Саналар
23.12.2024
Баннер
Мозий усталари сирлари
12.04.2014 18:30    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ХХI аср кўплаб кутилмаган воқеалар, қатор янги кашфиётларга бой бўлиши билан биргаликда бир ҳақиқатни яна бир маротаба тасдиқлади. У ҳам бўлса, замонавий илм-фан ютуқлари аслида инсоният қачонлардир эга бўлган қадимий ва деярли унутилган билимларининг қайсидир жиҳатдан такомиллашган акси эканлигидир. Мазкур фикрга дарҳол эътироз билдиришдан аввал бироз шошилманг. Эҳтимол, қуйида мисол тариқасида келтириладиган ўтмиш замон илмий муваффақият намуналари ишончли далил бўлиб кўринар.

Илк батарейкалар

«Саентифик рисерчес» (СР) илмий нашрида келтиришича, 1938 йили ҳозирги Эрон давлати ҳудудида асрлар олдин барпо этилган Салавкия антик шаҳрида олиб борилаётган қазилма ишларида археологлар бир қанча кичик сопол кўзалар топишган. Уларга темир ўзакли мис тсилиндрлар жойлаштирилганди. Бу идишларни кавшарлаш учун замонавий электротехникада қанча бўлса, шунча миқдордаги қўрғошин ва қалай эритмаси қўлланилган экан. Шунда олимлар кутилмаган тахминни ўртага ташладилар: эҳтимол, бу галваник ёки электролит (электролиз йўли билан олинадиган) элементлар қолдиқларидир. Кейин мазкур қадимий буюмларнинг нусхалари тайёрланиб, уларга электролит - мис купороси қуйилади. Натижада идишларнинг қисқичларида 6 волтга тенг кучланиш ҳосил бўлди.

Шумерликлар 2 минг йил илгари мазкур турдаги ток манбаларидан қай мақсадда фойдаланганликларини ҳалигача археологлар аниқлай олмадилар. Топилмалар билан яқиндан танишган физик олимлар ўз навбатида улар электр энергияси манбалари бўлган бўлса, унда электр токи ёрдамида ишлайдиган қурилма ва асбоблар ҳам яратилган бўлиши керак, деган фикрни илгари суришди.

Деҳли устуни

Ҳиндистон пойтахтининг чеккароқ ҳудудида баландлиги тахминан 7 метр ва асосдаги диаметри 40 сантиметрга тенг қадимий устун бор. Маҳаллий аҳоли бу устун инсоннинг ҳар бир ниятини ижобат этиши мумкинлигига қаттиқ ишонади. Бунинг учун бир дақиқа давомида унга бел қисм билан суяниб туришнинг ўзи кифоя. Аммо олимларни унинг ғайритабиий хусусиятлари эмас, балки мазкур ёдгорлик қандай материалдан ишлангани кўпроқ қизиқтиради. Негаки, устун 1600 йил олдин соф темирдан барпо этилган бўлиб, шу давр мобайнида коррозияга асло учрамаган, соддароқ қилиб ­айтганда на занглаган, на чириган.

Кимёгарларнинг фикрича, коррозия кузатилмаслиги ҳодисаси Деҳли ҳудудидаги ўзига хос иқлим шароитлари билан изоҳланади. Гап шундаки, бу ерда металнинг устида юпқа ўзига хос қатлам ҳосил бўлиб, у темирни занглашдан сақлайди. Лекин, шу ўринда бир савол юзага келади: нега унда Ҳиндистон пойтахтидаги темирдан ясалган қолган барча буюмлар жуда тез суръатларда занглаб кетади?

Архимеднинг «ўлим келтирувчи нур»и

Ўтмиш афсоналарининг бирида ­машҳур астроном, математик ва техник олим Архимеднинг тилга олинган «ажал келтирувчи нур»и ҳозиргача тад­қиқотчиларга тинчлик бермаяпти. Маълум бўлишича, мазкур нур ёрдамида олим она шаҳрига хавф туғдирган бутун бир денгиз флотини йўқ қилиб ташлашга эришган.

Ривоятга кўра, милоддан аввалги 212 йили Сиракуза шаҳри қуршовга олиниб, қуруқликда римлик легионерлар, денгиздан эса галералар (кўп эшкакли кемалар) томонидан қамал қилинади. Айни пайтда Сиракузадаги палахмонлар (харсанглар отишга мўлжалланган қадимий қурол тури) ҳам ўша давр техникаси мўжизаларидан бири ҳисобланса-да, кемаларга қарши курашда бас келиши амримаҳол эди. Шунда Архимед қуёш нурлари ва шаҳар қалъаси деворига ўрнатилган қандайдир буюм ёрдамида душманнинг флотини ёқиб юбориб, яксон қилишга муваффақ бўлади. Бу воқеадан кейин Рим консули Мартселл геометрия илми олими, яъни Архимедга қарши мазкур урушни тўхтатиш ҳақида фармон беради. Бу ҳақда кўплаб тарих китобларида ҳам ўқиш мумкин.

Архимед, тарихий афсонада баён қилинишича, қалъа деворларида Сиракузанинг барча аёлларини йиғади, қизиғи, уларнинг барчаси ялтираб тарашланган бронза қалқонлар билан келишади. Олимнинг буйруғига биноан улар галма-гал қалқонларга тушаётган қуёш нурларини душман кемаларига йўналтирадилар, натижада бироз муддатдан сўнг флот ёна бошлайди.

Қадимги Юнонистон математигининг афсонавий саъй-ҳаракатларини бир неча йил аввал Массачусетс технологик университети тадқиқотчилари Сан-Франтсиско кўрфази атрофида такрорлашга уриниб кўришган. Университет веб-сайтида ёзилишича, кўрфаз четларига бронза ва шишадан ясалган, умумий майдони 300 квадрат метрга тенг нур қайтаргичлар ўрнатилади. Улардан 45 метр масофа узоқликда жойлашган эски балиқчилар қайиғи эса ҳеч ҳам ёнмасди. Шунда массачусетслик профессорларнинг Аризона университетидаги ҳамкасби Билл Дюкенен ойналарнинг ўзгача конструктсиясидан фойдаланишни таклиф этади. Мутахассислар ойналарни айлана бўйлаб жойлаштириб, парабола шаклидаги улкан нур қайтаргични ҳосил қилишади. Марказга эса «х» шаклидаги ойнак ўрнатилади ва ундан тушадиган нур асосий нишонга айланади. Охир-оқибат қайтаргичлардан тахминан 23 метр узоқликдаги масофада бўлган қайиқда олов пайдо бўлади. Демак, «Архимеднинг ўлим келтирувчи нури» ҳақиқатда ҳам мавжуд экан!

Фиръавнлар чироғи

Пирамидалар, Миср эҳромларини ўрганаётган олимлар вақт ўтгани сари янада кўпроқ янгидан-янги кашфиётлар қилишмоқда. Мана, масалан, бир неча вақт олдин Тутанхамоннинг дафн этиш бўлмасини топган археологларни нафақат у ердаги инсон қўли тегмаган зеб-зийнатлар, балки сағанани безаб турган девордаги ажойиб расм­лар (фрескалар) ҳайратга солди. Бироқ ушбу ёрқин ёзувларда одатда чироқлардан қоладиган қурум ёки тутун изининг мутлақо йўқлиги тадқиқотчилар олдига мантиқий саволни ташлади: қадим усталар ўзларининг иш жойини нима билан ёритган эканки, натижада улардан ҳеч қандай из қолмаган?

Мазкур ҳодисадан сўнг тарихий манбаларни янада синчковлик билан ўрганишни бошлаган мутахассислар қизиқ фактларга дуч кела бошладилар. Аниқланишича, узоқ ўтмишда мисрликлар электр токи ёрдамида ёритиш мосламаларини яратган бўлишлари мумкин экан. Бу ҳақда милоддан аввалги 450-354 йилларда яшаган авлиё Авгус­тин гувоҳлик беради. У ўз асарларида Изида ибодатхонасида «шамол ҳам, сув ҳам ўчира олмайдиган» ғайриоддий чироқни тилга олади. Мозийнинг яна бир файласуфларидан бири Плутарх ҳам Амон Ра худоси бутхонасининг кириш йўлида ёниб турган чироқ ҳақида фикр юритади. Унинг сўзларига қараганда, «Ибодатхона руҳонийлари бу чироқ бир неча юз йиллар давомида ўчмай ёниб келаётганини айтишган».

Тўғри, юқоридагиларнинг барчаси қўлёзма манбалар, холос. Аслида пирамида қурувчилари чиндан ҳам электр токи билан ишлаганликларига моддий далиллар ҳам бормикан?

Дендера шаҳрида (у Нил дарёсининг шарқий соҳилида жойлашган) Хатор маъбудаси ибодатхонасининг деворларидан бирида ноодатий барелъеф (текис юзага ишланган бўртма нақш) топилган. Унда одамлар ва уларнинг ёнида ҳозирги чўғланма чироқларга ўхшаш улкан колбалар аниқ акс этган. «Чироқлар»нинг ички қисмида «тўлқинсимон илонлар» тасвири кўринади. Балки, бу чўғланма симларининг рамзий тасвирларидир? - дейди тад­қиқотчилардан бири. Илонларнинг ўткир думлари шаффоф колбанинг ингичка қисмига киритилади. Бир қарашда бу бизга одатий бўлиб қолган чироқ ўрнатиладиган мослама (пат­рон)га ўхшайди. Нақшда, шунингдек, бу ускунани электр токи тақсимланадиган асбобга ўхшаш мослама билан боғлайдиган ўзига хос сим ҳам тасвирланган.

Электротехника соҳасининг энг етакчи мутахассисларидан бири В. Харн Жед устунлари номини олган бу қурилмаларда жойлашган «илонли шаффоф колбалар» ҳозирда кенг қўлланиладиган юқори даражадаги кучланиш изоляторларига ўхшайди деган фикрда. Агар унинг гапи ҳақиқатга яқин деб қабул қилинса, бу «илонлар» спиралсимон газ чироғини акс эттираётганлигидан далолат берарди. Олим ўз қарашини исботлашга қатъий киришди ва ёй шаклида нур таратиб турадиган чироқ учун генераторнинг амалдаги моделини яратишнинг уддасидан чиқди.

Мураккаб жарроҳлик операциялари... асрлар олдин?!

Кўп йиллар мобайнида Миср мў­миёларини ўрганиш давомида ақл бовар қилмас кашфиёт қилинди: 4000 йил илгари мисрлик жарроҳлар замонавий шифокорлардан-да маҳоратли ва тажрибали бўлишгани тахмин қилинмоқда. Ҳар ҳолда доктор Ҳабиб Ал-Ҳофиз шундай нуқтаи назарнинг муаллифи сифатида илм аҳлига ўзини танитди. Унинг изланишлари натижаси ўлароқ, юракни шунтлаш (бунда венанинг бир қисми аортага улаб қўйилади, натижада қон айланиши юракнинг зарарланган қисмини четлаб ўтади), юзнинг пластик операциялари каби жарроҳлик операциялари амалга оширилганига ишонч ҳосил қилинган. Бу узоқ ўтмиш шифокорлари техника тараққиёти юксак деб тан олинаётган бугунги кунда ҳам инсоният амалга ошира олмайдиган даволаш тадбирлари ва ишлари, янада аниқроқ айтадиган бўлсак, мураккаб жарроҳлик операцияларини ҳам амалга оширган дегани.

- Қадимда шифокорлар ҳозирги олимларга нисбатан инсон организми ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишган, деган фикрдаман, - дея таъкидлайди доктор Ал-Ҳофиз.

Унинг милоддан олдинги 2700-1250 йилларга алоқадор дея тахмин қилинаётган 231та қадимий мўмиёлар устида олиб борган икки йиллик тад­қиқотлари натижаси археологлар ва тарихчилар оламида ҳақиқий шов-шув бўлди.

Гап шундаки, изланишлардан мў­миёлардан бирида трансплантатсия операцияси ўтказилганлиги маълум бўлди. Бу ўз навбатида ўтмиш шифокорлари организмнинг иммунологик ҳужайралари ўзга тана тўқимасини қабул қилмаслигининг қандай қилиб олдини олишни жуда яхши билган дегани. Энг ҳайратланарлиси, ҳозирча ўта мукаммал деб тан олинган асбоблар ёрдамида ҳам замонавий медитсина бу каби операцияларни ўтказишга қодир эмас. Доктор Ал-Ҳофизнинг фикрича, милоддан аввалги 1900 йиллардаги Қадимий Миср тиббиёт технологияси жуда юксак даражада бўлган. Юқорида санаб ўтилган даволаш усуллари ва хизматлари фиръавнлару бадавлат мисрликларга кейинги асрларда ҳам кўрсатиларди. Лекин Миср Буюк Искандар томонидан забт этилганидан сўнг улар унут бўлган. Гарчи бизгача мисрликларнинг тиббиёт соҳасида қўлга киритган ютуқлари борасида бирорта ёзма маълумотлар сақланиб қолмаган бўлса-да, Миср шифокорлари кўплаб даврлар давомида табобат илмининг етакчи дарғалари эканлигига мўмиёлар холис гувоҳлик бериб келмоқда.

Наргиза Иброҳимова

 
Мингўрикдаги қадимий Тошкент
12.04.2014 18:28    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Эрамизнинг бошларида қа­дим­ги Тошкент воҳасида шаҳар маданияти кенгайиб, Қорасув, Салор ва Жўн­-ариқ суғориш тармоқлари бўйлаб қатор шаҳар тусидаги аҳоли яшайдиган мавзелар қад кўтаради. Бу, шуб­ҳасиз, Чирчиқ дарёсининг қадимги табиий тармоқлари ҳисобланган Қорасув ва Салор анҳорларининг ҳар икки соҳили бўйлаб чиқарилган канал ва ариқ сувлари ёрдамида обод этилган деҳқончилик майдонларининг кенгайиб бориши билан чамбарчас боғлиқ эди.
Афтидан айни худди шу даврларда Қорасув ва Салор анҳорларининг Чирчиқ дарёсидан ажралиб чиққан ерида бош тўғон қурилиб, қадимги Тошкент ва унинг атрофлари доимий сунъий суғориш тармоғига айланган. Бу икки анҳорнинг йиллик сув таъминоти тартибга солинган. Ёзма манбаларда тилга олинишича, бу тўғон «Банди подшоҳ», яъни «Подшоҳ тўғони» номи билан юритилиб, шаҳардан 3 фарсах (24-27 км.) узоқликда Ўнгқўрғон яқинида, Чирчиқ дарёсининг ўзани ичида бўлган.

Бу қадимги анҳорлар соҳилларида қад кўтарган шаҳар тусидаги обидалар Кўгайтепа(Нўғой­қўрғон), Тавкаттепа, Бўзгонтепа, Мингўрик ва бошқа жойлардан топилиб текширилди. Афсуски, Нўғойқўрғон каби Тошкент­нинг қадимги тарихи билан боғлиқ бўлган ёдгорликлар бизнинг давримизгача яхши сақланмаган. Бунинг устига, уларнинг, айниқса, Кўгайтепанинг остки қатламлари ҳар томонлама кенгроқ очиб ўрганилмаганлиги туфайли бу ёдгорликлар тўғрисида муфассалроқ маълумотлар келтириш ҳамда пойтахтимизнинг қадимги манзарасини тиклашда улардан иложи борича тўлиқроқ фойдаланиш имконига эга эмасмиз. Ёдгорликлар орасида энг йириги ва бирмунча яхшироқ ўрганилгани Минг­ўрик бўлиб, у Тошкент темир йўли Шимолий вокзали яқинида, Салор канали бўйида жойлашган. Мингўрикдаги шаҳар харобаси 1865 йилдан сўнг қад кўтарган «Янги шаҳар» деб аталган қисмида бўлиб, 1871 йили туширилган шаҳар тарҳига қараганда, у 30 гектардан ошиқроқ майдонга эга бўлган.

ХИХ асрнинг 70-80-йилларида Минг­ўрик тепалиги аста-секин бузилиб, унинг тупроғидан қуйилган хом ғиштлардан янги шаҳар бинолари қад ­ростлаган. Ўша вақтлари Мингўрик тепалиги тупроғини 30 йил давомида аравалаб ташиган мўйсафидлардан бирининг ҳикоясига қараганда, шаҳар қурилишини пудратга олган Тошкент бойлари Мингўрик тепалигини Чор ҳукуматининг Туркистондаги маъмуриятидан ижарага олиб, уни қурилишга ишлатганлар. Ўша давр­ларда тупроғи қазиб ташилаётган Мингўрик тепасидан чиққан ашёвий топилмалар: пишиқ ғишт, канализатсия қувурлари, шиша ва сопол идишлар, қадимги чақа ва тангалар тўғрисида маҳаллий матбуотда эндигина Тошкентга кўчиб келган ҳаваскор ўлкашунос, илғор рус зиёлиларининг хабарлари тез-тез босилиб турган.

Мингўрикдаги тепалик тошкентликлар ўртасида «Афросиёб тепалиги» номи билан машҳур эди. Бу тепаликни шаҳарликлар Турон мамлакатининг қадимги афсонавий шоҳи Афросиёб номи билан боғлайдилар. Айтишларича, тепалик ўрнида қадимда Афросиёбнинг «ошхона»си бўлган эмиш, унинг тахтда ўтирадиган қароргоҳи эса Чиғатой яқинида қадимги Жарариқ бўйида жойлашган иккинчи Афросиёб тепалигида бўлган эмиш. Шунинг учун ҳам халқ бу иккинчи тепаликни «Шоҳнишин», яъни «Шоҳ ўтирган жой» деб атармиш, деган ҳикоя шаҳарликлар ўртасида кенг тарқалган эди. Аввало шуни айтиш керакки, «Афросиёб» тарихий шахс эмас, у Турон мамлакатининг афсонавий шоҳларидан биридир. Ўрта аср ёзма манбалари, айниқса, Фирдавсийнинг машҳур «Шоҳнома» эпоси туфайли Афросиёб Шарқда, айниқса, Ўрта Осиёда шуҳрат топган. У Эрон аҳмонийлари тажовузига қарши муттасил кураш олиб борган жанговар қаҳрамон ҳукмдор, Туронда кўплаб шаҳар ва қишлоқлар барпо этган шоҳ сифатида тасвирланади. Дарҳақиқат, бу афсонавий подшо исми қадимги Турон диёрида илк давлатлар барпо этиб, дастлабки шаҳарлар бино қилган ҳукмдорлар силсиласининг умум рамзий номидир. Шу боисдан бўлса керак, кўпинча қадимги шаҳар харобаларини Афросиёб номи билан боғлаб талқин этиш халқ оғзаки адабиётида кенг ўрин олган. Чунончи, Самарқандда Сиёб анҳори соҳилидаги маш­ҳур «Афросиёб» шаҳри харобаси ҳам, Тошкентда Салор ва Жарариқ бўйларида жойлашган ҳар икки «Афросиёб» тепаликлари ҳам афсоналарга асосан сўнгги асрларда пайдо бўлган топонимлардир. Қадимдан халқимиз сизот сувлар ва булоқлардан ҳосил бўлган сой ва анҳорларни «сиёҳоб» ёки қисқартириб «си­ёб», яъни «қорасув» деб юритиб келган. Бундай анҳорларнинг соҳиллари бўйлаб жойлашган мавзелар «Афросиёб» ёки «Сиёб соҳиллари», яъни «Қорасув бўйлари» демакдир. Шундай экан, Самарқандда Сиёб сойи соҳилидаги маш­ҳур «Афросиёб» шаҳар харобаси ҳам, Тошкентнинг Салор ва Жарариқ бўйларида жойлашган ҳар иккала Афросиёб тепаликлари ҳам «Сиёб ёки Қорасув бўйидаги жойлар» деган маънони англатади.

Афсуски, Тошкентда янги шаҳар қурила бошлаган вақтлардаёқ Мингўрик ёдгорликлари деярли бузилиб, унинг остки маданий қатламлари шаҳарнинг янги иморатлари ва кенг кўчаю хиёбонлари остида қолиб кетган. Ушбу қадимги шаҳарлар харобасини археологик жиҳатдан ҳар томонлама кенгроқ ўрганиш имконияти эса аллақачон йўқолган эди. Ўз вақтида ҳозирги Мовароуннаҳр, Сайидбарака, Моштабиб ва Фарғона йўли (аввалги Пролетар, Павлов ва Куйбишев) кўчалари оралиғида каттагина майдонни эгаллаган Мингўрикдаги қадимги «Афросиёб» шаҳар харобаларидан бизнинг давримизгача фақат 100х40 метрли кичик бир қисмигина аввалги «Шарқ» мебел фабрикаси ҳовлисида тепалик шаклида сақланиб қолган, холос. Тошкентнинг қадимги тарихи билан бевосита боғлиқ бўлган археологик ёдгорликнинг ҳозирги кундаги сақланиш ҳолати бу ҳудудда шаҳар маданиятининг шаклланиш тарихини чуқурроқ ўрганиш ва унинг тараққиёт босқичларини аниқроқ белгилаб чиқишга имкон бермас эди. Шу сабабли бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида кейинги вақтларда археологларимиз кенг кўламдаги қазиш ишларини асосан археологик жиҳатдан бирмунча яхши сақланиб қолган Шоштепа шаҳар харобасида олиб бормоқдалар.

Шунга қарамай, Мингўрик ёдгорлигида олиб борилган археологик қазиш ишлари Тош­кент­нинг қадимги тарихига, айниқса, шаҳарнинг умумий тарҳи (планировкаси) ва унинг тараққиёт босқичлари: мудофаа иншоотлари ва тураржойларнинг тузилиши, шаҳар ҳунармандчилиги ва унинг таш­қи ўлкалар билан олиб борган савдо-сотиқ муносабатларига доир жуда қизиқарли ашёвий далиллар берди.

Мингўрикнинг ўн тўққиз ерида археологик шурф (кесма) ташланиб, икки еридан кенг кўламда қазишлар олиб борилди. Археологик қазишлардан маълум бўлишича, Салор анҳори бўйида милоднинг I-II асрларида даставвал атрофи девор билан ўралган, унчалик катта бўлмаган чорбурчакли қўрғон қад кўтарган. Қўрғон ичида ташқи девор бўйлаб йўлаксимон ҳамда равоқли, сохта дарчалар ишланган хоналар бўлган.

Археологик тадқиқотлардан маълум бўлишича, Мингўрик шаҳар харобасининг остки қатламидан очилган обидалар милоднинг биринчи асрларига тааллуқли бўлиб, ундаги дастлабки бинолар ҳозирги кундан роса 19-20 аср бурун қад кўтарган.

Афтидан, милоднинг III-IV аср­ларида Мингўрикдаги қадимги қўрғон бирмунча кенгайиб, унинг таш­қи мудофаа девори таъмир этилган. Бу даврда лойига сомон қўшилган йирик хом ғишт ва пахсадан янги бинолар қурилган. Очилган хоналардан топилган, чала ёнган ёғочларга қараганда, хоналарнинг томи тўсин ва устунли бўлиб, саҳни(поли) сомонли лой билан сувалган. Мингўрикда илк ўрта асрларга оид қаср биносининг бир қисми яхши сақланган. Бу ердан бир неча хона очиб, текширилди: хом ғишт ва пахсадан бино қилинган деворлар баландлиги 2 метргача сақланиб қолган. Хоналарда эни бир метр, баланд­лиги 0,5 метр ва усти сомонли лой билан сувалган супалар бўлиб, улардан бирининг супаси ва саҳни(поли)га 25та хум қатор териб қўйилган. Хумларнинг бирида куйиб кўмирга айланган мош донлари сақланган. Ҳатто кавлаб очилган хоналардан бирининг деворларида оқ бўёқ билан ҳошия тортилиб, устига қизил ранг билан ислимий нақш берилган деворий расмларнинг қолдиқлари қайд этилган. Бу деворий расм­лар VI-VII асрларга мансуб бўлиб, яхши сақланмаганлиги сабабли унинг манзарасини аниқлаб бўлмади.

Хуллас, Мингўрик тепасидан сақланиб қолинган қисм унинг қадимги аркининг қолдиқлари бўлиб, майдони 0,5 гектарга тенг бўлган. Арк нишон туйнуклар ўрнатилган ва равоқсимон қилиб ёпилган айланма галерея ва қўшқатор мудофаа девори билан ўралган. Девор ташқарисида унга ёндоштирилиб қурилган чорбурчакли бурж, бору ва мўлалар бўлиб, уларнинг ораси 12 метрга тенг эди.

Тарихий манбалардан маълум бўлишича, милоднинг III асрида Қанғ давлати бир-бири билан иқтисодий жиҳатдан боғланган бир неча майда мустақил вилоятларга бўлиниб кетади. Шу вақтларда Тошкент воҳасида мустақил Чоч давлати ташкил топади. Мингўрикдаги қадимги маскан унинг марказий шаҳарларидан бирига айланади. III асрга оид ёзма манбаларда кўрсатилишича, шаҳар теварагининг умумий ўлчами бу давр­да 4 километрга етган. Мингўрикдаги шаҳарнинг мудофаа деворлари шаҳар аслзодаларининг деворий расм­лар билан нақшланган саройларию савдогарларнинг ҳашаматли уйлари ҳамда ҳунармандчилик маҳаллалари, корхоналари жойлашган шаҳристонни тўрт томондан ўраб турган. Манбаларда шаҳар худди шу асрлардан бошлаб «Чоч» номи билан тилга олина бошлайди. Афсуски, Ўрта Осиёнинг бошқа воҳалари қаторида Чоч вилоятида ҳам ҳамма вақт осойишталик бўлмаган. Ташқи ҳужумлар, бос­қинчиларнинг юришлари Чоч аҳолисини доимо безовта қилиб турган. Шарқ солномачиларининг таърифлашларича, Чочнинг эрксевар ва жанговар аҳолиси бундай тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида илк ўрта асрлардаёқ бутун Чоч вилоятини дашт тарафдан мустаҳкам бўлган девор (бир неча юз километр чўзилган) билан ўраб олган. Бу деворнинг қолдиқлари айрим жойларда бизнинг давримизгача сақланиб қолган. У халқ орасида "Кампир девор", яъни "Гирди хандақли девор" номи билан маш­ҳурдир.

VIII аср бошларида юртимизнинг Араб халифалиги қўшинлари томонидан босиб олиниши оқибатида бошланган талон-торожлик даврида Чоч ўлкаси ва теварак-атрофидаги шаҳар-қишлоқлар ўт ичида қолади. Бу воқеалардан кейин Мингўрикдаги вайрон бўлган қадимги Чоч шаҳри неча ўн йиллар давомида бўшаб, ўзини ўнглаб ололмайди. Бу ерда шаҳар кейинчалик ҳам тикланмайди.

Абдулаҳад Муҳаммаджонов,
академик

 
Ипувер насиҳатлари
08.04.2014 11:23    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Рамзес II жасади

Қадимги Миср тарихини ўрганишда муҳим маълумотлар берадиган манбалар жуда кам. Бундан ташқари, бу манбаларнинг аксарияти папирусда ёзилгани учун улардан фақат айримларигина бизгача етиб келган. Жумладан, қадимги Миср тарихида 18-сулоланинг охири 19-сулола ҳукмронлигининг бошланишида руй берган йирик ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар ҳақида қимматли маълумотларни ўзида акс эттирган "Ипувер насиҳатлари" номли манба ҳам папирусга ёзилгандир. Ушбу папирус XIX аср бошларида Мемфис шаҳри яқинидаги Саккара харобаларидан топилган бўлиб, у 1828 йилдан буён Голландиядаги Лейден музейида сақланмокда. Папируснинг узунлиги 3 метр 47 см бўлиб, уни 1909 йилда илк маротаба машҳур мисршунос олим А. X. Гарднер(1) инглиз тилига таржима қилган. Папирус матнида Мисрда рўй берган йирик катаклизмалар: очарчилик, қурғоқчилик, Мисрдан қулларнинг катта мол-мулк билан қочиб кетишлари ва бутун ўлка узра ўлимнинг ёпирилгани таърифланади. Мазкур папирус Ипувер номли бир мисрлик (руҳоний ёки зодагон) томонидан ёзиб қолдирилган. Унинг мазмунидан муаллифнинг Мисрдаги ҳалокатларнинг шахсан шоҳиди бўлгани англашилади. Папирусда Миср подшолигининг таназзули, Миср зодагонларининг аянчли аҳволи хусусида аниқ маълумотлар келтирилган.

Мавзу юзасидан олиб борган тадқиқотларимиздан ишонч ҳосил қилдикки, “Ипувер насиҳатлари" атрофида изланишлар ҳали уз якунига етган эмас. А. X. Гарднердан сўнг рус мисршуноси академик В.В.Струве "Ипувер насиҳатлари"ни рус тилига таржима қилиб, уни 1935 йилда изоҳлар билан эълон қилган. 1978 йилда М.А.Коростовцев„ томонидан "Ипувер насиҳатлари"нинг янги таҳрирдаги таржимаси эълон қилинди. Биз ана шу таржимани асос қилиб олиб, В.В.Струвенинг изоҳли таржимаси  билан солиштирган ҳолда "Ипувер насиҳатлари"нинг ўзбек тилидаги илк таржима ва изоҳларини қизиқувчиларга ҳавола этишни олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Таржима жараёнида ‘‘Ипувер насиҳатлари"та бағишланган ва интернет сайтларида эълон қилинган 300дан ортиқ тадқиқотлар ўрганиб чиқилди. Мисрда қўзғолон кутарган қулларнинг кимлиги, уларнинг қаердан келганлиги ва исённинг қайси Фиръавн ҳукмронлиги даврида содир булганлиги каби мавзуларга ҳам ойдинлик киритилди.
"Ипувер насиҳатлари"ни илк бор тадқиқ қилган олим Гарднер уни Тавротнинг Ибтидо китобидаги дунёнинг яратилиши ҳақидаги ҳикояларга ҳамоҳанг равишда ўқиш лозимлигини тавсия этган эди. Шунингдек, папирусдаги воқеаларни Вруне "топишмоқлар мажмуаси", Ланге "адабий башорат", Гарднер ва Зете “ижтимоий ўзгариш", Авдиев “синфий кураш" сифатида баҳолаган эдилар.
Папирусдаги воқеалар келажак хусусидаги башорат булмасдан, балки бўлиб ўтган воқеалар шоҳиди томонидан қайд этилган битиклардир. Миср подшолигининг хронологияси бўйича йирик мутахассис, профессор И. Великовский(3) папирусда баён этилган воқеаларнинг Таврот (Қадимги аҳднинг Чиқиш китоби)даги маълумотлар билан бир хил эканлиги хусусида фикр билдирган эди. Хорун Яҳёнинг қатор асарларидаги(4) қимматли маълумотлар бугунги кунда қадимги Шарқ тарихини янгича нуқтаи назардан урганишга хизмат қилади.

Авваламбор, Ўрта подшоликнинг охирида Қадимги Мисрда, асосан, оғир ишларни бажаришга маҳкум этилган кўп сонли қулларнинг қаердан келиб қолганлигини аниқлаштириб олсак. Афсуски, дарсликларда бу ҳакда ҳеч қандай маълумот йўқ. Қадимги Аҳд ва Қуръони карим ушбу қулларнинг яҳудийлар эканлигини тасдиқлайди.

8.    Миср тахтини янги подшоҳ эгаллади, қайсиким Юсуф ҳақида ҳеч нарса билмас эди.
9.    Ва ўз халқига қарата айтди: мана Исроил фарзандлари биздан кўра кўп ва кучлирокдир.
10.    Уларни шундай алдаб қўяйликки, бошқа кўпайиб кетмасинлар, акс ҳолда уруш вақтида бизнинг душманларимиз билан бирлашиб, бизга қарши қурол кўтариб, юртимиздан чиқиб кетадилар.
11. Ва уларнинг устига қуллар бошлиғини назоратчи қилиб қўяйликки, уларни оғир меҳнат билан ҳолдан тойдирсин ва улар Фиръавн учун Пиром ва Рамзее каби икки шаҳар барпо этдилар. Бироқ, Исроил фарзандларини оғир меҳнат билан қанчалик тинкаси қуримасин, улар кўпаявердилар"5.
Юқоридаги матнда яҳудийларнинг туб миерликларга нисбатан кўпайиб кетганлиги, уларнинг Фиръавн томонидан қулликка тортилиб, оғир меҳнатга жалб этилиш жараёни баён этилган. Таврот ушбу масалага аниқлик киритади. "Чиқиш" китобидан:
1. Мана Ёқуб билан бирга Миср ерига келган Исроил фарзандлари ва уларнинг авлодларининг исми:
2.    Рувим, Симеон, Левей ва Иуда.
3.    Иссехор, Завулон ва Бенямин.
4.    Дон ва Неффалим, Гад ва Асир.
5.    Ёқуб авлодларидан жами етмиш жон бўлиб, Юсуф эса олдинроқ, Мисрга келган эди.
6.    Юсуф ва унинг оға-инилари ҳамда барча авлодлари ҳам вафот этди.
7.    Исроил фарзандлари эса кўпайиб, бениҳоя кучайиб, ўша ер (Миср) улар билан тўлиб кетди"(6).

Ушбу фикрлардан кўриниб турибдики, Миср тарихида муҳим роль ўйнаган Юсуф (а.с.)нинг орқасидан кўчиб келган 11 оға-иниси ва 70 киши ҳақида маълумот берилмоқда. Демак, Миср ерига яҳудийлар Юсуф (а.с.) даврида кўчиб келишган экан. Миср подшоҳининг Юсуф (а.с.)га ҳурмати баланд бўлган, шу боис улар унумли ерларни эгаллаганлар ва миерликлар билан тенг ҳуқуқларга эга бўлганлар. Хўш, Мисрда 18-сулола ҳукмронлигининг сўнгида рўй берган ушбу ижтимоий ўзгаришлар даврига келиб, яҳудийларнинг сони қанчага етган? Бу саволга Тавротда қуйидагича жавоб бор (Чиқиш 12.37 — 40).
37.    Рамзесдан чиққан Исроил фарзандлари Сукоттуга йўл олди. Унинг сони ёш болалар ва аёлларни ҳисобга олмаганда 600.000 пиёда эркак эди.
38.    Улар билан бирга бошқа юртлик асирлар жуда катта сигир, қуй ва эчки подалари ҳам бор эди.
40.    Исроил фарзандлари Мисрда 430 йил яшадилар.
41.    430 йил тўлиши билан худонинг бандалари тизилган қўшиндек Мисрдан чиқиб кетдилар"7.

Яҳудийларнинг Мисрга кўчиб келиши хусусида Қуръони каримдаги оятлар ҳам Тавротдаги маълумотларни тасдиқлайди. "Бас, (шаҳар ташқарисида, чодирда кутаётган) Юсуфнинг ҳузурига кирганларида, у ота-онасини ўз бағрига босди ва "иншоаллоҳ, Мисрга тинч-омон киргайсиз", —
деди (8) (“Юсуф", 99). Юсуф (а.с.) акалари орқали ота-онаси ва ахди авлодларини Мисрга олиб келиш учун 200 та туя ва анжом-ускуналарни бериб юборган эди. Уларни кутиб олиш учун ўзи ва Миср шоҳи 4000 лашкари билан шаҳар ташқарисига чодир тикиб ўтирганда, улар етиб келадилар. Меҳмонларнинг сони 70 нафардан зиёд эди(9).

Юқорида келтирилган оятдаги маълумотга кўра, Мисрга келган Юсуф (а.с.)нинг 11 оға-иниси кейинчалик яҳудийларнинг 12 та уруғига асос солишган. Ана шу 12 та уруғдан тарқалган Исроил қавми Мисрда катта куч-қудратга эга бўлди. Бу эса Мисрнинг кейинги давр подшолари учун катта хавф-хатар туғдирди. "Аъроф" сурасининг 105-оятидаги изоҳда: “Юсуф (а.с.) вафот этгач, Мисрда Фиръавн яҳудийлар устидан зулмни кучайтириб юборган. Мисрга Юсуф (а.с.) келиши билан Мусо (а.с) келишининг оралиқ муддати 430 йил" — дейилади(10).
Таврот ва Қуръони карим маълумотлари    бир-бирини тасдиқлайди. 430 йил мобаинида яҳудийлар Мисрда ниҳоятда кўпайиб кетишларини табиий деб ҳисобласа бўлади. Аммо 600.000 қулнинг ҳаммаси ҳам Юсуф (а.с) даврида кўчиб келган яҳудийларнинг авлоди бўлмасдан, балки, фиръавнлар олиб борган истилочилик юришлари натижасида қул қилиб келтирилгандир.
Фиръавн ҳокимияти учун қуллар сонининг ошиб бориши ҳам, бойлик ва куч-қудратга эга бўлган яҳудийлар қатламининг шаклланиши ҳам катта хавф туғдирган. Чунки, улар ҳокимиятга анча таъсир ўтказа бошлаган эди.

Қуръони каримда яҳудийларнинг Фиръавн томонидан оғир азобларга тортилгани хусусида маълумот Тавротдаги фикрларни тасдиқлайди: “Сизларни (Мусо қавмини) оғир азоблар билан қийнаган, қизларингизни тирик қолдириб, ўғилларингизни қатл этаётган Фиръавн навкарларидан қутқарганимизни ҳам эслангиз..." ( Бақара", 49). "Фиръавн қавмининг зодагонлари айтдилар: ("Эй Фиръавн"!) Мусо ва (унинг) қавмини ер (юзи) да бузғунчилик қилишга ҳамда сени ва илоҳларингни (тан олмай) тарк этишларига қўйиб берасанми?" (Фиръавн) деди: "Уларнинг ўғилларини (қатли ом қилиб) қириб ташлаб, хотинларини тирик қолдирамиз ва биз улар устидан ғолибдирмиз!” (11). Ипувер тасвирлаган Мисрдаги даҳшатли воқеалар Таврот ва Қуръони Каримдаги Мусо (а.с)нинг Фиръавнга кўрсатган мўжизалари билан айнан оир хил(12). Яъни Таврот Мусо (а.с) томонидан Миср ерига ўн хил офат (десять казней) ёғдирди деса, Қуръони каримда Мусо (а.с)нинг Фиръавнга тўққизта мўжиза кўрсатгани ҳикоя қилинади.

Хуллас, Мисрда XVIII сулола охири - XIX сулола ҳукмронлиги даврида рўй берган ижтимоий ҳодисаларнинг    асосий ҳаракатлантирувчи кучи қуллар, яъни яҳудийлар бўлишган. "Ипувер насиҳатлари"да "ўзга юртликлар сифатида тилга олинган, саройлар ва эҳромлар қуришдек оғир ишларга жало этилган, турли жазоларга тортилган яҳудийлар қирилиб кетиш арафасида турган эди.

Қадимги Миср тарихида мураккаб ва мунозарали бўлган ушбу давр п ҳақида “Ипувер насиҳатлари" дан ташқари, Ноферруху насиҳатлари'' номли ҳужжат ҳам қимматли маълумот беради. "Ипувер насиҳатлари" даги айрим хабарлар Тавротнинг Чиқиш китобидаги фикрлар билан бир хил. Ҳақиқатан ҳам, бу тарихий ҳақиқат бўлса, унинг хронологиясини қандай аниқлаймиз?

В. В. Струве маълумотларига асосланилса, Ипувер Ўрта подшолик (мил. ав. XVIII асрнинг бошида) даврида яшаган. Бироқ папирус матнининг тили ва орфографияси эса, Янги подшолик (мил. ав. 1300 й.) даврига оид(13). Икки сана орасидаги даврнинг бир-биридан анча узоқлиги бизни тарихий ҳақиқатдан узоқлаштиради. Мисрда юз берган ижтимоий-сиёсий ҳодисаларнинг ҳаракатлантирувчи кучи қулликка маҳкум этилган яҳудийлар бўлиб, Тавротдаги маълумотга қараганда, улар Фиръавнга Пер-Рамзес ва Пиром шаҳарларини қуриб беришган(14). Айнан шу маълумотни В.И.Авдиев ҳам тасдиқлайди(15). Демак, Ипувер берган маълумотлар Тавротдаги маълумотлар билан бир хил бўлса, бу воқеа тарихан Рамзес II ҳукмронлиги даврида рўй берган деб айта оламиз. Бу фикрни Миср хронологиясини қайта кўриб чиқишни таклиф этган И.Великовский ҳам исботлаб берган. Шунингдек, сўнгги йиллардаги археологик қазишмаларнинг ютуғига таянган ҳолда, изланиш олиб борган турк олими Ҳорун Яҳё ҳам ўз асарида денгизга ғарқ бўлган Фиръавн — айнан Рамзес II эканлиги ҳақидаги фикрни илгари сурмоқда(16). Мисрда юз берган воқеаларнинг тарихий ҳақиқат эканлигини "Таврот" ва "Қуръони карим" ҳам тасдиқламокда. Бироқ бу якдиллик хронология масаласига аниқлик киритмайди. Яъни "Таврот"даги    ҳикоялар хронологиясияга қараганда, яҳудийларнинг Мисрдаги қулликдан озод бўлиб чиқиб кетишлари эрамиздан аввалги 1446, 1445 йилларга тўғри келади деган фикрдалар(17). Библия хронологиясига кўра (Янги Аҳд) бу воқеа мил. ав. 1350 йилда рўй берган (18). Тарихий факт эса, Рамзес II нинг ҳукмронлик иилларини кўрсатиб турибди (19). Бунга кўра, орадаги фарқ 195 (ёки 196) йилни (Рамзес II вафот этган йил айрилган мил. ав. 1446 — 1251 = 195 ) ташкил этади. Шу ўринда, В.Струвенинг "Ипувер насиҳатлари ” папирусининг тили ва орфографиясига кура, эрамиздан аввалги 1300 йилга оид, деган фикри ҳақиқатга яқинроқ. Миср тарихининг хронологиясига аникдик киритиш учун астрономик ҳисоб-китоблардан ҳам унумли фойдаланилган. Астрономик ҳисоб-китоблар ҳам табиатдаги жуда катта ўзгариш (катаклизма)ларнинг биз илгари сураётган сана Рамзее II нинг ҳукмронлик йилларига жуда яқин келади(20).

Мусо (а.с)нинг ҳаётлик йиллари барча чигалликларнинг боши эканлигига амин бўламиз. Стокгольмдаги Библияни таржима қилиш институти чоп этган "Инжил"да Мусо (а.с.) мил. ав. 1400 йилларда яшаган дейилса (21), "Саодатга элтувчи билим"да Мусо (а.с.) мил. ав. 1666 йилда туғилиб, 1546 йилда 120 ёшда вафот этган деган маълумот берилади (22). Ёки Ислом энциклопедиясида: "Мусо (а.с.) Қуръонда номи тилга олинган пайғамбарлардан бири. Миср подшоси Рамзес II даврида таваллуд топди", — дейилган (23). Шунингдек, "Мифы народов мира" китобида Мусо (а.с.) билан боғлиқ воқеалар мил. ав. 1305— 1196 йиларга оидлигини таъкидлайди (24). Ушбу маълумот ҳам Рамзес II нинг ҳукмронлик йилларига тўғри келади. Ислом тарихига оид манбаларда Мусо (а.с.) 120 йил яшаган (25). Юқоридаги маълумотларни умумлаштирган ҳолда Мусо (а.с.) ҳаёт бўлган йилларни аниқлашга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун бизга Қуръони карим тўғри йўл курсатади: "Дарҳақиқат, Фиръавн ерда (Мисрда) туғёнга кетиб, унинг аҳолисини бўлиб ташлади. Улардан бир тоифани (Исроил авлоди қавмини) хорлаб, ўғилларини сўяр, қизларини тирик қўяр эди. Албатта, у бузғунчилардандир” (11 Қасас ", 4).

Ушбу оятнинг тафсирини Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қуйидагича таърифлайди: "Фиръавн Миср подшоҳи. Мусо (а.с.) дазрларида Рамзес II фиръавн бўлганлигини кўпчилик таъкидлайди..." (26). Демак, кўпчилик исломшунослар ва муфассирларимиз Мусо (а.с.)нинг Рамзес II ҳукмронлиги даврларида яшаганлигини таъкидлайдилар. Унда, Рамзес II қачон ҳукмронлик қилган, деган табиий савол туғилади. Рамзее II ҳукмронлик қилган йилларга аниқлик киритмасдан туриб, Мусо (а.с.) ҳаёт кечирган йилларни аниқлаб бўлмаслигига амин бўлдик. Афсуски, фундаментал дарсликлар ҳам бу масалага турлича ёндошади.

В.И.Авдиев Рамзее II нинг ҳукмронлик даврини 1317—1251 йилларда деб ёзса (27), В.И.Кузищин таҳрири остида чиққан дарсликда 1301 — 1235 йиллар кўрсатилган (28). Энг янги манбалар эса Рамзес II нинг ҳукмронлик даврини 1290 — 1224 йилларга олиб бориб тақамокда (29). Ушбу манбанинг яна бир хусусияти шундаки, унда Мусо (а.с.)нинг Рамзес II ҳукмронлиги даврида туғилганлиги ва Тавротдаги ҳикояларнинг тарихийлиги баён қилинган. Унга кўра, Мусо Фиръавннинг буйруғи билан яҳудийларнинг ўғил чақалоқлари ўлдирилган йилда туғилган. Таврот ва Қуръони каримдаги маълумотга кўра, (3 ойлик) Мусони сандиқчага еолиб Нил дарёсига оқизадилар. Сандиқчани Фиръавннинг хотини Осиё тутиб олади ва Мусони ўзига ўғил қилиб олади. Муео (а.с.) саройда неча ёшгача тарбияланган деган саволга ҳам Қуръони каримдан тўғри жавобни оламиз: "Қачонки, у вояга етиб, (қирқ ёшга) тўлгач, Биз унга ҳукм (пайғамбарлик) ва илм ато этдик. Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз" ("Қасас", 14). Ушбу оятнинг тафсирига эътиборингизни қаратсак: “Ҳазрати Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Вояга етиш ўн саккиздан ўттиз ёшгача, мукаммал бўлиш ўттиздан қирққача" - деган эканлар".

Ана шу маъноларни эътиборга олиб, баъзи муфассир уламоларимиз, Мусо (а.с.) ушбу оятда васф қилинган пайтда ўттиз ёшлар атрофида бўлганлар, деб тахмин қилишади (30). Демак, Мусо (а.с.) Фиръавн саройида ўттиз ёшга қадар яшаган. Кейин эса Мусо (а.с.) бир мисрликни уриб ўлдиргани учун Мисрдан қочиб Мадянга кетади. Бу ерда Шуайб (а.с.) нинг қўйларини боқишга ёлланиб ишлайди. Қуръони каримда бу ҳакда шундай марҳамат қилинади: "(Шуайб) айтди: "Менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман.
Энди, агар ўн йилни битирсанг (ўн йил ишлаб берсанг) ўзингдан (марҳамат) дир. Мен сени қийнашни истамайман.

Иншоаллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни билурсан” (“Қасас", 27)31. Кейинги оятда Мусо (а.с.)нинг ушбу шартни мукаммал, яъни ўн йил тўлиқ бажаргани ва шундан сўнг Мисрга қайтишни режалаштирганини баён этилган: “Бас, қачонки, Мусо (келишилган) муддатни ўтаб, оиласи билан (Миср томон) йўлга тушгач, Тур (тоғи) тарафидан бир оловни кўриб қолди..." (“Қасас", 27).

Мусо (а.с.) қайнотаси билан келишилган муддатни ўтаб, аҳли аёлини олиб Мисрга қайтганда қирқ ёш атрофида бўлган, дейишга тўла асос бор. Шу ёшда Мусо (а.с.)га Тур тоғида пайғамбарлик неъмати берилган. Шу ўринда Тавротдаги маълумотни ҳам мушоҳада учун ҳукмингизга ҳавола этамиз. Таврот, Чиқиш китоби, 7:7 бобда: "Бу пайтда Мусо (а.с.) 80, Ҳорун (а.с.) эса 83 ёшда эди, — дейилади" (32). Яқинда чоп этилган дарсликларда Рамзес II (1290— 1224 йилларда) 66 йил ҳукмронлик қилганлиги айтилади. Мусо (а.с.) Рамзес II нинг ҳукмронлиги даврида туғилиб, 80 ёшларда Мисрга қайтиб келганда, Фиръавн аллақачон ўлган бўлиши керак эди. Юқорида келтирилган маълумотлардан келиб чиқиб, Мусо (а.с.) ҳаёт кечирган йилларни ҳисоблаймиз.
1.    Рамзес II (1317-1251 йилларда) ҳукмронлик қилган (33) бўлса, Мусо (а.с.) Рамзес II ўлган йилда 40 ёшда бўлган деб ҳисобласак, Муео (а.с.) 1291 йилда туғилиб, (120 ёшида) 1171 йилда вафот этган.
2.    Рамзес II (1301 - 1235 йилларда) ҳукмронлик қилган (34) бўлса, Мусо (а.с.) 1275 йилда туғилиб, 1155 йилда вафот этган.
3.    Рамзес II (1290- 1224 йилларда) ҳукмронлик қилган (35) бўлса, Мусо (а.с.) 1264 йилда туғилиб, 1144 йилда вафот этган.

"Қадимги Шарқ тарихи" китобида ушбу воқеа "камбағаллар ва қуллар" қўзғолони сифатида баҳоланиб, барча маълумотлар “Ипувер насиҳатлари' га асосан ёритилади(36). Қўзғолон эса, ўрта подшолик даврининг охирига, милоллан аввалги 1750 йилга олиб бориб тақалади. Худди шундай фикр олдинроқ мисршунос Р. И. Рубинштейн томонидан илгари сурилган бўлиб(37), муаллиф тафсилотларни таърифлашда "Ипувер насиҳатлари "дан парчалар келтиради. Шундан кўриниб турибдики, мисршунос олимлар хронология борасида, анъанани бузмаган ҳолда, қўзғолонни милоддан аввалги 1750 йилда деб, тафсилотларни тасвирлашда эса мил. ав. XIII асрда яратилган "Ипувер насиҳатлари "дан фойдаланиб, хронологияни бузиб кўрсатишган. Биз юқорида таклиф этаётган хронология илмий жиҳатдан тасдиқланиб, дарсликларда ўз аксини топса, Қадимги Миср хронологиясида ҳам муайян ўзгаришлар бўлиши табиийдир.

1    Алан Хендерсон Гарднер (1879 — 1963) — инглиз мисршуноси ва тилшуноси.
2    Повесть Петеисе. —М.: 1978.
3    И.Великорский (1895—1979) америкалик тарихчи олим. 1895 10 июнда Витебск (Белоруссия) шаҳрида туғилган. Москва Университетида ҳуқуқ ва қадимги дунё дарихини ўрганган. 1921 йили медицина фанлари доктори илмий унвонини олгач, аввало Германияга, кейинроқ, яъни 1939 йили Нью-Йорк шаҳрига кўчиб ўтган.
4    Хорун Яхъё. Погубленние народы. — Истанбул, 2001; Чудо Корана. —М.: 2006.
5    Ветхий Завет. Книга Исход. — М.: Издательство Российского Государственного Гуманитарного Университета, 2000. —С. 13—14.
6    Мазкур нашр. — Б.13.
7    Мазкур нашр. —Б.43.
8    Қуръони карим (“Юсуф", 99). Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. —Т.: "Тошкент ислом университети", 2006. — Б.246-247.
9    Мазкур нашр. — Б.246 — 247.
10    Мазкур нашр. —Б. 164.
11    Қуръони карим (“Аъроф" 127). Мазкур нашр. —Б.165.
12    Қаранг:
Қуъони карим. 2:49; 2:127; 7:128,129, 130, 131,136,137; 17:103,104; 28:4-42.
13    Хрестоматия по истории Древного Востока — М. 1980.— С.42.
14    Ветхий Завет. Книга Исход. Издательство Российского Государственного Гуманитарного Университета 2000, —С. 13— 14.
15    Авдиев В.И. Қадимги Шарқ тарихи. —М.: 1964. —С.304.
16    Хорун Яхья. Погубленные народы. —Стамбул, 2001. —Б.84—105.
17    Қаранг: Леннарт Мюллер. Дело об Исходе
18    biblius.net
19    Авдиев В.И. Қадимги Шарқ тарихи. —М.: 1964. —Б.301.
20    Каранг: Авдиев. В.И. Қадимги Шарқ тарихи. —М., 1964. —Б. 184.
21    Инжил. —Стокгольм, 1992, (Библия луғати). — Б.7.
22    Абдураҳмонов А. Саодатга элтувчи билим. 1-Н китоб. —Т.: 2004. — Б.83.
23    Ислом энциклопедияси. — Т.:"Узбекистан миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2004. -Б. 169.
24    Мифы народов мира. —М.: «Советская энциклопедия», 1988. —С. 164—165.
25    Абдурахмонов А. Саодатга элтувчи билим. 1-П китоб. —Т.: 2004. —Б.83.
26    Муҳаммад Содиқ Муқаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. Тўртинчи жуз. —Т.: 2006, — Б.362— 363.
27    Авдиев В.И. Қадимги Шарқ тарихи. —М.: 1964. —Б.301.
28    Кузищин В.И. История древного Востока. —М.: 1974.
29    Рыжков К.В, Рыжкова Е.В. 100 Великих пророков и вероучителей. —М.: 2006. —С. 110; Энциклопедия. Все монархи мира. Древний Восток. —М.: 2001. —С. 148; Всемирная история. -Москва-Минск, 1999. — С.554 —562.
30    Муҳаммад Содиқ Муқаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. Тўртинчи жуз. —Т.: 2006. —Б.370.
31    Мазкур нашр. — Б.380.
32    Ветхий Завет. Книга Исход. —М.: «Издательство Российского Государственного Гуманитарного Университета», 2000. —С.29.
33    Авдиев. В.И. Қадимги Шарқ тарихи. —М.: 1964. —Б.301.
34    Кузищин В.И. История древного Востока. —М.: 1974.
35    Рыжков К.В, Рыжкова Е.В /100 Великих пророков и вероучителей. —М.: 2006. —С.110; Энциклопедия. Все монархи мира. Древний Восток. —М.: 2001. —С.148; Всемирная история. — Москва-Минск, 1999. —С.554 —562.
36    Авдиев В.И. Қадимги Шарқ тарихи. —М.: 1964. —Б.262 —263.
37    Древний Восток. —М.: 1958. —С.43 —47.


Мавлуда РАҲМОНОВА, Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институти катта ўқитувчиси

 
Абдулҳамид Чўлпон. Тарихнинг зарарлик такаррури (1924)
13.03.2014 23:24    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Дунёнинг кетиши, турмушнинг оқишида шундай воқеалар пайдо бўладирким, у воқеаларга ўхшаш ҳоллар ундан бурун ҳам кўрулиб ўтади.

Ана шу вақтларда маҳмадона, чечан кишилар чиқиб «тарих такаррур қилаётир», деб шовқун-сурон қилиб юборадилар.

Мен маҳмадона ҳам эмасман, чечан ҳам. Шовқун-сурон қилмоқ ҳам қўлимдан келмайдир. Мен, ўзинг билган Фарғонанинг баъзи бир аҳволларини, эски котибларнинг қалами қандай секин юрса, шундай секинлик билан ҳовлиқмасдан, шошилмасдан сизга ор қилиб этмакчиман.

Шу холос.

Фарғонанинг 1919 ва 20-йиллари эсингизда бордир. Фарғонада оққон ҳақли ва ҳақсиз қонларнинг ҳиди Тошкент, Самарқандларни эмас, Москва, Ленинградни ҳам тутиб кетди. Шунча қон тўкилган жойда, албатта, воқеа эмас, ҳодисалар бўлуб турадир.

Ҳодиса ва воқеалар шу қадар тез ва шошилишлиқ билан юз кўрсатадирларким, уларни тарих бетларига жойлаб қолмоқ ҳам жуда қийин бўладир.

Фарғонада ҳам шундай бўлди. Кечаги воқеалар бугун эсдан чиқди. Эртанги воқеа олдида илгари кунгиси ҳеч нарса бўлмай қолди. Ақллар, ҳатто шу воқеаларга гувоҳ бўлатурғон бир тарих борлиғини ўз доираларига сиғдира олмай қолдилар.

Шундай вақтда бизнинг буюк бир ҳиссиётли адиб ва шоиримиз чиқиб, ўшал воқеаларнинг ҳаммасини адабий томоша, нафис пьеса ҳолида тарих бетларига нақш қилиб қолмоқчи бўладир. Журъатни, жасоратни қаранг!

Ҳамза Ҳакимзоданинг 6—7 бўлакдан иборат валуолалиқ (сенсационний) «Фарғона фожеалари» ана ўшал ховлиқишнинг мевалари эди. Томошачи муаррихимиз ўз асарларини ўшал вақтда «тарих учун оддий бир матириёл» деб ўйлагон эмас. Ҳатто, муни даъво қилиб чиққанлардан жуда қаттиқ хафа бўлгон. «Фарғона фожеалари» муаллифининг фикрича Шекспирнинг «Ҳамлет»» «Мақбет», «Рўмеў ва Жулет» ларининг ўзбек ва Фарғона муҳитидан етишганларигина эди; шунинг учун унда юксак мафкурали қизлар, юқори тушунчали аллақандай Талъат афандилар бор эди.

Ўшал вақтнинг оммаси халқи ҳам қизиқ. «Фарғона фожеалари» дедими, 5000 киши сиғатурғон кенг саҳналарга ҳам одам лиқ тўла берган. Муни кўрган муаллиф, «қимматлик, «нафис» асарларини кенг Туркистоннинг у бошидан бу бошиғача кўтариб бориб, ўйнатиб юрған...

Ораға «Чиғатой гурунги» деган бир жамият чиқиб қолди. У жамиятга мансуб кишилар тилни соддалаштирмак мақсадини асос қилиб ушлаганлари ҳолда, ўзбек адабиётининг тугалланишига ҳам катта аҳамият бердилар. Тугалланадургон адабиёт чин адабиёт  бўлмоғи керак. Шунинг учун адабий асарларга ҳақиқий қийматини бериб, адабиёт кира олмағон нарсаларни шафқатсиз суратда майдондан ҳайдай бошладилар. Ана шу ҳаракатнинг зарбига учрағонлар орасида, Хуршид Шарафнинг «Кичик аскар»и (ўзича: «Кучук аскар») билан бирга бизнинг «Фарғона фожеалари» ҳам бор эди.

«Чиғатой гурунги» асосини маҳкам қурғонлиғи ва чизиқни тўғри чизғонлиғи учун — ўзи йўқ кетса ҳам ўзбекнинг янги адабиётида янги, порлоқ, шарафлик саҳифалар очди ва очмоқда давом этадир.

Лекин, қуруқ воқеаларни ингичка, нозик адабий йўл билан кўрсатмак истаган «Фарғона фожеалари» ўшал вақтларнинг ўшал вақтдағи хабар (хроника) ларидан бошқа нарса бўла олмадилар. Шунинг учун 20-йиллардаёқ мотамсизгина кўмулдилар.

Тарихнинг такарруримикан?

Яқинда Қўқон (Фарғона музофотининг пойтахти) шаҳарининг кўчаларида бир хитобнома қадар узун, Бухородағи «Анас» ёки «Улуғ Туркистон» газетасининг тилидек «қурама» бир эълон ўқудим. Эълонда: бир-икки соатлик муқаддима (тўғриси, реқлам!) дан сўнг «Фарғона фожеалари»нинг саҳнага қўйилғуси хабари берилган. Ҳайрон бўлдим, шошдим. Нима учун шошдинг дейсизми? Бу дунёда «ўликларнинг қайтадан тирилишига» ишонмағоним учун! Шу учун ҳайрон бўлиб шошқон эдим, локин «Раҳимбоев» тиётрининг пардаси очилиб, «босмачи» ва «дошноқ» сўзлари эшитилгандан сўнггина «ўликларнинг тирилмаги мумкин бўлғонлиғига» ишондим.

Пьесадан гапириб ўлтурмайман. Пес ва мохов қилиб ўйнолғонидан ҳам сўз очмайман. У кунги ўйинға ўшал ўзингиз билган «атоқли актриса» Кузнецова ҳам оралашғон эди. Оврупо асарларида бир овруполи қиз рўлини қандай ўйнаш лозим бўлса бир ўзбек қизи рўлини Фарғона саҳнасида шундай ўйнағон Кузнецова у кун саҳна олдиға чиқиб гапирган бир ўртоқ томонидан жуда кўб махталди. Шу жойни сизга билдириб ўтмасам бўлмайдир. Ўзи оддий бир хизматчи бўлғони ҳолда, «Истамбул дорилфунуни муаззинлари»дек гапиратурғон бир дошноқ армани рўли ҳам бор. Бу рўлни ўйнаган «Уста» артист арман-озарбайжон тилларининг хусусиятидан шу қадар хабарсиз эдики, ўшал вақт дошноқларининг зулмларини кўрсатмак билан эмас, тилларини бузуб, масхара қилиб гапирмак билан уларнинг адабини берган бўлди... Баракалла, бу ҳам катта ҳунар! Мен, у тўғрида кўп гапирмоқчи эмас эдим. Баъзи бир удур-будур ерларини кўрсатиб ўтаман деб, хийла вақтингизни олдим. Меним асл тўхталмоқ истаган нўқтам шудирким, шу пьесани шу ҳолда ўйнамоқ билак ишга киришган шу театр тўдаси, маҳаллий маблағнинг таъминотига ўтказилар эмиш деган гап бор. «Фожеалар»нинг муаллифи ва тўданинг руҳи бўлғон Ҳамза Ҳакимзода ўртоғимиз, атай шу иш учун Хевадан чақирилиб келтирилган. Ҳамза ўртоқнинг ўзи ҳам хусусий бир гаплашиш вақтида «шу тўғрида 20—30 кишилик исмета тузиб музофот ижроқўмиға топширмоқчи бўлғонини» айтиб ўтди.

Ўзбек театрини тиргизмак, ўзбек санъатини яшатмоқ йўлида Фарғона музофот ижроқўмининг жиддий ҳаракат кўрсатиши — олқишга лойиқ иш. Лекин шуни билмак керакким, ўзбек театр ва санъати бу хил санъатдан йироқ асарлар ва санъатга 1919 йил кўзи билан қарайдурғон тўдалар томонидан тиргизилиб, яшатила олмас. Бу муҳим ишни ёш кучларга, санъатни тўғри кўриб таний оладурғон кучларга топширмоқ керак.

Шубҳасиз, Ҳамза ўртоқ ўзбек театрининг, ўзбек санъатининг юксалишида муҳим бир омил бўла оладир, уни бу соҳада ишлатмак керак. Лекин унга билдирмак, тушундирмак керакким, ўзбек театрини, Туркистоннинг марказида собиқ «Карл Маркс» тўдаси бошлағон тўғри йўл билан олиб бормоқ керак. Бу тўғри йўлга тушгани унамасалар тарихни қурамаслиқ билан «такаррур» қидирмоқчи бўлсалар, саҳнани воқеаларнинг қуруқ бир хабарлар бобидан иборат қилмоқ истасалар— уларга хоҳ маҳаллий маблағ ва хоҳ бошқа маблағдан бир чақа бериш керак эмас.

19-йилнинг «фожеафурушлиқ» даври ўтган ва тарихнинг бу «такаррури» биз учун зарарлик!..


________________

Тарихнинг зарарлик такаррури. — «Туркистон» газетасининг 1924 йил 14 октябрь сонида эълон қилинган. Гарчи мақолада саҳна асари ҳақида гап кетса-да, унда муаллифнинг адабий-эстетик қарашлари ёрқин ифодасини топгани учун мазкур бўлимга киритдик.

Такаррур — арабча, такрор сўзининг кўплиги.

«Фарғонанинг 1919 ва 20-йиллари эсингизда бордир» — Қўқон мухториятининг қонуний ҳукумати большевиклар томонидан маҳв этилгач, Фарғонада бирин-кетин даҳшатли хунрезликлар содир этилди: Қўқоннинг вайрон қилиниши, дашноқлар қирғини, миллий ғурурини ва миллий эркини ҳимоя қилиб чиққан эрксеварлар (яъни босмачилар) билан уруш, даҳшатли очарчилик... Чўлпон айни шу нарсаларпи эслатмоқчи бўлади.

Волуолалик — сенсацион, шов-шувга сабаб бўлувчи.

Хуршид Шараф — асл исми-шарифи Шамсиддин Шарафиддинов (1892—1960), Хуршид тахаллуси билан ижод қилган, шоир, драматург, таржимон, театр ташкилотчиси. Ўзбек музикали драмасининг асосчиларидан.

«Бухородаги «Анас» ёки «Улуғ Туркистон» газетасининг тилидек «қурама» бир эълон ўқудим» — эслатилаётгап газеталарнинг биринчисида тожик, иккинчисида татар тилига хос сўз ва сўз формаларшшиг ишлатилганига ишора қилинмоқда.

«Атоқли актриса Кузнецова» — Мария Кузнецова (1899—1956), ўзбек театрининг биринчи актрисаларидан, ЎзССР халқ артисти. 1918 йилдан Ҳамза бошчилигидаги «Ўлка сайёр сиёсий труппаси»да ўйнаган. 1921 —1925 йилларда Қўқон театрида, 1925 йилдан то умрининг охирига қадар ҳозирги Ҳамза театрида ишлаган.

«Истанбул дорилфунуни маъзунларидек гапиратурғон...» — дорилфунун лекторларидек гапирадиган.

 
Абдулҳамид Чўлпон. 500 йил (1924)
13.03.2014 23:23    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

(ЎЗБЕК БИЛИМ ҲАЙЪАТИ ЭЪТИБОРИГА)

Чиғатой адабиёти ва тилига Навоийнинг қилғон хизмати жуда улуғдир. Бу кунги янги ўзбек адабиёти ва унинг бу кунги содда шеваси, менимча, ўша чиғатой шевасидан ўзга эмасдир. Баъзи бир кишилар, Навоийдан анча кейин чиққан адиб ва шоирларимиздан бир-иккита соддароқ ёзғонларини ушлаб олиб, уларни ҳаддан ташқари кўтармак билан наригини бир қадар туманлашдирмоқчи бўлсалар ҳам, Навоий ўзбек тили ва адабиётида тегишлик юксак мавқеъини олғондир. Усмонли адабиётининг энг улуғ вакили бўлғон Фузулийни машҳур усмонли ёзғучиси Шамсиддин Сомибек Навоийдан кейинга қўйиб, кўрсатадир. Мана бу ҳам, Навоийнинг биргина ўзбек қавми адабиётида эмас, умум турк халқи адабиётида ҳам ўзига яраша жой олғонини кўрсатадир.

Тарихларнинг кўрсатишиға қарағонда шу бир йил — бир ярим йил орасида улуғ Навоийнинг вафотиға 500 йил тўладир... 500 йил ўзбек-чиғатой адабиёти тарихига аллақанча нарсалар берган, унда қанча ўзгаришлар ясағон, жуда узун бир муддатдир. Ўз адибларига 5—6 асрлик бир тарих яшата билган халқлар унча кўб эмасдир. Демак, бизга ҳам шу бир йил орасида шундай катта бир шодлиқ, катта бир байрам ўтказишга тўғри келадир.

Ватандошларимиз руслар Пушкиннинг ҳар 5 йили учун ҳам катта байрамлар ясайдирлар. Ғарбда эса ундай байрамлар жуда катта тантаналар билан ўтказиладир. Бу тўғрида гапни чўзиб ўлтириш ҳожат эмас. Кўз билан кўрганимиз ҳам етиб ортарлиқдир.

Шунинг учун мен айтмоқ истайманким, Навоийнинг 500 йиллигини биз ҳам тегишлик даражада тантана билан ўтказишга шу топдан ҳозирлана бошлайлиқ. Бу йўлда мен қуйидағи чораларни таклиф қилиб, ўзбек билим ҳайъатининг диққатини шунга жалб қилур эдим:

1. Ҳозирдан бошлаб яралиқ кишиларимиздан бир ҳайъат ташкил қилиб, 500 йиллик байрамни мумкин қадар тантана билан ўтказиш йўлини топмоқға ўшал ҳайъат вакил қилинсун.

2. Ҳайъат Навоийнинг босилмағон асарларини топиб, босдиришға лозим кўрулгонларини байрамгача босдириш чорасини кўрсун.

3. Навоийнинг мукаммал таржимаи ҳоли ёздирилсун.

4. Навоийнинг шеваларидан терма бир асар тузулуб, нафис қилиниб босдирилсун.

5. Навоий номиға юқори ўқуш юртларининг адабиёт-тил факультетларида ўзбек талабалари учун стипендиялар очилсун.

6. Ўзбекистоннинг пойтахтида Навоийға ҳайкал тикилсун.

7. Баъзи бир ўзбек шаҳарларининг кўча исмлари Навоий отиға қўюлсун.


________________

500 йил. (Ўзбек билим ҳайъати эътиборига). — 20-йилларда авж олган ўтмишга, ўтмиш маданиятига нигилистларча муносабатда бўлиш тенденциялари соғлом фикрловчи зиёлиларни чуқур ташвишга солган. Чунки жадидчиликнинг илғор ғоялари таъсирида тарбияланган кўплаб зиёлиларимиз миллатнинг ўзини таниши, ўзлигини англашида ўтмишнинг нечоғли муҳим омил эканини билганлар. Чўлпон Ўзбек билим ҳайъатига мурожаат қилиб ёзган, мазкур очиқ хат «Туркистон» газетасининг 1924 йил 23 сентябрь сонида эълон қилинган.

Шамсиддин Сомибек (1850—1960) — машҳур турк шоири, адиби ва мутафаккири.

«Тарихларнинг кўрсатишмга қарағонда шу бир йил бир ярим йил орасида улуғ Навоийнинг вафотига 500 йил тўладир...» — фикримизча, бу ўринда матбаа хатоси ўтиб кетган ёки Чўлпон адашган. 1926 йилда, яъни Чўлпон айтмоқчи яқин бир-бир ярим йил ичида Навоий вафотига 425 йил тўлар эди. Қуйироқда эса муаллиф «Навоийнинг 500 йиллиги» тантаналари ҳақида гапиради. Чамаси, Чўлпон шоир вафотининг 425 йиллигини, ва кейинроқ, таваллудининг 500 йиллигини нишонлашни назарда тутган.

 


48 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин