Дарснинг мазмуни: Тарих илмида манбашунослик фанининг тутган ўрни, унинг асосий хусусиятлари, предмети, мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот, мавжуд илмий адабиётлар қисқача таҳлили берилади.
Режа: 1.1. Манбашунослик фанини ўрганишдан мақсад. 1.2. Манбашунослик фанининг предмети ва вазифалари. 1.3. Манбалар турлари. 1.4. Манбашуносликка оид адабиётларни таҳлили. 1.5. Фойдаланилган адабиётлар р´йхати. 1.6. Мавзуни мустаҳкамлаш учун бериладиган саволлар.
Асосий тушунчалар: манба, тарихий манба, бирламчи манба, асл нусха, автограф, битик, битма, ёзма ёдгорлик, қўлёзма, қўлёзма китоб, тошбосма, литографик китоб, нашр, оммавий нашр, илмий академик нашр, факсимиле, археография, асосий араб ёзувлари, рўйҳатга олиш, тавсифга олиш, таснифлаш –каталоглаштириш, фиҳрист – каталог, карточка, аннотация, монографик тавсиф. 1.1. Манбашунослик фанини ўрганишдан мақсад Манбашунослик фанини ўрганишдан мақсад талабаларда ушбу фан соҳаси тўғрисида умумий тушунча ҳосил қилиш ва уларда қизиқиш уйғотиш ва Ўзбекистон тарихини манбалар асосида мустақил ўрганишга ҳаракат қилдиришдан иборат. Тарихий факт ва воқеалар баёни инсон характери, маълумот берувчи шахс, гуруҳ, фирқа, сулола, мазҳаб ва мамлакатлар манфаати йўлида турлича талқин қилиниши мумкин. Масалан, Ўзбекистон яқин тарихи мамлакатимизнинг Х1Х аср иккинчи ярми ва ХХ аср бошларидаги сиёсий воқеалар турли даврларда, манбаларда ва турли муаллифлар томонидан турлича талқин қилинмоқда. Булар ўз даврида яратилган ёзма ёдгорликлар, тарихий ҳужжатлар ва солномаларда қандай баён қилинган? Шўро даврида қандай тушунтирилди? Ва ниҳояти мустақиллик шароитида тарихий адолатни тиклаш, манбалар асосида холис ва объектив бўлиб ўтган воқеаларни билишимиз мумкин ва керак. Бу эса манбашунослик фанисиз, манбаларга илмий ёндошувсиз мумкин эмас. Чунки, ўша даврдаги ёзма ёдгорликлар аксарияти араб алифбоси асосидаги ёзувимизда, бир қисми рус тилида ҳам битилган ва ўша даврга хос тарихий хусусиятларга эга. Хулоса, манбашунослик фани юртимиз тарихи тўғрисида холис ва объектив билим олишга, ўзлигимизни англашга, бой ва қадимий маданиятимизни билишга хизмат қилувчи тарих фанининг муҳим соҳаларидан биридир. 1.2. Манбашунослик фанининг предмети, мақсад ва вазифалари Манбашунослик фани тарих илмининг асосий ва муҳим соҳаларидан бири бўлиб, турли (моддий, этнографик, ёзма ва бошқа) манбаларни ўрганиш ҳамда улардан илмий фойдаланишнинг назарий ва амалий жиҳатларини ўрганади. Тарихий манба деганда нимани тушунамиз? Тарихий манба деганда узоқ ўтмишдан қолган, табиат ва жамиятнинг маълум босқичдаги кечмишини ўзида акс эттирган моддий ва маънавий ёдгорликларни тушунамиз. Моддий ёдгорликларга - қадимий обидалар, манзилгоҳлар ва мозарлар, шаҳарлар, қасрлар ва қалъалар харобалари, уй-рўзғор буюмлари ва бошқалар киради. Маънавий ёдгорликлар деганда қадимги ёзувлар, халқ оғзаки ижоди намуналари, афсоналар, ёзма ёдгорликлар – битик, қўлёзма китоб, ҳужжатлар ва архив материаллари тушунилади. Умуман, тарихий манба инсон ижтимоий фаолияти натижасида пайдо бўлган ва унинг хусусиятларини ўзида акс эттирган моддий ва маънавий ёдгорликлардан иборатдир. Уларни ўрганадиган фанни биз манбашунослик деймиз. Манбашунослик фани ижтимоий фан соҳасида асосан икки хил бўлиши мумкин- тарихий манбашунослик ва адабий манбашунослик. Бизнинг мақсадимиз тарихий манбашуносликни ўрганишдир. Манбашунослик фанининг вазифаларига келсак тарихий манбаларни қидириб топиш, уларни рўйхатга олиш, туркумлаш, чуқур ва атрофлича тадқиқ этиш, манбада ўз аксини топган ёки баён этилган воқеалар, келтирилган фактларни тўла ва объективлигини аниқлаш, манбанинг тарих фани тараққиётини ўрганишдаги аҳамиятига баҳо бериш, манбашуносликнинг асосий вазифаси ҳисобланади. 1.3. Манбалар турлари Тарихий манбаларни, уларнинг умумий характери, ўтмишни ўзида акс эттиришга қараб қуйидаги олти асосий гуруҳга бўлиш мумкин.
1.3.1. Моддий (ашёвий) манбалар Маълумки, кишилик жамияти тарихи қарийб 40 минг йиллик даврни ўз ичига олади, лекин ёзув пайдо бўлганига эса кўп вақт ўтганича йўқ. Масалан, цивилизациянинг илк ўчоқларидан бири бўлмиш Марказий Осиёда дастлабки ёзув арамейча хат негизида тахминан эрамиздан аввалги биринчи минг йиллик ўрталарида пайдо бўлган. Хат тарихчиси Эркин Охунжоновнинг маълумотига кўра, юртимизда араб истилосига қадар ўн саккиз ёзув тури мавжуд бўлган экан. Лекин, афсуски, кўҳна тарихимизни ўзида акс эттирган ёзма ёдгорликларнинг катта қисми бизнинг замонамизгача етиб келмаган. Уларнинг кўпчилиги босқинчилик урушлари вақтида, қолаверса табиий офатлар оқибатида йўқ бўлиб кетган. Илк тарихнинг айрим лавҳалари ўтмишдан қолган ва инсоннинг ижтимоий фаолияти билан боғлиқ бўлган моддий ёдгорликларда, аниқроғи уларнинг бизгача сақланган қолдиқлари етиб келган. Хуллас, моддий (ашёвий) манба деганда ибтидоий одамлар истиқомат қилган ва дафн этилган жойлар, уларнинг меҳнат ва уруш қуроллари, бино ва турли иншоотлар (қалъа ва қасрлар, ҳаммомлар ва карвонсаройлар, ҳунармандчилик устахоналари ҳамда сув иншоотлари ва бошқалар)нинг қолдиқлари, уй-рўзғор буюмлари ва зеб-зийнат тақинчоқлари тушунилади. Моддий ёдгорликларни қидириб топиш ва ўрганиш ишлари билан археология илми (юнон, архео -қадимий, логос – илм; ўтмиш ҳақидаги илм; кишилик жамиятининг узоқ ўтмишни ўрганувчи илм, қадимшунослик) шуғулланади.
1.3.2. Этнографик манбалар Халқларнинг келиб чиқиши билан боғлиқ бўлган материал ва маълумотлар этнографик манба ҳисобланади. Масалан, халқ, қабила ва уруғ номлари, инсон қўли ва ақл –заковати билан яратилган қурол ва буюмларнинг нақш ва безаклари, кишилар онгида, шунингдек, оғзаки ва ёзма адабиётда сақланиб қолган ўтмиш урф-одат ва анъаналари, кишиларнинг турмуш тарзи этнографик манба ҳисобланади. Буларнинг барчасини этнография (юнон, этнос – халқ, грапхо – ёзаман, халқ ҳақида маълумотлар; халқшунослик) илми текширади ва ўрганади.
1.3.3. Лингвистик манбалар Лингвистик манбалар деб тилимиздаги, аниқроғи унинг лексик-сўз бойлиги таркибидаги узоқ ўтмишдан қолган, ижтимоий – иқтисодий, маъмурий ва юридик атамалар, масалан, хирож - ўрта асрларда аҳолидан, асосан деҳқонлардан олинадиган асосий солиқ; даромад солиғи; ушр – даромаднинг ўндан бир қисмини ташкил этган солиқ; закот – чорва ва мулкдан камбағаллар учун йилига бир марта олинадиган солиқ; cуюрғол – шаҳзодалар ва амирларга тожу тахт олдида кўрсатган катта хизматлари учун бериладиган ер-сув; тансуқот – камёб, эътиборга молик буюм, мато; подшоҳлар, хонлар ва нуфузли кишиларга қилинадиган тортиқ; черик - қўшин; қоровул - қўшиннинг олди ва ён томонларида борадиган махсус ҳарбий бўлинма; халифа –Муҳаммад пайғамбарнинг ўринбосари, ўрта асрларда араб мусулмон феодал давлатининг бошлиғи; миришкор – тўғриси – мири шикор, подшоҳ ва хонларнинг ов қушлари ва ов ҳайвонларини тасарруф этквчи мансабдор; мироб – сув тақсимоти билан шуғулланувчи мансабдор; қози –шариат асосида иш юритувчи судья; ёрлиғ -ўрта асрларда ҳукмдор тарафидан бериладиган расмий ҳужжат; вақфнома –масжид, мадраса, хнақоҳ ва мозорларга инъом эътилган ер - сув ҳақидаги тузилган махсус ҳужжат ва бошқа атамалар жуда кўп учрайди. Бу ва шунга ўхшаш атамалар шубҳасиз қимматли тарихий материал бўлиб, аждодларимизнинг ижтимоий – сиёсий ҳаётини ўрганишга ёрдам беради. Уларнинг келиб чиқиши ва этимологиясини лингвистика (лотин, лингуа – тил) фани ўрганади.
1.3.4. Халқ оғзаки адабиёти Оғзаки адабиёт маданиятнинг энг қадимги қисми бўлиб, унинг илдизи ибтидоий жамоа ва илк феодализм тузумига бориб тақалади. Оғзаки адабиётнинг айрим намуналари қадимги юнон тарихчилари, шунингдек, Табарий, Масъудий, Беруний, Фирдавсий, Ибн ал-Асир каби шарқ олимларининг асарлари орқали бизгача етиб келган. Каюмарс, Жамшид ва Сиёвуш ҳақидаги афсоналар, Аморт ва Спаретра, Тўмарис ва Широқ ҳақидаги қиссалар шулар жумласидандир. Уруғчилик даври тарихини, айниқса, патриархал – муносабатларини ўрганишда “Алпомиш”, “Гўрўғли” каби достонлар, шунингдек, халқ эртаклари, маросим қўшиқлари, матал ва топишмоқларнинг роли ҳам бениҳоят каттадир. Бу халқ дурдоналари турли ижтимоий табақага мансуб кишиларнинг туриш – турмуши, маънавий қиёфаси, урф-одати, айниқса, узоқ ўтмишда ҳукм сурган ижтимоий муносабатлар ҳақида қимматли маълумот беради. Тарихий манбаларнинг бу тури билан фольклор (нем. Фольк – халқ, лоре – билим; донишмандлик, халқ донолиги) фани шуғулланади.
1.3.5. Ёзма манбалар Ёзма манбалар тарихий манбаларнинг муҳим ва асосий туридир. Инсоннинг ижтимоий фаолияти, аниқроғи кишиларнинг ўзаро муносабатининг натижаси ўлароқ яратилган ва ўша замонларда содир бўлган ижтимоий-сиёсий воқеаларни ўзида акс эттирган манба сифатида ўрта аср (У1-Х1Х асрлар) тарихини ўрганишда муҳим ўрин тутади. Ёзма манбалар ўз навбатида икки турга бўлинади: 1.Олий ва маҳаллий ҳукмдорлар маҳкамасидан чиққан расмий ҳужжатлар (ёрлиқлар, фармонлар, иноятномалар, молиявий-ҳисобот дафтарлари, расмий ёзишмалар). Ижтимоий-сиёсий, айниқса, иқтисодий муносабатларга оид масалаларни ўрганишда расмий ҳужжатлар, молиявий - ҳисобот дафтарлари ва ёзишмаларнинг аҳамияти бениҳоя каттадир. Расмий ҳужжатлар ижтимоий-сиёсий ҳаётни маълум юридик шаклда бевосита ва кўп ҳоллалларда айнан қайд этиши билан қимматлидир. Лекин уларнинг орасида, айниқса, расмий ёзишмаларда соҳталари ҳам учраб туради. Шунинг учун ҳам улардан фойдаланилганда диққат-эътибор ва зўр эҳтиёткорлик талаб қилинади. Ҳужжатлар устида иш олиб борганда, ундан бирон ижтимоий-сиёсий воқеа ёки фактни талқин этиш учун фойдаланиш жараёнида, биттаси билан кифояланмасдан, ўхшаш бир неча ҳужжат, манбаларни қўшиб ўрганмоқ зарур, чунки битта ҳужжатда фақат бир келишув ёки факт устида гап боради. Шунинг учун фақат бир ҳужжат билан маълум ижтимоий-сиёсий масала устада қатъий фикр юритиб, умумлаштириб қатъий хулосага келиб бўлмайди. 2.Тарихий, гео-космографик ҳамда биографик асарлар. Тарихий, гео-космографик, ҳамда биографик асарлар тўғрисида шуни айтиш керакки, улар ҳукмрон синфнинг топшириғи билан ёзилган ва шу туфайли уларнинг саҳифаларида кўпроқ подшоҳлар ва хонларнинг, амирлар ва йирик руҳонийларнинг ҳаёти ва фаолияти ёритилган, моддий бойлик яратувчи меҳнаткаш халқнинг тарихи эса кўп ҳолларда четлаб ўтилган. Хуллас, бу асарларда, яъни ёзма манбаларда ҳукмрон феодал синфнинг дунёқараши ўз ифодасини топган, ўша синфнинг мақсад ва манфаатлари ифода этилганлиги билан ажралиб туради.
1.3.6. Мўъжаз расм-миниатюралар Х-ХIХ асрлар давомида қўлёзма китобларини зийнатлаш учун яратилган нафис мўъжаз расмлар ҳам тарихий манба бўлиб хизмат қилади. Юртимиз тарихи ва моддий ашёлар, ҳанармандчилик, кийим-кечак, меъморлик обидалари ва умуман моддий маданиятимиз хусусиятларини ўрганмоқчи бўлсак, нафис мўъжаз тасвирий санъат намуналари- миниатюра расмлар қимматли манба ролини ўтайди. Чунки уларда тарихий ашёлар тасвири айнан, баъзан бадиий ижод хусусиятларига мослаштирилган ҳолда акс эттирилади. Масалан, буюк мусаввир устод Камолиддин Беҳзоднинг “Самарқанддаги Бибихоним масжидининг масжида қурилиши” номли машҳур расмини эслатиш кифоя. Бу расмда ХУ асрдаги қурилиш жараёни, унда иштирок этаётган усталар тўғрисида мукаммал тасаввур берилади. Бундай расмлардан тарихни ўрганишда тасвирий восита сифатида унумли фойдаланиш мумкин. Биз сўнгги йилларда чоп этилган манбаларда улардан шунчаки бефарқ фойдаланишларини кўришимиз мумкин. Умуман, бизгача етиб келган қадимги деворий расмлар ва қўлёзма китобларга ишланган ҳамда алоҳида мураққаълардаги расмлар аҳамияти жуда катта. Кўриб чиққанимиздек, манбашунослик фани тадқиқот манбалари жуда кўп ва хилма-ҳил бўлиб, биз энг асосийлари тўғрисида маълумот бердик. Шу кунларда техника тарққиёти муносабати билан яна товушли манба, фото манба, кино-телевидение манбалари ва интернет материаллари ҳам пайдо бўлиб, улар анъанавий манбаларни инкор этмайди, балки қўшимча восита бўлиб хизмат қилиши мумкин. Айниқса компакт дискларни яратилиши турли янги педагогик воситаларни қўллаш имконини яратади. Манбашунослик фани тарих илмининг фундаментал йўналиши бўлиб, бу соҳада фаолият олиб бориш учун бир неча тил ва ёзма манбалар тўғрисида катта билим ва тажрибага эга бўлиш талаб қилинади.
1.4. Манбашуносликка оид адабиётларни таҳлили Бизнинг тарихимиз жуда бой, ёзма ёдгорликларимиз кўп бўлишига қарамай, ўз маданий меросимизни бутун бойлигини намойиш этадиган, унинг ўзига хос хусусиятлари ва жаҳон маданияти хазинасига ҳисса бўлиб қўшилганларини алоҳида кўрсатдиган манбашунослик фани соҳасида яратилган мукаммал дасрлик ва қўлланмага эга эмасмиз. Лекин юртимизда тарих фани соҳасида олиб борилган деярли уч минг йилдан узоқроқ давр давомида тўпланган тажриба умумлаштирилгани йўқ. Ҳозирча мавжуд дарслик ва қўлланмалар ичида академик Б.Аҳмедовнинг “Ўзбекистон тарихи манбалари” дарслиги иккинчи нашрини энг мукаммал деб тан олишимиз мумкин. Қимматли маълумотлар жамлангани билан ажралиб турган бу асар янада мукаммал дарслик учун асос бўлиб хизмат қилади. А.Ҳабибуллаевнинг “Адабий манбашунослик ва матншунослик” қўлланмасида ҳам қатор ижобий хусусиятлар мавжуд бўлиб, улардан тарихий манбашунослик бўйича дарслик тузишда фойдаланиш мумкин. А.А.Мадраимов томонидан тузилган “Манбашуносликдан маърузалар мажмуаси”да илк бор араб, форс ва турк тилидаги тарихий манбалар хусусиятларини характерлашга ҳаракат қилинган ва манбалалар тўғрисидаги маълумотлар манба номи остида берилиши билан ажралиб туради. Манбашунослик фани кўп асрлик анъанага эга бўлса-да, юртимиз манбашунослиги юқорида зикр этилган асарларда умумлаштиришга ҳаракат қилинди. Манбашуносликни ўрганиш учун биринчи галда тарихга оид илмий тадқиқотлар, ёзма ёдгорликлар нашрлари ва бирламчи ёзма манбалар билан бевосита ишлашга тўғри келади. Бу соҳада Я.Ғуломов, Б.А.Аҳмедов, А.Ў. Ўринбоев каби йирик олимлар асарлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмалар тавсифини ўз ичига олган 11 жилдлик монографик каталог ҳамда махсус каталог – фиҳристлар, тадқиқотлар бўлғуси манбашунослар учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин. Талабалар ёрдамчи манба сифатида энциклопедик қомуслардан фойдаланиш мумкин. Манбашуносликни яхши эгаллаш учун талаба бир неча тил, айниқса араб ёзувидаги туркий тил ва ғарб тилларидан инглиз, немис ва француз тилларидан бирини яхши билиши керак. Бу соҳада рус тили ҳам маълум мавқега эга. Манбашунослик тарих фанининг бир қатор ёрдамчи соҳалари – палеография, дипломатика, геральдика, сфрагистика, эпиграфика, нумизматика, метрология ва хронология қўдга киритган ютуқларига таянади. Палеография (юнон. Палео - қадимий, грапхо – ёзаман; қадимий ёзув) қадимий қўлёзма асарларнинг қоғози, муқоваси, сиёҳи, ёзуви ва ёзиш усулларини текширади. Дипломатика (юнон. Диплома – икки букланган қоғоз; ҳужжат) расмий ҳужжатларни ўрганиш ва таҳлил қилиш билан шуғулланади. Геральдика (юнон. Геральд –герб, белги, нишон) қадимий герблар, турли-туман нишон ва белгиларни (масалан, қадимги туркий қабилаларнинг тамғалари) ўрганади. Сфрагистика (юнон. Спрагис –муҳр) қадимий муҳрлар (подшоҳлар, хонлар, амирлар ва қозилар муҳрлари) ва уларнинг ёзувларини текширади. Эпиграфика – (юнон. Эпи –устида, тепасида, грапхо – ёзув; бирон нарса; буюм устидаги ёзув) тош, металл буюмлар, ёғоч ва бошқа қаттиқ буюмлар устига ўйиб ёзилган қадимги битикларни ўрганади. Нумизматика (лотин. Нумис –пул) қадимий пулларни, ашёси, шакли, вазни, ёзувлари, зарб этилган жойи ва вақтини текширади. Метрология (юнон. Метрон -ўлчов, логос – тушунча – билим; ўлчовлар ҳақида тушунча) ўтмишда турли мамлакат ва халқлар орасида амалда бўлган оғирлик, масофа ва сатҳ ўлчовларини ўрганади. Хронология (юнон. Хронос – вақт, логос - тушунча, билим; вақт ҳақида тушунча) қадимги халқлар орасида ва мамлакатларда амалда бўлган йил ҳисоби ва тақвимни ўрганувчи соҳа. Абу Райҳон Берунийнинг “Осор ул-боқия” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”) номли асари турли тақвимларни ўрганишга бағишлангани учун Европада “Хронология” номи билан машҳур. Талабаларга манбашунослик фанининг йўналишлари ва асосий хусусиятлари тўғрисида маълумот берилади.
1.5. Фойдаланилган адабиётлар рўйхати 1. Б. А. Аҳмедов. Ўзбекистон тарихи манбалари. - Тошкент: “Ўқитувчи”. 2001. Б. 7-14. 2. Т. С. Саидқулов. Ўрта Осиё халқлари тарихининг тархнавислигидан лавҳалар. - Тошкент: “Ўқитувчи”. 1993. –Б. 3-9. 3. Собрание восточных рукописей Академии наук Республики Узбекистан. История. Составители Д. Ю. Юсупова, Р.П.Джалилова. –Ташкент: “Фан”. 1998. –С. 3-7. 4. Рукописная книга в культурах народов Востока. Книга первая.-Москва: ‘’Наука’’. 1987.-С.5-17.
1.6. Мавзуни мустаҳкамлаш учун бериладиган саволлар: 1. Манбашунослик мақсади нимадан иборат? 2. Манбашуносликнинг асосий мавзуи ва вазифалари нимадан иборат? 3. Қандай манба турларини биласиз? 4. Манбашуносликка оид қайси дарслик ва адабиётларни биласиз?
|