Саналар
23.12.2024
Баннер
Мухторият қисмати
18.05.2010 21:50    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Халқ ўзини бошкаришга ўргангандагина етук фуқаро бўлишга муносибдир. Озодлик, аввало ўз-ўзини бошқаришга қодирликдир. Ўз-ўзини, фикр ва ҳис-туйғуларини, ўз ички "тўполонлари"ни бошкаришга ўрганган кишиларгина ўзгаларни, ўз мамлакатини бошқара олади.

Николай БЕРДЯЕВ

Батафсил ... Янгиланди ( 22.11.2010 06:10 )
 
Хиёнат оқибатлари
21.01.2014 21:25    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Алихонтўра ўғирлаб олиб чиқиб кетилиши оқибатида Совет ҳукумати Шинжонгда кўзлаган мақсадига эришолмади, чунки бу билан кутилган муросали «битим» тузиш натижасида ўлкада юзага келган келишмовчилик, нотинчлик вазиятини юмшатиш имконияти туғилмайди. Аксинча, Олтойда Усмон ботир Алихонтўрани топасанлар, деб исён кўтаради. У ердаги янги ҳукумат одамлари қўлга олиниб, қамалиш, отилишлар янгидан бошланиб кетади. Вилоят хукумат ўринларига ўзининг содиқ одамларини тайин қилиб, Усмон ботир советпараст янги хукумат вакилларини ўлкани қизиллаштириш сиёсатида айблаб, марказ Урумчига шикоят билан элчи юборади.

Хитой ҳукуматининг бу ишларга муносабати ҳам аниқ ва қатъий бўлмайди. Оғзида Усмонни қоралаган бўлиб, зимдан унга қурол-яроғ етказиб бериб туради. Чунки Чанкайши ҳукумати қизил коммунистларнинг таъсирини қаерда бўлишидан катъи назар йўқотиш учун бутун Хитой бўйлаб уриш олиб бормоқда эди. Урумчида янги тузилган бирлашма ҳукумат аъзоларининг кўпчилиги Аҳмад афанди бошлиқ уч вилоят раҳбарларини негизида совет одамлари деб биларди. Шунинг учун уларнинг таъсирини сусайтириш мақсадида уч вилоят ичида шаклланган бирликни синдиришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатни қўллашга интиларди.

Урумчида тузилган бирлашган ҳукуматнингмаҳаллий вакиллари орасида ҳам зиддиятлар кўп эди. Қошғария вилоятларининг вакиллари Муҳаммадамин Буғро, Айсо Алиптекин ҳазрат, Маъсуд афанди бошлиқ гуруҳ радикал ҳисобланган Аҳмад афанди бошлиқ Или вакилларига ишонмас эдилар. Улар ҳам Усмон ботирдай ҳамма ишни қилаётган ўрислар: ичкари Хитойда коммунистларни гоминданчиларга қарши уриштирмоқда, уч вилоятда қизиллаштириш ишларини олиб бориш учун бунга қарши бўлган Али-хонтўрани ўртадан кўтарди, деб уларни ёқтирмас эди.
Улар:
—    Биз қизилларга жон-жаҳдимиз билан қаршимиз. Чунки улар келса биринчи навбатда динни йўқотади; ерни, мол-мулкни умумлаштиради; урф-одат, қадриятларимизни оёқости қилади; иймонли, диёнатли, халқ орасида обрўйи бор одамларни узоқтарга сургун қилади, қамайди, отади. Улардан халққа наф тегмайди, бор эркини қўлидан тортиб олиб, қул қилиб ишлатади. Шунинг учун биз уларга қарши курашамиз, деб ўз дунёқарашларини ошкора ифода этарди.
Бирлашган ҳукумат таркибида Хитой коммунистларининг ғоя ва мақсадларини қўллайдиган гуруҳ намояндалари ҳам иштирок этар эди. Уларнинг вакилларидан бири бўлган Абдукарим Аббосов — янги ҳукумат котибининг муовини, кейиги пайтларда:
-    Шинжонгдаги асосий зиддият - бу синфий зиддият. Шунинг учун Хитой коммунистлари раҳбарлигида пролетариат диктатураси ўрнатилгандагина, «эзувчи» синф йўқотилгандагина миллий, ижтимоий эркинлик, тенглик амалга ошади, — деган ташвиқотни қилар эди.
Бу гуруҳ билан Аҳмад афанди гуруҳининг кўз қарашлари деярли бир хил бўлса ҳам, лекин улар сажда қиладиган каъба бошқа-бошқа ерда эди.
Мана шундай ички зиддиятларга тўла бўлган бирлашма ҳукумат тепасида тараққийпарвар генерал Жанг Чежунг турарди. У «ягона Хитой давлати таркибида миллатлар иттифоқини мустаҳкамлаш асосида тараққиёт эшикларини очиш орқали янги Шинжонгни кўрса бўлади», деб ҳисоблар ва шу сиёсатни амалга оширишга интилар эди. Лекин унинг бу интилишлари советларнинг туб манфаатларига мос эмас эди. Улар кўпроқ уч вилоят ўлкасида Ҳокимиятни қўлга олган Аҳмад афанди бошлиқ ўз одамлари орқали демократик ўзгаришлар ниқоби остида ўз таъсирини мустаҳкамлашни, бу ердаги бойликлардан чексиз фойдаланиш имкониятини қўлга киритишни кўзлар эди. Уларнинг бу стратегик мақсадига эришиш йўлида янгидан катта ғов бўлган нарса — бу кенгайиб бораётган Усмон, Қалибек каби ботирларнинг исёни бўлиб, уларнинг асосий талабларидан бири Алихонтўрани ўз ўрнига қайтариб келтириш эди.

Кейинги пайтларда бу талабни Шарқий Турки стон мусулмонлари ҳам, Миллий армия сафидагилар ҳам гоҳ пардали, гоҳ ошкора кўринишда ўртага қўймокда эди. Бунинг ошкора кўриниши қуролли қўзғолон шаклида бўлиб, у кўпроқ қозоқ эли орасида қанот ёя бошлайди. “Қизиллаштириш” сиёсатидан безган мулкдор кишилар, савдогарлар ўз фаолиятини йиғиштириб, бу ердаги ижтимои-иқтисодий вазиятни янада кескинлаштирмокда эди.

Алихонтўра ўғирлаб олиб чиқиб кетилгандан кейин ўлкада юзага келган бу янги вазият узоқни кўзлайдиган Совет “мутахассис”лари учун у кишининг тақдирини узил-кесил ҳал қилишга имкон бермай, ўйлантириб қўйган эди.

Авваламбор Яратганнинг қудрати ва хоҳиши билан Алихонтўра бошчилигидаги Шарқий Туркистон мусулмонларининг озодлик ва мустақиллик учун олиб борган кураши шу ерда узилиб, тўхтатилади. Қолаверса, Алихонтўрадан кейин Шарқий Туркистонда юзага келган ечими йўқ халқ қўзғолиши мумкин бўлган кескин вазият сабаб бўлгани учун, у кишини тез йўқотиб ташлаш Совет КГБ сига хос ўз жиноят ва хиёнат ишларининг изини қолдирмаслик режаси амалга оширилмай, вақтинча эҳтиётлик билан уй қамоғида сақлаб туриш керак, деган қарорга келинади.

Келажакда унинг ўзидан тўғридан-тўғри фойдаланиш имконияти бўлмаса ҳам, у кишига қиёфадош, қўшоқ одамни тайёрлаш учун зарур бўлиши эҳтиёткор КГБ нинг махсус мутахассислари томонидан ҳисобга олингани эҳгимолдан холи эмас.

Ватанларидан мажбурий ҳижрат қилинганидан кейин Тангритоғ ўлкасида инқилоб қилиб ислом дини, маданияти асосида, маърифатпарвар, тараққиётга юз тутган давлат қуриб, бутун Туркистон озодлигини орзу қилган Алихонтўра тақдир тақозоси билан мустамлака зулми остида, динсизлар қўлида инграб ётган Ватанига яна зўрлик билан қайтарилади.

Аллоҳнинг тақводор мўмин бандаси Алихонтўра тақдирга тан бериб, Уҳуд ғазоти вақтида нозил бўлган: «Вала таҳину вала таҳзану ва антумул аълавна инкунтум муминин», яъни «Эй мўминлар, бўшашманглар, қайғурманглар, албатта, сизлар устундурсизлар, агар чин мўмин эрсанглар», деган Қуръон оятига ва Расулуллоҳ (с.а.в.) айтган «Ислом устун бўлур, остин бўлмас, ғолиб келур, мағлубиятда қолмас» сўзларига амал қилиб, ҳайратланарли беқиёс жасорат, қўрқмаслик намуналарини кўрсатиб, мустамлака ватанида яшай бошлайдилар.

Кейинги воқеаларнинг бориши шуни кўрсатдики, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг тақдир ёзувида у кишининг қолган умри дунёдаги энг катта динсизлик ва иймонсизликка қарши ғоявий курашга бағишланган бўлиши белгиланган экан. Бунинг ижобати Алихонтўра ёзиб қолдирган илмий асарларда ўз ифодасини топган.

Шак-шубҳасиз Аллоҳнинг қудрати, ҳиммати ва мўжизаси бўлиб, «дин халқпар учун опийум» дейилган ваҳший, даҳшатли, динсиз бир жамиятда уй хибисида яшаб туриб, «Тарихи Муҳаммадий» ва «Туркистон қайғуси» каби динсиз большевиклар шакллантирган атеистик жамиятни фош этувчи асарларни яратишга муяссар бўлади.

У киши «Тарихи Муҳаммадий» китобида ёзадилар: «Ватаним мени суймас экан, мен уни севганлигимдан, миллатим мени танимас экан, мен уни таниганлигимдан булар учун ҳар яхшиликни қилмоқчи эдим, қилолмадим. Оз бўлсаям қилмай қараб туролмадим ва ҳам келажакдаги қаҳрамон ўзбек, уйғур болаларига, балки бутун Туркистон мусулмонларига ўзимдан ёдгорлик қолдирмоқчи бўлиб она тилимда бу китобни ёздим. Бундан мақсадим, ҳақиқий ислом динини асоси билан халққа тушунтириш, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни умматларига таништириш эди.

Ҳозирги даврда диёнат билан тараққиёт бирга яшай олмайди деган хато фикр оқиллар томонидан эмас, жаҳондаги жоҳиллар томонидан тарқалмишдир. Ҳақиқатда эса, дин покликдур. Покликка қурилган ахлоқдур. Динимизнинг асли ақлдур, қуроли илмдур. Маърифат унинг сармоясидур. Муҳаббатдин ишининг асосидур».

Ўзбек халқининг ғурур-ифтихорларидан бирига айланган улуғ бобокалонимиз соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари”ни таназзул йилларида таржима қилиб, халқимизни бу буюк сиймо тимсолида мудроқ уйқудан уйғотишга ҳаракат қилади. Мустабид тузум ҳукмронлик даврида инсон ҳақ-ҳуқуқпари, миллий ғурур, порлоқ маънавиятимиз, ислом маданияти ва ахлоқи мавзуларини ўз асарларида кенг ёритиб ва тарғиб қилиб, умрининг охирги қисмини ҳам озодлик ва мустақиллик учун курашиб ўтказади.

У кишининг бу даврдаги фаолияти ҳақида мустақил Ўзбекистан матбуотида кўплаб мақола ва асарлар битилган ва бу жараён ҳали ҳам давом этиб келмоқда. Алихонтўра 1976 йили феврал ойида Тошкент шаҳрида 91 ёшда бу фоний дунёдан абадият оламига юзланади.

Инсонсевар Алихонтўра Соғуний ҳаётининг охирги йиллари ҳақида марҳум укамиз Бобурхонтўра шундай ёзади:
Тошкент шаҳри, Коҳата маҳалласининг бир хароба бурчагида жойлашган кўримсиз, кичкина, аммо бағри кенг, кўнгилга яқин, баракали кулбада ўзбек халқининг буюк ўғлони Алихонтўра Соғуний бобомизнинг иймон ва қалб чўғлари билан муборак умрининг охирги дамларигача кўринишдан бир текис, осойишталикда тўртқулоқли ҳаёт қозони тинимсиз қайнар эди.

Олтин рангли зар салла жойлашган муборак бошларини баланд кўтариб дадил, собит қадам ташлаб, ҳазрати Алишер Навоийни олиб қочса, юрт-элнинг такдирига бефарқ, муросачи кишилар уялиб қарардилар, ҳаммаслак дўст-биродарлар эса ҳаяжон ва ҳайрат билан боқар эдилар.

Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг Ватан ва миллатга бўлган ҳиссиёти қанчалик диний руҳ билан суғорилганлигига қарамай, ул зот ўзини олди билан “мен яралишимдаёқ инсонпараст эдим” дейди. Нега у ўзини ҳамма учун тушунарли ва яқин бўлган инсонпарварман деб хисобламайди? Ахир, инсонпарварлик аслида гуманизм демакдир-ку! Ўйлашимизча, бунинг сабаби инсонпарварлик кўпчиликка хос бўлган ҳиссиёт бўлгани ва ўз ичига яхши-ёмон амалларни олиши ҳам мумкинлигидир. Ҳаммага маълум, инсонпарварлик ғоясини ниқоб қилиб олиб, инсоният тарихида мудҳиш, даҳшадли жиноятлар содир қилган “инсонарвар” арбоблар кам бўлган эмас. Бундай ҳолатлар мавжудлиги инсонпарварлик, дунёқараш иймондан эмас эканлигини кўрсатади.

Буни яхши билган, ўз иймон-эътиқодига содиқ, Аллоҳни севган, тақводор Алихонтўра Соғуний инсонпарварлик тушунчасидан ўзини эҳтиёт қилади ва инсонпарастлик буюк фалсафий ғояни мусулмон оламида биринчилар қаторида илгари суради.

Иймонимиз комилки, дунёнинг кўрки бўлган, Аллоҳнинг ягона ақл ва қалб эгаси бўлмиш севикли бандаси ўз парвардигори томонидан азиз ва мукаррама қилиб яратиб қўйилган бўлса-ю, унга ўз раҳмати ва марҳамати ила, ҳатто, ўзи яхши кўрган фаришталарини сажда қилдирган бўлса-ю, Аллоҳнинг солиҳ ва сиддиқ бандаси Алихонтўра нега “мен инсонпарастман” демас экан? “Параст” сўзининг форсча луғавий маъноси “севмоқ”, “яхши кўрмоқ”, “ёқтирмоқ”дир. Бу сўзнинг яна бир маъноси “сиғинмоқ”дир. “Будпараст” сўзи билан “шахсиятпараст” сўзи маъносида қанчалик катта фарқ бўлса, Алихонтўранинг инсонпарастлиги билан динпарастлиги ўртасидаги фарқшунчалик оздир.

Алихонтўра Соғуний учун бутун ер юзидаги маҳлуқот — инсон, ҳайвон ва наботот Аллоҳнинг яратган нарсалари бўлиб, уларнинг хилқати, моддаси, жисми ва руҳи мусулмондир. Кофирлик ва мушриклик балосига гирифтор бўлган бенасиб миллатлар ва элатлар устидан Алихонтўра унчалик қайғуриб кетмайди, уларни ёмонлаб фикр юргизмайди, исломга даъват этмайди. Алихонтўра фақат уларнинг такдиридан афсусланиб, озгина кулимсираб “бечоралар” деб қўяди, холос. Чунки у аминки агар Аллоҳнинг ўзи мушрикларга ўзининг охирги Расули орқали марҳамат қилиб: “Уларга айтинг, ноумид бўлмасинлар” деб хабар берган бўлсаю, Алихонтўранинг номусулмон инсонларга бўлган умидлари нақадар катта эканлигини фараз қилиш унчалик қийин бўлмаса керак. Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг бундай дунёқараши унинг буюк инсонпараст гуманистлигидан далолатдир.

* * *

Алихонтўрадан кейин Шарқий Туркистон Уч вилоят ўлкасида содир бўлган айрим воқеа ва ҳодисаларга қисқача тўхталиб ўтамиз.

Қайта қурилган Шинжонгўлка ҳукумати раиси, моҳир сиёсатчи генерал Жанг Жежунгга Совет ҳукумати томонидан ўз зиммасига олинган маҳфий вазифа «аъло» бажарилгани, яъни Шарқий Туркистон миллий мустақиллигини бошдан охиригача қатъият билан ҳимоя қилиб турган Шарқий Туркистон ислом жумҳуриятининг байроқдори, ҳукумат раиси Алихонтўра ўртадан кўтарилгани кенг сиёсий имкониятлар яратиб беради.

Агар Совет ҳукуматининг бу хиёнаткарона кирдикори бўлмаганда Уч вилоятда у киши бошчилигида ғалаба қозонган миллий озодлик инқилоби Шарқий Туркистоннинг қолган вилоятларига ҳам тез ёйилиб, шак-шубҳасиз ғалаба қозониши мумкин эканлиги аниқ эди. Шу сабабли, Марказий Хитой ҳукуматининг фавқулодда вакили бўлган ва Шинжонг ўлкасининг келажак такдирини ўз ихтиёрича ҳал қилиш ҳуқуқига эга бўлган бу генерал ўз фаолиятининг бош мақсади қилиб, Хитой давлатчилиги янги демократик Шинжонгни яратишга ҳаракат қилади.

Натижада ҳукумат томонидан қабул қилинган ўлка дастурида Хитой - Совет дўстлигини мустаҳкамлаш, халқчил сиёсатни йўлга қўйиш, миллатлар иттифоқини кучайтириш ва шу тамойиллар асосида тинчликни ўрнатиш ва сақлаш кабилар асосий вазифа деб белгиланади. Дастурда эълон қилинган ўлканингсиёсий-ижтимоий, молиявий-иқтисодий, маданий-маориф ва миллий тенглик, инсон ҳуқуқи ҳамда демократик ўзгаришлар тўғрисидаги аниқ кўрсатмалари ҳақиқатан ҳам тўлиқ ижро этилса, ўлка халқининг келажакда тараққиёт йўлига чиқиб олиши мумкинлиги кўринар эди.

Шу дастур асосида буюк Хитой давлатчилиги манфаатини кўзлаб, географик ўрни жиҳатидан хитой таъсиридан анча узоқда бўлган бу ўлкада бир қатор демократик ислоҳотлар ўтказила бошлайди. Биринчи навбатда, очиқ сайловлар ўтказилиб, вилоят ва марказий Кенгашларга халқ вакиллари сайланади. Натижада Кенгашлар аъзосининг кўпчилигини ерли миллат вакиллари ташкил қилади. Шунга мос равишда янгиланган ўлка ҳукумати таркибида ҳам ерли миллат вакиллари сони ошади.

Афсуслар бўлсинки, қатор имкониятлар юзага кела бошлаган бундай қулай вазиятда ҳукумат аъзолигига сайланган ерли миллат вакиллари ўртасида гуруҳбозлик авж олиб, ўзаро низолар кучайиб кетади. Улар жипслашиб, амалий ислоҳотлар юргизиш, халққа илм-ҳунар, маърифат эшикларини очиш ўрнига мансаб талашиб, иғво қўзғаб бошқа «йўл кўрсатувчи»ларнинг хоҳиш-идрокларини амалга оширувчиларга айланиб қолишади.

Бундан хабардор бўлган халқ орасида турли манфаатдор кучларнинг гиж-гижлашлари натижасида гўё ўз тарафдорларини ҳимоя қилаётгандай бўлиб кўплаб намойишлар, тартибсизликлар, қўзғалишлар содир бўлади. Аммо энди йўл кўрсатувчи шам-чироқсиз, турли манфаатлар қалашиб ётган қоронғи йўлдан буюк мақсад сари юриш бениҳоят оғир иш эди.

Янгича сиёсат юргазишга интилган Жанг Жежунг ерли халқнинг ҳукуматга бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартириш мақсадида, миллий муҳторият тамойилларига амал қилган бўлиб, бир йилдан кўпроқ вақт ўзи эгаллаб турган ҳукумат раислиги лавозимини ерли миллат вакилига топширишга қарор қилади. Бу ўринга унинг тавсиясига биноан ҳукуматнинг ўнг қаноти вакиллари намояндиларидан бўлган Маъсуд Бойқўзи афанди 1947 йили 28 май куни тантанали равишда ўлка Кенгаш аъзолари томонидан кўпчилик овоз билан сайланади ва Марказий Хитой ҳукумати уни тасдиқлайди.

Бу ўринга ҳукумат раисининг ўринбосори бўлиб ишлаб турган Аҳмад афандининг тавсия қилинмагани ўлкада кучайиб бораётган советлар таъсирини камайтиришга уриниш эди. Чунки Маъсуд Бойқўзи Собирий туркий бирлик, яъни “пантуркизм” ғоясининг йирик намояндиларидан бўлиб, советлар тузумининг ашаддий душманларидан эди. Бу ғоя эгалари оғизда туркий миллат ва халқлар озодлиги, бирлиги учун курашар эдилар.
Улар:
—    Биз туркмиз, туркий бирлик даъвосини қилишга ҳақлимиз, чунки бунинг табиий асослари мавжуд. Бу — тарих, юрт ва маданият бирлиги, умумий дин ва тил борлигидир, — деб ўз ғояларини Ватаннинг ичида ҳам, сиртида ҳам кенг тарғибот қилар эдилар.
“Пантуркист”чилар Советлар мустамлакаси бўлган Туркистон ўлкасининг тўлиқ озод ва мустақил давлат бўлишини талаб қилар эди. Раислик лавозимига ўтириши билан Маъсуд афанди бу йўналишдаги ишларга кенг йўл очиб беради. Миллий ҳисли зиёлилар журнал ва газетларда миллий тарих, маданият, тил, дин, маънавият масалаларига оид кўплаб мақолалар билан чиқа бошлайдилар.
Шу билан бирга матбуотда радикалчиларни “қизиллаштириш” сиёсатини ўлка халқига сунъий тиқиштиришда айблаб, кенг ташвиқот ишлари ҳам олиб борилади. Ўлкада Совет таъсири кучайиб бораётгани очиқ танқид қилина бошлайди.
Яна шу мажлисда уйғур, қозоқ, татарлар орасида обрў-эътибори анча юқори бўлган Бурҳон Шаҳидий Марказий Хитой ҳукумат ҳайъати аъзолигига ўлкадан номзод қилиб кўрсатилади ва тасдиқланади. Жанг Жежунг бу номзодни танлаганда у кишининг татар миллатига мансублиги туфайли муқим сиёсий майдонга эга эмаслигини ва ҳар икки гуруҳ — радикаллар билан консерваторларга бир хил муносабатда эканлигини инобатга олган бўлса керак.

Бизнингча, бунинг бош сабаби — Бурҳон афандининг ҳамиша давлат бирлиги ва бутунлиги масаласида Хитой томонга ён босиб иш кўрганидадир. Ватан туйғусига эга бўлмаган бу киши, 1949 йили хитой коммунистлари ҳокимият тепасига келиб ғарбга юриш бошлаганда Шарқий Туркистон ўлкасини иккиланмай уларнинг қўлига ўтказиб берди. Кейинчалик, “раис” бўлмиш Бурҳон Шаҳидий ўлкада Қизил Хитой сиёсатини изчиллик билан, оғишмай амалга оширган ва шу сабабли ўз мансаб курсисида узоқ ўтиришга муваффақ бўлган кишилардан бирига айланди.

Уддабурон Жанг Жежунг сиёсатидаги бундай ўзгаришлар, биринчи навбатда, у ерда иш олиб бораётган совет консулига ёқмайди. Шу пайтгача ўлкадаги муҳим ўзгаришларда консул воситачилик қилиб, маслаҳатчи бўлиб фаол иштирок этиб келган эди. Уларнинг режаси бўйича раислик лавозимига ўзларига содиқ бўлган Аҳмад афанди тайинланиши лозим эди. Бу - дунё вазияти ўзгариб турган ана шу пайтда, икки давлат муносибатлари ҳали тўлиқ шаклланмаганлиги сабабли келажакда ҳам муҳим рол ўйнаши керак эди.

Кутилмаган бу воқеадан хабар топган Урумчидаги совет виде консули Евсеев ўлка ҳукумати раисининг муовини Аҳмад афандини чақиртириб, бу масалага қарши чиқиш юзасидан унга кўрсатма ва маслаҳатлар беради. Алихонтўра қўлида ишлаб миллий ҳиссиёти анча уйғонган, Урумчига келиб буюк миллат етакчилари Исобек Алиптекин, Муҳаммадамин Буғро, Маъсуд Бойқўзи каби инсонларнинг ғоя ва интилишларини тушунган Аҳмад афанди, ипсиз боғланганлиги сабабли яна ўз хоҳиш ихтиёрига қарши совет “маслаҳатчи”ларининг айтганини бажаришга мажбур бўлади.

У Маъсуд афандилар билан биргаликда янги ҳукумат таркибида ишлаб, Шинжонг ўлкасига ваъда қилинган олий мухториятни қўлга киритиш учун курашиш ўрнига, уларни консерваторликда, Хитой ҳукуматининг мухтор вакили Жанг Жежунгни “битим”га хилоф биртарафлама иш кўраётганликда айблаб, ҳукумат таркибидан чиқади ва ўз тарафдорларини олиб, Ғулжа шаҳрига қайтиб кетади.

Хукумат аъзоларининг бу фожиали бўлиниши уйғур миллатининг ички ва ташқи душманлари Алихонтўрани сиёсий саҳнадан узоқлаштиргандан кейин эришган иккинчи катта ютуғи эди.

Бир отга мингашган бу кишилар билиб-билмай, ўзларича, отни етаклаш учун тизгин талашдилар. Лекин тизгин ўзларининг кўлида эмаслигини кўрларча билмадилар, билишни ҳам истамадилар. Натижада, биринчи галда икки душман ўз манфаатлари йўлида маҳфий тил бириктириб, Шарқий Туркистон мустақиллигини йўқ қилган бўлсалар, иккинчи галда уйғур миллати учун ваъда қилинган олий мухторият ҳам бутунлай йўқотилди.

Ўз тарафдорлари билан бирга Ғулжага қайтиб келган Аҳмаджон Қосимий “2-дом” “мутахассис”ларининг кўрсатмаларига мувофиқ зинҳор қуролли тўқнашувни мақсад қилмай, тинчлик ва демократияни ҳимоялаш масалалари атрофида халқни жипслаштириш, уч вилоятдаги вазиятни таҳлил қилиб, совет билан савдо-сотиқ ишларини жадаллаштириш, халқ ичида совет тарафдорлари ва фуқороларининг сонини зимдан паспорт тарқатиш йўли орқали кўпайтириш, ўлка ҳукумати билан келишув олиб бормаслик, ички Хитой фуқаролар уруши натижаларига тайёр туриш каби вазифа-топшириқларни бажариш билан банд бўлади.

Ўлка ҳукумати Аҳмад афанди бошлиқ гуруҳга 5-6 ой ўткандан кейин Урумчига қайтиб келишни, ўртада келиб чиққан низоларни ақл доирасида музокара қилишни ва ечимини топишни таклиф қилиб хат жўнатади. Лекин бу тараф Маъсуд афандининг ўлка раислик вазифасидан бўшатилиши талабини биринчи шарт сифатида қўядилар. Ўз “холислик” вазифасини бажараётгандек кўрсатган Совет ҳукумати вакили икки томонни “юмшатипГга ҳаракат қилгандек бўлади.

Уйғур миллатининг кейинги давр тарихига кўз ташласак, бу ўлкада юз берган ҳар бир қўзғолон ва инқилобларда ўрислар ошкора ва яширин фаолият кўрсатганини кўрамиз. Бунинг бош сабаби уларнинг ҳеч қачон уйғурларнинг мустақил бўлишига ёрдам бериш, хайрихоҳлик билдириш ниятлари эмас эди, балки Шарқий Туркистоннинг табиий ер ости ва ер усти бойликларини ўз манфаати йўлида ҳоҳлаганича талаш ва ишлатиш эди.

Ҳолбуки, бу мустабидлар уйғур халқининг мустақиллигини хоҳламасди, чунки улар мустамлака зулми остида тобе бўлган ўзбек, қозоқ, қирғиз ва бошқа қариндошларига таъсир кўрсатишига, оқибатда, улар ҳам мустақиллик даъвосини кўтариши мумкинлигига тоқат қилолмасди. Шу сабабли руслар бу ўлкани ҳар доим ўз таъсир доирасида сақлашга интилган, фақат бунинг имконияти бўлмай қолган пайтлардагина уни Хитойларга қиммат баҳода сотиб келган эди.

Япония билан уруш ва давомли ички қонли курашлар натижасида холдан тойган Чанкайши ҳукумати ҳозирги шароитда Шинжонгни ўз қўлида сақлаб қолиш учун, Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозониб, қудрати янада ошган қўшни Совет Иттифоқи билан ҳар қандай муросага боришга тайёр эди. Совет ҳукумати буни билганлиги сабабли, Хитой томонга Урумчидаги бош консули Савельев орқали Шинжонгдаги воқеаларга ўз муносабатини билдиради. Унда кўрсатилишича: “Шинжонгда юзага келган вазиятнинг ечими, асосан, генерал Жанг Жежунг таъкидлагандай, Хитой-Совет дўстлик муносабатига ва миллий масала ечимига боғлиқдир. Уни Хитой — Совет муносабатини дипломатия йўли билан яқинлаштириш, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш орқали амалга оширса бўлади.

Лекин миллий масалага алоҳида эътибор бермоқ лозим. Совет ҳукумати пантуркистларнинг Хитой давлати таркибидан ажралиб чиқиш ҳаракатини қатьий қоралайди. Ҳар қандай давлатдаги оз сонли миллатлар ўзларининг ватанларидан ажралиб чиқиб, ҳаргиз порлоқ истиқбол йўлига эришолмайди. Ўз ватанидан бўлиниб чиқиш учун бўлаётган ҳозирги уринишлар оз сонли миллатлар учун фақат зиён келтиради.

Шу сабабдан ўлка ҳукуматига Маъсуд афанди каби одамларнинг раис бўлиб туришига биз норозимиз. Агар бу масала “мақсад”га мувофиқ ҳал қилинса, ҳозир Шинжонгда юзага келиб қолган бир қанча ички масалаларни жиддий ҳал қилиш имконияти туғилади. Биз генерал Жанг Жежунгнинг бу йўналишдаги сай-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Агар лозим топилса, илгаридаги каби Или тараф билан бевосита кенгаш олиб бориш учун икки томонни яраштириб қўйиш воситачилигини ҳам ўз зиммамизга оламиз. Бу вазифани бажариш Ғулжадаги консул зиммасига топширилди” — дейилади.

Шинжонгни қўлда тутиб туриш учун ўрисларнинг ғашига тегмай, улар билан келишиб ишлаш зарурлигини тушунган генерал Жанг Жежунг таклифига кўра Гоминдан ҳукумати Маъсуд афандини ўлка раислигидан бўшатиб, Бурҳон афандини унинг ўрнига тайинлашга қарор қилади. Маъсуд афанди гоминданчилар кутган жойидан чиқмади. У киши имкониятдан фойдаланиб, биринчидан, туркчилик ғоясига содиқ ҳаракатлари билан Хитой давлатининг бутунлигига хавф сола бошлаган эди, иккинчидан, унинг ўрисларга очиқ қарши ҳаракати энди тикланиб келаётган Хитой — Совет муносабатлари яхшиланишига хизмат қилмади.

Ўрисларнинг эътирозини ҳисобга олиб, яна бир қатор ўзгаришлардан кейин, Жанг Жежунг Или тарафга: “Сизлар қарши бўлган Маъсуд афандини ўрнидан олдик, энди Урумчига келинглар, биргалашиб ишлаймиз...” каби таклифни қилади. Бунга жавобан Аҳмад афанди гуруҳи Урумчида юз берган ўзгаришларни ижобий баҳолайди ва ҳозирги ўзгарувчан вазиятда Бурҳон афандидек одамнинг ўлка раиси вазифасини эгаллаб туриши ўзлари учун зарарсиз деб билади. Улар Бурҳон Шаҳидийни билимли, бой тажрибага эга бўлган, энг асосийси, жоҳил мутаассиб киши эмас, деб баҳолайдилар. Бунинг яна бир ижобий томони, Бурҳон афандининг хитойлар ичидаги илғор фикрли, демократияга мойил одамлар билан танишлиги ва улар билан тил топишаолишидир, дейди улар.

Лекин Хитой ичидаги ҳокимият учун гоминданчилар ва коммунистлар ўртасида узоқ давом этиб келаётган қонли уруш Совет Иттифоқининг ёрдами билан коммунистлар фойдасига ҳал бўлаётган вақтда, Аҳмад афанди гуруҳининг ўлка гоминдан ҳукумати таркибида бирга ишлаши советлар манфаатига мос эмас эди. Чунки Шинжонг масаласи ҳам буюк давлатлар келишувида коммунистлар фойдасига ҳал бўлган эди. Шу сабабли бу таклиф қабул қилинса, келажакда қўшимча ташвишлар юзага чиқиши эҳтимолдан холи эмас эди.

Бундан ташқари, Алихонтўра бошчилигида амалга оширилган инқилобнинг миллий мустақиллик ғоясига хиёнат қилингандан кейин ўтган давр ичида ўлкада юзага келган нотинчлик, иттифоқсизлик, вилоятларда, ҳатто армия ичида содир бўлаётган норозиликлар Аҳмад афанди ва унинг сафдошлари қарашларида Совет ҳукуматига муносабатни ҳам ўзгартира бошлаган эди. Бундай ҳолатни кўздан қочирмайдиган совет “мутахассис”лари уларга ишончини йўқота бошлайди. Шу сабабли, совет “маслаҳатчи”лари Урумчидаги Янги ҳукумат таркибида ишлаш режасига очиқдан-очиқ қарши чиқмаса ҳам, бир қанча шартлар қўйишни уларга тавсия қилади.

Талабларнинг асосийлари: Шинжонгга инқилоб даврида ички Хитойдан келтирилган ўн минглаб аскарларни ўлкадан олиб кетиш; етти вилоятда қамалган илғор фикрли кишиларни дарҳол озодликка чиқариш; бунга сабабчи бўлган ҳарбий амалдорларни жавобгарликка тортиш; бирлашган ҳукуматнинг амалий ҳуқуқдоирасини чекламаслик кабилар эди. Булар дарҳол амалга оширилиши мумкин эмас эди. Шу боис Советнинг ғаразли маслаҳати, босими остида ўлка халқининг манфаати йўлида бирга ишлаш, миллий бирликни тиклаш имконияти иккинчи бор ҳам қўлдан кетади.

Уч вилоятда русларнинг ғаразли манфаати бўлмаганда, балки ўз раиси атрофида бирлашиб ишлаган ўлка ҳукумати мағлубиятга юз тутган Гоминдан ҳукуматидан маҳаллий халқучун бир қанча миллий эркинликларни олиш, жумладан, имтиёзли муҳториятга эга бўлиш эҳтимоли бўлармиди? Негаки, Гоминдан ҳукумати ҳар доим ўз чиқишларида давлат отаси ҳисобланган Сун Ятсиннинг “Уч миллий маслак” таълимотидаги “Оз сонли миллатларга ўзини-ўзи бошқариш ҳуқуқи берилади", дейилган тамойилга амал қилинади, деб кўп марта очиқ таъкидлаган эди-да. Афсус, тақдирда тескари ёзилган бўлса, бандаси нима ҳам қилар эди!

1949 йилда ички Хитойда коммунистлар ҳокимияти тахтини эгаллаган қизил аскарлари билан уларнинг сиёсий раҳбарлари ғарбга — Шинжонг ўлкасига ҳам етиб келади. Ўлкадаги вазиятни тўла ўз назорати остида ушлаб турган Совет ҳукумати келажакда Шарқда социалистик лагернинг мустаҳкам қўрғони бўлади, деган умидда — янги коммунистик давлатни қутлаб, унга Шинжонг ўлкасини туҳфа қилади.

Қадимдан бу икки катта қўшни империялар оз сонли, ўз давлатига эга бўлмаган уйғурларга ўхшаган миллатларнинг тақдирини ўз хоҳиш-ихтиёри манфаатлари асосида ҳал қилиб келгани маълум. Ҳатто Шарқий Туркистон уч вилоятида Алихонтўрадан кейин ҳокимият тепасига ўзлари қўйган, умр бўйи советларга фидойи бўлиб, садоқат билан хизмат қилган Аҳмаджон Қосимий ва унинг сафдошларини ҳам улар сурбетларча алдайдилар.

Урумчига келган янги тузум эгалари бўлмиш Қизил хитойлар ҳокимиятни силлиқ, ҳеч қандай қаршиликсиз, ўзаро келишув асосида қабул қилиб олади. Бу вазиятда Шинжонгдаги ишларни узоқни кўзлаб тартибга солган, керакли одамларни ўз жойига қўйган, буюк ягона Хитой давлатчилиги мафкурасига ҳамиша содиқхизмат қилиб келган генерал Жанг Жежунгнинг роли катта эди. Бу “сиёсий тулки” номини олган киши ўз ғоясига содиқ ҳолда ғалаба қозонган коммунистлар ҳукумати хизматига ўтади.

Унинг маслаҳати ва “раис” Бурҳон Шаҳидийнинг ёрдами орқали янги ҳукумат ўлкада ўз тартибини тез ва осон ўрнатади. Биринчи бўлиб, ўлкадаги икки юз мингдан ортиқ гоминдан аскарлари қуролсизлантирилиб, ишлаб чиқариш қурилиш армияси шаклида қайта тузилади. Узоқни кўзлаган янги Пекин раҳбарияти режасига биноан ички хитойдан яна шунча сонли аёл-қизлар кўчириб келтирилиб, оила қуриш орқали уларни шу ерда илдиз орттириш, ерлаштириш ишлари жадаллик билан амалга оширила бошлайди.

Шу билан Алихонтўра қайғуриб “Ўз Ватанида мустақил бўлмаган кичик миллатлар келажакда қора аждаҳога ютилиб кетади”, деб башорат қилган жараёнга биринчи қадам ташланган эди. Халқ ғамини ўйлагандек кўринган бу ёлғончи-алдамчи коммунистлар, керак жойда қурол кучи билан ҳамда фойда-зиёнини тўғри тушунмаган, виждонсиз, қора-қуров нодонлардан фойдаланиб, динсизлик-худосизликка асосланган ҳокимиятни ўлканинг етти вилоятида ўрнатади. Бу йўқсуллар тузумини қабул қилмаган, унга қарши бўлган Урумчи ва бошқа шаҳарлардаги билимли, истеъдодли, миллатсевар, ватанпарвар миллий зиёлилар, нуфузли кишилар ҳар хил уйдурма баҳоналар билан яна қамалади, отилади, оғир ишларга жўнатилади. Фақат айримларгина ўзга юртларга ҳижрат қилиш имконини топадилар. Шулар қаторида бўлган Исо Юсуф Алптегин, Муҳаммадамин Буғро, Пўлат Қодирий каби буюк инсонлар умр бўйи Ватандан ташқарида Шарқий Туркистон халқининг озодлиги, миллий мустақиллиги учун курашиб келганлар.

Уч вилоят халқи мустамлака зулмига қарши қон тўкиб инқилоб қилган, мустақил давлат қуриб, озодликнинг ширин таъмини татиган, мудроқ, ғафлат уйқусидан уйғонган халққа нисбатан, Қизил хитойлар ўзгача сиёсат юргазадилар. Ғулжага етиб келган ваколатли Хитой комиссарлари биринчи навбатда вазиятни яхшироқ ўрганиш учун бу ерда мустаҳкам ўрнашиб олган ва лаганбардорлик билан ўзининг дўстона муносибатини ҳар қадамда билдириб турган Совет консулхонаси, “2-дом” ва бошқа идораларнинг “махсус” ходимлари, “маслаҳатчи”лари билан учрашадилар. Улар хўжайинларининг ўзаро келишганидан мамнуният билан бу ердаги вазиятга алоқадор барча маълумотларни мукаммал билдирганидан ташқари, миллий кадрларнинг, обрўли шахсларнинг тўлиқ рўйхатлари, улар ҳақида йиллар давомида йиғилган маҳфий маълумотларни ҳам тўла топширадилар.

Лекин бунга қаноат қилмаган Қизил комиссарлар азалдан Хитой халқи ва ҳукуматига содиқ бўлиб келган “фидоий”лар, янги ҳокимият эгаларига мансаб таъмасида ўз садоқатларини шошилиб изҳор қилмоқчи бўлганлар, ўзларини моддиюнчи, компартия ва Мао ғояларининг изчил муҳлислари деб таништирганлар билан ҳам алоҳида-алоҳида учрашувлар ва суҳбатлар ўтказадилар. Улар бу йиғилган ахборат, маълумот ва материаллар асосида бўлиб ўтган инқилоб ҳақида, бу ердаги Аҳмад афанди бошлиқ ҳозирги раҳбарият, Советларнинг таъсири тўғрисида етарлича маълумотга эга бўладилар.

Йиллар давомида Гоминдан ҳукумати билан тинчлик ва мухторият масаласида музокараларда тобланган, Алихонтўра қўл остида ишлаб миллий ҳиссиёти уйғонган Аҳмад афанди ва унинг маслакдошларининг миллий масалага нисбатан қарашлари ва муносабатлари тўғрисида аниқ маълумотлар тўплайдилар. Уларнинг хулосаси шуни кўрсатадики, бу ердаги раҳбарият Шинжонгни янги Хитой ҳукумати таркибида Совет Иттифоқидаги республикаларга ўхшаш республика бўлишини истайдилар. Номи “Уйғуристон” бўлишини ва ундан келиб чиқадиган ҳақ-ҳуқуқларга эгалик қилишини ҳоҳлайдилар. Бу ҳоҳиш-истакларни Уч вилоят раҳ-барияти Хитой вакиллари билан бўлган бир қанча учрашувларда тарихан асослаб қатъият билан изҳор қиладилар.

Бундай муносабат Қизил комиссарлар учун кутилмаган муаммо бўлади, чунки Хитой коммунистларининг ҳам ягона бир бутун давлат таркибида кичик миллатларга республика мақомини бериш ниятлари йўқ эди-да!

Ўз мақсадига эришиш йўлида ҳар қандай усуллардан фойдаланиш мумкин деган тамойилга амал қиладиган совет “мутахассис”лари ўзлари бошлаб қўйган бу ишни ими-жимида саранжонлаш ниятида яна бир разилликка қўл уради.

1949 йили сентябр ойида Пекинда бўлиб ўтадиган умумхалқ сиёсий маслаҳат Кенгашида Шинжонг ўлкасидан вакил бўлиб қатнашишга Ғулжадан Аҳмаджон Қосимий бошлиқ уч вилоят раҳбарияти таклиф қилинади. Бутаклифни марказнинг Шинжонг масаласига бўлган катта эътибори, деб тушуниш лозимлигини билдирган Ғулжадаги Қизил комиссарлар ва совет “махсус” ҳодимлари унга жиддий тайёргарлик кўриш маслаҳатини берадилар. Бунинг учун улар ҳар қандай ёрдамга тайёр эканликларини ҳам билдиришади. Натижада Пекинда Шинжонг масаласи юзасидан қилинадиган докладни тайёрлашга киришилади. Ҳатто бу ишга ўзларининг ташаббуси билан “Шинжонгшунос” ҳисобланадиган Совет дипломатларидан бири бўлган собиқ вице-консул Василий Борисов ҳам жалб қилинади.

Бу киши хитой коммунистлари Шинжонгга кириб кела бошлаганда Ғулжада яна пайдо бўлиб қолган эди. У Шарқий Туркистон уч вилоят инқилобида Совет Иттифоқининг ваколатли вакили бўлиб иштирок этган, ўз ҳукумати номидан уни қўллаб-қувватлаб, ўқ-дори, қурол-яроқ, аскарий куч билан ёрдам қилишни Алихонтўрага ваъда берган кишиларнинг бири эди. Бу садоқатли “ижрочи” Гоминдан ҳукумати билан “тинчлик битими” имзолангандан кейин дарҳол кўздан ғойиб қилинган бўлса ҳам, янги Хитой ҳукумати олдида совет манфаатларини ҳимоя қилиш, Совет — Хитой дўстлигини мустаҳкамлаш учун яна жалб қилинган эди. Василий Борисов уч вилоят раҳбариятинингтузилаётган янги Хитой давлати таркибида Шинжонг ўлкаси камида олий муҳторият мақомига эга бўлиши керак, деган фикрини ҳам билар ва уни қўллаб-қувватлар эди.

Натижада анча катта ҳажмга эга бўлган баённома - доклад тайёрланади. Унда уйғур давлатчилигининг тарихий асослари, уйғур халқининг асрлар давомида мустамлака зулмига қарши олиб борган миллий озодлик курашлари, ички ва ташқи душ-манларнинг ўзаро тил бириктириб, уйғур миллатининг ҳаққоний манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқлари доимо сотилиб келинганлиги ишончли далил-исботлар билан баён этилади. Докладнинг асосий хулосасида уйғур халқи бир бутун демократик Хитой давлати таркибига иттифоқдош республика ёки олий муҳториятга эга бўлиб кириши, ўз она Ватанига ҳаққоний равишда ворислик қилиши, дунёдаги барча эркин халқлар қатори тинчликда хотиржам яшаш истаги борлиги тантанали равишда қатъият билан билдирилади.
Кўп тортишув, муҳокамалардан ўтиб, тасдиқланган ва хитой тилига таржима қилинган бу докладнинг мазмуни, албатта, янги Хитой ҳукумати вакилларига ёқмайди. Уларнинг режаларига, марказдан олган кўрсатмаларига, Совет томони билан юқори доирада қилинган келишувларга Шинжонг масаласининг бундай қўйилиши зид эди. Уйғур миллатининг тақдири умумий мафкура, ягона содиалистик тузум, Совет — Хитой дўстлиги йўлида қурбон қилинган бўлиб, бошданоқ, уни ҳал қилиш янги Хитой ҳукуматининг ички иши, деб эътироф этилган эди. Ерли халқ кўзи олдида ўзларини даҳлсиз қилиб кўрсатиш ниятида хитой коммунистлари “ўзинглар пиширган овқатни ўзларинг енглар”, дегандай зарда қилиб муаммони ҳал қилишни яна Советлар томонига юклайди. Номуссиз, виждонсиз сариқ иблис бу вазифани ҳам ҳеч иккиланмай ўзларига хос совуққонлик билан ҳал қилади.

Бу пайтга келиб Совет ҳукумати Шинжонг масаласидаги ўз мақсадларини амалга ошириб бўлган эди. Биринчидан, ўзининг ёш атом энергетикаси учун сувдай зарур бўлиб турган Шарқий Туркистон ўлкасининг Олтой ва Тарбағатой вилоятларидаги конлардан шиддат билан йиллар давомида ташиб йиғилган радиактив уран рудалар заҳираси атом бомбасини саноатлаштириб ишлаб чиқариш учун етарли миқдорда йиғилган эди. Иккинчидан, совет қуроли ва ёрдами билан Осиё қитьасидаги энг йирик Хитой давлатида ҳокимият тепасига коммунистлар келтирилди. Келажакда содиалистик тузумнинг Осиё мамлакатлари бўйлаб ёйилиши учун бу катта замин эди. Совет Иттифоқи бошчилигида Шарқий Овропа ва Осиё қитъасини қамраган ягона содиалистик лагер шаклланмоқда эди. Учинчидан, ўзлари ясаган ташқи Мўғулистон давлатини янги Коммунистик Хитой ҳукумати тан олишга мажбур этилди ва Совет — Хитой чегарасидаги узун ҳудудда ҳар эҳтимолга қарши ўзига содиқ буфер давлат тикланди.

Бу эришилган натижалар эвазига ва келажакда маслакдошлар биргаликда амалга оширадиган “буюк” мақсадлар йўлида Шарқий Туркистон ўлкаси, уйғур миллатининг миллий мустақиллик кураши, озодлиги, инсоний ҳақ-ҳуқуқпари қурбон қилинди. Сталин ва унинг ҳамтовоқпари виждонсизларча инсоний ахлоқнинг оддий меъёр, приндип ва мезонларига хиёнат қилдилар. Совет ҳукуматининг маҳфий қарорида: “Шинжонгда кейинги йилларда “махсус” ташкилотлар томонидан олиб борилган барча ишлар тугатилсин, уч вилоят халқи ихтиёрий равишда янги коммунистик Хитой давлатиниг таркибига кириши таъминлансин, Совет — Хитой дўстлик муносабатлари мустаҳкамлансин”, деб кўрсатма берилади.

1949 йил август ойининг охирларида Пекинга умумхалқ сиёсий маслаҳат Кенгашида Шинжонг халқи номидан иштирок этиш учун Аҳмаджон Қосимий бошлиқ делегадия Ғулжадан жўнаб кетади. Делегадия таркибига унинг раиси Аҳмаджон Қосимий, Миллий армия қўмондони генерал-лейтенант Исҳоқбеқ Мононов, Олтой вилояти волийси генерал-майор Далелқон Суғурбоев, хансу миллатининг вакили сифатида Абдукарим Аббосов, таржимон-котиб Абдурашид Иминов, адъютант майор Ғани Каримов бошлиқ тўрт нафар муҳофазатчи ходимлар ва бошқалар киради. Жами 11 киши, бошқа манбаларга биноан 17 киши. Делегадияни кузатиб бориш вазифаси Ғулжадаги Совет вице-консули Василий Борисов зиммасига юкланади.

Ҳайратланарли ҳол шундаки умумшинжонг халқи делегадияси таркибига ўлка ҳукуматининг Урумчидаги аъзоларидан бирор киши киритилмаган эди. Бу ҳолат делегадия аъзоларини сергаклантириши керак эди-ку! Пекин улар Урумчидан вакиллар таклиф қилинмаганини ўзгача ғурур билан ўзларининг Пекин олдидаги обрў-эътибори баландлигидан деб тушунадилар.

Совет ҳукуматининг таклифига биноан делегадия Пекинга Совет Иттифоқи орқали учишлари керак эди. Лекин Олмата аэропортидан кўтарилган самолёт Пекинга етиб келмайди. У Иркутск атрофида ҳавода ҳалокатга учрайди ва барча делегадия аъзолари ҳалок бўлишади. Мана шундай шафқатсиз усул билан ўз қинғир ишларинингбажарувчилари, гувоҳдари гумдон қилинади. Бу Совет маҳсус ташкилотларининг навбатдаги разил тадбирларидан бири эди. Маълумотларга кўра, бу фожиа тафсилотлари шу кунга қадар маҳфий сақланмоқда.

Ғулжадаги совет консули бу ерда қолган ҳукумат аъзоларидан Сайфиддин Азизийни 3 сентябр куни ўз олдига таклиф қилиб, Москвадан шошилинч олинган қуйидаги маънодаги телеграммани рус тилида ўқиб эшиттиради: “Аҳмаджон Қосимий бошлиқ делегадия учиб кетаётган Ил-12 русумли самолёт Иркутск устидан ўтаётганида об-ҳаво кескин ёмонлашиб, ўз бошкдрувини йўқотгани учун, бахтга кдрши, тоққаурилади. Самолёт ичидаги 17 та делегадия аъзолари ҳалок бўлади”. Бу фожиа сирлари шу қисқа тушунтириш билан кифояланади.

Шарқий Туркистон уч вилоят раҳбарияти ихтиёрий равишда ҳокимиятни хитой коммунистларига топширмагани учун Сталин томонидан шундай усул билан ўлим жазосига маҳкум этилади. Жаҳон жамоатчилиги кўз олдида бу усулни ишонарли қилиб кўрсатиш учун улар ҳатто ўзининг содиқ мутахассис жосус-дипломатини ҳам бирга қурбон қилади. Дарҳақиқат, мақсадга эришишда иймонсиз, виждонсиз коммунистлар учун барча усуллар яхшидир.

Шундан кейин сентябр ойининг ўрталарида Пекинга умумхалқ сиёсий маслаҳат Кенгашининг биринчи сессиясига етиб келган Сайфиддин Азизий ва Бурҳон Шаҳидий бошлиқ янги делегадия Шинжонг халқининг ихтиёрий равишда коммунистик Хитой давлати таркибига кириши тўғрисидаги ҳужжатларни сўзсиз имзолайдилар. Шунинг эвазига Мао дзедун Сайфиддин Азизийни Шинжонг ўлка ҳукуматининг раиси этиб тайинлайди.

Натижада, Алихонтўра ташаббуси, бошчилиги асосида ташкил топган Миллий армия тарқатилади; миллатсевар, Ватанпарвар улуғларимиз таъқибга учрайди, қамалади ёки чет элларда паноҳ топадилар. Бепоён Шарқий Туркистон ўлкаси Қизил хитойларга ўлжага қолади. Ички Хитойдан чумолидай ёпирилиб кела бошлаган коммунистлар ва уларнинг сон-саноқсиз қуролли қўшини ерли халқни темир исканжага олиб, итоатгўй маҳкумларга айлантира бошлайди. Бу жараённи кўриб, билиб турган қалбида миллий ҳиссиёти бор бугунги авлод кўзларида нам бўлмаса ҳам, қалбида йиғлаб келмоқда...

Увайсхон Шокировнинг "Алихонтўра Соғуний" китобидан

 
Совет даврида қулдорлик давлатининг ташкил топиши
20.01.2014 11:39    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Шу кунларда Ўзбекистан заминида ҳаёт кечираётган авлод бахтлиларнинг бахтлисидир. Чунки, улар мустам,лакачилик сиёсати ва миллий зулм исканжасидан халос бўлнб, ҳаёт гаштини сурмоқдалар. Бундай бахт-саодат шу даражада қимматлики, унга тенглашадиганини топиб бўлмайди. Ҳатто жаҳондагн барча бойликлар тарозининг бир палласнга солинса, иккинчи палладаги озодликнинг аҳамияти ва салоҳияти босиб кетар экан. Бу хусусда бир ҳикояни келтиришнн ўринли, деб ҳисоблайман. Ўтмиш замонларда бир донишманд киши Мадраса талабаларига савол бернбди: «Айтинглар-чи, бу дунёдаги энг улуғ ва азизлик нимада ўз ифодасини топади?» Талабалар баҳслашганларидан кейин, ота-она, фарзандлар, саломатлик энг олий мақомга сазовордир, деб жавоб беришибди. Айрим кишилар бунга қарши ўлароқ, улуғларнинг улуғи инсондир, агар бу табаррук зот яратилмаганида бутун олам бамисоли дўзахга ўхшаб қоларди, дейишибди. Зеро, инсон туфайли еру осмон яшнади, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ўз эгасини топди. Донишманд сўз олиб дебди: «Фарзандларим! Сизларнинг инсоннинг буюк хизматлари ҳақидаги фикрларингизга тўла қўшиламан. Аммо, қачонки инсон зоти озод ҳолда она юртига эгалик қилиб ҳаёткечирса, қадр-қиммати ва улуғлигц сақланади. Борди-ю, босқинчилар панжасида қул каби ҳаёт кечирсалар, «гапирувчи иш ҳайвонларига» айланадилар. Чунки, қуллар Хақ- ҳуқуқ, ўз-ўзини англаш, ғурурланиш, фахрланиш ва бошқа инсонга хос фазилатлардан маҳрум этилган бўлади. Улар маънавий ва моддий жиҳатдан қашшоқлаштирилади. Кўриниб турибдики, — деб сўзини давом эттирибди донишманд, — фақат мустақиллик ва озодлик том маънодаги инсонни шакллантириб, уни олий зот сифатида кўкларга кўтаради, яшнатади ва улуғлайди. Демак, озодлик ва эркинлик энг улуғ ва азиз неъматдир».
Донишманднииг бу доно сўзлари тарих синовидан ўтган ҳақиқатдир. Чунончи, ўзбек халқи ўтмиш замонларда озодликни ҳаётнинг рамзи сифатида қадрлаб Ахмонийлар, Македониялик Александртва Чингизхон сингари босқинчиларнинг тажовузи ва ҳукмронликларига қарши қаҳрамонона жанг қилди. Унинг қони жангларда бамисоли дарё каби оқди, шаҳар ва қишлоқлар душманлар томонидан вайрон этилди. Бироқ озодлик ғоялари сўнмай, вақти келганида ўз куч- қудратини қайта намойиш этаверди. Масалан, бу ҳолат чор ҳукумати тажовузларига, сўнгра ҳукмронлнгнга қарши курашларда яққол кўзга ташланди. Ниҳоят, 1991 йил 31 августда Республика Мустақил, деб эълон қилинди. Бу тарихий воқеа буюк давлат арбоби Пре¬зидент Ислом Каримовнинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида содир бўлди. Бу табаррук зотнинг исми ҳозирги мустақил ўзбек давлатининг асосчиси сифати¬да тарих саҳифаларига битилди. Мустақиллик йиллари Республикада буюк ўзгаришлар содир бўлаётганлиги гувоҳи бўлиб турибмиз. Ҳозирда Узбекистон жаҳон харитасига битилиб, уни билмаган ва сийламаган мамлакат қолмади. Бундай озодликнинг нақадар қимматли ва улуғлигини ҳамда оламшумул а.ҳамиятга моликлигини англаш учун уни 130 йиллик мустамлакачилик тузумига солиштириш ва фарқини билиш сиёсий ва илмий аҳамиятга эгадир.
Хўш, совет даврида қандай тузум ҳукм сурган эди?
Бу саволга қулдорлик тузуми бўлган эди, деб жавоб беришга барча асослар бор. Унинг иқтисодий, сиё¬сий ва маънавий томонлари қуйидагилардан иборат.
Биринчидан, сиёсий жиҳатдан олганда Ўзбекистонда миллий давлат, миллий қўшин ва миллий бошқарув тизими ташкил этилмади. Уларнинг ўрнига мустамлакачилик сиёсати ва миллий зулмни таъминловчи тоталитар Республика ўрнатилиб, Ўзбекистон амалда Россиянинг таркибий қисмига айлантирилди. Тўғри, Республи¬ка мақоми берилиб, парламент, конституция, байроқ, мадҳия ва герб жорий этилди. Аммо, уларнинг ҳаммаси «хўжакўрсинга» қилинган бўлиб, найрангбозликдан бошқа нарса эмас эди. Чунки Республика ва унинг халқига сиёсий ва инсоний ҳуқуқлар берилмай, қаттиқ назорат ва таъқиб ҳукм сурди. Гарчанд, раҳбарлик лавозимларига ўзбеклар ҳам қўйилган бўлса-да, лекин улар марказнинг ўта итоаткор хизматкорлари эди, холос. Уларнинг зиммасига коммунистик ғояларнинг самарадорлигини таъминлаш, турли-туман бойлик ва даромадларни икки қўллаб марказ хазинасига топшириш юклатилган. Шуни унутмаслик керакки, биринчи навбатда Ўзбекистон раҳбарлари «занжирбанд ҳукмдорлар» бўлган эдилар. Бу ҳолат қулчиликнинг энг муҳим белгиларидан биридир.
Қулчилик сиёсий қатағонларда ўз ифодасини топди. Авваламбор, халқнинг бу адолатсиз қатағонларга қарши оммавий равишда бош кўтармай катта-кичик мажлисларда уни қувватлаши ва партияга миннатдорчиликни изҳор этишининг ўзи ҳам қул табиатликни кўрсатади. Бундай йиғинлар мактабларда ҳам ўтказилиб ўқитувчилар ва пионерларнинг: «Халқ душманларига ўлим!», «Яшасин жонажон партиямиз», деган сўзлари ҳамон эсимда турибди. Мана шундай йиғинларнинг бирида мактабимиз директори: «Партия душманларини қириб ташлаймиз, бизнинг талабимиз шу», деб роса бақириб-чақирган эди. Чамаси, икки ҳафта ўтганидан кейин директорнинг ўзи «халқ душмани» экан, сири очилиб, қамалиб қолибди, деган сўзлар тарқалди.
Қулчиликнинг энг даҳшатлиси ва фожеалиси, қатағон воситасида миллионлаб кишиларнинг иқлим шароитлари ниҳоятда оғир жойларда мажбурий суратда ишлатилишида ҳам кўзга ташланади. Маҳбусларнинг мазкур жойлардаги лагерларда қуллик меҳнати ўзининг юксак .даражасига кўтарилди.
Қулчилик аломатлари ўзбек, қрим-татар, чечен, ингушед, турк месҳетилари ва бошқа миллат вакилларининг сургун қилинишида ҳам кўринди. Шуни ҳисобга олиш керакки, қулдорлик тузуми оммавий равишда қатағон ва сургунларни уюштириин имконини туғдирди. Бошқа тузум шароитида уларни ташкил этиш амримаҳол эди. Коммунистик партиянинг улуғмиллатчилик сиёсатининг амалга оширилиши ҳам қулдорлик тузумини бунёд этилишини тақозо этган эди. Ўзбек тилининг камситилиши ва унга давлат мақоми берилмаслиги, рус тилини иккинчи она тили деб баҳоланиши қулчиликни янада мустаҳкамлади.
Хуллас, юқорида шарҳланган омиллар қулдорлик тузумининг сиёсий асосини ташкил этган эди.
Иккинчидан, маълумки, совет даврида минг йиллар мобайнида ҳукм суриб келаётган иқтисодий тизимни тубдан ўзгартириш вазифаси қўйилди. Бунга биноан хусусий мулкчилик, эркин бозор ва савдо-сотиқ, эркин ишбилармонлик ва ишлаб чиқариш тақиқланди. Халқнинг қўлидаги ер-сув, бойлик, савдо шохобчалари, саноат корхоналари, қўйинг-чи, табиатдаги барча жонли ва жонсиз борлиқ совет давлатининг мулкига айлантирилди.
Шу равишда, совет ҳукумати бир неча минг йиллар мобайнида инсон кашф этган ва ривожлантирган хусусий мулкчилик ва эркин бозорни қўпориб ташлади. Ваҳоланки, хусусий мулкчилик инсонни ёввойиликдан ҳоли этиб, оила, давлат ва тараққиётга асос солган муҳим омил ҳисобланган. У туфайли ҳанвондан фарқ этувчи инсон деган улуғ зот шаклланган.
Хусусий мулксиз жамиятнинг яратилиши дарҳол мисли кўрилмаган фожеаларни юзага келтирди. Чунончи, бутун мамлакат бўйлаб очарчилик, қаҳатчилик ва оммавий касалликлар юзага келиб, миллионлаб кишиларнинг ёстиғи қуриди. Бундан ташқари, хусусий мулкка қарши курашлар жараёнида минглаб кишилар ўлдирилди, ҳибсга олинди ва сургун қилинди.
Хусусий мулксизлик кўп одамларнинг кўзини оч ва ташмачи қилиб қўйди. Масалан, нон заводида ишловчи нонни, ун заводида ишловчи унни, тикувчилик корхонасидагилар кийим-кечакни, гўшт комбинатидагилар гўштни, қўйинг-чи, ҳар бир корхона ва ташкилотда ишловчилар озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни бекитиб олиб чиқишга мажбур бўлганлар. Бундай расмий суратда «ташмачи» деб номланганлар давлат мулкини талаши оммавий тус олиб кетганлиги учун милиция ходимлари рейд ўтказиб турганлар. Улар ишчи-хизматчиларни корхонадан чиқаётганда тинтув ўтказиб, молларини олиб қолар эдилар. Бундай моллар ҳажми миллион сўмларни ташкил этиб, тегишли маълумотлар матбуотда эълон этилиб турилган. Колхоз ва совхозларда ҳам ташмачилик кенг қулоч ёйганлигини биламиз. Ташмачилик ва юлғичлик ҳақида гапиришдан мақсад шуки, улар ҳам қул табиатликнинг таркибий қисми бўлмиш боқимандалик кайфиятидаги кишилар томонидан қилинадиган иш эди. Ташмачилик, юлғичлик, ва умуман, давлат мул- кини талон-торож қилмасликнинг ҳеч иложи йўқ эди. Негаки, бор-йўғидан айрилган халқнинг давлат томонидан белгиланган оз миқдордаги маошдан ташқари даромад манбаи йўқ эди. Чунки юқорида кўрсатилганидек, табиат оламдаги барча борлиқ ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ягона эгаси давлат ҳисобланиб, даромадлар унинг хазинасига дарё каби оқиб борар эди.
«Ҳаммамизга ма(ълумки,—дейди Президентимиз Ислом Қаримов,—биз сўнгги 70 йил мобайнида давлатга қарамлик ва сиғиниш ҳолатида яшадик. Мамлакатдаги барча бойликларнинг, мулкнинг эгаси давлат деб ҳисоблаб келдик. Қайси масалани олмайлик, давлат манфаати биринчи ўринда, фуқаро, шахс манфаати эса деярли ҳисобга олинмаслиги эски конституцияларнинг ҳар қайси моддасида яққол кўзга ташланар эди».
Дарҳақиқат, мамлакатда ягона давлат мулк эгалиги ҳукм суриб, ҳатто одамларнинг ҳаёти ва тақдири ҳам давлатнинг қўлида бўлган.
Шундай қилиб кўрдиккн, хусусий мулкчилик ва унга боғлиқ турли соҳаларнинг тақиқланиши, шахсий ташаббус ва манфаатдорликнинг бўғилиши, мажбурий меҳнат, ишга яраша ҳақ тўламаслик, боқимандалик ва «қорин тўйса бас» деган туйғулар қулчиликнинг иқтисодий заминини яратди.
Учинчидан, қулчилик маънавий ҳаётда ҳам ўз ифодасини топди. Чунончи, миллий ҳис-туйғулар, ўз-ўзини англаш, ватанпарварлик, ғурурланиш, фахрланиш ва бошқа олий инсоний фазилатлар ҳибега олинди. Ўз она юртига содиқ кишилар «миллатчи, халқ душмани» ва «империализм айғоқчилари» сингари қалбаки айбномалар билан отилди ва узоқ муддатли қамоққа ҳукм қилинди. Ҳатто, уларнинг оила аъзолари ҳам қамалди ёки қаттиқ таъқиб остига олинди. Уларнинг орасида узоқ жойларга сургун қилинганлари ҳам бор эди. Шу равишда, миллий ғоя ва маънавиятга зарба берилиб, улуғмиллатчилик сувлари билан суғорилган коммунистик ғоялар кишилар онгига зўравонлик билан сингдирилиб борилди. Уни амалга оширишда тарих, фалсафа, КПСС тарихи, илмий коммунизм, атеизм, адабиёт, иқтисод ва ҳуқуқшунослик соҳалари жалб қилинди. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ва санъат тармоқлари ҳам коммунистик ғояларни зўр бериб тарғибот қилганлар. Натижада маънавиятда миллийлик йўқолиб, у ком- мунистик ғояларнинг асирига айланди. Айниқса, ислом дининйнг тақиқланиши, масжид ва мадрасаларнинг ёпилиши ва тарихий ёдгорлиқларнинг вайрон қилиниши, тарих фанининг сохталаштирилиши маънавий ҳаётни янада қаттиқ қашшоқлаштирди. Айни пайтда, ўзбек халқининг ўтмиш замонларда фан ва маданият соҳаларида қўлга киритган ютуқлари инкор этилди.
Умуман айтганда, ўзбек халқининг миллий ғоя ва маънавиятига зарба берилиб, ўрнига коммунистик ғоянинг киритилиши қулчиликнинг муҳим аломатлари ҳисобланади. Чунки, бу ғоя улуғмиллатчилик ва қулчиликнн ўзида акс эттирган эди.
Тўртинчидан, совет даврида шаклланган қулчилик¬нинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд эди. Чунончи, биз бошимиздан кечирган бу қулчилик билан қадимги Юнон, Рим ва бошқа давлатлардаги қулчилик ўртасида асосий негизи бўйича фарқ йўқ. Чунки, бу ҳар иккала даврда қуллар хусусий мулкчилик, ишлаб чиқариш қуроллари, сиёсий ва инсоний ҳуқуқлардан маҳрум этилиб, «темир қафас»да ушлаб турилган. Ўтмиш замонларда қуллар асосан урушларда асир олинган ёки бўйсундирилган кишилардан ташкил топган. Шунга ўхшаш большевиклар ҳам Туркистонни урушиб олиб, халқини қуллик балосига мубтало этди. Совет даврида қулчиликнинг маъноси анча кенгайиб, ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Қадимги замонларда натурал хўжалик ҳукмронлик қилганлиги учун қуллар озиқ-овқат, кийим- бош ва турар жой билан таъминланган. Совет даврида эса пул муносабатларининг кенг кўламда ривожланганлиги учун қулларнинг иш ҳақи маош тариқасида тўланди. Хусусий мулки ва бойлиги бўлмаган халқ фақат маошга тикилиб қолди! У маошсиз қолмаслик учун давлат кўрсатган чизиғидан чиқмасликка ва унга сажда қилишга ҳаракат қилган. Давлат шу тариқа маош воситасида халқни ўзига ипсиз боғлаб, хоҳлаган кўйига ўйната берди. Қадимги вақтларда бўлганидек, совет ҳукумати қулларни турар жойлар билан таъминлаб турди. Аммо ҳаммани бирданига турар жой билан таъминлашнинг иложи бўлмаганлигидан, хусусий уй қуришга рухсат берилди. Лекин келажакда бундай уйларнинг аста-секин тамомила йўқ қилиниши турган гап эди. Уларнинг ўрнини давлат томонидан қурилган уйлар билан алмаштириш жараёни кетмоқда эди. Совет даврида қулларни сотиш ва сотиб олишга эҳтиёж қол-
мади. Чунки мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам қул бозорлари бўлмаган. Давлат қулларнинг ягона эгаси бўлганлиги учун унга харидор йўқ эди.
Қадимги қулдорлик давлатларда аҳоли озод ва қуллардан ташкил топиб, йирик хусусий қул эгалари фаолият кўрсатган. Улар билан бир қаторда эса давлат миллионлаб кишиларни қуллик ҳолатида ушлаб турган. Шунинг учун ҳам қулларнинг давлатга тегишлилигини англатувчи «биз партиянинг солдатларимиз», «бизлар давлат одамларимиз», «Совет Иттифоқининг фарзандларимиз» каби иборалар юзага келган.
XX асрда фан ва техника шу даражада юксалдики, усиз у ёки бу давлатнинг ривожланиши мумкин эмас эди. Коммунистик партия буни яхши англаган ҳолда маориф, олий ва ўрта таълим тармоқларини, фан ва маданиятни ривожлантириб, саводсизликни тугатди. Мутахассис ва олимларни етиштирди.
Бу ерда савбл туғилади. Наҳотки, совет даврида етиштирилган ўқитувчилар, врачлар, агрономлар, муҳандис-техник ходимлар, олимлар ва бошҳа соҳа эга¬лари қул бўлган бўлсалар?
Бунга, «Ҳа, росмана қуллар бўлишган, лекин саводли ва билимли қуллар эдилар, холос», деб жавоб бериш мумкин. Чунки, улар юқорида кўрсатилганидек, сиёсий ва инсоний ҳуқуқ, хусусий мулкчилик, миллий маънавият ва диндан маҳрум этилган. «Партиянинг солдатлари» ҳисобланган. Шунингдек, улар мустақиллик ва озодликни барбод этган коммунистик ғоялар билан заҳарланган. Шу муносабат билан:
—    Домла, айтинг-чи, совет даврида сиз ҳам ўзингизни малакали қул, деб ҳис этганмисиз?—деган са¬вол туғилади.
—    Ҳа, мен ва бошқа олимлар юқори малакали ва тажрибали қуллар бўлганмиз, — деб жавоб бераман. Чунки, бизлар олдинги сафда туриб коммунистик ғоя ва «социализм»ни энг адолатли ва афзал тузум сифатида кўкларга кўтарганмиз. Ваҳоланки, мустамлакачилик, зулм, бебаҳо бойликларимизнинг таланиши кўз ўнгимизда содир бўлаётган эди. Аммо бирортамиз отилиб чиқиб партиянинг сиёсатига қарши чиқмадик. Аксинча, партияни олқишладик. Бунга ўта эҳтиёткорлик ва жасоратсизликии туғдирган қул табиатлигимиз сабаб бўлган. Агар бизлар том маънодаги озод кишилар бўлганимизда босқинчилар зулмига қарши курашишимизга шубҳа йўқ эди. Чунки, онги ва қалби озодлик ғоялари билан суғорилган кишиларнинг миллатпарварлиги жўш уриб мардонавор курашади. Буни яхши англаган совет давлати халқни қуллик кишанлари билан боғлаб қўйди. Бу ўз самарасини бериб, 20-йиллардан то қизил империя йиқилгунга қадар бўлган даврда зулмга қарши қўзғолон кўтарилмади. Аксинча, коммунистик партия ва дав¬лат сиёсатига кўр-кўрона эргашиш ва улуғлаш авжига миниб бораверди. Бундай ҳолат қишлоқ аҳолиси орасида ҳам содир бўлиб, қул меҳнати мисли кўрилмаган даражада азоб-уқубат ва талафотларни келтирди. Дав¬лат томорқа ер бериб, деҳқонларни ўзига ипсиз боғлаб қўйди. Бордию улар ишлашдан бош тортсалар, томорқа тортиб олиниб, ўзлари ҳайдалган. Пахта яккаҳокимлигининг ҳукм суриши деҳқонларни қулчилик ботқоғига қулоғигача ботириб юборди. Совет даврида онгли равишда химия ўғитлари билан ер, сув, ҳаво ва озиқ- овқат маҳсулотларининг заҳарлантирилганлигини, оммавий касаллик ва ўлим кучайганлигини унутиб бўлмайди. Узбек аёлларининг умри совет давридаёқ меҳнат фронтида чириганлигини инсоният тарихи билмайди, дейсизми?! Улар, асосан давлат учун ишлашга мажбур қилинди. Улар аёлларга хос нозик фазилатларни йўқотиб «дағаллашдилар». Бу хусусда совет даврида бир деҳқон йигит билан суҳбатимни келтириш масалани янада ойдинлаштиради.
Фарғонанинг Водил деган жойидаги чойхонада ўтирганимизда шогирдим Исмоилжоннинг таниши ўрта ёшлардаги деҳқон бир коса ош билан ёнимизга келиб ўтирди. Салом-аликдан сўнг деди: «Бир йилда бир маротаба шу ерга ёки Шоҳимардонга хотиним ва болаларим билан келиб бир оз дам олгандек бўламиз. Мен Россияда армияда хизмат қилиб юрган вақтимда рус аёлларининг кўриниши тоза ва ёқимлилиги ҳамда қўллари юмшоқлигини кўриб ҳавасим келган. Шунда қишлоғимиздаги аёлларнинг ниҳоятда оғир меҳнати, қўллари ва оёқлари ёрилиб ҳамда дағаллашиб кетганлиги кўз ўнгимда гавдаланиб жуда хафа бўлганман. Ҳув анави менинг хотинимга кўз ташланг, домла, қовжираб ётган капченний балиққа ўхшаб қолган. Унга раҳмим келади, негаки, бир кеча-кундузда 20 соат меҳнат қилиб, дам олиш ва ҳаммомни, пардоз ва яхши кийинишни унутиб юборган. Ҳатто, хотиним пахтазорда ишлаётганда дард тутиб қолибди. Уни туғуруқхонага олиб
кетаётганда машинада кўзи ёриб, бир ўлимдан қолган эди». Шунда Исмоилжон у ёқ-бу ёққа аланглаб: «Ука, секинроқ гапир, бировлар эшитса, сиёсий тус бериб ғалвага қоламиз», деб қўйди.
Бу оддий деҳқоннинг сўзлари фақат унинг хотинининг эмас, балки қишлоқлардаги ҳамма аёлларнинг ачинарли ҳолатини ифода этган эди.
Хулоса қилиб айтганда, биринчидан. Совет даврида Ўзбекистонда қулдорлик тузумининг сиёсий асослари қуйидагича бўлган. Авваламбор, миллий давлат ва қўшинни ташкил этишга йўл берилмай, мустамлакачилик ва улуғмиллатчилик сиёсати амалга оширилди. Республика раҳбарлари мустақил равишда ички ва ташқи сиёсатни юргизишдан маҳрум этилиб, улар амалда марказнинг итоаткор хизматкорлари эди, холос. Ўзбек тилига давлат мақоми берилмади, миллий пул жорий этилмади. Халқ оммасига сиёсий ва инсоний ҳуқуқлар берилмай, бутун мамлакат «темир панжара» билан қуршаб олинди. Унинг сиёсий фаолияти бўғилди ва ташқи дунё билан алоқа қилишга йўл берилма¬ди. Республика мисли кўрилмаган сиёсий қатағонни, қаттиқ назорат ва таъқибларни бошидан кечирди;
Иккинчидан. Қулдорлик тузумининг иқтисодий замини қуйидагича кечган: Хусусий мулкчилик, эркин бозор ва савдо-сотиқ, эркин ишбилармонлик ва ишлаб чиқариш тақиқланди. Табиатдаги барча жонли ва жонсиз борлиқлар, ишлаб чиқариш маҳсулотлари ва бошқа турли-туман бойликлар давлат мулкига айлантирилди. Натижада, якка давлат мулк эгалиги юзага келиб, халқ бамисоли илдизи қирқиб ташланган дарахтга ўхшатиб қўйилди. Меҳнаткаш омма маош воситасида давлатга чамбарчас боғлаб қўйилиши ва бошқа даромад манбаи қолмаганлиги уларни давлатга сиғиниш ва итоат этишга мажбур қилди. Ўзбекистондан пахта, ипак ва ноз-неъматлар, олтин, газ, вольфрам ва бошқа ноёб бой¬ликлар тинимсиз олиб чиқиб кетилди. Салоҳиятли саноат тармоқлари Иттифоқ вазирлигига бўйсундирилиб, даромадлар марказ чўнтагига тушди. Республикага тайёр саноат маҳсулотлари кўплаб келтирилиб, халқ янада қаттиқроқ шилинди. Натижада, Ўзбекистан Россиянинг хом ашё манбаи ва тайёр маҳсулотлар бозорига айланиши ҳам қулчилик тузумининг асосини яратди;
Учинчидан. Қулчиликнинг белгилари маънавий ҳаётда ҳам намоён бўлди. Зеро, дин тақиқланиб, масжид 
ва мадрасалар ёпилди. Дин пешволари оммавий равишда отилди, диний китоблар ёқилди ҳамда тарихий обидаларнинг талайгина қисми бузиб ташланди. Миллий ҳис-туйғулар, ўз-ўзини англаш, ватаниарварлик, ғурурланиш ва фахрланиш сингари олий фазилатларга зарба берилди. Оламшумул аҳамиятга молик бой тарихимиз сохталаштирилди. Уни холис ўрганиш ва тарғиб қилишга йўл қўйилмади. Миллий турмуш тарзига қарши ўлароқ, «совет турмуш тарзи» татбиқ этилди.
Шу равишда миллий ғоя ва маънавият ҳибсга олиниб, ўрнига коммунистик ғоя зўравонлик билан киритилди. Бу ғоя халқнинг онги ва дунёқарашини қоронғилаштириб чегаралаб қўйди. У қулчилик тузумининг йўналтирувчи кучи ҳисобланди;
Тўртитидан. Юқорида шарҳланган фикрлар шу ҳақда гувоҳлик берадики, совет даврида «социализм» эмас, балки «қулдорлик» тузуми ташкил топган. Мамлакатда ягона давлат мулк эгалиги ҳукм суриб, фуқаролар унинг жонли мулкига айлантирилди. Шунга монанд равишда қуллар ҳам ўз-ўзидан давлатники бўлиб қолди. Шу боис, совет даврида қулдорлик давлати шаклланган дейилса, асло хато бўлмайди. Шуни айтиш лозимки, тарихда бунга ўхшаш жуда катта қулдорлик давлати бўлган эмас. Чунки унинг қул остидаги барча халқлар қулга айлантирилди. Шунинг учун хам қулчи¬лик мисли кўрилмаган даражада ўзининг энг юқори чўққисига кўтарилди. Аммо, қулчилик вақтларнинг ўтиши билан қизил империяни ичидан чиритиб бораверди. Чунки, қулчилик аллақачонлар ошини ошаб, ёшини яшаб, тарих ёдгорлигига айланган эди.
Эндиликда қадимги даврлар ўтиб, бутуи жаҳон бўйлаб озодлик ғоялари ҳукм суриб, фан ва маданият тараққиёти гуркирамоқда эди. Мана шундай янги замон шароитида қулчиликнинг пайдо бўлиши ғайритабиий ҳол эди?
Хўш, шундай экан, нима учун совет даврида қулчи¬лик юзага келди? Бунинг асосий сабаби, бутуи мамлакатда социализм тузумини қуриш учун шарт-шароит мутлақо етишмаган эди. Ахир, коммунисгларнинг доҳийси К. Маркс социализмни фақат бутун дунёда ялписига тараққиётга эришгандан кейингина бунёд этиш мумкин, деган эди-ку. Бунга эришиш учун яна юз йиллар керак бўлади-ку. Россия Оврупо мамлакатлари орасида ҳар жиҳатдан энг қолоқ мамлакат сифатида донг чиқарганди. Унинг қўл остидаги мустамлакалар ундан ҳам қолоқ мамлакатлар бўлганди. Масалан, Туркистон ўлкаси шулар жумласидандир. Бироқ В. И. Ленин бошлиқ «большевиклар» шароит етилмаганлиги билан ҳисаблашмай, бир мамлакат доирасида ҳам социализм қурамиз, деб жар солдилар. Улар шароит етилмаганлигн боис социализмни қирғинбарот ва қул меҳнати билан бунёд этишга қаттиқ киришдилар. Шу тарзда коммунистик партия бир мамлакатда социализмни қурамиз, деб биринчи хатога ва уни зўравонлик билан амалга оширамиз деб, иккинчи хатога йўл қўйди. Бу хатолар партия ўйлаганидек, социализмни эмас, балки қулдорлик давлатини юзага келтирди. Бу билан тарих ғилдираги олдинга эмас, балки бир неча юз йилларга—орқага юргизилди. Шунинг учун ҳам, бу давлат янги замон тараққиётига мос тушмай, ғайритабиий воқеа деб баҳоланди. Уни тиш-тирноғигача ядро ва бошқа даҳшатли қуроллар билан қуролланишига қарамай, урушсиз ағдарилишига худди шу қулчиликнинг ўзи сабаб бўлди.
Борди-ю, менинг фикрларимни тан олмайдиган олимлар топилса, совет даврида қандай тузум бўлганлигини ўзлари айтишсин. Олдиндан шуни маълум қилиш керакки, 70 йилдан ортиқ даврда хусусий мулкчилик, эркин бозор ва савдо-сотиқ, диннинг тақиқланиши, фео¬дализм ёки капитализм тузуми ҳақида гапиришга йўл берилмади. «Социализммшнг қурилмаганлиги «отнинг қашқасидек» ҳаммага маълумдир.
Шундай экан, совет давридаги қулдорлик тузумини инкор этиб бўлмайди. «Қуллик ва мутелик исканжаси- дан, — дейди Юртбошимиз Ислом Каримов,— озод бўлиш, қадни баланд тутиш, ота-боболаримизнинг удумларини тиклаб, уларга муносиб ворис бўлишдан шарафлироқ вазифа йўқ бу дунёда».
Марказий Осиёда бу шарафли вазифа биринчи бўлиб Ўзбекистонда амалга оширилди. Бу билан биз ғурурланиш, фахрланиш ва унинг қадр-қимматини, шон-шуҳратини кўкларга кўтаришга тўла ҳақлимиз.

Ҳамид Зиёев

 
Бобур давлатчилигини безаган фармонлар
20.01.2014 19:54    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ҳар бир юрт султони томонидан давлатчилик тарихида ўнлаб, юзлаб амр, фармонлар, фармойишлар берилади. Албатта, бу фармонларнинг мазмун-моҳиятини, муҳимлигини инкор қилмаган ҳолда умумдавлат, умуммиллат манфаатини кўзлаган, шу юрт тарихи ва тараққиётида ўз аксини қолдирган давлат ҳужжатлари, мамлакат бошлиғининг фармон-лари ҳар даврда ҳам алоҳида ажралиб турган. Ушбу ҳол подшоҳ Заҳириддин Мухаммад Бобурга ҳам тааллуқли.

Асл мақсадга кўчишдан олдин мавзуимизга асос бўлган сатрларни «Бобурнома»дан келтирсак. Бобур ёзади: «Бурунроқ ният қилиб эрдимким, Раана Сангаа кофирға зафар топсам, тамгани мусулмонларға бағишлай. Тавба асносида Дарвеш Муҳаммад сор-бон била Шайх Зайн тамға бахшишини ёд бердилар. Дедимким, яхши ёд бердингиз, илигимиздаги ви-лоятда мусулмонларнинг тамғаси бахшиш бўлди. Муншийларни тилаб, буюрдимким, бу икки азимуш-шаън умурким, воқиъ бўлди, бунинг ихбориға фармонлар битгайлар. Шайх Зайннинг иншоси била фармонлар битилиб, жамиъ қаламравға йиборилди».

Бобурнинг бундай қарорга келиши унинг умри-нинг охирроғида, аниқроғи вафотидан икки йил олдин содир бўлган. 1528 йил воқеалари. Бобурнинг Ҳиндистон билан боғлиқ юксак орзуси - Амир Темур салтанатини қайта тиклаш ва унинг ҳудудини аввалгидек темурийлар тасарруфига киритиш учун жон-жаҳди билан кураш олиб бораётган вақт эди. Маълумки, Бобурнинг юксак саркардалик, ҳарбий маҳорати, қолаверса лашкар билан ишлашда қобилиятли психолог сифатида иш кўриши туфайли сон жиҳатидан бир неча марта кўп, жанговар филлар ва маҳаллий шароитга мослашган ҳарбий қуроллар билан таъмин-аган Иброҳим Лўдийнинг юз минглик армияси усти-ан ғалаба қозонган. Шундан сўнг, Ҳиндистондаги кўпгина шаҳар, қишлоқ ва ўлкаларга бош бўлган рожалар, саркардалар урушсиз қўл остидаги бошқарувни Бобур салтанатига топшириб, ортиқча қон тўкиш бефойда эканлигига ақллари етиб, муроса билан давлатчилик ишларини давом эттирганлар.

Аммо, уларнинг орасида ҳам ўз юрти озодлиги ва дахлсизлигини рўкач қилиб, шароитдан фойдаланиб ўз мулкини кенгайтиришни мақсад этган саркардалар, рожалар ҳам бор эди. Шулар дастлаб Бобур салтанатини тан олишмаган, Раана Сангаа каби эъти-борли рожалар кўпгина ўлка рожаларини бирлаштириб, урушга ҳозирлик кўрадилар, Бобур томонидан белгиланган ер, даромад солиқларини тўлашдан бош тортадилар. Албатта, бу ҳол Бобур сиёсатига мутлақо тўғри келмаган ва у ҳам ўз навбатида Ҳиндистонда энг йирик саркарда Иброҳим Лўдийни тор-мор этгандан кейинги иккинчи катта юриш - Ҳиндистон султони -рожаси Раана Сангаага қарши жангга ҳозирлик кўра бошлайди.

Биз, Бобурнинг ушбу урушга қандай ҳозирлик кўргани, унинг асл сабаблари нимада эди, ушбу муҳорабани катта ғалаба билан якунлаганлиги ҳақида батафсил сўз юритмаймиз, бу алоҳида катта тадқиқотни талаб қиладиган мавзу. Бунда Бобур нима учун айнан шу ғалабасидан сўнг фармон бериб уни «АЗИМУШ-ШАЪН» деб атаганлигига эътиборни қаратмокчимиз. Мазкур масалани кенгроқ ёритишга Бобур фармонининг матни талайгина маълумот беради. Энг аввало шуни таъкидлаш керакки, Бобурнинг бу фармонида ғолиб подшоҳнинг ғалаба нашидаси, фахрияси бор. Фармонда биринчи нав-батда исломий таълимот - Оллоҳга ШУКР этиш масаласи юксак тарбиявий оҳангда ўз ифодасини топган. Бунда, Бобурнинг астойдил шукр дейишга асоси бор эди. Ахир, ўз юртида, ўзининг қондош темурийзодаларнинг юртга эгалик боис тож-тахт талашишлари, сарсон-саргардонликдан сўнг тақдир унга Ҳиндистондек буюк давлатни ўз тасарруфига киритишни насиб этди, бу мамлакатнинг йирик шаҳарлари қарийб курашсиз унга бўйсунди. («...муваффақият қўллари ғалаба нишонли байроқларимизни Деҳли, Агра, Жўнпур, Харийд, Биҳар ва бошқа ўлкаларда кўтарди»), Шу боис, Бобур «ҳар неъматга бирор шукр лозим ва ҳар шукрга унинг кетидан бирор неъмат» деган ҳикматнамо фикрни фармонига киритади. Бемалол айтиш мумкинки, Бобурнинг бу фикри бугунги мустақиллигимизнинг ҳар бир неъмати, ютуғига шукроналар қилишимиз лозимлигига ҳам асос беради. Чунки, бугунги шукримиз ортидан келгусида «бирор неъмат»нинг келиши аниқлиги ҳам тайин.

Бобур ўзининг бу фармонида «шукр» мавзуига янада чуқурроқ кириб боради. Қаламравида бўлган зобиту аскарлари, беку шаҳзодалар, баъзан мулойим, гоҳида яккаш зодагон аёлларни инсофга чақириш, Ҳинд ўлкасининг диққинафас иқлимига чидам бериш, Оллоҳ насиб эттирган юксак зафарлар шукронаси боис Бобур салтанатига садоқат билан хизмат қилиш руҳиятини сингдиришга ҳаракат қилади. Бобур бу лаҳзада аниқ тасаввур этганки, қўл остидагиларга зулм, ситам, жазо ва қистовлар ўтказиш билан уларни Ҳиндистонда олиб қолиш мумкин эмас. Шунинг учун Раана Сангаа устидан ғалаба қилиш учун фақат лашкар сафини жипслаштириш, хиёнат, сотқинлик ва айниқса қочқинликка йўл бермасликнинг ягона йўли маънавий таъсир орқали иш кўриш деб билади ва «шукр» тушунчасига яна урғу беради: «Шукр шундай бир неъмат муқобилида бўлсаки, дунёда ҳеч бир бойлик ундан буюкроқ ва охиратда бирор бир яхшилик ундан гўзалроқ бўлмаса».

Бобурнинг мақсади фақатгина Амир Темур сал-танатини тиклаш эмас, балки ислом дини тасарруфида бўлган юртларда бу диннинг салоҳиятини асраб колиш, юксакликка кўтариш, ўзга динлар зуғумидан озод қилиш ҳам бўлган. Шу боис, энг биринчи навбатда у бўлажак рақиби Раана Сангаани ана шу шартни бузганлиги, аввал Бобурга тарафдорлик қилишга ваъда бериб, кейин сўзидан қайтгани ва боз устига унга қарши лашкар тўплаб, урушга шай бўлганлигини мазкур қонли муҳорабанинг асоси ва сабаби деб билади: «Аммо Раана Сангаа кофир ўтган вақтларда қутлуғ подшоҳлигимизга бўйсунганлигини иқрор қилиб келган бўлса ҳам, ҳозирда у тортинди ва кибрланди ва кофирлар жумласидан бўлди мазмунига мувофиқ шайтонсифат бош тортиб, биздан ажралганларга бошлиқ бўлди».

Бобурнинг бу фармонида унинг давлатчилик сиё-сати, ўша даврдаги тасарруфига кирган юртларга темурийлар салтанати қонун-қоидаларининг кириб бориши, унинг амалда ишлаши ёки берилган фармонларга хилоф иш тутиши, солиқлар низомига риоя этиш ва этмаслик каби саволларга ҳам аниқ жавоб оламиз. Бобур унга қарши отланган Раана Сангаани энг аввало Ҳиндистонда Амир Темур салтанати томонидан жорий этилган қонунни поймол этганликда, Бобур давлатчилиги қонунларини писанд этмасликкина эмас, унга қарши қўшин тортиб ахдни бузганликда айблайди. Бобур фармонида ўқиймиз; «Кофирлар туғини ислом мамлакатларининг икки юзга яқин шаҳрида тиккан эди. Масжид ва ибодатхоналарни хароб қилиб, у жойлардаги мўминларнинг хотин, бола-чақаларини асир қилди».

«Заҳириддин Мухаммад Бобур ғозий фармони» Бобур салтанатининг сўнгги йиллари ҳақида анча мукаммал маълумот беради. Ундан Бобур учун Ҳиндистонда нақадар мушкул шароит вужудга кел-ганлигини ҳис қиламиз. Ҳинд халқи бобурийларга қарши курашга Раана Сангаанинг ҳам катта тазйиқи, ҳам улар юрагидаги ватанпарварлик кайфиятларини жунбушга келтириб, беҳисоб лашкарлар тўплагани боис жипслашганлари, бир неча рожалар ва султонлар муттаҳид бўлганлиги Фармонда келтирилган факт-рақамларда Раана Сангаанинг юксак ташкилотчилигини тан олган Бобурнинг ростбаёнлиги ўз аксини топган: («Маҳмудхон Искандархон ўғлининг вилоят ва қишлоги бўлмаса ҳам, сардорлик умидида тахминан ўн минг суворий жамъ қилган эди. Соғломлик ва омонлик водийсидан узоқлашганларнинг ҳамма тўплами, Ҳинд қишлоғи ва вилоятида давом этиб келган қоида бўйича, ҳаммаси бўлиб, икки лак бир минг» (икки юз бир минг киши -ҲҚ.) кишига етган.

Биз муҳтарам ўқувчиларимизни мазкур жанг тафсилоти билан зериктириб қўйишдан ўзимизни тийган ҳолда таъкидламокчимизки, Бобур лашкарларининг Раана Сангаанинг икки юз мингдан ошиқ лашкарига қарши олиб борган муҳорабаси ғалаба билан якун-ланади. Бу урушнинг тафсилотлари тарихда, турли даврларда турли хил таҳлил этилган. Бироқ бир нарса муҳимки, Заҳириддин Бобур ушбу муҳорабани қанчалик қақшатқич тарзда олиб борган бўлмасин, ислом байроғи ва низомини темурийлар салтанати ерларида янада барқарорлигини таъминлашга эришмаган бўлмасин, мағлуб ҳиндуларни «кофирлар» деб атаб унга «ғозийлик» унвони берилган бўлмасин, подшоҳ Бобур ўзининг мазкур фармони билан Шарқ тарихида мисли кўрилмаган юксак маънавий даражага эга эканлигини кўрсатди: агарчи бунда ҳиндлар унга қарши душманона алфозда бўлса ҳам у анча-дан бери орзу қилган ниятини амалга оширади. Яъни ўзининг қўл остидаги барча номусулмон бўлган миллатлардан ундириладиган ТАМҒА солиғини бекор қилади. Шу боис, Бобурнинг Раана Сангаа устидан ғолиб келиши боис ҳиндлардан ҳам тамға солиғи бекор қилинади. Бемалол айтиш мумкинки, бу ҳақиқатда ҳам Бобур айтгандек, унинг энг буюк, мазмунан юксак «азимуш-шаън», яъни инсон шаънини юксакликка кўтарувчи фармон эди.

Иккинчи томондан, бу Бобурнинг Ҳинд лашкар-бошиларига эмас, ҳинд халқига кўрсатган баланд ҳимматининг белгиси ҳам бўлган. У Ҳиндистондаги урф-одатлар, диний қоидалар ва халқ анъаналарига эҳтиром билан ёндошиш борасида кўп фикр юритган. Масалан, унинг ўғли Ҳумоюн мирзога ёзган васиятида қуйидаги сатрларни ўқиймизки, фикримизга далил бўла олади: «Эй фарзанд! Ҳиндистон мамлакати турли мазҳаблардан иборат. Субҳонолло таоло ҳаққи сенга буюрилдики, ҳар бир мазҳабга пок қалб билан қарагин, ҳар бир мазҳаб ва тариқатга адолатли бўл. Хусусан сигирни қурбон қилишдан сақлангинки, бу Ҳиндистон халқининг қалб ардоғи ва бу вилоят аҳли подшоҳга яхши назар билан боғланади...»

Бобурнинг бу васияти маълум сабабларга кўра унинг фарзандлари томонидан кенг миқёсда амалга оширилмаган бўлса ҳам ўғли Ҳумоюннинг фар-занди Акбаршоҳ бобоси Бобур мирзонинг васиятларини боридан кўра юксак даражада адо этди, ҳатто у Ҳиндистонда ислом ва будда динларининг муштарак - омихта динини яратишга ҳам уриниб кўрди.
Хуллас, Бобурнинг бу муҳим фармони заминида унинг маълум даражадаги бағрикенглиги, шароитдан келиб чиқиб, салтанати иқтисодий ҳолатининг танглашувига олиб келиш мумкинлигига қарамасдан оддий халқ манфатини кўзлагани билан ҳам муҳим.

Бобурнинг иккинчи «азимуш-шаън» фармони бевосита биринчи фармон билан чамбарчас боглиқ. Аниқроқ қилиб айтсак, бу фармон хронологик ва тарихий воқеаларнинг акс этиши жиҳатидан юқоридаги фармондан олдинроқ юзага келиши керак эди. Бироқ Бобур Раана Сангаа билан бўладиган йирик муҳорабага тайёрланар, бу умрининг мазмуни ва мақсадларининг гултожи бўлган жангга астойдил киришганлиги боис мазкур фармонни бериш маълум муддатда орқага сурилган эди.

Агар Бобурнинг бу фармони бошида Оллоҳ томонидан берилган ризқ ва имкониятларга шукроналик баён этиш асос қилиб олинган бўлса, асосий қисмида инсон тарбиясининг яна бир жиҳати - Қуръонда ва Ҳадиси шарифда қайта-қайта зикр этилган НАФСНИ ТИЙИШга бағишланади. Чунки, мазкур фармоннинг бош ғояси ва шоҳ Бобурнинг мақсади ҳам бутун салтанати ҳудудида май, шароб ва инсонни сархуш этувчи ичимликлар ва воситаларни ман этиш, ҳеч қаерда, ҳар қандай шароитда уни истеъмол этмаслик фармони эди, бу: «... Инсон табиати ўзининг яратилиши бўйича нафс лаззатларига мойилдир, завқ келтирувчи ёқимли нарсаларни тарк этиш Худонинг тавфиқ беришига ва осмоний кўмакка боглиқ. Башар нафси ёмонликка майл этишдан узоқ эмас».

Бобурнинг бу фармони мазмунига киришишдан олдин унинг майдонга келиши заминига бир назар солсак. Бобурнинг ўзи 23-24 ёшига етгунга қадар шароб истеъмол қилмаган ва бу одатни у ўзига бетона билган. Бироқ гемурийлар, айниқса Ҳусайн Бойқаро саройидаги майпарастлик, унинг ўғиллари Бадиуззамон мирзо ва Музаффар мирзонинг меҳмондорчилигида қатнашган Бобурда умуман майга рағбат бўлмаганлиги («Кичикликта бемайл эдим, чоғир (май, шароб -ҲҚ.) нашъа ва кайфиятин билмас эдим. Отам гоҳиким чоғир таклиф қилсалар ҳам узрлар айтиб иртикоб қилмас эдим») алоҳида таъкидланган. Бобурнинг иқрорича, бу ёшда шароб истеъмол қилса ҳам биров унга қаршилик билдирмаган. Ҳиротнинг энг кўркам Боғи Жаҳоноро кўшкида Бадиуззамон мирзо томонидан Бобур ва унинг сафдошлари шарафига берилган базм тасвири «Бобурнома»да келтирилган. Бобурнинг юқоридаги фармони билан бу тасвирнинг бевосита алоқаси бор. Бобур 47 йил умр курган. Ҳаётининг 23 йилигача май ичмаган, вафотидан икки йил олдин юқоридаги фармон боис нафақат ўзи, балки бутун салтанатида шароб ичишни ман этган. Бадиуззамон мирзо базмида Бобурнинг май ичишга нақадар лоқайдлиги, бепарволиги, бу ишдан ҳазар қилиши, темурийзодаларнинг мастликка ружулари баландлигини афсус билан ёзади: «Бадиуззамон мирзо Музаффар мирзо меҳмондорлиғини эшитиб, Боғи Жаҳонорода Муқаввийхонада мажлис тартиб қилиб, мени тилади».

Бирок замонанинг Бобур бошига туширган ташвишлари, Ҳисор тоғларида ялангоёқ юриб, товонлари ёрилиб кўмак берадиган бирон кимсаси қолмаганидан, атрофдагиларининг хиёнаткорлиги ва айримларининг муртадлиги Бобурнинг ҳам майга юз тутишга, май, чоғир, маъжун истеъмол қилишига сабаб бўлган. «Бобурнома» саҳифаларидан биз унинг гоҳида пайдар-пай, гоҳида ғамларининг бартарафи учун майга мурожаат этганлигини кўрамиз. У юқоридаги фармонни бергунига қадар уч марта май ичмасликка ахд қилади, аммо уни тарк этишга иродаси етмади:
Май таркини қилгали паришондурмен,
Билмон қилур ишимнию ҳайрондурмен.
Эл барча пушаймон бўлуру тавба қилур,
Мен тавба қилибмену пушаймондурмен.
Юқоридаги мисоллардан кўринадики, Бобур ҳудудида майни тарк этиш фармонини бергунга қадар ўзининг ички оламида катта қарама-қаршиликлар, руҳий курашларни бошидан кечирган. У нафақат давр, балки бутун инсоният бошига кулфат бўлиб ёғилган бу одатдан сакланишга чақирган. Не ҳасратки, бу иллат Бобур давридагина эмас, ҳозир ҳам дунёнинг катга муаммоси бўлиб келмоқда.
Шунга қарамасдан, Бобур ўзини енгади, фармон кучга киради. Бироқ масаланинг бошқа томони - нега фармон айнан Бобурнинг Раана Сангаа билан бўладиган йирик муҳорабасидан олдин берилди? Бу жуда катта сиёсий, ижтимоий ва тарбиявий аҳамиятга молик масала. Чунки, Бобур темурий салтанатнинг яхлитлигини энг аввало давлатчиликдаги тартиб-интизом, соғлом ақл ва ҳушёрлик замирида кўради. У фармоннинг асосий мақсадига кўчишдан олдин қўл остидаги бекзодалар, амирлари билан психологик тарбия олиб боради, майни тарк этиш киши руҳиятини поклаши қатори инсонда иродани тарбиялаши, душманга қарши бирликка куч бериши, қолаверса бу интилиш шариат қонунига риоя этиш ҳам эканлигини уқтиради: «... Инсонлик тақозоси, подшоҳлар расм-русуми подшоҳлик лавозими, ман-сабдорлар одати бўйича шохдин тортиб сипоҳийгача гўзал ёшлар кунларида шариат ман қилган баъзи нарсаларга ва айрим ўйин-кулгиларга ружу қилинар-ди. Бир қанча вақтдан кейин пушаймонлик кунлари келиб, уларни битта-битта тарк қилинар ва чин тавба билан уларга қайтиш эшиги ёпилар эди».
Бобурнинг мазкур фармонини диққат билан мутолаа қилар эканмиз, унда «Бобурнома» муаллифининг юксак руҳий туғёнлари, ўзининг ички зиддият-лари билан узоқ муддат тинмай кураш олиб борганлигини кўрамиз. Ичкиликни тарк этиш Бобурнинг бош мақсади бўлса-да, у ҳам ўша жамиятнинг бир фарди, гуноҳкор банда сифатида ўз иродасини енга олмаганлиги, бу муқаддас мақсадни анча муддат пайсалга солиб келганлигини очиқ тан олади. «Ҳар иш вақтига боғлиқ» дея ўзини тергаб «парда остига бекиниб юзни кўрсатмас эди» деб шоҳлигига қарамасдан жамият аҳлини инсофга чақириш боис касри нафсига барҳам берганлигини кўрамиз: «... Гуноҳ ва саркашлик асбобининг илдизидан қўпориб ташлаб, тавба эшикларини тўлиқ жиддият билан қоқдик, тавфиқ йўлловчиси «Кимки астойдил эшик қоқса, киради» мазмунига мувофиқ иқбол эшигини очди ва бу урушни нафсга қаршилик кўрсатишдан иборат бўлган зўр уруш билан бошлашни буюрди».

Мазкур матндаги бир-икки ўринга диққатни тортамиз. Биз мумтоз адабиётимиз дурдоналарини мутолаа этар эканмиз, биринчи галда бу манбалар бугунги ёш авлодни, умуман инсоннинг тарбияси, ахлоқи, жамиятга бўлган муносабатига қанчалик фойдаси тегишини ўйлашимиз, энг муҳими мутолаадан кейин биз Бобур сингари ўзимиздаги қайси иллатдан мардларча халос бўлишга интилишимизни назарда тутишимиз керак. Бобур фармонда «тавба эшикларини тўлиқ жиддият билан қоқдик» демоқда. Демак, инсон ўзида мавжуд ножўя ҳаракатлардан, жумладан майпарастликдан ҳам ҳавас билан, мавсумий тарзда халос бўла олмайди, унга барҳам бериш учун жид-дийлик, ирода талаб этилади. Кейин, Бобур майни тарк этишни унга қарши уруш очганлиги билан изоҳламокда. Бу ҳам инсон табиатидаги ҳар қандай нопок ҳаракатни, ўзининг иззат нафсини синдириб, муттасил кураш ва қатъийлик билан амалга ошириш лозимлигини таъкидламоқда. Шубҳасиз, Бобурнинг бу ўгити бугунги ёшларимизни гиёҳвандлик, ароқ-хўрлик, диний экстримизм, ақидапарастлик кўчаларидан йиғиштириб олишга, мустақилликни неъмат билиб, уни мустаҳкамлаш сари асрлар оша бизга битилган бир чақириқ, сирли мактубдир.

Бобур мазкур фармонда май ва унинг салбий оқибатларини жиддий мисоллар билан баён этган. Бу фармон Бобурнинг ўзига ҳам шавқ берган, ғурурлантирган. Бобурнинг бу фармони бутун Шарқ давлатчилик тарихида биринчи воқеа эканлигини уқтирган («Эй раббим, нафсиларимизни ғул қилдик»ни ихлос тилига келтириб, «Сенинг олдингда тавба қил-дим ва мен мусулмонларнинг биринчисиман» деган гапни дил лавҳасида нақш қилдик»). Бу янгилик, ҳали ҳеч бир салтанат бошлиғининг хаёлига келмаган, иродаси етмаган бу жасоратни ўзи амалга оширганидан мамнунлик билдирган. Бобур тарафдорла-рининг бир оғиздан подшоҳларининг бу ҳукмига содиқ қолишлари яна бир карра саркарда Бобурнинг қўл остидагилар орасида нақадар юксак эҳтиромга эгалиги, фуқаро, беклар ўз подшоҳига нечоғли бўйсунганлигини билдиради. Бобур эса фармонда бу сатрларни жуда юксак ғурур, ифтихор ва самимият билан баён этган: «Зафар нишонли ходимлар мубо-рак ҳукм юзасидан кўплик ва зийнатда юксак юлдузи-дек бўлган, гўзал мажлисни безаб турган олтин ва кумушдан ясалган май идиш ва қадаҳлар ва бошқа асбобларни ерга уриб... пора-пора қилиб, ҳар бири-ни мискин ва бечорага бердилар».

Бобур фармонидан келиб чиқадиган ҳолатни ҳам яхши тасаввур этган. «Ичкиликдан қочинглар, шоядки нажот топсанглар» деган жумла Бобур фармонининг мазмуни, турмуш мушкулликларининг ечим топишига ичкиликни тарк этиш катта ёрдам беришини анг-латадики, такрор айтамиз, бу ундов ва таълимот бизнинг давримизда ҳам жуда муҳим ва аҳамиятлидир: «Бу орзу ва бу осойишталик тўла-тўкис охирига етгандан кейин, олам бўйсуниши лозим бўлган фармон ижро шарафига эришдики, тинч сақланган мамлакатда (Худо офат ва хавфлардан омон қилсин) мутлақо ҳеч бир киши ичкилик ичишга уринмасин, уни ҳосил қилишга тиришмасин, ичкилик ясамасин, сотмасин ва олмасин, ўзида сақ-ламасин, элтмасин ва келтирмасин: «Ичкиликдан қочинглар, шоядки, нажот топсанглар».
Мазкур фармондаги мана бу сатрлар якунловчи бўлиб, унинг мундарижасини ва Бобур мақсадини янада яққолроқ тасаввур этишимизга кўмак беради. Унда саховатманд Бобур, шариат қонуниятини халқ манфаатига йўналтирган Бобур, барча миллат, элат, халқларга ўз ватандошлари қатори муносабатда бўлган Бобурнинг мафкураси, қарашлари мавжуд: «Бу ғалабанинг (яъни Раана Сангаа устидан голиб келганлиги - Ҳ.Қ) шукронаси ва чин тавбанинг қабул даражасига эришмоги (бунда май ичишни ман этиш фармони назарда тутилмоқда - Ҳ.Қ.) нинг садақаси учун, подшоҳликнинг бахшиш дарёси жўш уриб, олами ободонлиги ва кишилик обрўи бўлган карам тўлқинларини пайдо қилди: бутун мамлакат бўйлаб, ўтган султонлардан қолиб кетган ва даромади ҳаддан ортиқ кўп бўлган ТАМҒАНИ, ўзи ҳам шариат қоидаларидан ташқари бўлгани учун мусулмонлар устидан олиб ташлаб, фармон содир бўлдики, «ҳеч шаҳар, қишлок, йўл, кўча, гузар ва бандарларда тамға олмасинлар ва ундирмасинлар, ҳам бу ҳукмнинг қоидаларига ўзгартиш киргизмасинлар:
«Кимки буни эшитгандан кейин ўзгартирса, гуноҳи ўзгартирувчиларга бўлади».
Мазкур фармоннинг ўзи ҳам бобурийлар салтанатида давлат ишларини юргизиш нақадар қонунларга бўйсунганини, ҳар бир чиқариладиган қонун, давлатчиликка оид турли даражадаги ҳужжатларнинг ижроси ва натижавий якуни назоратга олингани, унинг омма орасида татбик этилиши шартлиги каби тадбирлари туфайли ўта аҳамиятли бўлганлигини кўрсатади. Албатта, Бобур бошқарган салтанатнинг ғалабаси, муваффақияти ва эл олдидаги обрўси ҳам Амир Темур салтанатида асос солинган ва Бобур даврида муваффақият билан амалга татбиқ этилган фармонларга ҳам боғлиқ бўлган.

Бобурнинг бу фармони ўша заҳотиёқ халқ томонидан мамнуният билан қабул килинган. Фармонда келтирилишича, «подшоҳнинг меҳрибончилигига сиғинган турк, тожик, араб, ажам, ҳинди, форсий фуқаро ва сипоҳ - бутун миллатлар, ҳамма инсон тоифалари бу мангу бахшишга суяниб, умид тутиб, абадийликка бириккан давлатимиз дуосига машғул бўлсинлар ва бу ҳукмлар ижросидан чиқмасинлар ва бурилмасин-лар, фармонга мувофиқ иш олиб борсинлар».

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Заҳирид-дин Бобурнинг бу икки фармони бизнинг давримиз-да ҳам қимматини йўқотган эмас. Бу фармонларга 500 йилдан ортиқ вақт ўтди. Пекин бугун ҳам дунё халқлари меҳр, шафқат ва саховатга муҳтожлиги, солиқлар адолатли бўлиши лозимлиги, жамиятни ичкиликка муккасидан кетган кишилардан асраш, уларни инсофга чақириш давом этаётган экан, Бобурнинг «икки азиммуш-шаън» фармони шу иллатлар-дан халос этиш учун хизмат қилаверади.

Ҳасан Қудратуллаев

 
Даҳоми ёки замондан ўзиб кетган телба?
01.01.2014 14:23    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ню-Ёрк, Ист-Хюстон кўчаси, 48-уй. Бу манзилда ғалати, кўзлари аллақандай нур сочувчи одамови олим яшарди. Унинг граф Дракуланинг қариндоши ва қуёш нурига чиқа олмайдиган вампир эканлиги  ҳақида миш-мишлар юрар, унинг ер шарини бўлакларга бўлиб ташлашга қодир қурол яратгани ҳақида гапиришарди. Бу шахс Никола Тесла эди. Аслида, Тесланинг Дракулага ҳеч қандай алоқаси йўқ, Қуёшданқочиши эса рост эди, чунки у тез-тез электромагнит майдони таъсирига тушиб қолар, мияси ўта сезгир қобилиятга эга бўларди. Ёруғлик унинг кўзларини оғритар, шитирлаган товуш ҳам қулоғига худди момақалдироқдек эшитиларди. Қоронғида эса унинг кўзлари жуда яхши кўрарди.

Доимийлик яхши, ўзгарувчанлик зўр

Бўлажак ихтирочи 1856 йилнинг 9 июлида Сербиядаги Смилян шаҳарчасида туғилди. Ёшлигидаёқ Тесла ғайриоддий кўринишда эди: бўйи баланд, озғин, ёноқлари туртиб чиққан, кўзлари одамни тешиб юборгудек боқувчи чақноқ эди. У бошқалар кўра олмайдиган нурларни кўриш қобилиятига эга эди. Электр уни ёшлик давридан бошлаб қизиқтириб қўйди. Осмондаги чақмоқдан тортиб, мушукни силаганда пайдо бўладиган учқунларгача.
Руҳоний отаси унинг ҳам руҳоний бўлишини истарди. Аммо Никола аввал Австриянинг Гратс шаҳридаги техника мактабига, сўнгра Прага университетига ўқишга кирди. Иккинчи курсдалигида унинг хаёлини ўзгарувчан ток индуктсион генераторини яратиш фикри банд этди. Тесла профессор Яков Пешлга бу фикрини айтганида, профессор уни телбага чиқарди. Аммо бу хулоса ихтирочини янада руҳлантирди ва 1882 йилда у индуктсион генераторни ихтиро қилди. 1884 йилда Тесла Америкага йўл олди. У ихтирочи Томас Эдисонга парижлик танишидан мактуб олиб борди. Мактубда шундай сўзлар ёзилганди: «Мен дунёда икки буюк одамни танийман. Бири сиз, иккинчиси мана шу йигит».
Никола Ню-Ёркка саргузаштлар билан етиб келганди. Аввалига уни тунаб кетишди. Тесла Америкага оч, юксиз, чўнтагида тўрт тсент пул билан келди. Аммо бу ер улкан имкониятлар мамлакати эканлигини дарҳол англади: Бродвейда электромоторни тузатишга уринаётган кишиларга ёрдам бериб, 20 доллар ишлади. Эдисон ёш электротехникни ўз компаниясига ишга олди, бироқ икки ихтирочи орасида шу заҳоти ихтилоф юзага келди. Улар муаммонинг ечимига турлича ёндашардилар.
Eдисон ва Тесланинг ажралишларига уларнинг электрнинг келиб чиқишига оид қарашлари турли экани сабаб бўлди. Эдисон умум эътироф этилган «зарядланган зарраларнинг ҳаракати»га ишонса, Тесла бошқача фикрда эди. Унинг фикрича, бутун олам қандайдир кўринмас модда билан ўралган, бу модда ёруғлик тезлигидан бир неча баробар тез бўлган силкинишни вужудга келтирарди. «Коинотнинг ҳар бир миллиметри чексиз, туганмас энергияга тўла» деб фикр юритарди Тесла. Томас Эдисон Теслани танқид қилавергач, ихтирочи унга гаров боғлашни таклиф этди. Эдисон бу таклифга рози бўлди. Гаровга кўра, Тесла ўз услуби ёрдамида Эдисоннинг заводларидан бирини электрлаштириши керак эди. Эдисон агар ютқазса, 50 минг доллар беришини айтди. Унинг фикрича, Тесланинг режаси амалга ошириб бўлмайдиган иш эди. Тесла йигирма тўрт хил ускуна тайёрлади ва қисқа вақт ичида режасини амалга оширди. Унинг услуби бўйича электрлаштириш иқтисодий тежамкорлик жиҳатиданғоятда юқори эди. Эдисон буни кўриб, ҳуши бошидан учди, аммо пулни беришдан бош тортди. Шундан сўнг улар бутунлай юзкўрмас бўлиб кетишди.
Eдисон билан хайрлашгандан сўнг Теслани «Вестингауз Электрик» компаниясининг хўжайини, гидравлик паровоз тормози ихтирочиси Жорж Вестингауз ўзига ёллади. Бу миллионер Теслани 1888 йилги Америка муҳандис‑електриклар институтидаги маърузада кўрганди. У Тесланинг 40та патентининг ҳар бирини 25 минг доллардан сотиб олди ва ўзини эсамаслаҳатчи сифатида ишга олди. Тесла компанияда ишлаш жараёнидакўп фазали электр машина, асинхрон электродвигател ва кўп фазали ўзгарувчан ток орқали электроенергия узатиш тизимига патент олди.
1893 йилда Чикагода ташкил этилган Бутунжаҳон кўргазмасида ташриф буюрувчилар озғингина олимнинг икки миллион вольт кучланишга эга токни қандай қилиб ўзи орқали ўтказаётганини даҳшат билан кузатишганди. Назарий жиҳатдан олиб қараганда, олимнинг кули ҳам қолмаслиги керак эди. Аммо у жилмайиб турар, қўлларида эса электролампалар ёниб турарди.

Телба ихтирочи

1895 йили Вестингауз дунёда энг улкан Ниагара ГЭСини ишга туширди. Бу ерда ҳам Тесланинг қудратли генераторлари ишлаб турарди. Ўшанда ихтирочи масофадан бошқариладиган механизмлар устида иш олиб бораётганди. У Медисон-Сквер-Гардендамасофадан туриб қайиқчаларни бошқарди. Одамлар буни афсунгарликка йўйишди. Тесланинг тажрибахонасида бўлганлар унинг ҳавода энергиядан пайдо бўлган шарсимон нурни қандай қилиб қўлида ўйнатгани ва чамадонига солиб қўйганини даҳшат билан хотирлашарди. 1898 йилда Тесла тажрибахона жойлашган бинонинг томига кичкина ускуна ўрнатди. Бир оздан сўнг бутун бино силкина бошлади. Одамлар қўрққанидан кўчага отилиб чиқишди. Тесланинг уйига тез орада политсия ва журналистлар етиб келишди. Аммо у ускунасини ўчирган ва йўқ қилишга улгурган эди. Кейинроқ у журналистларга «Бруклин кўпригини бир соатда бузиб ташлашим мумкин эди», деган эди. У ҳаттоки мос келадиган вибратор бўлса, ер шарини ҳам бўлакларга бўлиб юбориш мумкинлигини айтган.
Колорадо Спрингсда Тесланинг тажриба ўтказиши учун учига улкан мис шар ўрнатилган минора барпо этилди. Бу ерда олим узунлиги 4 метрга етадиган чақмоқпайдо қилди. Атрофга учқунлар сачради. Отларни ҳам тақалари орқали ток урди. Одамларни қўрқувга солган бу тажриба ҳам бежизга ўтказилмаган эди. Минорадан 30 километр узоқликда шу пайтда бир вақтнинг ўзида 200та электр лампочкаси ёниб турарди. Электр токи симсиз, ер орқали узатилганди.
Охир-оқибат, Колорадо Спрингсдаги тажрибалар маҳаллий электростантсиядаги генераторни ишдан чиқарди. Ню-Ёркка қайтишга тўғри келди. 1900 йили Тесла банкир Жон Пирпонт Морганнинг топшириғига биноан Бутунжаҳон симсиз электростантсиясини қуришга киришди.
Лонг-Айленд оролида тепасига улкан мис «ликоп» - узатгич ўрнатилган 57 метрли минора қурилди. Миноранинг асоси 36 метр чуқурликда эди. 1905 йилда илк синов амалга оширилди. «Тесла минглаб километр узоқликдаги осмонни ёритди» деб ёзганди газеталар. Симсиз энергия узатувчи иккинчи минорани Тесла Ниагара шаршарасига қурмоқчи эди. Аммо бу лойиҳа жуда катта маблағ талаб қиларди. Шу тарзда лойиҳа амалга ошмай қолди.
Тесла 1893 йилда – Маркониданбир неча йил олдинроқ биринчи тўлқин узатувчи радиоқурилмани ихтиро қилган бўлса-да, у Морганга алоқа эмас, энергияни симсиз узатишга кўпроқ қизиқишини айтганди.
Аммо Морган бунинг даромад келтирмаслигини ўйлаб, унга рўйхушбермади. Биринчи жаҳон уруши бошлангач эса, Америка ҳукумати миноранинг душманлар томонидан фойдаланилиши мумкинлигидан хавотирланиб, уни портлатиб юборишга қарор қилди. Шу тарзда Тесланинг дунёни симсиз боғлаш ҳақидаги орзуси саробга айланди.
Шундан сўнг Тесла патентларининг бир қисмини 15 миллион долларга сотди. Пулига эса Ню-Ёркда ўз тажрибахонасини қурди. У яна ихтиролар устида ишлади, патент кетидан патент олди.
Унинг тажрибалари афсонага айланган. Ҳаттоки, 1908 йилги Тунгус метеорити ҳодисасини ҳам у билан боғлашади. Айнан ўша ҳодиса юз берган пайтда Тесла улкан миқдордаги энергияни ҳаво орқали узатиш бўйича тажриба ўтказаётган бўлган. Тунгус портлашидан бир неча ой илгари у машҳур сайёҳ Роберт Пирининг Шимолий қутбдаги экспедитсияси йўлини масофадан туриб ёритиб беришини эълон қилганди. АҚШ Конгресси кутубхонасида унинг Сибирдаги кимсасиз жойларнинг харитасини сўраганлигини тасдиқловчи мактуби сақланиши Тунгус метеоритига унинг алоқаси борлиги ҳақидаги тахминларни пайдо қилган.
1926 йилда у Валдопф-Астопия ва Ҳю-Ёпкдаги тажрибахонасига радиомачта ўрнатди. Олим радиомачта орқалиномаълум сигналларни қабул қиларди. Бу сигналларнинг ўзга сайёрадан келганини тахмин қилишади.
1931 йилда Никола Тесла оммага сирли автомобилни намойиш этди. У қимматбаҳо лимузиннинг двигателини олиб ташлади ва электромотор ўрнатди. Сўнг капот ичига кичкинагина қутича ўрнатди ва моторга улади. «Энди энергия бор» деган Тесла автомобилга ўтирди ва юргизди. Автомобилнинг тезлиги соатига 150 километрга етди. Машинани бир ҳафта синашди. Қутичадаги ток манбаи эса тугай демасди. «Ток қаердан келяпти» деган саволга у «Борлиқдан» деб жавоб берарди. Йиғилганлар унинг афсунгар эканликларини айтишгач, Тесла жаҳл билан қутичани чиқариб олди ва тажрибахонасига олиб кетди. Бу қутининг қандай ясалгани ва нима ҳисобига ишлагани ҳозиргача сирлигича қолмоқда.
Тесла ўлимидан бир оз олдин 400 километр масофадан туриб 10 мингта самолётни йўқ қилишга қодир «ажал нури»ни ихтиро қилганлигини эълон қилди. Американинг ДАРПА агентлиги 1958 йилда унинг лойиҳаси асосида «ажал нури»ни яратиш устида иш бошлаган. Аммо 1982 йилда тажрибаларнинг муваффақиятсизлиги ва йирик маблағ сарфланганлиги сабабли лойиҳа тўхтатилган.

Тесла очган эшиклар

Иккинчи жаҳон уруши бошланишидан аввал у АҚШ ҳарбий-денгиз вазирлигининг махфий лойиҳалари устида иш бошлади. Бу лойиҳалар душманни йўқ қилиш учун масофадан туриб энергиядан фойдаланиш, вақтни бошқариш каби лойиҳалар эди. «Филадельфия тажрибаси» деб ном олган машҳур воқеа унинг иштирокида бошланган.
Никола Тесла бу тажрибада инсонлар қурбон бўлиши мумкинлигини олдиндан билган ва ускунани қайтадан тайёрлаш кераклигини талаб қилганди. Аммо уруш шароитида бунга вақт ҳам, маблағ ҳам етмасди. Тесланинг ўлимидан ўн ой ўтгандан сўнг Америка ҳарбий флоти кемаларни радарга кўринмайдиган қилиш борасида тажриба ўтказди. Бунинг учун «Элдриж» эсминецига Никола Тесланинг генератори ёрдамида радарга таъсир ўтказадиган «электромагнит пуфак» ўрнатишди.  Тажриба пайтида мутлақо кутилмаган ҳодиса юз берди. Кема нафақат радарга, балки инсон кўзига ҳам кўринмайдиган бўлиб қолди. Бунинг устига, кема турган жойидан юзлаб километр узоқликда пайдо бўлиб, сўнг яна Филадельфиядаги базага қайтди. Кема Филадельфиядан Норфолкка «бориб-келгунча» унинг ичидаги одамлар бутунлай телбага айланишди. Уларнидаволашга узоқ вақт уринишди, аммо фойдаси бўлмади. Шундан сўнг бу лойиҳа бекор қилинди.
Тесла 1943 йилнинг 7 январида қашшоқликда вафот этди. Унинг бор маблағи турли лойиҳаларни амалга ошириш учун сарфланган эди. Тесланинг ўлими ҳақида хабар тарқалиши биланоқ, ФҚБ махсус бўлими у вафот этган меҳмонхона хонасини тинтув қилди. Никола Теслага тегишли бўлган барча ёзув ва чизмалар олиб кетилди.
Унинг жасади куйдирилди ва кули солинган қути Ню-Ёркдаги Фернклифф қабристонига қўйилди.
Никола Тесланинг аксарият қўлёзмалари ҳалигача топилмаган. Айримлар бу қўлёзмаларни унинг ўзи ёндириб юборган деб тахмин қилишади. Чунки замонасидан ўтиб кетган олимнинг ихтироларига инсоният ҳали тайёр эмасди...

Дилшодбек Асқаров тайёрлади

 


57 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин