Саналар
22.12.2024
Баннер
Курашчан худосизлар иттифоқи
09.09.2013 23:11    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Собиқ Иттифоқ даврида динга қарши кураш олиб бориш учун тузилган оммавий жамият. Унинг тарихи 1922-23 йилларда Худосизлар тугаракларидан бошланади.

Батафсил ...
 
АҚШ доллари тарихи
09.09.2013 22:59    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Доллар сўзи ўрта асрларда дастлаб 1519 йилда Германияда пайдо бўлган танга номи “Таллер”дан келиб чиққан. 1873 йилда таллер Германияда бутунлай муомаладан чиқиб кетди. Унинг ўрнига марка кириб келди. Бироқ унинг номи халқ орасида қолиб кетди. Шу пайтларларда Англия ва Испания колонияларида песо номи билан машҳур бўлган испан тангалари муомалада бўлган. Бу тангаларни кўп жойларда адашган ҳолда “dalar” деб аташар эди. Бизга машҳур бўлган доллар номи ҳам унинг дунёга машҳур белгиси доллар ҳам ўша пайтда пайдо бўлган. Узун инглизча ибора “piese of Eight”, яъни 1/8 (нимчорак) коғозда ўчирилган 8 га айланиб, охир-оқибат бизга таниш бўлган доллар белгиси пайдо бўлган.
1879 йилда АҚШ ҳукумати давлатнинг расмий валютасини муомалага киритиш чоғида унга ҳеч иккиланмай ҳаммага маълум ва машҳур бўлган доллар номини танлашди. Ўша пайтда машҳур шахслардан бири “Янги Америка ўзининг янги пулига жуда эски ном танлади” - деган эди. 1792 йилда муомалада бўлган АҚШ пулининг таркибидаги соф олтин микдори 1,6033 гр ёки 24,057 гр соф кумушдан таркиб топган эди. 80 йиллардан сўнг, яъни 1876 йилда мазкур олтин тангалар давлатнинг расмий пул бирлиги сифатида тан олингандан сўнг унинг таркибидаги соф олтин микдори 1,50463 гр килиб белгиланди. Бу миқдор АҚШда яна 30 йил, 1929-33 йиллардаги жаҳон иқтисодий таназзулигача амалда бўлди. Шу алфозда қабул килинган “олтин захираси” ҳақидаги ҳужжатга биноан, тилло микдори 0,88867 гр.га, яъни 41 %га туширилди.
Шу пайтда Троя унциясининг нархи 35 доллар эди. II-жаҳон урушидан кейин АҚШ дунёдаги ҳукмронлигини мустаҳкамланиши билан долларнинг дунёдаги ўрни хам аста-секин билиниб борди. Маршал шартномасига асосан, вайрона ҳолга келган Европага АҚШ инвестицияси билан биргаликда долларнинг йирик оқими ҳам кириб кела бошлади. Уруш туфайли ачинарли аҳволга тушиб қолган Европада долларнинг кенг истеъмолга кириши қийин кечмади. Шу пайтда Европанинг марказий банкларида долларни исталган Европа давлати пул бирлигига ёки келишилган миқдордаги олтинга алмаштириб олиш мумкин эди. Бироқ ХХ асрнинг 60-йиллари ўрталарига келиб, долларнинг қадри тушиб кета бошлади. Инфляциянинг ўсиши ва АҚШ савдо балансидаги танқислик навбатдаги доллар девальвациясини келтириб чиқарди. 1971 йилнинг охирида олтиннинг бир унцияси 38 долларга чиқди. Долларнинг таркибидаги олтин микдори эса умуман тўхтатилди. 1973 йиллар яна 10 %га девальвация қилинди. 1974 йилнинг февралига келиб, олтиннинг бир унцияси дунёнинг йирик биржаларида 150 долларга кўтарилди. Ҳозирги кунда бу кўрсаткич 260 долларни ташкил этади. 100 йил мобайнида доллар 10 баробар арзонлашди. Аммо олтин стандартидан воз кечилган пайтда доллар ер юзининг кўпчилик аҳолисини ишончини қозонган эди. Кўплаб давлатларнинг норасмий пулларига айланиб қолди. Охирги йилларда эса Жанубий Америка давлатларининг кўпчилигида доллар асосий пул ўрнида қўлланилмоқда.
АҚШдан бошқа яна 26 давлат пул бирлиги доллар номи билан юритилади. Замонавий “долларчи” давлатларнинг катта қисмини Британия империясидан мустақил бўлгандан сўнг қабул қилишган. 1857 йилда Канада Британия колониясидан доминьонига айланган вақтдан бошлаб, бу давлатнинг расмий пул бирлигига айланди. Шунинг учун ҳам ҳозирги пайтда замонавий Канада банкнотларида ҳам Британия қироличаси Елизавета II ни портрети акс этган. Охирги муомалага киритилган долларлардан бири - бу Сингапур долларидир. 1967 йилда кенг муомалага киритилган ушбу банкнотлар қушлар, кемалар, гуллар ва бошқа нарсалар билан безатилган. Бу пул дунё пуллари ичида ҳам энг чиройли бўлишига даъвогарлик қилади. Лекин замонавий АҚШ долларлари эса ҳамон ХХ аср бошидаги тасвирини узгартирганича йўқ. Олд қисми кулранг, орқаси яшил. Барча банкнотлар бир хил ўлчамда (157х67 мм). ХХ аср охирига келиб, пул қалбакилаштириш авжига чиққан пайтда долларнинг содда кўриниши давр талабига жавоб беролмай қолди. Яқин-яқингача пулни қалбакилаштириш жуда осон эди. 1996 йилда чиққан долларнинг янги нусхаси фирибгарлар учун жиддий синов бўлди.

 
Хрушев хотиралари
08.09.2013 12:50    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Собиқ шўролар диёрининг учинчи рахнамоси Никита Сергеевич Хрушчёвнинг бири биридан довдир хатти-ҳаракатлари, бутун мамлакат экинзорларини жўхорипояларга айлантириш борасидаги сароб хаёллари сингари хангоматалаб воқеаларни кўп эшитгансиз.

Батафсил ...
 
Қатағон даҳшатлари
08.09.2013 12:52    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Жаҳон тарихи одамзод ўзи яшаб турган маконида кўп миқдорда ёвузлик, жиноий ҳаракатлар ижод этганига шоҳиддир.

Француз олими Лайнус Полинга ўзининг "Ҳеч қандай уруш бўлмасин"' номли асарида ер юзида кейинги 5,5 минг йил давомида 14500 та катта ва кичик урушлар бўлиб, уларда 4 миллиардга яқин одам ҳалок бўлган, бу бундан бир неча ўн йил олдин ер куррасида яшаётган одамлар миқдорига тенгдир», деб ёзган эди.

Ҳарбий ҳаракатлар юз бериши ва юз бермаслигидан қатьи назар турли мамлакатларнинг у ёки бу ҳудудида қотилликлар, портлашлар, ёнғинлар, заҳарланишлар, одамларни ўғирлаш ва бошқа ҳаракатлар юз берган ва ҳозирда ҳам содир бўлмоқда.

Октябр тўнтариши оқибатида Туркистонда зўрлик билан ўрнатилган мустамлакачи Советлар тузуми биринчи кундан бошлаб халкдаримиз бошига сон-саноқсиз қирғинлар, даҳшатли ва аламли кулфатлар олиб келди. Бу даҳшатли режимни ўлкамиз халқлари қабул қилмадилар. Улар истикдол учун, эрк ва миллий-озодлик учун 16 йил мобайнида қуролли кураш олиб бордилар. Бу кураш давомида, айрим хориждаги муаррихлар ҳисобича, 1 миллион 900 минг ватандошимиз Туркистондан бош олиб, хорижий мамлакатларга чиқиб кетди ва 1 миллион 700 минг юртдошимиз Сибирга, Узоқ Шимолга, Украинага, Шимолий Кавказга, Уралга, Қозоғистонга, Узоқ Шарққа, Кавказга, Волгабўйи районларига бадарға қилинди.

Россия Федерацияси марказий телевиденияси "Культура" канали 2007 йил 4 июлда "Расстрельные списки Сталина" номли кўрсатув берди. Уни тарих фанлари доктори Н. Петров, тарихчи А. Виноградов олиб бордилар. Унда «катта террор»нинг 1937 йил 30 июлдан бошланиб 1938 йил ноябрига қадар давом этганлиги айтиб ўтилган. Шу вакт ичида 1,5 миллион киши қамоққа олинган, шундан 700 минги отиб юборилган. "Катта террор"нинг қаҳрли тиғи жамият аъзоларининг барча тоифаларини ўз домига тортган. Айниқса, "катта террор"дан аҳолининг қуйи табақасидагилар кўп жабр-зулм кўрганлар.

НКВДнинг 00486-сонли буйруғи бўйича 1938-1946 йилларда Қарағандадаги "Алжир" (Акмолинский лагерь жён изменников родины) лагерида "Ватан хоинларининг оила аъзолари"дан 6500 аёл жазони ўтаган. Халқ душмани тамғаси билан қатағон бўлганларнинг фарзандлари махсус болалар муассасаларида сақланган. 1937 йил 15 августдан 1939 йил январигача Иттифоқ бўйича 25342 бола оиласидан ажратиб олинган, улардан 22427 нафари Халқ маорифи комиссарлиги ҳудудидаги болалар уйларига ва маҳаллий боғчаларга тарқатиб юборилган, шундан 1909 нафари Москвада бўлган, 2915 нафари бошқаларга боқиш учун оилаларга қайтариб берилган. Бу болаларнинг ёши 15 гача бўлган. Ёши 15 дан юқорида бўлган болалар "ижтимоий хавфли" ҳисобланиб, қамоққа олинган ва ҳукм қилинган.
Қарағанда лагеридаги маҳбус аёллар жазо муддатини ўтаётганларида 1507 нафар фарзанд кўрганлар, бу болалар кўпинча севги асосида эмас, зўрлик асосвда дунёга келганлар.

Мудҳиш воқеалар 1937 йил июлдан бошланиб, 1938 йил ноябргача давом этган. Шу вақт ичида совет империяси бўйича бир ярим миллион киши қамоққа олинган, шундан етти юз минги отилган. Ўзбекистонда эса 1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача ўн минг етти юз киши қамоққа олинган. Булардан уч минг олти юз ўн уч киши отилди, етти минг саксон етти киши саккиз-ўн йил муддатга қамоққа ташланди.
Ўша йиллари аҳолининг барча қатламлари қатағон гирдобига тушган. Қатағон аввало, зиёлилар, дин хизматчиларига қарши қаратилган эди.
Факат 1937 йил декабр ойида "учлик" қарори билан ҳукм қилинган уч минг олти юз қирқ тўрт кишидан бир минг тўрт юз олтмиш тўрт нафари имом, эшон, мулла ва бошқа диний хизматчи бўлган. 1938 йилнинг февралида "учлик" йиғилишларида 2491 маҳбус устидан ҳукм чиқарилган, шундан 2086 маҳбус отувга, 398 маҳбус ўн йил муддатга, икки маҳбус саккиз йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Тўрт маҳбус тергов вақтида вафот этган, бир кишигина озод этилган. Улар асосан ўзига тўк деҳқонлар, ишчи-хизматчилар, 153 нафари уламолар, 72 нафари собиқ савдогарлар бўлган.
Қатағон қилинган юртдош уламоларнинг қисматига дойр айрим маълумотларни келтирмоқдамиз:

Абдураҳмон Бердиалиев (1888 йили Андижан округи, Балиқчи тумани, Тумор қишлоғида туғилган, имом, ҳибсга олинган вақтда колхозчи) — босмачилик ва бошқа аксил-инқилобий ҳаракатларда қатнашган, колхоз
тузумига қарши тарғибот олиб борган деган туҳмат билан "учлик" томонидан 1938 йил 9 февралда отувга ҳукм қилинган.

Ашур Солиев (Бухоро округи Шофиркон тумани, Қилмакон кишлоғида 1903 шли туғилган, олим, ҳибсга олинган вақтда колхозчи) — миллатчи, аксилинқилобий ташкилот аъзоси сифатида колхозчилар орасида совет ҳокимиятига қарши норозилик уйғотган, деган сохта айблов билан "учлик"нинг 1938 йил 7 февралдаги қарори билан отувга ҳукм қилинган. Ҳайдар Ҳазратқулов (1868 йили ҳозирги Жиззах вилояти Жиззах туманы Етимтак қишлоғида туғилган, дин хизматчиси, имом)
— аксилинқилобий миллатчи ташкилот аъзоси, аҳоли орасида колхозга қарши тарғибот олиб борган, деган уйдирма билан "учлик" -нинг 1938 йил 9 феврал қарорига кўра ўн йил меҳнат-тузатиш лагерига ҳукм қилинган.

Абдулла Бойкотов (1888 йили ҳозирги Наманган шаҳрида туғилган, дин хизматчиси, эшон, ҳибсга олинган вақтда ишсиз) — аксилинқилобий гуруҳ аъзоси, совет ҳокимиятига қарши қуролли ҳаракатларда қатнашган, халқ душманларини қўллаб-қувватлаган, деган туҳмат билан "учлик" қарорига кўра 1938 йил 9 февралда отувга ҳукм этилган.

Нажмиддин Иномов (1882 йили ҳозирги Наманган вилояти Наманган туманы Шўрқўрғон қишлоғида туғилган, дин хизматчиси, имом, ҳибсга олинган вақтда ишсиз) — аҳоли орасида аксилинқилобий ташвиқот олиб борган, колхозчиларни совет ҳокимиятига қарши чиқишга тарғиб этган, деган бўҳтонлар билан, "учлик" қарорига кўра 1938 йил 9 февралда отувга ҳукм қилинган.

Соат Турдиев (1890 йили Сурхондарё округи Бойсун тумани Пулҳаким қишлоғида туғилган, имом, ҳибсга олинган вақтда колхозчи) — аксилинқилобий гуруҳ раҳбари, ноқонуний йиғинларда иштирок этган, колхозларни тарқатиб юборишга, қуролли ҳаракатларга тарғиб қилган, деган уйдирма билан "учлик" 1938 йил 4 февралда отувга ҳукм қилган.

Иброҳим Муқимов (1873 йили Сурхондарё округи Бойсун тумани Қумбулоқ қишлоғида туғилган, имом, ҳибсга олинган вақтда ишсиз)
— миллатчи, совет ҳокимиятига қарши қуролли ҳаракатларни уюштириш сохта айблови билан айблаб, "учлик" 1938 йил 4 февралда отувга ҳукм қилган.

Алихўжа Примбетов (1888 йили Тошкент вилояти Чирчиқ тумани Кас қишлоғида туғилган, имом) — аҳоли орасида доимий равишда миш-мишлар тарқатган, коммунистларни ёмонлаган деган туҳмат билан "учлик" 1938 йил 14 февралда отувга, мол-мулкини мусодара этишга ҳукм қилган.

Али Махсум Содиқов (1900 йили Крра-қалпоғистон АССР Кипчоқ тумани 5-овулида туғилган, дин хизматчиси) — ноқонуний йиғинларда иштирок этган, бундай ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган, халқ орасида колхозчиларга қарши ташвиқотлар олиб борган, деган туҳмат билан айбланиб, 1938 йил 7 февралда отувга ҳукм қилинган.

Мамут Юсупов (1885 йили Қорақалпоғистон АССР Кипчоқ тумани 5-овулда туғилган, савдогар, дин хизматчиси, имом) — аксил-инқилобий диний гуруҳ аъзоси, ноқонуний йиғинлар ташкил этиб, аҳоли орасида советларга қарши тарғибот олиб борган, деган туҳмат билан "учлик" 1938 йил 7 февралда отувга ҳукм қилган.

Муса Исаев (1900 йили Хоразм округи Хива шаҳрида туғилган, имом, ҳибсга олинган вақтда колхозчи) — аксилинқилобий диний гуруҳ аъзоси, ноқонуний йиғинлар ташкил этган, аҳоли орасида аксилинқилобий ташвиқот олиб борган, деган уйдирма билан айбланиб, "учлик" қарорига кўра 1938 йил 10 февралда отувга ҳукм қилинган.

Худойберган Абдалов (1896 йили Хоразм округи Хива тумани Молотов қишлоқ советида туғилган, имом, ҳибсга олинган вақтда колхозчи) — аксилинқилобий диний гуруҳ аъзоси, ноқонуний йиғинларда иштирок этган, аксил-инқилобий мағлубиятчилик ташвиқотларини олиб борган, деган уйдирма билан 1938 йил 10 февралда отувга ҳукм қилинган.

Бу ўринда бор-йўғи ўн икки нафар қатағон қурбони ҳақида қисқа маълумотларни келтирдик. Уларнинг барчаси кейинчалик айби йўқлиги учун оқланган.

Рустамбек Шамсутдиновнинг "Қатағон қурбонлари" китоби асосида тайёрланди

 
Навоий қурдирган масжидлар
03.09.2013 16:57    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ҳижрий 844 йили Рамазон ойи ўн еттисида туғилган Низомиддин Мир Алишер Навоий Ислом неъматидан беқиёс даражада баҳра олгани туфайли ҳам бутун ижоди имон нури билан шуълаланиб туради.

Одамийликнинг энг улуғ ғояларини гўзал шаклда қалбга муҳрлайди. Ҳазрат Алишер Навоийнинг динимизг ихлос ва муҳаббати ҳаётда ҳам катта миқёсда кўп савобли ишларнинг амалга ошишига сабабчи бўлган. У Хуросонда Ислом равнақи учун ибодат аҳлига имкон қадар яхши шароит яратишга алоҳида эътибор берар эди. Улуғ шоирнинг замондоши, шогирди, машҳур тарихчи олим Хондамирнинг "Макоримул ахлоқ" тарихий асарида бу ҳақда қимматли маълумотлар бор.

...Бу обидлар ва бандалар паноҳининг жума ва бошқа намозларни жамоат билан ўташда ғайрати шу даражага етган эдики, Марғани боғида ғоят зийнатли бир масжид бино қилиб, ўз замонининг атоқли қориларидан Хожа Ҳофиз Муҳаммад Султоншоҳни имом белгилади ва ўзи у ерда беш вақт намозга ҳозир бўларди. Шунингдек, эшикдаги мулозимларни намоз адосига тарғиб қилиш, бирор кишидан ноўрин иш содир бўлса, жазолаш учун бир мухтасиб (тергаб турувчи) белгилаган эди. Шунингдек, Марғани боғи қаршисида бир маҳобатли масжид қурган, ҳақиқатан, бу бинонинг дилкушо фазоси қурувчи қалбнинг поклигидан дарак беради...

Бу хайрли бинолар қурувчи (ҳазрат Алишер Навоий)нинг қайта қурган масжидларидан бири Ҳирот жомеъ масжидидирки, (у) ҳақиқатан, илоҳий файзларнинг тўпланган жойи ва узлуксиз кудуратларни кетказувчидир.
Султон Соҳибқирон салтанати даврида, "Мақсура суффаси"нинг айвони қаттиқ зарарланди, гумбазнинг шипи хароб ҳолга келди. Юксак деворлари намозхонлар белидек букилди, пиллапоя устунлари сажда қилувчилар каби юзини ерга қўйди. Оқ ганчлар баланд шиплардан кўчиб тушди, қора тупроқлар саҳн юзасига тўпланди.
Мана бу ҳол у илҳоми илоҳийнинг равшан кўнглида жой олиб, у бинони қайта қуришга бел боғлади. Подшоҳи Исломдан (Ҳусайн Бойқаро) ижозат олиб, 903 йили шаъбон (1498 йил, март-апрел) ойида гумбазни ва "Мақсура" тоқини очишга амр қилди. Шундан кейин ўткир меъморлар ва синчков муҳандисларнинг маслаҳати билан, илгарисидан мустаҳкамроқ қилиб қуришга буюрди. "Мақсура суффаси"нинг икки томонида иккита юксак айвон вужудга келтирилиб, бунинг туфайли катта тоқ суянчиққа эга бўлди ва мустаҳкамланди ва у Қурувчи бинонинг тез битишига қаттиқ аҳамият берганидан, ҳар куни иш бошига ташриф қилар, кўпинча этакни бар уриб, мардикорлар қатори ишлар эди. Ҳар неча кунда меъморлар, усталар, балки барча ҳунармандларга қимматбаҳо тўнлар кийгизар ва беҳад инъом ва эҳсонлар билан уларни шодлантирар эди.

Шундай қилиб, Худонинг марҳамати ва подшоҳнинг узлукиз кузатиши билан уч-тўрт йилда битадиган иш олти-етти ойда тугади. "Мақсура" айвонининг баландлиги, Амирнинг (Алишер Навоий) ҳимматига мувофиқ, илгаригидан олти-етти заръ (Газга яқин узунлик ўлчови (1 газ – 0,71м.га тенг)) ортди. Ишнинг асли охирига етиб, бинонинг асоси мустаҳкамлангач, устки томондан безаш ва кўркамлаш фикри қўзғалди. Қилинган ишорат юзасидан билимдон муҳандислар, ишчан кошитарошлар, ҳунарманд наққош ва сангтарош усталар безаш ишига жиддий киришдилар. Тахминларга кўра беш йилда бажариладиган ишни бир йилда тамомладилар. Тоқ ва равоқларнинг ҳар томони мусулмон ва хитой услубида зийнатланди ва ҳалланди. Сафобахш суффаларнинг саҳнлари ажойиб санъат ва ғаройиб ихтиролар билан бошқа бинолардан мумтоз ва мустасно бўлди. Баланд гумбазларнинг шиплари яхшиларнинг номаи аъмолидек оқлик ва равшанлик қозонди. Айвонлар деворининг пастки айланаси қизил тошлар билан беркитилиб мустаҳкамланди...

Илгариги минбар ёнғоқ ёғочидан ишланган ва синиб кетган эди. Софдил Амирнинг кўнгли мармар минбар ясашни тақозо қилди. Улуғ даргоҳ мулозимлари қидира-қидира Хон вилоятидан мармартош топдилар. Эгасига батамом нархини тўлаб, бу жойга келтирдилар. Устод Шамсиддин сангтарош бу тошдан минбар ясашга киришди. Олий насабли Амирнинг ҳимматлари соясида шундай бир минбар қурилдики, оламни безовчи қуёш, хатиб каби ҳар тонг кўк осмон минбарига чиққанида, бу минбарнинг тенги ва ўхшашини кўрмайди.
Хулоса: бу жаннатмисол масжидни безаш ва пардозлаш ишлари тамом бўлганидан кейин, 905 йил шаъбон ойининг (905 йил шаъбон милодий 1500 йили март ойига тўғри келади) ўн тўртинчиси, чоршанба куни, тадбир эгаси Амир ош тортиш маросими ўтказиб, хатиб, имом, воизлар, қорилар, мутавалли, ходимлар, усталар ва иморат ишчилари бу маросимга чақирилиб, зиёфат маросимлари амалга оширилди. Қарийб юз кишидан иборат гуруҳнинг қобилиятли қоматлари қимматбаҳо пўстинлар, аъло чакмонлар ва бошқа хил кийим-кечаклар билан безатилди.

Шундан кейин бу табаррук мақомнинг томи юзасини мустаҳкамлаш ва чидамлилигини ошириш тўғрисида ишора қилди. Иморат ишчилари ускуна тайёрлашга ва усталар уларни ишга солишга киришиб, бир оз вақтда тахминан ўн тўрт жариб миқдоридаги бино томларини икки қават қилиб ёпиб, устини сомонли лой билан сувадилар. Кўнгилни бу ишлардан бамамом фориғ қилдилар. Шу пайтда ҳидоятли Амир яна бир тўй керак-яроғини ҳозирлаш тўғрисида қайта фармон берди. Фармон бажарувчилар бу ишга машғул бўлиб, бу чақириққа эллик бош қўй ва тўққиз бош от сарфладилар. Бошқа нарсаларни шунга қиёс қилиш мумкин...

906 йил душанба куни жумодил-аввалнинг бошида машойих, сайидлар, қозилар, олим ва фозиллар, амир ва вазирлар, пойтахт Ҳиротнинг ашроф ва аъёнлари, баъзиси ҳидоятли Амирнинг айтиши ва баъзиси ўз хоҳиши билан ўша файз-баракали ибодатхонага тўпланишиб, ғоят улкан бир йиғин барпо бўлди. Мўл-кўл ош-сув тортилганидан кейин, яна бир бор баланд даражали, дарёдай кенг Амир иморат ишчилари, усталар ва мардикорларга тўнлар кийгизди ва ҳурматлаш ҳамда узр баён қилиш маросимларини амалга оширди.

Бу Амирнинг ҳиммат қўли билан қурилган ҳар бир масжид тўғрисида алоҳида тафсилот берилса, бу қисқа рисола узайиб кетади. Шунинг учун бошқа масжидларни фақатгина санаб ўтамиз:

Сари пули Инжил масжиди;
Тали Қутбон масжиди;
Сари кўчаи Улуғ ота масжиди;
Сари кўчаи Амир Ислом масжиди;
Чаҳорсуқи Мирзо Алоуддавла масжиди ("Кўшки жаҳоннамой" томонида);
Қаландарлар маҳалласи масжиди ("Боғи Зоғон" ичида);
Тархониён маҳалласи масжиди;
Мир Одил маҳалласи масжиди;
Пули корд жомеъ масжиди;
Ийдгоҳ қишлоғидаги жомеъ масжиди;
Баҳра қишлоғи масжиди;
Исфизор жомеъ масжиди;
Ғурдаги масжид;
Қушнаж қишлоғи жомеъ масжиди;
Сарахс масжиди; Кароти Таршиз масжиди;
Астробод жомеъ масжиди.

Булардан ташқари, бино қилинган барча мадраса, хонақоҳ ва работларда ҳам масжидлар қурилган...

"Макоримул-ахлоқ" китобидан олинди

 


60 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин