Саналар
21.12.2024
Баннер
Ануштегинийлар
PDF Босма E-mail

Ўзбек давлатчилиги тараққиётида мамлакатимизнинг ҳар бир воҳаю водийсининг ҳиссаси бўлиб келганини биз бир неча бор кўрдик. Шу маънода давлатчилигимиз ибтидоси қарор топган кўҳна Хоразмда XI— XIII аср бошларида кечган сиёсий жараён ва унинг тамом минтақага таъсири катта қизиқиш уйғотади. Биз қуйида шу ердан чиққан, кўпроқ хоразмшоҳлар номила машҳур сулола фаолияти ҳақида фикр юритмоқчимиз.

Хоразмшоҳ дейилганда, аслида, Хоразм воҳасида ҳукмронлик қилган сулола вакили тушунилади, яъни Хоразм ҳукмдори (шоҳи) маъносини англатади. Узоқ асрлар давомида бу вилоятда бир қатор сулолалар хоразмшоҳлар унвони остида фаолият кўрсатганликларини биламиз. Масалан, IV—X асрларда африғийлар хонадони, 995—1017 йилларда маъмунийлар (Маъмун I, Абулҳасан Али, Маъмун II), 1017—1041 йилларда эса олтунтошийлар (Олтунтош, Ҳорун, Ҳандон) сулолалари хоразмшоҳлар унвони билан бошқарув курсисида ўгирганлар. Аммо Хоразм доирасидан ташқарига чиқиб, мамлакат, минтақа миқёсида от суриб ва бу билан ҳам чекланмасдан бошқарувнинг салтанат даражасига эришган сулола бу ануштегинийлардир (1097—1231). Сўз ҳам айнан ануштегинийлар ҳақида боради.

Ануштегинийлар сулоласининг бошловчиси Ануштегин (вафоти 1097 йил) ҳисобланади. XI асрнинг иккинчи ярмида салжуқийларнинг омади чопган вақглар эди. Ануштегин салжуқий ҳукмдор Султан Маликшоҳнинг мансабдорларидан бўлиб, ўзининг намунали хизмати эвазига юксак мартаба ва ҳукмдорнинг яқин аёнларидан бири даражасига кўгарилади. Тахминан 1077 йили у Хоразм шиҳналиги (комендант маъносида) вазифасига тайинланади. 1097 йили эса ўғли Қутбиддин Муҳаммад Хоразм волийси, яъни ҳокими мавқеига эришади. Унинг ҳокимлиги фақат Хоразм доирасида бўлгани та-биий. Қутбиддин Муҳаммад салжуқийлар даргоҳига қарам эди. Ҳар йили ўзи ё ўғли Отсиз орқали марказга вилоятдан ундирилган солиқни олиб бориб турарди. Худди мана шу Отсиз (тўлиқ исми Малик Абу Музаффар Аловидцин Жалолиддин Отсиз) отасидан кейин (1128 йили) салжуқий Санжар ҳукми билан Хоразм волийлигига тайинланади. Бу вақгда у ҳали 30 га ҳам кирмаганди. Отсиз ҳам аввалига отаси каби салжуқийлар хонадонига сидқидилдан хизмат қилади. Аммо сиёсатда бўлганидек, ўз мавқеи мустаҳкамланиб ва, аксинча, рақобатчилари заифлаша борганини сезган ҳолда салжуқийларга қарамликдан бош торта бошлайди. Гарчи фаолиятининг сўнгги 20 йили давомида у мутлақ мустақилликка эришиш ва бу билан ҳам чегараланмай ўз ҳукмини Сирдарёнинг қуйи оқимларидаги ерлар ва Хуросонга ҳам ўтқазишга интилган бўлса-да, аммо моҳият эътибори билан айтадиган бўлсак, унинг замонида Хоразм вилояти тўла эркинликни кўлга кирита олмади. Агар Отсиз замонаси сиёсий манзарасига назар ташлагудек бўлсак, бу вазифани ҳал этиш ҳақиқатан ҳам қийин эканлигини сезамиз. Аввало, нима бўлганда ҳам Султон Санжар ғоятда катга қудратга эга эди. Бунга Отсизнинг ўзи ҳам бир неча бор иқрор бўлган. Иккинчи томондан, шу асрнинг 30-йиллари охири ва 40-йиллари бошида Туркистон сиёсий майдонига чиққан янги куч — қорахитойлар ҳам ниҳоятда қувватга тўлиб турган эдилар. Бекорга Отсиз уларга йилига 30 минг олтин динор тўлаб туришни бўйнига олмаган, албатта. Аммо шу билан бирга Отсиз фаолияти ўз сулоласининг кейинги ўн йилликларда Туркистон ва ундан ташқарида ҳам амалга оширган ҳаракатларининг асосини яратишда беқиёс бўлди. Яъни Отсиз ануштегинийлар хонадони нафақат бир вилоят, балки улкан минтақада ҳам сиёсат юргизиш, донгдор сиёсий кучлар билан рақобатлаша олишга қодир эканлигини амалда кўрсатганди. Отсиз ва Султон Санжар кетма-кет (1156 ва 1157 йиллари) охиратга сафар қилганлар. Отсизнинг сиёсатини ўғли Эл Арслон (1156— 1172) давом эттиради. Очиғини айтиш керак, бу вақгга келиб минтақадаги вазият ҳам анча «бўшашганди». Бу, энг аввало, Султон Санжарнинг ўлимидан кейин салжуқийлар хонадонидан унинг ўрнини боса оладиган етук сиёсатчининг чиқмаганлигидан, десак тўғри бўлади. Гапнинг қисқаси, Султон Санжардан сўнг шарқий салжуқийлар сиёсий бирлиги инқирозга учраган эди. Бундай шароитда Эл Арслон учун Хоразмда мустақил сиёсат юргизишга эришиш мушкул эмасди. У фақат бу билан чегараланибгина қолмай минтақа бўйлаб ҳам фаол ҳаракат қила бошлайди. Чунончи, у 1158 йили Мовароуннаҳрда қорахитойлар билан тўқнашиб, қўли баланд келган ҳолда улар билан сулҳ тузади. 1167 йили эса Нишопурни эгаллайди ва Озарбайжонга ҳарбий юриш уюштиради. Аммо Эл Арслонга ҳам марказида Хоразм бўлган, барча томонидан тан олинган қудратли сиёсий ҳокимиятга асос солиш насиб этмаган.

Хоразмшоҳларнинг забардаст сиёсий куч сифатида рўёбга чиқа олмаганликларининг бош сабабларидан бири бу ички низоларга барҳам бера олмаганликларидир. Чунончи, Эл Арслондан сўнг унинг ўғиллари Аловиддин Такаш ва Султоншоҳ Маҳмуд ўртасида 20 йилдан ортиқ вақт давомида тахт учун кураш кетади. Ҳар иккови ҳам гоҳ қорахитойларга, гоҳ Ҳиротдан Шимолий Ҳиндистонгача бўлган ҳудудца ҳукмронлик қилиб турган ғурийлар сулоласига, гоҳ эса Хуросон амирларига суянган ҳолда ўзаро кураш олиб борганлар. Бироқ бундан бирон-бир наф чиқмади, на сулола, на Хоразм юксалди. Фақат Султоншоҳ вафотидан сўнггина (1193 йил) Такаш якка ҳукмдор сифатида кенг қамровли сиёсат юргизиш имконига эга бўлди. 1194 йили у Ғарбий Эроннинг аксар қисмини бўйсундирди, кейин Кермонда ҳам унинг номига хутба ўқилади. Ҳукмронлиги сўнггида у ҳатто Бағдодни — халифалик пойтахтини забт этишга ҳам шайланади. Аммо юриш чоғида, 1200 йилнинг ёзида, йўлда вафот этади. Ундан қолган мерос — Туркистон ва Эронни ўз ичига олган салтанат курсисига Аловиддин Муҳаммад (1200—1221) чиқади. 1210 ва 1212 йилларда икки уринишда у қорахитойлар масаласини бутунлай ҳал қилади. Бу воқеа унинг обрў-эътиборини ниҳоятда ошириб юборади. Иккинчи Искандар, иккинчи Султон Санжар лақаблари билан машҳур бўлган Султон Қутбиддин Муҳаммад саъй-ҳаракатлари туфайли 1217 йилга келиб Озарбайжон, Эрон, Хуросондан Ҳиндистонгача бўлган ерлар хоразмшоҳпар измига тушган-ди. Шу йил охирида у ҳам Бағдодни эгаллаш ҳаракатига тушади, аммо об-ҳаво оғир келиб, мўлжал амалга ошмай қолади. Султон Муҳаммаднинг асосий мақсади Сурия, Кичик Осиё ва Мисрни ҳам бўйсундириш эди. Хуллас, Чингизхон (1206—1227) босқини арафасида хоразмшоҳлар сулоласи дунёнинг энг қудратли сиёсий кучларидан бирига айланганди. Орол денгизидан Ҳинд океанигача, Ироқдан Шарқий Туркистонгача бўлган улкан ҳудуд тақдири Хоразмда ҳал бўларди.
Худди шу даврда шарқда бошқа бир ҳарбий-сиёсий куч қудратга тўлиб бораётганди. Албатта, биз бу ерда Чингизхон асос солган ҳарбий-сиёсий кўчманчи уюшмани назарда тутяпмиз. XIII аср ўнинчи йиллари охирида Шарқда икки йирик куч — хоразмшоҳлар ва чингизийлар ҳукмронлиги шароитида уларнинг ўзаро тўқнашишлари табиий ҳол эди. Қатор манбалар, илмий адабиётларда чингизийларнинг Мовароуннаҳрга юришлари сабабини турлича изоҳлашга ҳаракат қилинади-ю, аммо оддий бир ҳақиқатга кўп ҳам эътибор берилмайди. Хоразмшоҳлар ҳам, чингизийлар ҳам сиёсий куч сифатида шундай бир қувватга эга эдиларки, ёнма-ён турган бир шароитда уларнинг ўзаро тўқнаш келмасликлари мумкин эмасди (худди, масалан, македониялик Александр ва аҳамонийлар, Амир Темур ва Боязид ўртасидаги рақобат каби). Баҳона эса доимо топилади. Хоҳ у томондан, хоҳ бу томондан. Одатда, Чингизхоннинг Мовароуннаҳрга лашкар тортишига сабаб қилиб 1218 йилги Ўтрор воқеаси кўрсатилади, яъни Чингизхон элчилик-савдо карвонининг Ўтрорда қатл этилиши Чингазхон ғазабини қўзғаган, қабилидаги фикрлар олға сурилади.

Ваҳоланки, икки томон ўртасида уруш чиқиши муқаррарлиги ҳам Султон Муҳаммадга, ҳам Чингизхонга бошданоқ аён эди. Бу борада ташаббус кўпроқ Чингизхонда бўлган. 1218 йили хоразмшоҳга юборган номасида у Султон Муҳаммадга ўғлим, деб мурожаат қилади. Дипломатия тилида бу «қаролим» деган билан баробар бўлиб, аслида бу жангга ундаш эди. Ҳозирча бизга номаълум қандайдир сабабларга кўра Султон Муҳаммад бундай қилмайди. Ўтрордаги воқеага келсак, элчилар ва савдогарларнинг ўлдирилиши ҳам айб сифатида Султон Муҳаммадга қўйиб келинади. Ваҳоланки, бизнинг назаримизда, унинг бундан бошқа иложи йўқ эди. Бу карвон фақатгина элчилик ва савдо карвони бўлмай, балки ундаги 100 кишига ўлкадаги турли ерларда савдо билан шуғулланиш учун Чингизхон кўрсатмаси билан маблағ ажратилган эди. Бошқача айтганда, мазкур кишилар жосуслик фаолияти билан шуғулланишлари мўлжал қилинган. Умуман олганда, Чингизхон бўлажак жанг майдони бўлмиш ўлкани жуда яхши ўрганганди. Буни Султон Муҳаммад яхши биларди ва унга чек кўйиш зарурлигини ҳам англарди. Биз ҳатто шундай фараз қилишимиз мумкинки, Ўтрордаги тўкилган қон Чингизхон томонидан аввалдан пишитилган режа асосида амалга оширилган. Чунки мазкур воқеа тарихий баёнининг бир чўпчакнамо томони бор. Яъни карвоннинг барча кишилари қириб ташланган-у, фақат бир киши омон қолиб, бу ҳақдаги хабарни Чингизхонга етказган. Ваҳоланки, шундай катта шаҳар Ўтрорда бир неча юз одам қатл этилиши, нима бўлганда ҳам, бекитиқча қолмасди.
Ўз ўрнида Султон Муҳаммад ҳам қатор хатоларга йўл қўйган. Чунончи, душман билан бўладиган жангларда қандай тактикадан фойдаланиш масаласида у саботсизлик ва калтабинлик қилди. Ваҳоланки, ҳарбий кенгашда бир қатор таклифлар ўртага ташланганди: барча ҳарбий кучни (600 минг киши атрофида) бир ерга тўплаб, ҳарбий юришда толиқиб турган душманга Сирдарё бўйида ҳужум қилиш; ғанимни Мовароуннаҳрга киритиб, қулай вазиятда унга зарба бериш (Жалолиддин таклифи); тоғликларга чекинган ҳолда мўғуллар учун ноқулай дараларда жанг қилиш; Ғазнага ва ҳатто Ҳиндистон томон чекиниб ўша ерда жанг олиб бориш. Султон Муҳаммад буларнинг барчасини инкор қилган ҳолда бошқа бир йўлни танлайди, яъни ҳар бир шаҳар ва қалъа кучига суянган ҳолда ҳимояланишни маъқул топади. Бу эса ҳарбий кучнинг аввал бошданоқ бир неча майда-майда қисмларга бўлиниб кетишига олиб келади. Натижада, 1220 йили Бухоро, Самарқанд, 1221 йили Урганч, Термиз қўлдан кетади. Хўжанд ҳокими Темур Малик, Жалолиддин хоразмшоҳ мардликлари нечоғлик юқори бўлишига қарамай ташаббус қўлдан кетгани сабаб урушда ютқазилади. Шу ерда биз бир масалага—мағлубиятнинг бош сабабига диққатни жалб этмасдан қололмаймиз.
Чингизхон нечоғлик қудратли қўшинга ва ақп-заковатга эга бўлишидан қатъи назар Султон Муҳаммад имкониятлари ундан кам эмасди. Юқорида тилга олинган улкан ҳудудни ўз қўл остида бирлаштиришга муваффақ бўлганлиги унинг имкониятлари ниҳоятда катта бўлганидан далолат беради. Шунга қарамай маданий жиҳатдан қолоқ бўлган сиёсий кучга кураш бой берилди. Бунинг сабаби нимада? Фикримизча, Султон Муҳаммад ҳукмронлиги даврида давлатчиликда ўзига хос икки ҳокимиятчиликнинг юзага келишида. Юқорида Низомул мулкнинг подшоҳлик ишига аёллар ва гўдакларни аралаштирмаслик кераклиги ҳақидаги фикрини келтириб ўтгандик. Султон Муҳаммад замонида эса худди шу ҳол юзага келади. Унинг онаси Туркон хотун давлат ишларига тўғридан-тўғри аралаша бошлайди. У давлат бошқарувидаги энг муҳим масала — давомийлик, яъни валиаҳдлик масаласига аралашиб ўзининг ҳукмини ўтказади. Валиаҳд қилиб Султон Муҳаммад мўлжаллаган Жалолиддин эмас, онаси талаб қилган кенжатой Узлоқшоҳ тайинланади. Кенжа ўғилнинг онаси эса ўз ўрнида Туркон хотун қавмидан бўлиб, Туркон хотун ўз қавмига доим ён босиб келарди. Туркон хотун аслида қипчоқ уруғларвдан бирига мансуб бўлиб, ўз вақтида Такаш қипчоқларни ўзига оғдириш ниятида унга, қипчоқ хонининг қизига уйлан ганди. Вақти келиб Туркон хотун кўмагида қипчоқлар хоразмшоҳлар салтанатида катга мавқе касб этишларини у хаёлига келтирибди дейсизми. Хуллас, кўчманчи шароитдан чиқиб, ўгроқ ва юксак маданиятли муҳитда бирданига юксак даражага эришган амирлар, ҳарбий-лар иложи борича ўз мавқеларини қандай бўлмасин мустаҳкамлаб боришга ҳаракат қилганлар. Қолоқликдан бирданига, деярли ҳеч бир уринишсиз, Туркон хотун ёрдамида маданиятнинг ва у билан боғлиқ барчанинг марказида бўлиб қолиш, албатта, эгаллаган жойни сақлашга ундайди. Лекин бу жараён хоразмшоҳлар ва, умуман, давлатчилик устунлари заифлашиши ҳисобига кечди. Султон Муҳаммад ва ана шу тоифа амирлари ўртасидаги тафовут шунчалар бўлганки, вазиятдан ус-талик билан фойдаланган Чингизхон кўрсатмаси билан бир қалбаки хат тузилган ва унда гўёки мазкур тоифа амирлари Чингизхонга мурожаат қилиб, уни зориқиб кутаётганликларини ёзадилар. Бу хат жосуслар орқали тарқатилиб, Султон Муҳаммадга етиб боради ва унинг собитлигига катта зарба беради.
Демак, давлат марказида қабилавий манфаатларни ҳамма нарсадан афзал билувчиларга ўрин бўлмаслиги керак экан, Бу борада Туркон хотун шунчалар паст бўлганки, Чингизхон тутқунлигида бўлиб турган бир вақтида унга қочиб Жалолиддин олдига борайлик дейишганда, Ойчечакнинг ўғлига (Жалолиддинга) қарам бўлгандан кўра Чингизхон қўлидаги асирлик ва бу ердаги камситишлар менга азизроқдир, деган экан. Гарчи Султон Муҳаммад ўлими олдидан (1221 йили) ўғли Жалолиддинни валиаҳд қилиб тайинласа-да, фурсат қўлдан кетганди. Шунга қарамай давлат ва халқ олдида ўз масъулиятини ҳеч қачон унутмаган Жалолиддин душманга қарши курашни тўхтатмайди. Тўғри, у Урганчни тарк этади ва Нисо, Қандаҳор атрофида, Чорикорда, Ғазна яқинида бўлган жангларда мўғулларга шундай зарбалар берадики, ўз енгилмасликларига ортиқча бино қўйган мўғуллар ичини алам ва афсус доғ қилади. Шунда Жалолиддинга қарши шахсан Чингизхоннинг ўзи отланади. Ушбу вазиятда давлатчилигимиз тарихида кўзга ташланиб келган бир нуқсонимиз яна панд беради. Сўнгги жангда қўлга киритилган ўлжани тақсимлашда келишмовчилик чиқиб баъзи бир амирлар ўз қўшинлари билан Жалолиддинни тарк этадилар. Жалолиддин уларга қарата «бирга бўлайлик, умум душманга қарши биргаликда курашайлик» дейишига қарамай наф чиқмайди. Энг ачинарлиси, мўғуллар ўша амирларни биттама-битта қириб ташлаганлар. Кучи қирқилган Жалолиддин эса Синд дарёси томон чекинади. Чингизхон уни тириклайин тутишни буюрган. Қўли паст келаётганини сезган Жалолиддин бутун ҳарамини дарёга чўктиришни буюради, яъни яқинларининг душман қўлига тушишини хоҳламайди. Ўзи ҳам оти билан дарёга отилади ва эсон-омон нариги қирғоққа сузиб ўтиб олади. Бу манзарадан ҳайратга тушган Чингизхон: «Ўғлинг бўлса, шундай бўлсин!», деган экан.

Жалолиддиннинг кейинги фаолиятини кузатадиган бўлсак, шу нарса ойдинлашадики, у хоразмшоҳгар тахти вориси сифатида ўз хонадонига тегишли бўлган ерларда ҳукмронликни тиклашни мақсад қилиб қўйган. Шунга кўра у аввал Шимолий Ҳиндистонда, сўнг Кермон, Шероз, Исфаҳон ва Озарбайжонда хоразмшоҳиар сиёсатини тиклайди. 1226 йили эса Тифлисни олади. Манбалардан бирида ёзилишича, Жалолиддин олдинига грузинлар билан тинчлик йўли асосида келишишга ҳаракат қилган. Жумладан, уларга қилган мурожаатида шундай дейилади: «Мен сизларнинг мамлакатингиз қудрати ва грузинлар шижоати ҳақида эшитганман. Эндилиқда эса мен биргалашиб душманга қарши курашайлик, дейман. Эшитишимча, ҳукмдорларинг аёл экан (бу ерда малика Русудана (1222—1245)). У менга турмушга чиқсин ва мен сизларнинг ҳам ҳукмдорларинг бўлай ва биз биргалиқда умум душманни маглуб қилгаймиз». Русудана бунга кўнмаган ва шундан кейин Жалолиддин Тифлисни жанг қилиб олган.
Бу вақтга келиб Жалолиддин хоразмшоҳлар бошқариб келган салтанатнинг ғарбий қисмида ўз ҳукмронлигини тиклашга муваффақ бўлгавди. Шу билан бирга шарқдан мўғуллар хавфи кучайиб келарди. 1227 йили Исфаҳон атрофида Жалолиддин мўғулларга қақшатқич зарба беради. Бу ўз ўрнида унинг мавқеи ва қудратини янада оширади. 1230 йили эса Жалолиддин Кичик Осиёнинг жануби-шарқий қисмини забт этади. Бир сўз билан айтганда, мазкур йилларда Жалолиддин шарқдан босиб келаётган мўғуллар билан бас келишга ягона куч ва, умуман, Ғарб мамлакатларини улардан тўсиб турган қалқон ҳисобланарди. Буни ғарбий мусулмон давлатлари тан оладилар. Бу ҳақиқат мўғулларга ҳам аён эди. Шунинг учун ҳам улар Жалолиддинга мурожаат қилиб, ўзаро сулҳ тузишни таклиф қиладилар. Аммо, у бунга юрмайди, чунки ўз она-юртини хароб этган, халқини хўрлаганлар билан келишишга унинг миллий ғурури йўл қўймасди. Гарчи Жалолиддиннинг мўғулларга қарши курашдаги қалқонлиқ ролини барча мусулмон давлатлари тан олсалар-да, амадда унинг атрофига бирлашишни истамасдилар. Бу эса ўз ўрнида мўғулларнинг ғарбга қараб силжишларига муносиб шароит яратиб берарди. 1231 йили Озарбайжонни забт этган мўғуллар яна Жалолиддиннинг қаршилигига учрайдилар. Аммо тасодиф туфайли 1231 йилнинг 17 ва 20 август оралиғида Жалолиддин бир курд томонидан Маёфориқин (Кичик Осиё) атрофида ўлдирилади.
Жалолиддин ҳақида кўп ёзиш мумкин ва керак ҳам. Унинг ўзбек давлатчилиги тарихидаги улуғвор ўрни табиий равишда юксақдир. Агар мўғуллар босқинининг дунё халқлари тарихида тутган ўрни инобатга олинса, Жалолиддин кишилик тараққиётидаги энг буюк давлат арбоби ва йирик лашкарбошиларидан бири сифатида гавдаланиши керак. Жалолиддиннинг ҳалокати ҳақида унинг душманларидан бўлмиш Дамашқ ҳукмдори Малик ал-Ашраф Мусога хабар берганларида у шундай деган экан: «Сизлар мени унинг ўлими билан қутлаяп-сизларми? Аммо ҳали сизлар бунинг азобини кўрасиз-лар. Яратган номила қасам ичиб айтаманки, унинг ҳалокати тоторларнинг мусулмонлар ерига бостириб киришига (йўл очилди) демақдир. Энди биз ва яжуж — мажужлар (яъни мўғуллар — А. 3.) ўртасида девор мисол туриб келган хоразмшоҳ (Жалолиддин) каби (лашкарбоши) йўқ».
Ануштегинийлар замонида давлат бошқаруви қандай бўлган, саволи туғилиши табиий. Ануштегинийлар даври бошқарувида ҳам илгари кўриб ўтилган сулолалар бошқарувидан фарқли тизим бўлмаган. Зеро, бир томондан, сулолалар ўзгариши билан воқелик, яъни макон ва анъаналар ўша-ўшалигича қолаверган, иккинчи томондан, ануштегинийлар маълум муддат салжуқийлар даргоҳи билан ниҳоятда яқин муносабатда бўлганликлари учун улардаги бошқарув тизими тажрибасини ўзлаштиришлари қийин бўлмаган. Демак, давлат бошқаруви икки тизимдан: даргоҳ ва девонлар мажмуидан иборат бўлган.

Даргоҳда ҳожиб, улуғ ҳожиб тутган мавқе хусусида биз олдинлари ҳам фикр юритгандик. Ҳожиблик хизмати хоразмшоҳлар даврида ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолди. Улуғ ҳожиб ҳукмдорнинг энг яқин кишиларидан бири ҳисобланган. Ҳожибларга ғоятда муҳим вазифалар, масалан, махсус музокаралар олиб бориш ва, ҳатто, вазирлар фаолиятини тафтиш этиш кабилар топширилган. Шунингдек ҳожиб лавозимидаги амалдорга бутун бир вилоят ноиблиги топширилгани ҳам маълум. Даргоҳдаги барча хўжалик хизматлари фаолиятини бошқариш устоздорга юклатилган. Султон чақирганда биринчи ҳозир бўладиган шахс ҳам устоздор ҳисобланган. Олий фармон олган устоздор шунга кўра тегишли хизматларга буйруқ берган ва унинг гапини икки қилиш бўлмаган. У даргоҳнинг барча масалалари билан шуғулланган ва бундан ташқари бош хазина маблағларидан ҳам истифода этган ҳолда нонвойхона, ошхона, отхона, сарой хизматчиларининг харажатларини қоплар эди. Шунингдек, у ушбу маблағдан маош бериш ва бошқа харажатлар учун ҳам фойдаланган. Нисовийнинг ёзишича, бунда устоздор улардан тилхат олган. Тилхатга вазир, муставфий, мушриф, нозирнинг муҳрлари босилган бўлиши керак эди. Аъёнлар харажатига кетган маблағ ҳақидаги тилхат ариз муҳри билан тасдиқланиши керак бўлган.
Амири охур мансаби ҳам масъулиятли ҳисобланиб, унча-мунча киши бу лавозимга тайинланмаган. Чунки унинг бўйнига султонга тегишли отлар парвариши юклатилган. Отларнинг сони эса 30 минггача бўлгани маълум. Подшоҳона овларни ўрнига қўйиш тадбирла-рини амири шикор уюштирган. Саройдаги муҳим хизматлардан яна бири бу таштдордир. Гарчи таштдор ювиниш анжомларини сақповчи маъносини берса-да, аммо аслида бу мансабни эгаллаган киши султоннинг энг яқин кишиларидан бирига айланган. Ҳукмдор унга ўзининг энг махфий фикрларини ҳам изҳор қилиши мумкин эди. Юқорида тилга олганимиз Ануштегин салжуқий Султон Малик саройида худди мана шундай таштдор мавқеига эришганда, унга мазкур мансабга вилоятда мутаносиб келувчи шиҳналик, яъни Хоразм шиҳналиги лавозими берилади. Чунки таштдор хизмати билан боғлиқ барча харажатлар Хоразм вилоятидан тушадиган солиқлар билан қопланарди. Яна бир муҳим лавозим бу қиссадордир. У ҳафта давомида султонга тушган арзлар, шикоятларни йиғиб, жума куни кечаси ҳукмдорга топширарди. Кейин эса ҳар бир арзчи ё шикоятчига тегишли жавобини берарди. Бу мансабга ҳам ҳар ким тайинлана берилмасди. Зеро, ҳукмдор билан оддий халқ ўртасида алоқа боғлаб, раиййаг аҳволи ва зоридан хабардор қилиб туриш савобли ишини ҳамма ҳам ҳалол бажара олмаслиги табиий. Даргоҳда шунингдек чашнигир — султонга бериладиган овқат, ичимликларни текшириб кўрувчи, жомадор, султон-нинг котиби (даватдор), шаробдор, фаррош, байроқдор (амири алам), хос хизматкорлар бошлиғи (малики хавас) каби хизмат ва вазифалар ҳам бўлгани маълум.
Ижроия ишларини девонлар (вазирликлар) олиб бориб, бу тизим теиасида вазир (бош вазир) турган. Вазир ҳам ҳукмдорнинг энг яқин кишиларидан, биринчи маслаҳатчиси сифатида гавдаланади. Ўз фаолиятида у фақат султон олдидагина жавобгар бўлган. Расмий тадбирлар, турли мақсаддаги музокараларда ҳукмдор номидан иш тутган. Унга барча амалдорлар, ноиблар, ҳарбийлар бўйсунган. Ишдан олиш, ишга тайинлаш, маош, нафақа тайинлаш, хазина ва солиқ тизимини назорат этиш, маҳаллий вазирлар ҳисоботини олиш каби қатор вазифалар унинг ваколатида бўлган.
Девонларга келсак, уларнинг фаолияти салжуқийлар замонасидаги тизимдан деярли фарқланмаган. Иншо ёки туғро девони расмий ҳужжатлар, ёзишмаларни тузиш билан шуғулланган. Молия ишлари билан истифо девони, давлат назорати тадбирлари билан ишроф девони, ҳарбий масалалар, чунончи, қўшинни қурол-аслаҳа билан таъминлаш, қўшин қисмлари шахсий таркибини назорат қилиш, ҳарбийларга ажратилган ер-сув назорати, ҳарбий кўриклар ўтказиш кабилар билан девони арз ё жайш шуғулланган. Яна бир девон бўлиб у девони хос дейилган. Ҳақиқатан ҳам бу махсус девон ҳисобланиб, ҳукмдор сулолага тегишли ер-сув, мол-мулк, султон мамлукларига маош бериш вазифала-ри билан машғул бўлган.
Икки оғиз сўз хоразмшоҳлар қўшини ҳақида. Хоразмшоҳлар ўз даврининг энг қудратли лашкарига эга бўлганлар, Юқорида зикр этилган қорахитойларга қарши ҳарбий юришда Султон Муҳаммад ихтиёрида 600 минг отлиқ аскар бўлгани маълум. Худди шундай куч Бағдод юришига ташланган. Мўғуллар босқини арафасида эса хоразмшоҳлар тахминан 600 минг отлиқни ўз қўл остиларида бирлаштириш имконига эга эдилар. Албатта, бу ерда пиёда аскарлар, турли кўмакчи қисмлар назарда тутилмаяити. Бундай улкан лашкарни тайёргарликда тутиш, таъминотидан хабардор бўлишнинг ўзи бўлмаган. Яна шу нарса маълумки, ҳарбий қисмларда аёллар ҳам эркаклар билан баробар жанг қилганлар.
Олий ҳукмдорнинг махсус шахсий гвардияси (ҳарос) ҳам бўлиб, улар фақат мамлуклардан иборат бўлган. Чунончи, Султон Муҳаммаднинг шахсий гвардияси 10 минг кишини ташкил қилган. Кези келганда шуни алоҳида қайд этиш керакки, мазкур қисм жангчиларини паҳлавонлар ҳам деб аташган. Шунингдек, ҳарбий назо-ратчи, сипоҳсалор, соҳиби жайш (вилоят қўшини бошлиғи), амир ул-умаро, малик (10 минг қўшин бошлиғи), човуш (чопар), жосус (разведкачи), аскар қозиси каби хизмат ва вазифалар бўлган.
Улкан минтақада сиёсий яхлитлик ва барқарорликка эришилиши, табиий равишда, ижтимоий-иқтисодий муносабатларда ижобий ўзгаришлар ҳосил бўлишига сабаб бўлиши аниқ эди. Археологик изланишлар, ёзма манбалар гувоҳлигига кўра сунъий суғоришга катта эътибор берилиб, воҳалар имконидан иложи борича кенг фойдаланишга ҳаракат қилинган. Натижада деҳқончиликнииг ривожланишида узилиш бўлмаган. Бизга илгаридан маълум маҳсулот турларининг барчаси етиштирилган. Шаҳарларда ҳаёт қайнаб, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ривожланган. Мамлакатда ишлаб чиқарилган турли хилдаги газламалар, заргарлик буюмлари, кийим-кечаклар, гилам, поёндоз, тери, жун, ёғ-мой, совун, қурол-аслаҳа, эгар-жабдуғлар, ҳўл мева, қуруқ мева, ипакликлар, жавоҳирлар ва бошқа кўплаб маҳсулотлар ҳам ички бозорда, ҳам ташқи бозорда харидоргир эди. Албатта, бунда тегишли давлат идораларининг ҳиссаси ҳам катта бўлган. Чунончи, доим бўлганидек мухтасиблар бозорлардаги нарх-наво, маҳсулотларнинг сифати, тошу тарозунинг аҳволидан хабардор бўлишни тўхтатмаганлар. Карвон йўлларида тўхташ жойлари, сув омборлари, ҳавзалари қурилган ё борлари таъмирланган, катта карвонларни қўриқлаб боришга ҳатто султоннинг шахсий паҳлавонлари ҳам жалб этилган.
Хоразмшоҳлар даври фан ва маданият равнақи ҳам аъло даражада бўлганини биламиз. Бунга ажабланмаса ҳам бўлади. Чунки юртимиз анъанавий равишда фан ва маданият бешиги бўлиб келаркан, гап фақат у ёки бу даврда иқтисодий-ижтимоий тараққиёт аҳволи ва давлат арбобларининг нечоғлик илм-маърифатли эканлигида қолган. Хоразмшоҳлар замонида айни шу икки омил ўзаро уйғунлашган эди. Хоразмшоҳларнинг барчаси чуқур билим эгаси эдилар. Улар ҳам дунёвий, ҳам диний билимларни эгаллаганлар. Масалан, Отсиз қасидалар, рубоийлар ёзган, кўплаб назм намуналарини ёддан айтиб бера олган, санъат ва илмга катта ихлос билан қараган. Рубоийларидан бирида у шундай дейди: «Дунё белига урилган тамға менинг фармонимдир, фалак қулоғидаги ҳалқа менинг паймонимдир. Бугун шундай салтанатни қўлда тутсамда, дўст ризолигига эришиш менинг иймонимдир». Такаш, Эл-Арслон, Султон Муҳаммад ва хоразмшоҳларнинг бошқа намояндалари ҳам кенг билимли, шеър ва санъатни қадрловчи бўлганлар, назмда ижод қилганлар. Такаш эса айниқса уд чалишни ўрнига қўйган.
Юқорида биз хоразмшоҳларнинг барчаси кенг билимлар эгаси эдилар деярканмиз, бу билан нафақат ануштегинийларни, балки умуман хоразмшоҳлар унвони билан машҳур сулолаларни, жумладан, маъмунийларни ҳам назарда тутамиз. Чунончи, Маъмун II (1010—1017) фан ва маданиятга ҳомийликда ўрта асрлардаги энг донгдор ҳукмдорлардан бири саналиб, пойтахт Урганчда ўз даврининг Академиясига асос солган. Бу масканда яратилган шарт-шароитдан Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Абу Саҳл Масиҳий, Абулхайр, Ҳаммор, Наср Ироқ, Ибн Мискавайҳ каби буюк даҳолар баҳраманд бўлиб, ўз ижодларини чархлаган эдилар. Кези келганда шуни ҳам қайд этиб ўтиш керакки, Хиванинг 2500 йиллиги тантана қилинган 1997 йилда Ўзбекистон Президента Ислом Каримов фармони билан Хоразмда Маъмун Академияси қайтадан тикланди. Демак, орадан минг йил ўтиб тарихий адолат қарор топди ва бу ҳол шубҳасиз ўзбек давлатчилиги тарихини тиклашда катта аҳамият касб этади.
Мамлакатимиз ва миллатимизнинг, арбобларимиз-нинг фан ва маданиятга бўлган чанқоқлиги азалий жараён экани ануштегинийлар даврида яна бир бор исботланди. Бу замонда мадрасалар барпо этиш, кутубхоналар очиш, уларни китоблар билан тўлдириш, истеъдод эгаларининг бошини силаш, асраб-авайлаш одати сақланибгина қолмай, янада ривож топди. Зиё маскани бўлмиш кутубхоналар фаолиятига катга эътибор берилган. Масалан, Бухоро вилоятидаги шаҳарлардан бирида фуқаролар, яъни умумий кутубхона мавжуд бўлиб, унда сақланадиган қўлёзма асарлар ғоятда ноёб ҳисобланган. Худди шундай кутубхоналар ўлканинг бошқа ерларида ҳам, масалан, Хоразмда бўлгани маълум. Мадрасаларга келсак, манбаларда ёзилишича, бундай билим масканлари салтанат маркази Хоразмдан ташқари Нишопур, Исфаҳон ва бошқа шаҳарларда ҳам қад кўтарган. Уларда ўқиш жараёнига жуда катта масъулият билан қаралганини шундан ҳам билиб олса бўладики, Мадраса раҳбари ва мударрислар олий ҳукмдор ё унинг жойлардаги ноибининг махсус буйруғи билан тайинланганлар. Чунки ҳар қандай жамият, у қанчалик турли имкониятларга эга бўлмасин, агар шу имкониятларни юзага чиқаришга қодир мутахассислар бўлмас экан, улар оғизда қолаверади. Мутахассислар эса тарбияланади, парвариш этилади. Хоразмшоҳлардан Отсиз, Такашларнинг шу маънодаги буйруқларини таҳлил қиларканмиз, улар мазкур ҳақиқатни жуда тўғри англаганликлари намоён бўлади. Шунинг учун ҳам улар таълим ва тарбия, фан соҳаларига мутасаддиларнинг илмли, иймонли, ҳурматли, ҳалол бўлишларига катта эътибор билан қараганлар. Мазкур сиёсат ўз мевасини ҳам берган. Баҳовиддин Марвазий, Абу Али Ҳасан Бухорий, Заҳириддин Ғазнавий, Исмоил Журжоний, Фахриддин Розий, Махмуд Замаҳшарий, Абулфатҳ Хоразмий, Абулқодир Журжоний, Сирожиддин Хоразмий, Рашидиддин Вотвот, Сайфи Исфарангий, Зиё Хўжандий, Нажмиддин Кубро, Мажидиддин Хоразмий каби ўнлаб математиклар, юлдузшунослар, табиблар, тарихчилар, шоирлар, файласуфлар, адиблар, тилшунослар, мутассаввуф олимлар шулар жумласидандир. Албатга, биз ва ҳамкасбларимиз мазкур рўйхатни янада давом эттириб, уларнинг ҳар бири ҳақида кўплаб қоғоз қоралашимиз мумкин. Аммо бу алоҳида тадқиқот учун мавзу бўлгани сабабли қуйида уларнинг баъзи бирларининг эътиборга молик жиҳатларига диққатни жалб этмоқчимиз.
Қутбиддин Муҳаммад ва Отсиз замонларида машҳур тиббиёт олими Саййид Исмоил Журжоний фаолият кўрсатиб, бир қатор қимматли асарлар яратган. Улар орасида Қутбиддин Муҳаммадга бағишланган «Заҳирайи Хоразмшоҳий» асари алоҳида ўрин эгаллайди. Бу асарнинг қиммати шу қадар бўлганки, Жолинус (Гален), Муҳаммад Закариё, Ибн Сино, Абу Саҳл Масиҳий асарлари билан бир қаторда тиббиёт соҳасидаги энг муҳим асар ва манбалардан бири сифатида қабул қилинган. Ўн икки жилддан иборат бу асар тиббиётнинг барча йўна-лишлари, ташриҳ, оддий ва мураккаб дорилар ҳақидаги тадқиқотларни ўз ичига олган. У араб ва турк тилларига таржима қилинган. Исмоил Журжонийнинг энг катта хизматларидан бири шундаки, у Ибн Синодан кейин тиббиёт соҳасидаги барча йўналишларни янги тадқиқотлар асосида қайтадан баён қилиб чиққан. Олим фаолиятининг биз учун қадрли томонларидан яна бири шундаки, Ибн Сино юртимиздан «бир чиқиб» қолган ягона буюк тиббиёт олими эмас, балки бу соҳа ундан кейин ҳам бизда юксак даражада тараққий қилиб келганлиги маълум бўлади. Зеро, ўтмишдаги олиму фозилларимиз илму тафаккурга доимо содиқпик билан хизмат қилиб келганлар. Уларнинг содиқлик тўғрисидаги тушунчалари ватанга нисбатан ҳам юксак даражада эди. Буни биз машҳур мутасаввуф олим ва шоир Нажмиддин Кубро мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.

Таҳсил олиб юрган ёшлик йилларида ким билан баҳс ё мунозара қилса, доим устун келгани учун Нажмиддинга «таммат ул-кубро», яъни «буюк ғолиб» лақаби берилган экан. Бориб-бориб биринчи сўз (таммат) тушиб қолиб «Кубро» лақаби сақяаниб қолган. Нажмиддин Кубро нафақат илм баҳсида, балки ватан учун курашда ҳам енгилмас бўлган. 1221 йили мўғуллар Урганчни қамал қиладилар. Мудофаачилар орасида машҳур шайх Нажмиддин Кубро ҳам борлигини эшитган Чингизхон унга одам юбориб, «мен Хоразмни ер билан яксон қиламан, замона авлиёси ул зот у ерни тарк этиб бизга қўшилмоқлари лозим» деб таклиф қилади. Шайх Чингизхонга шундай жавоб берган экан: «Мана, етмиш йилдирки, тақдирнинг аччиқ-чучугини Хоразм ва унинг халқи билан бирга тортиб келяпман. Фалокат бўсағада турган бир вақгда элимни тарк этишим инсонийлик ва олижаноблиқдан бўлмайди». Ўша замон тарихчилари-нинг гувоҳлик беришларича, Нажмиддин Кубро ўз халқи билан бирга қуллиқдан кўра шаҳидликни афзал билиб душманга қарши курашда ҳалок бўлган, аммо унга таслим бўлмаган.
Энди икки оғиз сўз хоразмшоҳлар даврида Туркистоннинг ташқи сиёсий-дипломатик алоқалари тўғрисида. Уша замон тарихчилари қолдирган гувоҳликларга кўра, рус подшоҳи Владимир (978—1015) хоразмшоҳлар ҳукмдорига ўз элчиларини юбориб, ислом динини қабул қилиш борасидаги ниятини билдиради ва шунга кўра хоразмшоҳ руслар ўлкасига имомлардан бирини юбориб, мусулмончилик қонун-қоидаларини ўргатишда русларга ёрдам беришни тайинлайди. Агарда Владимир даврида Рус давлатининг расман христианликни (988 йили) қабул қилгани назарда тутилса, шундай хулоса қилиш мумкинки, жамият ҳаётида катта аҳамият касб этувчи бу жараёнга, яъни мажусийликдан якка худоликка ўтишга ўта жиддий равишда тайёргарлик кўрилган. Шу маънода мусулмончиликни қабул қилиш масаласи ҳам кун тартибида турган. Зеро, бу динга кириш мусулмон оламига кириш, унинг имкониятларидан, масалан, ҳарбий кучидан Византия «кофир»ларига қарши курашда фойдаланиш йўлини очиб берарди. Туркистон эса ўша вақтларда мусулмон дунёсининг энг қудратли ва кенг имкониятли мамлакатларидан бири сифатида Рус давлати иодшоҳлари учун ўз ички ва ташқи сиёсатларини амалга оширишда катта қўрғон бўлиши муқаррар эди.

Мамлакатимиз имкониятларидан ҳамма фойдаланиб келган ва шунга интилган. Қизиғи шундаки, бу ўлканинг имкониятлари ҳатто унинг ҳудудидан ташқарида ҳам залворли таъсирга эга бўлган. Буни биз юқорида тилга олинган Жалолиддин ўлимидан кейин Яқин Шарқда вужудга келган вазият, унда туркистонликларнинг иштироки орқали ҳам кўриб олишимиз мумкин. Жалолиддин нобуд бўлган бўлса-да, аммо унинг сафдоишари — хоразмлик амирлар ва уларнинг қўл остидаги минглаб аскарлар ҳаёт эдилар. Бу жуда катта куч эди. Манбаларда улар умумий ном — хоразмликлар номи билан аталганлар. Ҳарбий маҳорат ва уюшқоқликда ғоятда пухта тайёргарлик кўрган, ўзлари ҳам шижоатли хоразмликлар Жалолиддин ўлимидан сўнг яна ўн беш йил давомида Ироқ, Кичик Осиё, Сурия, Миср сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутиб келганлар. Уларнинг қудратига суяниб Яқин Шарқ маҳаллий туркий сулолалари Дамашқ, Қоҳирани забт этишга муваффақ бўлганлар. 1241 йили эса хоразмликлар Қуддусни (Иерусалим) эгаллайдилар ва 1229 йилдан бери салибчилар қўлида бўлган бу муқаддас ша-ҳарни мусулмонлар ихтиёрига қайтарадилар.

Юқорида биз Жалолиддинни мўғуллар ва Яқин Шарқ, Европа ўртасидаги тўғон, деб таърифлаган эдик. Худди шунга ўхшаш таърифни мусулмонлар ва салибчилараро курашда фаол иштирок этган хоразмликларга нисбатан ҳам берсак бўлади. 1244 йили улар Миср қўшинлари билан иттифоқда Сурия ҳукмдорларининг салибчилар билан биргаликдаги катта лашкарига қаттиқ зарба берадилар. Манбаларда ёзилишича, шу жангда салибчиларни тор-мор қилганлар худди мана шу хоразмликлар эди. «Бу улуғ кун бўлганди. Ислом зуҳуридан сўнг бундай кун ҳеч қачон бўлмаганди», — деб хотима қилганди тарихчилардан бири.
Шундай қилиб, биз ўзбек давлатчилиги тарихида ўчмас из қолдирган яна бир сулола — ануштегинийлар (хоразмшоҳлар) ҳақида сўз юритдик. Доим бўлганидек, мазкур сулола намояндалари ҳам хоҳ ички сиёсатда, хоҳ ташқи алоқаларда бўлсин, ўзларининг бор имкониятлари, афзалликларини рўёбга чиқариш, шу мамлакатни, унинг халқини дунёга олқишлаш йўлида саъй-ҳаракат қилиб келганлар. Шунинг учун ҳам худди ана шу она юрт шарофати билан улар тарихга Буюк Хоразмшоҳлар номила кириб абадий қолмоқдалар.

Азамат Зиё

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин