Саналар
21.12.2024
Баннер
Аҳмад ал-Фарғоний (Тахминан 797—865 йиллар)
PDF Босма E-mail

Ўрта асрларда яшаган Марказий осиёлик олимлар орасида буюк астроном, математик ва географ ал-Фарғоний салмоқли ўрин эгаллайди.
Олимнинг тўлиқ исми Абул Аббос Ахмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғонийдир. Манбаларда униг фарғоналик эканлигидан ташқари деярли бошқа маълумотлар сақланмаган. Лекин шуни ҳам эътиборга олиш керакки, ўрта асрларда мусулмон ўлкаларида бўлган анъанага биноан, мамлакат пойтахти ёки марказини ҳам мамлакат номи билан аташган. Масалан, 995 йилгача Хоразмнинг пойтахти бўлган Котни, кейинги пойтахти Гурганжни ҳам Хоразм дейишган. Баъзи араб мамлакатларида бу одат ҳозир ҳам сақланиб қолган. Мисрнинг пойтахти қоҳирани — Миср, Шом (Сурия)нинг пойтахти Дамашқни — Шом дейилиши шундан. Ана шу одатга кўра, ўрта асрлардаги Фарғона водийсининг марказий шаҳри Ахсикатни ҳам Фарғона дейишган. Ал-Фарғоний Фарғона водийсининг Қубо (қува) қишлоғида туғилган. Шуниси маълумки, ал-Фарғоний халифа Хорун ар-Рашиднинг шарқий ерларидаги муовини, ўғли Абдуллоҳнинг (бўлажак халифа ал-Маъмуннинг) Марвдаги олимлари доирасига кирган. Эҳтимол, Абдуллоҳ ёшлигидан билимга чанқоқ бўлгани учундир, 806 йили Марвга нойиб бўлиб тайинланганида, Мовароуннаҳр, Хуросон, Хоразмдан олимларни ва истеъдодли ёшларни тўплай бошлаган. Бу олимларнинг асосий қисми Абдуллоҳ у ерга келганидан аввалроқ тўпланган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас, чунки Марв аввалдан, Сосонийлар давриданоқ йирик илмий марказ ҳисобланган. 615 йили энг сўнгги Сосоний шаҳаншоҳ Яздигард ибн Шаҳриёр араблар таъқибидан қочиб бу ерга келганида пойтахтдаги кутубхона китобларини ҳам олиб келганлиги маълум. Марв араблар қўл остида ҳам ўз мавқеини йўқотмади, аксинча, то мўғул истилосигача ўсаборди. Шунга кўра, унинг IX аср бошида халифаликнинг йирик илмий ва маданий маркази бўлганлиги табиийдир.

Халифа Хорун ар-Рашид 809 йили Тусда тўсатдан вафот этади ва унинг васиятига кўра, Бағдодда тахтга катта ўғли — Муҳаммад ая-Амин номи билан ўтиради. Саройдаги хуросонлик аъёнлар эса А6дуллоҳни тахтни қўлга олишга даъват этадилар. 811 йилдан 813 йилгача ака-ука Муҳаммад ва Абдуллоҳ ўртасида тахт учун олиб борилган кураш Абдуллоҳнинг ғалабаси билан тугайди ва Муҳаммад қатл қилинади. Ўша йили Абдуллоҳ тахтга ал-Маъмун номи билан ўтиради. Лекин у Бағдодга бормай 819 йилга қадар Марвда яшайди. Натижада, Марв 813 йилдан то 819 йилгача халифаликнинг вақтинча пойтахти бўлиб туради. 819 йили ал-Маъмун бутун сарой аъёнлари ва уламолари билан бирга Бағдодга кўчади. Улар орасида ал-Фарғоний ҳам бор эди. Шундай бўлса ҳам ал-Маъмун қўл остида у тузган илмий марказ «Байт ул-ҳикма»да ишлаган олимлар орасида ал-Фарғонийнинг номи эслатилмайди. Бунинг сабаби, бизнингча, шундай бўлиши мумкин: у даврда халифаликда иккита расадхона фаолият олиб борарди, бири Бағдоднинг аш-Шаммосия маҳалласида ва иккинчиси Дамашқ яқинидаги Касиюн тепалигида эди. Бу расадхоналарнинг ҳар бирида «Байт ул-ҳикма» олимларининг иккита доимий гуруҳлари ишлар эди. Ана шу олимларнинг ўзи расадхоналари ҳожатидан келиб чиқиб, илмий экспедициялар уюштирардилар ва умумий раҳбарлик Бағдоддан туриб бошқариларди. Балки ал-Фарғоний Дамашқдаги олимлар гуруҳида бўлиши, ал-Маъмун уни Бағдодга келиши биланоқ у ерга юборган бўлиши мумкин. Абу Райҳон Берунийнинг бир хабари шундай тахминга асос бўлади. Унинг айтишига кўра, Бағдод расадхонасининг ишида Яҳё ибн Абу Мансур, ал-Хоразмий ва бошқа олимлар, Дамашқ расадхонасида эса Холид ибн Абдумалик ва ал-Фарғоний билан бирга иккинчи гуруҳ олимлар ишлаганлар. У шунингдек, ал-Фарғонийнинг Сурия шимолида, Синжор саҳросида 832—833 йиллар Тадмур ва ар-Раққа оралиғида ер
меридиани бир даражасининг узунлигини ўлчашда иштирок этганини ҳам айтган.

Ниҳоят, ал-Фарғонийнинг ҳаёти ҳақидаги энг сўнгги ва энг аниқ хабар 861 билан боғланади. Мавжуд маълумотларга кўра, у шу йили қоҳира яқинидаги Равзо оролида нилометрни, яъни Нил дарёси суви сатҳини белгиловчи ускунани ясаган ёки таъмирлаган. Бироқ ал-Фарғоний қандай қилиб ва қандай шароитда Мисрга бориб қолгани ҳақида ҳам аниқ маълумот йўқ.
Маълумки, ал-Маъмун Марвдан Бағдодга нафақат олимларни, балки ғуломлари бўлмиш турк аскарларини ҳам олиб келган эди. Бағдодга келиши билан у маълум маънода лашкарни турклаштирди: ана шу турк аскарларидан лашкарбошилар тайинлади. Турк ғуломларидан бири бухоролик Тўлунни халифа Сурия, Фаластин ва Миср-даги лашкарларнинг амири этиб тайинлади. Унинг ўғли Аҳмад эса Сурия ва Мисрни мустақил деб эълон қилиб, Тўлунийлар сулоласига асос содди. Ал-Хоразмий халифа ал-Маъмуннинг яқин одами ва маслаҳатчиси бўлгани каби ал-Фарғонийнинг Мисрда пайдо бўлганидан ажабланмаса ҳам бўлади.

Ал-Фарғоний ҳаётининг муддати ҳақида ҳам қиёслар қилиш мумкин. Агар унинг ҳаётини ал-Хоразмийнинг ҳаёти билан қиёс қилсак, қуйидаги хулосага келамиз. Маълумки, ал-Хоразмийнинг номи ёзма манбаларда охирги марта 847 йили халифа ал-Восиқнинг ўлими муносабати билан эслатилади ва шундан сўнг учрамайди. Шунга кўра, унинг ўлган йили деб 850 йил қабул қилинган. Ал-Фарғонийнинг номи охирги марта 861 йили Нилнинг сатҳини ўлчагич ускунасини таъмирлаш муносабати билан эслатилади. Яна бир маълумотга кўра, ал-Фарғоний Мисрда насронийлар орасида яшаб, уларнинг динига ўтганлиги ва шунинг учун у қатл қилинганлиги қайд этилади. Лекин қатл қилинган йили эслатилмайди. Лекин бу «ал-Фарғоний» ўша машҳур астроном ал-Фарғонийми ё бошқасими — бу но-маълум. Ҳар ҳолда ал-Фарғоний 861 йилдан кейин кўп яшамаган ва унинг ўлган (ёки қатл қилинган) йили деб 865 йилни қабул қилиш мумкин. Агар у ал-Маъмун билан 819 йили Марвдан Бағдодга кетаётганда 20—25 ёшлар чамасида бўлган десак, у ҳолда унинг туғилган йили деб 797 ёки 798 йилни қабул қилиш мумкин. У ҳодда унинг ҳаёт муддати 67—68 ёшни ташкил қилади. Демак, 1998 йили унинг туғил-анига 1200 йил тўлди.
Ал-Фарғонийнинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар жуда кам бўлганлигига қарамай, ўрта асрларда Шарқда унинг номи машҳур бўлган. Ибн ан-Надим (X аср), Ибн ал-Қифтий (XII—XIII асрлар), Абул Фараж Бар Эбрей (XIII аср), Щожи Халифа (XVII аср) каби Шарқ фиҳристчилари уни ўз асарларида эслатадилар.
Ал-Фарғонийнинг асосий астрономик асари «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби» («Китоб ал-ҳаракат ас-самовийа ва
жавомиъ илм ан-нужум») XII асрда Оврўпода лотин тилига икки марта ва XIII асрда бошқа Оврўпо тилларига ҳам таржима қилинганидан сўнг, унинг лотинлаштирилган номи «Алфраганус» шаклида ғарбда бир неча аср давомида кенг тарқалади. Унинг бу китоби шу асрлар давомида Оврўпо университетларида астрономиядан асосий дарслик вазифасини ўтади. Ал-Фарғоний асарининг лотинча таржимаси биринчи марта 1493 йилда нашр этилган бўлиб, у энг қадимги нашр қилинган китоблардан ҳисобланади. 1669 йили машҳур Голланд математиги ва арабшуноси Якоб Голиус ал-Фарғоний асарининг арабча матнини янги лотинча таржимаси билан нашр этганидан сўнг, ал-Фарғоний ва унинг асарининг Оврўподаги шуҳрати янада ортди. Оврўпо Уйғониш даврининг буюк намояндаларидан бири бўлган машҳур олим Региомонтан XV асрда Австрия ва Италия университетларида астрономиядан маърузаларни ал-Фарғоний китобларидан ўқиган. Ал-Фарғоний номини Данте (XV аср) ва Шиллер (XVIII аср) ҳам эслаган.
Оврўпо олимларидан Даламбр, Брокельман, X. Зутер, И. Ю. Крач-ковский, А. П. Юшкевич ва Б. А. Розенфельдлар ал-Фарғонийнинг ижодини юқори баҳолаганлар.
Ҳозирги кунда ал-Фарғонийнинг саккиз асари маълум бўлиб, уларнинг ҳаммаси астрономияга алоқадор ва бирортаси ҳозирги замон тилларига таржима қилинмаган. Улар қуйидагилардир: юқорида тилга олинган асар, одатда уни «Астрономия асослари ҳақида китоб» номи билан ҳам аташади — қўлёзмалари дунё кутубхоналарининг деярли барчасида бор. «Астурлоб ясаш ҳақида китоб»— қўлёзмалари Берлин, Лондон, Машҳад, Париж ва Теҳрон кутубхоналарида, «Астурлоб билан амал қилиш ҳақида китоб»— биргана қўлёзмаси Рампурда (Щиндистон), «Ал-Фарғоний жадваллари»— қўлёзмаси Патнада (Щиндистон), «Ойнинг Ер остида ва устида бўлиш вақтларини аниқлаш ҳақида рисола»— қўлёзмалари Гота ва қоҳира-да, «қуёш соатини ясаш ҳақида китоб»— қўлёзмалари Ҳалаб ва Қоҳирада сақланади. «Ал-Хоразмий «Зиж»ининг назарий қарашларини асослаш» асари Беруний томонидан эслатилади, лекин қўлёзмаси топил маган.
Ал-Фарғонийнинг бу рўйхат бошидаги икки асаридан бошқала-ри ҳали ҳеч ким томонидан ўрганилмаган. Шубҳасиз, улар ўрганилиб таҳлил қилиниши билан ал-Фарғоний ижодининг янги қирралари очилади ва олимнинг ўрта асрларда, ундан кейин Шарқ ва ғарбда бу қадар машҳур бўлиши сабаблари ҳам аён бўлади.
Айтганимиздек, мазкур асарларнинг биринчиси 1145 йилдан бошлаб лотин тилига бир неча марта таржима қилинган. Бу таржималарнинг барчасида ал-Фарғоний исми лотинчада «Алфраганус» шаклида ёзилиб, шу шаклда фанга абадий кириб қолди.

Ал-Фарғонийнинг бу асари астрономиядан энг содда дарслик бўлиб, унда мураккаб геометрик шакллар ва математик формулалар, ҳисоблашлар келтирилмаган. Бу эса астрономиядан бошланғич маълумотларни ўзлаштиришни анча осонлаштирган. Балки буюк Региомонтан асарнинг шу хусусиятини англаб, ўзининг университетлардаги маърузала-ри учун қўлланма сифатида ал-Фарғонийнинг ана шу асарини танлагандир.

Шундай қилиб, буюк аждодимизнинг бу асари Оврўпо Уйғониш давридаги ва ундан анча кейинги даврдаги маданият ривожида сезиларли роль ўйнади. Асарнинг иқлимлар назариясига кўра баён қилинган географик бўлими диққатга сазовордир. Мамлакат ва шаҳарларнинг номларига қараганда, ал-Фаргоний ал-Хоразмийнинг географик асари билан таниш бўлган ёки у ҳам ал-Хоразмий фойдаланган манбадан фойдаланган, чунки иккала муаллифда ҳам бу номлар бир хил.
Географик бўлим (9- боб) бундай аталган: «Ердаги маълум мамлакатлар ва шаҳарларнинг номлари ва ҳар бир иқлимдаги нарсалар ҳақвда». Бундан сўнг, етти иқлимнинг ҳаммаси улардаги мамлакатлар вилоятлари ва шаҳарлари билан бирга тавсифланади. Шуни ҳам айтиш керакки, ўрта асрларда араб тилида ёзилган географик асарларнинг энг биринчиси ал-Хоразмийнинг «Китоб сурат-ул-арз» асари эди. Унда ал-Хоразмий етти иқлимдаги денгизлар, мамлакатлар, тоғлар, дарёлар, кўллар ва шаҳарларнинг тавсифини келтирган эди. Бунда у тавсифни рубъи маъмурнинг энг ғарбий чеккасидан, яъни Африканинг Атлантика океани қирғоғигача, яъни Тинч океанидаги Япония оролларигача давом эттиради. Тавсиф кенглама йўналишида экваториал ерлардан то шимолий қутбий ерларгача давом этади.
Иқлимларнинг ал-Фарғоний келтирган тавсифлаш усули ал-Хоразмийникидан фарқ қилади. Ал-Хоразмий ўзининг тавсифлаш усулида Птолемей анъанасига асосланган бўлса, ал-Фарғоний ҳиндларнинг анъанасига асосланиб, рубъи маъмурнинг тавсифини энг шарқий чеккасидан бошлайди. Унинг иқлимлар тавсифида 3, 4, 5, 6 ва 7- иқлимларнинг тавсифи диққатга сазовордир. Чунки буларда Марказий Осиёнинг ва унга туташ ерларнинг шаҳар ва вилоятлари тавсифланади. Шунинг учун қуйида ўша тавсифларни ўз ичига олган парчани келтирамиз.
«Учинчи иқлим Шарқдан бошланиб, Хитой мамлакатининг шимолидан, сўнг Щинд мамлакатидан ва сўнгра Кобул ва Кермон вилоятларидан ўтади.
Тўртинчи иқлим Шарқдан бошланади ва Тибетдан, сўнгра Хуросондан ўтадики, бунда Хўжанд, Усрушона, Фарғона, Самарқанд, Балх, Бухоро, Ҳирот, Амуя, Марварруд, Марв, Сарахс, Туе, Нишопур шаҳарлари бор. Ундан сўнг Журжон, қумис, Табаристон, Демованд, Қазвин, Даилам, Рай, Исфаҳондан ўтади.
Бешинчи иқлим Шарқда Яжуж мамлакатидан бошланади, сўнг Хуросоннинг шимолидан ўтади, унда Тороз шаҳри — савдогарлар шаҳри бор, Навокат (Навкат), Хоразм, Исфижоб (Сайрам), Турар-банд (Ўтрор—ҳозирги Арис) ва Озарбайжон, Арминия (Арманистон) вилояти, Бардаъа (Барда), Нашава (Нахчивон) шаҳарлари бор.
Олтинчи иқлим Шарқдан бошланади ва Яжуж мамлакатидан ўтади, сўнг Хазар мамлакатидан (Шимолий Кавказ ва қуйи Волга бўйи), Журжон (Каспий) денгизининг ўртасидан кесиб ўтади ва Рум (Византия) мамлакатигача боради.
Еттинчи иқлим Шарқда Яжуж мамлакатининг шимолидан бошланади, сўнг туркий мамлакатлардан (Марказий Осиё), сўнг Журжон денгизининг шимолидан, сўнг Рум денгизини (қора денгиз) кесиб, сақлаблар (славянлар) мамлакатидан ўтади ва ғарб денгизида (Атлантика) тугайди».
Келтирилган парчадан кўринадики, ал-Фарғоний катта кенгликдаги ўлкаларни тавсифлаган бўлса ҳам, ўзининг асл ватани Мовароуннаҳрни муфассалроқ тавсифлаган. Ундан ташқари шуни ҳам таъкидлаш керакки, ал-Фарғонийнинг рубъи маъмур ҳақидаги тасаввури анча аниқ бўлиб, ҳар хил афсонавийликдан холидир. Чунончи, у Яжуж мамлакати деб Шарқдаги афсонавий ерни эмас, балки ҳозирги Мўғулистоннинг шарқи ва Хитойнинг шимоли-шарқига мос келадиган аниқ географик ҳудудни айтган.
Фарғонийнинг номи Хоразмий каби бутун Шарқ ва ғарбда машҳурдир. Ўрта асрда табиий-илмий билимларнинг ривожига улкан ҳисса қўшган олим сифатида манбаларда, сўнгги ғарб ва Шарқ муаллифлари асарларида, ўз юрти Ўзбекистонда, айниқса, зўр ғурур ва ифтихор билан тилга олинади, ўрганилади, ҳозиргикунда кўчалар, ўқув юртларига унинг номи берилган. 1998 йилда Ўзбекистан Республикаси Президентининг фармони билан алломанинг 1200 йиллик таваллуд санаси катта тантаналар билан нишонланди.

Маънавият юлдузлари. М. Хайруллаев

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин