Саналар
23.12.2024
Баннер
АҚШ доллари тарихи
30.01.2014 20:24    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Доллар сўзи ўрта асрларда дастлаб 1519 йилда Германияда пайдо бўлган танга номи “Таллер”дан келиб чиққан. 1873 йилда таллер Германияда бутунлай муомаладан чиқиб кетди. Унинг ўрнига марка кириб келди. Бироқ унинг номи халқ орасида қолиб кетди. Шу пайтларларда Англия ва Испания колонияларида песо номи билан машҳур бўлган испан тангалари муомалада бўлган. Бу тангаларни кўп жойларда адашган ҳолда “dalar” деб аташар эди. Бизга машҳур бўлган доллар номи ҳам унинг дунёга машҳур белгиси доллар ҳам ўша пайтда пайдо бўлган. Узун инглизча ибора “piese of Eight”, яъни 1/8 (нимчорак) коғозда ўчирилган 8 га айланиб, охир-оқибат бизга таниш бўлган доллар белгиси пайдо бўлган.
1879 йилда АҚШ ҳукумати давлатнинг расмий валютасини муомалага киритиш чоғида унга ҳеч иккиланмай ҳаммага маълум ва машҳур бўлган доллар номини танлашди. Ўша пайтда машҳур шахслардан бири “Янги Америка ўзининг янги пулига жуда эски ном танлади” - деган эди. 1792 йилда муомалада бўлган АҚШ пулининг таркибидаги соф олтин микдори 1,6033 гр ёки 24,057 гр соф кумушдан таркиб топган эди. 80 йиллардан сўнг, яъни 1876 йилда мазкур олтин тангалар давлатнинг расмий пул бирлиги сифатида тан олингандан сўнг унинг таркибидаги соф олтин микдори 1,50463 гр килиб белгиланди. Бу миқдор АҚШда яна 30 йил, 1929-33 йиллардаги жаҳон иқтисодий таназзулигача амалда бўлди. Шу алфозда қабул килинган “олтин захираси” ҳақидаги ҳужжатга биноан, тилло микдори 0,88867 гр.га, яъни 41 %га туширилди.
Шу пайтда Троя унциясининг нархи 35 доллар эди. II-жаҳон урушидан кейин АҚШ дунёдаги ҳукмронлигини мустаҳкамланиши билан долларнинг дунёдаги ўрни хам аста-секин билиниб борди. Маршал шартномасига асосан, вайрона ҳолга келган Европага АҚШ инвестицияси билан биргаликда долларнинг йирик оқими ҳам кириб кела бошлади. Уруш туфайли ачинарли аҳволга тушиб қолган Европада долларнинг кенг истеъмолга кириши қийин кечмади. Шу пайтда Европанинг марказий банкларида долларни исталган Европа давлати пул бирлигига ёки келишилган миқдордаги олтинга алмаштириб олиш мумкин эди. Бироқ ХХ асрнинг 60-йиллари ўрталарига келиб, долларнинг қадри тушиб кета бошлади. Инфляциянинг ўсиши ва АҚШ савдо балансидаги танқислик навбатдаги доллар девальвациясини келтириб чиқарди. 1971 йилнинг охирида олтиннинг бир унцияси 38 долларга чиқди. Долларнинг таркибидаги олтин микдори эса умуман тўхтатилди. 1973 йиллар яна 10 %га девальвация қилинди. 1974 йилнинг февралига келиб, олтиннинг бир унцияси дунёнинг йирик биржаларида 150 долларга кўтарилди. Ҳозирги кунда бу кўрсаткич 260 долларни ташкил этади. 100 йил мобайнида доллар 10 баробар арзонлашди. Аммо олтин стандартидан воз кечилган пайтда доллар ер юзининг кўпчилик аҳолисини ишончини қозонган эди. Кўплаб давлатларнинг норасмий пулларига айланиб қолди. Охирги йилларда эса Жанубий Америка давлатларининг кўпчилигида доллар асосий пул ўрнида қўлланилмоқда.
АҚШдан бошқа яна 26 давлат пул бирлиги доллар номи билан юритилади. Замонавий “долларчи” давлатларнинг катта қисмини Британия империясидан мустақил бўлгандан сўнг қабул қилишган. 1857 йилда Канада Британия колониясидан доминьонига айланган вақтдан бошлаб, бу давлатнинг расмий пул бирлигига айланди. Шунинг учун ҳам ҳозирги пайтда замонавий Канада банкнотларида ҳам Британия қироличаси Елизавета II ни портрети акс этган. Охирги муомалага киритилган долларлардан бири - бу Сингапур долларидир. 1967 йилда кенг муомалага киритилган ушбу банкнотлар қушлар, кемалар, гуллар ва бошқа нарсалар билан безатилган. Бу пул дунё пуллари ичида ҳам энг чиройли бўлишига даъвогарлик қилади. Лекин замонавий АҚШ долларлари эса ҳамон ХХ аср бошидаги тасвирини узгартирганича йўқ. Олд қисми кулранг, орқаси яшил. Барча банкнотлар бир хил ўлчамда (157х67 мм). ХХ аср охирига келиб, пул қалбакилаштириш авжига чиққан пайтда долларнинг содда кўриниши давр талабига жавоб беролмай қолди. Яқин-яқингача пулни қалбакилаштириш жуда осон эди. 1996 йилда чиққан долларнинг янги нусхаси фирибгарлар учун жиддий синов бўлди.

 
Туркистоннинг уч хонликка бўлиниши
10.07.2010 23:51    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ватанимиз тарихи ўзбек давлатчилиги тараққиёти бир текисда ўтмаганлиги, унинг ривожида зафарли ва инқирозли даврлар бўлганидан гувохлик беради. Сохибқирон Амир Темур асос солган салтанат энг йирик ва қудратли давлат бўлганлиги жаҳонга маълум. У ўз ворисларига нафақат қудратли давлатни, шунингдек, салтанат қуриш ва давлатни бошқариш қонун-қоидалари баён этилган машхур тузукларни қолдирган эди. «... Фарзандларим ва авлодимдан бўлганларнинг ҳар бири,- деб ёзган эди у ўзининг тузукларида,- унга мувофиқ иш юритсин... Бу тузуклардан ўз салтанат ишларини бошқаришда қўлланма сифатида фойдалангайлар, токи мендан уларга етадиган давлат ва салтанат зарару таназзулдан омон бўлғай». Аммо унинг дастури ва васиятларига амал қилинмади. Тахт, ҳокимият илинжида авж олган ўзаро ва ички кураш, жангу жадаллар давлатни заифлаштириб, мамлакатни инқирозга ва парокандаликка олиб келди.

 

Батафсил ... Янгиланди ( 22.11.2010 06:10 )
 
Бухоро амирлигининг олтин хазинаси
26.01.2014 02:35    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Бухоронинг сўнгги амири Амир Олимхон такдир тақозосига кўра, 1920 йил 1 сентябр, душанба куни Бухоро шаҳрини тарк этишга мажбур бўлди. Чунки, шу куни ленинчи болшевикларнинг Михаил Фрунзе қўмондонлигидаги қўшини Бухорога бостириб кириб, Муҳаммад Али Божувонийнинг таърифлашича, "қиёмати асғар"ни (кичик қиёмат) юзага келтирди. 11 та аэроплан шаҳарни осмондан бомбардимон қилиши, пиёда босқинчи қўшинлар ҳамма ёққа ваҳшиёна ўт қўйиши, пулемётлардан узлуксиз ўқ ёғдириши натижасида 34 та гузар, 6 мингга яқин дўкон ва ҳовли, 20 га яқин сарой, 29 та масжид ёниб кул бўлди. Минглаб бегуноҳ одамлар қирилди. Мана шундай харобаларни юзага келтириш билан бир пайтда, Фрунзе амирликда чоракам икки аср тўпланган олтин хазинасини ҳеч қандай қаршиликсиз вагонларга ортиб, ташиб кетади.
Россия публицисти Игорь Буничнинг "Золота партии" китобида ёзилишича, болшевиклар ҳокимиятни Германия қўшини ёрдамида босиб олиб, Россия хазинасини талаб-топтаб, ҳатто хориж банкларига ўтказганидан сўнг Бухоронинг олтин хазинаси илинжида бу ерга бостириб келади. Шу машъум воқеа содир бўлиши биланоқ, чоракам икки асрлик тарихда катта салоҳиятга эга бўлган Бухоро амирлиги ва унинг ўзи билан тенгдош беҳисоб олтин хазинаси абадул-абад барҳам топди. Мана шундан буён Амир Олимхон ва амирликнинг олтин хазинаси ҳақида турли афсона ва уйдирмалар пайдо бўлган. Бухоро амирлигининг олтин хазинаси амирлик юзага келган пайтдан бошлаб жамғарилган ва роппа-роса икки аср давомида узлуксиз тўлдирилиб келинган. Хазинага бу давр ичида Бухоро амирлиги тахтида ўтирган ҳар бир амир озми-кўпми ўз ҳиссасини қўшган. Бухоро амирлиги ва унинг сўнгги ҳукмдори тарих саҳнасидан кетиши билан олтин заҳираси ҳам талофотга учраб, большевиклар томонидан таланган. Бухорода манғитлар ҳукмронлиги шоҳ Раҳимхон ибн Ҳакимбий ибн Худоёрхондан бошланади. У 1746 йили аштархонийларнинг сўнгги вакили Абулфайзхонни, кейинчалик унинг икки ўғли - Абдулмўмин ва Абдуллони ўлдириб Бухорода тўла ҳукмронликни қўлга киритади.
Маълумки, бундан анча олдин - Амир Темур салтанати парчалангандан сўнг Бухоро Мовароуннаҳрда марказий шаҳарга айланган эди. XVI аср охирларига келиб, у марказлашган йирик давлатга айланган. Бу давлат Шарқда Қашқар, Ғарбда Орол ва Каспий денгизи соҳиллари, Шимолдан Туркистон ва Сайрам, Жанубдан Хуросоннинг шарқий қисмини ўз ичига олган. Биз фикр юритаётган хазинанинг тарихи шоҳ Раҳимхон ҳукмронлиги даври билан ҳам боғлиқ. Чунки, манғитлар сулоласи аштархонийларнинг жуда катта давлат хазинасини қўлга киритиш билан ривож топганлиги сир эмас. Ана шу вақтдан эътиборан Бухоро давлатининг олтин хазинаси узлуксиз тўлдирилиб, махфий сақланиб келинган. Хазинага асосан бош хазинабон масъул бўлган. Унинг қарамоғида қирқдан ортиқ киши хизматда бўлган. Мамлакат кирим ва чиқимини дафтарга қайд этиш ҳам хазинабонга юклатилган. Амир Саййид Олимхон даврида "Жаллодбек" лақабли Имомқул исмли киши бош хазинабон бўлган.
Амир Олимхон хазинани одам тополмайдиган жойга яширгани, шунингдек, у хазина яширилган жойни биладиган энг содиқ одамлари ҳамда юзлаб қўриқчи ҳарбий йигитларини ўлдириб, фақат ўзигина ўша жойдан воқиф бўлиб қолган, деган миш-миш гаплар тўқилган уйдирмалар жумласидандир. Кейинги пайтларда, маълум бўлган воқеликлар ва топилган ҳужжатларга таяниб, шуни қатъий айтиш мумкинки, Амир хазинани яшира олмаган ва унинг билан боғлиқ ҳолда ҳеч кимни ўлдирмаган.

Энди ўз-ўзидан табиий бир ҳолда, хазина қандай сақлангани унинг миқдори қанча бўлгани ҳақида саволлар туғилади. Бунга ҳозирча биз ҳам бошқалар қатори аниқ сонлар билан жавоб беришга ожизмиз. Лекин биз кейинги пайтда шу масала билан қизиқиб, кўпгина манбалар билан танишиб чиқишга муяссар бўлдик.
Хазина тарихи Бухорода манғитлар ҳокимиятни қўлга киритгандан бошланади. Унинг микдори ҳам ҳеч қачон аниқ бўлмаган. У доимо узлуксиз равишда йилма-йил тўлдирилиб борилган ва ўта махфийликда ер остида сақланган. Хазинабонлар эса умр бўйи хизмат қилган ёки хазина сирини ошкора бўлишига шубҳа туғдирганлари дарҳол ўлдирилган. Шуни ҳам айтиш жоизки, хазина микдори шу давргача кўпчилик диққатини тортиб келган. Маҳмудхўжа Беҳбудий "Ойна" журналининг 1914 йил, 25 сонида хазина ҳақида қуйидаги тахминини ёзади: "... Ҳозир Бухоро амири тасарруфи остида бўлган хазина шу даражада мўлки, ҳеч бир мамлакат хазинасида бул даражада эҳтиёт сақланган олтин ва кумуш пул, тилло ёмбилар бўлмаса керак. Бухоро амири саночларида сақланаётган олтин ва кумуш пуллар бўйи 50 олчин, эни 20 олчин ва баландлиги 8 олчин бўлган бир тоғдан иборатдур." Бир олчин 70 сантиметр эканини эътиборга олган ҳолда, бу "тоғ"нинг ҳозирги ўлчовдаги тушунча ва тасаввурда кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, у 2 744 куб метрни ташкил этади. Бу албатта, шунчаки тахмин ва ўхшатиш, холос. Хуллас, Бухоро амирлигининг олтин заҳираси беқиёс даражада кўп бўлган. Бироқ ундан ҳеч вақт на мамлакат ва на халқ манфаати йўлида фойдаланилмаган. Буни Амир Олимхоннинг бобоси Амир Музаффар билан унинг аёнлари орасида Россия босқини арафасида мамлакат, халқ ва дин учун жуда оғир бир пайтда бўлиб ўтган тарихий мулоқот ҳам тасдиқлайди. Сарой амалдорлари унга хазина олтинлари ҳисобидан чет элдан лашкар ёллаш ва ҳарбий техника сотиб олиши учун катта миқдорда пул чиқаришни таклиф этганлар. Бунга жавобан Амир ўз аждодларидан мерос бўлиб келаётган сарой "сири" ва "анъаналари"ни, гарчи бундан салтанат зарар кўрса-да, бузишга ҳаққа йўқлигини, падари бузруквори хазинаси ҳеч қачон очилмаганини айтади. Амир Олимхон ҳам ҳеч қаерда ёзилмаган бу қонун ва анъаналарига то Фрунзе бошчилигидаги қизил аскарлар Бухорога бостириб келгунига қадар содиқ қолган. Фрунзе 1917 йилда хазинадаги бойлик микдорини аниқлаш учун махфий буйруқ беради. Ушбу вазифани бош вазир Мирзо Насрулло Бий Қушбеги ўта махфий равишда адо этади. Абдурауф Фитратнинг ёзишича, шу воқеадан сўнг вазир 1918 йилнинг мартида ҳибсга олинади ва Амир ҳукмига кўра қатл қилинади. Аммо Амир Саййид Олимхоннинг куёви, кейинчалик Туркияга кўчиб кетган Асатулло Гуванар Урганжийнинг амакиваччаси Сафарбек Урганжийнинг айтишича, Насрулло Қушбегининг ўлими хазина рўйхати ва сири билан боғлиқ эмас. Амир Бухорони 1920 йил сентябрда ташлаб кетганидан кейин Қушбеги большевиклар томонидан ўлдирилади. Ҳарбий қўмондонлик эса очикдан-очиқ талаш ва ўзаро "фахрий" қуролларни бўлиб олиш билан бирга амир хазинасини махсус ташкил этилган эшелонларда Тошкентга жўната бошлайди. 5 сентябрда жанговар раҳбарлар Бухоро Инқилобий қўмитаси аъзолари билан ўтказган мажлис қуйидагича қарор қабул қилади: "Бухоро республикасининг бойликлари ҳарбий ҳаракатлар пайтида ўғирланиш хавфи кучли бўлганлиги сабабли уни қўриқлашга ҳеч қандай имконият йўқлигига иқрор бўлинган ҳолда, Бухоро Инқилобий қўмитаси шаҳарда хотиржамлик бўлиши учун бу бойликларни Самарқанд ёки Тошкентдаги Халқ банкининг бирорта бўлимида сақлашни ўз зиммасига олишини РСФСРдан илтимос қилади". Бундан кўриниб турибдики, Амирдан қолган хазинанинг катта бир қисми "Ўғирланишидан асраш" ва амир Саййид Олимхон "қайтиб келиши" хавфи баҳонаси остида хуфёна олиб кетилган. Бухоро совет ҳукумати топиб олган хазина миқдорининг ўзи ҳам юқорида маълум бўлганидек анча салмоқли эди. Қушбеги томонидан рўйхатга олинган бойликлар қуйидагилардан иборат бўлган:

Бойлик Микдори Пул қиймати
Бухоро тилласи 1145 380 тўп 5 741900 сўм
Рус тилласи 635100 сўм 4 376100 сўм
Ёмби ҳолидаги Гамбург тилласи 1108 пуд (17 тонна 728 кг) 1 706 400 сўм
Ёмби ҳолидаги Гамбург кумуши 2 844 пуд (45 тонна 404 кг) 746400сўм
Майда рус кумуш тангалари 1385 пуд (22 тонна 160 кг) 346 200сўм
Бухоро тангаси 62 834 780 тўп 9425 219сўм
Тилла кукуни 16 пуд (1тонна 56 кг) 266 592 сўм
Рус банки кумуши 864 пуд (13 тонна 724 кг)
Турк тилла лираси 90 420 сўм
150 каратлик бриллиантлар 1 730 600 сўм
Бриллиаит узук ва такинчоклар 230 400 сўм
Кизил ёкутлар 209176 сўм
Марваридлар 9 550 000 сўм
Тилла парчалари 150 000 сўм
Кумўш парчалари 50 000 сўм
Бухоро мис тангаси 731 пуд (5 тонна 696 кг) 4 386 сўм
Жами 73 252 380 сўм

Жами 34 номдаги қимматбаҳо буюмлар рўйхатга олинган.
Шахсан Амир ва оиласига тегишли бойликлар - йирик бриллиантлар - 3 482 карат (522 000 сўм). Шунингдек, буюмларга тикилган бриллиантлар - 966 карат (1 730 950 сўм), буюмларга тикилган бошқа қимматбаҳо тошлар - 8 617 карат (1 034 140 сўм) каби рақамлар мулк сифатида қайд қилинган.
Бу рўйхатга Амирнинг Регистон ва эски Бухородаги энг асосий бойликлари кирган, холос. Мирзо Насрулло Бий Қушбеги рўйхатига музейбоп ва бадиий қимматга эга бўлган нодир буюмлар, айниқса, Лион ипаклари бўлими, Амир оиласига совға қилинган ва Карманада сақланадиган зеб-зийнатлар ҳамда тиллаларнинг аксарият қисми кирмаган.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Амир яқинларининг бойлиги ҳам хазинага тегишли деб қаралган...

...Юқорида келтирилганлар хазинанинг ҳаммаси эмас, албатта. Бизга маълум бўлган бошқа маълумотлар амирлик хазинаси бундан анча кўп бўлганидан далолат беради.
1921 йилнинг ёзида уларни янада "ишончли жой" -Москвага олиб кетиш масаласи анча қизғин муҳокама қилинади. Бироқ, ўшанда РСФСР ташқи ишлар вазири Г.В.Чичерин бунга қарши чиқиб, 4 июлда РКП(б) Марказий қўмитаси котиби В.М.Молотовга хат ёзиб шундай дейди: "Мен [РСФСР Молия халқ комиссариати коллегияси аъзоси] ўртоқ Альскийдан билишимча, бизлар Тошкентда сақланаётган Бухоро олтинларига эгалик қилишимиз ҳақида масала кўтарилибди. Бу жуда хавфли ва зарарли қадам. Бухоро инқилоби пайтида бизнинг ҳарбий қисмларимиз афсуски, баъзи бир нарсаларни талон-тарож қилиб келдилар. Ўша пайтда Бухоронинг каттагина бойлиги Тошкентга олиб кетилди. Бу тўғридаги ахборот бутун Шарққа ёйилиб, бизнинг обрўйимизга жуда катта зиён етказди. Бундан инглизлар бизни "Шарқни қул қилувчилар ва босиб олувчилар" деб кўрсатишда фойдаланмоқдалар. Масалан, бу Ҳиндистонда катта шов-шув уйғотди. Шуни ҳисобга олиб, биз ҳозир олиб кетилган бойликларни Бухорога қачонки, у ерда осойишталик пайдо бўлгач қайтариш учун шунчаки сақламоқдамиз, деб кўрсатишимиз мумкин. Агар биз бу олтинларни ўзимизники қилиб олсак, унда аҳвол тузатиб бўлмас даражада ёмонлашади. Унда биз нафақат Бухоронинг, балки ҳамма миллий кайфиятдаги оммани, балки бутун Шарқни ўзимизга қарама-қарши қилиб қўямиз. Биз ўша мақсадимизга анча қийинроқ йўл, яъни бухороликлар билан келишиш орқалигина эришишга ҳаракат қилишимиз керак. Бизлар у ердан ҳаддан ташқари кўп хом-ашё олиб кетдик, аммо уларга тенг қийматлик ҳеч нарсани бермадик. Бухороликлар ўзларини бизлар томонимиздан хафа ва талон-тарож қилинган деб биладилар. Бу таассуротни янада кучайтиришимизга ҳожат йўқдир". Амирлик қадимдан олтин конига эга бўлган. Бундан ташқари, Бухоро амирлари ташқи савдони ривожлантириб, Ҳиндистон ва Европа билан иш олиб борганлар. Бошқа мамлакатларга кўп миқдорда қоракўл тери, гилам ва бошқа қимматбаҳо молларни чиқарганлар. Амир олимхон эса савдодан тушган пулларни хориж банкларида сақлаган. Унинг ҳозирга қадар Пешавор (Покистон), Бомбей (Ҳиндистон), Париж (Франция) ва Лондон (Англия) шаҳарларида катта миқцорда пул маблағи сақланиб қолганлиги ҳақида ҳам маълумотлар бор...
*Бир тўпда қанча тилло борлиги ҳужжатларда маълум эмас. 100, 1000 ва ундан ҳам кўп олтин тангалар бўлиши тахмин қилинган.
Фойдаланилган манбалар:
1 .Абдурашидхонов М. Хотираларимдан (Жадидчилик тарихидан лавҳалар). Нашрга тайёрлаган С. Холбоев. Т: «Шарқ», 2001, Б. 127
2.Амир Саййид Олимхон. Бухоро халқининг хасратли тарихи. - Т.: «Фан», 1991, Б. 32
З.Березиков Е. Легендм и тайнм Узбекистана. - Т.: Из-во литератури и искусства им. Г. Гуляма, 1991, С. 271
4.Березиков Е. Красная Бухара. Роман. Кн.первая. Черний перевал. Книга вторая. Последний эмир. - Т: Из-во культуры и искусства им. Г.
Гуляма, 1988, С. 528
б.Генис В. «С Бухарой надо кончать...» К истории бутафорских революций. Документальная хроника. - Москва. МНПИ, 2001, Б. 92

Сотимжон ХОЛБОЕВ,
тарих фанлари номзоди, ЎзМУ доценти

 
Жаҳон савдо марказини Бин Лодин портлатганми?
29.01.2014 15:38    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Асримизнинг дастлабки йиллари АҚШда содир этилган фожиалар хакида муфассал гапириб ўтирмасак ҳам, бу ҳақда дунёнинг барча ахолиси жуда ишончпи маълумотларга эга. Шундай экан, келинг, биз бугунги кун кишиларининг бўлиб ўтган мазкур даҳшатли ва халокатли воқеаларга нисбатан билдираётган холисона фикрлари хусусида тўхталиб ўтайлик. Сўзимиз аввалида айтиб ўтмоқчимизки, АҚШда 2001 йил 11 сентябр куни уюштирилган портлатишларда ҳалок бўлганларнинг 2007 йилги хотирлаш санасини бутун олам аҳли ишончсизлик, шубҳа ва гумонлар остида қаршилади. Ушбу хотира маросими муносабати билан намойиш этилган Усома бин Лодин видео тасвирлари, чиқишлари унинг олдин ҳам кўрсатиб ўтилган умумий эпизодларидан мутлақо фарқ қилмади. Бин Лодин жаноблари бу сафар ҳам экранда олти йил олдин амалга оширилган терактларга гўё ўзлари бош-қош бўлган киши сифатида «талқин этилди».

Бу манзаралар эса Америка ташқи сиёсатини яна бир карра оқпаш мақсадида қилингани шундоққина сезилиб турарди. Нью-Йорк шаҳрининг «Жаҳон савдо маркази» биноларида-ги портлатишларда ҳалок бўлганларни ёд этиш кунида йиғилганлар «Йирик аксилтеррорчилик компания»си ташкилотининг фаолиятини кўнгилдагидек деб баҳолашлари учун ҳам шундай йўл тутилгани яққол намоён бўлиб қолди. Барибир, халқаро ҳамжамият 11 сентябр воқеаларига оид билдирилган расмий маълумотларга тобора кўпроқ ишончсизлик билан қарамокда. Бунинг натижасида, мазкур ҳолат уларда аччиқ руҳий манзара касб этувчи саволлар тўқилишига сабаб бўлаётир. Масалан: «Бин Лодин аслида ҳам борми? Бин Лодин исм-шарифли инсон, балки бу дунёда умуман йўқдир?» сингари ғалати-ғалати сўроқлар пайдо бўлаётганини ана шулар жумласига киритиш мумкин.

Кўпроқ бошқарув доиралари руҳи ва кайфиятини ифодаловчи давлат тасарруфидаги оммавий ахборот воситалари (ОАВ) етти йил олдин бўлиб ўтган ушбу воқеаларнинг шов-шувга асос соладиган жиҳатларини кенгроқ ёритмоқда. Яқинда расмий «Постскриптум» таҳлилий кўрсатувлар дастури бин Лоден томонидан қилинаётган мурожаатлар ҳаққониймикан дея, бу ҳақдаги барча фикр-мулоҳазаларни чуқур шубҳа ва гумонлар гирдобига солиб қўйди.

Телебошловчи Алексей Пушков эса уларни «Махсус хизмат» ходимлари эски видео ёзувлардан пайвандлаб (монтаж) олган деб очиқ-ошкор айтди. Шунингдек, у бу борадаги зўр фикр ва қарашларини тўлдириб ўтиш мақсадида, «Биринчи рақамли босқинчи» туркумидаги видеороликлар жаҳон ОАВда мазкур жараён Буш маъмуриятини кизиктириб қолганидан кейингина тез-тез пайдо бўла бошлади, деган гапларни ҳам қўшимча қилади. Дастур муаллифлари 11 сентябр терактларига нисбатан Буш маъмурияти берган маълумотлар асл ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди қабилидаги ғояларни тобора илгари сурмоқдалар.

Пушков ўз сўзининг исботи сифатида Нью-Йорк воқеаларига бағишлаб чиқарилган навбатдаги китоб тақдимоти хабарларини келтириб ўтади. «Ground ZERO»да бир қанча таниқли мутахассислар 11 сентябр фожиалари юзасидан келтириб ўтилган расмий маълумотларни дарҳол таҳлил этиб, юз берган воқеалар учун жавобгарликни Қўшма Штатлар зиммасига юклашган.

Мазкур фожианинг ўтган йилги хотирлаш маросими арафасида «Вести» ҳам 2001 йил воқеалари учун Жорж Буш маъмуриятини айбдор деб ҳисоблашини таъкидлаганди. Ўшанда «Алмашилган чақа» («Разменная монета»-номли ҳужжатли фильмнинг яратилиш тарихи ҳақидаги батафсил репортаж ҳам намойиш этилди. Унда юз берган Америка фожиалари хусусидаги расмий маълумотларнинг бирёқлама таҳпил ва талқин этилгани ипидан-игнасигача тўлиқ очиб ташланади. Мазкур ҳужжатли кино уч нафар Америка фукароси томонидан арзонга-ов «ноутбук»да тайёрланган. Бу эса уни ишлаб чиққанларга атиги уч минг долларга тушган, холос. Бироқ ушбу фильмнинг самарали таъсир доирасига эга бўлгани кишини ҳайратга солмай қолмайди. Уни томоша қилган шинавандаларнинг ўндан тўққиз нафари зум ўтмай, АҚШнинг «Аксилтеррорчилик компания»си олиб борган фаолиятга нисбатан ўз қарашларини кескин ўзгартиради. Кино жаҳоннинг олти тилига таржима қилиниб, интернет саҳифалари орқали ҳам намойишга чиқарилган. Қисқа вақт давомида уни дунёнинг миллионлаб кишилари кўришга ва кўчириб олишга муваффақ бўлишган.

Барча айтиб ўтганларимиздан та-шқари, профессор Дэвид Рей Гриффиннинг «Янги Перл-Ҳарбор» деб номланувчи китоби ҳам катта шуҳрат қозонди. Унда юқоридаги масалалар қуйидаги тартибда кўндаланг кўйилади: «Бу қилмиши билан Америка, 2001 йил 11 сентябр воқеалари туфайли ўзининг улкан давлатчилик мақомини мустаҳкамлаш мақсадида «беқиёс юриш» бошлаш учун ўз фуқароларига қарши, кишининг қалбига сирли ва мавҳум тахдид соладиган ғайриинсоний мўъжизакор жиноятлар содир этмадимикан?» Ортда қолган олти йил давомида бутун дунё бўйлаб, 11 сентябр терактларига доир етказилган кўплаб анжуман, учрашув ва йиғинларнинг хулосалари ҳамда экспертлар фикрларини обдон тинглаб кўриш сингари қатор тадбирлар уюштирилди. Уларнинг барча-барчасида АҚШ йирик ҳажмдаги мазкур жиноятларнинг ташкилотчиси тариқасида баҳоланмокда. Бу борада ҳатто Америка олимларининг жамоатчилик ташкилоти ҳам тузилган бўлиб, унда олти йил бурунги фожиалар тўғрисида билдирилган расмий ҳужжатларнинг тўғри ёки нотўғрилиги, аслида бор ҳақиқат нималардан иборат бўлгани каби муаммоларга ечим топиш масалалари мунтазам равишда ўрганиб борилмокда.

11 сентябр воқеалари муносабати билан Буш маъмурияти ўзининг сак-киз йиллик бошқаруви давомида тутган мавқеига нисбатан жуда қаттиқ қақшатгич зарбага дуч келди. Чунки, мазкур масапаларни ўрганиш бўйича таркибини АҚШнинг энг юқори малакали ва катта тажрибага эга бўлган 130 нафар инженер ҳамда архитекторларидан тузилган экспертлар гуруҳи олиб борган ўз текшируви хулосаларини оммага ошкор этди. Айни пайтда улар Калифорния штатининг Окланд шаҳрида-ги йирик концерт залларидан бирида йиғилиб, ўз хулоса ва муносабатларини АҚШ конгрессига маъқуллатиш устида бош қотиришмокда.

Ана шу нуфузли экспертлар гуруҳининг фикрларида таъкидланишича, Жаҳон савдо маркази жойлашган «эгизак» биноларнинг даҳшатли равишда яксон қилиниши «атайин уюштирилган». Расмий ҳужжатларда таъкидлангани каби уларнинг портлатилиши ҳаво лайнерини гаровга олган террорчиларнинг иши эмас, балки иншоотлар динамит ва минасимон портловчи курилмалар воситасида бомбардимон қилинган. Таҳлилчилар ишонарли далилу рақамлар асосида суратга олинган фотолар, видеотасмалар ҳамда кўп минг сонли гувоҳларнинг кўрсатмаларига таяниб, аниқ хулосалар чиқаришганига, нима дейиш мумкин?

Америка архитекторлар институтининг аъзоси Ричард Гейжнинг таъкид-лашича, АҚШда «террористлар» томонидан содир этилган портлатишлар пайтида ҳамма бирдан саросимага тушиб қолган. Шу боис, шу вактнинг ўзида юз берган воқеаларга нисбатан холис баҳо бериб, уларни таҳлил этишнинг сира имкони бўлмаган.

«Ўша кезлари ҳаммамиз ҳам «эгизак» бинолар террорчиларнинг самолётлари орқали гумдон қилинди, деган афсоналарга чиппа-чин ишонганмиз. Ҳозир эса бу ишларнинг бари уюштирилган экани аниқ бўлгач, барчамиз ҳайратга тушаяпмиз. Энг саводсиз кишига ҳам маълумки, мазкур жараёнларни амалга ошириш учун мураккаб миналаштириш тармоғига эга бўлиш талаб қилинади. Жаҳон савдо марказида мавжуд бўлган назорат ва хавфсизлик тизимини инобатга оладиган бўлсак, портлашларни шахсан террорчилар содир этганига ишониш жуда-жуда қийин. Шундай қилиб, қуйидаги даҳшатли хулосани ясашга мажбурмиз, яъни 2001 йил 11 сентябр фожиаси АҚШ хукумат доиралари таркибида «саҳналаш-тирилган» бўлиши мумкин».

Олимларнинг бундай қатьий фикрга келиши кўпчилик орасида кат-та шов-шув кўтарди. Улар келиб чи-қиши бетайин Усома бин Лодин-нинг аслида ҳақиқий бўлмаган ви-деомурожаати туфайли юзага қал-қиб чиққан сиёсий маълумотлар са-марасидан қўл силтадилар. Бироқ булардан ташқари, Қўшма Штатлар-нинг давлат идоралари томонидан тақдим этилаётган далилларнинг бир-бирига номутаносиблиги, улар-нинг очикдан-очиқ ёлғон сўзлашаёт-гани аввал бошдан қатормамла-катлардаги кўп сонли аҳолиси ўрта-сида талайгина муаммоли саволлар-Ни кўндаланг қилиб қўйганди. Аммо, минг таассуфки, бу каби сўроқлар-га ҳапи-ҳамон тайинли жавоб топил-ганича йўқ. Дунё аҳли 11 сентябр воқеаларига доир очиқ ва адолатли суд жараёнларини кўрмаяпти, лекин биз АҚШ олиб бораётган «тер-роризмга қарши кураш» сиёсати маҳсулини ҳар қадамда, жумладан,

Ироқ, Афғонистон, Гуантанамо ва Марказий айғоқчилик бошқармаси (ЦРУ)нинг махфий қамоқхоналари ҳамда бошқа жойларда ҳар куни кўриб, кузатиб турибмиз.

Шунинг учун айтиш мумкинки, жид-дий равишда ўтказилган мазкур иж-тимоий сўровлар давомида аниқланишича, бир йил олдин Манхеттенда содир этилган воқеалар юзасидан келтирилган расмий маълумот-ларга нисбатан 63 фоиз нью-йоркликларнинг ишонмагани оддий та-содиф эмас. Ўшанда бутун америкаликларнинг ярмидан кўпи Жорж Буш маъмуриятининг фожиалардан ол-динги, воқеалар содир бўлган пайтда ва ундан кейинги ҳар қандай фаолиятини АҚШ Конгресси қўшимча равишда тафтиш этишини талаб қилганди. Чунки улар ўз ватандош-ларининг нимага ва нима учун кур-бон бўлгани тўғрисидаги ҳақиқатни билишни жуда-жуда хоҳлайдилар.

Энг охирги марта ўтказилган «Тhe New York Times» газетаси сўровномаларидан маълум бўлишича, америкаликларнинг тўртдан уч нафари айни пайтга қадар АҚШ хукумати 11 сентябр воқеаларига доир ҳақиқатни яшираётганига заррача шубҳа қилмайди. Бундайлар сони 2006 йилдагига қараганда яна кескин ошиб кет-ган. Унда аҳолининг «атиги» тенг ярми АҚШга «Ал-Қоида» ҳужум қилди, деган мазмунда тарқатилган рас-мий ҳукуматхабарларига сира ишонмасликларини билдиришган эди.

11 сентябр фожиаларига нисбатан Буш маъмурияти эълон қилган расмий ҳужжатлар тўғрилигидан шубҳ-аланувчилар сони ер юзининг ўзга давлатлари ҳудудида бундан ҳам кўпроқни ташкил этади. Бугунги кунда бутунжаҳон ҳамжамияти «энг озод мамлакат» ҳукумати ўз халқи-га қарши уюштирилган жиноятларга шерик бўлмокда, деган фикрга тобора кўпроқ урғу бермокда.

Амалга оширилган портлатиш во-қеалари борасида тарқатилган расмий маълумотларни биринчи бўлиб ислом экспертлари, олимлари ва публицистлари инкор этиш-ган эди. Ўшанда, яъни 2001 йилда бу маънодаги, аниқроқ айтадиган бўлсак, АҚШ маъмуриятининг рўй берган фожиаларга муносабатини билдирувчи расмий хабарларни рад ёки инкор этиш учун кишидан нафақат мардлик, шу билан бирга, беқиёс одиллик ва улкан ватанпарварлик ҳам талаб қилинарди. Негаки бу борада заррача гумонга борган ҳар қандай мамлакат вакилини Америка давлат идоралари ҳеч иккиланмай, террорчиларнинг шериги ёки уларнинг қурол-яроқ таъминотчиси, деб ҳисоблар, дарҳол таъқиб қилишга тушарди.

Ҳолбуки, орадан беш-олти йил ўтибгина дунё аҳли мусулмонларнинг 2001 йил 11 сентябр воқеаси айбдорларига нисбатан билдирган холисона фикрлари, муносабатлари ва хулосалари моҳиятини теранроқ тушуниб етди. Шу билан бирга, АҚ Шнинг «терроризмга қарши кураш» сиёсати замирида нималар ётганини ҳам англаб улгурди. Агар мазкур тушунишлар беш-олти йилдан кейин эмас, аксинча, шунча йил олдин англанганида, балки юз минглаб тинч аҳолининг ёстиғи қуришига олиб келган, миллионлаб кишиларни ватанидан жудо қилиб, қочоқлик-ка, дарбадарликка маҳкум этган бутун минтақанинг тинчлик ва осойишталигига раҳна солаётган Ироқ можароларининг олди ўша пайтнинг ўзидаёқ олинган бўлармиди...

Рус тилидан Раҳмон Қ0ДИР таржимаси

 
Бекович ким эди? Нега унинг терисини тирик ҳолда шилиб олишди?
26.01.2014 02:14    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Милодий 1717 йилнинг айни ёз чилласида Хива хони Шерғозихоннинг ўрдаси олдидаги майдонда унча-бунча томошаталабнинг ҳам асаби дош беролмайдиган қатл маросими ўтказилди: икки ғайридиннинг териси тириклайин шилиб олинди ва уларга сомон тиқилиб, то қуртлаб-ириб кетгунича, шаҳар дарвозалари олдига кўргазма сифатида осиб қўйилди. Бу икки шўринг қурғурлар аслида ким эди ва бундай аянчли тақдирга нима сабабдан муносиб кўрилди?

Турли давр ва турли ўлкаларда туғилиб, бир майдон ва бир муддатда ўлим топган бу икки «шўрпешона»нинг бири тоғли қабардин князлари сулоласига мансуб Александр Бекович Черкасский эди. («Бекович» деб улуғланиши шундан.) Болалигидан рус подшоҳи саройига тарбия учун берилган бекзодалар қатори у ҳам Пётр Биринчи томонидан Европага таҳсил олишга юборилади. Европада шоҳ Пётрнинг севган соҳалари – кемасозлик ва денгизчилик илмларини сув қилиб ичган қабардин бекзодаси яна бошқа бир фазилати, яъни кавказ халқларини батамом истило қилишга доир лойиҳаси билан ҳам императорнинг эътиборини қозонади. Бундан руҳланиб кетган бекзода олдига 1713 йили Астрахандан икки осиёлик – чўқинтирилган ва рус хизматига князликка қабул қилинган форс Сомонов ҳамда таниқли туркман Хўжа Нафас келиб, шахсан император билан учраштириб қўйишларини сўраб, мурожаат қиладилар. Уларнинг айтишларича, Хива хонлигига қарашли конларда қумдан олтин ювиб олинаётганмиш ва Хива хонига адоватли туркманлар бу конларни қўлга киритишда рус подшоҳига хизматга тайёр эмишлар. Поручик Бекович бу учрашувдан ўзига тегадиган манфаатни кўз олдига келтириб, отга қамчи босди. Зеро, Хива хонлиги ва Бухоро амирликларидаги олтин конларини эгаллаш рус шоҳларининг азалий орзулари эди. Рус шоҳларининг гербидаги икки бошли бургут бир пайтнинг ўзида ғарбу шарққа кўз тикканлигининг боиси шундан эди. Пётр Биринчининг Европага «дарча» очишининг туб моҳиятида Марказий Осиёни эгаллаб, Ҳиндистон ва Хитой билан боғлайдиган Буюк Ипак Йўлини қўлга киритиш мақсадлари пинҳон эди. Ахир, не-не жангу жадал билан эришилган «дарча»дан Европага зиғир тола, ёғочу асал билан кириб бормайсан-ку!
Европанинг иштаҳасини карнай қилган Ҳиндистон ва Хитойга элтувчи узоқ ва серхатар сув йўлига қараганда, бир мунча қисқа ва хатарсиз йўл Россия орқали ўтиши мумкин эди, аммо... Аммо хариталарда Лондон ёки Амстердамдан Москвага ва ундан то Касбий соҳилларигача енгил сирпанган кўрсатгич бармоқ Касбий ортида оқ доғ бўлиб ётган Марказий Осиё сарҳадларида тўхтаб қоларди: ўзга юрт, ўзга дин, ўзгача қонун-қоидалар...
Мана шу нотаниш ўлка вакиллари билан тил топишиш борасида Пётр Биринчининг отаси Алексей Михайлович уч-тўртта кўйлакни кўп йиртганлардан эди. Украинани ўз тасарруфига киритган ва Болтиқ бўйи жангларида зафар қозонаётган шоҳ ҳузурига ўша пайтлардаги Хива хонининг элчилари етиб келадилар ва хонлик мавқеини сақлаб қолиш эвазига ўз қарамоғига олишини сўрайди. Бунинг боиси, Хива хонидан норозиликлар кучайиб, халқ тез-тез исён кўтараётганди. Ўз оёғи билан келган имкониятни қўлдан чиқармаслик учун Волга бўйлаб Касбий денгизига етиб оладиган савдо кемаларини қўриқлайдиган ҳарбий флот тузилади ва Марказий Осиёни забт этиш учун йўлга тушилади. Аммо Степан Разин бошчилигидаги қўзғолончилар Астраханда қишловга тўхтаган кемаларни қўлга олдилар ва уларни ёқиб юбордилар. Хиванинг ўзида эса, хон алмаштирилди ва Шарқ истилосига доир хом хаёлларга барҳам берилди...
... Поруччик Бекович тақдирнинг бу иноятини қўлдан чиқармаслик учун зудлик билан ҳаракатга тушди ва Хўжа Нафас ҳамда Самоновни император билан учраштира олди. Бу қабул натижасида императорнинг фармони билан 1714 йил 29 мартидан княз Черкасский Хиваю Ҳиндистонга элтувчи йўлларни разведка қилувчи отрядга командир этиб тайинланади. Ана шу санадан бошлаб, Бекович ва Самоновнинг Хива хони ўрдасида аянчли ўлим топишига қадам қўйилди.
Бир йил мобайнида Касбийнинг шарқий соҳилларини разведка қилиш натижасида тузилган харита эвазига поруччик Бекович гвардия капитани унвонига сазовар бўлди. 1716 йилда Сенатга Бековичнинг барча эҳтиёжлари сўзсиз қондирилишига доир кўрсатма берилди. Капитан Бековичга эса, Хива хонини Рус подшоҳлигига оғдириш ва рус ёлланма армиясидан фойдаланиш эвазига Россия вассалига айлантириш вазифаси юклатилди. Зеро, Хива хони ўз хавфсизлигини хоразмликлардан эмас, туркман ва бошқа халқ вакилларидан тузилган лашкар билан таъминлаши ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга яқин эди. Бековичга Хива хони, Бухоро амири ва Ҳиндистон подшоҳи Буюк Мўғилга аталган император Пётр ёрлиқлари топширилди. Забт этилган Хивадан «Ҳинд сори юз тутиш» поруччик Кожинга юклатилди.
Image1716-1717 йилнинг қиши дашт орқали Хивага йўл олишга тадорик билан ўтди. Бу вақт мобайнида Хива томонлардан хуфиячилар бир-биридан совуқ хабарлар келтиришарди: Хива хонига рус императори элчилари келаётганлиги хабарини етказган чопарлар ҳибсга олинганмиш ва уларнинг бошига итнинг кунини солаётганмишлар. Черкасскийнинг отрядини даштда ҳеч ким элчилик мақомида кўрмас, минглаб қуролли аскарлар тўдаси истилочилар бўлса керак, деган ҳаққоний шубҳа-гумонларни уйғотарди. Шунга қарамай, княз Бекович ўжарларча, сафар ҳозирлигини кўришда давом этаверди. Бековични орқага қайтариш учун поручик Кожин Сенатга хат билан мурожаат қилиб, хиваликлар ва бухороликлар элчиликнинг туб моҳиятидан хабардорликларини, бу юриш яхшилик билан тугамаслигини билдиради ва Черкасский билан юришда қатнашишдан воз кечади. Уни Петербургга чақириб, буйруққа бўйсунмаганлиги учун ҳибсга олишади.
Шундай қилиб, 1717 йилнинг май ойи бошларида Хива сари юриш бошланди. Бекович ўзи ва минглаб ҳамроҳларини ажал сари қатъийлик билан бошлашини ҳатто хотини ва қизининг денгизга чўкиб кетишлари ҳам тўхтата олмади. Кабардин князи бошқараётган отряд уч минглик пиёдалар ва казаклар, олти юз швед драгунлари, кўнгилли дворянлар ва артиллерия батареясидан иборат эди. Бекович билан унинг биродарлари Сиюч ва Оқ-мирзо, княз Самонов, туркман Хўжа Нафас бирга эдилар. Дашт йўлида қалмоқ хони Аюканинг чопари Бакша ўз аъёнлари билан ҳамроҳлик қилдилар.
Хива сарҳадларига саккиз кунлик масофа қолганида айёрлик ишлатмоқчи бўлишди: Астрахан боёни Кирситов юзтача казак билан Хива хонини император элчилари келаётганлигидан огоҳ этиш учун йўлга тушди. Чопарлар ортидан озгина муддат фарқи билан йўлга чиққан асосий таркиб хиваликлар ўйлаганча, бир ҳафталардан сўнг эмас, олдинроқ шаҳар дарвозаларига етиб боришлари керак эди.
Икки кеча-кундуз тинимсиз йўл босган отряд Хивадан юз тошлар масофа беридаги Амударё кўлларидан бирининг қирғоғида қароргоҳ туздилар ва чопарларнинг қайтишини беҳуда кута бошлашди.
Бекович отрядига қўшилган Бакша қалмоқ хонининг руслардан етказилган алами эвазига (княз Черкасский қалмоқ хони Аюкани рақиблардан муҳофаза қилишдан бош товлаганди) ўч олиш учун Кирситов бошчилигидаги чопарлар гуруҳи ортидан Хива хони ҳузурига етиб борган эди. Бакша хонга нималар дегани аён бўлмаса-да, рус чопарлари зиндонга ташланди ва Шерғозихон йигирма тўрт минглик лашкари билан руслар қурган қароргоҳга ҳужум қилди. Гарчи бу ҳужум кутилмаганда юз бергани ва сон жиҳатидан хиваликлар беш-олти баробар кўп бўлишларига қарамай, бир ҳамлада қароргоҳни забт этишнинг иложи бўлмади. Уч кун кетма-кет ҳужумга ўтилгач, русларнинг артиллерияси ва милтиқлари ўқидан сон-саноқсиз Хива лашкари ер тишлади. Русларнинг озиқ-овқати ва қурол-аслаҳалари бир йилга етгулик, ичимлик суви эса, кўлдан керагича олинарди. Вазиятни ақл тарозусида салмоқлаган хонлик хазинабони Қизимбей хонга айёрлик ишлатишни таклиф қилди. Қамалдагилар лагерига хон чопарлари юборилди ва сулҳ тузиш таклиф қилинди. Қамалдагилар бу таклифни муҳокама қилдилар ва ҳарбийлар хон алдовига учмасликка келишишди. Бироқ, Бекович бу таклифни ерда қолдирмасликка қарор қилди ва беш юз отлиқ билан Самоновни бирга олганча, хиваликларга пешвоз чиқди.
Шерғозихон Бекович ва Самоновни Хива яқинида дабдаба билан кутиб олди ва совға-саломлар айирбошланди. Император элчиларига битим тузиш учун хон ўрдасига марҳамат қилишлари таклиф этилди. Хива деворларига етмасдан пистирмада турган хон лашкари ҳужум қилди ва беш юз отлиқни қиличдан ўтказди. Бекович ва Самонов асирга олиндилар.
Рус қароргоҳида эса, унвони катта бўлгани учун майор Франкенбург бошчиликни қўлга олди. Хивалик чопар Черкасский имзоси билан беш қисмга бўлиниш ва йўлбошловчилар билан Хивага турли йўллар орқали кириб бориш буйруғини етказиб келди. Майор чопарга фақат Черкасскийнинг шахсан буйруғи билангина қароргоҳдан чиқишини билдирди. Хиваликлар зуғуми остида Черкасский яна уч маротаба ёзма буйруғини такрорлади, сўнгги тўртинчи номасида буйруққа бўйсунмаслик ҳарбий суд ва дор билан якунланишини дағдаға қилгандан сўнггина Франкенбург қароргоҳни тарк этди.
Хивалик йўлбошловчилар билан беш қисмга бўлинган рус истилочилари турли йўллар орқали тайёрлаб қўйилган пистирмаларга дуч келдилар ва қиличдан ўтказилдилар. Қирғинбаротлардан омон қолганлар ва зиндонбанд қилинганлар қулликка сотиб юборилди. Бекович ва Самоновнинг (Самонийлар авлодимикин?) териси тириклайин шилиб олинди...
Черкасский отрядининг аянчли тақдири ҳақида Пётр Биринчига шумхабарни биринчилардан бўлиб, Бакша етказиб борди! Бу отряддан жуда озчилик – Хўжа Нафас ҳамда Бековичнинг биродарларигина омон қолдилар. Уларни «намунали қатл» маросими ҳақида ўз юртларида ҳикоя қилишлари учун қўйиб юбордилар. Шундан бошлаб, Петербург томонларда бирор оғир вазиятга тушган одам ҳақида «Бековичнинг куни бошига тушди», дейдиган бўлишди. Орадан кўп вақтлар ўтибгина бу воқеалар эсдан чиқа бошлади ва бу ибора ўрнини рус қулоғига ёқимлироқ бўлган «Шведларнинг Полтавадаги куни» ҳақида эслаш расм бўлди.

 


56 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин