Саналар
21.12.2024
Баннер
Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор (1404-1490)
PDF Босма E-mail

Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор — Марказий Осиё халқларининг XV аср иккинчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий, маданий ва тафаккур ривожида муҳим ўрин тутган. Нақшбандия тариқатининг назарий, амалий жиҳатларини бойитиб, бу таълимотнинг машҳур бўлишига ҳисса қўшган тарихий шахсдир. У ҳижрий 806 йил рамазон ойида (1404 йил, март) Шош — Тошкент вилояти музофотларидан Боғистонда дунёга келган. Огаси Хожа Маҳмуд ва бувалари маърифатли кишилардан бўлиб, деҳқончилик ва тижорат билан шуғулланган. Она тарафидан Хожа Аҳрор машҳур Шайх Хованди Таҳурга бориб уланади.

Хожа Аҳрор бошланғич маълумотни Тошкент мадрасаларида олиб, ёшлик чоғлариданоқ муқаддас жойларни зиёрат қилишга мойиллик кўрсатади ва 23—24 ёшларда тоғаси, замонасининг билимдон кишиларидан бўлган Хожа Иброҳим уни Самарқандда ўқитишни мақсад қилиб қўяди. Хожа Аҳрор кўпроқ тасаввуф илмига қизиқади. Шу мақсадда Ҳиротга келиб, 1428—1431 йиллар орасида Шайх Баҳоуддин Умар, Шайх Зайниддин Хавофий каби таниқли мутасаввуф билимдонлари суҳбатида бўлади. Сўнг Чаюниённинг Хулғату мавзеида истиқомат қилувчи Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг шогирди бўлган Яъқуб Чархий (вафоти 1447)га қўл бериб, ундан Нақшбандия тариқати асосларини ўрганади. 1431—1432 йиллар орасида Хожа Аҳрор Тошкентга қайтиб, Нақшбандия тариқатининг йирик арбоби Баҳоуддин Нақшбанд таълимотининг давомчиси сифатида танилиб, айни вақтда деҳқончилик ва тижорат ишлари билан машғул бўлади

Манбаларда кўрсатилишича, Хожа Аҳрорнинг хўжалик фаолияти тез орада жуда кенг ривож топади. Чунончи, "Рашаҳот" асари муаллифи Фахриддин Али Хожа Аҳрор ерлари Тошкент вилоятидан то Амударё соҳилларигача бўлган ҳудудда 1300 дан ортиқ экинзорларни ташкил этганини эслатади. Шуниси эътиборга сазоворки, тадқиқот ишларида аниқланишича, майда мулкчилар солиқлардан қутулмоқ учун ўз ерларини Хожа Аҳрор ихтиёрига ўтказишган. Хожа Аҳрорнинг ҳукмдор олдидаги нуфузи шариатда белгилангандан (ушр, мол, закот) ташқари фавқулодда солиқларни меҳнаткашлар гарданига юклашдан уларни ҳимоя этган. Хожа Аҳрор ерларининг кўпайиб боришига шу омил ҳам бир сабаб бўлган, холос. Деҳқончилик, чорвачилиқдан ташқари Хожа Аҳрорнинг шаҳарларда ҳам ҳунармандчилик расталари, устахоналари бўлган ва булардан ҳам катта даромад келиб турган.

Савдо-сотиқ масалаларида Хожа Аҳрор нафақат Мовароуннаҳр ҳудудида, балки Хуросон, Ҳиндистонга ҳам молларни юбориб, савдо қилган. Шуни ҳам айтиб ўтмоқ лозимдирки, Хожа Аҳрор ўз хўжалик фаолиятидан олган даромаднинг кўпгина қисмини аҳоли бошига тушган оғир солиқларни тўлаш, диний ва маданий қурилишларни амалга ошириш каби ишларга сарфланган. Чунончи, Умаршайх Мирзо Тошкент аҳолисидан 250 000 динор ҳажмида солиқ талаб қилганида Хожа Аҳрор бу маблағнинг ҳаммасини ўзи тўлаб, яна 70 000 динорни ҳам солиқ йиғувчиларга топширган. Шунингдек, Хожа Аҳрор томонидан Самарқандда, Тошкентда ва Кобулда ҳам мадрасалар қурдирилганлиги манбалардан маълум.

Нақшбандия тариқатининг асосий ғояси: меҳнат билан машғул бўлиш ва айни вақгда дил Аллоҳ билан бўлмоғи лозимлиги Хожа Аҳрор томонидан эътироф этилгани ва амалда қўлланилгани унинг ўз сўзидан равшандир. «Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний буюрмишлар-ки,— дейди у Али Сафийнинг «Рашаҳот» асарида келтирилишича,— халқнинг оғирини енгил қилмоқ даркор, аммо бунга ҳалол касб билангина эришилади. «Қўл иш билан, дил ёр (Аллоҳ) билан» шиори Хожагон тариқатида муқаррардир».
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг мамлакат сиёсий ҳаётида фаол иштироки 1451—1452 йилларга оиддир. 1447 йили Темурийлар давлати бош ҳукмдори Шоҳрухнинг, 1449 йили эса Мовароуннаҳр ҳукмдори Мирзо Улуғбекнинг вафотидан сўнг бир неча йил Темурий шаҳзо-далар орасида тахт учуй кураш боради. 1451 йили шаҳзодалардан бири Абу Саъид Мирзо Тошкеитда бўлиб, Хожа Аҳрорни ўзига маънавий мададкор деб танийди ва шу йили Мирзо Абдулло билан бўлган жанг-да қўли баланд келиб Самарқандни эгаллайди ҳамда Хожа Аҳрорни Тошкентдан Самарқандга кўчириб келади. Хожанинг Самарқандда муқим туриши ана шу 1451 йилдан бошланади. Унинг мамлакатдаги сиёсий жараёнларда иштироки 1454 йилга оид бўлиб, шу йили Хуросон ҳокими Абулқосим Бобур Самарқандни қамал қилганида Хожа Аҳрор шаҳар ҳимоячиларига бош бўлиб, душманни сулҳ тузишга мажбур этади. Шу билан Хожа Аҳрорнинг шаҳзодалар орасидаги низоларни сулҳ билан якунлаб, мамлакатда осойишталик ўрнатишга қаратилган сиёсий фаолияти умр бўйи давом этади. Унинг 1458 йили Шоҳрухияда ўзаро қонли тўқнашувга тайёр уч ҳукмдор: Султон Абу Саъид (1451—1469)нинг ўғиллари Султон Аҳмад Мирзо, Умаршайх Мирзо ва Юнусхон (1462—1487)нинг ўғли Султон Маҳмудлар орасидаги низони сулҳ билан бартараф қилганлиги манбаларда кўп талқин этилган.

Хожа Аҳрор Валий 1490 йилда вафот этган ва Самарқандда дафн этилган.

Хожа Аҳрор қаламига мансуб уч рисола бизгача етиб келган. Улар-дан бири — «Фақарот ул-орифин» («Орифлар сўзларидан парчалар») номи билан машҳур бўлиб, унда Хожа Аҳрорнинг ва баъзи бошқа тасаввуф намояндаларининг тариқатга оид фикрларидан намуналар келтирилган. «Волвдия» деб номланган иккинчи рисоласини Хожа Аҳрор ўз отаси илтимосига кўра ёзган. Унда тариқат йўлига кирган кишининг ахлоқ-одоби, фақр ва фано тушунчалари ҳақида сўз боради. Бу рисола ўз даврида машҳур бўлиб, Жомий ва Алишер Навоийлар у билан яқиндан танишганлар. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса уни форсийдан ўзбек тилига шеърий таржима қилган. Учинчи рисола «Ҳавроийя» деб аталиб, машҳур мутасаввуф шоир Абу Саъид Абул-хайрнинг (XI аср) ушбу «Ҳавро» («Ҳурлар» ёки «Фаришталар») сўзи билан бошланувчи бир рубоийсини шарҳлашга бағишланган.

Булардан ташқари Хожа Аҳрор томонидан ўз замондошларига ёзилган анчагина руқьа — номалари ҳам бизгача етиб келганки, уларни ҳам мазкур асарлар сирасига киритиш жоиз, чунки уларда муаллифнинг ўз даври маънавий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётида тутган ўрни акс этади. Хатлар турли тўплам ва маноқиблар саҳифалари орқали бизгача етиб келган. Улардан энг муҳими «Мажмуайи муроса-лот» деб номланган XV аср дастхатлар тўплами таркибидаги руқьалардир. Тўплам Алишер Навоий буйруғи билан тузилган ва шунинг учун «Навоий альбоми» деб ҳам аталади (ЎзР ФА Шарқшунослик инстутити қўлёзмалар фонди, рақам 2178). Унда Хожа Аҳрорнинг 128 дона руқъалари мавжуд. Улар Самарқанддан Ҳиротга — Ҳусайн Бойқарога ва аксари, Алишер Навоийга ёзилган. Бу ҳақда «Насоим ул-муҳаббат» асаридаги Навоийнинг ўз сўзлари тасдиқлайди: «...Аларнинг бу ҳақир ила илтифотлари кўп бор учун ваҳий осор руқьалари билан мушарраф қилиб, ишларга маъмур қилур эрдилар, ул руқъаларни мураққа ясаб, жазвал ва такаллуфот била асрармен». Мазмун жиҳатдан руқьаларни уч туркумга бўлиб шарҳлаш мумкин: Биринчиси — бу Мовароуннаҳр ва Хуросонда ҳукмронлик қилган Темурий ҳукмдорлар, чунончи, Бадахшон ҳокими Султон Маҳмуд (1459— 1494), Мовароуннаҳр ҳокими Султон Аҳмад (1468—1493) ҳамда Султон Ҳусайн Бойқаролар орасидаги сиёсий, ҳудудий муносабатларга дойр хатлар. Уларда Хожа Аҳрор Темурий шаҳзодалар олдига ўзаро низоларни тинчлик йўли билан ҳал этиш, урушлар туфайли аҳолининг жону молига зарар етказмаслик каби талабларни қўяди ва буни амалга оширишни Навоийдан илтимос қилади.

Иккинчи тур хатларда эса, Хожа Аҳрор шариат қонун-қоидаларини мустаҳкамлаш ва бу орқали мамлакатда адолат ўрнатиш, мусулмонлар, яъни оддий раиятга жабру зулм ўтказишдан золимлар қўлини кўтоҳ қилиш каби фикрларни ифодалайди, баъзан эса адолатсизликка учраган бирор жабрдийданинг аниқ номини айтиб, ёрдам кўрсатишни сўрайди.

Учинчи туркум хатларга келсак, улар Хожа Аҳрор ва унинг яқин муридларининг Хуросон ҳудудида олиб борган хусусий хўжалик ҳамда савдо-сотиқ йшларига ва шулар билан боғлиқ солиқлар масаласига оиддир. Бу хатларда Хожа Аҳрор ўз даврининг йирик ер-сув, мол-мулк эгаси сифатида гавдаланади, ўзининг ва яқин кишиларининг манфаатлари Хуросонда ҳам ҳимоя қилинишига интилади. Аммо, айтиб ўтиш л озимки, бу турдаги хатлар орасида ҳам баъзан одций' адолатталаб кишилар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган илтимослар учраб туради.

Маълумки, XV аср Темурийлар давлатида — Мовароуннаҳр ва Хуросонда иқтисодий, маданий, илм-фан соҳаларида юксалиш даври бўлган. Шу билан бирга Темурийлар давлатининг инқирози ҳам ана шу асрга тўғри келиб, ўзаро тахт учун курашлар натижасида оддий халқ аҳволи оғирлаша борган. Шариат томонидан белгиланган ушр, мол ва закотлардан ташқари ҳар хил вақтларда турли муносабатлар билан олинадиган олиқ-солиқлар сони 30 га яқин адад-ни ташкил этар эди. Улардан баъзилари (тамғо, ёрғу) мўғуллар ҳукмронлиги даврида жорий этилган бўлиб, баъзи вақтларда ҳали ҳам кўлланиб келарди. Ана шундай бир шароитда Хожа Аҳрор мусулмонлар бошидан жабр-зулмни даф этмоқ учун дин ва шариатни дастур қилган ҳолда султонларга мурожаат қилмоқ лозимлигини Нақшбандия тариқатининг вазифаларидан деб уқтиради. Хожа Аҳрор сарой хизматидан воз кечмоқчи бўлган Алишер Навоийга хат ёзиб, айтади: «...Эшитишимча, онҳазрат, яъни султонга мулозамат қилищдан гоҳо маломат чекар экансиз. Илтимос шуки, мусулмонларга мадад етказмоқ ва бирор фақирнинг дили мушкулликдан халос топиб, шод бўлмоғи учуй хотири шарифингизни сарой хизматидан узманг... Бирор киши ҳам мусулмонлар ғамини ейишни ўйламай қўйган бу вақтда уларга ғамхўрлик қилиш — энг хайрли ишдир!..»

Собиқ советлар даврида Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳақида бир қанча тадқиқотлар ёзилиб, унинг иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳаётдаги фаолияти ёритилган бўлса-да, ҳукмрон мафкура нуқгаи назаридан салбий баҳоланарди. Кейинги тадқиқотларда (А. Н. Болдирев), айниқса, Марказий Осиё республикалари истиқлолга эришгандан сўнг (Б. Валихўжаев, А. Муҳаммадхўжаев ва бошқалар) Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор шахсияти ва фаолиятига янгича, ҳар тарафлама ёндошиб, унинг жа-мият тараққиётида тутган ўрни ҳаққоний равишда ёритилмоқда.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин