Саналар
05.10.2024
Баннер
Ибтидоий тасвирий санъат
PDF Босма E-mail

Дунё тарихида ибтидоий тасвирий санъат, хусусан, ғорларнинг деворларига турли тасвирлар чизиш сўнгги палеолит даврига оиддир (Испания, Алтамир ғори). Ўрта Осиёда унгурлар ва қоятошларга ишланган расмлар мезолит даврида пайдо бўлади. Неолит даврига келиб эса ривожланган босқичга кўтарилади. Калтаминор, Ҳисор, айниқса Жойтун маданиятига мансуб ёдгорликлардан ибтидоий санъатнинг турли намуналари топилган. Ўрта Осиёнинг тоғлик ҳудудларида кенг тарқалган қоятош расмлари ишланиш усулига кўра икки хил. Бир хиллари бўёқ (охра) билан, иккинчи хиллари эса уриб-ўйиб ишқалаш, чизиш усули билан ишланган (петроглифлар) расмлардир.
Ўзбекистондаги қоятош расмларнинг энг нодир намуналари Зараутсой, Сармишсой, Биронсой, Кўксарой, Такатош, Тераклисой кабилар бўлиб, улар юздан зиёддир. Бу ердаги қоятошларда Ўзбекистоннинг қадимги ва ҳозирги ҳайвонот олами вакилларининг расмларини кузатиш мумкин. Улар ибтидоий буқалар, шерлар ва йўлбарслар, қоплон, тулки ва бўрилар, буғу ва жайрон кабилардир. Расмлар орасида ўқ-ёй, узун қилич, ханжар, дубулға, қопқон каби нарсалар ҳам кўпчиликни ташкил этади.
Энг қадимги расмлар Зараутсой (Сурхондарё) бўлиб, бу расмлар мезолит-неолит, яъни мил авв. VIII-IV минг йилликларга оиддир. Қоятош расмлари орқали ўша давр одамларининг ов, меҳнат ва жанговар қуролларини билиб олишимиз мумкин. Шунингдек, қоятош расмлар қадимги авлодларимизнинг ғоявий қарашлари ва диний эътиқодларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Шуни таъкидлаш жоизки, ибтидоий санъатнинг энг ривожланган босқичи неолит даврига оиддир. Бу давр Жойтун, Калтаминор ва Ҳисор маданиятларига мансуб ёд-горликлардан ибтидоий санъатнинг жуда кўплаб намуналари топилган. Неолит даври одамлари идишларга ҳар хил рангдаги бўёқ билан турли нақшлар, одам ва ҳайвон тасвирларини ифода этганлар. Шу билан бирга лойдан ясалиб, пиширилган аёл ҳайкалчалари неолит даври санъатининг нодир намуналари ҳисобланади.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин