Саналар
22.12.2024
Баннер
Абдулҳамид Чўлпон. "Иблис" (1923)
13.03.2014 23:16    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ушбу март ойининг еттинчисида чоршанба куни ўзбек драм тўдаси томонидан қишлоқ «Турон»да Қофқосия туркларининг атоқли адиб ва шоирлари Хусайин Жовиднинг тўрт пардалик «Иблис» фожиаси ўйналди.

Ўртоқ Хуршид қалами билан ўзбекчалаштирилган бу асар байт оралаш ёзилғон адабий, ишқий ва ҳарбий бир томошадир. Бу асарда йигирманчи маданият асрида яшағон одам болаларининг қўлларидағи билим ва ҳунарни қон тўкиш, одам ўлдириш, хонумон бузиш каби эгри ва ёмон ишларга сарф этиб, ёмонлиқ ва ярамасликда Иблис(сатана)дан ҳам ўтиб кетганликлари кўрсатиладур. Бутун ёмонлиқларнинг туб омили деб юргазилатурғон Иблис бу асарда, «одам болаларининг ёмонлиқларини кўруб шарманда бўлуб қолғонлиғини» билдирадир. Асарнинг асл ўзи шундайми ёки, қўл билан неча маротаба кўчирилиб ёзилғон нусхадан ўзбекчалашдирилиб, «шўрбасининг, шўрбаси» бўлуб қолғонлиғиданми, билмадим, асарда дарров сезилатурғон бир қаршилик (зидлик —противоположность) бор. Юқорида айтганимдек, «ёмонлиқда одам болалари мендан ўтдилар» деб даъво қилғон Иблис асарда бошдан-оёқ ёмонлиқни ўзи қиладир. Ўзи ҳақиқий омил шаклида кўриладур.

Одам болаларининг ёмонлиқларидан тўйғон ва шул сабаблик, улар орасидан қочиб ўрмонларга кетган Ориф қисман ўшал иблиснинг ҳийласига алданиб, катта жиноятлар қиладур. Яъни: уни севгувчи бир гуноҳсиз қиз (Ховар) нинг заҳар ичиб ўлмакига сабаб бўладир. Охирда келиб ўзи суйиб юрган бир қиз учун ўз укаси (Васф) ни отиб ўлдирадур. 1925 ва 16 нчи йилларда бўлғон машҳур Чаноқ қалъа урушини хаёл билан кўрган чоғида (биринчи парда), одам болаларига ва уларни йўлдан урғувчи Иблисга шу қадар лаънат ёғдирадурким, сира қўя қолинг! Биринчи пардада шу ҳолда бўлғон ва ундан сўнгги пардаларда ҳам одамларнинг ёввойилигидан шикоят қилғон ҳам Иблисни қарғағон Ориф 3 нчи пардада Иблиснинг қўлини ўпадур, уни бир пир, бир каромат эгаси, бир Хизр деб эътиқод қиладур. Дуруст, ул пардада Ориф Иблисни одам қиёфатида кўрган, танимағон эди, локин одам болалари учун Иблисдан ҳама вақт хавф-хатар борлиғини яхши тушунатурғон эди.

Пиесанинг сўнгги пардасида Онатўлидағи турк исёнчилардан бир киши (Элхон) кўрсатиладир. Бу исёнчи Онатўлида иттифоқчиларға қарши инглиз жосусларини франсуз айғоқчиларини, хиёнатчи (сотилғон) араб ва туркларни кўб суруштуруб ўлтурмасдан, марҳаматсиз отиб ўлдирадур, адолатдан жуда юксак сўзлар билан оҳ айтадур. Аммо ўзи жаҳонгирларга қарши Онатўлида бош кўтарганларга (камолчиларга) қаршидур. «Эҳтимол, қишлоқ халқи ва ишчи омма манфаатини кузатадурғон кишидур», демоқчи бўлсак, у эски пошшоларнинг биридур. Унинг сўзларида ҳалиги тўғрида имо-ишорат йўқ. Эҳтимолким, бу нарса пиесанинг «шўрбанинг шўрбаси» бўлғонлиғидан келган бўлса.

Ўйналиш жиҳатига келсак:

Саҳнага кириш-чиқиш, сўзларни вақтида айтиш, фонарларнинг ёниш-ўчишларида кўрулган бирмунча камчиликларни санамасак, умуман текис ва зарарсиздир. Иблис рўлида Аброр, Ориф рўлида Уйғур, ибн Ямин (хоин араб) рўлида Сайфи яхши эдилар. Қизларнинг иккови ҳам (Раъно, Ховар) зарарсиз ўйнадилар. Бунларда фақат юмшоқлик, бўшлик бор эди. Бошқалар ҳам текис олиб бордилар. Халқ тўла, унум яхши эди: ҳатто жой бўлмасдан қайтиб кетганлар ҳам кўб бўлғон. Шу ерда кичкинагина бир нарса ёзиб ўтишни керак билдим. Бу томошага «ёшлар» деб аталғон «миллатпарвар»ларнинг ҳам кўблари келган эдилар. Ҳатто янги шаҳар театрларидан сира қолмайтурғон баъзи бир «ортиқ маданий» ёшларимиз ҳам шу томошада бор эдилар... Демак, булар ҳам бу йўли ўз саҳналарига қизиққанлар экан... кўз тегмасин!


_________________

Иблис — «Туркистон» газетасининг 1923 йил 14 март сонида эълон қилинган.

Ҳусайн Жовид (1882—1941) — атоқли озарбайжон шоири ва ёзувчиси, драматург. Ўз ижодий фаолияти давомида 18 та пьеса (уларнинг кўпи шеърий) ёзган. Ўзбек саҳнасида булардан — 1915 йилда ёзилган «Шайх Санъон» ва 1917 йилда ёзилган «Иблис» пьесалари қўйилган.

«Камолчилар» — 1918 йилда босқинчиларга қарши бош кўтарган турк ватанпарварларининг раҳнамоси Мустафо Камол «Отатурк» тарафдорлари.

 
Ислом тарихидаги илк даволаш муассасалари
22.03.2014 14:43    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ислом жамиятидаги дастлабки шифохоналар сифатида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаёқ пайдо бўлган кўчма касалхоналарни қайд этиш жоиз. Бу касалхоналар мусулмон қўшини билан биргаликда кўчиб юрарди. Ушбу анъана Ислом тамаддунининг бутун тарихи давомида сақланиб қолди.

Ҳижратнинг 706 йилида Дамашқда уммавийлар халифаси Ал-Валид томонидан қурилган биринчи тўлақонли шифохона вужудга келгунга қадар бир неча ўн йиллар ўтди. Бу шифохонада турли касалликларга чалинган беморлар (жумладан кўзи ожизлар ва ҳатто моховлар ҳам) даволаниши мумкин эди. Ушбу дастлабки шифохонанинг жиҳозлари, ходимлари ва ундаги ишнинг ташкил этилиши келажакда юзага келадиган шифохоналар учун намуна бўлиб қолди.
Шунингдек, Бағдодда ҳам Ҳорун ар-Рашид ва ал-Мансур томонидан шифохоналар қурилди. Қоҳирада биринчи шифохона 872 йилда Фустатда, шаҳар волийси Ибн Тулун даврида таъсис этилди.
XII асрга келиб, шифохоналар илғор илм-фанни ривожлантириш муассасаларига айландилар. 1156 йилда Нуруддин Занги томонидан барпо этилган ан-Нурий шифохонаси бунга мисол бўла олади. Шифохонада беморлар яхшилаб даволанар, шунингдек, сифатли ва тўйимли овқатлар билан парваришланар эди. Бундан ташқари, шифохонада таълим олишни истовчилар учун катта кутубхона ҳам бор эди.

Султон Қоловун Мансур Қоҳирада Дюрант томонидан тавсифланган, ўша даврнинг энг улкан шифохонасини қуради.
Тўртбурчак шаклдаги бу улкан тиббиёт иншоотининг ҳовлисида тўртта муҳташам бино қад ростлаган бўлиб, теварак-атрофни фавворалар ва ариқчалар салқинлатиб турган. Шифохонада турли касаллик учун алоҳида бўлимлар, тузалаётган беморлар учун алоҳида хоналар, шунингдек, лаборатория, лазарет, амбулатория, парҳез таомлар ошхонаси, ҳаммомлар, кутубхона, маърузалар зали бўлган, бундан ташқари, шифохонада руҳий хасталар учун энг қулай яшаш шарт-шароитлари муҳайё қилинган. Даволаниш эркагу аёл, бою камбағал, қуллару ҳурлар учун бепул бўлган.  Қолаверса, тузалаётган беморларга йўл ҳақи тўланган, шу туфайли эндигина соғайиб, уйига қайган кишилар тезда ишга чиқишга мажбур бўлмаган. Кўзи ожиз беморлар учун майин мусиқа чалиниб турган, бадиий сўз усталари уларга тарих китобларини ўқиб берганлар.

 

 
Абдулҳамид Чўлпон. Саҳнамизда (1922)
13.03.2014 23:15    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

— Ижроқўм биносида!

— Катта томоша!

— Тонг отқунча танса!.. Мана Эски шаҳар ўзбек санъатининг чопқиллаб, югуруб кетиб бориши шу йўлдадир.

Сўнг кунларда хунук-хунук, қўпол-қўпол, саводсизларча ёзилғон шундай эълонлар орасида «Ҳалима», «Або Муслим», «Гуноҳкорнинг оиласи» каби жиддий нарсалар ҳам кўрула бошлади. Бизнинг бояқиш Давлат труппаси ёлғуз Эски шаҳар маориф шўъбаси томонидан берилиб турғон оз-моз ёрдамга таяниб, питиллаб, қимирлаб ётқонға ўхшайдир. Устига қора бўёқ берилса қора «бархут» тусини олиб, пачақланғон, синғон, йиртилғон саҳнамизнинг «гуноҳларини» ёпиб туратурғон калинкурми, қопми, нимадир олинғон; яқинда бечора томошачилар парда орасида зерикиб, ухлаб кетиш балосидан бир қадар қутулурлар, деган умид бор...

11 декабрда ўшал ўзимиз кўрган қишлиқ «Турон» биносида — юзинчи мартаба бўлса керак — «Ҳалима» ўйналди.

«Ҳалима»да ўзбек саҳнаеида бирдан-бир ўзбек ҳаётининг энг қаттиғ фожиаси, энг кулги ўринлари, энг аҳмоқларча тўй-томошаси кўрсатилгандир.

Шунинг учун бўлса керак, асарнинг алланечанчи мартаба қўюлушиға қарамасдан халқ тўладур, жой тегишмайдир.

Узоқдан-узоқ кутиш, пардага кўз тикиш натижасидан ниҳоят парда очилди.

Бузуқ, йиртиқ-йиртиқ, қўпол, ранги ўчган, туллаб-кетган декаратсия.

Ўюн ўшал ўзимиз кўрган ўюн, ўйнағучилар ҳам ўшал ўйнаб юрганлар... Фақат, бошиға «Гулёр» куйи билан бир хўр ортдирилғон ва бу мартабада ўюнға Эски шаҳар бола боғчаларининг ҳамма мураббиялари дегундек аралашқонлар. Хўр яхши хўрдур; локин қўшуғи жуда узун, бунинг устига ёд олинмағонлиғини ҳам қўшсак, бўш ва маъносиз. Мусиқа бу сафар жуда эзди, бир неча куйни саҳна билан баробар олиб бора олмади. Гримлар ҳам жуда ортиқ даражада сунъий эди. Шу ёд олмағонлиқнинг натижаси бўлса керак, қизнинг онаси совчи хотунларга: «Келинглар, эсон-омон келдингларми?» деб 80 тош йўлдан келган меҳмонга айтилатурғон сўзни айтадир. Сўнгра, совчилар чиқиб кетаётқанда, уй эгаси: «Яхши қолинглар!» дейдир. Шундай бўлса ҳам она рўлида (1 ва 2 пардаларда) Р. Туташнинг жуда ботирлик билан дадил гапириши яхши. Бизнинг саҳнамизда баъзи бир артисткаларимиз жуда сиқилиб, тортиниб ўйнайдилар. Саҳнада эркин бўлиш — бу энг керак нарсадир. Иккинчи пардада айтилган азон ўзи жуда жойсиз бўлиши билан баробар шу қадар тез айтилдиким, такбир ҳам бундан секинроқ айтилгучи эди.

Иккинчи парда энг фожиалик бир пардадир. Унда шодлик билан қайғининг қаршиға-қарши келиб қолишлари жуда нозикдир. Бир тарафда ўлим, йиғи; иккинчи томонда тўй-томоша. Бир томонда фақирлик, йўқсуллиқ; иккинчи томонда бойлик, исроф... Мана бу парданинг таъсирини бузғон нарса: қиз томонда гап бошланғонда, йигит томонда онанинг шовқун қилиб, йиғлаши бўлди. Одатда саҳна иккига бўлинганда, бир тараф сўз бошлағонда иккинчи томон товуш чиқармаслиғи керак эди. Сўнгра бу парда ўзи ҳам эртарак тушди.

Охирги парда бутун мураббиялар аралашқони ҳолда жуда совуқ чиқди; жонлилиқ тўй ва келин тушурди вақтидағи гап, сўз, шовқун, тўпаланг, ўюн бўлмади. Бу парданинг энг қизиқ вақтида электрикнинг ўчуб қолиши, орадан қарийб ярим соат ўткандан кейингина бир хира чироғ ёндирилиши... бешинчи парданинг ҳақиқий фожиаси мана шулар бўлди.

Рўлларда: Маъсума хоним, Аброр, қизнинг отаси йигитнинг отаси яхши эдилар. Бошқалари ҳам текис ўйнадилар.

Ўюн чоғида пиражектурнинг қилғон адабсизликларини айтайлик-да, «Ҳалима» тўғрисида сўзни тўқтатайлиқ.


_______________

Саҳнамизда — «Туркистон» газетасининг 1922 йил 16 декабрь сонида «К» имзоси билан эълон қилинган.

«Ҳалима» — драматург Ғулом Зафарий (1889—1944) нинг шу номли драмаси. 1920 йилда саҳналаштирилган «Ҳалима» драмаси 20-йилларда бир неча ўн марталаб ўйналган.

«Гуноҳкорнинг оиласи» — итальян драматурги П. Джиакометти қаламига мансуб «Хоиннинг оиласи» номли асар 1921 йилда Давлат труппаси томонидан саҳналаштирилгани маълум. Чамаси, бу ўринда шу асар ҳақида гап бормоқда.

 
Нобел мукофотига сазовор бўлган биринчи мусулмон олим
22.03.2014 14:26    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Аҳмад Ҳасан Зувайл 1946 йил 26 февралда Миср Араб Республикасининг Даманҳур шаҳрида оддий бир оилада дунёга келди.
Отаси Дасуқ шаҳридаги шифохонада техник кузатувчи вазифасида ишлар эди. У уч қиз ичида танҳо ўғилдир. Опа-сингиллари: Ҳоним, Сиҳам ва Ниъмалар.
Оила муҳити болакайни ёшлигиданоқ муваффақиятига ундар эди. У болалигида хонасининг эшигига “доктор Аҳмад Зувайл” деб ёзиб қўйган эди. У ёшлигига қарамай уй, манзил жиҳозлари устида тажриба олиб борар эди.
Аҳмад тўрт ёшга кирганида оиласи билан бирга Кафрушшайх вилоятига қарашли Дасуқ шаҳрига кўчиб ўтди. У ўша ерда вояга етиб, асосий таълимни мана шу шаҳарда олади.
Аҳмад Зувайл бошланғич таълимни Дасуқ шаҳрида ўтаб, бошланғич ва таянч босқичи дипломини “ан-Наҳза” номли мактабда қўлга киритди. Академик лицей дипломини эса “Дасуқ” мактабида қўлга киритди.
Умумий лицей дипломини қўлга киритгач, Искандария университетидаги илм-фан факултетига ўқишга кириб, у ерда 1967 йили химия соҳасида бакалаврлик имтиёзни қўлга киритди. Факултетда декан лавозимида ишлади. Сўнгра “ёруғлик илми” хусусида тадқиқот олиб бориб, магистр даражасига эга бўлди.
Доктор Аҳмад Зувайл амалий келажакдаги ишини 1966 йили Искандария шаҳридаги Shell номли ширкатда ишлашдан бошлади.
Америка Қўшма Штатлари стипендияси билан у ерга сафар қилиб, Пенсилвания университетида лазер илми бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Сўнгра, 1974-1976 йиллари Калифорниянинг Беркли университетида тадқиқотчи бўлиб ишлайди. Сўнгра Калтех технология институтига кўчиб ўтди. У Америкадаги энг катта ўқув даргоҳларидан биридир. 1982 йили Америка фуқаролигига қабул қилинди. Бу киши Калтех билим юрти ичида илмий мансабга кўтарилди. Охири бориб, мазкур даргоҳда химия фанидан “етакчи устоз” даражасига кўтарилди. Бу нарса Америка университетларининг энг олий илмий мансабидир.
1991 йили Аҳмад Зувайл химия бўйича нобел мукофотига сазовор бўлди. Бу билан у киши мусулмон ва араблар ичида химия бўйича биринчи нобел мукофотини қўлга киритган шахс бўлди. Бундан аввал Нажиб Маҳфуз адабиёт соҳасида, Муҳаммад Анвар Садат тинчлик бўйича нобел мукофотини қўлга киритишган эди.
Аҳмад Зувайл бир неча мансабларда ишлаб келган.
Масалан, Linus Pauling институтида химия моддасидан етакчи устоз лавозими.
Калифорниядаги технология институтида устоз вазифаси.
Атом илмлари лабараториясида директори лавозими.
Science ва Nature каби халқаро илмий журналларда Аҳмад Зувайлнинг 350 дан ортиқ илмий тадқиқотлари нашр этилди.
Американинг уйғонишига ҳисса қўшган машҳур шахслар ўрнидан жой эгаллади. Америкадаги лазерь олимларидан 29 тасининг ичида 18-ўринни эгаллади. Ушбу рўйхат ичида Альберт Эйнштейн ва Александр Грэхем Белллар бордир.
Аҳмад Зувайл фемтосекундлик спектроскопия (Femtosecond Spectroscopy) яъни, лазер ёрдамида ишлайдиган ғоятда тез тасвирга тушириш низомини ихтиро қилди. Фемтосекундда суратга тушириш дегани у - сониянинг минг миллиарддан бир улушича муддат,  деганидир. Яъни 15та ноль бўлиб (10−15 ёки 0.000 000 000 000 001)дир.
Бу вақт бирлигининг бир секунддаги улуши бир секунднинг 32 миллион йилдаги улушига тенгдир.
Бу илмий кашфиёт молекулалар реаксиаси жараёнини нафақат кузатиш, балки исталган вақтда уларни ўзгартириш учун аралашиши имконини ҳам беради. Биз уч ўлчамли фазода молекулалар ва атомларнинг ҳаракат картасини тузамиз. Натижада уларни кўрибгина қолмай, балки ҳаракатларини кузатиш, ўзаро тортишиш қонунларини ўрганиш, молекулалар ва атомларнинг бир-бирига интилиши ва қочиши, қўшилиши ва бўлиниши қандай кечишини аниқлаш мумкин бўлади.
Янги асрнинг бу илмий мўжизасини оддий тирик тўқималардан азон муаммоларига қадар мураккаб моддаларнинг табиати ва қонуниятларини ўрганишга қаратилади. Буларнинг барчаси энг оддий зарраларни билиш ва тушунишни талаб қилади. Бу илм ҳосиласи пировард натижада инсониятга тирик организмдаги барча жараёнларни бошқариб турувчи инсон тўқималарини бошқаришни ўрганиш имкониятини беради. Олимлар тирик организмдаги жараёнларни ирсиятга мувофиқ ирсий белгиларни – хулқ атворини, турли наслий касалликларини келиб чиқиши даражасида ўрганиш имконига эга бўладилар. Ниҳоятда катта тезликда содир бўлаётган ибтидоий заррачаларнинг феъл-атвори, тузилиши, ҳалок бўлиши, бўлиниши жараёнларини лазер нури ёрдамида плёнкага қайд этиш мумкин. Бу нарса худди футбол матчининг секинлаштирилган кино тасвирини эслатади.
Аҳмад Зувайл: “Мен молекулалар ва энг майда зарраларнинг руҳиятини (психологиясини) ўрганиб чиқдим. Кимёвий реаксиялар жараёнида уларнинг ҳолати қонуниятларини, бу зарралар ҳаракат йўналишини қандай ўзгариш сирларини ўргандим, ирсий белгилар, протеин ва анзимлар ўртасида ўзаро майл ва ёқтирмаслик муносабатларини аниқладим”, дейди.
Ҳа, Аҳмад Зувайл бу муносабатларни бошқаришга муваффақ бўлди! Унинг айтишича, энди касалликларни оғриқсиз ва жарроҳсиз, энг арзимас харажатлар эвазига тўхтатиш мумкин. Олимлар одамнинг ирсий белгилари тартибини ўқигач у ҳақда компютер дискида маълумотнома ишлаб чиқишлари мумкин бўлади. Врач бундай диск билан ҳузурига келган касалликнинг хасталик сабабларини ҳеч қийинчиликсиз аниқлайди ва молекуляр тиббиёт йўли билан зарур даволаш чораларини қўллайди.
Бу илмий иш замирида сония (секунд)нинг милярдддан бир улуши...
Вақтнинг ҳаёл ҳам илғаб улгурмайдиган бу кичик оралиғида нима бўлар экан?!
Даставвал кўнгилдан ана шундай ажабсиниш ўтиши табиий. Аммо ажабланишга ўрин йўқ. Вақт, замон ва унинг ҳаракат доирасини инсон ақли тўла тасаввур ҳам, идрок ҳам эта олмайди. Ахир яратилган ҳар-бир нарсанинг Яратувчига тасбеҳ айтиши уларнинг доимо ҳаракатда эканидан далолатку! Ҳатто бизнинг назаримизда сокин кўринган залворли тоғлар ҳам ҳаракатда экан:
“Тоғларни кўриб, қимирламай турибди деб ҳисоблайсан. Ҳолбуки, улар булутнинг ўтишидек ўтурлар. Бу ҳар бир нарсани пухта қиладиган Аллоҳнинг санъатидир. Албатта, у нима қилаётганингиздан хабардордир” (Намл-88).
Исро ва Меърож воқеъалари ҳам жуда қисқа муддатда бўлиб ўтди. Расулуллоҳ (с.а.в.) олдларида туриб ҳам баъзилар бу воқеъани ақлга сиғдира олмай диндан чиқиб кетдилар. Ваҳоланки замон ва маконни бошқариб турган Зотнинг мутлақ қудрат эгаси экани ҳақида кўп оятлар эшитган эдилар.
Сулаймон алайҳиссалом ҳузурларига билқийс тахтининг келтирилишини эсланг. Жинларнинг бир паҳлавони: “Мен уни ўрнингдан туриб улгурмасингдан илгари сенга келтираман”, деди. Лавҳулмаҳфуздан хабардор бир зот эса: “Мен уни сен кўз очиб юмгунча ҳозир қиламан”, деди. (Намл-38, 40).
Инсон ақли илғамайдиган энг қисқа фурсатларнинг энг қисқа оралиқларида ҳам Аллоҳ изни билан улкан воқеъалар содир бўлиши табиий. Аслида биз “қисқа фурсат” деб атайдиган бу тушунча ҳақиқатда катта имкониятлар майдони экани ҳозирги замон илмида ҳам исботини топмоқда. Доктор Аҳмад Зувайлнинг ноёб кашфиёти бунинг ёрқин далилидир. Бугун шу илми билан лаҳзанинг энг сўнгги кўламларигача қамраб олувчи вақт ўлчови бирлигини аниқлашга эришди.
Сиз билан бизни қувонтирадиган ва иймонимизни янада қувватлантирадиган ҳодиса доктор Аҳмад Зувайлнинг бу жаҳоншумул илмий кашфиёти муқаддас китобимиз Қуръоннинг мўъжиза эканини тасдиқлаётганидир. Аллоҳ таоло қудратининг чексизлигига ёрқин далолатдир.
Доктор Аҳмад Зувайлдек мусулмон олимини дунёга берган Миср инсоният тараққиётининг бешикларидан бири ҳисобланади.
Қадимги мисрликлар милодий эрадан 4500 йил олдин ҳам йил вақтларининг бўлинишини, кун ва соатни билишган. Шунингдек, улар вақт ўлчов бирлигини яратишга журъат этган биринчи кишилардир. 6000 йил илгари улар бир йил 365 ва яна тўрт кундан иборат эканини топишган. “Сириус” юлдузини ҳам қадимий Мисрда аниқлашган. Улар нил тошқинини кузатиб, тошқинлар орасидаги кунлар сони 365 талигини топдилар. Навбатдаги сув тошқини содир бўлмагач, улар астраномик тақвимда 365 эмас, 365 ва яна тўрт кун борлигини фаҳмладилар. Шунингдек қадимги мисрликлар инсоният тарихидаги кимёдан бохабар биринчи халқдир. Бунга сабаб Миср тупроғининг рангини ўзгартиришидир. Нил тошқинидан сўнг тупроқ қораяр, сув сатҳи пасайгач, яшил тусга кирар эди. Мисрликлар бу жараённи “Ком” деб атадилар. Орадан асрлар ўтиб, мусулмонлар Испания ва Оврўпага етиб келгач, уларни “Ал-ким” деб атадилар. Бу сўз оврўпа тилларига “Ал-ками”, кейинроқ “Ал-кимё” тарзида ўтди.
Аҳмад Зувайл Дийма Зувайл билан турмуш қуриб, тўрт фарзанднинг отасидир. Дима Зувайл умумий соғлик соҳасида дўхтир бўлиб ишлайди. Улар ҳозир Калифорния штатининг Сан-Марино шаҳрида истиқомат қилишади.

Интернетдаги мақолалар асосида Анвар Аҳмад тайёрлади

Янгиланди ( 22.03.2014 14:29 )
 
Ғазнавийлар салтанати
20.03.2014 15:02    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ғазнавийлар тарих саҳнасига милодий 961 йили келишди ва роппа-роса 225 йил ҳукмронлик қилишди. Улардан олдин Сомонийлар сулоласи ўнинчи аср охиригача ҳукмронлик қилган, бироқ бундан анча илгари унинг инқирозидан дарак бериб Кобулда янги давлат вужудга келган эди. Унга сомонийларнинг собиқ турк қули Алптегин асос солди. У сомонийлар авлоди  қироллигидаги тансоқчилар гуруҳида юксак мавқега эришгач, Хуросон ҳокими этиб тайинланди.  Анча вақтдан кейин нафратга учраб, кичикроқ қўшин билан шарқий вилоятларга, Ғазна деган жойга бош олиб кетди ва у ерда мўъжазгина шаҳар-давлат барпо этди. Унга ворис бўлган  қули ва куёви Сабуктегин анча истеъдодли киши эди.
Сабуктегин 967-997 йиллар орасида ўттиз йил даврон сурди. У мустақилликка эришиб, ўз ерларини кенгайтирди.  Ғарбда сомонийлар авлодининг сўнгги вакилидан Хуросонни тортиб олди, шарқда эса ҳозирги Покистон ва Афғонистон ҳудудида жойлашган Пешоварни эгаллади.  Бу ерда унга ҳужум қилган Панжоб рожаси Жайпал мағлубиятга учраб, жуда катта миқдорда товон тўлашга рози бўлди.  Лекин Жайпал Лоҳўрга қайтиб келгач, сўзининг устидан чиқмади,  шунинг учун ҳам Сабуктегин унинг тасарруфидаги ерларга бостириб кирди.  Бошқа рожаларга ёрдам  сўраб мурожаат қилган Жайпал улардан мадад  олиб, бирлашган кучлари билан Сабуктегин устига юриш қилди.  Бироқ ҳиндларнинг яна омади  чопмади. Натижада Ҳинд дарёсининг ғарб томонидаги ерлар ғазнавийлар ихтиёрига ўтди.
Ғазнанинг 999-1030 йиллардаги буюк султони Улуғ Маҳмуд Сабуктегиннинг ўғли эди. У ғазнавийлар шуҳратини бутун Осиёга  ёйди.  Маҳмуд отаси билан биргаликда кўрган тадбирларидан ўз уруғи билан сомонийлар орасида  талашувлар бўлиб турганини, Шарқда Панжобнинг шаҳий подшоҳлари билан рақобат мавжудлигини яхши билар эди. Шу пайтда Жайпал қазо қилиб, унинг ўғли Анадпал Панжобни бошқариб турган эди. Отаси сингари у ҳам  шартлашилган товонни тўлашдан бош тортди, бу Маҳмуд  билан шаҳий подшоҳлари ўртасида уруш чиқишига яхши  баҳона бўлди. Ўзаро тортишувлар Ислом азаматининг Ҳиндистон шаҳий подшоҳлари устига машҳур ўн еттинчи юриши билан якунланди. Қатъиятли сунний бўлган Маҳмуд Ғазна султони  сифатида халифа деб эътироф этилди. Халифа унга "Ямин уд-Давла" (Давлатнинг ўнг қўли) унвонини берди. 
Шундан кейин Маҳмуд ўзининг  урушлари силсиласини бошлаб юборди. У Ҳиндистоннинг муҳим маданий ва диний марказларига ҳужумлар уюштирди, чунки қўшни рожалар шу масканларни қутқариш учун бирлашишларидан хабардор эди. Ғазнавийлар ўша пайтда ўн икки марта юриш қилганлари тарихда  қайд этилган.  Ҳиндларнинг Гужарат вилоятига қарашли Катхиаваре деган жойдаги машҳур Сомнас  зиёратгоҳига қилинган ҳужум уларнинг энг машҳуридир.  Маҳмуд Рожпутан чўлини босиб ўтишга  мажбур бўлган бу юришида  ўзининг қарийб барча ҳинд рожаларининг бирлашган кучларига қарши туришини яхши биларди. Бу жанговар саркарданинг жасурлиги ҳеч қандай таърифга сиғмас эди.  Дастлабки пайтда анча кўп сонли ҳинд қўшинлари исканжасида бўлгани ҳолда ғолиб чиқиб, шаҳарни эгаллагач,  Сомнас эҳромига кириб борди ва миллионлар илтижосига қарамай, ундаги бутни чил-парчин қилиб ташлади.  У юртига катта ўлжа билан қайтди. Маҳмуднинг ғарбдаги зафарлари ҳам  Хуросон ва бутун Форснинг қўшиб олинишидан қолишмайди.  Шуҳрати  чўққисида у Ҳиндистондаги Жамна дарёси билан ғарбдаги Дажла дарёси ўртасида жойлашган бепоён кенглик ҳукмдори бўлиб турди.
Маҳмуд Ғазнавий юришлари туфайли Ислом дини ҳақиқатан ҳам кенг кўламларда жорий этила борди. Маҳмуд Канаужа ва Деҳлигача борган бўлса ҳам, фақат Панжобни эгаллашга эришди. Ғазнавийлар даврида Панжоб, аниқроғи, унинг учдан икки  қисми мусулмон дунёсининг бир бўлагига айланди. Лоҳўр, Панжоб ва Юқори Синд ғазнавий ҳокимлигининг вилоят марказлари бўлиб хизмат қилди. Сўнгги  ғазнавий ҳокимлар эса Ғазнага эмас, Лоҳўрга бўйсунардилар.  Маҳмуд Ҳиндистонда узоқ хотира қолдирди. Бу хотира фақат Панжобнинг доимий истилоси билангина чегараланиб қолмасдан, кўпроқ Маҳмуднинг ва унга қарам туркларнинг ўзларига нисбатан ҳиндлар қалбида уйғотган очиқ-ойдин қўрқувда бўлмаса ҳам, душманликда ифодасини топди.  У ҳиндлар бошида тез-тез калтак синдириб турди, ўғли Султон Масъуд ва невараси Баҳромнинг шон-шуҳрати эса Ҳиндистонда шу  қадар кучли янгрардики, ғурийлар Ҳиндистон устига бостириб келаётганларида Присви Рож, деҳлилик Чоукан Рож ҳамда Ахмернинг қарши чиқишларини ҳисобга олмаганда, ҳиндлар ҳатто мусулмонлар ҳаракатига сезиларли тўсиқ бўла олишмади.
Ҳинд тарихчилари Маҳмудни босқинчиликда, шаҳарлар ва эҳромларни  шафқатсиз вайрон қилишда айблашади. Бу тўғри эмас, албатта.  Маҳмуд учун Ҳиндистон "Дорул-ҳарб", яъни урушлар маскани бўлган. Шаҳий подшоҳлари Маҳмуднинг отасига қарши уруғчилик урушини қўзғашди, кўп марталаб Сабуктегинга ҳамда Маҳмудга берган ваъдаларига вафо қилишмади. Эҳтимол "муқаддас уруш"  олиб борган Маҳмуддан  ватанларини ҳимоя қилганлари учун уларнинг қилмишларини оқлаш мумкиндир. Маҳмуднинг ўз  таъбири билан айтганда, у бутпарастларга қарши  ҳар йили ёки бир йил ўтказиб уруш олиб борарди.  Ўша пайтда бундай уруш  қонуний бир ҳол ҳисобланарди. У ҳеч қачон шаҳарларни яксон қилмаган, оммавий қирғинларга йўл қўймаган.
Ислом қаҳрамони сифатидаги шон-шуҳрати билан  Маҳмудга бас келадиган ҳокими мутлақлар кўп эмас. Ўз пайтида у Осиёнинг биринчи ҳокими эди.  Жонажон шаҳри Ғазнада беҳисоб кўп иморатлар, мактаблар,  беадад илмий муассасалар қурдириб, халқига ато қилди,  ўз пойтахтига кўплаб машҳур кишиларни даъват этди. Бу унинг номини  ўн биринчи асрдаги энг буюк  илмпарвар сифатида тилларда достон айлади.  Маҳмуд шоирлар ва машҳур кишиларга ҳар йили 400 минг динорлаб маблағ сарфлаши билан  Фирдавсийни мислсиз "Шоҳнома" асарини ёзишга илҳомлантирган.  У Ғазнада дорилфунунга асос солиб, машҳур файласуф, олим, сўз устаси ва шоир Ансорийни унга  мударрисликка тайинлади. Бошқа  кўпгина шоирлар,  жумладан, Асади Тусий,  Фирдавсий, Асжодий ва Фаррухий ҳам шу ерда эдилар. Улуғ аллома  Беруний ҳам Маҳмуд ҳузурида ишлади, лекин у шоҳнинг маслаҳатчиси  Аҳмад ибн  Маймандий билан чиқиша олмай, шаҳзода Султон Масъудга қўшилди. Ғазнавийлар ҳақида битилган "Тарихи Яминий" асарининг муаллифи машҳур олим  Утбий Маҳмуд саройида фаолият кўрсатган. Ўз паноҳида шунчалик  кўп ёзувчилар, санъаткорлар ва олимларни тўплаб, бутун қитъада шу  қадар юксак обрўга эга бўлиш камдан-кам подшоҳга насиб этган.
Машҳур султонлар -  Султон Масъуд ва билим бобидаги жонбозлиги билан донг таратган ўғли Султон Байрам ибн Масъуд Маҳмуд Ғазнавийнинг ворислари жумласидандир. Байрам фозилу фузалоларга совға-саломлар ва мукофотлар беришда жуда сахий эди. У "Маҳзани асрор"  асарининг муаллифи Шайх Низомий ва Сайёд Ҳасан Ғазнавий сингари таниқли кишиларни саройга жалб қилди. Айни Султон Байрам подшоҳлиги даврида  ва унинг раҳнамолиги туфайли "Калила ва Димна" масаллар мажмуи санскрит тилидан форсчага таржима  қилинди.   Ғазнавийлар тобора ҳолдан тойиб бораётган қиролликни юз йилдан кўпроқ бошқариб турганларидан кейин  Панжоб томон суриб чиқарилдилар. Маҳмуднинг сўнгги вориси у ерда Шаҳобиддин Ғурий (1186 йил) ҳаётлигида Лоҳўр ҳокими бўлиб турди.

Сардор МАҲМУДнинг Лондонда 1959 йили инглиз тилида чоп этилган “Ислом тарихи” китобидан Жамолиддин Ҳамдам ва Шариф Холмурод таржимаси.

 


52 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин