Жаҳон тараққиёти тарихида Ўрта Осиё цивилизациясининг ўрни |
|
Ўзбекистон ҳудудлари энг қадимги даврлардан бошлаб жаҳон цивилизациясининг ўчоқларидан бири эканлигига илмий жиҳатдан ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ўзбекистон ва Ўрта Осиё ҳудудларида олиб борилаётган кенг миқёсдаги тадқиқот ишларининг натижалари ҳам Ватанимизнинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрнини тасдиқлайди. Дунёнинг турли бурчакларида яшайдиган халқларнинг турли даврларда, ижтимоий-иқтисодий ва маданий жараёнларда эришган ютуқлари ҳамда тараққиёт босқичига кўтарилишини цивилизация тушунчаси ўзида акс эттиради. Бу тараққиёт босқичи инсониятнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши, жамиятнинг ривожланиш даражаси, моддий ва маънавий маданиятнинг юксалиши, қабилалар ва халқлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар билан изоҳланади. Ўрта Осиё цивилизацияси турли ҳудудларда турли даврларда пайдо бўлди ва ривожланди. Мисол учун, жанубий ҳудудларда яшаган қадимги қабилалар милоддан аввалги VI минг йилликдаёқ деҳқончиликка ўтиб, унумдор хўжаликни ривожлантирган бўлсалар, бу даврда шимолий ҳудудлардаги қабилалар асосан овчилик, балиқчилик ва чорвачиликнинг илк шакллари билан шуғулланганлар. Бу нотекислик жараёнини табиий географик шароитлар ва ўзаро муносабатлар билан изоҳлаш мумкин. Бу ўринда Ўрта Осиёнинг чўл ва дашт ҳудудлари ҳамда тоғолди ва дарё воҳалари ҳудудларининг ривожланиш даражасидаги маданий нотекисликни таққослаб кўриш (Копетдоғ, Ҳисор, Зарафшон тоғолди ҳудудлари ҳамда Қизилқум, Қорақум, Қашқадарё ва Зарафшон воҳасининг дашт ҳудудлари) муҳимдир. Ундан ташқари, Ўрта Осиёда турли-туман маданият яратган қадимги аҳолининг неолит давридаёқ, яъни милоддан аввалги VI-IV минг йилликлардаги ўзаро муноса-батлари ва бу аҳолининг Шарқдаги, даставвал Олд Осиёдаги бошқа қадимги цивилизация ўчоқлари билан узвий алоқада бўлиши ҳам маҳаллий цивилизациянинг ривож-ланишига катта таъсир кўрсатган.
|