Ўрта Осиёнинг қадимги тарихининг Хитой манбаларида ёритилиши | ||||
Жаҳон халқлари тарихидан маълумки, Ўрта Осиё жуда қадим-қадим замонлардан Шарқнинг Ғарбга томон дарвозаси, иқтисодий ва маданий алоқалар узатувчи узели ролини ўйнаб келган. Шарқ халқлари Ғарбга томон турли мақсад сари интилишларида ҳеч қачон Ўрта Осиё ҳудудларини четлаб ўтмаганлар. Қадимда ва ўрта асрларда Евразия даштлари аҳолиси, айниқса Олтой, Жанубий Сибир, Шимолий Хитой ҳудудлари нафақат иқтисодий, балки этномаданий жиҳатдан ҳам Ўрта Осиё билан ўзаро узвий алоқада бўлган. Бу ҳақда археологик манбалар кўп фактологик материаллар беради. Археолог А.В. Виноградов бу алоқа натижаларини неолит ва энеолит даври Ўралорти, шимолий ва шарқий Қозоқистон ёдгорликлари билан қадимги Хоразмнинг калтаминор маданияти материаллари мисолида яхши кузатади. Бронза даврига келганда, айниқса йилқичилик ривожланиб, от ва туядан тез юрувчи транспорт ҳайвони сифатида фойдаланиш кашф этилгач, жанубий Сибир ва Ўрта Осиё қабилалари ўртасидаги алоқалар жонланиб кетди. Милоддан аввалги II – минг йилликнинг ўрталарига келганда Марказий Осиёнинг чўл ва дашт минтақаларида, айниқса унинг Жанубий Сибир, Тоғли Олтой, жанубий – шарқий Ўрол орти районларида, Қозоқистон даштларида чорвадор қабилалар ҳаётида туб социал-иқтисодий ва этномаданий ўзгаришлар юз бердики, дашт аҳолиси орасида мулкий табақаланиш жадал кечди, дашт аҳолисининг асосий бойлиги ҳисобланган чорвага бўлган мулкчилик ўша даврнинг ҳарбий аслзодалари – сардорлар: қабила ва уруғ бошлиқлари қўлида тўплана бошланди, ўша давр жамиятининг аристократия табақаси, озод ва эркин мулк эгалари пайдо бўлди. Ем-хашак заҳиралари етарли бўлган минтақаларда чорва молларини тез кўпайиши бу табиий ҳол. Буни яхши тушунган мулк эгаларининг эътибори ўша давр тақозасига кўра, отлик ҳарбий қўриқчилар,жангавор суворийлар отрядини ташкил этишга қаратилди. Эндиликда чорвадор аслзодаларнинг иқтисодий юксалишидаги асосий омил чорва молларини мунтазам ем-хашак захиралари билан таъминлаб бориш бўлиб қолди. Дашт аҳолисининг ҳали давлат тузилмалари шаклланмаган, қабилавий тартиб-қоидалари хукм сурган жамиятида янги яйловларни ўзлаштириш учун ўзаро курашлар муқаррар эди. Ўша давр талабига кўра, чорвадорлар жамоаларида жангавор суворийлар, яъни эркин, озод ҳарбийлар табақаси пайдо бўлди. Улар қадимги Эрон ва Турон халқларининг муқаддас китоби Авестода турлар деб аталган мулкдор чорвадорлар, яъни орийлар эди. Орийлар бронза ва илк темир даври ижтимоий табақаси, шаклланиб бораётган дастлабки синфий жамиятнинг мулкдорлар синфи. Археологик тадқиқотлар натижаларига кўра, милоддан аввалги II-минг йилликнинг ўрталаридан бошлаб, Ўрта Осиёнинг шимолий – шарқидан Сирдарёнинг қуйи ҳавзаларига Марказий Осиёнинг дашт аҳолиси жадал кириб келабошлайди. Дастлаб улар Амударёнинг куйи ҳавзаларига жойлашадилар (тозабоғёб маданияти), Уларнинг бир қисми Сирдарёнинг ўрта ҳавзаси, яъни Жанубий Қозоқистон ва Тошкент воҳасига кириб келадилар, Еттисув орқали қадимги Фарғонага (қайроққум маданияти), ундан Қайроққум орқали Уструшона ва Суғдиёна ҳудудларига кириб борадилар. Ҳозирги кунда уларнинг моддий маданият излари бутун Ўрта Осиё ҳудудлари бўйлаб кенг тарқалган. Уларнинг излари хатто Ўрта Осиёнинг қадимги деҳқончилик минтақаларида, айнан Мурғоб воҳаси ёдгорликларида ҳам учрайди. Бронза давридан бошланган бу миграция жараёнлари моддий маданият ва қадимги ёзма манбалар таҳлилига кўра, мунтазам равишда то сўнгги ўрта асрларгача давом этган. Таъкидлаш жоизки, Ўрта Осиё туб жойли аҳолисининг айнан икки қутб билан, яъни шимолий – шарқ ва жанубий минтақалар билан анъанавий узвий боғликлигининг заминида муҳим бир омил ётади. Бу ҳам бўлса, улар ўртасида қадим-қадим замонлардан давом этиб келган этник алоқалар эди. Биз юқорида такрор-такрор таъкидлаганимиздек, ўзбек халқи этник асосини эронзабон ва туркийгўй компонентлар ташкил этган экан, тарихий жараённи шундай кечиши табиий ҳол эди. Дарҳақиқат, Марказий Осиёнинг қадимги аҳолиси Хитой ёзма манбаларига кўра туркийгўй бўлган. Бу ҳақда кейинроқ алоҳида тўхтаб ўтамиз. Ўрта Осиёнинг жанубий чегараларида эса қадимдан эроний тилли аҳолилар яшаб келган. Бу икки тилли аҳолининг учрашув нуқтаси, чегара ҳудудлари қадимда Сирдарёнинг куйи ҳавзалари бўлса, илк ўрта асрлардан бошлаб бу чегара Амударёнинг ўрта ҳавзаларига кўчди. Бу тарихий жараёнда туркий кабилаларнинг фаоллиги, уларнинг мунтазам равишда давом этган миграцияси бош ролни ўйнаган. Айнан шу даврдан бошлаб, жанубий Турон ҳудудлари аҳолисининг этник таркибига кўра, аксарият кўпчиллиги туркий халқлардан ташкил топганлиги учун Туркистонга айланди. Туркистон тарихининг қадимги даврлари, унинг халқи ва хўжалиги, турмуш тарзи ва урф-одатлари ҳақида, айниқса Қанғ давлати ва қадимги Фарғона-Даван ҳақида ҳамда Дахя тўғрисида Хитой ёзма манбаларида бизгача қизиқарли маълумотлар етиб келган. Бу маълумотлар қадимги Хитой тарихчилари Си Ма Цяннинг (милоддан аввалги II-I асрлар) “Тарихий хотиралар” ва Бан Гунинг (милоддан аввалги I аср) “Биринчи Хан династиясининг тарихи” асарлари орқали етиб келган. Биринчи асар (“Ши Жи”) милоддан аввалги 138-90 йилларда бўлиб ўтган воқеаларни ўз ичига олган бўлса, иккинчи асар (“Ханшу”) милоддан аввалги 138-23 йилларда бўлиб ўтган вокеаларни қамраб олган. Унинг муаллифи ўз асарини ёзишда “Ши Жи” да баён этилган маълумотлардан тўлиқ фойдаланиб, уни янги воқеалар баёни билан бойитган. Ушбу манбалар маълумотига кўра, Хан сулоласи даврида Хитой империяси билан Хунлар ўртасида муносабатлар ёмонлашиб, Хан хукмдори Уди (милоддан аввалги 140-87 йиллар) хунларга қарши ҳарбий иттифоқчи қидириб, бир замонлари Орол бўйларидан Шарқий Туркистон томон бориб қолган, аммо, у ерларнинг эгалари хунлар билан келиша олмай, улар билан яйлов талашиб, бир неча бор ўзаро тўқнашувлардан сўнг, Ғарбга чекинишга мажбур бўлган Юечжи (массагетлар қабила иттифоқи) қабилалари орқасидан милоддан аввалги 138 йилда ҳарбий зобит, айғоқчи Чжан Цянни юбаради. Чжан Цяннинг ўз императорига ёзган ҳисоботномасига қараганда, у Шарқий Туркистонда хунлар томонидан қўлга олиниб, 10 йил асирликдан сўнг қочишга улгуриб, ўз саёхатини давом эттиради. У Қашғар орқали Қадимги Фарғона (аслида Дайюан, рус адабиётида Даван бўлиб кетган) давлатига келади. Довонликлар уни яхши кутиб олишиб, Хитойдек буюк давлат билан савдо-сотиқ қилиш, ўзаро муносабатларни ривожлантиришга, дўстлик алоқаларини ўрнатишга тайёр эканликларини баён қилишиб, улардан шимолда кудратли Кангуй давлати борлиги ва улар билан тинч-тотув яшаётганликларини билдирадилар. Агар лозим бўлса элчи жанобларини Кангуй чегарасигача кузатиб қўйишларини билдирадилар. Довонликларнинг илиқ муомилаю-илтифотларидан мамнун бўлган зобит Чжан Цян довонлик ҳамрох кузатувида Кангуйга жўнайди. Аммо, Кангуй хукмдори билан тил топаолмай, Юечжиларни қидириб, саёхатини давом эттиради. Милоддан аввалги 126 йилгача Юечжи қабилалари Бақтрия (Хитой манбаларида “Дахя”)га бориб жойлашиб олган эдилар. Юечжиларнинг Гуйшуан қабиласи етакчилигидаги ҳукмдори билан учрашувда: “биз поёни йўқ жангу-жадаллардан чарчадик, энди унумдор ерларга бой мамлакатда тинч-тотув яшамоқчимиз” деб, ундан рад жавобини олади. Ниҳоят, Чжан Цян ўз мақсадига эриша олмай, Бадахшон ва Помир орқали ўз юртига қайтиб кетади. У Шарқий Туркистонда хунлар томонидан яна қўлга олиниб, бир йил асирликда бўлиб, сўнг Хитойга етиб боради. Шундан сўнг 11 йил ўтди. Чжан Цян милоддан аввалги 114 йилда император топшириги билан Ўрта Осиёга иккинчи марта саёхатга рухсат олади. Энди у 300 кишидан иборат карвонга бош бўлиб, йўлга чиқади. Карвонда бир неча минг пулга тенг олтин ва кумуш, қимматбаҳо шойи-атласлар Ўрта Осиё подшоликларига савға-салом учун олиб олади. Сафар қатнашчиларининг озиқ-овқатлари учун ўн мингдан ортиқ сигир ва қўйлар карвон билан жўнатилади. Сафардагиларнинг ҳар бирига иккитадан от берилади. Чжан Цяннинг ўзи Усун, Кангуй ва Дайюанга йўл олган карвонга бош бўлади. У Ҳиндистон ва Араб мамлакатларигача борадиган карвонлар ажратиб, уларни ҳам кўп моллар билан таъминлаб, махсус элчиларни юбаради[1] Улар Иссиқ қўл орқали усунларга бориб, у ердан ғарбий мамлакатларга махсус топшириқлар билан ўз айғоқчиларини карвонларга қўшиб юбаради. Унинг айғоқчилари Парфиягача кириб борадилар ва турли маълумотлар олиб келадилар.Чжан Цяннинг ёзишича, ўша кезларда Кангуй давлатининг жанубий чегара районлари Бақтрияни эгаллаган Юечжилар таъсирида, унинг шимолий-шарқий чегара районлари эса хунлар таъсирига тушиб қолган эди. Зобит берган маълумотлардан келиб чиқадиган хулоса шуки, милоддан аввалги II – асрнинг охирларида Кангуй давлатида иқтисодий ва ҳарбий танглик юз беради. Чунки, Хитой билан хунлар ўртасида бошланган жангларга Кангуй ҳам (хунлар томонида) тортилган бўлиб, бу урушда хунлар енгилади, аммо Кангуй, ҳар қалай, ўз мустақиллигини сақлаб қолган эди. Милоддан аввалги I – асрдан бошлаб Кангуй яна ўзини ўнглаб олади. Мана шу воқеалар таъсири бўлса керак, Хитой элчиси Чжан Цян император саройига юбарган ҳисобатида Кангуй ҳақида шундай ёзади: “Кангуй мағрур ва қўрс. У бизнинг элчиларимиз олдида таьзим қилишни ўзига эп кўрмади ва бутун фел-атвори билан ҳоким номидан унинг олдига юбарилган бизни амалдорларимизни кўпгина давлат элчиларидан, хатто усун элчиларидан ҳам куйига ўтказди”. Чжан Цян маълумотларига асосланиб, Си Ма Цян ўзининг “Тарихий хотиралар” асарида қанғлиларнинг турмуш тарзи ҳақида фикр юритиб, “улар урф – одатлари бўйича юечжиларга ўхшаб кетади”, деб ёзади. Хуллос, хитойликлар айғоқчи дипломат, собиқ ҳарбий зобит Чжан Цяннинг ҳар икки саёхати давомида император саройига юбарган ҳисобатидан сўнг, Ўрта Осиё, айниқса қадимги Фарғона ва Қанғ давлати, бу давлатлар аҳолисининг урф-одатлари, турмуш тарзи, хўжалиги ва ҳаёти ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўладилар. Қанғ давлати. Хитой манбаларида Қанғ давлати Кангуй ёки Канцуй деб аталган. Хитой тарихчиси Си Ма Цян ўз хотираларида кангуйларнинг жойлашиши, ҳарбий кучи, урф-одати, уларга қўшни халқлар ҳақида қисқача маълумот беради. Кангуйлар ҳақида батафсил маълумот Бан Гу асарида ва бошқа Хитой муаллифларининг асарларида берилган. Кангуйларнинг хўжалиги, маданияти ва турмуш тарзи ҳақида археолог олимларнинг қовунчи маданиятига оид ёдгорликларда олиб борган илмий тадқиқот ишлари тахсинга сазовар. Қангуй давлати ва унинг ташкил топган ҳудуди масаласида яқингача С.П.Толстов фикрига суянган ҳолда Ўзбекистон тарихида нотўғри тасаввурлар хукмрон бўлиб келди. Аммо, кейинги йилларда Тошкент воҳаси ва Жанубий Қозоқистонда олиб борилган кенг кўламли археологик қозишмалар Кангуй давлатининг жойлашган ҳудуди ҳақида тарихий ҳақиқатни юзага чиқарди. Бу масалада Я.Ғ Ғуломов, С. Г. Кляшторний, Ю.Ф.Буряков, К.Ш.Шониёзов, М.И.Филанович ва бошқалар катта иш қилдилар. Авестода Канха, Птолемейда “кандар” (қанғар), “Шохнома”да турлар деб номланган қабила аслида саклар эди. Турон подшоларининг бош шаҳри Қанғдиз – ҳозирги Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида жойлашган Қанға шаҳар харобаси эканлиги аниқланди. Хитой манбаларига кўра, қанғарларда давлат бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. Искандар ҳарбий юришларидан кейин Ўрта Осиёнинг қадимги эрксевар кўчманчи қабилалари жанубда Юнон-Бақтрия давлати ташкил топгач, дарҳол шимолда кўчманчи қабилалар ва ўтроқ аҳоли маҳаллий хокимликлари иттифоқи асосида ўз давлатини тузадилар. Бу давлат ярим ўтроқ, ярим кўчманчи қабилалар конфедерацияси сифатида ташкил топган Қанғ давлати эди. Мунтазам ҳарбий кучга эга бўлган бу давлат Ўрта Осиё жанубида таркиб топган юнонлар хукмронлигига қарши қаратилган эди. Шуниси алоҳида тахсинга сазоварки, бу давлат аҳолиси икки тилда (суғдий ва туркий) сўзлашувчи қабила ва элатлардан ташкил топган бўлиб, бу заминда яшовчи қадимги эроний тилларда сўзлашувчи туб жойли халқларнинг Жанубий Сибир, Олтой, жанубий-шарқий Ўралорти, Шарқий Туркистон ва Еттисув вилоятларида яшавчи туркий қабилалар билан алоқалари, яқинлашиш жараёнлари жадаллашади. Натижада, милоддан аввалги III – асрдан бошлаб Сирдарёнинг ўрта оқими районларида туркий тилда сўзлашувчи янги этнос вужудга кела бошлайди. Милодий эранинг бошларига келганда бу янги этнос сон жиҳатидан кўпайиб, Ўрта Осиёнинг икки азим дарёлари оралиғида ва уларнинг теварак-атроф районларида ўз устунлигини таъминлайди ва улар алоҳида қанғар элати бўлиб шаклланади. Ана шу элат бирлиги асосида таркиб топган сиёсий уюшма, яъни ўзбек давлатчилик тизимининг бошлангич куртаги мана шу Қанғ давлати эди. Қадимги манбаларда Қанғ давлатининг қандай идора қилинганлиги, давлат тузилиши қандай бўлганлиги тўғрисида маълумотлар етиб келмаган. Аммо, тўнғич Хан сулоласи тарихида (милоддан аввалги II-I асрларда) Кангуй подшоси ўз оқсоқоллари билан маслаҳатлашиб иш тутиши ҳақида эслаб ўтилади. Осиёча ишлаб чиқариш принциплари асосида ташкил топган Қанғ давлатида оқсоқоллар кенгаши катта рол ўйнаган. Бу кенгашда қабила бошлиқлари, ҳарбий саркардалар фаол қатнашиб, муҳим давлат аҳамиятига молик масалалар ҳал этилган. Подшо ҳокимияти маслахат мажлиси (анчумана) билан ҳамнафасликда иш юритган. Бундай бошқарув услуби тарихда ҳарбий демократия принциплари асосида ташкил топган давлат тизими деб ном олган. Қанғ давлатига қарашли ерлар бир неча вилоятлардан ташкил топган эди. Улар агар чорвадор қабилаларга тегишли минтақалар бўлса, уларни бошқариш жабғу (ябғу)ларга топширилган. Қанғ ҳоконлари мамлакатни ана шу жабғуларга таяниб бошқарар экан, улар, одатда, ҳоконларга яқин кишилардан, уларнинг қавму-қориндошларидан, йирик уруғ ва қабила бошликларидан тайинланган. Қанғ давлати таркибида бўлган ўтроқ аҳоли вилоятларини бошқариш эса маҳаллий ҳокимликлар тасарруфида қолдирилиб, улар ҳокон томонидан тайинланган тудунлар назоратида марказий ҳокимиятга мунтазам равишда солиқ (бож) тўлаб турган. Ана шундай тобе вилоятларга қадимги Хоразм, Суғд вилоятлари, Ўрол тоғолди районлари (аланлар, ян қабилалари) кирган. Қадимги Хитой манбаларида Қанғ давлатининг чегаралари аниқ кўрсатилмасада, аммо, милоддан аввалги II- асрда Қанғ давлати Довоннинг шимолий-ғарбида бўлганлиги эслатиб ўтилади, яъни “Кангуй Даван билан чегарадош” дейилган. Милодий I-III асрларга оид кичик Хан сулоласи тарихида эса Шарқий Туркистон вилояти шимолда “канғуйлар билан чегарадош” дейилган. Хитой элчиси Чжан Цян берган маълумотларда ғарбий меридионал йўли ҳақида гап кетганда, бу йўл аввал Давандан, сўнгра Кангуйдан ўтиб, Янцай (аланлар) ерига ўтиб боради, дейилган. Хитой манбаларига кўра, Қанғ давлатининг асосий ерлари Тошкент воҳаси, Жанубий Қозоқистон , Талос водийси, Чу дарёсининг қуйи оқимлари, ундан то Сарисув дарёсигача бўлган ҳудудларни ўз ичига олган. Си Ма Цяннинг “Тарихий хотиралар “ асарида ёзилишича Қанғ давлатининг пойтахти иккита бўлган. Манбада ҳабар берилишича, Кангуйнинг пойтахти Битьянда бўлган дейилади. С П. Толстов уларни дастлаб қадимги Хоразмдан қидирди. Аммо, ёзма манбаларни археологик ёдгорликлар билан қиёсий ўрганиш натижасида олимлар Битьян (Қанғдиз) Хоразмда эмас, балки Тошкент воҳасида жойлашганлигини исботладилар. Дарҳақиқат, Қанғ давлатининг қишки пойтахти сифатида Битьян айнан Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида жойлашган Канкатепа шаҳар ҳаробаси эканлиги аниқланди. Канка, яъни қадимги Қанғдиз (Битьян) қадимги ипак йўли йўналишида жойлашган, милоддан аввалги III- асрда қад кўтарган йирик шаҳар бўлиб, унинг бизгача сақланиб қолган майдони 150 га. Унинг атрофи мудофаа деворлари билан ўраб олинган. Шаҳар майдонида Қанғ ҳоконининг ўрдаси, шаҳар ибодатхонаси, савдо-сотиқ ва хунармандчилик мавзелари, йўллар, хавузлар, бозор майдонлари, турор-жой массивлари очиб ўрганилган. V аср ўрталарига келиб Қанғ давлати парчаланиб кетади, Канка эса энди Чоч маликларининг пойтахти бўлиб қолади. Бундай хулосага келишга гувоҳлик берувчи қўлимизда ашёвий далиллар бор, яъни Канкадан V асрга оид Чоч маликаларининг расми туширилган тангалар, лойга Чоч маликаларининг суръати босилган буйумлар топилган. Хитой манбаларида Қанғ давлати ҳоқонларининг қишки пойтахти Битьяндан бошқа ёзги қароргоҳи ҳам бўлган дейилади. Қанғ давлатининг ёзги қароргоҳи манбаларда эслатиб ўтилган Тарбанд (ҳозирги Ўтрор шаҳри ҳаробаси) шаҳри эди. Тарбанд топоними VIII асрга оид туркий тош ёзувида “Қанғу-Тарбанд” деб эслатилади.Тарбанд (Ўтрор) Қанғ давлати парчаланиб кетгач (V аср ўрталари), Чоч давлатининг таркибида қолади. Шундай қилиб, Қанғ давлатининг иккита маркази бўлган. Улардан бири Канка (Қанғдиз) бўлиб, у Тошкент воҳасида, Сирдарёга яқин ерда жойлашган. Бу шаҳар археологик тадқиқот натижаларига кўра, милоддан аввалги III – асрда бунёд этилган бўлиб, у Қанғ подшоларининг доимий қароргоҳи бўлган. Арис дарёсининг куйи оқимида жойлашган Ўтрор (Тарбанд) эса Қанғ давлати ҳоқонларининг ёзги қароргоҳи бўлган. Қадимги Хитой манбаларида қанғарларга қарашли 5 та вилоят тилга олинади. Улар Сусие, Фуму, Юни,Ги, Юеган бўлиб, бу номлар Хитой тарихчилари томонидан берилган маҳаллий номларнинг хитойча таржималаридир. Тарихий жойлар ва шаҳарлар номларини хитойлаштириш (шундай ҳолат юнон тарихчиларида ҳам учрайди) хансуларга хос улуғ Хитой шовинизмининг асосий мақсади эди. Афсуски, маҳаллий номлар бизгача етиб келмаган. Улар ҳақидаги маълумотлар хитойча ном билан қадимги хитой манбаларида учрайди. Милоддан аввалги I аср ўрталарида тўнғич Хан сулоласига мансуб Хитой императорлари буюк ипак йўлининг барча бўғинларида ўз назоратини ўрнатиш мақсадида аввало ҳунларни, сўнгра усунларни ўзига бўй сундириш йўлида сиёсат юритадилар. Милоддан аввалги 59 йилга келиб, улар Тяншан орқали ўтган шимолий йўлнинг Ёркентгача бўлган қисмини эгаллайдилар. Худди шу кезларда усун ва ҳун муносабатлари кескинлашган эди. Бундан фойдаланган Хитой усунларни ўзига иттифоқчи қилади. Қанғарлар эса ҳунлар билан иттифоқда бўлиб, усунлар устига қўшин тортиб боради. Натижада Хитой-Кангуй муносабатлари янада ёмонлашади. Чунки бу адоват милоддан аввалги II аср охиридан бошланган, яъни Қанғ давлати ўз ташқи сиёсатида Хитойнинг Довонга уюштирган (милоддан аввалги 104 ва 101 йиллар) ҳар икки юришида Довонга мадад бўлиб турган. Милоддан аввалги 65 йилги Ёркент қўзғолончиларига ҳам қанғарлар ёрдам қиладилар. Ўша кезларда қанғарларга халқаро майдонда оғир йиллар бўлди. Кейинроқ қанғарлар билан хунлар ўртасидаги дўстлик иттифоқига зил кетади. Бунга ҳун ҳукмдорининг парфянлар билан дўстлик аҳдини тузилиши сабаб бўлади. Чунки парфянлар билан қанғарлар ўртасидаги алоқа ёмон эди. Натижада ҳунлар қанғарларнинг ашаддий душмонига айланади. Энди қанғарлар Хитойга яқинлашиш йўлини ахтаради. Аммо, Кангуйга келган Хитой элчисига кўрсатилган муносабатни эслаб, Хитой сийсатдонлари Хитой-Қанғ ўртасида дўстлик алоқаларини тиклашга йўл қўймайдилар. Ҳатто улар қанғарларнинг ҳунлар билан иттифоқини ҳам бузишга муяссар бўладилар. Хитой императорларининг қанғарларга нисбатан ташки сиёсатининг заминида қудратли Қанғ давлатини халқаро мавкеини заифлаштиришга қаратилган эди. Буни яхши тушунган қанғар аслзодалари хитойликларнинг босқинчилик ташқи сиёсатига доима қарши турадилар. Милодий асрнинг 80 йилларида Хитой қўшинлари Қанғ ва Довонни эгаллаш учун юриш бошлайди. Довонликлар Қанғ подшоларига ёрдам сўраб мурожат қиладилар. Қанғ ҳарбий қўшинлари душманни Қашғарда кутиб олади ва орада қаттиқ жанглар бўлади. Жангда қанғарларнинг қўли баланд келади. Саросимага тушган Хитой дарҳол ёрдам сўраб кушонларга чопар юбаради. Ҳудди шу кезларда қанғарлар кушонларга хирож тўлар эдилар. Ушбу мажорага кушонлар аралашгач, қанғарлар Қашғарни ташлаб чиқиб кетадилар. Хитой эса шармандаликдан қутилиб қолади. Биринчи асрда қанғарлар Бухоро ва Хоразмни эгаллайди. Аммо, бу вилоятлар тезда Қанғ давлати таъсиридан чиқиб, Кушон салтанати таркибига ўтади. Ғарбда эса қанғарлар Парфиянинг кучсизланиб қолишидан фойдаланиб, Янцайни (аланлар юртини) эгаллайди. Қанғ давлатини иқтисодий ҳаётига келсак, Хитой тарихчиси Си Ма Цян уни кўчманчилар давлати деб ёзади. Аммо, милодий эранинг бошларига оид тўнғич Хан сулоласининг тарихида кангуйларни ўтроқ халқ эканлигига ишора қилинади. Кангуйларда қора мол ва қўйлар кўп бўлган, улар зотли отларни кўплаб етиштирганлар,чорва молларининг кўпчиллиги Қанғ подшолари ва уларнинг яқинларига қараган, деб эслатилади Хитой манбаларида. Шунинг учун бўлса керак, Қанғ ҳоқони ва унинг уруғлари баҳор келиши билан қишки қароргоҳдан ёзги қароргоҳга кўчиб юрган. Чорваси кам овам аҳоли эса воҳадан чиқиб кетаолмаган. Бу вазият қанғарларнинг қамбағал қисмини ўтроқ ёки ярим ўтроқ ҳаёт кечиришга мажбур этган. Хитой манбалари таҳлилига асосланган бундай хулосалар қовунчи ва жети асар маданиятлари ёдгорликларида олиб борилган археологик тадқиқотлар билан ҳам тасдиқланади. Дайюан (Даван) подшолиги. Қадимги Хитой манбаларида Қанғ давлатига нисбатан ҳам Даван подшолиги ҳақида кўпроқ маълумотлар келтирилади. Қадимги Хитой тарихчиси Си Ма Цяннинг “Тарихий хотиралар” (Ши Жи“) асарида ёзишича: “Даван Хан сулоласидан 10 минг ли (Ли қадимда тахминан 0,5 км га тенг бўлган, ҳозир эса – 576 м. деб қабул қилинган) олисда бўлиб, ҳунларнинг ғарбий-жанубига, Хан (сулоласи) нинг айнан ғарбига тўғри келади. Даванликлар авлоддан авлодга ўтроқ ҳаёт кечириб келган экан. (Улар) деҳқончилик билан шуғулланиб, шоли, буғдой экар экан. Узум шароби чиқарар экан. Даванда асл отлар кўп бўлиб, мазкур отларнинг ҳаммаси тулпор отлардан экан. Баданидан қизил тер томчилари (ялтираб) чиқиб турар экан. (Даванда) шаҳар, қалъа, уй – иморатлари бор, катта-кичик 70 дан ортиқ шаҳарлар бор экан. Уларда 60 минг оила (300 минг одам) яшар экан. Бу давлат аскарлари ўқ-ёй, найза ишлатар экан ва улар отга минишга, ўқ-ёйдан фойдаланишда моҳир мерган экан. Шимолда Қангуй, ғарбда Да-юечжилар, жанубий—ғарбда Бақтрия, шимолий–шарқда Усун, шарқда Дандан уйлик, Удун бор экан”[2]. Бу асарда яъни “Ши Жи”да Даваннинг иккита пойтахти бўлганлиги, уларнинг бири Эрши бўлса, иккинчиси Ю (Ючен) эканлиги тилга олинади. Бу икки шаҳарнинг локализацияси масаласида олимлар ўртасида ҳозиргача илмий мунозара ва баҳслар давом этади. Ўзбекистон тарихининг 1950 йилда чоп этилган нашрида Даван хукмдорининг қароргохи Гушан (Ю-чен) ни Ўзган шаҳри билан таққосланади, Эршини эса А.Н.Бернштамга асосланиб Андижон вилоятининг Мархамат районида жойлашган Мингтепа деб кўрсатилади[3], Ўз даврида Н.Я.Бичурин Эрши бу Қўқон бўлиши керак, деган ғояни ўртага ташлаган. Э.Шаванна таҳлилига кўра, Эрши шаҳри Ўратепа ёки Жиззах бўлиши керак. Эрши шаҳрининг локализацияси масаласида А,Н,Бернштам таҳлилининг тарафдорлари кўпроқ[4]. Аммо, кейинги йилларда Эршини локализацияси масаласида А.Анорбоев янги ғоя билан чиқиб, Эрши бу Эски Ахсикентдир[5], деган асосли хулосага келади. Гушан (Ю-чен) эса Даван подшосининг ёзги қароргоҳи сифатида Косон ёдгорлиги ўрнида бўлган, деган фикрга кўпчиллик олимлар келган. Милоддан аввалги II асрда, яъни Хитой элчиси Чжан Цян қадимги Фарғонага келганда, у бу юрт қишлоқ ва шаҳарлари обод, суғорма деҳқончилик ва хунармандчилик хўжаликлари юксак даражада ривожланган, кучли қўшинга эга мамлакат эди. Чжан Цян император саройига юборган ҳисобатида бу мамлакатни Дайюан деб атайди ва унинг аҳолиси жуда хуш муомилали, меҳмондўст, кўнгли очиқ одамлар эканлиги, улар қишлоқ хўжалиги экинларидан арпа, буғдой, шоли, беда, момиқ (пахта) экиб, улардан юқори ҳосил олишларини ёзади. Дайюанликларда боғдорчилик ривожланганлиги, улар узумдан кишини кайфиятини кўтарувчи ичимлик тайёрлашлари, ҳар бир хонадоннинг ер тўласида бир нечалаб катта хумларда бу ичимлик борлиги ҳақида шундай ёзади: “Дайюаннинг барча жойларида узум виноси тайёрлайдилар. Бой хонадонлар уни катта миқдорда тайёрлайди, бу ичимлик хумларда бир неча ўн йилларда ҳам бузилмай сақланади”[6]дейди. Дайюанликлар боғларида узумдан бошқа анор, бодринг, ёнғоқ ва бошқа мевали дарахтлар кўп бўлиб, Хитой тарихчилари бу меваларнинг Хитойда пойдо бўлишини Дайюан билан боғлайдилар. Хитой элчиси Дайюанда кучли давлат тизими шаклланганлиги, унинг аҳолиси 60 минг оиладан (300 минг кишидан) иборат эканлиги, ҳар бир оила мамлакат мудофаасига биттадан, жаҳми 60 минг ўқ-ёй ва найза билан қуролланган, от устида камондан ўқ узувчи, найза санчгувчи моҳир жангчилар ажратиши мумкинлиги, давлат тепасида маҳаллий аслзодалардан чиққан хукмдор туришини ёзиб, улардан баъзи бирларини номини хитойчага ағдариб, Мугуа, Чан Фин, Янғлю деб атайди. Хитой ёзма манбаларига кўра, хукмдорнинг ёнида унинг энг яқин қориндошларидан иккита ёрдамчиси бўлган. Хукмдор давлат ишларини олиб боришда оқсоқоллар кенгашига суянган. Оқсоқоллар кенгаши хукмдор билан биргаликда давлат аҳамиятига молик ижтимоий, сиёсий ва диний масалаларни ҳал этган. Шу билан бирга, оқсоқоллар кенгаши ҳукмдор фаолиятини муҳим масалаларда назорат қилиб борган. Демак, Олий кенгаш олдида ҳукмдорнинг ҳуқуқи чекланган эди. Айниқса, уруш ва тинчлик, дипломатик масалаларда ҳал этувчи куч ва ҳуқуқ олий кенгаш қўлида эди. Хитой манбаларининг хабар беришига қараганда, ўзга давлат ва унинг қўшини билан бўлган жангларда даванликларнинг мағлубияти учун олий ҳокимият эгаси-ҳукмдор оқсоқоллар кенгаши қарори билан ўлим жазосига тортилган. Император Удининг “Самовий дулдуллар” васвасаси ва Даванга уюштирилган икки ҳарбий юриши Чжан Цян Дайюанда бўлганида “самовий дулдуллар”га алоҳида эътибор берган. Унинг таҳрифлашича, бундай отлар гўёки қон терлайди. Чжан Цяннинг ташаббуси билан император саройига ҳар йили иккитадан аргумақ отлар юбариб туриш учун Дайюан подшоси Чанғфин билан шартнома тузилади. Хитой тарихидаги бир ривоятга кўра, “Самовий тулпор”ларни кўрган Хитой императори Уди ( мил.авв.140-87 йиллар) машҳур Хитой подшоси Мувонг (мил. авв. 1001- 947 й.) каби тулпор отларга миниб, ғарбга саёхат қилишни орзу қилади. Орзуга етиш иштиёқида Император Уди фол очтирганда, фолбин: “”Ҳосиятли отлар қуёш ботиш томондан чиқади”деб кўрсатганмиш. Удининг Хитой манбаларидаги Мувонг қилган ишларга қизиқиши бежис эмас эди. Чунки, Мувонг хитой тарихида кўп ғаройиб ишлари билан машхур улуғ инсон сифатида тасвирланади. Ривоятларда у Мутайзи номи билан 8 та тулпор отлар қўшилган соябонли аравада Ғарбга саёхат қилиб, авлиё она Шивангму ҳузурида меҳмон бўлган. Хитой тадқиқотчилари таҳлилига кўра, Шивонгму шимолий Ҳиндистон ва жанубий Туркистон заминида 4-5 минг йиллар муқаддам (Ҳиндистонда “Ума”, Туркистонда “Умай” номи билан) боқий ҳаёт рамзи, илоҳийлашган она образи сифатида тасвирланади. Умай онани зиёрат қилиш учун “тулпор отлар” ёрдамида қушдай учиб, булутларни ёриб ўтиб, минг чақирим йўллар босиб, у (Умай она) турган манзилга етиб бориши мумкин эди”[7]. Ривоятни тарихий ҳақиқат деб тушунган император Уди машҳур Дайюан тулпорларини қўлга қиритиб, Ҳоқонлигини шухратини оширса “Дунё ҳукмдори”, “Тангрининг ўғли” деб танилишига ёрдам беради деган орзу-ҳавасга берилади. Шу боис, у ашаддий душмони ҳунларга қарши ҳарбий иттифоқчи қидириш билан бирга айғоқчи зобит Чжан Цянни ғарбий мамлакатларга юбарган. Зобит Чжан Цяннинг вазифасига нафақат иттифоқчи топиш ва зотли отларга эга бўлиш кирган, балки у Дайюан, Да-юечжилар, Кангуй, Парфия каби мамлакатларнинг ҳудудий чегаралари, уларнинг бойлиги, иқтисодий қудрати, ҳарбий кучи, турмуш тарзи ва урф-одатлари ҳақида маълумотлар тўплашни кўзда тутган. Чжан Цян ахборатларида Да-юечжилар билан Кангуй подшоликлари ҳарбий куч жиҳатидан Хитойдан кучлироқ эканлиги, қолган подшоликлар эса улардан ҳарбий жиҳатдан кучсизроқ булиб, ҳунлар таъсирида эканлиги, аммо, уларнинг барчасида Хитой молларига катта қизиқиш мавжудлиги, айниқса Дайюан Хитой билан савдо-сотиқ қилишга иштиёқ билдириб, бу масалада улар мустақил сиёсат олиб боришлари мумкинлиги баён этилади[8]. Чжан Цянни Дайюанда бўлиши Хитой-Дайюан муносабатларини ривожланишига олиб келди. Хитойлилар император Удининг махсус истироҳат боғларида бедазорлар ташкил этиб, Фарғона тулпорларини боқабошлайдилар. Карвонлар усун мамлакатидан ҳам зотли отларни Хитойга олиб бориб, император Удини ҳурсонд қилишган эди. Уларни ҳам Ҳокон тулпор отлар сифатида эьзозлаган. Аммо, Фарғона “самовий тулпорлари”ни кўрганда, усун зотли отларини “тулпор” деб аташдан воз кечиб, уларни “узоқ қуёш ботиш оти” деб атай бошлади, Дайюан отларига эса ҳақиқий “тулпор от” деган ном беради[9] Хитой савдо карвонининг Ўрта Осиё мамлакатларига борган элчилари ўз ахборатларида Хитойдан ғарбда жойлашган кўпгина давлатлар, жумладан Дайюан подшолигининг ҳарбий кучлари Хитойникига нисбатан заиф эканлиги, озгина куч билан бир ҳамла қилинса, улар ҳисобига буюк Хан сулоласининг территорияси кенгайиши мумкинлиги ҳақида хабар берадилар. Масалан, Дайюанга борган элчи Яв Дингхан “Даван ҳарбий куч жиҳатидан ожиз. Агар 3 минг аскар юбарилса, кучли ўқ-ёйлар ёрдамида Дайюанни тор-мор қилса бўлади[10] деб ёзади. Даван билан урушни тезроқ келтириб чиқариш мақсадида сафардан қайтган элчилар: “Дайюанда яхши отлар бор. (Уни) Эрши шаҳрига яшириб қўйиб, Хан элчиларига бермаётир” деб арз қиладилар[11]. Энди Хитой императори Даванга уруш очиш учун баҳона қидира бошлайди. Император Уди аёнлари билан маслохатлашиб, Дайюан подшолигидан “самовий тулпорлар” талаб қилиб, файқулодда ҳуқуқлар билан Че Ли бошчиллигида махсус элчилар гурухи ташкил қилади. Элчиларга Фарғона аргумақларини сотиб олиш учун олтин ва мисдан ишланган 600 га яқин “Зар от” ҳайкаллари бериб, шуларга “самовий тулпорлар”ни олмаштириб келишликни топширади[12]. Элчилар Эршига келиб, совға-саломни топширсада, Дайюан подшоси улар талаб қилган миқдорда тулпорларни бериб юбариши мумкин эмас эди. Шу боис, Хитой элчилари рад жавоб оладилар[13]. Мақсадларига эриша олмаган элчилар Фарғона ҳукмдорига ҳурматсизлик қилиб, уни ҳақоратлайдилар, унинг кўз ўнгида “зар от”ларни синдириб ташлайдилар[14]. Аммо, подшо мулойимлик билан оқилона жавоб қилиб, элчиларни пойтахтдан чиқариб юбаради ва Юченг (Ўзган) шаҳри ҳокимининг қўли билан уларни йўқ қилган[15]. Шундай қилиб, Хитой-Фарғона урушлари бошланиб кетди. Хитой қўшинлари то Даванга етиб келгунларича ҳар бир қишлоқ ёки шаҳарда қаршиликка учрайди ва Юченг (Ўзган) да қаттиқ жанглар бўлиб, хитойлилар катта талофат кўради. Вазиатни Хитой қўшинлари учун танглигини тушунган бош кўмондон Ли Гуангли қолган-қутган кучларини йиғиштириб, Дўн Хуанга қайтиб кетади[16]. Улар қайтишда ҳам кўп қаршиликларга учрайди. Икки йил давом этган хитойликларнинг бу биринчи юриши ҳақида манбада шундай дейилган: “Улар Дўн Хуанга қайтиб келганида қўшиннинг ўндан бир қисмигина қолган эди. Ли Гуангли Хитой ҳоқонига аҳволни маълум қилади[17] . Мағлубиятдан хабар топган император Уди дарғазаб бўлиб, бу нохуш хабарни мамлакатда тарқалиб кетишидан чўчиб, Буюк Хитой деворидан ичқарига кириб олган сипоҳ бекларининг калласини олишга, қўшинни эса Хитойга киритмасликка фармон беради[18]. Хитой манбаларида бу мағлубият ҳақида император Удининг фикрлари келтирилган: “У Давандек кичик бир мамлакатни бўйсундира олмасак, унинг атрофидаги давлатлар яна Хан сулоласини менсимай қўяди. Усун, Бугун эллари ҳам Хан сулоласини назарга илмас бўлиб олади. Чет элликларнинг олдида масхара бўламиз, деб ўйлар эди”[19].Шармандаларча мағлубиятдан ғазабланган император Уди айбдорларни жазолаб[20], Даванга қарши иккинчи юришга жиддий тайёргарликни бошлаб юбаради. Манбаларда хабар қилинишича, дастлаб Хитой қўшинига қарши Даванга ҳайрихоҳ қишлоқ ва шаҳарлар қаршилик кўрсатишмаган. Аммо, Хитой қўшини Бугур хонлигига келганда (Шарқий Туркистондаги кичик бир шаҳар-давлат) улар биринчи қаттиқ қаршиликка учрайди, таслим бўлишни истамаган шаҳар аҳолиси ва аскарлари икки кун давом этган қаттиқ жангларда қириб ташланади[21] Аммо, Хитой қўшинларидан Эршига 30 минг лашкар етиб келган эди ҳолос[22]. Демак, Бугурдан то Эршига боргунга қадар ҳам Хитой қўшинлари маҳаллий хокимликлар қаршилигига учраган ва йўл-йўлакай талофатлар кўрган, деган хулоса келиб чиқади. Эрши ҳимоячилари шаҳар деворлари тепасига чиқиб, шинаклардан душмонни ўққа тутишган. Қамал узоққа чўзилиб (40 кун), Эрши мудофачилари таслим бўлавермагач, Хитойдан қўшин билан бирга келтирилган сув иншоатлари мутахасислари шаҳарга кирадиган сув йўлини тўсиб, шаҳарни сувсизликдан таслим қилмоққа киришадилар[23]. Қала бошлиги қудуқлар қаздириб, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаб туради. (Бу тадбир “Бобирномада” Бобир эслатган “Обидуз”, яъни яширин сув йўлини эслатади). Қамал жараёнида мудофаачилар Кангуй қўшинлари даванликларга ёрдамга келаётганлигини хабар қилиб, Хитой қўшинини ташвишга сола бошлайдилар. Лекин, қанқаликлар негадир ёрдамга шошилмас эдилар. 40 кунлик қамалдан сўнг Хитой қўшинлари девор тешар қуроллари ёрдамида шаҳар ташқи мудофаа деворини бузиб киришга эришадилар. Шаҳар аҳолиси ва мудофаачилар эса ички шаҳарга кириб олишга улгурадилар. Кези келганда таъкидлаш жоизки, археолог А. Анорбоев “Эрши-бу Эски Ахсининг ўзгинасидир,” деган хулосага келганда, у ҳақли эди. Чунки Ахсикент шаҳри Даван ҳокони қароргохи жойлашган арки аҳлодан ташқари мудофаа деворлари билан ўралган икки қисмдан, яъни ички ва ташки шаҳристонлардан иборат. Хитойлилар ташки шаҳристон деворларини бузиб, шаҳар ичқарисига кирганда, улар фақат ташқи шаҳристонни эгаллаган, мудофаачилар эса шаҳар аҳолиси билан ички шаҳристонга жойлашиб олишган. Бироқ, узоқ давом этган қамал таъсирида даванлик аслзодалар орасида, орқадан Кангуйдан амалий ёрдам келавермагач, ховотирланиш бошланади. Си Ма Цяннинг “Тарихий хотиралар” асарида ёзилишича, “Дайюан аслзодалари ўзаро кенгашиб” душма хужумининг асосида, биринчи навбатда, элчи Че Лининг ўлими ва “самовий тулпорлар”га эришиш ётганлигини муҳокама қиладилар. Ҳокон Мугуа ва унинг тарафдорлари душмонга тулпорлар бермасликка аҳд қилиб, қаршилик кўрсатишни давом эттириш керак, кангуйдан келадиган ёрдамни кутиш керак, деб қатғий туриб оладилар. Ташқи ёрдамдан умидини узган аслзодалар (улар кўпчиллик бўлган кўринади) эса вазиатни мудофаачиларга жуда оғирлигини айтиб, хитойликлар талабини қондириш кераклигини таъкидлайдилар. Кўпчиллик аслзода ва мудофаа сардорларининг “агар душмон қуршовни бўшатмаса, кучларимиз яна бир марта қаттиқ жанг қилишга етади ҳолос”, сўнг эса иложсизликдан таслим бўламиз. Хитойликларнинг талабидан келиб чиқиб, қайсар Мугуани ўлдириб, тулпорларни уларга чиқариб бермасак бўлмайди, деган қарорга келадилар. Ниҳоят, оқсоқоллар кенгаши бир қарорга келади. Бунга кўра, Мугуа ва “самовий тулпорлар”ни душмонга топширишга келишилди. Аслзодалар биргаликда Мугуани ўлдирди[24]. Сўнг эса Хитой манбаларида хабар беришига қараганда, “Аслзодалар Мугуани калласини кўтариб келиб, “Эрши сангун” (Эрши юришининг кўмондони) билан кўришди ва шарт қўйиб, “Хан қўшинлари бизга хужум қилмасин! Биз асл отларни чиқариб берамиз. Ўзларинг танлаб оласизлар ҳамда озиқ-овқат билан таъминлаймиз. Агар гапимизга кирмасаларинг барча “тулпорлар”ни ўлдириб ташлаймиз. Кангуйдан келадиган қўшин ҳам келиш олдида турибди. Улар етиб келиши ҳамон, бизнинг қўшинларимиз ички томондан, Кангуй қўшинлари ташқаридан Хан қўшинларига хужум қилади. Қайси бирига розисизлар”дейдилар[25]. Эрши мудафаачилари томонидан таклиф қилинган шартларни Ли Гуангли штабида ҳар томонлама муҳокама қилган кўринади. Даванликлар ваъдага вафо қилиб, хитойликларга 3 минг зотли отларни танлаб олишларига имкон беради. Бош кўмондон Ли Гуангли Фарғона давлатининг собиқ хукмдори кекса Моцайни Даванга подшо этиб тайинлайди. Ли Гуангли армияси тегишли озиқ-овқат захираларини олиб, бир неча гурухларга бўлиниб, Эршини тўлиқ эгаллай олмай, Хитойга қайтади[26]. Гурухларга бўлиниб, Хитойга қайтган қўшин ичида қаттиқ тартиб бўлмаганлигидан, армия сафига олинган собиқ жиноятчилар йўл-йўлакай қишлоқ ва шаҳарларни талайдилар. Ўзган аҳолиси хитойликлар талаб қилган озиқ-овқат ва ем-хашак етказиб беришдан бош тортиб, Ўзганда талончилик билан шуғулланаётган Хитой отрядини бутунлай қириб ташлайди. Теварак-атрофни талаш билан банд ҳарбий қисмлар яна Ўзганга қайтиб, икки орада қаттиқ жанглар бўлади. Ўзган мудофаачиларидан Қанғ давлатига қочиб кетган шаҳар ҳокимини хитойликларга топширишни талаб қилинади ва уни қўлга киритгач, бошини танасидан жудо қиладилар. Бироқ бу ҳам Хитой қўмондонлигини қаноатлантирмайди. Ўзган мудофаачилари янада қаттиқ қаршилик кўрсатишга ўтадилар. Натижада Хитой отряди катта талофат кўради. Қочиб қутилган душман аскарларининг қолдиқлари зўрға “Эрши сангун” қўшинига бориб қўшилади[27]. Хитой армияси Давандан чиқиб кетиши биланоқ, аҳоли кекса Моцайни тахтдан тушуриб, Мугуанинг инисини ҳукмдор қилиб кўтарадилар. Фарғона юришида Хитой учун катта талофатлар бўлишига қарамай, ҳокон Уди Ли Гуанглини катта ғалаба билан табриклаб, унга “Хансу тўраси” унвонини беради ва 8 минг хонадонли ер суюрғол қилинади. Урушда қатнашган 3 ҳарбий амалдор вазир этиб тайинланади, 1000 қопдан ортиқ маош оладиган одамлар сони мингдан ошиб кетади. Урушга сафарбар қилинган бандитлар гуноҳидан ўтилиб, уларга берилган жазо хукмлари бекор қилинади. Аскарларга 40 минг пул ёки ўша пулга тенг келадиган молу-дунё инъом қилинади[28] Шундай қилиб, Хитой қадимги Фарғона подшолигига қарши ҳар иккала юришида ҳам амалда ғолиб чиққан эмас. Биринчи юришда Эршига етиб кела олмай, Лубнорда қаттиқ қаршиликка учраб, Ўзганда катта талофат кўриб, Хитойга қайтиб кетган. Иккинчи юришда урушга пухта тайёргарлик кўришига қарамай, Эршини батомом таслим этаолмай, атиги 3 минг от ва Мугуани ўлимига эришиб, 50 мингдан ортиқ аскардан ажраб ватанига қайтиб кетди. Даван эса дипламатияни ишлатиб, она Ватанни мардларча ҳимоя қила олди, Хитой олдида мустақилликни сақлаб қолди. Кичик бир подшолик антик даврининг буюк империяларидан бири Хан сулоласини кўзини очиб кўйди. Бу даванликларнинг буюк ғалабаси эди. Аждодларимизга хос ватан озодлиги, ватан қайғуси билан яшаш, унинг парлоқ келажаги йўлида мардларча курашга доим тайёр бўлган халқнинг она-ватанга бўлган садоқатининг бир намунаси эди. Кушонлар антик даврининг қудратли давлатларидан бири сифатида Хувишка, Васидева (Васишка) даврида ҳам Канишка олиб борган давлат сиёсатини давом этдирадилар. Негадир, Кушон империясининг III-IV асрлар давридаги сиёсий ҳаёти ҳақида ёзма манбалар деярли маълумот бермайди. Археологик манбаларни камёб ёзма манбалар билан қиёсий ўрганиш натижаларига асосланиб, тарих фанида кушонлар III асрдан бошлаб орқага кетабошлайди, деган тасаввур шаклланган. IV аср охирларига келиб, бир томондан сосонийлар, иккинчи томондан хионийлар ва кидарийлар томонидан берилган зарбалар натижасида кушон давлати парчаланиб, фақатгина Марғиёнадаги сосоний хукмдорида “кушоншоҳ” унвони сақланиб қолди ҳолос. Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, қадимги Бақтрияда бошланган кушонлар даври тарихи милоддан аввалги I аср охирларидан (Гуйшуан князи Кудзуло Кадфис ўзини Гуйшуан подшоси деб эълон қилгандан) милодий IV аср охирларигача бўлган даврни ўз ичига олади. Бу давр икки босқичдан иборат. Биринчи босқич илк кушонлар (Кадфис 1, Вима Такто ва Кадфис 2) даври бўлиб, бу даврдаги кушонлар тарихи асосан Ўрта Осиё ҳудудлари билан боғлик. Иккинчи давр-Канишка ва унинг ворислари даври бўлиб, кушонлар тарихининг сиёсий майдони асосан шимолий-ғарбий Ҳиндистон бўлиб қолади. [1] Бан Гу. Чжан Цян, Ли Гуангли таржимаи ҳоли. Ханнома. Ўримчи-1994, 452 бет. [2] Си Ма Цян. Фарғона тазкираси. Тарихий хотиралар (“24 тарих” даги Ўрта Осиёга оид материаллар тўплами) . Урумчи- 1989, 489-490 бетлар. [3] История народов Узбекистана, том 1, стр.110. Ташкент-1950. [4] Матбобоев Б.Х. Ўзбек давлатчилигининг илк босқичларида Фарғона. 35-36 бетлар. Тошкент-2001/ [5] Анорбоев А. Қадимги ва ўрта асрларда Ахсикент. «Ўзбекистон тарихида қадимги Фарғона» тщплам.. !0-11 бетлар. Тошкент-2001. [6] История народов Узбекистана. Том 1, Ташкент-1950, стр.110. [7] Қурбон Вали. “Шивонгму” ривояти ҳақида янги мулоҳаза. “Бизнинг тарихий ёзувларимиз” Уримчи-1986, 37 бет. [8] Бан Гу. Чжан Цян, Ли Гуангли таржимаи ҳоли. Ханнома. Ўримчи-1994, 447-449 бетлар. [9] Си Ма Цян. Фарғона тазкираси. Тарихий хотиралар. 526 бет. [10] Си Ма Цян. Ўша асар, 508 бет. [11] Си Ма Цян. Ўша асар, 508 бет. [12] Ўша асар, 508, 527 бетлар; Бан Гу. Чжан Цян, Ли Гуангли таржимаи ҳоли..., 457 бет. [13] Си Ма Цян, ўша асар, 508 бет. [14] Ўша асар, 508 бет. [15] Си Ма Цян. Ўша асар, 508; Бан Гу. Чжан Цян, Ли Гуангли таржимаи ҳоли. ...., 458 бет. [16] Ўша асар, 510 бет. [17] Си Ма Цян. Ўша асар, 510 бет. [18] Ўша асар, 510 бет. [19] Бан Гу. Чжан Цян, Ли Гуангли таржимаи ҳоли. ..., 460 бет. [20] Си Ма Цян. Тарихий хотиралар, 511 бет. [21] Бан Гу. Чжан Цян, Ли Гуангли таржимаи ҳоли. ..., 462 бет. [22] Си Ма Цян. Фарғона таскираси. Тарихий хотиралар. 1 жилд. Ўримчи-1989. 512 бет. [23] Бан Гу. Чжан Цян, Ли Гуангли таржимаи ҳоли. ..., 462 бет. [24] Си Ма Цян. Фарғона тазкираси. “Тарихий хотиралар”, 512-513 бетлар. [25] Си Ма Цян. Фарғона тазкираси.”Тарихий хотиралар.” 513 бет. [26] Си Ма Цян. Фарғона тазкираси. “Тарихий хотиралар”, 513-514 бетлар. [27] Си Ма Цян. Фарғона тазкираси. “Тарихий хотиралар”. 515-516 бетлар. [28] Си Ма Цян. Фарғона тазкираси. “Тарихий хотиралар”, 516 бет; Бан Гу. Чжан Цян, Ли Гуангли...466 бет. |