Саналар
23.12.2024
Баннер
Имом Ҳусайннинг ўлдирилиши
15.05.2014 12:48    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail
ИМОМ ҲУСАЙН

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу акаларининг вафотларидан кейин Мадинада истиқомат қилишни давом этдирдилар. У кишининг обрўлари катта эди. Ҳамма ҳурматларини қилар эди. Ҳатто баъзи оталарига қарши ишларда қатнашган кишилар узр ҳам айтар эди.
Имом Тобароний Ражо ибн Робийъадан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида эдим. Бирдан Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳу ўтиб қолди ва салом берди. Қавм у кишига алик олди. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу сукут сақлади. Ибн Амр қавм жим бўлганидан кейин овозини кўтариб:
«Ва алайкассалому ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳу!» деди-да, олдидагиларга қараб:
«Сизларга ер аҳли ичидан осмон аҳли учун энг маҳбуб зот ҳақида хабар берайми? У манави ўтиб кетган. Аллоҳга қасамки, Сиффийн кечаларидан бери мен унга бир оғиз сўзлаганим йўқ, у менга бир оғиз сўзлагани йўқ. Аллоҳга қасамки, унинг мендан рози бўлмоғи, мен учун Уҳуд тоғи(ча тиллом бўлгани)дан афзал», деди.
Шунда Абу Саъид розияллоҳу анҳу унга:
«Ундоқ бўлса, унинг олдига бормайсанми?!» деди.
«Тўғри айтасан», деди у.
Икковлари боришга аҳдлашишди. Мен ҳам улар билан бирга бордим. Абу Саъид изн сўради. Бас, унга изн берди. Биз ичкарига кирдик. У Ибн Амрга ҳам изн сўради. Изн бермаганига қўймади. Охири Ҳусайн унга ҳам изн берди. У ҳам кирди. Унинг кирганини кўрганда ўтирган ҳолида Ҳусайннинг ёнидан жой бўшатди. Ҳусайн унинг ёнига сурилиб олди. Ибн Амр ўтирмай тик тураверди. Бу ҳолни кўргандан кейин Абу Саъ¬иднинг ёнини бўшатиб унга жой очди. У икковларининг орасига ўтирди. Кейин Абу Саъид бўлиб ўтган гапни айтди. Шунда у:
«Шундоқми, эй Ибн Амр? Менинг ер аҳли ичида осмон аҳли учун энг маҳбуб эканимни биласанми?» деди.
«Шундоқ! Каъбанинг Роббисига қасамки! Албатта, сен ер аҳли ичида осмон аҳли учун энг маҳбуб зотсан!» деди у.
«Сиффийн куни менга ва отамга қарши қитол қилишга сени нима мажбур қилди?! Аллоҳга қасамки, отам мендан яхши эди!» деди.
«Тўғри! Лекин Амр менинг устимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилиб, Абдуллоҳ кундузи рўза тутиб, кечасини бедор ўтказади, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга, намоз ҳам ўқи, ухлагин ҳам, оғзинг очиқ ҳам юр ва Амрга итоат қил!» дедилар. Сиффийн куни бўлганда у менга қасам ичиб туриб олди. Аллоҳга қасамки, мен уларнинг қорасини кўпайтирмадим, улар учун қилич чопмадим, найза ҳам санчмадим ва ўқ ҳам отмадим», деди.
Шунда Ҳусайн:
«Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилиш йўқлигини билмасмидинг?» деди.
«Билардим», деди у.
Кейин у узрни қабул қилгандек бўлди».
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу дуоси мақбул зотлардан эдилар. У кишининг дуолари тўсиқсиз қабул бўлганини кўрган зотлар бир қанча ривоятлар қилганлар.
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ Абу Авндан ривоят қиладилар:
«Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳу Мадинадан Макка сафарига чиққанида Абу Мутийънинг олдидан ўтди. У қудуғини қазитган эди. Ибн Мутийъ унга:
«Ушбу қудуғимни тозаладим. Бугун вақти бўлди, аммо челакка сувдан бирор нарса чиқмаяпти. Аллоҳга биз учун унда барака бўлишини сўраб, бир дуо қилсанг», деди.
«Унинг сувидан олиб кел», деди.
У бир оз сув келтирди. У ундан ичди-да, оғзини чайиб туриб, қудуққа пуфлади. Қудуқдан кўпгина чучук сув чиқа бошлади».
Олтимишинчи ҳижрий санада халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу вафот этиб ўрнига ўғли Язидни халифа қилиб қолдирди.
Шом аҳли унга байъат қилдилар. Сўнгра Язид Мадинага ўзига байъат олиш учун одам юборди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ва Абдуллоҳ ибн Зубайр унга байъат қилишдан бош тортдилар ва ўша кечаси Мадинаи Мунавварадан чиқиб Маккаи Мукаррама томон йўл олдилар.
Муовия розияллоҳу анҳунинг замонидаёқ Ироқ аҳли Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, ўзлари томон чорлашар ва халифаликни талаб қилишга ундашар эдилар. Язидга байъат қилинганидан кейин Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг фикрлари бир ерда тўхтамай узоқ ўйладилар, бир жойларида турмоқчи бўлдилар, бир Ироқ аҳли томон юрмоқчи бўлдилар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу у кишини Ироққа боришлари тарафдори бўлса, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу уларни рад қилдилар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Сен чиқ¬ма, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни дунё ёки охиратни танлаш ихтиёрини қўйганда охиратни ихтиёр қилганлар. Сен у зотнинг бир бўлагисан. Сен дунёга ноил бўлмайсан», дедилар. У кишини қучоқлаб, йиғлаб хайрлашдилар. Кейинчалик ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳу, Ҳусайн бизга ғолиб чиққан эди, деб юрар эдилар.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу Маккада эканликларини билиб Макка аҳли ҳам, умрачилар ҳам у зотнинг зиёратига келар эдилар. Табиийки, бўлаётган ишлардан гап-сўз ҳам бўлар эди. Баъзилар у кишини Язидга қарши чиқишга ҳам ундар эдилар. Ироқдаги шийъалар бошлиқлари Сулаймон ибн Сорд ал-Хузоъийникида тўпланишиб, Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, у кишига байъат қилишга ваъда беришдилар. Улар юз эллик саҳифача мактуб ёздилар.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу уларнинг мактубини олгач, қуйидаги мактубни ёздилар:
«Аммо баъду; Сизлар қасд қилган нарсани фаҳм¬ладим. Мен сизларга ўз иним, амакиваччам ва аҳли байтим ичида ишончли одамим бўлмиш Муслим ибн Ақийлни юбордим. Мен унга сизнинг ишингиз, фикрингиз ва ҳолингиз ҳақида менга мактуб ёзишини амр қилдим. Агар сизнинг кўпчилигингизнинг, ақллиларингизнинг фикри менга юборган элчиларингиз келтирган нарсага жамланган бўлса, иншааллоҳ тезда олдингизга бораман. Умрим ила қасамки, имом фақатгина Китобга амал қилувчи, адолат ила турувчи, ҳақ динни диёнат тутувчи, холос. Вассалом».
Сўнгра Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу Муслим ибн Ақийлни чақириб, Куфа томон юбордилар. Ўша пайтда Куфанинг амири Нуъмон ибн Башир Ансорий эди. Шийъалари унинг олдига келиб ўз гапларини гапира бошладилар. Бундан хабардор бўлганидан кейин Нуъмон минбарга чиқиб хутба қилди:
«Аммо баъду; Фитнага ва тафриқага шошилманглар. Чунки бу икки нарса одамларнинг ҳалок бўлишига, қонларнинг тўкилишига ва молларнинг таланишига сабаб бўлади», деди.
Нуъмон ибн Башир ҳалим, обид ва тинчликни яхши кўрадиган одам эди. У яна қуйидагиларни айтди:
«Мен фақат ўзимга қарши уруш қилганлар билан уруш қиламан, холос. Мен сизнинг уйқудагингизни уйғотмайман, сизларга тегажоқлик қилмайман, гумон ва туҳмат билан олмайман. Аммо ваъдангизда турмасангиз, байъатингизни бузсангиз ва имомингизга хилоф қилсангиз, Аллоҳга қасамки, агар сиздан менга бирорта ёрдам берувчи бўлмаса ҳам, ўзим ҳаммангизни чопаман. Сизларнинг ичингизда ҳақни билувчилар ботилга юрувчилардан кўп бўлса керак деган, умиддаман», деди.
Шунда Бани Умайянинг тарафдори бўлган бир одам ўрнидан туриб:
«Сен айтган нарса билан иш битмайди. Бу заифҳолнинг гапи!» деди.
«Аллоҳнинг тоатида заифҳол бўлганим мен учун Аллоҳнинг маъсиятида азиз бўлганимдан кўра яхшироқ», деди.
Ҳалиги одам Язидга хат ёзиб, Муслим ибн Ақийлни келгани, одамлар унга байъат қилганини билдирди. Ва «Агар Куфа сеники бўлишини истасанг, унга бир кучли кишини юбор. У сенинг амрингни ўтказсин ва душманларингга қарши сен қилган ишни қилсин. Нуъмон заиф ёки ўзини заифликка соладиган одам», деб ёзди.
Язид Нуъмонни бўшатиб, ўрнига Басра амири Убайдуллоҳ ибн Зиёдни юборди. Уни икки вилоятга волий қилди ва Муслим ибн Ақийлни тутиб ўлдиришни ёки сургун қилишни буюрди.
Ибн Зиёд Куфага келиб, одамларга қуйидаги хутбани қилди:
«Аммо баъду; Албатта, мўминларнинг амири мени сизнинг шаҳрингизга, чегарангизга ва ўлжангизга волий қилди. У киши мени мазлумингизга инсоф қилишга, маҳрумингизга ато беришга, қулоқ осиб итоат қиладиганингизга яхшилик қилишга, ишончсиз ва осий бўлганларингизга шиддатли бўлишга амр қилди. Мен сиз ҳақингизда у кишининг амрига итоат қиламан, аҳдини жорий қиламан. Мен сизнинг яхшингизга отадек бўламан. Мен сизнинг итоаткорингизга туғишган акадек бўламан. Ким амримни тарк қилса ва аҳдимга хилоф қилса, қиличим ва қамчим ўшанинг бошида ўйнайди. Ҳар бир одам ўзини билсин», деди.
Сўнгра у бошлиқларни ва одамларни қаттиқ тутди. Уларга: «Менга ғариблар ҳақида, ичингиздаги мўминларнинг амирига қаршилар, хаворижлар ва хилофу тафриқани истайдиган шубҳачилар ҳақида ёзиб беринглар. Ким ёзиб берса, жавобгарликдан холий бўлади. Ким ёзиб бермаса, ўз қарамоғидагиларни ўзи тийиб олсин. Улардан бирор киши бизга хилоф қилмасин, бирортаси қарши чиқмасин. Ким буни қилмаса, бизнинг зиммамизда эмас, унинг қони ва моли ҳалол. Қайси бошлиқнинг одамлари ичида мўминларнинг амирига қарши одам бўла туриб бизга билдирмаса, ўз ҳовлисининг дарвозасига осилади, унинг минтақаси атодан маҳрум бўлади», деди.
Муслим ибн Ақийл Ибн Зиёднинг бу гапларини эшитди ва Ҳонеъ ибн Урва ал-Муродийнинг ҳимоясини сўради. У уни ўз ҳимоясига олди. Ши¬йъалар унинг олдига бориб турдилар.
Ибн Зиёдга бунинг хабари етганда Ҳонеъ ибн Урва ал-Муродийни чақириб:
«Эй Ҳонеъ, ҳовлингда мўминларнинг амирига қарши нима ишлар бўлаётир?! Муслимни олиб келиб ҳовлингга киритибсан. Унга силоҳ ва сипоҳ жамлаб берибсан. Булар махфий қолади деб ўйлабсан?!» деди.
Ҳонеъ инкор қила олмади. Ибн Зиёд ундан Муслимни топширишни талаб қилди. У ор-номусдан қўрқиб, бош тортди. Ибн Зиёд уни калтаклатиб, қамаб қўйди.
Бу хабар Муслим ибн Ақийлга етиб борганда ўзлари келишиб олган шиор «Ё Мансур!»ни айтиб нидо қилди. Унга ўн саккиз минг киши байъ¬ат қилган бўлиб, улардан тўрт минги ҳовли атрофида турган эдилар. Нидодан кейин кўп одам тўпланди. Муслим уларни курашга тайёрлади ва қаср томон юриш бошлади. Улар келиб, қасрни ўраб олдилар. Масжид, бозор ва атроф одамларга тўлиб кетди.
Ибн Зиёд билан ўттизта миршаб, йигирмата қўриқчи, аҳли байти ва хизматчилари бор эди, холос. Одамларнинг обрўлилари унинг олдига кела бошладилар. У Касир ибн Шиҳоб ал-Ҳорисийни чақириб ўзига итоат қиладиганларни тўплаб, Муслимнинг одамларини қўрқитиб, ундан айнитишни топширди. Сўнгра у Муҳаммад ибн Ашъасга ўз қабиладошларини олиб чиқиб, омонлик байроғи тикиб, ким ўшани остига келса, омон қолишини билдирди. Бошқа ашрофларга ҳам худди шундоқ қилишни амр қилди. Ибн Зиёд баъзи ашрофларни ўзи билан бирга туришларини талаб қилди. Шундоқ қилиб, одамларни ташвиқот қилиш бошланди.
Бу тадбирлардан кейин одамлар аста-секин тар¬қала бошладилар. Муслим ибн Ақийл билан масжид ичида ўттиз киши қолди, холос. Сўнгра у беркиниб олди. Ибн Зиёд унинг беркинган жо¬йини аниқлаб, Муҳаммад ибн Ашъасга уни тутиб келишни буюрди. У амрни бажарди. Йўлда келаётиб Муслим Муҳаммад ибн Ашъасга:
«Менга омонлик беришдан ожизлигингни билиб турибман. Ҳусайнга одам юбориб, менинг ҳолимдан хабар беришга, унинг аҳли байти ила қайтаришга, Куфа аҳлининг гапларига учмасликка, улар отасига хиёнат қилган одамлар эканини айтишга имконинг борми?» деди.
Муҳаммад ибн Ашъас унинг айтганларини қилди.
Муслим келтирилганида, Ибн Зиёд уни қатл қилди. Кейин Ҳонеъ ибн Урва ал-Муродийни ҳам қатл қилди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу Куфа томон юрмоқчи бўлиб турганларида ҳузурларига Амр ибн Абдурроҳман ибн Ҳорис ибн Ҳишом келиб:
«Менга Ироққа бормоқчи эканинг ҳақида хабар етди. Мени сенинг амирлари, омиллари ва байти моллари бор юртга боришинг хавфга солади. Одамлар дирҳам ва динорнинг бандаларидир. Мен сенга ёрдамни ваъда қилганлар, сенга қарши қитол қилиб қолишларидан қўрқаман», деди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга яхши муомала қилиб қайтардилар.
Сўнгра Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу келиб:
«Одамларни Ироққа бормоқчи эканинг даҳшатга солмоқда, айт-чи, нима қилмоқчисан ўзи?!» деди.
«Ушбу икки кун ичида юришга азму қарор қилдим», дедилар Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу.
«Ундоқ қилишдан сени Аллоҳнинг Ўзи асрасин! Аллоҳ раҳмингни егур, сен менга айт-чи, сен амирларини ўлдириб, юртларини бошини тутиб, душманларини ҳайдаган қавмнинг олдига бормоқ¬чимисан! Мен улар сени алдашларидан, ёл¬ғончи қилишларидан, сенга хилоф қилишларидан, сени ташлаб қочишларидан, сенга қарши чиқишларидан ва ашаддий душман бўлишларидан қўрқаман», деди Абдуллоҳ ибн Аббос.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу бу гапга жавобан:
«Мен Аллоҳга истихора қиламан. Кейин нима бўлишига назар соламан», дедилар.
Эртасига Абдуллоҳ ибн Аббос яна қайтиб келиб:
«Эй амакиваччам! Шунча сабр қилай деб уринсам ҳам сабр қила олмаяпман. Шу йўналишда кетаверсанг ҳалок бўлиб, томиринг қуришидан қўрқмоқдаман. Ахир Ироқ аҳли хиёнаткор қавм. Уларга зинҳор яқинлашма! Ушбу юртда туравер. Ахир сен Ҳижоз аҳлининг саййидисан. Агар Ироқ аҳли ўзлари даъво қилаётганларидек сени хоҳлайдиган бўлсалар, уларга хат ёз, омиларини ва душманларини қувсинлар. Кейин сен уларнинг олдига бор. Жуда чиқмасанг бўлмайдиган бўлса, Яманга бор. Унда қўрғонлар, даралар бор. Унинг ери кенг. У ерда отангнинг шийъалари бор. Ўзинг одамлардан четроқда бўласан. Одамларга хат ёзиб юборасан, тарғиботчиларингни тарқатасан. Ана шунда менимча, сенга ўзинг офиятда бўлган ҳолингда сен яхши кўрган нарса келади», деди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу у кишининг бу гапларини қабул қилмадилар.
Шунда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
«Агар борадиган бўлсанг, аёлларингни ва кичик болаларингни олиб борма, мен сенинг ҳам Усмон қатл қилинганидек аёлларинг ва болаларинг кўз ўнгида қатл қилинишингдан қўрқаман», деди.
У кишининг бу гаплари ҳам фойда бермади. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу аёллари ва бола-чақалари билан йўлга тушдилар. Йўлда у кишига машҳур шоир Фараздақ дуч келди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга:
«Одамларнинг хабари қандоқ?» дедилар.
«Одамларнинг қалблари сен билан, қиличлари Бани Умайя билан. Қазо осмондан нозил бўлур. Аллоҳ хоҳлаганини қилур», деди Фараздақ.
Сўнгра Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан мактуб келди. Унда у киши Аллоҳ номи билан қасам ичиб, зинҳор кетмасликни сўраган эдилар. У кишининг мактуби ила Мадинанинг амири Амр ибн Саъиднинг омонлик хати ҳам бўлиб, қайтишни сўраган эди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу йўлларида давом этавердилар.
Йўлда у кишига Абдуллоҳ ибн Мутийъ дуч келди. У Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қаёққа кетаётганларини билгандан сўнг:
«Аллоҳнинг номи ила эслатаман, эй Расулуллоҳнинг қизининг ўғли, Ислом ҳурмати ўтиниб сўрайман, араблар ҳурмати, Аллоҳнинг номи ила ўтиниб сўрайман, ундоқ қилма! Аллоҳга қасамки, агар Бани Умайянинг қўлидаги нарсани талаб қиладиган бўлсанг, улар, албатта, сени ўлдирадилар. Сендан кейин эса, ҳеч кимдан тап тортмай қўядилар. Аллоҳга қасамки, Ислом ҳурмати, Қурайш ҳурмати, араб ҳурмати бундоқ қилма! Ўзинг¬ни Бани Умайяга тутма!» деди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу бу гапларга ҳам эътибор бермай йўлда давом этдилар. У киши ўз одамлари билан Саълабийя деган жойга етганларида Муслим ибн Ақийлнинг қатл қилингани хабари келди. Баъзи кишилари:
«Аллоҳ номи ила илтимос қиламиз, шу ердан қайт!» дедилар.
Аммо Муслимнинг яқинлари бунга қарши чиқиб:
«Аллоҳга қасамки, ўчимизни олмагунча қўймаймиз. Ёки Муслим татиган нарсани биз ҳам татиймиз!» дедилар.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу одамлари билан юриб бориб, Ботни Ақаба номли ерга тушдилар. Ўша ерда у кишига араблардан бир киши учраб:
«Аллоҳнинг номи ила илтимос қиламан, ортингга қайт! Аллоҳга қасамки, фақатгина найзалар учига ва қиличлар тиғига қараб кетмоқдасан! Анави сени чақирганлар сени жангга керакли нарсалар билан таъминлаганларида ва ҳамма нарсани тайёрлаб қўйганларида борсанг, бўлар эди. Аммо ҳозир сен васф қилган ҳолатда зинҳор бориб бўлмайди! Ортингга қайт!» деди.
У кетгандан кейин Ҳар ибн Язийд ат-Тамимий бошлиқ минг отлиқ келди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу уларга:
«Эй одамлар, Аллоҳга ҳам, сизга ҳам узр! Мен сизлардан кўплаб мактублар олганим, элчилар кўрганим учун улар, бизнинг олдимизга кел, бизнинг имомимиз йўқ, шояд, Аллоҳ сен ила бизни ҳидоятга бошласа, деганлари учун келдим. Агар сизлар менга кўнглимни тўлдирадиган ваъда берсангиз, шаҳрингизга бораман, бўлмаса, келган еримга қайтиб кетаман», дедилар.
Улар индашмади. Бир оздан кейин ал-Ҳар:
«Бизга сенга йўлиқсак, Куфага–Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг олдига олиб боргунимизча сизлардан ажрамаслик амр қилинган», деди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга:
«Бундан кўра ўлганинг яхшимасми!» дедилар.
Сўнгра у киши ўз одамларига отланиб ортга қайтишга амр қилдилар. Ал-Ҳар уларнинг йўлини тўсди. Шунда Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга:
«Онанг кўкингни кийгур, нимани истайсан!?» дедилар.
«Аллоҳга қасамки, сендан бошқа араб бу гапни айтганда, ким бўлишидан қатъи назар, онасини зикр қилмай қўймас эдим. Аллоҳга қасамки, сенинг онангни яхшиликдан бошқа билан зикр қила олмайман», деди ва у кишини Мадинага қайтиб кетмасликлари учун ҳамма чораларни кўрди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу шимол томон юриб Найнавога бордилар. Ўша ерда уларга қарши Ибн Зиёд юборган аскар етиб келди. Ўша аскарнинг бошлиғи Умар ибн Саъд одам юбориб:
«Нима учун келдинг?» деб сўради.
«Юртингизнинг одамлари мактуб ёзиб келишимни сўрашди. Агар мени ёқтирмасалар, қайтиб кетаман», дедилар.
Умар бу ҳақда Ибн Зиёдга хат юборди. Шеърий услуб ила ёзилган хатда, чангалимизга тушганда нажот топмоқчи, энди иложи бормикан, деган маъно бор эди. Ибн Зиёд, Ҳусайнга Язидга байъат қилишни таклиф қил. Агар қабул қилса ўйлаб кўрамиз, ундан ва одамларидан сувни тўсиб қўй, деган амрни қилди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу: «Менга имкон беринглар, келган жойимга қайтиб кетаман», дедилар. Улар: «Ибн Зиёднинг ҳукмига туш», дедилар. У киши бу гапни қабул қилишлари мумкин эмас эди. Урушдан бошқа илож қолмади.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг одамлари ичидаги эркаклар саксон кишидан ортмас эди. Жанг бошланди. Кўп ўтмай Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ва у кишининг барча эркак яқинлари қатл қилиндилар. Ироқликлардан саксон саккиз киши ўлди. Бу нобакорлик Карбалода бўлди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуни Синан ибн Авс ибн Амр ан-Нахаъий найза санчиб ўлдирган эди. У от устида туриб, одамларидан Хавлий деганига, унинг калласини уз, деди. Хавлий Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг каллаларни таналаридан узмоқчи бўлиб ҳаракат қилган эди, ҳолсиз бўлиб қила олмади. Синан ўзи отдан тушиб каллани танадан узди. Бу мислсиз жиноят олтмиш биринчи ҳижрий сана, жума куни бўлди. Ўша куни Ошуро кунига тўғри келган эди.
Жиноятчилар гуруҳи қолган шаҳидларнинг ҳам каллаларини таналаридан кесиб олдилар. Сўнгра каллаларни кўтариб, қизлар ва аёлларни ҳайдаб Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг олдига шошилишди. Мусибат ўтида ёнаётган қиз-аёллар Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг тирик қолган ягона ўғли Али ибн Ҳусайнни кўтариб, фиғонлари дунёни тўлдириб боришар эдилар.
Нобакорлар ўз хўжайинларига яхши кўриниш мақсадида етмиш икки дона бошни бўлиб олиб кўтариб боришар эди.
1. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг бошларини Хувлий ибн Язид олиб борарди.
2. Киндаликларга ўн учта бош теккан эди.
3. Ҳавозонликлар йигирмата бошни олиб боришарди.
4. Бану Тамимлар ҳам йигирмата бошга эга бўлганди.
5. Бану Асад еттита бошни олишганди.
6. Мазҳажликлар ўн битта бошни олишган эди.
Уларнинг раҳбарлари Шаммар ибн Зилжўвшан, Қайм ибн Ашъас, Амр ибн Ҳажжаж ва Урва ибн Қайс эди. Улар ана шундоқ ҳолда ўз бошлиқлари Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг олдига кириб боришди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ибн Зиёднинг олдида эдим. Шунда Ҳусайннинг боши келтирилди. Бас, у қўлидаги чўп билан унинг бурнига ишора қилиб:
«Бунга ўхшаган чиройлини кўрмаганман», деди.
«Бу уларнинг ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг ўхшагани эди», дедим
».
Термизий ва Бухорий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ўша ерда бошқа бир саҳобий Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. У киши қонхўр Убайдуллоҳ ибн Зиёдга:
«Кўтар чўпингни! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунинг ўша сенинг чўпинг тегиб турган жойидан ўпганларини кўрганман!» деб бақирдилар. Сўнгра улуғ саҳобий бор овозлари билан ҳўнграб йиғлаб юбордилар.
Ибн Зиёд у кишига:
«Икки кўзингни Аллоҳ йиғига тўлдирсин! Агар мункайиб ақли кетиб қолган чол бўлмаганингда бўйнингдан чопар эдим», деди.
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу кетганларидан кейин одамлар ичида шивир-шивир гап бошланди. Улар:
«Аллоҳга қасамки, Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу бир гап айтдики, Ибн Зиёд эшитганда уни ўлдирар эди», дейишди.
«Нима деди?» деб сўради бирови.
«Эй араблар, сизлар бугундан бошлаб қулсизлар! Фотиманинг ўғлини ўлдирдингиз! Маржонанинг ўғлини ўзингизга амир қилдингиз! У бўлса, сизнинг яхшингизни ўлдириб, ёмонингизни қул қилмоқда. Йўқолсин хорликка ва орга рози бўлганлар!» деди», дейишди.
Ҳар бир золим жазосини тортмай қолмайди. Кўп ўтмасдан золим ва фосиқ Убайдуллоҳ ибн Зиёд ҳам қилмишига яраша жазосини тортди. Олтмиш олтинчи ҳижрий сана зулҳижжа ойида Мухтор ас-Сақафийнинг амрига биноан Ибро¬ҳим исмли аскарбоши Ибн Зиёд ва унинг одамларини Жозир деган жойда ўлдириб, каллаларини узиб ўз бошлиғининг олдига табоққа солиб олиб борди. Уларнинг бошлари Мухтор ас-Сақафийнинг олдига ташланди. Шунда бир кичик илон келиб, Ибн Зиёднинг оғзига кирди. Бир оз ўтиб илон унинг бурнидан чиқди. Кейин бурнидан кириб оғзидан чиқди. Ўша илон мазкур ҳаракатини тўхтамай давом этдирди. Сўнгра жиноятчиларнинг бошларини Маккага Ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга юборилди. Уларни ўша ерда кўчага осиб қўйилди. Ибн Зиёд ва унинг шерикларининг жуссаларини эса, ал-Аштар куйдириб ташлади.
Шуниндек, Имом Ҳусайн розиялоҳу анҳунинг қатлларида ҳозир бўлганларнинг барчалари ҳам бу дунёдан хору зор бўлиб ўтганлар. Ҳатто уларнинг зурриётлари ҳам доимий равишда хорликда ўтганини тасдиқловчи ривоятлар тарих китобларимизда кўп.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ва у зотнинг яқинларининг ваҳшиёна ўлдирилишлари бутун Ислом оламини даҳшатга солди. Бани Умайяликлардан нафрат қилиш, ироқликларни сўкиш оддий бир ҳолга айланиб қолди. Ҳатто раҳбарлар ўзларини оқлаш учун гумашталарини жазолашга ҳам ўтдилар. Мусулмон оламининг Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга нисбатан бўлган чексиз му¬ҳаббати уларни хавф-хатар остида қолдирган эди.
Бу улкан жиноят содир бўлганда дунё мусулмонларнинг кўзига бошқача кўриниб қолди. Бу ҳақда ҳар хил ривоятлар жуда ҳам кўп. Айниқса, Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари тафсилоти кишининг юрагини қон қилмай қўймайди.
Эҳтимол, шунинг учундир, буюк аллома Жалолиддин Суютий «Тарихи Хулафо» номли китоб¬ларида:
«Унинг (Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг) қатл этилиши узоқдир. Уни зикр қилишни қалб кўтара олмайди», деб ёзганлар.
Камина ходимингизнинг қалби ҳам бу мусибатни кўтара олмади. Ислом оламининг бу улкан мусибатини иложи борича юмшатиб ёзишга уринди. Шу билан бирга, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга қарши фитнадан бошлаб, ушбу фожиани ёзиб бўлгунича соч-соқолидаги оқларни сезиларли кўпайганини мулоҳаза қилди.
Машҳур тарихчиларимиздан бирлари таъкидлаганларидек, бу мусибатларга Ислом умматидан бошқа уммат дуч келганида титилиб кетган бўлар эди. Аммо Аллоҳ таолонинг инояти бу умматни сақлаб қолди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг шаҳидликлари муносабати ила табиат муҳитида ҳам одатдан ташқари ҳолатлар вужудга келгани ҳақида ривоятлар кўп. Биз саҳиҳ ривоятлардан келган бир тушни ўрганамиз, холос.

Салмаа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Умму Саламанинг олдига кирсам, йиғлаб ўтирган экан. Мен унга:
«Сизни нима йиғлатмоқда?» дедим.
«Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрибман. У зотнинг бошлари ва соқолларида тупроқ. Сизга нима бўлди, эй Аллоҳнинг Расули, десам, ҳозиргина Ҳусайннинг қатл этилганини кўрдим, дедилар», деди
».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳа, инсоният тарихидаги улкан жиноят– суюкли набиралари Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ваҳшиёна қатл қилинишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам тинчларини бузган эди.
Мусулмон умматининг Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қотилларига бўлган нафрати чексиздир. Ўша вақтнинг ўзидаёқ жумҳури уммат ироқликларни кўргани кўзи йўқ жамоатга айланган эди.

Ироқ аҳлидан бир киши Абдуллоҳ ибн Умардан эҳромдаги одам пашшани ўлдириши ҳақида сўради. Шунда Ибн Умар:
«Ироқ аҳли пашшани ўлдириш ҳақида сўрайдиларми!? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларининг ўғлини ўлдиришиб бўлиб-а?! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, икковлари менинг дунёдаги райҳонларим, деган эдилар!» деди».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Термизийнинг лафзида:
«Ироқ аҳлидан бир киши Ибн Умардан ки¬йимга теккан чивиннинг қони ҳақида сўради. Шунда Ибн Умар:
«Манавуни қаранглар!!! Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғилларини ўлдириб қўйишиб, чивиннинг қони ҳақида сўраб юрибди! Мен у зотнинг:
«Ҳасан ва Ҳусайн икковлари дунёдаги рай-ҳонларим», деганларини эшитганман», дедилар», дейилган.
Шарҳ: Салтанат учун интилиш, банданинг розилигини Аллоҳнинг розилигидан устун билиш каби иллатларга дучор бўлган нобакорлар Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳудек зотни қатл қилишга қўл урган эдилар. Бу ишлари ўзларига икки дунё¬да тавқилаънат бўлиб қолишини хаёлларига келтирмаган эдилар. Айни вақтда ўша нобакорлар бу номардликлари Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу учун икки дунёда шараф бўлиб қолишини ҳам ўйламаган эдилар.
Ҳа, ҳар бир ўлдирувчи ғолиб эмас. Ҳар бир ўлувчи мағлуб эмас. Балки кўпгина золим ўлдирувчилар борки, уларнинг қотиллиги мағлублигидир. Шунингдек, кўпгина ўлдирилганлар борки, уларнинг мақтуллиги мансурлигидир. Улар ўзларининг ўлими ила кўплаб золимларни икки дунёда мағлубу малъун бўлишига сабаб бўладилар. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ана шундоқ мақтул мансурларнинг имоми ҳамдирлар.
Аллоҳ таоло у зотдан Ўзи рози бўлсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Янгиланди ( 07.10.2014 12:57 )
 
Салиб юришлари
21.04.2014 12:54    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Салиб юришлари - Ғарбий Европа рицарларининг мусулмон, православ давлатлари ва турли хил христиан мазҳабларига қарши олиб борган давомий юришлари. Салиб юришларининг мақсади Фаластинни, биринчи навбатда, Қуддусни салжуқий турклардан озод қилиш эди. Бироқ салиб юришлари кейинчалик Балтиқбўйи мажусийларини христианлаштириш. Европада папа ҳукуматига қарши ҳаракатларни бостириш ёки папаларнинг сиёсий мақсадларини амалга ошириш воситаси бўлиб қолди.

 

Батафсил ... Янгиланди ( 21.04.2014 13:11 )
 
Сулаймон Қонуний
18.04.2014 19:40    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Сулаймон Қонуний (1494 йил 6 ноябрь - 1566 йил 5/6 сентябрь)- усмонийлар ҳукмдори (1520 - 1566).

Отаси Салим ва-фотидан сўнг тахтга чиққан. Сулаймоннинг хотини Роксолана (Анастасия Лисовская) султоннинг бошқа хотинидан бўлган ўғилларини йўқотиб, ўғли Салимнинг тахтга чиқиши учун кўплаб фитналар уюштирди. Шунингдек, султон синглисининг эри - вазири аъзам Иброҳим пошшо Парғалий (1532 - 1536) унинг фитнаси туфайли бўғиб ўлдирилди. Ўрнига куёви Рустам пошшо (1544-1553, 1555 - 1561)ни ўрнатди. Рустам 1553 йили Роксоланага султоннинг черкас хотини Моҳидаврондан бўлган суюкли ўғли Мустафони йўқ қилишга ёрдамлашди. Мустафо ва унинг ўғиллари султоннинг кўз олдида қатл этилди. Салим тахт вориси бўлиб қолди. Бироқ 1558 йили Роксолана вафот этгач, унинг бошқа ўғли Боязид 1559 йили исён кўтарди. Исёнчи қўшини султон қўшини томонидан мағлуб этилди, ўзи эса Эронга қочиб ўтди. Шоҳ Таҳмосп I у ни 400 000 олтин эвазига султонга тутиб берди. 1461 йили исёнчи Боязид қатл этилди, шунингдек, 5 ўғли ҳам (энг кичиги 3 ёш эди) ўлдирилди. Султон Сулаймон 1566 йили вафот этган.

Салим 1 43 ёшида навбатдаги юриш пайтида вафот этганди. 1520 йили тахтга ўғли Сулаймон ўтирди. У ишни XV аср охирларидан босқин уюштирилаётган Венгрияга ҳужум қилишдан бошлади. Венгрия устидан ғалаба туркларга Марказий Европага йўл очиш билан бирга муҳим савдо магистрали ҳисобланган Дунай дарёси устидан назорат ўрнатишга хизмат қиларди.

1521 йили турклар ўшанда Венгрия қироллигига қарашли Белградни қамал қилишди. Шаҳар гарнизони туркларнинг 20 га яқин ҳужумини қайтарди. Дунай дарёси соҳилларига мустаҳкам ўрнатилган тўплар шаҳарни тинимсиз ўққа тутди. Шаҳарда бор-йўғи 400 жангчи қолганда ҳимоячилар таслим бўлди. Асирларнинг кўпчилиги ўлдириб юборилди. Белград олингач, Сулаймон I Венгрияга юриш қилишни бироз кечиктирди. У 10 минг кишини жойлаган 300 та кемада Родос оролига ҳужум қилди. Родос рицарларининг ҳарбий кемалари Истанбулни Арабистон яримороли билан боғлайдиган ҳудудпарда турк кемаларига ҳужум қилди. Турклар Родосга 1522 йил июль ойи охирида тушишди. Орол жуда қаттиқ қаршилик кўрсатди, турклар катта талафот кўришига қарамасдан қамални давом эттиришди. Фақатгина Сулаймон I 100 минг кишилик қўшин билан ёрдамга етиб келганда, турклар ғалабага эришди. 1522 йил декабрида қалъа таслим бўлди, бироқ уруш туркларга қимматга тушди. Улар 50 минг аскаридан айрилди. Яничарлар Родосни ер билан яксон этишди, султон эса Меҳмет II нинг биродаркушлик қонунига риоя этишга киришди. Сулаймон I шаҳарда Боязид II нинг жияни (акаси Жомнинг ўғли) яширинганини билиб, уни топиб ёш ўғли билан бирга ўлдириб юборишни буюрди.

1524    йили турк флоти Жиддадан йўлга чиқиб, Қизил денгизни португаллардан тозалашди.

1525    йили Киликия деҳқонлари ғалаёни бошланиб, султон қўшинларига зарбалар беришди. Сивасгача бўлган ерларни қўлга киритишсада, 1526 йили қўзғолон бостирилди. Ўша йили Малатия туманидаги қўзғолонда 30 мингга яқин киши қатнашди. Улар исённи бостириш учун юборилган султон қўшинини тор-мор этишди. Қарамон бейларбейи қўзғолон раҳбарларига ерларини қайтариб яна бир қанча имтиёзлар бергачгина, исён бостирилди. Фақат таслим бўлмай қўзғолонни давом эттирганларгина қўлга туширилиб қатл этилди.

1526    йили августда қизилбош Сулун ва Бобо Зуннун бошлиқ кишилар исён кўтарди. Исёнчилар Қарамон бейи қўшинини тор-мор этишди, Кайсери ва Токат ҳудудини қўлга киритишди. Пекин 1526 йил сентябрда Сивас ноиби уларни мағлуб этди. Қўзғолончилар бошлиғи Бобо Зуннун жангда ҳалок бўлди.

Орадан кўп ўтмай Киликияда исён бошланди. Бу ерда Қаландар Чалабий бошлиқ 30 минг киши бош кўтарди. У ўзини Қаландаршоҳ деб номлади. 1527 йил ёзида Анатолия бейларбейи қўшини исёнчилар томонидан тўлиқ мағлуб этилди. Пекин Қаландарга қўшилган айрим иқтодорлар султон қўшинига хизмат қилиб уни тутишга кўмаклашишди. Қаландар бўлинмалари ҳал қилувчи жангда тор-мор келтирилди, ўзини асирга олиб қатл этишди. Бундан ташқари, Адана 5 минг кишилик қўзғолон кўтарилди ва тез орада бостирилди.

1526    йил апрелида турк қўшини (100 минг жангчи ва 300 тўп) деҳқонлар норозилиги ва феодаллар фитнаси қамраб олган Венгрияга юриш бошлади. Бир неча юз яничарлар чиққан кемалар Дунай бўйлаболға интилиб, қуруқлик қўшинларига йўл очишди. Венгер катта ер эгалари деҳқонлардан шунчалик қаттиқ қўрқишардики, душман билан урушиш учун уларни қуроллантиришмади. 1526 йилнинг июлида турклар Петерварадин қалъасини қамал қилишди. Улар девор тагини кавлаб портлатишга муваффақ бўлишди. Девор қулаган ердан ёриқлар очилгач, турклар қалъага ҳужум бошлади. Петерварадин ишғол қилинди. Тирик қолган 500 нафар ҳимоячи қатл этилди. 300 нафар киши қулга айланди.

Венгриядаги энг муҳим жанг Дунайнинг ўнг қирғоғидаги текисликда - Мохач шаҳри олдида 1526 йил 29 август куни юз берди. Венгер армияси турклардан анча кам эди. Уларда 25 минг жангчи ва 80 та тўп бўлган. Венгерлар Трансильваниядан келаётган венгер магнати Янош Запольяи қўшинини кутиб аскарларини кўпайтиришлари мумкин эди. Бироқ турклар Мохачда кўринишлари билан, қирол уларга ҳужум қилишни буюрди. Сулаймон I венгер отлиқларига туркларнинг биринчи линиясини ёриб ўтишга имкон берди, қиролнинг отлиқлари яничар бўлинмалари билан тўқнашувга киришганда, артиллерия кутилмаганда уларни ўққа тутди. Венгер қўшини бутунлай қириб ташланди. Қирол ҳам ҳалок бўлди. Мохач ўт қўйиб таланди.

Мохачдаги ғалаба туркларга Венгрия пойтахтига йўл очди. Жангдан икки ҳафта ўтгач Сулаймон I Буда шаҳрига кирди, шаҳар жангсиз таслим бўлди. Ўзини вассал деб тан олган Янош Запольяи қиролга айланди. Кейин турклар ўзи билан минглаб асирларни олиб ортга қайтишди. Венгрия жуда катта зарар кўрди, 200 мингдан ортиқ одам, яъни аҳолининг 1/10 қисми ҳалок бўлганди. Султон қўшини Венгрияни тарк этиши билан, Янош ва австрияпараст венгер феодаллари ўртасида тахт талашиш бошланди. Эрцгерцог Австрийский Будани босиб олди. Запольяи султондан ёрдам сўради. Бу султоннинг Венгрияга янги юриш қилишига олиб келди.

1527    - 1528 йилларда турклар Босния, Герцоговина ва Славонияни эгаллашди.

Султон Кичик Осиёдаги ғалаёнларни бостиргач Австрияга зарба бериш ва Янош Запольяи ҳукуматини тиклаш учун Венгрия юришига тайёрлана бошлади. 1529 йил сентябрида турклар Запольяи бўлинмалари қўллаши туфайли Будани қўлга киритишди ва султон одамини венгер тахтига ўрнатишди. Кейин султон қўшинлари Венага юрди. Турклар 1529 йил 27 сентябрдан 14 октябргача Венани Қамал қилишди. Қалъа деворлари жуда кучли, 20 минг ҳимоячи ва 70 тўп бор эди. Сулаймон I 120 минг кишилик қўшин ва 300 тўпга эга бўлган. Дунайдаги турк флоти ҳам кўплаб жангчилари бор эди. Турклар қалъа деворларини портлатишга уринишди. 9 октябрь куни деворнинг бир ери портлатилгач, ёриқлар пайдо бўлди. 3 кун мобайнида турклар мана шу ердан киришга ҳаракат қилишди, бироқ олға юришнинг имкони топилмади. Султон 14 октябрь куни ҳал қилувчи ҳужумга буйруқ берди. Лекин шаҳарни қўлга кирита билмадилар. Бу вақтда туркларда озиқ-овқат танқислиги сезила бошлади. Қурбонлар сони 40 мингга етиб қолганди. Султон 16 октябрь куни Венадан чекинишга буйруқ берди. Турклар орқага қайтишда ўзи билан 10 мингга яқин кишини асир қилиб олиб кетишди.

1530 йили Австрия ва Усмонийлар давлати ўртасида тинчлик музокаралари олиб борилди, бироқ султон Фердинандни венгер қироли деб тан олмади. 1532 - 1533 йилларда Сулаймон I тўртинчи марта Венгрияга юриш қилди, лекин юриш испан қироли Карл V ва Муқаддас Рим империяси ҳукмдори томонидан тўхтатилди. 1533 йил 23 июль куни Истанбулда турк-австрия тинчлик битими имзоланди. Битимга биноан, ҳар йили султонга ўлпон тўлаш ва султон вассали Янош Запольяи бошқараётган Шарқий Венгрияга ҳужум қилмаслик шарти билан Гарбий ва Шимоли-Ғарбий Венгрия Австрияга ўтди. Бу битим амалда Венгриянинг иккига бўлинганини билдирарди.

Сулаймон I даврида турк қўшини бир неча марта Шарққа юриш қилди. 1533 - 1535 йилларда Сулаймон Эрон билан уруш олиб борди. Турклар Табризни уч марта эгаллашди. Таҳмосп I қўшини туркларга жиддий қаршилик кўрсатолмади. 1534 йил декабрда султон қўшинга шахсан ўзи бошчилик қилиб Бағдод ва бутун Ироқни қўлга киритди. Бағдод аҳолиси Сулаймон I ни ҳурмат билан кутиб олди. Ироқда шиаларга қарши кайфият кучайди.

1529 йили Марказий Ироқда сафавий ноибига қарши қўзғолон кўтарилганди. Қўзғолончилар Бағдодни олиб, уларнинг раҳбари Зулфиқорбек шаҳар калитларини султонга топширди ва унинг номидан пул зарб қилишни йўлга қўйиб, Ироқни султон ҳимоясига олишни сўраб элчилар жўнатди. Султон Австрия билан урушда банд бўлгани учун ҳеч қандай ёрдам кўрсатмади. Таҳмосп I қўшини қўзғолончиларни енгган, лекин шиаларга қарши кайфият пасаймаганди.

Султонга Басра, Хузистон, Луристон, Баҳрайн ва Форс кўрфазининг жанубий соҳилларидаги майда амирликпар бўйсунди (Басрани турклар 1546 йили эгаллашган). Сулаймон Бағдодда тўрт ой бўлди. У суннийларга ҳукмронлик мавқеини қайтариб берди. Ироқ ҳудуди, Усмонийлар давлатида бўлгани каби, иёлотлар (вилоятлар)га бўлинди, солиқ солиш ва ердан фойдаланиш усмонийлар тизимига мосланди. Султон 1535 йили Ирокда 32 минг кишилик қўшин қолдириб Бағдодни тарк этди. Бағдодда минг нафар яничар ҳам қолдирилди. Кейин султон Табризга қайтиб, аскарларига пул мукофотлари тарқатди.

XVI асрнинг 30 - 70-йилларида Тунисда усмонийлар ҳукмронлигини ўрнатишга ҳаракат қилинди. 1533 йили Хайриддин Барбаросса усмонийлар флоти қўмондони - капудан пошшо этиб тайинланди. 1534 йили 80 та кема ва 8 минг аскардан иборат Хайриддин Барбаросса бошчилигидаги турк эскадраси Тунис шаҳрига етиб келди. Қисқа тўқнашувдан сўнг хафсийлар пойтахти қулади. Туниснинг бошқа шаҳарлари туркларга жангсиз топширилди. 1535 йили султон бир қатор шаҳарларда турк гарнизонларини жойлаштирди. Ўша йили туркларга қарши бадавий қабилалар исён кўтарди, Қайрувон жангида султон артиллерияси уларни саросимага солиб пароканда қилди. Мағлубиятдан сўнг бадавийлар султон ҳукуматини тан олишди. Шу пайтда Тунис ички ишларига Карл V аралаша бошлади. У Тунис соҳилларига 30 минг аскарли 400 кемадан иборат катта флот жўнатди. 1535 йил июлдаги жангда Карл V қўшини Хайриддин Барбаросса бошчилигидаги туркпарни енгди. 21 июль куни испанлар Тунис шаҳрини эгаллашди. Улар шаҳарни аёвсиз талади, масжид, Мадраса ва кутубхоналарни вайрон қилди. Босқинчилар қирғинда болалар ва аёлларни ҳам аяшмади. Ўша кунларда шаҳарнинг учдан бир аҳолиси ҳалок бўлди. Ўн минглаб кишилар қулликка солиниб ҳайдаб кетилди. Пойтахтни қўлга киритгандан сўнг испанлар Туниснинг шимоли-шарқини тўла босиб олишди, жумладан, Бизерту шаҳрини ҳам. 1535 йил августида Карл V армадаси Тунисни тарк этди, лекин денгиз бўйидаги шаҳарларда испан гарнизонлари қол-дирилди.

1536 йили Сулаймон I узоқ йиллардан бери Италия ҳудудини назорат қилиш учун Карл V билан урушаётган француз қироли Франциск I билан яширин битим тузди. Жазоирлик денгизчилар энди Франциянингжанубида эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар.

1537    йили жазоирийлар Ўрта ер денгизида ҳарбий ҳаракатларини бошлаб юборишди. Хайриддин Корфа оролини талади, Апулия соҳилига ҳужум қилди ва Неаполга таҳдид солди.

30-йилларнинг иккинчи ярмида турк қўшини Жануби-Шарқий Европада ҳарбий ҳаракатлар олиб борди. 1538 йили Молдова яна бир марта таланди. Сулаймон I ҳар йили ўлпон тўлашга рози бўлган маҳаллий боярлардан Молдова ҳукумати бошлиғини тайинлади. Шундан сўнг Сулаймон I Прут ва Днестр дарёлари орасидаги Бессарабия ерларига ўрнашиб, ўша пайтда Польшага қарашли бўлган Украинага қарши плацдармга айлантирди.

1538    йили Венеция Карл V ва Рим папаси билан иттифоқ тузиб туркларга қарши уруш эълон қилди, жанглар, асосан, денгизда олиб борилди. Икки йил мобайнида (1537 - 1539) турк флоти Хайриддин Барбаросса бошчилигида Венецияга қарашли Занте, Эгина, Чериго, Андрос, Парос, Насос каби 20 дан ортиқ оролни эгаллади. Турклар Далмацияда қишлоқ ва шаҳарларни талашди. 1538 йил 28 сентябрда бўлган денгиз жангларининг бирида Андреа Дореа бошлиқ иттифоқчи душманларини тор-мор келтиришди. Бу уруш (1535 -1540) натижасида Усмонийлар давлатига Далмациянинг бир қанча шаҳарлари ўтди. Венецияликпар эса султонга катта миқдорда ўлпон тўлашга мажбур бўлишди.

Яманни бўйсундириш узоққа чўзилди. 1517 йили Яман Мисрдан қочган мамлукпар ҳукми остига тушганди. Шундан кейин усмоний султонлар Яманга бир неча бор ҳарбий гуруҳлар юборишди. Баъзан мамлуклар ва зайдий шиалари ўртасидаги курашга аралашиб туришди, баъзан португаллар босқинига қарши курашда Хадрамавтдаги Касирийлар салтанатига ёрдам бериб, Ямандаги воқеаларга таъсир ўтказишди. 1538 йили турклар Жанубий Арабистон ва Ҳиндистонга юриш бошлади. 13 август куни турк флоти Сувайшдан чиқди ва 3 август куни Аданга етиб келди. Маҳаллий ҳукмдор Амир уларни яхши кутиб олди, бироқ мачтада дорга тортилди. Адан истило қи-линиб, шаҳар таланди. Ҳиндистонга муваффақиятсиз юришлардан кейин турклар бутун Яманни қўлга киритишди ва у ерда турк бошқа-рув тизимини жорий қилишди. Яман султон давлатига қўшиб олинди, Хадрамавт ҳукмдори эса Сулаймон I нинг вассали бўлиб қолди. Бироқ Яманнинг тоғли минтақалари аҳолиси турк давлатини қўллама-ди.

Ямандан сўнг турклар Гужаротга юриш уюштириб португалларга қарашли Диуни қамал қилишди. Маҳаллий мусулмонлар туркларга ёрдам берди. Қалъа таслим бўлишига яқин қолганди. Бироқ португаллар ёрдамга келаётгани ҳақида хабар тарқалди. Гужаротликлар шартномани бузиб туркларни қириб ташлади. Шундай қилиб, султоннинг Ҳинд океанидан европаликларни қувишга уриниши муваффақиятсиз чиқди, лекин қуруқликдаги жангларда турклар ғалаба кетидан ғалабага эришишарди.

1540    йил 20 октябрь куни султон Венецияни сулҳ тузиб Хайриддин томонидан эгалланган ҳудудларни, шунингдек, Мореядаги Наполи ди Романо ва Мальвазияни топширишга кўндирди. Қолаверса, 30000 дукат товон тўланди. Ўрта ер денгизида ҳукмронлик Лепанто жангигача (1571) турклар қўлига ўтди.

1541    йили Австриянинг туркларга қарши курашини қўллаб-қув-ватлаётган Карл V Шимолий Африкада усмонийларга зарба беришга ҳаракат қилди. 1541 йил 19 октябрда 500 кемадан ва 24 минг кишилик қўшиндан ташкил топган армадаси Ал-Жазоир шаҳрига рейд уюштирди. Турк ноиби Ҳасан оғанинг қўл остида 10 мингга етар-етмас аскар бор эди. 25 октябрь куни Карл V қўшини шаҳарни қамал қилиш учун ҳаракат бошлади. Об-ҳаво бунга халақит берди. Кечга яқин бўрон кўтарилди ва испанларнинг учтадан битта кемаси соҳилдаги қояларга урилди. Бўрон пайтида испанлар артиллериясидан маҳрум бўлди. Порох ивиб яроқсиз ҳолга келди. Шунга қарамай, Карл V ва унинг лашкарбошиси герцог Альба Ал-Жазоирга ҳужум қи-лишди. Ҳамма ҳужумлар катта талафотлар эвазига бартараф этилди. Уч кун ёққан жала қўшинни ёмон аҳволга солиб қўйди, озиқ-овқат бузилди. 150 кемаси ва 12 минг аскаридан айрилган қирол қайтишга буйруқ берди. Бу муваффақиятсизликдан сўнг Карл V Ал-Жазоирда Усмонийлар давлати ҳукмронлиги ўрнатилишига рози бўлди.

1540 - 1547 йилларда султон қўшини Венгрияга қарши яна уруш олиб борди. 1541 йили улар тағин Будани олишди. 1543 йили эса Эстерг қалъасини қўлга киритишди. Будада яничарлар гарнизони жойлаштирилди, турклар томонидан эгалланган Венгриянинг бошқа жойларида ҳам турк маъмурияти иш бошлади. Бу сафар Буда учун бўлган курашга 1547 йили Эдирнада имзоланган шартнома нуқта қўйди. Шартнома бўйича, Венгер қироллиги 3 қисмга бўлинди -Ғарбий ва Шимолий Венгрия габсбурглар ҳукмронлиги остида қолди, Марказий Венгрия турк ноиби томонидан бошқариладиган бўлди. Шарқий ерлар, жумладан, Трансильвания султон вассаллигида қолди. Трансильвания учун кураш 1551 - 1562 ва 1566 - 1568 йиллардаги турк-австрия урушлари келиб чиқишига сабаб бўлди. Бу уруш давомида турклар Темешвар (1552), Эгер (1553), Сигетвар (1566) ва бошқа қалъаларни қўлга киритишди. Эрлау қалъаси гарнизони қаттиқ қаршилик кўрсатди. 38 кунлик қамалдан сўнг турклар қалъани қўлга киритиш ниятидан воз кечишди. Бу урушлар Австрия ва Усмонийлар давлатининг венгер ерларидаги чегараларига ўзгариш киритмади.

Франция Европа жамоатчилиги босими остида Усмонийлар давлати билан иттифоқни узишга мажбур бўлди. Лекин турк флоти 1543 йили Ниццани олишда, 1553 йили Корсикани эгаллашда французларга ёрдам берди.

Усмонийлар давлати ва Москва давлати ўртасида вазият кескин эди. Бунга асосий сабаб Москва давлатининг Қрим хонлиги билан уруш ҳолатида бўлганидир.

1547 - 1548 йилларда Яман ва Хадрамавтнинг турли ерларида қўзғолонлар юз берди, лекин султон қўшинлари бу исёнларни бостирди. Султон Ғарбда тинчлик сулҳи тузгач эътиборини Шарққа қаратди. Ширвон ноиби Таҳмосп I нинг укаси Апкаснинг шоҳга қарши курашгани султоннинг кейинги юришларида фойда келтирди. Сафавийлар давлатида тахт талашиш бошланди. Алкас шоҳ қўшинидан енгилгач Истанбулга бориб султон саройидан паноҳ топди ва Сулаймон I дан ёрдам сўради. Ҳарбий ҳаракатлар яна бошланди. 1548 йили султон қўшинлари Жанубий Озарбайжон ҳудудидан ўтиб, яна Табризни эгаллади (шоҳ пойтахтни Қазвинга кўчирди). Эрондаги турк аскарлари Қум ва Кошонгача бориб, Исфаҳонни забт этишди. Уша йили турклар бир неча кунлик қамалдан сўнг Ван қалъасини эгал-лаб, Жанубий Арманистондаги Ван кўли ҳавзасини истило қилишди. Шарқий Арманистон ва Жанубий Грузияга ҳам юриш уюштирилди. 1552 йили Ереванни, 1554 йили Нахичеванни олишди.

1555 йил май ойида Амасьяда сулҳ тузилди. Сулҳга кўра, Ироқ Усмонийлар давлатига ўтди, бироқ Озарбайжон Эрон таркибида қолди. Грузия ғарби (Имеретти) ва Арманистоннинг ғарбий минтақаси султон, шарқий минтақалари Эрон ҳукмига ўтди. Уша даврдан бошлаб узоқ йиллар Арманистон ва Грузия Усмонийлар давлати ва Эрон ўртасида талаш бўлиб, маҳаллий аҳолига катта зарар келтирилди.

1547 - 1554 йилларда усмонийлар флоти бир неча бор португал флотига талафот етказди. 1550 йили турклар Қатифни португаллардан тортиб олишди. 1552 йили турк эскадраси 30 та кемада 16 минг аскар билан Сувайшдан Уммон соҳилларига йўналди. 1552 йили икки ҳафталик ўққа тутишдан сўнг португалларнинг йирик қалъаси-Масқат эгалланди. Лекин 1553 йили португаллар турк эскадрасини Хурмуз бўғозида, 1554 йил августида Масқатда енгишди. Бу ҳудуддаги денгиз ҳукмронлиги Португалия қўлида қолди.
Кейинчалик Усмонийлар давлати ва Испания ўртасидаги узоқ муддатли кураш тунислик зодагонларнинг туркпардан ёки испанлардан паноҳ излаб ҳаракат қилишига боғлиқ бўлиб қолди. Ўттиз йилга яқин испан ва турк қўшинлари ўртасида тўқнашувлар юз бериб турди. Турклар томонидан Мальта рицарларининг тор-мор этилиши ва Ливиядаги Триполининг эгалланиши (1551 йил август) ҳамда Триполитаниянинг эгалланиши сабабли, Тунисда усмонийлар ҳукмронлигини ўрнатиш мумкин бўлди. 1553 йили ваттосийлар сулоласини ағдариш учун Марокашга юриш қилишди, лекин режа амалга ошмади.

1555 йили Сулаймон I қўшини Суданга юриш бошлади. 1556 -1557 йилларда Суданда усмонийлар ҳукмронлиги ўрнатилди. Кейин султон қўшини Африкадаги Қизил денгиз соҳилларини истило қилди. 1557 йили Эфиопиянинг асосий бандаргоҳи Массауани забт этди. 1558 - 1559 йилларда турк қўшини бир неча бор Эфиопияга ҳужум қилиб Шимолий Эритрея устидан тўлиқ назорат ўрнатди. Турк-эфиоп уруши танаффуслар билан 1572 -1589 йилларда давом этиб, туркларга янги ҳудудлар келтирмади.

1565 йили турклар Мальта рицарлари жойлашган қалъани тўрт ой қамал қилишди, 20 минг аскар ҳалок бўлса-да, жанг уларга ғалаба келтирмади. Мальталикларга испанлар эскадраси ёрдамга келгани-дан кейингина, турклар Мальтадан кетишди.

"Шарқнинг машҳур сулолалари" китобидан

 
Мунавварқори Абдурашидхонов. Тошкандда мусулмон жамияти (1913)
13.03.2014 23:30    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Тошкандда бундан тўрт сана муқаддам очилмиш бир мусулмон «Жамияти хайрия» вор. Бу жамият бошида ёшларнинг саъй ва ижтиҳоди ила очилган бўлса ҳам, баъзи сабаблара мубанний Тошканд ағниёларина топширилмиш ва шул замонғача ёшлардан фақат бир-икки кишининг таҳрик ва иштирокила бойлар тарафидан идора қилинмоқда эди.

Жамият ағниёи киром қўлларида ўз шаъниға муносиб зўр ишлай олмаган бўлса ҳам, моддий жиҳатдан ҳийли қувватланди. Етти минг сўмдан зиёда сармояга молик бўлди. Ҳар йили икки-уч мартаба умумий мажлис ва ўн-ўн икки мартаба идора мажлислари ясаб, аъзолардан пул йиғди. Ариза бериб, иона сўровчи беш-ўн (нафар) фақир ва ожизлара ёрдам бериб турди.

Ағниёи киром жамиятдан ўз ёрдам ва ионаларин дариғ тутмадилар. Бунинг исботи учун Тошканд ағниёларидан ҳурматлук Орифхўжа эшон жанобларини ўтган йил жамиятга бирдан минг сўм иона берганларин ва шаҳарнинг ўртасидан бир ҳовлиларини «Дорул ожизин» учун инъом қилғанларин зикр этмак кофи ўлса керак.

Лекин олти-етти милён мусулмонли Туркистоннинг маркази ўлан Тошкандда очилмиш бир мусулмон жамиятининг жузъий (майда) ишлар илангина қаноат этуб турмоғидан Тошканд ёшлари ҳар вақт сиқиладурлар ва санавий ҳисобнома ва сарфномаларини ғазеталарда ёзуб, нашр этмакдан уйолурлар эди, биноаналайҳ, Тошканд жамияти халқ ҳам ҳукумат номинда бутунлай эътибордан тушмиш ва ўлмакка маҳкум, оғир бир хасталикка дучор ўлмиш каби эди.

Жамиятнинг эски обрўсин қайтармак ва уйқудан уйғатмак учун бирдан-бир чора идора ишларини бутунлай ёшлар қўлина бермак, лоақал идора аъзоларининг аксарини ёшлардан сайламак фикри такрор-такрор талқин ўлинса ҳам, бунга эътибор этувчи оз эди, балки «Жамият ёшлар қўлина берилса, йиғилган пулларни сарф қилиб тамом қилурлар, ўзлари пул йиғолмай, шунинг ила жамият бепул бўлиб ёпилур», дейучилар кўпроқтопилур эди. Ёшлар эса жамиятдан ҳамон умид узмийлар, энг оғир ишларни ишлийлар ва ҳар йили бир-икки мартаба қўзғатиб, умумий мажлислар ва сайловлар қилиб ва ўзларидан кўпроқ киши ўткармакка мулойимона ҳаракатларда бўлиналар эди, лекин келажакда ағниёларнинг иона ва ҳимматлари жамият учун биринчи даражада лозим ўлдиғини эътиборга олиб, онларға қаршу жиддий ҳаракатлардан мумкин қадар сақланар эдилар.

Ёшларнинг бу совуққонлик ва сабрликлари бу сана яхши натижалар берди. Бойларнинг ўзлари иттифоқ қилиб, ўз ораларидан фақат бир раис ва машварат аъзоси вериб, бошқа аъзоларнинг барчасин ёшлардан сайладилар, ёшлар ҳар ишда бойлар ила машварат қилиб турмакни, бойлар ҳам ҳар вақт қўлларидан келган ёрдам ва ионаларини дариғ тутмасликни бир-бирларина ваъда қилишиб, қўлга-қўл беришиб, иттифоқ ила ишга тутиндилар.

Бу иттифоқнинг натижаси ўлса керакки, Тошканд жамияти бу йил бутунлай бошқа тусга кирди. Уйқудан уйғониб, кўзларин уқалаб, атрофга назар сола бошлади. Қонунида зикр этилган моддалардан бирин-бирин фойдаланмакка шуруъ қилди, бошлаб бир неча йилдан бери қарор берилубда очилмай ётган «Дорул ожизин»ни расман очуб, бир неча мискин ва ожизларни тарбияга олди. Бир неча мактаб ва мадрасаларга юз сўм ва икки юз сўмлаб ионалар берди. Бир неча бева ва бечораларга ойлик ионалар вермакда ва олтмиш қадар фақир ва қашшоқ болаларни турли мактабларда ўқитуб тарбия қилиб турмакдадир.

Жамиятнинг янги аъзолари бундай сарф илагина қаноатланмади, балки молия жиҳатини қутламак учун аъзоларнинг йилда берадургон олти шар сўм садақалари кифоя қилмаслигини билиб, пул топмакка ҳам янги йўллар излади, бошлаб «Грамофун обшество»сила сўйлашиб, ҳар бир пластинкадан ўн тийин олмоқ шартила бир неча ҳофизларни ва ўз тарбиясидаги мактаб шогирдларининг тову-шин сотди, бундан фақат шу йил ичиндагина лоақал икки минг сўм кирса керакдур.

Учинчи йўлда шаҳар боғининг ёзлик театрусида бир мартаба испектакл қўйиб, олти юз сўмга яқин фойда қилди. Бунинг устига, ушбу августнинг 8-куни рамазон муносабатила Шайх Хованди Таҳур боғида бир мартаба «Томоша кечаси» ясади, ушбу томоша кечасининг даромад ва буромади ушбу тариқа бўлди:

Сотилган билетлардан 1387 сўм 54 тийин.

Чойхонадан дохил 59 сўм 42 тийин.

Жаъми даромад 1446 сўм 96 тийин.

Масорифи билет маркаси 126 сўм 14 тийин.

Бошқа масорифлар 233 сўм 65 тийин.

Жаъми масориф 359 сўм 79 тийин.

Жамиятга қолган хос фойда 1087 сўм 17 тийин.

Мусулмонлар тарафиндан биринчи мартаба ясалган ушбу томоша кечасиндан бунча фойда ўз-ўзидан чиқмади, балки бунинг учун Тошканд ёшларининг кўп ғайрат ва ижтиҳодлари ҳам чарчамай ва ҳеч кимнинг шикоят ва ҳақоратига қулоқ солмай қилган саъй ва ҳаракатлари ўлди.

Бу томошалар жамиятга фақат моддий жиҳатдангина фойда келтуруб қолмай, балки маънавий жиҳатдан ҳам кўп фойдалар келтурди.

Тошканд жамиятининг исмини унутган ёки ҳеч бир жамият деган сўзни эшитмаган Тошканд мусулмонларининг етти яшаридан етмиш яшаригача жамиятнинг вужудидан хабардор бўлди, рус, яҳудий ва арманилар фойдаланиб юрган ўринлардан фойдаланмак мусулмонларга ҳам мумкин эканлиги очиқ билинди, бу эса Тошканд мусулмонларининг ҳийли руҳлари кўтарилмоғига ва жамиятга муҳаббат ила қарамоқларига сабаб ўлди, шул сабабли ушбу томошаларни бошқарган ёшларга ва буларга ёрдам бериб турган шаҳар политсиямейстрина жамият аъзоси чин кўнгулдан ташаккур этадур ва келажақда яна шундай хизматларда бўлиниб, халқ ва жамиятга фойда еткуродургон ёш йигитларимизнинг амсолларин кўпайтирмакни жаноби Ҳақдин истидоъ қиладур.

Жамият раиси муовини: Мунаввар қори

«Самарқанд» газетаси, 1913 йил, 20—23 август.

 
Мунавварқори Абдурашидхонов. Сабаби тартиб (1907)
13.03.2014 23:29    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Болаларга ўқув, ёзув билдирмак учун усули савтиянинг осонлиғи неча йиллик тажрибалар ила маълум ўлдиғиндан жумла ислом вилоятларининг макотиб ва мадрасалари бу усул ила тазйин ва ислоҳ этдиклари каби 1319—1320 (милодий 1902—1903) йилларда бизнинг Туркистон вилоятининг ҳам кўп муаллимлари бу усулни ўз орзу ва ихтиёрлари ила қабул этиб, мактабларда бу усул ила таълим бермакка бошламишлар эди. Локин, таассуфки, ғайратлик муаллимларимизнинг ҳаракатлари узоққа бормади. Тездан бу усулни тарк этиб, эски усулларини фойдалик топиб, анга ружуъ этдилар. Бунга сабаб на ўлди? Жумла макотиби исломияға ярағон усули савтия Туркистон мактабларина ярамадими? Хайр, афандиларим, албатта, ярар эди. Балки бу усулнинг воситаси ила ҳанузгача Туркистон мусулмонлари хийли тараққий топар эдилар.

Муаллимларнинг бу ружуъларина сабаб аввало усули савтиянинг надан иборат эконин билмаганлари, сониян Туркистон шеваи туркияси ила тартиб этилмиш усули жадида китобчаларина молик ўлмағонлари ўлди. Модомики, бу сабаблар мавжуд экан, муаллим афандиларимиз ружуъларида ҳақли эдилар. Чунки ул вақтларда Туркистон мусулмонларининг гумонларича, усули савтия ёлғиз Иброҳим Ҳаққийнинг «Ақоид» манзумаси ила «Ўқу Қуръон яхшилаб» мисрасини кўп зикр этган тоторча бир тажвид манзумадан иборат ўлуб, ҳамма мактабларда, ҳатто кўчаларда турлук савтлар ила ул икки рисолани ўқита бошламишлар эди. Ул рисолалар ўз тилларида ўлмадиғиндан маъносини болалар тугул, муаллимларнинг ўзлари ҳам дуруст билмас эдилар. Ҳол бўйла ўлса, усули савтиядан на фойда ўлсун, албатта, оз муддатда халкни ҳам, муаллимларни ҳам усули савтиядан кўнгиллари қолиб, усули қадимияга қайтмаклари табиий, ҳам қайтдилар. Эмди эса, алҳамдулиллоҳ, ул замонлар ўтиб, Туркистон мусулмонларини ул вақтларда дамини кўрсатган усули савтия бу вақтларда бошқа аъзоларини ҳам кўрсатмакка бошлади. Истанбулдан, Мисрдан, Қозондан ва ҳар тарафдан муқтадир муаллимлар келиб, оҳиста-оҳиста ҳар ердан мактаб очмакка, Туркистон муаллимларина усули савтия надан иборат эконин имтиҳонлар воситаси ила билдурмакка бошладилар. Туркистон муаллимлари ҳам усули савтия болалариға ҳарфларнинг овозлари ила танитмоқ, ўқулғон сўзларни ёздириб, маъносини билдирмак, Бедил, Хўжа Ҳофизлар каби форсий ва мушкул китобларнинг бадалиға эътиқод, имло, ҳуснихат, илми ҳол, ҳисоб, тарихи ислом, жўғрофия, ҳандаса, ҳайъат ва соирлар каби диний ва дунёвий илмларни ҳар кимнинг ўз тилида ёзилмиш китоблардан ўқитиб билдирмакдан иборат эконин билиб, ҳар бирларининг кўнгиллариға усули савтияни қайтадан қабул этмак фикри тушди. Лекин на қилсунлар, бу этилмиш ишларнинг ҳеч бирина доир ўз тилларида ёзилмиш китоблари йўқ. Истанбулча, тоторча ёзилғон китоблардан эса ўз тилларини дуруст билмаган ёш болаларга бир нарсани билдирмак мумкин эмас даражада машаққатдур.

Эмди Туркистон мактабларина усули савтиянинг умуман жорий бўлмоғонида бир манъи бор эса, ул ҳам китобсизлиқдир. Чунки фақир усули жадида тарафчиси ўлдиғиндан кўринган муаллимни усули жадида таклиф этмакда ва алардан «Ўз тил ва хатимизда китоб йўқ, тоторча китобларни ўзимиз билмаймиз, билсамиз ҳам, болаларға билдира олмаймиз», жавоблари ила алзом этилмакда ўлдиғим каби ўзим ҳам беш йилдан бери китобсизлик меҳнатини чекмакда, болаларга ўқитган нарсаларимни алифбоға қадар Туркистон тили ва хатиға таржима қилиб, ёзиб ўтмакдаман. Модомики, ҳол бўйла экан, Туркистон муҳаррирлари ҳанузгача усули жадида китобларини таҳрир ва таржимасини шуруъ этмаганлари фақир қалам ожизонасини, гарчи ҳолиға номуносиб ўлса ҳам, оли қадар алҳол усули жадида китобчаларини таҳрир ва таржимасини маҳсур ва мажбур этди.

Ҳар ишни алифбосидан, яъни аввалидан бошлаб қилмак қонуни адабдан ўлдиғи учун таҳрир этгон китобчаларимни бошлаб алифбосини, яъни бу «Адиби аввал»ни бостириб ҳурматлу муҳаррир ва муаллимларимизни интизори олияларина тақдим этмагим ила баробар рижо қилурмизки, маним бу китобчамни назари диққат ила боқуб, кўрингон нуқсонлариндан усули савтияға хилоф ўлғон ёки болаларға билдурмаки мушкул ўлғон ерларидан фақирни огоҳ қилмак ила ёрдам берсалар, шоядки 2-чи табъиким бенуқсонроқ ўлурди. Вассалом.

«Тужжор» газетаси, 1907 йил, 8 октябр

 


46 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин