Саналар
22.12.2024
Баннер
Машъум хато ёки гап канизакда эдими?
21.07.2014 07:16    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

XIX аср иккинчи ярмида Туронзаминнинг Россия томонидан нисбатан осонгина босиб олиниши сабаблари хусусида гап борганда, кўп ҳолларда, ўлкадаги Қўқон, Хива хонликлари Бухоро амирлиги ҳукмфармолари ўзаро аҳил бўлмагани масаласи таъкидланади. Бу фикр муайян даражада тўғри. Негаки, Россия босқинидан олдинги даврларда ҳам бу уч хонлик орасида турли низолар чиқиб, улар бир­бирларининг ерларига ҳужум қилган, аҳолини талон­торож этган. Бироқ Россия императорлари Марказий Осиёни босиб олиш фикрини қатъийлаштирганларидан кейин муттасил равишда хонликларни бир­бирига гиж­гижлаш, улар орасида ўтиб бўлмас чоҳ пайдо қилиш мақсадини амалга оширишга интилдилар. Архив материаллари ҳам буни тасдиқлайди.
Гапни олис даврлардан бошламай, XIX асрнинг биринчи ва иккинчи чорагида юз берган воқеаларга назар ташлай қолайлик. Россия ҳукмрон доиралари савдогар, сайёҳ ниқобида кетма­кет жосуслар йўллаб, хонликлардаги ҳақиқий аҳволдан пухта хабардор бўлгач, уларнинг босқинчилик режаларида алдам­қалдам “дипломатия” тобора кўпроқ ўрин эгаллай бошлайди. Жумладан, улар, бир томондан, Россияга юборилган Қўқон, Бухоро ва Хива элчиларидан ўз ёвуз мақсадларини яшириб, хонликларга яқин ҳудудларда ҳарбий истеҳкомлар қуриш, дарё портларини келажакдаги ҳужумлари учун мувофиқлаштириш каби номатлуб ишларини гўё хонликлар манфаатини кўзлаб қилинаётгандек кўрсатмоқчи бўладилар. Иккинчи томондан, Туронзаминга босқин онлари яқинлашгани сари уч хон орасидаги низони атайлаб кучайтиришга қаратилган манфур дипломатияни император ва унинг энг яқин аъёнлари иштирокида амалга оширишга эришадилар.
Бу сиёсий найранглардан бири 1842 йил баҳорида Қўқон хонлиги амир Насрулло томонидан босиб олиниб, талон­торож қилиниб, оммавий қатл ўтказилиб, бу ҳам етмагандек, бутун хонлик ҳудуди Бухоро амирлигининг таркибий қисми, дея расман эълон этилишидан кейин Россия императори Николай Биринчи томонидан амирга йўлланган мактуб эди. Икки хонлик ўртасидаги бу адолатсиз урушнинг бош сабабчиси амир Насрулло эканлигини яхши билган император амирнинг Қўқондаги ғалабасидан мамнун эканини билдирган ва унга гўё илтифот кўрсатаётгандек бундай деб ёзганди: “Қўқондаги тахт учун курашларни бартараф қилиш зарур. Шундан кейин Туркистон ва Тошкент билан Сирдарё бўйигача, Жиззахдан бошлаб Ўратепа, Хўжанд, Қўқон, Марғилон ва Кошғар чегарасигача бўлган ерлар сиз ҳазрати олийларининг қўлларида бўлиб, ҳукмронлик қилишингизни истаймиз”.
Ваҳоланки, бу мактубдан атиги уч ой чамаси аввал, 1842 йилнинг 25 февралида хонлик элчиси Муҳаммад Халил Соҳибзода орқали Муҳаммад Алихонга йўллаган мактубида айни шу Николай биринчининг ўзи: “Сизнинг қудратли Россия давлати билан мунтазам равишда дўстона алоқаларда бўлиш истагингизни билиш биз учун ғоят ёқимли бўлди. Сизнинг бу яхши ниятларингизни ўз томонимиздан камоли эҳтиром ила қабул этамиз. Ишонамизки, сизнинг ўзаро дўстона қўшничилик алоқаларини йўлга қўйиш ҳақидаги самимий ғамхўрлигингиз келгусида муваффақиятли натижаларга олиб келади. Сизга барча эзгуликларни тилаб қоламиз” (Ўзбекистон Марказий Давлат архиви, 715­жамғарма, 1­қайд, 4­иш, 16­саҳифа), деб ёзган эди.
Ана субутсизлигу, ана сурбетлик! Россиядек оламга танилган, қудратли давлатнинг императори уч ойгина аввал дунёнинг барча яхшиликларини тилаб қолган Қўқон хонлигига энди ҳеч бир инсоф­адолатга тўғри келмайдиган ёмонликларни раво кўриб ўтирса­я! Николай Биринчи Қўқон хонлигининг барча ҳудудлари амир Насрулло тасарруфида бўлишини айтиб, гўё унга катта илтифот кўрсатгандек таассурот қолдиради. Лекин орадан бирмунча вақт ўтиб, худди шу ҳудудлар Россия аскарларининг оёғи остида топталди: Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги императорликнинг вассалига айлантирилишидан ташқари, Қўқон хонлигининг номи жаҳон харитасидан бутунлай ўчирилди.
Амир Насрулло томонидан 1842 йили Қўқон хонлигида амалга оширилган хунрезликни мутлақо оқлаб бўлмайди. Нега? Шунинг учунки, ўша вақтдаги Қўқон ҳукмдори ўз юртининг амирлик томонидан шафқатсизларча босиб олиниши, ўзи, укаси, волидаси, хотини, фарзандлари ва бошқа яқинлари билан оломон олдида ваҳшийларча қатл этишга арзийдиган бирор иш қилмаган эди.
Ўша даврнинг ҳақгўй муаррихлари бу хусусда бизга аниқ маълумотлар қолдиришган. Улар бу мудҳиш босқинни тузатиб бўлмас хато сифатида баҳолашган. Тарихий манбалардан маълумки, амир Насрулло ўз босқинчилик юришини оқлаш учун гўё Муҳаммад Алихон отаси уйланмоқчи бўлган канизакни никоҳига олиб, шариатга хилоф иш тутди, деган даъво билан чиққан. Ўша даврнинг зукко муаррихи Исҳоқхон тўра Ибрат “Тарихи Фарғона” асарида амир Насруллонинг бу ишига аслида нималар сабаб бўлгани хусусида қуйидагича ёзади: “Муҳаммад Алихон аносини олди деган сўз рост бўлмай, бухорийлар қатлларини айбини сатри учун қилған қабиҳаларини тавжиға чиқарилмиш сўзлари экан. Асл муддао бўлак экан. Чунончи, Умархон “оламан” деган Пошшохон ойимни ҳуснини эшитуб, ғойибона мафтуни жамол бўлуб, муни анча сабаб қилиб келган экан... Муҳаммад Алихонни халқни кўзига осию гуноҳкор кўрсатиб, шариатни поймол қилди, танбеҳ даркор, деб келиб, қанча хонзодау мазлума ойимларни қатли бағайри ҳақ қилиб, охируламр мурод ўшал ойим экан, олуб, муддаосиға етиб, Бухороға олиб кетди”.
Мирзоолим Мушрифнинг “Ансоб ус­салотин ва таворих ул­хавоқин”ида эса, амир Насрулло босқинининг бошқа бир сабабига урғу берилади: “1252 санада (милодий 1836-1837 йил) Фарғона хони Муҳаммад Алихон бирла амир Насрулло ораларида Башоғир ном қалъа таъмири хусусида мунозаат (низо) бўлди... Башоғир қалъаси мунозеъи ва ҳам бошқа сабаблар ила амир Насрулло Баҳодирхон қўшин жамлаб, Фарғона ўлкасига юруш қилиб, низомий аскарлари бирла осонлик илан Башоғирға истило қилиб, андин Ўратепа ва Ҳўжанд шаҳарлариға дохил бўлуб, андин дорулмулки Фарғона бўлуб турган Ҳўқанд устига келиб, қатл айлаб Бухорога жўнади”.
Ўша давр муаррихларининг барчаси амир Насруллонинг Қўқонга қилган бу босқини сабабини, аввало, Муҳаммад Алихон Қўқон хонлиги сарҳадлари дахлсизлиги учун амирликка чегарадош Башоғир қалъасини мустаҳкамлаганида, қолаверса, Муҳаммад Алихон никоҳига олган канизак — Пошшохоннинг ҳусн­жамоли таърифини эшитган амир унга ғойибона “ошиқ” бўлиб қолганида кўрадилар.
Амир Насруллонинг бу ваҳшийлиги ва бошқа кўпдан­кўп номатлуб ишлари борасида гап борганда, ўша давр тарихчилари халқ ундан қаттиқ норози бўлиб, амирни ўз исми билан эмас, балки “Ботир қассоб” лақаби билан атай бошлаганини қайд этади. Аксар муаррихлар фикрича, амир Насрулло аъёнлари ичида унга маслаҳат кўрсатишга, ҳақиқий аҳволни юзига айтишга журъат эта оладиган бирор киши бўлмаган. Бироқ ўша даврда яратилган айрим тарихий асарларда бошқача маълумотлар ҳам учрайди: амир Насрулло қанчалар ўжар, калтафаҳм ва жаллодтабиат бўлмасин, унинг атрофида амирни даҳшатли ишлардан қайтаришга интилган, ҳатто унинг юзига тик боқиб, бу ишлар қандай мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айта олган жасорат эгалари ҳам бўлган. Масалан, Исҳоқхон Ибрат “Тарихи Фарғона”да, Мулла Олим Махдум “Тарихи Туркистон”да бундай улкан жасорат, инсоф ва ақл эгаларидан иккитаси хусусида алоҳида тўхталади. Уларнинг биринчиси — саркарда Абдусамад ноиб, иккинчиси эса, шоир Жунайдулло Ҳозиқдир. Амир Насрулло босқинига тоб беролмай, укаси Маҳмудхон билан бирга қочган Муҳаммад Алихонни унинг ҳузурига тутиб келтирганларида рўй берган воқеани Ибрат қуйидагича тасвирлайди: “Амир дарҳол қатлға ҳукм қилғанда ўз вазирларидан Абдусамад ноиб деган ҳушманд киши амирга “Жаноби олийларига малоли хотир бўлмаса, бир калима сўз айтсам” деганда, амир “Нима сўздур?” деган экан. Айтибдурки, “Ҳоло Ҳўқанд забт ўлди, Фарғона катта мамлакатдур, қанча аскару, сипоҳу хазина сарф ўлуб олинди, алҳолда Русияни келмаги маҳали хавфдур. Агарда хонни онти акид бериб, тавба қилдуруб, Ҳўқандға қўюб, Бухороға тобеъ қилинса, бир мулк бўлуб, бизларга келган душманларга бир қалқон бўлур эрди”, деганда сўзи амирга маъқул бўлмай, оғзиға кафш билан урдурғон экан”.
Абдусамад ноибнинг чинакам жасорат ва тенгсиз донолик намунаси бўлган бу сўзидаги икки жиҳатга алоҳида эътибор бериш лозим бўлади. Аввало, Россия Оқмасжидни босиб олишидан ўн бир йил илгари Абдусамад бу “маҳали хавф”ни яққол идрок этиб, дафъ этиш мушкул бўлган ана шу хавфдан амирни огоҳлантиришга журъат этган. Иккинчидан эса, бу гапни оддий ноиб эмас, балки ҳарбий соҳада катта мутахассис бўлган, ўзи инглизча таълим бериб, инглизча қуроллар билан таъминланган 200 чамаси аскари кучи билан хонликни енгишда алоҳида иш кўрсатган шахс айтмоқда. Аммо жоҳил ва нодон амир ўйламай­нетмай ақл­идрокда, билимдонликда, инсоф­адолатда кўпчиликка намуна бўладиган Абдусамад ноибни халойиқ олдида қаттиқ беобрў қилади ва жазолайди. Кекчи амирнинг бу жазоси ҳали хамир учидан патир эди...
Амир билан Абдусамад ноиб ўртасидаги муносабатлар ана шу жазолаш воқеасидан сўнг қандай тус олгани ва ноибнинг кейинги фожеали тақдири борасида Мулла Олим Махдум ўз китобида кенг маълумот беради:
“1250 (милодий 1834 йил) санада Эронистон тарафидин Абдусамад Табризий ном зот Бухороға келди. Ул одам доно ва фозил ва ғоятда ҳунарманд ва закий ва соҳиброй эди.
Онинг саъйи ва далолати ила Бухоро мамлакатида бўлган Эрон асирларини сотиб олиб ва бошқа важҳлар илан олиб, икки юзга яқин жамлаб, инглис тартибида низомлик аскар тартиб қилиб ва бошқа уруш асбобларини ҳозирлаб, отларға таълим бериб, адади оз бўлса ҳам, яхши мунтазам аскар аҳдос қилди... Абдусамадға ноиблик рутбаси берилиб, амир Насрулло наздида мақбул, ғоятда эътиборлик бўлди. Бир неча замонлардан кейин ҳассод ва душманлари кўпайиб, ҳар хил макруҳ тадбирлик сўзлар илан амир Насруллони онинг хусусидаги ихлос ва муҳаббатини қайтариб (ноибнинг асосий айби Қўқонда амирга маслаҳат кўрсатишга журъат этгани эканлигидан муаллифнинг хабари йўқ чамаси — Ш.Ю.), охир тўпхона раёсатини бир нодон, жоҳил саркардаға топшуруб, Абдусамадни онинг фармониға қўйди. Абдусамад бу ишдин ғоятда ору номус қилиб, ниҳоятда кўнгли ранжиб, ораларида кудурат пайдо бўлуб, амирнинг ямон ниятидин хавфу талошға тушуб, Бухородан қочмоқ фикри илан Шаҳрисабз ҳокими илан аҳду паймон қилиб, амир Насруллонинг Шаҳрисабз урушида Абдусамад ўз табааси ва тўплари ила амирдин кўб илгари кетганликдин амир ваҳима қилиб, тўхтамоққа амр бериб, киши юборса ҳам қулоқ солмай кетиб турғонда, амир кетидин аскар юборуб, Шаҳрисабзға яқин келганда муҳораба қилиб, олиб қайтиб, они зиндонға солиб, охири муни ҳам қатл қилди”.
Амирга бир мартагина тўғри маслаҳат беришга журъат этган, амирлик учун сув ва ҳаводек зарур бўлган доно ва зукко саркардани қатл этиш билан амир Насрулло асло кечирилмас гуноҳ қилгани, унинг бу азим гуноҳи амирликка қанчалар қимматга тушгани ҳақида кейинроқ фикр юритамиз.
Бўлар­бўлмасга ҳадиксирайверадиган, нодон, жоҳил, кекчи амирнинг Қўқон юришидаги қилмишлари тарих олдида унинг юзини қаро қилажагини башорат қилган ва бу ҳақдаги фикрини амир юзига қақшатғич бир байт билан айтган мислсиз жасорат соҳиби Ҳозиқнинг ҳаёти ҳам фожиали тугамаслиги мумкин эмас эди. Бу хусусда “Ансоб ус-салотин ва таворих ул-хавоқин”да Мирзо Олим Мушриф қуйидагича маълумот беради: “(Хўқанддин) неча манзилу мароҳил тай айлаб Бухороға яқин борғанда... амир Баҳодирхон хурсандлик қилиб, Мирзо Жунайдулло Махдум Ҳозиқ мулаққабким, шайхулислом Ҳиротийнинг ўғуллари эрди, амири Бухороға кеча-кундуз ҳамнишин эрдилар, зиёда густоҳ эканлар, амир фармойиш қилдиким: “Бизни бу сафардин бозафар келганимизға бир фард байт машқ қилиб, бир нимарса айтинг”, дедилар. Дарҳол бу байтни ўқудиларким, назми Ҳозиқ:

Буриди бар қади худ аз маломат,
Либосе то ба домони қиёмат.

(Таржимаси: Ўз қаддингга ёмонликлардан шундай бир либос бичтириб кийдингки, у устингда қиёматгача қолади.)
Амирнинг жаҳли келиб, рангида қатра қон қолмади, то ўрдасиға дохил бўлғунча сўзламади. Махдум Ҳозиқ таваҳҳумға қолдилар ва ўшал кеча отланиб, Шаҳрисабзға ўтиб кеттилар... Амири Бухоро дарғазаб бўлуб, неча муддатдин бери Душабой деган бир ўғрини зиндон қилиб қўюб эрди, ани чақириб бир фармойиш қилдиким: “Сен агар Махдум Жунайдни ва эшон Шофеъни бошларини олиб келсанг, банддин озод қиламан”, деди. У ҳам қабул қилиб, Шаҳрисабзга келди...
Қазоро бир кун Душабойни бир одам касал суратида олиб келиб, “Тақсир, бунга дору беринг, касал бўлубдур”, деб. Шул кеча ётиб бошларини олиб, кечалаб амири Бухороға манзур қилди эрса, инъом-эҳсони билониҳоялар сарафроз айлади”.
Хуллас, амир Насруллони кўпдан­кўп ножўя ишларининг мудҳиш оқибатлари борасида огоҳлантиришга журъат этган сарой аъёнлари оз бўлса ҳам учрайди. Улар ўз бошларини қотил қиличи остига қўйиб бўлса-да, шундай фидойилик кўрсатганлар. Аммо жоҳил амир ўзининг машъум гуноҳлари, уларнинг фожеий оқибатлари ҳақида ўйлаб кўришни хаёлига ҳам келтирмаган.
Юқорида биз Абдусамад ноиб амирни мудҳиш қотилликдан қайтаришга журъат этгани хусусида сўз юритган эдик. Доно ноиб ўз мулоҳазасини Россия ҳужуми хавфи муқаррар бўлиб қолгани, бу хавф ниҳоятда жиддийлиги билан изоҳлаб, уни бартараф этиш тадбирини ҳам кўрсатган эди. Бироқ амирликнинг ҳарбий куч­қудратига ҳаддан ташқари юқори баҳо берган амир, бу маслаҳатни назар­писанд қилмаганидан ташқари, ноибни ошкора жазолаб, ақли ноқислигини яна бир марта намойиш этади.
Боз устига, худди ўша кезлари император Николай Биринчи амирнинг Қўқон хонлигида қилган барча ярамас ишларини маъқуллаб, ҳатто хонлик ҳудудида амир ҳукмфармолик қилишини исташини билдириб, элчи орқали расмий мактуб йўллагани амир Насруллонинг бебошлигини янада ошириб юборган ва у эндиликда Россия босқинидан хавф­ҳаросни йиғиштириб, буткул бепарволикка, айш­ишратга берилиб кетган эди.
Россия Туронзаминни босиб олишга қатъий қарор қилганидан воқиф бўлган Англия ҳукумати ўз манфаатларидан келиб чиқиб, бунга йўл қўймаслик режаларини тузган эди. Бу режага кўра, Қўқонда амир амалга оширган қонли воқеалардан илгарироқ Ўрта Осиёдаги уч хонликка ўзининг икки зобитини — полковник Стоддарт билан капитан Коноллини юборган эди. Стоддартга Бухоро амирлигида, Коноллига эса Хива хонлигида ҳамда Қўқон хонлигида юрт ҳукмдорлари билан учрашиб, уларни Россия босқинига қарши биргаликда курашишга тайёрлаш, бу ишда уларга инглиз ҳукуматининг амалий ёрдами қандай бўлишини тушунтириш вазифаси юкланган эди.
Машҳур Исмоилбек Ғаспирали “Таржумон” газетасининг 1906 йилги сонларида эълон қилинган “Тарихи жадидаи Туркистон”, Мулла Олим Махдум эса, кейинроқ, “Туркистон вилоятининг газети”да чоп этилган “Тарихи Туркистон” асарларида бу миссиянинг бош мақсади нималардан иборат бўлгани хусусида фикр билдирадилар.
“Стоддартнинг маслаги, — деб ёзади И.Ғаспирали, — инглизлар томонидан Бухорога бирор қасд ёки зарар келтирилмаслигига жаноби амирни ишонтириб, бошқа бир давлатнинг қасд ва тажовузидан мудофаа этиш истаклари баёнидан иборат эди. Шунингдек, агар амир муносиб кўрса, Бухоро аскарини янги ва тезотар тўплар ила аслаҳалантирмоқ, аскарий муаллимлар бермоқ ва Русиянинг яширин ҳаракат ҳамда мақсадидан Бухоро ҳукуматини хабардор қилмоқ эди”.
Миссиянинг асосий мақсади борасида Мулла Олим Махдум китобида ҳам шунга ўхшаш фикрлар баён этилади.
Муаррихларнинг шоҳидлик беришларича, худди шу мақсадда Хива ҳамда Қўқонга борган капитан Конолли юрт ҳукмдорлари Оллоқулихон ва Муҳаммад Алихон билан музокаралар ўтказиб, Англия қироллик ҳукумати таклифларига уларни кўндиради. Аммо Бухорога навбат келганда, амирнинг тадбирсизлиги ва жоҳиллиги туфайли Россия босқинидан омон қолишнинг тарих берган бирдан­бир имконияти бутунлай барбод этилади, ҳар икки элчи инсоф ва адолатга зид равишда қатл этилади.
Воқеа бундай бўлган эди:
Россиянинг Туронзаминни босиб олиш режасини амалга ошириш муддати тобора яқинлашиб келаётганидан разведка маълумотлари орқали хабардор бўлган Англия ҳукумати ўз манфаатларига зид келадиган бу босқиннинг олдини олиш пайига тушади. Бу ниятини амалга ошириш учун 1838 йили дастлаб Бухорога полковник Миралай Стоддарт деган кишини махсус топшириқ билан юборади. Стоддартни икки марта қабул қилиб, у орқали инглиз ҳукумати ниятидан воқиф бўлган амир элчи таклифига ҳеч қандай жавоб бермайди. Орадан бир оз вақт ўтгач, элчи от устида Регистондан ўтганини эшитган ҳаддидан ошган амир Насрулло ўйламай­нетмай Стоддартни зиндонга ташлатади. Элчидан дом­дарак йўқлигидан ташвишга тушган инглиз ҳукумати турли каналлар орқали Стоддартнинг аҳволидан хабар топиб, Россия ҳукуматидан воситачилик кўрсатишини, элчини Бухородан чиқариб, ўша вақтларда Англия ҳукмронлик қилаётган Афғонистон ҳудудига ўтказиб юборилишига эришишни сўрайди. Россия ҳукумати эса, худди ўша даврда бошқа бир юмуш билан Бухорога юборилган ўз элчиси Бутаковга икки йил чамаси зиндонда азоб берилиб, сўнг бўшатилган, аммо Бухородан кетишига йўл бермай ушлаб турилган Стоддарт хусусида амир билан сўзлашиб, Англия ҳукумати илтимосини адо этишга кўмаклашиш хусусида кўрсатма беради. Бироқ кибру ҳавоси оламга сиғмаган амир бу вақтда Қўқон хонлигини босиб олиш учун жўнаётган бўлиб, Россия элчиси Бутаковни ҳам Регистонда от устида кеккайиб ўтирган ҳолида “қабул” қилади. Шундай бир вазиятда Бутаковнинг Стоддарт борасидаги илтимоси амалга ошмагани ўз­ўзидан маълум.
Хуллас, Стоддарт масаласини ҳал этишни хоҳламаган амир Қўқон юришига отланади. Амир Насрулло Қўқонда, тўғрироғи, Маҳрамдаги ўз қароргоҳида турган чоғида унинг ҳузурига Англия томонидан Хива ҳамда Қўқон хонликларига худди Стоддартники сингари миссия билан юборилган капитан Конолли илгарироқ Хивага бориб, Оллоқулихонни инглиз ҳукумати таклифларига кўндирган, кейин айланма йўллар билан Қўқонга келиб, Қўқон хони Муҳаммад Алихонни бу таклифларга асосан унатган эди. Бироқ Конолли ҳали Қўқондаги ишларини саранжомлаб улгурмай, амир Насрулло мўри малахдай қўшини билан хонлик ҳудудларини эгаллаб олган ва ўзи Маҳрамда қарор топиб, Коноллини ҳузурига чақиртирган эди. Энди Конолли олдида икки йўл турар, биринчи йўл — Қўқондан яширинча қочиб кетиш, иккинчиси эса, ўлим хавфидан қўрқмай, амир Насрулло қароргоҳига бориб, унга ўз мақсадини тушунтиришдан иборат эди. Коноллига хайрихоҳ бўлган Қўқон аъёнлари унга хонлик ҳудудидан хуфия равишда жўнаб кетишни маслаҳат берадилар. Бироқ Конолли нима бўлса ҳам, амир Насрулло ҳузурига бориб, у билан гаплашишга қарор қилади. Амир билан биринчи учрашувдаёқ унинг иши чаппасидан кетади. Элчининг ниятидан воқиф бўлган амир Насрулло дарҳол уни сарбозлар қўриқчилигида Бухорога, ҳамюрти ва ҳамкасби Стоддарт ташланган зиндонга жўнатади.
Қўқонда ўн кунча туриб шаҳарни қонга ботирган, юзлаб бегуноҳ эркагу аёлни, ёшу қарини қатл этган, хазинани ҳам, хусусий кишилар бойликларини ҳам эгаллаб олган, уч юзга яқин гўзал аёлни чўри сифатида ўз юртига жўнатган амир Насруллога худди ўша кунлари Россия элчиси император Николай Биринчининг махсус табрик хатини олиб келиб топширган эди. Россия императори томонидан шиширилган, аслида эса лақиллатилган амир Насрулло Қўқон хонлигини Шералихон эгаллаб олгунча ўтган икки ярим ой чамаси вақт ичида яна ҳам пишқириб, босар­тусарини билмай қолади, зулм­истибдоди ҳар қачонгидан ошиб кетади. Худди шундай бир шароитда ҳақ­ноҳақни, яхши­ёмонни, гуноҳ­савобни ажратишга сира ҳам қодир бўлмай қолган амир Насрулло Англиядек буюк давлат томонидан амирликка ҳаёт­мамот масаласида кўмак бериш таклифи билан келган икки элчи­зобитни ўз ҳузурига чақиртиради.
Бу чақиртириш воқеаси қандай фожиа билан тугагани хусусида Мулла Олим Махдум бундай хабар беради: “Насруллохон Ҳўқандни тор­мор қилиб, эзиб, Бухорога қайтганда инглис элчиларига дини исломни қабул қилмоққа таклиф қилди. Инглислар жавобида: “Ҳукуматимиз тарафидан Мовароуннаҳрга маъмурият ила келдук, дин тарк қилмоқға ёки динни қабул қилмоқға келмадук, умид қиламиз, шунга қараб муомала қилинсун”, дебдурлар. Бу ражолариға қарши жаллодға буюруб, элчиларни бошин кесмоқ ила муомала қилинди. Инглиснинг хайрихоҳона муомаласиға бу тариқа жавоб берилди”.
Исмоилбек Ғаспирали ҳам бу хусусда алоҳида изтироб билан ёзади: “Хива, Бухоро ва Хўқанд хонларини иттифоқ этдириб, замонавий аскар ва қурол тайёрлатиб Русия тажовузига бас келадиган ҳолни келтиришни истаган Англия ҳукуматининг элчиларига шу тариқа муомала қилинди”.
Чиндан ҳам, уч хонликни Россия босқинига муносиб зарба бера оладиган даражага кўтаришнинг, юрт мустақиллигини сақлаб қолишнинг тарих берган бир имконияти нодон ҳукмдорнинг жоҳиллиги ва аҳмоқона сиёсати туфайли барбод этилган эди.
Амир Насрулло шахси масаласида кишини ўйлантирадиган яна бир жиҳат бор. Бу ўринда гап Россиянинг ўша даврдаги энг йирик амалдорлари амирнинг такаббурона ва нодонларча сиёсатидан мамнун бўлганликлари, унинг шахсига ўта баланд баҳо берганликлари ҳақида бормоқда. Оренбург корпуси қўмондони генерал­адъютант Безак 1861 йил 10 январда Россия ҳарбий вазири Чернишевга йўллаган маълумотномасида амир Насрулло ҳақида қуйидаги сўзларни ёзади:
“Ажойиб ақл эгаси, энг уддабурон ва моҳир сиёсатчилардан бўлмиш Насрулло Бухорода ҳукмронлик қилган 34 йил давомида Туркистондаги барча халқлар устидан алоҳида бир жозибали қудратга эга бўлди” (РМД архиви, 715-жамғарма, 1-қайд, 23-иш, 175-саҳифа).
Чор амалдорлари амир Насруллога бундай баҳо бериши оқни қорадан, яхшини ёмондан, савобни гуноҳдан ажрата олмаган бу нодон ҳукмдор юргизган сиёсат Россия ҳукуматининг мустамлакачилик мақсадларига мувофиқ келганлигидан эди, деб ҳисоблаш мумкин. Амирнинг бу сиёсати қандай даҳшатларга олиб келиши муқаррарлигини тез орада юз берган воқеалар яққол кўрсатди.
1842 йил баҳорида Қўқон хонлигини қонга ботириб, унинг барча ҳудудларини Бухоро амирлиги мулки дея эълон қилиб, ўша давр муаррихлари таъбирича, “Иброҳим хаёл деган тарёкий”ни хонликка ноиб сифатида қолдирган амир Насрулло тез орада қаттиқ зарбага учрайди, Қўқонда тахтни Қўқон хонлари авлодидан бўлган Шералихон эгаллаб олади. Бундан дарғазаб бўлган амир Насрулло ўзининг катта қўшини билан яна Қўқон сари йўл олади. Лекин бу сафар хонликни қайта бўйсундиришнинг иложи бўлмайди. Амир Қўқон қалъаси деворлари ёнида икки ой чамаси шаҳарни қамал қилса ҳам ўз мақсадига эриша олмай турган бир вазиятда Оллоқулихоннинг ўғли Раҳимқулихон бошчилигидаги қўшинлар Бухоро амирлиги ҳудудларига бостириб кириб, қалъа ва истеҳкомларни бирин­кетин эгаллаб олаётганлари ҳақида хабар келади. Амир Насрулло ўз қўшинлари билан орқага қайтиб, хиваликларга қарши урушишга мажбур бўлади. Шу муносабат билан муаррих Поён Равшанов бундай ёзади: “Амир хиваликларга қарши тирик жоннинг ҳаммасини, қарийб юз минг қора черикни жамъ қилган бўлса­да, мағлубият, минглаб одамларнинг асир қилиб олиб кетилиши уни ақлан мажруҳ этиб қўяди. Бухоро қора черигининг Хивага қарши жавоб юриши қилиб, Ҳазорасп ёнида буткул тор­мор қилиниши, амирнинг ўзи қочиб зўрға жон сақлаши унинг кейинги ҳаётида машъум асоратлар қолдирди... Амирнинг муттасил қаҳру ғазабда бўлиши, айтадиларки, Хива хони талонидан сўнг қарийб тўрт йил давом этади. Шу йиллар ичида амир Насруллонинг бирор марта кулганини, аъёнлари билан очилишиб гаплашганини ҳеч ким кўрмаган ва билмаган” (“Малика Кенагас ойим ёхуд амир Насруллонинг ўлими қиссаси”).
Золимлиги, ақли ноқислиги ва бемаъни кибру ҳавоси учун амир Насруллонинг бошига тушган бало­офатлар бугина эмас. Ҳатто унинг ўлимига ҳам ана шу ярамас феъл­атвори ва қилмишлари сабаб бўлади. Амирнинг чексиз зулмларидан тўйиб кетган хотини Кенагасбегим халқ қасоси амалга ошувига эришади. “Насрулло Баҳодирхон 5 октабр (1860)да Самарқанддан қайтиши биланоқ вафот этди, — деб ёзади Оренбург корпуси қўмондони генерал Безак 1861 йилнинг 10 январида Россия ҳарбий вазирига йўллаган маълумотномасида. —Унинг хотини, ўз акаси маслаҳатига кўра, Насруллонинг дорисига заҳар аралаштирганини чиндан ҳам бўйнига олган. Бунинг учун амир ўша заҳоти ҳар икки жиноятчини ҳамда ўз табибини ўлимга ҳукм этган”.
Маҳаллий муаррихлар асарларида эса амир Насрулло маст ҳолда ухлаб ётган чоғида Кенагасбегим исмли хотини қулоғига симоб қуйиб ўлдиргани айтилади. П.Равшанов амир қулоғига симоб қуйилганидан кейинги воқеаларни ўз китобида қуйидагича баён этади: “Чалажон Кенагас ойимни икки боласи жасади билан қўшиб, Арк елкасидаги қадимий Чилдухтарон гўрқудуғига ташлаб юбордилар. Айтадиларки, бу қудуқ ичи пишиқ ғиштдан ишлаб чиқилган бўлиб, борҳо­борига тиғ қадаб чиқилган экан. Чуқурлиги йигирма қулоч бўлган қудуққа ташланган инсон танаси то пастга етгунча нимта­нимта бўлиб кесилиб тушаркан”.
Дунёга фақат ёмонлик учун келган амир генерал Безак маълумотномасида битилганидек, ўзи ўлим талвасасида ётгани ҳолда ҳам тавба­тазарруъ ўрнига хотини, қайноғаси ва шахсий табибини ўлдиртириб, сўнгра жон бериши ёки П.Равшанов китобида ёзилганидек, Кенагасбегимни икки гўдак фарзанди билан ажал қудуғига ташлатиши ҳар қандай кишини ёқа ушлатмай қўймайди. Катта ёшли мухолифлари чеккан азоб­уқубатлари учун амирдан ўч олишгани балки тўғридир. Лекин амир Насруллонинг ўз пушти камаридан бўлган икки бегуноҳ гўдак унинг фармонига кўра ўлим қудуғига ташланишига қандай тоқат қилиш мумкин.
Амир Насруллонинг барча қилмишлари унинг ўзи билан қаро ерга кўмилиб кетса кошки эди. Лекин ундай бўлмади. Бухоро хонлигини Россия асоратидан сақлаб қолиш мақсадида полковник Стоддарт ва капитан Коноллини бу ўлкага йўллаган, лекин ўз элчилари амир томонидан ҳеч бир асоссиз қатл этилганидан ғазабга келган Англия ҳукумати тез орада Бухоро хонлигига муносабатини кескин ўзгартиради. Бу ҳақда илгарироқ номи айтилган Безакнинг 1861 йил 29 ноябрдаги қайдларида қуйидагича ёзилган: “Англия ҳукумати Бухоро хонлигини бутунлай кучсизлантиришни мўлжалламоқда. Англия Афғонистонни Ўрта Осиёнинг қудратли давлатига айлантиришни кўзда тутиб, унга Бухоро, Хива ҳамда Қўқондан баъзи вилоятларни қўшиб олмоқчи.
Агар биз Тошкентда қарор топиб, Қўқон орқали Хитой Туркистони билан алоқани таъминлагунимизгача инглизлар бунга улгуришса, улар Ўрта Осиёда тўла ҳукмрон бўлиб оладилар, Ўрта Осиёнинг савдоси ҳам Хитой Туркистони савдоси билан қайтмайдиган бўлиб улар қўлига ўтади”.
Амир Насруллонинг қилмишлари, касофати шулар билангина тугамади. Амир вафотидан олти ойча кейиноқ ўша Безак Россия ҳарбий вазирига бундай деб ёзади:
“Музаффар баҳорда яна Қўқонга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлашга тайёрланмоқдаки, шундай қилса биз учун ғоят фойдали бўларди, албатта“. Бу маълумотнома чор мустамлакачиларининг Ўрта Осиёдаги хонликлар орасига низо солишдан иборат ёвуз мақсадини яна бир бора кўрсатади. Амир Насрулло сиёсати эса, душманларга қўл келган эди. Бу сиёсат йиллар давомида унинг авлодларига ҳам, бутун Бухоро амирлигига ҳам катта фалокатлар келтиришда давом этди.
“Амир Насруллонинг бу хато сиёсатининг натижаси йигирма беш йилдан кейин ўғли амир Музаффархоннинг асрида ҳам давом этиб, Тошканд ва Самарқанд Русия тарафига ўтгандан кейин жадал тамом бўлди”, деб ёзади Мулло Олим Махдум “Тарихи Туркистон”да.
Самарқанд ва Тошкентдан ташқари, Хўжанд, Ўратепа, Жиззах каби йирик вилоятлар Россия томонидан босиб олинганидан чексиз хавотирга тушган амир Музаффар бу кучли душманга қарши курашишда ўз қўшнилари — Қўқон ва Хива хонларидан мадад сўрашга мажбур бўлади. Бироқ амир Насруллонинг замон­замонларга етгулик ёвузликларини унута олмаган хонлар бу илтимосни рад этадилар.
Энди Музаффархоннинг бир вақтлар ёрдам беришни астойдил истаган, лекин элчилари амир Насрулло томонидан хиёнаткорона қатл этилган Англия ҳукуматидан ёрдам сўрашдан бўлак чораси қолмаган эди. Ниҳоят, амир Музаффар Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги олий комиссари лорд Лоуренс ҳузурига ўзининг Аббосхожа исмли элчисини махсус мактуб билан жўнатади.
Амир томонидан йўлланган форс тилидаги бу илтижо­мактубда, жумладан, қуйидаги сўзлар битилган эди: “...Бир гуруҳ одамлар бу ерни (Бухоро амирлиги ҳудудларини демоқчи — Ш.Ю.) ўз тасарруфига олишга киришди ва икки томон ўртасида жанг бошланди. Ислом аҳли уруш маҳоратининг етишмаслиги туфайли босқинчиларга қарши чиқа олмади ва натижада айрим ерларни руслар босиб олди. Тақдир тақозоси билан у ерлар руслар қўли остига ўтиб қолди... Ҳозирги вақтда ислом аҳли руслардан қутула олади ва халқ манфаати йўлида ёрдам сўраб Сизга мурожаат этади. Ҳозирда ҳар бир ҳаракат қулай вазиятга боғлиқ. Сиз бизнинг истакларимизни қабул этиш билан халқимизнинг манфаатларини инобатга олган бўласиз”.
Аммо лорд Лоуренс томонидан Англия ҳукуматига етказилган бу мактубга Лондондан бирор жавоб ҳам, икки мамлакат муносабатларида бирор ижобий ўзгариш ҳам бўлмайди. Оқибатда, вазият тобора кескинлашиб, орадан уч йил чамаси вақт ўтгач, Россия Бухоро амирлиги ҳудудини бутунлай босиб олиб, уни ўз вассалига айлантиради.
Амир Насрулло ўз ҳукмронлигининг атиги бир йилида — 1842 йили йўл қўйган икки мудҳиш хато — аввало, Қўқон хонлигини босиб олиб, қатлиом ўтказиши; ниҳоят, Англия ҳукумати томонидан олижаноб таклиф билан юборилган элчилар Стоддарт ва Коноллини қатл эттиришининг касофати Бухоро хонлигигагина эмас, балки Қўқон ҳамда Хива хонликларига ҳам уриб, бутун Туронзамин Россия томонидан осонгина босиб олинишига йўл очиб берди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 24-сонидан олинди

 
Бухоро тарихи
13.11.2010 18:51    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий

Форс тилидан А. РАСУЛЕВ таржимаси
Масъул муҳаррир А. ЎРИНБОЕВ

МУҲАРРИРДАН

Қўлингиздаги «Бухоро тарихини Ўрта Осиёнинг ерли халқлари томонидан қачонлардир ёзилиб, энди ўтмиш асрлар саҳифаларини ёритиш учун хизмат қилиб келаётган нодир ёзма ёдгорликларнинг энг қадимийларидан биридир дейилса, хато қилинмаган бўлади. Дарҳақиқат, бундан 1000 йил муқаддам Ўрта Осиёнинг ўзида, ўз фарзанди қўли билан ёзилиб, тугал бир асар ҳолида бизнинг кунларгача етиб келган бошқа тарихий манба ҳозир бизга маълум эмас. Шунинг учун ҳам «Бухоро тарихи»ни Ўрта Осиё халқлари тарихнавислик фанидаги энг дастлабки асарлардан бири деб ҳисоблайдилар.

Батафсил ... Янгиланди ( 21.11.2010 13:58 )
 
Фитрат
12.02.2014 08:06    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Қоммунистлар томонидан Бухоро амирига топширилган ультиматум Фитрат томонидан ёзилган эди...

Фитрат ҳозирги замон ўзбек адабиёти, фани ва маданиятининг йирик вакилидир. У қомусий билимга эга олим, адабиёт назариячиси, ўткир тилшунос, ўзига хос драматург ва шоир, жанговар сиёсий публицист, ношир, журналист ва талантли давлат арбоби эди.
Фитрат ўз таржимаи ҳолида ёзишича, 1884 йилда Бухорода туғилди (С. Айний уни 1886 йилда туғилган дейди). Отаси Абдураҳимбой савдо иши билан шуғулланарди. Шунинг учун чет элларга (Қашқар, Туркия, Эрон) борар, дунё аҳволидан бохабар эди. Онасининг исми Бибижон эди. Фитрат бошланғич тарбияни диний мактабда олди, кейин «Мирараб» мадрасасида таҳсил кўрди. Форс, араб тилларини мукаммал билган Фитрат ўз давридаги ижтимоий-сиёсий воқеаларга ҳам қизиқиб қаради. Ўзининг айтишича, аввал жадидлар ҳаракатига қаршилик қилди, кейин унинг моҳиятини англаб етгач, бу ҳаракатга қўшилди. Ҳатто ашаддий тарғиботчиларидан бирига ай-ланди. Шу жадидлар маслаҳати ва ёрдами билан Истамбулга (Туркияга) ўқишга борди ва 1909 — 1913 йилларда шу ерда истиқомат қилди. Туркиядаги ҳаёти Фитратнинг дунёқараши, сиёсий онгини кескин ўзгартириб юборди. У Туркистон ҳаётига Туркиядаги ўзгаришлар (бу пайтлар «Ёш турклар инқилоби» воқеаси бўлган эди) ва илғор мамлакатлар даражасидан чиқиб қарай бошлади: диний хурофотни кескин танқид қилди, ҳатто динни, мактаб-маорифни ва Туркистондаги идора усулини ҳам ислоҳ этиш ғояси билан нафас олди.
Фитратнинг 1909 йилда Истамбулда «Ҳиндистонда бир фаранги ила бухороли бир мударриснинг бир неча масалалар ҳам усули жадида хусусида қилган мунозараси» китоби босилиб чиқци (Фитрат асарини 1908 йилда ёзганини айтади). Асарнинг Бухорода босилишига амир рухсат бермагач, Истамбулда нашр эттирган эди. Асар форсча ёзилган, уни Ҳожи Муин ўзбекчага айлантиради ва «Туркистон вилоятининг газетаси»да бостиради (1911). 1913 йилда алоҳида китоб ҳолида чиқади, унга Беҳбудий кириш сўзи ҳам ёзган эди. «Ҳибс қилиш, ўлдириш, сангсор қилиш кундаги одатлардан эди, — дейди Фитрат — у замонларда китоб ёзишнинг ўзи «кофир»-лик эди. Мен шу вақтларда биринчи асарни ёздим. Бухоронинг идора усулини, таълим-тарбия усулини, бир куй расмий идораларни танқид қилдим. Бу китоб Бухорода тарқалар эди. Унинг ноширлари бўлғон Бухоро жадидларини таҳликага туширмаслик учун амирга қаратиб бир сўзбоши ёзди ва шунинг билан, гўё, танқиднинг унга эмас, маъмурларига оид бўлғонини кўрсатдим. Бу замондаги Бухоронинг ижоби эди. Шунинг билан мени Бухо-ро амирининг тарафдори, дейиш ҳам мумкин эмас. Менинг Бухоро амирига қарши ҳар вақт курашганим ва курашган ташкилотларга раҳбарлик қилганимни билмаган йўқ».
Фитрат адабиётнинг ҳамма жанрларида қалам тебрата бошлади. У 1910 йилда Истамбулда «Сайха» («Чорлов») деган шеърлар тўпламини бостирди. У ҳам форс тилида эди. «Ҳинд сайёҳининг қиссаси» ҳам форсча ёзилиб, 1912 йилда Истамбулда нашр этилди. Фитрат Туркиядан қайтгач, Бухоро, Самарқанддаги қизғин адабий жараён, маданий, маориф ишларига ва сиёсий ишларга аралашиб кетди. Самарқандда 1917 йилдан чиқа бошлаган «Ҳуррият» газетасига (27—87-сонларига) муҳаррирлик қилди. Газетада миллий мустақиллик ғоясини тарғиб этди. Большевиклар ҳаракатини ёклаш керакми ёки йўқми, унга қарши туриш керакми, деган масала кун тартибида турган пайтда Фитрат большевикларни ёқлаб, «Ҳуррият» газетасида бош мақола эълон қилди. «Мақолада, — дейди Фитрат, — курашнинг қайси томонига қўшилиш керак?» деган саволни қўйиб, ўзим сўл томонга қўшилишни ёқладим. Бу курашнинг «ўнг» томонидан бизга хайр йўқлигини даъво қилдим. Менинг бу даъватим каромат эмас, тажриба натижаси эди, чунки Бухоро амири билан бўлган жанжалимизда муваққат ҳукуматнинг тўппа-тўғри амир томонидан турганини, бизнинг эса, рабочийлар томонидан, ишчи-деҳқон-солдат депутатлари Совети томонидан ҳимоя қилинганимизни ўз кўзим билан кўрган эдим ва коммунистлар фирқасининг миллат масаласини бутун дунёдаги сиёсий фирқаларга кўра тўғри ҳал қилғонини яхши билар эдим. Менинг муҳаррирлигим остида чиққан мазкур «Ҳуррият» газетаси Самарқанд жадидларининг ношири афкори эди, сўнг замонларда бир бойнинг пули билан чиқар эди. Мен шунга қарамасдан газетамни большевикларга хайрихоҳ бир нуқтада сақлашга тиришдим, большевиклар мақолаларига ўрин бердим. Самарқанддаги ишчилар ташкилоти билан «Шўрои ислом» орасидаги курашда ишчилар ташкилотининг ношири афкори каби ҳаракат қилдим».
Қўқон Мухторияти тузилганда (1917 йил ноябрь) Фитрат Самарқандда эди. Шу ердан унга аъзо қилиб сайланади. «Қўқонга бормадим. Мухториятнинг ҳеч бир ишига иштирок қилмадим» дейди Фитрат. Аммо ўзининг «Ҳуррият» газетасида бу воқеани юракдан қувватлаб мақола эълон қилади: «Эллик йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик. Қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди. Оғзимиз қоп-ланди. Еримиз босилди. Молимиз таланди, шарафимиз емурулди. Номусимиз ғасб қилинди, инсонлигимиз оёқлар остига олинди. Тўзимли турдик. Сабр этдик. Кучга таянган ҳар буйруғга бўйин сундук. Бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадук, ёшунтурдук, имонларимизга ўраб сақладук. Бу — Туркистон мухторияти.
Маҳкама эшикларидан йиғлаб кетганда, ёруқсиз турмаларда ётганида, йиртқич жандарманинг тепкуси билан йиқилғонда, юртларимиз ёндурулғонда, диндошларимиз осулғонда онгимиз йўқолди. Миямиз бузилди. Кўзимиз ёғдусиз қолди. Бирор нарсани кўролмадик. Шул чоғда тушкун руҳимизни кўтармак учун, шул қоп-қора дунёнинг узоқ бир еринда ойдин бир юлдуз ялқиллаб турар эди. Бирор нарсага ўтмаган кўзимиз шуни кўрар эди. Ул нима эди? Туркистон мухторияти» («Ҳуррият», 1917, 5 декабрь).
Фитрат Бухорога бориб Колесов воқеасига (Туркистон халқ Комиссарлар Кенгашининг раиси Ф.И. Колесов отряди билан ёш бухороликларнинг биргаликда амирликни ағдариб ташлаш учун қилган қуролли қўзғолони) аралашади. Қўзғолончилар томонидан Бухоро амирига топширилган ультиматум Фитрат томонидан ёзилган эди (1918). Бу пайт Фитрат Бухоро компартиясининг аъзоси эди, 1919 йилда эса Марказий Комитет ва кейинча Сиёсий Бюро аъзоси бўлган. Колесов мағлубиятидан кейин у Тошкентга келади ва Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонасида таржимонлик қилади (1919 — 1920), Бухоро большевикларининг «Тонг» журналига муҳаррирлик қилади (у Тошкентда нашр этилар эди, 1920). 1918 йил охирида «Чиғатой гурунги» ташкил этилади. Фитрат унинг раҳбарларидан ва фаол аъзоларидан бири эди. Бу ҳаракатнинг вужудга келишига зарур сабаблар бор эди: мактабларда усмонли тил ва усмонли адабиёт она тили ўрнида ўқитила бошланади, ўзбек тилинингмавқеи тушиб кетади. Фитратнинг таъкидлашича, «Чиғатой гурунги» ўзбек миллатчилиги: ўзбек тили, ўзбек адабиёти шиорлари остида пантуркист тўдаларга ва шунга берилган жадидларга қарши курашди... «Чиғатой гурунги» ўз замонида пантуркизм, панисломизм ҳаракатларига қарши курашмоқда эди. Фитрат 1921 йилда Бухоро ҳукуматида Халқ маорифи нозири, кейин Хорижия нозири, халқ хўжалиги Кенгашининг раиси, жумҳурият Марказий ижроия қўмитасининг ўринбосари, халқ нозирлари Шўросининг муовини, ҳукумат режа ва харж-сарф ташкилий ҳайъатининг раиси каби масъулиятли вазифаларда ишлаб, Бухоронинг равнақи учун қўлидан келган ёрдамини аямади. Айни пайтда Ф. Хўжаев бошчилигидаги Бухоро ҳукумати раҳбарларининг миллатнинг тараққиёти учун олиб борилаётган кенг кўламдаги яхши ишлари Москвага ёқмади. Москва Бухоро ҳукумати таркиби бой, савдогарлардан иборат бўлиб қолган, деган айбни қўйиб, ҳукумат аъзолигидан беш кишини, жумладан Фитратни ҳам чақиради (1923 йил июндаги Пленумда). Фитрат Москвага кетишга мажбур бўлади. У ерда Шарқ тиллари институтида илмий ходим бўлиб ишлади (1923 — 1924). Шу йиллари унга профессорлик унвони берилди.
Фитрат Москвадан қайтиб келгач, Бухоро, Самарқанд, Тошкент университетларида дарс берди. Ўзбекистон Давлат илмий-тадқиқот институтида, Тил ва адабиёт. институтида, Ўзбекистон Фанлар комитетида ишлади. Бу йиллари қатор бадиий асарлар билан бирга жуда кўп илмий асарлар яратди. Аммо Фитратнинг миллатпарварлиги большевиклар ва шўро ҳукумати раҳбарларига ёқмас эди. Уни Чўлпон, А. Қодирий, У. Носирлар билан бирга миллатчиликда айблаш тобора кучайди. Фитрат Бухорода ишлаганда у ерда Ёш бухоролик инқилобчилар фирқаси ва Бухоро коммунистлар фирқаси бор эди, у коммунистлар фирқаси томонида турди, кейин ҳам, Тошкентда бўлган вақтида ҳам шу йўналишда ишлади. Фитратнинг ўзи «Мен ўзбек миллатчиси бўлган замонларда (миллатпарвари демоқчи ) ҳар вақт Шўро ҳукуматига ва коммунистлар фирқасига хайрихоҳ бўлиб турдим», дейди. Афсуски, коммунистик идеал учун, ҳақиқат, адолат, маориф, фан, маданият ва миллат тақдири учун туну кун меҳнат қилган бундай улуғ зотни шу партия, шу шўролар ҳукумати қамоққа олди, у 1938 йил 4 октябрда А. Қодирий, Чўлпонлар билан бирга ваҳшийларча отиб ташланди.
Фитрат кўп қиррали ижодкордир. Бу — унинг лирикаси, драматургияси, публицистик ва илмий мақолаларидир. Аммо шуни айтиш керакки, Фитрат ҳамма жанрларда ҳам битта, ягона қалби билан намоён бўлади: у бадиий ижодда ҳам, илмда ҳам, ижтимоий фаолиятида — давлат ва жамоат арбоби сифатидаги хатти-ҳаракатида ҳам бир мақсад, бир орзу-армон билан нафас олди. Бу — халқни жаҳолат, турғунлик, ғафлатдан уйғотиш, илм-маърифатга чорлаш, эркин, озод, бахт-саодатли ҳаётга, биринчи навбатда, миллий мустақилликка эришишга чорлашдир. У ўзбекнинг ўзлигини таниши, ота-боболари каби улуғвор кашфиётлар қилишга, бирлашган, кучли, қудратли давлат тузишга ва дунёнинг илғор маданиятли мамлакатларига етиб олишга чақирди. Бутун ижоди халқнинг қалб кўзини очишга ва меҳнат, ўқиш, яратиш, курашга — инқилобга даъватдан иборатдир.
Фитратнинг илк тўплами «Сайха»нинг фазилати, Файзулло Хўжаев таъкидлаганидек, «Бухоро мустақиллиги ғояси ёрқин миллий шаклда биринчи бор ифодалаб берилиши эди». Шу туфайли бу тўпламнинг Бухорода босилишига амир Олимхон қаршилик қилади. Шунга қарамай «Сайха»ни 1910 йилда Туркияда (Истамбулда) ўз ҳисобидан нашр эттиради. Тўпламдаги шеърлар форс тилида, ундан 15 тачаси ўша вақтларда (1914 йил) «Садои Туркистон» газетасида ўзбекча изоҳи билан босилади. Тўплам Ватанга муҳаббат, халқ ғам-ғуссасига ачиниш ва зулмдан қутулишга ундаш туйғуси билан йўғрилган.

Ҳам моҳи мангу осойиши, иззу шарафи ман,
Ҳам каъбаи ман, қиблаи ман, чамани ман.

(У — менинг осмондаги осойишта ойим, иззатим, шарафим. У — менинг саждагоҳим, жону танимдир).
Фитратнинг «Учқун» деган тўплами чиққанлиги тўғри-сидаги хабар ҳам матбуотда босилган (1923), аммо у топилмаган. Республика матбуотида, «Ўзбек ёш шоирлари» тўпламида (1922) қатор шеърлари босилган. Гарчанд Фитрат форс, араб тилларини яхши билсада, ўз шеърларида иложи борича уларни ишлатмасликка ва содда ўзбек тилида ёзишга интилди. Унинг устига Фитрат ўз бадиий ижоди ва илмий мақолалари орқали бармоқ вазнининг қулайлиги ва кенг имкониятларини тарғиб қилади. «Бир оз кул», «Ишқимнинг тарихи», «Яна ёндим», «Ўқитувчилар юртига», «Қора» каби шеърлари соддалиги ва ички туйғу ва кечинмаларни ҳаққоний ифодалаб бериши билан жозибалидир. «Ўқитувчилар юртига» шеърида элни маърифат, ҳақиқат йўлига йўналтириш, жаҳолатга қарши курашишга даъват этади:

Орқадошлар жангли ўйин йиққали,
Эл кўзини олғон қоронғу пардаларни йиққали,
Биз эрурмиз маърифат арслонлари, илм эрлари,
Тўпланайлик, туринг, элга тўғри йўллар очғали.
Эллари махвдан қутқарон илм эрур,
Бизларни ҳам бу кундан ўзи қутқарур.
Биз эрурмиз элнинг инсонлик қонии қайнатувчи,
Турк арслонин ўринсиз уйқудан уйғатучи,

Фитратнинг энг машҳур шеърларидан бири «Миррих юлдузи»га деб номланади. Бу шеър унинг бошига кўп кул-фатлар солади, уни миллатчи деб айблашда яна бир қўшимча дастак бўлиб хизмат қилди. Шеърда Фитрат юлдуз баҳонасида Оллоҳга мурожаат этиб, большевикларнинг, босқинчи рус аскарларининг ваҳшийликларини фош этади ва юртдошларини уларга қарши қайрайди:

Борми сенда бизим каби инсонлар,
Икки юзли ишбузарлар, шайтонлар.
Ўртоқ қонини қонмай ичган зулуклар,
Қардош этин тўймай еган қоплонлар?
Борми сенда ўксус, йўқсулнинг қонин —
Гурунглашиб — чоғир каби ичганлар?
Борми сенда бутун дунё тузугин
Ўз қопчиғин тўлдиргани бузганлар?
Борми сенда бир ўлкани ёндириб,
Ўз қозонин қайнатгувчи ҳоқонлар?
Борми сенда қорин, қурсоқ йўлида,
Элин, юртин, борин-йўғин сотганлар?

Мана шу мисраларнинг ўзиёқ Фитрат шеърларининг миллий уйғониш ва инқилобий руҳда эканлигидан далолат беради.
Фитратнинг «Сайёҳ ҳинди» («Ҳинд сайёҳининг қиссаси») насрий асари 1912 йилда босилди. Бу асарнинг аҳамияти унинг шеърияти ва драматургиясидан қолишмайди. Асарда жаҳон халқлари, илғор мамлакатлар фуқароси кўзи билан Бухоро, умуман Туркистоннинг давлат тузумига, тартиб қоидасига, халқнинг турмуш тарзига, иқтисодига, сиёсатига, мафкураси, маданиятига, маорифига назар ташлаб, улардаги ибратли жиҳатларни қўллаб-қувватлаб, иллатларини беаёв фош этган. Фитрат асарда Бухоро ҳаётини беш қўлдай билиши, унинг ривожига ғов бўлган барча иллатларни бартараф этиш чораларини кўрсатиб бера олишини намойиш қилади. Асардаги сайёҳ номидаги шахс («Мен») Фитратнинг ўзидир, у бирор шахс билан — мезбон билан суҳбат қилиш, мунозара этиш жараёнида ўзининг эзгу фикр, тилак-армонларини айтади. Асарни Бухорони, умуман Туркистонни тараққиёт йўлига олиб чиқиш дастури дейиш мумкин. «Уламо» бобида Бухоронинг илм маркази бўлганлигини таъкидлагани ҳолда энди ортда — жаҳолат ботқоғида ботиб қолганлигини айтиб, шу бухороликларга бошқалар ҳам «Жаҳолат ва ғафлат ботқоғига ботдилар», «бугунги ҳақиқий илмдан мутлақо хабарсизлар», дейди. «Умаро» бобида эса амалдорлар «ҳукмронлик отига миниб, бечораю бадбахт халқнинг мол, жон, арз, номус ва шарафини шафқатсизларча поймол этадилар», дейди.Фитрат иллатларни жуда асосли, шафқатсиз таҳлил қилади: ҳовузлардаги ифлос сувлардан ичиш — касалликларни ичишдир, сохта мозорларга эмас, фақат Оллоҳга сиғиниш лозим дейди. Мутаассиб руҳонийларнинг ҳадисларда йўқ гапларни ташвиқ қилишларини танқид қилиб, ўзининг Қуръон, ҳадисларни, Имом Исмоил Бухорийни чуқур билишини намойиш қилади: Бухорода нечта мадраса борлиги, уларнинг номлари ва «оламга тўрт юз олимни ҳадя этгани»гача, ҳозир эса чўкиб қолганини гапиради.
«Эй бечора миллат. Буларнинг барчаси мажбуран шаърийлаштирилган ҳуқуқлар бўлиб, сен ана шу зўравонлар — қонингни сўрувчи, хонумонингни кўкка совурувчи, шараф ва номуснинг бунёдига ўт қўювчи кишилар тарафдорисанки, ҳали ҳам буни тушунмайсан! — дейди. Яна бир жойда «Ҳаммага маълумки, ҳар бир миллатнинг тараққиёти учун илм асосий сабабдир. Сизнинг илмингиз йўқ», дейди.
Фитрат тижорат ва бой бўлишни тарғиб этади, аммо бойликка сажда қилиш, имон-эътиқодни, инсофни йўқотишни қоралайди. Шариат пешволари тижоратни, бойликни қоралайди, дейишади. Фитрат пайғамбаримиз «камбағаллик кофирликка яқиндир» деган эди дейди ва фақат нафсни тийиш кераклигини уқтиради («Тижорат масаласи башариятнинг ҳаёт-мамот масаласидир» дейди Фитрат). Асарда халқни бирлашишга, завод-фабрикалар қуришга, тижоратни ривожлантиришга чақиради.
Фитрат яхшигина иқтисодчи ва доно сиёсатчи эди. «Шарқ сиёсати» (1920) китобида «Мусулмон дунёси оёклари остида йиқилғон, тебраниб, талпиниб турадир» деяр экан, Туркистоннинг инглизлар қўлига тушмаслик ва тараққий қилиши учун Россия билан яқинлашиши кераклигини айтади: «Мусулмон дунёсини Оврупо жаҳонгирларидан қутқармоқ керак. Лекин мусулмон дунёси билимсиз, онгсиз, ҳунарсиз қолғон: бирлиги йўқ, иш йўлла-рини билмайдир, уруш яроғи йўқдур, шунинг учун Овруподаги кучларнинг бириси билан қўшулардан бошқа чора йўқ», шунинг учун «Русия Шўролар ҳукумати билан келишмак, бирлашмак керак» дейди.
Бу кўчирмани келтиришимизнинг боиси яна шундаки, 1920 йилда «Чин севиш» ва ундан уч йил кейин 1923 йилда «Ҳинд ихтилолчилари» фожиасини ёзади. Бунда инглиз босқинчиларидан Ҳиндистонни озод қилишга киришган ёшларнинг кураши, жасоратини кўрсатади. Бу ғоя «Чин севиш» пьесасида ҳам олға сурилади. «Чин севиш» Фитратнинг сиёсий-фалсафий йўналишдаги кучли асаридир. Фитрат тасаввуф, нақшбандлик, яссавийчилик тўғрисида теран рисола, мақолалар ёзган. «Чин севиш»да буларнинг таъсири сезилади. Асарда инглиз босқинчиларига нисбатан, капитализмнинг ахлоқ бобидаги қусурларига, Оврупонинг мусулмон дунёсига бўлган душманлик сиёсатига нисбатан нафратини ифодалайди. Фитрат Овруподан давлат тузуми, фан-техника соҳасидаги барча ютуқларни ўрганиш, ўзлаштириш тарафдори. Аммо у ерда меҳр-шафқатлиликни бир чеккага суриб бутун чоралар билан фойда кетидан қувишни, пулга, олтинга сажда қилишни қаттиқ танқид қилади. Асар қаҳрамони Каримбахш «Оврупода билим бор, лекин инсон йўқ. Оврупонинг билими қоплоннинг тиши, тирноғи каби бир нарсадир. Кучсизларни йиртиб емак тўғрисида кўп иш кўрмишдир», дейди. Асардаги Ватани озодлиги учун жонини тиккан йигит Нуриддиннинг Зулайхога бўлган ишқи сўфиёна ишқ —чин севишдир. Мажнунлар ишқи сингаридир. У севгилисига жисмонан етишишдан кўра юқорироқ тилакни — руҳий бирлашишни орзу қилади. «Оврупода руҳ йўқдир. Улар руҳоний лаззатдан бир нарса англаёлмайдилар. Чин севиш ва ҳақиқий ишқнинг туб ери Шарқдир. Мажнун, Фарҳодлар каби ишқ пайғамбарлари Шарқда етишдилар. Бутун Овруподаги ишқ отини олган ҳоллар ҳайвонлиқ ҳаваслардан бошқа нарса эмасдир», дейди. Албатта, Фитрат бу ерда Овруподаги бешарм, яланғоч, ибосиз севгини, айш-ишрат ва бойиш манбаига айланган сохта муҳаббатни, ҳайвоний ҳирсни назарда тутмоқда.
20-йиллар охири ва 30-йиллар бошида Фитратни миллатчилиқда айблаш ҳаракати авж олган пайтда пьесаларидан ҳам дастак сифатида фойдаланганлар. Айниқса Ҳ. Олимжоннинг Фитрат тўғрисидаги каттагина мақоласида «Чин севиш», «Ҳинд ихтилолчилари», «Темур соғанаси» (бундан бир парча қолган холос) пьесаларидаги барча фикр-ғояни шўроларга қарши айтилган, деб даъво қилган. Аслида ҳам Ҳиндистон ва инглизлар масаласи ўша даврнинг кун тартибида турган масала эди. Фитрат шу ҳолатдан фойдаланиб туриб, босқинчиларга, айниқса, босмачилик ҳаракати, яъни халқ озодлиги кураши авж олган пайтни, ўша даврдаги қирғин, адолатсизликни назарда тутиб, халқни миллий мустақиллик, озодлик курашига чақиради. Фитрат пьесаларида шу рамзийлик, имо-ишора усули кенг қўлланилган. «Ҳинд ихтилолчилари»да Рахибахш ва унинг севгилиси Дилнавоз, қаландар Лола хардиёл каби фидойиларнинг ватанпарварлигини кўрсатиб беради. Асардаги жуда кўп гаплар сўзсиз «қизил империя»га ҳам қарши қаратилган эди: «Инглизни Ҳиндистондан қувмоқ эзгу ишларнинг биринчисидир», «Қуръонни ҳайвон тепкисидан қутқаришдек буюк», «...чўчқани масжиддан ҳайдаш каби эзгу» иш лозим, «улар таловидан қутулмоқ учун бирлашмоқ» керак, «Бу кун ўлкада қўйдан ортиқ одам кесиладир», «Масжидда номоз учун йиғилганлар — сиёсий йиғин ясоғон бўлиб, тўпғо боғланар эди, эр билан хотин ўзаро кўпроқ гапирганда ҳукуматга қарши бўлиб, дорға осилар. Бу кун устидагина шу ўлкага қарағанда, йиқилғон шаҳарлар, ёндирилган қишлоқлар, таланғон уйлар, кесилғон бошлар, осилғон гавдалар, тўкилғон қонлардан бошқа бир нарса кўрмаймиз...»
Пьеса юртдошлари учун бир сабоқ, дастур, чорлаш, ундов эди. Асарнинг «Йиртқичлардан элимизни қутқарамиз», деб тугатилиши ҳам бежиз эмасдир.
Фитратнинг «Абулфайзхон» трагедияси 1924 йилда Москвада нашр этилади. Трагедия гарчанд XVIII асрда яшаган аштархонийлар сулоласининг сўнгги вакили Абулфайзхон ҳаёти ҳақида ҳикоя қилсада, аслида босмачилик даври руҳиятига ҳамоҳанг эди. Драматург тож-тахт ва шоҳ, тож-тахт ва адолат, тож-тахт ва халқ тақдири, мамлакат тақдири масалаларини қўяди. Зулм, адолатсизлик, зўравонлик мамлакат ва халқни хароб қилишини кўрсатиб беради: золим шоҳ, золим амалдорнинг тақдири фожиали якунланиши ва фақат адолатли ҳукмдоргина халқ, юртга тинчлик, бахт-саодат бериши мумкин, деган ғоя олға сурилади. Шу жиҳати билан асар 20-йиллардаги юртдаги қирғин, зўравонлик ва уни келтириб чиқарган тузум билан жипс боғлангандир. Абулфайзхон фақат қон, зулм эвазига тахтга чиқади ва шу йўл билан ҳукмронлик қилади. У акасини, ота ўрнидаги Фарҳод оталиқни, дўстларини ўлдириб, тахтни эгаллайди, бу қилмиши туфайли бемалол ухлай олмайди, доим қўрқув, тахликада яшайди. Бу ҳақда шундай дейди:
«Ортуқ ҳеч кимнинг менга ишончи қолмади... Буларнинг ўзи йўлга келиб, менга душманлиқ қилмоқни ташласа, нима бўлур? Йўқ... Йўқ... Буларнинг ўзи йўлга келмайдир. Ўлдираман, ўлдираман. Дунёда битта душманим қолмағонча, қон тўкаман. Улфатнинг сўзи тўғри. Подшолик қон билан суғорилатурғон бир ёғочдир».
Сарой аҳли Ҳакимбий бошчилигида Абулфайзхонга қарши туради. Эрон шоҳи Нодиршоҳ Бухорони олиш учун йўлга чиқади. Суянчиғи йўқ Абулфайзхон унга қарши курашмоқчи бўлади. Ҳакимбийлар кучи, қуроли йўқ, ноиттифоқ хоннинг бу йўлини қувватламайди. Нодиршоҳ билан музокара олиб бориб, тинч йўл билан таслим бўлиш фойдали эканлигини айтишади ва шунга қарор қилишади. Нодиршоҳ ғоят уста ҳукмдор бўлганлиги учун Бухорони олишга эмас, балки у ерга меҳмон бўлиб келаётганлиги ва Абулфайзхонни ўз ўрнида қолдиражагини айтади, совғалар келтиради. Лекин Ҳакимбийлар бу ҳийлани билишиб, Абулфайзхонни ўлдиради, фарзандларини ҳибсга олади. Унинг ўрнига Абулфайзхоннинг 15 яшар ўғли Абдулмўминни хон қиладилар. Раҳимбий унга заҳар бе-риб ўлдириб, ўзи тахтни эгаллайди, у ҳам қирғин бошлайди.
Фитрат ижодида диний мавзуда ёзилган қатор рисола, мақола, ҳикоя ва пьесалар бор. «Қиёмат» (1924), «Меърож», «Зайнабнинг иймони», «Оқ мозор», «Қийшиқ эшон», «Зайд ва Зайнаб» каби фантастик ҳикоялар (1928— 1932), «Шайтоннинг тангрига исёни» (1924) ва «Рўзалар» (1930) пьесалари шулар жумласидандир. Адабиётшунос Б. Қосимов «Шайтоннинг тангрига исёни» асари тўғрисида тўхталиб, «Айрим тадқиқотчилар унда атеистик оҳанглар кўрадилар. Бу, бизнингча, тўғри эмас. Унинг ҳаёти ҳам, фаолияти ҳам бундай дейишга имкон бермайди. У динга эмас, аксинча динсизликка, имонсизликка, эътиқодсизликка қарши. Айни пайтда мутаассибликнинг ҳам душмани», дейди. Бу олим ҳатто мазкур асарда ёзувчининг Октябрь инқилобига муносабати акс этган фикрни ҳам ўртага ташлайди. Бу олимнинг «Айни пайтда мутаассибликнинг ҳам душмани» деган гапида жон бор. Фитрат исломга эътиқод қўйган, унинг тарихини чуқур билган шахс эди. Мадрасада ислом тарихидан дарс ҳам берган ва «Мухтасар ислом тарихи» (форсчадан ўзбекчага қилинган таржимаси 1915 йилда нашр этилган) рисоласи бунинг исботидир. Рисолада на ислом ва на пайғам-баримиз шаънига бирор оғиз танқидий гап йўқ, аксинча пайғамбаримиз сифатларини махсус таърифлаб, ибрат қилиб кўрсатади:
«Ҳазратнинг ахлоқ ва одоблари бисёр мақбул ва комил бўлғон, ҳеч вақт ёлғон гапирмаганлар, ҳеч кимга хиёнат қилмаганлар, ноинсофлик, мурувватсизлик ва беҳаёликдан йироқ эдилар», у «энг олий хулқ ва раҳимли сифатларга эга бўлғонлар. Раҳим ва шафқат, карам ва саховат, мадад ва илм бобларида оламга машҳур бўлғонлар, беҳуда ғазабга келмас эдилар. Дин ишларидан бошқа масалаларда жузъий камчиликларни кечирар эдилар. Инсоф доирасидан бир қадам ҳам ташқарига чиқмас эдилар, ҳар каснинг билими ва имкониятига қараб иш буюрардилар. Ҳеч касдан ҳеч нарсада тамагир бўлмоғонлар ва садақа ҳам олмағонлар», дейди.
Фитрат «Ҳинд сайёҳининг қиссаси» асарида Бухорода икки юзга яқин мадраса борлиги, унинг уч тоифага рўлиниши ва барча мадрасаларнинг номини бирма-бир рнайди. У бу мадрасалар энди «разолат уйига» айланиб қолганини, бу ердаги уламолар «мазлум халқларнинг қонини ичиб келаётганини» қаҳр ва алам билан ёзади. «Рўзалар» пьесасида сохта эшон ва қозиларни одамларни соғми-касалми, бундан қатъи назар, мажбуран рўза туттиришлари, ўзлари эса яширинча овқатланиб, кўкнори еб юришларини фош этади. «Оқ мозор» ҳикоясида ҳам инниқобидаги юлғич, товламачи ҳожини кўрсатади. Етти бор ҳаж қилган бу одам эшаги ўлгач, уни кўмиб, авлиёнинг мозори деб гап тарқатади. Ғазабланган халқ уни қозига олиб боради. Қози ғазаб билан уни сўроқ қилади. Шунда ҳожи ўттиз сўм пора бериб, «буни эшагим «Қози бобомга бер», деган» дейди. Қози «Раҳматликнинг бошқа васиятлари йўқми?» дейди ва ҳожини ҳимоя қилади. Кўринадики, бу ҳикояда ҳам дин эмас, балки уни сотиб еювчиларни қоралайди. «Қийшиқ эшон» ҳикоясида ҳам «зарани дин билан қуролланган хоинлар»га қаратади.
«Шайтоннинг тангрига исёни» асари юзаки қараганда амона билан жипс боғланмагандай ва ундаги шайтон образи ислом адабиётида, айниқса, Қуръон, ҳадислар, халқ ижодидаги талқинга ҳамоҳангдек туюлади. Чуқурроқ эътибор берилса, замона билан яқиндан боғлангани ва шайтон образини, анъанавий йўлдан бормай, янгича талқин қилганини сезиш мумкин. Фитрат «Шайтоннинг тангрига исёни»да ўша оғир вазиятдан келиб чиқиб, доим салбий маъно кўтариб юрган Шайтон образига ижобий мазмун юклайди. Шайтон одамга қараб туриб, «Сен эслик бўл, туша қолма тузоққа», дейди. Худога қараб:

Узоқ бўлсин, мен юраман бу кун шод,
Тутқунликдан, қулликдан-да озод.
Раҳбарим фан, пайғамбарим билимдир.
Топинғумдир ёлғизгина ўзига,
Ёлғиз ўзим қутилдим деб юрмайман,
Бошқалардан хабар олмай юрмайман

(Одамни кўрсатиб)

Буни дахи қутқарғумдир қўлингдан,
Чиқарғумдир сенинг янглиш йўлингдан.

Ўзини эркин ҳис қилган Шайтоннинг озодликка, илм-фанга чорлаши, ҳаётга очиқ кўз билан қараб, ўз кучига суяниб иш тутишга ундаши, албатта, Фитратнинг билвосита, киноя, қочирим йўли билан айтган фикрларидир, дардидир.
Фитрат ижодининг яна бир асосий йўналиши унинг илмий асарларидир. У ҳам талантли адабиётшунос, ҳам кучли тилшунос эди. «Ўзбектили грамматикаси» («Сарф», «Нахв», 1924 — 1930 йилларда олти марта нашр этилди), «Тожик тили грамматикаси» (1930) ва «Тилимиз» каби тил ҳақидаги ўнлаб мақолалари унинг зўр тилшунос бўлганлигини кўрсатади. Адабиёт соҳасидаги фаолиятига назар ташласак, унинг ўзбек ва форс адабиётларини, адабиёт назариясининг чуқур билимдони эканига ишонамиз. «Эски ўзбек адабиёти намуналари», «XVI асрдаги сўнгги ўзбек адабиётига умумий бир қараш», «Чиғатой адабиёти» ва Яссавий, Навоий, Муҳаммад Солиҳ, Машраб, Турди, Фурқат, Муқимий, Нодира, Умар Ҳайём, Фирдавсий, Бедил ҳақидаги ва назарияга доир, «Адабиёт қоидалари», «Аруз ҳақида», санъатнинг келиб чиқиши ва шеърият, ўзбек мусиқаси тўғрисидаги асарлари унинг илмий куч-қудратининг зўрлигини тасдиқлайди. Машраб тўғрисидаги мақоласида «қаландар» деб кимларнинг иши-ни, уларнинг мақсади, яшаш тарзи, кийим-кечаги, соч-соқоли, хуллас, театр режиссёри, рассоми учун қаландарнинг қиёфасини яратишда тайёр намунани кўрсатиб, таърифлаб беради. Ёки «Тилимиз» мақоласида ўзбек тилининг ашаддий тарғиботчиси ва ҳимоячиси сифатида кўринади. Битта «бил» ўзагидан 98 та сўз ясаш мумкинлигини ва туркий тилнинг сўз бойлиги форс, араб тилларига нисбатан кўпроқ эканлигини таъкидлаб бундай дейди: «Араб, форс, рус, немис, француз тилларидан қай бирининг сарф (морфология демоқчи) китобларини олиб қарасак, кўрамизки, бир сўзни ясамоқ учун бир қанча ёзилғон, ундан сўнг шул қоидадан ташқари қолғон (мустасно) сўзлар деб тўрт-беш сўз кўрсатилган. Турк сўзларида эса бундай сўз топилмайдир... Тилимизнинг авжй тўғрисида ҳам бойлиги, тугаллиги билиндими? Энди сўзни туркчанинг бахтсизлигига кўчираман. Турк тили шунча бойлиги, шунча тугаллиги билан бахтсизликдан қутула олмамишдир. Турк тили дунёнинг энг бахтсиз тилидир», деб араблар, форслар ҳукмронлиги даврида бу тилнинг қисилганлигини айтиб, шўролар даврида ҳам эркин ривожланмаётганига очиқ ишора қилади. Ёки Фитрат яшаган даврда Машрабнинг тарихий шахс эканлигига шубҳа билан қаралар эди. Фитрат аниқдалиллар асосида унинг афсонавий шахс эмас, балки яшаб ижод қилиб ўтган улкан ўзбек шоири эканлигини исботлаб беради. Фитрат адабий ҳодисалар илдизини аниқ топади. Сомонийлар, ғазнавийлар, салжуқийлар ва хоразмшоҳлар даврида форс адабиётининг «кўтарилган қисми қасидачилик эди», дер экан, бу қасидаларни ҳукмрон доира, «ўз фойдаларига ташвиқот учун ишлатиш» туфайли оммавий тус олганига эътиборни тортади. Фитрат мусиқани яхши тушунган, ўзи Ҳам чалган зот эди. У ўзбек классик мусиқасини шу қадар яхши билганки, қайси куй қай пайтда — ҳолатда чали-нишинигина эмас (мақомлар ёки тароналар), айни чоқда қайси асбоб қайси асбоб билан бирга чалинганда куй аниқ, гўзал чиқишини ҳам айтади: «Бир ғижжак товуши икки танбур товушини еб қўяди», дейди ва схемасини беради: уч танбур, бир рубоб, бир дутор, бир ғижжак, бир болотон, бир қўшнай, бир чанг, бир доира бир ан-самблни ташкил этади ва ҳ.к. Фитрат «Ҳалима» операсига суяниб туриб ажойиб миллий опера яратиш мумкин экан, деган ғояни тарғиб этади. «Шарқ чолғуларидаги «мунг» Европа музикасинда йўқдир. Шунинг учун Шарқ музикасида руҳга таъсир Европа музикасинда руҳга таъсиридан буюкдир», дейди у.
Кўринадики, Фитрат адабиёт ва санъатнинг барча ту-рини нозик тушунган ва улар тўғрисида шу соҳанинг етук мутахассиси сифатида фикр юритган.
Фитрат адабий ижоди, илмий асарлари ва ижтимоий фаолияти билан ўзбек адабиёти, санъати, фани ва маданиятига катта ҳисса қўшган улуғ зотдир.

 
Туркистон генерал-губернаторлигининг сиёсий-маъмурий тизими
03.11.2013 20:57    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ўлкани бошқаришнинг мустамкачилик тизими

Россия империяси ҳукумати Тошкент шаҳрини эгаллаб олганидан кейин ўз мустамлакачилик ҳукмронлигини қарор топтиришга интилиб, зудлик билан тегишли маъмурий ҳокимиятни таъсис этишга киришиб кетди. 1865-йил 6-августда Александр II "Туркистон вилоятини идора қилиш тўғрисидаги Муваққат Низом"ни тасдиқлади. Ҳокимиятни ташкил этувчи тизим "ҳарбий-халқ бошқаруви" деб юритилган. Маҳаллий ҳокимият бошлиғи бўлмиш ҳарбий губернатор қўлида ҳарбий ва фуқаровий ҳокимият жамланган эди. Ҳарбий губернаторни "яримподшо" деб атаган маҳаллий аҳоли у ўрта Осиёда чинакам подшо эканлигига урғу берар эди Жойларда маъмуриятга раҳбарлик қилган бўлим бошлиқлари айни маҳалда ҳарбий комендантлар ҳам бўлишган. Россиялик амалдорлардан тайинланган маҳаллий аҳолини бошқарувчилар уларга бўйсунар эди. Бу шахслар маҳаллий аҳоли устидан умумий полиция назоратини амалга оширар эди. Маҳаллий халқ маъмурияти эса (улар тузем, яъни маҳаллий маъмурият дейиларди) ёрдамчи ролини ўйнарди. Маҳаллий аҳолига бошчилик қилган оқсоқолга эса хонадон соҳиблари томонидан сайланувчи шаҳар, туман оқсоқоллари бўйсунар эди. Полициячилик вазифаларини эса раислар бажарар эди. Раислар бозордаги савдо-сотиқ ва жамоат тартиби устидан назорат қилиб борарди. Солиқлар йиғимини амалга оширган закотчи лавозими ҳам алоҳида жорий этилган эди.

Маҳаллий халқ учун қозилар суди, кўчманчи аҳоли учун эса бийлар суди сақланиб қолди. Қозилар уч йил муддатга сайланарди. Россиядан келган аҳоли подшолик судларида суд қилинган.

Мустамлака тартиби урушиб босиб олинган ҳудуд аҳолисининг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий қарамга айлантиришга хизмат қилувчи бошқарув усули.

Россия империяси маъмуриятининг маҳаллий аҳолига таъсирини кучайтириш мақсадида 1866-йил Тошкентда ўзига хос муассаса — маҳкама жорий этилган. Маҳаллий аҳоли вакилларидан сайланган қози ва 7 нафар аълам унинг таркибига кирган. Ана шу мақсадда чор маъмуриятига таклиф этилган 200 дан зиёд бой-бадавлат ва нуфузли шаҳарликлар маҳкама аъзоларини сайлаб қўйишган. Маҳкама аъзолари подшо ҳокимиятининг ишончли ва садоқатли ёрдамчилари бўлишган. Маҳкама фаолиятини махсус подшо амалдори назорат қилар эди.

1867-йил июлда Россия империяси таркибида Туркистон генерал-губернаторлигини ташкил этиш тўғрисида қонун қабул қилинди.

Туркистон генерал-губернаторлигининг марказий бошқаруви генерал-губернатор девонидан ташкил топган эди. У ҳарбий қўшинларга қўмондонлик вазифасини ҳам бажарар эди. Еттисув казаклари қўмондони ва бош судя ҳам эди. Девон асосий ижрочи орган эди. Россия империясидаги ҳеч бир давлат органи бу генерал-губернаторлик каби ваколатга эга эмас эди. Қўл остиларида фуқаролик ва ҳарбий ҳокимиятни жамлаган ҳарбий губернаторлар Туркистон вилоятларига раҳбарлик қилар эдилар. Вилоятлар уезд бошлиқлари бошчилик қиладиган уездларга бўлинар эди. Қишлоқ ва шаҳарлар ўзлари мансуб бўлган уезд бошлиқларига бўйсунар эдилар. ўз навбатида уездларприставлар раҳбарлик қилган участкаларга бўлинар эди.

Янги ҳудудлар босиб олингани сайин Сирдарё вилоятида янгидан-янги маъмурий-ҳудудий бирликлар, яъни 1868-йилда маркази Самарқанд шаҳрида бўлган Зарафшон округи, 1873-йилда маркази Петро-Александровск (ҳозирги Тўрткўл)да бўлган Амударё бўлими, 1876-йилда Қўқон хонлиги тугатилиши муносабати билан маркази Янги Марғилон (ҳозирги Фарғона шаҳри)да бўлган Фарғона вилояти ташкил этилди.

Мустамлака бошқарув тизимининг мақсади ва ҳусусиятлари

Россия империяси ҳокимияти ўрта Осиёни ўз ички мустамлакасига айлантира оладиган маъмурий ва сиёсий тизимни яратишга замин ҳозирлаган эди. Бу тизим ўзининг тўлиқ ҳарбий ҳукмронлигини қарор топтиришни, ўлка иқтисодий ва сиёсий ҳаёти устидан ялпи назорат ўрнатишни англатар эди.

Бу тизимнинг бошқа бир жиҳати Туркистон ўлкаси — Хива, Бухоро ва Қўқонни ташқи дунёдан тамомила яккалаб қўйишда, Россия империяси ташқи давлат чегараларини барпо этиш йўли билан ҳар қандай иқтисодий, маданий ва сиёсий алоқаларни тўхтатишдан иборат эди.

Инглиз империалистлари билан имзоланган шартномага кўра 1869— 1872-йилларда Панж дарёси бўйлаб маҳаллий халқни иккига ажратиб ташлаб, сурфий чегара ўрнатилди. 1881-йилда Скобелев Туркманистонни босиб олиши натижасида Эрон билан ҳозирги чегаралар белгиланди. Худди шу йили Шарқий Туркистоннинг Или ўлкасидаги қўзғалон чор қўшинлари томонидан бостирилгандан сўнг Россия ва Хитой императори ҳозирги (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Хитой ўртасидаги) чегараларни белгилаб, шартнома имзоладилар.

Россия мустамлакачилик сиёсати мақсади, бу — минтақада рус аҳолисининг маълум бир фоизини жойлаштириш эди. Марказий Россиядан очлик ва ерсизликдан қочган рус деҳқонларини кўчириб келтира бошладилар, аммо шаҳарларда рус аҳолисини шакллантириш сиёсати муҳим аҳамиятга эга эди.

ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳри Россиядан кўчиб келган аҳоли ҳисобига зудлик билан кенгайиб борди. Бу аҳолининг катта қисми истеъфога чиққандан кейин шаҳарда яшаш учун қолган аскарлар, давлат амалдорлари, Россия армияси амалдорлари, Россия фирмалари хизматчилари, жазо манзилига жўнатилиб, жаримага тортилган хизматчилар, хизматдан бўшатиб юборилган ҳарбий хизматчилар эди.

Анҳор шаҳарни қоқ икки қисмга ажратган бўлиб, эски шаҳарда маҳаллий аҳоли, янги шаҳарда эса рус аҳолиси яшарди. Шаҳарнинг бу икки қисми бир-бири билан камдан-кам аралашган ҳолда ўз иқтисодий ва маънавий ҳаётини бошдан кечирар эди.

Мустамлакачиликнинг плантацион модели ишга оид барча ҳужжатларни рус тилида юритишни назарда тутарди, буйруқлар ва фармойишлар ҳам рус тилида бериларди, уларнинг моҳиятини маҳаллий аҳолига маҳаллий амалдорлар тушунтириб берар эди. Ишлаб чиқаришдаги ички қоидалар ҳам рус тилида ёзиб қўйилар ва ижро этилар эди. Бу нарса ўзига хос шаҳарлаштиришни рағбатлантирди, аҳоли саводхонлик даражасининг пастлиги сақланиб қолди. Маҳаллий аҳоли асосан ёрдамчи ишларда меҳнат қиларди, ишчилар, техник зиёлилар қатлами эса Россиядан ёллаш ҳисобига тўлдириб бориларди.

Бошқарув тизими ва маъмурий-ҳудудининг жойлашуви

Россия империяси олиб борган тинимсиз урушлар унинг чекланган молиявий захираларини касодга учратди. 1874-йилда Россия Шарқий Туркистондаги Ёқуббек қўзғалонини бостириш учун катта қўшин жўнатди. Айниқса, 1877— 1878-йилларда Туркия билан олиб борган уруш Сан-Стефан сулҳ шартномаси билан якунланиши империяга жуда қимматга тушди. 1878—1880-йилларда инглиз-афғон уруши туфайли Афғонистонга юриш қилишга мўлжалланган рус армияси аскарлари сони Туркистон ўлкасида қарийб 40 мингга етганди. Россиянинг ҳарбий харажатлари янги мустамлака мамлакатларни эзиш ҳисобига қопланди.

1877-йилдаТошкентда "Шаҳар низоми" жорий этилган бўлиб, унга мувофиқ шаҳар бошқаруви Думага ўтган эди. Дума аъзоларининг 1/3 қисми шаҳарнинг "Осиё" қисмидан, 2/3 қисми эса "янги Тошкент" қисмидан сайланган эди. Натижада шаҳарнинг 80 минг маҳаллий аҳолисидан 21 депутат, 3900 нафар европалик аҳолидан эса 48 депутат қатнашадиган бўлди. Шаҳар хўжалигини юритишга оид барча ишлар ана шу Дума қўлига ўтди. Дума устидан раҳбарлик қилувчи шаҳар бошлиғини генерал-губернатор тақдимига кўра Ҳарбий вазирнинг ўзи тасдиқлар эди.

Жойларда бошқарув аппарати вазифаларининг бир қисми маҳаллий рус маъмурияти назорати остида иш юритган маҳаллий оқсоқоллар ва волостнойларга ўтказилди. Улар аҳолидан "солиқларни қурутдай санаб олар эди".

1886-йил 12-июлда император Александр III тасдиқлаган "Туркистон ўлкасини идора қилиш тўғрисидаги янги Низом" арзимас ўзгаришлар билан 1917-йилга қадар амал қилди. Низом тўртта асосий бўлимдан иборат бўлган:

1) ўлканинг маъмурий тузилиши;

2) суд тузилиши;

3) ер тузилиши;

4) солиқлар ва йиғимлар.

Бу Низом генерал-губернаторлик ҳудудий бирликлари номларини ўзгартиришни ва уларни бундан кейин ҳам бир хиллаштириб боришни назарда тутар эди.

Зарафшон округи Самарқанд вилоятига айлантирилди. Хўжанд, Жиззах, Каттақўрғон, Самарқанд уездлари унинг таркибига киритилди. Амударё бўлимининг бир қисми Сирдарё вилоятига ўтказиб юборилди, Қурама уездининг номи Тошкент уезди деб қайта номланди. Фарғона вилояти ўзгармасдан қолди.

Туркистон генерал-губернаторлигининг умумий ер майдони 1,7 миллион кв. км бўлиб, бу Франция ва Германия ҳудудини бирга қўшиб ҳисоблаганда ҳам икки баравар кўп, айни маҳалда аҳолиси эса жами 5,2 миллион кишини ташкил этар эди. ўзбеклар ва бошқа туб миллатлар 1897-йилда 5 миллионни, 1911-йилда эса қарийб 6 миллионни ташкил этган.

Рус аҳолисининг умумий сони украинлар ва белорусларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 1897-йилда 197 минг кишини, 1911-йилда эса 400 минг кишини ташкил этган, яъни 14 йил давомида маҳаллий аҳоли сони 20 фоизга, рус аҳолиси сони 100 фоизга ортган. Бу Россия мустамлакачилиги "плантацион тизими"нинг аниқ натижаси эди. Рус аҳолиси мустамлакачилик бошқарувининг жонли кучини ташкил этган. Россия империяси армияси рус аҳолисининг ўлкада ҳукмрон мавқеи кафолати эди.

1886-йилги "Низом"га мувофиқ Туркистон генерал-губернаторлигининг маъмурий бошқаруви янги идора — Туркистон генерал-губернатори Кенгаши билан тўлдирилган эди. Вилоятлар ҳарбий губернаторлари, генерал-губернатор девони бошқарувчиси, Туркистон ҳарбий округи штаби бошлиғи бу Кенгашнинг доимий аъзолари бўлишган. Бу идорадан кўзланган мақсад ҳокимият қонунчилик асосларини яратиш бўлган. Кенгаш ўлкани идора қилишга тааллуқли масалаларда қонун чигариш ҳуқуқига эга эди.

1886-йилги "Низом" асосида Бухорода Россия сиёсий агентлиги таъсис этилди, унинг рухсати ва розилигисиз Бухоро амири на ташқи, на ички сиёсат масалаларида бирор ишни мустақил ҳал қила олар эди. Сиёсий агент шу ерда истиқомат қилувчи насронийлар манфаатларини ҳимоя қилар эди.

Хулоса

-1865-йил 6-август — "Туркистон вилоятини идора қилиш тўғрисидаги Муваққат Низом" қабул қилинди;

-1867-йил — Россия империяси таркибида Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилди;

-1868-йил — Маркази Самарқанд шаҳри бўлган Зарафшон округи тузилди;

-1873-йил — Маркази Петро-Александровск (ҳозирги Тўрткўл) шаҳри бўлган Амударё округи тузилди;

-1876-йил — Маркази Янги Марғилон (ҳозирги Фарғона шаҳри) бўлган Фарғона вилояти ташкил этилди;

-мустамлакачилик тизимининг мақсади — ўрта Осиёни Россиянинг ички мустамлакасига айлантириш эди;

-1886-йил — Зарафшон округи — Самарқанд вилояти деб, Қурама уезди – Тошкент вилояти деб қайта номланди;

-1886-йил — Бухорода Россия сиёсий агентлиги ташкил этилди;

-мустамлака тизимининг мақсади — ўлка устидан назоратни таъминлаш, ташқи дунёдан тамомила ажратиб қўйиш эди;

-Россиядан аҳолини кўчириб келтириш ҳисобига мавжуд тузум учун таянч яратилди.

 
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Тил масаласи (1915)
13.03.2014 23:47    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ТИЛ МАСАЛАСИ

Туркчанинг шуъба ва шох(а)лари бўлган ўзбек-чиғатой, тотор, озарбайжон, қозоқ ва туркман лаҳжалариндаги янги матбуотнинг энг аҳамиятлик масалаларидан бири, албатта, шева, лаҳжа, имло масалаларидур. Юқоридаги лаҳжаларға сўйлайтургон турк болалари бир-икки минг санадан бери Эрон халқининг аларға ва ё аларни эронийларға истило этганлари сабабидан форс маданияти ва адабиёти ва луғатлари нуфузиға маҳкум бўлуб, форс тилидан бир хейли луғат ва жумлаларни хоҳу нохоҳ абадий ва доимий суратда олганларки, у жумла ва луғатлардан бир қисмини туркий лаҳжалардан чиқориб ташламоқ гўё мумкин эмасдур. Ва бир қисмини муродифи туркчадан топилмаслик даражада ғойиб бўлгандур.

Балки... биз туркчаға бугун истеъмол қилинатургон баъзи форсий сўзларимизни муқобил ва муродофи халқ тилидан ва адабиётидан йўқолгандур. Масалан, шанба, якшанба, душанба, сешанба, чаҳоршанба, панжшанба, одина кунларининг оти каби... Ҳол шундай экан, яна юқоридаги туркий лаҳжаларнинг халқи ўн икки асрдан бери дин манбаимиз ва Қуръони карим тили бўлган арабийнинг нуфузиға учраб, табаррукан ва мажбуран кўп луғат ва жумлаларни янадан олдилар. Ва баъзи ифротпарастлар тарафидан янгидан букунғача яна олинмоқдадур.

Туркларнинг баъзи тоифаси форсий ва арабийни у қадар кўп олдиларки, тиллари туркий, форсий ва арабийдан қўшулуб, «усмонли тили» аталди. Ушбу уч тилни адабиёт ва қоидаларидан бохабар бўлмагунча усмонли шевасинда ёзмоқ мумкин эмасдур. Усмонли шевасиға ёзатургонларда охирги саналарда ўз саҳвларини билиб, форсий ва арабийсини озроқ айтиб ёзмоқдадурлар. Азбаски, усмонли шевасинда ёзилган асарларнинг аксарини усмонли туркларнинг камсаводи англамайдур. Турк қавмининг Кафкоз, Эрон ва Қиримдаги қисмларининг тилига арабий ва форсий жумлалар усмонличадан кўра хейли оз бўлуб, аммо туркий тилларнинг бошқа шсваларидан кўра усмонличаға энг яқинидур. Чунончи, букунги Қафкоз ва Қирим матбуотининг ўқуб англайдургон киши усмонличани, албатта ўқуб фаҳмлайдур. Чунки орасиндаги фарқ жуда оздур. Хусусан, охирги саналарда арабий ва форсийларини озайтуруб ёзилган усмонлича ва ёинки туркча Қирим ва Қафкоз шевасидан оз фарқликдур.

Тоторча ёинки нўғойча аталатургон шеваға келсак, Қирим ва Қафкоз шевасидан кўра оз арабий ва форсийлик бўлуб, бовужуд шул бу кунги тотор матбуотининг ҳеч бир стуни, балки ҳеч бир сатри хати форсча ва ё арабчадан қутулолмайдур. Ҳатто, сирфи тоторча ёзмоқ тарафдори бўлган матбуот ва муҳаррирлари-да, арабий ва форсийсиз бир нимарса ёзолмайдурлар.

Келайлук Туркистон ва ёинки Осиёи Васати халқларининг тил ва шевалариға: Туркистоннинг ўзиға тегишли шеваси турк тилининг чиғатой лаҳжаси бўлуб, «Навоий» китоби бу лаҳжанинг гўё муҳим китобидур. Аммо кўпдан бери Туркистонда маданият ва салтанат ва адабиёт таданний этгани учун халқ бу лаҳжани бузганлар. Бузмоқ нари турсун, Туркистоннинг ҳар бир шаҳарининг ва ҳатто, баъзи бир қасаба ва кўйларининг шеваси бошқадур. Масалан: анда, мунда, шундани — ул ерда, бул ерда, шул ерда; ўтда, бўтда, шўтда; этта, бетта, шетта; ўрда, бўрда, шўрда; ўра, бўра, шўра кайфиятинда сўйлайдурган шаҳарлар бўлуб, мундай бузуқ сўзларни навъи ва адади жуда кўпдур. Туркистон туркчасиға форсий ва арабийни қўшулгани ҳам барча ерда бир ҳолда бўлмай, балки мавқеъи жуғрофиясиға қараб ҳар навдур. Чунончи, Бухоро аморати ва Самарқанд вилоятининг туркча тилиға форсий ва арабий кўб қўшулгандур...

Фарғонанинг Ҳўқанд ва бошқа шаҳарларида ҳам форсий ривожда бўлуб, уламо ва машойихни форсийға майли кўпдур. Табиийдурки; форсий кўб ёйилган ерларда арабийни ҳукми зиёдадур. Форсчани ҳукми Тошканд шаҳри ва Сирдарё музофотиға озайиб, форсий билатурган киши, эҳтимол, мингда бир ҳам топилмаса. Фарғона вилоятининг Ҳўқанд ва бошқа шаҳарларинда букун форс тилинда ерли шоирлар-да мавжуддур.

Ҳўқанд хони Умархон жанобларининг «Девони Умар-хон»иға форсий абётлар иншод қилингониға қараганда қадимдан бери Фарғонада форсий тилни жорийлиги маълум бўлур.

Туркистон шарқида форсийнинг ҳукми озайиб, бовужуд шул уламо орасиида оз бўлса-да, сўйланур. Туркистон жануби ва Туркистони Афғонийга бўлса, туркий ва форсий тили гўё баробардур. Туркистоннинг Мовароуннаҳр, Хазар қисмиға аксарият ила туркман шеваси ҳукмфармо бўлса ҳам, Эрон ва Афғонистон ва Бухоронинг ҳамсоялиги сабабидан яна форсийнинг нуфузидан қутулуб бўлмайдур. Хивага келганча, мунинг тили яна усмонличаға яқин бўлуб, фақат арабий ва форсий қўшимчалари оздур. Хулоса шулки, нафси Туркистон, Бухоро, Хива, Туркистон Афғони ва Қошғар ўлкалариндаги туркча шеваси дохилан ўн қадар бузуқ ва тузук лаҳжаға айрилиб, аммо бу лаҳжа ила сўйлайтургонларнинг ҳар бири бошқасини сўзиға тушунадурлар. Китобатға келсак, букунғача Туркистон, Бухоро ва Хивада ҳар ким ўз лаҳжасиға мувофиқ ёзса ҳам, бир-бириға қарибдур. Чунки котибларни муаллимлари мавжуд туркча ва форсча назм ва наср китоблар бўлуб, Баҳри Хазардан то Қошғар ва Туркистон Афғониғача қадим мактабларда «Навойи», «Фузулий», «Саботул ожизин», «Ҳикмат», «Ҳувайдо» ва бошқалари, форсийдан «Чаҳор китоб», «Хожа Ҳофиз», «Бедил», «Саъдий» ва бошқалари ўқулурки, бу китоблар аҳли саводни тил бирлигиға сабаб бўлур. Аммо авомларни сўзи тахти таҳрирға кирмайдир.

* * *

Аввалги мақолада туркча тилнинг аҳамиятлик шўъбаларини қисқалик билан ёзиб эдим. Энди тилни бутун соддалаштуруб индурмоқ ва ёинки адабийлаштуруб тараққий қилдурмоқдан бетарофона ёзарман.

Матбуот майдониға биздан муқаддам отилган ва дўстлар ила жарида ва мажаллаларға соҳиб бўлган ичкари Русия ва Кафкоз мусулмонларини матбуот тили ва ҳам кўча тилиға диққатлик кишиға маълумдурки, матбуотлари кўча тилидан неча даража олийдур. Ва кундан-кун яна олийлашмоқдадур. Ўрам тили тарафдори ёинки содда тил тарафдори бўлган баъзи тотор матбуоти йилдан йилға адабийға айланмоқдадур. Масалан, «Вақт», «Шўро», «Юлдуз» жаридаларининг аввалгилари ила ҳозиргисини тафтиш қилинса, ҳозиргиларини адабийлиги зоҳир бўлур. Қафқоз матбуоти аввалдан адабий бўлуб, ўн саналардан бери матбуот, коғаз устиндаги адабий тилни, халқни тил ва сўзиға таъсир этиб ўткардики, бул ўшал вилоятларда диққат этганларға маълум бўлур.

Ҳеч бир фирқа ва ё лаҳжанинг авом тили матбуотға кирмайдур. Кирса-да, мактаб рисолалариға ва фанний китобларға кирмайдур. Азбаски, фанний, адаб, таълим, тарбия ва диний китобларни сирф авом тилиға ёзмоқ мумкин эмасдур. Ҳатто, бу замонда фан ва ҳунар тараққий этгани учун ва янги чиқгон бегона луғатдаги исмлик нимарсаларға туркий исм тақадургон жамиятлар барпо этиб, туркий тилимизға хизмат этатургон кишиларни бизға йўқлиги учун бегона тилдаги исмлар ила кўп нимарсаларни ёзмоқға мажбур бўлармиз. Ҳатто, мундан тараққий этган миллатлар-да қутулган йўқ. Масалан, арабий илм «Алжабр»ни букун тараққий этган миллатларда «Алжабр» ва аларда «ж» йўқлиги(дан) «Алгебра» дерлар.

Бу тил масаласи Русия мусулмонлари матбуотиға бир хейли баҳс бўлуб, фаалан ва амалан авом тили ва ёинки содда тил тарафдорларини мағлубияти ила натижаланмоқдадур. Бизнинг Туркистон матбуотида, табиий, бу масалани бошидан ўткарур. Шунинг натижаси ва навбати бўлуб мўътабар «Садойи Туркистон» рафиқимизда тил масаласи мақолалари ёзилмоқдадур. Баъзи афандилар меҳмонни «қўноқ» дейилсун деб таклиф этарлар. Ҳолбуки қўноқ деганда, бир турк фаҳмлайдур. Меҳмон деганда, турк фаҳмлагани устида, яна бир форсий мусулмон қариндошимизда англайдур. «Тилимиздан форсий ва арабийни қувайлук», бу кўп енгил орзу, аммо ижроси мумкин эмас орзулардандур. Масалан, мунинг тарафдори бўлган мўътабар «Садойи Туркистон»ни «Турк эли довуши» лозим бўлур. Туркистонни «Турк эли» ёхуд «Турк ери» ёзмоқ керак бўлур.

Тошканд, Ҳўқанд ва бошқа минглар ила жуғрофиёвий исмларни ражоли тарихия ва ёинки тарихий воқеаларни маҳаллий ва машҳур одамлари ва ой ҳам йили, куни ва ...лариғача тағйир бериб, туркий исмлар тоқиб, аларға, янги луғатлар тайёрлаб, янгидан тадвин этмоқ лозим келур. Ва ўшал ҳолдагина турк тилини арабий ва форсий луғатлардан ажратиб бўлурки, мунга ҳама ишни қўюб, ҳамма бирдан ҳаракат этса, эҳтимолки, бир неча юз саналарда хаёлан зўрға воқеъ бўлса. Ҳолбуки, бул, ижроси мумкин эмас қуруқ хаёли фосид-гинадур.

Бир неча минг санадан бери форсий ва араб тили ва маданияти ва салтанати таъсири остида қолган туркийни яна бир неча минг санада буларни таъсиридан чиқармоқ нари турсун, балки маънан ва моддатан ва фаннан маҳкум миллатларни тили бўлган тилимизға яна тараққий этган миллатларни луғатлари ҳужум этар.

Туркистон халқининг мактаб ва мадрасасиндаги китобларға, жарида ва мажалласиндаги мақолаларға сирфи форсий ва арабийни қўймас тарафдори кишиларни ўйловлариға, тўғриси, шошармиз.

Масалан, мактаб, мадраса, жарида, мажалла, китоб — ҳаммаси арабники. Исмимизни ўндан тўққузи арабий. Энди, бу ниҳоясиз нимарсаларни ҳаммасиға туркийдан исм охтарибми, дунёдан ўтармиз?

Муҳтарам А. Музаффар афанди 63-рақам «Садойи Туркистон»да ҳандасадаги арабий истилоҳ ва исмларға туркий муқобиллар кўрсатурлар. Анга қараганда, ҳандасани ўзига «андоза» форсийнинг муарраби ва ёинки бузулғонидур. Анга ҳам туркча ва барча улум ва фунун ва Қуръонға ҳам туркча исм қўймоқ лозим келур. Ҳолбуки, баъзи бир нимарсани исми, луғатан мусаммасининг маъносиға далолат қилмай, аммо истилоҳан, таълиман ва тарихан ва ёинки замонан анга исм ва алам бўлуб қолгандур. Чунончи «воҳид қиёси» маънойи фаннийсини «солиштириш ўлчови» адо этмайдур. Бўлса-бўлмаса, бу бир истилоҳ бўлуб, «солиштириш ўлчови», яъни воҳид қиёси дейилмагунча фаҳмланилмас. Авом учун бу сўзлар ёзилатургон бўлса, ул иккисини-да фаҳмламайдур. Агарда мактаб талабалари учун бўлса, Туркистонда йўқ туркий ҳандаса китобимиздан муқаддам бир-да лоятиноҳо янги истилоҳи туркия луғати чиқормоқ лозим келур.

Фикримча, бу ўйловлар фазладур. Тўғридан-тўғри демоқ керакки, бақадри имкон арабий оз ёзулсун. Арабий исмлик нимарсалар жамланганда, туркча жамлансун. Масалан, улум, фунун, уламо, қуззот ва ...демоқ еринда фанлар, илмлар, олимлар, қозилар ва... лар ёзингиз. Ёинки мўътабар «Садойи Турқистон»нинг 64-рақаминдаги «Тил масаласи»да «Курраи арзда яшамакда бўлган ҳар миллатни ўзига махсус бир лисони миллийси вордур» жумлаларни бир оз туркча ёзмоқ кераклигиға машварат бермоқ лозим. Аммо бутун фанний ва илмий ва диний истилоҳ ва иборатларға муқобил туркчадан исм таъйин қилмоқ фикриға чўммоқ ўзни чарчатиб ва матбуотнн зоеъ қилмоқдан бршқа нимарса эмасдур.

«Тил масаласи» муҳаррирларидан бири дер: «Тиллар замон ила ислоҳ бўлур, бирдан ислоҳ этилмаслар». Содда тил нима учун керак? Атрофиндаги қавму қариндоши илан сўйлашмоқ учун. Адабий ва илмий тил нимаға керак? Мавжуд илму фан ва тарихни билмоқ ва алардан фойдаланмоқ учун. Энди бизға лозимки, атроф, яъни теварагимизни адабийлаштурсак, мунавварлаштурсак, яъни илму фан ила ёрутсак. Илму фан бўлса, бизни тилға тобеъ бўлмай, балки бизни ўзиға жабран тобеъ этар. Энди бу содда тилни бизни ҳар қишлоқ ва маҳаллада бир-биридан фарқи бордур. Аммо илмий ва адабий тилни ҳар бир қишлоқ ва кўйдаги оналарни тилинда бўлмоқлиги ва алардан бошланмоғи мумкин эмасдур. Оре, англис ва франсуз оналари ва ва ўқуғон рус ва усмонли оналарини(нг) тили матбуот ва мактабдаги адабий ва илмий тилни айни ва худ ўзидур. Аммо алар бир неча юз санадан бери, қориндан қоринғача ўқуб келган оналардур. Бизни мазлум оналаримиз батанан баъд батан[1] ўқумай келганлар. Энди у мазлумларға ҳандасанинг туркча истилоҳларини ютдургон ила она тили бўлуб туруб, аввалан ул онани ўзиға англашилмайдур. Модомики, бизға илму фан керак ва модом(ики), турк тилининг баъзи шўъба ва лаҳжалариға замоний, фанний, диний, тарихий ҳар навъ китоблар бордур. Ани ўқуб фаҳмламоқиға ғайрат этишимиз лозимдур. Масалан, Кафкоз ва Қирим лаҳжасини билатургонлар бу кунги дунёмизда мавжуд аксар, балки ҳама илму фанларни туркча тилда билурлар.

Дунёмизни илму фанидан хабардор бўлмоқ учун рус, немис, франсавий, англис, итолиёли, арабий, жопуний тилларидан бирини билмоқ керак ва аларни билмаганда Кафкоз ва ё Қирим лаҳжаи адабиясини билган кишини дунёдан хабарлик бўлушиға восита бўлур. Аммо қадим чиғатойча, мўғулча, ўрхўнғча ва саҳройи тилларни тиргузгон ила на фойда? Ва у тилларга қаю илму фанлар бор? Ҳозирги сўзимизға қўшулган форсий ва арабий сўзлар бизни арабу форсға бир даража яқин этар. Илму фан китоблариға яқинлашмоқимизға восита бўлур. Баъзи биродарларимизни соф она тили бор. Аммо она тилида мактаб, мадраса, фанний ва илмий китоблар таъсис этолмайдурлар. Чунки сўз етишмайдур. Агарда алар тараққий этса ва маданий бўлса, ҳукман ҳозирги тилни ўзгартириб бўлур. Ҳамда минг йил аввалги тилға қайтмоқ қонуни табиатға мухолифдур. Чунки мозийға ружуъ мумкин йўқ. Бегона тилдан сўз олмоқдан қутулган тил йўқдур. Англисчани арабчадан сўнгра энг бой тил дерлар. Маа фиҳи, ўн минглар ила бегона луғатларни мажбуран олганлигини ёзарлар.

Хулоса фикримиз шуки, ялғуз туркча сўйламак ва ёзмоқ абадан мумкин йўқ. Бақадри имкон арабий ва форсийни оз ёзайлуқ. Барча илму фан истилоҳ ва луғатлариға туркчадан муқобил охтариб вақтни зое этмайлук. Тараққий этган туркий шевадаги илмий ва фанний китобларни англамоқға саъй ва ғайрат этайлук. Келар замон учун ҳозирланайлук, ўтган замон учун эмас. «Она тили, она тили», бу яхши орзу. Аммо тилсиз оналар тилиға мактабий китоблар ёзила берса, Туркистонда ададсиз бузуқ она тиллар шевасиға ададсиз китоблар ёзмоқ лозим келурки, Андижонда ёзилгани Бухорода, Авлиёотада ёзилгани Қаршида англашилмайдур. Чунки бу оналарни тили бир-биридан фарқликдур. Тараққий этган миллатлар оналари ўқутар экан, биз аввал онамизни ўқутуб, анга тил ўргатмоқимиз керак. Чунки бизни илм ва тилсизлигимиз алардандур. Бинобарин, бақадри имкон оз арабий ва форсий, оддий, туркий луғат ила ҳозирги шеваларча ёза бермоқдан бошқа илож йўқдур.

«Ойна» журнали, 1915 йил, 11—12-сонлар. 274—277, 306-311-бетлар.



[1] Батанан баъд батан — авлоддан авдодга.

 


26 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин