Саналар
21.12.2024
Баннер
Сибир бухорийлари
28.04.2017 17:28    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

XIV аср оëқлаган пайтда Бухоро уламолари совуқ Сибирга йўл олишди. Нақшбандий тариқати аъзолари бўлган бухоролик сўфийлар шомонларга топинган Сибир тоторлари, ëқут, олтой, карëқ ва нанайлар ўртасида Исломни ëйишди.

Батафсил ...
 
Боғдоднинг қулаши - Боғдод қўлга олингандан сўнг (1-қисм)
05.12.2017 11:15    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Боғдоднинг қулаши

Муаллиф: Муҳаммад Султанов

Боғдод қўлга олингандан сўнг

1-қисм

 

Батафсил ... Янгиланди ( 05.12.2017 11:32 )
 
Махдуми Аъзам (1463/64-1542)
25.01.2014 04:20    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Мовароуннаҳрлик аллома, йирик диний ва сиёсий арбоб, Нақшбандия тариқатининг раҳнамоси ва назариётчиларидан бири Махдуми Аъзамнинг тўлиқ исми — Саййид Аҳмад Хожаги ибн Саййид Жалолиддин Косоний Даҳбедийдир. У Фарғона водийсининг Косон шаҳрида таваллуд топган. Косонийнинг отаси Қорахонийлар (840— 1212) сулоласига мансуб султонлардан Бурҳониддин Қилич (XI аср) авлодларидан бўлиб, онаси эса Косон саййидлари оилаларига мансуб эди.

Махдуми Аъзам илк таълимни Косон мактабларидан бирида олган. Сўнг Ахсикатда, Хожа Муборак мадрасасида ўқишни давом эттиради. Косонийнинг домласи Мулла Зиё ўз шогирдининг аъло даражадаги қобилиятини эътиборга олиб, унга «илм уз-зоҳир» (оддий, умумий илмлар)дан яхши таълим беради ва шу билан бирга «илм ул-ботинни чуқур ўргатади. Чунончи, ёш Аҳмад устозининг раъйига кўра таниқли сўфий шоирлардан Жалолиддин Румийнинг (1207— 1273) «Маснавий маъновий» деб номланган машҳур девонини қайта-қайта ўқиб, ундаги чуқур фалсафий фикрларни «қалб кўзлари» билан кўриб, англаб олишга ҳаракат қилади.

Мадрасани битиргач, Аҳмад Косоний Шайх Мир Саййид Алига шогирд тушади. Мир Саййид Али янги шогирдини билимини синаб кўриш учун қийин-қийин саволлар беради. Аҳмад Косоний саволларга тўлиқ жавоблар қайтаради. Шогирдининг билимидан мамнун бўлган шайх: «Энди мен сенга эмас, балки сен менга устоз бўлдинг», деган экан. Яна бир неча кундан сўнг Шайх Али шогирдига бундай деган экан: «Шош вилояти томон йўл олки, ул вилоятда замонимиз қутби Муҳаммад Қози бордур; Хожагон (Нақшбандия) тариқати корхонасининг бутун ишлари ул жавонмарднинг қўлларидадур». Мухаммад Қози (ваф. 1516) машҳур Хожа Аҳрор (1404—1490) шогирди ва ўз замонида Нақшбандия тариқатининг раҳбари эди. У Хожаги Аҳмадни шогирд қилиб олади ва тез орада ўзига халифа этиб тайинлайди. Манбаларга қараганда, Махдуми Аъзам ўша чоғларда (тах. 1491-92 йиллар) устози билан Ҳиротга сафар қилиб, у ерда таниқли аллома ва шоир Абдураҳмон Жомий билан бир неча бор учрашиб суҳбатлашади.

Олти ойлик сафардан сўнг Мовароуннаҳрга қайтгач, Махдуми Аъзам устози билан Тошкентга келади. 1503 йилда Бухоро шаҳрининг ҳокими Муҳаммад Султон (1500-1504) таклифи билан Бухорога кўчиб боради. Орадан бир оз вақт ўтгач, Махдуми Аъзам Муҳаммад Қози рухсати билан Ахсикатга қайтади ва бу ерда мустақил ваъзхонлик қилиб, Нақшбандия тариқатини тарғиб этишга астойдил киришади.
Муҳаммад Қози вафотидан сўнг, Нақшбандия тариқатининг барча мовароуннаҳрлик шайхлари Махдуми Аъзамни «пешвойи тариқат» (тариқат пешвоси) сифатида эътироф этишди. Тез орада Махдуми Аъзамнинг шуҳрати бутун Мовароуннаҳр ва унинг атрофидаги қўшни мамлакатларга ёйилди.
Айнан ўша кезларда буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Бобур Махдуми Аъзамнинг эътиборини қозониш мақсадида унга Хожа Аҳрорнинг «Рисолайи волидия» асарини туркий тилга ағдариб, Ҳиндистонда битилган ўз рубоийлар девони — «Девони Бобур»га қўшиб юборади. Афтидан «Бобурнома»да бу ҳодиса асарнинг бизгача етиб келмаган (1509-1520 йиллар воқеалари зикри) қисмида тавсиф қилинган. Бироқ Мирзо Бобурнинг мазкур девонида Махдуми Аъзамга бағишланган рубоийлар ҳам учрайди:

Дар ҳавойи нафси худи мо умри зоъи кардаим,
Пеш аҳлуллоҳ аз афъали худ шармандаим.
Як назар ба мухлисони хастайи дил фармон ки, мо
Хожаги (Аҳмад) ро мондаим ва Хожагиро бандаим.

Мазмуни:

Нафсимиз ҳавасларида умримизни нобуд қилдик, Энди аҳлуллоҳ (сўфийлар) олдида қилиқларимиз
учун шарманда бўлдик. Биздай хастаи дил мухлисларингга бир назарингни ташлаки, биз Хожаги (Аҳмад)ни ташлаб кетган бўлсак-да, лек биз унинг бандаларимиз.

Ўз навбатида Махдуми Аъзам Мирзо Бобурга бағишлаб «Бобурия» рисоласини ёзиб Ҳиндистонга жўнатади.

Тахминан 1524-25 йилларда Махдуми Аъзам Кармана ва Миёнқол ҳокими Жонибек султоннинг таклифига биноан Карманага кўчиб келган эди.

Тез орада шайбоний султонларидан Убайдуллоҳхон (1504-1539), Искандархон (ваф. 1583), Балх ҳокими Кистин Қаро султон ва бошқалар Махдуми Аъзамни ўзларининг руҳий пири деб биладилар.

Махдуми Аъзамнинг илмий мероси бой бўлиб, у тасаввуф назарияси ва амалиёти, хусусан, нақшбандия таълимотини янада ривожлантириш соҳасида баракали фаолият кўрсатди. Унинг қаламига мансуб 30 дан ортиқ рисола маълум бўлиб, «Асрор ун-никоҳ» («Никоҳ сирлари»), «Ганжнома», «Рисолат ун-самъиййатун» («Самоъ рисо-ласи»), «Баёни зикр» («Зикр баёни»), «Рисола-и силсила-и Хўжагон» («Хўжагон силсиласи»), «Шарҳи ғазали Убайдий» («Убайдий ғазалига шарҳ»), «Меърож ул-ошиқин» («Ошиқлар меърожи»), «Рисола-и Нақшбандиййа», «Рисолат ун-вужудиййатун» кабилар шулар жумласидандир. У ўз асарларининг кўп қисмида уламолар, сўфий шайхлар ва давлат арбоблари орасидаги муносабатлар хусусида тўхтаб ўтган ва тариқатнинг сиёсий фаолиятига тўла асос бор эканлигини исботлаган. Хожаги ачиниб ёзганидек, у яшаётган замонда вилоят ҳокимлари шахсий манфаатларини биринчи ўринга қўйиб, ҳокимият талашиш билан банд эдилар, тинимсиз ҳарбий ҳаракатлар эса халқ аҳволини янада оғирлаштирарди. Шундай мураккаб сиёсий ва иқтисодий вазиятда Махдуми Аъзам ўз обрўйидан фойдаланиб фитнабозликка майли бўлган вилоят ҳокимларини «Улуғ Хожа Аҳрор каби иноқлик дастурхони атрофига йиғиб, бир-бирларига сулҳ қўлларини узатишга ундади».

Пайғамбаримиз: «Амирларнинг яхшиси олимларни, олимларнинг ёмони эса амирларни зиёрат қилади» ҳадисига Хожаги Косоний қуйидагича шарҳ беради. «Агар амирни зиёрат қилувчи уламо доно танбеҳлар воситаси билан давлатда адолатлик, эзгулик, фуқаролар орасида осойишталик ва барқарорлик ўрнатишни мақсад қилиб олса, бундай олим аслида мазкур (зиёрат этилган), амир эса зоъир (зиёрат этувчи) деб ҳисобланади» («Зубдат ус-соликин ва танбеҳ ус-салотин» рисоласидан).

Махдуми Аъзамнинг тасаввуф таълимотига оид фикрлари Нақшбандия назариясига асосланган. Алломанинг фикрича, Нақшбандия тариқати уч зарурий қоидага бўлинган:
1) Иҳвон (биродарлик). Яъни, тариқат аъзолари хатти-ҳаракатларида ҳамдард, ҳамнафас ва ҳам-фикр бўлишлари лозим;
2) Макон (ўрин, мавқе). Ҳар бир толиб муршидининг насиҳатларига амал қилиб, баркамолликка интилмоғи лозим ва шу жараёнда тариқат аъзолари орасида ўзига муносиб мавқе соҳиби бўлиб, ўз мартабасига лойиқ иш қилмоғи керак;
3) Замон. Агар маълум бир замоннинг халқлари ва қавмлари орасида зиддият ва ихтилофлар пайдо бўлса, булар тариқат биродарларини қарама-қаршиликларга келтирмаслиги лозимдир. Аммо Махдуми Аъзам фикрича, ушбу қоидалар қаторига яна бир муҳимини қўшмоқ даркор — Хон. Яъни, тариқат фаолиятининг самаралари халққа етиб бориши учун, сўфий тоифаларининг муршидлари амирлару султонларга яқинроқ бўлмоғи керак. Асосий мақсад бу ерда шуки, давлатда осойишталик, барқарорлик, фуқароларни ҳалол меҳнат билан тирикчилик қилишларига барча қулай шароитлар мавжуд бўлса, ундай ҳолда сўфий шайхлар давлат арбобларини қўллаб-қувватлайдилар.

Махдуми Аъзам асарларининг энг тўла мажмуаси ЎзР ФА Шарқшунослик института хазинасида сақланмоқда. Аллома фикрлари ва дунёқарашларига асосан Ғаззолий (1058—1111), Ибн Араби (1165-1240), Хожа Муҳаммад Порсо (1348—1420) ва бошқа таниқли файласуф сўфий олимларнинг асарлари таъсир қилган. Махдуми Аъзам Нақшбандия таълимоти ва умуман тасаввуф фалсафасини ўз замонига мослаштирган ҳолда янги ғоялар билан бойитди.

«Мирот ус-сафо» («Софлик ойнаси»), «Асрор ун-никоҳ» рисола-сида Ибн Арабининг «Дунё азалий (илоҳий) мавжудотнинг ойнавий акси» мавзуидаги назариясига қуйидагича шарҳ берилган: Мутлақ ва азалий мавжудотни дарвеш юрагининг кўзгусида инъикос этиши мумкин. Махдуми Аъзам эса: «Ҳар бир инсон юрагида бундай кўзгу мавжуд, аммо уни ғофиллик занги босган. Зангни йўқотиш учун инсон тариқатга киришиб, руҳий камолотга интилиши лозимдир»,— дейди.

Яна бошқа қатор рисолаларида («Одоб ус-соликин», «Одоб ус-сиддиқин») буюк аллома Нақшбандия таълимотида мурид — мур-шид муносабатлари борасида ҳам ўзига хос фикрларни илгари сурган. Унинг фикрича, шу тариқат одобу қоидаларида мурид ва шайх мунособатлари ўзаро ҳурмат-иззат асосида қурилмоғи лозим. Шу билан бир қаторда мурид (солик) Аллоҳга восил бўлиш йўлидаги тўсиқларни осонроқ енгмоқ учун ўз пирига тўла бўйсуниши керак.
Махдуми Аъзам фикрича, тариқат аъзолари халққа яқин бўлиб, унинг дардлари ва эҳтиёжларига қайғудош бўлса ҳам тариқатга, ҳам ҳалққа фойдалидир. Шу борада Махдуми Аъзам қуйидагича тушунтириш берган: «Толиб (ҳақиқат изловчи) учун унинг Аллоҳ йўлида қилган ибодатлари фақат халқ билан бўлган алоқа ва суҳбатларида самарали бўлиши мумкинким, агар ул номард бўлса, мард бўлур, мард бўлса, ширмард бўлур ва агар ширмард бўлса, фардмард (тенги йўқ мард) бўлғай» («Зубдат ус-соликин»).

Махдуми Аъзам Нақшбандия назариясига яна бошқа ислоҳотлар киритди. Жумладан, Нақшбандия шайхларидан биринчилар қаторида жаҳр зикри, самоа ва шунга ўхшаш тасаввуф маросим тартиблари шариатга хилоф эмаслигини исботлади ва ҳатто уларни маълум бир даражага етган шогирдлари орасида тадбиқ этди. Бундай ислоҳотларнинг ягона мақсади — «Нақшбандия тариқатини турк (ўзбек) ва тожиклар учун бир хил қилиб, яқинлаштиришдир». Алломанинг гапига қараганда, Хожагон тариқати «ўзида кўз кўрмаган ва қулоқ эшитмаган тариқатларни мужассамлаган ва шу сабабдан уни тариқатлар сараси ва тузи, ёхуд «силсилат уз-заҳаб» (олтин занжир) деб аташ мумкин.

Махдуми Аъзамнинг таржимаи ҳоли ва фаолияти яқин шогирдлари томонидан бир неча асарларда ёритилган. Улардан: Муҳаммад Шаҳри Сафойи ал-Котибнинг «Анис ат-толибин» («Ҳақиқат изловчиларнинг яқин дўсти»), Дўст Муҳаммад Фолизкорнинг «Танбият уз-заллин вал-музиллин» («Йўлдан адашган ва адаштирувчиларга танбеҳлар»), Дўст Муҳаммад ибн Наврўз Аҳмад ал-Кеши ал-Косо-нийнинг «Силсилат ус-содиқин ва анис ул-ошиқин» («Садоқатли-лар силсиласи ва ошиқлар дўсти») каби асарларда энг тўлиқ ва ишончли маълумотларни учратишимиз мумкин. Шу манбалар асосида тузилган Махдуми Аъзамнинг тўлдирилган таржимаи ҳоли ҳам маълумдир. 1617 йилда Абул-Бақо ибн Баҳоуддин ибн Махдуми Аъзам томонидан тузилган «Жомеъ ул-мақомат» деб номланган асар шулар жумласидандир.

Махдуми Аъзам ёзган рисолаларга махсус битилган шарҳлар кам бўлса-да, аммо бу асарларнинг тариқатнинг сўнгги ХVI-ХХ аср бошларида битилган назарий адабиётларга катта таъсири бўлган.

Нашқбандия тариқатининг таниқли назариётчиси Бадриддин Кашмирий (ваф. тах. 1620) ўзининг қатор асарлари («Раузат ар-Ризвон», «Раузат ул-жамол»)да Махдуми Аъзам рисолаларидан фойдаланган. Унинг асрдоши Нақшбандия ва Яссавия тариқатларининг буюк намояндаси, назариётчиси ва тарғиботчиси Султон Аҳмад Хазиний ал-Ҳисорий асарларида ҳам Махдуми Аъзам баён этган фикрларга кенг шарҳлар битилган. Маълумки, Хазиний 1567—68 йилларда ҳажга сафар қилиб, сўнг умрининг охиригача Усмонийлар салтанатига қарашли улкан шаҳар ва вилоятларда (Сурия, Қоҳира, Истанбул) яшаб, ўша ерларда Махдуми Аъзам ғояларини тарғиб этди.

 
Темур тузуклари (7)
19.01.2014 19:59    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

 

МЕНИНГ ДАРГОҲИМГА ИЛТИЖО ҚИЛИБ ПАНОҲ ИСТАБ КЕЛГАН ТУРКУ ТОЖИК, АРАБУ АЖАМ ТОИФАЛАРИДАН БЎЛГАНЛАР БОРАСИДАГИ ТУЗУК

Биринчи навбатда, мазкур тоифа ва табақалардан бўлгак саййидлар ва уламони иззат-ҳурмат қилишни, ҳар қандай истаклари бўлса дарҳол муҳайё этиб, муқаррар равишда уларнинг аҳволидаи хабардор бўлиб туришни буюрдим. Агар сипоҳийлар тоифасидан бўлсалар, хизмат ўринларини белгилаб, ҳол-аҳволларига яраша эҳтиёжлари таъминлансин. Агар касбу ҳунар за маърифат аҳлларидан бўлса, бундайларга салтанат корхоналаридан юмуш берилсин. Булардан бошқа, билагида кучи бор фақир-мискинлар эса ўз аҳволи ва касбу корига қараб иш тутсинлар. Яка шундай амр қилдим, сармояси қўлидан кетиб қолган савдогарга ўз сармоясини қайтадан тиклаб олиши учун хазинадан етарли миқдорда олтин берилсин. Деҳқонлар ва раиятдан қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса, унга экин-тикин учун зарур уруғ ва асбоб тайёрлаб берилсин. Агар фуқародан бирининг уй-иморати бузилиб, тузатишга қурби етмаса, керакли ускуналарини етказиб бериб, унга ёрдам берилсин. Ҳар тоифа ва ҳар синфдан кимки ўз ихтиёри билан сипоҳгарчилик хизматига киришни истаса, уни аскарий [хизматга] олсинлар. Асил ва шижоатли сипоҳийзода қайси тоифадан бўлмасин, унга ўрин бериб, қилган хизматига ва ишига яраша тарбият қилсинлар. Яна амр қилдимки, узоқ-яқиндан бирон киши келиб, менинг мажлисимга кирар экан, қайси тоифадан бўлса ҳам, давлатим дастурхони неъматидан уни қуруқ қайтармасинлар.

Кимники ҳузуримга киритган бўлсалар ва кўзим унга тушган бўлса, ҳолига яраша ҳурматлаб, совға-саломлар билан кузатсинлар.

Ҳар қандай одам менинг адолат девонимдан паноҳ топган экан, гуноҳи бўлса ҳам, уни кечирсинлар. Иккинчи, учинчи марта яна гуноҳ қилгудек бўлса, у ҳолда гуноҳига яраша жазоласинлар.

САЛТАНАТНИ ЎЗ ЭРКИМДА САҚЛАШ УЧУН АМАЛ ҚИЛГАН ТУЗУГИМ

Ушбу ўн икки нарсани ўзимга шиор қилиб олганлигим учун тўла мустақиллик билан салтанат тахтига ўтирдим. Ўз тажрибамдан синаб билдимки, агар қай бир подшоҳ шу ўн икки нарсага эга бўлмас экан, салтанатдан бебаҳра қолур.

Биринчидан, ўз сўзига эга бўлсин, ишини ўзи билиб қилсин, яъни раият подшосининг айтган сўзини, қилган ишини ўзи айтади, ўзи қилади, ҳеч ким бунга аралашолмайди, деб билсин. Шундай бўлгач, подшоҳ салтанат мартабасига шерик бўлгудек қилиб бировнинг гапига ва ишига эргашмасин. Гарчи яхши сўзни ҳаммадан эшитиш зарур бўлса ҳам, лекин сўзда, ишда бошқалар салтанат ишларида подшоҳга шерик, ёхуд устун бўлмасликлари шарт.

Иккинчидан, султон ҳар нарсада адолатпеша бўлсин, қошида инсофли, адолатли вазирлар сақласин, токи подшоҳ зулм қилгудек бўлса, одил вазир унинг чорасини топсин. Агарда вазир золим бўлса, кўп вақт ўтмай салтанат уйи қулайди. Чунончи, амир Ҳусайннинг золим бир вазири бор эди. У сипоҳу раиятга ҳақ-ноҳақ жарималар солар эди. Орадан кўп вақт ўтмай ўша ноинсоф вазирнинг шумлигидан амир Ҳусайннинг салтанат уйи хароб бўлди.

Учинчидан, бутун мамлакатда буйруқ-фармон бериш ишлари подшонинг ўз ихтиёрида бўлиши лозим. Подшоҳ ҳар ишда ўзи ҳукм чиқарсин, токи ҳеч ким унинг ҳукмига аралашиб, ўзгартира олмасин.

Тўртинчидан, подшоҳ ўз қарорида қатъий бўлсин, яъни ҳар қандай ишни килишга қасд қилар экан, то битирмагунича ундан қўл тортмасин.

Бешинчидан, подшоҳ ҳукми жорий этилиши даркор, яъни қандай ҳукм чиқаришидан қатъий назар, амалга ошириши керак. Бирон кимса гарчи ҳукмни зарарли деб билган бўлса ҳам, унга монелик қилолмасин. Чунончи, эшитганманки, султон Маҳмуд Ғазнавий Ғазна шаҳри майдонига катта тошни келтириб ташлашни буюрган экан. Ундан ўткинчи-кеткинчиларнинг от-уловлари ҳуркиб ўта олмай колибди. Шунда одамлар тош йўл бўйидан олиб ташланса, деб султон ҳузурига қанчалик арз-шикоят қилиб боришмасин, султон «чиқарган ҳукмимдан қайтмайман, унга хилоф бирон иш ҳам қилмаймак», деган экан.

Олтинчидан, подшолик ишларини тамоман бошқага топшириб, эркни унга бериб қўймасинким, дунё хиёнатчи хотин сингари, унинг хуштори кўпдир. Агар шундай қилар экан, ўзганинг нафси тез орада подшоҳ бўлишни тилаб, салтанат тахтини ўзи эгаллашга киришади. Чунончи, султон Маҳмудга хоинлик қилган вазирлар уни салтанат тахтидан тушириб, тахтга ўзлари эга бўлдилар. Шундай бўлгач, салтанат ишларини ишончли ва мўътабар бир неча кишига бўлиб бериш лозим. Шунда ҳар бири ўз ишига боғланиб, салтанат тахтига кўз олайтира олмайди.

Еттинчидан, салтанат ишларида ҳар кимнинг сўзини эшитсин, ҳар кимдан фикр олсин. Қайси бири фойдалироқ бўлса, уни кўнгил хазинасида сақлаб, вақтида ишлатсин.

Саккизинчидан, салтанат ишларида, сипоҳу раиятга боғлиқ масалаларда бошқаларнинг сўз ва феълига қараб амал қилмасин. Вазирлар, амирлар бирон кимса ҳақида яхши-ёмон сўз қилар эканлар, эшитсин. Лекин уни амалга оширишда бутун ҳақиқат аён бўлмагунича шошмай, мулоҳаза билан иш тутсин.

Тўққизинчиси, подшоҳ ҳайбати сипоҳу раият кўнглида шундай ўрнашган бўлиши керакки, унинг амр-фармонига ҳеч ким қаршилик қилишга журъат этолмасин; итоат ва тобеълик қилиб, исён кўтармасин.

Ўнинчиси, [подшо] нима қилса, ўз эркича қилсин, нима деса ўз сўзида қатъий турсин, чунки подшоҳларнинг ҳукм ҳурматидан бошқа баҳрамандликлари йўқдир. Хазина, лашкар, раият, салтанат — буларнинг бариси унинг ҳукми биландир.

Ўн биринчиси, салтанат ишларида, ҳукм юргизишда подшоҳ ўзини ягона билиб, ҳеч кимни ўзига салтанат шериги қилмасин.

Ўн иккинчиси, [подшоҳ] мажлис аҳлидан огоҳ ва ҳушёр бўлсинким, улар кўпинча айб ахтариб, уни ташқарига ташийдилар. Подшоҳнинг сўзидан, ишидан вазирларга, амирларга хабар бериб турадилар. Масалан, шунга ўхшаш бир воқеа менинг ўзим билан рўй берганди. Ўзимнинг хос мажлисимдаги бир қанча суҳбатдошларим вазирлар ва амирларимнинг жосуслари экан.

СИПОҲ САҚЛАБ ТУРИШ ТУЗУГИ

Амр қилдимки, қачонки асл сипоҳлардан иш кўрган, жанг-жадал билан суяги қотган ўн киши йиғилса, булардан қайси бирининг шижоати, ботирлиги ортиқроқ бўлса, қолган тўққизтасининг розилиги ва маъқуллаши билан, уни ўзларига бошчи сайлаб, отини ўнбоши деб атасинлар.

Ўн нафар ўнбоши жам бўлса, ўз ичларидан энг иш кўрган, жанг майдонларида тобланиб тажриба орттирган, баҳодирликда номи чиққан бировини амир қилиб, уни юзбоши деб номласинлар.

Агар ўн юзбоши йиғилса, амирзодалардан ақлли, шижоатли, баҳодир бир кишини амир этиб сайлаб, уни мингбоши десинлар ва амири ҳазора деб улуғласинлар.

Агар қарамларидаги бирон кимса ўлса ёки қочиб кетса, ўрнига янги кишини тайинлаш ўнбошиларнинг ихтиёрида бўлсин. Шунга ўхшаш юзбошилар ўнбошиларни, мингбошилар юзбошиларш тайин қилсин. Булардан ўлган, қочган, янги тайинланганлар бўлса сабабларини айтиб, менинг арзимга етказсинлар.

Яна амр қилдимки, чорпилчор кунларида ва салтанат ишларини бошқаришда мингбошининг ҳукми юзбошига, юзбошиники ўнбошига, ўнбоши ники [эса] қўл остидагиларга жорий этилади Агар бу тузукка қаршилик қилсалар жазога тортилсинлар. Ага чорпилчор ишларида ким камчщикка йўл қўяр экан, уни чақири ўрнига бошқани кўйсинлар.

СИПОҲГА УЛУФА БЕРИШ ТУЗУГИ

Амр қилдимки, амирлар, мингбошилар, юзбошилар, ўнбошилар ва бошқа сипоҳийларга ушбу тартибда маош берилсин; оддий сипоҳийга ўз вазифасини ўринлатиб бажариши шарти билан маоши минган отининг баҳоси бўлсин. Баҳодирларнинг маоши икки от баҳосидан тўрт отгача тайин қилинсин. Ўнбошилар маоши қўл остидаги оддий сипоҳийларидан ўн баробар ортиқ бўлсин. Юзбошилар маоши ўнбошиларга қараганда икки баробар, мингбошиларники эса юзбошиларникидан уч баробар зиёда бўлсин.

Яна ҳукм қилдимки, сипоҳийлардан қайси бири чорпилчор ишларида хатоликка йўл қўйса^маошидан ўндан бирини камайтирсинлар.

Яна буюрдимки, ўнбоши юзбошининг тасдиғи билан, юзбоши мингбошининг тасдиғи билан, мингбоши амир ул-умаронинг тасдиғи билан улуфа олсинлар.

Амир қилдимки, амир ул-умаронинг маоши ўз қўл остидагилардан ўн баробар ортиқ бўлсин. Шунга ўхшаш, девонбеги ва вазирларнинг маошлари эса; амирлар маошидан ўн баробар кўп бўлсин. Ясовуллар, чоповуллар, қалақчиларнинг маошлари ўз хизматларига яраша, мингдан ўн минг [танга] гача бўлсин.

Аҳли мажлис бўлмиш саййидлар, олимлар, фозил кишилар, ҳакимлар, табиблар, мунажжимлар, қиссахонлар, хабарчилар, тарихдонларга ўз ҳолларига қараб, суюрғол, вазифа ва маош белгиласинлар. Пиёдалар, хизматчилар, фаррошларга юздан минггача маош берсинлар.

Яна ҳукм қилдимки, амир ул-умаролар ўз маошларини девонбеги ва вазирларнинг тасдиғи билан олсинлар. Давлат томонидан бериладиган бутун маошларнинг тўлиқ маълумотларини девонбегини вазирлар аввал менга билдириб, сўнгра танҳо берсинлар.

Яна буюрдимки, сипоҳийларнинг ҳар бирига маош олиш ёрлиғи тпширилсин. Уларга берилган маблағ миқдори шу ёрлиғнинг орқасига ёзиб қўйилсин.

СИПОҲГА ТАНҲО ВА УЛУФА ТАҚСИМЛАШ ТУЗУГИ

Амр қилдимки, пиёдалар, қалақчилар, ясовуллар, чоповулларнинг бир йиллик маошларини ҳисоблаб, белгиланган маблағни девонхонага келтириб, шу ерда уларга улаштирсинлар. Булардан бошқа сипоҳийлар ва баҳодирларнинг олти ойлик маошини ҳам қисоблаб, танҳо хазинасидан олиб беришни буюрдим.

Ўнбоши, юзбошиларга маош шаҳар омонлиги хазинасидан ва подшолик мулки даромадидан нақд пул ҳисобида ёзилсин. Мингбошиларга вилоят ичидаги ерлардан тиюл берсинлар. Амирлар ва амир ул-ўмароларга эса сарҳад ерлардаги вилоятлардан бири тиюл қилиб белгилансин.

Вилоятлардан тушган даромадларни ушбу йўсинда тақсимлашни буюрдим: Вилоятлар ва мамлакатлардан олинган жами даромадни тақсимлаб, маош бериш ёрлиқларига бирига кам, бирига ортиқ қилиб ёзсинлар. Сўнг ёрлиқлар девонхонага келтирилсин. Амирлар ва мингбошилар шу ёрлиқлардан бирини чиқариб олеин. Агар ёрлиқда маошидан ортиқ [кўрсатилган] бўлса, бошқани ўзига шерик қилсин. Бордию кам бўлса, уни қўйиб бошқа ёрлиқ тортиб олсин.

Яна ҳукм қилдимки, амирлар, мингбошилар раиятдан молу жиҳот йиққанларида, хирождан ортиқча соварий, қўналға ва шилон талаб қилмасинлар.

Тиюл қилиб берилган ҳар бир мамлакатга иккитадан вазир тайинласинлар. Бири вилоятдан йиғилган молларни ёзиб, раият аҳволини текшириб турсинки, жогирдор фуқарога жабр-зулм етказиб, уларнинг ҳолини хароб этмасин. У вилоятдан йиғилган бутун мол-ашёларни кирим дафтарига ёзиши лозим. Иккинчи вазир эса, [даромаднинг] харж этилган қисмини чиқим дафтарига ёзсин ва [йиғилган моллардан] сипоҳийларнинг маошига тақсим қилсин. Қайси амирга тиюл берилар экан, уни уч йилгача ўз ҳолига қўйсинлар. Уч йил ўтгандан сўнг уни текшириб кўрсинлар. Агар мамлакат обод, раият рози экан, шу ҳолича қолдирсинлар. Агар аҳвол бунга хилоф равишда бўлса ул вилоятни холиса'га ўтказиб, уч йилгача ўша жогирдорга улуфа берилмасин.

Яна буюрдимки, хирожни раиятдан калтаклаш ва савалаш йўли билан эмас, балки огоҳлантириш, қўрқитиш ва тушунтириш йўли билан ундирсинлар. Қайси ҳоким ҳукмининг таъсири чўп ва калтаклаш таъсиридан камроқ бўлса, ундай ҳоким ҳукумат юргизишга яроқсиздир.

давоми бор

1, 2, 3, 4, 5, 6

 

Янгиланди ( 19.01.2014 20:03 )
 
Абдурауф Фитрат. Жоҳилона таассубға мисол (1917)
13.03.2014 23:56    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Бухоро шаҳрининг ўрамларина[1] ушбу мазмунда бир эълон ёпишрилған эди: «Янги чиқған жадидлар болаларимизнинг эътиқодларини бузалар, мунлар ҳунарларинда ҳеч ким боласини ўқутмасин, ўқутса шул кишини ўлдиражакмиз, жадидлар живлашуб[2] ўлтурмасунлар, агарда живлашуб ўтурсалар, биз онларнинг бошларини кесармиз, жадидлар намоз бирла рўзани, закотни ўтамайлар, мунлар кофирлар, қонлари ҳалол» (Бу эълонла бир ҳадисда[3] ёзилған).

Бошқа мамлакатларда мундай маъносиз, имлоси бузуқ, ахмоқлиқ аломати бўлған эълонлар, ёзувларнинг аҳамиятлари бўлмасада, Бухоро каби ўрунда афкори умумиянинг мундан мутаассир бўлуви мумкин. Шул сабабли мундай жоҳилона таассубға қарши илтифот этмай қолув бизнинг учун мумкин тугул[4].

Ёзув ёза билмай туриб, шу ший эълон ёзувлариға «жадид»ларнинг маслаклари нинди[5] нарсадан иборат эканлигини биддирурға ҳожат бор.

Бухоролиларнинг тижорат, ахлоқ ва илм, саноат ва ҳунар, маишат жиҳатларинда бутунлай ортда қолғанлиқларини «эълон» ёзучилар билмасаларда, бошқалар билалар. Тижорат майдонларинда, таҳсил мадрасаларинда, ахлоқ тўғивларинда[6] ўз ишларининг қоидасини ва зибарини[7] бир яҳудий қадар билувчи онгли кишимиз йўқ. Дунёнинг телефон ва телеғроф ҳамда темур йўллар каби фанний мўъжизаларини кўруб-да шунларнинг сирларини ўгранурға тиришучи одамимиз йўқ. Ҳатто мадрасаларимиздан чиқуб-да бир жамоатнинг кофирлигини эълон этучиларимиз-да дуруст ёза билмайлар.

Шу ҳолни яратуб, бундан ризо бўлуб туручи бирғина мусулмонда бўлмаса керак. Мана шу ший[8] равишда бўлған ижтимоий хасталикларимизға даво изловчилар «жадид»лардир.

Жадидлар «миллатимиз, халқимизнинг бу даражада тубан қолувларини, шу ший мартабада ёмон кунларға тушуларини нодонлиғлари сабаб бўлди, бизнинг учун ўқув, илм ва маърифатға ёпишув(имиз) лозим. Ватанимиз, мамлакатимиз ва миллатимиз илм нури бирла ёқтурсун, дин ҳам дунё илмлари бирла жиҳозлансун. Бу ҳол энди бизнинг учун фарз бўлди, эски мактабларда саккиз йиллар ўқуб-да. Эрон халқтарининг ичкилик ва ишқ каби сафоҳатлариндан иборат бўлған адабиётдан бошқани билмовчи болаларимиз янги мактабларга кируб дин ҳам дунё учун фойда бературған лозим нарсаларни ўқисунлар, ҳисоб ва ёзув билсунлар, тўрт гурли фан ўқир учун мадрасаларимизда ўн саккиз йил ётуви шогирдларимиз ўн икки йил мадрасани-да тамом шартина етишдуруб ўн беш фан ўргансунлар, мадрасадан чиқуб-да бошқаларни акфор[9] қилуш тугул, балки мусулмон қилуб эълон ёзучидаримизнинг имлоларини киши кулдурмак даражада бузуқ бўлмасун, савдоларимиз ҳунар ва саноатимиз, экунчилик[10] ишларимиз букунги каби забун ҳолда турмасун, балки тузалсун яхшилансун!» дейлар. Муни «жадид»лар шуйтиб равишда сўйлайлар ва шу ший йўлда юрийлар.

Ушбу мақсадларимизға эришур учун биз «жадид»лар Бухорода мактаблар очдиқ, лекин Бухоро ҳукумати неқди фалсафаға кўрадур[11] бизнинг мактабларимизнинг давомини мусоада[12] қилмади, яшатмади. Шул кундай берли биз мактабсиз қолдуқ.

Мундан сўнг: «Мактаб йўли бирла бўлмаса бошқа бир йўл бирла тиришуб қарайлиқ!» деб тижорат йўлина кирдик ва Бухоро ҳукуматидан рухсат олуб бир китобчилук ширкати ва бир кўмоч нарсаси ширкати[13] тузувдик.

Китобхонамизда газит ва журналлар бирла бирликта ҳадис ва тафсир ҳамда дарс китоблари келтуруб эски мадрасатарнинг шогирдларика уч юз ҳақ бирла дарс китоблари сотдирамиз. Кўмоч ширкати даҳи юз молларини уч юз баҳо бирла сотуб фойдасини(нг) кўбиси «жадид» бўлмаған ширкатлар орасинда тақсим этўб турадир. Демак, бизнинг ижтиҳодимиздан[14] «жадид» бўлмаған ва «жадид»ларни яротмай турған одамлар фойдаланалар.

Энди «жадид»лик маслакинда бўдғанларнинг ўз ҳолларини-да бир оз таъруф қилайлик:

Бу «жадид»ларнинг кўбраклари эски мадрасаларда, дарсларини энг яхши равишда тамом этучилар бўлуб ораларинда бу кунда зўр мударрислар ва олимлар бор. Мунлар тафсир ва ҳадис дарслари ўқуталар, ўқутмағанларида дарс ўқитув лозим бўлғанда ўқитувға маҳтаддирлар. Мунлар юзлар бирла ҳадиси шарифларини хатосиз ёдлағанлар ва дуруст онглайлар. Энди Пайғамбардан ривоят этилатурған бир ҳадисни-да дуруст ёза билмаған, имло ҳунариндан-да маҳрум одамлар чиқсунлар-да шу шундай одамларни акфор этсунлар, акфор бирлагина қаноат этмай, қонлари ҳалол бўлув бирла фатво берсунлар. Шу шийми инсоф? Буми мусулмонлиқ?

У отиш ўйновчилар[15], ароқи ичучилар ва бутун амрларини фисқу фужур йўлида ёздиручилар Бухорода оз тугул. Милйўнлар Сирла инсонларнинг қонларини сув каби оқузиб туручи ва ғоз минглар бирла болаларини, хотунларини етим ва кишисиз қолдиручи бу кунги зўр суқишдан ибрат-ла ҳамма кайф ва сафо мажлислари қуруб мусулмон болаларини ўйнатучилар-да кўб. Шу шийдай халқлар озғина-да тақтиъ қилинмағанлари ҳолда ислом ва мусулмонларнинг тараққийси учун тортишучилар акфор қилинсунлар, қонлари мубоҳ кўрилсун! Диёнат шу шийми? Буми одамчилик?!

Қуръони карим мусулмонлиғни даъво қилиб салом беручиларни акфор қилудан манъ этадир. Мусулмонларни акфор қилучилар билсунларки, «Мусулмон кишиларини акфор қилучилар агарда шул киши кофир бўлмаса, ўзлари кофир бўлурлар» мазмунида ҳадиси шарифлар Бухорий[16] бирла Муслим[17] саҳиҳларинда бор.

Эълончи афандилар, фитна қўзғатучи ўрнинда Қуръон бирла Ҳадис ўқуб шундай олий сўзларни ўргансалар ва билған нарсаларини дуруст ёзарға тиришсалар яхшироқ ва мусулмончароқ бўлур эди.

Бу мақолани ёзувимиз ўлимдан қўрқувдан тугул. Биз ўлумдан қўрқмаймиз. Ҳақ йўлда ўлдирилув ва ўлув ботиллиқ[18] узринда яшовдан яхшироқ. Хайрлироқ. Биз муни Қуръони каримда ўқуб шунға аён кетурганмиз. Балки муни ёзувдан мақсадимиз бухоролиларни инсофға даъват этув ҳамда ҳукуматимизнинг диққатини жалб қилувдир. Ҳукуматимиз мундай масъаладан сукут этмасун, балки бу ишни тафтиш ва тадқиқ қилсун эди. Агарда айб бизда бўлса, тейишли жазони берсун, йўқса шундай эълон ёзучиларни топуб майдонға чиқарсун. «Онларға тейишли жазо берсун эди» демаймиз. Жазо бермасун, балки танбеҳ ва насиҳат қилсун.

«Онларға жазо бермасун» деган сўзимни виждоним, иймоним бирла ёздим. Чунки шул одамлар-да, саодатлари ва тараққийлари учун тортишатурған миллатимизнинг кишиларидир. Модомики, биз бу миллатнинг бахтиёр бўлувини орзу қиламиз, эълон ёзуб ёбишдиручиларнинг саодатлари-да бизнинг учун матлубдир. Бизнинг маслакимиз муҳаббат ва маърифат ҳамда марҳаматга бино қилинадир.

Дуруст, агарда бу тўғрида биз гуноҳли тугул эсак, ҳукумат тафтиш этуб шул эълон ёбишдиручиларни топсун, аммо жазо бермасун, балки насиҳат йўлиндан онларға Сиз мундай фитналар қўзғатиб юрмангиз! Мундай йўқ ишлар бирла шуғулланув ўрниға мактабга қируб ёзув ўрганингиз. Имлонгизни тузатингиз, мундан шу илмлари комил одамлар ҳузурина боруб тафсир ва ҳадис ўқунгиз десун...



[1] ўрамларина — Бухоро шаҳрини ўраб турувчи деворлар, қўрғон назарда тутилади. Мақола дастлаб татар лаҳжасида эълон этилгани учун унда татарча сўз ва грамматик белгилар кўпдир.

[2] живлашиб — қаршилик билдириш.

[3] Бу эълоннинг остига бир ҳадис ҳам ёзилган бўлиб, унинг сўзлари келтирилмаган. Бизнингча, Фитратнинг «Мунозара» асарида келтирилган ҳадислардан бири шунга мазмунан мос келади.

[4] тугул — эмас. Бу ерда: мумкин эмас.

[5] ниндай — нима, қандай нарса.

[6] тўғувларинда — яратиш, тарбия бермоқ. Бу ерда: ахлоқ, тарбияларида.

[7] зибар — безак, зийнат.

[8] ший — шу, шундай.

[9] акфор — куфр қилмоқ, кўпликда: кофирлар.

[10] экунчилик — деҳқонлик.

[11] ниндай фалсафага қўрадир — қандай фалсафага асосланади.

[12] мусоида — «мусоид» ёрдам берувчи. Бу ерда: ёрдам бермади маъносида.

[13] кўмоч нарсаси ширкати — Бухорода жадидлар томонидан очилган тижорат ширкатларидан бири.

[14] ижтиҳод — тиришиш, сайъ-ҳаракат.

[15] отиш ўйновчи — қиморбоз. Бу ерда: ошиқотувчи.

[16] Бухорий — асли исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (810—870). «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ» китобидаги ҳадислар назарда тутилади.

[17] Муслим — Муслим ан-Нишопурий машҳур муҳаддис назарда тутилади.

[18] ботиллик — ноҳақ, асоссиз. Бу ерда: беҳуда.

 


6 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин