Саналар
22.12.2024
Баннер
Абдулҳамид Чўлпон. Саҳналар теграсида (1923)
13.03.2014 23:19    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Озарбайжон турк саҳнаси яқинда 50 ёшға кириши муносабати билан катта бир байрам қилиб ўтказди.

Ҳақиқатан, Русия турклари орасида энг эски саҳнага эга бўлғонлар — Озарбайжон туркларидир. Озарбайжон театр ёзувчилиғининг отаси бўлғон Мирзо Фатхали Охундўвнинг ўлганига, озарбайжон саҳнасининг улуғ оғаси бўлғон Араблинскининг дунёдан кетганига бир неча йил бўлуб қолди. Ўзининг шу учун умрида кўб оғир кунларни ўтказган бу саҳна, бу кун улуғ ва ярашар бир шараф билан ўзининг эллик йиллик байрамини ўтказмакдадир.

Бокуда чиқадурғон «Кўммунист» рафиқимиз шу байрам шарафига бир бош мақола бағишлаған. Ул мақолада нафис санъатнинг аҳамияти, озарбайжон саҳнасининг бошидан ўтказган оғир кунлари ва унинг ҳозирги аҳводи тўғрисида фикр юргизиладир.

Ҳақиқатан, 50 йил оз муддат эмас.

Бу муддат орасида кўб нарса ишламак мумкин. Лекин, озарбайжон саҳнаси ҳам бизнинг саҳнамиздек халқнинг энг қора жоҳил вақтида бош кўтарганлигидан; «Чапга айланса кофирлик, ўнгга бурилса динсизлик таънага йўлуқуб, дин талқин қилғувчи динсизларнинг ҳар турлик ҳужумлари остида қолиб оқ саллалик бойқушлар, қоп-қора нодонларнинг чангалидан халқни қутқазиб олмоққа тиришқон».

Албатта, бундай бир муҳитда 50 йил яшағон саҳна жуда кўб нарса қила олмаса, маъзурдир. Учмасдан, сўнмасдан, йўк бўлмасдан давом этиб келган бўлса, бу кун шу ҳам катта хизматдир.

«Кўммунист» рафиқимиз: «Бу кунги театримиз кечаги вазифасини ифо(да) қилиб турадирми? Бу кунги саҳнамиз маданиятга томон ҳатлағон қадамларимиз билан чиқишдирила олурми?» деб иккита муҳим савол бергандан кейин, бу саволга ўзи: «Таассуфга қарши, дарҳол «йўқ!» калимасини қўллашга мажбур бўлиб қоламиз», деб жавоб берадир.

«Қўммунист» рафиқимиз бу савол ва бу жавоблари билан саҳнанинг шу кунги ҳолиға қаноатлана олмағонлиғини кўрсатмак истайдир. Мақоласинниг охирида саҳнанинг тузалиши учун «масъулиятни уҳдасига олғон Озарбайжон маориф комиссарлигига муваффақият» тилайдир.

Зотан, рафиқимизнин тилаган муваффақияти таъмин этилган ҳисобдир. Саҳна ва санъат ишлари учун бурун ҳам ҳозир ҳам энг керак бўлғон моддиёт масъаласи ортиғи билан ҳал этилган: «Байрам кунида Озарбайжон турк театрига декаратсиялар ҳозирламоқ учун маориф комиссарлиғи томонидан 100 сўм олтун пул чиқарилғон.

Байрам комиссиясининг бир мажлисида хўжалик идораларининг турк театрига моддий ёрдам беришлари лозим эканлиги тўғрисида бир қарор чиқарилиб, биринчи ўлароқ қуйидағи идоралар иона қилғонлар: Халқ комиссарлар Шўроси раиси ўртоқ Сабикиф, комиссарлар шўроси отидан 15000 сўм олтун пул, Озарбайжон нефть идораси раиси Йўлдош Серибруфски 15000 сўм олтун пул, саноат тижораси комиссари ўртоқ Султониф 10000 сўм олтун».

Бу ёрдамнинг бошидир ҳали давоми ва охири бор. Демак, Озарбайжон саҳнаси тўла таъмин этилган.

Биз, бу ерда — ўзбек давлат труппасини тарқатиш арафасида турубмиз. Шунда ҳам маъюс бўлмаймиз. Унингда қадри билинур вақти бордир, ахир!

Ҳозирча том маъноси билан етим бўлған ўзбек саҳнасининг бир муҳиби, бир орқадоши сифати билан: Озарбайжон саҳнасини қутлаймиз!


______________

Саҳналар теграсида. — «Туркистон» газетасининг 1923 йил 15 апрель сонида босилган.

Мирзо Фатҳали Охундов (1812—1878) — озарбайжон ёзувчиси, маърифатпар, файласуф. Озарбайжон драматургиясининг асосчиси.

Араблинский — Халафов Хусайи Мамед ўғли (1881—1919), озарбайжон демократик театрининг асосчиси, актёр ва режиссёр.

«Коммунист» — Бокуда озарбайжон тилида 1919 йилдан бошлаб чиққан газета.

 
Абдулҳамид Чўлпон. "Ойдин" (1927)
13.03.2014 23:19    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Июннинг 15-ида чоршанба куни Боку театр техникумидаги талабаларимизнинг учинчи ўюнларини кўрдик. Бу дафъа таржима эмас, табдил қилинғон бир асар, Жаъфар Жаборзоданинг «Ойдин» номли фожеаси қўйилғон эди. 25—30 йиллик бир тарихга эга бўлғон Озарбайжон турк театри, бу асарни сўнгги бир-икки йил ичида репертуваридан сира тушурмайди. Ҳозир мундай яхши асарлар турк халқлари саҳналарида бармоқ билан саналади. Ҳатто, бу кун театр санъатининг маркази саналғон Маскавда ҳам яхши театрлар учун яхши асарлар топилмасдан, репертувар масаласи бош айлантиргучи масалалардан бири бўлиб юради. Ўзи яхши бўлса руҳи (мазмуни) тўғри келмай қолади, руҳи яхши бўлғонларининг ёзилиши заиф бўлади ва ҳоказо... Шундай бўлғондан кейин миллий жумҳуриятларнинг саҳналарида яхши асарга муҳтожлиқ ҳаммадан кўб кўрилиб, ҳаммадан кўб сезилади. Бу, кўз олдимизда ўтиб турган аҳвол.

Жабборзоданинг бу асари ҳақиқатнинг қоқ ўртасидан ковланиб олинғон бир мавзуни саҳналашдирган бўлса ҳам, жуда кўнгилчак (сентиментал) бир руҳ билан ёзилғон. Асарнинг ширин ва ёқимли тили, бошдан-оёқ одамлиқ (космополит) фикрларини тўкиб туради, асарнинг бош қаҳрамони Ойдин, тинчимас ва тўполончи, кўнглидан ҳамма вақт одамлиқ, аяш ва қизғониш туйғуларини чиқариб туради. У, Абдусалимзода Муҳаммадҳодининг «Фирдавси алҳомат» деган асаридаги ер юзи жаннатларини истайди, дунёни «олтин» деган балодан қутулғон қилиб кўрмакчи бўлади. Хотини Гултаксин тузук-қўруқ бир кўйнаги йўғлиғидан, ляк рўмолини паранжи қилиб бекитиб юради. Ойдин бўлса ўз элига Наполеўн ва Чингиз ҳашамати билан киришни истайди, шуни хаёл қилади... Бу Ойдин, асримизнинг манхали дарвишларидан; одам ақлли иш қилиб, ишлаб башарнинг дардига малҳам бўлиш ўрнига—сиз... сиз... ўзингизнинг нима эканингизни билмайсиз, англамайсиз! — дейди. Теграсидаги ҳаммани «билмаслар» деб ўйлайди. Ҳолбуки, ўзи ўз хотинининг уни деб (яъни Ойдинни деб) номусини сотишға мажбур бўлғонини билмайди. Умри ўт аравада ўтган, фикри тилла соат ва тилла узуклардан айрилмағон ахмоқ бир бой хотининииг тўрт оғиз ғаразли гапига ишониб, қилча айби бўлмағон Гултаксинга бўлмаған оғир сўзларни ташлайди. Ойдин «шапкали» дедим, Ойдин палли бир туркнинг шапкаси бўлғондан кейин, у «мунавваз» дир, маданийдир. Сўзлари олтиндан қиммат бўлса ҳам, салбий, ёмон, ярамас маданийдир. Дунё зулму жабрга тўлғон бўлса, аччиқ қилиб, «вўдка» ичиш керак эканми? Битга аччиқ қилиб тўнни куйдириш лозим эканми? Жабру зулмда энтиккан одам болаларининг аламларини оз бўлса ҳам, жиндек бўлса ҳам енгиллатиш ҳар бир соғлом кишининг қўлидан келади-ку. Олайлик Давлатбек бойнинг зовутидаги иш ташлашни: ишчилар иш ташлағонлар бола-чақалари билан оч ёталар бой ҳаммасини зовутдан ҳайдамакчи, бечора ишчилар нима қилишларини билмайдилар, уларга йўл кўрсатиш керак: Йўлни ким кўрсатади? Билганларми? Билганнинг бири ва каттаси Ойдин бўлса, болғани олиб у билан гаплашади, унга «сен билмайсан» дейди: Зовутға ўт қўймоқчи бўлади, қўёлмайди, бошқалар қўйиб юборса, «сув беринг, сув! Маданият куйди!» деб боқиради... Мундай башарият ходими билан ҳалиги ҳа деб «жаҳаннамга» деб юра турғон жинни ишчининг орасида нима фарқ бор? Нима фарқ?

Бу асарни текшириб ўлтирмоқчи эмасман, у кўб чўзилиб кетатурғон нарса. Мунга газета бетлари торлиқ қилиб қоладир. Асарни бир неча дафъа ўқиб, кўриб сўнгра дурустроқ текширмак мумкин. Ҳозирча мен бош қаҳрамон тўғрисида керак деб олганим гапларни айтиб кетдим.

Энди ўйналиш жиҳатига келсак, яна бурунғи гапни қайтаришға тўғри келади. Талаба ҳолидағи йигитларимиз учун бу асар оғир. Айниқса, Ойдин билан Гултаксиннинг рўллари жуда кучли ва моҳир актўрлар талаб қилади. Ойдин билан Гудтаксинни ўйнаган актўр ўсади, тез ўсади; у икки рўл, тарбия бергувчи рўллардандир. Шунинг учун юҳорида таъриф қилинғон Ойдинни биз бу дафъа қониқиб кўра олмағон бўлсак, билмадим кимни айблашға тўғри келар экан. Менча ҳеч кимни... Шубҳасиз бу кеча Ойдин рўлини ўйнағон Раҳимберди, сўнгроқ ўсади, лекин, «бу рўл ўшаники бўлади» дейиш ҳам мумкин эмас. Айниҳса, Гултаксин рўлидаги қиз Назира, у ҳали ҳам умуд беради. Бой рўлидаги Сайфи қори жуда ёт кўринди. Демак, меросхўр бойбачча; у ҳолда унинг бузуқлиғи ўткур қилиб кўреатилса бўлар эди. Бойнинг хотини рўлидаги қиз саҳнада ўзини эркин тутади, бу биринчи муваффақ бўлиш демакдир, Бошқалар ўзларига яраша текис ўтдилар. Қўйилиш ва зийнат жиҳатларидан камчилик кўб бўлди.


____________

Ойдин — «Зарафшон», 1927 йил 20 июнь.

Табдил — а., ўзгартиш, алмаштириш. Бир-бирига яқин тиллардаги асарларнинг табдилини таржима дейилмайди. Бу ўринда озарбайжон туркчасидан ўзбек туркчасига алмаштириш назарда тутилади — табдил шу.

Жаъфар Жабборзода (1899—1934) — озарбайжон драматурги, режиссер, театр арбоби. «Ойдин» пьесаси 1922 йилда яратилган.

Раҳимберди — Р. Пирмуҳаммедов (1897—1972), ўзбек театри ва кино актёри, СССР халқ артисти.

Назира — Назира Алиева, 1912 йилда туғилган, ўзбек актрисаси, Ўзбекистон ССР халқ артисти.

 
Абдулҳамид Чўлпон. "Жўрж Дандин" (1927)
13.03.2014 23:19    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ЖЎРЖ ДАНДИН

(ўзича)

Душанба куни 7 июнда Озарбайжон тиётр мактабидаги талабаларимиз таниқли Молйернинг шу номдағи асарини ўйнадилар. Ёлғиз франсиялиларнинггина эмас, балки бутун дунёнинг таниқли кулги ёзғувчиси бўлғон Молйер шу билан бизнинг саҳнамизда иккинчи дафъа кўринади. Унинг «Хасис» деган асари, Масков тиётр мактабимиз томонидан бултур ва узоқ йиллари бир мартадан ўйналиб ўтгаи эди. Бу сафар қўйилғон асарни янглиш танланғон дея олмаймиз. Муни танлаш билан бокули талабаларимиз яхши иш қилғонлар. Асар, энг ялгари, битта-яримта актўрни ўсдиришга, тарбия қилишға ярайди. Сўнгра унинг қўйилишида ҳам ўрта асрларнинг қизиқ ва ғалати тарз (стиль) лари бор. Масалан: парда ҳамма вақт очиқ туради. Уюннинг бошланиш ва тугашини ходимлар эълон қилади. Ўюннинг бир қисми томошачилар орасида ўйналади. Асарда у вақт ёзғувчилариға қонундай бўлиб қолғон баъзи-бир асослар кузатилади, яъни: учала парда ҳам бир жойда, бир кўринишда кетади (жой бирлиги); воқеа бир кеча-кундуз орасида бўлуб ўтади (вақт бирлиги); ҳар ким ўз жупи билан чиқади ва бошқа-бошқалар. Ўрта аср тиётр тарзида ёзилғони учун, бу асар, ўзида бизнинг ўзбек томошачилариға анча яқинлиқ, нуқталари топа олар эди. Бу жиҳатни, ҳеч бўлмағонда тажриба йўли билан бўлса ҳам татбиқ қилиб кўрилганда, бизнинг эл ўюнлари асосига яқин нуқталарини ишириб қовартириб кўрсатилганда, яхши самара берар эди, балки...

Лекин, томошанинг энг заиф нуқтаси ҳам таасуфга қарши, шу «қўйилиш»дадир. Гапнинг очиғини айтганда, бизнинг маориф комиссарлигимиз ўз вақтида яхшироқ бир режиссўр учун керак бўлғон маблағни бермаган, берса ҳам оз берган, яхши режиссўр келмаган, келгани бўлса берилиб ишламаган... Узун сўзнинг қисқаси «қўйилиш» жиҳати кўб заиф чиққан.

Йигитларимиз ва қизларимиз чинакам тиришиб ўйнайдилар. Мумкин қадар тўла таъсир бериш учун жонбозлиқ қиладилар. Шундай бўлса ҳам, таъсирнинг мазаси унча бўлмайди. Керакли жойларда талваса (ҳаяжон) етмайди. Балки, чиқмай қолади. Ўюн ёғидан жуда қийматли, олтин фурсатлар сезилмай ўтуб кетади. Ўзингиз ўйланг ахир: Каримжон, бизнинг энг кучли кулдиргучиларимиздан бири у кулгида рўлнинг руҳига киради, ҳато ортдириб юборади. Шундай бир эркин кулдиргичга, кулгидан кўра кўбрак фожиаси бор бир рўлни берганлар. Шу учун унинг фожиали сўзлари ҳам, кулгили сўзлари ҳам бўш, талвасасиз, ишончсиз (неубидительный) чиқади, томошачи кулган бўлса Карим қизиқнинг гапига эмас,—Молйер адибнинг лутфларига, тазодлариға, уста гапларига кулади; у кулишлар, пиесани тўппа-тўғри ўқиб берилган вақтда ҳам бўлмоғи мумкин. Каримга шу рўлнинг янглиш берилгани, бутун асарга таъсир қилди, чунки, асарнинг жон нуқтаси ўша рўлда, асар исми ҳам ўшанинг исмида. «Дандин» одам болалари орасида кўб учрайтурғон иродаси заиф (слабовольный), бўшанг, ландавур кишиларнинг биридир. Асар, ўшанинг тирикликдаги фожиасини кўрсатади, ҳам жуда тўла кўрсатади. Унинг кулгили сўзлари ҳам кўз ёшлари орасидан айтилмаги керак; кўз ёшлари самимий бўлса, актўр рўлнинг руҳига кирса, кўз ёшлари орасидан томиб кетган енғил кулги сўзлари ҳам томошачини кулдира беради. Кулдирганда ҳам талваса, изтироб билан кулдирадиким, асл мазият шунда.

Кулдиргучи ва қизиқ Каримжонимиз фожиа ниқобида чиққач, албатта унинг борлиғи, асл жавҳари очилмади: шу учун бутун асарда мавжуд бўлғон асллик кўрилмади.

Саҳнанинг ўз камчиликлари кўб, муни наркомпирўснинг қулоғига шипшитамиз. Сўнгра энг охирда бир нарсани айтиб ўтайин: бу асарни мундан сўнг қўйғон вақтда, учта қора боланинг «ўюн бошланади» сини бирга тушуриш керак.

Ортиқчаси зериктиради ҳам совуқ чиқади.


_____________

Жўрж Данден. — «Зарафшон» газетасининг 1927 йил 16 июнь сонида босилган.

Молйер — Мольер, ҳақиқий исми-шарифи Жан Батист Поклен (1622 — 1673) француз драматурги, актёри, театр арбоби. Қатор комедиялар муаллифи, ҳақли равишда француз комедиясининг отаси саналади. «Жорж Данден ёки аҳмоқ қилинган эр» номли комедияси 1688 йилда саҳналаштирилган.

«Масков театр мактабимиз томонидан» — Мольернинг «Хасис» пъесаси 1925 йил 14 июлда саҳнага қўйилган.

«Асл жавҳари очилмади» — образнинг моҳияти очилмади деган маънода қўлланяпти.

 
«Жаннат»дан ҳайдалган Колумб...
28.03.2014 23:53    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Христофор Колумб — уни Американи Европа учун очган шахс, машҳур денгизчи сифатида эътироф этишади. Ҳақиқатан ҳам, у ҳаёти давомида юксак чўққиларни эгаллади. Денгизчининг ўлимидан кейин ҳам шуҳрати ошса-ошдики, асло пасайгани йўқ. Ҳатто унинг жасади оддий одамларникига нисбатан юксакроқ муносабат қаратишга ундади. 1506 йил. Испаниянинг Валядолид шаҳри.

Айнан шу маконда Колумб дунё билан хайрлашди. Бир умр худони зикр этиб, қийин вазиятларда унинг ёрдам беришига ишониб яшаган денгизчи, диндорлардек иззат-икром кўрсатилиб дафн этилди.

Амалга ошмайдиган иш эканлигини билса-да, у ўлими олдидан ёзган васиятида ўзи кашф этган ажиб мамлакат, яъни, «Янги Дунё»га дафн қилишларини ёзиб қолдирди. Кариб ороллари соҳилига етганда у жаннат манзараларини кўраётгандек бўлди. Шу боис, оролнинг туб аҳолисини соддадил ва пок одамлар тимсоли деб ўйлади. Ўша жаннатмакон ҳудуд унинг кемаларида Европада янги, шу билан бирга қўрқинчли касаллик пайдо қилган бўлса-да, Колумб умри охиригача яхши таассуротлар билан яшади.

У шу ерда ўлишни ва ўзи очган заминда мангуга ётишни хоҳларди. Унинг васияти амалга ошмади. Сабаб қилиб эса, Испания учун қаҳрамон саналган инсонни сўнгги йўлга кузатиш учун арзийдиган черков йўқлиги кўрсатилди.

Жасад Валядолидда дафн қилингач, 3 йил ўтиб, бу ер унга арзимаслиги айтилди ва ўша пайтларда ўғли ҳукмронлик қилган Севиля монастрлигига олиб кетилди.

Ниҳоят, орадан 18 йил ўтиб, испанияликлар Христофор Колумбнинг охирги тилагини бажаришга қарор қилишди. Орзу қилинган кема унинг тобутини олиб, океан ортига жўнади. Денгизчининг охирги қўним топадиган жойи Санто-Доминго ибодатхонаси деб белгиланди, аммо саёҳат бу билан тугаб қолмади. Қабристон жойлашган ҳудуд Франтсия мустамлакасига айлангач, Испания ўзига қадрли бўлган барча нарсаларини бу жойдан олиб кетди. Ўз-ўзидан Колумб жасадини ҳам Кубага кўчиришди. 1898 йилда Куба йўқотилгандан кейин яна тобут океан ортига қайтиб, Севилядаги ўғли Фернандо қабри ёнига дафн қилинди.

Тарих учун аҳамиятли ҳисобланган бу қайтиш, Колумб тасаввуридаги жаннат ўзининг кашфиётчисини қабул қилмади, деб баҳоланди...

Лекин, ХИХ асрнинг охирига келиб Колумб қабри атрофида кўпгина жумбоқлар пайдо бўла бошлади. 1877 йилда ишчилар Санто-Доминго ибодатхонаси пойдеворларини мустаҳкамлаш вақтида урна (ўликлар кули сақланадиган ертўла)да «Шуҳратли эркак Кристобал Колон» деган ёзувга дуч келишди ва топилма ичида 13 та катта, 28 та майда суяклар бор эди. Доминиканликлар бу топилмани сохта деб билишди. Шу билан бирга испан монахлари ҳам бу воқеа мутлақо ёлғон деган фикрга келишди.

Бутун ХХ аср давомида Испанияда ҳам, Доминикан Республикасида ҳам ҳақиқий тобут ўзларида деб ҳисобланди.

2002 йилда Севилялик тарих ўқитувчиси Марсиал Кастро ва эстеплик биология ўқитувчиси Серхио Алгаррада бу жумбоққа ечим топишга уриниб кўрдилар. Улар Колумб ва ўғли Фернандо қабридан ДНКлар олиб, солиштириб кўриш мақсадида, руҳонийлар жамиятига мурожаат қилишди. Рухсат олишолмагач, Гринад университетининг бир гуруҳ олимларини қизиқтириб қўйган бу тажриба ишлари руҳонийларнинг розилиги билан амалга оширилди. 2004 йилга келиб, тадқиқотчилар антропологик экспертиза натижаларини эълон қилишди. Шу нарса аниқ бўлдики, Испаниянинг Севиля ибодатхонасидаги суяклар 45 ёшли одамга тегишли эди.

Колумб эса вафот этганида 55-60 ёшлар орасида, кучли ва бақувват шахс бўлган. ДНК анализлари ҳали тугагани йўқ, бироқ олимлар асрлар давомида испанияликлар ўзларида деб билган денгизчи жасади бошқа бировга тегишли эканини бугун ишонч билан айта олишади.

Шу йўсинда, бугунги қарашларга кўра, Христофор Колумб жасади Доминикан Республикасидаги ибодатхонада сақланмоқда.

Суҳроб Шеров

 
Тасодифий жой ёхуд «Д»лар сиёсати
28.03.2014 23:52    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ҳар йили Потсдамга минглаб сайёҳлар ташриф буюришади. Уларнинг мақсади экзотика, қадимий ёдгорликлар, қасрларни томоша қилиш, гўзал паркларни айланишдангина иборат эмас. Айни шу шаҳарда иккинчи жаҳон урушини якунлаб берган конференция ташкил этилган. 1913—1916 йиллар оралиғида қуриб битказилган инглиз услубидаги Ситсилиэнхоф қалъасида ўша пайтдаги катта учлик давлатлари раҳбарлари Сталин, Трумен ва Черчилл(1945 йилнинг 28 июлидан бошлаб унинг ўрнига К.Эттли иштирок этган)учрашишган ва уруш тақдирини ҳал қилишганди.

Шунинг учун ҳам туристлар Европанинг ушбу митти нуқтасини кўп бор зиёрат қилишни ўзларига катта ташвиш деб билмайдилар.

ГДР (Германия Демократик Республикаси — 1949 йил 7 октябрда ташкил топган) даврида халқаро меҳмонхона вазифасини ўтаб берган бефайз бино таъмирдан сўнг кўҳна чиройини яна бир бор намоён этди. Германиялар бирлашгач эса таништирув-тушунтирувларнинг ҳам оҳанги(тони) ўзгарди. Энди гидлар Қизил Армиянинг қудратига эмас, балки совет империясининг репрессив характерига катта урғу бера бошладилар. Умуман олганда, катталар учрашуви учун бу жойни танлаш тасодифан юз берган. Шартга кўра, улар Германия ҳудудидаги ва Берлин атрофидаги бирор-бир пунктда йиғилишлари керак эди. Сабаби пойтахт деярли харобага айланганди. Шундан келиб чиқиб, маршал Жуков(Совет Армиясининг бош қўмондони) ҳар томонлама қулай бўлган Потсдамни танлашни жоиз деб топди. Давлатлар делегатсиялари Ситсилиэнхоф қалъасидан унча узоқ бўлмаган дарё қирғоғида омон қолган бир нечта виллаларда қўним топишди.

Ғарблик меҳмонлар орасида уруш даврида АҚШ ва Буюк Британия ҳукуматларини муваффақиятли бошқарган арбоблар йўқ эди ҳисоб. Франклин Рузвелтнинг 1945 йил апрелида вафот этиши муносабати билан америкаликларга собиқ витсе-президент Гарри Трумен (1945 йилнинг 12 апрелида президентликка сайланган) бош бўлиб келди. Ташқи сиёсат борасидаги тажрибасизлиги ва тор дунёқараши унинг рейтингда пастроқ ўрин эгаллашга мажбурлигини кўрсатиб қўйди. Эътиборли жаноб, таниқли бош вазир Уинстон Черчилл Ғарбий Европада Совет Иттифоқининг таъсири кучайиб кетишидан хавфсираган бўлса-да, муҳокама асносида Англияда бўлиб ўтган сайловлардан кейин ҳокимият ҳақида қайғуриш масъулияти унинг бўйнидан соқит қилинганлиги маълум бўлди. Чунки лейбористлар етакчиси Клемент Эттли урушдан сўнг ўтказилган биринчи сайловда кўп овоз йиғишга эришди. Ҳокимият тахтасидаги фарзин(Черчилл) янгиланди. Бу эса КПСС бош котиби Иосиф Сталинга нафақат мезбон сифатида, балки рақиблар кучсизланган дамдек олтин имкониятни туҳфа этди. Доҳийнинг келажакда ечимини кутаётган сиёсий муаммолар хусусидаги фикрлари кўпроқ кучга, тутган ўрни эса қудратлироқ нуфузга эга бўла борди.

Манфаатлар тўқнашуви олдинги конференцияларда зарурият юзасидан четга суриб қўйилгани рост. «Урушда агар дўст бўлсанг, қарор битта бўлиши керак» шиорига антигитлер коалицияси риоя қилиши, ўзбекчасига тушунтирганда бир ёқадан бош чиқариши шарт эди.

Кўп ўтмай уруш деярли тугади. Техникаларнинг асаббузар овозлари оз муддатга бўлса-да тинди. Энди навбат — ғоявий жангларга, бир-биридан ўтиш учун мусобақалашиб, тобора баландлаша бораётган сиёсий шовқин-суронларга етиб келганди.

Буюк Британия мустақиллиги ва колониал бошқарувини сақлаб қолиш ҳамда қитъада ўз обрўсини тиклаб олиш ҳаракатига тушди. Коммунизм дарғалари ҳудудларини немис босқинчиларидан батамом тозалаш, кутилаётган ҳужумларнинг олдини олиш ва Ғарбий Европадаги таъсирини кучайтириш билан овора бўлса, АҚШ эркин савдони қайта йўлга қўйиш ва Европа билан муносабатларни барқарорлаштиришдан манфаатдор эди. БМТнинг ташкил этилиши бу борадаги биринчи қадам вазифасини бажариб берди. Унда эҳтимоли бор янги жаҳон уруши маълум муддатга «зарарсизлантирилганди». Теҳронда ҳам, Ялтада ва Лондонда ҳам иттифоқчилар муҳокамаларидан сўнг тинчлик тўғрисидаги битимга имзо чекилгани маълум. Шундан бўлса керак, 1945 йилдан сўнг раҳбарларни ўз юртларида тиклаш ишларини олиб боришдан кўра, натсист тарафдорларини жазолаш кўпроқ қизиқтирган. Айниқса, Потсдамда бу ҳол кўзга яққол ташланди, у ерда адолатнинг қарор топишига астойдил ҳаракат қилинди. Давр тарозуси паллалари фақат бу билан мувозанатга келмасди, албатта. Ҳали олдинда чегараларни белгилаш ва бошқа географик масалалар кўндаланг турарди.

Конференция давомида Кенигсберг шаҳри, Германиянинг ғарбидан то поляклар мулки Лаузиттса-на-Нейсигача бўлган ҳудудларни СССР раҳбарлари ўзиники қилиб олишди. Туб ерликлар ўз жойларини кўчиб келадиган аҳоли учун бўшатиб беришлари зарур эди. Шунингдек, вайрон бўлган зоналарни қайта тиклаш учун Германия ҳукумати 10 млрд. рейхсмарк ҳисобида репаратсия(товон) тўлаши Потсдам ҳужжатларида қайд этилди.

Шунингдек, учта «д» сиёсати, яъни демилитаризатсия, декартелизатсия, денатсификатсия — фашизмни таг-туги билан йўқ қилишга қаратилган бўлиб, охир-оқибат демократизатсия(тўртинчи «д»)га йўл очиши лозимлиги тўғрисидаги қарорга Ситсилиэнхоф қалъасига ташриф буюрган давлат вакиллари имзо чекишди. Бу билан Германия халқаро муносабатлардан вақтинча маҳрум қилинди. Аслини олганда, коммунистлар ҳам, Ғарб ҳам, расмий қабул қилинган Потсдам меъёрларига ҳеч қачон адолат нуқтаи назаридан ёндашишмаган. Бу совуқ уруш даврида кўзга ёрқин ташланди. Натижа Германиянинг икки хил маънодаги мағлубиятини кўрсатиб қўйди. Биринчидан, ғолиблар мағлублар устидан бемалол ҳукм чиқаришлари мумкин эди. Энди ҳеч қандай «рейх бўриси» уларга халақит бера олмасди. Иккинчидан, ҳужжатлардаги охирги бандлар ҳам нафақат натсист ҳукумати инқирозидан дарак берарди, балки шарманда бўлган, товон тўлашдан чарчаган немис миллий ҳокимиятининг, ватанидан айрилган, қувғиндаги халқ кўз ёшларини жонли ифодаларди. Унинг устига, муҳокамаларда немислар ўзлари устидан чиқарилган ҳукмни жим ўтириб тинглашга маҳкум эдилар.

Потсдамда яна шунга келишилдики, Германия билан ғолиб давлатлар ўртасидаги алоқаларда янги ҳужумлар хавфи борлиги туфайли қатъий ва бешафқат методларга амал қилинди.

Катта учлик вермахтни узил-кесил йўқ қилишдан ташқари, ижтимоий ва маданий «қуролсизлантириш» ишларини ҳам жадаллик билан олиб борди. Бундан ташқари, декартелизатсия йўналиши орқали уруш пайтида молиялаштириш ишлари билан шуғулланган барча картел(ҳарбий-иқтисодий ташкилот, монополистик бирлашма)лар ёпиб қўйилди, герман иқтисодиётини марказлаштиришдан холи этиш, монополияларни йўқотиш ҳақида сўз юритилди. Дастурда сиёсий маданият узоқ муддат мобайнида реабилитация (қайта тикланиш) жараёнига тайёрланиб бориши ва янгича қиёфа касб этмоғи кўзда тутилганди. Табиийки, энг кўп йўқотишга учраган ва мисли кўрилмаган талофатдан зарар кўрган ҳамда шу орқали ғалабани таъминлаган Совет Иттифоқи Потсдам(Берлин) конференцияси баҳонасида Европанинг мутлақ гегемон давлатига айланди. Бошқалар Франциянинг Шимолий Африкадаги мустамлакаларини, кейинчалик Италияни душман исканжасидан халос этаётган ва 1944 йилнинг ёзида франтсузларга енгил нафас олиш насиб қилган бир пайтда, Қизил Армиянинг Европадаги таъсири ниҳоятда кучайиб кетди. Шунга яраша Москва томонидан бошқариладиган ер майдони ҳажми ҳам кенгайиб борди. Ўша пайтда жорий вазиятни Черчилл тинмай танқид қилган бўлса-да, Рузвелт келажак ҳамкорлигига путур етмасин дея СССР билан сан-манга боришни истамасди. Расмий келишувлар(хусусан, Потсдамда ҳам)нинг деярли ҳаммаси идеал қарама-қаршиликларни номигагина бекитиш учун хизмат қилган, холос. Чин маънода фикрлайдиган бўлсак, уруш давридаги ва ундан кейинги ҳар бир муҳокама аслида кўкараётган «совуқ уруш кўчати»даги кўз очаётган куртакдан бошқа нарса эмасди. Масалан, «демократизатсия» сўзи капиталистлар учун эркин овоз беришни англатган бўлса, Шарқда, таассуфки, якка ҳоким коммунистлар бунга йўл қўймасди. Ёки америкаликларнинг Германиядан катта миқдорда товон талаб қилмаганини олиб кўрайлик. Боиси келажакда немис халқи улар учун бош оғриқ, боқиманда бўлиб қолишидан чўчишган. Бироқ социалистлар мамлакатда ҳукм сураётган қашшоқликдан келиб чиқиб, яксон бўлган душман ҳудудидаги охирги мурватни ҳам ташиб кетишди.

Шунга қарамасдан, Сталиннинг учрашувдан кейинги яққол ҳукмронлиги узоққа чўзилмади. Трумен қўлида янги яратилган, синаб кўрилган атом бомбаси «Халқлар отаси»нинг кўп орзуларини чиппакка чиқарди. Совет разведка хизмати ҳаммасини синчковлик билан кузатиб борган бўлса ҳам бош котиб океан ортидагиларга муносиб жавоб беришни негадир жоиз деб топмади. Лекин ҳар икки томон ҳам умумнемис ҳукуматини назорат кенгаши асосида баҳоли қудрат бошқариб туришарди.

Ғарбликлар чегара масаласида юмшоқ ва яширин сиёсат олиб боришди. Собиқ Иттифоқ эса тузум хусусиятидан келиб чиқиб, ҳудудларни қатъий белгилаб олди ва ГДР ташкил топганини эълон қилди.

Умуман олганда, Берлин конференциясида имзоланган ҳужжатлар узоқ йиллар давомида тинчликни сақлаб туриш учун хизмат қилди. Аммо совуқ уруш даврида кунботар юрт вакиллари Потсдам келишувини қайтадан кўриб чиқишга уринишди. Улар КПнинг бир қатор мамлакатлар устидан юргизаётган назоратини кучсизлантирмоқчи эдилар. Бу ишни амалга оширишда 1989—90 йилларда рўй берган емирилиш ёрдам бериб юборди. Натижада Потсдамда қабул қилинган бир қатор ҳуқуқий меъёрлар ўз кучини йўқотган бўлса, бошқаларига ўзгартириш киритилди. Мисол учун, 2+4 шартномаси ва Берлин деворининг бузиб ташланиши (1989 йил охири), ГДР ва ГФРнинг 1990 йил 3 ноябрда ўзаро бирлашишига олиб келди. Сабаби федерал республиканинг сиёсий маданияти қўшнисиникига нисбатан анча илгарилаб кетганди. Иқтисодий ютуқлар демократик республикада истиқомат қилувчи аҳолини федералчиларга ҳавас қилишга ундади. Хуллас, бирлашув Ситсилиэнхофда амалга татбиқ қилинган барча санктсияларни бекор қилди. Демак, 1945 йилнинг 17 июлидан 2 августигача Берлин яқинидаги собиқ Гогентсоллернлар саройида ташкил этилган конференцияда «Герман милитаризми ва натсизми тикланиши ёки қайта ташкил этилишининг абадий олдини олиш учун» муҳим ҳуқуқий нормативлар кучга кирганди.

Саиджон Махсумов тайёрлади

 


50 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин