Саналар
21.12.2024
Баннер
2-Мавзу. Манбашуносликнинг асосий йўналишлари. Назарий ва амалий манбашунослик
PDF Босма E-mail

Дарснинг мазмуни: Ушбу дарсда талабаларга амалий ва назарий манбашунослик, ёзма манбаларни қидириб топиш, тавсифга олиш ва тадқиқ қилиш тушунтирилади. 


Режа:
2.1.    Манбашуносликнинг йўналишлари асосий мақсад ва вазифалари.
2.2.    Назарий манбашунослик (йўналиши).
2.3.    Манбаларни туркумлаш.
2.4.    Археография.Тарихий манбаларни аниқлаш, танлаш ва таҳлил этиш.
2.5.    Амалий манбашунослик (йўналиши).
2.6.    Манбаларни ички белгиларига қараб таҳлил этиш.
2.7.    Фойдаланилган адабиётлар р´йхати.
2.8.    Маъруза материалини мустаҳкамлаш учун бериладиган саволлар.

Асосий тушунчалар: қоғоз, қоғозрез, оҳорлаш, муҳралаш, мистар, мистар боғлаш, ўлчам, варақлар сони, жилд, муқова, саҳҳоф, мужаллид, жадвал, жадвалкаш, вассол, жузв, пайгир, наққош, музаҳҳиб, шамс нақши, сарлавҳа, лавҳа, зарварақ, унвон, лола нақши, турунж нақши, лачак, гириҳ, ислимий нақш, абри баҳор, рассом, мусаввир.

2.1. Манбашуносликнинг йўналишлари асосий мақсад ва вазифалари
Манбашунослик фани асосан икки йўналишга эга бўлиб, у назарий манбашунослик ва амалий манбашуносликдан иборатдир. Биз қуйида назарий манбашунослик хусусиятларини баён этамиз.

2.2.    Назарий манбашунослик (йўналиши)
Назарий манбашунослик йўналиши амалий манбашунослик тажрибасини умумлаштиради, ёзма манбаларни вужудга келиши ва уларнинг реал тарихий шароитни ўзида акс эттириш қонуниятлари, манбаларни излаб топиш, туркумлаш, тавсифга олиш, тартибга солиш асосларини ишлаб чиқади ва уларни илмий муомалага киритишнинг, амалий ўрганишнинг энг мақсадга мувофиқ асосий усул ва йўлларини аниқлайди ва амалиётга тавсия этади.  Улар қуйидагилардир.

2.3.    Манбаларни туркумлаш
Шарқ ёзма манбаларни туркумлашнинг ягона аниқ бир қоидаси ҳозиргача ишлаб чиқилмаган. Мавжуд қўлёзма манбалар фиҳристи бир қисми асарлар тили нўқтаи назаридан келиб чиқиб тузилган. Масалан, Англиянинг Британия музейида сақланаётган шарқ қўлёзмалари йирик шарқшунос Чарлз Риё томонидан уларнинг қайси тилда ёзилганига қараб, араб, форс ва туркий тилдаги қўлёзмаларни алоҳида, алоҳида тавсифга олиб фиҳрист тузган. Франция  пойтахти Париждаги Миллий кутубхонадаги сақланаётган шарқ қўлёзмалари ҳақида  Эдгар Блоше ҳам шу тартибда  каталог тузган.
Тошкентдаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти хазинасидаги қўёзмалар биринчи бор сақланаётган ташкилот “Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқ қўлёзмалари мажмуаси” номи остида турли тилдаги ва турли мавзудаги асарлар тавсифга олиниб, уларнинг ўн бир жилдда нашр этилган. Ҳозир қўлёзмаларни қайси фан соҳасига оидлигига қараб тавсифга олиш бошлаб юборилган мана шундай каталоглар чоп этилмоқда.
Баъзи манбашунослар қўлёзмаларни мазмунига қараб, асарда қайси масала баён этилганига қараб, туркумлашни лозим топсалар, уларнинг бошқа бир гуруҳи   асарнинг келиб чиқишига, яъни қаерда ва қачон ёзилганлигига  қараб туркумлашни маъқул кўрадилар.
Яна бир гуруҳ олимлар эса уларни расмий ҳужжатлар, тарихий, гео-космографик ва биографик асарлар каби турларга бўлиб ўрганишни тавсия қиладилар. Манбаларни автограф – яъни муаллифнинг ўз қўли билан эканлигига қараб ёки кўчирилган нусха эканлигиги қараб  туркумлаш ҳоллари ҳам учрайди.
Ҳозирги пайтда тарихчи манбашунослар манбалар устида ишлашнинг фақат биттасига, яъни уларнинг турларига қараб тадқиқ этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайдилар. Чунки бошқа тадқиқот йўллари ёзма манбани чуқур ва атрофлича ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш вазифаларига тўла жавоб бера олмайди.
Биринчидан, тарихий манбалар ичида фақат бир масала – ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий ва бошқага бутунлай бағишланган асар деярли йўқ ёки жуда кам.
Тил бўйича манбаларни ўрганиш ёмон эмас, лекин бирор мавзуга оид манбаларни ўрганганда, фақат бир ёки икки тилда яратилган асарлар билан чегараланиш тадқиқот илмий қийматини пасайтиради.
Мана шуларни инобатга олганда, тарихий манбаларни турларига ва қайси давр воқеаларини акс эттирганлигига қараб туркумлаш мақсадга мувофиқдир. Аввалги пайтларда талайгина марказий олий ўқув юртларида ўқитилган “CCЖМ тарихи манбашунослиги” ва “Ўрта асрлар тарихи манбашунослиги” дарсликлари мана шу қоидага асосланган.
Б. А. Аҳмедов “Ўзбекистон тарихи (ўрта асрлар) манбалари”ни (ёзма манбаларни) қуйидаги уч турга бўлиб ўрганишни тавсия қилган: 1) Ашёвий манбалар, яъни археологик қазишлар натижасида топилган ашёлар; 2) расмий ҳужжатлар; 3) тарихий, гео-космографик ҳамда биографик асарлар. Ушбу туркумда қайд этилган археологик ёки ашёвий манбалар, яъни қадимда аждодларимиз турмуш тарзи ва ижтимоий фаолиятини ўрганиш учун асосий манба бўлиб хизмат қилувчи манбалар асосан археология фани томонидан ўрганилади ва биз учун қўшимча ёки ёрдамчи далил сифатида тадқиқотларга жалб этилиши мумкин.
Бизнинг фикримизча, Ўзбекистон тарихи ёзма манбаларини асасан икки турга бўлиб ўрганиш маъқул кўринади.
1) расмий ҳужжатлар – ёрлиқлар, фармонлар, иноятномалар, вақфномалар, ҳисоб-китоб дафтарлари, раҳномалар, расмий ёзишмалар, мактублар ва бошқалар. Умуман, тарихий ҳужжатларнинг ўттиздан ортиқ тури мавжуд. Ҳужжатлар ижтимоий-сиёсий ҳаётни бевосита қайд этишлари, яъни феодал ер эгалиги, ижтимоий муносабатлар, давлат тузилиши ва шунга ўхшаш масалалар бўйича далилий маълумотга бойлиги билан тарихий манбаларнинг бошқа турларидан ажралиб туради. Улар  асосан ҳужжатшунослар томонидан махсус ўрганилса-да, тарихий манба сифатида манбашуносликда илмий қиймати жуда катта.
2) тарихий, гео-космографик, агиографик ҳамда биографик асарлар.
Тарихий, гео-космографик, агиографик ҳамда биографик асарларда расмий ҳужжатларга нисбатан тарихий воқеа ва ҳодисалар кенг ва тўла ёритилади. Шунинг билан бир қаторда уларда фактик материалнинг бойлиги кўзга ташланади.
Ёзма манбаларни фақат зикр этилганлари билан чеклаб бўлмайди. Хусусан, бадиий адабиётларда ҳам тарихий воқеалар, шахслар тўғрисидаги маълумотлар баёни мавжуд бўлиб, фақат уларнинг ўзига хос баён услуби, бадиятини назардан қочирмасдик керак. Чунки тарихчи бор ҳақиқатни ёзиши керак бўлса, шоир ёки ижодкор бадиий тўқима, бўрттириш, муболағага йўл қўйиш, яъни ўз истагига мувофиқ тасвирлаш имконига эга. Масалан, Алишер Навоий бадиий асарларида шоир даврига ва замондошларига оид қимматли фикр, мулоҳазалар мавжуд. Хусусан, унинг асарларидаги шоир биографиясига оид маълумотлар асосида Иззат Султон “Навоийнинг қалб дафтари” номли китоб ёзиб, унда Алишер Навоий биографисини тиклашга ҳаракат қилган.
Алишер Навоийнинг “Хамса” асари таркибидаги достонларида ҳам тарихий маълумотлар, хусусан Мирзо Улуғбек шахси ва унинг илмий мероси тўғрисида жуда қимматли маълумот мавжуд.
Ёзма манбалардаги ўзига хосликнинг бири шуки, уларда баён этилган воқеа, ҳодисаларга субъектив ёндошув, айримларини хаспўшлаш ёки бузиб талқин ҳоллари учраб туради. Бундай асарлар устида тадқиқот олиб борилганда уларга танқидий ёндошиш талаб этилади. Бу эса манбашуносликнинг асосий илмий талаб ва принципларидан биридир.

2.4.    Археография
Археография - ёзма манбаларни илк тавсифга олиш ёки уларни қидириб топиб, биринчи марта тавсифлаш, илмий муомалага олиб киришни назарда тутади. Бу илмий  йўналиш Республикамиз Фанлар Акаднмиясининг Абу Райҳон Беруний ва собиқ Қўлёзмалар Институтида бошланган бўлиб маълум давргача Фарғона водийси, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларига қатор археографик экспедициялар уюштирилган бўлиб, уларда А. Муродов, А.Ирисов, И.Абдуллаев, А.Аҳмедов, Б.Ҳасанов, О.Жалилов, М.Ҳакимов,  Ю. Турсунов ва бошқалар иштирок этганлар. Булар натижасида бир қанча нодир қўлёзмалар ва ҳужжатлар аниқланиб, давлат хазиналарига олиб келинган.
Ҳамид Сулаймон (ваф.1979) Англия, Франция (1868) ва Ҳиндистон кутубхоналарига (1976-1977) археографик экспедициялар уюштирган эди ва бунинг натижасида қатор ёзма манбалар тўғрисида маълумотлар, айримларининг микрофильм ва фотокопиялари юотимизга келтирилган эди.
Ҳозирги пайтда Шарқшунослик институти ва Ислом университети қошида шарқ қўлёзмаларини қабул қилиш арзеографик комиссиялари мавжуд бўлиб, уларда аҳоли ўртасида мавжуд ёзма манбаларни қийматини аниқлашга қодир мутахассислар бор.

2.4.1.    Тарихий манбаларни аниқлаш, танлаш ва таҳлил этиш
Назарий манбашуносликда энг зарур тарихий манбаларни аниқлаш, танлаш ва ниҳоят уни илмий таҳлил қилиш ҳар қандай катта кичик тадқиқотнинг дастлабки босқичи ҳисобланади.
Танланган мавзунинг илмий ҳамда назарий жиҳатдан тўғри ҳал этилиши кўп жиҳатдан ҳар қандай тадқиқотнинг асоси, пойдеворини ташкил этадиган манбанинг сифат ва салмоғига, яъни мукаммаллигига ва фактик материалга бойлигига боғлиқдир.
Манбашунослик талабларидан бири шуки, бирор мавзуни тадқиқ этишда бир эмас, балки бир неча манбалар турига – расмий ҳужжатлар, солномалар, гео-космографик, агиографик ва биографик асарларга асосланиб, улардаги маълумотларқиёсий солиштирилиб таҳлил этилса илмий тадқиқот  савияси ошиб, хулоса ва умумлашмалар ишонарли ва асосли бўлиб, унинг илмий аҳамияти ҳам катта бўлиши шубҳасиздир.
Тадқиқот учун ёзма манбаларнинг қайси бири асосий ва қайсилари ёрдамчи роль ўйнаши танланган мавзунинг характерига боғлиқдир. Масалан, иқтисодий-ижтимоий масалаларни ўрганишда расмий ҳужжатлар асосий бирламчи манба ролини ўтайдиган бўлса, сиёсий ҳамда маданий ҳаётни ёритиб беришда солномалар – тарихий асарлар ва биографик тазкиралар ҳамда адабий-бадиий асарлар етакчи ўринда турадилар. Лекин шунга қарамай, илмий тадқиқот олиб боришда фақат асосий ҳисобланган биргина бирламчи манба билан кифояланиб қолмай, имкон қадар бошқа иккинчи даражали манбаларга мурожаат этиш, уларни ҳам тадқиқотга жалб этиш мақсадга мувофиқдир.
Манбашунос олимларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, аксарият тарихий асарлар ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳамда маданий ҳаётга оид қимматли маълумотларга бой бўлади. Расмий ҳужжатларда ва биографик асарларда эса сиёсий тарихга оид қимматли фактларни, тарихий асарда йўқ маълумотларни учратиш мумкин.
Манбашуносликдаги илмий ишда кўп ва турли типдаги манбаларга асосланиб, тадқиқ этилмиш мавзуга оид барча манбаларни ишга жалб этиш бўдажак илмий асарнинг қийматини ва аҳамиятини белгиловчи асосий ва ҳал қилувчи омиллардан биридир.

2.5.    Амалий манбашунослик (йўналиши)
Амалий манбашунослик йўналиши бевосита ёзма манбаларни назарий манбашунослик тавсиясига биноан ўрганиш, излаб топиш, тавсиф этиш ва ўзи топган, мавзу учун янги ва керакли маълумотларни илмий муомалага олиб киришни назарда тутади.
Амалий манбашуносликда тадқиқотчи ўзи учун танлаб олган бирор мавзуга оид манбаларни танлаб олгандан кейин уларнинг ҳар бирини ташқи ёки моддий –техник белгилари ва ички мазмунига кўра гуруҳларга ажратиб илмий таҳлил этиши лозим.

2.5.1. Манбаларни ташқи белгилари моддий-техник маълумотларига қараб таҳлил этиш
Манбаларни ташқи белгилари ёки моддий-техник маълумотлари деганда қўлёзма китоб ёҳуд ҳужжат битилган қоғознинг ўлчами, қоғози, варақлар сони, муқоваси,матн ўлчами, хати, сиёҳи, хаттоти, асар номи, муаллифи, китобат тарихи, жойи каби маълумотлар назарда тутилади. Бу маълумотлар асар ёзилиш сабаблари, унинг ёзилган жойи ва ўша вақтдаги техник тараққиёт ва ижтимоий-сисий муҳитни ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Бу маълумотларни аниқламай туриб, асарда баён этилган воқеалар ҳақида, умуман асар ҳақида тўғри ва тўла тасаввурга эга бўлиш, унинг хусусида фикр билдириш мумкин эмас.
Қўлёзма китобларнинг муаллифи, асар номи, ёзилган вақти ва жойини аниқлаш қийин. Чунки қадимги қўлёзмаларда бугунги кундаги китоблардаги каби муқованинг ўзидаёқ асар номи, муаллиф номи, китоб бошланиши ва охиридаги каби зарурий маълумотлар келтирилмаган. Баъзи ҳолларда асар охири-хотимада унинг кўчирилган вақти ва жойи ҳамда котибнинг номи қайд этилади, халос.
Маълумотлар келтирилмаган тақдирда, асарнинг матни, ёзилиш ва китобати тарихи, қоғози, хати ҳамда тили ва тил услубига қараб таҳминан аниқланади. Бундай маълумотларни аниқлаш тадқиқотчидан катта ҳаётий тажриба ва юксак малакани талаб қилади ва бу анча қийин ва масъулиятли ишдир. Бундай масалаларни машҳур китоб билимдони Ибодулла Одилов, Абдуқодир Муродов, Абдулла Носиров каби юксак малакали мутахассисларгина бир неча ёзма манбаларни солиштириш, қиёслаш асосида ҳал қилиши мумкин.
Асар муаллифи ва унинг шахсини аниқлаш қўлёзма китобнинг илмий таҳлил этишда катта аҳамиятга эга. Бу асарнинг яратилиш тарихи ва унинг ёзилишига сабаб бўлган ижтимоий-сиёсий муҳитни аниқлаб олиш учун ҳам зурурдир.
Одатда, қадимги қўлёзма асарларда кўп ҳолларда муаллифнинг исми маълум ва кўзга ташланадиган жойда, масалан, асарнинг боши ёки охирида қайд этилмайди. Баъзан у муқаддима қисмида, ёки асар ўртасида, воқеалар баёни орасида бирон масала юзасидан тилга олинади. Кўп ҳолларда эса муаллиф ўзининг ҳақиқий исмини айтмай, “фақиру ҳақир”, “ожиз ва хоксор”, “бу ғариб банда” деб аташ билангина кифояланади. Бундай ҳолларда асар варақма-варақ, сатрма-сатр, алоҳида эътибор ва синчковлик билан ўрганилиши лозим. Шундай ҳам бўладики, асарнинг бирон ерида муаллиф ўзи, отаси ёки яқинлари ҳақида бир-икки калима айтиб ўтади. Ёки баён этилаётган влқеага ўзининг муносабатини (масалан, “Абдуллахон  тахтга ўтирган вақтда камина Ҳофизи Таниш ибн Мир Муҳаммад 33 ёшда эдим”) билдиради.
Асар муаллифининг шахси, яъни унинг қайси ижтимоий гуруҳга мансублиги, унинг дунёқарашини аниқлаш учун асарнинг умумий ғоявий йўналишини тўғри белгилаб олиш учун муҳим аҳамият касб этади.

2.6. Манбаларни ички белгиларига қараб таҳлил этиш
Манбаларни ички белгиларига қараб таҳлил этиш деганда қўлёзма асарнинг таркиби ва мазмунини таҳлил қилиш, тушунтириш, ғоявий-сиёсий савияси ва илмий қийматини аниқлаш масалалари англашилади.
Қўлёзма асарнинг илмий қийматини унда нималар баён этилганлиги, воқеа -ҳодисаларга муаллифнинг холис муносабати, келтирилган далил ва маълумотларнинг тўғрилиги ва олдинга сурилган фикр ва ғоялар билан белгиланади.
Тарихий асарнинг асл нусха, оригинал бўлиши ёки компилятив – яъни бошқалар маълумотларни териб ёки айнан келтириши, тўла ва ноқислиги, қисқалиги, воқеаларнинг қай тарзда баён этилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Илмий тадқиқотларда оригинал ва мўътабар қўлёзмаларга таяниб иш олиб бориш ҳар бир далил ва маълумот, рақамлар энг ишончли, нодир, бирламчи манбалардан олиниши керак.  Бошқалар китобида келтирилган маълумотлардан сақданиш лозим.
Ўтмиш жамият шароитида ёзилган асарларнинг муаллифлари кўпинча ўзлари келтираётган далиллардан тўғри хулоса чиқармайдилар, уларнинг фикрларида ноаниқлик, чалкашлик ва қарама-қаршилик ҳам учрайди. Бу табиий ҳол, албатта чунки улар яшаб ижод этган муҳитнинг ўзи зиддиятлар билан ажралиб турар эди.
Ёзма манбаларда қарама-қарши фикрлар билан бир қаторда холисона мулоҳазалар ҳам учрайди. Бундай пайтларда муаллиф кўпинча ўз фикр ва мулоҳазаларини пардозли иборалар ва истиорали сўзлар орасига яширади, гороскоп – одам туғилганда унинг тақдирини ёки бирон улуғ шахс иштирокида содир бўлиши мумкин бўлган муҳим воқеанинг натижасини сайёраларнинг ўша пайтдаги ҳолати ва ўрнига қараб  махсус жадваллар воситасида олдиндан белгилаш, шунингдек, кўп аср аввал бўлиб ўтган  ва айнан муаллиф баён қилмоқчи бўлган воқеага ўхшаш фактларни мисол тариқасида келтириш йўли билан баён этганлар.
“Абдулланома” асарининг муаллифи Ҳофиз Таниш Бухорий (ХУ1 аср) машҳур Жуйборий хожалардан бири хожа Муҳаммад Ислом (тахм.1493-1563) ва унинг “Етти иқлимнинг чаққон ҳисобчилари” бир бўлганда ҳам юздан бирини ҳам ҳисоблай ола олмайдиган беҳисоб бойликларига бўлган ўзининг салбий муносабатини Тафсир ва Ҳадис китобларига таяниб, мана шундай сўзлар билан ифодалаган: “Тафсират ул-мубтадин” нинг учинчи мисбоҳида (бобида) айтилганки, жаҳон аъёнлари бўлганликлари учунгина эмас, (балки) унга тегишли бўлишлари ва мол-дунёга ҳирс қўйишлан ўзини тиймаганликлари учун ёмондир. Шу боис ҳазрат рисолат паноҳ (Муҳаммад пайғамбар)... бу маънидан хабар берди (ва дедики) “Мол-дунёни дўст тутиш ҳар қандай гуноҳнинг бошидир. ”
Аштархонийлардан  Убайдуллахоннинг (1702-1711) котиби муаррих Мир Муҳаммад Амини Бухорий мазкур хоннинг ўлдирилиши сабабларини унинг фаолиятидаги нуқсонлардан, аниқроғи атрофига тубан ва сотқин кишиларни тўплаб олиб, салтанат ва халқ аҳволидан бепарво бўлганлигида кўради. У ёзади: “Равзат ус-сафо”да  айтилганки, (жаҳон устидан ҳукм юргизишнинг) биринчи шарти (шулки) ҳукмдор сир сақлай оладиган, муҳим давлат ишларида мустақил  фикрга эга бўлган маслаҳатчиларни тарбиялаб етказмоғи зарур. Жаҳон устидан ҳукм юргизишнинг иккинчи шарти шулки, (ҳукмдор) ўзига етук, оқил, виждонли, камтарин ва истеъдодли кишиларни яқинлаштирмоғи лозим... Шунга ўхшаш, “Cирож ул-мулук” китобида  ҳикоя қилинганки, Нуширвон  кунлардан бир куни бош коҳиндан сўради: “Давлатнинг инқирозига сабаб нима?” Бош коҳин жавоб қилди: “Бунинг сабаби учта. Биринчиси, давлатнинг умумий аҳволи олий ҳукмдордан яширин тутилса; иккинчиси, халқ подшоҳга нафрат руҳида тарбияланса; учинчиси, солиқ тўпловчиларнинг жабр-зулми ошиб кетса. ”
Мир Муҳаммад Амин Бухорий зикр этилган лавҳадан хулоса чиқариб бундай дейди: “Афсуски, ҳар уччала зарур шарт Саййид Убайдуллахон ҳукмронлигига тааллуқлидир... Подшоҳ ҳукмронлигининг иккинчи ярмида илгари ўтган подшоҳлар тариқидан, ота-боболарнинг тутимидан четга чиқди. Тамом куч-қувватини тубан ва заиф, суст ва манфур кишиларни тарбиялашга сарфлади, уларни ўзига яқинлаштирди; муттаҳамлар, ҳарам ходимлари ва хотинлар билан яқин муносабатда бўлди. Мана шуларнинг ҳаммаси унинг давлатини инқирозга учратди.”
Манбанинг таркиби ва мазмунини илмий таҳлил қилишдан кузатилган мақсад, унинг муҳим ва қимматли томонларини аниқлаш, унда келтирилган далилларнинг ишончлилиги ва тўғрисини бошқаларидан ажрата олиш ҳамда энг муҳими асарда баён этилган воқеани холис тарихчи нуқтаи-назаридан туриб баҳолай олишдан иборатдир.
Манбашунослик талабларидан бири шуки, ёзма манбани фақат унинг бир ўзида келтирилган далил ва маълумотларга қараб баҳолаб бўлмайди. Баъзи ҳолларда келтирилган далил сохта, баён этилган воқеа эса сохталаштирилган бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам бирон асар ҳақида қатъий бир фикр айтишдан аввал уни ўзига  ўхшаш бошқа асар билан солиштириб кўриш, келтирилган далилларни бир-бири билан солиштириш ва текшириш зарур.
Амалий манбашунослик қадимги даврлардан бошлаб то шу кунгача маълум даражада тажриба тўплади. Кўплаб ёзма ёдгорликларнинг энг асосийлари асл нусхада-факсимилеси, танқидий матни, таржима ва изоҳли таржимаси амалга оширилиб, чоп этишга эришилди. Турли қўлёзма фондлари, кутубхона ва музей, шахсий мажмуалардаги ёзма ёдгорликлар тавсифи фиҳрист-каталогларда эълон қилиниб, уларда амалга оширилган манбашунослик соҳасидаги тадқиқотлар натижалари умумлаштирилди.
Хуллас, манбаларни ўрганиш бўйича амалга оширилган ишлар, тажрибалар умумлаштирилиб, келшусида амалга оширилажак тадқиқотлар учун энг қулай ва истиқболли тадқиқ метод ва усулларини аниқлаб, белгилаб ва ишлаб чиқиб, уларнинг энг замонавийлари ва самарадорларини амалиётга қўллашни тавсия этиш зарур.
Сўнгги пайтда замонавий компютерларнинг ёзма манбаларни тадқиқ этиш имкониятидан фойдаланиш вақти келди. Бу ўринда замонавий талаба ва педагог интурнет хизматидан бемалол фойдалана олиши талаб этилади.
Умуман, назарий ва амалий манбашунослик бири-бирини  тўлдиради, бири иккинчиси учун асосий тадқиқот йўналиши ва услубларини белгиласа, иккинчиси биринчиси учун фактик материал жамлаб, асос бўлиб хизмат қилувчи далилларни йиғади.
Амалий манбашунослик назарий билим ва тажриба асосида манбашуносликнинг конкрет, муайян соҳаси, бўлими, даври масаласи ёки бирор манба юзасидан амалий, практик тадқиқот олиб боради, архив, музей, кутубхона ва шахсий мажмуаларда мавжуд ёзма манбаларни ўрганиб, энг қимматлиларини илмий муомалага олиб кириб, кенг жамоатчилик маънавий мулкига айлантиради. 

2.7. Фойдаланиладиган манба ва адабиётлар
1.    Б. А. Аҳмедов. Ўзбекистон тарихи манбалари. - Тошкент: “Ўқитувчи”. 2001.- 13-20 бетлар.
2.    Т. С. Саидқулов. Ўрта Осиё халқлари тарихининг тархнавислигидан лавҳалар. - Тошкент: “Ўқитувчи”. 1993. – 3-9 бетлар.
3.    Собрание восточных рукописей Академии наук Республики Узбекистан. История. Составители Д. Ю. Юсупова, Р.П.Джалилова. –Ташкент: “Фан”. 1998. –С. 3-7.
4.    Рукописная книга в культурах народов Востока. Книга первая.-Москва: ‘’Наука’’. 1987.-С.5-17.
5.    Манбашунослмкдан маърузалар мажмуаси. Тузувчи А. А. Мадраимов.-Т.: ТДПУ. 2001. - 10-18 бетлар.

2.8. Маъруза материалини мустаҳкамлаш учун бериладиган саволлар:
1.    Манбашуносликнинг қайси йўналишини биласиз?
2.    Назарий манбашуносликнинг мақсади ва вазифаси нимадан иборат?
3.    Амалий манбашунослик деганда нимани тушунасиз?
4.    Манбанинг ташқи моддий белгилари деганда нимани тушунасиз?
5.    Манбанинг ички белгилари – таркиби ва мазмуни нимадан иборат?

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин