эътибор XIX асрнинг 70 йилларидан бошлаб кучайди. «Шаҳарлар Низомини қўллаш» бўйича ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси 1872 йилда Сирдарё вилояти бошқармасида кўриб чиқилди ва 1877 йилдан бошлаб бу Низомни қўллаш ҳақида қарор  қилинди. Бу Низом босиб олинган шаҳарлардан фақатгина Тошкент ва Олмаата  шаҳарларига нисбатан қўлланилди.
Тошкент ўзининг ҳарбий, стратегик ва иқтисодий жиҳатдан тутган ўрни ва жойлашувига асосан Туркистон ўлкаси шаҳарлари орасида алоҳида аҳамиятга эга эди. Шунинг учун ҳам Тошкент шаҳри генерал губернаторликнинг маркази этиб белгиланган эди.
1877 йилда маҳсус муваққат комиссия тузилиб, Тошкент шаҳри думаси сайловлари учун маҳсус тартибларни белгилаб чиқди. Бунга кўра, Думага сайловчилар мол-мулкларига асосан уч тоифага ажратилди. Етарли миқдорда  мулк бўлмаганлар сайлов ҳуқуқидан маҳрум этилди.
2400 сайловчи иштирокида бўлиб ўтган сайловда шаҳар Думаси ва бошқармаси  сайланди. Бунда рус  ноиблари учун учдан икки қисми ўрни ажратилди.
Шаҳар бошқарув фаолиятини назорат қилувчи ҳарбий губернатори бошчилигидаги вилоят идораси тузилди. 1888 йилда император томонидан Тошкент  шаҳрини бошқарув иши маъқулланди ва шу билан бирга  уни  назорат қилиш генерал губернаторга юклатилди. Ички ишлар вазири ҳуқуқи ҳарбий округ қўмондони зиммасига юклатилди. Дума оқсоқоли ҳарбий вазир томонидан тайинланган ва 1877-1907 йилларда бу вазифани ҳоким тўранинг ўзи бажарган. Шаҳар маъмурий полиция тартиблари асосида бошқарилган.

Россия империясининг Туркистондаги аграр сиёсатидан кўзлаган асосий ва бош мақсади ўлкани Россия манфаатлари учун ҳизмат қилувчи хом-ашё базасига айлантириш ва энг серҳосил ерлар жойлашган ҳудудларга рус дехқонларини келтириб ўрнаштириш эди. Шунингдек, Россия империяси ер сув  муносабатлари Ўрта Осиёда ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаш ва унинг имкониятларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишни кўзда тутган эди. 
1886  йилги низомга кўра, рус дехқонларинг Ўрта Осиёга      кўчиб келишлари учун катта имтиёзлар берилди. Шунингдек, бу низомга кўра, «бўш ётган давлат ерларига» биринчи навбатда ҳарбий ҳизматдан бўшатилган ҳарбий хизматчиларни қўйиш кўзда тутилди.
Империянинг Туркистондаги ер  сув масалаларига доир сиёсатида қуйидаги сиёсат амалга оширилди:
1.    Туркистонда барча ерлар давлат мулки деб эълон қилинди, ўтроқ маҳаллий аҳолига ер мероси якка жамоа эканлиги тариқасида, кўчманчи аҳолига эса азалий деҳқончилик одатларига риоя этилган ҳолда, муддати чекланмаган ҳолда жамоа бўлиб фойдаланиш учун топширилди;
2.    Ўтроқ аҳоли яшайдиган жойларда  ер, ундан амалда фойдаланганга бириктириб қўйилди;
3.    Дастлаб вақф ерларига солиқ жорий этилган бўлса, кейинроқ бу мулклар бутунлай тугатилиб юборилди;
4.    Шаҳар ташқарисида маҳсус кўчирув фондларидан ташқари рус аҳолисига ер ажратиш таъқиқланди;
5.    Европаликлар, хусусан, руслар томонидан маҳаллий аҳоли ерларини сотиб олиш мутлақо таъқиқлаб қўйилди ва бу қонун 90-йилларнинг охиригача сақланиб қолинди.
Булар билан бирга солиқлар ҳам империя манфаатлари нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилди ва кучайтириб юборилди. Асосий эътибор пахта етиштиришга қаратилди ва янги ерлар суғориш тармоқларини кенгайтириш кўзда тутилди.
Рус мустамлакачи ҳукумати Туркистонда қишлоқларни бошқаришда 1867 йилги «Вақтли Низом лойиҳаси»га амал қилди. Бу идора усули маҳаллий ҳалқлар бошқарув сиёсатига зид бўлиб, Россиядаги русча идора усулида эди.
Бу Низомга кўра, кўчманчи аҳолига икки босқичли (волость ва овул), ўтроқ аҳолига эса бир босқичли (оқсоқоллар) бошқарув тизими жорий этилди.
Волость асосини мингдан икки минггача хонадон ташкил этса, овул жамоаларини юздан икки юзгача бўлган ўтовлар аҳолиси ташкил этган. Бу билан кўчманчи аҳоли ўртасидаги уруғчилик асосидаги бўлиниш барҳам топди. Бу сиёсат ҳокимиятга солиқларни белгилаш ва йиғиб олишда ҳам қўл келиб уни такомиллаштиришга ҳаракат қилди.
1886 йилги «Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисидаги Низом»га кўра ўтроқ аҳолининг бир босқичли бошқарув тизими бекор қилинди ва икки босқичга айлантирилиб, оқсоқолликлар волостьларга бирлаштирилди. Овул жамоалари ва оқсоқоллар вакиллари йиғини барча сайловчилар йиғилиши билан алмаштирилди.
Аҳоли сайловлар йўли билан волость ва оқсоқолликларга мингбошиларни сайларди. Мингбоши волость бошқарувчиси бўлиб, қишлоқ, овул оқсоқоли томонидан уч йил муддатга сайланган. У ўз фаолиятини рус мустамлакачи маъмурияти тасдиғидан ўтгандан сўнггина бошлаган. Аҳолининг «қирғизлар ва сартлар» ибораси билан аташ 1886 йилги Низомга кўра «ўтроқ ва кўчманчи» тарзида ўзгартирилди.
Волость бошқарувчисини сайловчилар вакилларининг қурултойи сайлаган. Бунда икки номзод кўрсатилиб, иккинчиси унинг муовини бўлган. Бу номзодлар ҳарбий губернатор томонидан тасдиқланмаса, бекор қилинган ва бошқаси тайинланган ёки ҳарбий губернатор кўрсатган шахс бу вазифага киришган. Шу тариқа рус мустамлакачи ҳокимияти қишлоқлардаги бошқарув фаолиятини ҳам ўз қўлида мустаҳкам сақлаб турган.

Чор ҳукумати ўлкани ҳарбий куч билан узоқ муддат сақлаб туриш мумкин эмаслигини яхши англарди. Шу боисдан ҳам у  Туркистонда ассимиляция, яъни рус миллатига мансуб аҳоли билан  маҳаллий аҳолини аралаштириб юбориш сиёсатини тутди. Бу борада империянинг кўчирувчилик сиёсати алоҳида ўрин тутади.
Кўчирувчилик сиёсати Туркистон генерал губернаторлиги ташкил этилган 1867 йилдаёқ бошлаб юборилди.
1869 йилда Еттисувдаги дехқонлар манзилгоҳлари тўғрисида қоидалар ишлаб чиқди. Бу ҳудудда 1869-1882 йилларда 25 минг кишилик аҳолиси бўлган 29 та рус қишлоғи, Сирдарё вилоятида эса 1300 кишилик  аҳолиси бўлган 19 та рус  қишлоғи барпо этилди.
1886 йилиг Низомга  кўра, ўлкага рус аҳолисининг кўчиб келишига сиёсий тус берилди ва ҳар бир кўчиб келувчига 10 десятинадан кам бўлмаган ер ажратилиши кўзда тутилди.
Юқорида айтганимиздек, 1875 йилда Авлиёотада илк рус қишлоғи барпо этилгандан бошлаб ўтган 15 йил давомида, яъни 1890 йилгача Туркистон ўлкасида 1300 оиладан иборат 19 та рус қишлоғи барпо этилган бўлса, Россияда очарчилик юз берган 1891-1892 йилларда Туркистонга кўчиб келувчилар сони кескин ортди ва шу икки йил давомида 25 та рус қишлоғи пайдо бўлди. Ўлкадаги рус деқонларининг сони икки баробар ортди.
Шу йилларда Россиядан оч-ялонғоч рус мужикларининг Туркистонга келиб жойлашиши тартибсиз равишда оммавий тус ола бошлади ва ҳокимият томонидан уларга яратиб берилган имконият туфайли маҳаллий дехқонларга қарашли бўлган ҳосилдор ерлардан ўз эгалари маҳрум қилинди, бу ерлар эса «бўш ётган давлат ерлари» сифатида келгинди рус дехқонларига тақсимлаб берилди.
Ўлкада рус дехқонларининг салмоғи бир оз ортгач, рус мустамлакачи маъмурияти уларни қуроллантириш ва зурур бўлган ҳолларда маҳаллий аҳоли норозиликлари, қўзғолонлари, исёнларини бостиришда фойдаланиш сиёсатини амалга ошира бошлади. Шу мақсадлар 1896  йилда Сирдарё вилоятига кўчиб келган казакларга 123 та милтиқ ва ўқ-дори, 1897 йилда яна 3000 та милтиқ, Еттисувда 300, Фарғонада 131, Каспийортида 431 милтиқ ва ўқ-дори тақсимлаб берилди. Бу билан Россия кўчирувчилик сиёсати ҳарбий сиёсий мақсадларни кўзлаб амалга оширилганлигини кўрсатди.

Чор Россияси Ўрта Осиёни босиб олгач, бу ерда ўз манфаатларини ошириш борасида турли сиёсатлар ва тадбирларни амалга ошира бошлади. Мустамлака ҳукуматнинг амалга оширган ишларидан бири Туркистонда темир йўлнинг барпо этилиши бўлди.
Туркистонда темир йўл икки асосий мақсадни ҳарбий стратегик ва иқтисодий мақсадларни кўзлаб қурилди.
Ҳарбий стратегик нуқтаи назардан олсак, ўлканинг қай бир ерида мустамлакачиликка қарши курашлар юзага келмасин, уни бостириш учун ҳарбий кучларни сафарбар этиш ва етказиб бериш, мустамлака ҳокимиятини сақлаб туришда ҳарбий соҳа имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.
Кейинги йилларда кўплаб етиштирилаётган хом-ашёлар ва ер ости ва ер усти бойликларини кўплаб миқдорда ва тезроқ Россия ҳудудларига етказиб бориш иқтисодий мақсадларни кўзлаган эди.
Ўрта Осиё темир йўлининг дастлабки излари 1880 йилда Михайлово постидан Муллақоригача бўлган 26 км масофада етказилди. 1881 йил 20 сентябрида Михайловдан Қизил Арвотгача 232 км масофада темир йўлда қатновлар бошланди. 1885 йилда Ашхободга, 1886 йилда Марв, Чоржуй ва  Амударёгача темир излари етказилди.
Темир йўл Самарқанд билан ҳам туташтирилди, 1898 йилда Марв Қўшқа шахобчаси қурилиб, бир йилдан сўнг Фарғона водийси ва Тошкент ҳам темир йўл билан туташтирилди. 1900 йил бошланган Тошкент  Оренбург темир йўли 1905 йилда қуриб битказилди ва кейинги йилларда Ўрта  Осиёнинг барча асосий нуқталари темир излари орқали бирлаштирилди. Бу эса Россия империясига ҳар йили Туркистон ўлкасидан минглаб тонналар  миқдорида қимматбаҳо юкларни олиб чиқиб кетиш имкониятини берди.
Ўлкада темир йўлининг туширилиши натижасида бир қанча саноат корхоналари ҳам юзага кела бошлади. Бу  саонат корхоналарида хом-ашёга дастлабки ишлов бериларди.
Биринчи пахта тозалаш заводи 1879 йилда Тошкентда савдогар Назаров томонидан ишга туширилди. 1885 йилда эса Андижонда савдогар Хўжаев томонидан иккинчи пахта тозалаш заводига асос солинди ва шу тариқа бирин кетин турли саноат корхоналари барпо этила бошланди. 1867-1900 йиллар давомида Туркистон ўлкасида 170 корхона ишга туширилди.  Уларнинг асосий қисми пахта тозалаш заводлари бўлиб, булардан ташқари ёғ-мой ишлаб чиқариш, чой қадоқлаш, ароқ, вино тайёрловчи корхоналар ҳам барпо этилган эди. Бошқача айтадиган бўлсак, Туркистон ўлкасининг ялпи саноат ишлаб чиқаришнинг 80 фоиздан ортиғи пахтани қайта ишловчи корхоналар хиссасига тўғри келарди.
Бу корхоналарда асосан европалик ишчилар ишлаган бўлсалар, кейинги йилларда маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам катта қийинчиликлар билан ёлланма ишчиларга айлана бошладилар. Бироқ  бунда рус ва мусулмон  ишчиларига бўлган муносабат бир-биридан кескин фарқ қиларди ва бунда мустамлкачи ҳокимиятнинг шовинистик қарашлари акс этиб турарди.
Шу тариқа Туркистон Россия империясининг мустамлакасига айлантирилгач, бу ерда жаҳоннинг ҳеч бир давлати қўлламаган мустамлакага идора  усули жорий этилди ва бу идора усули ўлка ҳалқларини узоқ вақтлар мустамлака сиртмоғида тутиб туришни кўзда тутди.

Низомий номидаги Тошкент Давлат  Педагогика Университети «Ватан тарихи» кафедраси

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин