Абдулҳамид Чўлпон. "Маликаи Турондод" (1927) |
13.03.2014 23:18
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
(Маскавдаги драм мактабимизнинг ишларидан)
Карлў Хўтси...
Вахтанғўф...
Аввалгиси милоднинг 1806 нчи йилида ўлиб кетган — италияли бир фожианавис.
Кейиигиси 1921 нчи йилларда ёш туриб ўлиб кеткан маскавли бир режиссурдир.
Хўтси Италияда «халқ кулгилари» деган йўлни авж олдирмоқчи бўлғон машҳур Саккининг жаҳонгашта, саёқ театр тўдаси билан бирга ўша йўлда чолишқон кишилардан эди.
«Халқ кулгилари» деган йўл ўзимизнинг қизиқларимиз тутқон йўлға бирмунча яқиндир. Уида ҳам машҳур, танилган қизиқлар бўлар эди, уларнинг исмлари (Панталуни, Биригалла, Тируффалдии ва бошқалар) бутун Италияга маълум эди. Ўйналадирғон ҳар бир асарда ўша қизиқларға лойиқ рўллар бўларди; асарда унинг бир қаҳрамони сифати билан ўйнай бералар лекин асл ўз исмларини ҳамма пиесаларда сақлаб қоларлар эди. Шу учундирким, Хўтсининг «Турондод»ида учрағон исмлар унинг «Илон хотин» деган асарида ва умуман, бошқа асарларида ҳам учрайди. Ҳатто ундан бурунроқ (1793 да) ўлган Карлу Галдўнининг асарларида ҳам (чунончи: «Икки бойға бир қарол» да) ҳалиги машҳур қизиқлардан Панталўни, Труффалдин ва Биригаллаларга учраймиз. Улар саҳнанинг ҳаммавақт кўрина турғон таниш юзлари, чеҳралари бўлғонлари учун «маска» (ниқоб) номини олдилар. «Комеди дарлорт» деганлари «Ниқобдорлар қизиқчилиғи» деган мафҳумни онглатади. У қизиқларнинг яна бир хусусиятлари ижодчи бўлишларида эди. Яъни асл пиесада уларнинг сўзлари кам бўлиб, керак жойда улар ўша замоннинг қизиқ гапларидан қўшиб сўзлар эдилар. Улар кучли ижодчи бўлғонлиқларидандирким, томошачиларни ҳамма вақт пиесада ёзилмағон сўзлар билан кулдириб келганлар.
Бутун дунё миқёсида шуҳратга эга бўлиб қолғон Евгений Ватанғўфнинг 3 машҳур «тузма»[1]сидан бири ўша Карлў Хўтсининг «Маликаи Турондод» деган асари эди. Бу асар Вахтанғуф номидаги театрда шу йил қишда 500 нчи марта қўйилишининг тўйини қилиб ўтказди. Ҳар якшанба куни кундузи, умуман кўб байрамларда бу асар тўқтовсиз қўйилиб туради. Ҳамма вақт томошачилар билан театр саҳни лиқ тўла бўлади...
«Агар ёш туриб ўлиб кетмасайди, чинакам инқилоб театрини яратқон бўлар эди», дейдилар унинг тўғрисида. Чинакам қувват ва қудрати энди очилиб келаётқонда жуда ёш ўлиб кетди. «Минг гулидан бир гули очилмасдан» сўлди бечора.
Инқилобни кўплардан бурун қабул қилиб, унга унаб, у билан ишламакка бел боғлағон Ватангўф инқилобдан бурун ёзилғон асарларга — ўйин йўли билан — инқилоб унсурларини пайванд қиларди. Болчиқли Метерлинкнинг «Антон авлиёнинг каромати» деган асарида. Вахтанғўф юқори табақа одамларини жуда қаттиғ масхара қилади. Унда «буржуази»нинг турли рангдаги кишилари энг олчоқ қилиқлар билан кўрсатиладилар.
«Габелма» деган яҳуд театри учун қўйиб берган асарида, «Ҳадебук»да яҳуд халқининг неча юз минг йиллиқ аламларини жуда ўткур қилиб кўрсатади.
Хўтсининг «Турондод» деган асари эрга тегишни истамаган ва эркакдан жирканган «нозли» бир хитой маликасини тасвир қилади. Қизнинг отаси Хитой хоқони Алтаум қизининг «нози» учун ҳадеб бош кесдиради. Қизининг эрга тегмак учун қўйғон шарти —учта жумбоқ (тобишмоқ) ни ҳал этиб беришдир; ҳал этканлар — қизни олалар, эта олмағонлар — бошларини кесдирталар... Астархондан бир нўғой хонининг ўғли бориб, жумбоқларни топқунча қанча йигитларнинг боши кетади. Бу ўзимизнинг эски Шарқ ҳикояси мажмуаларида («Ҳафт пайкар»ларда) учраб юрғон хаёлий ҳикоялардан биттасидир. Мавзу эътибори билан бу асар фожеъдир, қўрқинчдир. Лекин бояғи Италия қизиқларидан бир нечтаси аралашиб қолғони учун бир неча жойда яхши кулгилар берадир. Асарнинг тубандаги қизиқлик хусусиятига «ниқоблар қизиқчилиғи» йўлининг ижодий имконларига жуда чуқур тушунган Вахтанғуф қўрқинчли, фожеъли асарни жуда қизиқ бир кулгига айлантирди.
Асарнинг мавзуини, режасини, мафҳумини ўзгартмасдан янги шакл берди; ўюн, тузма ва мафҳумни чуқур онглаш йўллари билан асарни бошқа қолибқа солди. Асардаги қизиқлар, букун ҳам ўша қадимги исмларини таниганлари ҳолда, бу куннинг томошачисини бу куннинг мавзулари билан кулдиралар. Шунинг учун Хитойнинг неча минг йил бурунғи турмушидан олинғон, балки ёлғиз хаёл меваси бўлғон бу қадим асарда... бу куннинг радиоси, футўғироф машинаси, анкет тўлдиришлари тўғрисида сўзланади; ўша муюмларнинг ўзлари саҳнада кўринадилар...
Вахтанғўф тузмасининг яна бир тўб тилаги: хурофотдан томошачини совутмоқдир. Яъни асар бўлғон бир воқеадай эмас яхши, енгил, силлиқ ва текис ўйналғон бир уюндай кўринади.
Вахтанғўф бизга — томошачиларға бутун асар бўйича «Ишанманг! Ишанманг! Бу—бўлғон гап эмас! Ёлғон бир ҳикоя! Бу «ўюн» деб туради. Шу учун ўйнағучилар (қизиқлардан бошқалари) тугал саҳна кийими кийиб лозларини бўяб чиқмайлар. Тўғри, ўз кийимлари билан чиқалар-да, томошачилар олдида майда-чуйда латталарни у ер-бу ерларига илиб, ташлаб, боғлаб... хитой эртагисининг қаҳрамонлариға жиндак ўхшаб олалар... Жиндак! Биз, томошачилар Алтаум подшоҳ рўлини ўйнағон Уйғурни, шаҳзода ўйнағон Аброр билан Ҳожиқулни, қиз рўлидаги Турсунни, Сора, Замира, Баҳриниса ва бошқаларни баҳузур таниб ўлтирамиз... Бизни шу ҳикоятга ишантирмаслик учун ўюн йўли билан ҳам бирмунча чоралар кўрилган.
Маскавдаги драм мактабимиз бу йил шу асар устида ишламакчи бўлди. Вахтанғўфнинг шогирдларидан Симўниф режиссўрлиққа чақирилди. У Вахтанғўф театри ўйновчиларидан икки киши Талчаниф ва Басиф ўртоқларнинг кўмаги билан ишга бошлади. Асарнинг таржумаси каминага топширилғон эди. Қофиясиз лекин 11 ҳижоли вазн билан таржума қилиб чиқишқа муваффақ бўлинди. Албатта истудия «иш» деб турғон вақтда ўйлайиб-нетиб, ишлаб-тузатиб ўлтиришқа тўғри келмади. Бу унинг бошқа ўюнлари қаторида бир ўюни бўладир. Лекин асар тайёрланмоқда; келаси йил театр фаслида ёш жумҳуриятимизнинг ёш пойтахти у асарни кўра олади. Мунга ишонамиз.
Асар навбатдаги бир пиеса қўйилиши каби қўйилмасдан, фан-таҳлил йўли билан қўйилди десак бўлади. Режиссўр ва унинг эмакдошлари у асарни саҳнага қўйиб бериш учун эмас, ўша асар устида истудия талабаларига саҳна дарси бериш учун ишладилар. Шу учун бу асар бизнинг саҳнамизда ортиқча ҳурмат қозонолмоғонда ҳамки, саҳна кучларимизнинг юксалиши ва ўсиши учун катта хизмат қилғон бўлади. «Саҳнамизда ҳурмат қозонолмоғонда» дедим, бундан мақсадим шу: Маскавда жаҳонлар қадар донг топқон бир асар бизда балки жуда хор бўлар: Маскав томошачисиға сира ёқмағон бир нарса бизда катта ҳурмат топар, севилар. Бу фарқ ҳар ким учун очиқ ва равшан бўлғон фарқдир. Мунда асарнинг ёлғиз бир дарс қуроли бўлғонини кўз олдида тутиш керак. Иўқса, ўткан йилдаги каби янглиш тушунчалар бўлмоғи мумкин. Яъни, ўтган йил драм истудиямиз русчадан таржума асарларни кўнрак олиб борғони учун ҳажвий «Муштум» да жиддий койишлар бўлди. «Ўз турмушимизни келтирмаган!» дедилар. У асарлариинг рус режиссурлари томонидан мактабда тайёрланғон дарсликлар экани тушунилмади. Муносабат келган вақтда шу ерни пича ойдинлаштириб ўтишни лозим кўрдим.
[1] «Тузма»ни «постануфка» ўрниға ишлатдим. (Ч.)
Маликаи Турондот — «Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 1927 йил 5-сонида босилган.
Карлу Хўтси — Карло Гоцци (1720—1806), итальян драматурги. К. Гоцци театр санъатида янги жанр — фьяб (эртак) жанрини бошлаб берди. Уларнинг ичида энг машҳурларидан бири «Маликаи Турондот» (1762) дир.
Вахтангўф — Вахтангов Евгений Багратионович (1883—1922), рус режиссери, театр арбрби. «Маликаи Турондот» асарини Вахтангов 1922 йилда саҳналаштирган, бу унинг сўнгги постановкаси эди.
Ҳўтси... Саккининг жаҳонгашта, саёқ театр тўдаси билан бирга ўша йўлда чалишқон кишилардан эди» — К Гоцци, итальян халқ санъатига, хусусан, ниқоблар комедиясига чуқур муҳаббат билан қараган. У замондоши К. Гольдонини ниқоблар комедиясини сохталаштиришда айблаб, унга оппозицияда турган. Сакки — ниқоблар комедиясида қатнашган итальяи актёрлари оиласи. Мақолада улардан энг машҳури — Антоиио Джовани Сакки назарда (1708—1788) тутилади. Бу актёр К. Гольдони билан дўстона муносабатда бўлган. Гольдони унинг учун махсус учта сценарий ёзган, улардан бири «Икки бойга бир қарол» ўзбек саҳнасида ўйналган. Демак, юқоридаги гаппи шундан келиб чиққан ҳолда тушуниш, лозим.
Панталўни, Биригалла, Тируфалдин — Панталоне, Бригелла, Тру фальдино — «ииқоблар комедияси» театрининг доимий персонажлари.
«Комеди дарлорт» — тўғриси «комеди дсль арате» ниқоблар комедияси.
«Болчиқли Метерлинк» — Морис Метерлинк (1862—1949), бельгиялик шоир, драматург, файласуф. 1896 йилдан Францияда яшаган. «Антон авлиёнинг каромати» асари 1903 йилда ёзилган. Метерлинкнинг инқилобгача ёзилган пьесаларидан аксарияти рус саҳнасида ўйналган. М. Метерлинк 1911 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган.
«Габелма» деган яҳуд театри» — «Габима» номли яҳудий театр студияси 1918 йилда ташкил топган, иброний тилида спектакллар қўйган. Озгина вақт студияга Вахтангов раҳбарлик қилган, «Гадибук» трагедиясини шу ерда саҳналаштирган.
Ҳожиқул — Ҳожисиддиқ Исломов (1893—1933) илк ўзбек актёрларидан, Москва драмстудиясини тугатган. «Турондот»да Панталоне ролини ўйнаган.
Турсун — Турсуной Сайидазимова (1911 — 1929), илк ўзбек актрисаларидан. Москва драмстудиясида ўқиган, 1929 йил Бухорога гастрол чоғида ўлдирилган.
Сора — Сора Эшонтўраева (1911 йилда туғилган), машҳур ўзбек актрисаси, СССР халқ артисти. 1927 йилдан бери Ҳамза театрининг етакчи актёрларидан.
Замира — Замира Ҳидоятова (1909—1990), машҳур ўзбек актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти.
«Вахтангўфнинг шогирдларида Симуниф..» — Симонов Р. И. (1899 — 1968), рус актёри ва режиссёри, СССР халқ артисти. Вахтанговнинг шогирдларидан, 1924 йилдан унинг номидаги театр режиссёри.
Талчаниф — Толчанов И. М. (1891 — 1981), рус актёри, СССР халқ артисти.
Басиф — Басов О. Н. (1882—1939), рус актёри, 1919 йилдан Вахтангов студияси) кейин театрда ишлаган. Номи зикр этилган актёрларнинг ҳар уччови Вахтангов саҳналаштирган «Турондот»да қатнашиб, роль ўйнаган. |
|
Ибратли ҳужжатлар |
26.03.2014 03:44
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
Динимизга, азалий урф-одатларимизга, маънавият ва анъаналаримизга зид бўлган майхўрликнинг Мовароуннаҳр заминига кириб, авж олишидан ҳукмдорлару миллатнинг кўзи очиқ зиёлилари ва маърифатпарварлари қаттиқ изтиробга тушишган, бу иллатни кескин қоралашган.
Атоқли ўзбек давлат арбоби ва шоири Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 1525 йили имзолаган фармонидан: «Башар нафси ёмонликка мойил этишдан узоқ эмас. Қуръонда дейилган: «Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс, агар Парвардигорнинг Ўзи раҳм қилмаса, албатта барча ёмонликларга буюргувчидир». «Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир». Бу сўзларни ифодалашдан ва бу гапларни баён қилишдан ғараз шуки, инсонлик тақозоси, подшоҳлар расм-русми, подшоҳлик лавозими, мансабдорлар одати бўйича шоҳдан тортиб сипоҳийгача гўзал ёшлик кунларида шариат ман қилган баъзи нарсаларга ва айрим ўйин-кулгуларга ружу қилинарди. Бир қанча вақтдан кейин пушаймонлик кунлари келиб, улар битта-битта тарк қилинар ва чин тавба билан уларга қайтиш эшиги ёпилар эди. Аммо мақсад ва матлабларнинг муҳими ва буюги бўлган ичкиликдан қайтиш тавбаси «ҳар иш ўз вақтига боғлиқ» пардаси остида беркиниб, юзини кўрсатмас эди, токи бу яхши соатда зўр ғайрат билан уруш эҳромини боғлаб, шавкатли Ислом аскарлари ёрдамида кофирларга қарши жангга киришганимизда ғайб Илҳомчиси ва ҳақиқат Жарчисидан «Иймон келтирганларга вақт келмадимики, қалбларини Аллоҳнинг зикри ила юмшатсалар» мазмуни эшитилиб, гуноҳ ва саркашлик асбобини илдизидан қўпориб ташлаб, тавба эшикларини тўлиқ жиддият билан қоқдик. Тавфиқ йўлловчиси «Кимки астойдил эшик қоқса, киради», мазмунига мувофиқ иқбол эшигини очди ва бу урушни нафсга қаршилик кўрсатишдан иборат бўлган зўр уруш билан бошлашни буюрди. Алқисса, «Эй Роббим, нафсларимизга зулм қилдик»ни ихлос тилига келтириб, «Сенинг олдингда тавба қилдим ва мен мусулмонларнинг биринчисиман», деган гапни дил лавҳига нақш қилдик. Кўнгил хазинасида махфий қолган ичкиликдан қайтиш тавбаси истагини юзага чиқардик…». (тарихдан маълумки, Бобур Мирзо ҳазратларининг асосий ғалабалари айни шу майни қатағон қилган фармондан сўнг қўлга киритилган. Яна тарихдан маълумки, темурий подшоҳлардан Ҳусайн Бойқаро бошқарган мамлакатни айни шу ичкилик барбод қилган, унинг ўзи мастлигида суюмли ва умидли набираси Мўмин Мирзо қатлига фармон берган).
Хуросон ҳоқони Шоҳруҳ Мирзонинг 1440-1441 йилларда шароб тўкишга отлангани ҳақида: «Онҳазрат (яъни Амир Темурнинг ўғли Шоҳруҳ Мирзо) саккиз юзинчи ҳижрий йили Хуросон мамлакати салтанати тахтига тайин қилинди. Салтанат ҳаракатида бўлган гўдаклик чоғларидан то жаҳон халифалик тахтига чиқиб қарор топгани шу замонгача унинг олий истакка интилувчи ҳимматининг кўзда тутган мақсади ҳамиша ҳақ динни мустаҳкамлаш, пайғамбарлар саййиди Муҳаммад алайҳиссалом шариатини кучайтириш бўлиб келди ҳамда илоҳий фармонни ижро этишда, айниқса ман этилган ва номуносиб ишларни йўқотиш ва жиловлаб олишда ғоятда жидду жаҳд кўрстатди. Шу ҳолда муҳтасиблик олий мансабига мансуб бўлган шариф кишилар ифтихори Саййид Муртазо Саҳҳоф ва воизлар раҳбари мавлоно Абдужалил ал-Қоинийлар арзга етказдилар: «Онҳазратнинг адолати кўмагида бутун мамлакатда мастликни мушкин хатлик оҳукўз Хитой гўзаллари кўзидан бошқа ерда кўриш душвор ва хуморликни ёрнинг шаҳло кўзидан бошқа ерда учратиш мумкин эмас бир пайтда шаҳзодалар Мирзо Муҳаммад Жўкай ва Мирзо Алоуд-Давлаларнинг хумхоналари (шаробга) тўла, уни тўкиб ташлаш уёқда турсин, у ерга етиб боришнинг ўзи ҳам беҳуда хаёлдан иборат эди. Ҳазрат Ҳоқони саъид ўз шариф вужуди билан шароб тўкишга отланди, давлат оёғини саодат узангисига қўйиб отга минди ва Дарвозайи Хушдан ташқари чиқиб, Сепалак тарафига, хумхоналар ўрнашган жойга жўнади. Бадахшон лаълию руммоний ёқутнинг рашкини келтирувчи соф шароблар билан тўлатилган хумларни ҳеч ачинишсиз тупроққа тўкдилар. Шариат юқори қўйилганидан мамлакат янгидан равнақ олди ва салтанат бу ғамхўрлик шарофати билан ўзга бир тароват топди» (Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн» асаридан).
Миллатпарвар зиёлилардан Вадуд Маҳмуднинг (1898-1976) «Туркистон» газетининг 1923 йил 24 декабрдаги «Туркистонда майхўрлик» мақоласи: Бўза, май, умуман кайф берадурғон ичкиликларнинг зарарли бўлиши тўғрисида сўзлаб ўлтириш ортиқчадир. Унинг қандайин заҳри беомон экани илман собитдир. Яқинда бутун Русия олимларининг Масковда бўлуб ўткан қурултойи ақлсизлик – жинниликнинг ичкиликка жуда яқин алоқада эканини исбот этди. Бу нарса Туркистоннинг бутун шаҳар ва қишлоқларига ёйилғон. Ҳатто баъзи зиёлилар ва хотинларига ҳуррият тарафдори бўлғон кимсалар ўз оилалари билан ҳам «расман» ичишмакка бошлағонлар. Кўп кишилар бунинг кўп ичилишини билимсизликдан, зарарини тушунмаганликдан келадир, дейдирлар. Лекин бу тўғри эмас. Дўхтурлар ҳам тамаки ва «алкагул»нинг зарарини жуда яхши билатуриб, ўзларини шундан торта олмайдурлар. Бу, тўғриси, тарбиясизликдан келғондир. Бундай кишилар ўзларини идора эта олмайдурғон зотлардир. Бунга ўргангандан кейин қутулиш қийин. «Туркистон» газетининг ўтган сонларидан бирида Туркистон Халқ комиссарлар шўросининг кўкнори экишни ман қилиб чиқарғон қарори ёзилди. Биз муни кўриб халқни заҳарлайдурғон моддалардан бирини камайтириш ва битириш йўлиға киришилғонини кўруб, жуда севиндик ва олқишладук. Бугун ичкилик тўғрисинда ҳам ўз товушимизни халқнинг ҳомийи ва мураббийи бўлғон юқори ҳукумат доиралариға эшиттирмакчимиз. Ичкилик инқилобдан кейин бир неча вақтлар ман қилинғон бўлса ҳам, «иқтисодий сиёсат» билан яна эски ҳолиға қайтди. Самогун ва мусаллас пиширғувчилар билан кураш олиб борилғон бўлса ҳам, ул кўп вақт давом этмади. Шундан кейин яна ривож олиб кетди. Мана шу курашни тўхтатмаслик керак. Юқори доираларимизнинг, айниқса, бўлис ва қишлоқ ташкилотларининг ва халқимизни маданий ҳаётга яқинлаштирмоқ дардида бўлғон ишчиларимизнинг шу масалаға жиддийроқ қарамоқларини ўтинамиз.
МАЙХЎРЛИКНИНГ ЖАЗОСИ
Ўн тўққизинчи асрнинг бошларида Англияда ичкиликка берилган одамни тавба қилдириш учун эгнига ифлос кийимлар кийдириб, бўйнига «ароқхўр» деб ёзилган ёрлиқ осиб, энг малол келадиган ишларни қилдиришган.
* * *
Йигирманчи асрнинг ўттизинчи йилларида Мексика пойтахти Мехикода кўчада ётган мастни политсия машинасига олиб келиш «маросими»ни кинотасвирчи суратга олган. Агар маст киши биринчи марта қўлга тушган бўлса, филмни фақат унинг ўзига кўрсатишган. Иккинчи марта қўлга тушганида унинг қариндош-уруғ, таниш-билишларини тўплаб, уларга кўрсатилган. Агар учинчи марта яна маст ҳолда ушланса, қисқа бу филм пойтахт экранларида ҳаммага намойиш қилинган.
* * *
Буюк Карл замонида (742-814) май ичиб биринчи марта қўлга тушган кишини одамлардан холи қилиб қамаб қўйишган, иккинчи мартасида халқ олдида шарманда қилиб жазолашган, учинчи марта шу айб билан ушланганлар қатл қилинган.
* * *
Қадимги юнонларнинг қулдорлик давлати Спартада қул қилинган асирларга май ичириб маст қилишар, «бу мастларнинг аҳволи ёшларга сабоқ бўлсин», деган мақсадда ёшларга намойиш қилинар эди.
* * *
Қадимги Ҳиндистонда май ичмаслик ҳамма табақалар учун мажбурий бўлган. Ичкилик ичгани фош қилинган кимсанинг оғзига кумуш, қўрғошин ёки мис эритиб қуйишар эди.
* * *
Агар ҳиндистонлик браҳман (юқори табақадаги аслзода киши) маст бўлиб қолса, унга қайнаб турган шароб, қайноқ сув ёки сигир сийдигини то маст ўлгунича зўрлаб ичиришган. Браҳманнинг хотини ичкилик ичиб қўйса, хонадондан ҳайдаб юборилган, пешонасига шиша шаклидаги тамға босилган.
* * *
Будда (милоддан аввалги 2-аср) ва Конфутсий (милоддан аввалги 5-аср) ҳам ичкилик ичишни қатъий ман этишган. Хитой императори Бу Ванг (милоддан олдинги 1200 йиллар) эса бадмастларни ўлимга ҳукм қилган. Ҳозирги пайтда Хитойда автомобилни кайф ҳолда бошқарганлар ҳам ўлим жазосига ҳукм этилади.
* * *
Рус подшоҳи Пётр Биринчи ичкилик ичган кишининг бўйнига «ичганлиги учун» деб ўйиб ёзилган оғир чўян «медал»ни осиб қўйишга буюрган.
* * *
1874 йили Америка аёллари ичкиликбозликка ва бунинг ўчоғи бўлган қовоқхоналарга қарши исён кўтаришди. Аёллар қовоқхоналарни қамалга олиб, у ерга ҳеч кимни киргизишмади. Бочка-бочка шаробларни ариққа оқизишди. Қовоқхона эгаларини калтаклаб, бошқа фойдалироқ касб қилишни тавсия этишди. Минглаб ёш болалар майдонларга йиғилиб, ичкиликка норозилик билдиришган. Улар: «Оталар, оналар! Сизлардан ўтиниб сўраймиз: ичкиликка қарши астойдил курашинг! Бизни маст оталар, маст оналар калтаклашяпти», деб ёзилган плакатларни кўтариб олишган эди. Ичкиликка қарши аёллар ва болаларнинг норозилик исёни Глексборгадан бошланиб, кейинчалик бутун Америкага тарқалган эди.
|
|
|
Абдулҳамид Чўлпон. "Яна уйланаман" (1927) |
13.03.2014 23:17
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
(Маскавдаги драм истудиямизнинг бу йилги ишларидан)
— Юсуфжон акам саҳнада!
— Машҳур қизиғимиз Юсуфжон ака Москвага келибдирда бирор саҳнада қизиқлиқ қилибдир. 1923 йилда бўлиб ўткан бутун иттифоқ деҳқончилиқ кўргазмасига аралошқон Юсуфжон акам ўшанда Маскав саҳнасига (тўғриси: майдонига) бир қур чиққон эди. Демак, бу янгилик бўлмайди. Янгилик шундадирким, бу чоққача қизиқ сифатида саҳна ва майдонларга чиқиб келган Юсуфжон ака, бу йил Маскав саҳнасига (саҳнасига!) муҳаррир, ёзғувчи, фожеъанавис сифатида чиқди. Бу кунги суҳбатимиз ана ўша тўғрисида.
Юсуфжон акамнинг ҳар қаерда неча йиллардан бери айтиб келган бир кулги ҳикояси бор. Унда, бир имом домланинг — номоз вақтида ғалати ҳийла қилиб маҳалладан икки йиллик ҳаққини ундириб олғонлиғи айтилади. Юсуфжон аканинг сўзлашида бир неча оғиздан ошмағон бу ҳикоя, мазмун ва мавзуи жиҳатидан қизиқ ва бойдир. Бу ҳикоянинг «авжи жойи» ғалати бир «қўрқинч» (трюк)ни кўрсатади. Режани яхши чизиб, уни бир адабий ҳикояга айлантирганда гўзал нарса чиқар эди. Мен шундай қиларман деб ўйлаб юрар эдим.
Шу йилги ўқиш мавсумида Маскав драм истудияси, машҳур Мейерхулд театри актурларидан ўртоқ Свердлинга, бир мустақил асарнинг «тузма» (постановка (Ч.) сини топширмоқчи бўлди. Таржима асарлар етарли бўлмоғонлиғидан асл (оригинал) асар қўймоқчи эдилар. Ўртоқ Свердлин, истудиянинг кўрсатиши бўйинча, менга йўлиқди. Мен унга Юсуфжон акам ҳикоясининг қисқағина мазмунини айтиб бериб эдим, маъқул бўлди ва боши-кетига кўринишлар қўшиб тезлик билан ёзиб беришга буюрди. Ана шу билан «Яна уйланаман!» деган — 3 парда 7 кўринишли асар майдонга чиқди.
Шу йил апрсль ойида ўша асар Маскавда кўпчиликка кўрсатилди. Бутун нттифоқ шўролар қурултойиға келган қийматли вакилларимиз ҳам керакли бўлакларини кўрдилар. Келгуси қиш мансумида асар Ўзбекистон пойтахтида кўрсатилса керак.
Асарнинг «катта машқи» (генерал репетитсияси)ни кўрган ўртоқ Февралский (марказий «Правда» газетасининг театршунос муҳаррири) «Правда»нинг 92 нчи сонида унинг тузмаси тўғрисида мана бундай дейди: тузмачи Л. Свердлин, испектаклда Оврупо ва ўзбек театрчилигидаги[1] унсурларни бирга тўплағон. Яъни: бир томондан Шарққа хос қизиқ ҳаракатлар берган, испектаклни рақс, ашула ва чолғилар (танбур, дутор, чилдирма, ноғора, карнай ва бошқалар) билан тўлғизғон: иккинчи томондан Шарқ халқининг ўлтириб гаплаша беришдаги «зерикдириш» таъсирларидан испектаклни қутқарғон. Лекин, гаплаша бериш ва секин қимирлашдан қочилғон вақтда албатта, жуда иҳтиёт билан қочилғон: Шарққа хос у аҳволнинг тасвирлари хали ҳам испектаклда бор. Ўртоқ Свердлин, ўзбек турмуши билан ошналиғи орқасида, турмушнинг энг қизиқ онларидан бир неча парчалар кўрсаткан (мачит олдидағи кўча, бойни ҳадим қилиш, тўй каби), сўнгра ёшларни эски урфлардан йироқлаша борғонини кесатиб ўткан.
Испектакл, режиссурлиқ жиҳатидан қарағонда, эслилик билан, қизиқ қилиниб ва шу билан бирга кўпчиликка онглашиларлиқ равишда қўйилғон. Саҳнанинг ясалиши шартли (условно) ва содда (ҳаммаси бўлиб 130 сўм кетган)».
Ўртоқ Февралский, испектаклга аралашқон актурларга айрим-айрим тўқтамасдан, умумий суратда мана бу бир неча оғиз гапни айтиб ўтади:
«Ёш актурлар жуда қизиқиб ўйнайдирлар; зўр қобилиятлари бўлғон бир неча актурларни кўргандан кейин, Шарқнинг халқ оммалари орасида қандай бой артистлик кучлари бўлғонлиғини кўрасан».
Ўзбекистонда саҳна кўрмасдан туриб, асар ва унинг тизмаси тўғрисида бундан ортиқ гапириб бўлмайди. Бу ерда шунигина айтиб ўтиш лозимдирким, ўзбек театри — ҳали ёш ва бола бўлишиға қарамасдан — турли театр маслаклари билан амалий танишишда кенг йўл билан бормоқдадир. Маскав, драм истудияси, бу ернинг театр оламига ғалвалар солғон бир ғалати оқим — Мейерхулд оқимини — ўз турмушиға олиб кўрсатмак билан, қизиқ бир тажриба ясайди. У оқимнинг биздаги йўқсуллар оммасига қандай таъсир қилиш, ёқиб-ёқмаслиғи, шу йил қишда англашиладирғон «сирлар»дан. Қўклам келди, ёз навбатда. Истудия ўктабрнинг ўн йиллиқ тўйида чинакам саҳна кўрадурғон бу асарининг «мирзоси» (муҳаррири демайман!) Юсуфжон акага, тузмачи Свердлинга, режиссур-кўмакчи Лутфулла, чолғи раҳбари Мирўнуф, суратчи Ефиминко ўртоқларға ўзининг миннатдорчилиғини билдиради.
[1] Бундаги «театрчилик» ҳаракатларнинг турмуш қонунларига эмас, театр қонунларига мувофиқ келиши маъносидадир.
Яна уйланаман — «Ер юзи» журнали, 1927 йил 23-сон.
Юсуфжон ака — Юсуфжон қизиқ Шакаржонов (1869 — 1959), машҳур қизиқчи, ўзбек халқининг ардоқли санъаткори, Ўзбекистон ССР халқ артисти.
Свердлин Лев Наумович (1901—1969) — рус актёри, СССР халқ артисти. В. Мейерхольд шогирди. 1924—1931 йилларда Москвадаги ўзбек давлат драмстудиясида театр санъати сирларидан сабоқ берган. |
|
Мусулмон ҳукмдорлар – золим бўлишганми? |
25.03.2014 18:31
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
Ғарб муаллифлари орасида “Ислом тарихининг ўрта аср даврини теократик тузум, ундаги ҳукмдор Худонинг ер юзидаги халифаси, унинг фармонларига ҳеч ким қарши чиқа олмайди” деган мулоҳаза кенг тарқалган. Бундай ҳукмдорларни фақатгина сарой ичидаги фитна-фасодлар билан ағдариш мумкин. Ҳатто, шарқшунослар доим мақтаб келадиган султон ва халифлар ҳар қандай фармон ва қарорларнинг мутлақ ҳокими сифатида қабул қилган, мусулмон дунёсининг тақдири уларнинг кайфиятига боғлиқ, деб қабул қилганлар.
Шарқшунослар фикрига кўра, мусулмон дунёси – ҳукмдори золим ё доим маст сарҳуш хотинбоз... Ғарб онгидаги мусулмон давлати ҳақидаги тасавввур ҳамон ўзгармаган. Ҳукмдорнинг ўй-ҳаёли хотинлар ва халқ фақат унга бўйинсиниши керак эмиш.
Бироқ, Ислом тарихини чуқур ўрганиб чиқсак, юқорида айтилган нарсалар ҳақиқатдан анча йироқ экани маълум бўлади. Аслида, Ислом ҳукмдорлари ўз маъсулияти ҳақида илғор ёндашувда бўлишган экан.
Масалан, шарқшунос Уилям Мюр Мисрнинг энг буюк ҳукумдорларидан бири бўлган Султон Зоҳир Бейбарсни шавкатли ҳукмдор бўлганлигини ёзади.
Султон Бейборс мағуллар ва салбчиларга қарши катта ҳарбий ҳаракатларни амалга оширган ҳамда иқтисодий ва қишлоқ хўжалигига оид зарурий ислоҳатларни амалга оширган. Кўприклар, тўғонларни бунёд этган, мамлакатда тинчлик сақлаган ҳамда аҳолини ижтимоий таъминот билан таъминлаган. У кўзга кўринган истеъдодли ҳарбий раҳбар ва катта таъсирга эга шахс бўлган ҳисобланади. Замондошлари ундан кўрқишган. Кўпчилик уни золим бўлганини айтишади, бироқ тарих бунинг аксига гувоҳлик бермоқда. Султон жамоатчилик фикрини инобатга олган ва халқнинг манфаатларига мувоффиқ сиёсат юритган.
Ўша даврларда фуқаролар жамиятининг пешволари сифатида уламолар ҳисобланар эди. Шундай уламоларнинг бири Изз ибн Абдусалом эди. У Миср тарихида муҳим ўрин эгаллаган. Султон Бейбарс уламолар фикрига қулоқ солган ва уларга қарши бормаган.
Яна, ҳукмдорлар ичида катта обрўга эга олим ва қози Тожиддин ибн бинт Ал-Ааз ҳам бўлган. Бейбарснинг муҳим вазирларидан бири Баҳоуддин бин Ханна Ал-Аазнинг халқ орасидаги катта обрўси туфайли унинг ёрдамига доим муҳтож бўлган, Бейбарс эса сиёсат масалалари бўйича уламо билан доим маслаҳатлашиб турган.
Жуда кўп асарларнинг муаллифи ва жуда кўп олимларнинг муаллими бўлган имоми Муҳиддин Нававий ҳам ҳукмдор билан узаро алоқада бўлганлигига яна бир мисолдир.
Султон Бейбарс Дамашқда баъзи объектларни мусадора қилганида имом Нававий Дамашқ аҳолисининг ҳуқуқини ҳимоя қилиб сиёсий кураш олиб борган. Имом Нававий Бейбарсга ҳукмдорнинг ўз халқига қандай муносабатда бўлиши кераклиги ҳақида Исломий ҳукмларни ёзиб, тушунтириб юборган. Ҳамда султоннинг Дамашқ аҳлига келтирган зарарини ҳам ёзган. Нававийнинг мактуби илтимос оҳангида эмас балки султоннинг шариатга (қонунга) амал қилиши ҳақида аниқ кўрсатмалар эди. Султон унинг мактубини ўқишдан бош тортганида имом қатъиятлик кўрсатган. Бейбарс уруш учун аҳолининг мулкини мусодара қилмоқчи бўлганида ҳам Нававий султонни танқид қилган. Султон эса ўз ўринда уни Дамашқдан бадарға қилган. Сўнг Дамашқ уламолари султон қарорига қарши чиқиб, имоми Нававийини қайтаришга мувоффақ бўлган.
Уламолар ва султонлар ўртасидаги ихтилофлар кўпинча ҳукмдорлар мавқеи ва таъсирига боғлиқ бўлган ва султонларнинг уламоларнинг талабларига бўйинсиниши шахсий масала бўлмаган, балки халқ иродасига бўйисиниш масаласи бўлган.
Юқорида зикр қилинган фактлар Ислом оламида ҳукмдорлар “амри маъруф ва наҳий мункар” тамойилига асосланган халқ иродасига бўйинсиниши кераклигини исботлайди. Омма, ҳукмдорга бўлган муносабатида ҳам мазкур тамоилга асосланган.
Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади |
Янгиланди ( 02.09.2014 23:20 )
|
|
|