«Чингизнома» Олтин Ўрда ва Қозоғистоннинг кўҳна тарихидан, аниқроғи XIII—XVI асрлардаги тарихидан ҳикоя қилувчи қимматли тарихий асарлар жумлаендан ҳисобланади. Лекин асар ҳозиргача жуда нам ўрганилган, тадқиқотчи олимлар унинг факт ва маълумотларидан деярли баҳраманд бўлишмаган. Бунинг асосий сабаби асарнинг кам нусхада етиб келганлигидадир. Бизга маълум бўлишича, «Чингизнома» нинг фақат битта нусхаси сақланиб қолган, холос. Ўша яккаю ягона нусха ҳозир Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институти кутубхонасида 1552/V рақам билаи сақланмоқда. У бошқа олтита асар билан бирга муқоваланган. Бу асарлар орасида хивалик машҳур тарихчи олим Абулғозихониинг «Шажарайи тарокима» («Туркман халқининг шажараси») деган машҳур асари ҳам бор. Лекин, афсуски, «Чингизнома» нинг бу нусхаси тўлиқ эмас. Воқеалар баёни машҳур Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон тарихи билан узилиб қолган.
«Чингизнома» бир вақтлар Хоразмда ҳукмронлик қилган шайбонийлардан Эш султон (1558 йили ўлдирилган)нинг топшириғи билан XVI асрнинг биринчи ярмида ёзилган. Бу ҳақда муаллифнинг ўзи асар муқаддимасида батафсил гапирган. Асар муаллифи Ўтамиш хожи ҳақида жуда кам маълумотга эгамиз. Унинг ҳақида фақат қуйидагилар маълум. Отаси мавлоно Муҳаммад Дўст ўзига тинч ва нуфузли одамлар жумласидан бўлиб, шайбонийлардан Илборсхоннинг саройида хизмат қилган. Ўтамиш хожининг бобоси эса ўз вақтида шайбонийхонлардан Ёдгорхоннинг хизматида бўлган. Ёдгорхоннинг улуси Сирдарёнинг қуйи оқимида жойлашган бўлиб, хоннинг ўзи XV асрнинг 80-йилларида Шайбонийхон билан бўлган тунги тўқнашувда ҳалок бўлган. Ўтамиш хожининг ўзи ҳам Илборсхон саройида мунший (котиб) бўлиб ишлагани маълум. Олим ҳақида ҳозирча бошқа бирор нарса дейиш қийин. «Чингизнома» ҳақидаги дастлабки маълумотни Е. Ф. Каль (1863—1891), В. В. Бартольд ра А. В. Валидийлар беришган. Ҳар учала олим ҳам «Чингизнома» ни диққатга сазовор асар деб баҳолаганлар. Лекин шуни алоҳида айтиб ўтмоқчиманки, «Чингизнома» ни ўрганиш борасида қозоғистонлик шарқшунос олим, марҳум В. П. Юдиннинг хизмати салмоқли бўлди. Олим бу асарни рус тилига таржима қилиб, нашр этди (1992), «Чингизнома» материаллари асосида бир неча муҳим илмий мақолалар ёзди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам, «Чингизнома» диққатга молик муҳим тарихий асар бўлиб, асосан ривоятлар, муаллифнинг эшитган- уққанлари ва кўрганлари асосида ёзилган. «Тарихий китоблардан, — деб ёзган эди академик Бартольд, — Ўтамиш хожи фақат айрим хонларнинг номини қайд этган, холос. Хонлар ҳақида батафсил маълумот тополмаган... Ўтамиш хожи ўтган замонлар ҳақида билимдон одамлардан сўраб-суриштириб кўп ривоятлар тўплаган ва тез фурсат ичида ўзи ҳам ривоятларни яхши билувчи киши сифатида танилган». Хулласи калом, Ўтамиш хожи ўзига керак бўлган ривоятларни қунт билан битта-битталаб йиғиб, Дашти қипчоқ ва Қозоғистон тарихидан катта фактик материал тўплади. Лекин улардан фойдаланганда танқидий услубга амал қилди, ривоятларни бирма-бир ақл тарозисида тортиб, сўнг китобига киритди. «Уларнинг (Олтин Урда хонларининг — Б.А.) кечмишини ўрганиш борасида менда катта хоҳиш-интилиш бўлгани сабабли, — деб ёзади «Чингизнома» муаллифи, — фалон ерда тарих ривоятларини яхши билган кекса одам борлигини эшитгудай бўлсам, тўхтовсиз унинг ҳузурига бордим ва сўраб-суриштириб, ҳақиқатни билиб олдим, эшитганларимни бирма-бир ақл тарозусида тортиб, маъқулларини хотирамда сақладим, маъқул бўлмаганларини рад этдим». Ўтамиш хожига маълумот берганлар орасида савдогарлар, сайёҳлар, аслзодалар ва ҳатто хонлар ҳам бўлган. Бу хусусда муаллиф юқорида номи зикр этилган Илборсхонни алоҳида тилга олади. «У ривоятларни жуда яхши билар эди», — деб эслайди Ўтамиш хожи унинг ҳақида. Ўтамиш хожига тарих ривоятларини йиғишда яқиндан ёрдам берганлар орасида Султон Ғози султон хизматида бўлган хожитархонлик (астраханлик) хожи Ниёз, хитой-қипчоқ қабиласига мансуб бўлган Бобо Алибийлар ҳам бўлишган. «Бир сўз билан айтганда, — дейди Ўтамиш хожи пировардида, — хитой-қипчоқ қабиласидан чиққан ва илгари хожитархон хони Абдулкаримхоннинг катта бекларидан бўлган Бобо Али хожаси, яъни ўша Абдулкаримхон вафотидан кейин Маккаи Мукаррамани бориб зиёрат қилиб, хожи бўлиб қайтди. Шундан кейин у Султон Ғозихоннинг хизматига кирди. Султон Ғозихон ҳам тарих ривоятларини яхши кўрарди. Шу сабабдан хон ҳазратлари мендан сўрадилар: «Айтишларича, Тўхтамишхон Ўрусхон даргоҳидан қочиб бориб бу ерга келганмиш. Бу қандай юз берди?» Банда ўша Бобо Али хожидан Эшитганларимни унга ҳикоя қилиб бердим». «Чингизнома» муаллифи ҳақида яна қуйидагилар маълум. У Хоразм ва Олтин Ўрданинг жанубий вилоятлари, хусусан Каспий денгизи соҳилидаги юртлар ва Волганинг қуйи оқимида жойлашган вилоятлар бўйлаб кўп саёҳат қилди. Бу ерда у нафақат тарихий, балки жўғрофий маълумотлар ҳам йиғди. Масалан, Олтин Ўрда хони Беркахон билан Дарбанд (Озарбайжон)га бостириб кирган Элхон Ҳалокухон қўшинлари ўртасида бўлган уруш ҳақида батафсил ҳикоя қилади. Шу билан бирга диққатга сазовор мана бу маълумотларни ҳам келтиради: «Қулзум (Каспий) денгизи соҳили бўйлаб юрилганда, кўплаб дарё ирмоқлари ва кўрфазларига дучкеласиз. Йўл ўша дарё ирмоқлари устидан ўтади. Уша ерда кўплаб қум уюмларидан ҳосил бўлган баланд-паст тепаликларга дўчор келасиз. Бу ерларни Қир мачақ деб аташади. Банда ўша ерларни бориб кўрганман». Айрим ўринларда олим Эш султоннинг оғаси Дўст султоннинг (у ҳаммаси бўлиб Хоразмни бир йил — 1557—1558 йили идора қилган) эсдаликлари (дафтари)га суянган. Биз буни Беркахон билан Ҳалокухон қўшинлари ўртасида Дарбандда бўлиб ўтган урушга бағишланган бобда яққол кўрамиз. Бу ерда хусусан бундай дейилган: «Баъзи тарихчиларнинг айтишларича, ўша урушда Ҳалокухоннинг ўзи шахсан иштирок этган. Унинг қўшини тор-мор этилган, Ҳалокухоннинг ўзи бўлса ҳалок бўлган. Бироқ, унинг ўша урушда ҳалок бўлганини ҳеч ким билмайди. Лекин ҳазрати олийлари Дўст султоннинг тарихида бундай дейилган: «Уша урушда ҳалок бўлган қўшин хусусида қайғу чекиб, у (Ҳалокухон — Б. А.) оғир дардга чалиниб, ётиб қолди ва орадан икки ой ўтгандан кейин вафот этди». Яна бир мисол. Туғлуқ Темур (шахсини аниқлаб бўлмади. Шайбон ўғилларидан бири Мергандан туғилган бир набираси Туға Темур деб аталган. Ушами ёки бошқасими, ҳозирча бу ҳақда аниқ бир нарса дейиш қийин) ҳақидаги ҳикоятда мана бу сатрларни ўқиймиз: «Султонлар ифтихори олий ҳазрат Дўст султоннинг хотира дафтарида ёзилганки, мазкур Туға Темур улуғ подшоҳ бўлган ва Самарқанд билан Бухорони идора қилган». «Чингизнома» нинг манбалари мана шулардан иборат. Энди асарда келтирилган муҳим ва диққатга сазовор тарихий маълумотлардан айримларини келтирамиз. Бу маълумотлар баъзида учраб турадиган воқеаларга бир тарафлама баҳо бериш ҳолларини ҳисобга олмаганда, ўта муҳим ва қимматлидир. Маълумки, Бердибек ҳукмронлиги (1357—1361) дан кейин Олтин Ўрдада феодал ва тожу тахт учун кураш ниҳоятда кучайди. Ўтамиш хожи бу ҳақда мана бу маълумотларни келтиради: «Жонибекхоннинг (Ўзбекхоннинг ўртанча ўғли; 1341 — 1357 йилларда Олтин Ўрда хони) онаси Тайдули бегим Мангутой Хизрхонни чақиртириб олиб, Сарой Берка мамлакати тахтига ўтқазди». Хўш, бу Хизрхон дегани ким бўлди ўзи? «Чингизнома» муаллифи уни «Шайбон наслидан бўлган Мангутойнинг ўғли ва Хизр ўғлон деб атардилар ва Соинхон (Ботухон) унга (Мангутойга) Оқкўл деган ердан улус тайин қилган эди», дейди. Энди Хизр ўғлоннинг отаси Мангутойнинг шахсини аниқлайлик. Машҳур Эрон тарихчиси Рашидиддиннинг берган маълумотларига кўра, Шайбоннинг ўғиллари орасида Мангутой дегани ҳам бўлган. Рашидиддин хусусан бундай деб ёзади: «Шайбоннинг учинчи ўғли Қадақ. Унинг бир ўғли бўлган — исми Тўла Буқа. Мазкур Тўла Буқанинг икки ўғли бўлган. Тўнғичи Мангутой, кенжатойи Тумон Темур». Лекин Хизр ўғлоннинг Мангутойнинг ўғли эканлиги ҳақида маълумот учратмадик. Аммо, нима бўлганда ҳам, Олтин Ўрда хонлари орасида Хизр номли хоннинг ўтганлиги маълум. У ҳақиқатан ҳам Шайбон наслидан бўлиб, Иброҳим ўғлоннинг ўғлидир ва XIV асрнинг 60—70-йилларида Олтин Ўрданинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта роль ўйнаган шайбоний хонлардан бири бўлган. Умуман олганда, Ўтамиш хожининг Бердибекдан кейин Олтин Ўрдада ҳокимият шайбонийлар қўлига ўтганлиги ҳақидаги бу маълумоти ўта муҳимдир. Маълумки, Шайбон оғаси Ботухоннинг Русия, Қрим ва Шарқий Оврупо мамлакатлари устига қилган ҳарбий юришлари (1234—1238, 1239—1240) да фаол иштирок этган. Бу воқеалар Рашидиддиннинг юқорида тилга олинган китобида умумий тарзда қисқача баён этилган. «Чингизнома» да эса бу хусусда келтирилган маълумотлар бирмунча кенг бўлиб, орасида янгилари, шунингдек Рашидиддин келтирган маълумотларга аниқлик киритувчи далиллар ҳам бор. Бир-икки мисол келтирамиз. Рашидиддин Шайбоннинг биродарлари Бучак ва Бўри билан биргаликда 1238 йили Қримга қилган юриши ва ўшанда Татқор қалъасини (Қримнинг мустаҳкам қалъаларидан бири) тасарруфига киритгани ҳақида ҳикоя қилади. Ўтамиш хожи Шайбоннинг ўша йили Қримнинг яна бир мустаҳкам қалъаси — Қирқёрни қамал қилгани ва узоқ вақт давом этган жанглардан сўнг ишғол қилгани ва уни олишда ишлатган ҳарбий найранги ҳақида қизиқ маълумот келтиради: «Шайбонхон қамал муддати чўзилиб кетгач, охири амирларга ва қўшинга: «қорон- тутушиши билан то эрта тонгга қадар овоз чиқариши мумкин бўлган идишларни бир-бирига уриб овоз таратинглар», деб буюрди. Шу зайлда аскарлар ўн кун мобайнида кечаси билан тақир-туқир қилиб, қалъа аҳлининг қулоғини кар қилдилар. Бир гуруҳ аскарлар шу иш билан банд бўлиб турганда, нақбчилар (зовур қазувчилар, ер ости йўли қурувчилари) чор тарафдан қалъа дарвозаларига қараб нақб қазидилар. Натижада қамалдагиларнинг қулоғи кар бўлиб, чўқмоқ, теша ва кетмон овозини эшитмай ғафлатда қолдилар». «Нақбларнинг қолдиғи ҳозир ҳам кўзга ташланиб турибди», — дейди Ўтамиш хожи. Муҳими шундаки, Шайбонхон Қримда бир эмас (Татқор), балки икки қалъа (Қирқёр)ни забт этган. Қозоғистонлик олима М. X. Абусеитова ўзининг «Чингизнома» нинг русча нашрига ёзган изоҳларида Қирқёр Чўфит қалъа номи билан машҳур бўлганлиги ва унинг Бахчасарой атрофида жойлашиб, 1299 йили туманбоши Мамай тарафидан вайрон этилганлигини айтади. Шайбон Ботухоннинг Келор, Бошқирд ва Булор (Булғор)га қилган юришида ҳам иштирок этган ва жангларда ўзини яхши тарафдан кўрсатган. Бу ҳйқда Ўтамиш хожининг мазкур асарида муҳим маълумотлар учратамиз. Муҳими шундаки, китобда мазкур вилоятлардан бошқа янги бир вилоят — Улоқ вилояти ҳам тилга олинган. Поляклар ва можарлар (венгерлар) мамлакати Келар (Қодар) деб аталган. Буни мутахассис олимлар яхши билишади. Улоқ эса — бу мўғуллар 1239 йили забт этган Улокут бўлиши мумкин. Ўтамиш хожининг мана бу ахбороти ҳам диққатга сазовордир. У бундай деб ёзади: «Шундан кейин Шайбонхон Керол вилояти устига қўшин тортди. Керол — катта вилоят. Уни ишғол қилиш учун кўп уруш бўлди. Охир-оқибатда Шайбонхон уни забт этди ва ўз пойтахтига айлантирди. Шайбонхон ўша вилоятда вафот этди». Олтин Ўрда ва Қозоғистон тарихини ўрганувчилар учун хон Бердибек вафотидан кейин Дашти қипчоқда юз берган ижтимоий-сиёсий воқеалар ҳақида «Чингизнома»да келтирилган мана бу маълумот ҳам ўта муҳимдир. «Унинг (Бердибекнинг — Б. А.) замонида, — деб ёзади Ўтамиш хожи, — фитна ва қўз- ғолонлар кўп бўлди. Қиёт қабиласига мансуб бўлмиш [туман- боши] Мамай қўшиннинг ўнг қанотини олиб, ўзига тобе қабилалар билан Қримга кетиб қолди. Жир Хутлининг ўғли Денгиз Буқо эса унинг сўл қаноти билан Сирдарё соҳилларига кўчиб кетди. Бердибекхен Сарой Беркада фақат ичкилар (хон хизматчилари) билангина қолди. У уч йил Сарой Беркада хон бўлди, сўнг ўша ерда вафот этди». «Чингизнома»да келтирилган маълумотларнинг муҳимларидан яна бир-иккитасини келтирамиз. Булардан бири — Дашти қипчоқда ислом динининг шойиъ бўлиши, унинг вақти ҳақидаги маълумотдир. Маълумки, кўпчилик тарихчиларнинг, ўтмишдагиларнинг ҳам, ҳозиргиларнинг ҳам фикрича, ислом бу улкан мамлакатда XIV асрнинг биринчи ярмида, яъни Ўзбекхон тахтда ўлтирган йиллар (1312—1342) да тарқалган. Ўтамиш хожи бу ҳақда бошқача, эътиборга молик фикр айтган. Унинг сўзларига қараганда, бу катта тарихий воқеа Ўзбекхондан қарийб 60—70 йил муқаддам, яъни Беркахон замонида юз берган. «Дашти қипчоқ мамлакати Беркахонга бўйсунгамдан кейин, — деб ёзади Ўтамиш хожи, — у динсизларнинг кўпчилигини ислом динига киргизди. Лекин Беркахон вафот этгандан кейин улар яна диндан чиқиб, эски аслига қайтдилар». Бундан Дашти қипчоқ халқи орасида ислом динини шойиъ этишга уриниш Ўзбекхондан 60—70 йил муқаддам юз берган, деган хулоса қилиш мумкин. Яна бир факт. Жўчихон билан отаси Чингизхон ўртасидаги муносабат, анниқса ҳар иккалаларининг умри охирида қандай кечганлиги ҳақида тарихий китобларда ҳар хил фикр айтилган. «Табақоти Носирий» (тахм. 1260 йилда ёзилган) китобининг муаллифи қози Минҳожиддин Жузжоний (1193 йилда туғилган) бундай деб ёзади: «Жўчихон қипчоқ чўлининг об-ҳавоси ва сувларини кўриб, фазоси кенг, об-ҳавоси ёқимли, суви ширин, яйловлари кенг бунақа мамлакат дунёда йўқ, деб ҳисоблади ва кўнглидан отасига қарши исён кўтариш хаёли кечди ва яқин кишиларига деди: «Чингизхон ақлдан озибди, чунки кўп одамларни ўлдириб, мамлакатларни вайрон қилмоқда. Фикримча, уни овга маҳлиё қилиб, ўлдириш лозим. Сўнг Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ билан яқинлашиб, давлатимизни равнақ топтиришимиз ва мўмин-мусулмонларни қўллаб-қўлтиқлашимиз зарур». Муаллиф сўзида давом этиб, Жўчихоннинг нияти ва режаларини Чиғатойхоннинг отасига етказганлигини, Чингизхоннинг эса фитнанинг олдини олиб, бир гуруҳ одамларни Жўчихон ўрдасига жўнатганлигини ва фитначи ўғлини бир ёқлик қилганлигини таъкидлайди. Ота-бола ораси яхши бўлмаганлигини Рашидиддин ҳам айтган. У хусусан бундай деб ёзади: «Хоразм фатҳ этилгандан кейин Жўчихон Ардиш (Иртиш — Б. А.) бўйларига қараб йўл олди ва бориб уғруқ ўрдусига қўшилди. Бундан сал илгари Чингизхон Жўчига шимолий мамлакатлар, яъни Келор, Бошқирд, рус, черкас, Дашти қипчоқ ва бошқа мамлакатлар устига қўшин тортиш ва уларни бўйсундиришни буюрган эди. У эса бундан бош тортиб, ўз юртига кетиб қолгандан кейин Чингизхон беҳад дарғазаб бўлди ва деди: «Мен уни жазога тортаман, [бундан буён] мендан меҳр-шафқат кўриб бўлибди», деди. Сўнг Чингизхон Чиғатойхон ва Уғгдойхон бошчилигида унга қарши аскар юборди, лекин шу пайт Жўчихоннинг вафот этганлиги ҳақида мудҳиш хабар олинди». Шунга ўхшаш гап Маҳмуд ибн Валининг «Баҳр ул-асрор» китобида ҳам учрайди. Хоразмлик машҳур тарихчи Абулғозихон бу воқеа (Жўчихоннинг вафоти) отасининг ўлимидан (1227 йил 25 августда) олти ой аввал содир бўлганлигини айтади. Хўш, бу ҳақда «Чингизнома»да нима дейилган? Унда бу ҳақда мана бу гаплар ёзилган: «Жўчихон Чингизхоннинг тўнғич ўғли эди. Чингизхон унга катта қўшин бериб, Дашти қипчоққа тайин қилди ва жўнаб кетаётганда деди: «Майли, ўша мамлакат отларинг учун яйлов бўла қолсин. Унга Хоразмни ҳам қўшиб берди. Жўчихон Дашти қипчоққа жўнаб кетди ва унинг машҳур жойларидан бўлмиш Улуғтоққа келиб тушди. Кунлардан бир куни тоғда кийик овида отдан йиқилиб тушди ва бўйни синиб, қазо қилди». «Чингизнома» да келтирилган бу маълумотни батафсил изоҳлаб ўлтиришга эҳтиёж бўлмаса керак. Ҳаммаси ўз-ўзидан равшан. Биринчидан, «Чингизнома» нинг шарофати билан энди Жўчихон ўлган жойни аниқ биламиз — бу Улуғтоғ, Марказий Қозоғистонда жойлашган машҳур манзил экан. Жўчихоннинг айнан овда ўлганлиги масаласига келсак, бу масала ҳам тушунарли. Айнан ов феодал ҳукмдорлар учун ўз рақибларидан қутиладиган, уларни бир ёқлик қиладиган бир чора бўлган. Хулласи калом, Ўтамиш хожининг «Чингизнома» асари Жўчи улуси ва Хоразмнинг ўрта асрлардаги тарихининг қоронғи тарафларини ёритишда муҳим манба ролини ўйнайди.
Бўрибой Аҳмедов |