Саналар
21.12.2024
Баннер
Ким нимани яхши кўрар?
20.02.2014 17:55    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Эҳтимол, бизнинг халқ илму маърифатни, тарбия ва таълимни, хунар ва саноатни яхши кўрар, деб ўилайдурғондурсиз? Йўқ, бу фикрингиз ёнглиш. Эшонларимиз тоат ва ибодат, панду насиҳат, зикру тасбеҳ ўрниға тўйлардан тўн киюб, кўб ошаб, кўп ухлашни яхши кўрурлар. Уламо-ларимиз дарсу таълим ўрниға, бир-бирлари ила ўрун тала-шиб, мукаррир ва мударрис бўлишни, ўзлари бўлолмай қолсалар, эшикма-эшик юруб сайловни бузишни яхши кўрурлар. Имомларимиз, халойиқға ваъз ва насиҳат ўрниға, тўй ва жанозаларда юруб, жома кийишни яхши кўрурлар. Бойларимиз орқа-ўнглариға қарамасдан, фонда ва зарар-ларини ойирмасдан бир-бирлариға рақобат қиламан деб, «бонка» ва «кридит»ларини кўпайтуруб, дўффилари тор келганда рус ва яхудийларнинг молларини букуб-синиши-ни яхши кўрурлар. Мўйсафидларимиз намоз ва ниёз ўрниға, масжид эшигига йиғилуб ўтуруб, ҳар кимни ғийбат ва шикоят қилишни яхши кўрурлар. Муаллимларимиз бир-бирларидан қизғонишуб, болаларни арзон ўқитаман деб, бир ўзларига юз, юздан ортуқ бола йиғуб, ўзлари тўй ва маъракаларда болаларнинг умрини бекор ўткаришни яхши кўрарлар. Савдогарларимиз: «Тўйликни тўйи ўтар, тўйсизни куни ўтар» деган сўзга амал қилмай, қайси маҳаллада тўй бўлса, дастурхончилик қилишни яхши кўрурлар. Муаз-зинларимиз азонни яхшилаб адойи махраж қилуб айтишни ўрганмай, бир жойда тўй бўлуб қолса, «Фалончиники-га ошга-ҳо!» деб қироат ила қичқиришни яхши кўрурлар. Дўкондорларимиз ишларини тартиб-ла солмай, замонаға мувофиқ иш юритмай, Маллахон замонидан қолғон эски дўкон, эски тос, эски тартибларини яхши кўрурлар. Оналаримиз билим ва тарбия ўрниға эрлари ила урушуб-талашуб қизлариға мол қилмакни яхши кўрурлар. Оталаримиз бола-лариға ўқутмак ва таълим бермак ўрниға «Ўғлум эмди каттакон йигит бўлдинг, шунча ўқуганинг етар, пул топ!» — деб «ташишка» — ҳаммоллик қилдиришни яхши кўрурлар. Ко-сибларимиз бир-биридан молларини арзон сотаман деб, тезгина йиртиладурғон, тикишлар ундан уруб, мундан чиқон, сувни етти чақирим ердан чақирадурғон маҳси ва этик-лар тикуб, сотишни яхши қўрурлар. Заргарларимиз йигир-ма тийинлик кумуш, ўн тийинлик тилло орасиға мум ва сақичлар жойлаб, исмини қиз ҳайрон, зебигардон қўюб беш-ўн сўмга сотишни яхши кўрурлар. Табибларимиз дол-чин, занжабил, ҳуббул малик, филфил каби бир неча ат-торни қутисида йўқ нарсалардан мураккаб дору ва маъ-жунлар ясаб, бечора нодон халқни пулини олишни яхши кўрурлар. Машшоқ ва ҳофизларимиз тўй ва базмларга бир мардакни(нг) исмини бачча қўюб, ўзлари ила баробар олиб юруб, «миллий адабиёт» ўрниға «Хоним ялола, бегим яло-ла» деб баччага ташланаётган пулларни бўлуб олишни яхши кўрурлар. Саводхонларимиз жарида ва журналлар, тарих ва рўмонлар ўрниға Дақёнус замонидан қолғон, хурофотлар ила тўлғон «Андоғ урдиларки, гард-гард бўлуб кетди», деб лофлар ёзилғон китобларни оғизларини қуфуртуруб ўқумоқ-ни яхши кўрурлар. Йигитларимиз миллий мажлис ва суҳ-батлар ўрниға тўкма ва самаварларда, раста ва дўконларда ўлтуруб, «Фалончининг ўғли хўб яхши бола бўлубдур, кеча фалончининг меҳмонхонасиға қамаб, қийқиртируб базм қилдук. Эмди фалончининг ўғлини(нг) ҳам бир базм қил-сак, дунёдан армонсиз кетар эдук» деб, исломиятдан узоғ инсоният номига ярашмаган ишларни қилмоқ ва сўзлаш-моқни яхши кўрурлар. Ёшларимиз илм ва маърифатли бўлишни, ҳунар, санъат ўргонишни ўрниға, ўзларига зеб беруб тор шим ила калта камзул, қотирма ёқаларга бино қўйишни яхши кўрурлар. Ишчиларимиз илм ва хунардан махрумлиги сабабли бошқа миллатлар илму маърифатлари соясида кунига 4—5 сўм ишлаб турган бу замонда кунига уч тангаға мардикорликни, ойиға ўн беш сўмға қоровуллик-ни, йигирма сўмға фанар ёқишни, ўн сўмға кўнка йўлини тозалашни ва шуларга ўхшаш энг паст ва оғир хизматларни яхши кўрурлар. Болаларимиз оталаримизнинг илм қад-ин билмаган, илм учун пулни кўзлари қиймаганлик сабабли ўқумоқ ва ўрганмоқ ўрнига «Оҳ пул, жоним пул», -деб «ташишка» - ҳаммолликни яхши кўрурлар. Муҳаррирларимиз кўб-кўб оқча олиб, оз-оз ёзишни яхши кўрурлар. Муштарийларимиз фойдали мақолалар ўрниға хабарларни яхши кўрурлар. Думаларимиз мажлисга келуб, устулга суё-уб фароғат қилуб турғон вақтларида, бир тарафдан қаттиғроқ товуш чиқса чўчиб уйғонишни яхши кўрурлар. Шоирларимиз миллий шеър ва адабиёт ёзишни ўрниға му-вашшаҳми ёки «қошингдан, кўзингдан», - деб, жавонларни мақтаб фасод ахлокға сабаб бўладурғон шеърлар ёзишни яхши кўрурлар. Аммо мен бўлсам, ҳозирги замонда индамасдан туришни яхши кўрурман.

Абдулла Авлоний

 
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Эҳтиёжи миллат (1913)
13.03.2014 23:49    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ЭҲТИЁЖИ МИЛЛАТ

«Бошқа миллатларга қаралса кўрилурки, мунтазам мактаблари бор ва аввал мактабда диний илм устида дунёвий илм ва фанлар ҳам ўқилур. Чунки дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур.

50 сана муқаддамги замонда, биз туркистонлилар якка ва танҳо яшаб, бошқалар ила муомала ва муносабатимиз йўқ эди. Энди замон ўзгариб, бошқа миллатлар ила махлут бўлдук, шариъат ва ўз урфимиз устига қонун ва Оврупо одатига итоат қилмоққа мажбурмиз.

Аммо қонун ва Оврупо одатларини билмаганимиз учун бойимиз бўлсун, қози ва миллий ҳукамомиз ва аҳолимиз бўлсун кўб ташвиш ва зарар кўрар. Замони собиқда фақат шариъат билмоқ кифоя этарди. Энди қонун ва закунни билмоқ ҳам лозимдур. Шариъат илми мадрасаларга, қонун илми Русия дорилфунунларига ўқилур. Дорилфунунга кирмоқ учун, аввало, ўн сана гимназияга ўқумоқ керак. Сўнгра тўрт сана дорилфунун ўқуб андан ҳуқуқшунос, юрист, таъбир жоиз бўлса, замона фақиҳи бўлиб чиқар. Суд маҳкамаларинда, давлат доираларинда, кириб, ҳар ҳуқуқшунос ўз муваккили ва ўз миллати ва ўз тойифаси ва ўз Ватани ва ўз давлатининг нафъига сўйлашур, мудофаа қилур.

Масалан, давлат думасинда биз Туркистон мусулмонларидан шундай ҳуқуқшунос вакил бўлса, бизни дин ва миллатимиз нафъига ҳаракат қилур. Аммо шундай одам бизда йўқ.

Давлат думаси нари турсин, судга ва расмий маҳкамаларга кириб, бизни мудофаа қиладургон кишимиз йўқ. Бошимиз оғриса дўқтурга борамиз, аммо дардимизни айтмоқга тил йўқ. Ўзимиздан дўқтур йўқ.

Иккимиз бир-биримиз ила низо қиламиз. Кетамиз закунчига, сўйламоқға тил йўқ. Орадаги одамлар яна бизға фириб берар, пул берармиз, югурармиз, яна ишлар барбод, охири йўқ.

Иморат қилмоқчи бўлсак, плон-лойиҳаси лозимки, инжинерга муҳтож бўлармиз. Аммо биз ҳануз «муҳандис» исмини билмаймиз.

Контур ва расмий дафтар тутиб, касса қуриб тижорат этмоқ лозим. Илм тижорат била турган бухгалтерик ҳисоби юритадургон бойларимизга керак, ул ҳам ўзимиздан бир нафар топилмайдур.

Ҳаммолликдан бу ишлар яхши бўлса керак. Бир неча бойваччани биларманки, энг қаттиқ хизматларга гирифтор. Сабаби надур — илмсизлик. Ҳолбуки аларни «тўйи»га атоси 5 минг сўм сарф этиб эди.

Туркистон меваси, донаси, тоши, туфроғи, эски нимарсалари Оврупо бозорига кетар. Муни Оврупо даллоллари келиб оз баҳога олиб кетар, меҳнатни биз қилурмиз, фойдани улар кўрар. Ўз нимарсамизни Оврупо бозорига элтиб, яхши баҳога сотатургон бизда бир одам йўқ. Азбаски, Оврупо ила савдо қилатургон кишини (ўзи) аввал ўн сана замона илми ўқумоғи лозим.

Бизда шоҳи, адрас, беқасам, алоча... бофликлар бор. Агарда бир нафар техник ва муҳандисимиз бўлса бу дастгоҳларни ислоҳ этар, аҳоли обод бўлур. Валлоҳ, яқин вақтда "дока" бофилларимиздек зоеъ бўлиб кетар. Чунки Оврупо янги асбоб ила мундин яхши қилиб чиқорур.

30 сана муқаддам Самарқандни Ёмини маҳалдасинда 300 алочабоф ишчи бор эди. Ал-он 30 нафар йўқ. 10 сана сўнгра тамоман маҳв бўлур.

Хулоса, мактабимиз, дўконимиз, корхонамиз, мадрасамиз ва ҳар нимарсамизни замонча ислоҳи лозимдур. Валлоҳ, ҳар нимарса қўлдан кетар, бизда муздурликдан бошқа ҳеч иш қолмас. Бир ускуна, дўкон ва саройни ишлатмоқга ҳам илми замоний ва замона шумлигини билмоқ лозим. Валлоҳ, биздан дунё илмини яхши билатургонларга мулк ва асбобимиз ўтар ва ўтуб турубдур.

Қисқа қилайлик, бошқа миллатларни бойлари фақир ва етимлар учун мактаб ва дорилфунунлар соладурлар, фақир ва етимларни ўқумоғи учун вақф "истипендия"лар таъйин қилур. Бошқа миллат милиўнерлари мактаби ила истипендияси-ла, идора қилатургон газет ва мажалласи-ла, бино қилган доруложизин (аёллар университети — Н. О.), барпо қилган жамъияти хайрияси-ла фахр қиладур.

Бизникилар жуфт оти-ла, аробаси-ла, тўйи ила ва... ла фахр этар. Ҳатто, ўз ўғилларини ўқутмайдургон бойлар бордур.

Бу кетишни охири ямондур, ўқумоқ, ўқутмоқ керакдур. Болаларга оталардан илм диний ва илми замоний мерос қолсун.

Бутун Туркистондан ўн бой йилинда минг сўмдан берса, 25 бола учун Тошканда "диний ва замоний" бир "пансиун" лайли ва наҳори 5 мукаммал мактаб бино бўлуб, ҳар йил ҳукумат мактабинда 50 бола тайёрлайдур.

Ўн йилда булардин... 200 муҳандис, дуқтур, ҳуқуқшунос, муаллим, техник, замона тожири, валлоҳ... чиқар ва бизни замон одамлари қаторида қўярлар ва давлат ишига кирарлар. Руслар ила бизни ҳасан имтизожларимизга хизмат қиладурлар.

Ал-он миллатимиз бойлардан шуни кўз тутар, халойиқни барбод этатургон тўйларни эмас. Оҳ, бу сўзларни тушунатургон бойлар бизда етушганми?

"Самарқанд" газетаси, 1913 йил, 12 июл

 
Сталин ўлимининг сирлари
07.03.2010 00:45    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

1953 йилнинг 13 январи Сталин учун машъум кун бўлди—у «тескари даволаш йўли билан Совет Иттифоқининг фаол арбобларининг умрини қирқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган террорчи дўхтирлар гуруҳи"ни давлат хавфсизлик идоралари фош этгани тўғрисида «ТАСС хабари»ни эълон қилдирди.

Батафсил ... Янгиланди ( 22.11.2010 06:06 )
 
Усмонлилар қаердан келган?
11.09.2014 13:27    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Чингизхон босқини даврида турклар (Турон турклари)нинг кўплаб уруғ-қабилалари мўғул лашкарларининг тазйиқи остида Ўрта Осиёни тарк этишга мажбур бўлишади. Улар Кичик Осиёга қадар чекиниб борадилар ва салжуқийлар султони қўл остидан паноҳ топадилар. Асосан ўғузлардан чиққан туркларнинг етакчиси Усмон ибн Эртўғрил эди, шунинг учун уларни Усмонли турклар деб аташади. Айнан ўшалар кейинчалик Онадўлига кўчиб келиб, ҳозирги Туркия давлатига асос солишди. 1299 йили салжуқийлар султонлигидан ажраган Усмонлилар ўзларининг мустақил давлатларини барпо қилдилар ва то 1922 йилгача олти юз йилдан зиёд улкан салтанатга бош бўлдилар. (К. Э. Босворт, «Мусулманские династии», Москва, 1971 г.).
Турклар биздан борганларни бежизга «ота-юртдан келишган», дея эъзозлашмайди!

 
Саккокий (XIV аср охири — XV аср ўртаси)
30.05.2013 13:33    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ўзбек мумтоз адабиётида ёрқин из қоддирган, бетакрор ғазаллар ва қасидалар яратган етук истеъдод эгаси, лирик шоирлардан бири Саккокийдир.

Саккокийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида бизгача жуда кам маълумот етиб келган. Унинг таржимаи ҳоли тўғрисида ўзининг девони ва Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис ва «Хутбаи давовин» асарларидан баъзи бир маълумотларни билиб олишимиз мумкин. Бундан ташқари, шоир Яқинийнинг «Ўқ ва ёй» асарида Саккокий турк (узбек) шоирларининг мужтаҳили (ғайратлиси) деб таърифланиши, унинг ўз замонасининг забардаст шоирларидан бири эканлигини билдиради. Саккокий мовароуннаҳрлик бўлиб, у Темурийлар салтанатининг пойтахти Самарқандда умргузаронлик қилиб ижод этган.
Саккокий — шоирнинг тахаллуси, унинг асл исми маълум эмас. «Саккок» (пичоқчи) сўзидан, шоир ҳунарманд оилада туғилган деган фикрни тахмин қилиш мумкин. Саккокий XIV асрнинг иккинчи ярмида ёки XIV асрнинг охирги чорагида туғилганини эса ҳижрий 810 (1407—1408) йилда Амир Темурнинг набираси Халил Султонга бағишлаган қасидасидаги:
Тарихқа саккиз юз доғи ўн эрдию қадр ахшоми,
Бир ой туғулди дунёда ким мамалакатда хон эрур —
мисрасидан тахминан билиб олиш мумкин. Чунки шоир бу қасидасини анча ижодий тажрибага эга бўлгандан кейин, тахминан, 30 ёшларида ёзган бўлиши керак.
Саккокий ижодининг гуллаган даври Улуғбек ҳукмронлик қилган даврларга (1409—1449) тўғри келади. Тарихдан маълумки, буюк мунажжим ва етук давлат арбоби Мирзо Улуғбек маърифатпарвар подшоҳ бўлиш билан бирга илм-фан, санъат ва адабиёт аҳлининг ғомийси ҳам эди. Ана шу фикрдан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, Саккокий Улуғбекдан паноҳ топган алломалар сирасига кириб, унинг ижодий фаолияти одил подшоҳ билан боғлиқдир. Сакко¬кий ўз ҳомийсига атаб қасида битади, Улуғбекни кўкларга кўтариб мақтайди, унинг душманларига қарши ўз сўзлари билан зарба беради. Шоир Улуғбекка баҳо берар экан, шундай маърифатпарвар под¬шоҳ билан замондош бўлганидан фахр ҳиссини туяди ва:
Фалак йиллар керак сайр этсаю келтирса илкига,
Менингдек шоири турку сенингдек шоҳи донони,—
деган мисраларни ёзади.
Саккокий ўз девонида Мирзо Улуғбек, Халил Султондан ташқа¬ри, Хожа Муҳаммад Порсога, Арслонхожа тархонга ҳам қасидалар битган. Бу қасидалардан ташқари девонга бир қатор лирик ғазаллар ҳам киритилганки, бу ғазалларнинг кўпчилиги бизгача етиб келмаган. Саккокийнинг ўзи тузган девонининг бир неча қўлёзма нусхалари маълум бўлса-да, бу нусхаларнинг бирортаси ҳам тўла ва мукаммал нусха эмас. Жумладан, Лондонда, Британия музейида девоннинг тах¬минан XVI аср ўрталарида кўчирилган бир нусхаси ва Тошкентда, Ўчбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик инстутитида 1937 йилда Шоислом исмли котиб томонидан қайсидир манбадан кўчирилган нусхаси сақнанади.
Саккокий XV аср ўрталарида вафот этганлигини Навоийнинг Самарқандда бўлган йилларида (1465—1469) Саккокий мухлислари билан учрашгани ва суҳбатлашгани билан изоҳлаш мумкин. Нимагаки, Саккокий бу даврда ҳаёт бўлмаган, агар ҳаёт бўлганида Навоий билан учрашган бўларди.
Саккокийнинг қасидачилик борасидаги маҳоратини назарда тутадиган бўлсак, шак-шубҳасиз, уни Ўзбек қасидачилигининг асосиси десак янглишмаймиз. У улуғ шоир Лутфий билан беллаша оладиган шоир даражасида бўлган. Бу ҳақда Алишер Навоий  ўзининг асарида шундай жумлаларни келтиради: «Уйғур иборати Фусахосиндин ва туркий алфозининг булағосиндин Мавлоно Сак¬кокий ҳам Лутфийларким, бирининг ширин абётининг иштиҳори Туркистонда бағоят ва бирининг латиф ғазалиётининг интишори Ироқ ва Хуросонда бениҳоятдурур ва девонлари мавжуд бўлгай». Бундан кўринадики, Саккокий Туркистон, яъни Мовароуннаҳрдаги ижоди билан жуда катта обрўга эга бўлганки, унинг гўзал қасидалари, севгини васф этувчи бетакрор ғазаллари Самарканд илм аҳлининг кўнглидан мустаҳкам жой олган.
Саккокий лирикасининг асосий тематикаси кўпгина шоирларникидек асосан севги-муҳаббатни шарафлашдан иборат. У инсонни инсонга бўлган муҳаббатини куйларкан, севгини ҳаётга, унинг завқ-шавқи, табиат манзараси ва инсоний эзгу хислатларга бўлган меҳр-муҳаббат билан узвий ҳолатда тараннум этади. У ўз шеърларининг маъно ва шаклига катта эътибор берган, ғазалларида замондошлари каби ажойиб сўз ўйинларидан усталик билан фойдаланган. Тасвирланаётган маъшуқанинг ғамзасини таърифлар экан:
Қочонким ғамзаси кўзлаб ўқин кирпики кезлоса,
Қора қошларидан пайдо бўлур ушшоқнинг ёси,—
дейди.
Саккокий ғазалларида келтирилган кўпгина бадиий тасвирлар ва  ўхшатмаларни Алишер Навоий, Бобур ва бошқа шоирларнинг ғазалларида ҳам учратиш мумкин.
Саккокий фақат лирик шеърлар ёзиш билан чекланиб қолмай, юқорида айтганимиздек, гўзал қасидалар ёзди ва бу қасидалар у яшаган, ижод этган даврдаги ижтимоий ҳаёт билан чамбарчас боғланиб кетган.
Саккокий Улуғбекка атаб ёзган қасидасидаги яна бир мисрага эътиборни қаратсак, фойдадан холи бўлмас:
«Раият қўй эрур, Султон анга чўпон ё бури,
Бури ўлгаю қўй тинғай, чу Мусотек шубон келди»,
— деб ёзади.
Бу билан Саккокий ўша даврдаги ҳукмдорлар ҳақида фикр юритади ва адолатли ҳукмдорларни чўпонга, адолатсиз ҳукмдорларни бўрига ўхшатади.
Улуғбек давлат тепасига келиши воқеасини шоир қуйидагича ифодалайди:
Жаҳондин кетти ташвишу мабодойи амон келди,
Халойиқ айш этинг бу кун, сурури жовидон келди.
Тан эрди бу улус барча, анингтек жони бор ё йўқ,
Биҳамдиллоҳ, ўғон фазли била ул танга жон келди.
Улуғбекка бағишлаб ёзилган қасидада халқ, улус, раият, омонлик, сурур, адолат сўзлари кўп учрайди. Бундан кўриниб турибдики, замонасининг илғор фикрли кишиси сифатида буюк шоир Сакко¬кий халқ аҳволини ўйлаган ҳолда, Улуғбекдек маърифатли ҳукмдорнинг давлат тепасига келиши халқ учун яхши иш бўлганлигидан мамнун эканлигини изҳор этган.

Шундай қилиб, ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек, Мавлоно Саккокий ажойиб лирик шеърлар ва бетакрор қасидалар ижод этган қамда ўзбек мумтоз адабиётининг равнақ топиб, гуллаб-яшнашига маълум ҳисса қўшган буюк шоирлардан бири сифатида тарихда муҳрланди.

 


24 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин