Саналар
05.10.2024
Баннер
Бухоро бомбардимон қилингада
PDF Босма E-mail

Мабодо ўрта асрларда Флоренция осмонига самолётлар галаси ёпирилиб келсаю вайрон қилувчи авиабомбаларни ёғдира бошласа, шаҳар аҳолиси тушгуси даҳшат ва ваҳиманинг чек-чегараси бўлмас эди. Агар бу самолётлар Флоренция тепасида тахминан биринчи жаҳон уруши даврида пайдо бўлиб қолса ва шаҳарни бомбардимон қила бошласа, буни фақат бир жиҳатдангина тушуниш мумкин эди — зеро, одамлар бу даврга келиб, самолёт, бомба деган нарсалар нима эканлигини англаб етишган эди. Лекин шунда, ҳам ушбу вайронгарчиликни ваҳшийликдан бўлак нарса деб изоҳлаш мумкин бўлмасди. Зотан, Флоренция Европа маданиятининг рамзи, усталар ва меъморлар, рассомлар ва ҳайкалтарошлар силсиласидан иборат ўнлаб авлод меҳнатининг натижаси ўлароқ вужудга келган меъморчилик қўриқхонаси ҳисобланади.

Бари бир, музей шаҳарнинг бомбардимон қилинишини ҳеч қандай ғоя билан, саройларда бекиниб олган душманни янчиб ташлашга қаратилган бирон-бир ҳарбий-стратегик режа ёки ўзга бир важ билан оқлаб бўлмайди. Ўқувчи: «Бу сафсатанинг нима керага бор?», дейиши мумкин. Гапнинг «берди»сини эшитинг. XX аср бошларида Бухоро амирлиги емирилди, шу тарихга бир назар ташлайлик. Ўша пайтдаги Бухоро амирлигини Флоренциядаги демократия билан қиёслаб бўлмайди, албатта. Бухоро юзлаб қуллар бандиликда сақланган шаҳар, шафқатсиз мутлақ ҳокимликнинг пойтахти эди. Айни пайтда Бухоро — Шарқнинг қадимий шаҳарларидан бири, мусулмон ренессанси шаклланган ва гуллаб-яшнаган гўша, Шарқнинг ўзига хос тарихий-меъморчилик музейи эди.
1920 йилда Туркистонда Совет ҳокимиятининг Бухоро амирлигига қарши бешафқат, муросасиз кураши авж олди. Бухорода ёш бухороликлар партиясининг аъзолари қўзғолонга тайёрлана бошлашди. Ниҳоят, шаҳарга ҳужум бошланди. Ёрдамга авиация ташланди. «Қумдаги жанглар» (Ўрта Осиёда гражданлар уруши тарихига доир материаллар, 1935 й. М. Горький таҳрири остида) китобида таъкидланишича, Бухорони бомбардимон қилиш учун «Туркистон фронтига илгари мисли кўрилмаган бутун бошли ҳаво кемалари армадаси ташланди» (298-бет). 1920 йил август ойининг сўнгги кунларидан бирида Бухоро яқинидаги Когон станциясида ўнга яқин самолёт шайлаб қўйилди. Улар орасида самолётларнинг «форман», «фарсал», «совпвич», «ньюпор», «вуазен» ва «альбатрос» каби турлари бор эди. Чоржўйдан махсус авиаотряд (самолётлар дастаси) олиб келинди. Юқоридаги китобда қайд этилишича, Степанов, Столяров, Фоусек, Ильин, Зеленский каби учувчилар бомбардимон қилишга тайёрлаб қўйилди. Бу орада Бухорога самолётларнинг биринчи учиши ўз ишини қилиб бўлган эди. Иккинчи учишда эса ҳар бири 64 килограмм келадиган бомбалар бир неча юз метр баландликдан тўппа-тўғри «амирнинг беадад бойликлар тўпланган қордек оппоқ саройига» ёғила бошлади (299-бет). Фоусек деган учувчи бошқарган «Форман» туридаги енгил бомбардимончи самолёт ўз юкларини шаҳарга «муваффақият» билан ташлаб, ҳаммадан кейин қайтиб кетди. Учинчи кун эрталаб бомба ортиб олган самолётлар тағин Бухоро томон ёпирилишди.
Бухоронинг бомбардимон қилиниши иштирокчиси ва шоҳиди, синовчи-учувчи Фоусек шундай хотирлайди: «Биз Бухорони бомбардимон қилдик. Қадимий амирликни вайрон этиб ташладик. Хусусан, машҳур «Ажал минораси»га тушган бомба, гарчи моҳиятан бу миноранинг мўлжалга олиниши биз учун мутлақо фойдасиз бўлса-да, бизга алоҳида завқ-шавқ бағишлади» (303-бет). Шундай қилиб, учувчи, бомбардимон иштирокчиси ташланган бомбалар ҳеч қандай ҳарбий хавф-хатар туғдирмайдиган бино ва обидаларни бемаъни равишда вайронага айлантирганини очиқ-ошкора тан олади. У тағин бундай деб ёзади: «Бомба олиб учиб борар эканман, пастда бир мачитни кўриб қолдим. Мен худди мезанани қўпориб ташладим, деб мақтанди бир кузатувчи учувчи, биз мириқиб кулдик. Шу-шу кузатув-чи учувчининг лақаби «мезана» бўлиб қолди» (303-бет).
«Замбараклар дарвозаларни ва яқин-атрофдаги аҳоли яшайдиган мавзеиларни вайрон қилаётган» (304-бет) бир пайтда авиация аҳоли ва амир армиясига даҳшат солибгина қолмасдан, ваҳимадан эси оғиб қолган аҳоли тўпланган тоқлар, гумбазлар ва мачитларга бомбалар ёғдирди. Зеро, аҳоли бу пўлат қанотли қушларни умрида кўрмаган эди. 20-йилларда Бухоро аҳли учун самолётларнинг пайдо бўлиши дўзахдан, қиёмат-қойимдан бўлак нарса эмас эди.
Замбараклар тўғри мўлжалга олиши учун махсус аэростатлар учирилди. Авиация қўмондони «бензин ва бомба тугагунга қадар» (304-бет) шаҳарни бомбардимон қилиш ҳақида буйруқ берди. Тошкентдаги Туркистон ҳарбий округи музейининг кўргазмаларида таъкидланишича, Николай Алексеевич Ласкин деган учувчи ҳужум пайтида Бухорога 26 пуд бомба ташлаган.
Бомбардимон учинчи кунда ҳам давом этди. «Амирнинг шаҳар чеккасидаги қароргоҳи — Ситораи Моҳи Хоссани бомбардимон қилдик. Амирнинг ҳиди келган ҳамма жой ва ҳамма нарсани вайрон этдик». Дарвоқе, Ситораи Моҳи Хоссада амир ҳарамидаги аёллар ва хизматкорлар яшар эди.
Амирга қарши урушнинг бошқа бир иштирокчиси ва шоҳиди бўлмиш В. Клеменьев «Совет Туркистони учун» деган китобида (Тошкент, 1963, 458-459-бетлар) Бухоро амирлиги қўшинининг фавқулодда саросима ва ваҳимага тушиб қолганини ёзади. Амирнинг қароргоҳи — Бухоро Арки минг йил бўлмаганда ҳам, бир неча юз йиллик тарихнинг гувоҳидир. Аркнинг оппоқ тош ва мармар миноралари, асосий саройи юзлаб чақирим наридан кўриниб туради. Бомбардимонда Аркнинг асосий мезана ва миноралари вайрон қилиб ташланди.
Бухоро 30 та минорадан иборат қадимий қалъа девори билан ўралган эди. Ана шу миноралар ва девор қарийб бутунлай яксон қилинди. Артиллерия ва авиация тўғри нишонга олиш йўли билан бу қалъани бузиб ташлади. Деворда ўн битта қадимий дарвоза бўлиб, уларнинг баъзилари темирдан ясалган эди.
Юқорида номи тилга олинган китобда Бухоронинг ана шу ўн битта дарвозасидан бири қандай портлатилгани тасвирланади. «1 сентябрь куни соат 3 ларга яқин Қарши дарвозасининг чапроғида девор ости чуқур ковланиб, 52 пуд портловчи модда кўмилгани ва портлаш учун тайёрлаб қўйилганлиги ҳақида инженер маълумот берди» (462-бет). Бухородаги бу уруш ниҳоятда шафқатсиз бўлди. Ҳар бир гузар, ҳар бир ҳовли учун жанг кетди. Қанча киши ҳалок бўлгани тарих учун сирдир. Бундай маълумотларнинг ўзи йўқ. Бироқ бир неча кун муттасил артиллерия ҳужуми ва ҳаводан ялпи бомбардимон қилиниши натижасида Бухородаги кўпгина иншоатлар қарийб бутунлай вайрон бўлди. Бугунгача омон турган ёдгорликлар эса гумбаз ва тоқлар панасида «жон сақлашган» эди. Бироқ ана шу омон қолган обидаларнинг ўзи ҳам ватанимиз ва жаҳон маданиятининг фахри ҳисобланади.
Бухоро амири 1920 йилда қочиб кетишга муваффақ бўлди. Унинг кетидан қувлаб, ҳужум қилиб борган авиация уни чегарада тўхтатиб қўйишига оз қолди. Ташиб кетилаётган баъзи олтинлар ва амир хонадонига мерос дур жавоҳирларнинг бир қисми, ҳар қалай, қўлга киритилди ва Москвага жўнатилди.
Дунёнинг турли бурчакларидан келадиган минглаб туристлар унинг обидаларини ҳайрат билан томоша қилишади. Яқинда Бухоро шаҳрининг «интурист»ида ишлайдиган гид зилзила натижасида оппоқ тошлардан қурилган арк қулаб тушганини жуда жонли қилиб тушунтириб берди. Лекин унинг бу изоҳлари алланечук ишончсиз чиқди. Бунинг устига, кўпгина сайёҳлар, нега энди Аркдан кўра омонатроқ бўлган иморатлар зилзиладан омон қолди-ю, бу обидага зарар етди, деб сўрашди. «Ахир, Бухоро Арки бомбардимон пайтида вайрон бўлганини уларга қандай қилиб ҳам айта оламан», деб кейинроқ менга шикоят қилиб қолди гид.
Бугунги ошкоралик ва покланиш даврида 1920 йилда Бухорода содир бўлган воқеаларга қайтмаслигимиз мумкин эмас.
Муаррихларимиз ўша йилларнинг қаҳрамонликка ва фожиаларга бой воқеаларини тўлиқ ёритишлари лозим. Бугунги ошкоралик даврида Бухорода рўй берган воқеалар тарихимиз саҳифаларидан ўзининг ҳақиқий ифодасини топади, деган умиддамиз.
…Бухорони бомбардимон қилиш шартмиди? Амирни бошқача йўл билан енгиш мумкин эмасмиди? Жаҳон маданияти ёдгорликлари — инсониятнинг дахлсиз бойлиги-ку ахир. Бухоройи шариф ҳам бундан мустасно эмас эди-ку. Бухоронинг бомбардимон қилиниши — гражданлар уруши давридаги энг улкан фожиалардан биридир. Уни бизнинг хотирамиздан ўчириб ташлаб бўлмайди.

Тоҳир ТОИРОВ, ҳуқуқшунослик фанлари доктори, профессор
1989 йил

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин