Саналар
07.10.2024
Баннер
Аҳмоний подшоларининг ёзма манбаларида қадимги Ўрта Осиё халқлари
PDF Босма E-mail

Ўрта Осиё, жумладан Ўзбекистон ҳудудларида кишилик тарихининг Фергантроп одамидан кейин ўтган аждодлар тарихининг барча давр ва босқичларига оид ёдгорликлар ҳам топиб ўрганилган. Бу кўп асрлик тарихнинг юздан тўқсон тўққиз фоизи археологик манбалар асосида ўрганилади. Чунки у даврларда ёзув бўлмаган. Ўрта Осиё халқлари қадимги тарихи ҳақида илк маълумот берувчи дастлабки манба-Авесто бўлиб, биринчи бор унинг “Видевдат” китобида Ўрта Осиёнинг қадимги вилоятлари ва халқларининг номлари тилга олинади.

Ўрта Осиёнинг қадимги халқлари ҳақида Аҳамоний подшоларининг қоя тошларга битилган битикларида ҳам тегишли маълумотлар учрайди. Ўрта Осиё халқларининг турмуш тарзи, урф-одатлари, кийим-кечаги ва кўп қиррали ҳаёти ҳақида қизиқарли материаллар юнон муаллифлари ва Хитой ёзма манбааларида кўпроқ учрайди. Булардан ташқари археологик изланишлар давомида турли давр ва йилларда топилган маҳаллий аҳолининг хоразмий, боҳтарий, суғдий ва “номаълум ёзув” деб аталмиш ёзма манбаалари ҳам борки, улар қисқа ва кам бўлишидан қатьий назар, Ўрта Осиё халқлари, жумладан ўзбек этногенези учун ноёб маълумотлар беради. Араб, форс ва турк ёзма манбаларида ҳам ўзбек халқи этногенези ва этник тарихи учун қимматли маълумотлар учрайди. Ўрта Осиё халқларининг келиб чиқиши масалаларини ёритишда уларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Бу ёзма манбаалар ичида энг қадимгиси, қадимда Ўрта Осиёда яшаган халқлар номини илк бор тилга олган ёзма манбаа – бу Авестодир.

Авесто зардуштийлик динининг муқаддас китоби бўлиб, шу диндаги халқарнинг ахлоқ, одаб, диний қонун ва қоидалар мажмуасидир. Дастлаб Авесто 21 китобдан иборат бўлган. Бизгача унинг айрим қисмларигина сақланиб қолган. Масалан, Ясна, Виспарат, Яшт, Видевдат. Ясна китоби 72 бобдан иборат бўлиб, улардан 17таси - “Готалар” пайғамбар Заратуштранинг “муқаддас мадҳиялари” ва диний насихатларидан иборат.”Готалар” Авестонинг энг қадимги қисми бўлиб, ундаги Заратуштранинг архаик ибора ва терминлари сўзма-сўз Ясна китобига киритилган. Шунинг учун тадқиқотчилар “Готалар” қадимги эроний тилларнинг қайси лаҳжасида ёзилганлигини аниқлаш ва уларнинг маъноларини чақиш қийинлигидан нолийдилар. “Виспарат” китоби 21 бобдан иборат. Унда зардуштийларнинг байрам ва диний маросимларда ижро этиладиган айрим мадҳиялари тўпланган. 21 бобдан иборат “Яшт”китобида ёзувсиз замонларга оид эроний қабилаларнинг диний тасаввурлари, афсонавий қаҳрамонлар ва улуғ худоларга бағишланган мадҳиялар тўпланган. Демак, Яшт боблари қадимги қабилалар оғзаки ижоди асосида пайдо бўлган. Видевдат улар ичида бирмунча ёш, лекин тўлиқ сақланган китобдир. У 22 бобдан иборат бўлиб, унда “девларга қарши кураш” қоидалари ҳақида гап боради.

Заратуштра. Авестода акс этган асосий қонун ва қоидалар, диний эҳтиқоднинг етакчи тушунчалари тарихий шахс Заратуштра номи билан боғлик. Унинг номи қадимги эронча «зарат» ва «уштра» сўзларидан ташкил топган. «Зарат»-сариқ, “уштра”-туя, яъни “Сариқ туя етаклаган одам” маъносини англатади. Заратуштранинг бошқалардан фарқи шундаки, у ўта истеьдодли шоир, илоҳиёт билимдони, файласўф олим бўлган. Ягона худога ишонишгина жамиятни янги тараққиёт босқичига кўтара олади, деб ҳисоблар эди у. Заратуштра 40 ёшга тўлганда эзгулик худоси Ахурамазда назарига тушади ва шундан бошлаб Ахурамазда динининг пайғамбарига (“эзгулик ҳақида дарак берувчига”) айланади. У ўз қавмлари орасида Ахурамазда динини тарғиб қилабошлайди. Бунинг учун у “Готалар” деб аталган, қўшиқ қилиб айтишга мўлжалланган шеьрлар яратади. Заратуштра “Готалар”идан 17таси Авестонинг “Ясна” деб аталган қисмига кирган ва бизгача сақланган. Авестода Заратуштра уруғининг номи, ота ва онасининг исми, оиласи ва фарзандлари ҳақида аниқ маълумотлар бор. Аммо унинг туғилган жойи аниқ эмас. Олимларнинг тахминий фараз қилишларича у Туронзамин вилоятларидан бирида, яъни Хоразм ёки Суғдиёнада қоҳинлар оиласида туғилиб ўсган. У Спитама уруғидан бўлиб, отасининг исми-Поурушасп, онасиники-Дуғдова.

Заратуштра анъанавий тасаввурларга кўра, милоддан аввалги VII-VI асрлар оралиғида яшаган (И.М.Дьяконов, В.И.Абаев, Б.Ғ.Ғофуров). Аммо, Авесто маълумотларига асосланиб олимлар Заратуштрани милоддан аввалги II-минг йилликнинг иккинчи ярмида (1500-1200 йиллар-Мэри Бойс, А. Асқаров), милоддан аввалги I-минг йилликнинг бошларида (1000-900 йиллар-И.М.Стеблин-Каменский) ўтган, деган фикрларни ҳам ўртага ташлаганлар.

Авестога асос солинган юрт унинг тарихий географиясига кўра, Марғиёна Бақтрия, Суғдиёна, Хоразм ёки Ўрта Осиёга чегарадош шимолий-шарқий Эрон ҳудудлари бўлиши мумкин. Чунки, Авестонинг энг қадимги географик номлари айнан шу вилоятлардан бири эканлигидан далолат беради. Авестодаги қадимги географик ҳудудий тушунчалар – этник қабилалар ва вилоятлар номлари, ижтимоий ва иқтисодий муносабатлар, Авесто жамиятининг ижтимоий таркиби Ўрта Осиё халқлари этногенези ва илк давлатчилик тарихи учун ноёб манбаадир. Унда ўзбек ва тожик, форс ва афғон, озарбайжон ва бошқа халқларнинг ибтидоий ва қадимий илоҳий тасаввурлари, қоинот ва ердаги дунёнинг яратилиши билан боғлик тушунчалар, афсона ва ривоятлар, фалсафий-аҳлоқий қарашлар ўз аксини топган. Авестода ижтимоий-иқтисодий муносабатлар. Авесто жамияти тўрт ижтимоий босқичдан иборат: патриархал оила жамоаси-нмана, патриархал уруғ жамоаси-вис, қабила жамоаси-занту ва қабилалар иттифоқи-дахғю. Дахъю вилоят, мамлакат маъносини ҳам англатган. Оила, уруғ, қабила бошлигини англатиш учун “пати” (ота) сўзи ишлатилган. Демак, оила бошлиги-нманапати, уруғ оқсоқоли-виспати, қабила бошлиги-зантупати, мамлакат сардори-дахъюпати деб юритилган. Мамлакатни идора қилган шахс “кави”, яъни диний, дунёвий хокимият эгаси бўлиб, унинг ҳарбий саркардасига “састар” сўзи ишлатилган. Састар одатда даҳю пайтахтининг ҳокими бўлган, мамлакат ҳарбий ҳолатда бўлган кезларда унинг зиммасига ҳарбий кўмондонлик вазифаси юклатилган. Авестода ёзилишича, састар дахъю округларидан бирини бошқариши ҳам мумкин бўлган. Демак, унинг вазифасига мамлакат ҳарбий кучларига кўмондонлик қилиш ва пайтахт ёки ўлкани бошқариш кирган.

Састар ва кави атамалари иқтисодий ҳаёти деҳқончилик хўжалиги асосида қурилган мамлакатлар бошқарув тизимида учрайди. Чорвадорлар жамоасида эса кави ва састар вазифаларини қабила жабғуси бажарган. Авесто жамияти таркибининг энг юқори босқичи – дахъю эногенез нуқтаи зараридан ёндашилса – бу нафақат йирик ҳудудий бирлик, балки маълум бир этник бирликнинг маҳмурий ҳудуди ҳамдир. Шундай ҳудудий этник бирликлардан 16 тасини номлари Авестода тилга олиниб, уларнинг ҳар бири ўз навбатида муайян халқлар номи билан боғлик этник бирликлардир.

Авесто жамиятининг ҳудудий таркибида бир неча дахъюларни сиёсий жиҳатдан уюштирган дахъюлар конфедерацияси бўлган. Уларнинг тепасида дахъю састи турган. Дахъю састи - бу дахъюнинг давлат даражасига ўсиб чиққан бўғини. Масалан, Аҳамонийларга қадар хорасмийлар етакчилик қилган сиёсий уюшмани (Яшт, 10 боб) дахъю састи конфедерацияси дейиш мумкин. Марквард мана шу сиёсий уюшмани “Катта Хоразм” деб аташни таклиф қилган эди.

Ёзма манбааларда Аҳамонийларга қадар “Қадимги Бактрия подшолиги” бўлганлиги ҳақида маълумотлар учрайди. Хатто, унинг таркибига Марғиёна ва Суғдиёна вилоятлари ҳам кирганлиги ҳақида қарашлар мавжуд. Бу сиёсий давлат уюшмасига Бактрия етакчилик қилган. Аммо дахъю састи қўл остидаги подшолик хали мутлоқ ҳокимият эгаси эмас эди, унинг ҳуқуқлари дахъюпатилар томонидан чекланган эди. У фақат дахъюпатилардан ташкил топган кенгашни раиси, дахъю састи уюшмасининг ҳуқуқи “ханчамана” томонидан чекланган подшоси. Бу сиёсий уюшманинг тепасида диний раҳбари, олий судғяси бор. У заратуштроэма деб аталади. У пайғамбар Заратуштра даражасидаги олий диний бошлиқ. Унинг розилигисиз дахъюпатилар ва дахъю састилар ҳокимият тепасига кела олмайдилар.

Эзгулик худоси Ахурамазда яратган мамлакатларда оқсоқоллар кенгаши “варзана”, “ханчамана”, умум жамоа мажлиси эса “вҳяха” деб юритилган. Авестода шаҳар ёки шаҳар жамоаси деган тушунчалар учрамайди. Авесто қадимги жамият аҳзоларини тўрт таифага бўлади: қоҳинлар, жангчи аскарлар, чорвадорлар ва хунармандлар (Ясна китоби, 19-боб). Авестода тилга олинган “баланд уйлар”, “устунлар” иборалари Авесто жамиятининг ижтимоий-иқтисодий асосида бронза даври деҳқончилик жамоаларининг ҳаётий манзараси ётади.

Дарҳақиқат, агар ўша давр жамияти аъзолари таркибини таҳлил қиладиган бўлсак, қадимги деҳқончилик минтақаларида дастлаб бошқарув тизимининг тепасида қоҳинлар турган. Улар “чорва ва кенг яйловлар эгаси”. Жангчи аскарлар бу орийлар бўлиб, қоҳинлардан кейинги мулк эгалари. Авестода асосий бойлик чорва ҳисобланган. Заратуштра ўз таълимотида “Чорвага яхши эга керак. Ушбу ердаги чорва эгаларига мен эркин юришни ва эркин ҳаётни таҳмин қиламан” дейди (Ясна, 24. Готалар). Ана шу эркин ҳаёт эгалари орийлар эди. Авестодаги чорвадорлар тоифаси эса қоҳинлар ва жангчи орийлар бойлиги - чорва мол-қўйлари ва йилқиларини боқувчи чўпонлардир.

Хунармандлар тоифасига келсак, улар меҳнат ва ҳарбий қуроллар, заргарлик, кулолчилик ва тўқимачилик касбини зироатчиликдан ажралмаган ҳолда олиб борувчи, яъни хўжалик юритувчи деҳқончилик жамоаларидир. Аммо, Авестонинг Ясна ва Яштларида деҳқончилик ҳақида маълумотлар учрамайди. Бундай маълумотлар Авестонинг Видевдат китобида бор (Видевдат, 3-боб).

Авестода диний ва аҳлоқий фалсафий қарашлар. Заратуштранинг диний фалсафаси карама-қарши кучларнинг курашига асосланган. Бу кураш худолар ўртасида бошланиб, табиётда ва инсонлар ҳаётида ҳам давом этади. Аҳоли жойлашган дунёни зардуштийлар 7 та табиий қисмларга бўлганлар. Бу дунёнинг тарихи 12 минг йил давомида ривожланади, деб фараз қилганлар. Улар дунё ривожини тўрт босқичга бўлиб, ҳар бир босқич 3 минг йилни ўз ичига олган. Биринчи босқич-кўринмас маънавий дунё; иккинчиси-ерда одамзод ҳаётини бошланиши, яъни Гавамард (исломда Одам ато) нинг пайда бўлиш даври; учунчиси-“олтин давр”, яъни орийларнинг тарих майдонига чиқиш даври; тўртинчиси-пайғамбар Заратуштра вафотидан кейинги давр. Дунё тарихининг иккинчи босқичида ёвузликлар илоҳи Ахриман (исломда Шайтон) фаолияти бошланади. Ахриман Гавамардни ўлдиради, аммо ундан тарқалган эркак ва аёл инсоният уруғини давом эттиради. Авестога кўра, орийлар Гавамард фарзандларидан ташкил топган. Орийларни Авесто турларининг аслзодалари сифатида тасаввур қилиш мумкин. Учинчи босқич Йима (Жамшид) подшолик қилган “олтин” давр бўлиб, бу даврда одамлар баҳтли ҳаёт кечирганлар. Дунё аҳолиси бир неча бор кўпайган, қушлар ва ҳайвонлар яшаши учун сайҳон (одам оёғи етмаган) ерлар қолмаган. Ахурамазда маслахатига кўра, Йима ҳар 300, 600 ва 900 йил давомида инсонлар яшайдиган ерлар чегараларини кенгайтириб борган. Йима совуқ ва сув тошқинига қарши “вара”- тўртбурчакли қалъа қуришга асос солган. Демак, бу давр археологик даврий тизимда бронза ва илк темир даврига тўғри келади. Дунё тарихининг тўртинчи босқичида инсониятни ёвуз кучлардан халос этувчи, қутқарувчи Саошҳянт исмли шахс пайдо бўлади, ер юзини ёмонликлардан тозалайди, гуноҳ иш қилган ва қилувчи одамларни йўқ қилади. Айнан шу даврда боҳодирларга ҳамду-санолар тўқиш, ҳаёт ва ўлим фалсафаси, халқ оғзаки ижодияти келиб чиқади. Бу давр кишилик тарихида “ҳарбий демократия даврига” тўғри келади. Тўртинчи даврнинг сўнгида “охирги замон “ бошланади.

Заратуштранинг диний аҳлоқий фалсафасида иймонли бўлиш, бунинг учун доимо тоза, пок юриш, иблисларга қарши ҳаракатлар қилиш, гуноҳ қилмаслик, эзгу фикр, эгу сўз, эзгу амаллар билан яшаш ҳар бир зардуштийнинг кундалик ҳаёт фаолиятининг мазмун ва моҳиятини ташкил этиш керак. Ахурамазда башоратларида жаҳаннам ”ҳаётнинг энг ёмон онлари”, осмон эса “руҳнинг энг юксак ҳолати” сифатида ифодаланади. Оламдаги ёмонлик ва ёвузликлар одамларнинг иймонсизлигидан келиб чиқади. Уларни бартараф этиш, бу истиқболдаги вазифа бўлиб, иймонли кишилар буларни бартараф этишда фаоллик кўрсатишлари керак, дейилади.

Зардуштийлик динида иймон уч таянчга асосланади: фикрлар софлиги, сўзнинг собитлиги, амалларнинг инсонийлиги. Авестода “берган сўзнинг уддасидан чиқиш, унга содиқ қолиш, савдо-сотиқ ва шартномаларга қатғий амал қилиш, қарзни ўз вақтида тўлаш, алдамчилик ва ҳиёнатдан ҳоли бўлиш иймонлилик аломатидир” дейилган. Заратуштра фалсафасига кўра, одам ўлгач, унинг руҳи 3 кун ўз танасида бўлади, тўртинчи кунида ғўзал қиз қиёфасидаги фаришта кузатувида нариги дунёга “чинвот” (қил кўприк) кўпригидан ўтиб жаннатга кетади. Гуноҳкорлар эса чинвотдан ўтолмай жаҳаннамга ғарқ бўладилар. Яхшилар эса яна янги таналарда яшашни давом эттирадилар.

Авесто бу борлиқ дунёни одам учун синов майдони, деб тушунтиради. Зеро, инсоният, дастлаб, Йима подшо бўлган даврларда азалий-абадий бахт-саодат маконида касаллик ва ўлим кўрмай, олтин асрни бошидан кечирган. Йима минг йил подшо бўлиб, жаннат макон юрт яратган. Унда мағрурлик ғолиб келиб, Ахурамазда ман этган таом-қорамол гўштини еб қўяди ва жазога тортилади. Натижада унинг авлодлари, яъни барча одамзод тирикчилик дарди – ташвишларига гирифтор бўлади, яъни ёйиш-ичиш заруриятига, касалликлар ва ўлимга юзма-юз бўлади. Ахриман Ахурамазда танасидан ажраб чиқиб, ёвузликлар яратишга тутинади. Энди, дунёни азалий эзгулик бағрига қайтаришнинг бирдан бир йўли пок ҳаёт, ҳалол меҳнат, яратувчилик, ёвузликни қалбдан чиқариб ташлаш, иймонли эҳтиқодли бўлиш, мискинларга ёрдам бериш, яхши ният, яхши сўз ва яхши амалларга қўл уришдир. Шундай қилиб, Авесто дунёдаги энг қадимги дин-зардуштийлик таълимотини аҳлоқий фалсафаси, бу китоб нафақат диний, балки кенг маънода тарихий ва адабий манба, аждодларимизнинг узоқ ўтмиш тарихи ва тафаккур тараққиётининг қомусий йиғиндисидир.

Якуний хулоса. Авесто таҳлилига якун ясаб шуни айтиш мумкинки, бу илоҳий, тарихий, адабий манбаа ўзида бир неча давр тарихини қамраб олган. Унинг энг қадимги қатлами “Готалар” (муқаддас қўшиқлар) Заратуштра яшаган замонда таркиб топган. “Готалар”да баён этилган вокеалар таҳлили, уни бронза даврида яратилганлигидан гувоҳлик беради. “Яшт”ларда архаика ва илк антик даври ижтимоий-иқтисодий тараққиёт даражаси мужассамлашган бўлиб, унинг таркибига “Готалар” даври вокеалари омухталаштирилган. Давр жиҳатидан улардан ёш ҳисобланган Видевдат эса сосонийлар даврида (Шопур 1 даврида) тахрир қилиниб китоб ҳолига келтирилади. Бунда анъанавий диний, фалсафий ва аҳлоқий қарашлар давр рухи билан омухталашган. Ҳар қалай, Авестони бир бутунликда таҳлил этганда шуниси аниқки, Заратуштра яшаган замонга қадар ибтидоий аждодларимиз турли қабилавий диний тасаввурларга амал қилиб келишган. Энди эса ибтидоий муносабатлар ўрнини дастлабки синфий жамият эгаллаётган давр бошланди. Бу даврнинг шаклланиши учун кучли мафкуравий ғоя зарурлиги сезила бошланди. Чунки, маҳаллий қабилавий динлар жамият тараққиётининг янги босқичга кўтарилишига тўсқинлик қилувчи кучга айланган эди. Бу мураккаб замонда ўлканинг турли қабилаларини бирлаштириш, бу орқали уларни илк давлатчилик ғояси атрофига уюштириш зарурияти туғилди. Ана шундай заруриятни тўғри тушунган ўз замонасининг илгор кишилардан бири сифатида Заратуштра тарих майдонига чиқди.

У ўз қавми, юрти Туронзаминда ўзига издошлар топа олмаган Заратуштра шимолий-шарқий Эрон вилоятларидан бири Бахдида, унинг кависи Виштасп, бутун хонадони ва аёнлари томонидан яхши кутиб олинади ва шундан сўнг унинг дини ривож топади.

Биз юқорида Авесто жамияти нмана, вис, занту ва дахъюлардан ташкил топганини кўрдик. Ана шу қадимги жамият тизимининг энг юқори босқичи дахъюга этногенез нуқтаи назаридан ёндашилса, дахъю нафақат йирик ҳудудий бирлик, балки маълум бир этник бирликнинг маьмурий ҳудуди ҳамдир. Шундай ҳудудий этник бирликлардан 16 тасини, масалан, Гава Суғуда, Бахди, Маури, Хороева, Тур ва бошқаларни, номлари Авестода тилга олинади. Уларнинг ҳар бири ўз навбатида муайян халқлар номлари билан бевосита боғлик этник бирликлардир. Айнан, ана шу Авесто манбаси туфайли қадимда Ўрта Осиё ҳудудларида туб жойли суғдий, боҳтарий, хоразмий, марғуш, тур (сак) қабилалари яшаганлигини биламиз. Демак, Авесто маълумотлари ўзбек халқи этногенезини ўрганиш учун ҳам ноёб ёзма манба ҳисобланади.

Доро 1 даврида Карманшоҳ ва Ҳамадан шаҳри ўртасидаги йўлда баланд қоятошда қадимги форс, элам ва аккад тилларида битилган. Ёзувда шоҳ Доро 1 ҳабар қилади: “Мен-Доро, улуғ подшо, шаҳаншоҳ, мамлакатлар подшоси, Виштасп ўғли, Аршан невараси, Аҳамоний. Ахурамазда иродаси билан куйидаги давлатларни қўлимга киритиб, уларнинг подшоси бўлдим: Форс, Элам, Бобил, Оссурия, Арабистон, Миср, Лидия, Мония, Арманистон, Каппадокия, Парфия, Дранғиёна, Арғя, Хоразм, Бактрия, Суғдиёна, Гандхара, Сака, Саттагадия, Арахозия, Мака. Ҳаммаси бўлиб 23 давлат”. Шоҳ Доро 1 давом этиб, “Мен Бобилда бўлганимда, куйидаги давлатлар мендан ажралиб чиқиб кетганлар: Форс, Элам, Мидия, Оссурия, Миср, Парфия, Марғиёна, Саттагодия, Сака”. Беҳистин ёзувида яна куйидаги ҳабарларни ўқиймиз: “Марғиёна номли давлат мендан ажралиб чиқиб кетди. Марғиёналик Фрада исмли бир одам ўзини вилоятнинг ҳокими деб эълон қилди. Кейин мен, Бақтрия сатрапи, бўйсунувчи одамим форс Дадаршишни чақириб, унга гапирдим: “Менга бўйсунмаганларни тор-мор қилиш керак”. Дадаршиш қўшинлари билан отланиб, марғиёналиклар билан жанг қилди. Ахурамазда менга ёрдам кўрсатди. Ахурамазда иродаси билан менинг қўшинларим қўзғолончиларни бутунлай мағлубиятга учратди.... Мана мен Бақтрияда нималарни қилдим”. Подшо Доро 1 яна ўз ютуқлари ҳақида сўзлашни давом эттириб, дейдики: “Бундан сўнг мен сакларга қарши улар юртига бостириб бордим, уларнинг ўзлари чўққи қалпоқ кийиб юрадилар. Мен дарёга етиб келдим. Уларнинг сардори Скунха исмли одамни тутиб, менинг ҳузуримга келтирдилар. Мен ўз хоҳишим билан саклар юртига янги бошлик тайин қилдим. Шундан сўнг мамлакат менинг қўл остимга ўтди”.

Доро 1 Беҳистун ёзувларида Аҳамонийлар давлатининг ғарбий вилоятларини кўрсатиб берган бўлса, Нақши Рустам ёзувларида мамлакатлар рўйхати Мидия ва Эламдан сўнг шарқий вилоятлардан бошланади. Доро сўзи: “Мен-Доро, улуғ подшо, шаҳаншоҳ, кўп қабилала мамлакатларнинг подшоси, кенг сайҳон ерларнинг подшоси, Виштасп ўғли, Аҳамоний, форс, форснинг ўғли, орийлар уруғидан келиб чиққан орий. Форс вилоятидан ташқари куйидаги мамлакатларни мен бўйсундирганман, менга хирож тўловчи бўлган, менинг сўзимни ижро этган, менинг қонунимга асосланиб ривожланаётган: Мидия, Элам, Арғя, Бақтрия, Суғдиёна, Хоразм.... Сака Хаумаварка, Сака Тиграхауда...денгиздан нариги ердаги саклар”.

Доро 1 нинг Суза шаҳридаги подшоҳ саройида ўрнатилган хайкалидаги ёзувларда Бақтрия, Суғдиёна ва Хоразмдан ташқари “балчиқ ва тупроқ ўлкаси саклари” тилга олинади. Сузадан топилган яна бир ёзувда Доро 1 эълон қилади: “Сузадаги саройни мен бино қилганимда унинг безаклари узоқ юртлардан олиб келинган. Уака ёғочи –Ганхарадан, олтин – Сард ва Бақтриядан, ялтироқ тошлар ва ложувард- Суғдиёнадан, фируза-Хоразмдан, кумуш ва бронза – Арахозиядан, тош устунлари-Эламдан етказиб берилган”.

Персепол (Тахти Жамшид) шаҳрида Доро ва Ксеркс саройига олиб борувчи тош пилла поя деворларига Эрон аҳамонийларига тобе мамлакатлардан хирож олиб келган вакиллар суратлари буртма услубда ишланган. Хайкалтарош ҳар бир мамлакатдан келган вакилларни савға-саломлари билан шунчалар реал тасвирлаганки, уларни қайси бир халққа тегишли эканини аниқлаш қийин эмас. Чунки, суратларда уларнинг қиёфаси, қийим-бошлари, қуроллари, хатто уларга хос анъанавий ҳайвон суратлари ҳам ўз аксини топган. Маслан , Суғдиёнадан келганлар деворий суратларда 8-қаторни ташкил этади. Улар етти кишидан иборат бўлиб, шоҳга кумуш идишлар, ипак матолари, номаълум ҳайвон териси (Шер бўлса керак) ва икки қўйни етаклаб келаётгани тасвирланган. Ўн биринчи қаторда чўққи қалпоқ кийган тиграхауда саклари тасвирланган. Улар кийим-бошларни кўтариб, дашт отини етаклаб бормоқдалар. Ўн бешинчи қаторда бақтрияликларнинг беш вакили асл металлдан ишланган қимматбаҳо идишларни кўтариб ва икки уркачли туяни (бакрианани) етаклаб бормоқда. Ўн еттинчи қаторда хоразмликлар, уларнинг қўлларида дудама ханжар, жангавор ҳарбий болта, билагузик ва жийрон отни етаклаб бормоқдалар.

Шундай қилиб, Персепол суратлари Суғдиёна, Бақтрия, Хоразм халқлари ва сак қабилаларининг нафақат кийим-бошлари ва уларга хос хунармандчилик ҳақида, балки бизни қизиқтирган жабҳа-Ўрта Осиёнинг қадимги халқлари этник таркиби тўғрисида ноёб маълумотлар беради. Шунингдек, Ўрта Осиёнинг туб жойли аҳолиси тўғрисидаги тасаввурларимизни бойитади. Умуман олганда, Аҳамоний битикларида қадимда яшаган юртимиз халқларининг вилоятлари, халқларининг номлари, сиёсий жараёнлар (Фрада қўзғолони), саклар юртига қарши юришлар, иқтисодий ҳаёт ва моддий маданият тўғрисида илмий манбавий маълумотларга эга бўламиз.

 

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин