Саналар
08.10.2024
Баннер
Амир Темур ва сохта халифа
PDF Босма E-mail

Амир Темур сиймоси нафақат ўзбек халқи ўтмиши, балки бутун жаҳон тарихида ўчмас муҳр бўлиб сақланиб қолган. Соҳибқирон ўз халқини ҳамда дунёдаги бошқа мусулмонларни турли зулм-ситамлар ва озорлардан халос қилиш билан бирга ислом динига хавф солиб турган кўплаб фитна ва бидъатларни ҳам бартараф қилган. Сохта халифалик даъвоси ҳам шулар жумласидандир. Дарҳақиқат, ҳозирда дунё ҳамжамиятига хавф солиб турган сохта халифалик ўтмишда ҳам долзарб муаммо саналган. Лекин ота-боболаримиз мазкур муаммони ҳали томир отмасиданоқ ижобий ҳал қила олганлар. Хўш, улар сохта халифаликни бартараф этишда қандай йўл тутишган? Буни машҳур тарихчи Ибн Халдун[1]дан эшитамиз:

“Мен Соҳибқирон Амир Темур ҳузурида бир неча кун истиқомат қилдим. Шу вақтларда қизиқ воқеа содир бўлди. Мисрга омонлик берилган куни Миср халифаларининг наслидан бўлмиш бир киши Соҳибқиронга мурожаат билан чиқди. У аз-Зоҳир Байбарс[2] томонидан тайинланган халифа Аҳмад  ал-Ҳоким ал-Аббосий[3] зурриётларидан эди. Мазкур киши Султон Амир Темурдан инсоф қилишини ва ота-боболарининг мансаби бўлмиш халифаликни унга топширилишини талаб қилди. Шунда Соҳибқирон: “Мен бу масалани фақиҳ ва қозиларга ҳавола қиламан. Улар қандай хулосага келсалар, мен ҳам шуни сенга инсоф билан ҳукм қиламан”, деди. Соҳибқирон фақиҳ ва қозиларни чақирди. Уларнинг орасида мен ҳам бор эдим. Халифаликни талаб қилаётган мазкур киши ва биз олимлар Соҳибқирон ҳузурига йиғилдик. Соҳибқироннинг таржимони Абдулжаббор ибн Нўъмон ал-Ҳанафий[4] талабгорга шундай деди: “Бу инсоф мажлиси, гапир”. Мазкур даъвогар: “Бу халифалик бизга ва бизнинг ота-боболаримизга тегишли. Чунки саҳиҳ ҳадисда: “Халифалик дунё тургунча Бану ал-Аббосникидир”[5], дейилган.  Шу боис ҳозир Миср халифалигига энг лойиқ номзод менман”, деди. Абдулжаббор бизни бу масалага ойдинлик киритишга чорлади. Биз бир оз жим қолдик. Сўнг Абдулжаббор яна бир бор: “Бу ҳадис ҳақида нима дейсизлар?”, деди. Шунда Миср қозиси Бурҳониддин Ибн Муфлиҳ ал-Ҳанбалий[6]: “Бу ҳадис саҳиҳ эмас”, деб жавоб берди. Абдулжаббор мендан бу ҳақда сўради. Мен: “Сизлар айтганингиздек, бу ҳадис саҳиҳ эмас”, дедим. Шунда Соҳибқирон: “Ундай бўлса, нега ҳозирга қадар халифалик аббосийлар қўлида бўлган?”, деб менга савол назари билан юзланди. Мен: “Аллоҳ сизни қўллаб-қувватласин! Расулуллоҳ (с.а.в.) вафотларидан сўнг мусулмонлар ўзларига раҳбар тайинланиши шарт ёки шарт эмаслиги борасида турли фирқаларга бўлиниб кетишди. Баъзи тоифалар бу шарт эмас, деган хулосага келишган. Хорижийлар[7] ҳам шулар жумласидан саналади. Бошқа тоифа мусулмонлар эса, диний ва дунёвий ишларни бошқариб туришда мусулмонларга раҳбар лозим, деган фикрни билдиришган. Лекин бу фикрларини исботлашда турлича йўл тутишган. Жумладан, шиалар[8] васият ҳадисига суянишган, яъни Расулуллоҳ (с.а.в.) халифаликни Али (р.а.)га васият қилиб кетганлар, деган ақидага асосан, халифаликка фақат аҳли байт ҳақлидир, деб ўйлашган. Шу билан бирга, шиалар халифалик Али (р.а.)дан кейин кимга ўтганлиги борасидаги қарашларнинг хилма-хиллиги боис жуда кўп фирқаларга бўлиниб кетишган. Аҳли сунна эса, бир овоздан шиаларнинг бу васиятни инкор қилади. Уларнинг наздида халифалик ижтиҳод орқали амалга оширилади. Яъни, барча мусулмонлар (Қурайш қабиласидан бўлган) аҳли ҳақ, фақиҳ ва адолатли бир кишини танлашиб, унга ўз ишларини топшириш орқали халифани сайлашади[9]. Шиаларнинг юқоридаги ақидасига кўра, халифалик Бану Ҳанафия[10]дан Бану Аббос[11]га ўтган, яъни Абу Ҳошим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн ал-Ҳанафия[12] халифаликни Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос[13]га васият қилган. Аббосийлар мазкур халифалик даъвосини ижро этиш мақсадида ўз даъватчиларини Хуросонга юборади. Бу ишни ўз зиммасига олган Абу Муслим[14] Хуросон ва Ироқни эгаллаб олади. Уларнинг бир гуруҳи Куфага ҳам келади ва аббосийлар даъвоси асосчисининг ўғли Абул Аббос ас-Саффоҳ[15]ни халифа этиб сайлайдилар. Сўнг аббосийлар ўз халифалигини аҳли сунна ва шиа ижмоъси асосида барпо қилишга киришади ва ўша даврда Ҳижоз ва Ироқда яшаган аҳли ҳилл ва ақд[16] га шу мазмунда мактуб ёзиб, халифалик мансаби борасида маслаҳатлашиб олишга чақиради. Ҳамма олимлар бир овоздан Абул Аббос ас-Саффоҳ халифалигига рози бўладилар. Шу йўл билан шиаларнинг Куфадаги тарафдорлари ижмо ва қон тўкиш йўли билан аббосийлар халифасига байъат қилишади. Кейинчалик халифалик Абул Аббос ас-Саффоҳнинг акаси ал-Мансур[17]га ўтади. Ал-Мансур эса, халифаликни ўз ўғлига васият қилади. Шу тарзда халифалик аҳд (валиаҳд тайинлаш) ёки замона мусулмонларининг ихтиёри билан аббосийлар сулолалари қўлига ўтади. Уларнинг охирги вакили Бағдод халифаси ал-Мустаъсим[18] бўлган. Ҳулаку халифа ал-Мустаъсимни енгиб, уни ўлдиргач, халифанинг қариндошлари ҳар тарафга тарқалиб кетади. Халифа ар-Рошиднинг авлодидан бўлган Аҳмад ал-Ҳоким бошчилигидаги бир қисми эса, Мисрга келади. Аз-Зоҳир Байбарс қўшин ва фақиҳлардан иборат аҳли ҳилл ва ақднинг ёрдами билан Аҳмад ал-Ҳокимни Мисрга халифа қилиб тайинлайди. Шу тариқа Мисрда халифалик яна аббосийлар қўлига ўтади. Бу бор ҳақиқат ва буни ҳеч ким инкор қилмаган”, деб жавоб бердим. Шунда Амир Темур даъвогарга юзланиб: “Қозилар ва муфтийларнинг сўзларини эшитдинг. Маълум бўлдики, фикримча, сен талаб қилган нарсангга ҳақли эмассан. Шундай экан, обрўинг борида жўнаб қол”, деди”[19].

Бу ҳикоянинг эътиборга молик жиҳати шундаки, халифа сайлаш масаласи Соҳибқирон Амир Темур бошчилигида Аҳли суннанинг уч мазҳаби вакиллари иштирокида кўриб чиқилган. Яъни, ҳанафий олимлардан Абдулжаббор ибн Нўъмон ал-Ҳанафий (шунингдек, Амир Темур атрофидаги барча олимлар ҳанафий мазҳабида бўлишган), ҳанбалий олимлардан Миср қозиси Бурҳониддин Ибн Муфлиҳ ал-Ҳанбалий ва моликий мазҳаби намоёндаси ва қозиси Ибн Халдун иштирокида мазкур талабгорнинг халифалик даъвоси сохта экани ошкор қилинган. Миср ўлкасида шофеъийлик мазҳаби кенг тарқалганини инобатга олсак, мазкур мунозарада шофеъий олимлар ҳам қатнашгани эҳтимолдан холи эмас. Мазкур уч уламо аҳли суннанинг аҳли ҳилл ва ақд аъзолари ичидан танлаб олинган аҳли ихтиёр сифатида масалага ойдинлик киритганлар. Ўтмишда рўй берган бу муаммо бугун яна такрорланмоқда. Ироқ ва Сурия давлатлари ҳудудида халифалик даъвоси ислом оламига раҳна солиб турган ҳамда бутун Аҳли сунна, жумладан, дунёнинг 126 та энг нуфузли дин арбоблари томонидан бу халифалик кескин қораланаётган бир пайтда ўтмишимизга назар солиб, ундан ибрат олиш муҳим аҳамият касб этади.

 

Маллабаев Абдуллоҳ

ТИУ Манбалар хазинаси

кичик илмий ходими

 



[1] Файласуф, тарихчи, ижтимоий илмлар билимдони ва тадқиқотчи олим Валийюддин Абу Зайд Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Халдун ал-Ҳазрамий ал-Ишбилий (а.р.) Воил ибн Ҳажарнинг зурриётларидан саналади. Ибн Халдун асли ишбилиялик бўлиб, 732-ҳижрий (милодий 1332) йили Тунис шаҳрида таваллуд топган. Унинг болалиги ҳам шу шаҳарда ўтган. Ибн Халдун Фос, Ғарнота, Талмисан ва Андалус шаҳарларига сафар қилган. У мазкур шаҳарларда турли мансабларда фаолият юритади. Бироқ фитначи ва туҳматчиларнинг иғвоси сабабли Тунисга қайтиб келишга мажбур бўлади. Кейинчалик Мисрга йўл олади. Уни Миср султони аз-Зоҳир Барқуқ яхши кутиб олади. Ибн Халдун Мисрда моликийлик мазҳаби бўйича қозилик лавозимида иш бошлайди. Ибн Халдун ўз она шаҳрининг миллий либосларини сақлаб қолиш мақсадида қозилик либосларини киймас эди. Кейинчалик Ибн Халдун мазкур мансабдан ҳам бўшайди ва 808-ҳижрий (милодий 1406) йили Қоҳира шаҳрида тўсатдан вафот этади. Ибн Халдун фасоҳатли, юз тузилиши чиройли, оқил ва она тилига садоқатли инсон бўлиб, адолатсизликдан нафратланиш ҳамда олий мартабалар сари интилиш унинг одати эди. Ибн Халдун султонлар олдида ҳам ўз мавқеига эга бўлган. Жумладан, Андалусга ташриф буюрганида Султон жуда шодланади ва уни кутиб олиш учун ўзининг махсус ходимларини юборади. Шунингдек, Соҳибқирон Амир Темур ҳам уни қаттиқ ҳурмат қилгани тарихий манбаларда ўз аксини топган. Ибн Халдунинг “Ал-ибар ва дивон ал-мубтада’ ва ал-хабар фи тарих ал-араб ва ал-ажам ва ал-барбар” номли асари уни жуда машҳур қилиб юборади. Мазкур асар “Тарих Ибн Халдун” номи билан ҳам юритилади. Бу асар етти жилддан иборат бўлиб, биринчи жилди “Ал-муқаддима” деб аталади ва унда ижтимоий илмлар асоси хусусида сўз боради. Ибн Халдуннинг “Муқаддима”си ҳамда унинг бошқа жилдлари француз ва бошқа тилларга ҳам таржима қилинган. Ибн Халдун “Ал-ибар” (Тарих Ибн Халдун) асарини “Ат-таъриф Ибн Халдун – муаллиф ал-китаб ва риҳлатуҳ ғарбан ва шарқан” (Китоб муаллифи Ибн Халдуннинг таржимаиҳоли ва унинг ғарб ҳамда шарққа сафари) номли фасл билан якунлаган. Мазкур фаслда Ибн Халдун ўзининг насаби, сийрати ва ўзи яшаган даврда содир бўлган воқае ва ҳодисларни баён қилади. Кейинчалик бу фаслни алоҳида китоб шаклида тасниф этган. Мана шу фаслда Ибн Халдун Соҳибқирон Амир Темурнинг Мисрни тинч йўл билан эгаллаши, одил сиёсати ва теран фикрлари ҳақида сўз юритади. Айниқса, Амир Темур ва Ибн Халдун орасида бўлиб ўтган тарих мавзусидаги суҳбат эътиборга молик. Ибн Халдун Соҳибқирон билан мунозара қилар экан, унинг тарих илми билимдони эканини эътироф этади. Шунингдек, Ибн Халдуннинг “Шарҳ ал-Бурда”, “Ал-Ҳисаб”, “Рисала фи ал-мантиқ” ва “Шифа ас-саил ли таҳзиб ал-масаил” номли асарлари ҳамда шеърлари бор. Унинг мазкур асарлари араб ва бошқа миллатга мансуб котиблар томонидан кўп марта кўчирилган. Шу билан бирга, Ибн Халдуннинг сийрати ва ижодига бағилшанган асарлар ҳам мавжуд. Муҳаммад ал-Хизр ибн ал-Ҳусайннинг “Ҳаят Ибн Халдун” асари, Лата Ҳусайннинг “Фалсафа Ибн Халдун” асари, Сатиъ ал-Ҳусарийнинг “Дирасат ъан муқаддима Ибн Халдун” номдаги икки жилдли асари, Муҳаммад Абдуллоҳ Анноннинг “Ибн Халдун: ҳаётуҳ ва туросуҳ ал-фикрия” асари, Юҳанно Қумайрнинг “Ибн Халдун” асари ва Умар Фарухнинг “Ибн Халдун” асари шулар жумласидан (Қаранг: Хайруддин аз-Зириклий. Ал-аълам – Қомус тарожим ли ашҳар ар-рижал ва ан-ниса мин ал-араб ва ал-мустаърибин ва ал-мусташриқин. Ж.3. – Байрут: Дар ал-илм ли ал-малайин, 1998. – Б. 330-331; Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Халдун. Тарих Ибн Халдун. Ж.2. – Байрут: Дар Ибн Ҳазм, 2003. – Б. 5-6).

[2] Фатҳ, ахбор ва осорлар соҳиби Рукнуддин аз-Зоҳир Байбарс ал-Алоий ал-Бундуқдорий ас-Солиҳий 625-ҳижрий (милодий 1228) йили Қипчоқ юртида таваллуд топган. Кейинчалик асирга тушиб, Сивасда қул сифатида сотиб юборилган. Байбарс шу тариқа Ҳалабга, сўнг Қоҳирага келиб қолган. Қоҳирада уни Амир Алоуддин Айдикин ал-Бундуқдор сотиб олади. Нажмуддин Айюб ас-Солиҳ Қоҳирани эгаллагач, Байбарсни ўзига хос хизматкор қилиб олади ва уни қулликдан озод этади. Ас-Солиҳ унга катта эҳтиром кўрсатар, ҳатто унга Мисрдаги аскарлар отабеги унвонини ҳам беради. Музаффар Қутуз даврида Байбарс Фаластиндаги мўғилларга қарши Қутуз билан бирга жанг қилади. Кейинчалик қўшин лашкарбошлари билан тил бириктириб, Қутузни ўлдиради ва 658-ҳижрий (милодий 1260) йилда Миср ҳамда Шом салтанатини ўз қўлиги олади. Байбарс дастлаб ўзи учун “ал-Қоҳир Абул-футуҳот” лақабини танлайди, кейинчалик бу лақабдан воз кечиб, “аз-Зоҳир” лақабини олади. Байбарс шижоатли ва қаттиққўл инсон бўлган. У жангларда шахсан ўзи иштирок этарди. Унинг мўғул ва салбчиларга қарши олиб борган жанглари тилларда достон бўлган. Шунингдек, Байбарс фатҳ борасида ҳам улкан ютуқларга эришган. Жумладан, ундан олдинги кўплаб халифа ва султонлар эгаллай олмаган Навба ва Данқала шаҳарларини фатҳ қилишга муяссар бўлган. 659-ҳижрий (милодий 1261) йилда Байбарс ҳокимиятни Миср ўлкасига кўчиради. Бунинг сабаби шунда эдики, бир шахс ўзини Байбарсга аббосий халифалар зурриёти эканини исботлайди. Байбарс уни халифа этиб сайлаб, унга нафақа ажратади. Халифага минбарларда султондан олдин дуо ўқилиб, исми тангаларга зарб қилинади. Лекин унинг фақат “халифа” деган номи бор эди, холос. Амалда эса, бошқарув Байбарс қўлида бўлган. Байбарс ҳақида ривоят ва хабарлар жуда кўп. У 676-ҳижрий (милодий 1277) йили Дамашқда вафот этади. Мақбараси “ал-Мактаба аз-зоҳирия” ёнида жойлашган. Муҳаммад Жамолуддиннинг у ҳақда ёзилган “Аз-Зоҳир Байбарс ва ҳазорат Миср фи асриҳ” номли асари мавжуд (Қаранг: Хайруддин аз-Зириклий. Ал-аълам – Қомус тарожим ли ашҳар ар-рижал ва ан-ниса мин ал-араб ва ал-мустаърибин ва ал-мусташриқин. Ж.2. – Байрут: Дар ал-илм ли ал-малайин, 1998. – Б. 79).

[3] Аббосийлар хонадонининг сўнгги вакили ал-Мустаъсим Бағдодда ҳалок бўлгач, мўғиллар халифалик таркибидаги шаҳарларни эгаллаб олдилар. Натижада халифаликка номзод сулола вакиллари турли тарафга тарқалиб кетадилар. Жумладан, 659-ҳижрий (милодий 1261) йилда Халифа аз-Зоҳирнинг ўғли Аҳмад бошчилигидаги араблар Мисрга келиб қоладилар. Аҳмад Халифа ал-Мустасъимнинг амакиси ва ал-Мустансирнинг укаси эди. Ўша пайтлар Миср ва Қоҳирада Айюбийлар салтанати тугаб, ҳукуматни турклар сулоласининг учинчи вакили аз-Зоҳир Байбарс бошқараётган эди. Байбарс аббосийларни ҳурсандчилик билан кутиб олди. У саройда турли табақа вакилларини йиғиб, қози Тож Ибн Бинт ал-Ағар бошчилигида мажлис ўтказади. Қози ўзи билан бирга келган араблар гувоҳлигида  Аҳмаднинг аббосийлар сулоласининг ҳақиқий вакили эканини исботлайди ва унга Байбарс ҳамда бошқа одамлар халифа сифатида байъат қилишади ва Аҳмадга “ал-Мустансир” лақабини берадилар. Жорий йилнинг сўнггида Аҳмад ал-Мустансир мўғиллар билан бўлган жангда ҳалок бўлади. Байбарс яна бир аббосий халифа сайлаш ҳаракатига тушади. Ниҳоят насл-насаби Халифа ар-Рошид ибн ал-Мустаршидга бориб тақаладиган бир кишини топади. Унинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Ҳасан ибн Абу Бакр Ибн ал-Амир Абу Али Ибн ал-Амир Ҳасан ибн ар-Рошид бўлиб, у билан ар-Рошид орасидаги ота-боболари халифалик мансабида фаолият юритмаган эди. Байбарс бошчилигида Миср ҳукумати Аҳмад ибн Ҳасанни расмий тарзда халифа этиб тайинлаб, унга “ал-Ҳоким” лақабини бердилар. Аҳмад ал-Ҳоким Байбарс ва ундан кейинги икки ўғиллари, сўнг ас-Солиҳ Қалавун ва унинг ўғли ал-Ашраф ва ан-Носир Муҳаммад ибн Қалавун даврида халифа бўлиб, 701-ҳижрий (милодий 1302) йилда вафот этган. Аҳмаднинг вафотидан сўнг халифалик унинг ўғли Абу ар-Рабиъ Сулаймон қўлига ўтади. Шу тариқа Мисрда аббосийлар халифалиги қарор топади (Қаранг: Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Халдун. Тарих Ибн Халдун. Ж.1. – Байрут: Дар Ибн Ҳазм, 2003. – Б. 1416-1417).

[4] Абдулжаббор ибн Нуъмон ал-Ҳанафий (а.р.) Амир Темурнинг хос олимларидан бўлиб, давлатни ҳанафий мазҳабига мувофиқ тарзда бошқаришда Соҳибқиронга кўмакдош бўлган. Баъзи манбаларда унинг исми Абдулжаббор ибн Абдуллоҳ ал-Хоразмий шаклида келади. Қози Алоуддин у ҳақда шундай деган: “Мен Абдужаббор билан бир мажлисда қатнашганман. Унинг ўта зийрак ва фозил инсонлигини кўрдим. Ундан қачон туғилганлиги ҳақида сўраган эдим, у: “Қирққа кириб қолдим”, деган эди. Абдужаббор Темурланг иштирокида Ҳалаб олимлари билан музокара ўтказган. Унинг Амир Темур олдидаги мартабаси баланд эди. Мен Акмалуддиннинг “Шарҳ ал-Ҳидоя” асарини кўрдим. Абдужаббор (а.р.) мазкур асарни мутолаа қилиб, ундаги баъзи мулоҳазали ўринларни белгилаб қўйган экан”. Ибн ал-Мибрад ўзининг “ар-Риёз” асарида шундай ёзади: “Абдулжаббор фиқҳ ва ақлий илмларни яхши билар, Темурланг ҳузурида олимларни имтиҳон қилиш мақсадида музокаралар уюштириб турар эди. У 808-ҳижрий (милодий 1405) йилда вафот этган”. Ибн Арабшоҳ у ҳақда қуйидагиларни ёзган: “Бу киши, яъни Абдулжаббор Темурнинг олими ва имоми бўлиб, фазилатли олим, мукаммал фақиҳ, муҳаққиқ тадқиқотчи ва ўта диққатли усул ва жадал билимдони эди. Унинг отаси Нўъмон самарқандлик бўлиб, фуруъ ал-фиқҳ бўйича ўз замонасининг энг кўзга кўринган олимларидан бўлган. Ҳатто уни “Иккинчи Нўъмон” деб ҳам аташар эди. Кўзлари ожиз бўлишига қарамай, дарс бериш билан шуғилланган. Ўша вақтда яшаган мовароуннаҳрлик аксарият олимлар фуруъ илмини Абдулжабборнинг отаси Нўъмондан ўрганганлар. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (а.р.) ҳам шу маълумотларни келтирган (Мавло Тақийюддин ибн Абдулқодир ат-Тамимий ад-Дорий ал-Иззий ал-Мисрий ал-Ҳанафий. Ат-табақот ас-сания фи тарожим ал-ҳанафия. Ж.4. – Ар-Риёд: Дар ар-Рифоъий, 1989. – Б. 262; Шайхулислом Ҳофиз Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Инба’ ал-ғумр би анба’ ал-умр. Ж.2. – Қоҳира: Матобиъ ал-Аҳром ат-тижория, 2011. – Б. 244). Мазкур манбаларда Абдулжаббор ибн Нўъмоннинг мўътазилий экани қайд этилган. Лекин унинг мўътазилий оқимига доир ақидавий қарашлари манбаларда ўз исботини топмаган. Абдулжабборнинг мўътазилий эканига таслим бўлсак-да, бу халифа сайлаш билан боғлиқ ушбу жараёнга асло таъсир кўрсатмайди. Зеро, Абдулжаббор фиқҳда ҳанафий мазҳабининг етук олими бўлган. Имомат ва халифа масаласи эса, фиқҳий масала бўлиб, унинг ақидага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ҳанафий мазҳабидаги ақидага доир манбаларда имомат мавзусининг кўтарилиши унинг ақидавий масала эканини англатмайди. Чунки ўша даврда рўй берган ҳодисалар шуни тақозо этган. Абу Ҳанифа (а.р.) имомат масаласи билан боғлиқ ихтилофлар жиддий тус олаётганини ҳасобган олган ҳолда уни ақидавий масалалар қаторида санаб ўтган. Аслида, имомат ва халифа масаласининг ақидага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шу боис бу ўринда Абдулжаббор ал-Ҳанафий (а.р.)нинг мўътазилий экани ҳеч нарсани ўзгартирмайди.

[5] Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий (а.р.) ўзининг “Тарих ат-Табарий” асарида бу ҳадис хусусида шундай дейди: “Аббосийлар ҳаракати Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қуйидаги сўзлари асосида авж олган: “Аббос (р.а.)ни биламан, халифалик унинг авлодларига қайтади”. Аббос (р.а.)нинг авлодлари Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг мазкур башоратларини доим кутиб ва ўзаро муҳокама қилиб юришар эди”. Лекин Шамсуддин аз-Заҳабий (а.р.) бу ҳадиснинг қанчалик ишончли ёки заифлиги ҳақида шундай ёзади: “Бу хабар саҳиҳ эмас. Лекин аббосийлар Аббос (р.а.)нинг авлодларини қаттиқ ҳурмат қилар ва суйишар эди. Ҳатто халифалик уларнинг қўлига ўтишини истар эдилар. Шу билан бирга Марвон ибн ал-Ҳакам сулоласига нисбатан қаҳр ва ғазабда эдилар. Аббосийлар бу ҳиссиётларини анча вақтгача яшириб юрдилар. Кейинчалик Хуросонда Абу Муслим бошчилигида олиб борилган зафарлар уларни тарих саҳнасига чиқишга ундади” (Қаранг: Шамсуддин аз-Заҳабий. Сияр аълам ан-нубала. Ж.6. – Қоҳира: Дар ал-ҳадис, 2006. – Б.226; Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий. Тарих ат-Табарий. Ж.4. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 1997. – Б. 344) .

[6] Абу Исҳоқ Бурҳонуддин ва Тақиюддин Иброҳим ибн Шамсуддин Муҳаммад ибн Муфлиҳ ибн Муфриж ар-Роминий ад-Димашқий (а.р.) 751-ҳижрий (милодий 1350) йили Ромин шаҳрида туғилган ва кейинчалик Дамашққа кўчиб ўтган. У Қуръони каримни тўлиқ ёд олган олимлардан бўлиб, илк таълимни отаси Шамсуддин Муҳаммад ибн Муфлиҳ (в. 763/1361)дан олган. Шунингдек, Жамолуддин Юсуф ибн Муҳаммад ал-Мардовий (в. 769/1367), Қози Баҳоуддин Абул Бақо Муҳаммад ибн Абдулбарр ас-Сабкий (в. 777/1375) ва бошқа шу каби бир қатор таниқли олимлардан таълим олган. Ал-Алимий (а.р.) ўзининг “ал-Манҳаж ал-аҳмад” номли асарида шундай ёзади: “Бурҳонуддин Ибн Муфлиҳ (а.р.) шайх, аллома, фақиҳ, ҳофиз ва ҳанбалий мазҳаби шайхи ҳамда раиси бўлган. У илм билан шуғилланиб, кўплаб шогирдларга таълим берган, шу билан бирга фатво ва дарс бериш ҳамда мунозара билан машғул бўлган. Унинг бир қанча асарлари мавжуд бўлиб, шуҳрати ва обрўси баланд олимлардан бўлган. Бурҳонуддин Ибн Муфлиҳ (а.р.) Мисрнинг  Солиҳия ва Соҳибия шаҳарларидаги “ал-Ҳадис ал-ашрафия” номли мадрасаларда мударрислик қилган.Умрининг сўнгги дамларида Мисрга сафар қилиб, у ерда Абул Ҳарам Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абул Фатҳ ал-Қалонисий (в. 765/1363) ва бошқа шайхлардан таълим олган. Дамашқда ҳанбалий мазҳаби бўйича қозилик лавозимида ишлаган. У фозил, етук имом ва фақиҳ ҳамда мазҳабини яхши ўзлаштирган олим сифатида танилган.  Ҳанбалий мазҳаби шайхлари у билан тугаган. Бурҳонуддин Ибн Муфлиҳ (а.р.)нинг “Фазл ас-солат ъала ан-Набий”, “Китаб ал-малоика”, Ибн Қудома (а.р.)нинг “ал-Муқниъ” асарига шарҳ, “Шарҳ Мухтасар Ибн ал-Ҳажиб”, “Табақот асҳаб ал-Имам Аҳмад”, “аз-Зуҳд ав аз-завоҳир” ва “ал-Жавоҳир” номли асарлари мавжуд. Олим умрининг сўнгги йилларида Мисрда фаолият юритган. Ибн Халдуннинг гувоҳлик беришича, Амир Темур Мисрни қамал қилганда Бурҳонуддин Ибн Муфлиҳ (а.р.) бошчилигида бир гуруҳ олимлар сулҳга рози бўлганлар. Соҳибқирон Амир Темур мазкур олимларга жуда яхши эътибор ва юксак эҳтиром кўрсатади. Натижада Бурҳонуддин Ибн Муфлиҳ (а.р.) бошчилигидаги олимлар эртаси куни Амир Темур билан Миср фатҳларида елкама-елка туриб иштирок этадилар. Бурҳонуддин Ибн Муфлиҳ (а.р.) 803-ҳижрий (1400) йилда вафот этган (Қаранг: Доктор Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ат-Тариқий.Муъжам мусаннафот ал-ҳанабала. Ж.4. – Ар-Риёд: Фиҳриса мактаба ал-Малик Фаҳд, 2001. – Б. 250-253; Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Халдун. Тарих Ибн Халдун. Ж.2. – Байрут: Дар Ибн Ҳазм, 2003. – Б. 3121).

[7] Хорижийлар ислом динида илк пайдо бўлган оқим тарафдорлари бўлиб, Али ва Муовия (р.а.)лар орасида бўлиб ўтган Сиффин жангги натижасида вужудга келган. Яъни, Али (р.а.) ва Муовия (р.а.) ўз тарафларидан юборилган икки ҳакам ёрдамида келишувга (таҳким)га рози бўладилар, лекин бир гуруҳ мусулмонлар бу келишувдан норози бўлиб, Али ва Муовия (р.а.)ни куфрда айблайдилар ва алоҳида фирқа сифатида ажралиб чиқадилар. Бу ҳодиса тарихда таҳким воқеаси номи билан машҳур. Хорижийларнинг пайдо бўлиши Али (р.а.)нинг фаолияти билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам Абу Ҳанифа (а.р.) шундай деган: “Агар Али (р.а.) бўлмаганида хорижийларнинг сийратини билмас эдик”. Аҳли суннанинг эътиқодига кўра, Али (р.а.) таҳким воқеасида ўз ижтиҳоди билан йўл тутиб, тўғри қарор қабул қилган. Лекин хорижийлар Али (р.а.)ни ижтиҳодда хатога йўл қўйган деб ҳисоблаб, уни кофирга чиқарганлар. Чукни хорижийлар қуйидаги оятнинг зоҳирига суяниб: “Бас, агар улардан бири, иккинчисининг устига тажовузкорлик қилса, бас, то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича, сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушингиз!” (“Ҳужурот” сураси, 9-оят), Муовия (р.а.)га қарши жанг қилиш лозим, деган ақида билан Али (р.а.)ни Қуръон буйруғига бўсунмаганликда айблайдилар. Аҳли суннанинг ақидаси бўйича эса, Али (р.а.) ёмонликни бартараф қилиш ва мусулмонларни ўзаро аҳил ва иноқ яшашларига шароит яратиш мақсадида таҳкимга рози бўлиб, мазкур оятни ҳам шу маънода таъвил қилган. Олимларнинг таъкидлашларича, хорижийлар йигирма фирқага бўлиниб кетган. Ҳар бир фирқанинг бошқаларидан ажралиб турадиган ақидавий қарашлари мавжуд. Лекин мазкур фирқаларни бирлаштириб турадиган асосий ва умумий эътиқодий омиллар ҳам мавжуд бўлиб, улар қуйидагилар: Али (р.а.) ва Муовия (р.а.)ни куфрда айблаш, Усмон (р.а.)ни кофир деб эътиқод қилиш, Жамал жангида иштирок этганларни куфрда айлаш, Али ва Муовия (р.а.) томонидан юборилган икки ҳакамни куфрда айблаш, таҳкимга рози бўлганларни, мазкур икки ҳакам ёки улардан бири тўғри иш тутган, деб ҳисоблаганларни кофирга чиқариш, золим султонга қарши бош кўтаришни жоиз деб билиш, гуноҳи кабира қилганларни кофир ҳисоблаш. Абул Ҳасан ал-Ашъарий (а.р.) охирги масалага баъзи мулоҳазаларни ҳам қўшган. Яъни, Абул Ҳасан (а.р.)нинг айтишича, хорижийларнинг наждотлар (Нажда ибн Омир тарафдорлари) Қуръон ва ҳадисда ҳадд белгиланган ёки ваъид келган гуноҳларни амалга оширганлар ўз тарафдорларини кофир санамайдилар. Чунки хорижийларнинг эътиқодича, ҳадд белгиланган ёки ваъид келган гуноҳларни бажарган хорижий фирқасига оид одамларнинг ўз номлари бор, масалан, зино қилган одам “зинокор”, ўғрилик қилган эса “ўғри” каби номлар билан аталадилар. Бу уларнинг шаръий номлари бўлиб, уларни мазкур номлардан ортиғи билан номлаш жоиз эмас. Наждотлар ўз тарафдорлари орасида кабира гуноҳ қилганларни куфрона неъматда айблайдилар, холос. Хорижийларга хос умумий хусусиятлар шулардан иборат. Саъдуддин ат-Тафтазоний (а.р.)нинг таъкидлашича, хорижийларнинг наждот фирқаси наздида халифа сайлаш вожиб эмас. (Қаранг: Абдулқоҳир ибн Тоҳир ибн Муҳаммад ал-Бағдодий ал-Исфароиний ат-Тамимий. Ал-фарқ байн ал-фирақ. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия. – Б. 49-50; Аллома, муҳаддис ва фақиҳ Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий. Минаҳ ар-равз ал-азҳар – фи шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар. – Байрут: Дар ал-башоир ал-исламия, 1998. – Б. 200, 210; Айдарбек Тулепов. Ислом ва ақидапараст оқимлар. – Тошкент: Шарқ, 2013. – Б. 43; Саъдуддин ат-Тафтазоний. Шарҳ ал-мақосид. Ж.5. – Байрут: Дар ли ат-тибаъа ва ан-нашр, 1998. – Б. 236).

[8] Шиалар ислом динида пайдо бўлган энг қадимги фиқалардан саналади. Улар илк марта ўз сиёсий қарашлари билан Усмон ибн Аффон (р.а.) халифалигининг охирги даврларида тарих майдонига чиқадилар. Али (р.а.) даврига келиб, шиалар анча ривожланиб қолади. Уммавийлар асрига келиб, шиаларга тазийқлар кучаяди. Уммавийларнинг уларга насибатан тажовузкорона муносабтда бўлишлари шиаларнинг Аҳли байт хусусида нотўғри ақидалари янада авж олади. Уммавийлар тарафидан Али (р.а.) ва унинг фарзандларига бўлган зулмлар натижсида шиалар сони аста-секин ортиб боради. Шиаларга нисбатан “рофизийлар” атамаси ҳам қўлланилади. Шиа оқимининг вужудга келиши бевосита Ибн Сабаъ билан боғлиқ. Мулла Али ал-Қорий (а.р.)нинг фикрича, у яҳудий бўлиб, ўзини мусулмон сифатида кўрсатган ва шу йўл орқали исломни бузишга ҳаракат қилган. Мулла Али ал-Қорий (а.р.) Ибн Сабаъни насроний динига катта ўзгартириш киритган Павлусга қиёслайди. Ибн Сабаъ фитналари сабабли Усмон (р.а.) суиқасдга учрайди. Кейинчалик Ибн Сабаъ Али (р.а.)ни илоҳийлаштиришгача боради. Али (р.а.) Ибн Сабаънинг бу қилмишларидан хабар топгач, унинг ўлими учун фармон чиқаради, лекин Ибн Сабаъ қочишга улгуради. Шиаларнинг асосий ақидалари қуйидагиларда намоён бўлади: 1. Имомат. Шиаларнинг эътиқодича, имомат умматга топшириладиган умумий манфаатга эга вазифалардан эмас. Балки имомат диннинг рукни ва исломнинг асосий қоидаси саналади. Шу боис Расулуллоҳ (с.а.в.) бу вазифага бепарво қараб, умматга топширишлари жоиз эмас. Балки Расулуллоҳ (с.а.в.) уммат учун бир имомни таъйин қилишлари вожибдир. Имом кабира ва сағира гуноҳлардан маъсум саналади. 2. Али ибн Абу Толиб  (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.) тарафларидан танланган халифа саналади. У барча саҳобийлардан афзал ҳисбланади. Али (р.а.) хусусидаги қарашларда шиалар турли фирқаларга бўлиниб кетганлар. Уларнинг баъзилари Али (р.а.)ни ҳаддан ортиқ улуғласа, айримлари ўрта ва мўътадил йўлни танлаганлар. Шиаларнинг мўътадил оқимлари Али (р.а.)ни бошқа саҳобалардан афзал санайдилар, лекин қолган саҳобаларни куфрда айбламайдилар. Шиаларнинг мутаасииб гуруҳлари эса, Али (р.а.)ни пайғамбар даражасига кўтариб: “Пайғамбарлик Али (р.а.)га тушган, лекин Жаброил (а.с.) хато қилиб, Муҳаммад (с.а.в.)га олиб келган”, деган бузуқ ақидада бўладилар. Ҳатто айрим мутаассиб фирқалар Али (р.а.)ни илоҳийлаштириб: “Илоҳлик имомлар ва уларнинг фарзандларида ўрнашган. Ҳар бир имомда илоҳлик мавжуд бўлиб, бу илоҳлик ундан кейинги имомга ўтади”, деган ақидани илгари сурганлар. 3. Маҳдий. Шиаларнинг аксарияти охирги ўн иккинчи имом ўлмаган,  тирик, у қайтиб келади ва зулмга тўлиб кетган ер юзини адолатга тўлдиради, деб эътиқод қиладилар. Жумладан, сабаийлар Али (р.а.)ни, кайсонийлар Муҳаммад ибн ал-Ҳанафия (а.р.)ни, Исно ашариялар эса Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ал-Аскарийни маҳдий деб эътиқод қиладилар. Айниқса, Исно ашариялар бу ақидага қаттиқ амал қиладилар. Улар ҳар куни шом намозидан сўнг Сардоб эшиги олдига келиб, Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ал-Аскарийни кутадилар, унинг исмини айтиб чақирадилар. Бу ҳол юлдузлар кўрингунча давом этади. 4. Ҳалол ва ҳаром. Баъзи шиалар бузуқ ақидаларини ҳалол ва ҳаром масаласига ҳам аралаштириб юборганлар. Улар хамр, ўлимтик ва маҳрамга никоҳланишни ҳалол деб эьтиқод қиладилар. 5. Тақия. Шиалар тазийқ кучайган вақтда ўз ақидаларини яширишни вожиб санайдилар. Шиаларнинг бу фирқаси қуйидаги оятни нотўғри таъвил қилган ҳолда ўзларига далил қилиб олганлар: “Имон келтирган ва савобли ишларни қилганлар учун – агар ширкдан сақланиб, имонда ва савобли ишларда давом этсалар, сўнгра сақланиб, имон келтирсалар, сўнгра  сақланиб, (одамларга) эзгулик қилсалар еб-ичган (ҳаром) нарсаларида гуноҳ йўқдир” (“Моида” сураси, 93-оят). Аслида бу оятни қуйидагича тушунмоқ лозим: “Имон келтирган ва савобли ишларни қилганлар учун – агар ширкдан сақланиб, имонда ва савобли ишларда давом этсалар, сўнгра (май ва қимордан) сақланиб, (ҳаромни ҳаром деб) имон келтирсалар, сўнгра (барча ҳаром ва шубҳалардан) сақланиб, (одамларга) эзгулик қилсалар олдин еб-ичган (ҳаром) нарсаларида гуноҳ йўқдир”. Шиаларнинг бу фирқасининг фикрича, Қуръонда келган бу каби ҳаромга оид ҳукмлардан Абу Бакр, Умар, Усмон ва Муовия (р.а.)лар каби инсонлар назарда тутилган. Қуръондаги фарзлардан эса, Али (р.а.) ва унинг авлодлари ирода қилинган. Шуларни мулоҳаза қилган ҳолда баъзи олимлар, хусусан, европалик тадқиқотчилар шундай хулосага келганки,  шиаларнинг ақидасига бошқа динларнинг эътиқодий қарашлари ҳам хуруж қилган. Жумладан, яҳудийлар, насронийлар, форслар, буддавийлик, монавийлик каби бир қатор динларнинг ақидавий қарашлари шиаларга катта таъсир ўзтказган (Қаранг: Аллома, муҳаддис ва фақиҳ Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий. Минаҳ ар-равз ал-азҳар – фи шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар. – Байрут: Дар ал-башоир ал-исламия, 1998. – Б. 200, 206; Имом Муҳаммад Абу Заҳра. Абу Ҳанифа: ҳаятуҳ ва асруҳ – ороуҳ ва фиқҳуҳ. – Қоҳира: Дар ал-фкир ал-арабий.  – Б. 122-127).

[9] Халифалик масаласида исломий фирқалар бир-биридан фарқли бўлган турли қарашларни илгари сурганлар. Аҳли суннанинг ақидаси бўйича, биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.) беморликларида Абу Бакр (р.а.)ни ўзларига ўринбосар қилиб, намоз ўқиб беришга буюрганлар. Оиша (р.ҳ.)дан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Расулуллоҳ (с.а.в.) беморликларида менга шундай дедилар: “Менга отангиз ва акангизни чақиринг. Мен Абу Бакр (р.а.)га бир мактуб ёзиб бераман. Чунки Мен бирор орзуманд одам: “Мен (халифаликка) лойиқроқман”, деб қолишидан қўрқаман. Аллоҳ ва мўминлар Абу Бакр (р.а.)дан бошқасини рад қиладилар”. Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзларидан кейин Абу Бакр (р.а.)нинг халифа бўлишини хоҳлар ва мусулмонлар Абу Бакр (р.а.)дан бошқасига рози бўлишмаслигини билар, лекин мусулмонлар орасида ўзаро машварат қилиш суннат бўлиб қолиши учун буни очиқ-ойдин сўзламас эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) мактуб билан ёзма равишда халифаликни топширмаганлар. Агар топширганларида Абу Бакр (р.а.)га топширар эдилар. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз ўринбосарини ёзма равишда эълон қилишга ҳожат йўқлигини ва барча мусулмонлар бир овоздан Абу Бакр (р.а.) номзодига рози эканлигини билар эдилар. Бу Расулуллоҳ (с.а.в.) мўъжизаларидан бири бўлиб, У зот Аллоҳнинг иродаси билан ғайбдан хабар берган эдилар. Шу боис Расулуллоҳ (с.а.в.) Аллоҳнинг иродаси ва умматнинг ихтиёри билан кифояланиб, ёзма шаклда эълон қилишдан воз кечганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.) вафотларидан сўнг ансорларнинг барчаси Бану Соъад ҳовлисида Абу Бакр (р.а.)нинг халифалигини тан олдилар. Лекин Саъд ибн Аббода (р.а.) Абу Бакр (р.а.)га байъат қилмайди. Чунки унинг ўзи халифаликка даъвогар эди. Кейинчалик қарши тарафлар ҳам Абу Бакр (р.а.)нинг халифалигини тан олади. Али (р.а.) ўз ижтиҳод ва назарларини мушоҳада қилгандан сўнг гувоҳлар олдилда Абу Бакр (р.а.)га байъат қилади. Чунки Али (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг дафн маросимлари билан банд бўлиб, жуда қаттиқ ғамга ботган эди. Шу боис васиятларни адо қилгач, кейинроқ халифа сайлаш маросимига қўшилган. Яъни, Али (р.а.) жамоат қаторидан жой олган. Шиалар Али (р.а.)нинг бу ишини тақия сифатида қабул қилишган. Бу нотўғри ақида, зеро, Али (р.а.) жамоатдан ичида-ю ташида асло ажрамаган. Шу ҳодиса асносида ҳеч бир саҳоба: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Бакр (р.а.) ва бошқаларга ҳам халифаликни топширган”, деган сўзларни айтмаган. Илк халифа Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг очиқ-ойдин насс (ҳадислари) билан тайинланмаган, балки саҳобалар ўз ихтиёрлари билан сайлаганлар. Агар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бу борада равшан ҳадислари бўлганида эди, саҳобалар ўз ижтиҳодлари билан йўл тутмас эдилар. Шиалар эътиқод қиладиган васият даъвоси асоссиздир. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.) очиқ-ойдин насс (ҳадислари) билан Али (р.а.)га мактуб (саҳифа) топшириб, уни халифа этиб тайинлаганлар, деган нотўғри эътиқоддадирлар. Агар Али (р.а.)да мазкур мактуб бўлганида уни яширмасдан ҳаммага эълон қилган бўлар эди. Ислом динида илк халифа шу тарзда сайланган. Абу Бакр (р.а.) вафотидан сўнг Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.) халифа бўлди. Унинг халифалиги ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) томонидан ишора бўлган эди: “Оиша (р.ҳ.)дан сўрашди: “Агар Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзларидан кейин халифа сайлаганларида кимни тайинлар эдилар?” Шунда Оиша (р.ҳ.): “Абу Бакр (р.а.)ни”, деди. Ундан: “Абу Бакр (р.а.)дан кейинчи?”, деб сўрашди. Оиша (р.ҳ.): “Умар (р.а.)ни”, деди. Ундан яна: “Умар (р.а.)дан кейинчи?”, деб сўрашди. Оиша (р.ҳ.): “Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ (р.а.)ни”, деб жавоб берди. Сўнг шу ерда тўхтатди”. Қолаверса, Абу Бакр (р.а.) халифаликни Умар (р.а.)га расман ёзма равишда топшириб: “Мен сизларга Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.)ни халифа қилиб қолдираман”, деган. Абу Бакр (р.а.) ҳаёти тугаб бораётганини фаҳмлагач, Усмон (р.а.)ни чақириб, Умар (р.а.)нинг валиаҳд эканини билдирувчи бир мактуб ёздиради. Мактубни ёзиб, муҳр босади ва ҳаммага эълон қилиб, саҳифада ёзилган шахсга байъат қилишга чақиради. Мусулмонлар бир овоздан: “Биз бу саҳифада номи тилга олинган шахсга, гарчи у Умар (р.а.) бўлса-да, байъат қилдик”, деб рози бўладилар. Шу тариқа Умар (р.а.) иккинчи халифа сифатида сайланади. Умар (р.а.) хоинлар томонидан яралангач, халифаликни олти улуғ саҳобий машваратига ҳавола қилиб: “Халифалик шулардан бошқасидан чиқмайди”, дейди. Улар Усмон, Али, Абдураҳмон ибн Авф, Талҳа, Зубайр ва Саъд ибн Абу Ваққос (р.а.)лардир. Мазкур саҳобалар бошқалардан кўра улуғ ва халифаликка лойиқ бўлгани учун Умар (р.а.) ишни уларга топширади. Шартга кўра, мазкур олти саҳоба ўзаро маслаҳатлашиб, кимни лойиқ деб топишса, ўша одам халифа бўлиши керак эди. Абдураҳмон ибн Авф (р.а.) халифа бўлишдан бош тортади. Қолган беш саҳоба эса, Абдураҳмон ибн Авф (р.а.)ни ҳакам сайлаб, ўзларини унинг ихтиёрига топширадилар. Ҳаммалари бир овоздан Абдураҳмон ибн Авф (р.а.) кимни танласа, ўшани халифа деб эълон қилишга келишиб оладилар. Абдураҳмон ибн Авф (р.а.) Али (р.а.)нинг қўлидан ушлаб: “Сени Аллоҳнинг Китоби, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатлари ва икки шайх (Абу Бакр ва Умар (р.а.)лар)нинг сийрати билан ҳукм қилиш шарти билан волий (бошлиқ) қиламан”, дейди. Али (р.а.) эса: “Мен Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатлари ҳамда ўз раъй (фикрим) билан ижтиҳод қиламан”, деб жавоб қайтаради. Сўнг Абдураҳмон ибн Авф (р.а.) Усмон (р.а.)га ҳам ҳудди шундай дейди. Усмон (р.а.) унинг гапини маъқуллаб, рози бўлади. Абдураҳмон ибн Авф (р.а.) шу тарзда иккала саҳобийга уч мартадан юқоридаги сўзларини айтади. Али (р.а.) ҳар сафар ўз жавобида қолади, Усмон (р.а.) эса Абдураҳмон ибн Авф (р.а.) таклифини қабул қилади. Сўнг Абдураҳмон ибн Авф (р.а.) Усмон ибн Аффон (р.а.)ни танлайди ва саҳобалар кўз ўнгида унга байъат қилади. Қолган саҳобалар ҳам ҳеч бир низосиз Усмон ибн Аффон (р.а.)нинг халифалигини қабул қиладилар. Зеро, Усмон (р.а.)да халифалик шартларининг ҳаммаси мавжуд эди. Али (р.а.)нинг “Ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан”, деган сўзлари унинг Усмон ва Абдураҳмон ибн Авф (р.а.)ларга қарши эканини англатмайди, балки Али (р.а.) ўзи мужтаҳидлардан бўлиб, унинг мазҳабига кўра, мужтаҳид ўз ижтиҳодига эргашиши вожиб бўлиб, бошқа мужтаҳидларга тақлид қилиш жоиз саналмаган. Усмон ва Абдураҳмон ибн Авф (р.а.)ларнинг мазҳабига кўра эса, мужтаҳид ўзидан фақиҳроқ ва олимроқ бошқа мужтаҳидга тақлид қилиш, ўз ижтиҳодидан воз кечиб, унинг ижтиҳодига эргашиши жоиз ҳисобланар эди. Имом Абу Ҳанифа (а.р.) ҳам айнан шу фикрни олган. Учинчи халифа шу тариқа сайланган эди. Кейинчалик Усмон (р.а.) шаҳид бўлгач, мусулмонлар орасида фитна қўзғалди. Усмон (р.а.)нинг қотиллари ва фитначилар халифаликка даъвогарлик қила бошладилар. Саҳобалар бу фитнани бостириш учун Али (р.а.)га мурожаат қилиб, халифаликни ўз қўлиги олишни таклиф қилдилар. Лекин Али (р.а.) Усмон (р.а.)га уюштирилган суъиқасдни мулоҳаза қилиб, бу таклифни қабул қилмади. Сўнг саҳобалар халифаликни Талҳа (р.а.)га таклиф қилдилар, аммо у ҳам бош тортди. Саҳоблар ниҳоят Зубайр (р.а.)га ҳам шу таклифни билдирдилар, бироқ у ҳам рози бўлмади. Усмон (р.а.)нинг вафотидан уч кун ўтгач, муҳожир ва ансорлардан иборат саҳобалар йиғилиб, ислом динин сақлаб қолиш ва Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг юртлари бўлмиш Ҳижрат ҳовлиси – Мадинани ҳимоя қилиш мақсадида халифаликни қабул қилишини илтимос қилиб сўрайдилар. Али (р.а.) қаттиқ қистовдан сўнг ва ўзи ҳам бу ишнинг мусулмонлар учун манфаатли эканини англаб етгач, халифаликни қабул қилди. Зеро, Али (р.а.) ўша вақтда саҳобаларнинг энг олими, энг афзали ва халифаликка энг лойиғи эди. Буни ҳеч ким инкор қилмас эди. Саҳобаларнинг аксарияти Али (р.а.)га байъат қилдилар. Тўғри, баъзи саҳобалар Али (р.а.)га байъат қилишдан бош тортишган. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, халифа сайлаш ва байъат қилишда бутун умматнинг ижмоъ қилиши – бир овоздан қабул қилиши шарт бўлмаган. Чунки Али (р.а.) халифаликни қабул қилиб олганда Талҳа, Зубайр, Саъд ибн Абу Ваққос, Саъид ибн Зайд ва бошқа бир қатор саҳобалар Али (р.а.)га бўйсуниш ва унга ёрдам беришдан бош тортганлар. Лекин уларнинг байъатисиз ҳам Али (р.а.)нинг халифалиги дуруст бўлган. Шунинг учун ҳам умматнинг сайловга лаёқатли бўлган бир қисмининг байъати билан ҳам халифалик тайинлаш дуруст бўлган. Бу даврдаги ихтилофларнинг вужудга келишига саҳобаларнинг шахсий ижтиҳодлари сабаб бўлган. Жумладан, Али (р.а.) Усмон (р.а.)нинг қотилларига жазо бермаган. Чунки унинг ижтиҳодига кўра, улар боғий саналганлар. Боғийларнинг ҳам ўз таъвиллари ва кучлари бўлган. Улар ўз ижтиҳодларига таянган ҳолда Усмон (р.а.)нинг баъзи ишларини шариатга зид, деб қабул қилганлар ва шу сабаб билан уни ўлдирганлар. Сўнг боғийлар Али (р.а.)га таслим бўлганлар. Али (р.а.)нинг ижтиҳодига кўра, боғий адолат аҳли Имомига бўйсунса ва адолат аҳлининг мол-мулкига талофат етказиш, уларнинг қонини тўкиш ва баданларига жароҳат етказиш каби олдинги жиноятларига жазо бермаслик шарти билан Имомга таслим бўлса, Имомга бундай вазиятда мазкур боғийни ўлдириш ва уни талабгорлар (қасоскорлар)га топшириши мумкин бўлмайди. Боғийни жазолаш керак бўлган тақдирда ҳам, боғийларнинг шавкати сингач, куч-қувватлари сусайиб, бошқа фитна тарқатмасликлари аён бўлсагина, Имом боғийни жазолаши керак бўлади. Лекин Али (р.а.) халифалигида бу шартлар топилмаган, боғийлар кучли бўлиб, шуҳрати ҳам кенг тарқалган эди. Али (р.а.) мана шундай мурраккаб вазиятда ўз ижтиҳоди билан тўғри ҳукм чиқарган. Талҳа ва Зубайр (р.а.)ларнинг ижтиҳодлари ҳам зоҳиран тўғри бўлган. Улар шариатнинг зоҳирий далилларига суяниб, қасдан ва ноҳақ мусулмон қонини тўккан одамдан қасос олиш вожиб, деган ақидада ҳукм чиқарганлар. Лекин уларнинг бу ижтиҳоди хато эди. Лекин ижтиҳодда хато қилганлари боис гуноҳкор саналмайдилар. Зеро, иккиси ҳам мужтаҳидлардан бўлган. Али (р.а.)нинг ижтиҳоди эса тўғри бўлган. Мазкур саҳобалар Али (р.а.)нинг халифалигига шубҳа билан қарамаганлар, балки унинг ижтиҳодини нотўғри санаганлар, холос. Шунинг учун ҳам кейинчалик Талҳа ва Зубайр (р.а.)лар қилган ишларидан пушаймон бўлганлар. Шунингдек, Оиша (р.ҳ.) ҳам Жамал воқеасидаги ҳатти-ҳаракатларидан кейинчалик пушаймон бўлиб, рўмоли хўл бўлгунча йиғлагани тарихдан маълум. Муовия (р.а.)ни ҳам шулар қаторига қўшиш мумкин. Аммо Муовия (р.а.) ўз ижтиҳодидан қайтмай, охиригача курашган. Шунинг учун аҳли сунна олимлари унинг боғий ёки боғий эмаслигида турли фикрларни билдирганлар. Жумладан, Али ал-Қорий (а.р.) Муовия (р.а.)ни боғий деганларнинг фикрини маъқуллаган. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) Аммор (р.а.) ҳақида шундай деганлар: “Амморнинг ҳолига вой! Уни боғий гуруҳ қатл қилади”. Маълумки, Аммор (р.а.) Али (р.а.) тарафида туриб жанг қилган. Шунингдек, Али (р.а.) таҳким воқеасида ҳам тўғри ижтиҳод қилган. Бу ҳақда олдин маълумот бердик. Али (р.а.) вафотидан сўнг унинг ўғли Ҳасан ибн Али (р.а.) халифа этиб сайланади. Ҳасан (р.а.) даврида ҳам Али ва Муовия (р.а.)лар орасида бошланган можаро давом этади. Ниҳоят Ҳасан (р.а.) мусулмонларнинг тинчлиги ва бирдамлигини ўйлаб, мусулмонлар қони тўкилишининг олдини олиш мақсадида халифаликни Муовия (р.а.)га топширади. Ислом дини тарихида ҳақиқий халифалик Расулуллоҳ (с.а.в.) башорат берганларидек ўттиз йил давом этган. Жумладан, Абу Бакр (р.а.) икки йилу уч ой, Умар (р.а.) ўн йилу олти ой, Усмон (р.а.) ўн икки йил, Али (р.а.) тўрт йилу тўққиз ой ва Ҳасан (р.а.) олти ой халифалик қилган. Зеро, Саъид ибн Жумҳон (а.р.) Сафина(р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Халифалик умматимда ўттиз йилдир. Ундан сўнг подшоҳликдир”. Сўнг Сафина (р.а.) менга шундай деди: “Ўзинг ҳисобла, Абу Бакр (р.а.) халифалиги, сўнг Умар (р.а.) халифалиги, Усмон (р.а.) халифалиги ва Али (р.а.) халифалигини ҳам ҳисобла. Биз халифаликни ўттиз йил давом этганини кўрдик”. Шунда Саъид (а.р.) Сафина (р.а.)га: “Бану Умайя (уммавийлар) халифалик бизда деб ўйлашади-ку?!”, деди.  Сафина (р.а.): “Бану Зарқо (уммавийлар)” ёлғон сўзлабди. Балки улар подшоҳлардир, подшоҳларнинг ҳам энг ёмонидир”, деди. Мазкур халифаликдан мурод “хилофат ан-нубувва”, яъни Расулуллоҳ (с.а.в.) халифаларидир. Зеро, мазкур беш улуғ саҳобий ҳақиқий маънода Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўринбосари бўлганлар. Улар суннатга амал қилишда, яшаш тарзи, муомала, ҳукм чиқариш – ҳаётнинг барча соҳасида Расулуллоҳ (с.а.в.)га эргашар эдилар. Улар подшоҳлардек тахтда ўтирмаганлар, либослари оддий фуқаронинг либосидан фарқ қилмас, таомлари амирлардек шоҳона бўлмаган. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг мукаммал халифа – ўринбосарлари эдилар. Демак, халифалик Ҳасан (р.а.)нинг ҳукмронлигидан сўнг ўз поёнига етган. Бундан шуни хулоса қилиш мумкинки, Муовия (р.а.) энг биринчи подшоҳ саналади. Муовия (р.а.) давридан бошлаб раҳбарлар подшоҳлардек ҳаёт кечира бошлайдилар. Давлат бошқаруви, ҳукм чиқариш, кийиниш тарзи ва бошқа масалаларда шоҳоналик ўз аксини топиб боради. Лекин Ҳасан (р.а.) халифаликни ўз қўли билан топширгач, Муовия (р.а.) ҳам ҳақиқий имомга айланган. Чунки Али (р.а.) вафотидан сўнг мусулмонлар иккига ажралиб қолдилар. Шомлик бир гуруҳ мусулмонлар Муовия (р.а.)ни қўллаб-қувватлаган бўлсалар, иккинчи тоифа мусмулмонлар эса Ҳасан (р.а.) халифа сифатида тан олиб, асосан Ироқда истиқомат қилганлар. Ҳасан (р.а.) отасининг вафотидан олти ой ўтгач, халифаликни Муовия (р.а.)га топширади. Демак, ҳақиқий ва комил халифалик Абу Бакр, Умар, усмон, Али ва Ҳасан (р.а.)лар фаолияти тугаши билан якун топган. Муовия (р.а.)дан кейин мутлақ халифалик бошланади. Буни Жобир ибн Сумра (р.а.)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисдан билиб олиш мумкин: “Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар: “Мендан сўнг ўн икки халифа бўлади ва уммат уларнинг барчасига ижмоъ қилади”. Сўнг У зот яна нимадир дедилар, менг англамай қолдим. Шунда ёнимда ўтирган бир кишидан сўрадим. У: “Уларнинг барчаси Қурайшдандир”, деди”, деб жавоб берди”. Бу Абу Довуд (а.р.)ва Имом Муслим (а.р.) ривояти, Имом Бухорий ва Имом Термизий (а.р.)лар ривоятида “ўн икки амир” ибораси қўлланилган. Баззоз (а.р.) ривоятида: “Сўнг Расулуллоҳ (с.а.в.) уйларига қайтдилар. Мен У зотнинг ҳузурига бориб: “Сўнг нима бўлади?”, деб сўрадим. У зот: “Ҳараж”, дедилар”. “Ҳараж”дан мурод қиёматдан хабар берувчи фитна ва қотилликлардир. Мазкур ўн икки халифанинг қачон ҳукмронлик қилиши борасида турли қарашлар мавжуд. Жумладан, Абул Фараж Ибн ал-Жавзий: “Бу мансабга фақат халифаликка лойиқ бўлган адолатли кимсаларгина эришади, буни тўрт рошид халифа мисолида кўрдик, бу Қиёматга қадар давом этади, Расулуллоҳ (с.а.в.) башорат берган Имом Маҳдий ҳам шулардандир”, деган хулосани берган. Яна бир ривоятда айтилишича, Дониёл (а.с.) китобида шундай ёзувлар бор: “Бу ўн икки халифа Қиёматга яқин Имом Маҳдий вафотдан сўнг чиқади. Маҳдий вафот этганидан сўнг катта насл (Ҳасан ибн Али (р.а.)нинг авлодлари)дан беш киши подшоҳ бўлади. Улардан сўнг кичик насл (Ҳусайн ибн Али (р.а.) авлодлари)дан беш киши подшоҳлик қилади. Сўнг улардан охиргиси халифаликни катта наслдан бўлган бир кишига васият қилади. Мазкур васият олган киши вафот этгач, унинг ўғли подшоҳ бўлади. Шу билан ўн икки подшоҳ тўлиқ бўлади ва уларнинг ҳар бири Имом Маҳдийдир”. Ал-Муҳаллаб (а.р.): “Бир вақтнинг ўзида ўн икки киши халифаликка даъвогар бўлади ва уларнинг барчаси Қурайшдандир. 500-ҳижрий (милодий 1106) йилда Андалуснинг ўзида олти киши ўзини халифа деб эълон қилди. Бу вақтда Миср ҳокими ва Бағдоддаги аббосий халифа ҳамда алавий ва хорижийлардан ҳам халифаликни даъво қилганлар бор эди”, дейишади. Имом Термизий (а.р.) бу фикрнинг нотўғрилигини шундай изоҳлайди: “Бу фикрга ҳадисда зикр қилинган қуйидаги сўзлар билан раддия билдирилади: “Умматнинг барчаси уларга ижмоъ қилади”. Дарҳақиқат, бир вақтнинг ўзида ўн икки халифанинг мавжуд бўлиши ижмоъни эмас, балки тафриқани тақозо этади”. Бошқа олимлар эса: “Мазкур ҳадисда халифалик ва ислом дини куч-қувватга тўлган, давлат бошқаруви тўғри ва адолатли бўлган ва барча уммат ижмоъ қилган ўн икки халифа назарда тутилган. Бу уммавийлар даврида ўз исботини топди. Аббосийлар даври бошлангуча бўлган даврда мазкур ўн икки халифа ҳукмронлик қилиб бўлган”, деган фикрни илгари сурганлар. Ҳофиз Ибн Ҳажар (а.р.)нинг мазкур ҳадис борасида билдирган қуйидаги фикрларини келтириб ўтган: “Саҳиҳ ҳадисларнинг иборасига суянадиган бўлсак, мазкур ўн икки халифага уммат ижмоъ қилади. Ижмоъдан мурод уларга байъат қилиб, бўйсунадилар. Тарихдан маълумки, мусулмонлар Абу Бакр, сўнг Умар, сўнг Усмон, сўнг Али (р.а.)ларнинг халифаликларига уммат ижмоъ қилган. Бу ҳол Сиффиндаги таҳким воқеасгача шундай давом этган. Ундан сўнг Муовия (р.а.) ўзини халифа деб эълон қилади. Кейинчалик уммат Ҳасан (р.а.) сулҳга рози бўлгандан сўнг Муовия (р.а.)нинг халифалигига ижмоъ қилади. Сўнг умматнинг ижмоъсига кўра, унинг ўғли Язид халифалик тахтига ўтиради. Ҳусайн (р.а.) вафот этганлиги сабабли унга халифалик таклиф қилинмайди. Язид вафот этгач, ихтилофлар юзага келади ва Ибн аз-Зубайр (р.а.)нинг ўлимидан сўнг уммат Абдулмалик ибн Марвон (а.р.)нинг халифалигига яна ижмоъ қилади. Абдулмалик (а.р.)дан сўнг унинг тўрт ўғли – Валид, Сулаймон, Язид ва Ҳишомларнинг халифалиги уммат тарафидан ижмоъ билан қарши олинади. Шунингдек, Сулаймондан сўнг ва Язиддан олдин Абдулмалик ибн Марвон (а.р.)нинг жияни Умар ибн Абдулазиз (а.р.) ҳам умматнинг ижмоъси билан халифалик қилади. Рошид халифалардан сўнг мазкур етти халифа ҳукмронлик қилган бўлиб, жами ўн бир кишини ташкил қилади. Ўн иккинчиси Валид ибн Язид ибн Абдулмалик (а.р.) ҳисобланади. У амакиси Ҳишом вафотдидан сўнг умматнинг ижмоъси билан тўрт йил халифалик қилади. Сўнг вазият ўзгариб, фитналар бошланади. Бундан сўнг мусулмонлар ҳеч бир халифага ижмоъ қилмаганлар. Аббосийлар даврига келиб, халифалик фақат расмиятчиликка айланиб қолди, холос. Булар ҳақидаги батафсил маълумотларни тарих китобларидан топиш мумкин”. Бу гапга Али ал-Қорий (а.р.) ҳам қўшилган. Кўриниб турибдики, Ибн Ҳажар ва Али ал-Қорий (а.р.)лар Ҳасан (р.а.)ни уммат ижмоъ қилган халифалар қаторида санамаган. Бадриддин ал-Айний (а.р.)нинг таъкидлашича, Абу Бакр (р.а.)дан Умар ибн Абдулазиз (а.р.)гача ўн тўртта раҳбар халифалик қилган. Шулардан иккитасининг халифалиги нодуруст бўлиб, узоқ давом этмаган. Улар Муовия ибн Язид ва Марвон ибн ал-Ҳакамлардир. Қолганлари эса, Расулуллоҳ (с.а.в.) хабар берган ўн икки халифа саналади. Умар ибн Абдулазиз (а.р.) 101-ҳижрий (милодий 719) йилда вафот этган ва ундан кейин вазият ўзгарган ва фитналар бошланган. Аббосийлар даврига келиб, давлат бошқаруви бутунлай ўзгарди, кўплаб низо ва фитналар юзага келди. Али ал-Қорий (а.р.) бу ҳақда шундай деган: “Аббосийларга нисабат “халифа” сўзи ҳақиқий шаръий маънода эмас, балки урфий, мажозий ва луғавий маънода қўлланилади”. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ҳадисларда зикр қилинган халифаликни уч хил маънода тушуниш мумкин: 1. Ҳақиқий ва комил нубувват халифалиги. Бунга тўрт рошид халифа ва Ҳасан (р.а.)лар киради. 2. Мутлақ халифалик. Бу халифалик “халифаликка ўхшаш подшоҳлик” атамаси билан ҳам изоҳланади. Бунга уммавийларнинг халифалиги мисол бўлади. 3. Урфий, мажозий ва луғавий халифалик. Қолган барча исломий бошқарув тизими шу ном билан аталади. Ундан сўнг исломий давлат раҳбарлари “имом ва “амир” деб атала бошлаган. Фиқҳий ва ақидавий манбаларда ҳам халифалик эмас, балки имомати кубро ва иморат масаласи ҳамда унинг шартлари ҳақида сўз боради. Ибн Обидийн (а.р.)нинг таъкидлашича, имомат масаласи аслида фиқҳий баҳслардан бўлиб, фарзи кифоя саналади. Имомат ва халифалик масалалари ақидавий асарларда зикр этилишининг сабаби шундаки, баъзи бидъатчилар бу мавзуда рошид халифаларга таъна тошини отиш каби турли нотўғри ақидаларни тарғиб қилганлар. “Ал-мақосид” асарида имоматга шундай таъриф берилган: “Имомат Расулуллоҳ (с.а.в.)га ўринбосар бўлиш маъносида бўлиб, дин ва дунё ишларида олиб бориладиган умумий бошқарув демакдир”. Шунингдек, амир ва султон атамалари ҳам халифа ўрнида ишлатилади. Султон салтанат, бошқарув, куч-қувват ва ҳукмдорлик соҳибига нисбатан қўлланилиб, илк ислом даврида арабларда қўлланилмаган. Бу атама кейинчалик ислом дини бошқа ўлкаларга ёйилиши оқибатида ажамлардан кириб келган ва халифа ҳамда имом ўрнида ҳам қўлланила бошлаган. Абу Муҳаммад Саҳл ибн Абдуллоҳ султон ҳақида шундай деган: “Бу уммат етмиш уч фирқага бўлинади. Уларнинг етмиш иккитаси ҳалок бўлувчилар бўлиб, уларнинг барчаси султонга ғазаб қилади. Етмиш иккита фирқадан нажот топувчиси эса биттадир. Бу фирқа султон билан биргадир. Ким Султоннинг имоматини инкор қилса, у зиндиқдир. Кимни султон чақирса-ю бормаса, у бидъатчидир. Ким султоннинг ҳузурига таклифсиз борса, у жоҳилдир. Султоннинг эшигига осилган ёғочлар масжиддаги асоссиз қиссаларни сўзлайдиган қиссахонлардан яхшироқдир”. Албатта, бу сўзлар адолатли ва солиҳ давлат раҳбарига нисбатан қўлланилган. Давлат раҳбари ҳам султон, ҳам халифа сифатида фаолият юритиши мумкин. Бунга рошид халифаларни мисол қилиб келтириш мумкин. Баъзан давлат раҳбари халифа бўлаши, лекин султон бўлмаслиги мумкин. Маслан, аббосийларнинг сўнгги халифалари номигагина халифа эдилар, улар султон бўлмаганлар. Ёки аксинча, давлат раҳбари султон бўлиши ва халифа бўлмаслиги мумкин. Бунга мамлуклар даври мисол бўла олади. Аббосийлар давлатининг халифалик ёки подшоҳлик эканлиги борасида аниқ фикр билдирилмаган. Бу масалани фақиҳ ва мутакаллимлар “мушкил”, яъни муаммоли масала, дея таърифлаганлар. Бунинг сабаби шундаки, умматнинг аҳли ҳилл ва ақд олимлари бир овоздан аббосийларнинг халифалигини тан олган. Лекин аббосийларнинг халифалигида аҳли ҳилл ва ақднинг розилиги каби баъзи шартлар топилмаган. Қолаверса, Шамсуддин аз-Заҳабийнинг таъкидлашича, аббосийларнинг иккинчи халифаси ал-Мансур ўзини подшоҳлар қаторида санаган: “Подшоҳлар тўрттадир: Муовия (р.а.), Абдулмалик, Ҳишом ибн Абдулмалик (а.р.)лар ва мен”. Кейинчалик Усмонли турклар салтанати борасида ҳам турли қарашлар юзага келган. Жумладан, ал-Ҳаммуй (а.р.) ўзининг “ал-Ашбаҳ” асарида имоматнинг шофеъий мазҳаби бўйича шартларини келтириб, шундай деган: “Турклар салтанатида халифалик ва имомат шартлари топилмайди. Шу боис уларнинг ўз мазҳаблари (ҳанафий мазҳаби) асосида олиб бораётган сиёсатлари дуруст эмас”. Лекин ҳанафий олимларидан бўлмиш Имом ар-Рофиъий (а.р.) унга шундай раддия беради: “Мазкур фикрлар, шубҳасиз, нотўғри. Зеро, бизнинг мазҳабимиз шофеъийларга қараганда турклар учун мувофиқроқдир”. Сўнг Имом ар-Рофиъий (а.р.) Али ал-Қорий (а.р.)нинг урфий, мажозий ва луғавий халифалик борасидаги фикрларини келтириб ўтади. Дарҳақиқат, ҳанафий мазҳабига кўра, халифа вафот этгандан сўнг унинг замонидаги фармонлар ҳам ўз кучини йўқотади. Имомат ва халифалик шартлари халифалар даврида мавжуд бўлган. Ҳозир эса халифалик йўқ. Фақиҳларнинг фикрига кўра, имомда топилиши лозим бўлган шартлар иккига бўлинади. Биринчиси муттафақун алайҳ (барча фақиҳлар иттифоқ қилган) шартлар. Иккинчиси мухталаф фийҳ (фақиҳлар ихтилоф қилган) шартлар. Муттафақун алайҳ шартлар қуйидагилар: 1. Ислом. Яъни, имом мусулмон бўлиши лозим. 2. Таклиф. Яъни, имом оқил, болиғ бўлиши шарт. 3. Эркак киши. Аёл киши имом бўла олмайди. 4. Кифоя. Яъни, имомда журъат, шижоат ва жасурлик каби сифатлар топилиши, уруш ва сиёсат олиб бориш ва халқни ҳимоя қилишга лаёқатли бўлиши лозим. 5. Ҳуррият. Қул имом бўла олмайди.  6. Ҳиссий ва жисмоний аъзолари соғлом бўлиши. Мухталаф фийҳ шартлар қуйидагилардан иборат: 1. Адолат ва ижтиҳод. Моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларида адолат ва ижтиҳод дурустлик шарти бўлиб, имом одил ва мужтаҳид бўлиши лозим. Фосифқ ёки муқаллид имоматга лойиқ бўлмайди. Лекин одил ва мужтаҳид топилмаганда фосиқ ёки муқаллид имом бўлиши мумкин. Ҳанафий мазҳабида эса адолат ва ижтиҳод афзаллик шарти бўлиб, одил ва мужтаҳиднинг имом бўлиши афзал, лекин фосиқ ва муқаллид ҳам имом бўлиши дуруст саналади. 2. Эшитиш, кўриш, қўл ва оёқларнинг соғломлиги. Жумҳур фақиҳлар наздида сайланишдан олдин кўр, кар, қўл ва оёқлари кесилган одам имомликка ярамайди. Агар имом сайланганидан сўнг мазкур касалликларга чалинса, вазифасидан озод этилади. Баъзи фақиҳларнинг наздида эса, кўр, кар, қўл-оёқлари кесилган, пес ва мохов инсонлар ҳам имом бўлишлари мумкин. Ҳанафий мазҳаби таълимотларига кўра, имом зоҳир, яъни ҳаммага кўриниб турадиган бўлиши, яширинган ёки душманлардан қўрқиб, беркиниб олган бўлмаслиги лозим, шу билан бирга имом гуноҳлардан маъсум бўлишлиги шарт эмас. Шунингдек, халифа Қурайш қабиласидан бўлиши шарт саналади. Бунга барча ижмоъ қилганлар. Қурайш Назр ибн Кинона авлодлари саналади. Халифанинг ҳошимий ёки алавий бўлиши шарт эмас. Чунки илк уч рошид халифа ҳошимий бўлмаган. Ҳошимийлар эса Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бобоси Абу Абдулмутталиб Ҳошим авлодлари бўлиб, алавийлар ва аббосийлар ушбу сулола вакиллари ҳисобланадилар. Бунга “Имомлар Қурайшдандир”, деган ҳадис далил бўлади. Мазкур ҳадис оҳод ҳадис бўлса-да, уни Абу Бакр (р.а.) ансорларга ҳужжат қилиб келтиргани боис ижмоъ қилинган ҳадисга айланган. Чунки бу ҳадисга ҳеч бир саҳоба қаршилик кўрсатмаган. Лекин хорижийлар ва мўътазилалар бу шартни қабул қилмайдилар. Шиа оқимлари мазкур “ўн икки халифа” ҳақидаги ҳадисни имомат масаласида ўзларига далил қилиб олганлар. Уларнинг наздида, Абу Бакр (р.а.)дан Умар ибн Абдулазиз (а.р.)гача бўлган халифалар ноҳақ ва зулмкор сиёсат олиб борган бўлиб, уларнинг халифалиги тан олинмайди. Улар васият ҳадисига суяниб, халифалик фақат ўзларига хос эканини даъво қиладилар. Ҳолбуки, Имом Термизий ( а.р.) Умар ва Али (р.а.)лардан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Расулуллоҳ (с.а.в.) халифалик борасида ҳеч нарсани аҳд (васият) қилмаганлар”. Имом Байҳақий (а.р.) ўзининг “Далоил ан-нубувва” асарида Али (р.а.)дан санади ҳасан бўлган қуйидаги ҳадис ривоят қилган: “Жамал воқеаси содир бўлганда Али (р.а.) шундай деган: “Эй одамлар! Албатта, Расулуллоҳ (с.а.в.) бу амирлик борасида бизга ҳеч нарсани аҳд (васият) қилмаганлар. Биз ўзимиз Абу Бакр (р.а.)ни халифа қилишни маъқул кўрдик. У ўз ишини бажарди ва Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг йўлларидан оғишмай борди. Сўнг Абу Бакр (р.а.) ўз раъйи билан Умар (р.а.)ни халифа қилиб тайинлади. У ҳам ўз ишини оғишмай тўғри бажарди. Унинг соясида дин мустаҳкаланди. Сўнг баъзи қавмлар чиқиб, дунё талаб қилдилар. Шунда Аллоҳ тақдир қилган ишлар рўй берди”. Мазкур асарда ва Ҳоким (а.р.)нинг “ал-Мустадрак” асарида Абу Воил (а.р.)дан қуйидаги саҳиҳ ҳадис ривоят қилинган: “Али (р.а.)дан: “Ўзингизга ўринбосар тайинламайсизми?”, деб сўрашди. Али (р.а.): “Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзлари учун ўринбосар (халифа) тайинламадилар. Мен қандай қилиб тайинлайман. Лекин Аллоҳ инсонларга яхшиликни ирода қилса, мендан кейин уларни яхшилари атрофида жам қилади. Бу ҳудди Расулуллоҳ (с.а.в.)дан кейин бизларни энг яхшимиз атрофида жамлаганидек бўлади”, деди”. Мазкур ҳадислардан шу нарса аниқ бўладики, Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзларидан кейин ҳеч бир халифани тайинламаганлар. Бу аҳли суннанинг ижмоъсидир. Лекин Абу Бакр (р.а.) ўзидан кейин Умар (р.а.)ни халифа этиб тайинлаган. Имом Нававий (а.р.) шуларни мулоҳаза қилган ҳолда шундай хулоса қилади: “Мусулмонларнинг ижмоъсига кўра, халифа ўлим тўшагида ётганда ёки ундан олдинроқ ўзига ўринбосар тайинлаши ва васият қилиш жоиз. Чунки Абу Бакр (р.а.) шундай йўл тутган. Лекин ўзига ўринбосар тайинламасдан, умматга ҳавола қилиши ҳам дуруст саналади. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай йўл тутганлар. Шунингдек, халифа сайлашда Умар (р.а.)дек йўл тутиб, жамоанинг машвартига ҳавола қилиш ҳам мумкин”. Хулоса ўрнида етук ҳанафий олим Ибн Обидийн (а.р.)нинг қуйидаги сўзларини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ: “Аҳли суннанинг ақидасига кўра, халифалик уч хил йўл билан амалга оширилади: 1. Байъат. Али (р.а.)нинг халифалиги бунга миcолдир. Мазкур вазиятда аҳли ҳилл ва ақд асосий вазифани бажаради. Бу ҳақда кейинроқ тўхталиб ўтамиз. 2. Валиаҳд тайинлаш орқали. Бунга Абу Бакр (р.а.) тутган йўл мисол бўлади. 3. Эгаллаш, ғалаба қозониш ва бўйсундириш ҳамда куч ишлатиб ҳокимиятни қўлга олиш. Агар бир раҳбар куч билан ҳокимиятни қўлга олса, олдинги раҳбар вазифасидан озод этилади ва янги раҳбарга итоат қилиш вожиб бўлади. Янги раҳбар модомики шариатга хилоф иш тутмас экан, унга қарши бош кўтариш асло мумкин бўлмайди. Янги раҳбарда имомат шартларининг топилмаслиги ёки унинг золим бўлиши ниобатга олинмайди. Гоҳида ҳокимиятни куч билан эгаллаш байъат билан бирга амалга оширилади. Бизнинг замонимизда (Ибн Обидийн (а.р.) 1198-1252/1783-1836 йилларда яшаган) султонлар айнан шундай йўл билан ҳокимият тепасига келадилар”. Аҳли суннанинг халифалик билан боғлиқ қарашлари шулардан иборат. Ибн Халдун (а.р.) Соҳибқирон Амир Темурга айтган сўзларида айнан шуларни назарда тутган эди (Қаранг: Саъдуддин ат-Тафтазоний. Шарҳ ал-ақоид ан-насафия. – ТИУ Манбалар хазинаси, тошбосма-№411, 1910. – Б. 247-254; Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳофизий ал-Бухорий. Фасл ал-хитоб би васл ал-аҳбаб. – Тошкент: Орифжонов (ТИУ Манбалар хазинаси, тошбосма-№418), 1912. – Б. 456-458, 483;  Бадруддин Абу Муҳаммад Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний. Умдат ал-қорий – Шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий. Ж.24. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 2009. – Б. 419-420; Абул Ало Муҳаммад Абдураҳмон Ибн Абдураҳим ал-Муборакфурий. Туҳфат ал-аҳвазий би шарҳ Жамиъ ат-Тирмизий. Ж.6. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия. – Б. 391-400; Аллома Абут Таййиб Муҳаммад Шамсулҳаққ ал-Азимободий. Авн ал-Маъбуд – Шарҳ Сунан Аби Давуд. Ж.8. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 2009. – Б. 112; Ҳофиз Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-барий – Шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий. Ж.13. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 1997. – Б. 261-266; Муҳаммад Тақий ал-Усмоний. Такмила Фатҳ ал-Мулҳим би шарҳ Саҳиҳ ал-Имам Муслим. Ж.5. – Димашқ: Дар ал-қалам, 2006. – Б. 39-41; Имом Яҳё ибн Шараф ан-Нававий ад-Димашқий аш-Шофеъий. Шарҳ Саҳиҳ Муслим. Ж.15. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 2000. – Б. 126-127; Аллома ва муҳаддис Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий. Минаҳ ар-равз ал-азҳар фи шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар. – Байрут: Дар ал-башаир ал-исламия, 1998. – Б. 182-206; Ал-Мавсуъа ал-фиқҳия. Ж.6. – Қувайт: Вақф ва исломий ишлар вазирлиги, 1993. – Б. 215-219; Шамсуддин аз-Заҳабий. Сияр аълам ан-нубала. Ж.6. – Қоҳира: Дар ал-ҳадис, 2006. – Б. 527; Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Абдулазиз – Ибн Обидийн. Радд ал-муҳтар ъала ад-Дурр ал-мухтар. Ж.2. Байрут: Дар ал-маърифа, 2000. – Б. 331-336; Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Абдулазиз – Ибн Обидийн. Радд ал-муҳтар ъала ад-Дурр ал-мухтар. Ж.3. Байрут: Дар ал-маърифа, 2000. – Б. 61-62; Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Абдулазиз – Ибн Обидийн. Радд ал-муҳтар ъала ад-Дурр ал-мухтар. Ж.6. Байрут: Дар ал-маърифа, 2000. – Б. 401-402; Саъдуддин ат-Тафтазоний. Шарҳ ал-мақосид. Ж.5. – Байрут: Дар ли ат-тибаъа ва ан-нашр, 1998. – Б. 232-290).

[10] Бану Ҳанафия атамаси “Ибн ал-Ҳанафия” лақаби билан машҳур бўлган Абул Қосим (Абу Абдуллоҳ) Муҳаммад ибн Али ибн Абу Толиб ал-Қураший ал-Ҳошимий ал-Маданий (а.р.)нинг авлодлари билан боғлиқ. Ибн Ал-Ҳанафия (а.р.)нинг отаси Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг куёвлари Али (р.а.) саналади. Онаси эса Хавла бинт Жаъфар ибн Қайс ибн Маслама ибн Саълаба Ибн Ярбуъ ибн Саълаба ибн ад-Дувал ибн Ҳанифа бўлиб, “Ҳанафия” номи билан аталган. У Абу Бакр (р.а.)нинг жорияси бўлган, кейинчалик уни Али (р.а.)га ҳадя қилган. Ибн ал-Ҳанафия (а.р.) ўз отаси Али, Абдуллоҳ ибн Аббос, Усмон ибн Аффон, Аммор ибн Ёсир, Муовия ибн Абу Суфён, Абу Ҳурайра (р.а.)лардан ҳадис ривоят қилган. Шунингдек, ундан ўғиллари Иброҳим, Ҳасан, Умар, Авн ва Абдуллоҳлар, Ато ибн Абу Рабоҳ, Амр ибн Динор ва бошқа шу каби олимлар ҳадис ривоят қилганлар. Али (р.а.)дан шундай ривоят келтирилади: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)га шундай дедим: “Ё Расулуллоҳ (с.а.в.)! Агар фарзандли бўлсам, уни Сизнинг исмингиз билан номлаб, унга Сизнинг кунянгизни бераман”. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ҳа”, деб розилигини билдирдилар”. Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Ижлий (а.р.) Ибн ал-Ҳанафия (а.р.) ҳақида шундай деган: “У Сиқа тобеъийлардан бўлиб, солиҳ киши бўлган. Уч кишига “Абул Қосим” куняси билан аталишга рухсат берилган. Улар Муҳаммад ибн ал-Ҳанафия, Муҳаммад ибн Абу Бкр ва Муҳаммад ибн Талҳа ибн Убайдуллоҳ (а.р.)лардир. Иброҳим ибн Абдуллоҳ ал-Жунайд (а.р.) шундай деган: “Али (р.а.)дан ҳадис ривоят қилишда Муҳаммад ибн ал-Ҳанафия (а.р.)дан-да кўпроқ ва саҳиҳроқ ҳадис ривоят қилган одамни билмаймиз”. Шиаларда Ибн ал-Ҳанафия (а.р.)нинг авлодлари “Бану Ҳанафия” номи билан тилга олинади. Аслида, Ибн ал-Ҳанафия (а.р.)нинг шиаларга ҳеч қандай алоқаси йўқ, лекин шиалар уни ўзларига пешво ва имом санаб, кутилаётган “Маҳдий” сифатида билишади. Бу ақиданинг юзага келишида Куссайрнинг қуйидаги сўзлари сабаб бўлган: “У Маҳдийдир, буни бизга Каъб ал-Аҳбор (р.а.) хабар берган”. Шунда Куссайрдан: “Каъб ал-Аҳбор (р.а.) билан учрашганмисан?”, деб сўрашди. У: “Йўқ”, деб жавоб берди. Ундан: “Унда нега “Бизга буни Каъб ал-Аҳбор (р.а.) хабар берган”, деяпсан?”, деб сўрашди ажабланиб. У: “Ўз тасаввурим, фикрим билан айтдим”, деган. Зубайр ибн Баккор (а.р.)нинг гувоҳлик беришича, Куссайр шиа оқимига мансуб бўлган харбий (шиа оқимининг баъзи қоидаларига сунган ҳолда хотинининг орқасига яқинлик қиладиган одам)лардан бўлиб, руҳлар кўчиб юради, деган ақидани илгари сурар ва қуйидаги: “У Сени Ўзи қайси суратни хоҳлаган бўлса, (ўша суратда) таркиб топдирди-ку!” (Инфитор сураси, 8-оят) оятни: “Кўрмайсизларми? Руҳ бир суратдан бошқа суратга ўзгариб туради”, деб ўз ақидасини ҳимоя қилар эди. Шиалар Ибн ал-Ҳанафия (а.р.)ни ўлмаган, ҳозир тирик, деган ақидададирлар. Ибн ал-Ҳанафия (а.р.) Абу Бакр ёки Умар (р.а.)лар халифалиги даврида туғилиб, 73-ҳижрий (милодий 692) йили (80, 81, 82, 92 ва 93-ҳижрийда ваот этган деган қарашлар ҳам бор) Разво шаҳрида вафот этган ва Бақиъ қабристонига дафн қилинган. Шиаларнинг кайсония фирқаси Ибн ал-Ҳанафия (а.р.)нинг имомлигини даъво қилади. Бу даъвони илк бор ал-Мухтор ибн Абу Убайд ас-Сақафий илгари сурган. Кайсонийлар Ибн ал-Ҳанафия (а.р.)нинг имом бўлиш сабаби борасида турли фикрларни билдирадилар. Жумладан, баъзи кайсонийлар уни Али (р.а.)дан кейин халифа бўлган деб эътиқод қилиб, Жамал воқеасида Али (р.а.)нинг унга байроқни топширганини далил қилиб оладилар. Кайсонийларнинг бошқа бир гуруҳи эса, имомат Али (р.а.)дан сўнг Ҳасан (р.а.)га, кейинчалик Ҳусайн (р.а.)га ўтган. Язид ибн Муовия тахтга чиққанда Ҳусайн (р.а.) Мадинадан Маккага кетаётганда укаси Ибн ал-Ҳанафия (а.р.)га халифаликни васият қилиб кетган, деган ақидада бўладилар. Шунингдек, Ибн ал-Ҳанафия (а.р.)нинг тирик ёки ўлганлиги борасида ҳам шиалар турли ихтилофларга борганлар. Жумладан, Абу Карб аз-Зарир асос солган карбийлар фирқасининг ақидасига кўра, Ибн ал-Ҳанафия (а.р.) ўлмаган, ҳозир тирик. У Разво тоғида бўлиб, ҳузурида сув ва асалдан бўлган иккита булоқ оқиб туради ва у мазкур булоқлардан ризқланади. Ибн ал-Ҳанафия (а.р.)нинг ўнг тарафида шер ва чап томонида йўлбарс бўлиб, уни душманлардан ҳимоя қилиб туради. Чунки у кутилаётган Маҳдийдир. Кайсонийларнинг яна бир тоифаси Ибн ал-Ҳанафия (а.р.)нинг вафотини тан оладилар, лекин ундан сўнг ким имом бўлгани борасида ихтилоф қиладилар. Улардан бири имомат ибн ал-Ҳанафия (а.р.)дан сўнг Али ибн ал-Ҳусайн – Зайнулобидийн (а.р.)га ўтган деса, бошқалари Абу Ҳошим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Ҳанафия имоматни васият орқали қабул қилиб олган, деган ақидададирлар. Шунингдек, мазкур имомат Абу Ҳошимдан сўнг кимга ўтганлиги хусусида ҳам ихтилоф қилганлар. Баъзилари имомат Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос ибн Абдулмутталибга ўтган деса, қолганлари Баён ибн Самъонга ўтган, деган фикрни билдирадилар (Қаранг: Шамсуддин аз-Заҳабий. Сияр аълам ан-нубала. Ж.5. – Қоҳира: Дар ал-ҳадис, 2006. – Б. 55-66; Ҳофиз Жамолуддин Абул Ҳажжож Юсуф ал-Миззий. Таҳзиб ал-камал фи асмо ар-рижал. Ж.6. – Байрут: Муассаса ар-рисала, 2010. – Б. 444-445; Шамсуддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қаймаз аз-Заҳабий. Шамсуддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қаймаз аз-Заҳабий. Тазҳиб Таҳзиб ал-камал фи асмо ар-рижал. Ж.8. – Қоҳира: Ал-фаруқ ал-ҳадиса, 2004. – Б. 225-226; Ҳофиз Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-Таҳзиб. 9. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 1994. – Б. 306-307; Абдулқоҳир ибн Тоҳир ибн Муҳаммад ал-Бағдодий ал-Исфироиний ат-Тамимий. Ал-фарқ байн ал-фирақ. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия. – Б. 26-27).

[11] Бану Аббос деганда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб (р.а.)нинг авлодлари назарда тутилади. Мазкур сулола вакиллари Аббосийлар халифалигининг асосчилари сифатида тарихда қолганлар. Юқорида таъкидланганидек, шиаларнинг ақидасига кўра, Бану Ҳанафия вакили Абу Ҳошим халифаликни Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)нинг набираси Муҳаммад ибн Алига васият қилган ва шу тариқа халифалик аббосийлар қўлига ўтган.

[12] Абу Ҳошим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ибн ал-Ҳанафия ал-Ҳошимий ал-Алавий ал-Маданий отаси Ибн ал-Ҳанафиядан мутъа никоҳининг ҳаромлиги ҳақидаги ҳадисни ривоят қилган. Абу Ҳошимдан аз-Зуҳрий, Амр ибн Динор ва Солим ибн Абул Жаъд (а.р.)лар ҳадис ривоят қилганлар. Абу Ҳошим шиалардан бўлиб, Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббосга халифаликни васият қилиб, унга ўз китобларини топширган. Абу Ҳошимнинг сулоласи шундан сўнг инқирозга учраган. Ибн Саъд (а.р.) Абу Ҳошим ҳақида шундай деган: “У сиқалардан бўлиб, кам ҳадис ривоят қилган. Шиалар уни ўз тарафдорлари қаторида санашар эди. Абу Ҳошим вафоти олдидан Муҳаммад ибн Алига васият қилиб: “Сен бу иш (имомат) соҳибисан ва бу иш сенинг авлодларингда бўлади”, деган. Шундан сўнг шиалар Муҳаммад ибн Али томонга ўтадилар. Абу Ҳошим халифа Сулаймон (а.р.) даврида вафот этади. Имом Бухорий (а.р.)нинг гувоҳлик беришича, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад сабоийларга эргашар эди (Сабоийлар Абдуллоҳ ибн Сабаъ тарафдорлари бўлиб, улар Али (р.а.) ўлмаган, у Қиёматдан олдин дунёга қайтиб келади ва дунёни адолатга тўлдиради, деган ақидада бўлганлар). Ал-Ҳумайдий (а.р.) ҳам Суфён (а.р.)дан ривоят қилиб шундай деган: “Абу Ҳошим сабоийлар ҳадисларини тўплаб юрар эди”. Ал-Ижлий (а.р.) у ҳақда шундай деган: “Иккаласи (Абу Ҳошим ва укаси Ҳасан) сиқалардан. Абу Усоманинг айтишича, улардан бири шиа, иккинчиси эса муржиъий бўлган”. (Қаранг: Шамсуддин аз-Заҳабий. Сияр аълам ан-нубала. Ж.5. – Қоҳира: Дар ал-ҳадис, 2006. – Б. 66-67).

[13] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос ибн Абдулмутталиб ал-Қураший ал-Ҳошимий ал-Маданий Ҳумайма шаҳрида туғилган. Онаси Олия бинт Убайдуллоҳ ибн Аббос. Муҳаммад ибн Али икки аббосий халифа – Абул Аббос ас-Саффоҳ ва Абу Жаъфар ал-Мансурнинг отаси ҳисобланади. Муҳаммад ибн Али бобоси Абдуллоҳ ибн Аббос, отаси Али ибн Абдуллоҳ, Саъид ибн Жубайр (р.а.), Абу Ҳошим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн ал-Ҳанафия ҳамда Умар ибн Абдулазиз (а.р.)лар каби олимлардан ҳадис ривоят қилган. Шунингдек, ундан Ҳабиб ибн Абу Собит, Ҳакам ибн Мусъаб, Абдуллоҳ ибн Сулаймон ал-Мавсилий, ўғиллари ас-Саффоҳ ҳамда ал-Мансур, Абдуллоҳ ибн ал-Муаввал ал-Махзумий, Уқайл Ибн Холид ал-Айлий, укаси Исо ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос, Ҳишом ибн Урва, Язид ибн Абу Зиёд ва шу каби олимлар ҳадис ривоят қилганлар. Халифа ибн Хайёт (а.р.) Муҳаммад ибн Алини шомлик олимларнинг учинчи табақасидан санаган. Муҳаммад ибн Саъд (а.р.) эса уни мадиналик олимларнинг тўртинчи табақасидан зикр қилган. Шиаларнинг ақидасига кўра, Бану Ҳанафиялардан Абу Ҳошим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ибн ал-Ҳанафия Муҳаммад ибн Алига халифаликни васият қилиб, унга ўз китобларини топширади. Муҳаммад ибн Али Абу Ҳошимнинг васийси саналади. Абу Ҳошим унга васият қилиб: “Бу иш (халифалик) сенинг фарзандларингда бўлади”, деган. Рашид ибн Курайб бу ҳақда шундай ривоят қилади: “Абу Ҳошим ибн Муҳаммад ибн ал-Ҳанафия Шомга бориб, у ерда ас-Саффоҳнинг отаси Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббосни учратади ва унга шундай деб васият қилади: “Эй амакимнинг ўғли! Менда бир илм бор, уни сенга беришни истайман. Бу илмни ҳеч кимга билдирмайсан. Одамлар ўрганишга умид боғлаган бу илм сенинг ичингда бўлади”. Шиалар Абу Ҳошим борасида турли ихтилофларга борар эдилар. Мазкур ҳодисадан сўнг бу ихтилофлар Муҳаммад ибн Али билан боғлиқ бўлиб қолди. Абу Ҳошим ҳадис тинглаган олимлардан эди. Муҳаммад ибн Али ҳам ҳудди шундай олим эди. Абу Ҳошим вафоти олдидан шундай деган: “Мен Муҳаммад ибн Алидан ҳам олимроқ ва яхшироқ ҳеч кимни билмайман”. Муҳаммад ибн Али узун бўйли ва кўркам инсон бўлган. Исмоил ибн Али ал-Ҳабатий (а.р.) шундай деган: “Аббосийларнинг халифалик даъвоси Муҳаммад ибн Али билан боғлиқ. Бу ҳаракат Валид (а.р.) халифалиги даврида, яъни 87-ҳижрий (милодий 705) йилда бошланган ва 124-ҳижрий (милодий 741) йилгача бу аббосийлар даъвоси кучайиб, аста-секин тарқала бошлади. Муҳаммад ибн Али аббосийлар даъватини ҳақида сўзлаган илк шахс саналади. У ўз даъвоси амалга ошмасдан вафот этган ва бу даъвони давом эттиришни ўғли Иброҳим ибн Муҳаммадга васият қилган”. Халифа ибн Хайёт (а.р.) Муҳаммад ибн Алининг вафотини 124-ҳижрий (милодий 741) йил дея қайд этган. Муҳаммад ибн Саъд (а.р.) 125-ҳижрий деган бўлса, Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Арафа ан-Наҳвий (а.р.) унинг вафотини 126-ҳижрий деб ёзади” (Қаранг: Ҳофиз Жамолуддин Абул Ҳажжож Юсуф ал-Миззий. Таҳзиб ал-камал фи асмо ар-рижал. Ж.6. – Байрут: Муассаса ар-рисала, 2010. – Б. 445-446; Шамсуддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қаймаз аз-Заҳабий.Тазҳиб Таҳзиб ал-камал фи асмо ар-рижал. Ж.8. – Қоҳира: Ал-фаруқ ал-ҳадиса, 2004. – Б. 227-228; Ҳофиз Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-Таҳзиб. 9. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 1994. – Б. 308; (Қаранг: Шамсуддин аз-Заҳабий. Сияр аълам ан-нубала. Ж.6. – Қоҳира: Дар ал-ҳадис, 2006. – Б. 226).

[14] Абу Муслим Абдураҳмон ибн Муслим ёки Абдураҳмон ибн Усмон ибн Ясор ал-Хуросоний 100-ҳижрий (милодий 718) йилда туғилган бўлиб, аббосийлар давлати асосчиси, уммавийлар давлатини мағлуб этган саркарда ва даъватчи саналади. У ғариб ва оддий инсон бўлган. Хуросонга келиб, тўққиз йил яшагач, мазкур ўлканинг волийси бўлади, уммавийлар давлатини қулатиб, аббосийлар давлатини барпо этади. Унинг ислом оламидаги шуҳрати жуда кенг тарқалган. Маъмун у ҳақда шундай деган: “Ер юзида давлатларни кўчириб юборган учта энг улуғ подшоҳлар ўтган. Улар Искандар, Ардашер ва Абу Муслим”. Абу Муслим Собит ал-Банноний, Абуз Зубайр ал-Маккий, Муҳаммад ибн али, Исмоил ас-Суда ва Абдураҳмон ибн Ҳармала каби олимлардан ҳадис тинглаган. Шунингдек, ундан Иброҳим ибн Маймун ас-Соиғ, фақиҳ Ибн Шибрима, Абдуллоҳ ибн Муниб, Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлар. Лекин Шамсуддин аз-Заҳабийнинг таъкидлашича, Ибн ал-Муборак (а.р.) Абу Муслимдан ҳадис ривоят қилмаган, балки уни кўрган, холос. Абу Муслим қонхўр раҳбарлардан бўлиб, у бу борада Ҳажжождан ҳам ўтиб тушган. У биринчилардан бўлиб давлатда қора либос кийиш одатини пайдо қилган. Ибн Халликон (а.р.) уни шундай тасвирлаган: “Абу Муслим калта бўйли, буғдойранг, келишган ва истарали шахс бўлиб, чеҳраси очиқ, кўзлари қора, пешонаси кенг, соқоллари ўзига ярашган ва ширинсуҳанлиги билан ажралиб турар эди. У шеърият ва тарихни яхши билар, кулгу ва ҳазилни ўз вақтида қилар ва ҳар қандай ҳолатда ҳам қовоқ уймас эди. У катта шаҳарларни фатҳ қилган бўлса-да, юзида ҳурсандчилик зоҳир бўлмас, қийин машаққатларга дучор бўлса-да, ғамга чўкмас эди, ғазабланганда ақлини йўқотмас эди. Аёлларга бир йилда бир марта яқинлик қилар. Қолган вақтларда мамлакат ишлари билан банд бўларди”. У илк бор 124-ҳижрий Рамазон (милодий 742 йил июль) ойининг жума кунидан бошлаб Марвда кўзга кўрина бошлайди. У вақтларда Наср ибн Саййор ал-Лайсий уммавийларнинг сўнгги вакили Марвон ибн Муҳаммад томонидан Хуросон волийси этиб тайинланган эди. Абу Муслим эллик кишилик аскари билан Наср ибн Саййорни Ироққа қочишига мажбур қилади. Абу Муслим амир Абу Далф ал-Ижлийнинг бобоси Исо ибн Маъқал ва унинг укаси Идрис ибн Маъқал билан ўзаро муносабат ўрнатади. Ироқ амири мазкур ака-укани хирожнинг тўхтаганлигида айблаб, зиндонга солади. Абу Муслим уларни кўргани зиндонга тез-тез бориб турар эди. Бу ҳодисалар Куфада амир Холид ибн Абдуллоҳ ҳибсга олинган кунларда содир бўлаган эди. Шу вақтда Имом Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос тарафдорлари Куфага келишади ва зиндондаги ака-ука Ибн маъқалларни зиёрат қиладилар. Улар зиндонда Абу Муслимни учратиб, унинг зийраклиги ва одобидан ҳайратга тушадилар. Абу Муслимда ҳам мазкур меҳмонлар яхши таассурот уйғотади. Абу Муслим аббосийлар даъватини ўша ерда ўрганади. Кейинчалик Исо ва Идрислар зиндондан қочиб, аббосийларга қўшилиш мақсадида Маккага йўл оладилар. Бу вақтда Муҳаммад ибн Али вафот этиб, ўрнига Имом Иброҳим ўтирган эди. Ака-укалар Иброҳимга йигирма минг динор ва икки юзминг дирҳам билан бирга Абу Муслимни ҳам ҳадя қиладилар. Абу Муслим шу тариқа Имом Иброҳим хизматига ўтади. Шунингдек, Абу Муслим қул бўлган, уни Исо ал-Ижлий тўрт юз дирҳам эвазига Букайр ибн Ҳомонга сотиб юборган, деган қарашлар ҳам мавжуд. Аббосий тарғиботчилар эса яна Хуросонга қайтиб кетадилар. Иброҳим Абу Муслимни Мусо ас-Саррожга жўнатади. Абу Муслим ундан ҳадис тинглаб, ёдлайди, сўнг Хуросонга йўл олади. Иброҳим Абу Муслимни Хуросонга жўнатаётганда шундай маслаҳат берган: “Исмингни ўзгартир, ўзингга китобларда кўрган исмларингдан бирини танла. Шундагина биз бошлаган иш мувооффақиятли бўлади”. Шунда Абу Муслим исмини Иброҳимдан Абдураҳмонга, кунясини эса Абу Исҳоқдан Абу Муслимга ўзгартиради. Абу Муслим ўн тўққиз ёшида Абун Нажм Имрон ат-Тоийнинг қизига уйланади. Бу вақтда Хуросонда Наср ибн Саййор билан Ибн ал-Кармоний орасида уруш борар эди. Абу Муслим айёрлик билан Ибн ал-Кармонийни алдаб, унга қўшилади ва биргаликда Наср ибн Саййорга қарши жанг қилади. Абу Муслим шу тариқа куч ва қўшин йиғиб, Нисобурни эгаллаб олади. Сўнг у Сарахсга қўшин тортади ва қатли ом уюштириб, у ерни ҳам эагаллайди. Шундан сўнг Абу Муслим ва Наср ибн Саййор қўшинлари тўқнаш келадилар ва бу жангда Абу Муслимнинг қўли баланд келади. Кейинчалик Абу Муслим амир Салам ибн Аҳвазни ўлдириб, 130-ҳижрий  йилнинг охири (милодий 748 йил август ойлари)да Хуросон ўлкасидаги шаҳарларни ўз ҳукмронлиги остига олади. Сўнг у Абдуллоҳ ибн Муовия ибн Абдуллоҳ ибн Жаъфар ал-Ҳошимийни ҳам енгиб, уни ўлдиради. Бир оз муддат ўтгач, Абу Муслим ўз саркардаси Қаҳтаба ибн Шубайбни Журжонга юборади. Қаҳтаба Журжон волийси ал-Кулобийни ўлдиради. Наср ибн Саййор эса яна қочишга мажбур бўлади. Халифа Марвон эса Абу Муслимнинг бу ишларидан жуда қийин вазиятга тушиб қолади. Чунки Яман, Макка ва Жазирада ҳам Марвонга қарши қўзғалонлар бошланган эди. Ироқ волийси Ибн Ҳубайра катта қўшин билан Қаҳтабага қарши чиқади. 131-ҳижрий Ражаб (милодий 749 йил март) ойида бўлиб ўтган Исбаҳондаги бу жангда Қаҳтаба ғолиб келади. Сўнг Қаҳтаба Наҳовандни қамал қилади ва тўрт ойдан сўнг уни эгаллайди. Наср ибн Саййор эса Райга қочиб, жон сақлаб қолади ва ўша ерда вафот этади.  Абу Муслим ҳокимиятга эришгач, олимларни писанд қилмай қўяди. Ҳатто олим Иброҳим ас-Соиғга ҳам насиҳат қилишга ўтади. 132-ҳижрий (милодий 750) йилда Ибн Ҳубайра билан Қаҳтаба орасида жанг бўлади ва бу жангда Қаҳтаба Фурот дарёсида чўкиб вафот этади. Унинг ўрнига ўғли Ҳасан лашкарбоши бўлади ва Куфага юриш бошлайди. Ниҳоят аббосийлар Куфага Ашуро куни кириб келадилар, Куфа волийси Зиёд ибн Солиҳ қочиб, Восит шаҳридан паноҳ топади. Бу орада Абу Муслим Муҳаррам ойида кўплаб инсонларни қиличдан ўтказади, улар орасида ал-Кармоний ҳам бор эди. Абу Муслим ал-Кармонийнинг тахтига чиқади, ва хутбада Абул Аббос ас-Саффоҳга дуо ўқийди. Шу йили Абул Аббос ас-Саффоҳга халифа сифатида байъат қиладилар. 133-ҳижрий (милодий 751) йили Бухорода Шарик ал-Маҳрий бошчилигида ўттиз минг аскар Абу Муслимга қарши қўзғалон кўтаради. Чунки Шарик Абу Муслимнинг қонхўрлик билан олиб бораётган сиёсатидан норози эди. У Абу Муслимга қарата: “Биз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг аҳли байтига бундай зулм учун эргашмадик”, дея ошкора қаршилик кўрсатади. Абу Муслим бу қўзғалонни ҳам бостириб, Шарикни қатл этади. Шу йили ас-Саффоҳнинг акаси ал-Мансур Хуросонга Абу Муслимнинг олдига келади. У Абу Муслимнинг нуфузи тобора ортиб бораётганидан хавфсираб, акасига Абу Муслимни лавозимидан бўшатишни сўрайди, лекин ас-Саффоҳ бунга кўз юмади. 136-ҳижрий (милодий 754) йили Абу Муслим Ас-Саффоҳнинг изни билан Куфага келади. Ал-Мансур акасини Абу Муслимни ўлдиришга ундайди. Лекин ас-Саффоҳ яна рад жавобини беради. Шу йили Абу Муслим ва Абу Жаъфар ал-Мансур биргаликда ҳаж қиладилар. Улар ҳаж маросимларини бажараётганларида ас-Саффоҳнинг вафот этгани ҳақида хабар тарқалади. Шу ондан бошлаб халифалик унинг акаси Абу Жаъфар ал-Мансурга ўтади. Бу орада амакиси Абдуллоҳ ибн Алининг халифалик истагида қўзғалон кўтаргани учун ал-Мансур Абу Муслимни ўлдириш фикридан қайтади ва аксинча амакисини бартараф қилишда ундан фойдаланиш лозимлигини режалаштиради. Абу Муслим катта қийинчилик билан Абдуллоҳ ибн Алини енгади. Ал-Мансур Абу Муслим қўлга киритган ўлжаларни олиш учун ўз мавлосини юборади. Бундан Абу Муслим қаттиқ ғазабланади. Ал-Мансур уни юмшатиш учун Миср ва Шомни беради. Лекин Абу Муслим Хуросонга қайтади. Аммо ал-Мансур ўз замонасининг доҳийси бўлган Жарир ибн язид ибн Жарир ал-Бижлийни жўнатиб, Абу Муслимни қайтариб олиб келади. Абу Муслим Мадоинга ал-Мансурнинг ҳузурига келади. Ал-Мансур уни ўша ерда ўлдириб, жасадини Дажлага ташлайди. Бу ҳодиса 137-ҳижрий Шаъбон (милодий 755 йил январь) ойида содир бўлган эди. Ўшанда унинг ёши ўттиз еттида бўлган. Абу Муслим вафотидан сўнг Хуросонда халифага қарши Сунбод исмли мажусий томонидан қўзғалон кўтарилади. Сунбод Абу Муслимнинг ўлдирилишидан қаттиқ норози бўлиб, у Нисобур ва Райни эгаллаб олади. Ал-Мансур олтмиш минг кишилик бу қўзғалонни бостиришга мувоффақ бўлади Абу Муслим вафотидан сўнг унинг зафарли юришлари, сийрат ва маноқиблари шиалар ва маҳаллий аҳоли орасида кенг тарқалди. Жумладан, баъзи зиндиқлар Аллоҳ таоло Абу Муслим ал-Хуросонийнинг ичига жойлашган, деган бузуқ ақидани ҳам тарқатганлар. Айниқса, Абу Муслим билан боғлиқ қиссалар ва жангномалар ҳозиргача форс ва туркий халқларда учраб туради (Қаранг: Шамсуддин аз-Заҳабий. Сияр аълам ан-нубала. Ж.5. – Қоҳира: Дар ал-ҳадис, 2006. – Б. 219-237).

[15]Абул Аббос Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Али Ибн Ҳибрулумма Абдуллоҳ ибн Аббос ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ал-Қураший ал-Ҳошимий ал-Аббосий 105-ҳижрий (милодий 723) йилда туғилган бўлиб, илк аббосий халифа саналади. У ёш, ҳайбатли, оқ танли, узун бўйли ва виқорли шахс бўлган. 132-ҳижрий Рабиъ ал-аввал ойининг учинчи куни (750 йил 22 май) Куфада Валид ибн Саъд ҳовлисида Абул Аббос ас-Саффоҳга халифа сифатида байъат қиладилар. Ас-Саффоҳ уммавий халифа Марвонга қақшатқич зарба беради. Марвон Шомга қочишга мажбур бўлади. Ас-Саффоҳнинг амакиси Абдуллоҳ ибн Али уни таъқиб қилиб, Дамашққа келади ва у ерда уч соат ичида уммавийларнинг эллик минг аскарини ўлдириб, аббосийларнинг ғалабасини таъминлайди. Марвон оз сонил аскари билан Мисрга қочади ва Мисрнинг Бувайсир қишлоғида қатл қилинади, икки ўғли эса Нуба шаҳрига қочадилар. Ас-Саффоҳнинг ҳокимият тепасига келишида Абу Муслим ал-Хуросонийнинг хизмати катта бўлган  (Қаранг: Шамсуддин аз-Заҳабий. Сияр аълам ан-нубала. Ж.6. – Қоҳира: Дар ал-ҳадис, 2006. – Б. 225-226; Шамсуддин аз-Заҳабий. Сияр аълам ан-нубала. Ж.6. – Қоҳира: Дар ал-ҳадис, 2006. – Б. 239-241).

[16] Ислом шариатида олимлар, раҳбарлар ва ҳокимиятда ўз ўрнига эга бўлган нуфузли одамлардан ташкил топган обрўли шахслар “ҳилл ва ақд аҳли” (бўшатиш ва боғлашга ҳақли бўлганлар) деб юритилади. Бир сўз билан айтганда улар сайловчилардир. Шунингдек, фиқҳий асарларда “аҳли ихтиёр” ва “аҳли шўро” атамалари ҳам учрайди. Аҳли ихтиёр – танланганлар имом (давлат раҳбари)ни сайлайдиган махсус гуруҳ бўлиб, улар аҳли ҳилл ва ақддан танлаб олинади. Аҳли ҳилл ва ақднинг барча аъзолари ёки баъзилари аҳли ихтиёр бўлиши мукмин. Аҳли шўра (машварат аъзолари)га келсак, ислом тарихи борасидаги тадқиқотларга синчковлик билан қаралса, аҳли ҳилл ва ақд билан аҳли шўро орасида фарқ мавжудлигини илғаш мумкин. Аҳли шўронинг аъзоларида топилиши керак бўлган асосий сифат илм, яъни олимлик бўлса, аҳли ҳилл ва ақд аъзоларидан асосан обрў-эътиборли бўлиш талаб этилади. Жумладан, Абу Бакр (р.а.)га халифа сифатида байъат қилганлар орасида Умар, Усмон, Абдураҳмон ибн Авф, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва Башир ибн Саъд (р.а.)лар бўлган. Лекин Абу Бакр (р.а.) бирор ишда иккиланса, Башир ибн Саъд (р.а.)дан бошқа юқорида зикр қилинган саҳобалар билан маслаҳатлашар эди. Чунки мазкур саҳобийлар муфтий, яъни фатво бериш билан ҳам шуғилланар эдилар. Башир ибн Саъд (р.а.) эса фатво аҳлидан эмасди. Аммо Башир (р.а.)нинг обрўси баланд бўлган, шу боис халифа сайлаш ишларида қатнашган. Айтишларича, ансорлар ичида биринчи бўлиб Башир ибн Саъд (р.а.) Абу Бакр (р.а.)га байъат қилган. Демак, халифа (имом) сайлашда аҳли ҳилл ва ақднинг овозигина қабул қилинади. Лекин сайлаш ҳуқуқига ҳамма ҳам эга бўла олмайди. Чунки аҳли ҳил ва ақдда қуйидаги сифатлар топилиши шарт: 1. Шаҳодат (гувоҳлик)да вожиб бўлган шартларни ўзида жамлаган адолат. Яъни, мусулмон, балоғатга етган бўлиши ҳамда фосиқлик иллати бўлмаслиги ва муруввати мукаммал бўлиши лозим. Мурувват деганда ислом шариатига зид бўлган ахлоқсизлик ва одобсизликлардан узоқ бўлиш тушунилади. Баъзи олимлар бозор ва кўчаларда таомланишни ҳам мурувватсизлик санаганлар. 2. Илм. Яъни, аҳли ҳилл ва ақд аъзолари имомат шартлари ва унга ҳақли бўлганларда топилиши керак бўлган сифатларни билишлари лозим. Бунинг учун фиқҳ илмидан яхши хабардор бўлиш талаб этилади. 3. Райъ ва ҳикмат. Яъни, имомат учун энг лойиқ шахсни танлай оладиган даражада мустақил фикрга эга бўлиши лозим. 4. Шавкат. Яъни, одамлар орасида ўз обрўсига эга бўлиши, инсонларни ортидан эргаштира олиш қобилиятига эга бўлиши шарт. 5. Ихлос ва насиҳат. Яъни, нияти холис бўлиши ҳамда мусулмонларга фақат фойдани кўзлайдиган шахс бўлиши даркор. 6. Ижтиҳод. Шофеъий фақиҳлари яна бир шарт қўшганлар, яъни имом сайлаш аҳли ихтиёрдан бир кишига топширилган бўлса, у имомат масаласида мужтаҳид бўлиши, агар кўпчилик ихтиёрига топширилган бўлса, аҳли ихтиёр орасида битта мужтаҳид бўлиши шарт. Мазкур сифатлар топилган барча инсонлар халифа сайлаш ҳуқуқига эга бўладилар. Лекин шуларнинг ичидан ҳам аҳли ихтиёрлар танлаб олинади. Аҳли ихтиёр икки йўл билан танланади: 1. Халифанинг ўзи танлаб олади. Масалан, Умар (р.а.) бетоблигида саҳобалар орасидан олтитасини танлаб, халифа сайлаш ҳуқуқини уларга топширган ҳамда бу саҳобаларнинг кўз ўнггида рўй берган ва ҳеч бир саҳобий бунга қаршилик кўрсатмаган. Ҳолбуки, барча саҳобийларда аҳли ҳилл ва ақд сифатлари топилар эди. 2. Ҳозир бўлганлар аҳли ихтиёр саналади. Яъни, агар халифа ҳеч кимни танламаган бўлса, сайлов вақтида қатнашаётган аҳли ҳилл ва ақд аъзолари аҳли ихтиёр ҳукмида бўладилар. Масалан, халифа Усмон (р.а.) ўлимидан олдин ҳеч кимни аҳли ихтиёр сифатида тайинлаб кетмаган. Лекин вазият тақозоси билан баъзи саҳобалар Али (р.а.)га байъат берганлар. Байът берган мазкур саҳобалар аҳли ихтиёр ҳисобланади. Аҳли ҳилл ва ақд аъзолари қуйидаги ваколатларга эга бўладилар: 1. Халифа ва имомни сайлаш. Бу борада аҳли сунна орасида ихтилоф йўқ. Бунга аҳи суннанинг барчаси ижмоъ қилган. 2. Имом вафот этганда валиаҳдга янгитдан байъат бериш, яъни валиаҳдда баъзи камчиликлар юз берган бўлса, масалан, у валиаҳд деб эълон қилинганда балоғатга етмаган бўлса ёки фосиқ ишлар билан шуғилланган бўлса, кейинчалик имом вафот этганда балоғатга етса ёки адолатли шахсга айланса, унинг халифалиги ва имомати дурус бўлмайди. Бундай вазиятларда аҳли ҳилл ва ақд янгитдан валиаҳдга байъат беришлари лозим бўлади. 3. Имом вафот этганда валиаҳдни чақириш. 4. Имомнинг ноибини тайинлаш. Яъни, имом вафот этгач, валиаҳднинг етиб келиши узоққа чўзилса ва бундан мусулмонлар азият чекса, аҳли ҳилл ва ақд валиаҳд учун ноиб тайинлаш ҳуқуқига эга бўлади. Бундай вазиятда унга ноиб сифатида байъат берадилар, халифа ёки имом сифатида эмас. 5. Имомни вазифасидан озод этиш. Яъни, вазият тақозосига кўра имомни бўшатиш. Имом сайлашда аҳли ҳилл ва ақднинг қанча қисми иштирок этиши лозим, деган саволга фақиҳлар турлича жавоб берганлар. Жумладан, Имом ал-Ашъарий (а.р.): “Раъй соҳиби бўлган олимлардан бир киши кифоя қилади. Лекин у содир бўлиши мумкин бўлган келишмовчиликларни бартараф қилиш учун сайловни ҳамманинг гувоҳлигида амалга ошириши шарт”, деган. Ҳанбалий олимлар: “Имом сайлашда ҳар бир шаҳарнинг аксарият аҳли ҳилл ва ақд аъзолари иштирок этишлари шарт. Имом Аҳмад (а.р.) бу ҳақда шундай деган: “Имом шундай кишики, унга ҳамма ижмоъ қилади. Уларнинг барчаси: “Бу имом”, дейди”, деган фикрни билдирадилар”. Шофеъий олимларининг баъзилари фикрига кўра, имом камида беш киши билан сайланиши керак. Бешовларининг барчаси унга ижмоъ қилиши ёки тўрттаси бирининг қарорига рози бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, мўътазилийлар ҳам сайловда бешта олим иштирок этиши лозимлигини таъкидлаганлар. Баъзи тоифа олимларнинг таъкидлашича, имом сайлашда қирқта аҳли ҳилл ва ақд аъзолари иштирок этишлари шарт саналади. Ҳанафий ва шофеъий фақиҳлар шундай хулоса берганлар: “Имом аҳли ҳилл ва ақднинг бир гуруҳи томонидан сайланади, уларнинг аниқ адади белгиланмаган” (Қаранг: Ал-Мавсуъа ал-фиқҳия. Ж.7. – Қувайт: Вақф ва исломий ишлар вазирлиги, 1993. – Б. 115-117; Мавсуъа ал-фиқҳия. Ж.6. – Қувайт: Вақф ва исломий ишлар вазирлиги, 1993. – Б. 218-219).

[17] Абу Жаъфар Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Али ал-Ҳошимий ал-Аббосий ал-Мансур 95-ҳижрий (милодий 713) йилда туғилган. У буғдойранг, узун бўйли, озғин, ҳайбатли, яноқлари ингичка, юзлари йирик, пешонаси кенг, қирғийбурун шахс бўлиб, кўзлари гўё сўзлаётгандек чақнаб турар, қалбларни тез забт этар, эътиборни ўзига жалб қила олар ва қора рангли хина ишлатар эди. Шунингдек, ал-Мансур аббосий раҳбарлар ичида энг ҳайбатли, шижоатли, мустақил фикрга эга, азм-қарорли, даҳо, қаттиққўл раҳбар бўлган. У мол-мулк йиғишга жуда ўч бўлиб, ўйин-кулгуни хушламас, мукаммал ақл соҳиби, фиқҳ, адабиёт ва илмда яхши музокара қила оладиган инсон бўлган. Ал-Мансур кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун ҳаддан зиёд маблағ сарфлар эди. АбуИсҳоқ ас-Саъолибий (а.р.)нинг айтишича, ал-Мансур бахиллиги билан танилган. У вафот этганда тўққиз юз миллиондан ортиқ дирҳам миқдорида мерос қолдирган. У мунажжимларга қулоқ солар ва уларга хазинасидан маблағ ажратиб турар эди. Ал-Мансур амакиси Абдуллоҳ ибн Али ва унинг икки ўғли бошлаган қўзғалонларни Абу Муслим ал-Хуросоний ёрдами билан бостиради. Кейинчалик ал-Мансур Абу Муслимни ҳам қатл қилади. Ал-Мансур Андалусдан бошқа барча исломий шаҳарларни ўз ҳукми остида сақлаган. У давлат бошқаруви ва қарор қабул қилишда уммавийларнинг уч халифаси – Муовия (р.а.), Абдулмалик ва Ҳишом (а.р.)лардек иш тутар эди. Ал-Мансур 158-ҳижрий Зулҳижжа (775 йил октябрь) ойида Ҳаж қилиш учун сафарга отланади ва Маймун қудуғи олдига етганда вафот этади (Қаранг: Шамсуддин аз-Заҳабий. Сияр аълам ан-нубала. Ж.6. – Қоҳира: Дар ал-ҳадис, 2006. – Б. 526-529) .

[18] Абу Аҳмад Абдуллоҳ Ибн ал-Мустансир биллаҳ Мансур Ибн аз-Зоҳир Муҳаммад Ибн ан-Носир Аҳмад Ибн ал-Мустазиъ ал-Ҳошимий ал-Аббосий ал-Бағдодий 609-ҳижрий (милодий 1212) йилда туғилган. У 640-ҳижрий 10-Жумадал ахира (милодий 1242 йил 5 декабрь)да отасининг ўрнига халифа этиб тайинланади. Ал-Мустаъсим Қуръонни кўп тиловат қилувчи фозил, саховатпеша, ҳалим, гўзал суратли ва ички дунёси соғлом шахслардан бўлиб, ҳусни хат соҳиби бўлган. У ибн ан-Наййорга Қуръонни тўлиқ хатм қилиб топширган ва устозига хатм куни олти минг динор (тилла танга) тортиқ қилган. Халифаликка тайинланган куни ўн уч мингдан ортиқ кийим ҳадя қилинган. Ал-Бозроий ва Муҳйиддин Ибн ал-Жавзийлар ал-Мустаъсимдан ижоза олганлар. Ал-Мустаъсим ота-боболари каби Қуръон ва суннатга қаттиқ амал қиладиган олим бўлса-да, лекин улардек зийрак ва олийҳиммат бўлмаган. У мулойим ва кучсиз бўлгани учун айрим ғайрли кимсалар кўмагида халифалик курсига чиққан. Чунки ғайри кимсалар уни осон ва ўзлари истагандек бошқара олишни режалаштирган эдилар. Ал-Мустаъсим рофизийлардан ал-Муаййад Ибн ал-Алқамийни вазир этиб тайинлайди. Вазир кўплаб бузғунчиликларни амалга оширади, халифани мол-мулк йиғишга ўргатади ва уни ҳарбий аскарлар сонини камайтиришга кўндиради. Вазир жума намозини бекор қилишга ва рофизийлар мадрасасини очишга кўп ҳаракат қилади, лекин орзусига ета олмайди. 641-ҳижрий (милодий 1243) йилда Хоразмийлар Шомга ҳужум қиладилар. Мўғиллар Рум волийси билан минг динор, отлар, қуллар ва жориялар эвазига сулҳ тузади ва Қайсарияни қўлдан бой беради, Дамашқдаги Қозиюлқузот ар-Рафиъ ал-Жийлий ҳалок бўлади. Шу йили французлар Қуддус шаҳрини эгаллаб, у ерда хамр ичиш ва тўнғиз сўйиш каби турли номақбул ишларни амалга оширадилар. 642-ҳижрий (милодий 1244) йилда Хоразмийлар Миср ҳокимига ёрдам бериш мақсадида Дамашқни қамал қиладилар. Қамал қаттиқ бўлади. Сўнг Асқалон ва Ғаза шаҳарларида шомликлар ва мисрликлар қўшини тўқнаш келади. Шомликлар аскари таркибида французлар, мисрликлар таркибида эса хоразмликлар ҳам бор эди. Орада қаттиқ жанг бошланади. Хоразмликлар бир соат ичида французларни қириб ташлаб, саккиз юзта французни асирга оладилар. Жангда умумий ўттиз минг аскар ҳалок бўлади. 643-ҳижрий (милодий 1245) йилда ҳам Дамашқ қамали давом этади. Натижада ас-Солиҳ Исмоил ва Ҳимс ҳокими шаҳарни ташлаб, Баълабаккага қочадилар. Дамашқни эса Муъинуддин Ҳасан Ибн аш-Шайх эгаллайди ва Муҳйиддин Ибн аз-Закийни қозилик мансабидан бўшатади. 644-ҳижрий (милодий 1246) йилда хоразмийлар Ҳалабгна юриш қиладилар. Жангда Ҳалаб ва Ҳимс лашкарлари мағлубиятга учрайди. Шу йили татарларнинг икки элчиси Ибн ал-Алқамийнинг ҳузурига келадилар. Шу каби ички зиддиятлар аббосийлар давлатининг қулашига секин-аста замин яратади. 654-ҳижрий (милодий 1256) йилда Расулуллоҳ (с.а.в.) ваъда қилган Қиёматнинг катта аломатларидан бири рўй беради. Яъни, Мадинада олов чиқади ва узоқ вақт давом этиб, тошларни ҳам еб юборади. Мадиналиклар Аллоҳга тавба қилиб, Ундан паноҳ сўрайдилар. Маккаликлар Мадинадаги оловнинг нурларини кўриб турадилар. Шу йили Қуёш ва ой тутилади, Бағдодда катта сув тошқини рўй бериб, кўпчиликнинг ҳаётига зомин бўлади, уйлар вайрон бўлади, сув девор бўйи кўтарилади. Мазкур йили Рамазонда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Масжидлари ёниб кетади. Шу йилда аббосийлар давлатининг сўнгги онлари бошланади, яъни Чингизхон авлодидан бўлган Ҳулаку ибн Тули ибн Чингизхон юз минглик қўшин билан Рум шаҳарини ишғол қилади. 655-ҳижрий (милодий 1257) йили Бағдодда мусулмонлар ва рофизийлар ўртасида қаттиқ жанг бўлади. Жангда кўплаб мусулмонлар ҳалок бўлади, вазир Ибн ал-Алқамий осиб ўлдирилади. Бу вақтда Ҳулаку элчиси Бағдодга келади. Халифа ҳеч нарса қила олмайди. Дамашқ ҳокими Ҳулакуга таслим бўлади. Миср ҳокими ал-Муъизз Ойбек бир йил олдин хотини томонидан ўлдирилган, шу боис мисрликлар раҳбарсиз қолган эди. Рум ҳокими эса мўғуллардан қўрқиб қочиб кетган эди. Ҳулаку ҳеч қандай қаршиликсиз бостириб киради ва кўплаб мусулмонларни ўлдириб, қолганларини асирга олади, уйларни эса ёқиб юборади. 656-ҳижрий (милодий 1258) йилда Ҳулаку Бағдодга юриш қилиб, уни эгаллайди. Мавсил ҳокими Луълуъ ва Ибн Салоялар Ҳулакуга мактуб ёзиб, насиҳат қиладилар. Лекин бу фойда бермайди. Ҳулаку мўғул, турк ва курдлардан таркиб топган лашкари билан Бағдоднинг ғарбий, баъзи ривоятларда шарқий томонига жойлашиб, қалъа тиклайди. Луъулу ҳам Ҳулакуга қўшилади. Вазир халифани сулҳ тузишга кўндиради ва ўзи Ҳулакунинг ҳузурига бориб, фитна уюштиради. Вазир ўз жонини сақлаб қолиш эвазига халифага хиёнат қилишни таклиф қилади. Ҳулаку бу таклифга рози бўлади. Вазир қайтиб келгач, халифага: “Қон (Хоқон) ўз қизини ўғлингиз Абу Бакрга никоҳлаб бермоқчи. Шу йўл билан сиз ўз мансабингизда қоласиз ва Қоннинг қўл остида мамлакатни бошқарасиз. Ҳулакунинг ҳузурига борниг”, деб ёлғондан маслаҳат беради. Халифа ал-Мустаъсим давлат арконлари билан бирга тўй қилиш учун отланадилар. Лекин вазирнинг ёлғони туфайли ҳаммалари ҳалок бўлади. Халифа ал-Мустаъсим  ва ўғли Абу Бакрни ўлгунга қадар тепадилар. Шамсуддин аз-Заҳабийнинг фикрига кўра, Халифа ал-Мустаъсим осиб ўлдирилган. Баъзи тарихчилар ғам-ташвишдан касал бўлиб, тўшакка михланиб ўлган, деган фикрни ҳам билдирганлар. Халифа билан бирга унинг ўғиллари Аҳмад ва Абдураҳмон ҳам қатл қилинади. Ал-Мустаъсимнинг ўғли Муборак ҳамда қизлари Фотима, Хадича ва Марямларни мўғуллар асир қилиб олиб кетадилар. Ҳулаку Бағдодда жуда кўп мусулмонни қатл қилади, қон дарё бўлиб оқади. Ҳалок бўлганлар сони ривоятларда саккиз юз мингдан бир миллион саккиз юз минггача деб кўрсатилган. Шундан сўнг Бағдод аҳлига омонлик эълон қилинади. Хоин вазирга берилган ваъдалар бажарилмайди, у ҳам хор бўлиб ҳалок бўлади. Сўнг Ҳулаку ўлжа ва асирларни олиб, Озарбайжонга кетади. Халифа ал-Мустаъсимнинг авлодлари Шамсуддин аз-Заҳабий яшаган давр (673-748/1274-1347 йиллар)да Озарбайжонда яшашгани тарихдан маълум. Аббосийлар давлати 132-ҳижрий (милодий 749) йилдан бошланиб, 656-ҳижрий (милодий 1258) йилгача – жами 524 йил давом этган ва ал-Муътасим вафотидан сўнг инқирозга учраган (Қаранг: Шамсуддин аз-Заҳабий. Сияр аълам ан-нубала. Ж.16. – Қоҳира: Дар ал-ҳадис, 2006. – Б. 379-385) .

[19] Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Халдун. Тарих Ибн Халдун. Ж.2. – Байрут: Дар Ибн Ҳазм, 2003. – Б. 3124-3125.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин