Саналар
21.12.2024
Баннер
Абу-л-Муин Насафийнинг “Тамҳид” асари ҳақида
PDF Босма E-mail

Абу-л-Муин Насафий юртимиздан етишиб чиққан буюк мутакаллимлардан бўлиб, у қадимий шаҳарларимиздан Самарқандда Абу Мансур Мотуридий асос солган қарор топган мотуридия таълимотининг дунёда кенг миқёсда тарқалишида муҳим роль ўйнаган аллома ҳисобланади. Насафий ҳақида маълумот келтирилган манбаларда унинг қуйидаги китоблари зикр этилади[1]: “Шарҳ ал-жомеъи-л-кабир ли-ш-Шайбоний” (“Шайбонийнинг “Ал-Жомиъ ал-кабир” асарига шарҳ”), “Ал-ъумда фи усули-д-дин” (“Дин усуллари илми асослари”), “Изоҳу-л-манҳаж ли кавни-л-ақли ҳужжатан” (“Ақлнинг ҳужжат эканлиги тўғрисидаги далилларни ёритиш”), “Маноҳижу-л-аиммати фи-л-фуруъ” (“Фаръий масалаларда имомларнинг йўналишлари”)[2]. “Табсирату-л-адилла”, “Ат-Тамҳид ли қавоиди-т-тавҳид”, “Баҳру-л-калом”, “Тасаййуду-л-қавоид фи илми-л-ақоид” (“Калом илмида қоидаларни овламоқ”), “Ал-Ифсод ли-ҳадди-л-илҳод” (“Кофирлик найрангларини йўққа чиқариш”).

Ҳозирги маълумотларга кўра бу асарлардан “Табсира”, “Тамҳид” ва “Баҳру-л-калом”дан бошқалари бизгача етиб келмаган, деб ҳисобланади. Биз қуйида ушбу асарлардан “Тамҳид” хусусида тўхталмоқчимиз.

Тўлиғича “Ат-Тамҳид ли қавоиди-т-тавҳид” (“Тавҳид қоидаларига муқаддима”) номи билан аталган асар дин асослари ҳақида фикр юритади. У “Табсира” китобининг мухтасар, мўъжаз шакли, ёки бошқача айтганда, унинг муфассал фиҳристи кабидир. Чунки бу асарда “Табсира”нинг боблари ва фасллари айнан такрорланган[3]. Насафий ҳар бир масалани кўриб чиққандан кейин ўша масалани ўзининг “Тамҳид”ида мухтасар ҳолда баён қилганини сезиб, шундай дейди: “Мана бу масала бўйича гап ва далиллар кўп. Уларнинг баъзилари “Табсирату-л-адилла”да зикр қилинган. Бинобарин, ушбу “Тамҳид” номли китобимизда фақат унинг зикрини мухтасар қилганмиз”[4]. Шунга қарамасдан, “Тамҳид”нинг қиммати “Табсира”дан кам эмас. Чунки бу китоб ақидавий масалаларга чуқур киришмасдан, фақат аҳлу-с-сунна ва-л-жамоанинг қарашлари ҳақида тез ва қулай маълумот олишни хоҳлаган кишилар учун муҳим манба ҳисобланади. “Тамҳид” асарини илк бор 1986 йил араб олими Жибуллоҳ Ҳасан Аҳмад Мисрнинг “Дору-л-табиъати-л-Муҳаммадия” нашриётида чоп эттирди. Умумий ҳажми 33 бобдан иборат асарнинг дунёдаги турли мамлакатлари қўлёзмалар фондида 15 дан ортиқ нодир нусхаси сақланаётгани маълум[5]. Уларнинг аксарияти Туркия кутубхоналаридадир: 1. Atif Efendi кутубхонасида сақланаётган 719/1320 йилда кўчирилган, умумий ҳажми 181 варақ бўлган 1282 рақамли ҳамда 684/1285 йилда кўчирилган 117 варақдан иборат 1221 рақамли қўлёзма. 2. Üniversite кутубхонасида сақланаётган 534/1140 йилда кўчирилган, 53 варақдан иборат 268 рақамли қўлёзма. 3. Bayezid кутубхонасида сақланаётган 710/1311 йилда кўчирилган 158 варақдан иборат 3078 рақамли қўлёзма. 4. III Ahmed кутубхонасида сақланаётган 1866 рақамли қўлёзма. Ушбу қўлёзма 24 варақдан иборат бўлиб, кўчирилган санаси номаълум[6]. 5. Hamidiye кутубхонасидаги 722 рақамли жами 81 варақдан иборат нусханинг кўчирилган йили ва хаттоти номаълум. 6.  Fatih кутубхонаси сақланаётган 61 варақдан иборат 3084/I рақамли қўлёзма 687/1288 йил Муҳаммад ибн Аҳмад томонидан кўчирилган. 7.  Şehid Ali Paşa кутубхонасида сақланаётган 1579 рақамли 99 варақдан иборат қўлёзма 1201/1787 йил Абдурраҳим Муҳаммад томонидан кўчирилган. 8. Karaзelebizade кутубхонасида сақланаётган 347/5 рақамли 44 варақдан иборат қўлёзма Муҳаммад ибн Али томонидан 702/1303 йил кўчирилган.

Мисрнинг машҳур “Дору-л-кутуби-л-мисрийа” кутубхонасида мазкур асарнинг 41 рақам остида сақланаётган 735/1335 йил Бухорода хаттот Абу-л-Қосим Салоҳ ибн Жубайр томонидан кўчирилган қўлёзма, Б 22991 рақам остидаги 783/1379 йил Муҳаммад ибн Муҳаммад Шаҳир томонидан қўчирилган қўлёзма ҳамда 172 рақамли Йусуф Аҳмад Адҳам Ҳанафий томонидан 874/1470 йил Қоҳирада кўчирилган қўлёзмадан иборат учта нодир нусхаси мавжуд.

Шунингдек, “Тамҳид”нинг тўртта нусхаси ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида мавжуд: 1. 177/IV рақамли 47 варақдан иборат қўлёзма насх хатида 672/1274 йил номаълум хаттот томонидан кўчирилган. Китоб яхши сақланган. Таякиси чармдан. Варақлари сариқ шарқ қоғозидан бўлиб, ҳар бир бети пойгирланган. Фасллар қизил сиёҳ билан ажратилган. Асарнинг ушбу қисмида қабр азоби[7], ҳидоят ва залолат[8], қазо ва қадар[9], афъолу-л-ибод[10] (бандаларнинг амаллари), ризқ, мутавалладот[11] (инсон болалари) ва иститоат[12] каби каломий масалалар ёритилган. 2. 8221/I рақами остидаги 41 варақдан иборат қўлёзмани 1181/1768 йил Ёдгор Мирзо Қурбон Бухорода насх хатида кўчирган. Нусха пойгирланган. Калин шарқ қоғозида ёзилган. Ҳар бетда 19 катордан битилган. Китобнинг бошланишидаги 7 бетда доғлар пайдо бўлган. Муаллиф наздидаги айрим муҳим сўз ва жумлалар қизил сиёҳ билан ажратилган. Мазкур қисмда шиа аҳлидан бир жамоанинг хамр ва лавотани ҳалол санаганлиги кескин қораланган[13]. 3. 3185/V рақамли қўлёзма жами 18 варақдан иборат. У 739/1339 йил настаълиқ хатида сариқ шарқ қоғозига кўчирилган. Хаттоти номаълум. Муқова ва таякиси чармдан. Ҳар бетда 15 қатордан. Биринчи бети бошқа, афтидан, кейин кўчирилиб, қўшилган. Асосан, имон, шафоат, имомат ва азобу-л-қабр (қабр азоби) фаслларини қамраган. 4. 2521 рақамли қўлёзма 47 варақдан иборат. Кўчирилган санаси ва хаттоти номаълум. Юпқа шарқ қоғозида ёзилган. Ҳар бетда 15 қатор бор. Биринчи бетнинг муқоваси ажралган. Пойгирланган. Муқова ва таякиси чармдан. Бу қўлёзма нусхада ҳам баъзи жумлалар қизил сиёҳ билан ажратилган.

“Тамҳид” ҳажм жиҳатидан “Табсира”дан кичик, шунинг билан бирга, фаслларини айнан такрорлагани боис, мазкур асар “Табсира”нинг “Чўнтакбоп шакли” номини олган[14].

Асарнинг кўплаб нусхаларига эгалиги, шунингдек, Ҳусаний ибн Али Сифноқий (ваф. 710/1310) каби олимлар томонидан ёзилган бир қанча шарҳларга[15] ҳам эгалиги унинг калом илми тарихи, ривожланиш босқичларини ўрганиш ҳамда аксар адашган фирқаларга ўринли раддиялар бериш борасида қимматли манба эканлигини кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, ёшларни турли диний-сиёсий оқимларнинг бузғунчи ғояларидан асраш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришда Абу-л-Муин Насафий илмий-маънавий мероси муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Президентимиз айтганларидек, “Ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш”да аждодларимиз ҳаёт йўллари ва асарларининг роли беқиёсдир. Айниқса, Абу-л-Муин Насафий асарлари ақидавий масалалар чуқур илмий таҳлили ва ҳанафия мазҳабидаги мотуридия таълимотига хос ечими билан юртимиздаги барқарор тинчлик, шу билан бирга четдан кириб келаётган турли “ғоя”ларга раддиялар беришда алоҳида ўрин эгаллайди.



[1] Лакнавий. Ал-Фавоиду-л-баҳия. –Б. 90; Броккелман. Ж. 1. –Б. 547; Доирату-л-маорифи-л-исломия. Инглизча нашри. –Б. 414-415; Бағдодий. Изоҳу-л-макнун. Ж. 1. –Б. 156 ва Ж. 2. –Б. 563; Бағдодий. Ҳадяту-л-орифин. Ж. 2. –Б. 487; Қураший. Ал-Жавоҳиру-л-музия. –Б. 189; Қутлубуға. Тожу-т-тарожим. –Б. 58; Ҳожи Халифа. Кашфу-з-зунун. –Б. 225, 337, 484, 570, 1845; Умар Ризо Каҳҳола. Муъжаму-л-муаллифин. Ж. 12. –Б. 66; Муъжаму-л-матбуъоти-л-арабия ва-л-муарраба. Ж. 4. –Б. 1854; Зириклий. Ал-Аълом. Ж. 8. –Б. 301.

[2] Тўлиқроқ маълумот олиш учун қаранг: Оқилов С. Абу-л-Муин Насафий илмий мероси ва мотуридия таълимоти. –Б. 74-78.

[3] Насафий. Тамҳид. Муқаддима. –Б. 1; Абу-л-Муъин Насафий. Ат-Тамҳид ли-қавоиди-т-тавҳид (Тавҳид қоидаларига муқаддима). Элмурод ҳожи Холмурод ҳожи ўғли таржимаси. –Т.: Мовароуннаҳр, 2006. –Б. 96.

[4] Насафий. Тамҳид. –Б. 69.

[5] Қаранг: Оқилов С. Абу-л-Муъин ан-Насафий илмий мерооси ва мотуридийа таълимоти. –Б. 64-66.

[6] Язичиўғли М.Maturidi kelam ekolu’nun iki buyuk simasi: Ebu Mansur Maturidi ve Ebu’l-Mu’in Nesefi // Ankara universetesi basimevi. –Ankara, 1985. –Б. 253.

[7] ЎзФА Асосий қўлёзмалар фонди. № 177-III рақамли қўлёзма. –В. 190 а.

[8] Ўша манба. –В. 187 б.

[9] Ўша манба. –В. 187 а.

[10] Ўша манба. –В. 184 а.

[11] Ўша манба. –В. 183 а.

[12] Ўша манба. –В. 175 а.

[13] ЎзФА Асосий қўлёзмалар фонди. № 8221 рақамли қўлёзма. –В. 35.

[14] Насафий. Табсира. Ж I. Ebu’l Muоn Nesefо ve Tebsiratь’l-edille. –Б. 12.

[15] Сиғнакийнинг “ат-Тасдид” асари ҳақида “Табсира”нинг Туркиянинг Фотиҳ кутубхонасида 2907 рақами билан сақланаётган қўлёзма нусхасида маълумот берилган: Табсирату-л-адилла. Қўлёзма. –Истанбул: Фотиҳ кутубхонаси. Инв.2907. –В. 1а-1б.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин