Саналар
21.12.2024
Баннер
Лаврентий Берия: қамалиши, суд қилиниши, қатл этилиши
03.09.2013 16:54    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Берия ҳақидаги китобимга мен дастлабки кунданоқ, 1980 йилда Нью-Йоркда «Мустабиднинг қиёфаси» номи билан чиққан Сталин тўғрисидаги китобимнинг давоми сифатида қараганман.

Дарҳақиқат, мен Берияни мисоли бир Сталиннинг кўзгудаги аксидек тасаввур қиламан. Улар оммани бошқариш методлари ва усулларида устаси фаранг эдилар — бунда одамларга шубҳа билан, шафқатсизларча муносабатда бўлиш энг асосий восита саналарди. Г. Ягодани олайлик, унгача ишлаган Менжинский ва Дзержинский, кейин Ежов — Лубянкада фаолият кўрсатган бу кишиларнинг ҳаммаси, аслида ҳаваскор эдилар, деса бўлади. Лекин 1938 йилда Лубянкага Бериянинг келиши — бу НКВДга пихини ёрган кишининг келиши бўлди.

Сталиннинг атрофидаги, унинг қўл остидаги кишилар, юмшоқ қилиб айтганда, на ақлан, на мардоналиклари билан, на ўз касбини пухта эгаллаганликлари жиҳатидан ярқ этиб ажралиб турган кишилар эмасдилар. Булар орасида фақат Берия бошқача эди. У ҳатто — ақлга зид равишда! — узоқни кўрадиган одам бўлиб чиқди: жаҳолатпарастнинг жаҳолатпарасти, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, жаллодликни касб қилиб олган бу одам шундай ислоҳотлар қилишни таклиф этдики (масалан, колхозларга нисбатан) ва ташқи сиёсатни шундай ўзгартириб юбормоқчи бўлдики (икки герман давлатини қўшиб юбориш мумкин деди), сафдошлари уни Совет давлатининг душмани ва Коммунистик партиянинг душмани, деб бемалол айтишлари мумкин эди.
Сталин ва Берия тўғрисидаги китобларим устидаги ишим узоқ вақт тўхтаб қолди, чунки менга анча вақт отамни оқлаш билан шуғулланишга тўғри келди. Хрушчев эълон қилган оқлов қуруқ гапдан иборат шунчаки иш бўлди, аслида эса Антонов-Овсеенкодан «троцкийчи» ва «халқ душмани» ёрлиғи охирги пайтларгача олиб ташланмаган эди. Хрушчев оқловидан кейин, бундай кулфат кўп йиллар Лениннинг сафдошлари бошига тушмаганида, мен бу ҳақда тўхталмаган бўлур эдим. Улар мутахассис тарихчилар учун, бу демак, ўқувчилар учун ҳам халқ душмани бўлиб қолдилар. Шунинг учун ҳам мен шу масала билан шуғулландим. 1965 йилда сиёсий адабиётлар нашриётида «Инқилоб номи билан» китобимни, кейин Ленинград нашриётида яна бир янги китобимни чоп эттирдим. Фақат шундан кейин Сталин ва Берия мавзуси билан шуғулландим.

Ҳокимиятнинг юқори поғоналарида Сталин ўлимидан сўнг ғалати вазият юзага келди. Марказий Қўмита котиби лавозимини эгаллаган Хрушчев ҳали йўлбошчи сифатида тан олинмаганди. Бу ерда ҳамма нарсани Берия билан Маленков ҳал қилар эди. Сталиннинг илгариги суюкли кишилари — Молотов, Каганович, Ворошилов, Микоян — бу икки қудратли шахсга қарши туриб, Никита Хрушчевнинг позициясини мустаҳкамлай олишмади ва буни хоҳлашмади ҳам. Сарой фитначилари, тажрибали амалпарастлар бўлган бу кишилар ҳеч қачон бир-бирларига ишонишмасди, ўз рақибларининг ҳар бир қадамини ғайрлик билан кузатиб боришарди, уларни ҳеч нарса бирлаштирмасди. Дарвоқе, улар учун умумий бўлган нарса — ҳокимият ишқи, мансабдан ажраб қолишдан, қўрқувдан иборат эди.

Хрушчев партия аппарати, кўп йиллик тажрибага таяниб, марказдаги ва жойлардаги ходимларнинг ўз иродасига сўзсиз бўйсунишига эришди. Лекин унда дадиллик етишмаётганди. Берия эса кутарди. Эллик учинчи йилнинг баҳорида Президиумда кучларнинг беқарор мувозанати юзага келди. Уни биринчи бўлиб ким бузади?

Берия партиянинг юқори органини қаттиқ силкиб ташлаш учун замин ҳозирлай бошлади. Унинг садоқатли, ўз тасаввурича, ёрдамчиси — Маленков бор эди. Бу одам бой тажрибага ва марказий аппарат билан мустаҳкам алоқага эга эди. Берия қудратли жазо ва қидирув органларига таянарди ва Президиум аъзолари уюшмаганидан кўнгли таскин топарди. Бундай вазиятда унга ким ҳам қарши тура олади?

Май ойида Хрушчевнинг Киевда бирга ишлашган дўсти Тимофей Строкач ташвишли хабар келтирди: Украинанинг ички ишлар ташкилотлари барча кучларни жалб қилиш ва жанговар тайёр ҳолатда туриш тўғрисида махфий топшириқ олди. Партия котиби бўлган Никита Хрушчев Сталин қўл остида дам масхарабоз, дам малай аҳволига тушиб, қалтираб, жилпанглаб неча йил яшади? Эндиликда эса Берия пайдо бўлаяпти...
Лекин унинг режаларини қандай билса бўлади? Шунда тақдир омадсиз партия етакчисига раҳм қилгандай, унга душман томондан иккита қочоқни юборди. Ички ишлар вазири ўринбосарлари Иван Серов ва Сергей Круглов, ўз бошлиқларининг имкониятларини чамалаб кўришиб, уни сотишга қарор қилишди. Улар Никита Сергеевичга Бериянинг барча режаларини маълум қилишди, қуролли исён қандай режалаштирилганлигини, қисмлар жойлашган ерларни, фитначиларнинг исм-шарифларини айтишди.

Биринчи навбатда энг қийин вазифани бажариш—Марказий Қўмита Президиуми аъзоларини ягона мушт қилиб бирлаштириш керак эди. Кейинчалик унинг ўзи ҳикоя қилишича, Сталин қўл остида ишлаганларнинг биронтаси ҳам ишонса бўладиган, қатъиятли кишилар эмасдилар. Кўп йиллар бурун экилган «уруғ» ўз самарасини бераётган эди. Молотов — «у ҳали тип эди» (Хрушчевнинг ўз ибораси). Маленков — Лаврентий Бериянинг яқин дўсти. Ворошилов — қўрқоқ ва лаганбардор. Каганович — охирги пайтда қаёққа оғишини, кимга қўшилишини ҳеч қачон билиб бўлмайдиган Лазарь-муғамбир. Булганинга ишонса бўлади, лекин бошқалар бош тортса, у ўзини қандай тутар экан?

У Николай Булганиндан, мудофаа вазиридан бошлади. Қўриқчилар двизиясини фақат армиягина енгиши мумкин. Хрушчев Булганин билан Сталин ҳаётлигида умумий тил топишганди, Бериянинг зўравонликларига биргаликда чидашганди, бундан буён ҳам бирга бўлишга аҳд қилишди. »
Анастас Микоян билан Хрушчев бир машинада шаҳар ташқарисига чиқишди, автомобилни тош кўчада қолдириб, иккиси ўрмон ёнидаги ялангликда сайр қилиб, жиддий мавзуда суҳбатлашишди. Микоян иккиланди: «Мен Лаврентий Павловични 1919 йилдан бери биламан, менинг кўз ўнгимда у йирик партия ходими даражасига етди, хизмат кўрсатган одамни бирдан суриб ташлаш яхши эмас... Унинг хатоларини кўрсатишсин... У ўртоқларча танқидни ҳисобга олади...»

Хрушчевга Микоян билан яна гаплашишга тўғри келди.
Молотов билан музокаралар, кутилмаганда, силлиқ ўтди. Хрушчев билан шаҳар ташқарисига борганидан бир неча кун аввал Давлат хавфсизлиги хизмати, Вячеслав Михайловични огоҳлантирмасдан, унинг шахсий қўриқчисини алмаштирди. Молотов хавфли фитначиларга анчадан бери ташвиш ва шубҳа билан қараб юрган эди. Улар уни иккинчи, йўқ, энг орқа қаторга суриб қўйишди ва эндиликда бундан ҳам ёмонроқ бир нарсани тайёрлашмоқчи. Сталиннинг кўп йиллик сафдоши бўлган бу кишининг ақли калта эди, лекин табиат ўзини муҳофаза қилиш. туйғусидан уни ҳам бебаҳра қилмаганди. Молотов Хрушчевни сўзсиз қўллаб-қувватлашни ваъда қилганида, у бир зарб билан Берияни ҳам, Маленковни ҳам гумдон қилади, деб ўйлаганди. Лекин Никита Сергеевич бу икки дўстнинг орасини бузишга уриниб кўрмоқчи бўлди. Уларнинг дўстлиги у қадар мустаҳкам бўлмаса керак? Бошқалар қатори Маленковнинг ҳам қулаб кетиш хавфи бор-ку.

Хрушчев Маленков билан очиқчасига гаплашишга қўрқди: кутилмаганда сотиб қўйса-чи? Лекин у, бу нозик масалада сўз очиши биланоқ, Маленков дарҳол кўпчилик тарафида эканлигини маълум қилди. Шу куни Хрушчев Воздвиженкага борди. Олий Совет Президиуми Раиси воқеа бундай чаппасига айланиб кетишини кутмаган эди.
— Менга нимани таклиф қилаяпсиз? Ўртоқ Берия—ажойиб ленинчи-ку. Мен Лаврентий Павловични ҳамиша ҳурмат қилганман ва ҳеч ким мени бу фикримдан қайтара олмайди! — деб баланддан келди Клим Ворошилов.
— Кўп дод-вой қилаверма, худо ҳаққи, бу ерда сен билан мендан бошқа ҳеч ким йўқ. Сен бехабарсан, Президиумнинг барча аъзолари биз билан. Агар ҳозир шошилинч чоралар кўрмасак, у бизни битта-биттадан гумдон қилади, наҳотки шуни тушунмасанг?..
Лекин маршал қўрқоқлик қилди.

Лазарь Каганович ҳам Ворошиловники сингари фикр билдирди. Хрушчев унга ҳамма гапни очиқ айтди: Маленков, Молотов, Сабуров, Булганин «розимиз» дейишди. Ниҳоят, Каганович кўпчилик тарафида бўлишини маълум қилгач, Ворошилов тўғрисида сўради. Хрушчев маршалнинг сўзларини такрорлади. Каганович тутоқиб кетди: «Қари туллак! У сизни алдабди, менга Берияни хушламаслигини, у хавфли одам эканлигини, ҳаммамизни йўқ қилиши мумкинлигини айтган-ку...»

Хрушчев Ворошиловни яна бир синаб кўришга қарор қилди ва унинг олдига Маленковни юборди. Маленков аниқ ҳаракат режасини маълум қилганида, Ворошилов уни қучоқлаб йиғлади...
Бирликка эришилган заҳоти Булганин билан Жуков кучларни жалб қилишга киришдилар. Лекин Бериянинг айғоқчиларига билдирмаган ҳолда Москва остонасида ва Москванинг ўзида қандай қилиб қўшинларнинг кучли жанговар гуруҳини юзага келтириш мумкин? Москва ҳарбий округи қўшинлари қўмондони бўлмиш Артемьев Бериянинг садоқатли хизматкори-ку. Илгари у ички ишлар вазирлиги ички қўшинлари дивизиясига командирлик қилган. Мудофаа вазирининг биринчи қилган иши шу бўлдики, ёзги маневрлар баҳонасида Артемьевни Москвадан узоққа — Смоленск туманига жўнатиб юборди.

Май ойи ўрталарида Берлинда тўполонлар, ишчиларнинг иш ташлаши бошланди. Марказий Қўмита Президиуми у ерга Лаврентий Берияни юборишга қарор қилиб, унга бир гуруҳ ҳарбийларни қўшиб жўнатди. Берия йўғида Маленков, Булганин ва Хрушчев тор доирада кенгаш ўтказишиб, қудратли вазирни бартараф этишнинг аниқ тадбирларини белгилаб олишни режалаштиришганди. Кимдир 20 майга Президиум мажлиси белгиланганлигини Берияга маълум қилишга улгурди. Берия ўша заҳоти қўнғироқ қилди:
— Сиз у ерда нима мақсадда йиғилмоқчи бўлаяпсизлар? Кун тартиби қандай?
— Одатдаги мажлис, қишлоқ хўжалиги масаласини муҳокама қиламиз.
— Нима сабаб билан? Менга ҳамма материалларни юборинглар. Референтларга тегишли материалларни дарҳол тайёрлаб, Берлинга жўнатишга
тўғри келди. Эртаси куни Берия яна қўнғироқ қилди:
— Нега Марказий Қўмитанинг қишлоқ хўжалик бўйича вазири йўқ, нега вазир йўқ? Нега бундай бемаънигарчилик қилаяпсизлар? Мен учиб бораман.

У Москвага йиғилиш арафасида етиб келди ва бизнинг фитначиларимизга қишлоқ хўжалиги муаммолари муҳокамасининг чинакам саҳнасини ўйнашга тўғри келди. Ўйланган операция кечиктирилди, ҳали бу ишга зарур тайёргарлик кўрилмаганди. Сталиннинг кекса сафдошларидан бўлган Анастас Микояннинг позицияси айниқса ташвишлантирар эди. Ахир Хрушчевга у билан икки марта гаплашишга тўғри келди. Микоян кўпчиликка қўшилишга тайёрга ўхшарди, лекин у ўз ваъдасига вафо қилармикан? Ворошилов ҳам иккиланаётган кўринади...
Бу орада вазият янада кескинлашди.
Маленков ва Булганинга Минск шоҳйўли туманида, Москва яқинида яширин равишда десант дивизияси тузилаётганлиги ҳақида хабар етиб келди. Бу маълумотлар ҳарбий разведка ташкилотлари орқали маршал Жуковга маълум бўлди.
Июнь ойи бошида, Берия қандайдир баҳона билан мамлакатнинг турли вилоятларидан 400та партия ходимини қисқа муддатли курсга тўплаганлиги маълум бўлди. Курсантларнинг ярмига яқини Кавказорти жумҳуриятларидан келди. Уларга тўппончалар берилди ва Кремлга чақирилиб қолишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилдилар.

* *

26 июнь Берия қамаладиган кун қилиб белгиланди. У Кремлга йиғилишга келиши билан барча ҳарбий академиялар тревога билан кўтарилади ва пойтахтга алоҳида ишончли дивизиялар киради.
Марказий Қўмита Президиумининг барча аъзолари бўлажак йиғилишдан хабардор эдилар, фақат уч киши — Маленков, Булганин ва Хрушчевнинг ўзи — бу мажлисда нима бўлишини, операциянинг умумий режаси қандайлигини билишарди. Яна бир кишига — маршал Жуковга ишнинг барча икир-чикирларини маълум қилишди. Ўша пайтда у фақат Марказий Қўмита аъзолигига номзод эди.
Мана, шу кун етиб келди. Кремль коменданти генерал Ваденин Москва яқинидан ўғли командирлик қилган полкни чақирди.
РСФСР Олий Совети номидаги билим юрти қуролларини шай қилиб турди, худди Кремлни қўшинлар босиб олгандай эди.
1953 йил 26 июнь. Шу куни соат бирда Никита Хрушчев Москва шаҳри ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари қўмондони генерал-полковник Кирилл Семенович Москаленкони ҳузурига чақирди:
— Садоқатли кишиларинг борми? Шундай кишилар бўлсинки, сен уларга худди ўзингга ишонгандай ишонгин?
Москаленко: Топилади, Никита Сергеевич.
Хрушчев: Ўзинг билан тўртта кишини олиб кел. Ёнларида сигаралари ҳам бўлсин.
Москаленко: Қандай сигаралар?
Хрушчев: Нима, сен унутдингми, фронтда буни қандай аташларини?
Генерал эслади. Хрушчев тўппончани назарда тутган эди.
Хрушчев: Бош штаб ҳовлисида сени Булганин кутади. Тез бўлақол. Москаленко шу заҳоти қўл остидаги офицер Виктор Иванович Юферевни чақирди ва Хрушчевнинг топшириғини маълум қилди. У подполковникдан сўради:
— Қандай ўйлайсан, Батицкийга ишонса бўладими?
Юферев ҳарбий ҳаво кучлари бош штаби бошлиғини ишончли одам, жанговар гёнерал сифатида биларди. У, Москва шаҳри ҳаво ҳужуми мудофааси штаби бошлиғи Алексёй Иванович Баксовга ҳам тўла ишонса бўлади, деди.
— Яна кимни олсак бўлар экан? — сўради Москаленко.
Юферев Сиёсий бошқарма бошлиғи Иван Григорьевич Зубанинг номини тилга олди.
Ҳайдовчини ҳисобламаганда беш киши бўлиб йўлга тушишди. Бош штаб ҳовлисида Москаленконинг гуруҳини маршал Булганин кутиб олди. Унга шахсий қўриқчилар бошлиғи подполковник Федор Безрук ҳамроҳ эди. Вазирнинг автомобили, яна ўшанақа ЗИС-110 га ўтиришди.
— Кремлга ҳайданг, — деб буйруқ берди Булганин.
Троицкий дарвозасига яқинлашганларида, Булганин огоҳлантирди:
— Кўринмайроқ ўтиринглар.
Ҳарбий қоровуллар олдидан муваффақиятли ўтишди, бурчакдаги алоҳида ҳукумат йўлагига яқинлашиб, иккинчи қаватга кўтарилишди. Мана, бир пайтлар Сталин ўтирган хона. Ҳозир бу ерда Марказий Қўмита Президиуми йиғилишлари ўтказилади. Булганин ичкарига кирди, бошқаларни қабулхона қаршисидаги туташ хонага олиб киришди. У ерда ўн беш-йигирма нафар одам — Марказий Қўмита ходимлари, бир неча генераллар ва маршал Жуков бор эди. Ҳамма бемалол гаплашиб, ҳазиллашиб ўтирарди, латифалар айтишарди...
Шу пайтда Хрушчев пайдо бўлди. У Москаленкога яқинлашди:
— Сизга Президиум аъзоларидан бирини ҳибсга олишга тўғри келади. Эҳтимол, у қуролланган бўлиши ҳам мумкин...
Хрушчев барваста қоматли Батицкий ва Юферевга қаради.
— Сизлар унга яқинлашасизлар. Қачонлигини сизга айтишади... Кейин уни қўлга оласизлар.
Юферев: Отиш ҳам мумкинми?
Хрушчев: Йўқ, қамаб, тергов учун сақлаш керак. Қурол ишлатилмасин. Ҳозирча ҳамма шу ерда қолади. Иккита узун қўнғироқ товушини эшитишингиз билан, котибнинг ёнидан ўтиб, ҳеч кимга эътибор бермай, мажлис бўлаётган жойга кириб бораверинглар.
Хрушчев чиқиб кетди. Берия йиғилишга кечикиброқ келди-ю ўз ўрнини эгаллаб, сўради:
— Кун тартибида нима масалалар?
— Кўриладиган масала битта, — деб жавоб берди Хрушчев, — Лаврентий Берия тўғрисида. — Маленковга қараб қўшимча қилди: — Маърузани бошла.
Чорак соат ўтмай, иккита узун қўнғироқ чалинди. Ҳарбийлар эшикни очишди, котиб уларнинг йўлини тўсди. Беш киши уни четлаб ўтиб, қаршидаги хонага киришди. Улар ортида маршал Жуков ҳам бор эди.
...Раислик ўрнида — Маленков, ўнг томонда — Хрушчев, унинг ёнида — Булганин, эшикка яқинроқ жойда — Берия, Лаврентий Павловичнинг қаршисида — Ворошилов.
Кирганлар Булганин яқинида, Бериянинг ортида тўхташди. Маленков маърузасини тугаллаётган эди: «...Кўриб турибсизки, Берия нафақат ички душман, балки халқаро миқёсдаги душман ҳамдир. Уни дарҳол қамаб, мана бу ўртоқларнинг қўлига топшириш таклиф қилинади.»
Батицкий ўзининг «парабеллуми»ни, Юферев — «ТТ»сини чиқарди.
Берия бошини эгиб ўтирар ва асабий ҳолатда қоғозга нималарнидир ёзар эди. Кейин маълум бўлишича, у фақат бир сўзни — «тревога»ни ёзган экан, бу сўзни ўн тўққиз марта такрорлабди. Ниҳоят, Берия бошини кўтарди, бу пайтда ҳарбийлар унинг ёнида туришарди — Юферев чап томонида, Батицкий ўнг томонида.
Жуков келиб: — Қўлингизни кўтаринг. Сиз қамоққа олиндингиз, — деди.
Тарихий бир сурат сақланиб қолган: Берия билан Ворошилов худди оға-инилардек қучоқлашиб туришибди. Лекин Клим омадли Лаврентийни ҳамиша ёмон кўрган ва ундан қўрққан. Қўрқоқ маршал воқеалар нима билан тугашини билолмай қийналарди — ахир бу қудратли чекистни унинг эски ошналари, ўша Иван Серовнинг ўзи ҳам қутқариб қолиши мумкин эди-да. Никита Сергеевич унга беҳудага ишонди. Берияни ниҳоят Марказий Қўмита Президиуми хонасидан олиб чиқишганда, Ворошилов ҳозиру нозир бўлди. Басавлат соқчиларнинг кўзларига синчиилаб тикилди. Подполковник Юферев ўз фуражкасини котиб хонасида қолдирган эди ва чиқиб кетаётиб уни олмоқчи бўлди. Шунда Ворошилов югургилаб келиб: «Мен сенга ҳозир, чироғим, узатиб юбораман», деди.
Марказий Қўмита Президиумининг шошилинч мажлисида Берияни Москва ҳарбий округи штабига ўтказишга қарор қилишди. Берия ва унинг қўл остидагилар иши бўйича терговга Бош прокурор Руденко бошчилик қилди.

Берияни майдони ўн икки квадрат метрдан ортиқ бўлмаган кичик бир хонага қамашди. Каравот, курси — бутун хона жиҳози мана шундан иборат эди. Тергов ўша ерда, бункерда олиб борилди. Бош прокурорга алоҳида хона ажратиб беришди.
Москаленко мунтазам округ штабида бўлиб турди. Юферев билан бирга шу ерда тунади. Штабни танклар ва бронетранспортёрлар қўриқлаб туришди.
Бериянинг уст-бошини — ипгазламадан тайёрланган солдат гимнастёркаси, шими билан алмаштиришга тўғри келди. Унга Москва ҳарбий округи штаби гаражидан солдатлар ейдиган таомдан олиб келиб бериб туришди, идиш-товоғи ҳам солдатларникидай: котелок ва алюмин қошиқдан иборат эди.
Дастлабки кунларда Булганин ҳар кеча 12 дан сўнг қамоқхонага қўнғироқ қилиб турди.
— Ишлар қалай? Тинчликми? Маҳбус ўзини қандай тутаяпти?
Агар генерал Москаленко ухлаб ётган бўлса, Булганин ер ости хоналаридан бирида мунтазам навбатчилик қиладиган подполковник Юферевдан ахборот олар эди.

Биринчи марта у 1920 йилда қамалган. Ушанда Багировнинг ёрдамида озодликка чиққан эди. Садоқатли дўстлар бу гал ҳам ёрдам беришса керак, улар анави маҳмадона Никитани ўз фикрлари билан ҳисоблашишга мажбур қилишади. Маленковчи, Маленков! Унга қанча яхшилик қилган эди-я!.. Агар Лаврентий бўлмаганида, у Ўрта Осиёда сургунда юрган бўларди. Шунда ҳам хўжайин унга тирик қолиш имконини берса.
Берия эшикни тақиллатиб, қалам ва қоғоз сўради. Унга дафтар варағи ва қоғоз беришди.
«Егор мени тасодифий кишилар олиб кетишганлигини наҳотки билмасанг аҳволни шахсан маълум қилишингни истайман қачон чақирасан».
Берия Григорий Маленковни Егор деб атарди. Хатдаги гапларни бош ҳарф билан бошлашни ҳам, имло белгиларини қўйишни ҳам унутди.
У хатни навбатчи офицёрга берди...
Икки кун ўтди. Маленковдан садо бўлмади. Маҳбус унга иккинчи бор мактуб юборди. «Егор нега жавоб бермаяпсан?».
Бир парча қоғозга қалам билан ёзилган ҳар икки хат ҳам Хрушчевга келиб тушди.
Терговда Берия ўзини такаббурона тутди, фақат прокурор гувоҳлар асосида исботлаш, мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлган айбларгагина иқрор бўлди. Ўзини оқлашнинг янгидан-янги усулларини ўйлаб топиб, терговчиларни ҳар жиҳатдан чалкаштиришга ҳаракат қилди.
Тергов ярим йил давом этди. Ҳужжатлар, гувоҳларнинг далиллари, сўроқ протоколлари ўн тўққиз томни ташкил этди. Иш бўйича Бериянинг олти сафдоши: Владимир Деканозов, Всеволод Меркулов, Лев Влодзимирский, Павел Мешик, Сергей Гоглидзе, Богдан Кобулов — Берия каллакесарлар армиясининг фақат бир қисми жавобгарликка тортилдилар.
Бу кишилар — Меркулов, Деканозов, Кобулов, Гоглидзе, Цанава... Лаврентий Берияга ўттиз йилдан ортиқ хизмат қилишди. Уларнинг аҳилчилиги бузилмасдай туюларди. Бироқ биринчи синовоқ — тергов ва суд — Берия тузган иттифоқ беқарорлигини кўрсатди. «Берия — амалпараст, бузғунчи ва бонапартист», — деди судда Богдан Кобулов. Владимир Деканозов унга қўшимча қилди: «Берия ўзини ҳар жиҳатдан амалпараст, шаддод ва ёвуз одам сифатида кўрсатди». Маълум бўлишича, ўттизинчи йиллардаги қарийб ҳамма қама-қамалар унинг шахсий топшириғига биноан амалга оширилган экан... Жиноятчилар тўдаси бошлиғининг жиноий фаолиятини баҳолашда Всеволод Меркулов анча босиқлик қилди, лекин Лаврентий Цанава аниқ-равшан қилиб гапирди. Белоруссиянинг собиқ Давлат хавфсизлиги вазири, 1937-1938 йилларда Берия ўзига ўринбосар бўлиб ишлаганларнинг ҳаммасини ва ўзининг кўпгина собиқ бошлиқларини оттириб юборганлигини маълум қилди. Цанава уни шафқатсиз, золим, деди. Савицкий ва Мичурин-Ларин судда Лаврентий Бериянинг ҳаддан ташқари ҳокимиятпарастлиги, шон-шуҳратга муккасидан кетганлиги ҳақида гапиришди.
Ниҳоят, Берияга айблов хулосаси билан танишишни таклиф қилишди. Руденко катта ҳажмли, юз бетли ҳужжатни ўқишга киришганида, Берия қулоқларини беркитиб олди. Прокурор изоҳ талаб қилди.
Берия: Мени тасодифий кишилар қамоққа олишди... Мен, ҳукумат аъзолари мени тинглашларини истайман.
Руденко: Сизни ҳукумат қарорига биноан қамашди ва сиз буни биласиз. Биз сизни айблов хулосасини тинглашга мажбур қиламиз.
Суд округ штабининг биринчи қаватида бўлаётган эди. Зал Марказий Қўмита Президиуми аъзолари хоналари билан микрофон орқали боғланган эди.
Дастлаб Берия ўзини жинниликка сола бошлади: қўлини силкиб, гавдасини дам олдинга, дам орқага ташлай бошлади... Шунда бирдан олдига Москаленко келиб, унинг шими тугмаларини кесиб ташлади. Шим тушиб кета бошлади ва маҳбус жим бўлиб қолди.

Судда қатнашаётганларга фаҳшнинг қурбони бўлган икки юздан ортиқ аёлнинг рўйхати тақдим қилинди. Шунда ҳеч кутилмаган ҳодиса юз берди: Берия суд раисига мурожаат қилиб, уларнинг номини айтмасликни, шарманда қилмасликни сўради. Суд кенгашгани кириб кетди ва бир овоздан қарор қилди — судланувчининг талаби қондирилсин.

Судга гувоҳ сифатида бир неча аёл таклиф қилинган эди. Леля Дроздова судланувчи билан алоқалари ҳақида анча батафсил гапирди, у бир неча йил унинг дала ҳовлисида яшаган эди. Уни кўргач, Бериянинг ранги оқариб кетди, гавдасини олдинга олди. Эҳтимол, у Дроздовадан жилла қурса бир неча оғиз миннатдорчилик сўзлари эшитарман, деб кутган бўлса керак... Лекин аёл сўзини уни қандай зўрлаганлиги ҳақидаги аччиқ ҳақиқатни гапиришдан бошлади. Бир оғиз ҳам яхши сўз айтмади. Кейин Дроздованинг онасини сўроқ қилишди. У қизининг далилларини тўлдирди ва судланувчининг хатти-ҳаракатларидан ғазабланганлигини баён этди. Она ўз сўзи охирида тавон сифатида Бериянинг мусодара қилинган барча буюмларини беришни талаб этди.
Берия юзини кафтлари билан беркитиб тинглади. У йиғлади. Унинг бу судда сўнгги марта йиғлаши эмасди. Қарийб чорак аср муқаддам, Кутаиси қамоқхонасида ҳам у йиғлаб, гуноҳларини кечиришни сўраган ва ниятига етган эди. Эндиликда у қандай мақсадни кўзлаётган эди? Л. Дроздованинг кўрсатмалари айблов хулосаси матнига киритилган. Унда шу нарса тилга олинганки, Берия 1944 йилда заҳм касали билан оғриган ва даволаш курсини тугалламай, тасодифий аёлларга касалини юқтирган. Шу муносабат билан суд уни жиноят кодексининг тегишли моддасига биноан жиноий жавобгарликка тортди.
Бу судда аён бўлган қонли воқеалар бир нечта даҳшатли романга етарли эди.

Ўлимга ҳукм қилинган жиноятчини Москва ҳарбий округи штаби бункерида қатл қилишди. Унинг гимнастеркасини ечиб олиб, ичкўйлакда қолдиришди, орқасига қайрилган қўлини тахтага қоқилган илгакка маҳкам боғлаб қўйишди. Бу тахта кузатувчиларни ўқ сакраб кетишидан сақлаши керак эди.
Прокурор Руденко ҳукмни ўқиб берди.
Берия: Гапиришга рухсат беринг...
Руденко: Сен ҳамма гапингни айтиб бўлдинг. (Ҳарбийларга): оғзини сочиқ билан беркитинглар. ,
Батицкий: Ўртоқ қўмондон, менга рухсат беринг (ўз «парабеллумиини олади). Мен бу тўппончам билан фронтда кўплаб аблаҳларни у дунёга жўнатганман.
Руденко: Ҳукмни ижро этинг.
Батицкий қўлини чўзди. Берия боғич устидаги кўзларини бирини олайтириб, иккинчисини қисиб қараб турарди. Батицкий тепкини босди, ўқ маҳбуснинг пешонасига тегиб, гавдаси арқонга осилиб қолди.
Қатл маршал Конев, прокурор, бир гуруҳ ҳарбийлар ва суд аъзоси Кучава иштирокида амалга оширилди.
Врачни чақиришди. «Унинг нимасини кўраман, — деди врач, — тайёр бўлибди-ку. Мен уни билардим, аллақачон чириб бўлган эди...»
Бериянинг жасадини хомсурпга ўраб, крематорийга жўнатишди. Ўша куни Лубянкада қатл этилган олти сафдошининг жасадларини ҳам ўша ёққа олиб боришди.
Инсоният тарихида энг машҳур золимлардан бирининг мураккаб ҳаёти ана шундай тугади.
Лаврентий Бериянинг ўлими билан аниқ ифодалаш қийин бўлган золимлик даври ниҳоясига етди. Энди ўша шармандали ўтмишни лаънатлашни бас қилиб, унинг қайта такрорланишига йўл қўймаганлардан миннатдор бўлайлик.

А. Антонов-Овсеенко. "Литературная газета" иловаси "Досьё"дан таржима қилинди.

 
Нобелнинг васияти
16.08.2013 09:02    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

“Мен, қуйида имзо чекувчи Альфред Бернхард Ноель ўйлаб, бир қарорга келдим ва ушбу нома орқали вафотимгача орттирган мол-мулким хусусидаги васиятни эълон қиламан.
Мендан кейин қоладиган, сотса бўладиган барча мулкни васийларим қимматбаҳо қоғозларга айлантириб, жамғарма ташкил қилишлари керак. Ундан келадиган фоизлар ўтган йилда одамзодга энг катта фойда келтирганларга мукофот тарзида берилсин.
Фоизлар бешта тенг бўлакка тақсимланиб, қуйидагиларга берилади: биринчи қисми – физика соҳасида муҳим кашфиёт ёки ихтиро қилган одамга, иккинчиси – кимё соҳасида йирик кашфиёт қилгн ёки уни такомиллаштирган одамга, учинчиси – физиология ёки медицина соҳасида буюк ютуқларга эришган одамга, тўртинчиси – инсоний идеалларни акс эттирган буюк бадиий асар ёзган одамга, бешинчиси – халқларнинг жипслашувига, қулликни йўқотишга, мавжуд армияларни қисқартиришга ва тинчлик шартномаларига ҳисса қўшган одамга.
Физика ва кимё соҳасидаги мукофотлар Швеция қироллик фанлар академияси томонидан, физиология ва медицина соҳасидагилар – Стокгольмдаги қироллик Каролин институти томонидан, адабиёт соҳасидагилар Швеция академияси томонидан, тинчлик мукофоти – Норвегия парламенти сайлайдиган беш кишилик қўмита томонидан берилиши керак.
Менинг алоҳида истагим шуки, мукофот берилишига номзоднинг миллати таъсир этмасин, мукофотни скандинавияликми ё бошқа, бундан қатъий назар, энг муносиб одамлар олишсин.
Ушбу васиятим охиргиси ва узил-кесилдир, у қонуний кучга эга ва агар, вафотимдан кейин олдинги васиятномаларим чиқиб қолгудек бўлса, улар ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин.
Ниҳоят, менинг сўнгги талабим шуки, охирги нафасимдан кейин ваколатли врач ўлим етганини аниқласин ва шундан кейингина жасадим куйдирилсин”.

Париж, 1895 йил, 27 ноябр
Альфред Бернхард Нобель

Нобель мукофоти Васиятномада айтилган беш йўналиш бўйича 1901 йлдан бошлаб берилган. Васиятномада кўзда тутилган мукофот икки лауреатга тенг тақсимлаб берилиши мумкин. Ярим мукофотнинг биттаси яна икки қисмга тақсимланиши мумкин. Шундай қилиб, қайсидир соҳада кўпи билан уч кишига битта мукофот берилади. Шу сабабдан турли йиллардаги мукофот пули турли миқдорда бўлиб қолади. Ундан ташқари, мукофот пули Нобель жамғармасининг йиллик даромадига ҳам боғлиқ. Энг биринчи мукофотлар 42 минг доллар бўлса, кейин 100 минг 200 минг долларга, 1999-2000 йилларда эса бир миллион долларга чиқди.

“Нобель мукофоти олган адиблар”
китобидан

 
Хуррам или Аржуманд
14.08.2013 07:36    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

(Шоҳ Жаҳон билан Мумтоз Маҳал)

Шоҳ Акбар 13 ёшида ҳукмдор бўлиб, 50 йил давлатни идора қилгач, 1605 йилда вафот этаркан, тахтни тўнғич ўғли Жаҳонгир (1569-1627)га топширган эди. Жаҳонгир 22 йил ҳукмдорлик қилди, унинг беш ўғли ва икки қизи бор эди. Ҳамма ўғилларига машҳур подшоҳларнинг исмларини қўйган, чунончи, тўнғич ўғлининг оти Хусрав, кейингиси Парвиз ва учинчиси Хуррам ва ҳоказо эди. Ўзи тозакўнгил, табиатни ва овни яхши кўрар, адолатни ва сабр-қаноатни ўзига яшаш йўриғи деб биларди. Аммо бора-бора ичкилик ва қорадорига ружу қўйгани боис ундан кўпчиликнинг кўнгли совуди. Энди унинг ҳолини кўриб, тўнғич ўғли Хусрав тахтни эгаллаш пайига тушиб қолди ва отасига қарши исён кўтарди. Жаҳонгир уни енгиб, ҳибсга ташлади. Аслида Жаҳонгирнинг ҳар бий салоҳияти у қадар кучли эмасди, унинг бу тарафини яхши билган амалдорлар вилоятларда тез-тез қўзғолон қилиб туришарди.

Батафсил ...
 
Амир Саййид Олимхоннинг Россияга киритган олтин ҳисобидаги сармоялари
14.08.2013 07:39    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Амир Саййид Олимхоннинг ҳаёт фаолияти ва тақдири ҳар жиҳатдан Россия билан боғлиқ бўлди. У ўн уч ёшга тўлгач, отасининг истаги ила Санкт-Петербургда уч йил (1894-1897 йилларда) ҳарбий билим юртида ўқиди. Рус тилини ўрганди. Махсус тузилган дастур асосида давлатни бошқариш ва ҳарбий билимдан таълим олди.
Буюк маърифатпарвар ва Россия қўли остидаги мусулмон дунёсида жадидчилик ҳаракати ривожига раҳнамолик қилган Исмоилбек Гаспирали Туркистонга 1908 йилда иккинчи бор келганида Бухорода бўлиб, 27 ёшли валиаҳд Саййид Олимхон билан ҳам учрашади ва мулоқотда бўлади. Шундан сўнг Қримга қайтиб, Бухоро ҳақида ёзган мақолаларида унинг рус матбуоти билан танишлиги ва рус тилида гаплашиши ҳамда дунёвий илмлардан хабардорлиги ҳақида илиқ сўзларни айтади.
Вассал Бухоро амирлиги тахтига 1910 йилда ўтирган амир Саййид Олимхоннинг давлатни бошқаруви, халқаро сиёсий ва иқтисодий аҳволи Россияга тобеликда кечди. Бу эса ўз-ўзидан амирлик хазинаси ҳамда иқтисодиёти ўз-ўзидан Россия билан боғланишига олиб келди. Амир, бир томондан, Россия ишлаб чиқаришига маълум мақсадда катта миқдорда инвестиция киритиб, унинг эвазига хазинани янада бойитишга бироз муваффақ бўлди. Иккинчи томондан эса, Россияга ҳар йили катта-катта миқдорда ўлпонлар тўлади. Маълумки, амир Саййид Олимхоннинг бобоси амир Музаффархон 1868 йилда Россия армиясидан енгилгач, 500 минг олтин товон тўлаш билан унга вассаллик ҳақидаги битимга имзо чекишга мажбур бўлган эди. Худди шундай ҳолда 1918 йил март ойида ленинчи большевик Колесов Бухорога хужум қилиб енгилган бўлса-да, ғолиб амир Саййид Олимхон келишувга биноан босқинчи коммунистик совет ҳукуматига 100 вагон буғдой товон тўлаш ва ўз армиясини 12 мингдан оширмаслик шартига мажбур бўлиш билан сиёсий мустақилликни қўлга киритади.
Амирлик хазинасига оид ҳужжатлар ва маълумотларга суянган ҳолда амир Саййид Олимхоннинг Россияга киритган сармояларини мазмунига кўра тўрт хил турга бўлиш мумкин: 1) Россиядаги қурилишлар, ишлаб чиқариш ва мануфактураларга сарфланган сармоя-инвестициялар; 2) Рус подшоси ва амалдорлари юбилейлари ҳамда бошқа муносабатлар билан уларга берилган қимматбаҳо совға-саломлар; 3) Россияга уруш олиб бориш ва бошқа шу каби фавқулодда ҳолатлар даврида олтин ҳисобида берилган ёрдам маблағлари; 4) Росси билан савдо-сотиқ ишларига сарфланган маблағлар.
Маълум бўлишича, амир Саййид Олимхон иқтисодиёт, яъни ҳозирги замон тилида айтсак, ишбилармонлик – бизнес соҳасида ҳам ўзининг муайян си ёсатига эга бўлган. У таниқли рус корчалон (ишбилармон)лари, савдо ва қурилиш ҳамда молия соҳаларининг ташкилотчилари А.А.Нератов ва Иван Стахеев каби кишилар билан шахсан яқиндан ҳамкорликда бўлган. Улар билан икки томонлама манфаатдорликка асосланган молиявий ҳамкорликни амалга ошириб, каттагина муваффақиятларни қўлга киритган. Бунга эса Россияда амирлик хазинасидан фойдаланишга катта иқтисодий эҳтиёж борлиги сабаб бўлган.
Ҳужжатларга асосланиб шуни айтиш мумкинки, Россияда ишлаб чиқариш ва саноат ҳамда савдо ривожланишида амирлик хазинасининг ҳиссаси катта бўлган. «Товар» ва Правители» номли хазинага оид ҳужжатлар тўпламидаги маълумотлар ҳамда бошқа ёзма манбалар гувоҳлик беришича, Россияда ўнлаб йирик темир йўллар қурилиши, мануфактураларнинг ишга туширилиши ҳамда банкларнинг фаолият юритишига амир Саййид Олимхон каттадан-катта инвестициялар киритган. Булар Нева ва Старо-Горькин мануфактуралари, Стахеев фирмаси, Шуя ва Шибанов корхоналари, Волга-Бугульма ва Рус-Бухоро темир йўллари, Рус-Осиё, Рус-Бухоро банклари ва бошқалардан иборат бўлган.
1928 йил 17 мартда ВКП(б) Марказий Қўмитасига берилган 0251-рақамли ҳамда унга орадан уч кундан кейин 20 мартда қўшимча қилиб юборилган 02256-маълумотномаларда қуйидагилар баён этилади: «Саййид Олимхон ўз бйлигини Россиядаги катта тадбиркорларга бериб, олтин ва бошқа қимматбаҳо тошлардан иборат махсус фонд ташкил этади, ҳатто Голландияда қимматбаҳо тошлар савдосини йўлга қўяди. Инқилобдан олдин Россияда унинг бойлигидан фойдаланувчи катта бир фонд ҳам пайдо бўлади. Бунга тахминан 1914 йилда Россия Ташқи ишлари вазири дўстининг акаси охирги йилларда Россия молия сармояси (капитал) ривожланишига катта ҳисса қўшган таниқли тадбиркор арбоб А.А.Нератов воситачилик қилади. У орқали Бухоро амири Саййид Олимхон ўзининг шахсий бойлигини ҳиссадорлик асосида Стахеевнинг фирмаси корхоналарига уч босқичда ўтказган». Яна юқоридаги ҳужжатларда кўрсатилишича, 1917 йилга келиб, Россияга Бухоро амири киритган сармоя-инвестицияларнинг умумий миқдори олтин ҳисобида 42,5 миллион сўмга етган. Стахеев эса амирдан олган пулларга Россия тўқимачилик саноатининг бир неча йирик корхоналарини сотиб олган. Буларнинг қаторида гигант Нева мануфактураси ҳам бўлган. Амир билан Стахеевнинг олди-берди муомаласи Рус-Осиё банки ҳамда Бирлашган банк орқали амалга оширилган.
Тилга олинган юқоридаги ҳужжатда яна ўқиймиз: «Стахеев корхонаси қисман ҳозирги пайтда ҳам сақланиб қолган (1928 йил назарда тутилмоқда – С.Х.) Рус-Осиё банки бойлигининг катта бир қисми, бутун ўз бошқармаси билан бирга Стахеевнинг тасарруфида бўлган».
Бу йирик рус корчалони корхоналарининг Марказий бошқармаси Париж шаҳри (Франция)да бўлган экан. Юқоридаги ҳужжатда қайд   этилишича, амир Саййид Олимхон томонидан Россияга киритилган сармоялардан тушган фойда (дивиденд)нинг маълум бир катта қисми Париждаги банкка ҳам оқиб ўтиб турган. Шуни ҳам айтиш керакки, Росси я банклари амирнинг сармоясини муомалага киритиб катта фойда олганлар.

Катта тадбиркор А.А.Нератов Волга-Бугульма темир йўли қурилиши бошқармаси раиси бўлган. У бизнесмен сифатида Бухорода бир неча марта бўлиб, амир билан яқиндан алоқа боғлаган. Бевосита унинг воситачилигида амир Рус-Осиё савдо банки орқали Россиянинг Катта Рус қоғоз ишлаб чиқариш фабрикасига 33 миллион, Рус-Бухоро банки ташкил топишига 2,5 миллион, Рус-Бухоро акционерлик (ҳиссадорлик) жамиятига ҳам 2,5 миллион, Бухоро темир йўли қурилишига эса 3,5 миллион олтин ҳисобида сармоя ўтказгани ҳужжатларда қайд этилган.
Иккинчи катта корчалон Стахеев амир Саййид Олимхондан 8 фоиз ҳисобида кредитга олган 25 миллион олтин пулни Нева, Шуя, шибанов ва Старо-Горькин мануфактураларига сарфлаб, уларни оёққа турғизади. Булар эса, ўз ўрнида яхши фаолият юритиб, Россияга миллиардлаб моддий фойда келтиргани, шунинг билан бирга унинг иқтисодиёти тараққиётига катта ҳисса қўшгани ҳам аниқ кўриниб турибди. Бошқача қлиб айтсак, амирлик хазинаси Россияда «капитализм» ривожига сезиларли даражада мадад берган. Бу эса ҳозирги кундаги Ўзбекистон-Россия иқтисодий ҳамкорлигининг тарихий илдизларидан биридир.
Ф.Хўжаевнинг гувоҳлик беришича, «Амир миллион-миллион сўмлик маблағларини савдо соҳасида, темир йўл компанияларида, рус ва чет эл фирмаларининг саноат корхоналарида ишга солган». Шунингдек, у келтирган Россия подшо ҳукуматининг Бухородаги ваколатли амалдори П.Введенский томонидан 1920 йил 26 февралда амир ҳукуматининг талаби билан ёзилган амир ва рус ҳукумати иқтисодий алоқаларига оид тўла бўлмаган ҳисоботда ҳам эътиборга молик маълумотлар бор. Бу ҳисоботда кўрсатилишича, амир томонидан рус савдо ва саноатига киритилган маблағларнинг миқдори қуйидагича бўлган:
Жаноби олийларининг (амир Саййид Олимхон назарда тутилмоқда) рус корхоналаридаги иштироки
I. Нақд капитал
1. Рус-Бухоро акциядорлик жамиятида:
нақд пахтанинг қиммати                      — 4.608.800 сўм
2. Рус-Осиё акциядорлик жамиятида:
нақд пахтанинг қиммати                      — 2.500.000 сўм
3. Бухоро банкидаги:
нақд пахтанинг қиммати                      — 500.000 сўм
4. Ип йигириш корхоналаридаги:
нақд пахтанинг қиммати                      — 30.000.000 сўм
5. Бухоро темир йўлида:
нақд пахтанинг қиммати                      — 111.250 сўм
Жами:                          — 37.720.050 сўм

II. Товар ҳисобидаги капитал (сармоя)
1. Рус-Бухоро акциядорлик жамиятида:
а) Нақд пахтанинг қиммати                 — 46.088.000 сўм
б) Жуннинг қиммати                         — 361.500 сўм
в) Қоплар қиммати                           — 186.000 сўм
г) Қоракўл тери қиммати                    — 635.000 сўм
д) Сахтиён тери қиммати                    — 184.000 сўм
е) Ҳар хил товар ва материаллар қимати   — 80.000 сўм
Жами:                          — 47.534.500 сўм
Жаноби олийлари иштирокининг ярим улуш — 3.003.750 сўм
2. Рус-Осиё пахтачилик жамиятидаги:
а) Нақд пахта қиммати                       — 31.180.900 сўм
б) Чигити олинмаган пахтанинг қиммати    — 1.144.200 сўм
в) Уруғлик қиммати                           — 3.696.355 сўм
г) Линт қиммати                               — 245.400 сўм
д) Бўз (мато) қиммати                        — 72.190 сўм
е) Қоп-қанор қиммати                         — 571.450 сўм
ж) Сим қиммати                               — 237.600 сўм
з) Капоп ип қиммати                          — 106.000 сўм
и) Пахта толаси қиммати                      — 15.151.100 сўм
к) Уруғлик қиммати                            — 318.820 сўм
л) Материаллар қиммати                      — 200.000 сўм
Жами:                            — 52.924.015 сўм
Жаноби олийлари иштирокининг ярим улуши —3.147.538 сўм
III. Умумий маълумот
1. Нақд пул (капитал)                       — 38.612.500 сўм
2. Жаноби олийларининг икки
акциядорлик жамиятидаги иштирокининг
ярим улуши                                  — 62.151.288 сўм
Жами:                                        — 100.763.788 сўм  
Ушбу ҳисоботнинг тагидаги «Изоҳнома»да алоҳида таъкидлаб кўрсатилишича, амирга Бухоро банкига ва Бухоро темир йўлига қўйилган сармоялардан белгиланган шартлар асосида дивиденд (фойда) тўланиши шарт бўлган. Шунингдек, Ип йигирув корхонасига қўйилган сармоядан амирга 7 фоиз кафолатланган фойда берилган. Яна шу йилларда Бухоро ҳукуматидан Россиянинг Бухородаги резидентига ҳам маблағлар тушиб турган.
Агар юқоридаги ҳисоботдаги маблағнинг ҳаммаси жамланса, амирнинг Россиядаги нақд пули ва ҳар хил товарларининг умумий қиммати 160.445.803 сўмни ташкил этади. Бу ҳолат Россияга қилинган экспортда ҳам кўзга яққол ташланади: 1850-1860 йилларда Россияга 30-40 минг дона қоракўл экспорт қилинган бўлса, 1911-1914 йилларда бу 1,5 миллионга етган.
Бухоро амирлиги энг бой мамлакат бўлиб, россияга салкам ярим асрлик васаллиги даврида беҳад кўп миқдорда маблағ сарфлади. Бу тўғрида Файзулла Хўжаев шундай деб ёзади: «Жуда катта миқдордаги миллион-миллион сўмлар амир томонидан рус саноати корхоналари, темир йўллари компаниялари ва савдосига ҳамда чет эл фирмаларига сарфланган».
Евгений Березиков ўзининг «Красная Бухара» (Тошкент, 1988) номли тарихий романида агар рост бўлса, Россия Биринчи жаҳон уришига кириши ва унга бўлган амирнинг муносабати билан боғлиқ бир қизиқ воқеликни кўрсатиб ўтади. Амир Саййид Олимхон ўз мунажжими Сўфи ибн Зайдни чақириб, бу урушда қатнашаётган рус подшоси Николай II нинг тақдири қандай бўлади, деб срайди. Шунда у «оқ подшо» тахтга ўтирган йил ва соат вақтини билиш керак дейди. Шундан сўнг амир Россия Ички ишлар вазирлиги орқали Николай II нинг 1896 йил 14 май куни эрталаб соат ўн бирда тахтга ўтириши маросими бўлганлиги ҳақидаги маълумотни олади-да, мунажжимни чақиртиради.
Мунажжим Сўфи ибн Зайд «оқ подшо» тахтга ўтирган пайтдаги юлдузларнинг жойлашишига қараб, унинг ҳукмронлиги даврида катта муҳораба бўлиши, армия унга қарши қўзғалон кўтариши, ҳарбий бошлиқлар орасида норозилик кучайиши, охир-оқибатда эса подшо ҳалок бўлишини айтади. Шундан сўнг амир рус сиёсий агенти генерал Галкинни чақириб, унга «Уруш, касал ва ярадорлар учун» бир миллионлик чек, яна икки минг нақд пулни бериб, шундай дейди: «Уруш ёмон оқибатларга олиб келади. Армия қўзғалон кўтаради, халқ бўйсунишдан бош тортади ва ҳамма ҳукмдорларни ағдариб ташлайди».
Амир Саййид Олимхоннинг Россияга муруввати Германия уруш эълон қилиши биланоқ бошланган эди. Мана бир мисол. «Туркестанские ведомости» газетасининг 1914 йил 2 август сонида«Благой почин» («Мурувватли ташабббус») деган сарлавҳа остида қуйидагича хабар босилади: «Бухоро амири Ҳазрати Олийлари сахийлик билан «Қизил хоч» («Красный крест»)га юз минг олтин ҳисобидан пул ўтказиб катта ташаббус кўрсатди. Бу ташаббус ўзидан сўнг бир неча катта миқдордаги ионаларга йўл очиб берди».
Николай II амир Саййид Олимхоннинг бу ҳимматларини юқори баҳолаб, унга 1915 йил 30 декабрда генерал-лейтенант ҳарбий унвонини беради. Амир ҳақиқатан ҳам Россиянинг урушда ғалаб қозонишига катта ёрдам берди. У 1914, 1915 ва 1916 йилларда Россияга ҳар йили бир миллиондан жами 3 миллион олтин ҳисобида сармоя беради. Булардан ташқари амир Николай II талабига кўра, 1914 йилнинг ўзида Россияга 10 дона тўп, 500 та бешотар милтиқ, 1500 та чопқир от ва бошқа уруш учун керакли нарсаларни инъом этгани ҳам маълум.

давоми бор

 
Маргарет Робертс билан Дэннис Тэтчер
13.08.2013 08:40    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

(Манфаатли никоҳ)

Манфаатли никоҳларнинг кўпинча охири вой бўлади: бир томоннинг иккинчи томонга хиёнат қилиши ёки кўзланган бойликнинг кутилмаганда елга совурилиши ёки саратонда ёғган қордай мусибатлар ҳаммасини барбод қилиб муҳаббат моратини йиқитади.
Аммо баъзан манфаатли никоҳлар ҳам яхши марраларга етиб бориши мумкин экан? Бунда томонларнинг тарбияли бўлиши, художўйлиги ҳам муҳим аҳамият касб этса керак; деб ўйлайман.
Буюк Британиянинг Бош Вазири Маргарет Тэтчернинг никоҳи аслида манфаатли никоҳ эди, аммо ўзидан ўн ёш катта бўлган эри Дэннис Тэтчер билан ёмон яшамади. Маргарет кунлардар бир кун журналистларга интервью бераркан, бу никоҳни «ҳафталар; ойлар ва йиллар оралаб ўтган олтин ришта» деб атади.

МАРГАРЕТИНГ БОЛАЛИК ВА ҚИЗЛИК ЙИЛЛАРИ

Маргаретнинг қизлик фамилияси Робертс бўлиб, бақоллик дўконининг соҳиби Элфрид Роберт ва чевар-тикувчи Беатрис оиласида Линконшир графлигининг Грэнтем деган кичик бир шаҳрида 1925 йилда оламга келган эди. Маргарет туғилганда опаси Мюриал тўрт ёшда эди. Отаси асосан тижорат билан машғул бўлса-да, маҳаллий кенга ишларига ҳам фаол қатнашар, шаҳар ҳокимининг ўринбосарларидан бири; кейинчалик шаҳар ҳокими бўлган эди.
Робертслар боққолия дўконининг иккинчи қаватида жуда камтарона ҳаёт кечирардилар: хонадоннинг ваннаси, иссиқ суви йўқ, ҳатто туалетлари ҳам ҳовлида эди.
—Бизга болаликдан художўйликка қандай аҳамият берсак, озодаликка ҳам шундай аҳамият беришимиз кераклиги сингдирилар эди, — деб хотирлайди Маргарет. — Мен уйимизнинг полини ялтирагунча тозалаб артар эдим. Ҳар гал бозор куни дадам, ойим — ҳаммамиз қатъий тартиб билан маҳалла черковимиига ибодат қилишга борардик… Отам ҳам, онам ҳам кичкиналигимиздан бошлаб инсонлик бурчигақаттиқ риоя қилишни ўргатишарди. Черковга нисбатан, қўшниларга нисбатан; бурчдорлик туйғусини сингдиришар, онгли қадам босишимизга эътибор қаратишарди. Кичкина бир шаҳарда камтарона уйда ҳалол меҳнат билан яшаганим; кейинчалик Бош Вазирликка сайланаётганимда ғалаба қилишимга ёрдам берди.
Чиндан ҳам Маргеретнинг камтар-камсуқум; иродали бўлиб тарбияланишида отасининг таъсири жуда катта бўлган эди? Маргарет отасининг айтганларига садоқат билан; қаттиқ риоя қиларди? Отаси Маргаретнинг харажатлари учун ҳафтасига икки пенс (инглизларнинг энг майда пули) ажратарди, аммо Маргарет буни оз, демас, отасининг чизиғида юрарди. Дўстларинг нима қилса, эргашма, уларни ўзингга эргаштир, дерди отаси Элфрид. Ўқитувчиларининг хотирлашича; Маргарет намунали ўқувчи бўлган, уй вазифаларини қунт билан адо этаркан. Инобатга олса бўладиган бир воқеа: Маргарет тўққиз яшарлигида бадиий ўқиш бўйича мусобақада ютиб чиққан эди. Ўқитувчилардан бири «бир омадинг клиб қолди-да», деса, «Омад? Қанақа омад? Мен ҳақли равишда ютдим!» деган экан.
Отаси шаҳар ҳокими бўлгани учун унинг ошналари уларникида йиғилишар ва дунё муаммолари ҳақида баҳслашишар эди. Ўн ёшли Маргарет ўртоқлари билан ўйнагани кетмай, сафдошларнинг баҳсларини тинглаб ўтирар ва парламентга ўз номзодини қўяётган кишиларнинг турли ҳужжатларини тегишли жойларрга элтиб берарди. Улфатларнинг алоқачиси бўлиб хизмат қиларди. Мактабни битириш арафасида Магарет бир артистликка қизиқди. Аммо отасининг назарида актёрлик енгилтак машғулот эди. «Келажагинг режасини тузаётганингда, қанчалик оғир бўлмасин, ўзингга муносиб тўғри йўлдан бошқасига алаҳсимаслик зарур экан», дейди кейинчалик Маргарет.
Маргарет Оксфорд ниверситетининг кимё куллиётини битказишга аҳд қилади. Аммо бунинг учун у лотин тилини ўрганиши керак эди. Отаси лотинчани ўрганишига зарур бўлган пулни беради? Маргарет лотинчадан ҳам аъло баҳо олиб; Осфорд университетига киради. Бу — Элфриднинг қизига сўнгги ёрдами эди. Бундан бу ёғига Маргарет ҳаёт тўлқиннлари бўйлаб ўзи мустақил сузиб кетади. У йилларда университетга қизлар кўп ҳам киравермас эди.
Айниқса; Маргаретлар оиласи мансуб бўлган камтар ижтимоий табақалардан ҳеч ким йўқ эди. Маргарет талабалик йилларидан бошлаб у йилларда у қадар обрўйи бўлмаган Консерваторлар фирқасининг ишларида фаол қатнаша бошлади.
1946 йилда Маргарет Робертс университетни битказади ва озиқ-овқат технологияси соҳасида тадқиқотчи-кимёгар бўлиб ишлай бошлади. Кейин Консерваторлар фирқаси Кент графлигидаги Дартфорд шаҳридан парламент сайловларига унинг номзодини илгари сурди. 1948 йилнинг бу оқшоми Маргарет ҳаётида икки томондан жуда муҳим бир кун бўлди. Сайловга унинг номзоди қўйилгандан кейин Дэннис Тэтчер деган бир бизнесмен ўз машинасида уни уйига кузатиб қўйди.

МАРГАРЕТНИНГ ОИЛАВИЙ ҲАЁТИ

Маргарет ишбилармон бўлиб улғайгани учун; муҳаббати кимиёси ҳам шунақа бўлди. Бўй етиб келишган қиз бўлганда ҳам у ўз ошиқларининг кимлигига, уларнинг синфий даражаси ва бой-камбағаллигига қараб муомала қиларди. Энг олдин унга бир фермер — оддий қишлоқ йигити парвона бўлганди. У Маргаретга одам юборганда совчиларга йўлакдаёқ жавоб тегди. Шуҳратпараст Маргарет келгусид қишлоқда яшамоқчи эмасди… Фермер йигит кейинроқ унинг опаси Мюриалга уйланди.
Мактабни битириш арафасида Маргарет бир графнинг ўғлини яхши кўриб қолганди. Аммо йигитнинг онаси бунган, худди Маргаретнинг ўзидай қаршилик кўрсатди. Боққолнинг қизи боққолга тегаверсин, у ўғлимнинг тенги эмас, деб уни ўғлига яқинлаштирмади. Шунинг учун Маргарет университетга кирганда севги савдолари билан ўралашмай, ўзини бутунлай илм эгаллашга ва смёсий фаолиятга бағишлаган эди. Йигит-қизлар билан кўпда яқинлашмас, улар орасида битта ҳам яқин дўсти йўқ эди? Бунинг устига моддий таъминоти ҳам ночор аҳволда, фақат стиепндияга яшар, ҳатто баъзида бир бурда нону битта тухум билан қаноатланарди.
Университетни тугатиб, ишга келган жойида ҳам одамларга қўшилиб кетмади? Кимёгар-технолог бўлиб ишласа ҳам; хаёли бошқа ёқда эди. Шунинг учун ҳамкасблари уни ёқтиришмас, орқасидан Герцогиня Хоним деб аташарди. Консерваторлар фирқаси парламентга унинг номзодини қўйган ўша қутлуғ куни Маргарет, Дэннис Тэтчер билан танишди. Дэннис ўзининг ҳашаматли «йўлбарс»ида Маргаретни кузатиб қўйди…
Олдинига Дэннис унда у қадар яхши таассурот қолдиргани йўқ. Шундай бўлса ҳам йигитнинг хушомадларини қайтариб ташламади. Ичида: «У ахир турли бўёқлар ва кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарса, мен кимёгар бўлсам, тағин менга нима керак?» деб ўйлади. Бунинг устига устак икковларининг сиёсий қарашлари ҳам бир хил — икковлари ҳам Консерваторлар фирқасининг тарафдори эдилар. Дэннис икковларининг умумий манфаатлари уларни никоҳ билан боғланишга олиб келди – ўз интервьюларининг бирида Бош Вазир Тэтчер никоҳлари манфаат устида қурилганини тан олганди.
Маргарет фақат бир нарсадан хижолат бўларди. Йўқ, Дэнниснинг ўзидан ўн ёш қатталигидан эмас… Маргарет, юқорида айтганимиздай, диний тарбия кўрган, уларнинг динида исломдаги каби қўш хотинлиликка йўл қўйилмас, Дэнниснинг эса хотини бор эди. Улар бекитиқча никоҳ шартномаси туздилар — буни Маргаретнинг ота-онасга ва бўлғувси фарзандларига билдирмадилар. Бу тарих анча кейин — Маргарет Тэтчер Бош Вазир бўлганидан сўнг очилди — журналистлар махфийлаштирилган ҳужжатларни кавлаштириб топдилар: Дэнниснинг илк хотинининг исми ҳам Маргарет экан.
Уларнинг никоҳланиш тўйи 1951 йил 13 декабрда бўлиб ўтди. Маросимда куёвнинг онаси ва опаси қатнашди. Улар Маргаретни рўдаподай узун кўк никоҳ либосида кўриб, ҳафсалалари пир бўлди.
Модомики уйланаркан, бундан тузукроғини топса ҳам бўларди-ку, деб Дэннисга ачинишди. Аммо Дэннис ҳам, Маргарет ҳам бундай деб ўйлашмасди. Дэннис фақат ишхона ишларини катта йўлга олиб чиқишни эмас, оилани бошқаришни ҳам хотини зиммасига юклади. Маргарет эса, ҳаётининг мазмуни бўлган сиёсатга берилиш учун оёқ остидаги заминини мустаҳкамлаб олди. Дэннис Маргаретни «хўжайин», «бошлиқ» деб чақирар, ўзини унга қарам қилиб кўрсатиб, ўзи емалол ялло қилиб юрарди. У хотинига ўхшаган одамови эмас, киришимли ва дилкаш эди. Фақат бир томони катта муаммо эди — у ичкиликни яхши кўрарди, ҳатто, тантанали йиғинларда ҳам қаттиқ ичиб олиб, кайфи ошиб қолар, ҳамма нарсани миридан сиригача билишни истайдиган хира-хандон журналистлар уни шу аҳволда суратга олиб, матбуот орқали ҳамма ёққа кўз-кўз қилишгани Маргаретни жуда безовта қилар эди. Шунинг учун Маргарет эридан журналистларга интервью бермасликни талаб қилар, журналистлар эса, аксига олиб уни яхши кўришарди. Ҳатто у ҳақда ҳажвий пьеса ҳам ёзгандилар.
Комедиянинг мазмуни эса мана бундай эди: Тэтчер баъзи бир пайтлар кабинет мажлисини ўзининг шаҳар ташқарисидаги резиденциясида ўтказаркан. Катта хоналарнинг бирида Буюк  Британиянинг энг катта амалдорлари йиғилишиб, йирик умуминсоний масалалрни муҳокама қилишаётган бир пайтда катта деразадан Дэнниснинг беғам-бепарво гольф ўйнаётгани кўриниб турарди. Ҳатто Маргаретни тўлғоқ тутганда ҳам Дэннис ўзини кўрстаган эди. Тўлғоқ мўлжалдан етти ҳафта бурун тутган, бу пайтда бепарво Дэннис крикет бўйича чемпионатда юрган эди. Бечора Маргарет бир ўзи амаллаб туғруқхонага етиб олган ва эгиз — бир қиз, бир ўғил туққан эди. Ўғилни Марк деб, қизни Кэролл деб атадилар. Қиз улғайганда эрга тегиб, Австралияга, ўғил уйланиб Америкага кетдилар.

МАРГАРЕТ ТЭТЧЕР — СИЁСИЙ РАҲБАР

(Ташқи ва ички фаолиятига оид айрим чизгилар)

Ҳукмдорлар ҳокимият тепасига гуруллаб келадилар, аммо кетишди… кетиш улариннг ихтиёрида белмайди: ё шафқатсиз ўлим уларни ўз комига тортади, ё вақти соатлари келиб, тахтдан қулашга мажбур бўладилар. Шундайлиги билсалар ҳам, улар яна бир кун бўлса-да, тахтда ўтиргилари келади. «Мансабнинг нони ширин!» деган эди бир вақт бир ҳоким.
Буюк Британиянинг Бош Вазири Маргарет Тэтчер 1979,. 1983 ва 1987 йилги сайловларда ғалаба қозониб, бу лавозимда 1979 йилдан 1990 йилнинг охиригача ишлади. Бу постда шунчалик узоқ ишлаш асрлар давомида ҳеч кимга насиб этмаган эди. Фақат Ливерпул графигина бу вазифада Тэтчердан ортиқроқ хизмат қилган, яъни 1812 йилдан 1827 йилгача Бош Вазир бўлган эди. Маргарет Тэтчерга иккинчи ўринни эгаллашдай шараф насиб этган бўлса ҳам, ҳали истеъфога чиққиси йўқ эди. Аммо Консерваторлар партияси етакчиликни Тони Блейрга топширгандан кейин, Тэтчер истеъфога чиқди.

Миразиз АЪЗАМ

 


61 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин