СССРнинг Ўрта Осиёдаги ГПУсида тўпланган «Товар» ва Правители» деб номланган махфий ҳужатлар мажмуидан китобхонимиз хабардор. «Правители»даги маълумотлар асосан амирлик хазинасининг Бухоро совет ҳукумати ва коммунистик партияси раҳбарлари томонидан «ўғирлангани» ва «ўзлаштирилгани»га оид. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ГПУнинг бу хуфячилар томонидан тайёрланган маълумотларида ҳеч шубҳа уйғотмайдиган асосли ҳақиқатлар билан бир қаторда тахмин ва гумонлар ҳам мавжуд. Бизнингча, уларнинг қайси бири ҳақиқат, қайси бири туҳмат эканлигини тўла аниқлашнинг иложи йўқ. Шунинг учун ҳам биз уларни русчадан ўзбекчага ағдариб, қандай мазмунда бўлса шундайлигича, бироз қисқартириб ва умумлаштирган ҳолда айнан баён этишни мақсадга мувофиқ деб билдик. Чунки китобхонимиз уларнинг мазмун ва моҳиятини ўзи англаб олади, деган умиддамиз. ГПУ ҳужжатларида амирдан қолган хазинани топиб, уни ўзлаштириб олган деб кўрсатилганларидан энг кўзга кўринарлиси Мирзо Муҳиддин Мансуров ва унинг ўғиллари Мирза Исом, Мирза Мансур, Мирза Абдулқодир, Мирза Хайрулло Муҳиддиновлардир. Ҳужжатларда уларнинг хазина билан боғлиқ бир қатор хатти-ҳаракатлари баён этилган. Лекин уларнинг бирортасининг ҳам «кирдикори» фош этилиб жавобгарликка тортолмаган. Аммо гап шундаки, бу маълумотлар кишини бевосита ўзига тортади ва бефарқ қолдирмайди. Ўшалардан бири «Бухоро амирига тегишли бойликлар ва унинг БХСР ташкил топиши олдидаги ҳлати ҳақида маълумотнома» деб номланган бўлиб, у Юдин деган ходим томонидан тайёрланган. 1920 йил 20 июнда эса маълумотнома Ўзбекистон ССР Давлат Сиёсий бошқармаси раиси ўринбосари Гофецкий томонидан махсус йўлланма хат билан СССРнинг Ўрта Осиёдаги Махсус Давлат Сиёсий бошқармасининг ваколатли вакили Бельскийга юборилган. Унда шундай дейилган: «Бухоро инқилоби пайтида Мирза Муҳиддин Мансуров амирдан қолган хазинани ҳисобга олуви Марказий комиссия раиси бўлган. У ўша пайтда амирнинг қамоққа олинган мирзаларига ҳукумат номидан агар амирнинг хазинаси қаерда сақланиб қолганлигини кўрсатсанглар озод қилиб юборамиз, деб ваъда бериш билан бирга, уларга тазйиқ ўтказади. Бунга ишонган маҳбуслар (Мирза Умар ва Мулла Мирза — С.Х.) эса, 17 сандиқ олтин ва бриллиантлар кўмилган жойни ошкор қиладилар. Бу 17 сандиқ бойликни, у Мирза Умар билан Мулла Мирзаларнинг ёрдамида топиб, ўзиники қилиб олади. Бироқ хазина топилган кечасиёқ Мансуровнинг буйруғи билан Мирза Умар отиб ташланади. Мулла Мирза эса Бухоро шаҳридан номаълум бир томонга олиб чиқиб кетилади. Мана шундай йўл билан Бухоро амирининг хазинаси ва унга жуда яқин бўлган қозикалоннинг тахминан 30 миллион сўмлик бойлиги Мансуровнинг мулки бўлиб қолади». Шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, «Маълумотномада амирнинг қимматбаҳо тожи ҳам Мансуровнинг қўлида бўлган деган фикр бор. Мирза Муҳиддин Мансуров Бухородаги жадидчилик ҳаракати асосчиларидан. У Бухоро тарихига оид ҳужжат ва китобларда қайд этилишича, дастлаб биринчилар қаторида ўз уйида жадид мактаби очган. 1910-1917 йилларда махфий фаолият юритган жадидларнинг «Тарбияи атфол» («Болалар тарбияси») номли маърифий ташкилоти ҳамда ошкора чоп этилган тожикча «Бухорои Шариф » (1912-1913) йиллар газетасига ҳомийлик қилган. Жадидчиликни моддий маблағ билан таъминлаб турган савдогар бойлар қаторида туриб, халқ манфаати, маориф ва маърифат йўлида каттагина ишларни амалга оширган. У Ёш бухороликлар партияси ташкил топиши ва фаолият юритишида энг фаол ташкилотчилардан ҳисобланган. Шунинг билан бирга М.Мансуров бошқалар қатори амирнинг 1917 йил 7 апрелда ислоҳот ўтказиш ҳақидаги «Манифест»ни имзолашига ҳам катта ҳисса қўшади. Жадидларнинг 8 апрелдаги кўча намойиши фожиа билан якун топиб, 30 киши қамоққа олинганидан кейин Ёш бухороликлар партияси Марказий Қўмитаси раиси этиб сайланади. Шундан сўнг ўз фаолиятини Москвада давом эттиради. 1919 йил ноябрида Шарқ халқлари коммунистик ташкилотлари Марказий бюроси қошида Бухоро бўлими ташкил этилишида фаоллик кўрсатиб, Москвада «инқилобий тажриба» ортттиради, тарбияланади. Файзулла Хўжаевнинг гувоҳлик беришича, М.Мансуров амирнинг 1917 йил апрелдаги ислоҳот ҳақидаги манифести билан боғлиқ ҳолда юз берган қатағонлик сабабли Когон шаҳрига қочиб ўтиб, Ёш бухороликлар сафига уч ўғли билан келиб қўшилган. Бундан олдин эса у амирнинг савдо соҳасидаги энг ишончли киишиси, машҳур карвонбоши Азизов билан шахсий рақобатда бўлиб, бу кейинчалик сиёсий мухолифатга айланиб кетиши сабабли амирдан чўчиган ҳолда Бухородан кетади. Умуман олганда, М.Мансуров амирликда кўзга кўринган йирик савдогар бой, миллат маърифати ва тараққиёти фидойиси, амирга қарши бўлган жадидлардан бири. Шунинг учунг ҳам у Бухорода коммунистик босқинчилар ёрдамида Ёш бухороликлар давлат тўнтариши ясаб, амирни мамлакатдан бадарға этгач, Бухоро совет ҳукумати таркибига киради ва ўта муҳим лавозимларни эгаллайди. 1923 йилга келиб, М.Мансуров 63 ёшга тўлиши муносабати билан қарилик баҳонасида ҳукумат таркибидан чиқиб, қоракўл, жун ва бошқалар савдоси билан машғул бўлади. «Товар»даги Мансуровга тегишли маълумотлардан яна бири 1928 йил 17 мартдан то 1 апрелгача Бухорога Москвадан махсус топшириқ билан келган, номи кўрсатилмаган вокалотли бир ходимнинг ҳисоботидир. Бу ҳисобот каттагина ҳажмда бўлиб, қуйидаги мавзуларга бўлинган: 1) «Муҳиддиннинг бойлиги»; 2) «Мирза Муҳиддиннинг бойлигини бошқа гувоҳлар қандай аниқлангани»; 3) «Қозикалоннинг хазинаси аниқ ва аста-секинлик билан Муҳиддиновнинг қўлига ўтгани»; 4) «Мирза Муҳиддиннинг қозикалоннинг бойлиги ҳақида айтганлари»; 5) «Муҳиддиновлар оиласи ҳақида баъзи бир мулоҳазалар»; 6) «Бухоро амирининг бойлиги ва у сақланадиган жойни тўла-тўкис биладиган шахслар». Қуйида бу ҳисоботнинг ўзбекчага ағдарилган қисқача матнини келтирамиз: «Муҳиддиннинг бойлиги масаласи кейинги пайтларда бир неча бор кўтарилмоқда. Бу масала билан нафақат Бухоро, Тошкент, Самарқанд, шунингдек, Москва ҳам қизиқмоқда. Москваниннг сиёсий архивида Файзулла Хўжаевнинг ўрт. Рудзутакка, агар ҳукумат Мирза Муҳиддин Мансуров ва унинг қариндошларини қамоққа олишга розилик берса, СССР омборига ўттиз миллион сўмлик маҳсулот ва бойлик қайтарилиши ҳақида айтганлари сақланмоқда. Мирза Муҳиддин М ансуров эса, Ф.Хўжаевнинг бу баёнотини шунчаки ҳазил деб айтмоқда. Мирза Муҳиддин кейинги йилларда ўз капитал маблағи ва бойлигини чет элга ўтказиб юбориш учун жиддий машғул бўлмоқда. Дастлаб у хорижга ҳаж сафари баҳонасида кетмоқчи бўлди. Лекин бунинг иложи бўлмади. 1923 йилда унинг ўғли Мирза Хайрулло қоракўл тери савдоси билан хорижга чиқади. Бундан фойдаланиб, Муҳиддин Мансуров савдодан тушган етти юз минг нақд пулни ва махфий равишда четга олиб ўтилган бриллиантлар ҳисобидаги икки ярим миллионлик олтин пулни Германияга ўтказишга муваффақ бўлади. Мирза Хайрулло бу пулларни ўз номидан Германиядаги банклардан бирига қўяди. Бироқ, унинг бу ўзбошимча ҳаракатидан чол (отаси — С.Х.) норози бўлади. У капитални ўзининг номига қўйилишини хоҳлаган эди-да! Ҳозиргача ҳам Мирза Муҳиддин М ансуров буни эсидан чиқар олганича йўқ. Мансуров бундан бошқа ўз бойлигини хорижга ўтказишнинг иложи бўлмаганлиги сабабли, шундан сўнг савдо агентлари орқали сармоясини Москва, Боку, Тошкент, Самарқанд, Душанбега ўтказади. У қоракўлчиликка катта маблағ сарфлайди. Бухоро атрофидан, Қўрғонтепадан ва бошқа жойлардан қоракўл қўйларни қўраси билан сотиб олади. Шунингдек, у пахтачиликка ҳам пул сарфлайди… Мансуровнинг шу усулда ўз капиталини маълум жойларга сарфлашдан мақсади, СССРда қоладиган оила аъзоларини пул билан таъминлаш бўлган эди. Ўзи эса қандай қилиб бўлмасин хорижга ўтиб кетишнинг пайида бўлди. Мана шундай мақсади умидида амалга оширган хатти-ҳаракатларидан бири, у ўзининг таниши, синашли жўраси А.А.Гелликниннг хотини Зинаида Григорьевна Гелликка сохта никоҳ билан Москвада уйланиши бўлди. Бунинг эвазига ўз хотинини қўйиб, унинг Мансуровга турмушга чиқишига «рози» бўлганлиги учун А.А.Геллик ўз «дўсти»дан 100 минг сўм олган. Бунга Мансуровнинг ўғли ва неваралари гувоҳ. 3. Г.Геллик М.Мансуровга ўз мақсадини амалга ошириш, яъни чет элга қочишга ва бойликларини хорижга ўтказиши ҳам да бошқа муҳим ишларини амалга ошириши учун керак эди». Маълумотномада ёзилишича, М.Мансуров З.Г.Гелликка уйланишдан ташқари ўз мақсади йўлида яна бошқа ҳийла-найрангларни ҳам сунъий равишда уюштиради. Масалан, у жамоатчиликни чалғитиш учун ўғли Мирза Абдуқодирнинг уйидаги бойликларни ўғрилар ўғирлашини ёлғондакам уюштиради. Шунингдек, у ҳамма ўғил-қизу келинларини йиғиб, жуда катта қарздор бўлиб қолганлигини айтиб, агар аёллар жами тилла тақинчоқларини бермаса, ўзини қўлида ушлаб турган стакандаги йодни ичиб ўлдиришини айтади., Аёллар эса бунга рози бўлиб, уни «ўлимдан» сақлаб қолади. Маълум бўлишича, Мирза Муҳиддин Мансуров ўзини ночор қиилби кўрсатган ва уйидаги бойлигини эса фарзандлари талашиб-тортишиб олиб кетган маънода билдириш учун яна бир ақл бовар қилмайдиган тадбирни ўйлаб, буни ҳам росмана жамоатчиликка ошкор қилади. Бу гал энди, у ўз уйида келини Заҳроой (ўғли Хайруллонинг хотини) билан бир каравотда ётган бўлади. Буни кўрган Хайрулло эса кечаси соат ўн бирларда катта акаси Исом, унниг оила аъзолари ва онасини чақириб келиб, тўс-тўполон кўтаради. Кампир эса эри Муҳиддинни калиш билан уради, ҳақоратлайди. Шундан сўнг унинг уйидаги рўзғор анжомлари «дили сиёҳ бўлган» фарзандлар томонидан бўли олинади. Шу баҳонада М.Мансуровнинг олдиндан огоҳ бўлиб шай турган одамлари ҳам келиб, амирдан қолган хазина бойликларини ҳам олиб кетиб, ишончли жойларга яширадилар. Қария эса шип-шийдон бўлган, вайрона кўринишдаги уйда бир ўзи қолади. «Уят»дан масжиду намозларга боролмай, кўча-кўйларга чиқолмай қолади. Аммо зимдан ўз одамлари орқали вазиятни ўзи бошқариб боради. Қўлимиздаги ўша «Маълумотнома»нинг охирроғида яна қуйидагилар ёзилган: «Шу нарса маълумки, Муҳиддиновнинг оила аъзолари четга қочиб кетишга тайёр. Унинг ўғли Мирза Исом хориж паспортини олган. Мирза Хайрулло эса ҳозир баъзи бир кишилар орқали Афғонистон паспортини олишга ҳаракат қиляпти. Мирза Низом аллақачоноқ хориж паспортини қўлга киритган. Мирза Муҳиддин /Мансуров/ ҳам Зинаида Григорьевна орқали ўарбий Германияга чиқиб кетиш учун хориж паспортини олади. Қолган бойликларни эса хорижга Мирза Хайрулло олиб кетиши керак. Бу тўғрида у Афғон вакили билан Бухорода гаплашиб олган. Шунингндек, бу масала Тошкентдаги Афғон бош консули билан ҳам бир неча бор келишиб олингани маълум». «Маълумотнома»нинг асосий мазмун ва хулосаси шуки: М.Мансуров жуда ақлли ва уддабурон, тадбиркор одам. У амирдан қолган хазинани ҳамда мамлакатда амирдан кейинги иккинчи катта бой — қози-калоннинг ҳам бойликларини ўзиники қилиб олган. Бунинг маълум қисмини хориж (Германия)га чиқариб улгурган. Қолганларини эса энди олиб чиқиб кетишга қаттиқ киришган ҳолда фаолият юритмоқда. Бу тахминан 1917-1927 йиллар оралиғидаги катта тарих ичидаги «кичик тарих» бўлиб, ҳужжжатларнинг мазмунидан кўриниб турибдики, қоқеа тугалланмаган. Аниқроқ қилиб айтсак, М.Мансуровнинг шундан кейинги фаолияти ва тақдири бизга номаълум. Буни аниқлаш бундан кейинги вазифа бўлиб турибди. Чунки, бу миллат учун зарур бўлган кўпгина тарихий воқеликларнинг рўёбга чиқишига ёрдам беради. ГПУ ходимлари томонидан тўпланган махфий ҳужжат ва хуфяномалар мажмуи, яъни 243 — «Товар» номли махсус махфий давлат аҳамиятига молик кузатув «иш»и («дело»си) 1922-1928 йилларга оид бўлиб, шундан сўнг ҳаракатдан тўхтатилиб, архивга топширилган. Ундаги М.Мансуровнинг фаолиятига қаратилган масала охирига етказилмаган. Агар мана шунга суяниб фикр юритсак, «қилни қирқ ёрган» ГПУ бу гал «иш»ни охиригача етказа олмаган. Бу эса, Мансуров томонидан амир ва қозикалондан қолган олтин бойликлар ўзлаштирилганлиги исботланмаганлигидан далолатдир ёки исботини топа олмаган ҳақиқатдир. Лекин бир нарса маълумки, М.Мансуров катта бой, савдогар ва ишбилармон бўлган. Пул топиб бойлик орттиришни яхши билган. Шу маънода унинг ўз бойлигини асраш ва хорижга чиқиб кетиш учун қилган хатти-ҳаракатини ижобий баҳоламоқ керак. Унинг «қарздор бўлиб» аёлларнинг тилла тақинчоқларини йиғиб олиши, З.Г.Гелликка «уйланиши» каби сохта, хўжакўрсин учун қилинган ва бошқа ҳаракатларини ўша коммунистик ва адолатсизлик зулмининг қусури деб тушунмоқ керак. Тарихдан маълум бўлишича, М.Мансуровнинг ўғиллари ҳам жадидчилик ҳаракати ва ундан кейинги тарихда фаолият кўрсатганлардан. Уларнинг хизмати тарихда ўз ўрни ва баҳосига эга. Айниқса, бу ўринда Мирза Абдулқодир Муҳиддиновнинг хизмати алоҳида таҳсинга сазовордир. У ҳам Бухородаги апрел фожиасидан кейн жабрланиб, муҳожирликда, Бухородан четда «инқилобий фаолият» билан банд бўлди. Бухоро коммунистик партияси ташкил топишига катта ҳисса қўшди. У 1920 йил 16 августда Чоржўйда чақирилган партиянинг IV қурултойида делегат сифатида қатнашди. Худди мана шу қурултойда советлар Россияси армиясининг Бухорога бостириб бориб амирликни тугатиши ҳақида қарор қабул қилинади. Бухоро коммунистик босқинчи армия томонидан босиб олиниб, Ёш бухороликлар ҳокимиятни эгаллагач, М.А.Муҳиддинов партия ва ҳукумат лавозимларида ишлайди. 1920 йил 14 сентябрда эса, у Бутун Бухоро Инқилобий Қўмтаси раиси этиб тайинланади. Унда ҳам бошқа жадидлар қатори коммунистик мустамлакачиликка нисбатан норозилик кучаяди. Шу сабабдан ҳам Бухорода 1920 йил сентябридаёқ Аҳмад Заки Валидий бошчилигида иш бошлаган аксилкоммунистик махфий ташкилот — «Туркистон миллий бирлиги» Ўрта Осиёда яширин фаолият юритади. Тарихий маълумотларга кўра, бу ташкилотга 1921 йил 30 июл куни Абдулқодир Муҳиддиновнинг уйидаги «гап»да, яъни махфий мажлисда А.З.Валидий Туркиядан Мустафо Камол пошонинг махсус топшириғи билан Бухорога келган Туркия Буюк Миллат Мажлиси аъзоси Ислом Сўфи таклифи билан раҳбар этиб сайланади. «Товар» ва «Правители»да М.Мансуровдан ташқари Бухоро компартияси ва совет ҳукуматининг яна бир гуруҳ раҳбарлари амирдан қолган олтин хазинани ўзлаштириб хорижга қочиб кетганликда айбланади. Бу айбдорларнинг «айби»ни бугунги кунда сал бошқачароқ талқин қилиш ҳам мумкин. Гап шундаки, буларнинг ҳаммасини ҳам бир ихл маънода ўғри, қочоқ ҳамда муттаҳамликда айблаш унча тўғри эмас. Чунки уларнинг хатти-ҳаракати ва мақсадлари ҳамда танлаган йўли ўша даврдаги ўта мураккаб тарихий муҳит билан боғлиқ бўлган. Уларнинг аксарияти халқ ва ватан манфаати йўлида бел боғлаб амирни тахтдан ағдаришда Россияда бош кўтарган «большевик балоси»дан фойдаланиб, унинг маккорона тузоғига илинганлигини жуда тез англаб етдилар. Шу сабабдан ҳам Ватанда қолиб хизмат қила олмасликлари ва аста-секин ўзлари бадном бўлишларидан кўра, хорижга кетиб жон сақлашлари ёки кейинчалик қайтиб келиш умидида бўлганлар ҳам йўқ эмас. Юқоридаги «Маълумотнома»да «хазина ўғриси» сифатида яна қуйидагилар кўрсатилади: БХСР молия нозири (вазири) Носир Ҳакимов, Молия вазирлиги Молия бошқармаси бошлиғи Сатторхон ўаффорхўжаев, БХСРнинг Германиядаги савдо ваколатхонаси бошлиғи Юсуфбек Мукимбоев, БХСРнинг Афғонистондаги элчиси Юсуфзода, Бухоро Инқилобий ҚЎмитаси қошидаги Фавқулодда комиссияси раиси Муҳитдин Хўжаев ва бошқалар. Агар М.Мансуров амирдан қолган олтин хазинани ҳисобга олиш комиссиясининг раиси бўлган бўлса, Н.Ҳакимов омон қолган хазинани топиш, БХСРнинг молиявий асосини ташкил этишга раҳбарлик қилади. Топилган хазина дастлабки кунларданоқ тўла маънода унинг тасарруфида бўлган. «Мен Ҳакимовнинг олдига кирсам, — деб эслайди 1934 йилда Файзуллахўжа Тўқсоба Муҳаммадиев, — у ерда (Ҳакимовнинг кабинетида — С.Х.) Муҳиддин Мансуров (Абдулқодир Муҳиддиновнинг отаси), Усмон Хўжа (Усмонхўжа Пўлатхўжаев) кутиб ўтирган экан. Суҳбат чоғида улар менга ўрислар ўзлари олдин топиб олиб кетган жойлардан бошқа олтин сақланаётган жойларни биладиган кишиларни топиб беришни сўраётганлигини айтди. Мен ўша жойларни кўрсатишга рози бўлдим. Мирза Муҳиддин Мансуров ва Усмон Хўжа билан бирга файтунда «Арк» томон йўл олдик. Йўлда… Усмон Хўжа менга қарата айтди: «Агар олтинлардан қолган бўлса, ўрусларга бу жойларни кўрсатиш бизлар учун фойдалик эмас, … уларни чалғитишингиз керак…» Шундай қилиб, руслар чалғитилиб, амирнинг бошқа жойда — ертўланинг пастки қисмида сақланиб келинган катта миқдордаги иккинчи бир лтин хазинаси омон қолади ва кейин у топиб олинади. Бунда биргина Н.Ҳакимов эмас, балки У.Пўлатхўжаев ва албатта Ф.Хўжаевларнинг жасорати катта бўлди. Н.Ҳакимов 1922 йил 2 январда Бутун Бухоро Марказий Ижроия Қўмитаси, Бухоро Халқ Нозирлари Совети ва БКП Марказий Қўмитасининг қўшма мажлисида Шарқий Бухородаги «босмачилик уруши»га қарши курашиш утузилган Фавқулодда комиссия раиси этиб тайинланади. Бухоро совет ҳукумати раҳбарларининг хазина билан боғлиқ фаолиятини кузатувчи ҳуфячи «Зуҳра» деган ном остида иш юритган. У 1926 йил 13 июндаги «Бухоро Республикаси МИҚ ва Молия нозирлигидаги жиноятлар ҳақида ахборот»ида ёзади: «Бухоро Халқ Комиссарлари Кенгашининг пул фонди Файзулла Хўжаев, Бухоро МИҚнинг пул фонди эса Муҳиддинов ва Молия нозири Носир Ҳакимовларнинг қўлида бўлган. Н.Ҳакимов ўша пайтда Бухоро Республикаси хазинасидаги қарийб ҳамма бриллиант бойликларини олиб Туркияга қочиб кетган. У ҳозир Туркияда яшайди, у ерда қимматбаҳо тошлар савдоси билан машғул». Баъзи бир маълумотларнинг гувоҳлик беришича, Н.Ҳакимов топилган хазинани хоҳлаган пайтда келиб кўриш ва назорат қилиб туриш вколатига эга бўлган. Масалан, кунлардан бир кун у хазинага кириб, ундан тахминан ўн карат келадиган бриллиантни рўмолчасига ўраб олади-да, қайтиб чиқишда қоровулнинг олдида рўмолча билан бурун артган бўлиб, уни тушуриб юборади ва уни қоровулга олгин деб таклиф қилиб, уни синаб кўради. У олмайди. Шундан сўнг бриллиантни қайта ертўлага кириб қолдириб, қоровулга тўғрилиги учун раҳмат айтиб кетади. Ушбу хуфянома мана бундай сўзлар билан якунланади: «Бир сўз била, айтганда, кўпгина мўътабар шахслар собиқ Бухоро Республикасини бошқариб ҳукмронлик қилиш эвазига бойиб кетганлар. Уларнинг бойлиги бутун умрларига етади ва ҳатто меросхўрларига ҳам қолади». Бизнинг қўлимизда Сатторхўжа ўаффорхўжаевнинг Амир хазинасининг ҳисоботи комиссиясига 1922 йил 14 январда, 20 ва 31 декабрда ва яна битта санасиз ёзган хатларидан 4 тасининг кўчирмаси бор. Уларнинг мазмуни асосан мана бундай: «Ҳисоб комиссиясига. Менга 20.000 сўмлик тилла юборинг. Расмий қоғоз кейин жўнатилади. 14/I (Саттор Хўжа)» Мана шу усулда Сатторхўжа ўаффорхўжаев ўз лавозимини суиистеъмол қилган ҳолда жами қуйидагича қимматда хазинадан олтин олган: 80.000 сўмлик тилла, 20.000 Бухоро тангаси, 1000 та беш сўмлик рус тилла тангаси. Булардан ташқари, унинг шахсан ўзи бир марта «31.225 сўмлик тилла», иккинчи марта «18.505 сўмлик тилла олдим» деган ёзув қолдирган. Яна, 1923 йил 15 январ санаси билан қайд этилган БХСР Халқ Нозирлари Кенгаши раисининг хизмат хати (служебная записка) билан 50.000 сўмлик олтин олган. Ушбу хатда «Аҳмаджон Махсум! Зудлик билан Саттор Хўжага 50.000 сўмлик олтин бериб юборинг. Аминов» деган сўзлар ёзилган. «Товар»нинг 254-варағида конвертга солинган молиявий ҳужжатларнинг сони 20 та. Биз шулардан баъзи бирларини намуна сифатида келтирдик, холос. Булардан маълум бўлиб турибдики, амир хазинасининг «Фрунзе босқини»дан омон қолган қисми каттагина миқдорни ташкил этган. Бундан эса юқоридагича усулда, яъни нимага сарфланиши ва ни ма учун олинганлиги аниқ кўрсатилмаган ҳолда жуда катта миқдордаги бойлк ҳақиқатан ҳам ўзлаштирилганлиги маълум бўлиб турибди. Балки, бу бойликлар Ватан ҳимояси мақсадида «босмачилик уруши» учун сарфланган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Лекин «Беайб Оллоҳ» деган ҳикмат ҳам бор. Бойлик, айниқса, олтин ҳамиша одамларни йўлдан ургани ҳам маълум.
|