Саналар
20.12.2024
Баннер
Паранжи тарихидан
PDF Босма E-mail

 

Паранжи (арабча фаранжи – кенг кўйлак) – мусулмон аёллари ёпинчиғи бўлиб, чачвон билан бирга ансамбл ҳосил қилган.

Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, паранжи Мисрда пайдо бўлиб, кейинчалик бошқа Шарқ мамлакатларига тарқаган.

Паранжининг бичими тўн шаклида бўлиб, елкадан пастга томон торайиб борувчи узун, бандаги (енги) этакка яқин жойда бир-бирига чатиб бирлаштирилган. У аёллар гавдасини бошидан то оёғигача яширишга хизмат қилган. Аёл юзини эса от ёлидан тўқилган қора, қалин, тўртбурчакли тўр чачвон – чиммит тўсиб турган.Чачвоннинг теграси одатда қора сатин билан ҳошияланган. Чачвон, ёки чиммит тутиш аслида Шарқ мамлакатларида кенг тарқалган юзни ёпиб юриш одатидан келиб чиққан.

Паранжи авра-астарли қилиб тикилган. Авраси кимхоб, банорас, олача ва бошқа матолардан бўлган, теграси кашталанган ҳамда каштали жияклар тутиб безатилган, астарига чит ва сатин ишлатилган, четларига эса зангори, пушти ёки сидирға шойидан адип қилинган. Паранжининг икки ёни (чўнтак ўрни) га тик тушган 25 см узунликда иккита жияк туташтириб чатилган. Жияклар учидан попукчалар чиқарилган, баъзан қўнғироқчалар осилган.

Паранжининг ўтмишдоши фаражи эркакларнинг кийими ҳисобланган. Самарқанддаги Афрорсиёб шаҳарчасидан топилган терракотик ҳайкалчалар бунинг далили була олади. Кадим асосга эга булган паранжи даврлар ўтиши билан ўзгаришга учраб аёллар либосига айланган.

Ўзбекистон ҳуҳуди туманларида паранжилар ўзига хос, бир-биридан ажралиб турадиган белгиларга эга бўлган. Тошкент ва Фарғонада паранжилар серхушам бўлиб, ипак кашталари билан ажралиб турган. Уларнинг бичиги Самарқандникига ўхшаш, лекин ёқалари кенглиги балан фарққилган. Самарқанд паранжиси эса шакл жиҳатдан Кашқадарёнинг эркаклар чопонига ўхшаш бўлган. Бухоро паранжиси ёкасининг ярми қисқа шаклда тикилган. Бухоро ва Самарқандда паранжи қора ва гулли матолардан каштасиз тикилган, фақат четлари ва енглари жияклар билан безатилган, уларда қизил ва ок ранг устунлик қилган. Қашқадарёда аёллар яна желак ҳам кийишган. Желаклар ип газламадан астарсиз тикилган. Қашқадарё ва Сурхандарё аёллари ёз мавсумида оқ ва рангдор желаклар кийишган.

Хоразмда паранжи таркиби шимолий ҳудудлардаги чит чакмон моделини ўзида мужассамлаштирган. Этаклари туғрибурчак, енг узунлиги этакларигача етган. Хоразм паранжисининг бошқалардан фаркли яна бир томони унинг узунлигида (170-180 см) ва каштасиз тикилишида.

Узбекистон тарихи Давлат музейи фондларида турли ҳудудларга тегишли бир неча паранжи сақланади. Тошкентда 1927 йили элшунос Е.М.Пешерова томонидан музей учун сотиб олинган паранжи ип-газлама мато – парпашадан тайёрланган.

1935 йилда музейда халқ хўжалиги кўргазмасидан Қашқадарёга мансуб икки паранжи берилган. Қалами бўздан тайёрланган бу паранжиларнинг ёқалари ва этакларига жияклар тикилган. Паранжининг таркибий қисми бўлган чачвонлар ҳам ўзининг бадиий безаги билан эътиборни тортади.

Вақт ўтиши билан паранжи кундалик кийимдан маросим кийимига айланди. ХХ аср бошларидаги туйларда куёв уйига келинни паранжида олиб боришган. Келин паранжида сўзана остида ўтирган ва у ҳолда куёв уни гўшангага олиб кирган. Келинни куёв қариндошлари олдига келин саломга паранжида олиб чиқишган.

Биринчи ўгил фарзанд кўрилганда ўтказиладиган суннат туйда саллабундон ёки сала пушон ўраш маросимида ҳам аёллар анъанавий либосда бўлишган.

Даврлар ўтиши билан паранжи миллий қадрият сифатида фақат музейларимизда сақланиб қолган.

«Мозийдан садо» журнали №4 2013 йил

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин