Божхона идораларининг шаклланиш ва ривожланиш тарихи мураккаб жараён бўлиб, ҳар қандай марказлашган давлатнинг барпо этилиши баробарида ташқи иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши ва товар айрибошлашнинг пайдо бўлиши натижасида бир қатор институтлар шаклланишига имкон яратиб, улар кейинчалик божхона хизматининг ўзагини ташкил этган.
Божхона сиёсатида «Божхона Низом»лари ташкилий асос ҳисобланиб, улар янгидан 1819, 1857, 1892 ва 1906 йилларда қабул қилинган. Илк бор божхона иши тўғрисидаги ташкилий масалаларни ҳал қилиш Россия империяси Савдо Вазирлигида, ундан сўнг эса Молия Вазирлигида амалга оширилган. 1867 йилда Туркистон ўлкасини бошқариш учун ишлаб чиқилган «Еттисув ва Сирдарё вилоятларини бошқариш ҳақидаги қоидалар лойиҳаси» Туркистон генерал-губернаторлиги тузилгандан кейин ўлкада божхона ишини юритишнинг дастлабки ҳуқуқий асоси бўлган. Унга кўра 1868 йили Туркистон генерал-губернаторлиги таркибида бошқа масалалар қатори закот ишларини юритиш учун Хўжалик бошқармаси ташкил этилиб, у чегара ортидан келаётган ҳар бир карвондан шариат бўйича белгиланган миқдорда закот ундириш билан шуғулланган. Туркистон генерал-губернаторлиги таркибида 1872 йил 1 апрелда Закот бошқармаси ташкил этилган. Мазкур Закот бошқармаси аслида маҳаллий закотчиларга ишонмаслик натижасида вужудга келган эди. Закот бошқармасининг асосий вазифаси Туркистон ўлкасига келган ёки чиқиб кетаётган карвонларни рўйхатга олиш, юкларнинг қийматини аниқлаш, юк ва чорва молларидан закот ундиришдан иборат эди. Кириб келаётган ёки чиқаётган карвонларни назорат қилиш учун чегараларда махсус закот масканлари фаолият юритар эди. Бу даврда закот тўлови давлат хазинасига тушиб, у карвон йўлларини таъмирлаш ва карвонсаройларнинг ички эҳтиёжи учун бериларди. Туркистон генерал-губернаторлигининг 1874 йил 3 майдаги фармонига мувофиқ, Туркистон ўлкасида қўлланувчи Савдо-сотиқ ва бож ҳақида «Низом» тасдиқланиб, у дастлаб 4 йил муддатга вақтинчалик чора сифатида кучга кирган. 1875 йилдан Туркистон Закот бошқармасининг тугатилиши туфайли, ўлка 1881 йилгача божхона назоратидан четда қолди. Бу вақт давомида қўшни хонликлардан олиб келинадиган чойга нисбатан ўрнатилган биринчи бож ва бошқа тўловларни ундиришга ҳам ҳеч қандай идора жалб этилмади. Вужудга келган бу вазият Россия империяси ҳукуматини таҳликага солиб қўйди. Биринчидан, Россия ва Ўрта Осиё хонликлари ўртасида имзоланган шартномаларга кўра, бу ҳудудлардан кириб келаётган маҳсулотлардан божхона тўловлари ундирилмас эди. Россия бюджети ва иқтисоди учун бу катта зарба бўлиши мумкин эди. Иккинчидан, Туркистонга хорижий давлатлар маҳсулотлари олиб келиниши Марказий Осиёни рус саноати моллари сотиладиган қулай бозорга айлантиришни хоҳлаган ва шунга ҳаракат қилиб келаётган Россия ҳукмрон доиралари сиёсатига тўғри келмас эди. 1881 йилнинг декабрь ойида Туркистон генерал-губернатори вазифасини бажарувчи Г.А. Колпаковский ўлкага ғарбий Европа ва Осиё маҳсулотларининг кириб келишига чек қўйиш мақсадида Муваққат божхонага оид қоидаларни тасдиқлаган: Ўрта Осиё хонликларида ишлаб чиқарилган барча турдаги маҳсулотларни Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудудига божсиз олиб киришга рухсат этилсин; барча инглиз-ҳинд (кўк чой, дока (кисея) ва бўёқ (индиго) дан ташқари), Европа, Туркия ва Эрон маҳсулотларини Туркистон генерал-губернаторлигига олиб кириш қатъиян таъқиқлансин; бир пуд брутто чой учун 14 рубль 40 копеек, дока учун 6 рубль ва бир фунт бўёқ учун 1 рубль миқдорда бож ставкалари белгилансин; бож ундириш рус кредит рублларида амалга оширилсин; олиб кирилиши таъқиқланган ёки бож тўланиши лозим бўлган маҳсулотлар божхона назоратидан яшириб олиб кирилган тақдирда мусодара қилиниб, ундан тушган пулнинг 25% эса божхона муассасаларининг махсус фондига ўтказилсин. Бож солиқлари йиғишнинг назорати ва муаммоли ишларни ҳал қилиш вилоят бошқарувининг хўжалик бўлимларига юклатилган бўлиб, 1885 йилгача Фарғона вилоятидаги божхона вазифаларини аввалгидек, закот йиғувчи ташкилотлар амалга оширарди. Давлат Кенгашининг 1886 йилда тасдиқлаган қарорига кўра Туркистон ўлкасида божхона қисмини бунёд этиш ва уни бошқариш Россия империясининг Молия Вазирлигига юкланди. Бу давргача божхона идораларини назорат қилиш Ғарбий Вазирлик ихтиёрида бўлган. Вақт ўтиши билан Туркистонда божхона иши бошқарувининг норматив ҳуқуқий базасини Россия ҳукмрон доира вакиллари ишлаб чиққан кўпгина қўлланмалар, вақтинча қонун-қоидалар орқали амалга оширилган. Масалан, 1889 йили Вақтинча божхона қоидалари қабул қилинган бўлиб, уларда Туркистонга қўшни хонликлардан ва Хитойдан келтирилган товарларга қўйилган солиқ йиғимлари ишлаб чиқилган. Молия вазири томонидан Ўрта Осиё бозорларида кучли савдо-саноат монополиясини ўрнатиш ҳақидаги масала кўтарилиб, 1892 йили Бухоро амирлиги ва Хива хонлигини Россия билан ягона божхона тизимига киритиш ҳақида ислоҳот лойиҳаси тайёрланиб, божхона чегараси Бухоро-Афғон чегарасига ўтказилди. Лойиҳага мувофиқ Туркистон округи тузилиб, унда 16 та божхона идораси ташкил этилди. Ўрта Осиёда янги ҳуқуқий меъёрлар асосида ташкил қилинган империя божхона идоралари минтақада метрополия иқтисодий манфаатларини тўла таъминлаш, бу ҳудудда ўз савдо монополиясини қарор топтириш мақсадида бож тизимини ҳам тубдан ўзгартириб, шу мақсадларга хизмат қилувчи бож сиёсатини юритди.
Чинпўлат ҚУРБОНОВ ("Мозийдан садо") |