Саналар
21.12.2024
Баннер
Вақт келмадими?
26.02.2014 20:24    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Табақайи мунавварайи миллияси (яъни интеллигенцияси) бўлмаган бирор-бир миллат йўқдир.
Немис, франдуз, инглиз каби буюк миллатлардан ибрат олган поляк, чех каби мутамаддун қавмларни ҳам қиёсга олмас эсак, Русиянинг шимолидаги бир ҳовуч финланда ва жанубидаги ярим хрвуч арманиларда ҳам «табақайи мунавварайи миллия» кўрмоқдамиз... Кўрмоқдамиз-да, суқланиб ва ҳасратда қолиб, ўз миллатимизнинг бундан маҳрум эканлигига қонли ёшлар тўкмоқдамиз.
Бир милйўн армани орасида бир неча юз зиёли миллатчилар борлиги ва муҳаббати миллиялари, жиддият ва фаолият ва ихлослари ила Усмонли ва Русия каби икки буюк ҳукуматнинг тасарруфида бўлган бир неча вилоятларни бир-бирига қарама-қарши қилишга муваффақ бўлганлари ҳолда йигирма милйўн Русия мусулмонлари ёки ўн саккиз милйўнлиқ Русия турклари орасида етти-саккиз жиддий миллиятчи бўлмаганига таассуф оздир, оташларга кириб, ёнишимиз керак.
Бундан йигирма, ўттиз, қирқ йил аввал миллатимизнинг бошида турган, русларнинг таъбиринча, «образованнне мусульмане» (табақайи мунавварамиз) тилга олинар эди. Булар икки генерал, уч пўлкўвник, беш қапитан, етти ясавул пўдпўручик, ўн икки ғубернски секретар, йигирма қолижаский регистратур ила буларга йўлдош бўлган қирқ-эллик соҳиби медал ва хилъат афандилардан бўлар эди.
Ушбу табақа учун миллат надир ва миллат учун булар надир? Бу — ҳар бирингизга маълум.
Ичкари Русияда, Қримда ва Кавказда бу табақадан миллатга ёдгор қолган бир нарса йўқдир. На иш, на ёзув, на илм ва на яхши от.
Нима бўлганда ҳам, жаноби Ҳақ бу табақанинг тақсиротини афу этиб, қайта пайдо бўлишларини ўзи насиб айласин. Фалон бекнинг мадрасаси, фалончи етиштирган одамлар, фалон князнинг асари адабияси ё таржимайи фаннияси ёки ҳиммати илмияси ўлароқ «бир нарса» кўрилмади. Миллат фоидасига қилинган фалон «бир иш» эшитилмайди.
Бу марҳумларнинг тўғридан-тўғри ўғил ва авлоди бўлмаса-да, ворислари, деб ном олган ёшларимиз ва ёш табақайи мунавварамиздан буюк ишлар, нафъли амаллар, миллатни тараққий ва юксалишига олиб борувчи тадбирлар кутилмоқда. Ажабо, булар мансуб бўлган миллатларига қандай хизмат қилишлари мумкин?
Бунга жавоб берадиган даражада бирор-бир асар ва адабиёт йўқдир. Матбуъ суратда маслаки миллия музокара қилинмади. Бу ҳолда таҳсили олия кўрган жавонларимиз ва бошқа бир суратда касби маълумот этмиш одамларимиз бир мажлис, бир ижтимоъ қилиб, жиддий бир маслак ва тарзи ҳаракат таъйин этсалар яхши бўлмасмиди?
Ҳар вилоятда бир неча зиёли ёки маълумотли мусулмон бор. Аммо булар бир-бирини билишни истамай, пароканда умр ва фикр юритмоқдалар... Биз, зиёли мусулмонлар, жуда озмиз. Лекин жумламиз уч-беш кун бир маҳаллада ижтимоъ ва мажлис қилсак, «бир қанча» эканлигимизни кўриб, кўнглимизни очар, фикримизни     этардик.
Миллатимизга букун нима керак? Миллатимизга эрта ва индин нима керак бўлади? Бугун нима қилиши керак, нима қилмаслиги керак? Миллат нима истайди ва нимани истамайди каби бир қанча масалалар музокара қилинарди ва шубҳасиз, фоидаси ҳам кўринар эди.
Оддий ва содда аҳоли, яъни тужжору уламо ва оддий косиблар икки-уч маротаба «умумий мажлис»лар ўтказиб, Мақарияда, Петербургда «шўройи уммат»ларга юзлаб келдилар. Бир турли мушоваралар қилиб, қарорлар қабул қилдилар... Биз, зиёлиларга буларнинг ҳиммати намунайи им тисол бўладиган ҳоллардандир.
Миллат уйғонади, иш бошлайди. Бизлар... қўрқаман, ҳозир нима лозим. Ё мавзудан четда ёки янглиш йўлларда юрмокдамиз.

«Таржимон» г., 1907 й., 12-сон

 
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Муҳтарам самарқандийларға холисона арз (1917)
13.03.2014 23:50    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

МУҲТАРАМ САМАРҚАНДИЙЛАРҒА ХОЛИСОНА АРЗ

Аҳли хабаранинг маълумидурким, эски ҳукумат замонида ҳар нимарса амр ва буйруқ ила бўлур эди. Халойиқнинг диний ва миллий ишларини ислоҳи ва ривожи тўғрисинда қилатурғон ҳаракатларға йўл берилмас эди. Ҳеч нимарса ҳукуматдин бежавоб ва изнсиз қилина олмас эди, ҳозирда бўлса, Худойи таоло бизга ҳуррият берди. Диний ва миллий ислоҳот ва тараққийимиз учун ҳаракат ва сайъ этмоқға йўл очуқдир.

Ҳурриятнинг учинчи ойиндамиз. Лекин биз самарқандийлар диний ва миллий ишимизни ривож бермоқ учун ҳануз бир иш қила олмагандурмиз. Аҳли жамоат ва ғайрат бир неча ёшлар, аҳли мурувват бир неча мўйсафид ва катталаримиз бир неча кун бир бўлиб, баъзи яхши ишларни бажармоқчи бўлдилар. Ҳатто, уламойи киромдан аксари қўшулмоқчи бўлдилар, билкулли қўшулдилар.

Ёшларнинг очган «исломий қулуби» ҳар кун уламо, савдогар ва аҳли касабадан бир неча дафъа тўлуб бўшолуб эди, ишлар яхши кетар эди, умидлар қавий эди. Ояндамизнинг яхши бўлушини истидолар қилур эдук. Аммо ишлар ва иттифоқлар узоқға сурилмади. Бир неча тажрибасиз ва тез ҳаракат ёшлар, бир-икки нафар нафсониятға ботган ва ўлгунча тузолмайтурғон қишилар қадима иғво ва фасодни ўртаға солдилар, натижада Самарқанд халқи иккиға бўлунди. Балки икки эмас, юзға бўлунуб, халқнинг кўнгли совуб, баъзиларининг сўз ва ҳаракатларидан нафратланиб, тарқалиб кетдилар.

Букун маънойи ҳақиқийси ила Самарқандда бир жамият йўқ, миллат ва дин ояндаси учун натижалик бир сайъ ва ҳаракатни бошқаратурғон бир жамият йўқдур, ҳозирғача айтур эдукким, бизнинг миллий ҳаракатимизға ҳукумат монеъдур, аммо энди ўзимиз монеъмиз.

Эй ҳазрати уламо! Эй тужжор, аҳли касаба ва ағниё! Эй, ғайратлик ёшлар! Нифоқ ва бир-бирига душманликни ташлангиз. Худо ҳақи, арвоҳи анбиё ҳурмати ва бу кунларда қорнини тўйғазолмайтургон етим ва бевалар ҳақи бири-бирингиз ила иттифоқ этуб, жамиятлар барпо қилуб, холиқ Худонинг нафъиға, дин ва миллат йўлиға хизмат этингиз. Миллат ва халқ сиздан хизмат ва яхшилик талаб этадур, нафсоният ва ғурур эмас.

Эй ёшлар! Сиз ҳам бир оз оғир ва хушсўз бўлингиз. Ҳурриятнинг аввалида халойиқ сизга инонди, сизға ўзини ташлади, аммо сизлар тажрибасизлик этиб ва ўз орангизда ихтилоф кўрсатиб, халқнинг ўз борангиздаги хушгумонлигини, афсуским, йўқотдингиз. Мана шул йўқотганингизни қайтариб топмоққа ҳаракат, саъй этингиз. Халқ сизларға майл қилғон эди, сизлар, тўғриси, бажаролмадингиз. Мана шу тажрибасизлигингизни хотирингизға келтирунгиз ва бул ёшларға дарси ибрат бўлсун.

Муҳтарам ёшлар! Замон сизникидур, қарилар замони ўткан. Сиз киромга бобасират бўлуб, ўн дафъа ўлчаб, бир дафъа кесингиз. Оташинлик ва тезлик ила иш бўлмас. Ал-ажла минаш-шайтон! (Шошилган шайтондандир!) Бу фикрни бошингиздан чиқарингизким, сизнинг ўз бошингизға тараққий қилмоғингиз мушкулдур. Балки, бутун шаҳрингиз ва миллатингиз ила тараққий қилурсиз.

Ман ҳам йигирма йилдан бери ҳаракат этаманким, тараққий пайдо бўлсун, шуни сизлар ҳам билурсизки, ўн ва йигирма нафар ила тараққий бўлмайди ва бўлмас экан. Бинобарин, ўрта ва бир қадар имкони кўпроқ киши майл қилатургон йўл ила тараққий этмоқ керак ва унсиз бошқа чора йўқдир. Муни мен бир неча дафъа сизларға юз ба юз айтганман. Муҳтарам ҳамшаҳарларимдан аксари шундай биладурларки, менинг ҳар сўзумни сизлар қабул қиласиз ва сизнинг ҳар бир ишингиз менинг машваратим ила бўлур. Хайр ундай эмас. Ёшларнинг баъзи бир машварат ва ишлариға шерик бўлсалар ҳам баъзисидан бехабардурман. Аларнинг барча ишлариға мен масъул эмасмаи. Зотан ҳеч ким ҳеч бир кимнинг ҳаракатидан масъул эмасдур.

Азиз ҳамшаҳарларимға, мўътабар аҳли ватаним, ҳаммангиз бир бўлуб, халқ ва диннинг ривожи учун бирлашуб, орадаги нафратларни ташлаб, Худонинг берган ҳуррият неъматидан нафъиланмоқ ҳаракатида бўлмоқ керак ва ал-он (токи) бизнинг ҳаракатсизлигимиз биздан ҳурриятни кеткуриб, яна бошқаларга бизни асирлик даражасига тушурур ва юз йиллар ила кейин кетармиз. Бизнинг авлодимиз ҳамда халқи олам бизга раҳмат ўрниға лаънат ўқурлар.

Бу сўзлар тўғри сўзлардур. Ёш ва қарилардан, албатта, мандан ушбу сўзларим учун ранжийдурғонлар бўлур. Аммо начора, тўғрини аймагунча, ишлар тўғриланмас. Олдимизда шаҳар думаси сайлўви, мажлиси маъбусон(?) (учредитулная собрания) сайлўви, мамлакат думаси сайлўви турубдур. Агарда Самарқанд ёш ва қарилари шу ҳолатда турсалар, вой бизнинг ҳолимизға! Халқи олам бизға кулар. Биз янадин бошқаларнинг асири бўлурмизким, бунга тажрибасиз ёшларимиз, тараққийни хоҳламайтургон катталаримиз сабаб бўлурлар ва ҳам бизнинг ишсизлигимиз учун бошқалардан кейин қолишимиз муқаррардур. «Қолу ал ҳақ валу кон маран» — «Тўғрини сўйла аччиқ бўлса-да!»

«Ҳуррият» газетаси, 1917 йил, 13 май.

 
Алишер Навоий (1441-1501)
06.06.2013 22:15    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

15- аср жаҳон маънавиятининг буюк сиймоси Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳижрий 844 йил рамазон ойининг 17-куни (1441 йил 9 феврал)да Ҳиротда туғилган. Ҳирот шаҳри XV аср биринчи ярмида Соҳибқирон Амир Темур асос солган улуғ салтанатнинг иккинчи пойтахти, Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрух Мирзонинг қўл остидаги обод манзилларидан бири эди. Алишер туғилган хонадон Темурийлар саройига азалдан яқин ва юртда муайян нуфуз соҳиби эди.

Бўлғуси шоирнинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад ўғлининг тарбиясига жиддий эътибор берди. Алишернинг шеъриятдаги илк устози тоғаси Мир Саййид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибийлардир. Навоий «Мажолис ун-нафоис» асарида Кобу­лий ҳақида: «Яхши табъи бор эрди, туркчада майли кўпроқ эрди...» деса, Ғарибий ҳақида: «Хуш муховара (хушсуҳбат) ва хушхулқ ва дардманд йигит эрди. Кўпроқ созларни яхши чалар эрди. Уни ва усули хўб эрди. Мусиқий илмидин ҳам хабардор эрди...» — дейди.

1447 йилда Шоҳрух вафот этгач, Темурий шаҳзодалар ўртасида тож-тахт дарди хуруж қилиб, юртда талотўп бошланди ва Ғиёсиддин Муҳаммад хонадони ҳам кўп қатори ватанни тарк этди. Ёш Али­шер учун тақдир синовлари бошланди. Шоҳрухнинг набираси Абулқосим Бобур 1452 йилда Ҳирот тахтига ўтиргач, Алишернинг отасини Сабзаворга ҳоким этиб тайинлади. Лекин орадан кўп ўтмай Ғиёсиддин кичкина дунёдан кўз юмди. Бу пайтда Алишер эндигина 12 ёшга қадам қўйган эди. Абулқосим Бобур Алишер ва унинг мактабдош дўсти Ҳусайнни ўз тарбиясига олди, 1456 йили эса ўзи билан Машҳадга олиб кетди. Кейинчалик Ҳусайн Бойқаро сипоҳийлик йўлини танлади, Алишер эса замонанинг «малик ул-калом»и Мавлоно Лутфий таҳсини ва ҳайратига сазовор бўлган истеъдод эгаси бўлиб етишди. «Фақирнинг назмлари Хуросонда шуҳрат тутиб эрди», деб ёзади Навоий 1455—1458 йиллар ҳақида.

Тақдир Алишер Навоийни замонанинг улуғ ва шарафли кишиларига яқин қилди, устоз-мураббийлик этувчи зотлар билан ошно этди. 1466—1468 йиллар Алишернинг умри асосан Самарқандда кечди. Сул­тон Ҳусайн Бойқаро Ҳиротни эгаллаганда, Алишер Навоий 28 ёшли мукаммал билимлар эгаси, юртга танилган шоир ва тажрибали давлат арбоби даражасига етишган эди.

1469 йилда Султон Ҳусайн илтимосига кўра Алишер Навоий Самарқанддан Ҳиротга қайтади ва рамазон ҳайити муносабати билан дўсти шарафига битилган «Ҳилолия» қасидасини унга тақдим этади. Ҳусайн Бойқаро Алишерни муҳрдор қилиб тайинлайди ва шу пайтдан шоирнинг эл хизматидаги фаол жидду жаҳди бошланади. Кўп ўтмай Навоий муҳрдорликни ўзининг яқин дўсти ва фикрдоши, шоир Амир Шайхим Сухайлийга топширади. «Бу нозиктаъб ва зукко Амир 20 йилдан ортиқ Бойқароға мулозим бўлди». Лекин Бойқаро дўстининг норозилигига ҳам қарамай, 1472 йил февралида уни вазир лавозимига тайинлайди ва «Амири Кабир» («Улуғ Амир») унвонини беради. Бу лавозимда Навоий эл-улус манфаати, шаҳар ва мамлакат ободончилиги, маданият равнақи, адолат тантанаси учун фойдаланадики, буларнинг барчаси пировард натижада Султон Ҳусайн давлатининг барқарорлиги ва нуфузини таъминлайди.

Ҳирот бу даврда ниҳоятда кўркамлашди, халқ турмуши яхшиланди, шеърият, нафис санъатлари ривож олди. Талабалар учун «Ихлосия» мадрасаси, дарвешлар учун «Халосия» хонақоҳи, беморлар учун «Шифоия» шифохонаси, масжиди Жомеъ ёнига қорихона («Дор ул ҳуффоз») қурилди. Улуғ амирнинг кутубхонасида 70 дан ортиқ хаттот ва мусаввирлар қўлёзмаларни оққа кўчириш, уларни бадиий безаш билан банд эдилар. Ҳиротда яна «Низомия», Марвда «Хусравия» ва бошқа мадрасалар бино этилди.

Навоий Мадраса, шифохоналар қурдириб қўя қолмасдан, уларни керакли даражада жиҳозлаш, ўз-ўзини таъминлаш учун вақф ерлар ажратиб бериш, мударрислар, табиблар ва бошқа ходимлар билан таъминлаш, уларга ойлик маош, озуқа, кийим-бош белгилашгача, талабалар нафақаси ва китобларигача, барча-барчасини мукаммал бошқариб, ташкил этиб берар эди ва ўзи доимо хабар олиб, назорат қилиб туришни ҳам унутмасди. Бинолар қурилиши тарҳи билан бевосита шуғулланар, уста ва шогирдлар меҳнатидан бохабар бўлиб турарди. Шоир ўз ҳузурига тез-тез шеър, илм ва санъат аҳлини чорлаб, маърифий суҳбатлар уюштириб турар, ёш истеъдодларни тарбият қилиб, уларга шароит яратарди. Хондамир, Беҳзод, Восифий ва ўнлаб ушбу тарбиятга ноил бўлган истеъдод эгалари шулар жумласидандир.

Шу давр ичида Алишер Навоий ўз қўли билан биринчи девони «Бадойи ул-бидоя» («Бадиийлик ибтидоси»)ни тузди. Бу девонга унинг ёшлик ва йигитлик пайтларида ёзган 800 дан ортиқ шеърлари жамланган бўлиб, шоир ижодий камолотининг биринчи босқичини акс эттиради.

Алишер Навоийга бағишланган тарихий ва илмий асарларда батафсил тавсиф қилинишича, 1469—1481 йиллар Алишер Навоийнинг ижтимоий ҳаёт ва ободончилик борасидаги энг фаол хизмат кўрсатган йиллари бўлган. Шоир 1481 йили «Вақфия» асарини ёзиб, унда ўзининг бинокорлик ва хайрия ишларига якун ясаб, ўз-ўзига ҳисоб берган.

Навоий деҳқончилик ишларини йўлга қўйиб, жуда яхши натижаларга эришган. Тарихчиларнинг ёзишича, Навоийнинг бир кунлик даромади 18 минг шоҳрухий динор миқдорида эди. Улуғ Амир бу даромаднинг кўп қисмини хайрли ишларга сарф қилган. Тарихчи Хондамир Навоий қурган 52 работ, 20 ҳовуз, 16 кўприк, бир қанча тўғон, ариқ, ҳаммом, масжид-мадрасаларни эслайди. Навоий турли соҳа олимларига ҳомийлик қилиб, ўнлаб илмий рисолалар битилишига бевосита сабабчи бўлган.

Алишер Навоий ўзи ва салафлари — Низомий, Деҳлавий, Ҳофиз, Ироқий ва бошқалар яратган мустақил бадиий тафаккур тарзини «мажоз тариқи» деб номлади ва унда Ҳақ асрори «мажоз сувратинда» акс этишини таъкидлаган. Бу Борлиқни ўзига хос идрок этиш тарзи Нақшбандиянинг: «Дил ба ёру даст ба кор», қоидасига мувофиқ бўлиб, унда ибрат, илм, ирфон ва амал бир нуқтада бирлашар ва янги дунёга кўз очарди. Тавҳид таълимоти ва эътиқодини идрок этишнинг энг юқори босқичи бўлган бу дунёқараш тизими «Хамса» ва «Лисон ут-тайр» асарларида, шоир лирикасида бадиий инъикосини топган.

1500 йилларга келиб шоирнинг ҳаёт шароити қийинлашиб, соғлиги заифлашиб қолса-да, ижоддан тўхтамади. 1501 йилнинг бошида Навоий касалликдан вафот этди. Бутун Ҳирот халқи ўзининг буюк шоири билан хайрлашишга чиқди ва 7 кун давомида мотам тутди.

Навоий ўз ижоди билан ўзбек адабиётининг сўнгги ривожини белгилабгина қолмай, Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг бутун маънавий маданияти тараққиётига жуда катта таъсир кўрсатди. Унинг асарлари, шеърияти қайта-қайта кўчирилиб, халқ орасида кенг тарқалиб, шоирлар учун мактаб вазифасини ўтади, мадрасаларда кенг ўрганилди.

Алишер Навоий ижодини ўрганиш, унинг илмий таҳлили бўйича сўнгги йилларда қатор таниқли тадқиқотчилар иш олиб бордилар ва бугунги кунда ҳам Навоийнинг мероси кўпгина олимларимизни илҳомлантириб келади. Ҳозирда мактаблар, хиёбонлар, кўчалар буюк шоиримиз номи билан юритилади. Унинг номида Ўзбекистон Давлат мукофоти таъсис этилган.

Фаолияти

1483 йилдан Алишер Навоий ўзининг буюк «Хамса» асарини ёзишга киришди ва уни уч йилда тугаллади. Беш достонни ўз ичига олган бу улкан бадиий қомус 50 минг мисрадан ошиқ бўлиб, Навоийнинг барча шеърий меросини деярли ярмини ташкил қилади. «Хамса» — Алишер Навоий ижодининг қалбидир.

Форс тилидаги биринчи «Хамса» буюк шоир Низомий Ганжавий (1141—1209) томонидан яратилди. Шоир ҳеч бир ўринда ўзининг «Хам­са» ёзганлигини қайд этмайди. Низомий вафотидан 100 йил ўтиб, Ҳиндистонда туғилиб ўсган форсийзабон турк ўғлони Хусрав Деҳлавий Низомий «Хамса»сига биринчи бўлиб татаббу ёзади ва «хамсачилик» анъанасини бошлаб беради. Деҳлавий «Хамса»си Низомийга ажойиб шарҳ ва ундаги мазмунларнинг янгича талқини сифатида ўзининг ҳам, салафининг ҳам шуҳратини оламга ёйди. Кейинги ХИВ— ХВ асрлар минтақа маънавияти «Хамса» анъанаси таъсирида ривож олди, шоирнинг салоҳияти ва иқтидори ҳеч бўлмаганида «Хамса»нинг бир достонига муносиб жавоб ёза билиш билан ўлчанадиган бўлди. Бу жаҳон маънавияти тарихида бетакрор ҳодисадир. Туркий адабиётда Қутб ва Ҳайдар Хоразмийлар бошлаб берган «хамсачилик» анъанаси ўзининг камолини Алишер Навоий ижодида топди.

Ислом ақидаларига кўра бир кеча-кундузда ўқиладиган беш вақт намоз «ал-Хамсату» дейилади, динимизнинг беш устуни (рукни) ҳам тавҳид (имон), намоз, рўза, закот, ҳаж — ўзига хос «Хамса» (бешлик)ни ташкил этади. Демак, Низомий достонларининг «Хамса» туркуми сифатида талқин этилиши, унга Амир Хусрав ва Навоий жаноблари бежиз эмас. Алишер Навоий «Садди Искандарий» достонининг муқаддима қисмида бу масалага махсус тўхталиб, «Ҳамса»нинг ҳар бир достони ёзилишини куннинг маълум вақтларида ўқиладиган саҳар, пешин, аср, шом ва хуфтон намозлари билан қиёс этади ҳамда «Хамса»ни буюк тоғ чўққисига кўтарилиш мобайнида беш ўринда тўхтаб, нафасни ростлаш учун бино этилган беш оромгоҳга ўхшатади.

Навоий ўз «Хамса»сини яратишга 1483 йилда киришган бўлса, унинг биринчи достони «Ҳайрат ул-аброр» («Яхши кишиларнинг ҳайратланиши»)ни ўша йили ёзиб тугатди. 1484 йилда «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Сабъаи сайёр» («Етти сайёр»), 1485 йилда «Садди Искандарий» достонини поёнига етказди. Шоир ўз «Хамса»сига киритилган достонларда ўша давр учун муҳим бўлган муаммоларни қўйди, мутафаккир сифатида илғор қарашларни илгари сурди, ўзбек тилининг қудратини оламга намойиш этди.

Навоийнинг туркийча «Хамса»сининг яратилиши ХВ асрда Хуросон эли учун фавқулодда шодумонлик ва саодат сифатида қабул қилинди. Даврнинг икки қутби — маънавият пири Жомий ва буюк султон Ҳусайн Бойқаронинг ҳайрати ва юксак эътирофи ушбу ҳақиқатга далилдир.

Навоий шу йиллар орасида иккинчи девони — «Наводир ун-ниҳоя» («Беҳад нодирликлар»)ни тузишга киришди. Мутафаккир адиб тарихий ҳақиқатга ҳам муайян изчилликда ўз муносабатини билдириб ўтишни инсоф юзасидан лозим топди ва «Зубдат ут-таворих» («Тарихлар қаймоғи») асарини ёзиб тугатди.

1487 йили қишда Навоий Астробод ҳокими этиб тайинланди. Бошқа бек ва амирлар учун шарафли ҳисобланиши жоиз бўлган бу мартаба Амир Алишернинг нозик табиати учун муайян даражада озорли бўлди. Аммо шоҳ ҳукми вожиб, Амири Кабир ўлканинг ҳассос бир ҳудудини муҳофаза ва обод қилиш ниятида жўнаб кетди. Астрободда Навоийнинг икки йил чамаси ҳокимлиги бу шаҳар аҳли учун саодатли, Бойқаро салтанати учун хайрли бўлди.

Бу орада бирин-кетин Навоийнинг энг яқин устоз ва мусоҳиблари ҳаётдан кўз юмдилар. 1488 йили Сайид Ҳасан Ардашер, 1492 йили Абдураҳмон Жомий, 1493 йили Паҳлавон Муҳаммад вафот этди. На­воий устозлари хотирасига «Ҳолоти Сайид Ҳасан Ардашер», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад», «Хамсат ул-мутаҳаййирин» («Беш ҳайрат») асарларини шу йиллар ичида ёзиб тугаллади. Бу асарларида ўша давр воқелигига оид қимматли маълумотлар билан бирга Навоий яратган янги бадиий оламнинг назарий асосларига оид бир қатор далил ва мулоҳазалар ҳам баён этилган. Шу йилларда яна Навоий давр шуароси хусусида «Мажолис ун-нафоис» ва ислом маънавиятининг буюк сиймолари, хусусан, турк, форс, ҳинд машойихлари тарихига оид «Насоим ул-муҳаббат» («Муҳаббат шаббодаси») рисолаларини ёзади. Бу асарлар ниҳоятда муҳим манба бўлиб, ўша давр маънавиятининг жонли сиймоларидан мингга яқин киши ҳақида қимматли маълумотларни ўзида жам этган. Бундан ташқари нафақат тасаввур ирфони ва адабиёти, балки ислом даври маънавиятининг бошқа муҳим жиҳатлари ҳақида ҳам кўплаб назарий мулоҳазалар ушбу асарлар қатидан жой олган бўлиб, уларни муфассал тадқиқ этиш миллий маънавиятимизни холис англаб етишда бугунги авлодлар учун беназир манба ва асос бўлиб хизмат этади.

1492 йилда аруз илмига бағишланган «Мезон ул-авзон» («Вазнлар ўлчови») рисоласи ёзилди ва шоир ўз лирик ижодини қайта тақсимлаб, янги девонлар мажмуи «Хазойин ул-маоний» («Маънолар хазинаси»)ни яратиш ишига астойдил киришди. «Чор девон» номи билан шуҳрат қозонган бу буюк мажмуа 45 минг мисрага яқин турли жанрлардаги кичик ва ўрта ҳажмли шеърларни ўзида жамлаган бўлиб, «ғаройиб ус-сиғар» («Болалик ажойиботлари»), «Наводир уш-шабоб» («Йигитлик даври нодирликлари»), «Бадоеъул-васат» («Ўрта ёш кашфиётлари»), «Фавойид ул-кибор» («Кексаликдаги фойдали мулоҳазалар») номлари билан аталади. Бу тўрт жилдда 16 жанрга оид 3000 дан ортиқ шеър бўлиб, уларда 2600 ғазал, 210 қитъа, 133 рубоий, 86 фард, 52 муаммо ва бошқалар мавжуд. «Хазойин ул-маоний»га олдинги икки алоҳида девондаги шеърларнинг деярли барчаси кирган бўлиб, кейин яратилган 1400 га яқин янги асарлар қўшилган.

Бу туркий тилда ёзилган асарлари, достонлари, шеърларидан ташқари Навоий форс тилида ҳам 12 минг мисрадан ошиқ шеър, муаммо жанри ҳақида «Муфрадот» рисоласини, «Ситтайи зарурия», «Фусули арбаа» туркум қиссаларини ёзди, «Фоний» тахаллуси билан алоҳида девон тузди. Ушбу асарлар Хоқоний, Амир Ҳусрав, Саъдий, Ҳофиз, Камол Хўжандий, Жомий каби форс адабиётининг мумтоз намояндалари билан ижодий баҳсда туғилган бўлиб, ҳам бадиий ифода, ҳам мазмуний теранликда салафлар билан тенг қудрат намойиш этади.

Навоий 1498 йилда «Лисон ут-тайр», 1499 йилда «Муҳокамат ул-луғатайн», 1500 йили «Маҳбуб ул-қулуб» асарларини езди. Бу уч асар буюк шоир ва мутафаккир ижодининг авж нукталари эди. Адиб «Муҳокамат ул-луғатайн» да ўзининг бутун ижодий йўлини сарҳисоб қилиб, туркий тилдаги шеъриятнинг қудратини таъкидлаган. Унда, жумладан, қуйидаги маълумот бор: «Чун «Лисон ут-тайр» илҳоми била тараннум тузупмен, қуш тили ишорати била ҳақиқат асрорини мажоз суратида кўргузупмен».

Алишер Навоий гўдаклик чоғларидан тасаввуф шеъриятининг устоди Фаридиддин Аттор яратган «Мантиқ ут-тайр» асарига меҳр қўйгани бизга маълум. Умрининг охирида ушбу асарга татаббу — жавоб ёзар экан, ўзининг шунгача ёзган барча асарларига фалсафий якун ясайди. Аттор асари Борлиқнинг ягона моҳияти ҳақида, Ҳақ асрори ва инсон учун уни англаб етиш имкон даражаси ҳақида эди. «Лисон ут-тайр» мазмуни «Мантиқ ут-тайр»га зид ёки ундаги фикрларнинг такрори ҳам эмас, балки янги тарихий-маънавий босқичдаги шарҳи, талқинидир.

Атторнинг қушлар тилидан ёзилган достонида ирфоний эҳтирос ниҳоятда жўшқиндир. Навоий эса босиқ воқеабанд тасвирга урғу беради, қушлар саргузаштида ва ички ҳикояларда ҳаётийликни кучайтиради. Бу бежиз эмас. Охирги хулосада Навоий салафига қараганда олға кетади, масала моҳиятини теранроқ ҳис қилади ва бадиий тасвирни ҳам шунга муносиб яратади.

Ниҳоят Навоий охирги асари «Маҳбуб ул-қулуб» («Кўнгилларнинг севгани») рисоласида барча саволларга яна ўзи жавоб берган. Бу асар том маънода ижтимоий-фалсафий ва ахлоқий ғояларга тўлиқ бўлиб, ХV асрда мавжуд бўлган барча ижтимоий тоифалар моҳияти муфассал очиб берилган, ижтимоий ва ахлоқий ҳодисаларнинг ўзаро боғлиқлиги, яхлитлиги ишонарли таъкидланган. Бу асар турли афоризм, мақол ва маталларга бой бўлиб, халқ орасида жуда кенг тарқалган.

Алишер Навоий ўзи ва салафлари — Низомий, Деҳлавий, Ҳофиз, Ироқий ва бошқалар яратган мустақил бадиий тафаккур тарзини «мажоз тариқи» деб номлади ва унда Ҳақ асрори «мажоз сувратинда» акс этишини таъкидлаган. Бу Борлиқни ўзига хос идрок этиш тарзи Нақшбандиянинг: «Дил ба ёру даст ба кор», қоидасига мувофиқ бўлиб, унда ибрат, илм, ирфон ва амал бир нуқтада бирлашар ва янги дунёга кўз очарди. Тавҳид таълимоти ва эътиқодини идрок этишнинг энг юқори босқичи бўлган бу дунёқараш тизими «Хамса» ва «Лисон ут-тайр» асарларида, шоир лирикасида бадиий инъикосини топган.
1500 йилларга келиб шоирнинг ҳаёт шароити қийинлашиб, соғлиги заифлашиб қолса-да, ижоддан тўхтамади. 1501 йилнинг бошида Навоий касалликдан вафот этди. Бутун Ҳирот халқи ўзининг буюк шоири билан хайрлашишга чиқди ва 7 кун давомида мотам тутди.
Навоий ўз ижоди билан узбек адабиётининг сўнгги ривожини белгилабгина қолмай, Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг бутун маънавий маданияти тараққиётига жуда катта таъсир кўрсатди. Унинг асарлари, шеърияти қайта-қайта кўчирилиб, халқ орасида кенг тарқалиб, шоирлар учун мактаб вазифасини ўтади, мадрасаларда кенг ўрганилди.
Алишер Навоий ижодини ўрганиш, унинг илмий тахдили бўйича сўнгги йилларда қатор таниқли тадқиқотчилар иш олиб бордилар ва бугунги кунда ҳам Навоийнинг мероси кўпгина олимларимизни илҳомлантириб келади. Ҳозирда мактаблар, хиёбонлар, кўчалар буюк шоиримиз номи билан юритилади. Унинг номида Ўзбекистон Давлат мукофоти таъсис этилган.

М. Имомназаров

 
Маданиятни ким келтирган?
11.09.2014 13:31    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Босқинчилар ҳамиша «Биз сизларга маданият келтирганмиз», деб даъво қилишадию, аммо аслида аксинча бўлади. Мўғуллар вайрон қилгунича Ўтрор ва Шомда энг кучли ҳазоралар (сивилизатсиялар) гуллаб-яшнаётган эди. «Инглиз ҳазорасига қараганда ҳинд ҳазораси минг бора кучлидир», деган Махатма Ганди. Руслар маданияти гуллаб-яшнаган Туркистонни не кўйларга солгани тарихдан маълум. («Турон тарихи», журнали, 1993 йил, 2-сон).
Янги тарихимизда ҳам бизга «маданият»ларини экспорт қилишни хоҳлаётганлар  етарлича топилади.

 
Бухородаги миллий-маданий марказлар фаолияти
20.01.2014 10:38    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ўзбекистон ҳудудида қадимдан кўплаб миллат ва элат вакиллари баҳамжиҳат истиқомат қилиб келади. Улар ўртасида асрлар давомида миллий низолар бўлмаганлиги халқимизнинг азалий бағрикенглигини кўрсатади.

Халқимиз ҳаётида миллатлараро бағрикенглик чуқур тарихий илдизларга эга. Миллий, маданий хайрихоҳлик ўзбек халқининг ўзига хос фазилатига айланган. Бағрикенглик ғояларини қарор топтириш ўта муҳим тамойил бўлиб, бугунги куннинг долзарб масаласи бўлиб қолмоқда.

1995 йил 16 ноябрда қабул қилинган бағрикенглик тамойиллари Декларациясида шундай дейилган: “ХХI аср бўсағасида Ўзбекистоннинг қиёфасини тинчлик ва осойишталик, сиёсий барқарорлик ва миллатлараро тотувлик, диний ҳамда мафкуравий бағрикенглик, маданиятларнинг уйғунлашуви, турли миллат ва элатларнинг жамият ҳаётида тенглик асосида иштирок этишини белгилайди. Инсон ҳуқуқлари ва демократия Ўзбекистоннинг миллий ва давлат манфаатларига, халқимизнинг эрксевар миллий тафаккур тарзи ва руҳиятига тўла мос келади”[1].

Бугунги кунда кўпмиллатли мамлакат ҳисобланган Ўзбекистонимизда ўзбеклар билан бирга 137 дан зиёд миллат ва элат вакиллари аҳил ва иноқ яшайди ва бу муборак заминни ўз Ватани деб билади. Шунинг учун Президентимиз Ислом Каримов томонидан айтилган “Бу азиз Ватан – барчамизники” деган ғоя тили, дини ва миллатидан қатъий назар барча юртдошларимизнинг орзу-интилишларини ифодалайди. Чунки барчамизнинг бахт-саодатимиз мана шу Ватаннинг тинчлиги, озод ва ободлиги, миллий равнақи билан боғлиқ.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ўн олтита диний конфессия уюшмалари фаолият юритмоқда. Уларнинг бир қисми Ўзбекистон учун ноанъанавийдир. Давлат улар билан ўзаро муносабатда, уларга ўз диний маросимларини ўтказиш ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бу борадаги ҳуқуқий асослар, яъни “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” деган Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган.

Тарихан маълумки, Бухорода ахлоққа катта эътибор билан қарашган. Юксак инсоний фазилат – инсонни миллатидан қатъи назар барча мавжудотларнинг савари сифатида қадрлаш, маънавий каомлот ва етуклик, адолат, инсоф, диёнат ва имон каби сифатлар тирикликнинг бош мазмуни сифатида тушунилган.

Бухоро қадимдан этник ва диний бағрикенгликнинг ўзига хос ҳудуди бўлган. Ҳозирги вақтда воҳада турли этник гуруҳлар ва диний жамоалар тинч-тотув яшаб келмоқдалар. Ҳақиқатан ҳам, турли этнослар ва динларга мансуб одамлар ўртасидаги алоқа, муносабат, мулоқот, баҳс-мунозара ва музокаралар муҳим ўрин тутишига эътибор қаратиш зарур. Чунки миллатлараро тотувлик ва бирдамликка эришишнинг асосий йўли миллий ва умуминсоний қадриятлар аҳамиятини ривожлантириш ва мустаҳкамлашдир[2].

Бухоро вилоятида турли миллат ва элат вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда, тинч-тотув ва аҳил яшаб келишмоқда. Уларнинг ўз миллий қадриятларини асраб-авайлашлари, бойитишлари учун ҳукуматимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратилган. Зеро, инсонлар орасидаги ўзаро ҳурмат муҳити, улар қайси тилда сўзлашишидан қатъи назар, Ўзбекистон деб аталган умумий уйимизда ҳукм сураётган тинчлик, барқарорлик ва осойишталикнинг энг муҳим асоси ва гарови бўлиб хизмат қилмоқда[3].

Миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик – умумбашарий қадрият. У муайян жамиятда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари аҳиллигининг маънавий асосини мустаҳкамлайди, шу ҳудуддаги тинчлик ва барқарорликнинг, тараққиётнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатимизда фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш мақсадида юқорида қайд этганимиздек, 1989 йилдан дастлабки миллий маданий марказлар тузилди. Бу марказларнинг чинакам ривожланиш ва равнақ топиши Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин бошланди. Миллий-маданий марказлар фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 13 январдаги қарори билан ташкил этилган Республика байналмилал маданият маркази мувофиқлаштиради. Ўзбекистон мустақиллиги уларнинг самарали фаолият юритиши учун кенг имкониятларни яратиб берди.

Бухоро вилоятида ҳам арман миллий-маданий маркази, Бухоро яҳудийлари “Шалом” маданий маркази, Ўзбекистон немислари “Видергебург” маданий маркази, Республика “Светлица Польска” поляк маданий марказининг вилоят филиали, рус маданий маркази, “Офтоби Сўғдиён” тожик-форс миллий-маданий маркази, татар-бошқирд миллий-маданий маркази, туркман миллий-маданий маркази, Бухоро шаҳар корейс миллий-маданий маркази, Бухоро шаҳар турк миллий-маданий марказлари ташкил этилган. Бугунги кунда ушбу миллий-маданий марказларнинг ўзига хос иш юритиш жиҳатлари ва ўз олдига қўйган мақсади белгиланган. Уларнинг асосий вазифаси мамлакатимизда фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга кўмаклашишдир.

Рус миллий-маданий маркази. Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган миллий-маданий марказлар орасида марказнинг ўрни ва роли бениҳоя катта ҳисобланади. Маълумки, маъмурий-буйруқбозлик тизими, якка ҳокимлик мафкураси шароитида рус миллати ҳам ўз маънавий-маърифий асосларидан айрилишда қатор салбий ҳолатларга дуч келди. Тоталитар тузум шароитида рус миллий маданиятида ҳам бошқа қатор халқлар маданиятидаги каби жиддий сиёсийлашув рўй берди. Якка ҳокимлик мафкурасини ўзида ифода этувчи синфийлик, партиявийлик тамойиллари туфайли рус миллий маданиятида ҳам йўқотишлар содир бўлди. Албатта, собиқ шўролар даврида рус маданияти бошқа халқлар маданиятига нисбатан илғор ва устивор даражада ривож топди. Бироқ, бундай маданият шўролар ҳукмронлиги даврида ривожланишда нисбатан кўпроқ йўқотди, ўзининг миллий, айниқса диний заминидан айрила бошлади. Бошқача сўз билан айтганда, Рус маданияти бошига тушган кулфатлар бошқа миллий маданиятлар даражаси билан ҳамоҳанг эди.

Шундай шароитда рус миллий-маданий марказининг ташкил этилиши ва унинг миллий қадриятларни тиклаш борасида олиб борган фаолияти мақсадга мувофиқ эди. 1994-1995 йилларнинг ўзидагина рус миллий-маданий маркази 192 та турли тадбирлар ўтказди. Буларнинг ичида А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, А. С. Грибоедов, С. Есенин, И. А. Бунин каби рус адабиётининг атоқли ва йирик арбобларига бағишлаб ўтказилган тадбирлар айниқса қизиқарли бўлди[4].

Рус миллий-маданий марказлари мамлакатимизнинг барча ҳудуд-ларида кенг фаолият юргизмоқда. Хусусан, Наманган вилоятида шундай марказлардан бири 1994 йил 27 июнда ташкил топди. Бу вилоятда 20 мингга яқин рус миллати вакиллари яшаб, улар халқ хўжалиги ва маданий соҳанинг барча жабҳаларида меҳнат қилмоқдалар. Қисқа вақт мобайнида маданий марказнинг вилоят бўлими томонидан қатор амалий тадбирлари ўтказилди. Чунончи, рус фольклор ансамблининг чиқишлари айниқса фуқароларга манзур бўлмоқда. Наманган шаҳридаги “Шаршара” ҳамда “Охунбобоев” номли маҳаллаларда турли миллат вакилларининг аҳилликда яшаши ва биргаликда меҳнат қилишига кўп жиҳатдан миллий-маданий марказлар самарали ҳисса қўшмоқдалар.

Рус миллий-маданий маркази томонидан Республикамизнинг турли ҳудудларида уюштирилган профессионал ва бадиий ҳаваскорлик тўга-ракларининг тадбирлари ҳамда кўргазмаларини алоҳида қайд этиш лозим. Хусусан, Мустақиллик куни, Конституция куни, Наврўз байрами ва бошқа тадбирларда фаол иштирок этишлари шулар жумласидандир.

Бухоро вилоятида ҳам рус миллий-маданий маркази ўз низомида белгиланган барча йўналишлар бўйича фаолият юргизмоқда. 2003 йилда бу марказ томонидан катта ишлар амалга оширилган. Вилоятда рус тилида сўзловчи аҳоли ўртасида рус тилини ривожлантириш соҳасида маълум ишлар қилинган. Россия федерациясидан 1500 дан ортиқ ўрта мактаб ўқувчилари учун дарсликлар, рус адабиёти бўйича 5 – 9 синфлар учун 25 комплектдан иборат аудиокассеталар, ҳар бир комплект 26 та кассетадан иборат ҳолатда юборилган.

Ўқитувчиларнинг услубий маҳоратини ошириш мақсадида тўрт ўқитувчи Омск давлат университети курсларига юборилган. Тўртта ўқувчи Москвадаги лагерда дам олишга жўнатилган. Мактаб ўқувчиси Россия бўйлаб саёҳатга бориб келган.

Марказнинг бадиий ҳаваскорлари “Наврўз” ва “Мустақиллик куни” байрамларида фаол қатнашадилар. Бундан ташқари, Рус миллий байрамлари, шоир ва ёзувчиларнинг таваллуд кунлари нишонланади.

Рус миллий-маданий маркази 2003 йилда 33 та ўз аъзоларини соғлигини тиклаш учун “Ситораи Мохи Хосса” санаторийсига бепул даволанишларини ташкил қилган, 84 та марказ аъзосига моддий ёрдам берилган[5].

Марказ томонидан Ғиждувон шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи” га инсонпарварлик ёрдами ташкил қилиб турилади. Бундай ёрдамлар Россия чет эл маркази вакиллари ва Православ Епархияси томонидан уюштирилади. Меҳрибонлик уйи болалари ҳам дарсликлар, ўқув қўлланмалари билан таъминланиб турилади.

Хулоса қилиб айтганда, вилоятимизда рус миллий-маданий маркази олиб бораётган ишлар диққатга сазовор ва кенг жамоатчилик бундан хабардор.

Яҳудий миллий-маданий маркази. 1989 йилги аҳоли рўйхатига кўра Ўзбекистонда 28369 Ўрта Осиё яҳудийлари бўлиб, улардан 4220 таси Бухоро шаҳрида, 5427 киши эса Бутун Бухоро вилоятида истиқомат қилади.

Кейинги йилларда яҳудийлар ҳаётида анчагина ижобий ўзгаришлар содир бўлди. 1987 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ёзувчилар иттифоқи қошида Бухоро яҳудий ёзувчиларининг шўъбаси қайта тикланади. 1989 йил июнда эса Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат адабиёт музейида уларнинг асарлари экспозицияси очилади. 1989 йил октябрда Тошкентда Ўзбекистон Маданият министрлиги қошида Бухоро яҳудийларининг Некқадам эксперементал театр студияси очилади. 1990 йилда Тошкентда Бухоро яҳудий маданий маркази ташкил қилинади. Бундай маданий марказлар Душанбе, Самарқандда ҳам очилган эди[6]. Бухоро яҳудийларининг Самарқанд маданий маркази 1992 йил январдан “Шофир” деб номланган ойлик газетасини чиқара бошлайди.

Бухоронинг ўзида яҳудийлар маданий маркази “Шалом” 1990 йил баҳорида ташкил топади. Шу йилнинг 5 апрелида таъсис конференцияси бўлади, 24 апрелда марказ шаҳар ижроия қўмитаси томонидан расмий рўйхатдан ўтказилади. 1992 йил сентябрда Ўзбекистон “Жамоат бирлаш-малари тўғрисида” ги Қонунига мувофиқ марказ вилоят ҳокимлиги юстиция бошқармасидан рўйхатдан ўтади ва тегишли гувоҳнома олади.

Бухорода маданий марказнинг ташаббускори ва фаол ташкилотчиси Авкун Ашурович Ёқубов. Бу инсоннинг меҳнат йўли жуда қизиқарли. У Тошкент Халқ хўжалиги институтини тугатиб, 30 йиллардан буён молия органларида ишламоқда. Ўз ишининг тажрибали мутахассиси. У Республика Давлат суғуртаси бошлиғи ўринбосари, вилоят ижтимоий таъминот бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 20 йилдан ошиқроқ Ўзбекситон Молия вазирлигининг вилоят тафтиш бошқармасида раҳбарлик қилган[7].

А. А. Ёқубов Бухоро яҳудий маркази раиси этиб сайланганидан сўнг, марказнинг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилар деб ҳисобланди:

- Бухоро яҳудийлари тарихи ва маданиятини ўрганиш ва кенг ташвиқ этиш;

- миллий санъатни, байрамлар, анъаналар, урф-одатлар, маро-симларни тиклаш;

- миллий ва жаҳон маданияти бойликларидан баҳраманд бўлиш;

- ёшларга ахлоқий тарбия бериш, уларни барча халқлар ва уларнинг маданиятини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш;

- ёшларда фуқаролик жавобгарлигини шакллантириш;

Бу жамоат ташкилоти қисқа муддатда Бухоро яҳудий жамоасини ягона марказ остида бирлаштира олди. 1992 йил май ойида А. А. Ёқубов марказ фаолияти ҳақида ахборот берди. Бунда икки йил ичида ташкилотнинг моддий базаси мустаҳкамланганлигини маълум қилади. Иврит тилини ўрганиш, байрамлар ва маросимларни ўтказиш учун 30 стол, 50 та парта, 100 та стул, ўқув доскалари сотиб олинган. Яҳудий ёзувчиларининг рус ва иврит тилида яратган асарлари кутубхонаси ташкил қилинган. Марказ иврит тилини ўрганиш бўйича катта сондаги ўқув қўлланмалари билан таъминланган. Халқ демократик партияси номи билан марказ учун ажратилган турар жой биноси таъмирланган ва уй жиҳозлари билан таъминланган.

Ҳафтада 5 кун 130 – 150 болалардан иборат 6 та гуруҳда иврит тили бепул ўргатилиши ташкил этилган. Бундан ташқари катта ёшлилар учун иврит ва инглиз тилини ўрганишнинг кечки курсларида 40 – 60 киши ўқимоқда.

Миллий урф-одат, анъана, байрам ва маросимларни тиклаш ҳамда турмушга тадбиқ этиш соҳасида катта ишлар қилинган. Масалан, 1991 йил 15 сентябрда 32 ўсмир 13 ёшни қаршилагани муносабати билан маросим ўтказилди. Бу маросимга Иерусалим бош раввини Давид Нисанов ва Изроил диний жамоалари арбоблари Авраам Бадиев ва Беньямин Гулкаровлар таклиф этилган.

1991 йил 8 декабрда Хануко байрами ўтказилади[8]. Бу байрам икки минг йил илгари содир бўлган воқеалар, яъни макавсевлар жасоратига бағишланган бўлиб, бунда виждон эркинлиги ва эътиқод, диний маросимларни ўтказишга эришилгани ҳақидаги мулоҳазалар билдирилган. Байрамда Тўҳфа Тинхасова раҳбарлигидаги “Нозанин” фольклор ансамбли концерти билан қатнашади.

Маданий марказ ташаббуси билан Пурим байрами арафасида вилоят ва шаҳар ижроия қўмитаси саъй-ҳаракати билан Бухорода янги иккинчи синагога очилади. Бу синагога биринчи, илгариги синагога ўрнида ташкил этилган эди. Пурим байрами шарафига Нью-Йоркдаги “Джайн” жамияти 17 та кам таъминланган шахсларга моддий ёрдам беради ва 11 та ўқувчи аъло ўқиши учун пул мукофоти билан тақдирланган.

1992 йил 18 – 20 февралда Бухорога Изроил элчиси Арье Левин ташрифи муҳим воқеага айланган эди. Элчи Бухоро яҳудийлари ҳаёти ва турмуши билан танишиб, марказга ҳам меҳмон бўлган.

Яҳудий халқининг асосий байрами Песах ( Пахса) бўлиб, 1992 йил 22 апрелда бу марказда нишонланган. Бу байрамда Изроил мамлакатидан ҳам меҳмонлар таклиф қилинган. 1992 йил маданий марказ учун жуда мазмунли йил бўлган. Шу йили Тошкентдаги “Сохнут” хайрия ташкилоти билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказилган[9]. Масалан: Тошкент шаҳрида бухоролик талабалар билан учрашув ва ҳоказолар.

Оқ-тош дам олиш уйига кам таъминланган оилалар болалари марказ маблағи ҳисобидан юборилган. 1992 йил майда маданий марказ Изроил давлати мустақиллигига бағишланган кўргазма ўтказди. Юқорида ўтказилган кўпгина тадбирлар Швейцариянинг Цюрих шаҳридаги “Вешикентам” жамияти моддий ёрдами ҳисобига ўтказилганини А. А. Ёқубов алоҳида таъкидлайди.

Яҳудий маркази бошқа миллий-маданий марказлар билан биргаликда тадбирлар ўтказишни режалаштирган. Ўзбекистон Мустақиллик байрамида тожик маркази билан биргаликда дастур тузиб чиқиши бунга мисол бўла олади.

Ўрта Осиёнинг туб аҳолиси бўлган яҳудийлар тарихида ўз тадқиқотчиларини кутиб турган “Оқ доғлар” талайгина. Миллий-маданий марказ фаолиятига таяниб, бир ярим минг йил аввал Ўрта Осиёга келиб қолган яҳудийларнинг шу кунга қадар яшаб, Ўрта Осиё халқлари маданиятига ўзларининг умумий улушларини фаол қўшиб келаёт-ганлигини, уларсиз Ўрта Осиё тарихини тасаввур қилиш қийинлигини аниқлаш мумкин[10]. Бухоро яҳудийлари ҳақидаги маълумотларни объектив ўрганиш, ёзиш ва нашр этиш ишлари мустақил Ўзбекистон шароитида амалга оширила бошланди.

Немис миллий-маданий маркази. “Халқлар доҳийси” Сталин бошқарган тоталитар тузумнинг 30-йиллардаги қатағони Волга бўйи минтақасидаги тинч меҳнат билан шуғуллаёнаётган немис миллатига мансуб аҳолини ҳам четлаб ўтмади.

Ўн минглаб немис оилалари асрлар бўйи яшаб келган жойидан анча олис юртларга – Ўрта Осиё республикаларига сургун қилинди. Уларнинг авлодлари ҳозирги кунда ҳам эндиликда мустақилликка эришган минтақа мамлакатларида, жумладан, Ўзбекистонда яшаб келишмоқда.

Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Бухоро вилоятларида маҳаллий немисларнинг миллий-маданий марказлари фаолият кўрсатаяпти. Вилоятимизда фаолият кўрсатаётган “Видергебурт” (“Тикланиш”) немис миллий-маданий маркази раҳбари Ольга Мейер бу тўғрида шундай ҳикоя қилади: - марказимиз 1995 йилнинг январь ойида рўйхатдан ўтган[11]. Биз ўз олдимизга ўтроқлашиб қолган маҳаллий немис аҳолисининг бошларини бирлаштириб, авлодларимиз анъаналарини, урф-одатлари, қадриятлари, санъат ва маданиятини тиклашни мақсад қилиб қўйганмиз. Бу йўналишда муайян ишларни амалга ошириб улгурдик ҳам.

Вилоятимизда яшаётган немис миллатига мансуб фуқаролар, гарчи кўпчиликни ташкил қилишмасада, шароит, тақдир тақозоси билан ўз она тилларини унутишган. Бу шўроларнинг оғизда байналминалу амалда “руслаштириш” сиёсатининг аянчли маҳсулидир. Марказ ана шу кемтикни йўқотиш учун мана бир неча йилдирки, немис тилини ўрганишни истаган миллатдошлар учун махсус ўқув курслари ташкил қилган. Унда ўқиш бепул бўлгани учун нафақат немис, балки вилоятимизда истиқомат қилаётган бошқа миллат вакиллари ҳам ихтиёрий равишда келиб, немис тилидан сабоқ олишмоқда. Немис тили дарсликлари, газета-журналлари, ўқув қуроллари, видеокассеталарни марказга Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси туҳфа қилган[12].

Марказ қошида Вассервал ёшлар клуби ҳам иш олиб бормоқда. Бу клуб аъзолари немис санъати ва маданиятини чуқур ўрганишга аҳд қилган. Маҳаллий немис ёшларидан иборат чоғроққина ансамбль вилоятимиз марказида ўтказилаётган Наврўз, Мустақиллик байрамлари тантаналарида иштирок этмоқда. 2001 йил мартда Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида Марказий Осиё мамлакатларида фаолият кўрсатаётган 18 та миллий-маданий марказларнинг ёшлар фестивали ўтказилди. Марказ вакиллари бўлмиш “Вассервал” ёшлар клуби ушбу нуфузли кўрик-танловда фахрли иккинчи ўринни эгаллади.

Германиянинг расмий идоралари билан бир қаторда кўплаб жамоатчилик ташкилотлари ҳам Ўзбекистоннинг бир гўшаси – Бухорои Шарифда миллатдошларининг миллий-маданий маркази фаолият кўрса-таётганидан хабардор. Улар турли масалаларда марказ билан ҳамкорлик қилишга тайёр.

Германия Бундестагининг масъул ходими Дитмар Шлее марказга мурожаат қилиб, иккинчи жаҳон урушида асир тушганлар тақдири билан шуғулланиш, уруш йиллари Бухорода ҳам немис асирлари бўлган-бўлмаганлиги, бўлган бўлса, уларнинг кейинги тақдири қандай кечгани ҳақида маълумот сўради. Маҳаллий идоралар кўмагида изланишларимиз бекор кетмади. Ҳақиқатдан ҳам Когон шаҳридаги ҳарбий госпиталда немис ҳарбий асирлари бўлган экан. Лекин уларнинг кейинги тақдири аянчли якунланган. Негадир уларнинг барчаси, жами 54 нафар асир Москванинг буйруғи билан Германия капитуляцияга қўл қўйган кундаёқ отиб ташланган экан[13].

Биз уларнинг оммавий равишда қатл этилган ва кўмилган мозорини аниқладик, ҳатто уларнинг шахсига оид маълумотларни излаб топишга муваффақ бўлдик.

Марказ вилоятимиз иқтисодиётини ривожлантириш учун Германия инвестициясини киритиш йўлида ҳам иш олиб бораяпти. Корхоналар, ишбилармон ва тадбиркорлар таклифларини ўрганиб, Германиянинг жаҳонга машҳур фирма ва концернлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга кўмаклашилмоқда. Германиянинг Марказий Осиё мамла-катларига инсонпарварлик ташкилоти (штаби Алматида жойлашган) билан алоқалари яхши йўлга қўйилган[14].

Поляк миллий-маданий маркази. Республикамизда фаолият юргизаётган “Светлица Польска” маданий маркази 2001 йил 3 майда Бухорода ўз бўлимини очди[15].

Поляк маданий маркази кўнгилли жамоа бирлашмаси бўлиб, унда Ўзбекистон Республикасида яшовчи поляк фуқаролари ва Польшага хайрихоҳ бўлганлар аъзо бўладилар.

Марказ ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасига мувофиқ амалга оширади, ҳамда бирлашма уставига эга. Бундан ташқари марказ “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” га асосланиб фаолият юргизади ва ўз ишини Ўзбекистонда яшаётган барча халқлар миллий ҳиссиётини ва анъаналарини ҳурмат қилиш асосида ташкил этган.

Ҳозирги кунда Бухоро шаҳрида 200 га яқин поляклар яшайди. Марказ раҳбари Елена Зубович, 1968 йилда Нукусда туғилган, отаси поляк, онаси татар, 1991 йилдан буён Бухорода яшайди.

Елена поляк диаспорасининг 20 га яқин аъзолари борлигини ва улар таркиби турли миллатлардан эканлигини айтди. 2000 йилда уларнинг аъзоси 60 та бўлган. Буларнинг кўпчилиги Россия ва Украина шаҳарларига кўчиб келганлар. Диаспоранинг миллий ансамбли тузилган, бироқ унда иштирок этувчилар ҳар хил ёшдагилар бўлгани учун махсус ном қўйилмаган. Вилоят миқёсида марказ иккита катта байрамни нишонлайди. Булар республикамизнинг Мустақиллик куни ва Наврўз байрамларидир. “Светлиса Польска” марказининг ўзига хос миллий байрамлари фақат ўз жамоалари ўртасида нишонланади. Хусусан, 1791 йил 3 майни Польша биринчи Конституцияси қабул қилинган кун, 1918 йил 11 ноябрни Польша Мустақилликни қўлга киритган кун сифатида нишонланади. Бундан ташқари диаспора ичида иккита диний байрамларини ҳам нишонлаш урфга кирган. Ҳар йили 25 декабрда рождество, апрелнинг иккинчи ярми ва май ойининг биринчи ўн кунлигида пахса байрамларини ўтказадилар.

Поляк тилини ўргатувчи махсус мактаблар йўқ. Бироқ, шаҳарда 2003 йил сентябридан поляк католик черкови попи Войчех Кардас яшаб келмоқда, шу черковда тилни ўрганиш ташкил қилинган.

Иккинчи жаҳон уруши муносабати билан Бухоро вилоятида кўплаб поляклар кўчириб келинган. Булар Жондор, Пешку, Ғиждувон туманларида яшаганлар. Ҳозирги кунда полякларнинг кўпчилиги ўзбеклашиб кетган, поляк қизлари ўзбек, тожикларга турмушга чиқиб, уларнинг болалари ўзбекона миллий урф-одатларни қабул қилиб олишган. Бироқ бу ҳолатни тескарисини ҳам учратишимиз ҳам мумкин. Марказнинг фаолиятига маҳаллий бошқарув органлари яқиндан туриб ёрдам берадилар. Буни марказ раҳбари алоҳида қайд этди.

Татар-бошқирд миллий-маданий маркази. 2002 йилда вилоятимизда 15 мингга яқин, жумладан, Бухоро шаҳрида 8 мингдан зиёд татар-бошқирдлар истиқомат қилишган. Бу миллий-маданий марказ раиси Глум Гибадуллин, - “биз ўзбек, тожик, рус ва бошқа миллат вакиллари билан ягона оила фарзандларидек тинч-тотув яшаш, меҳнат қилиш билан бирга татар-бошқирд халқларининг тарихи ва тилини фарзандларимизга астойдил ўргатмоқдамиз, миллий қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайламоқдамиз. Ана шу эзгу мақсадларни амалга оширишда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, “Пахтасаноат” ҳиссадорлик жамияти каби ҳомий ташкилотлар бизга кўмакдош бўлмоқдалар”[16].

Турк миллий-маданий маркази. Турк миллий маркази 1991 йил 27 июнда ташкил этилади. Бухоро шаҳар Ижроия қўмитаси Юстиция бошқармаси томонидан 1992 йил 22 январда рўйхатдан ўтказилган. Марказни Шахриев Камал Сулейманович бошқаради. Марказ Туркия давлати билан алоқада. Турклар урф-одатлари ва анъаналарини, миллий қўшиқ ва рақсларини тиклашни мақсад қилиб қўйишган. Марказ туркларнинг миллий байрамларини ўтказади. Кўпгина ёш турклар ўзларининг миллий урф-одатларини ўрганиш мақсадида марказга тез-тез келишади. Миллий қўшиқ ва рақсларини ўрганишади. Марказ вилоятдаги бошқа миллий марказлар билан ҳам ҳамкорлик қилади. Бухоро шаҳридаги Рикова кўчасида марказ фаолият кўрсатади.

“Офтоби сўғдиён” миллий-маданий маркази. Мамлакатимизда миллатлараро тотувликнинг такомиллашувига ўзи-нинг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган миллий-маданий марказлардан бири бу “Ориёно” – тожик миллий-маданий марказидир. Бу марказ Тошкентда 1990 йил 8 июнда ташкил этилган. Марказ қисқа вақт ичида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, миллатлараро барқарорликни таъмин-лаш йўлида жуда кўплаб ишларни амалга оширди. Марказнинг асосий мақсади – тожик маданияти, тили, урф-одатларини сақлаб қолиш, уларни ривожлантириш ҳамда бошқа қардош халқлар маданиятини ўрганишдан иборат[17].

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда бир миллиондан ортиқ тожиклар истиқомат қиладилар ва бошқа миллат вакиллари сингари улар ҳам Ўзбекистонда буюк мустақил давлат қуриш ишларида фаол иштирок этмоқдалар. 1990 – 1997 йиллар мобайнида марказнинг учта конферен-цияси бўлиб ўтди.

Конференцияларда “Ориёна” миллий-маданий марказининг раҳбар органлари сайланди. Марказнинг биринчи раиси бўлиб таниқли журналист тилчи олим Мухсин Умаров сайланган эди.

“Ориёно” миллий-маданий маркази ташкил қилингандан буёғи ҳар йили Халқлар дўстлиги майдонида Наврўз, Мустақиллик куни, Конституция куни байрамларида фаол иштирок этмоқдалар. Марказ ўз фаолияти давомида ўзбек, рус ва тожик тилларида бир неча китоблар нашр этди.

Тожикларнинг “Ориёна” миллий-маданий маркази тожик тилида чиқаётган “Овози тожик” газетаси муҳарририяти билан Республика телерадиокомпанияси тожик бўлими “Рангин камон” лар билан ҳамкорликда иш юритмоқда.

Бундан ташқари марказининг қилаётган ишлари республикамизда чиқаётган “Овози тожик”, “Народное слова”, “Правда Востока”, “Спорт”, “Ўзбекистон овози”, “Тошкент оқшоми”, “Бирлик” ва “Единство” каби кўпгина рўзнома ва журналларда ёритиб борилмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган бир миллиондан ортиқ тожик миллатига мансуб халқнинг бугунги, эртанги ва келаждаги миллий равнақи учун мамлакатимизда барча шарт-шароитлар мавжуд.

Тожиклар ҳам ўз навбатида “Туркистон умумий уйимиз” шиори остида Ўзбекистоннинг тинч, осойишта, миллатлараро барқарорлик асносида ривожланиши учун ўзларининг барча ғайратларини сарфламоқдалар.

Халқ депутатлари Бухоро шаҳар ижроия комитетининг 1989 йил 28 декабрдаги қарори билан тожик-форс маданият маркази тузилган. 1990 йил январда вилоят марказидаги “Билимлар” уйида марказнинг таъсис йиғилиши бўлиб ўтади. Унда Бухоро шаҳрида “Офтоби Сўғдиён” – “Солнце Сагдиана” номи билан аталувчи тожик-форс маданият маркази ташкил этилганлиги ҳақида хабар қилинади[18].

Йиғилганларга 23 пунктдан иборат янги марказ фаолиятининг дастури ҳавола этилди. Республикамизнинг бошқа шаҳарларида фаолият кўрсатаётган ана шундай марказлар билан алоқа ўрнатиш, марказ ҳузурида санъат ва адабиёт, тарихий этнографик музей, кутубхона, тўй, дафн хизмати каби секцияларни ташкил этиш, форс тилида ижод қилаётган ҳамшаҳарларимизнинг бой меросини ўрганиш, “Сайли гули сурх” каби қадимий халқ байрамини тиклаш, Бухоро вилоятининг тожик тилида сўзлашувчи аҳоли ғуж яшайдиган қишлоқлари ҳақиқий харитасини яратиш мақсадида социологик тадқиқотлар ўтказиш, марказ ҳузурида ташвиқот гуруҳлари ишини йўлга қўйиш, марказ барча аъзоларини архитектура ёдгорликларини тиклаш ва таъмирлаш, вилоят марказидаги қадимий кўчалар номини тиклаш ишларига фаол жалб этиш марказнинг асосий вазифаларидан биридир. Таъсис йиғилишида марказ кенгаши сайланди. Унинг таркибига турли касб эгалари бўлган 11 киши кирган. Шаҳар тожик-форс маданият марказининг раиси этиб телевидения ва радиоэшиттириш область комитетининг раиси А. Шукуров сайланди.

Эндиликда тожик тилида сўзлашувчи вилоят маркази аҳолиси кўп йиллар мобайнида тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш, кемтик ўринларни тўлдириш имконига эга бўлдилар. Жумладан, тожик адабиёти кутубхонасининг очилиши кутубхоналарда форс-тожик адабиёти классик-ларининг, ҳозирги замон шоир ва ёзувчиларининг ижоди билан танишишга кенг йўл очди. Шунингдек, тожик фольклор-этнографик ансамбли қадимий қўшиқларини тарғиб қилади[19].

Бу марказ Бухорода корейс маданий-марказидан сўнг ташкил этилган иккинчи марказ эди. Йиғилишда бундан кейин татар, немис, Шимолий Кавказ ва Кавказ орти республикалари халқлари марказлари ташкил этилса, нур устига аъло нур бўлар эди, - деган фикрлар айтилган эди.

2002 йилнинг апрель ойида Бухоро Осиё ва Тинч океани минтақасида “Шаҳарлар тинчлик учун” халқаро ЮНЕСКО мукофотига сазовор бўлди. Мазкур халқаро мукофот 1996 йилда таъсис этилган бўлиб, ҳар икки йилда бир марта танлов асосида дунёнинг бешта минтақасидан бешта шаҳарга тақдим этилади. Бухоро ЮНЕСКОнинг ушбу мукофотига шаҳардаги табиат, тарихий обидаларни сақлаш ва қайта тиклаш, шунингдек, бирдамликни мустаҳкамлаш, турли миллатлар ва диний жамоалар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари эвазига эришган эди[20].

2010 йил 23 апрель куни Бухоро шаҳридаги Абу Али ибн Сино маданият саройида мамлакатимиз мустақиллигининг 20 йиллигига бағишлаб “Ўзбекистон – умумий уйимиз” мавзусида ўтказилган дўстлик ва маданият фестивалида вилоятдаги барча миллий-маданий марказлар вакиллари ўзларининг кўргазмали чиқишлари билан иштирок этдилар.

Айтиш жоизки, ҳозир вилоятда 70 га яқин миллат ва элат вакиллари истиқомат қилаяпти. Улар халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали меҳнат қилиб, она-Ватанимиз равнақига ҳисса қўшаяптилар. Фестивал доирасида ўтказилган “Биз – ягона Ватан фарзандларимиз” мавзуидаги семинарда шулар ҳақида сўз борди. Бу эса вилоятимизда яшаётган турли миллат ва элатларнинг тили, урф-одатлари, анъаналари эъзозланаётгани, бу борада миллий-маданий марказларнинг миллий қадриятларни тиклаш, бойитиш йўлида имкониятлар эшигини очувчи маскан сифатида самарали фаолият юритаётганидан далолат беради.



[1] Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси. 1995 йил 16 ноябрь, Париж.

[2] Қурбонова М. Б. Бухоро воҳаси миллатларо бағрикенглки ўлкаси. // Модернизация, инновацион тараққиёт ва толерантлик ривожи истиқболлари. Республика илмий конференция материаллари тўплами. 3-китоб. Т., 2010. – Б. 5.

[3] Истам Иброҳимов. Ўзбекистон – умумий уйиимз. / www.buxoro.uz/news.php интернет сайтидан олинган.

[4] Мусаев Д. О. Миллий сиёсат ва миллий-маданий марказлар. //Мустақил Ўзбекистон тарихининг дастлабки саҳифалари. (Даврий тўплам). № 3. – Б. 155-156.

[5] Бухоро вилояти рус миллий-маданий маркази раиси О. Овчинниковнинг 7 январь 2004 йилги 1-сон. Бухоро вилоят юстиция бошқармасига берган ахборотидан.

[6] Альмеев Р. Бухарские евреи (историко-культурный очерк). Бухара, 1998. – С. 81.

[7] Раҳматова С. Яҳудий маданий маркази тузилди. / Бухоро ҳақиқати. 1990. 14 апрель, - Б. 3.

[8] Юхан Бен Ямин. День после Ханука, Рамадана и Крисмаса. 2001. Эта статъя опубликована на сайте Bjews.com http//www. Bukharian jews. сom

[9] Юхан Бен Ямин. День после Ханука, Рамадана и Крисмаса. 2001. Эта статъя опубликована на сайте Bjews.com http//www. Bukharian jews. сom

[10] Альмеев Р. Исследования и материалы по истории и этнографии бухарских евреев. Бухара. 1998. С 2.

[11] Сафаров И. Миллий-маданий марказлар фаолиятидан. “Видергебурт” ҳамкорликка чорлайди./ Бухоронома. 2001 йил, 11 апрель.

[12] Сафаров И. Миллий-маданий марказлар фаолиятидан. “Видергебурт” ҳамкорликка чорлайди./ Бухоронома. 2001 йил, 11 апрель.

[13] Каримов Р. Миллий маданиятлар равнақи. Т., 1986. – Б. 56.

[14] Сафаров И. Миллий-маданий марказлар фаолиятидан. “Видергебурт” ҳамкорликка чорлайди./ Бухоронома. 2001 йил, 11 апрель.

[15] Қурбонова М. Б. Бухоро воҳаси миллатларо бағрикенглки ўлкаси. // Модернизация, инновацион тараққиёт ва толерантлик ривожи истиқболлари. Республика илмий конференция материаллари тўплами. 3-китоб. Т., 2010. – Б. 6.

[16] Ахмедова С. “Сабантўй – 2002” қувончлари. / Бухоронома. 2002, 6 июль, № 27, - Б. 1.

[17] Қудратов А. Тожик маданият-маркази ташкил этилди. /Бухоро ҳақиқати. 1990 йил. 6 январь.

[18] Қудратов А. Тожик маданият-маркази ташкил этилди. /Бухоро ҳақиқати. 1990 йил. 6 январь.

[19] Қаранг: А.Қудратов. тожик маданият-маркази ташкил этилди. Бухоро ҳақиқати. 1990 йил. 6 январь, - Б. 3.

[20] Бухоро ЮНЕСКО мукофотига сазовор бўлди. // Халқ сўзи. Т., 2002 йил 10 апрель. – Б. 1.

 

Зухра Мирзаҳамдамова

 


21 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин