Саналар
22.12.2024
Баннер
Бобурнинг разведка маҳорати
21.07.2014 07:14    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бебаҳо адабий, илмий-назарий асарлари қатори «Бобурнома»нинг ҳам ўрганилмаган тарафлари, қирралари шунчалар кўпки, уларни бугунги авлодга етказиш ўтмишдаги қадриятларимизни тиклаш, ундан баҳраманд бўлиш, ёшларда юксак ватанпарварлик руҳиятини тарбиялаш каби долзарб масалаларда алоҳида ўрин тутади.
Бобурнинг муҳораба майдонидаги ғалабаларини таъминлаган омиллардан бири, балки энг муҳими, унинг разведка хизматидан фойдаланиш қобилиятидир. Айни шу маҳорат минглаб лашкарларни ўлим балосидан асрашда, урушни ўз фойдасига ҳал қилишда, қолаверса, атрофидаги кишилар руҳияти, шахсиятини янада яхшироқ англашида, душман нияти – сир-асроридан аввалроқ воқиф бўлишда Бобурга қўл келган.
Таъкидлаш жоизки, разведка хизмати тарихи узоқ ўтмишларга бориб тақалади. Ундан оқилона, тактик жиҳатдан пишиқ фойдаланган шахсгина юксак натижаларга эришган.
Шоҳ ва саркарда Бобурнинг юксак мантиқий таҳлили, уруш шароитини яхши англаши, яшиндек тез хулосага келиши, разведка хизматига ўз фурсатида мурожаат этиши ва қарийб адашмаганлиги кишини ҳайратга солади. «Бобурнома»дан бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
1503-1504 йилги воқеалар. Бобур Мовароуннаҳрдан ноумид бўлиб, Кобулга юз тутган, Ҳисор вилоятининг Илоқ яйловларини кезиб, тақдир бундан кейин унга не кунларни раво кўришини ўй-хаёлларидан ўтказаётган мураккаб давр, бор-йўғи «ушбу юртта йигирма уч ёшнинг ибтидосида юзумга устара қўйдум» деб навқирон йигитлигига урғу берган пайти. Ёш Бобур бу юртларда ҳукмронлик қилаётган Ҳисор беги, кейинроқ ўзининг ашаддий душмани бўлган Хисравшоҳ ва унинг салтанати ҳақида маълумотга эга бўлиш учун Мулло Бобойи Пашоғарийни «элчиликка» юборади. Бобурнинг бундан мақсади элчи йўллашгина эмас, зарур маълумотга эга бўлиш эди. Лекин, Бобурнинг таъкидлашича, Пашоғарий «кўнгулга ёққудек сўз келтурмади». Аслида, Пашоғарий жудаям қуруқ қайтмаган. У одамлар орасида бўлиб, айрим зарур маълумотларни етказган: «вале эл ва улусдин сўзлар келтурди».
Ўша вақтда Бобур ўз лашкарларининг кўп қисмидан айрилган, 200-300 аскар ва беклари билан қолиб, ҳимояга ўта муҳтож эди. Бу пайтда темурий шаҳзодалар ва уларнинг беклари орасида лашкарларининг бир бек ёки султондан иккинчисига гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўтиши оддий ҳол бўлган. Бунда иқтисодий, маънавий, маиший жиҳатлар, албатта, омон қолиб лашкар сафида бўлиш масаласи асосий омиллардан бўлган. Шу боис Бобур учун Хисравшоҳ лашкарларининг кайфиятини билиш муҳим бўлган ва у бу вазифани разведка хизматига юклаган. Лекин натижадан унчалик кўнгли тўлмаган. Зарур маълумотга эга бўла олмаган Бобур ноилож Коҳмард ва Бомиён томонга равона бўлади.
Яна бир мисол Хисравшоҳнинг иниси Боқи Чағониёнийнинг Бобурга етказган разведка хабари билан боғлиқ. Афғонистонда ўз ҳукмронлиги асосини солаётган Бобур бегона юртдаги шаҳар, қишлоқ, ўрмонзор, кўча ва пасткўча, дарё ва сойлар хусусиятини жуда синчковлик билан ўрганади. Айниқса, бу лашкар хавфсизлиги, салтанат тақдири билан боғлиқ бўлса, Бобурнинг синчковлик қобилияти янада ошган, эҳтиёт чораларини кўришга киришган. Ҳали Бобурнинг Кобул ҳокимияти мустаҳкам шаклланмаган бир пайтда, атрофидаги дўстлари ҳам душман рафторини қилганда уларнинг ҳар бир ҳаракатини ўрганиш, кейин хулоса чиқариш бениҳоя муҳим эди. Шу даврда Бобурга нисбатан ёвқарашда бўлган Боқи Чағониёний «арзға еткурдиким, сув кечмай ушбу ердин (яъни Кўракатутдан – қавс ичидаги баъзи изоҳлар муаллифники), қўнуб, Кўҳат отлуқ ерга борса бўлур эмиш...» Бироқ Бобур бу хабарга унчалик ишонмади. Чағониёний Бобурни ишонтириш мақсадида бир неча айғоқчи кобулийларни олиб келади. Тундан кейин бир қадар ишонган бўлса-да, ушбу маълумотга таяниб уюштирган ҳужумдан Бобурнинг кўнгли тўлмайди: «Боқи Чағониёний арзга еткургандек НИМА черик элига тушмади. Боқибек бу саъйдин шармандароқ бўлди». Бу разведка маълумотлари кундалик ҳарбий амалиётлардан бирига хизмат қилган бўлса-да, Бобур бу масалага жуда жиддий ёндашган.
1528 йил воқеалари. Заҳириддин Бобур Ҳиндистонда Иброҳим Лўдийнинг юз мингдан ортиқ лашкарини енгган. Бу узоқ ўлкаларда Амир Темур империясини тиклашдек орзуси амалга ошганлигидан шод бўлган даври. Бироқ бу пайтда унинг ҳукми Ҳиндистоннинг барча ўлкаларига тўлиқ ўтмас, қаршилик кўрсатаётган ҳинд рожалари, лашкар бошлиқлари ҳали анча ташвишлар орттирар эди. Бу вақтда Бобурнинг ҳарбий маҳорати етилган, у юрт олиш учун ҳар бир хабар, маълумотдан борган сари унумли фойдаланар, ҳинд ерида тезроқ мустаҳкам, ҳар қандай ихтилофлардан холи давлатни тузишга ошиқар эди. Ана шундай пайтда Бобур шерикларининг олдига, Кўҳ деган жойга кема билан етиб келади. Унинг кайфияти яхши, руҳи ғалабалар нашидасидан кўтаринки эди. Уруш оралиғида, исёнчи ҳиндулар, афғонларнинг тўсатдан қиладиган ҳужумлари вазиятида у курашчилар мусобақасини ўтказган, ҳатто бу спорт тадбири янада жонли ўтишини истаб, ўзи таъкидлаганидек, «хилофи қоида» «аввал зўрроқларни» майдонга чорлаган. Хуллас, бу пайт Бобур руҳиятида кам содир бўладиган хурсандлик дами бўлган.
Бироқ бу кайфиятни Султон Муҳаммад бахши келтирган разведка маълумоти ўзгартиради. Ҳаёт нашидасидан сармаст Бобур ўша заҳотиёқ шоҳ Бобурга айланади. Шу жараёнда «Султон Искандарнинг ўғли Маҳмудхоннингким, Султон Маҳмуд дерлар эди, БУЗУЛҒОНИНИНГ хабарини келтурур». Демак, Бобурнинг разведкаси олдин унинг томонига ўтган Султон Маҳмудхоннинг «бузулғонини» етказган, яъни у ўз ваъдасидан қайтиб, Бобурга нисбатан душманлик кайфиятини ихтиёр этган. Бу хабар «намози дигар»да — кун қорайгунча етиб келган. Келаси куни «намози пешин» (куннинг ярми)да Бобур бу маълумотга ишонқирамай разведкага бошқа кишини юборади ва у ҳам айни хабарни келтиради. Бобур ёзади: «Икки намоз орасида Тожихон Сарангхонийнинг арзадошти ҳам жосус хабариға мувофиқ келур. Бу кайфиятларни Султон Муҳаммад келиб арзға еткурди». Ушбу маълумотномалардан сўнг «Бобурнома»да бу ердаги муҳорабанинг айрим деталлари баён қилинади, Банорасга ўтган афғонларнинг шикаст топганлиги ҳақида сўз боради. Аслида, бу ҳол курашларнинг бир кунлик лаҳзаси, холос. Аммо, шунга қарамай, Бобур ўз хабарчилари — разведкачилар келтирган маълумотларга катта эътибор билан қараган.
1507-1508 йилларни Бобур сиёсий қарашларининг энг масъулиятли даври, десак бўлади. Кобулда ўз сиёсий ҳукмронлигини мустаҳкамлаган Бобур Ҳиндистонга юзланади. Ўзининг айтишича, «Жумоидулаввал ойи Кобулдин Ҳиндустон азимати била кўчилди». Ана шу бир жумла доирасида Бобурнинг янги саргардонлик тақдири, ўзининг иқрорича «не бормоққа ери муқаррар, не турмоққа юрте муайян, юқори-қуйи яна бир ХАБАР ОЛҒУНЧА юрт тоза қилиб кўчилур эди». Бунда Бобур аниқ қилиб разведка хизмати, унинг ишончли хабарини олмагунча бошқа ерларни ўз тасарруфига киритишга шошилмаганлигини айтмоқда. Унинг бу тактикаси, ҳарбий истеъдоди кейинроқ Ҳиндистон муҳорабаларида жуда қўл келган.
1507-1509 йил воқеалари. Бобур Кобулдан ҳозирги Жалолобод вилояти — Нингнаҳордан Ҳиндистон томон борар экан, жуда кўп афғон тўдаларига дуч келади, улар билан муҳорабалар олиб боради. Бу жараёнда ҳам Бобур разведка хизматига мурожаат этади. «Бобурнома»дан маълумки, Бобур учун энг муҳими, лашкарни эмин тутиш билан бирга уни озиқ-овқат, турар жой, чорва, отларни емиш билан таъминлаш бўлган. Армиянинг, салтанатининг озиқ-овқати масаласи ҳамиша биринчи галдаги вазифаларидан саналган. Бобур Нингнаҳор туманидаги Одинапур қўрғонига яқинлашганида айнан егулик маҳсулот, айниқса, шоли танқислигига дуч келади. Кеч куз пайтида эса шоли деҳқонлар томонидан йиғиштириб олинган, далаларда айтарлик ҳосил қолмаган. Бобур ёзади: «Кеч куз эди. Шолини тузларда аксар кўтариб эдилар. Ер билур кишилар арзга еткурдиларким, Алишанг туманининг руди юқори мил канори шолини қалин экарлар. Черикка қишлиқ ошлиқ эҳтимоли борким, андин ҳосил бўлғай.» (Ҳақиқатда, Алишанг тоғликда жойлашган бўлиб, унинг тепароқ қисмида шоли экини кеч пишади. Ушбу сатрлар муаллифи Афғонистон Жалолободининг бу мавзеида бўлиб, у ерда жуда юқори навли шолилар етиштирилишига гувоҳ бўлган). Бу ҳолатда разведка хизмати кўзланган натижани берган: «Нингнаҳор жилғасидан отланиб, илдам келиб, Сойгилдин ўтиб, Пуройин дарасиғача борилди, қалин шоли черик эли олдилар.»
Мана бу мисол ҳам Бобурнинг ҳарбий-стратегик режалари билан боғлиқ. Воқеа Афғонистон ерларида, феврал ойининг ўрталарида содир бўлган. 1509-1510 йилнинг бу қиши анча кеч келиб, Бобурга черикнинг озиқ-овқати ташвиши ором бермаётган пайт. У ёзади: «Сешанба куни ойнинг еттисида бекларни ва дилазак афғонлари улуғларини тилаб, кенгашиб, сўзни мунга қўйулдиким, йил охир бўлубтур, ҳутға бир-икки кун қолибтур, туздаги ошлиқни тамом кўтарибтурлар. Бу фурсатта Саводқа борсак, черик эли ошлиқ топмай танқислиқ бўлғусидур». Бобур ўзининг лашкарлари билан жуда машаққатли довон, адирларни кезиб охири Панкйалий деган жойга тушадилар. Маҳаллий шароитни билиш, кейингина бир қарорга келиш учун Бобур «Ўғонбердини бир неча киши била тил олғали илгаррак» юборади. Бироқ, Ўғонберди ҳам бу гал «кўнгул тилагудек таҳқиқ хабар келтурмади». Албатта, бу ҳол Бобурни қаноатлантирмаган. У яна разведка хизматига мурожаат этади: «Офтоб бир найза бўйи чиққанда Рустам туркманниким, қаравуллиққа йиборилиб эди, хабар келтурдиким, афғонлар хабардор бўлиб, қўзғолишибтурлар». Бобурнинг бу галги хабарчилари аниқ маълумот олиб келмаганларидан сўнг, у таваккал қилиб ҳужумга ўтади, ғанимларининг «бир пора асир ва ўй ва галаларини» қўлга киритади. Бобурнинг шу жойдаги бошқа разведка маълумотини олиши у билан кураш олиб бораётган афғон саркардаларининг умумий ҳолати ҳақида бўлиб, унинг энди, қайси йўлни танлаши учун муҳим эди. Аслини олганда, худди шу фурсатларда, афғон ерларини унча яхши тасаввур этмаган Бобур учун бундай хабарлар зарур ва разведка хизматининг асосий вазифаларидан бўлган. Бу маълумотлар юзаки қараганда жўнроқ кўринса-да, аслида Бобур ва унинг лашкарларини ўлимдан сақлаган, озиқ-овқатли мавзеларга етаклаган, кимга қарши курашишни олдиндан белгилаб берган. Бобур ўзи учун умр мазмунининг асоси бўлган қарор — Ҳиндистон юришига: айни шу маълумотларга эга бўлганидан кейингина азм қилган: «Бажаврдинким, ёнилди, Бҳира хаёли била ёнилиб эди, то Кобулға келиб эдук, ҳамиша Ҳиндустон юриши хаёлида эдук».
Мана бу мисол эса Бобурга бевосита уруш майдонида, унинг ҳал этувчи палласида разведка нечоғли қўл келганини кўрсатади. Бемалол айтиш мумкинки, Ҳиндистонни эгаллашдаги бу якуний уруш муваффақияти, имкон қадар Бобур лашкарлари учун кам талафот билан якунланганлиги ана шу разведка маълумотларининг натижаси билан ҳам боғлиқ. Чунки биз «Бобурнома»нинг бирон саҳифасида Бобурнинг бунчалик кўп, устма-уст хабарчиларини маълумот йиғиш учун юборганини, разведка маълумоти муҳораба ютуғининг бош омили эканлигига бу қадар аниқ баҳо берилганини кўрмадик.
Бобур ёзади: «Шанба куни жумодиул аввал ойининг ўн тўртида Агра навоҳисидин кўчуб, чоҳлар қозилғон юртқа келиб тушулди... Дарвеш Муҳаммад сорбон била Қисмтойким, Байанаға бориб келиб, ер-сувни билиб эди, илгари Секрий кўлининг ёқасида юрт кўра йиборилди. Келиб, юртта тушуб, Маҳдий Хожаға, Байанадағиларға киши чоптирулдиким, бетаваққуф келиб, қўшулғайлар».
Демак, Бобур бу муҳорабага киргунга қадар уч марта разведка хизматига мурожаат этган. Унинг хабарчилари бу ернинг рельефи, сув заҳираси, ҳолатини «кўруб-билиб» келишлари зарур эди. Бунда маълумот тўлақонлилигини таъминлаш, шубҳага ўрин қолдирмаслик топширилган. Бинобарин, хатоликка йўл қўйиш урушда енгилиш билан баробар бўлган. Бобур маълумотни олиб, қаноат ҳосил қилгандан сўнг тез хулосага келади: « ...бетаваққуф келиб қўшилғайлар». Яъни заҳирадаги қўшинлар унга келиб қўшилишини амр қилган. Шундан кейин ҳам кўнгли тўлмаган Бобур яна разведкадан фойдаланади ва ана шу хабардин кейин ва бу ерда жанг олиб боришга оид тайёргарлик ишларини якунига етказади. Чунки хабарчиларнинг маълумотига биноан заҳира кучлари унга етиб келади, душманнинг қаерга, қайси масофада келиб тушганлигидан огоҳ бўлади ва шунга қараб керакли жойларда қоровулларни тайинлайди: «Ҳумоюннинг навкари Бек Мирак мўғулни бир неча йигит била кофирдин хабар олғали йиборилди. Кечасига бориб, хабар олиб, тонгласи хабар келтурдиларким, ғаним кишиси Бусовардин бир куруҳ илгаррак келиб тушган эмиш. Ҳам ушбу кун Маҳдий Хожа ва Муҳаммад Султон мирзо ва Байанадағи илғор келиб қўшулдилар. Беклар навбат била қаравуллиққа таъйин бўлдилар».
Заҳириддин Бобур муҳорабада ҳар қандай хатолик ёмон оқибатларга олиб келишини алоҳида таъкидлаган. Юқоридаги матндан кўринадики, Бобур разведка маълумотлари асосида ҳар бир бекни ўз лашкари билан маълум вақт ва манзилда қоровулликка тайин этган. Аммо, бу маълумотларга эътибор бермаган Абдулазиз бек жуда катта хатоликка йўл қўяди, ўзини ва лашкарини хавф остида қолдириб, уларнинг айримларидан айрилади, сафдошларини ҳам чалғитиб, уларнинг бошига турли кулфатлар ёғилишига сабаб бўлади. Ана шу мисолнинг ўзи ҳам Бобурнинг разведка маълумотларига нақадар эътибор бергани, унга ўзи амал қилгани, қаламравида бу тартибни бузганларга муросасиз бўлгани далилидир. Зеро, Абдулазизнинг шу хатоси жуда катта муҳорабага ҳозирлик кўраётган Бобурнинг режаларини бузади, Муҳаммад Али жанг-жанг каби лашкарбошисини бу жангга киритишга мажбур бўлади.
Мана бу мисол Бобурнинг Иброҳим Лўдий билан олиб борган курашининг дастлабки пайтига тааллуқли. У Иброҳим Лўдий аскарлари ҳолати, унга ким дўст, ким ғаним эканлигини билиш, «таҳқиқ қилиб» келишни разведка хизматига буюради ва маълумот ишонарли бўлиши зарурлигини алоҳида таъкидлайди: «Сиялкоттин Шоҳим Нурбекни ҳам Лаҳур бекларига чоптирулдиким, ёғий не ерда эканин таҳқиқ қилиб, қайда қотилурларини соҳибвуқуф кишидин билиб, айтиб йиборсунлар».
Бобур ўз юрти ва бошқа ерли савдогарлар орқали ҳам разведка маълумотлари олишга интилган. Албатта, бу усул янгилик эмас. Савдогарлар ҳукмдорлар учун ҳамиша зарур маълумотлар етказиб туришган. Бироқ Бобурнинг бу галги мақсади аниқ нишонга теккан. У Иброҳим Лўдий ҳақида жуда муҳим маълумотга эга бўлади. Оламхоннинг Иброҳимга қарши туриши, Хуросонда эса кўчманчи ўзбаклар Балхни муҳосара қилганликлари ҳақида маълумот олади ва зудлик билан қатъий қарорга келади: «Оламхонға Ҳиндустон сари рухсат бериб, ўзумуз Балх устига отландук».
Қуйидаги мисоллар юқоридагидек катта сиёсий аҳамиятга молик бўлмаса-да, муҳораба тақдирини белгилашда муҳим ўрин эгаллаган. 1525 йилги муҳорабалар Бобурни анчагина чарчатган бўлса ҳам, ёнида тўнғич ўғли Ҳумоюн мардонавор курашиб, кўпгина асирларни, қўлга киритилган филларни олиб келиб мулозамат қилганлиги унинг руҳиятини кўтарган эди. Лекин Бобур рақиби Иброҳим Лўдийнинг сир-асроридан, ҳарбий имкониятидан кенгроқ хабардор бўлишни мақсад қилар экан, қандай бўлмасин, душман орасидан «тил» олиб келишни буюради: «Ул юрттан кўчуб, Шоҳобод келдук. Тил тутар учун Султон Иброҳимнинг ўрдусиға киши йибориб, неча кун бу юртта таваққуф бўлди». Демак, Бобур ҳатто разведка хабарини кутиб, бу жойда бир неча кун қолиб кетган. Унинг бу сабри ўз натижасини берган. У лашкарлари ва сафдошлари билан хавфсиз йўлни танлаб ҳаракат қилган. Лекин бу жойга етиб келган заҳоти яна бир кишисини разведкага, яна «тил» тутиб келишга жўнатган: «Иброҳимнинг ўрдусидин ҳам мутавотир хабарлар кела бошладиким, бир куруҳ-икки куруҳ кўчуб ҳар юртта икки-уч кун мақом қила-қила келадур. Биз ҳам мутаважжиҳ бўлуб, Шоҳободдин ора икки қўнуб, Жуун дарёсининг ёқосиға Сарсава тўғриси келиб туштук. Хожа Калоннинг навкари Ҳайдарқулини тил тута йиборилди».
Бобурнинг бу галги тиришқоқлиги, мақсад сари интилиши, юксак разведка қобилияти зарур натижани берган. Ҳайдарқули келтирган хабар Иброҳим Лўдий билан бўлган жанг муваффақиятини таъминлаган. Бу хабарда душманнинг ҳарбий имконияти, армия сафларининг жойланиши ва сони, лашкарлар орасидаги ўзаро муносабат, ҳатто уларнинг қайси ҳолатда ўтириб-туришларигача тафсилоти билан етказилган эди. Бобур ушбу маълумотни олар экан, ҳужумга ўтиб, ўзининг энг кўзга кўринган сарлашкарлари Чин Темур Султон, Муҳаммад Султон, Султоним Жунайд, Мир Ҳусайн ва бошқаларни бу муҳорабага сафарбар этади. Натижа унинг кўнглидагидан ҳам яхши бўлади. Бобур муҳорабаларда жуда катта ютуққа эришади, ўзи ташаббус кўрсатиб Уста Алиқули тўпчи билан яратган тўпларини ишга солиб, Иброҳим Лўдий устидан мутлақ ғалаба қозонади. Бу натижаларни қўлга киритишда, албатта, бевосита унинг разведкага оид қобилиятининг ҳам муҳим ҳиссаси бўлган.
Аждодларимизнинг ҳарбий салоҳияти тарихини ўрганиш ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат туйғусини уйғотишда алоҳида аҳмиятга эга. Бинобарин, миллатимизнинг ҳарбий тарихи деярли ўрганилган эмас. Биргина Бобур ҳарбий маҳорати кўплаб тадқиқотларга етарли материал бера олади. Бу масалаларни Бобурнинг моҳир адиб, шоир, олим, энциклопедик билим соҳиби сифатлари билан ҳамоҳанг ўрганиш, айниқса, янада катта самара беради.

Ҳасан Қудратуллаев,
филология фанлари доктори

 
Туркистон ва Чимкентнинг бўйсундирилиши
03.09.2013 16:51    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Рус аскарлари генерал Черняев бошчилигида Авлиёота томонидан ҳаракат қилаетган вақтда полковник Веревкин 1864 йил 22 майда Перовский фортидан (Оқ-масжиддан) чиқиб, 8 июнда Қорачиқ ва 9 июнда Туркистон шаҳри атрофидаги боғларга ўрнашади.

Шаҳар баланд девор билан ўралган бўлиб, шимоли-шарқий томонида ҳарбий истеҳком бор эди. Рус манбасига кўра, қалъада 1500 аскар ва қуролланган оломон мудофаада турган. Ўша 9 июн куниёқ ватан ҳимоячилари душманга қарши тўп ва милтиқлардан ўқ ёғдирганлар. Бу вақтда руслар 4-5 рота, 200 казак, 20 замбарак, 6 мортира, 2 ракета станоги билан жанг қилмоқда эдилар. Аммо ватан ҳимоячилари мардонавор туриб душманга қарши жангни давом эттирдилар. 10 июн кечасига ўтар вақтда душман 8 батареяни шайлаб, тонг отганидан сунг қалъани тинимсиз ўққа тутади. Оқибатда қалъа ичида ёнғин чиқиб, аҳволни оғирлаштиради. 11 июн кечаси душман қалъага янада яқинлашиб, қўшимча батареяни ўрнатадилар. Соат ўн бирларда ватан ҳимоячилари уч маротаба ҳужумга ўтиб, душманни анча гангитиб қўядилар, босқинчилардан уч киши ўлдирилиб, 25 киши жароҳатланади.
12 июнга ўтар кечаси қалъага ҳужум давом этади. Лекин ватан ҳимоячилари ўнг ва чап томондан ҳужум қилаверганлар. Натижада штабс-капитан Каховский ҳалок бўлади, 8 киши жароҳатланади. Айни бир пайтда ватан ҳимоячиларидан жуда кўп кишилар шаҳид бўлдилар. Шунда руслар тўпларни Аҳмад Яссавий мақбарасига туғрилаб, таслим бўлмасалар, уни ер билан яксон этишларини шаҳар аҳлига маълум қиладилар. Туркистон аҳолисининг қаҳрамонона кураши, оз булса-да, маҳаллий манбаларда ҳам битиб қолдирилган: «Туркистон шаҳрининг ҳокими Мирза Давлат додхоҳ, — деб ёзади Муҳаммад Солиҳ Тошкандий, — Туркистондаги Тошкент ва Дашти Қипчоқ жангчилари билан урушга тайергарлик кўриб, шаҳар қалъасидан ташқарига чиқиб, руслар билан урушиб, иккинчи томондан, Тошкент ва Қўқонга ахборот юбориб, ердам беришни илтимос қилиб, интизорлик чекиб урушни давом эттирдилар».
Ўша муаллиф ўз асарининг бошқа саҳифасида жанглар тафсилотини янада аниқроқ ёзиб, ватан ҳимоячиларидан кўп кишилар ўлдирилганлиги ва тирик қолганлар шаҳардан қочиб кетганликларини уқдириб утади: «Туркистонни руслар қаттиқ қамал қилиб, эрта тонгдан бошлаб руслар шаҳар қалъасига ҳужум қилиб, шаҳар ичига бостириб кириб, маҳаллаларда кўп фуқароларни, навкарларни ва ғозийларни ўлдирдилар. Тирик қолган ғозийлар захмдор ва мажруҳларни ўзлари билан олиб Туркистондан Чимкентга ва бу ердан Тошкентга келдилар».

Аммо Аваз Муҳаммад Аттор Ҳуқандий воқеани бироз бошқачароқ таърифлайди: «Бир неча минг ўрус ва кўпгина казак сарбозлари Оқмасжиддан сўнг Ясси, яъни Туркистон шаҳрини мухосара (қамал) қила бошладилар. Бу ернинг ҳокими Мирза Давлат шижоат ва мардлик намунасини кўрсатди, ўз лашкари билан кофирлар ўрдусига қарши чиқиб, оғир жанг қила бошлади ва шаҳарга қайтмоқчи бўлди. Аммо Мирза Давлат келиб кўрса, вилоятнинг қаллоб, касофат ва бузғунчи кишилари олдиндан ўрусларга сотилиб, уларнинг хизматларида юрган эканлар. Улар вилоятни кофирларга тақдим қилиб, шаҳар дарвозасини мусулмонларга очмадилар. Улар қалъа деворларини тешиб, кофирларни шаҳарга қуйган эканлар. (Мирза Давлат ўз сарбозлари билан) бу хиёнат хабарини эшитиб, афсус-надомат қилиб ўз жойига қайтди. Улар кечани бирнав ўтказиб, эрта тонг билан Тошкент вилоятига йўл олдилар. Йўл-йўлакай Чимкентга кириб, мазкур Нормуҳаммадни кўрмасдан, Қорақамиш мавзеига етиб келдилар ва ҳазрат Миён Халил Соҳиб боғига туш-дилар».
Рус манбаларида Туркистон атрофида Қўқон аскарлари билан отишма бўлганлиги қайд этилган.
1864 йил 12 июнда рус аскарлари Туркистон шаҳрини босиб олиб 4 замбарак, 117 милтиқ, 200 ггуд порох, 100 пуд қўрғошин ва бошқа нарсаларни ўлжа олганлар. Урушда руслардан 5 киши ўлдирилиб, 33 киши жароҳатланган. Руслар Туркистон шаҳрига 1495 снаряд, 43208 ўқ отганлар. Бу — жанг даҳшатли бўлганлигидан, кўп кишилар ҳалок этилганлигидан далолат беради.

Аммо шаҳар катталари, хусусан шайхулислом Насрулло Исҳоқов, нақиб эшон Алиакбархўжа Хонхўжаев, азизлар — Шарифхўжа Бекбетов, қозикалон Отахўжа Бухоров, Қози Эшонхўжа Мазлумхўжаев, Қози Ботирхужа Хўжабеков, аълам Абдушукур Қўрмонбеков, раис Ғарибхўжа Афзалхўжаев, Асқархужа Судурхонхўжаев ва бошқа кишилар генерал Веревкин номига қуйидаги мазмунда хат ёздилар: «Биз ўзимиз Қўқон хонлиги даврида Мирза Давлатнинг ғайриқонуний сиқувлари ва зулмидан холи булиш учун шаҳар дарвозасини очдик ва ихтиерий равишда император олий ҳазратларига бўйсундик. Биз қўқонликларнинг зулмидан ва зўравонликларидан ҳамда юз бераетган қимматчиликдан жуда қашшоқлашдик, эҳтиёжимизнинг қондирилишига ниҳоятда муҳтожмиз. Шу боис янги ҳукмдоримизга бахт-саодат тилаб қуйидаги сўровларимизнинг инобатга олинишини илтижо қиламиз:
1. Ҳозиргача сақланиб келаётган барча ҳуқуқларимиз ва эҳтиежларимиз ўз кучида қолдирилиб, ҳамма ишлар ислом дини доирасида амалга оширилсин, суд ҳам шариат асосида олиб борилсин.
2. Отамерос сифатида фойдаланилабтган ерлар, боғлар ва тегирмонлар ҳамда шаҳар ичида ва ташқарисидаги пулга сотиб олинган ерлар шахсий мулк ҳисобида сақлансин.
3. Эндиликда Рус давлати тобелигига ўтганлигимизни ва камбағаллигимизни назарда тутиб, бизларни закот, хирож (буғдойдан), хонадонлардан ва жон бошидан олинадиган барча солиқлардан озод этилсин.
4. Ҳарбий хизмат бизга татбиқ этилмасин, бошқа барча давлат ишлари эса бажонидил бажарилади.
5. Биз хўжалар — Ҳазрат Султоннинг авлодлари қадим вақтлардан буён ва хонликлар даврида ҳам барча давлат солиқларидан озод этилган ҳолда ўзимизнинг еримизга, боғларимизга, тегирмонларимизга тўла эгалик қилиб келганмиз. Бундан буён ҳам мазкур имтиёзлар қолдирилсин. Шунингдек, Ўртоқ ва Суяр сингари икки ариқ сувидан фойдаланишимизга ҳеч ким тўсқинлик қилмасин».
Кўриниб турибдики, бир гуруҳ дин пешволари, биринчи навбатда, уз имтиёзларини сақлашга кўпроқ эътибор берганлар. Улар шу даражада нодонлик қилганларки, ислом динида була туриб «кофирлар» қўл остида яшашни афзал кўрганлар. Улар учун имтиезлар сақланса, бас. Амалда эса, улар «ёмғирдан қутулиб қорга тутилган» кишилар эди.
Бу вақтларда Туркистон шаҳрида 958 хонадон бўлиб, 10000 киши яшарди. Улардан 68 хонадон юқорида қайд этилган хўжа авлодларидан ва 22 хонадон татарлардан иборат эди. Шу боис хўжаларнинг генерал Веревкинга ёзган хати халқ номидан эмас, балки бир гуруҳ дин пешволарининг қаламига мансуб эди. Туркистон музофотига Иқон (200 хонадон), Чилич (150 хонадон), Бобой (20 хонадон), Қарноқ (160 хонадон) сингари қишлоқлар кириб, шимолда Чу дареси, ғарбда Янгиқўрғон, жанубда Сирдарё ва шарқда Арис билан чегараланган эди. Туркистон атроф жойларида қозоқ қабилалари истиқомат қилганлар. Хуллас, Туркистон Қўқон хонлиги ҳаётида ҳар жиҳатдан муҳим ўрин эгаллаб, тобора қад ростлаб борабтган шаҳар эди. Афсуслар бўлсинки, бу азиз жой ҳам қўлдан бой берилди.
Авлиёота ва Туркистоннинг руслар томонидан босиб олинганлиги ҳақидаги хабар бутун хонлик халқини оёққа турғизди. Султон Саъидхон Қуқондан «ҳамма қасаба, вилоятларга фармон ва иноятномалар жўнатиб, ислом дини орқали таъкид ва таҳдид кўрсатиб, қўшин йиғишга киришди. Хон фармонини эшитиб ҳар томондан жасур аскарлар ва ботир сарбозлар тўпланишиб келдилар... Неча-неча манзиллардан ўтиб, жаноби хон (лашкари ила) Тошкентга келиб истиқомат режасини тузди. Бир неча муддатдан кейин қолган қўшин ҳам етиб келди. Сафар анжомларини камчилигини тўлдириб аста-секин рахшсифат саман жиловини мақсад томон тортдилар». Душманга қарши зўр тайергарлик кўрилганлигини Муҳаммад Солиҳ Тошкандий ҳам таъкидлаб ўтган. Унинг сўзича, Султон Саъид Тошкентнинг Мингўрик деган жойига қўшин билан ўрнашган. Бу ерда тўп ва милтиқлардан отиш бўйича ҳар куни машқ ўтказилган. «Шундан кейин, — деб езади муаллиф, — уруш жиҳозларини отларга, араваларга ва туяларга юклаб, тонготар чоғда саф тортган жангчилар ҳукумат саройи олдидан ўтиб, Чимкент томон юрдилар. Уларнинг орқасидан тўплар билан бирга Султон Саъидхон ва амири лашкар Мулла Олимқул бошлиқ саркардалар ва сардорлар ҳар бир маҳалла ва масжид олдида тўхтаб, халқдан ва дин пешволаридан дуо ва фотиҳа олиб, бутун халқ қўлларини дуога кўтариб йиғлаб, муллалар ваъзу насиҳат қилиб, ҳаммани йиғлатиб ғазога, урушга даъват этиб ташвиқот юрғиздилар».
Мазкур сатрлар шу ҳақда гувоҳлик берадики, Рус давлатининг тажовузига қарши кураш умумхалқ ишига айланиб, ўз сафига аҳолининг барча тоифаларини тортди. Султон Саъидхон ва Олимқул бошчилигидаги қўшин ва халқ оломони Чимкент яқинидаги Шарафхона деган жойга ўрнашадилар. Бу вақтга келиб руслар Чимкентга яқинлашган эдилар. Черняев 6 пибда рота, 100 нафар казак, 10 замбарак, 2 ракета станоги ва умуман 1300 аскар билан йулга чиқиб, 1864 йил 10 июлда Арис дареси еқасидаги Ёқчисув деган жойга ўрнашади. Бу вақтда штабс-капитан Мейер 1,5 пиСда рота, 100 нафар казак, 2 тўп ва 2 ракета станоги ва ҳаммаси бўлиб 400 аскар билан ўша Арис даресининг бўйидаги Қораспаз номли ерга келади. 15 июлда эса, бу ҳарбий қисм Чимкентдан 12 чақирим наридаги Оқбулоққа келиб жойлашади. Черняев старшина Катанаев бошчилигида 75 отлиқ ўқчи, 50 нафар казак ва 2 замбаракни хавф остида қолган Мейерга ердам учун жўнатади. Аммо Катанаев аскарлари йўлда ватан ҳимоячилари томонидан қуршаб олиниб, жанг 5 соат давом этади. Унинг икки аскари ҳалок бўлиб, учтаси жароҳатланади.
Бу вақтда Олимқул бошчилигидаги аскарлар ва халқ кўнгиллилари Чимкент атрофига жойлашиб олган эди. Уларнинг бир қисми Катанаев қўшинига ҳужум қилади. Черняев дарҳол йўлга чиқиб оғир аҳволга тушиб қолтан старшина Катанаев билан қўшилишга уринади. Бунга эришгач, у Чимкентдан 8 чақирим масофада жойлашган Олтинтепа қўрғонига бориб жойлашади. Шунда қарши томонда 6-9 минг атрофида ватан ҳи-моячилари турганлиги ҳақида маълумот олади. Бошқа маълумотларга кўра, улар сони 10-12 минг кишини ташкил этган. Маълум вақтдан кейин Лерх ва Мейер уз қўшинлари билан Олтинтепада Черняевга қўшиладилар. 1864 йилнинг 13 июлида капитан Мейер аскарлари Арис даресидан кечиб Оқбулоққа ўрнашгандан бир кун ўтиб, 14 июлнинг эрта тонгида ватан ҳимоячилари рус аскарларини қуршаб олиб, жангни бошлаб юбора-дилар. Икки томондан тўп ва милтиқлардан ўқлар ёғдирилиб, жанг 16 июлнинг эрталабигача давом этади. Унга Олимқул бошчилик қилди. Солиҳ Тошкандийнинг ёзишича, оддиндан белгилаб қўйилган тартибга кўра, Мингбой Қипчоқ баҳодир бошчилигидаги аскарлар жангни бошлаб берган. Ундан кейин Мирза Давлат қўмондонлигида тошкентликлар, сўнгра Хўжанд ҳокими Мирза Аҳмад қушбеги йигитлари майдонга отилиб чиққанлар. Сўнгра бирин-кетин Марғилон, Қўқон, Андижон, Ўш, Наманган навкарлари жангга киришганлар. Ҳарбий сардорлар орасида эшони Калонхўжа судур, Муминхўжа судур, Мирбобо понсодбоши, Аваз Муҳаммадбий ва бошқа жасур кишилар бор эди. Жанг майдонида дин пешволари, олиму фозиллар ва бошқа нуфузли кишилар Ватан оддидаги ўз бурчларини адо этиб, кишиларни руҳлантириб турганлар. Бу хусусда ва, умуман, жанг ҳақида Муҳаммад Солиҳ Тошкандий шундай бзади: «Ўрусларни пастқам ерда чашма ёнида мужоҳидлар тўрт тарафдан қамал қилдилар. Бир кеча-кундуз тўплардан ва милтиқлардан отишма бўдди. Шундан кейин уламолар ва фозиллар навкарлар, жангчилар ва йигитлар орасида юриб, пайғамбар ҳадисларидан гапиришиб жиҳод ва ғазотга чақирдилар, зафар ва муваффақиятлар тиладилар.
Лашкарбоши Мулла Олимқул мужоҳидларнинг ҳар бирининг кўнглини кўтариб, ҳаммани отдан тушиб ҳужумга ўтишга фармон берди. Шу равишда карнайлар садоси остида тўрт томондан ўрусларга қарши ҳужум қилинди. Ўша онда ҳозир бўлган кишиларнинг сўзларига қўра, мужоҳидлар 2-3 минг қадамгача олға чопдилар, аммо икки томон ўртасида бир ярим минг қадам жой қолганда ўруслар замбарак ва милтиқлардан шундай қаттиқ ўқ етдирдиларки, бирданига 12 минг киши жанг майдонида ўлдирилди ва жароҳатлантиридди». Шундан кейин рус қушини бошлиғи Мейер урушни тўхтатишни ва ўликларни ҳамда ярадррларни майдондан олишни таклиф этди. Бундан мақсад Мейернинг ўзи бошлиқларига берган рапортига кўра, камайган ўқ-дориларни тежашдан ва вақтни ютишдан иборат бўлган. Унинг таклифи мағзини чақмаган Олимқул дарҳол рози бўлиб, майдондан ўликлар ҳамда ярадорлар олинган. Шу фурсатдан фойдаланиб капитан Мейер аскарлари билан жуфтакни ростлаб қолган. Ваҳоланки, Олимқул жангни тўхтовсиз давом эттираверганда душманни тамомила тор-мор этиб, анча қурол-аслаҳани қўлга киритган булур эди.
Капитан Мейер орқага чекинаетганда йўлда подполковник Лерх қўшинини учратиб унга қўшилади.
Жангларда 10-12 минг кишилик ватан ҳимоячиларидан, бир маълумотга кўра, 2000, иккинчиси бўйича 3000 киши ўлдирилган. Аммо Солиҳ Тошкандий айтганидек, ўлганлар сонини бир неча минг ошиқ қилиб кўрсатган. Ҳар ҳолда ўлганларнинг сони кўп бўлган. Руслардан эса 13 киши ўлдирилган ва 67 киши жароҳатланган. Рус қўшини жангда 210 ядро, 19 жанговар ракета ва 25.319 дона милтиқ ўқи ишлатди. Хуллас, Ватан ҳимоячилари душман устидан ғалабага эришадилар. Аммо рус ҳарбий бошлиқлари бу мағлубиятни очиқ-ойдин ёзмай, соддатлар Авлиёота ва Туркистонга қайтдилар, деб силлиққина равишда таъкидлаганлар, холос. Аваз Муҳаммад Аттор Хўқандий Чимкент остонасидаги жангни ва ғалабани шундай тасвирлайди: Ватан ҳимоячилари «бор куч-қудратлари билан динимиз душманларига қарши урушайлик ва зарба берайлик, шоядки, кофирларга кимлигимизни кўрсатсак, деган қарорга келишди... Мулла Олимқул эшикоғаси қўлига зафар жиловини олиб, иқбол остонасига қадам қуйди, шарафи эса осмон авжига етиб, фатҳу зафар учун аскарларга ишорат қилди... Икки томондан ҳам ҳарб ноғораси ва уруш найи чалинди. Мусулмонлар тантанаси фазода акс-садо берарди. Довул садоси, ешу қари фарёди аршдаги малак қулоғини ҳам кар қилди. Ғазабнок суворийлар ва шиддаткор йигитлар душман томон ҳамла қилдилар. Омонлик товуси оромини йўқотиб зоғга ўхшаб бир чеккада турарди. Ажал лочини уруш майдонида парвоз қилиб, руҳ қушини сайд этарди. Қатл олови шундай ёниб кетдики, осмон тоқига етарди, уруш шуъласининг таъсири шундай эдики, унинг нури фалакни ёритарди. Диловар аскарлар уз жонларидан кечиб, ширин ҳаётни унутиб баҳордаги чақмоқ қамишзорга ургандек, курашга ташландилар. Хусусан, аҳли ислом кофирларни қаттиқ жазоладилар, уларни жило тиғи билан уриб, шижоат ўқини отиб, бошларини танидан жудо қилиб ташладилар. Кўп кушойишлардан сўнг зафар насими Оллоҳ инояти ила мусулмонлар томонига эсди, кофирлар бошига бадбахтлик тупроғини ҳовучлаб сепди ва уларни шарманда қилди. Ўруслар тез орада омонлик сураб мусулмонлар олдида тиз чўкиб бош қўйдилар».
Манбаларда кўрсатилишича, ватан ҳимоячилари ажойиб ғалабани қўлга киритгандан сўнг душман томонидан Олимқул ҳузурига Северцев деган киши элчи сифатида келган. Афсуски, бу элчининг фаолияти рус манбаларида ўз аксини топмаган. Генерал Черняевнинг сўзича, аввал гуё Олимқул элчи юборган, бунга жавобан эса Северцев жунатилган. Менингча, ғолиб томон ҳар қандай шароитда душман ҳузурига элчи юбориб сулҳ тузишни сўраб бошини эгмайди. Буни Олимқулнинг Северцевдан Авлиёота ва Туркистоннинг Қўқон хонлигига қайтарилиши ҳақидаги талаби ҳам тасдиқлайди. Рус элчиси ҳақида бирмунча тўлароқ маълумот Аваз Муҳаммад Аттор Хўқандий асарида мавжуд. «Кўп ўрус кофирлар, — дейилади унда, — бошяланг, кулоҳларини қўлга олиб, қўрқиб узр сўраш учун Мулла Олимқул сардор ҳузурига келдилар. Совға-саломларини тортиқ этиб, душманлик ва адоват руҳидаги калималарни унутиб, улар ўз мақсадларини баен қилишди. Мусулмонлар сулҳ васиқасига имзо қўюб, ўруслардан икки лак миқдорида Россия тиллосида пул талаб қилишди, бу эса Хўқанди латифнинг 225 минг бир мисқолли ашрафийсига тенг эди. Улар Туркистон вилоятини ҳам қайтариб беришга рози бўлишди. (Уруслар) рухсат олиб ўз қўшинларига қайтиб кетишди».
Рус элчисининг келганлгини Муҳаммад Солиҳ Тошкандий ҳам ўз асарида кўрсатиб утган. Чунончи, «ўруслар томонидан, — дейди у, — бир элчи ҳайъати келиб аҳду паймонлар қилиб, Султон Саъидхон оддида ўз шартларини изҳор қилиш мақсадида амири лашкар Мулла Олимқулга совға сифатида тўн келтирдилар ва жавобга мунтазир бўлиб турдилар».
Олимқул тошкентлик Юнусхон шиғовулга сардорлар, қабила бошлиқлари ва бошқа нуфузли кишиларни тўплашни буюрган. Шундан кейин рус элчиси билан тинчлик сулҳини тузиш масаласи бўйича муҳокама ўтказилиб, бир гуруҳ "кишилар сулҳ тузишни ёқлаб, бошқалар, хусусан, тошкентликлар уни кўзбўямачилик ва алдаш учун қилинаёттанлигини айтиб, рўс аскарларининг орқага дарҳол қайтишини талаб этишни сўрадилар. Бу фикр қувватланди ва элчилар Туркистонга қайтдилар.
Умуман айтганда, рус элчиси Северцевнинг фаолиятига доир қўлимиздаги маълумотлар етарли бўлмай, бир-бирига зид фикрлар мавжуд. Бу масала келажакда қўшимча маълумотлар асосида ўрганилиши лозим. Шунга қарамай, айтиш мумкинки, рус ҳарбий саркардалари мағлубиятга учраб танг аҳволга тушганликлари учун элчи юбориб, ғолиблар нима талаб қўйсалар шуни қабул қилганлар ва фурсатдан фойдаланиб тамомила тор-мор этилишдан сақланиб қолганлар. Айниқса, рус аскарларида ўқ-дори жуда оз қолиши катта хавф туғдирган эди.
Чимкент остонасидаги ғалаба тезда хонликнинг кўп жойларига маълум бўлиб, у том маънодаги байрамга айланди. Бу хусусда Аваз Муҳаммад Аттор Хўқандий шундай езади: «Мулла Олимқул сардор бу фарахбахш хабарларни (ғалабаларни) вилоят ва музофотларга тарқатиб чиқди. Сағиру кабир ва ғанию шариф ҳамма жойда бир ҳафта хурсандчилик қилиб, бир-бирларига суюнчи берардилар».
Аммо ғалаба байрами узоққа чўзилмади. Черняев, Мейер ва Лерх бошчилигидаги қўшинлар бирлашиб, 1864 йилни 22 июлида Оқбулоққа ўрнашдилар. Сўнгра улар Чимкент шаҳри томон юриш бошлайдилар. Уларни 15-18 минг атрофидаги ватан ҳимоячилари қуршаб олади. Бу воқеа Чимкент қалъасининг ташқари томонидаги Жинон қабристонида содир бўлган. Аммо бу ердаги жанглар рус ҳарбийлари ахборотида гўе ҳеч нарса бўлмагандек тарзда ёзилган. Шубҳасиз, мағлубиятни яшириш мақсадида шундай қилинган, албатта. Аслида ватан ҳимоячилари бу галги урушда ҳам жасорат ва мардлик намуналарини кўрсатиб, ажойиб ғалабага эришдилар. Бу жангнинг тафсилоти Муҳаммад Солиҳ Тошкандий асарида ҳам ўз ўрнини топган: «Мингбой Баҳодир биринчи фотиҳани олиб қипчоқ қабиласи йигитлари билан ўруслар йўлини тўсиб, урушга ҳозирланди. Иккинчи тарафдан тошкентлик жангчилар уруш майдонида пайдо бўддилар. Шу ҳолда Мирза Аҳмадбек қушбеги бошчилигидаги Хўжанд навкарлари урушга киришдилар. Хўқандлик, марғилонлик, андижонлик ва наманганлик сарбозлар амири лашкар Мулла Олимқул қўмондонлигида Жинон қабристонининг бир томонида жанг қилдилар. Бу ерда қилич ва найзабозлик билан ёқама-ёқа ушлашиб шундай қирғин бўлдики, ўликлардан тепалар ҳосил бўлди. Жангда Мингбой Қипчоқ от устида қилич билан у ёқдан бу ёққа чопиб душманлар калласини танасидан жудо қилди. Аммо унинг ўзи ҳам душман уқидан ҳалок бўлди. Хуллас, кун ботгунча тўхтовсиз уруш бўлиб, ўруслар охири чидай олмай орқага қайтиб Авлиёотага чекиндилар».
Ватан ҳимоячилари бу иккинчи даҳшатли урушда ҳам қаҳрамонона равишда курашиб таҳсинларга сазовор бўлганлар. Ҳатто улар чекинаетган душман орқасидан қувлаб борганлар. Бу ҳақда Аваз Муҳаммад Аттор Хуқандийнинг маълумоти диққатга сазовордир: «Сафар ойининг чоршанба, йигирма иккинчи кунида (28 июлда) бир неча минг кофир ўз «гўрхона»ларидан тўсатдан чиқиб, ислом лашкарини писанд қилмасдан, уларга тўпу тўфангдан ўқ отиб, Чимкент қалъаси томон йўлга тушдилар. Камози талигача етиб келиб, шу ердан шаҳар қалъасини тўпга тутиб, шундай уруш қиддиларки, (кўрган) одамнинг журъати ваҳимага тушиб, ҳайратдан гунг ва лол бўлди. Мулла Олимқул сардор жаноблари ҳар бир паҳлавон гуруҳини ҳар жойга тайинлаб, Мингбой қушбегини ўзини орқасига жойлаштирди. Мулла Олимқул эшикоғасининг ўзи бир неча душман билан урушарди...
Алқисса, икки томон ҳам шу хатарли ҳамда хавфли жойда матонат ва сабот ила бир-бирлари билан қаттиқ олишди. Фарғона қўшини эртадан кечгача муҳораба қилди...
Охирда зафар шамоли Фарғона томон эсди ва кофирлар тор-мор бўлиб, қочишга ихтиер қилдилар». Мазкур сатрлар муаллифи уруш майдонида Мингбой қушбегининг ўқдан ўлганлигини ва ватан ҳимоячиларининг «шеру йўлбарсдек ҳамла қилиб» рус солдатларининг орқасидан таъқиб этганликларини ва улар билан жангга кирганликларини ҳам баен этган.
Рус ҳарбий бошлиқларининг тан олишича, тўп ва милтиқлардан мўлжалга уришда ватан ҳимоячилари анча юқори даражага кўтарилган ҳамда Қўқон қўшинида бир хил чиройли ҳарбий кийимдаги 500 кишилик гвардия қисми ташкил топган. Бу гвардиячилар ўзларининг жанговар маҳорати ва кийими билан рус солдатларида яхши таассурот қолдирган. Ҳатто генерал Черняев Қўқон артиллериясининг тобора такомиллашиб бораётганидан безовталаниб, агар тез орада хонлик тор-мор этилмаса, кейин унга бас келишнинг иложи бўлмаслигини ҳукумат вакилларига маълум қилган. Гарчанд Қўқон хонлигида ҳарбий соҳада силжиш кўзга ташланиб, ғалабага эришилган бўлса-да, лекин йўл қўйилган катта хатолар ёмон оқибатларга олиб келди. Аввало Олимқул ҳаддан ташқари қўполлик ва зўравонлик билан иш юритиб бир баҳона билан тажрибали саркардаларни ўлдирган. Масалан, у Ниёзали понсод-бошини Авлиёотани руслардан сақлаб қололмаганлиги учун тўпнинг оғзига бойлаб оттирган. Ваҳоланки,. Авлиёота уруши вақтида унга ҳеч қандай ердам кўрсатилмаган эди. Шунингдек, турли айблар қўйилиб, Султон Маҳмудтўра, Улуғжонтўра, Нормуҳаммад қушбеги, Муҳаммад Назарбек парвоначи ва бошқалар ўлимга маҳкум қилинган.
Олимқулнинг, айниқса, қозоқларга нисбатан юргизган сиёсати вазиятни янада кескинлаштирганди. У энг обрўли қозоқ бийларидан ҳисобланган Бойзоқбийга кўпчилик ҳузурида «Бойзоқ, сен аввалдан ислом аскарига закот берар эдинг, нега энди бизга бермай, Русияга бердинг?» деганда, Бойзоқбий амири лашкарга: «Тақсир, мен бир юз йигирма бийнинг отасиман, буларга яйлов керак, деб, «Русиядан 25 чақирим ерни ижарага олганман, унинг ижарасини бераман, сизга эса закот бераман», деганда, амири лашкар: «Сен икки марта аҳд қилдинг, яна буздинг» деб, «Шуни замбаракка солиб отқил», дея тўпчига фармон берибди. Шунда Бойзоқ чол қари киши бўлиб ёши юздан ўтган экан, деб-ди: «Ҳой, амири лашкар, мени бундай қилма, кўзимни кўр қилиб, Ҳўқандга жубор, мен Русияга даф бўламан, мени хабарим болаларим ва бийларимга етса, сенга ёв бўлурлар, Русияни сенга бошлаб келурлар, ҳар қалай, мени ўлдирма» деса, амири лашкар қулоқ солмай, «Кафил хат берайин» деса ҳам қабул қилмай, охири кўп порохни замбаракка солиб, кичкина одам экан, ёнига икки боғ қуруқ беда тиқиб оттирибди. Уни танаси осмонда парчаланиб «на улуги ва на суяги ҳам кўрин-мабди».
Бу даҳшатли фожеа бутун қозоқ элининг Қўқон хонлигига нисбатан қаҳр-ғазабини уйғотиб, Бойзоқ-бийнинг икки ўғли отаси қасдини олишга аҳд қилиб ҳамда тўда-тўда бўлиб русларнинг ҳарбий юришларига қўлларидан келганча мадад ва ёрдам берганлар. Шунинг учун ҳам Мулла Олим Маҳдумҳожи бу қилмишни қоралаб: «Мулла Олимқул бир неча кун Чимкентда туриб, қозоқиянинг энг улуғ ва эътиборли одамларидин Бойзоқ додхоҳни тўпга бойлаб, отиб ўлдуриб, бир неча сартия ва элатия саркардаларини отиб ўлдириб, ўзига емон ном олиб, душман устига душманни кўпайтирди», деб езганди.
Вазият нозик ва хатарли бўлиб турган бир пайтда ички ва ташқи тарафда душманнинг кўпайтирилиши, меъеридан ортиқ зўравонлик Рус давлатига жуда қўл келганди. Шунингдек, Султон Саъидхон ва Олимқулнинг энг катта хатоси шундан иборат бўлдики, улар барча ҳарбий кучларни Чимкентга жалб қилиш ва шу ерда бош-қош бўлиб туриш ўрнига Тошкентга ва бу ердан Қўқонга кетиб қолишди. Гарчанд улар қўшиннинг муайян қисми ҳамда 40 тўпни қолдириб, Чимкент қалъасини мустаҳкамлашни ҳоким Мирза Аҳмад қушбегига топширган бўлсалар-да, лекин иш ниҳоясига етмасданоқ рус аскарлари келаетганлиги ҳақида хабар олинади. Бу вақтга келиб рус ҳукумати Туркистон, Авлиеота, Марки ва Тўқмоқни ўз ичига олган Қўқон чизиғини ташкил қилиб, унга генерал Черняев қўмондон этиб тайинланган эди. Бу линия Ғарбий Сибир генерал-губернаторлигига бўйсундирилди.
Ўта шуҳратпарастлик ва манманликка берилган генерал Черняев ўзбек хонликларини шиддат билан эгаллаш тарафдори бўлган. У кўп ҳолларда, бошлиқлари билан келишмасдан ҳам ўзбошимчалик билан ҳарбий юришлар уюштирган. Масалан, у Чимкентни дарҳол босиб олиш лозим, деб бошлиқлари рухсатисиз ҳарбий юришни бошлаб юборади. У 10 пиёда рота, 200 нафар казак, 12 тўп, 5 мортира, 1000 кишилик қозоқ милиционерлари қисмлари билан Туркистондан чиқиб, 1864 йил 18 сентябрда Чимкентга яқинлашади. Бу ҳарбий қисмда подполковник Лерх бошчилигидаги аскарлар ва ҳарбий техника ҳам бор эди. 1864 йил 19 сентябрда рус аскарлари Чимкент атрофида жойлашиб, тайёргарлик ишларини олиб борди. 20 сентябр эрталабдан бошлаб душман шаҳар қалъасини ўққа тутиши билан жанг бошланиб кетади. Бутун 21 сентябр куни давомида икки томон ўртасида уруш давом этган. 22 сентябр эрталаб душман кучлари шаҳарга бостириб кирадилар ва қалъани эгаллайдилар.
Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг ёзишича, Чимкентдаги ватан ҳимоячилари ва рус аскарлари ўртасидаги олишув аёвсиз кечган. Аммо Мирза Аҳмад қушбегининг бир гуруҳ кишилар билан Тошкентга қочиб кетиши мудофаанинг сусайишига олиб келган. Руслар шаҳар ичига бостириб киргандан кейин қўлга тушган одамларни ўлдираверганлари орқасида «мурдалар тўп-тўп бўлиб» етган. Бунга шаҳар аҳолининг душманга қарши қаттиқ жанг қилганлиги ҳам сабаб бўлган. «Икки томон ҳам саъй-ҳаракат ила камоли қаҳрамонлик кўрсатиб, сабту қарор қадамини босиб, бир-бирлари билан жанг қилдилар... Пиёда ислом лашкарлари имкон қадар кофирларга қарши курашиб, муродсизликдан тушкунликка туштан ҳолда нобакорлар ўқидан ҳалок бўлавердилар...»
Рус аскарлари қари-ёшга қарамай хонадонларга бостириб кириб, шафқатсизларча кишилар калласини танасидан жудо қилганлар. Шу равишда шаҳар қонга беланган ва бойликлар таланган. Бу тўғрида рус муаллифи шундай ёзганди: «Чимкент генерал Черняевнинг ҳужуми орқасида Рус давлати қўлига ўтди. Қирғин-барот ниҳоятда шафқатсизларча олиб борилиб, солдатлар бозорни таладилар ҳамда хонадонларга кириб кишиларни бўғдилар. Шунингдек, кўп аёллар ва болалар қаттиқ азоб чеқдилар. Жамоа аҳли ўша вақтдаги қирғин-баротлар йиллигини катта мотам ва дод-фаред билан нишонлайдилар. Бунинг учун улар кофирларям жа-золашга, яъни ўч олишга тайердирлар. Лекия бунга имконлари йўқ. Чунки улардан қурол-аслаҳалар тортиб олинган».
Босқинчилардан ҳужум вақтида 2 киши ҳалок бўлиб, 36 киши жароҳатланган. Улар кўплаб қурол-аслаҳа ва турли-туман бойликларни ўлжага оддилар. Чимкент ҳам қонли жанглар ва қурбонлар эвазига Рус давлати томонидан босиб олинди. Рус ҳарбий маъмурияти Сидиқ Назар додхоҳни Чимкент шаҳри мингбошиси қилиб тайинлайди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Рус давлати тажовузига қарши курашларда айрим қозоқ ботирлари ўзбекларга брдам қўлини чўзганликлари маълум. Масалан, машҳур қозоқ ватанпарвари Кенесари Қосимовнинг ўғли Содиқ 120 кишилик йигитлари билан ёрдамга келиб, Туркистонда рус аскарларига қарши жанг қилган. У даставвал Рус давлати тобелигида бўлиб, қариндош-уруғлари билан Оқмасжидда яшаган. Сўнгра Рус давлатининг ҳукмронлигидан ва тажовузларидан норози бўлиб, Қўқон хонлиги тарафига ўтди.
Содиқ Кенесари ўғли Чимкент атрофларида генерал Черняев бошчилигидаги тажовузга қарши ўзбеклар билан қўлни-қўлга бериб жанг қилиб, бу ерда қўлга киритилган ғалабага салмоқли ҳисса қўшган. У жангда ҳалок бўлган моҳир лашкарбоши ва Олимқулнинг ўнг қўли Мингбой ўрнига тайинланган эди. Душман Чимкент қалъасини қуршаб, ҳужум қилган вақтда Содиқ Қўқон отлиқларига бошчилик қилган. У кейинги озодлик курашларида ҳам ўзбеклар билан биргаликда фаол қатнашди. Бу тўғрида сўз ўз ўрнида айтилади.
Туркистон ва Чимкентнинг босиб олиниши рус ҳарбий саркардалари ва солдатларининг босқинчилик иштаҳасини янада очиб юборганди. Эндиликда минтақанинг энг катта ва бой шаҳарларидан булмиш Тошкентни босиб олишга кенг йўл очилганди.

Хамид Зиёевнинг "Туркистонда Россия тажовузи ва ҳукмронлигига қарши кураш" китобидан

 
Маҳмудхўжа Беҳбудий. «Сарт» сўзи маълум бўлмади (1914)
13.03.2014 23:46    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

«САРТ» СЎЗИ МАЪЛУМ БЎЛМАДИ

Мўътабар «Садойи Фарғона» жаридасининг 30-нўмерида «Сарт сўзи маълумдур» унвонлик бир мақолани кўруб ўқумасдан аввал «сарт» сўзи ҳал қилинди гумони-ла қалбан бир даражада хурсанд бўлсак ҳам, лекин мақолани тамоман ўқуб чиққандан сўнг ҳурматлу Мулло Абдуллобек жанобларининг қилган ривоятлари мазмунидан «сарт масаласи»нинг яна бурунғи мажҳул ҳолиға қолгонин англаб умидимиз бўшға чиқди. Чунки А. афандининг сарт ҳақида ёзган сўз ва далиллари маҳз оғизлардан эшитилган ҳақиқати номаълум шайлардан иборат бўлуб, ҳеч бир асл ва асосға мабни эмасдур. Бизнинг фикр ва билганимизча, «сарт» сўзининг ҳақиқати машҳур ва инобатлик муаррих ва мусташриқлар тарафидан кашф ва ҳал ўлинуб, ҳануз бир жойға қарор берилган йўқдур. Агарда «сарт» сўзи маълум бўлса эди, яъни Туркистондаги халқларнинг барчаси ёки муайян бир қисмининг «сарт» аталгони далойили тарихий ила исбот қилинган бўлса эди, ул суратда ҳеч ким «сарт» хусусида сўз очмас ва баҳс чиқормас эди. Муҳтарам Маҳмудхўжа жанобларининг бул хусусда «Ойна»ға хели ривоят ва қилу қолларни нақл этуб ҳам ўз фикрларини ёзганлариға сабаб, шул «сарт» сўзининг мажҳуллиги бўлса керак.

Дуруст, ҳаёт ва мамот масаласи қадар муҳим бўлган неча масалалар кўзимиз олдиға тургон ҳолда аларни эҳмол этуб, фақат «сарт» сўзи ила шуғуллануб, фурсатларни бўшға ўткармоқлик ҳам яхши эмас. Лекин асримиздаги ёврупойилар қошида «миллият» масаласи «дин» масаласидан муҳим ва муқаддам тутилган бир замонда бизлар ҳам миллият масаласидан саналган «сарт» ҳақида гоҳ-гоҳ баҳс этишуб миллиятимизин хотирлаб тургонда зарар кўрмасмиз. Диний, миллий ва маиший масалалар хусусида (низом ва қонундан чиқмаслик шарти-ла) ҳар доим баҳс ва музокара этишуб турмоқға ҳаққимиз бор. Шунинг учун фалон масала хусусида сўз очма! Ёки фалон лақабни мутлақо бўйнунгга тоқарсан, деб сабабсиз зўрлик этмоқга ҳеч кимнинг ҳаққи бўлмаса керак.

Мақсадға келайлук. Мулло А. афандининг «Сарт сўзи маълумдур» унвони остида: «Бир замонларда Туркистонда саҳройи қирғиз ва қазоқ...»,—деб нақл ва ривоят этган маълумотлари қайси таърих китобидан ва ё қайси ишончлик муаррих сўзидан олинганлигини била олмадук, агар бу ривоятлари маҳзи оғзаки ҳикоя ва сўзлар жумласидан иборат бўлса, бул тақдирда, мунинг ила «сарт» сўзи маълум бўлди, ёки «сарт» масаласи ҳал қилинди, деб ҳукм этмоқ мутлақо дуруст эмасдур. Чунки муаррихлар мундай аслсиз сўзларни далил мақомиға келтуруб, мушкул бир масалаи тарихияни қатъий суратда ҳал этмайдурлар. Балки бир муносиб келганда, қаринаи мақомға қараб, бир даъвонинг тақвияси учун зикр этубгина ўтарлар. Асли номаълум бир ривоят ила улуғ масалаи тарихияни ҳал этмоқликни эса тарих ҳақида жиноят санайдурлар.

Шундай қоидаларни оз-моз билганимиздан Мулло Л. афандининг сарт масаласини ҳал этмоқ қасди-ла ёзган аслсиз далиллари ҳайрат ва таажжубимизни мужаб бўлди. Чунончи, мушорун алайҳ сўзларин бир жойида «сарт»нинг асли «шарт» деб, оидан сўнгра деюр: «Муҳтарам азизларға махфий қолмасунки, ҳар ким бизни сарт деса, мунга хурсанд бўлуб, фахр қилмоқимиз даркордур. Чароки сарт дегани, масжидлик ва мадрасалик ва бозорлик ва озода уламони маданий, дегани бўлур». Ҳолбуки бу маъно аввалги маънога бутун мағойирдур. Чунки, аввалги маънога қараганда, «сарт» лафзи «шарт»дан маъхуз эдики, бул суратда сартнинг маъноси иечук масжидлик ва фалонлик бўлсун?.. Шерали Лапин жанобларинииг «сарт»га «сариг...» деб берган маъноси на қадар номуносиб бўлса, юқорида берилган маъно ҳам шундай келишсиздур. Бизнинг баъзи асарларда кўрганимизча, «сарт»нинг маъноси карвонбоши ёки савдогар каби мазмунда эдики, бул ҳам бир мусташриқнинг сўзидур. Хулоса: «сарт» на маънода бўлса бўлсун, арбоби тарафидан ҳал қилинмагунча они қабул этмасликка ҳаққимиз бор. Шунинг учун мажбурий суратда айтиб турармизки, «сарт» сўзи ҳануз мажҳулдур. Юқоридағи мазмунда мухтасарча бир мақола ёзуб, қачонлар «Садойи Фарғона» идорасиға юборган эдук. Идора жаридаға дарж этмоқға танзил этмагани ёки муносиб кўрмагани учун бир оз тафсили ила «Ойна»ға ёзмоқға мажбур бўлдук.

«Ойна» журнали, 1914 йил, 39-сон, 922—924-бетлар.

 
Саййид Мубашшир Тарозий
12.02.2014 08:01    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Саййид Мубашшир Тарозий ўз ҳаммаслаклари билан бирга мужоҳид ватандошлардан Туркистонни озод қилиш жабҳасини тузишда иштирок этдилар.

Мустақиллик, озодлик ва ҳуррият тушунчалари бир-бирини тўлдириб келувчи нарсалар бўлиб, Аллоҳ таолонинг ўз бандаларига берган улкан неъмати ҳисобланади. Аллоҳ таоло ҳар бир бандани мустақил-озод ва ҳур қилиб яратади. Инсон фақатгина ўзининг яратувчиси ҳақ субҳанаҳу ва таологагина бўйсуниб, унга итоат қилиб яшаши даркор. Аммо, баъзи табиати бузуқ инсонлар бу қоидани бузиб, ўзига биродор бўлган бошқа инсонларни ўз иродасига бўйсундириш, уларни ўзига қул қилиш, бошқача қилиб айтганда, ўша инсонларнинг мустақиллигини, озодлиги ва ҳурриятини поймол қилишга уринади.
Бу мақсадга эришиш йўлида шахсларга қарши куч-қувват ва зулм, давлатларга қарши уруш ва мустамлакачилик сиёсати ишга солинади. Натижада, шахслар қулга, давлатлар мустамлакага айланади. Қулга айланган шахслар озодлигини, мустамлакага айланган юртлар мустақиллигини йўқотади.
Шу билан бирга, қулга айланган шахс ва мустамлакага айланган юрт, ўз тушунчаси, дунёқараши, хассослигига қараб қуллик ва мустамлакаликка турлича қарайдилар. Ўзида озодлик тушунчаси етишмайдиган, бу неъматнинг қадрини билмайдиган шахсларда қулликка мойиллик бўлади ва ўзининг қуллигини озодлик, деб тушунади. Шунингдек, мустамлака бўлишга майли бор юртлар, ўзининг мустамлакалигини мустақиллик, деб айтади ва мустамлакага айланган кунни “илғор халқ”қа, “катта оғаси”га ўз ихтиёри ила қўшилган “бахтли” кун сифатида байрам қилади.
Ор номуслар бўлсинким, асли ҳур бўлган бизнинг халқимиз ичидан Ленинни отам, Марксни бобом, коммунизмни диним ва эътиқодим, деб ўзларининг уларга банда бўлгани етмагандай, ўз халқини ҳам қул қилишга уринган коммунистлар чиқди. Улар етмиш йилдан ортиқ даврда қул бўлган халққа “озодсан” деб, мустамлака бўлган юртимизни “мустақил”, деб келишди.
Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинким, халқимизга фахр ва эътизозлар бўлсинким, унинг фарзандлари ичидан ҳақиқий ҳуррият ва озодлик, ҳақиқий мустақилликнинг маъносини тушинадиган, қадрини биладиган, қуллик ва мустамлакадан нафрат қиладиган шахслар етишиб чиқди. Бу азиз кишиларимиз сонлари оз бўлсалар ҳам, кучлари йўқ бўлса ҳам, Аллоҳнинг улуғ неъмати бўлмиш озодликдан халқлари, мустақилликдан юртлари бебаҳра бўлиб қолмаслиги учун ҳаракат қилдилар. Ўз халқининг бошқа халқлар қатори озод бўлиши, ўз юртининг бошқа юртлар қатори мустақил бўлиши учун курашдилар.
Аммо кучлар тенг эмас эди, юртдаги барча ҳукм ва имкониятни босиб олган коммунистлар мунофиқларча иш тутар, ўзлари озодлик ва мустақиллик ҳақида жар солиб, ҳақиқий озодлик ва мустақиллик тарафдорларининг ёстиқларини қуритар эдилар. Худосизлар тузуми халқимизнинг гули, юртимиз мустақиллиги фидоийлари бўлган бу азиз кишиларимизни халқ душмани ва реаксион куч сифатида айбладилар. Оқибатда, мустақиллик фидойиларининг баъзилари шаҳид бўлдилар, баъзилари эса, она ватанларидан ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар.
Афсуски, юртимиз мустақиллигининг ҳақиқий фидоийлари билан халқимиз ҳозиргача яхши таниш эмас. Лекин, ёмонлик жазосиз қолмаганидек, яхшилик ҳам бекор кетмайди. Музкур фидойиларимизни ҳам кимдир эслаши, уларнинг устидаги зулмни кўтариши, уларга ҳақиқий баҳони бериши керак эди.
Юртимиз мустақиллиги фидойиларидан бири Саййид Мубашшир Тарозийдир. У киши 1314 ҳижрий сананинг 27 ражабида, яъни 1886 мелодий сана, 20 декабрда Тароз шаҳрида (ҳозирги Жамбул, эски Авлиё ота) Туркистонда ўзининг илми, тақвоси ва обрў-эътибори ила машҳур оилада дунёга келдилар. Оталари Саййид Муҳаммадхон ибн Саййид Муҳаммад Ғозийхон улкан олим бўлиб, ҳанафий мазҳаби фиқҳи ва Нақшбандий тариқатининг кўзга кўринган етакчиларидан бири эдилар. Алломаи Тарозийнинг ота тарафдан насаблари Имом Ҳусайин розияллоҳу анҳуга етиб боради. Она томонидан эса, Шарқий Туркистондаги охирги Ислом давлати амири Саййид Бузрукхон орқали Офоқ Хўжамга бориб етадилар.
Алломаи Тарозий ҳазратлари бошланғич таълимни Тарозда олдилар. Сўнгра Тошкентга келиб, мадрасаларда ўқиб, охири Абул Қосимхон олий ўқув даргоҳини битирдилар. Шундан сўнг Бухорога бориб, одатдан ташқари имтиҳон топшириб, улуғ устозларнинг тафсир, ҳадис, араб адабиёти ва бошқа илмлардан рухсатларини олдилар.
Мазкур илмий даражаларга эришганларидан сўнг у кишини Туркистонда “аллома” деб атай бошладилар.
Алломаи Тарозий талабалик вақтларидаёқ Тошкентда чиқадиган “Ал-Ислоҳ” ва Самарқандда чиқадиган “Ойна” мажаллаларига мақолалар ёза бошладилар. Олий мадрасада ўқиб турган чоғларида Тошкентда чиқадиган “Ал-Ийзоҳ” номли мажаллага бош муҳаррир этиб тайинландилар.
Аллома Тарозий 1917 йили Туркистон мустақиллиги учун курашиш мақсадида “Туркистон талабалар жамияти”ни туздилар. Тароз ва Тошкент шаҳарларида исломий илмлардан дарс бердилар. Керенский ҳукумати даврида давлат думасига ноиб этиб сайландилар. 1926 йили халқ томонидан диний назорат раиси этиб сайландилар.
Коммунистлар давлатни босиб олганларидан сўнг, ўз одатларича, ёлғон-яшиқ ваъдаларни бера бошладилар. “Шарқ мусулмонларига мурожаат” номли ёлғон ва нифоқдан иборат, ваъдаларга тўла сафсата ҳам эълон қилинди. Бу ёлғонга кўпчилик ишонди. Аммо Алломаи Тарозий ҳазратлари ишонмадилар, дин-диёнат, халқ бахти ва ҳақиқий мустақиллик йўлидаги курашларини давом этдирдилар. Бу орада у киши коммунистлар томонидан уч марта қамалдилар ва бир марта сургунга ҳукм қилиндилар.
Ўша вақтларда коммунистлар вакили Неъмат Ҳаким номли даҳрий “Муҳаммад илоҳий пайғамбарми?” деган китоб ёзиб, дин-диёнатга, пайғамбарликка ва Худога шак келтирган, кишиларни худосизликка чақиришга урунган эди. Алломаи Тарозий ҳазратлари мазкур кофирнинг китобига раддия тарзида ўзбек тилида “Қуръон ва нубувват” номли китоб ёзганлар ва уни ўзлари имомлик қилган масжидда мусулмонларга ўқиб берганлар.
Худди ўша пайтда, мусулмон аёлларни иффатсиз қилиш мақсадида, ҳижобга қарши ҳужум бошланган эди. Баъзи бир ўзига илм нисбатини берувчи хоинлар бу ишни шариатга тўғри келади, деб қўллашига қарамай, Алламои Тарозий ҳазратлари бу ишга ҳам қарши чиқиб, мусулмонларни динни маҳкам тутишга даъват қиладилар.
Алломаи Мубашшир Тарозий ҳаётларини чуқур ўрганган тарихчилардан, машҳур ал-Азҳар дорулфунуни уламоларидан доктор Ҳусайин Мухийб Мисрий ўша пайтдаги ҳолатни тасвирлаб, шундай дейдилар: “Мазкур воқеалардан кейин коммунистлар Тарозийни ўзларининг энг кучли мухолифларидан бири, деб билдилар. Унинг халқ орасида туришини ўзлари учун хавф-хатар деб англадилар ва Тарозийни ўлдиришга амр қилдилар. Лекин ҳукмни ижро эта олмадилар, чунки, Алломани минглаб мухлис диндорлар ўраб туришарди. Алломаи Тарозийнинг ҳам, мусулмонларнинг ҳам иймондан бошқа қуроллари йўқ эди”.
1930 йили Алломаи Тарозий Бухоро орқали Афғонистонга ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар. У зотни Афғонистон подшоси Муҳаммад Нодиршоҳ катта ҳурмат билан кутиб олиб, одатдан ташқари Афғонистон фуқароси, подшоҳлик девони бош мудири, деб эълон қилди. Шунингдек, Афғонистон адабиёт академияси аъзоси ва Афғон қомуси ҳайъати таҳририга аъзо этиб тайинландилар.
1931-1932 санада Афғон расмий ҳайъати ила Саудия Арабистонига сафар қилиб, подшоҳ Абдулазиз билан дўстлик шартномасини тузиб қайтдилар.
1936 йили Ҳиндистонга сафар қилган Аллома Тарозий у юртнинг кўзга кўринган уламолари, мусулмон раҳбарлари билан учрашиб, муҳим масалаларни муҳокама қилдилар. “Ислом ҳимояси жамияти” раиси машҳур шоир ва файласуф Муҳаммад Иқболнинг таклифларига биноан, шу жамиятнинг йиллик йиғилишида, “Ислом бирлиги вожиблиги” номли машҳур маруъзаларини қилдилар. Кейинчалик бу маруза турли тилларга таржима қилинди ва ҳамма ёқда нашр этилди. Шунингдек, у киши бошқа шаҳарларда ҳам марузалар қилиб, Ҳиндистон мусулмонларини бирлаштириб, мустамлакачиларга қарши курашга даъват қилдилар.
Саййид Мубашшир Тарозий ўз ҳаммаслаклари билан бирга мужоҳид ватандошлардан Туркистонни озод қилиш жабҳасини тузишда иштирок этдилар. Ҳарбий тайёргарлик олиб бордилар. Одамларни коммунистик босқинчиларга қарши курашга, мустақил Туркистон учун ҳаракат қилишга чорладилар. Лекин натижа кутилганидек бўлиб чиқмади. Олмониядан қўли устун кела бошлаган Сталин Афғон ҳукуматига тазйиқ ўтказиб, туркистонлик мужоҳидларни қамашга мажбур қилди. Шундай қилиб, юрт мустақиллиги учун курашган Саййид Мубашшир Тарозий ўз сафдошлари билан 1943 йил апрел ойидан бошлаб сиёсий маҳбус сифатида қамоқ жазосини ўтай бошлади. Лекин қамоқ ҳам улуғ мужоҳиднинг иродасини бука олмади. Тарозий ҳазратларининг кичик ўғиллари доктор Абдуллоҳ Мубашшир Тарозий ўз оталарининг кучли шахсият эгаси эканликларининг далили сифатида қуйидагиларни эслайдилар. “Афғон ички ишлар вазирлиги сиёсий маҳбуслар бўлим бошлиғи ўзининг қаттиққўллиги ва бераҳмлиги билан машҳур одам эди. Унинг номини эшитганда нафақат маҳбуслар, балки масъуллар ҳам ўзини йўқотиб, титроққа тушиб қолар эдилар. Шу даражадаги шаккок одам ҳам Саййид Мубашшир Тарозийнинг ҳузурларига ўзини ўнглаб кирар, қаршиларида тиз чўкиб ўтирар ва гаплашиб бўлганидан сўнг, қўлини кўксига қўйиб, одобла орқаси билан юрганича чиқиб кетар эди. Сиёсий маҳбусларга ўқиш-ёзиш мутлақо манъ этилган бўлишига қарамай, Тарозий ҳазратлари хоҳлаган нарсаларини ўқиб, ёзар эдилар. У кишига биров бу ҳақда ҳеч нарса дейишга ботина олмас эди”.
Шундай қилиб, Аллома Тарозий ўзларининг буюк ҳаётларининг беш йилу, бир ой, уч кунини афғон сиёсий қамоғида ўтказдилар. Қамоқдан чиққан мужоҳид Тарозийни суиқасд уюштириб, ўлдириш учун КГБ ўз жосусларини Афғонистонга юборди. Аммо улар ўз ниятларига эриша олмадилар. Афғонистон подшоси Тарозий ҳазратларини яна саройга келишга таклиф қилди. Аммо у киши бу таклифни қабул қилмай, оилалари билан Мисрга кўчиб кетдилар.
Мисрда яшаган пайтларида турли йиғилиш ва жамиятлар ишида фаол иштирок этдилар. Турли исломий масалаларни ҳал этишда қатнашдилар. Бу фаолиятларнинг барчасида бош масала Туркистонни коммунистлар қўлидан озод қилиш эди. У киши БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларга ўз халқига коммунистлар томонидан қилинаётган жабр ва зулмларни баён этиб, бунга қарши чора кўришга даъват этдилар. Кўпчилик эркпарварлар билан бирга “Мусулмон халқларни озод қилиш учун кураш” жамиятида ҳайъат аъзоси бўлиб ҳаракат қилдилар. “Минбарул Ислом” ва бошқа мажалла ва рўзномаларда ўз мақолаларини нашр эттирдилар. Мисрдаги обрўли уламолар, хусусан, Азҳари шариф шайхлари билан доимо алоқада ва ҳамкорликда бўлдилар.
Алломаи Тарозий ҳазратлари ўзларининг жиҳодга тўла муборак ҳаётлари давомида сермаҳсул ижод қилдилар. У киши 46та мажалла ва рўзномаларда ўз мақолаларини нашр эттирдилар. Афғонистонда яшаб турган вақтларида, энг сермаҳсул ёзувчи сифатида махсус мукофотга сазовор бўлдилар.
Аллома Абу Наср Мубашшир Тарозийнинг мақола, нутқ, маърузаларидан ташқари талиф қилган китоблари қирқ еттитага етган. У киши ўз китобларини ўзбек, форс ва араб тилларида ёзганлар.
Машҳур китобларидан баъзиларини тилга оладиган бўлсак, “Ойнаи жаҳон” маснавийлари, “Аскарият дар Ислом”, “Ҳуқиқи зан дар Ислом”, “Шароб менўш”, “Адаб ва иншо”, “Кошфул-лисом ар рубоийят Умарул Ҳайём”, “Нубзатун минассийран Набавия”, “ал-Жиҳод вал Жундия фии таолиймил Ислом”, “Илад Дийнил Фитриййил Абадий” ва бошқа кўплаб китоблардир.
Муҳожирлик ва мужоҳидликда ўтган бу улкан ҳаёт 1397ҳ. сана, робиул аввал ойи учинчиси, душанба куни, яъни 1977м. сана 21 февралда охирига етди. Ўша куни Аллома Мубашшир Тарозий ҳазратлари Қоҳирада саксон уч ёшларида вафот этдилар. (Аллоҳ ўз раҳматига олсин). У зотнинг дафн маросимлари илм, ирфон, ҳижрат ва жиҳодни тақдирлаш маросимига айланди. Буюк олимнинг жанозасини Азҳари шариф шайхлари Имомул акбар Абдулҳалийм Маҳмуд ҳазратлари ўқидилар.
Ўз юртида коммунистлар қувғинига учраган, иймони учун ўлимга ҳукм қилинган инсонни дин қардошлари, мусулмонлар, азиз исломий Ватаннинг бошқа минтақаларида улуғладилар, эзозладилар.
Алломаи Тарозийнинг вафотларидан сўнг Қоҳирадаги “Айниш Шамс” дорулфунунида у кишини ёдлаб катта халқаро анжуман ўтказилди. Анжуманда иштирок этган атоқли уламолар Алломаи Тарозий ҳаёти, ижод ва жиҳодлари ҳақида марузалар қилдилар, илмий баҳсларини тақдим этдилар. Мазкур маруза ва баҳслар алоҳида китоб шаклида чоп этилди.
Киндик қони тўкилган она Ватанида коммунистлар жорий қилган темир парда ва ҳур фикрликнинг қатағони самараси туфайли ҳозирда ҳеч кимга танилмаган улуғ олимнинг ҳаёти, ижоди, жиҳоди, илмий ишлари, китоблари ҳақида Саудия, Миср, Сурия, Афғонистон, Покистон, Туркия, Индонезия, Ҳиндистон, Япония каби юртларда олим ва тарихчилар изланиш олиб бориб, китоб ва баҳслар, илмий мақолалар ёздилар.
Ҳозирги кунда бир неча дорулфунунларда Алломаи Мубашшир Тарозий ҳақида фан номзоди ва фан доктори унвони олиш учун олиб борилаётган баҳслар рўйхатдан ўтган.
1993 йили Қоҳирада бўлиб ўтган “Ўрта Осиё ва Қафқоз мусулмонлари” номли илмий анжуманда ҳам Аллома Тарозий ва у кишининг илмий асарлари ҳақида бир неча марузалар қилинди.
Улуғ ватандошимиз, Туркистон мустақиллиги учун толмас курашчи, буюк олим Аллома Абу Наср Мубашшир Тарозий ҳазратлари ўзларидан сўнг буюк илмий мерос билан бирга, аҳли солиҳ олим фарзандларни ҳам қолдирдилар. Улар ўз оталарининг ишларини шараф билан давом этдирмоқдалар. Катта ўғиллари Насруллоҳ Тарозий Мисрда истиқомат қиладилар. Кичик ўғиллари доктор Абдуллоҳ Тарозий Жидда шаҳрида истиқомат қиладилар. Уларнинг бир қанча китоблари чоп этилган.
Аллоҳ таоло Аллома Абу Наср Мубашшир Тарозийни раҳмат айлаб, жойларини жаннатдан қилсин!
Вақт эътиборидан сизларга денгиздан бир томчи тақдим эта олдик, холос. Шу билан халқимиз олдидаги бир манавий бурчни адо этмоқчи бўлдик. Иншааллоҳ, келгусида улуғ олим ва мужоҳид Алломаи Тарозий ҳазратларининг ҳаётлари ва илмий мерослари тўлиқ ўрганилиб, халқимизга тақдим этилишидан умидвормиз.
Аллоҳ таоло ўзи бундай хайрли ишларга муяссар қилсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф,
"Тарих омонатдир" китобидан

 
Чингизхонни улуғлашдан мақсад нима?
21.07.2014 07:13    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Сўнгги пайтлари Чингизхон шахсига нисбатан бўлган қизиқиш яна кучайди. Унинг ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини акс эттирувчи илмий, тарихий ва бадиий асарлар ёзилиб, кинофилмлар ишланди. Қатор илмий-амалий анжуманлар ўтказилиб, жуда кўп китоблар нашр этилди. Айрим мамлакатларда кафелар, ресторанлар, корхоналар, жамоатчилик марказлари унинг номи билан атала бошланди. Қозоғистон республикасида “Чингизхон” номли сигаретани ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу сигаретанинг олд ва ён томонларига мана бундай сўзлар битилган: “Эти уникальные сигареты высшего качества, обладающие превосходным вкусом, сделаны из элитных сортов табака для свободных и гордых людей, живущих в Казахстане — потомков Великой империи Чингисхана, простиравшейся от Черного моря до Тихого океана”.
Тижоратни сиёсатга айлантирувчи бундай уринишлар халқлар ўртасидаги дўстлик ғояларига зарар келтиради ва умуман яхшиликка олиб бормайди.
Мўғулистон республикаси пойтахти Улан Баторда умумий қиймати ўн тўққиз миллион долларни ташкил этувчи ҳайкални тиклаш ишлари бошланиб кетган. Шу билан бирга, Мўғулистонда ва Марказий Осиёдаги айрим мамлакатларда Чингизхоннинг сунъий қабрлари тикланиб, ҳашаматли мақбаралар қурилмоқда. Мақбаралар пештоқига “Чингизхон — туркий халқлар раҳнамоси” деган шиорлар ёзиб қўйилмоқда.
Тўғри, тарихий шахслар ҳаёти, уларнинг тарих саҳнасида тутган ўрни, мавқеи ҳақида илмий мақолалар битилиши, бадиий асарлар ёзилиши, филмлар ишланиши исбот талаб этилмайдиган ҳақиқат. Демоқчимизки, ўтмиш ҳақиқатларини бузиш, уни сохта, ғайриилмий тушунчалар билан бўяб-бежаб талқин этиш тарихни сохталаштиришга олиб келади.
Бу ерда гап Чингизхон шахсини асоссиз равишда мақташ, уни кўкларга кўтариш, идеаллаштириш хусусида бормоқда.
Тарихий шахслар ҳақида бир томонлама қарашлар, ноилмий, сохта фикр юритишлар оддий ҳаваскор тарихчилар томонидан айтилса, бу ҳақда махсус сўз юритиб ўтиришнинг ҳожати бўлмас эди. Афсуски, Чингизхон шахсини ҳар қандай камчиликлардан холи саркарда, идеал давлат арбоби, туркий халқларнинг раҳнамоси, миллий-озодлик ҳаракатларининг йўлбошчиси сифатида мақтаётганлар орасида таниқли давлат ва жамоат ҳамда фан арбобларини ҳам учратамиз.
“Қирғиз давлатчилиги ва халқ эпоси “Манас” китобида Чингизхоннинг ижтимоий-сиёсий фаолияти тўғрисида батафсил сўз юритилади. Муаллифнинг фикрича, “Чингизхон босқини” деган иборани ўйлаб ишлатиш керак, негаки, “унинг босқинчилиги хусусида тўқилган романтик қарашлар шунчаки бир мифдир”.
Қозоқ олими Қалибек Дониёровнинг “Чингизхон тарихи” китобида қуйидаги сатрлар билан танишамиз. “Чингизхон, — деб ёзади у, — келиб чиқиши жиҳатидан наинки туркий, балки қозоқ ҳамдир, тўғрироғи, у қозоқ давлатининг асосчисидир”.
Шунга ўхшаш ғайриилмий фикрларни Керейхон Амонжўловнинг “Туркий халқларнинг тарихи” китобида ҳам учратиш мумкин.
Энди таниқли қозоқ ёзувчиси, “Юлдуз” журналининг бош муҳаррири Мухтор Мағауннинг “Чингизхоннинг шарофати” номли мақоласи хусусида тўхталиб ўтайлик. Мақола бошдан-оёқ Чингизхон шахсини улуғлаш, мақташ, кўкларга кўтариш руҳи билан суғорилган. “Қозоқ халқининг асл халқ сифатида сақланиб қолиши, — деб ёзади муаллиф, — Чингизхоннинг саъй-ҳаракатлари туфайли рўй берган. Агар Чингизхон қўшинлари Хоразмшоҳ қўшинларини тор-мор қилиб, мажақлаб ташламаганида, қозоқ халқи бир умр қуллик занжирида қолиб кетар эди”.
Ушбу сатрлар билан танишган ўқувчининг ҳайратдан ёқа ушламаслиги иложсиз. Негаки, муаллиф Чингизхон навкарларининг Ўтрор сингари шаҳар ва қишлоқларни ёндириб, теп-текис қилгани, бегуноҳ аёллар, болалар, қарияларни қириб битирганини билиб-билмасликка олади.
Ҳолбуки, Чингизхон етакчилигидаги шафқатсиз қўшинлар Эрон ва Ўрта Осиёдаги мингйиллик муҳташам, обод шаҳарларни вайрон қилиб, култепаларга айлантирган. Амударёга тўғон қуриб, гўзал Урганч шаҳрини сувга бостирган. Бир ҳафта давомида дарёда чақалоқлар йиғлаётган бешиклар, гўдак болалар, чоллар, кампирлар, мажруҳ касаллар оқиб турган. Марв шаҳрини Чингизхон қўшинлари ишғол қилганларида жангда ўлдирилганларни ўн уч кун давомида йиғиб олганлар.
Шу муносабат билан айтиб ўтиш лозимки, тарихий манбаларда Чингизхон халқ озодлик ҳаракатининг раҳнамоси эмаслиги, аксинча, у асоратга солган халқлар унга қарши миллий-озодлик ҳаракатларини олиб борганликлари ҳам қайд этилган. Бу ҳақда Мирзо Улуғбек, Шаҳобиддин Насавий, Ибн ал-Асир, Ибн Батута асарларида кенг ва муфассал маълумотлар берилган.
Академик А.Т.Фоменко ва тарихчи Л.Гумилев ҳам Чингизхоннинг ижобий ишлари хусусида фикр юрита туриб, унинг олий ирққа мансублиги, буюк саркарда, бағрикенг инсон эканлиги ва славянлар билан чатишиб, қон-қариндош бўлиб кетганлигини фахр билан тилга оладилар.
Савол туғилади: хўш, Чингизхоннинг ижобий ишлари нималардан иборат? Нега айрим муаллифлар нуқул унинг камчиликларини хаспўшлаш билан шуғулланадилар. Бу шунчаки шахсий қарашми ёки тор миллий манфаатлар нуқтаи назаридан айтилган енгил-елпи фикрларми?
Чингизхонни улуғловчи муаллифлар уни “халқ озодлик ҳаракатининг раҳнамоси” сифатида ҳам таъриф қилар эканлар, ўз фикрлари, қарашларини “Чингизхоннинг ҳаёт йўли”, “Олтин шажара”, “Ясо” китоблари асосида исбот қилишга уринадилар. Лекин уларнинг ҳеч бири бу китобларнинг муаллифлари кимлар бўлган, кимларнинг манфаатларига мослаб ёзилганлиги ҳақида чурқ ҳам этмайдилар. Аксинча, Чингизхон ва унинг авлодлари Темур Малик, Жалолиддин, Маҳмуд Торобий етакчилигидаги миллий-озодлик ҳаракатларини шафқатсизларча қонга ботирган.
Чингизхон истилоси ҳақида ёзилган Рашидиддиннинг “Жоме ут-таворих”, Ибн ал-Асирнинг “Тарих ал-комил”, Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”, Абулғозининг “Шажараи турк”, Евгений Кичановнинг “Жизнь Тимучжина, думающего покорить мир” асарларида ва бошқа кўпгина китобларда мўғуллар босқини, вайрон бўлган сон-саноқсиз эллар, юртлар ҳаёти ҳаққоний тасвирланган.
Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” асарида ёзилишича, “Рабиюлаввал ойи охирлари сана 607, мувофиқи йилон йили ул уч нафар наҳс юлдузли кофир ўттиз минг қиёматасар лашкар билан қайси шаҳарга дучор бўлмасинлар, ўша шаҳар халқини қаҳр-ғазаб билан даҳр тупроғига баробар қилдилар. Жайҳун дарёсидан ўтиб, Балхга яқинлашганларидан кейин, Хуросоннинг баъзи вилоятларини, Ироқ, Озарбойжон ва Ширвоннинг аксар шаҳарларини азоб-уқубатларга гирифтор қилдилар”. “Улар ҳеч кимни аямас эдилар, — деб ҳикоя қилади ўша қонли воқеаларнинг гувоҳи бўлган араб сайёҳи ва тарихчиси Ибн ал-Асир, — аёлларни, қарияларни, болаларни қатл этдилар. Орқада бирон шаҳарни қолдирмай, ер билан текислаб ўтар эдилар”.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Чингизхон қўшинларининг ҳужуми туфайли ер юзидаги бир мингдан ортиқ шаҳар аҳолиси қирилиб, ер билан яксон қилинган, суғориш тармоқлари издан чиқарилган, маданият ўчоқлари бутунлай йўқ қилинган.
Сўнгги пайтлари тарихчилар Чингизхон босқинининг кенг илмий жамоатчиликка маълум бўлмаган айрим қирраларини очишга муваффақ бўлмоқдалар.
Шу жиҳатдан Р.Раҳмоналиевнинг “Турклар салтанати” деб номланган илмий-тадқиқоти ибратлидир. Ушбу асарда кўпгина архив материаллари қатори генерал-лейтенант, профессор М.И.Иваниннинг 1842 йили Русия армия бош штабида “О военном искусстве и завоеваниях монголо-татар и среднеазиатских народов при Чингизхане” деб номланган доклади тилга олинган. Маълумки, бу доклад матни узоқ йиллар мобайнида махфий сақлаб келинган. Докладда тилга олинишича, Чингизхоннинг Ўтрорга юборган савдогарлари қалъа ҳокими Қайрхон одамлари томонидан эмас, балки, атайлаб уруш чиқариш учун мўғул айғоқчилари томонидан ўлдирилганлиги бир қанча далиллар асосида исбот этилган. Аммо бу ҳали узил-кесил тарихий ҳақиқат дегани эмас, албатта.
Хулоса сифатида шуни айтмоқчимизки, тарих ўтмиш ва келажак кўзгуси, бинобарин, уни шахсий қарашлар ёки тор миллий манфаатлар нуқтаи назаридан талқин этиш тарих илмини сохталаштиришга олиб келади.

Пирмат Шермуҳамедов,
Профессор

 


28 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин