Саналар
22.12.2024
Баннер
Ошоба фожиаси
24.08.2013 03:29    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ошоба фожиаси Туркистондаги чор босқини манзараларидан бир лавҳа холос. Шунга қарамай, у бизга кўп нарсаларни ойдинлаштириб беради. Рус қўшини осонлик билан юртимизни қўлга киритган эмас. Ўлкани тўла бўйсундириш учун бу ваҳший тўда дарё-дарё инсон қонини оқизган. Минг-минглаб кўҳна иморатлар вайрон қилинган, юзлаб қишлоқлар, катта-катта шаҳарлар ёндирилиб, кули кўкка совурилган. Мард ватандошларимиз, номуси, ори мустаҳкам аждодларимиз ёвга осонликча бўйсунмаганлар. Улар она юрт учун, ҳар бир қарич муқаддас тупроқ учун жон олиб, жон бериб, мардона курашганлар. Ошобаликлар жасорати ана шу тенгсиз жангларнинг кичик, аммо ибратли намунасидир. Мен бу эрксевар, жасур қишлоқ аҳлининг сўнгги нафасга қадар ёв билан юзма-юз олишгани, ҳатто аёллар ҳам тиз чўкишдан, қул бўлишдан ор қилгани, ўз шаъни-шавкатини юксак тутганини ўқиб, қойил қолдим. Айни замонда бу қишлоқ фожиаси рус зобитларининг чинакам башарасини ҳам очиб беради. Уларнинг юртимизга осойишталик, эркинлик, тенглик, маданият олиб келганмиз деган даъволари пуч гап, қуруқ, ҳавойи алдамчилик эканини фош этади.

Тарих ва тақдир

Ошкоралик туфайли рус чоризмининг ўлкамизга қилган тажовузига доир турли ҳужжатлар ва манбалар юзага чиқа бошлади. Уларни ўқир эканмиз, бу кўнгилсиз ҳодисанинг кўлами ва моҳиятини теранроқ ҳис этамиз. Тарихнинг шу пайтгача яшириб келинган саҳифалари бизга даҳшатли манзараларни, мислсиз ёвузлик ва адолатсизликларни сўзлаб беради.
Очиғини айтганда, Туркистондаги йирик шаҳарлар қай тарзда босиб олингани илгари ҳам айрим тарихчи олимларнинг асарларида бир қадар ёритилган эди. Тошкент шаҳри қандай забт этилгани, Чимкент неча марта қўлдан-қўлга ўтгани, Алимқул сардорнинг фидойилик билан кураш олиб боргани ва қаҳрамонларча ҳалок бўлганига доир маълумотлар тарихнавис Ҳамид Зиёевнинг “Тошкентнинг Россияга қўшиб олиниши” (1967) номли рисоласида анча батафсил баён қилинган. Кейинги йилларда шоир Хуршид Даврон ва тарихчи олимлар – Ҳайдарбек Бобобеков, Ҳамдам Содиқовнинг самарали изланишлари натижасида анча-мунча масалалар ойдинлашди. Ҳозир хорижда босилган айрим тадқиқотлар (Боймирза Ҳайит, Маҳмет Сарой асарлари) нашрга тайёрланмоқда.
Рус босқини манзараларини тасаввур этишимиз учун чор зобитлари ва амалдорлари томонидан ёзилган турли асарлар, мақолалар ва хотиралар ҳам бизга катта ёрдам беради. Мен ўтган йилларда Москвадаги Давлат кутубхонасида бир муддат ишлаб, айрим манбалар билан танишган эдим. Машъум босқин қандай маккорлик билан тайёрлангани ва амалга оширилгани, унга кимлар бевосита раҳбарлик қилгани, жанг тафсилотлари ҳақида И.А. Терентьев, А.Серебренников, А.Маслов, Н.Гродеков, Н.Куропаткин (булар ниҳоятда кўп, мукаммал рўйхат бир неча бетга чўзилади) сингари зобитларнинг асарларидан кўп маълумотлар олиш мумкин. Қизиғи шундаки, ҳатто босқинчи рус зобитлари биздаги айрим тарихни сохталаштириб кун кўрган олимлардан кўра ростгўйроқ, ҳақгўйроқ бўлган. Улар ўзи кўрган ёки бевосита иштирок этган даҳшатли воқеаларни яширмасдан, оқизмай-томизмай ёзиб кетишган экан. Бугунги кунда уларни ўқиб, тарихнинг кўп номаълум сиру асрорлари билан танишамиз.
Мана, қўлимда “Военний сборник” ойномасининг сарғайган саҳифалари. Унинг 1987–1901 йиллардаги турли сонларида зобит А.Серебренниковнинг “Қўқон юриши тарихига доир” сарлавҳали йирик мақолалар туркуми чоп этилган (жами беш мақола). У рус ҳарбий қароргоҳи ҳужжатлари асосида ёзилгани учун катта қимматга молик. Муаллиф 1875 йилда Қўқон хонлиги ҳудудида рўй берган сиёсий воқеаларни, ҳарбий ҳаракатлар солномасини деярли холислик билан қайд этишга ҳаракат қилган, барча тафсилотларни имкони борича қамраб олишга интилган.
Мен Москванинг рутубатли кунларида бу мақолалар туркумини ўқиганимдан кейин бир неча кунгача ўзимга келолмай юрдим. Алам ва ўкинч, надомат ва изтироб вужудимни тилкалаб ташлади. Назаримда, шу кунларда шивалаб дамба-дам ёғаётган ёмғир менга қўшилиб йиғлаб, кўнглини бўшатаётгандек нохуш таассурот пайдо бўлган эди. Кўз ўнгимда Туркистоннинг биринчи ҳарбий генерал-губернатори фон Кауфман, генерал М.Д.Скобелев, Колпаковский, Троцкий каби даҳшатли генераллар, полковник барон Меллер-Закомелский, полковник Пичугин ва бошқа зобитларнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қилмишлари, ёвуз ҳатти-харакатлари жонланди. Оғир саволлар қаршисида ожиз қолдим. “Нега бу даҳшатли воқеалар доим сир тутиб келинди, нега тарих китобларида бу қонли манзараларни четлаб ўтиб, рус истилосининг нуқул “прогрессив аҳамияти”ни зўрма-зўраки ёритишга беҳуда куч сарфладик? Ўтмишимизни яшириб, халқимизни узоқ йиллар алдаб, кўзини кўр, қулоғини кар қилиб нимага эришдик?!”
Мазкур катта мақола вақти-соати келиб тўла таржима этилади ва кенг жамоатчилик ҳукмига етказилади. Шунинг учун ҳозир унда баён қилинган кичкина тоғ қишлоғи – Ошобада рўй берган қонли бир тўқнашув ҳақида тўхталишга жазм этдим.
Босқинчи рус қўшини Қўқон хонлиги ҳудудига гўё тартиб-интизом ўрнатиш, ҳокимият осойишталигини бузган қўзғолончиларни жазолаш ниқоби остида киритилади. Бунда Худоёрхон, валиаҳд Насриддин ва бошқа амалдорларнинг ҳам машъум хизмати бор, албатта. Ёвуз қора қўшиннинг босган қадамларини кузатсак, у аслида тинч аҳолини беомон қириб, зўравонлик, таловчилик, ваҳшийлик билан шуғулланганини кўрамиз. Жазо ҳаракатларига рус салтанатининг эркатойига айланган генерал Скобелев раҳбарлик қилади. Унинг ҳамда генерал фон Кауфманнинг бевосита топшириғига мувофиқ полковник Пичугин етакчилигида 3-Туркистон ўқчи батальонига қарашли бир неча рота ҳамда Сибир казаклари бўлинмаси 16 ноябр тонгида Оқжар кечувидан ўтиб, Наманганнинг ғарбидаги тоғ қишлоқлари устига юриш бошлайди. Вазифа қўзғолончиларга мадад берган ва уларни яширган аҳолини аёвсиз жазолашдан иборат эди.
Тоғ қишлоқлари орасида катта йўллар йўқлиги учун замбараклар олинмайди. Қўшин Қамишқўрғонда тунни ўтказади. 17 ноябрда эса уларни Шайдон қишлоғи аҳолиси омонлик билан қаршилайди. Полковник Пичугин ноиб Мирза Абдулланинг чақувига мувофиқ азалдан русларга нисбатан адоват билан қараган икки оқсоқолни халқ ўртасида жазолайди ва отряд учун зарур озиқ-овқат ҳамда ем-хашак ҳозирлашни буюради.
Шайдондан юқорида – тоғ орасида жойлашган Бободарҳон қишлоғида отлиқ қўзғолончилар (рус зобити ўз юртининг озодлиги ва мустақиллиги учун курашган фидойиларни ҳамма ерда “шайка” деб атайди – О.А.) борлиги аниқланади. Панғоз қишлоғида уларга дуч келадилар, учта милтиқ ўлжа олинади.
Бободархон қишлоғида истиқомат қилувчи аҳолининг ҳаммаси рус қўшини истиқболига бўйин эгиб чиқадилар ва полковник Пичугин талаб этган барча нарсаларни (озиқ-овқат, от, ҳатто наматгача – босқинчилар ерга ўтирганда тагидан зах ўтиб кетмасин деган бўлсалар керак. Меҳрибончиликни қаранг-а!) дарҳол муҳайё қиладилар. Шу орада шайдонликлардан чопар келиб, исёнчи Танаберди бошчилигидаги тўдани Шайдон аҳолиси қишлоққа киритмагани, улар Ошоба тарафга кетгани хабарини етказади. Мақолада баён этилган воқеаларни айнан келтирганимиз маъқул: “Душман бизнинг кучли отрядларимиз билан юзма-юз олишишдан қочиб, якка-ёлғиз ёки кичик-кичик гуруҳларга қўққисдан ҳужум қилиб қоларди. Унинг бу одатини яхши билган полковник Пичугин Танаберди шайкаси билан тўқнашиш учун туғилган қулай имкониятни бой бергиси келмади. У 17 ноябрда тоғ йўллари оша Ошобага қараб йўлга чиқди.
Пиёдалар яёв юришди, йигирма бешта аравакаш отга ўн кишилик қозонлар ва беш кунга етадиган озиқ-овқат, ўқ-дори ортилган эди.
Тоғ йўли чуқур жарликлар оралаб ўтар, гоҳ пастликка тушиб, гоҳ ўр тортиб узоқ юришга тўғри келарди. Бунинг устига тун қоронғилиги аҳволни янада қийинлаштирган эди. 20 чақиримдан ортиқ йўл босган отряд тонгги соат еттиларда тинч уйқу оғушида ётган қишлоққа етиб борди.
Отряд билан ёнма-ён тор сўқмоқ йўлдан келаётган полковник Пичугин йўлга пистирма қўйилганини сезмай қолди. Аммо баландликка, қишлоқ томонга от қўйиб кетаётган бир неча душман қўриқчисига кўзи тушди.
Уларни тутиш учун 5-Сибир бўлинмаси суворийлари изма-из юборилди. Мазкур бўлинма қишлоққа яқинлашганда, уларга қараб қишлоқдаги деярли ҳар бир қўра, ҳар бир уйнинг томидан ўқ ёғилди. Ўнг томондаги тепаликда отлиқ шайка пайдо бўлди.
Казаклар дарров отдан тушдилар, отишма бошланди.
Душманнинг муттасил ўқ ёғдириши ва нишонга аниқ уришига қараганда аҳоли милтиқлар билан яхши қуролланган ва мудофага пухта тайёргарлик кўрган эди.
Пиёдалар олис йўлдан толиқиб келишганига қарамай, тепаликкача югуриб бориб ётиб олдилар ва дўнглар орасига яшириниб, душманни таъқиб этишга киришдилар. Отишма ниҳоятда кучли бўлди. Бизнинг ўқчиларимиз қатори казаклар ҳам тинмай ўқ узишарди.
Ниҳоят, қишлоқдан отилаётган ўқлар сийраклашди ва ўнг қанотдаги душман ўқчилари орқага қараб чопиб кетаётгани кўринди.
Пиёдалар ҳужумга ўтишди: штабс-капитан Бертенев раҳбарлигидаги учта взвод қишлоқнинг ўнг томонига, 1-рота капитани Русанов ихтиёридаги взвод эса чап қанотга ташланди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам кучли қаршиликка дуч келишди. Аҳоли тўсиқлар ортидан ва уйлар ҳамда деворлардаги махсус туйнуклардан тинмай ўқ отарди.
Бутун қишлоқ мустаҳкам истеҳкомга айланган бўлса-да, шиддатли ҳужумга ўтган аскарларни тўхтатиб қолишдан ожиз эди.
Шафқатсиз қирғин бошланди. Ошобаликларнинг биронтаси ҳам таслим бўлишни хоҳламасди, ҳамма қўлида қурол билан ҳалок бўлди. Ҳатто хотинлар ҳам қўлига пичоқ олиб аскарларга ташланар ёки томдан туриб тош билан урар эдилар.
Ҳар бир ҳовлини жанг билан ишғол қилишга тўғри келди, ҳар бир бурчакда пистирмага йўлиқиш мумкин эди.
Ниҳоят, қишлоқ эгалланди, дуч келган тирик жон найзадан ўтказилди.
Поручик Журавлев етакчилигидаги 2-ротага қарашли взвод тепаликка кўтарилишга муваффақ бўлди ва шу ердан туриб, отлиқ шайкага қарата дўлдек ўқ ёғдирди. Шайка жон сақлаб қолиш умидида бизнинг ўқларимиз остида довонга ўзини урди ва тезда кўздан ғойиб бўлди. Майдонда ўнларча ўликлар қолиб кетди.
Казаклар батамом ҳолдан тойгани ва тоғ йўлларининг оғирлиги туфайли қочган отлиқ шайкани қувиб, бирон натижага эришиш қийин эди. Шунинг учун полковник Пичугин таъқибни тўхтатишга қарор қилди.
Эрталабки соат тўққиз яримда жанг тамом бўлди. Фақат ҳар замонда якка-ёлғиз ўқ овозлари эшитиларди: баъзи фидойилар яшириниб ётган жойларидан сакраб чиқиб, бизникиларга қараб ўқ отиб қоларди ва у шу заҳотиёқ найзага санчиб ўлдириларди. Ноғора чалиб, қўшинни бир ерга тўплашди. Полковник Пичугин уларнинг бир бўлагини қишлоқни вайрон этиш учун жўнатди. Кўп ўтмай қишлоқ қуюқ олов халқаси орасида ловуллаб ёна бошлади. Кўчаларда, боғ ва ҳовлиларда сочилиб ётган ўликлар ҳам ёниб кетди…
Биз байроқ, нишон, 120 милтиқ, 60 қилич, 80 найза ва 200 дан кўпроқ батикни ўлжа қилиб олдик.
Душман катта талафот кўрди. Биргина Ошоба қишлоғининг ўзида 150 дан ортиқ мурда топилди. 100 га яқин жасад боғлар, ўралар ичида ва тоғ ён бағирларида чўзилиб ётарди. Бундан ташқари ёқиб юборилган уйлар ичида ҳам кўп одамлар тириклай ёниб кетди…
Биз ҳам бирмунча қурбон бердик. Икки ўқчи солдат ва бир казак ўлди. 11 киши ярадор бўлди, шулардан тўрттасининг жароҳати енгил…
Кейинги куни, яъни 19 ноябрда отряд Ашт қишлоғига келди. Аҳоли қўшинни бутунлай итоаткорлик билан қаршилади. Шу куни кечқурун Оқжардаги манзилга қайтилди.
Танаберди, Ботирқул ҳамда бизга номаълум бўлган шайка бошлиғи Раҳмат Ошобадаги мағлубиятдан кейин Сарвак қишлоғига жойлашдилар. Оқжар отряди Наманган бўлимининг шимоли-ғарбидаги тоғ қишлоқларида ўта муваффақиятли равишда, намунали тарзда ҳаракат қилдилар. Ошоба қишлоғида исёнчи шайкаларнинг тор-мор этилиши эса атрофдаги аҳолига кучли таъсир этиб, уларни ларзага солди. Улар русларга қарши курашишнинг оқибати қандай тугашини яхши билиб олдилар”.
Шундан кейин мақолада фон Кауфман полковник Пичугиннинг “жасурона” ҳатти-ҳаракатларини маъқуллаб, ёзма миннатдорчилик билдиргани, Русанов, Бертенев, Журавлев, Батурин каби “қаҳрамонлик кўрсатган” зобитлар ва бир қанча аскарлар ҳарбий нишонга тақдим этилгани ва бошқа воқеалар ёритилади.
Ошоба фожиаси Туркистондаги чор босқини манзараларидан бир лавҳа холос. Шунга қарамай, у бизга кўп нарсаларни ойдинлаштириб беради. Рус қўшини осонлик билан юртимизни қўлга киритган эмас. Ўлкани тўла бўйсундириш учун бу ваҳший тўда дарё-дарё инсон қонини оқизган. Минг-минглаб кўҳна иморатлар вайрон қилинган, юзлаб қишлоқлар, катта-катта шаҳарлар ёндирилиб, кули кўкка совурилган. Мард ватандошларимиз, номуси, ори мустаҳкам аждодларимиз ёвга осонликча бўйсунмаганлар. Улар она юрт учун, ҳар бир қарич муқаддас тупроқ учун жон олиб, жон бериб, мардона курашганлар. Ошобаликлар жасорати ана шу тенгсиз жангларнинг кичик, аммо ибратли намунасидир. Мен бу эрксевар, жасур қишлоқ аҳлининг сўнгги нафасга қадар ёв билан юзма-юз олишгани, ҳатто аёллар ҳам тиз чўкишдан, қул бўлишдан ор қилгани, ўз шаъни-шавкатини юксак тутганини ўқиб, қойил қолдим. Айни замонда бу қишлоқ фожиаси рус зобитларининг чинакам башарасини ҳам очиб беради. Уларнинг юртимизга осойишталик, эркинлик, тенглик, маданият олиб келганмиз деган даъволари пуч гап, қуруқ, ҳавойи алдамчилик эканини фош этади.
Шу ўринда ўлкамиздаги ҳамма қишлоқлар худди ошобаликлар каби ёвга қарши бир жон, бир тан бўлиб курашишга журъат этмаганини ҳам очиқ айтиш керак. Чор қўшини истиқболига бош эгиб, тиз чўкиб чиққанлар ҳам кўп бўлган. Улардан айримларининг номи юқорида тилга олиб ўтилди. Ҳатто Каттақўрғон шаҳри аҳолиси битта ҳам ўқ узмасдан таслим бўлганки, бу ҳақда рус зобитларининг ўзи ғашлик билан сўкиниб ёзганлар. Чунки жанг бўлмагани учун мукофот ва нишон олиш, мансаб пиллапоясидан кўтарилиш имконияти қўлдан кетгани уларга ниҳоятда алам қилган эди. (“Эчкига жон қайғуси, қассобга ёғ қайғуси” деган мақолни эсланг!).
Ана шундай осон таслим бўлган қишлоқлардан бирининг аянчли тақдири машҳур қирғиз ёзувчиси Тўлаган Қосимбековнинг “Синган қилич” романида (Турсунбой Адашбоев таржимаси, Тошкент, 1980) анча ишончли тасвирланган. Ҳар жиҳатдан ибратли бўлгани учун ана шу асарга бир қадар тўхталиб ўтайлик. Умри тугаб, парокандаликка юз тутган хонликдаги ўзаро қирғинлар, чорасиз ўзбек ва қирғизларнинг аччиқ қисмати, рус аскарларининг хунрезликлари роман саҳифаларида санъаткорона гавдаланиб, қалбимиз ва шууримизни ром этади. Муаллиф уйдирмачилик йўлидан бориб, кўпдан-кўп тўқима образларга мурожаат этса-да, барибир, тарихий ҳақиқат мезонларидан чекинмайди. Унда биз қамчисидан қон томган, заҳар, золим Скобелевнинг ёрқин чизилган, пухта далилланган сиймосига дуч келамиз. Ёзувчи маҳорати туфайли бағри тош генералнинг ёвуз кирдикорлари тасвирланган саҳифалар чинакам реалистик қудрат касб этади ва узоқ вақтларгача қалбимизни ларзага солади. Келинг, яхшиси, шу ўринларни биргалашиб ўқиб чиқайлик:
“Қор икки кун бўралаб ёғиб, эндигина тинган эди. Гўзал Фарғона водийси оқ ҳарир кўйлак кийган келинчакка ўхшайди. Ҳаво муздек. Отряд оппоқ қорда илондек чуваланиб келарди. (Бўёқлар зиддиятини қаранг: оқ қор ва қора илон. Қишлоқларга, тинч аҳолига ўлим олиб келаётган босқинчи аскарларнинг рамзий қиёфасини муаллиф усталик билан жонлантириб берганига қойил қолиш керак.– О.А.). Уларни Найман қишлоғининг аҳолиси қўлларини кўксига қўйиб кутиб олди. Холис ният белгиси сифатида ҳамма оқ белбоғ боғлаб олибди.
Генерал Скобелев Насриддин (Қўқон хони Худоёрхонинг ўғли – О.А.) билан ёнма-ён туриб тўплаган халойиқни кўздан кечирди. Аламзада Насриддин зориқиб, “Қир” деган буйруқнигина кутарди. Соқоли кўксига тушган оқсоқол қорга тиз чўкаркан, таъзим қилиб:
– Раҳм қилинглар, одамзоднинг фарзандлари,– деди. Тилмоч таржима қилди. Генерал мазах қилиб кулди. Чол ўша ҳолатда жавоб кутарди.
– А-га!– деди Скобелев.– Нима? Урушиб бўлдингларми?
– Кесатяпти,– деб тилмоч таржима қилди.
– Қуруқ ердан ўт чиқмайди. Нима қилайлик, ҳаёт тақозоси экан. Мана, тиз букиб, кечирим сўраяпмиз. Қишлоқда чолу кампир ва ёш болалардан бошқа одам қолмаган. Эгилган бошни қилич кесмайди,– деди оқсоқол.
– Нима?– деб бақирди Насриддин. У Скобелев тек турганини кўриб шаштидан тушди, тилмоч чолнинг гапини генералга аста тушунтирди.
– Бузуқиларни кечириш йўқ, қириб ташланглар,– деб буюрди генерал Скобелев.
Бир ёқдан солдатлар, бир ёқдан Насриддиннинг йигитлари халойиқни ўртага олди. Одамлар ўзларини ҳар томонга ура бошлади. Шунда ҳалиги оқсоқол ҳамқишлоқларини инсофга чақирди.
– Фойдаси йўқ. Жон талашманглар.– Барча жим бўлди. Насриддин биринчи бўлиб қиличини суғурди. Хаш-паш дегунча қор қонга бўялди. Навбат соқоли кўксига тушган оқсоқолга келди.
– Унга тегма,– деди генерал Скобелев.– Мен уни бу ерда тирик қолдираман. Энг яхши жазо шу…
Қишлоқ тўрт томондан қуршалиб, хотинларнинг нолиши, гўдакларнинг йиғиси ҳаммаёқни тутди. Зўравонлар қўлларига нима илашса олишди. Қош қорайганда уйлар ҳувиллаб қолди, итлар ули тортиб, ғингшиб изғишга тушди.
Энг охирида генерал Скобелев қишлоқда биронта тирик жон қолмаслигини, уйларга, молхоналарга ўт қўйишни буюрди. Қишлоқда на ит қолди, на ёнғиндан қочиб дарахтга тирмашган мушук қолди.
Жазоловчилар отряди ўлжани юклаб, молни ҳайдаб йўлга тушди. Қишлоқдан бурқсиган куюнди ва қон ҳидию бир чеккада оппоқ соқолидан қон аралаш ёш томаётган ёлғиз чол қолди”.
Даҳшатли тасвир! Ёзувчи воқеаларга аралашиб, шарҳлаб ўтирмайди. Бечора оқсоқол чол ҳам, шафқат кутиб оқ белбоғ боғлаб олган одамлар ҳам, золим Скобелев ҳам, ундан қолишмайдиган югурдак Насриддин ҳам бир-икки чизги воситасида жонли, аниқ гавдаланади. Ёзувчининг холис, совуққон нигоҳида шафқатсизлик бор. У қирғин манзараларини синчковлик билан суратлантирар экан, турли деталлар, тафсилотларни ўринли қўллай боради. Парчани ўқир эканмиз, хотинларнинг ноласи, чирқираб йиғлаётган гўдаклар фарёдини эшитиб сесканиб кетамиз, ули тортиб ғингшиган итлар, ёнғиндан қочиб дарахтларга тирмашган мушуклар кўз ўнгимизда аниқ жонланиб, фожиани бўрттириб кўрсатади. Муаллиф чор босқинчилари ҳақида бир оғиз ёмон гап айтиб, ҳақоратомуз, ножўя сўзлар ишлатиб ўтирмайди. Бу вазифани генерал ва аскарларнинг қилмиши, ҳатти-ҳаракатларининг ўзи яхши бажаради. Мустамлакачиларнинг ёвуз қиёфасини, қирғин ва ўлим уруғини сепиб, юртни қандай қонга ботиргани ҳақида яққол тасаввур беради. Ёзувчи очиқ айтмаган, аммо кўзда тутган босқинчи қўшинга нисбатан беадад нафрат ҳисси ўқувчи қалбига беихтиёр кўчиб ўтади. Тарихчи олимларимиз ва ҳукмрон мафкура оғиз кўпиртириб мақтаган “ихтиёрий қўшилиш” қай тарзда амалга оширилганини ҳис этгач, бояги нафрат туйғуси икки ҳисса кучаяди. Энди унинг тиғи мустамлакачилар билан бирга уларнинг содиқ югурдагига, ҳимоячиларига айланиб, ҳақиқатни яшириб келган маддоҳ мафкура тўтиқушларига ҳам қаратилади. Босқинчи қўшиндан меҳр-шафқат кутиб алданган бечора халойиқнинг аччиқ қисматига қаттиқ ачинамиз. Халқимизда “Тиз чўкиб яшагандан кўра тик туриб ўлган яхши!” деган мақол бор. Юқоридагига ўхшаб хор-зорликда беҳуда ўлгандан кўра мардона курашиб шаҳид бўлган афзал эмасми?..
Мен Ошоба қишлоғида бўлган эмасман. У ердаги одамларни, Ватан мустақиллиги йўлида азиз жонларини аямаган фидойи қаҳрамонларнинг ворислари – набиралари, эвара,чевараларини ҳали кўрганим йўқ. Аммо олис аждодларимизнинг эрксевар руҳини, жасоратини бағрига жойлай олган ошобаликлар Туркистондаги қаҳрамон қишлоқлардан бирида туғилиб-ўсганликлари билан ҳар қанча фахрланса арзийди деб биламан.
Тўғри, бу қишлоқдаги жанг ҳал қилувчи аҳамиятга молик бўлган эмас. У даҳшатли қирғинларнинг кичик бир томчиси, холос. Аммо тоғ одамларининг жасорати, мардлиги, эрксеварлиги таҳсинга сазовор. Улар ҳақида қўшиқлар тўқилса, йирик асарлар ёзилса арзийди.
Биз рус халқидан тарихни қандай ардорқлашни ҳам ўрганишимиз зарурга ўхшайди. Улар мўғуллар устидан қозонилган ғалаба шарафига Куликово майдонида улкан ёдгорликлар тиклаб қўйишган. Бородино жанги хотираси учун муҳташам обидалар ўрнатишган. Севастопол мудофасини жонлантирувчи панорамалар барпо этишган. Бу жойлар қадамжога, зиёратгоҳга айланган.
Ўзбекистонда эса миллий ғуруримизни юксалтирадиган бундай обидалар қуриш, афсуски, ҳануз ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келгани йўқ. Бунинг ўрнига биз бутунлай бошқа манзараларни кўрамиз. Азим Самарқанд остонасида – Чўпонота тепаликларида чор босқинчи аскарларига қўйилган улкан обида ҳамон савлат тўкиб турибди. Неча бор гап-сўз бўлганига қарамай, уни бузиб ташлайдиган марди-майдон негадир топилмаяпти. Мен бу ёдгорлик Ватан мустақиллиги йўлида курашиб ҳалок бўлган инсонлар, улуғ аждодларимиз хотирасини топташ, уларга нисбатан қилинган жуда катта ҳурматсизлик деб биламан. Айни замонда ўлкамизнинг бирон-бир бурчагида – на Тошкентда, на Самарқанд, на Қўқону Хевада босқинчиларга бўйин эгмасдан, тиз чўкиб яшашдан кўра мардона ўлимни афзал кўрган фидойи қаҳрамонлар хотирасига қўйилган бирон-бир ёдгорлик ёки оддийгина лавҳа борлигидан хабарим йўқ. Нега биз уларни эсламаймиз, эъзозлаб, бошимизга кўтармаймиз?! Шу оддий инсоний бурчни, эзгу вазифани бажариш учун йиллаб бошқа жойдан буйруқ, фармон кутиб қўл қовуштириб яшашимиз керакми?!
Ватан озодлиги, Туркистон мустақиллиги йўлида курашиб ҳалок бўлган фидойиларни юртимиз қаҳрамонлари сифатида улуғлаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз ҳисобланади. Ҳар бир қишлоқ ва шаҳарда уларга ёдгорликлар тикланиши, уларнинг порлоқ хотираси эъзозланиши шарт. Балки, бу эзгу ишни биринчи бўлиб ошобаликлар бошлаб беришар? Ҳар ҳолда бу жасур тоғ қишлоғида – қаҳрамон аждодлар яшаган муқаддас масканда Озодлик ҳайкали тикланишига ишонгим келади.
Рус босқинчи қўшинига қарши мардона курашган ва таслим бўлмаган Ошоба қаҳрамонларининг жасорати тарих дарсликларида ёритилиши, ёш авлодни Ватан мустақиллигини, эркини баланд тутувчи мард, жасур, жанговар кишилар қилиб тарбиялашда намуна сифатида олиниши зарур. Уларнинг юксак жасорати ана шундай ардоқланишга ҳар жиҳатдан лойиқ.
Бугун жумҳуриятимиз мустақилликка эришган қутлуғ айёмда ошобалик шаҳидлар руҳи олдида таъзим қиламан. Уларнинг пок руҳи Оллоҳ марҳаматига сазовор бўлсин. Омин!

Ортиқбой Абдуллаев

 
Мунавварқори Абдурашидхонов. Ўзбекистонда вақф (1924)
13.03.2014 23:35    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Фақат Ўзбекистон жумҳуриятида вақф бор, бошқа ёқларда йўкдек.

Ўзбек халқи ўзига айрим катта бир жумҳурият бўлиб тузилгандан кейин вақф ишлари яна ҳам аҳамият касб этадир.

Бош вақф идораси вақфни кенг доирада идрок қилиш учун тузган лойиҳаси 15 декабргача Инқилобқўм ҳайъат раъиясига тақдим қилса керак. Бу лойиҳа Шўролар Марказий Ижроқўми томонидан ҳам тасдиқ этиладир. Шу вақтғача айрим бўлган Бухоро, Хоразм жумҳуриятларидаги вақф мулклари жуда сустлик билан келган, кўп мулклар рўйхат қилиниб, рўйхатга олиш ҳам вақф қарамоғидаги эски-янги мактабларни қандай ҳисоблаш ва бошқалар учун Бош вақф идораси томонидан бир таълимот юборилди.

Хоразм, Бухоро жумҳуриятларидаги вақф мулклари 1925 йил биринчи апрелигача рўйхат қилинуб бўлғусидир.

Миллий жумҳуриятларга бўлиниш муносабати билан Ўзбекистон жумҳурияти доирасидаги вақф мулкларидан фойдаланиш Қозоғистон, Қорақирғизга ўтиб кетадир. Мана бу масала жумҳуриятлар тузилиб битгунча идора қилиш тегишли ҳукумат идораларининг қўлида бўладир.

Вақф мулки бўлибда ҳозиргача бошқа ҳукумат идораларининг тасарруфида бўлган жойлар 25-йилнинг биринчи апрелигача Бош вақф идорасига ўтказиш учун тегишли идоралар билан чораси кўрилур.

Бухородаги вақф мулклари мамлакатнинг тўртиндан бирини, Хоразм вақф мулклари мамлакатнинг учдан бирини ташкил этгани ҳолда ўшал жумҳурият комхозларининг қўл остида идора қилиниб келадир, десак, хато бўлмас. (Бундан оз бир қисми вақф идораларида тасарруф қилинадур.) Вақф ерларидан деҳқонларга бўлиниб берилмаган боғлар, чорвоқлар бордирки, булар ҳар кимларнинг қўлида ётадир. Шуларни Бош вақф идорасига ўтказиш чораси кўрилмоқда ва лойиҳалари тайёрланмоқдадир.

Бош вақф идораси Ўзбекистон доирасидаги вақф сармояларини хусусий фондда сақлаш ҳаракатида. Бош вақф идорасининг ҳозирғи сармояси 700 минг сўмдир, агарда мамлакат мулклари рўйхатга олиниб бўлса, вақф даромадини ўн мартаба орттириш кутиладир.

Ҳозир вақф таъминотида, Хоразм ва Бухородан ташқари, 85 бошланғич мактаб, 6638 ўқувчи, 2—3 босқич мактаб, 400 ўқувчи, 10 саводсизлар курси, 6 таълим-тарбия курси бор. Бундан бошқа вақф шефлигида клуб, қироат-хона, хотин-қиз билим юрти ҳам 25 стипендия олғувчи бор. Демак, Бош вақфнинг умумий даромадидан 89 ярим просенти илмий ишларга сарф бўлиб, қолгани идора ишчиларига кетадир.

Бош вақф идораси ўзининг кейинги планида кўрсатилган ишларни бажариб, бутун вақф мулкларини инвентарга олса, ундан чиқодирғон даромадга қилинадурган ишлар жуда кўп. Бухоро ва Хоразмда таълим-тарбия курслари очиш, янги мактаб бинолари солиш ҳам четларда ўқувчи талабаларга кўпрак ёрдам бериш биринчи вазифалардандир. Шунинг билан бирга даромад манбаларини кўпайти-риб, бузилган дўкон, саройларни тузатиш керак.

«Қизил Ўзбекистон» газетаси, 1924 йил, 11 декабр

 
Дукчи Эшон ва Николай иккинчи
24.08.2013 03:22    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

17 май куни Дукчи эшон раҳбарлигидаги халқ исёни бошланганига 115 йил тўлади. Мустақилликкача бу исён ва унинг раҳнамоси ҳақида бирон бир ҳақиқатга яқин маълумот олишнинг ўзи қийин эди. Мустақилликдан кейин Дукчи эшон ҳаёти ва фаолиятига оид юзлаб мақолалар,ўнлаб китоблар нашр этилди. Аммо,ҳанузгача Дукчи эшон шахсияти ва фаолияти қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда.Агар бир тараф уни она юрт истиқлоли учун муҳораба майдонига чиққан фидойи деб баҳоласа,иккинчи тараф уни ўйламай иш тутган,қанча бегуноҳ одамларнинг нобуд бўлишига сабабчи бўлган, халифалик тузишни кўзлаган чаламулла сифатида қоралайди. Менинг ўйлашимча, ҳар икки тарафнинг гапида муайян ҳақиқатлар мавжуд. Аммо,рад этиб бўлмас ҳақиқат шундаки, Дукчи эшон,энг аввало, мустабидликка қарши,миллатининг эрку озодлиги учун майдонга чиққан эди. Бу кундай равшан  ҳақиқат. Унинг исёнчи сифатидаги дунёқарашида ноқисликлар мавжуд бўлгани ҳам шундай очиқ ҳақиқатдир. Айтиш лозимки, биз бугунги кундан туриб, юртимизнинг мустамлакага айланишидан анча аввал бошланган (буни англаш учун Ҳакимхон тўранинг «Мунтахаб ат-таворих» асарини ўқиш кифоя) , мустамлака даврида кучайган жаҳолат ва таназзул даврида яшаган шахсга баҳо бермоқчи бўламиз. Уни анча илғор халқлар тарихида рўй берган ҳурриятга интилиш ҳаракатлари раҳбарлари билан хаёлан солиштирамиз ва хато хулосалар чиқарамиз (Сизга тақдим этилаётган мақолада айни шу баҳслару мунозаралар ҳақида фикр юритилади). Яна бир аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, Дукчи эшон хусусда бир қарорга келолмаслигимиз  оқибатида ( бунинг осон ва аниқ иложи борлигига ҳам ишончим йўқ) , унинг эрк ва истиқлол ҳақида айтган гапларидан руҳланиб,майдонга чиққан  инсонлар хотираси олдида уятдан бош эгиб туришдан бошқа ишга ярамаймиз. Тўғри, ҳар қандай инқилоб ва исён майдонга чинакам фидойи инсонлар қаторида кўр оломонни ҳам олиб чиқади. Аммо, кўр оломонни деб  юрт учун бошини дорга тиккан фидойиларда нима айб?
Қўзғолон халқ томонидан қўллаб қувватланганини тергов ҳужжатлари ва ҳарбий суд қароридаги ушбу сўзлар исботлайди: «Прискорбные события в ту трагическую ночь,ясно показали, кто есть кто: из местного населения нашлось всего три человека, осознавших свой долг перед великой Россией» («Ўша фожиали кечада рўй берган ҳалокатли воқеалар кимнинг ким эканлигини ёрқин кўрсатди, маҳаллий халқ орасидан бор йўғи уч кишигина буюк Россия олдидаги бурчини англаган чиқди»).
Исён бостирилгач, Туркистон ўлкасининг ҳарбий губернатори Духовский Андижон майдонларидан бирида мажбуран олиб келинган халойиққа қарата шундай деган эди: «Ужели не понимали вы, что песчинке не пристало бороться с великой горою?» (Наҳотки,сиз қум зарраси қудратли тоғ билан курашиши мумкин эмаслигини тушунмадиларинг?»
Исёндан ларза тушган «қудратли тоғ»  уятсизлик ва пасткаш эди.  Ҳар қaдамда (то ҳозиргача)  »Биз бу ўлкага цивилизация олиб келдик» деб кериладиган империя малайлари  энг  ёвуз  кимсаларгина қилишга қодир ишлардан қайтмади:    қўзғолон раҳбарларини қатл қилаётган майдонга ёш болаларни олиб келиб,олдинги сафларда тизиб қўйишдан орланмади,уялмади. 380 кишини ўлимга ҳукм этиш билан халқ юрагида қўрқув уйғотишга  уринди.  Аслида буларнинг барчаси «қудратли тоғ» вужудида қўрқув уйғонганидан далолат эди.
Гувоҳ бўлганларнинг сўзларига кўра, қатл олдидан Дукчи эшон қўллари титраётган бўлса-да,руҳан ўта хотиржам бўлган. Қўлларининг титроғи эса жаллодлар ва ўлим билан юзлашганидан эмас, Яратган олдида бўлажак имтиҳон ҳаяжони ва қўрқуви эди.

Хуршид Даврон

Мансурхон  Тоиров
ДУКЧИ ЭШОН ВА НИКОЛАЙ ИККИНЧИ

Тарихий хотираси бор инсон – иродали инсон. Такрор айтаман, иродали инсондир. Ким бўлишидан қатъи назар, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ўтмишини яхши билса, бундай одамларни йўлдан уриш, ҳар хил ақидалар таъсирига олиш мумкин эмас. Тарих сабоқлари инсонни ҳушёрликка ўргатади, иродасини мустаҳкамлайди.

Ислом Каримов

Ровийларнинг айтишича, шоҳ аввал қароқчилик қилган-у, сўнгра бу йўлдан қайтган, қизиқ-қизиқ ҳикоят ва латифалар айтиб дилларни овлашга моҳир бир кишини мусоҳиблари сафига қўшган экан. Бир зиёфатда ошпазлар дастурхонга қирғовул гўшти тортаётганини кўриб, собиқ қароқчи мийиғида кулиб қўйибди. Бунга иттифоқо кўзи тушган шоҳ ундан нима сабабдан кулганини сўрабди. Қароқчи тўғри жавобдан бўйин товлай олмай бундай дебди: “Шоҳим, қароқчилик қилган кезларим қай кун даштда бир кишининг йўлини тўсдим. У ҳеч бир қаршиликсиз ҳамёнидаги бор ақчасини қўлимга тутқазди. Лекин мен бу воқеани кейин гуллаб қўймасин, деган ҳадикда уни ўлдирмоқчи бўлдим. Шунда, у “Биродар, жонимга қасд этмай мени қўйиб юбор. Оллоҳга қасам, сенга ҳеч бир даъвойим йўқ. Оилам ёнига омон қайтсам, шунинг ўзи кифоя…” дея ялина бошлади. Мен бу илтижога парво қилмай, қилични даст кўтардим. Шу чоқ у талваса-ла ён-атрофга аланглади-да кўкда учиб бораётган бир гала қирғовулга қарата “Эй қирғовуллар, сизлар шоҳид, мени ноҳақ ўлдираётир”, деб бақирди. У шу сўзларни айтишга улгурдию қилич зарбидан жон берди. Умрим бино бўлиб бундай нодонни учратмаган эдим, шоҳим. Ахир, ҳеч замонда қирғовул ҳам гувоҳликка ўтадими?! Ўша нодоннинг гапи ёдимга тушиб, мийиғимда кулиб қўйган эдим”. Собиқ қароқчи ана шу сўзларни айтиб шоҳга боқса, ҳукмдорнинг авзойи бузилган, зиёфат аҳли эса кўзини ерга қадаб сукутга чўмганмиш. Шунда шоҳ “Қирғовул шоҳидлик берди! Жаллод, олиб чиқ буни!” деган экан…
Оқ подшо ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсати оқибатида миллий камситилишнинг чуқурлашиб бориши, солиқ юки ва ижтимоий зулм ҳаддан зиёд ортиши, айниқса, Русиядан кўчириб келинган “мужик”ларга катта ер майдонлари тақсимлаб берилиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун полиция ташкил этилиши маҳаллий аҳолининг хўжалик юритишини қийинлаштириш баробарида иззат-нафсига ҳам оғир ботди. Ана шу сабабларга кўра, Каттақўрғон, Самарқанд ва Тошкентда кўтарилган қўзғолонлар шафқатсизларча бостирилганига қарамай, 1898 йили Андижоннинг ерли аҳолиси ҳам чор Русияси ҳукуматига қарши Дукчи эшон бошчилигида оёққа қалқди.
Дукчи эшон нақшбандия тариқатининг минтақадаги бообрў шайхларидан бўлиб, асл исм-шарифи Муҳаммад Али халфа эди. Уни Шайхи дуктарош ёки Дукчи эшон деб аташларига сабаб, урчуқ – дук ва беланчак ясаб, “Дилинг Оллоҳда-ю, қўлинг ишда бўлсин” (”Дил ба ёру даст ба кор”) ақидаси бўйича тирикчилик қилганидир.
Тарихчи олима Д.Алимова интернет сайтларидан биридаги “История и время” (“Тарих ва замон”) номли мақоласида Дукчи эшон қўзғолонига мана бундай баҳо берган (мақола рус тилида ёзилган бўлиб, иқтибосни аслиятда келтирмоқдамиз): “Приведу лишь один только пример – касательно истории известного Дукчи Ишана, возглавившего выступление населения Андижана в 1898 г. против царской администрации. Конечно же, это было национально-освободительное движение. Однако возведение Ишана в исторической публицистике в национального героя не правомерно. Ведь здесь необходимо углубленное изучение его взглядов и позиций. Исследование произведения самого Дукчи Ишана “Ибрат ал-Гофилин” показывает его узкое мировоззрение и скудость интеллекта, выявляет разнохарактерность целей участников восстания и его предводителя. Амбиции Дукчи Ишана, реализованные посредством религии и экономических требований участников восстания, уставших от беспредела колониальных властей, вынудили его возглавить выступление, а не отнюдь высокие мотивы освобождения Родины. Сам он мечтал о создании внеэтнического суверенного исламского государства, возрождении истинного ислама и призывал к газавату. К счастью, сейчас в этом вопросе поставлены точки над i публикацией Б.Бабаджанова (Б.Бабаджанов. “Андижанское восстание 1898 года: Дервишский газават или антиколониальное выступ­ление?”) // “O‘zbekiston tarixi”, 2001, №2.)”
Мен ушбу парчани диққат-ла ўқиб чиққач, “i” устига нега нуқта қўйилди экан, олима бу билан нима демоқчи бўлади, дея мушоҳадага толдим. Бу Дукчи эшон тарихини тадқиқ этиш ниҳоя топди деганими ёки Муҳаммад Али халфани миллий қаҳрамон аташга чек қўйдик деганими? Ваҳоланки, она-Ватанимиз ўтмишига – унинг дукчи эшонлари тарихига бот-бот қайтмоғимиз зарур ва, демакки, бу масалага на Д.Алимова, на Б.Бобожонов нуқта қўя олади. Дарвоқе, бир замонлар анча-мунча “ажнабий”лар шундай нуқта қўймоққа чоғланган ва баъзи масалаларда озми-кўпми ниятига етган ҳам эди. Д.Алимова тарихчи сифатида бунга биздан-да кўпроқ мисол келтира олишига шубҳа йўқ. Ушбу аччиқ тажриба ҳам даъват этадики, тарихимизни англашга дарров нуқта қўя қолмаганимиз маъқул. Зеро, халқимиз кечмишини ҳаққоний ўрганиш фурсати энди келди! Ўтмишимиз қандай бўлмасин ўзимизники ва уни рўй-рост халққа етказиш тарихчиларимиз бурчидир. Курраи арзда шахсий амбицияси – иззат-нафсини деб лак-лак одамларни оёққа қалқтирган не-не тарихий шахслар ўтган ва бундан кейин ҳам албатта ўтади. Тарих фани амбицияси – иззат-нафси бўлмаган шахслар билангина шуғулланмоғи зарур деган гапни ҳеч ерда эшитган ҳам, ўқиган ҳам эмасман…
Ҳақиқатан ҳам, Дукчи эшон қўзғолон раҳбари сифатида баъзи хатоларга йўл қўйган ва буни исботловчи аниқ далиллар бисёр. Аммо менимча, унинг энг катта нуқсони ўзи бошқарган қўзғолонда мағлуб бўлганидир. Дукчи эшон ғолиб келганида, унинг амбицияси – иззат-нафсига ҳам ўзгача баҳо берилармиди?! Спартак Рим қулларини озодлик сари курашга бошлаганида, авваламбор, ўз эркию иззат-нафсини кўзлагандир?! Ёки фақат ўзгалар ҳурлигини мақсад қилиб олганмикан? Емельян Пугачев-чи? Степан Разин-чи? Нима, уларда иззат-нафс бўлмаганми? Нега улар ҳақидаги ҳукм Дукчи эшонникидан бошқача? Тарих, жиллақурса, сўнгги нуқтасини қўйишу саҳифасидан номини ўчиришга шошмаяпти-ку!
“Дукчи эшон қўзғолони иштирокчиларидан 777 нафари ҳибсга олиниб, тергов қилинади. Кўплари калтаклаш ва бошқа қийноқларга чидолмай қамоқхоналарда жон беради. Терговдан сўнг 415 киши суд қилинади, улардан 32 нафари айбсиз деб топилиб оқланади, 380 нафари эса айбдор деб топилиб ўлим жазосига ҳукм этилади. Бир кишига умрбод қамоқ жазоси, уч кишига ахлоқ тузатиш лагерида муддатни ўташ билан боғлиқ жазо белгиланади. Бироқ император авфи билан юқорида зикр этилган 380 кишидан фақат 18 нафари (бошқа бир маълумотга кўра, 21 нафари) осиб ўлдирилади. Қолган 362 нафарига тайинланган жазо енгилига алмаштирилади: 3 киши – умрбод сургунга, 147 киши – 20 йилга, 41 киши – 15 йилга, 1 киши – 13 йилга, 1 киши – 8 йилга, 47 киши – 7 йилга, 4 киши – 4 йилга, 15 киши – Сибирь сургунига ва 3 нафар вояга етмаганлар ахлоқ колониясига ҳукм этилади.” (“Русский инвалид”, 1898, №127). Бундай фожиага, бир томондан, Дукчи эшон ярим ялонғоч, оч-наҳор, кетмон ва паншаҳа билан “қуролланган” қўзғолончиларни суст бошқаргани, иккинчи томондан, Русия императори Николай Иккинчининг Туркистон ўлкасидаги ғайриинсоний тартиблари сабаб бўлган.
“Эшонни дорнинг тагига олиб келиб, оёғидаги темир кишанни очамиз деб уриндилар, илож бўлмади, шекилли, болға билан уриб синдирдилар ва бошқа рафиқларнинг кишанлари ҳам уруб синдирилди… Дорни тикар вақтида дорнинг тегига одам бўйидан пастроқ чуқурлар қазилиб, устига бўйра ёпиб қўйилган экан. Бир тўп солдатлар келиб, қўлларидаги шофлари билан арғамчиларни кесиб юбордилар. Ҳаммалари ерга чўзулуб тушдилар. Кейин бир арава оҳак келтириб, олти кишини икки чуқурга ташлаб, устидан оҳак ташладилар. Ҳар тарафдан тупроқларни тортиб, бирор газ тупроқ тушгандан яна оҳак солиб, ҳосили тупроқни оҳак билан аралаш қилиб, қаттиқ тепиб кўмдилар…”(Фозилбек Отабек ўғли. Дукчи эшон воқеаси. Т., “Чўлпон”, 1992, 52, 54-55 бетлар).
Дукчи эшон ва унинг яқин сафдошларини дорга осгач, ҳатто суяги ҳам қолмасин дея жасадлар устидан оҳак сочган ҳамда қабрлар изини йўқ қилишга уринган ваҳший тузум Муҳаммад Али халфанинг “дунёқараши тор ва ақл-идроки ночорлигини, қўзғолон иштирокчилари ва улар раҳнамосининг мақсади турлича бўлганини кўрсатади”ган “Ибратул ғофилийн” китоби сақланиб қолишига нечук йўл қўйди экан?! Авваламбор, тарихчиларнинг “Ибратул ғофилийн” асари айнан Дукчи эшонга тегишли эканига қанчалар ишончи комил? Қолаверса, мазкур асар ҳақида Б.Бобожоновга зидма-зид, ижобий фикрлар баён этган муаллифлар ҳам бор. Чунончи, адиб С.Сиёев “Ибратул ғофилийн” асари “дину диёнат нурига ошуфта кўнгилларга ажиб бир зиё элтиб, дилларни илоҳий бир туйғу ила тўлдиришига” имони комил эканини таъкидлайди. (“Юлдуз – Андижон осмонида”. Китобга сўзбоши // Фозилбек Отабек ўғли. Дукчи эшон воқеаси…, 4-бет). Мен Муҳаммад Али халфа ва унинг шахсига Д.Алимова берган салбий баҳо ҳақида ўйлаганимда, қуйидаги шубҳакор хаёлларга бораман. Кўп асрлик тарихимизни обдон сохталаштириб, бизни манқурт қилмоқчи бўлган ўша империя асоратлари ҳали ҳам онг-тафаккуримизни чалғитишда давом этмаяптими?! Шу империя Дукчи эшон жасади узра оҳак аралаш тупроқдан уйган қабр тошига шошма-шошарлик билан мазкур шахс фақат иззат-нафсинигина кўзлаган, деган хулосамизни ёзиб қўймаяпмизми? Мустақиллик йўлида Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон ўзи билганича, Дукчи эшон ҳам ўзи билганича кураш олиб борган-ку?! Ватан озодлиги учун курашлар тарихида ғалабага элтувчи зарур фазилатларга эга бўлмаган йўлбошчи биргина Дукчи эшонми? Ахир серфазилат одамлар кўпинча пана-панада биқиниб юрган ва ҳокимият билан ҳатто муроса ҳам қилиб кетаверган-ку! Д.Алимова талабига жавоб бериши мумкин бўлган Қодирқул мингбошига ўхшаш юртдошларимиз, афсуски, чор Русияси қўлида Туркистон эркини паймол этувчи қуролга айланган. Бундай кимсалар “ватан” деганда бир бурда нон ивитилган ювиндию ит ғажиган бир бўлак суяк тутувчи қўлни тушунган. Балки кимгадир Дукчи эшон дин пешвоси бўлгани ҳолда бундай қўзғолонга бошчилик қилгани ёқмас? Бироқ айни табақага мансуб шахслар ватан ва халқ озодлиги йўлида курашга бошчилик қилгани тарихда кўп учрайди. Бунга мисол сифатида Хоразм халқини Чингизхон босқинига қарши оёққа турғазган шайх Нажмиддин Кубро, бу йил таваллудининг 600 йиллиги нишонланаётган, Франция озодлиги учун кураш алангасида тобланган диндор бокира қиз Жанна д’ Арк, Американинг қора танли аҳолиси ҳақ-ҳуқуқлари йўлида жон фидо қилган руҳоний Мартен Лютер Кинглар номини тилга олиш кифоя қилар?!
Дукчи эшон ва унинг сафдошлари шафқатсизларча жазолангандан сўнг, бир неча йил ўтиб Русия императори Николай Иккинчи ундан-да аянчлироқ ўлим топганига нима дейсиз?
Николай Иккинчи 1894-1917 йиллар мобайнида Русия императори бўлган. У 1917 йилги Февраль инқилобидан сўнг тахтдан воз кечишга мажбур этилади. Сўнгги Романов бошқарувни муваққат ҳукуматга топширгач, Русияда фуқаролар уруши аланга олиб кетади. Уй қамоғида сақланаётган подшоҳни аввал муваққат ҳукумат Сибирга, сўнгра большевиклар Уралга жўнатади. Ундан ҳам кейин Николай Иккинчи Екатеринбург шаҳрида оила аъзолари билан бирга қатл эттирилади. Русиянинг сўнгги тахт соҳибини замондошлари ва муаррихлар турлича тавсифлаган. Кўпчилик унинг салоҳияти Русияни қамраган сиёсий инқирозни даф этиш қадар юксак бўлмаган деган қарашни билдиради.
…Шоҳ ақлли, ўқимишли, билимдон одам эди. У айниқса кишиларнинг исми-шарифини ёдда узоқ сақлаб қолар ва ниҳоятда дилкаш суҳбатдош эди. Шоҳ тарихни яхши билар ва шу соҳага оид жиддий тадқиқотларни ёқтирарди. У жисмоний меҳнатни хуш кўрар, бусиз яшай олмасди…
…Подшоҳнинг хулқ-атворидаги асосий хусусият юмшоқ табиатлилик эди…
…Императорнинг Русияга муҳаббати масаласига келсак, у ватанини шу қадар севардики, сўз билан таърифлаш қийин. Русия унга насронийлик дини қадар азиз эди; у динидан воз кеча олмаганидек, ватанини ҳам тарк эта олмади…
…Шоҳ на салобати, на сўзи билан аскарлар қалбини забт этолган, уларнинг руҳини кўтариш ва мафтун этишга муяссар бўлолган. У қўлидан келган барча ишни қилган ва шу жиҳатга кўра уни айбдор деб санаш қийин, бироқ у халқни юксак марраларга чорлай олмаган (А. А. Брусилов).
У ҳақда касалманд, аҳмоқ, жоҳил… дея ноҳақ сўзлашади. У оддий гвардия офицери эди (А.П.Чехов).
Николай Иккинчи ҳаётидаги асосий воқеалар қуйидагилардан иборат. Бўлғуси под­шоҳга соҳибсалтанат Александр Учинчи буйруғига кўра, диний асосда таълим-тарбия берилади. Николай 13 йил давомида махсус дастур асосида ўқийди. Таълимнинг дастлабки 8 йили чуқурлаштирилган гимназия дастури асосида олиб борилиб, сиёсий тарих, рус адабиёти, инглиз, немис ва француз тили дарсларига алоҳида эътибор қаратилади. Сўнгги беш йил ичида эса у давлатни бошқаришда асқатадиган ҳарбий санъат, ҳуқуқ ва иқтисод фанларини ўрганади. Маърузаларни дунёга машҳур рус олимлари Н.Бекетов, Н.Обручев, Ц.Кюи, М.Драгомиров, Н.Бунге, К.Победоносцев ва бошқалар ўқийди. Пресвитер И.Янишчев валиаҳдга ҳуқуқ асосларини илоҳиёт ва дин тарихига боғлаб тушунтиради.
1894 йили Николай Иккинчи немис маликаси Алиса Гессенскаяга уйланади. Ана шундан сўнг пошшо хоним Александра Федоровна номини олади. Улар аввал тўрт – Ольга (1895), Татьяна (1897), Мария (1899) ва Анастасия (1901) деган қиз фарзанд кўради. 1904 йили Петергофда бешинчи фарзанд, ёлғиз ўғил – шаҳзода Алексей Николаевич туғилади.
Империянинг иқбол қуёши йилдан-йил сўниб, 1917 йил 25 февралда Николай Иккинчи манифести билан Давлат Думаси фаолияти тўхтатилади. Бундай қарор Русиядаги танг сиёсий вазиятни баттар чигаллаштиради. Николай Иккинчи алалоқибат 1917 йил 2 мартда тахтдан воз кечишга мажбур бўлади. Тожсиз шоҳ 1917 йил 9 мартдан 14 августгача оиласи билан Царское Селодаги Александровск саройида уй қамоғида яшайди. 1917 йил 14 августда эса яна оиласи билан 7 нафар офицер ва 337 нафар солдат қўриғида Тьюменга жўнатилади.
Давлат тепасига большевиклар келгач, император оиласи Тьюмендан Екатеринбургга кўчирилади. Улар тоғ муҳандиси Н.Ипатов уйига жойлаштирилади. Император оиласи билан бирга уларга хизмат этувчи яна беш киши – шифокор Е.Боткин (сариқ касалини кашф қилган олим), камерлакей А.Трупп, Александра Федоровнанинг оқсочи А.Демидова, ошпаз И.Харитонов ва ошпаз ёрдамчиси Л.Седнёв ҳам шу ерда истиқомат этган. Шоҳ оиласи ушбу манзилда ҳаётининг сўнгги 78 кунини ўтказган.
1918 йил 12 июлда император ва унинг оила аъзоларини қатл этиш ҳақида қарор қабул қилинади. Ушбу қарорни ким, қаерда, нега қабул қилинганию асл нусхаси қаерда сақлангани ҳануз сир бўлиб турибди. Шоҳ ва унинг оиласи Урал ишчи-деҳқон ва солдатлар кенгаши қарорига кўра қатл этилган деган ясама ҳужжат кейинроқ “пайдо бўлган”. Русия императори, унинг рафиқаси ва фарзандлари, доктор Боткин ҳамда шоҳ оиласи хизматидаги кишилар (ошпаз ёрдамчиси Л.Седнёвдан ташқари, бу гумашта сотқин шекилли, фожиадан бир-икки кун аввал ишдан четлатилиб, уйдан ҳайдалган) “Махсус ваколатли уй” – Екатеринбургдаги Н.Ипатов уйида 16 июлдан 17 июлга ўтар кечаси қатл этилади. Шоҳ оиласига тегишли барча шахсий буюм ва бойликлар қатлдан сўнг талон-тарож қилинади. (Николай Иккинчининг рафиқаси ва қизлари либослари ичига олтин занжирлар, бошқа қимматбаҳо тақинчоқ ва тошларни яшириб олган эди.)
Қатл куни Николай Иккинчининг оила аъзо­лари ва барча хизматчилари, одатдагидек, соат 22 дан 30 дақиқа ўтганда ухлашга ётади. Орадан роппа-роса бир соат ўтганда бу ерга икки киши махсус топшириқ билан келади. Улар қоровуллар бошлиғи П.Ермаков ва уй коменданти Я.Юровскийга қатл ҳақидаги қарорни топшириб, ҳукмни зудлик билан ижро этиш талабини қўяди. Уйқудан уйғотилган шоҳнинг оила аъзолари ва барча хизматчиларига Оқ армия аскарлари шаҳарга бостириб келаётгани, тўқнашув чоғида уй ўққа тутилиши мумкинлиги, шу сабаб дарҳол уйнинг ертўласига тушиш зарурлиги айтилади. Ертўлага тушилгач, ҳукм эълон қилинади ва қатл ижросига киришилади. Ушбу машъум “тадбир” кечаси соат бирда тугайди. (Мазкур сатрларни қалбда изтироб ва кўзда ёш билан ёздим – М.Т.)
Я.Юровский қўлидаги рўйхат бўйича қатлни ижро этган барча аскарлар венгер ўқчилари бўлган. Бу аскарлар рус тилини мутлақо билмаган, улар Я.Юровский билан немис тилида гаплашишган.
Оқлар ҳаракати Русиянинг Олий ҳукмдори деб эълон қилган адмирал А.Колчак изқувар Н.Соколовга Николай Иккинчи ва унинг оила аъзолари қатли юзасидан қидирув олиб боришни топширади. Аммо Колчак отиб ўлдирилгани, Совет ҳокимияти ўрнатилгани ва Н.Соколов Парижда вафот этгани сабаб ушбу қидирув охирига етмай қолади. 1991 йили Н.Соколов маълумотларига асосланиб, император оиласи жасадларининг қолдиғи топилади (ушбу жасадлар МВД ходими Г.Рябов тамонидан 1979 йили топилиб, қайтадан кўмиб ташланган эди). 2007 йил ёзида яна Эски Коптяков йўлида қидирув ишлари йўлга қўйилади. Бу гал шоҳ оиласининг 1991 йили топилмаган икки аъзоси (шаҳзода Алексей ва малика Мария) жасади қолдиқлари изланади. Ниҳоят император кўмилган жой яқинидан 10-13 ёшлардаги ўғил ва 18-23 ёшлардаги қиз жасади қолдиқлари топилади. Екатеринбург археологлари ва экспертлари хулосасига кўра, ушбу қолдиқлар шаҳзода Алексей ва малика Мария жасадига тегишли экани тасдиқланади. Николай Иккинчининг фарзандлари чопиб ташланганидан далолат берувчи из уларнинг елка қисмида аниқланган. Бундан ташқари калла суягида ўқ ҳосил қилган тешиклар ҳам бор. Николай Иккинчи, унинг оиласи ва хизматчилари жасади элтиб ташланган лаҳадга тупроқ аралаш оҳак ва кислота сепилган.
Омманинг вахшиёна қатлга муносабатини ўша даврда яшаган В.Коковцов қуйидагича ифодалайди: “Аянчли хабар эълон қилинган куни мен икки бор кўчага чиқдим, трамвайда шаҳар кездим, аммо бирор ерда озгина бўлсин раҳм-шафқат, ачиниш-қайғуриш аломати кўрмадим. Ахборот баланд овозда, кесатиқ ва мазах оҳангида ўқиларди… Маънисиз бир тошбағирлик, қонсираган бир манманлик руҳи ҳукм сурарди. Теварак-атрофдан “Аллақачон шундай бўлиши керак эди”, “Қани яна бир шоҳлик қилиб кўр-чи энди”, “Николашкага – кришка”, “Эй, биродар Романов, ўйнаб бўпсан-да”, деган жирканч сўзлар эшитиларди…”
Император ва унинг оиласи жасади қолдиқлари 1998 йил 17 июлда Санкт-Петербург шаҳридаги Петропавловск хилхонасига олиб келиб дафн этилди. Николай Иккинчи азоб-уқубат чеккан мўътабар зот дея эълон қилинди. Унинг хотирасини абадийлаштириш учун Екатеринбургдаги Ипатев уйи ўрнида муҳташам ибодатхона барпо этилди.
Эвоҳ, бир давр ва бир давлатда яшаган икки инсон фожиаси нақадар муштараклиги киши этини жунжуктириб юборади. Нақшбандия сулукининг пири ма­қомига эришган ва дукчилик ҳунари ортидан кун кечирган Муҳаммад Али халфа иттифоқо Худоёрхон каби умргузаронлик этишга ҳавас қилиб, шахсий иззат-нафси йўлида халқ бошига фалокат ёғдирган дея хулоса чиқарсак, ноҳақ бўламиз чоғи. Унинг қамоқхонада жабр-зулмга мардона чидагани ва қўзғолон аҳлидан бирортасини сотмагани, айниқса, чор Русияси ҳукумати олдида тавба-тазарру қилмагани бу зотни асл матонатли шахс, чин ватанпарвар инсон дея олишимизга асос беради, бизнингча. Ҳамид Зиёев “Туркистонда Россия тажовузи ва ҳукмронлигига қарши кураш” китобида (Тошкент, “Шарқ”, 1998 йил) Фозилбек Отабек ўғли лафзидан ушбуларни баён этади: “Арслонбоб тарафига излаб юргувчи Яъқуб қўрбоши билан Қодирқул мингбошига одамлар эшонни шу тарафда кўрганларини айтганлари учун Арслонбобга яқин Тошкўприк деган тор йўлни тўсиб турганларида, Эшон ўша йўлдан бориб, Тошкўприк устида учраб қолғон. Дарҳол Яъқуб қўрбоши: “Эй, тақсир! Ман сизни кутиб турибман, ёрдам қилмоқ учун” деб, отдан ўзини ташлаб кўришмоқчи бўлиб югурган, эшон ҳам отдан тушиб, йиғлаб қучоқлашиб кўришган вақтда, эшонни кўтариб, тагига босиб олган ва одамларни чақириб, боғлаб олганлар. Орқасидан уч одамни ҳам тутиб, тўртовларини боғлаб қўйганлар. Қодирқул мингбоши дарҳол етиб келиб, эшонни кўриши билан: “Хотинталоқ! Ҳаммани хонавайрон қилдинг-ку!” деган. Эшон буларга: “Икковинг ўлар вақтда жинни бўлиб ўлгин! Бизни русга тутиб берган қўлларинг билан ўзингни уриб, сўккан оғзинг билан ўзингни тишлаб ўлгин!” демакдан бошқа ҳеч гап айтмаган…” (ўша асар, 32-бет). Айни шу муаллиф дуоибаъд этилган икки хоиннинг бири – Қодирқул мингбоши тақдири ҳақида кейинроқ мана бундай маълумот беради: “…Шаҳарнинг катта оқсоқоли Қодирқул мингбошининг зарби ва сиёсати ниҳоят қаттиқ ва бераҳм бўлғони шаҳар фуқароларига маъруф ва машҳур эди… Оқсоқол юртга сиёсат ўтказиш учун “ур” дардига гирифтор бўлғон ва ким бўлса бўлсун, рўбара келса урдирмай қўймас эди. Охирида, бу “ур, ур” дардининг касофати билан бир дўкондор арманининг бойини уруб қўйди, бу армани бой нафсоният қилиб, сармоялар тарафдори бўлғон ҳоким губернаторларға арз қилиб, судга бериб, охири истибдод учун қилғон шунча хизмати мукофотига, ниҳоят, хорлиқ билан ўрнидан бекор бўлди ва Қўқон қишлоққа бориб, амал ҳасратидан бетоб бўлуб, охири Мажнундек бўлуб, ўзини ўзи жароҳат қилиб ўлди. Мустабид ҳукумати бизга эшон ҳодисасида кўб хизмат қилғон эди, деб риоя қилмади. Сармоядор бой арманининг капитал қуввати уни йиқитиб қўйди” (ўша асар,48-49-бетлар).
Биз бу ибратли ҳикоятга таяниб, Қодирқул мингбоши Дукчи эшон қарғишига дучор бўлди, десак эҳтимол кулгига қолармиз. Аммо Николай Иккинчидек император бошига тушган фожиа, унинг жасади устига ҳам Дукчи эшонникидек оҳагу кислота тўкилгани таажжуб ва тавба этгулик бир ҳол, албатта. Айниқса, бизнинг диёр фарзандлари бўлган ва тақдир тақозоси-ла Европага бориб қолган “венгерлар” деб аталмиш халқнинг беш-олти фарзанди шоҳни қатл этиши кишини чуқур ўйга толдиради.
Рус халқи ўз фарзанди ва императори Николай Иккинчини азоб-уқубат чеккан мўътабар зот деб эълон қилиб, қатл этилган жойида муҳташам ибодатхона тиклади. Русиянинг сўнгги императори қолдиқларини Романовлар хилхонасига кўчириб, унга ҳурмат ва эҳтиром бажо келтирди.
Биз ҳам Мингтепа қишлоғидан чиққан оддий халқ чор Русияси ҳукумати зулмига қарши Дукчи эшон бошчилигида қўзғолон кўтаргани ва бу билан чинакам жасорат, мардлик кўр­сатганини холис эътироф этиб, уларнинг номини абадийлаштириш чора-тадбирларини кўрсак, айни муддао бўлармиди…

Манба: «Тафаккур» журнали

 


 
Агар княз Исломни танлаганида…
21.06.2014 03:25    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Бундан минг йил муқаддам Киев Руси ҳукмдори (князи) Владимир Византия насронийлиги ва Ислом динидан бирини танлашга мажбур бўлиб қолганида насронийликни маъқул кўрган ва Рус ерига ушбу динни олиб келган эди. Сабаби, ичкиликни ҳаддан ташқари яхши кўрган ҳамда ҳурлик ва халқ ҳокимиятини хуш кўрмаган ҳукмдорга Исломнинг ичкиликка қарши бўлгани ҳамда инсонлар ўртасида адолат ва ҳурриятни тарғиб қилгани ёқмаган экан.

(Али Вячеслав Полосин, «Мусулманский куриер» газетаси, 2000 йил, 20-сон).

 
Мунавварқори Абдурашидхонов. «Нашри маориф» уюшмасининг аҳамияти (1923)
13.03.2014 23:34    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Маданий мамлакатларнинг ҳар бирида маориф-маданият ишларини одатдан халқ ўзи олиб борадур. Ҳукумат эса ёлғиз раҳбарлик ва ёрдамчилик вазифаларинигина адо этиб турадир. Шул сабаблик онгли миллатлар ўзаро илмий, фанний, адабий ва ижтимоий уюшмалар ва «Нашри маориф» жамиятлари тузуб, ҳукуматларининг раҳбарлик ва миллатларининг ёрдами орқасида халқни маориф ва маданият жиҳатлардан юқори кўтарилишига, оқартирилишига хизмат ва ҳаракат қилурлар. Дунёнинг энг маданий мамлакатларига назар солсак, унда маориф ва маданият ишларини ҳукумат усталларидан кўра кўпроқ жамоат усталларида, маориф назоратидан кўпроқ «Нашри маориф» уюшмаларида ишланганлигини кўрамиз. Ҳукумат арбобларининг ҳам кўброғи махсус соатларда ҳукумат кабинетларида расмий вазифаларини адо этганларидан сўнгра қолғон бўш вақтларида жамоат кабинетларида ўлтириб, халқнинг тараққий ва таолийси, маориф ва маданиятининг йўлида виждоний вазифаларини адо этадурлар.

Буларнинг хизматлари, ҳаракатлари ўз халқ ва миллатларининг маданий даражасига, аҳволи руҳиясига мувофиқ бир суратда бўлғонлиғи учун, табиий, афкор омма, халқ ва миллат буларга ёрдам берар ва орқаларидан эргашар.

Мана бу йўллар билан бугун Оврупо ва Амриқо халқлари ҳавода учар, денгиз остида сузар, дунёнинг энг нариги бўлаклари билан воситасиз хабарлашар бир ҳолға, бир маданиятга етишдилар.

Энди ўз ҳолимиз ва ўз тарихимизга боқсак, бир вақтлар Оврупо ваҳший экан, биз маданий эдик, Оврупо попослари «Осиё осмониға жисман учдими, руҳан учдими?» каби диний низолар билан бир-бирларини бўғушар эканлар, усмонли турклари Истанбулни фатҳ этмоқ, Туркистон турклари мадраса ва расадхоналар бино қилмоқ каби маданий ишлар билан машғул эдилар.

Сўнгралари Оврупо халқи маориф ва маданият йўлида ишлади, бу ҳолғо етишди; биз тушдик, ухладик, бу ҳолға етушдук. Бугунгача Оврупо халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполилар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва қисқа кийим жанжаллари, Оврупо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари... давом этади.

XX аср бошларидан эътиборан бизда ҳам маориф ва маданият сўзларини оғизға олувчи, тараққиёт ва таолийнинг кераклигидан матбуотда ёзувчи, мажлисларда сўзлагувчилар чиқди, билфеъл, янги усул мактаблари очилди. Газеталар чиқорилди, «Жамияти хайрия» ва «Нашри маориф» уюшмалари ташкил этилди, фақат чор ҳукуматининг политсиялари, охранная отделениялари бундай маданий ишларда ерлик халққа очиқ йўл бермади. Бир томондан очилса, иккинчи томондан ёпа берди. Шундай бўлса ҳам, ул замоннинг ёшлари, тараққийпарварлари ўз мақсад ва маслакларида собит қадам бўлдилар, бир газетани ҳукумат ёпса, иккинчи исмда, буни ёпса, учинчи исмда газета чиқариб турдилар. Жамият ва мактабларнинг ҳам бирини ёпса, иккинчисини очиб, бирини қисса, иккинчисини кенгайтириб туришдан тўхтамадилар. Ҳукуматнинг қувиш ва сиқишлари уларни умидсизлантирмади, мақсад ва маслакларида давом этдилар. Ҳеч мумкин бўлмағон бир замонда четга ўқувчилар юбордилар. Мактабларни ўрта даражаларга қадар олиб бордилар. Жамиятлар четга кетувчи ўқувчиларга, мактабларга моддий ва маънавий ёрдам берарлик даражада кучга эга бўдди. Газеталари афкор оммани ҳийли қўлга олиб, 3—4 минг нусха сотилатурғон мартабага етди. Тўртинчи синфларга етарлик мактаб китобларимиз ҳозирланди. Ҳукумат ҳам махсус мақсад билан очқон русско-туземний мактабларини янги миллий мактабларга рақобат қила олмаслигини англаб, оз бўлса ҳам ислоҳ этмакка мажбур бўлди.

Мана бу юқорида саналғон ва бу кунда тарих саҳифаларига топширилғон миллий-маданий хизмат ва ҳаракатларнинг ҳеч бири ҳукумат усталларида эмас, ёлғиз жамоат усталларида ишланган ишлардир. Ҳукумат усталлари эса ул замонда бундай харажатларга том маъноси билан хилоф ва қарши борар эди. Бу қаршилик, қувиш ва қисишлар жамоат хизматчиларининг кўнгилларига шул қадар теккан ва зериктирган эдики, инқилоб бўлиб, ерлик халқнинг маориф ва маданиятига таолий ва тараққийсига қарши усталлар йиғилғон кундан бошлаб, ҳар бирлари ҳар ерда отилиб, ҳукумат усталлариға миндилар-да, жамоат усталларини бутун тарк этдилар ҳам ўз мақсад ва маслакларини ёлғиз расмий кабинетларда ўлтириб, давлат пули, давлат қонуни ва ҳукумат кучи билан вужудга чиқармоқ фикрига тушдилар. Халқ фикри, халқ аҳвол руҳияси, халқ даражаи маданияси ва халқ ёрдами кўпинча эътиборга олинмади. Бизнинг энг буюк хато ва янглишимиз ҳам шунда эди. Ҳам бундай улуғ инқилоб вақтида бизга ўхшаш маданиятсиз миллатга мундан бошқа чора, эҳтимолки, йўқ ва топилмасда эди. Мана бу воситалар билан биз қора халқдан узоқлашдик, ўзимиз билан бирга мақсад ва маслагимиз ҳам узоқлашди.

Бундан, табиий, маориф ва маданият душмани бўлган қоринпарастлар, мутаассиблар истаганларича истифода этдилар. 16-йилларда янги мактабларга рақобат қила олмоғон эски мактаблар букун даҳшатлик суръатда тараққий этдилар. Эски Тошкент маориф шўъбасининг сўнгги олғон ҳисоби бўйинча, бутун янги мактаб шогирдлари 4000 тўлмағон ҳолда эски мактаб ва қозихоналарда 7000 қадар миллат боласининг эзилиб ётқонлиғи кўринадир.

Бу ҳоллар Туркистон маориф ва маданият маркази бўлғон Тошкентда, агарда биз Тошкентдан қанча четга чиқа берсак, маориф ва маданият ишларимиз шунча заифлана ва халқнинг маорифига ва маориф ходимларига назари шунча ёмонлана борадир. Бу кун янги мактабларни «куфр уяси» деб эътиқод қилғон ва янги мактаб муаллимлариндан шайтондан қочқон каби қочқон ва қўрққан кишиларни, ўринларни, қишлоқларни, ҳатто шаҳарларни топмоқ мумкин.

Бунга сабаб, бир томондан, халқнинг нодонлиги ва мутаассиб уламонинг иғвоси бўлса, иккинчи томондан, бизнинг ёшлар ва маорифпарварларимизни халқфикри ва халқ ёрдамини бутунлай унутиб, ёлғиз ҳукумат кучи ва ҳукумат пули билан иш кўрмоқ хаёлиға тушганлари ва бу хаёл орқасида халқдан ҳийли узоқлашганлиқларидир.Агарда биз аввалда бир неча инқилобларни кўриб тажриба ҳосил қилғон бўлсак, табиий, бу беш йиллик инқилоб даврида маориф ва маданият йўлида ўйлаб ишлаган, қора халқни тамом қўлға олиб, тараққий ва таолий йўлиға ўзимиз билан бирга олиб кетган ва бу восита билан инқилоб давридан қора халқни фикр, маориф ва маданият жиҳатида жуда кўб фойдаландирғон бўлар эдик.

Энди бўлар иш бўлди. Инқилоб денгизларининг тўлқинлари пасайди. Ҳар иш ўз йўлиға ва ўз тартибига кира бошлади. Бу кунгача давлат сармоясидан таъмин этилиб келган маориф ва маданият муассасаларининг кўпрак қисми маҳаллий сармояга ва халқ ёрдамига қолдирилди. Бу кунгача маориф ва маданият ишларини ҳукумат кучи ва ҳукумат йўли билан олиб бормоқ хаёлида бўлғон маорифпарвар ёшларимиз энди халқ кучи ва халқ ёрдами билан олиб бормоқ фикрига келдилар. Бунинг учун халқ фикри ва халқ руҳи билан ҳисоблашмоқ лозимлигини ҳам шояд англагандирлар. Ишлар бу фикр ва бу йўл билан юритилган тақдирда халқни ҳам маориф ва маданият ишлари атрофига тўпламоқ ва ородағи англашилмовчиликларни халққа тушунтириш ва амалда ишлаб кўрсатиш йўллари билан орадан кўтармак мумкинлиги тажриба билан маълумдир.

Табиий, бундай ишларни энди ёлғиз ҳукумат кабинетларида ўлтириб эмас, балки жамоат усталларида ва қора халқ орасида ишламак лозимдир. Бунинг учун ҳар ерда «Нашри маориф» уюшмалари очмоқ ва бутун маорифпарварларни, ёшларни, чолларни шул уюшма атрофига тўпламоқ керакдир.

Туркистоннинг ҳаёти, Туркистоннинг нажоти ёлғиз маорифга ва маданиятнинг тараққийси эса бутун халқнинг «Нашри маориф» уюшмалари атрофига тўпланмоғига боғлиқдир. Шундагина биз маданий миллатлар қаторига кира оламиз, шундагина маданият дунёсида ўз ҳуқуқимизни ола оламиз.

«Туркистон» газетаси, 1923 йил, 4 март

 


41 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин