| Бухородаги миллий-маданий марказлар фаолияти | ||||
|
|
Ўзбекистон ҳудудида қадимдан кўплаб миллат ва элат вакиллари баҳамжиҳат истиқомат қилиб келади. Улар ўртасида асрлар давомида миллий низолар бўлмаганлиги халқимизнинг азалий бағрикенглигини кўрсатади. Халқимиз ҳаётида миллатлараро бағрикенглик чуқур тарихий илдизларга эга. Миллий, маданий хайрихоҳлик ўзбек халқининг ўзига хос фазилатига айланган. Бағрикенглик ғояларини қарор топтириш ўта муҳим тамойил бўлиб, бугунги куннинг долзарб масаласи бўлиб қолмоқда. 1995 йил 16 ноябрда қабул қилинган бағрикенглик тамойиллари Декларациясида шундай дейилган: “ХХI аср бўсағасида Ўзбекистоннинг қиёфасини тинчлик ва осойишталик, сиёсий барқарорлик ва миллатлараро тотувлик, диний ҳамда мафкуравий бағрикенглик, маданиятларнинг уйғунлашуви, турли миллат ва элатларнинг жамият ҳаётида тенглик асосида иштирок этишини белгилайди. Инсон ҳуқуқлари ва демократия Ўзбекистоннинг миллий ва давлат манфаатларига, халқимизнинг эрксевар миллий тафаккур тарзи ва руҳиятига тўла мос келади”[1]. Бугунги кунда кўпмиллатли мамлакат ҳисобланган Ўзбекистонимизда ўзбеклар билан бирга 137 дан зиёд миллат ва элат вакиллари аҳил ва иноқ яшайди ва бу муборак заминни ўз Ватани деб билади. Шунинг учун Президентимиз Ислом Каримов томонидан айтилган “Бу азиз Ватан – барчамизники” деган ғоя тили, дини ва миллатидан қатъий назар барча юртдошларимизнинг орзу-интилишларини ифодалайди. Чунки барчамизнинг бахт-саодатимиз мана шу Ватаннинг тинчлиги, озод ва ободлиги, миллий равнақи билан боғлиқ. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ўн олтита диний конфессия уюшмалари фаолият юритмоқда. Уларнинг бир қисми Ўзбекистон учун ноанъанавийдир. Давлат улар билан ўзаро муносабатда, уларга ўз диний маросимларини ўтказиш ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бу борадаги ҳуқуқий асослар, яъни “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” деган Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган. Тарихан маълумки, Бухорода ахлоққа катта эътибор билан қарашган. Юксак инсоний фазилат – инсонни миллатидан қатъи назар барча мавжудотларнинг савари сифатида қадрлаш, маънавий каомлот ва етуклик, адолат, инсоф, диёнат ва имон каби сифатлар тирикликнинг бош мазмуни сифатида тушунилган. Бухоро қадимдан этник ва диний бағрикенгликнинг ўзига хос ҳудуди бўлган. Ҳозирги вақтда воҳада турли этник гуруҳлар ва диний жамоалар тинч-тотув яшаб келмоқдалар. Ҳақиқатан ҳам, турли этнослар ва динларга мансуб одамлар ўртасидаги алоқа, муносабат, мулоқот, баҳс-мунозара ва музокаралар муҳим ўрин тутишига эътибор қаратиш зарур. Чунки миллатлараро тотувлик ва бирдамликка эришишнинг асосий йўли миллий ва умуминсоний қадриятлар аҳамиятини ривожлантириш ва мустаҳкамлашдир[2]. Бухоро вилоятида турли миллат ва элат вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда, тинч-тотув ва аҳил яшаб келишмоқда. Уларнинг ўз миллий қадриятларини асраб-авайлашлари, бойитишлари учун ҳукуматимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратилган. Зеро, инсонлар орасидаги ўзаро ҳурмат муҳити, улар қайси тилда сўзлашишидан қатъи назар, Ўзбекистон деб аталган умумий уйимизда ҳукм сураётган тинчлик, барқарорлик ва осойишталикнинг энг муҳим асоси ва гарови бўлиб хизмат қилмоқда[3]. Миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик – умумбашарий қадрият. У муайян жамиятда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари аҳиллигининг маънавий асосини мустаҳкамлайди, шу ҳудуддаги тинчлик ва барқарорликнинг, тараққиётнинг кафолати бўлиб хизмат қилади. Мамлакатимизда фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш мақсадида юқорида қайд этганимиздек, 1989 йилдан дастлабки миллий маданий марказлар тузилди. Бу марказларнинг чинакам ривожланиш ва равнақ топиши Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин бошланди. Миллий-маданий марказлар фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 13 январдаги қарори билан ташкил этилган Республика байналмилал маданият маркази мувофиқлаштиради. Ўзбекистон мустақиллиги уларнинг самарали фаолият юритиши учун кенг имкониятларни яратиб берди. Бухоро вилоятида ҳам арман миллий-маданий маркази, Бухоро яҳудийлари “Шалом” маданий маркази, Ўзбекистон немислари “Видергебург” маданий маркази, Республика “Светлица Польска” поляк маданий марказининг вилоят филиали, рус маданий маркази, “Офтоби Сўғдиён” тожик-форс миллий-маданий маркази, татар-бошқирд миллий-маданий маркази, туркман миллий-маданий маркази, Бухоро шаҳар корейс миллий-маданий маркази, Бухоро шаҳар турк миллий-маданий марказлари ташкил этилган. Бугунги кунда ушбу миллий-маданий марказларнинг ўзига хос иш юритиш жиҳатлари ва ўз олдига қўйган мақсади белгиланган. Уларнинг асосий вазифаси мамлакатимизда фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга кўмаклашишдир. Рус миллий-маданий маркази. Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган миллий-маданий марказлар орасида марказнинг ўрни ва роли бениҳоя катта ҳисобланади. Маълумки, маъмурий-буйруқбозлик тизими, якка ҳокимлик мафкураси шароитида рус миллати ҳам ўз маънавий-маърифий асосларидан айрилишда қатор салбий ҳолатларга дуч келди. Тоталитар тузум шароитида рус миллий маданиятида ҳам бошқа қатор халқлар маданиятидаги каби жиддий сиёсийлашув рўй берди. Якка ҳокимлик мафкурасини ўзида ифода этувчи синфийлик, партиявийлик тамойиллари туфайли рус миллий маданиятида ҳам йўқотишлар содир бўлди. Албатта, собиқ шўролар даврида рус маданияти бошқа халқлар маданиятига нисбатан илғор ва устивор даражада ривож топди. Бироқ, бундай маданият шўролар ҳукмронлиги даврида ривожланишда нисбатан кўпроқ йўқотди, ўзининг миллий, айниқса диний заминидан айрила бошлади. Бошқача сўз билан айтганда, Рус маданияти бошига тушган кулфатлар бошқа миллий маданиятлар даражаси билан ҳамоҳанг эди. Шундай шароитда рус миллий-маданий марказининг ташкил этилиши ва унинг миллий қадриятларни тиклаш борасида олиб борган фаолияти мақсадга мувофиқ эди. 1994-1995 йилларнинг ўзидагина рус миллий-маданий маркази 192 та турли тадбирлар ўтказди. Буларнинг ичида А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, А. С. Грибоедов, С. Есенин, И. А. Бунин каби рус адабиётининг атоқли ва йирик арбобларига бағишлаб ўтказилган тадбирлар айниқса қизиқарли бўлди[4]. Рус миллий-маданий марказлари мамлакатимизнинг барча ҳудуд-ларида кенг фаолият юргизмоқда. Хусусан, Наманган вилоятида шундай марказлардан бири 1994 йил 27 июнда ташкил топди. Бу вилоятда 20 мингга яқин рус миллати вакиллари яшаб, улар халқ хўжалиги ва маданий соҳанинг барча жабҳаларида меҳнат қилмоқдалар. Қисқа вақт мобайнида маданий марказнинг вилоят бўлими томонидан қатор амалий тадбирлари ўтказилди. Чунончи, рус фольклор ансамблининг чиқишлари айниқса фуқароларга манзур бўлмоқда. Наманган шаҳридаги “Шаршара” ҳамда “Охунбобоев” номли маҳаллаларда турли миллат вакилларининг аҳилликда яшаши ва биргаликда меҳнат қилишига кўп жиҳатдан миллий-маданий марказлар самарали ҳисса қўшмоқдалар. Рус миллий-маданий маркази томонидан Республикамизнинг турли ҳудудларида уюштирилган профессионал ва бадиий ҳаваскорлик тўга-ракларининг тадбирлари ҳамда кўргазмаларини алоҳида қайд этиш лозим. Хусусан, Мустақиллик куни, Конституция куни, Наврўз байрами ва бошқа тадбирларда фаол иштирок этишлари шулар жумласидандир. Бухоро вилоятида ҳам рус миллий-маданий маркази ўз низомида белгиланган барча йўналишлар бўйича фаолият юргизмоқда. 2003 йилда бу марказ томонидан катта ишлар амалга оширилган. Вилоятда рус тилида сўзловчи аҳоли ўртасида рус тилини ривожлантириш соҳасида маълум ишлар қилинган. Россия федерациясидан 1500 дан ортиқ ўрта мактаб ўқувчилари учун дарсликлар, рус адабиёти бўйича 5 – 9 синфлар учун 25 комплектдан иборат аудиокассеталар, ҳар бир комплект 26 та кассетадан иборат ҳолатда юборилган. Ўқитувчиларнинг услубий маҳоратини ошириш мақсадида тўрт ўқитувчи Омск давлат университети курсларига юборилган. Тўртта ўқувчи Москвадаги лагерда дам олишга жўнатилган. Мактаб ўқувчиси Россия бўйлаб саёҳатга бориб келган. Марказнинг бадиий ҳаваскорлари “Наврўз” ва “Мустақиллик куни” байрамларида фаол қатнашадилар. Бундан ташқари, Рус миллий байрамлари, шоир ва ёзувчиларнинг таваллуд кунлари нишонланади. Рус миллий-маданий маркази 2003 йилда 33 та ўз аъзоларини соғлигини тиклаш учун “Ситораи Мохи Хосса” санаторийсига бепул даволанишларини ташкил қилган, 84 та марказ аъзосига моддий ёрдам берилган[5]. Марказ томонидан Ғиждувон шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи” га инсонпарварлик ёрдами ташкил қилиб турилади. Бундай ёрдамлар Россия чет эл маркази вакиллари ва Православ Епархияси томонидан уюштирилади. Меҳрибонлик уйи болалари ҳам дарсликлар, ўқув қўлланмалари билан таъминланиб турилади. Хулоса қилиб айтганда, вилоятимизда рус миллий-маданий маркази олиб бораётган ишлар диққатга сазовор ва кенг жамоатчилик бундан хабардор. Яҳудий миллий-маданий маркази. 1989 йилги аҳоли рўйхатига кўра Ўзбекистонда 28369 Ўрта Осиё яҳудийлари бўлиб, улардан 4220 таси Бухоро шаҳрида, 5427 киши эса Бутун Бухоро вилоятида истиқомат қилади. Кейинги йилларда яҳудийлар ҳаётида анчагина ижобий ўзгаришлар содир бўлди. 1987 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ёзувчилар иттифоқи қошида Бухоро яҳудий ёзувчиларининг шўъбаси қайта тикланади. 1989 йил июнда эса Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат адабиёт музейида уларнинг асарлари экспозицияси очилади. 1989 йил октябрда Тошкентда Ўзбекистон Маданият министрлиги қошида Бухоро яҳудийларининг “Некқадам” эксперементал театр студияси очилади. 1990 йилда Тошкентда Бухоро яҳудий маданий маркази ташкил қилинади. Бундай маданий марказлар Душанбе, Самарқандда ҳам очилган эди[6]. Бухоро яҳудийларининг Самарқанд маданий маркази 1992 йил январдан “Шофир” деб номланган ойлик газетасини чиқара бошлайди. Бухоронинг ўзида яҳудийлар маданий маркази “Шалом” 1990 йил баҳорида ташкил топади. Шу йилнинг 5 апрелида таъсис конференцияси бўлади, 24 апрелда марказ шаҳар ижроия қўмитаси томонидан расмий рўйхатдан ўтказилади. 1992 йил сентябрда Ўзбекистон “Жамоат бирлаш-малари тўғрисида” ги Қонунига мувофиқ марказ вилоят ҳокимлиги юстиция бошқармасидан рўйхатдан ўтади ва тегишли гувоҳнома олади. Бухорода маданий марказнинг ташаббускори ва фаол ташкилотчиси Авкун Ашурович Ёқубов. Бу инсоннинг меҳнат йўли жуда қизиқарли. У Тошкент Халқ хўжалиги институтини тугатиб, 30 йиллардан буён молия органларида ишламоқда. Ўз ишининг тажрибали мутахассиси. У Республика Давлат суғуртаси бошлиғи ўринбосари, вилоят ижтимоий таъминот бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 20 йилдан ошиқроқ Ўзбекситон Молия вазирлигининг вилоят тафтиш бошқармасида раҳбарлик қилган[7]. А. А. Ёқубов Бухоро яҳудий маркази раиси этиб сайланганидан сўнг, марказнинг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилар деб ҳисобланди: - Бухоро яҳудийлари тарихи ва маданиятини ўрганиш ва кенг ташвиқ этиш; - миллий санъатни, байрамлар, анъаналар, урф-одатлар, маро-симларни тиклаш; - миллий ва жаҳон маданияти бойликларидан баҳраманд бўлиш; - ёшларга ахлоқий тарбия бериш, уларни барча халқлар ва уларнинг маданиятини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш; - ёшларда фуқаролик жавобгарлигини шакллантириш; Бу жамоат ташкилоти қисқа муддатда Бухоро яҳудий жамоасини ягона марказ остида бирлаштира олди. 1992 йил май ойида А. А. Ёқубов марказ фаолияти ҳақида ахборот берди. Бунда икки йил ичида ташкилотнинг моддий базаси мустаҳкамланганлигини маълум қилади. Иврит тилини ўрганиш, байрамлар ва маросимларни ўтказиш учун 30 стол, 50 та парта, 100 та стул, ўқув доскалари сотиб олинган. Яҳудий ёзувчиларининг рус ва иврит тилида яратган асарлари кутубхонаси ташкил қилинган. Марказ иврит тилини ўрганиш бўйича катта сондаги ўқув қўлланмалари билан таъминланган. Халқ демократик партияси номи билан марказ учун ажратилган турар жой биноси таъмирланган ва уй жиҳозлари билан таъминланган. Ҳафтада 5 кун 130 – 150 болалардан иборат 6 та гуруҳда иврит тили бепул ўргатилиши ташкил этилган. Бундан ташқари катта ёшлилар учун иврит ва инглиз тилини ўрганишнинг кечки курсларида 40 – 60 киши ўқимоқда. Миллий урф-одат, анъана, байрам ва маросимларни тиклаш ҳамда турмушга тадбиқ этиш соҳасида катта ишлар қилинган. Масалан, 1991 йил 15 сентябрда 32 ўсмир 13 ёшни қаршилагани муносабати билан маросим ўтказилди. Бу маросимга Иерусалим бош раввини Давид Нисанов ва Изроил диний жамоалари арбоблари Авраам Бадиев ва Беньямин Гулкаровлар таклиф этилган. 1991 йил 8 декабрда Хануко байрами ўтказилади[8]. Бу байрам икки минг йил илгари содир бўлган воқеалар, яъни макавсевлар жасоратига бағишланган бўлиб, бунда виждон эркинлиги ва эътиқод, диний маросимларни ўтказишга эришилгани ҳақидаги мулоҳазалар билдирилган. Байрамда Тўҳфа Тинхасова раҳбарлигидаги “Нозанин” фольклор ансамбли концерти билан қатнашади. Маданий марказ ташаббуси билан Пурим байрами арафасида вилоят ва шаҳар ижроия қўмитаси саъй-ҳаракати билан Бухорода янги иккинчи синагога очилади. Бу синагога биринчи, илгариги синагога ўрнида ташкил этилган эди. Пури |


















