Саналар
21.12.2024
Баннер
Шоҳрух Мирзо (1377-1447)
PDF Босма E-mail

Шоҳрух Мирзо Амир Темурнинг тўртинчи ўғли бўлиб, 1377 йил 20 август, пайшанба куни оламга келган. Тарихчи Хондамирнинг берган маълумотига қараганда, Шоҳрухнинг онаси Тағой Туркон оғо Соҳибқироннинг хос канизакларидан бўлиб, Амир Темур кейинчалик уни ўз никоҳига киритган. Шундай бўлса ҳам Шоҳрухни Сароймулкхоним тарбиялаб вояга етказган.
Шоҳрух Мирзо ёшлигиданоқ аҳкоми шариатга қаттиқ риоя қилиб, диний китобларга қизиққан. У 20 ёшигача отаси Соҳибқирон қаватида бўлиб, ҳарбий юришларда, жумладан, Фаластин юришида ҳам фаол қатнашган. Амир Темур 1397 йилда унга Хуросон, Сеистон ва Мозандарон ҳокимлигини бергач, то 1405 йилгача Хуросон ҳукмдори деган ном билан кифояланган.
Фасиҳ Хавафийнинг ёзишига қараганда, Шоҳрух Мирзо Ҳиротнинг нуфузли хўжазодалари раҳнамолигида Хуросон ҳокимлигини бошқарган.
Амир Темур вафотидан сўнг, Шоҳрух Мирзо тахтга даъвогарлар қаторида валиаҳд Пир Муҳаммад Мирзо билан иттифоқ тузиб, Самарқанд ҳукмдори Халил Султонга қарши курашади. 1407 йили Пир Муҳаммад Мирзонинг фожиали ўлимидан сўнг якка ўзи курашни давом эттириб, 1409 йили Халил Султон устидан қўли баланд келиб, тахтни қўлга киритгач, Мовароуннаҳрни тўнғич ўғли Улуғбек Мирзога, Балхни иккинчи ўғли Султон Иброҳим Мирзога, Ҳисорни марҳум Муҳаммад Султон Мирзонинг ўғли Муҳаммад Жаҳонгир Мирзога, Фарғонани эса марҳум акаси Умаршайх Мирзонинг ўғли Аҳмад Мирзога инъом қилиб, ўзи Ҳиротга қайтиб кетади.
Шоҳрух Мирзо аста-секин ўз акалари Жаҳонгир, Умаршайх ва Мироншоҳларнинг авлодини ҳар хил йўллар билан ўзига тобе қилиб, Мовароуннаҳр, Озарбайжон, Ироқ, Хуросон ва Шимолий Афғонистондан иборат катта бир давлат жиловини ўз қўлига киритиб, Ҳиротни ўзининг пойтахти деб эълон қилади ва «улуғ хоқон» сифатида салтанатни бошқаришга киришади.
Шоҳрух Мирзо кўп вақтини тоат-ибодат ва китоб мутолаасига сарфларкан, девон ва салтанатни бошқаришда ўктам ва тадбиркор хотини Гавҳаршодбегим фаол иштирок этган.
Шоҳрух Мирзо ихлос ва ниёзмандлик юзасидан дарвешлар ҳамда гўшанишинларга илтифотлар кўрсатиб, Ҳиротнинг Жомеъ масжидида жума намозини халойиқ билан бирга ўқирди. Жума намозларининг бирида (1427 йил 21 феврал) Аҳмад исмли кимса масжид ичида Шоҳрух Мирзога пичоқ санчади. Аҳмад ўша заҳоти қатл этилади. Табибларнинг жонбозлиги билан қилинган муолажадан сўнг заҳм битиб, Шоҳрух Мирзо тузалиб кетади.
Шоҳрух Мирзо умрининг охиригача ўз ўрнига валиаҳд тайинлашга иккиланиб юради.
1446 йили Шоҳрух Мирзо ўз набираси, қазвин, Рай ва қум вилоятлари ҳукмдори Султон Муҳаммадга қарши юриш бошлайди. Чунки Султон Муҳаммад бобоси Шоҳрух Мирзога қарши бош кўтариб, Ҳамадон ва Исфаҳонни босиб олиб, Шерозни қамал қилган эди. Шоҳрух Мирзо қўшини ғарбий Эронда ҳеч қандай қаршиликка учрамайди. Нимагаки, бобосининг келаётганини эшитган Султон Му¬ҳаммад Шероз қамалини бўшатиб, тоққа қочган эди. қўзғолон айбдорлари аёвсиз жазоланадилар.
Мазкур ҳарбий юришдан қайтаётганда Шоҳрух бетобланиб, 1447 йили Рай вилоятида, 70 ёшида вафот этади.
Хуросон Шоҳрух Мирзо даврида сиёсий-ижтимоий, иктисодий ва маданий жиҳатдан анча ривожланди, кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Масжидлар, мадрасалар, хонақоҳлар, работлар, сар-добалар, қишлоқ ва қўрғонлар қурилиб, мазкур қурилишлар вақф мулклари билан таъминланди. Шоҳрух Мирзонинг мўътадил ички ва ташки сиёсати Хуросонда тинчликнинг барқарор бўлишига олиб келди. Бу даврда тижорат, ҳунармандчилик, деҳқончилик юқори даражада кўтарила бошлади. Айниқса, ҳунармандчилик, тўқимачилик, меъморчилик, ўймакорлик, хаттотлик, муқовасозлик ҳамда қоғоз ишлаб чиқаришга катта эътибор берилди. Шунингдек, металлни қайта ишлаш, қурилиш асбоб-ускуналарини тайёрлаш, кулолчилик санъати ўсди. Булардан ташқари заргарлик, каштадўзлик, кандакорлик, шоҳи ва бошқа хил матолар тўқиб чиқаришга эътибор кучайди. Жумла-дан, маҳаллий ва хориждан олиб келинган хомашёлардан банорас, атлас каби матолар ишлаб чиқарила бошланди. Шу касбнинг моҳир усталари етишиб чиқди. ХIУ-ХV асрларда Хуросонда кулолчилик санъати сопол буюмлар билан бир қаторда сув иншоотларида, ул¬кан бинолар қурилишида ишлатиладиган сопол қувурлар, хилма-хил шакл ва ранглар билан жилоланган сопол кошинлар ишлаб чи-қариш кенг йўлга қўйилди.
Шоҳрух Мирзо мамлакат истиқболини кўзлаб Хитой ва Ҳиндистон ҳукмдорлари билан дипломатик муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилди. Мазкур мамлакат элчилари Самарқанд ва Ҳиротда, ўз навбатида ғиёсиддин Наққош раҳбарлигида Хитойда, Абдуразоқ Самарқандий бошчилигидаги элчилар Ҳиндистонда бўлдилар. Шоҳрух Мирзо Ҳирот шаҳар қалъасининг жануб томонида (1410-1411) Мадраса ва хонақоҳ бино қилдирди. Бу пайтда пойтахт Ҳирот ва умуман Хуросонда маданий ва маиший қурилишлар кенг қулоч ёзади.
Ҳиротда бир неча шифохоналар мавжуд бўлиб, буларнинг қаторида яна иккита «Дорушшифо» қурилади. Бу шифохоналарнинг биттаси Шоҳрухнинг учинчи хотини Мулкат оғо (Мулк оғо) тарафидан, иккинчиси эса Шоҳрухнинг набираси Алоуддавла (1417-1460) томонидан қурдирилган эди. Мулкат оғо ҳам Гавҳаршодбегим каби Ҳиротда «Дорулҳадис» номли хонақоҳ, иккита ҳаммом, Ҳиротдан 8 фарсах нарида, Амударёга борадиган йўл устида битта работ, Балх шаҳрида бир Мадраса қурдирди.
Шоҳрух даврида Ҳиротда қурилган энг катта ёдгорликлардан бири малика Гавҳаршодбегим тарафидан қурдирилган улкан Мадраса ва мазкур Мадраса ёнида қад кўтарган хонақоҳдир. Бу бинолар 1417 йилда бошланиб, 1437 йилда қуриб битказилган. Мазкур Мадраса ва хо¬нақоҳ ҳозирги кунгача етиб келган бўлиб, хонақоҳга унинг айрим ўғиллари, Гавҳаршодбегим ва бошқа Темурий шаҳзодалар ва маликалар дафн этилган. Шоҳрух Мирзо саройида хизмат қилувчи амалдорлар, беклар, саркардалар ўз номларини абадийлаштириш мақсадида бир қатор маданий ва маиший бинолар қурдиришган. Чунончи, Ҳиротнинг Хиёбон мавзеида қурбон Шайх, Ферузшоҳ, Чақмоқ Шоҳ, Алайҳ Кўкалдош мадрасалари қад ростлаган эди. Бу мадрасаларда диний билимлар билан бир қаторда тилшунослик, адабиёт, тарих, жуғрофия, ҳандаса, риёзиёт, фалакиёт каби илмлар ўқитиларди. Булардан ташқари, фалсафа, мантиқ ва мусиқа илми ҳам анча ривожланган эди.
Ҳирот қадим замонлардан турли-туман диний ва илмий китобларга бой шаҳарлардан ҳисобланган. Шоҳрух Мирзонинг ўзи ҳам китобга ўч киши бўлиб, ўзининг бой шахсий кутубхонаси, ўғли Бойсунғур Мирзонинг ҳам ажойиб кутубхонаси бўлган. Бу кутубхоналар қимматли асарларга бойлиги ва хилма-хиллиги билан шуҳрат қозонган.
Умуман соҳибқирон Амир Темур вафотидан кейин Мовароуннаҳр ва Хуросонда Шоҳрух Мирзонинг ҳукмронлик даврида нисбатан осойишталик ҳукм сурди. Бинобарин, Амир Темур бошлаб берган иктисодий, ижтимоий ва маданий ҳаёт ўз ривожини топди.

Т.Файзиев

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин