Саналар
22.12.2024
Баннер
“Турон тарихига ёғдулар”
26.02.2014 20:23    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ҳар бир ватанпарвар киши ўз юртига бўлган меҳр-муҳаббатининг рамзи сифати, бу юртнинг тарихини ўрганади. Қўлидан келганлар эса, ушбу ўзи ўрганган нарсаларни келажак авлодларга ҳам қолдиришни ўйлайди, бунинг учун ҳаракат қилади.
Шундай уринишлардан бири Саййид Абдулмўмин ибн Саййид Акрамнинг “Турон тарихига ёғдулар” номли китобидир.
Китобнинг муаллифи Бухорода болшевиклар инқилобигача ҳукмдор бўлган манғит хонлари сулоласидандир. У кишининг отаси Саййид Акрамхон Музаффархон ўғли Бухоронинг охирги амири Саййид Олимхоннинг амакиваччасидир. Саййид Абдулмўмин ибн Саййид Акрамхон 1318 ҳ. санада отаси ҳоким бўлиб турган Ғузор вилоятида таваллуд топган. Ёшлигида мадрасани тамомлаб, сўнгра от чопиш, ўқ отиш каби ҳарбий машқларни ўрганди. Русияда коммунистлар давлат тўнтариши қилганда, қамоқлардан беш юз нафар австриялик асирлар қочиб, Бухоронинг шарқига келдилар. Уларнинг ичида харбий муҳандислар ҳам бор эди. Ўша ернинг ҳокими бўлган Саййид Акрамхон мазкур австриялик муҳандислардан бухоролик муҳандислар билан ҳамкорликда тўп-замбарак ясашни йўлга қўйишни таклиф қилади ва бу ишга ўз ўғли Саййид Абдулмўминни бош этиб тайинлайди. Иш юришиб, тўплар тажрибадан яхши ўтади. Муҳандисларни Амир Олимхон ишга таклиф қилади. Болъшевик-коммунистлар ҳужуми аввалида Саййид Абдулмўмин тоғда қамалда қолган аёллар ва ёш болаларни қутқаришга бош бўлади. Коммунистлар ҳужумини тўсиш учун истеҳкомлар қуришда иштирок этади. Ҳимоя чизиғига етиб келган Амир Олимхон Саййид Адулмўминга аёллар ва ёш болаларни Афғонистонга олиб ўтишни топширади. Афғонистонда бир қанча муддат яшагандан сўнг укаси Ҳошим билан кобуллик ҳожилар гуруҳида ҳажга боради ва ўша ерда яшаб қолади. Маккадаги Бухоро амирлиги тамонидан қилинган вақфларга нозирлик қилади. У киши яқинда Маккада вафот этди. (Аллоҳ ўз раҳматига олсин).
Ўзи билан керакли ҳужжатларни тўплаб юрган Саййид Абдулмўмин юртимиз тарихи тўғрисидаги араб, форс ва турк тилларидаги китобларни кўплаб мутоала қилади. Ушбу мутоала ва уринишлари самараси ўлароқ араб тилида, “Азвоу алот тарихи Турон” яъни, “Турон тарихига ёғдулар” китобини ёзди. Китобни Робитатул Оламул Исломий нашр этган. Китоб муқаддимаси машҳур олим, Аҳмад Муҳаммад Жамол тамонидан ёзилганлиги ҳам алоҳида эътибор касб этади.
Муаллифнинг ўзи эътироф этиб, мен тарихчи олим эмасман, аммо Турон юртининг бир фарзанди сифатида юртимнинг менда ҳаққи борлигини ҳис этганимдан, ватандошларимга ўзим тўплаган ва билган ҳақиқатларни китоб шаклида қолдирмоқни қасд қилдим, дейди. Дарҳақиқат, муаллиф тарихчи олим эмас, аммо у киши тўплаган маълумот ва келтирган гувоҳлигу далилларни ҳар қандай тарихчи ҳам қила олмайди. Бир неча тилларни билиб, уларда ўқиб-ёзиб, ҳужжатларни солиштиришга ҳамма тарихчи ҳам қодир эмас.
Менимча, Саййид Абдулмўмин раҳматуллоҳи алайҳининг ўз кўзи билан кўрган воқеаларни ҳикоя қилишлари алоҳида аҳамиятга эга. Аввало, бу шахсий гувоҳлик бўлса, қолаверса, ўша даврдаги ҳукмрон тоифанинг вакили сифатида фикр юритишлари ўзгача маъно касб этади. Чунки бизнинг тарихимизда ва уни ўрганишда айнан ўша нарса етишмайди. Коммунистик инқилоб ва ундан кейинги воқеалар ҳозиргача фақат бир ёқлама, ёлғон билан талқин этилинди. “Турон тарихига ёғдулар” китобида эса, ҳукмни коммунистлар куч билан тортиб олган тоифа вакилининг кўз қараши ифода этилади. Бу билан, олдин фақат ёлғон маълумотлар бор эди, энди юз фоиз ростини топиб олдик, деб ҳам айтмоқчи эмасмиз. Тарихга қайта назар солиб, уни илмий йўл билан, омонат билан халқимизга тўғри ҳолда тақдим қилиш тарихчиларимизнинг бурчи. Ана ўша катта ҳажмдаги ишда эса, Саййид Абдулмўминга ўхшаш азизларимизнинг асарлари ўзининг муносиб ўрнини топади, деб ўйлаймиз.
“Турон тарихига ёғдулар” китоби фақат муаллифнинг хотираларидан иборат эмас, балки кўрган, эшитган воқеаларга жуда оз жой ажратилган. Китобнинг аввалида Туроннинг қадимги тарихидан сўз кетади, унинг ҳақидаги жўғрофий маълумотлар берилади. Сўнгра Ислом давридаги тарих ҳақида, турк халқларининг Ислом учун қилган хизматлари, Турон тупроғида етишган алломалар тўғрисида маълумотлар берилади. Турон заминида ҳукм сурган давлатлар бирма-бир эсга олинади. Турк халқларининг заифлашиши ва давлатларнинг парчаланиб кетиши ҳам тилга олинади. Ниҳоят, рус истилосига етиб келинади. Сўнгра муаллиф ўз қабиласига мансуб манғитлар сулоласининг ҳукми ҳақида сўз юритиб, султон ва амирлар, уларнинг ҳукмдорлиги ҳақида тарихий тасансул ила маълумотлар келтиради. Ундан кейин коммунистлар босқинидан сўнг бўлиб ўтган воқеаларга тўхталади.
Советлар тўғрисидаги бобни муаллиф “Бобомиз Музаффархон давридан бошлаб Амир Олимхон давригача ўтган олтмиш уч йилни Бухоро давлати рус подшоси Александр билан тузилган шартнома асосида тинчлик ва омонликда ўтказди”, деган иборалар билан бошлайди.
Сўнгра, Ленин бошлиқ коммунистлар давлат тўнтариши қилганидан сўнг, вазият тамоман ўзгаргани, янги келганлар ҳам шартнома тузган бўлишларига қарамай, аҳдида турмасликлари, ёлғончи ва хиёнаткор эканликларини ҳужжат ва далиллар билан баён қилади.
“Турон тарихига ёғдулар” китоби муаллифи Саййид Абдулмўмин коммунист ҳукмдорларни, аҳдига вафоси ҳам йўқ, виждони ҳам йўқ, одамларнинг молу-мулкини тортиб олиш, уламолар, бой кишилар ва ақл заковатлиларни йўқ қилишдан бошқа мақсади йўқ кишилар, деб васф қилади. Коммунистлар сиртда Бухоро давлатига дўстликни даъво қилсалар ҳам, ичда алдамчиликни ва уни босиб олишни режа қиларди, дейди муаллиф.
Ҳозиргача халқимизга тақдим қилинаётган коммунистча тарихда, қизил армия Бухоро халқи талабига биноан мазлум меҳнаткашларни озод қилиш учун келганда, Амир Олимхон Афғонистонга қочиб қолди, дейилади. Аммо Саййид Абдулмўмин ўз китобларида бошқача маълумотлар беради. Кўпчиликни ушбу биз учун янгилик бўлган маълумотлардан хабардор қилиш мақсадида бир оз тафсилотларни келтириб ўтишни лозим топдик.
Саййид Абдулмўминнинг ёзишларича, 1336 ҳ. сана жумадис сони ойида Колесов бошчилигидаги қизил армия Когонга етиб келган. Аммо амирлик кучлари уларни тўсиб, қамалга олган. Шунда Ленин ўз вакилини юбориб, Бухоронинг мустақиллигини эътироф қилган, Чор ҳукумати босиб олган ерларни қайтаришга, шунингдек, Бухорога қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва учқичлар беришга ваъда берган. Бухорога элчи ва Тошкентдан ўн бир дона тўп ҳам юборган. Аммо қизиғи шундаки, юборилган тўпларнинг ўқи йўқ экан.
Амир Олимхон коммунистларнинг ваъдаси ёлғон экани маълум бўлганидан сўнг, қўшни давлатлардан қурол сотиб олган, аскар тўплаб машқ қилдирган.
Русия ичидаги бўҳронлар тинчигандан сўнг коммунистларнинг муомиласи ўзгарган. Улар Бухородаги элчилари орқали бекорга буғдой ва гуруч беришни талаб қилишган. Шунингдек, коммунист жосуслари одамларни ушлаб қамашган ва бошқа иғволар чиқариб, Бухорога ҳужум қилишга баҳона чиқаришга уринганлар. Амир Олимхон эллик минг аскар тўплаб, темир йўл бўйлаб истеҳкомлар қурган.
Шунда Ленин тезда Тошкентдан ўзининг Тиронов номли вакилини юбориб, янги найрангларни бошлаган. Амир Олимхонга шартномага амал қилиш Русияънинг ички бўҳронлари туфайли кечикиб қолганига узр айтган. Ўзининг Бухоро билан дўстлик алоқаларини давом эттириш ниятида эканлигини ва бу алоқалардан кўплаб яхшилик кутаётганини айтган. Шунингдек, Бухоронинг нима талаби бўлса, бажаришга тайёр эканлигини билдириб, темир йўлдаги қамалда қолган қизил армияни қамалдан чиқаришни сўраган. Бундан сўнг икки тараф учинчи бор шартнома тузиб имзо қўйишган. Шартномага амал қилиб, Амир Олимхон ўз аскарларини темир йўлдан уч мил масофага узоқлаштирган, чегарачилар сонини камайтирган.
Аммо коммунистлар ўз одатларича яна навбатдаги хиёнатни қилганлар. 1338 ҳ. сана зул ҳижжа ойининг ўн беши, душанба куни кечаси соат ўн иккида ҳужум бошлаб, чегарачиларни асир олганлар, ҳаводан, ердан, турли қуроллар билан Бухорога бостириб кирганлар. Кутилмаган бу коммунистик ғоратда фақат кекса кишилар, аёллар ва болалардан эллик минг киши ҳалок бўлган. Бошқа талофатларнинг ҳисоби йўқ даражада эди.
Бундан тўрт кун кейин Амир Олимхон давлат аёнлари ва йигирма беш минг аскар билан Бухородан чиқиб, ўн кундан сўнг Қўрғонтепага етиб боради. Сўнгра Бойсунда истеҳкомлар қуради. Шу ерда коммунистлар билан бухороликлар орасидаги уруш олти ой давом этади. Сўнгра коммунистларга Московдан ёрдам кучлари ва янги қурол-аслаҳа келади. Улар бухороликларга янги ҳужум бошладилар. Ўн кун давом этган шиддатли жанглардан сўнг бухороликларнинг ўқ-дорилари тугаб қолади. Амир Олимхон Афғонистон подшоси Омонуллохонга одам юбориб, пулга бўлса ҳам ўқ-доридан ёрдам бериб туришини сўрайди. Омонуллохон эса, Амир Олимхоннинг ўзи келсин, дейди. Ўз аскарларига мулла Муҳаммад Иброҳимбек девонбеги ва Давлатмандбек девонбегиларни бошлиқ этиб тайинлаган Амир Олимхон 1339ҳ. сана, 22 жумадус сони, чоршанба куни Жайҳун дарёсидан Афғонистонга ўтади. Омонуллохон уни тантана билан кутиб олади ва ўз меҳмони, деб эълон қилиб, 12000 рупия ойлик тайин қилади. Шундан кейин Амир Олимхон Омонуллохоннинг хоин эканлигини тушуниб етади. Омонуллохон Ленин билан тил бириктириб, уни алдаганини англайди. Ушбу хиёнат натижасида Амир Олимхон қасрда қамалиб қолади. Унга ҳеч қаёққа чиқишга, ҳатто ҳажга боришга ҳам рухсат берилмайди.
Амир Олимхон Афғонистонда тутилиб қолгандан сўнг ҳам унинг аскарлари Иброҳимбек бошчилигида коммунистларга қарши курашни давом этдирадилар. Хусусан, Туркиядан Анвар Пошша келиб, ҳарбий ишлар режаси тузилиб, Бойсун, Ғузор, Шеробод ва Қарши каби жойлар озод қилиниши катта ғалаба бўлди. У ерларга истеҳкомлар қурилди. Атрофдаги шаҳар ва қишлоқларда ҳам коммунистларга қарши қуролли кураш бошланиб, Иброҳимбекдан қўмондонлар беришни сўрай бошлашди. Уларга ҳам ёрдам берилди.
Ушбу ғалабалардан сўнг Иброҳимбек Омонуллохонга саккиз кишилик ҳайат юбориб, Амир Олимхоннинг озод қилинган ерларга қайтиб келишини таминлашни сўради. Аммо Омонуллохон турли баҳоналар билан ҳайатни қуруқ қайтарди. Амир Олимхонни яна саройда ушлаб қолди.
Амир Олимхон 1943 йил, 29 апрелда 64 ёшида Кобулда вафот этди.
“Турон тарихига ёғдулар” китобида бундан бошқа ҳам қизиқарли маълумотлар кўп. Тарихчиларимиз хоҳласалар, бу китобдан самарали фойдалинишлари мумкин.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлга бошласин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Қозоқ қариндошларимизға очиқ хат (1918)
13.03.2014 23:50    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ҚОЗОҚ ҚАРИНДОШЛАРИМИЗҒА ОЧИҚ ХАТ

Азиз қариндошларим! Мусулмон биродарлар! Ҳаммангизға маълумдурки, Туркистон, демак — туркий эл бўлиб, мундаги халқнинг қозоғи, қирғизи, сарти, ўзбеги, туркмани, татари — ҳаммаси аслан... жаҳонгир... Темурнинг авлоди ёки оға-инисидурлар. Туркистондаги араб, хўжа ва сайидлар-да ўз тилларини йўқотиб, балки бил-кулли турклашиб ва ҳатто, арабликларини эсларидан чиқориб... ҳар жиҳатдан бирлашиб кетгандурлар. Туркистоннинг энг оз шаҳарларида ва баъзи тоғларида бир оз форс, яъни тожиклар борки, алар ҳам камолан мусулмон ва сиз ила ҳаммазҳабдурлар. Тирикчиликларининг ўзбеклардан фарқи йўқ даражададур.

Боурлар! Билингки, ҳозирда Туркистондаги барча халқлар учун мухторият эълон қилинди ва сиз билингки, ҳақ олинур, берилмас. Инчунин, мухторият-да олинур, берилмас. Яъни мухториятни Туркистон болаларининг ўзи бирлашиб, ғайрат ила олурлар. Албатта, бошқалар тарафидан берилмас. Бошқаларнинг қўлидан келса, бермаслар. Биз бўшлик қилсак ва Туркистондаги халқлар бирлашиб, мухторият йўлиға саъй қилмасак, албатта, ҳозирги қоғоз устидаги мухториятимизни ҳам йўқ қилурлар, бул албатта, шундайдур ва бул сўзга ҳеч ким ихтилоф қилолмайдур.

Энди ишлар шу ҳолда экан, биз ҳаммамиз, яъни қирғиз, қозоқ, ўзбек, туркман, араб, форс, хуллас, Туркистондаги, Қозоғистондаги ва Туркманистондаги барча мусулмонлар ва ҳам мундаги яҳудий ва христианлар бирлашиб, иттифоқ ила шу мухториятнинг амалға келишиға саъй ва эҳтимом этмоғимиз лозимдур. Агарда бизга ўз бошимизға, шариат, урф ва одатимизға мувофиқ тирикчилик қилмоқ керак бўлса, ҳаммамиз вақтли низоъ ва "манман"лиқни қўйиб, ҳамма нарсани эсимиздан чиқориб, ёлғуз "муҳторият" учун ҳар нимарсамизни фидо этмоғимиз лозимдур. Мундай фурсат ва замоннинг бизға қайтиб келиши маълум йўқ, қадрини билиб ишламоқ керакдур. Вақт ўтгандан сўнгра ўкинмоқ фойда этмас.

Шуни-да билингки, қозоқ ўз бошиға, шаҳар халқи ва атрофи ўз бошиға ойрилиб, бошқа-бошқа мухторият қилмоқчи бўлганда, иккиси ҳам муддаоға етмайдур. Сиз, қозоқ қариндошларимиз, оре, чўлдасиз, аммо сиздан бир кўп, халқлар ҳам шаҳарларда ва шаҳарлар теварагиндадур. Тирикчилик шундай нимарсаки, чўл ила шаҳар ва қишлоқ халқини бир-бирига боғлагандир. Бир-биридан ажралиб яшаёлмайдур. Шаҳар халқи ила бирлашиб мухториятни бошқарғанда сизларға зарар келмай, балки фойда келур.

Мухториятни бошқармоқ учун ёлғуз сиз-да кифоят этмаганингиз каби, ёлғуз шаҳар ва атрофидаги халойиқ ҳам кифоят эмас, балки иккингиз-да кераксиз. Шуни-да билингки, сизлар турғун халқ ила бирлашиб мухторият қилган ила сиз ила турғун халқ учун биргина навъ қонун бўлмай, балки сизнинг тирикчилик ва одатингизға мувофиқ алоҳида сиз учун нафълик қонунлар ёзилур. Шариат ҳам кўчма ва чўл мусулмонларининг урф ва одатлариға кенглик берғондир. Сиз ўйламангки, турғун халқи ва ё шариати бизни қисадур. Йўқ, билъакс, сизға кераклик одатларингизни сизға қолдириб, сиз учун сизнинг зиёли вакилларингиз қонунлар тузайдурлар. Тоғ ва шаҳар халқлари учун-да, бошқа-бошқа қонунлар тузалур.

Ҳатто, Туркистондаги баъзи уезд ва шаҳарлар учун алоҳида қонунлар тузалур. На учунки, ҳамманинг тирикчилиги бир эмасдур. Яҳудий ва христианлар учун-да, бошқа қонунлар туза олур. Ҳар бир халқнинг одат ва мазҳабиға риоя қилинур. Хулоса: мухториятни миллат мажлиси ҳар бир халқнинг нафъини кўзда тутуб; қонун чиқарар. Агарда сиз, қозоқ биродарлар, турғун халқдан ажралиб, ўзга мухторият қилурмиз десангиз, мундан сиз-да ва турғун халқ-да зарар кўрар ва эҳтимолки, иккингиз-да мухториятдан насиб бўлмас, азбаски куч таралур.

Бобокалонларимизнинг машҳур насиҳати бор, у ўз ўғуллариға қилиб эдики, бирлашингиз. Масалан бир даста таёқни бирга боғласангиз, кимса синдиролмас. Агарда ажратсангиз, бирин-бирин ҳар ким синдурар. Мана, бобонгизнинг буйруғи.

Чироғларим! Бошқа халқлар, масалан, серблар, италянлар, арманлар, славянлар, поляклар ва бошқалар, ҳатто, дунёнинг у бир учидаги қариндошлари ила бирлашур эканлар, бошқа катта ва қувватли давлатларга тобеъ бўлуб, ютилуб, ҳатто, тилини йўқотган ўз жинсдошларини ажратиб олиб, бирлашмоқға жон ва кучларини сарф этар эканлар, биз ўз ичимиздаги қариндошларимиздан айрилсак, уятдур, аҳмоқлиқдур. Турк томуриға болта урмоқликдур.

Онгли қозоқлар ўйласинлар, тарихга қарасинлар, зиёли қозоқлар, Оврупонинг ихтилоф солиб, миллатларни ажратмоқ сиёсатиға ва икки юзлигиға қарасунлар эди. Бирлашғон Туркистон халқининг бўлунмоқиға ўзимиз сабаб бўлмасак эди. Барча ихтилофчилар ва бошқалар-да, албатта, зарар кўрарлар ва алар ила баробар татарлар-да, биз-да, мундан зарар кўрурмиз ва ихтилофимизнинг жазосини тортармиз. У кунларимиза йиғлармиз, аммо фойда этмас.

Чироғларим, бирлашайлик! Кўрасиз, бу кунги руслар-да бирлашмоқдадурлар. Энди бирлашмоқ замонидир. Агарда сиз айрилсангиз, туркман қариндошлар-да айрилса, Туркистон турклари уч ерга бўлиниб кетар ва барчаға мухториятдан насиба чиқмай қолур. Еттисувдаги мусулмон қариндошларга ҳам айтатурғон сўзим шулдур.

Ондаги христианларға келгунча, алар билсунларки, Еттисувда кўп бўлсалар-да, бутун теваракларини мусулмонлар айлантириб олғон ва аларнинг-да бизнинг мухториятға қўшилмоқлари, албатта, ўзлари учун лозим бўлғонидек, Туркистоннинг бошқа жойларидаги руслар учун-да фойдаликдур. Чунончи, алар қўшилса, миллат мажлисинда рус аъзолари кўпайур. Бизнинг мухториятимиз жорий бўлғондан сўнгра, Еттисув русларининг қўшулмасликлари асло мумкин эмасдур.

Ёлғуз сиз ила биз эмас, бутун Русия мусулмонларининг бирлашмоқлари шаръан ва ақлан фарздур.

"Оллоҳнинг ипига бирлашингиз ва тарқалиб кетмангиз" Тангрининг сўзидур. Бошқа газеталарнинг кўчирмаклари-да ражо ўлинур.

Самарқанд, "Ҳуррият" газетаси, 1918 йил, 26 январ.

 
Абдураҳмон Жомий (1414-1492)
31.05.2013 19:44    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Темурийлар салтанати ҳукмронлига даврида Мовароуннаҳр ва Хуросонда бадиий адабиёт ҳам янги босқичга кўтарилди. Шу даврда форс-тожик адабиёти ўзининг янги ривожланиш поғонасига эришган бўлса, узбек адабиёти Алишер Навоий, Мавлоно Лутфий, Дурбек, Ҳофиз Хоразмий, Атоий, Саккокий, Гадоий, Саййид Қосимий, Яқиний ижодлари мисолида ўз тараққиётининг энг юксак босқичига кўтарилди. Абдураҳмон Жомийнинг «Ҳафт авранг», Алишер Навоийнинг «Хамса», «Хазойин ул-маоний» асарлари шу давр Ҳафт авранг» («Етти тахт») деб ном қўяр экан, Темурийлар сулоласидан етти шоҳ (Амир Темур, Халил Султон, Шоҳрух, Улуғбек, Абулқосим Бобур, Абу Сайд, Мирзо Ҳусайн Бойқаро)ни кўзда гутган бўлса, Навоий ўз «Хамса»сини яхлит ҳолда Ҳусайн Бойқарога бағишлаган ва бу билан ҳар икки муаллиф ҳам шу давр ҳукмдорлирига ўзларининг маълум маънода миннатдорчиликларини намоён этган эдилар.
Темурийлар давридаги адабий ҳаётнинг ўзига хос хусусиятларидан бири адабий жараённинг ягоналиги, унда туркий тилда ижод қилувчиларнинг ҳам, форсийда қалам тебратувчиларнинг ҳам баробар ва фаол қатнаша олгани эди. Буни биз Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» тазкирасида яққол кўрамиз. Унда ижодкорлар тил хусусиятларига қараб бир-биридан ажратилмаган. Ҳусайн Бойқаро ҳукмдорлиги давридаги адабий ҳаётга тўхталар экан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур "Бобурнома"да: "Шуародин бу жамънинг саромад ва сардафтари Мавлоно Абдураҳмон Жомий эди", — деб ёзади. Бинобарин, фақат форсий адабиётнинг эмас, шу даврдагл ўзбек адабиётининг гуллаб-яшнашида ҳам Абдураҳмон Жомийнинг роли жуда катта бўлган.Абдураҳмон Жомий Шоҳрух ҳукмдорлиги даврида— 1414 йил 7 ноябрда Нишопур яқинидаги Жом шаҳрида, руҳоний оиласида ду-нёга келди. Жомийнинг ота-боболари асли Даштдан бўлиб Жомда туриб қолишган.

Бобоси Мавлоно Муҳаммад ва отаси Низомиддин Аҳмад сингари Абдураҳмон ҳам қўлига қалам олиб, шеър ёза бошлаган вақтдан бошлаб ўз таваллуд топган шаҳри номини ўзига адабий тахаллус қилиб олган (Баъзи олимларнинг фикрича, "Жом" сўзи "идиш" маъносида тасаввуфий тушунчани ҳам биддиради. Шарқдаги адабий анъанага кўра адабий тахаллус кўп маъноли бўлиши маъқул кўрилган).

У асосий умрини Ҳиротда ўтказди ва шу ерда машҳур шоир ва мутафаккир бўлиб етишди. Болалик чоғидаёқ Жомий зеҳнининг ўткирлиги билан ажралиб турган. Бошланғич маълумотни у отасидан олган. Оиланинг Ҳиротга кўчиши, отасининг бу ерда шайх ул-ислом мансабига тайинланиши Жомий ҳаётида муҳим аҳамитяга эга бўлди.

Ҳиротда унинг ўқишига Хожа Алоуддин Али Самарқандий, Шаҳобиддин Муҳаммад Жожармий каби машҳур муаллифлар ўз ҳиссаларини қўшдилар. Натижада у араб тили, илоҳиёт, тасаввуф, шеър қоидалари, адабиёт тарихи ва бошқа фанларнинг асосларини жуда эрта ва ўзлаштира бошлади.

Жомий турли фанлар бўйича ўз таҳсилини Самарқандда ниҳоясига етказишни ихтиёр қилар экан, у Улуғбек мадрасасида Улуғбек, Қозизода Румий, Али Қушчи каби алломаларнинг маърузаларини эшитиш шарафига муяссар бўлди. У фиқҳшунос олим, араб тили, "Қуръон", ҳадислар бўйича мутахассис Фазлуллоҳ Абуллайсдан ҳам кўп дарс одди.

Ҳиротда Жомий тасаввуф йўлига киришни, ўз билим ва фаолиятини шу йўлга, қолаверса ижодга, илм-фанга бағишлашни афзал кўради. Ёш Жомий Шайх Саъдаддин Кошғарий билан яқинлашиб, унга қўл беради ва тез орада унинг ҳурматини қозонади. Жомий пирининг қизига уйланади. Саъдиддин Кошғарий тасаввуфда Муҳаммад Нақшбанд сулукига мансуб эди.

1469 йили Султон Ҳусайн Бойқаро Ҳирот тахтига ўлтиради. Орадан кўп вақт ўтмай, 1476-77 йиллар орасида у ўз дўсти ва вазири Алишер Навоий билан Жомийни ўзига пир ва устоз деб танийди. Бу Жомий ҳаёти ва фаолиятида катта воқеа бўлди.

Жомий кундалик ҳаётда оддий, дарвишона яшаса ҳам, бирок шоҳ ва унга алоқадор кишиларнинг, ҳатто уни асарлари орқали таниган бошқа мамлакат подшоҳларининг унга муруввати катта эди. Шунинт учун у ўзига тушган даромадлар ҳисобига бир қанча бинойи ҳайриялар, шу жумладан Ҳиротда икки мадраса ва хонақоҳ, тутилган шаҳари — Жомда бир масжид қуриш имконига эга бўлган. Унинг Шамсиддин Муҳаммад исмли укаси бўлиб, у катта табиб, олим ва созанда бўлиб етишгани маълум.

XV асрнинг иккинчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий, илмий-маданий ва адабий ҳаётда юз берган ибратли ҳодисатардан бири Навоий —Жомий муносабатларидир. Бу икки буюк зот ижод соҳасида халқпарварлик ва инсонпарварлик мавқеида туриш билан бирга халқ, давлат ишларида инсоф ва адолатни ёқлар эдилар.

Жомийнинг "Нафаҳот ул-унс", Лужжат ул-асрор", Ашиат ул-ламаот", "Рисо-лаи мусиқий", "Рисолаи муаммо" каби бир қанча асарлари Навоийнинг маслаҳати ва илтимоси билан ёзилган. Жомий ўз лирик шеърларини йиғиб, девон тузмоқчи бўлганда, Навоий маслаҳати билан учта девон тузади ва девонларнинг биринчисига "Фотиҳат уш-шабоб", иккинчисига "Воситат ул-ишқ", учинчисига "Хотимат ул-ҳаёт" деб ном қўяди.

1480 йилдан 1485 йилнинг охирига қадар Жомий ўзининг буюк "Ҳафт авранг"и таркибига кирган достонларини яратиш устида иш олиб борди. Шарқ адабиётидаги хамсачилик анъаналари асосида ёзилган бу достонлардан "Силсилат уз-заҳаб", "Туҳфат ул-аҳрор", "Суҳбат ул-аброр" ғоявий тематик жиҳатдан фалсафий-ахлоқий йўналишда, жанр эътибори билан панднома типида бўлиб, ўз даврининг энг долзарб масалаларига бағишланган эди.

"Юсуф ва Зулайҳо", "Лайли ва Мажнун", "Саламон ва Абсол", "Хирадномаи Искандарий" достонларида эса шоир анъанавий сюжетларнинг янгича талқинларини берди.

Жомий бир неча маротаба ҳаж қилган, ҳаж сафари давомида Нишопур, Бастом, Домғон, Қазвин, Ҳамадон, Карбало, Бағдод, Дамашқ, Ҳалаб, Табриз каби шаҳарларни кўрган, бу шаҳарларда юксак иззат-ҳурматга сазовор бўлган. Унинг шахсий мактубларидан маълум бўлишича, у яқин дўсти Хожа Аҳрор таклифи билан Тошкентда ҳам бўлган ва улуғ мазоратларни зиёрат қилган.

Абдурахмон Жомий 1492 йили шамоллаш натижасвда хасталаниб, 78 ёшида ҳаёт билан видолашган. Унинг дафн маросимшги Навоий бошқариб, подшоҳ Ҳусайн Бойқаро эса мамлакатда бир йил мотам эълон қилди. Унга атаб кўпгина шоирлар, шу жумладан Навоий ҳам, қайғули марсиялар битишди. Навоий марсиясида Жомий вафотининг тарихи "Кашфи асрори илоҳ" ("Илохий сирлар кашфи") деган сўзлардан (ҳижрий 898, мелодий 1492 йил) чиқарилган эди.

Абдураҳмон Жомий ғоят сермаҳсул ижодкор бўлиб, ундан бизга адабиётнинг турли жанрларига, фан ва санъатнинт ранг-баранг со-ҳаларига оид бой мерос қолган. Жомий асарлари ўз давридаёқ Хуросон ва Мовароуннаҳр доирасидагина эмас, бошқа мамлакатларга ҳам кенг тарқалган эди. Баъзан қўшни мамлакат подшоҳлари, масалан, Султон Яъқуб унинг асарларини сўраб махсус элчилар юборган.

Унинг асарлари ўз даврида ва ундан кейин ҳам кўп қўлёзма нусхаларда кўчирилган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Қўлёзмалар институти фондларида Жомий асарларининг XV — XVI асрларда кўчирилган ўнлаб қўлёзмаларини учратиш мумкин.

Бундай қўлёзмалар Русия, Афғонистон, Эрон ва Оврўпо мамлакатларидаги бошқа қўлёзма фондларида ҳам учрайди. Таниқли шарқшунос Е. Э. Бертельс "Жомий" монографиясида шоир асарларининг Тошкент куллиети (ЎзР ФА Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Қўлёзма инв. №2122) асосида 52 асарининг номини келтиради.

Жомий асарларининг бир қисми диний ва фалсафий мазмунга эга бўлиб, уларда шоир Ислом дини ва Шарқ фалсафасининг бир қатор масалаларини ўз қарашича талқин қилади, тасаввуфнинт XV асрдаги энг йирик арбоби сифатида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этади.

Бунга унинг "Нақши фусус" ("Маънолар нақши"), "Шавоҳиди нубувва" ("Пайғамбарликка далиллар"), "Шарҳи қасидайи "Тоия" (Радифда "то" ҳарфидан фойдаланиб ёзилган қасида шарҳи"), "Нақди нусус" ("Матнни танқид"), "Шарҳи қасидайи "Хамрия" ("Хамрия" қасидаси шарҳи"), "Нақшбавдий таълимоти ҳақида рисола", "Воҳид" атамаси ҳақида рисола", "Зикр" шартлари ҳақида рисола", "Ҳаж қилиш йў.ллари ҳақида рисола", "Ашиот ул-ламаот" каби бир қанча асарларини шу гуруҳга киритиш мумкин.

Жомий ўзининг мутасаввуфлик фаолиятвда Баҳовуддин Нақшбанд ғояларини шу сулукнинг иккинчи бир йирик намояндаси — Хожа Аҳрор Валий билан яқин муносабатда бўлган ҳолда янада ривожлантирди. Расман у ўзини кундалик ҳаётда "Маломатия" тариқатига мансуб деб ҳисобласа-да, асарларида улуғ Нақшбандга ихлоси чексиз эди.

У ўзининг "Лужжатул-асрор" қасвдасида сўфий хулқ-ахлоқи, инсон тарбияси ҳақвда гап борганда таъмагирликни қоралаб, қаноатли кишиларнинг олийжанобликларини, уларнинг маънавий жиҳатдан подшоҳ ва вазирлардан ҳам устун эканликла-рини мадҳ эгиб, қуйидаги сатрларни битган эди:

Томеъоя аз баҳри гуъма пеши ҳар хас сар ниҳад, Қонеъонро ханда бар шоҳу вазири кишвар аст.
Мазмуни:
Таъмагирлар бир луқма учун бошини хасга қуйишга тайёр, Қаноатчилар эса мамлакат шоҳи ва вазири устидан ҳам кула олади.

Шоир фикрича, инсон ҳалол ва пок яшаши, бунинг учун эса у бир касбга эга бўлиши, ўз меҳнати ҳисобига кун кўриши зарур:

Марди косиб каз машаққат мекунад кафро дурушт, Баҳри яоҳамворияи нафси дағал ҳонгар аст.

Мазмуни:

Косиб одам меҳнат туфайли қўлини қавартиради, Бу қўддаги дағал эса нафс ғидир-будурини текисловчи рандадир.

Жомийнинг тасаввуфга бўлган эътиқоди соф ва мукаммал бўлиб, у Худони ёруғ нур кўринишида тасаввур этар эди. Шеърий асарла-рида эса у Худони гўзал маъшуқа қиёфасида тасвирлаган. Шу билан бирга унингча, дунёдаги ҳамма нарсаларни яратган. Худо ўзи ҳам мингларча кўзгуда, турли қиёфада ва кўринишда намоёндир.

Жомий "Нафаҳот ул-унс" асарини яратиш билан тасаввуф тарихини ўрганишга катта ҳисса қўшди. Унда 616 мутасаввуф ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот берилган бўлиб, улардан 34 таси аёллардир. Жомий вафотидан кейин бу асарни Навоий маълум тўлдиришлар билан ўзбек тилига таржима қилиши бежиз эмас эди.

Жомийнинг "Рисолайи аруз", "Рисолайи муаммойи кабир", "Рисолайи муаммойи сағир", Рисолайи муаммойи мутаввассит", "Рисолайи муаммойи манзум", "Шарҳи байти Маснавий, "Шарҳи байти Хусрав", "Шарҳи руббиёт", "Рисолайи қофия" каби асарлари Шарқ адабиёти тарихини, унинг вазн, қофия ва шеър турлари билан боғлиқ назарий масалаларини ўрганишда ҳозирги кунга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Олимнинг фақат муаммо ҳақидагина 4 та назарий қўлланма яратгани ёки улуғ салафлари асарларининг мураккаб бир байтини изоҳлаш, тасаввуфнинг бирон атамасини ёритиш учун махсус рисолалар ёзгани унинг адабиёт тарихини ўрганишга жуда катта аҳамият берганини, ўзи бу соҳаларнинг ҳақиқий донишманди бўлганини кўрсатади.

Бундан ташқари Жомий ўз даврининг энг буюк тилшуноси ҳам эди. У форс тили грамматикаси бўйича махсус шеърий ва насрий қўлланма ёзган. Араб тилини эса ўз она тилидек билган эди. У вақтда араб тили машҳур хоразмлик тилшунос олим Ибн Ҳожибнинг (1175— 1249) "Ал-Қофия" китоби бўйича ўрганиларди.

Шоирнинг суюкли фарзанди Зиёвуддин араб тилини шу дарслик бўиича ўқир экан, дарсни ўзлаштиришда катта қийинчилик сезади. Шунда Жомий унинг аҳволини тушуниб, 1492 йили, яъни умрининг охирларида "Ал-Қофия"га махсус шарҳ ёзади. Шундан сўнг Ибн Ҳожибнинг асари мактаб ва мадрасаларда шу шарҳ ёрдамида ўқитиладиган бўлади. Жомий "Шарҳи" эса "Шарҳи Мулло" номи билан шуҳрат қозонади.

Унинг аруз билан бир қаторда музика назарияси ҳақида "Рисолайи мусиқий" асарини ёзиши шу давр маданий ҳаётида катта воқеа бўлди. Жомий ўз рисоласида Абу Наср Форобийнинг кўп жиддлик "Музика ҳақида катта китоб" асаридаги ғояларни янада ривожлантирди, мусиқани товушларнинг ўзаро оҳангдошлик (таълиф) ва нооҳангдошлик (манофарат) нуқтаи назаридан ўрганувчи, янги куй яратиш учун улар орасидаги оралик (озмина)ларни текширувчи фан деб характерлади.
Мусиқа, унинг фикрича, инсонга энг юқори маъна-вий озиқ берадиган мукаммал гўзал товушлар ҳақидаги фандир. Бу фан инсонларга хизмат қилиши, уларнинг ҳаетини безаши зарур.

XV аср адабий ҳаётида шеърий асарлар билан бир қаторда насрни ривожлантиришга ҳам аҳамият берилар эди. Шайх Саъдийнинг "Гулистон" номли машҳур ҳикоялар тўпламини ғоят севган ва уни "жаннатдан нишон, хашак-тикони ҳам анбаргадир жон" деб таърифлаган Жомий 1486—87 йилларда шу асарга жавобан "Баҳористон" деган асарини яратди.

Жамиятдаги турли табақалар ҳаётидан, тарихдан ҳикоя қилувчи бу тўпламда биз жанр эътибори билан енгил, ёзилиш услуби ўзгача, тили халқчил, сюжети содда кўп ҳикояларни ўқишимиз мумкин. Ҳар бир ҳикоя катта тарбиявий аҳамият-га эга. Масалан, қуйидаги ҳикояни Искандарнинг мураккаб бир саволга ғоят оқилона жавоб берганини ва дўстлик, инсонийлик ғояларини улуғлаганини кўрамиз:

"Искандардан:
— Сен шундай ёшлик ва навқиронлик чоғингда қандай қилиб бу давлату салтанатга эриша оддинг? — деб сўраганларида, у шундай жавоб берибди:
— Мен душманларимга хушмуомала бўлдим, токи адоват жилови йиғилиб жонлансин; дўстларга садоқатда бўлдим, токи дўстлик мустаҳкамлансин".

"Баҳористон"нинг 7-равзаси адабий тазкира характерида бўлиб, унда Рудакий, Дақиқий, Фирдавсий, Носир Хисрав, Низомий, Шайх Саъдий, Ҳофиз Шерозий, Камол Хўжандий, Хусрав Деҳлавий каби машҳур форс-тожик шоир ва адиблари тўғрисида қимматли маълумотлар ҳамда уларнинг ҳаётидан олиб ёзилган ҳикоялар бор.

Лекин Жомий ижодининг энг катта қисмини, ҳеч шубҳасиз, унинт шеърияти ташкил этади. 1490 йилнинг бошида у ўз шеърларидан 3 та девон тузган бўлиб, бу девонлар 1805 ғазал ва бошқа шеър турларини ўз ичига олгандир. Бу девонлардаги деярли барча шеърлар шоирнинг лирик шеърлар соҳасидаги юксак истеъдодидан дарак беради.

Навоий: Жомийнинг йигитлик даврида илм олишга қаттиқ эътибор берган бўлсада, "аммо ҳеч вақт назм ойинидин холи эмас экандурлар", — деб ёзади "Хамсат ул-мутаҳаййирин" асарида. У ўз мулоҳазаларини давом эттириб, улуғ шоир шеърларининг диний-тасаввуфий, мазмуни, Аллоҳни таниш, билигд билан боьл иқ ҳақиқатни шоир мажозий йўл, услуб билан, ўзини мажбур қилиб эмас, балки беихтиёр ифодалагани ҳақида ёзади.

Жомий шеърларида ҳам, бошқа кўп Шарқ мумтоз шоирлардаги каби ҳаёт, инсон гўзаллиги ва ички туйғу, эҳтирослари ўзининг табиий ифодасини топган ва шоир уларга тасаввуфий маъно берган. Жомий шеърий меросининт йирик тадқиқотчиси А Афсахзод ҳам бу тўғрида: "Жомийдаги сўфиёна кайфият унинг ижодий йўли-ни энг ибтидосидан бошланган эди", — деб ёзганда тўла ҳақ эди.

Жомий лирик шеъриятида реал ҳаёт билан тасаввуфий хаёлот шоирнинг ижодий фантазияси орқали бирлашиб кетган.
Шоир шеъриятидаги панд-насиҳат руҳидаги шеърлар кишиларни эзгуликка, ҳалол ва пок бўлишга, камтарликка, Аллоҳ томонидан берилган умрни яхши ишлари билан яшаб ўтказишга даъват этади. У ўз рубоийларининг бирида ёзади:

Бўлайлик дил хаста ҳам сийналар чок,
Ҳаётда доимо пок бўлайлик, пок.
Хокистар бўлайлик ишнинг бошидан,
Чунки охири ҳам хок бўлурмиз, хок.
(Ш. Шомуҳамедов таржимаси)

Ранг-баранг ҳаётий мавзуларда яраттан бадиий юксак ва сержило шеърлар билан форсий адабиётни бойитган Жомий, Саъдий Шерозий, Амир Хусрав Деҳлавий, Хожа Ҳофиз Шерозий каби сўз санъаткорлари сафидан муносиб ўрин олди.

Абдураҳмон Жомий ижодининг гултожи, гяубҳасиз, унинг "Ҳафт авранг" деб номланган достонлар мажмуасидир. Бу достонларида Жомий форс-тожик адабиётида яратилган Низомий Ганжавий (1141—1209) ва Амир Хусрав Деҳлавийнинг (1253—1325) "Хамса"ларидаги энг яхши ғоявий ва адабий анъаналарни давом эттириб, XV асрнинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётида мавжуд муаммоларга ўз муносабатини билдиришга ҳаракат қилганки, маснавийда, олдинги "Хамса" достонлари вазнида яратилган бу достонлар Низомий ва Деҳлавий асарларидан қолишмаслигини таъкидлаб, Алишер Навоий қуйидаги байтларни ёзган эди:

Ғазал дарду сўзияи, ваҳ-ваҳ, не дей! Деса маснавий, аллаҳ-аллаҳ, не дей! Агар назмдин борча усдуб анта, Бори бир-биридин эрур хўб анга, Вале маснавий ўзга олам дурур, Кн таъбига ҳоло мусаддам дурур. Бўлуб жилвагар табъи кўзгусида, Ки сабт айлади "Хамса" ўтрусида, Эрур андин ортуқкя, ўксук эмас, Эл андин дер ортуқки, ўксук демас!

Ижтимоий-сиёсий, фалсафий-ахлоқий масалаларда Жомий халқ-парварлик ва инсонпарварлик, адолат ва инсоф масалаларига, зулмни, золимларни қоралашга кенг ўрин берди. Буни у айниқса шоҳлар ҳақида гап борганда, қайта-қайта қаламга олди. Унингча, шоҳ одил бўлса, у бехавф-бехатар яшайди.

Жомийнинг "Юсуф ва Зулайҳо", "Лайли ва Мажнун" достонларида ишқ ва муҳаббат, дўстлик мавзулари янги илҳом, янги шеърий ҳарорат билан ёритилган бўлиб, шу анъанавий сюжетга қурилган достонлар орасида алоҳида ўрин тутади. "Лайли ва Мажнун"югаг кириш қисмида дўстликни, муҳаббатни улутлаб шоир ёзади:

Умид хазинасин калити ёрдир, Ҳаётинт у бирла шод, бахтиёрдир. Вужудинг мақсуди недир ғайри ёр? Ёрсиз бу савдонинг не кераги бор? Вужудинг топгунча буткул инқироз, Бирор қуш этолмас ёр каби парвоз.
Худди шу сатрлар давомида Жомий дўстликка мисол тарзида бир умрлик қадрдон дўсти Алишер Навоийни эслайди ва уни дўстлик боғидаги энг вафодор ва меҳрибон дўст сифатида шундай таъриф ва тавсиф этади:

Дўстлик боғидаги маъсус хушкалом,
Вафо шохидадир Навоий мудом.
Гўзал сўзлар билан наво айлагай,
Озурда дилларни даво айлагай.
Бундан бошқа ишнинг бўлмас адоси, Жаҳонда дўстлар бўлмас адоси, Ўз даврида Жомий фақат Навоийнинг эмас, балки бутун ўзбек адабиётини ҳам энг яқин дўсти эди. Навоий ёзишича, у туркий тилда шеър ёзмаса ҳам, аммо бу тилдаги асарларни яхши тушунар ва улар ҳақида ўз фикрини айта олар эди. Мавлоно Лутфий вафоти олдида ўзининт тугалланмай қолган:

"Гар кори дили ошиқ бо кофири Чин афтад,
Беҳзон ки ба бадхўйи бемеҳри чунин афтад",

— деб аталадиган матла билан бошланган ғазалини Жомий давом эттириб, тугатиб, ўз девонига киритсин, — дея васият қилган. Маълумки, Жомий бу илтимосни бажарган. У Ҳусайн Бойқаро ижодидан ҳам тўла хабардор эди. Айниқса унинг Навоий "Хамса"сига ўзининг "Хирадномайи Искандарий" достонида қуйидаги баҳони бергани диққатга сазовордир:

Ба турки забон нақше омад ажаб, Ки жодудамонро бувад меҳри лаб. Зи чарх офаринҳо бар он килк зод, Ки ин нақши матбу аз он килк зод.
Мазмуни:

Туркий тилда шундай бир ажойиб нақш (асар) пайдо бўддики, Унинг олдида ҳар қандай (сўз) сеҳргари оғзини очолмай қолди. Фалакдан офаринлар ёғилсин (бу нақшни чизган Навоий) қаламигаки, Бу гўзал нақш, ахир, ўша қаламнинг ишидир.

 
Мулла ниқоби остида
11.09.2014 13:30    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

1833 йили Оренбург ҳарбий губернатори В. А. Перовскийнинг топшириғи билан Оренбургдаги Неплюев ҳарбий билим юртида араб, форс, татар тиллари муаллими бўлиб ишлаётган Петр Иванович Демезон Бухорога юборилди. Бу одам асли италиялик бўлиб, Сардинияда туғилган эди. У Русияга қандоқ келиб қолгани номаълум бўлса-да, кейинчалик у рус фуқаролигини қабул қилган. Унинг Бухорога тўрт ойлик сафаридан мақсад «Ўрта Осиё вилоятларида содир бўлаётган ҳамма нарсалар ҳақида ишончли ва батафсил маълумотлар тўплаш» эди. Бу борада Петербургдаги чор ҳукуматининг Афғонистон ва Ҳиндистон орқали келаётган инглиз молларининг Ўрта Осиё бозорларида рақобатбардорлиги кучаяётганидан, умуман чет эл агентурасининг бу ердаги фаоллиги ортаётганидан ташвишга тушаётгани ҳам ана шу сафарга туртки бўлгани аниқ эди.
Демезон Бухорога татар мулласи Мирза Жаъфар номи остида бухоролик тожир Ниёз Муҳаммаднинг савдо карвони билан жўнатилди. Бухороликлар асосан суннийлар бўлгани учун сунний мулла Жаъфар ниқобидаги Демезонга барча масжид ва мадрасаларнинг эшиги ланг очиб қўйилди ва бу шаҳарнинг барча таниқли кишилари билан танишиш ва Бухоро муллалари билан илмий мунозара олиб бориш имконини берди. (Б. Лунин, «История Узбекистана в источниках», Ташкент, 1990 г.).
Ҳозиргача ниқоби ва номини ўзгартирган, аммо мақсадлари эскича қолган яна қанчалаб демезонларнинг иркит қадами табаррук ерларимизни топташдан тўхтагани йўқ.

 
Аҳмоний подшоларининг ёзма манбаларида қадимги Ўрта Осиё халқлари
20.01.2014 10:30    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ўрта Осиё, жумладан Ўзбекистон ҳудудларида кишилик тарихининг Фергантроп одамидан кейин ўтган аждодлар тарихининг барча давр ва босқичларига оид ёдгорликлар ҳам топиб ўрганилган. Бу кўп асрлик тарихнинг юздан тўқсон тўққиз фоизи археологик манбалар асосида ўрганилади. Чунки у даврларда ёзув бўлмаган. Ўрта Осиё халқлари қадимги тарихи ҳақида илк маълумот берувчи дастлабки манба-Авесто бўлиб, биринчи бор унинг “Видевдат” китобида Ўрта Осиёнинг қадимги вилоятлари ва халқларининг номлари тилга олинади.

Ўрта Осиёнинг қадимги халқлари ҳақида Аҳамоний подшоларининг қоя тошларга битилган битикларида ҳам тегишли маълумотлар учрайди. Ўрта Осиё халқларининг турмуш тарзи, урф-одатлари, кийим-кечаги ва кўп қиррали ҳаёти ҳақида қизиқарли материаллар юнон муаллифлари ва Хитой ёзма манбааларида кўпроқ учрайди. Булардан ташқари археологик изланишлар давомида турли давр ва йилларда топилган маҳаллий аҳолининг хоразмий, боҳтарий, суғдий ва “номаълум ёзув” деб аталмиш ёзма манбаалари ҳам борки, улар қисқа ва кам бўлишидан қатьий назар, Ўрта Осиё халқлари, жумладан ўзбек этногенези учун ноёб маълумотлар беради. Араб, форс ва турк ёзма манбаларида ҳам ўзбек халқи этногенези ва этник тарихи учун қимматли маълумотлар учрайди. Ўрта Осиё халқларининг келиб чиқиши масалаларини ёритишда уларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Бу ёзма манбаалар ичида энг қадимгиси, қадимда Ўрта Осиёда яшаган халқлар номини илк бор тилга олган ёзма манбаа – бу Авестодир.

Авесто зардуштийлик динининг муқаддас китоби бўлиб, шу диндаги халқарнинг ахлоқ, одаб, диний қонун ва қоидалар мажмуасидир. Дастлаб Авесто 21 китобдан иборат бўлган. Бизгача унинг айрим қисмларигина сақланиб қолган. Масалан, Ясна, Виспарат, Яшт, Видевдат. Ясна китоби 72 бобдан иборат бўлиб, улардан 17таси - “Готалар” пайғамбар Заратуштранинг “муқаддас мадҳиялари” ва диний насихатларидан иборат.”Готалар” Авестонинг энг қадимги қисми бўлиб, ундаги Заратуштранинг архаик ибора ва терминлари сўзма-сўз Ясна китобига киритилган. Шунинг учун тадқиқотчилар “Готалар” қадимги эроний тилларнинг қайси лаҳжасида ёзилганлигини аниқлаш ва уларнинг маъноларини чақиш қийинлигидан нолийдилар. “Виспарат” китоби 21 бобдан иборат. Унда зардуштийларнинг байрам ва диний маросимларда ижро этиладиган айрим мадҳиялари тўпланган. 21 бобдан иборат “Яшт”китобида ёзувсиз замонларга оид эроний қабилаларнинг диний тасаввурлари, афсонавий қаҳрамонлар ва улуғ худоларга бағишланган мадҳиялар тўпланган. Демак, Яшт боблари қадимги қабилалар оғзаки ижоди асосида пайдо бўлган. Видевдат улар ичида бирмунча ёш, лекин тўлиқ сақланган китобдир. У 22 бобдан иборат бўлиб, унда “девларга қарши кураш” қоидалари ҳақида гап боради.

Заратуштра. Авестода акс этган асосий қонун ва қоидалар, диний эҳтиқоднинг етакчи тушунчалари тарихий шахс Заратуштра номи билан боғлик. Унинг номи қадимги эронча «зарат» ва «уштра» сўзларидан ташкил топган. «Зарат»-сариқ, “уштра”-туя, яъни “Сариқ туя етаклаган одам” маъносини англатади. Заратуштранинг бошқалардан фарқи шундаки, у ўта истеьдодли шоир, илоҳиёт билимдони, файласўф олим бўлган. Ягона худога ишонишгина жамиятни янги тараққиёт босқичига кўтара олади, деб ҳисоблар эди у. Заратуштра 40 ёшга тўлганда эзгулик худоси Ахурамазда назарига тушади ва шундан бошлаб Ахурамазда динининг пайғамбарига (“эзгулик ҳақида дарак берувчига”) айланади. У ўз қавмлари орасида Ахурамазда динини тарғиб қилабошлайди. Бунинг учун у “Готалар” деб аталган, қўшиқ қилиб айтишга мўлжалланган шеьрлар яратади. Заратуштра “Готалар”идан 17таси Авестонинг “Ясна” деб аталган қисмига кирган ва бизгача сақланган. Авестода Заратуштра уруғининг номи, ота ва онасининг исми, оиласи ва фарзандлари ҳақида аниқ маълумотлар бор. Аммо унинг туғилган жойи аниқ эмас. Олимларнинг тахминий фараз қилишларича у Туронзамин вилоятларидан бирида, яъни Хоразм ёки Суғдиёнада қоҳинлар оиласида туғилиб ўсган. У Спитама уруғидан бўлиб, отасининг исми-Поурушасп, онасиники-Дуғдова.

Заратуштра анъанавий тасаввурларга кўра, милоддан аввалги VII-VI асрлар оралиғида яшаган (И.М.Дьяконов, В.И.Абаев, Б.Ғ.Ғофуров). Аммо, Авесто маълумотларига асосланиб олимлар Заратуштрани милоддан аввалги II-минг йилликнинг иккинчи ярмида (1500-1200 йиллар-Мэри Бойс, А. Асқаров), милоддан аввалги I-минг йилликнинг бошларида (1000-900 йиллар-И.М.Стеблин-Каменский) ўтган, деган фикрларни ҳам ўртага ташлаганлар.

Авестога асос солинган юрт унинг тарихий географиясига кўра, Марғиёна Бақтрия, Суғдиёна, Хоразм ёки Ўрта Осиёга чегарадош шимолий-шарқий Эрон ҳудудлари бўлиши мумкин. Чунки, Авестонинг энг қадимги географик номлари айнан шу вилоятлардан бири эканлигидан далолат беради. Авестодаги қадимги географик ҳудудий тушунчалар – этник қабилалар ва вилоятлар номлари, ижтимоий ва иқтисодий муносабатлар, Авесто жамиятининг ижтимоий таркиби Ўрта Осиё халқлари этногенези ва илк давлатчилик тарихи учун ноёб манбаадир. Унда ўзбек ва тожик, форс ва афғон, озарбайжон ва бошқа халқларнинг ибтидоий ва қадимий илоҳий тасаввурлари, қоинот ва ердаги дунёнинг яратилиши билан боғлик тушунчалар, афсона ва ривоятлар, фалсафий-аҳлоқий қарашлар ўз аксини топган. Авестода ижтимоий-иқтисодий муносабатлар. Авесто жамияти тўрт ижтимоий босқичдан иборат: патриархал оила жамоаси-нмана, патриархал уруғ жамоаси-вис, қабила жамоаси-занту ва қабилалар иттифоқи-дахғю. Дахъю вилоят, мамлакат маъносини ҳам англатган. Оила, уруғ, қабила бошлигини англатиш учун “пати” (ота) сўзи ишлатилган. Демак, оила бошлиги-нманапати, уруғ оқсоқоли-виспати, қабила бошлиги-зантупати, мамлакат сардори-дахъюпати деб юритилган. Мамлакатни идора қилган шахс “кави”, яъни диний, дунёвий хокимият эгаси бўлиб, унинг ҳарбий саркардасига “састар” сўзи ишлатилган. Састар одатда даҳю пайтахтининг ҳокими бўлган, мамлакат ҳарбий ҳолатда бўлган кезларда унинг зиммасига ҳарбий кўмондонлик вазифаси юклатилган. Авестода ёзилишича, састар дахъю округларидан бирини бошқариши ҳам мумкин бўлган. Демак, унинг вазифасига мамлакат ҳарбий кучларига кўмондонлик қилиш ва пайтахт ёки ўлкани бошқариш кирган.

Састар ва кави атамалари иқтисодий ҳаёти деҳқончилик хўжалиги асосида қурилган мамлакатлар бошқарув тизимида учрайди. Чорвадорлар жамоасида эса кави ва састар вазифаларини қабила жабғуси бажарган. Авесто жамияти таркибининг энг юқори босқичи – дахъю эногенез нуқтаи зараридан ёндашилса – бу нафақат йирик ҳудудий бирлик, балки маълум бир этник бирликнинг маҳмурий ҳудуди ҳамдир. Шундай ҳудудий этник бирликлардан 16 тасини номлари Авестода тилга олиниб, уларнинг ҳар бири ўз навбатида муайян халқлар номи билан боғлик этник бирликлардир.

Авесто жамиятининг ҳудудий таркибида бир неча дахъюларни сиёсий жиҳатдан уюштирган дахъюлар конфедерацияси бўлган. Уларнинг тепасида дахъю састи турган. Дахъю састи - бу дахъюнинг давлат даражасига ўсиб чиққан бўғини. Масалан, Аҳамонийларга қадар хорасмийлар етакчилик қилган сиёсий уюшмани (Яшт, 10 боб) дахъю састи конфедерацияси дейиш мумкин. Марквард мана шу сиёсий уюшмани “Катта Хоразм” деб аташни таклиф қилган эди.

Ёзма манбааларда Аҳамонийларга қадар “Қадимги Бактрия подшолиги” бўлганлиги ҳақида маълумотлар учрайди. Хатто, унинг таркибига Марғиёна ва Суғдиёна вилоятлари ҳам кирганлиги ҳақида қарашлар мавжуд. Бу сиёсий давлат уюшмасига Бактрия етакчилик қилган. Аммо дахъю састи қўл остидаги подшолик хали мутлоқ ҳокимият эгаси эмас эди, унинг ҳуқуқлари дахъюпатилар томонидан чекланган эди. У фақат дахъюпатилардан ташкил топган кенгашни раиси, дахъю састи уюшмасининг ҳуқуқи “ханчамана” томонидан чекланган подшоси. Бу сиёсий уюшманинг тепасида диний раҳбари, олий судғяси бор. У заратуштроэма деб аталади. У пайғамбар Заратуштра даражасидаги олий диний бошлиқ. Унинг розилигисиз дахъюпатилар ва дахъю састилар ҳокимият тепасига кела олмайдилар.

Эзгулик худоси Ахурамазда яратган мамлакатларда оқсоқоллар кенгаши “варзана”, “ханчамана”, умум жамоа мажлиси эса “вҳяха” деб юритилган. Авестода шаҳар ёки шаҳар жамоаси деган тушунчалар учрамайди. Авесто қадимги жамият аҳзоларини тўрт таифага бўлади: қоҳинлар, жангчи аскарлар, чорвадорлар ва хунармандлар (Ясна китоби, 19-боб). Авестода тилга олинган “баланд уйлар”, “устунлар” иборалари Авесто жамиятининг ижтимоий-иқтисодий асосида бронза даври деҳқончилик жамоаларининг ҳаётий манзараси ётади.

Дарҳақиқат, агар ўша давр жамияти аъзолари таркибини таҳлил қиладиган бўлсак, қадимги деҳқончилик минтақаларида дастлаб бошқарув тизимининг тепасида қоҳинлар турган. Улар “чорва ва кенг яйловлар эгаси”. Жангчи аскарлар бу орийлар бўлиб, қоҳинлардан кейинги мулк эгалари. Авестода асосий бойлик чорва ҳисобланган. Заратуштра ўз таълимотида “Чорвага яхши эга керак. Ушбу ердаги чорва эгаларига мен эркин юришни ва эркин ҳаётни таҳмин қиламан” дейди (Ясна, 24. Готалар). Ана шу эркин ҳаёт эгалари орийлар эди. Авестодаги чорвадорлар тоифаси эса қоҳинлар ва жангчи орийлар бойлиги - чорва мол-қўйлари ва йилқиларини боқувчи чўпонлардир.

Хунармандлар тоифасига келсак, улар меҳнат ва ҳарбий қуроллар, заргарлик, кулолчилик ва тўқимачилик касбини зироатчиликдан ажралмаган ҳолда олиб борувчи, яъни хўжалик юритувчи деҳқончилик жамоаларидир. Аммо, Авестонинг Ясна ва Яштларида деҳқончилик ҳақида маълумотлар учрамайди. Бундай маълумотлар Авестонинг Видевдат китобида бор (Видевдат, 3-боб).

Авестода диний ва аҳлоқий фалсафий қарашлар. Заратуштранинг диний фалсафаси карама-қарши кучларнинг курашига асосланган. Бу кураш худолар ўртасида бошланиб, табиётда ва инсонлар ҳаётида ҳам давом этади. Аҳоли жойлашган дунёни зардуштийлар 7 та табиий қисмларга бўлганлар. Бу дунёнинг тарихи 12 минг йил давомида ривожланади, деб фараз қилганлар. Улар дунё ривожини тўрт босқичга бўлиб, ҳар бир босқич 3 минг йилни ўз ичига олган. Биринчи босқич-кўринмас маънавий дунё; иккинчиси-ерда одамзод ҳаётини бошланиши, яъни Гавамард (исломда Одам ато) нинг пайда бўлиш даври; учунчиси-“олтин давр”, яъни орийларнинг тарих майдонига чиқиш даври; тўртинчиси-пайғамбар Заратуштра вафотидан кейинги давр. Дунё тарихининг иккинчи босқичида ёвузликлар илоҳи Ахриман (исломда Шайтон) фаолияти бошланади. Ахриман Гавамардни ўлдиради, аммо ундан тарқалган эркак ва аёл инсоният уруғини давом эттиради. Авестога кўра, орийлар Гавамард фарзандларидан ташкил топган. Орийларни Авесто турларининг аслзодалари сифатида тасаввур қилиш мумкин. Учинчи босқич Йима (Жамшид) подшолик қилган “олтин” давр бўлиб, бу даврда одамлар баҳтли ҳаёт кечирганлар. Дунё аҳолиси бир неча бор кўпайган, қушлар ва ҳайвонлар яшаши учун сайҳон (одам оёғи етмаган) ерлар қолмаган. Ахурамазда маслахатига кўра, Йима ҳар 300, 600 ва 900 йил давомида инсонлар яшайдиган ерлар чегараларини кенгайтириб борган. Йима совуқ ва сув тошқинига қарши “вара”- тўртбурчакли қалъа қуришга асос солган. Демак, бу давр археологик даврий тизимда бронза ва илк темир даврига тўғри келади. Дунё тарихининг тўртинчи босқичида инсониятни ёвуз кучлардан халос этувчи, қутқарувчи Саошҳянт исмли шахс пайдо бўлади, ер юзини ёмонликлардан тозалайди, гуноҳ иш қилган ва қилувчи одамларни йўқ қилади. Айнан шу даврда боҳодирларга ҳамду-санолар тўқиш, ҳаёт ва ўлим фалсафаси, халқ оғзаки ижодияти келиб чиқади. Бу давр кишилик тарихида “ҳарбий демократия даврига” тўғри келади. Тўртинчи даврнинг сўнгида “охирги замон “ бошланади.

Заратуштранинг диний аҳлоқий фалсафасида иймонли бўлиш, бунинг учун доимо тоза, пок юриш, иблисларга қарши ҳаракатлар қилиш, гуноҳ қилмаслик, эзгу фикр, эгу сўз, эзгу амаллар билан яшаш ҳар бир зардуштийнинг кундалик ҳаёт фаолиятининг мазмун ва моҳиятини ташкил этиш керак. Ахурамазда башоратларида жаҳаннам ”ҳаётнинг энг ёмон онлари”, осмон эса “руҳнинг энг юксак ҳолати” сифатида ифодаланади. Оламдаги ёмонлик ва ёвузликлар одамларнинг иймонсизлигидан келиб чиқади. Уларни бартараф этиш, бу истиқболдаги вазифа бўлиб, иймонли кишилар буларни бартараф этишда фаоллик кўрсатишлари керак, дейилади.

Зардуштийлик динида иймон уч таянчга асосланади: фикрлар софлиги, сўзнинг собитлиги, амалларнинг инсонийлиги. Авестода “берган сўзнинг уддасидан чиқиш, унга содиқ қолиш, савдо-сотиқ ва шартномаларга қатғий амал қилиш, қарзни ўз вақтида тўлаш, алдамчилик ва ҳиёнатдан ҳоли бўлиш иймонлилик аломатидир” дейилган. Заратуштра фалсафасига кўра, одам ўлгач, унинг руҳи 3 кун ўз танасида бўлади, тўртинчи кунида ғўзал қиз қиёфасидаги фаришта кузатувида нариги дунёга “чинвот” (қил кўприк) кўпригидан ўтиб жаннатга кетади. Гуноҳкорлар эса чинвотдан ўтолмай жаҳаннамга ғарқ бўладилар. Яхшилар эса яна янги таналарда яшашни давом эттирадилар.

Авесто бу борлиқ дунёни одам учун синов майдони, деб тушунтиради. Зеро, инсоният, дастлаб, Йима подшо бўлган даврларда азалий-абадий бахт-саодат маконида касаллик ва ўлим кўрмай, олтин асрни бошидан кечирган. Йима минг йил подшо бўлиб, жаннат макон юрт яратган. Унда мағрурлик ғолиб келиб, Ахурамазда ман этган таом-қорамол гўштини еб қўяди ва жазога тортилади. Натижада унинг авлодлари, яъни барча одамзод тирикчилик дарди – ташвишларига гирифтор бўлади, яъни ёйиш-ичиш заруриятига, касалликлар ва ўлимга юзма-юз бўлади. Ахриман Ахурамазда танасидан ажраб чиқиб, ёвузликлар яратишга тутинади. Энди, дунёни азалий эзгулик бағрига қайтаришнинг бирдан бир йўли пок ҳаёт, ҳалол меҳнат, яратувчилик, ёвузликни қалбдан чиқариб ташлаш, иймонли эҳтиқодли бўлиш, мискинларга ёрдам бериш, яхши ният, яхши сўз ва яхши амалларга қўл уришдир. Шундай қилиб, Авесто дунёдаги энг қадимги дин-зардуштийлик таълимотини аҳлоқий фалсафаси, бу китоб нафақат диний, балки кенг маънода тарихий ва адабий манба, аждодларимизнинг узоқ ўтмиш тарихи ва тафаккур тараққиётининг қомусий йиғиндисидир.

Якуний хулоса. Авесто таҳлилига якун ясаб шуни айтиш мумкинки, бу илоҳий, тарихий, адабий манбаа ўзида бир неча давр тарихини қамраб олган. Унинг энг қадимги қатлами “Готалар” (муқаддас қўшиқлар) Заратуштра яшаган замонда таркиб топган. “Готалар”да баён этилган вокеалар таҳлили, уни бронза даврида яратилганлигидан гувоҳлик беради. “Яшт”ларда архаика ва илк антик даври ижтимоий-иқтисодий тараққиёт даражаси мужассамлашган бўлиб, унинг таркибига “Готалар” даври вокеалари омухталаштирилган. Давр жиҳатидан улардан ёш ҳисобланган Видевдат эса сосонийлар даврида (Шопур 1 даврида) тахрир қилиниб китоб ҳолига келтирилади. Бунда анъанавий диний, фалсафий ва аҳлоқий қарашлар давр рухи билан омухталашган. Ҳар қалай, Авестони бир бутунликда таҳлил этганда шуниси аниқки, Заратуштра яшаган замонга қадар ибтидоий аждодларимиз турли қабилавий диний тасаввурларга амал қилиб келишган. Энди эса ибтидоий муносабатлар ўрнини дастлабки синфий жамият эгаллаётган давр бошланди. Бу даврнинг шаклланиши учун кучли мафкуравий ғоя зарурлиги сезила бошланди. Чунки, маҳаллий қабилавий динлар жамият тараққиётининг янги босқичга кўтарилишига тўсқинлик қилувчи кучга айланган эди. Бу мураккаб замонда ўлканинг турли қабилаларини бирлаштириш, бу орқали уларни илк давлатчилик ғояси атрофига уюштириш зарурияти туғилди. Ана шундай заруриятни тўғри тушунган ўз замонасининг илгор кишилардан бири сифатида Заратуштра тарих майдонига чиқди.

У ўз қавми, юрти Туронзаминда ўзига издошлар топа олмаган Заратуштра шимолий-шарқий Эрон вилоятларидан бири Бахдида, унинг кависи Виштасп, бутун хонадони ва аёнлари томонидан яхши кутиб олинади ва шундан сўнг унинг дини ривож топади.

Биз юқорида Авесто жамияти нмана, вис, занту ва дахъюлардан ташкил топганини кўрдик. Ана шу қадимги жамият тизимининг энг юқори босқичи дахъюга этногенез нуқтаи назаридан ёндашилса, дахъю нафақат йирик ҳудудий бирлик, балки маълум бир этник бирликнинг маьмурий ҳудуди ҳамдир. Шундай ҳудудий этник бирликлардан 16 тасини, масалан, Гава Суғуда, Бахди, Маури, Хороева, Тур ва бошқаларни, номлари Авестода тилга олинади. Уларнинг ҳар бири ўз навбатида муайян халқлар номлари билан бевосита боғлик этник бирликлардир. Айнан, ана шу Авесто манбаси туфайли қадимда Ўрта Осиё ҳудудларида туб жойли суғдий, боҳтарий, хоразмий, марғуш, тур (сак) қабилалари яшаганлигини биламиз. Демак, Авесто маълумотлари ўзбек халқи этногенезини ўрганиш учун ҳам ноёб ёзма манба ҳисобланади.

Доро 1 даврида Карманшоҳ ва Ҳамадан шаҳри ўртасидаги йўлда баланд қоятошда қадимги форс, элам ва аккад тилларида битилган. Ёзувда шоҳ Доро 1 ҳабар қилади: “Мен-Доро, улуғ подшо, шаҳаншоҳ, мамлакатлар подшоси, Виштасп ўғли, Аршан невараси, Аҳамоний. Ахурамазда иродаси билан куйидаги давлатларни қўлимга киритиб, уларнинг подшоси бўлдим: Форс, Элам, Бобил, Оссурия, Арабистон, Миср, Лидия, Мония, Арманистон, Каппадокия, Парфия, Дранғиёна, Арғя, Хоразм, Бактрия, Суғдиёна, Гандхара, Сака, Саттагадия, Арахозия, Мака. Ҳаммаси бўлиб 23 давлат”. Шоҳ Доро 1 давом этиб, “Мен Бобилда бўлганимда, куйидаги давлатлар мендан ажралиб чиқиб кетганлар: Форс, Элам, Мидия, Оссурия, Миср, Парфия, Марғиёна, Саттагодия, Сака”. Беҳистин ёзувида яна куйидаги ҳабарларни ўқиймиз: “Марғиёна номли давлат мендан ажралиб чиқиб кетди. Марғиёналик Фрада исмли бир одам ўзини вилоятнинг ҳокими деб эълон қилди. Кейин мен, Бақтрия сатрапи, бўйсунувчи одамим форс Дадаршишни чақириб, унга гапирдим: “Менга бўйсунмаганларни тор-мор қилиш керак”. Дадаршиш қўшинлари билан отланиб, марғиёналиклар билан жанг қилди. Ахурамазда менга ёрдам кўрсатди. Ахурамазда иродаси билан менинг қўшинларим қўзғолончиларни бутунлай мағлубиятга учратди.... Мана мен Бақтрияда нималарни қилдим”. Подшо Доро 1 яна ўз ютуқлари ҳақида сўзлашни давом эттириб, дейдики: “Бундан сўнг мен сакларга қарши улар юртига бостириб бордим, уларнинг ўзлари чўққи қалпоқ кийиб юрадилар. Мен дарёга етиб келдим. Уларнинг сардори Скунха исмли одамни тутиб, менинг ҳузуримга келтирдилар. Мен ўз хоҳишим билан саклар юртига янги бошлик тайин қилдим. Шундан сўнг мамлакат менинг қўл остимга ўтди”.

Доро 1 Беҳистун ёзувларида Аҳамонийлар давлатининг ғарбий вилоятларини кўрсатиб берган бўлса, Нақши Рустам ёзувларида мамлакатлар рўйхати Мидия ва Эламдан сўнг шарқий вилоятлардан бошланади. Доро сўзи: “Мен-Доро, улуғ подшо, шаҳаншоҳ, кўп қабилала мамлакатларнинг подшоси, кенг сайҳон ерларнинг подшоси, Виштасп ўғли, Аҳамоний, форс, форснинг ўғли, орийлар уруғидан келиб чиққан орий. Форс вилоятидан ташқари куйидаги мамлакатларни мен бўйсундирганман, менга хирож тўловчи бўлган, менинг сўзимни ижро этган, менинг қонунимга асосланиб ривожланаётган: Мидия, Элам, Арғя, Бақтрия, Суғдиёна, Хоразм.... Сака Хаумаварка, Сака Тиграхауда...денгиздан нариги ердаги саклар”.

Доро 1 нинг Суза шаҳридаги подшоҳ саройида ўрнатилган хайкалидаги ёзувларда Бақтрия, Суғдиёна ва Хоразмдан ташқари “балчиқ ва тупроқ ўлкаси саклари” тилга олинади. Сузадан топилган яна бир ёзувда Доро 1 эълон қилади: “Сузадаги саройни мен бино қилганимда унинг безаклари узоқ юртлардан олиб келинган. Уака ёғочи –Ганхарадан, олтин – Сард ва Бақтриядан, ялтироқ тошлар ва ложувард- Суғдиёнадан, фируза-Хоразмдан, кумуш ва бронза – Арахозиядан, тош устунлари-Эламдан етказиб берилган”.

Персепол (Тахти Жамшид) шаҳрида Доро ва Ксеркс саройига олиб борувчи тош пилла поя деворларига Эрон аҳамонийларига тобе мамлакатлардан хирож олиб келган вакиллар суратлари буртма услубда ишланган. Хайкалтарош ҳар бир мамлакатдан келган вакилларни савға-саломлари билан шунчалар реал тасвирлаганки, уларни қайси бир халққа тегишли эканини аниқлаш қийин эмас. Чунки, суратларда уларнинг қиёфаси, қийим-бошлари, қуроллари, хатто уларга хос анъанавий ҳайвон суратлари ҳам ўз аксини топган. Маслан , Суғдиёнадан келганлар деворий суратларда 8-қаторни ташкил этади. Улар етти кишидан иборат бўлиб, шоҳга кумуш идишлар, ипак матолари, номаълум ҳайвон териси (Шер бўлса керак) ва икки қўйни етаклаб келаётгани тасвирланган. Ўн биринчи қаторда чўққи қалпоқ кийган тиграхауда саклари тасвирланган. Улар кийим-бошларни кўтариб, дашт отини етаклаб бормоқдалар. Ўн бешинчи қаторда бақтрияликларнинг беш вакили асл металлдан ишланган қимматбаҳо идишларни кўтариб ва икки уркачли туяни (бакрианани) етаклаб бормоқда. Ўн еттинчи қаторда хоразмликлар, уларнинг қўлларида дудама ханжар, жангавор ҳарбий болта, билагузик ва жийрон отни етаклаб бормоқдалар.

Шундай қилиб, Персепол суратлари Суғдиёна, Бақтрия, Хоразм халқлари ва сак қабилаларининг нафақат кийим-бошлари ва уларга хос хунармандчилик ҳақида, балки бизни қизиқтирган жабҳа-Ўрта Осиёнинг қадимги халқлари этник таркиби тўғрисида ноёб маълумотлар беради. Шунингдек, Ўрта Осиёнинг туб жойли аҳолиси тўғрисидаги тасаввурларимизни бойитади. Умуман олганда, Аҳамоний битикларида қадимда яшаган юртимиз халқларининг вилоятлари, халқларининг номлари, сиёсий жараёнлар (Фрада қўзғолони), саклар юртига қарши юришлар, иқтисодий ҳаёт ва моддий маданият тўғрисида илмий манбавий маълумотларга эга бўламиз.

 

Янгиланди ( 20.01.2014 10:31 )
 


22 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин